Электронная библиотека » Хусанбой Каримов » » онлайн чтение - страница 10

Текст книги "Бўрилар изидан"


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 05:20


Автор книги: Хусанбой Каримов


Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 10 (всего у книги 19 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Мансуржон ҳар гал Фарғонага йўли тушса, ёшликдаги мана шу хотиралари ёдига келади. Завқи ошади. Ёшлиги кечган кўчаларни кўриб, роҳатланади. У шуларни ўйлаб, майин жилмайди. Бу вақтда эса машина иланг-биланг тоғ йўллари орқали довоннинг энг тепасига елиб эмас, гўёки ўрмалаб чиқаётгандек эди.

Кечагина тоғлар бағрини чўғдек қизартириб, олов рангларини ёйиб ташлаган лолақизғалдоқлар бугун ундабунда қолибди. Аммо тоғ табиати барибир ўзгача. Ҳар қандай одамни маҳлиё қилмай қўймайди.

Машина довоннинг энг юқори чўққисидаги текисликка чиққанидан сўнг, Мансуржон машинани тўхтатишни буюрди. Йўлда чарчаган отлар мисол турли машиналар у ёқдан-бу ёққа секин имиллаб ўтяпти. Мансуржон тик тоғнинг ёнбағрига яқинлашди. Секин пастликка қарагандики, юраги ҳапқириб, пастлик томон худди учиб тушадиган одамдек ортига тисарилди. Ҳа, довон баланд. Унинг атрофида эса ундан-да баланд тоғлар ястанган. Ким билади бу тоғларнинг пайдо бўлганига неча минг ёки миллион йиллар бўлдийкин? Бу тоғлар не замонларни, не бир зотларни кўрмаган дейсиз. Умр ўткинчи экан. Бироқ тоғлар ҳамон салобат ила муқим. Замонлар, инсонлар эса… У шундай хаёллар ила чор атрофни томоша қилиб, тоғ ҳавосидан бирпас баҳра олди. Аммо иш кутиб турмайди; вазифа, топшириқ тез бажарилишни талаб этади. Шуларни ўйларкан, хизмат машинаси томонга қайтди.

Яна машина шитоб билан йўлга тушди. Довон тепасида елиб боришаркан, шер ҳайкали олдида машиналар турнақатор бўлиб турганлигини кўрди. Водийликларнинг одати шунақа, шер ҳайкали ёнида бир зум тўхтаб ўтишмаса, шернинг ҳайкалини у ер-бу ерини силаб қўйшимаса ёки топган-тутганларини шу ерда тикка турганларича еб-ичишмаса, сира кўнгиллари жойига тушмайди. Кимдадир фотоаппарат бор экан, шер ҳайкали ёнида кимларинидир суратга ола бошлади. Мансуржоннинг уларга ҳаваси келди: “Қандай бахтли одамлар-а! Беташвиш умргузаронлик қилишаяпти”

Йўл олис. Мансуржон кўзларини яна юмди. Водийга тушиб олса, иши қайнайди. Ўҳ-ҳў, “Я”ни кўриши, унинг у эканлигига ишонч ҳосил қилиши, ундан Асакага ўтиб, Амирни қўлга олиши… Булар осон иш эмас. Ҳозир, яхшиси, имконияти борида, озроқ бўлса ҳам ухлаб олгани тузук.

* * *

Кун пешиндан оққанда Мансуржоннинг машинаси Қўқон шаҳрига кириб борди. Қадим ва навқирон Қўқонни жуда яхши кўриб қолган. Қачон келса, ёшлик хотиралари унинг хаёлларини забт этади. Аммо ҳозир бундай ўйларга вақти зиқ. Тезроқ Гулбаҳорининг тўқсондан ошган энасини бир зиёрат қилиб қўйса, бас; узрини айтиб, қайнонаси-қайнотаси, қайноғалариникига кейинроқ келишини айтиб, Фарғонага ўтиб кетиши керак.

Доно эна худди билгандек кўча эшик ёнига қўйилган ўриндиқда ўтирган экан. Одатдагидек, ўриндиқнинг бўш жойида бир жуфт пахта гулли пиёла ва қайноқ кўк чой ўтган-кетганларга мунтазир. Доно эна, одати бўйича, ўзига маъқул, саломлашган одам борки, ёнига чорлайди, бир пиёла иссиқ чой тутиб, дуо қилади. У ёқ-бу ёқдан гаплашади, ҳол-аҳвол сўрайди… Сўнгра қўқонча лутф ила кузатиб ҳам қўяди.

Мансуржон айни манзарани кўз олдига келтириб, Доно энани узоқдан кўриб бораверди. Машина ҳовли эшиги ёнида аста тўхтаганида, иккита қоғоз халтачани кўтариб тушди ва салом берди. Бошига узун оқ рўмол солиб ўтирган кампир ўрнидан турди. Овозидан танидими: “Невара куёвим келибди-ю!” деб, водийчасига ўнг елкасини тутган Мансуржоннинг елкасига қўш кафтини элтди. Силади. Сўнг кафтларини юзларига босиб, тавоф қилди.

– Яхши келдингизми, болам? – деб сўради, овози товланиб. – Қани, уйга…

Мансуржон: “Хўп, эна” деб олдинга тушди. Бир зумда ҳовли ғалағовур бўлиб кетди. Гулбаҳорнинг амакиси узумни хомтак қилаётган экан, дарров уч оёқли ёғоч шотидан тушди. Келинаяси уй ичидан салкам югургилаб чиқди. Болалар қийқиришиб, Мансуржонни ўраб олишди. Мансуржон, одатига биноан, ҳар бир болакай билан қўл бериб сўрашиб, чўнтагига солиб олган до воннинг қурутидан бир-бир бериб чиқди. Келинаяси шундоқ айвондаги баланд сўрига зумда жой ҳозирлади. Ўрнашиб ўтиришгач, Доно эна қуюқ дуо қилди ва тошкентлик невара қизи Гулбаҳорни, болаларининг соғлиқсаломатликларини сўради ва: “Қачон келади ўзи?” деди. Ундан сўнг Мансуржоннинг ота-онасининг соғлиқларини сўраб-суриштирди. Сўнгра ён-верига бир аланглаб, кулимсиди:

– Вой ўлай, невара куёвим Мансуржонга атаб дамлаб қўйган кўк чойим кўчада қолибдию! – деди. – Тез олиб келинглар.

Мансуржон берган қурутни сўриб, мазза қилиб турган жамалак соч қизча ва болакай дарвоза сари кимўзарга югуришди ва дам ўтмай, чойнак пиёлаларни кўтариб келишди.

– Эрталаб соат ўнлармиди ё ўн бирлар, Гулбаҳор телефон қилиб қолди. Уйда дам олиб ётгандим. Шундоқшундоқ, куёвингиз Фарғонага боряпти, деб. Дарҳол туриб, уйдагиларга хабар беровдим. Ўшандан бери сизни кутамиз-да, ўғлим. Қизим тушмагур, яна ош-пош деб куёвингизни олиб ўтирманглар, дейди. – Доно кампир шундай деб, кулди. Кулгигига бошқалар ҳам қўшилишди. – Аммо мен, Мансуржонни куттириб қўймаймиз, ошни келишига шундоқ сузадиган қилиб дамлаб қўямиз, десам Гулбаҳор кулади денг…

– Эна, ҳақиқатдан ҳам ишим ўта зарур. Сизни… сизларни бирров кўргим келди. Уни устига, қизингиз энамни бир кўриб, дуосини олсангиз, бас деб тайинлаган, – дея, кампир узатган пиёладаги чойни бир хўплашда тамомлаб, бўш пиёлани қайтиб бераркан, қўлини кўксига қўйиб, узр сўрагандек, туришга чоғланди.

Доно эна яна аланглаб, атрофга боқди. Бу гал энанинг қарашига узоқдаги очиқ айвонли ошхонадан келин жавоб қилди:

– Ошни сузяпман, эна…

– Ана, кўрдингизми, болам, сиз билан бир чўқим қўқонча ош емасам, кейин мени еганим ичимга тушармиди. Гулбаҳордан ҳалиги хабарни эшитибоқ, ўғлимни бозорга югуртирганман… Мана, насиб экан, сиз билан бир дастурхон атрофида ўтириб, ош ейдиган бўлиб турибмиз…

* * *

… Аввал Фарғона шаҳридаги ўликхона, ундан кейин Ёзёвондаги зовур бўйигача бориш – роппа-роса уч соат вақтни олди. Мансуржон ички ишлар бўлими бошлиғи Ботир Қодиров билан “Я” белгили кимсанинг ўлиги топилган зовур бўйигача бориб, милиция бошлиғидан воқеа тафсилотини икир-чикиригача эринмай сўраб-суриштирди.

Ботир Қодиров билдики, Тошкентданки келиб сўрабсуриштиряптими, демак, топилган ўлик ўта муҳим экан.

Ундан сўнг Қўқон – Андижон йўлининг Ёзёвон постида ўша кеча турган йўл-патруль хизмати ходимини топтирди. Ботир Қодировни қабулхонага чиқариб, милиция сержанти, ёшгина ходим билан ярим соат чамаси гаплашди.

– Асакалик Амирни қандай танидингиз? – деб сўради Мансуржон.

Сержант йигит ким билан суҳбатлашаётганини билгани учунми, ўта ҳаяжонда эди, муштига аста йўталиб, жавоб берди:

– Биззи постга асакалик Амирни расмини ҳам илиб қўйишган. Жуда кўпдан бери турибди, доим кўриб тураман. Кечаси соат иккилар чамаси эди, Қўқон томондан тез келаётган кўк рангли “Москвич” машинасини тўхтатдим. Қарасам, рулдаги одам худди асакалик Амирга ўхшаб кетаркан. Аммо ҳужжатлари йўқ экан. Менга пул бермоқчи бўлди. Олмадим. Отделга олиб борай десам, ярим тун, яна битта ўзим… Шеригимнинг боласи касал бўлиб қолиб, ўшандан сал олдин уйига хабар олгани машинада кетиб қолганди. Амирга ўхшаш йигит мен билан келишолмагандан кейин, шартта машинани юргизиб кетиб юборди. Ўзим қолавердим. Эрталаб постда турсам, бир гражданча кийинган йигит келиб қолди. Мен унинг сизларда ишлашини қайдан билибман. Ўзини таништиргач, кечаси бўлган воқеани айтиб, доскага илинган расмини кўрсатдим. “Москвич”нинг давлат рақами, рангигача мендан сўраб олди. Бор гап шу, холос. Бу ишим гуноҳ бўлмаса керак.

Мансуржон қовоқ солди:

– Аниқроғи, қўрқдим Амирдан, деб қўявер ё ёлғонми? – деди.

– Рости, бироз қўрқдим, ака. Ахир, унинг расми “Қидирувда”даги доскада турганди-да. Тағин ким билади, қуроли бордир, деб ўйладим ҳам.

– Хўп, яхши. Бундан буёғигаям эҳтиёт бўл, ука. Энди битта тилхат ёзасан, ҳозирги гап-сўзларни ҳеч кимга айтмайман деб…

– Бошлиққаямми?

– Ҳатто унгаям. Билмаслиги керак. Тушундингми, энди мана бу қоғозга ёз…

* * *

Бомдод пайти.

Раҳмонали таҳорат олиб бўлиб, уйчага қайтиб кирганида, ухлаётган аксарият одамлар уйғонишган, ўринларидан туришиб, намозга ҳозирлик кўришаётганди.

– Бўта ака, туринг, бомдод пайти бўлиб қолди. Намозга кеч қоласиз, – Раҳмонали шундай деб, елкасига ташлаган дуррасига артина-артина, Бўтага яқинлашди.

Ўрта бўй, аммо елкадор Бўта каттакон бошини кўрпа остидан чиқариб, минғирлади: «Мен кейинроқ…» Раҳмонали тушунди. Бўта намозга чиқмоқчи эмас. Кўпинча у шундай қилади. Ухлайверади.

Раҳмонали апил-тапил тўшагини юмалоқлаб, девор остига тиради. Хона эшиги ланг очиқ, тонгги совуқ ҳаво бадбўй хидларни қувиб чиқарган, намхуш ҳаводан этлар жунжикаётган эди.

* * *

Тоғлар бағрида, кенг-мўл ялангликда бир йил бўлибдики, юз чоғлик ёш йигит Бўта бошчилигида ҳарбий кўникмаларини оширишаётганди.

Елкасига автомат осган Раҳмонали Бўтанинг ўнг қўлида турибди.

– Раҳмон, ҳов анови йигитни чақир! – Буюрди Бўта тик турганча, симли тўсиқлар остидан эмаклаб ўтаётган йигитлардан бирини қўли билан кўрсатиб.

Раҳмонали тўдабошининг ҳар қандай буйруғини киприк қоқмай бажаришга ўргангани боис: «Хўп» деди. У тез юриб бориб, кўрсатилган йигитни ўрнидан турғазди: «Буёққа юр».

Ҳансираган, ранги оқарган кўйи йигит ўрнидан турди. У йигит асли наманганлик. Бўта билан бирга афғонга келганлардан бири. Бугун негадир Бўтанинг авзойи бузуқ, қовоғи эрталабдан солиқ. Чамаси, Раҳмонали намозга кириб кетган пайти Бўта телефон орқали ким биландир гаплашган ва у йигит ҳақида бирон ёмон гап эшитган, шекилли.

– Автоматингни бер-чи, қуролниям шундай сақлайдими, а? Қара, мойламабсан-ку! – деб, Бўта йигитнинг қўлидан автоматни шартта тортиб олиб, у ёқ-бу ёғига қаради. Ўқдонини чиқариб олди. – Ўқлари қани?

Йигитнинг ранги баттар оқаринқиради:

– Раҳмон, ҳаммани сафла!

Гуруҳ сафга тизилди.

– Мени биласизлар, а? – Гап бошлади Бўта, ҳалиги йигитнинг қуролини қўлида тутганча. – Сабабсиз ҳеч кимни жазоламайман. Мана, Илёс сотқин чиқиб қолди!

Йигит дод деб, Бўтанинг оёғи остига ўзини ташлади ва:

– Мени кечиринг, ака! Бор-йўғи уйга телефон қилдим, холос. Ортиқча ҳеч бир гап айтганим йўқ! – деб йиғлай бошлади, Бўтанинг иккала оёғини қучоқлаганча.

– Мен нима деганман ҳаммага? Ҳеч қандай телефон, хат ёзиш бўлмайди деганманми, а? Ахир, катта ишни арафасида турибмиз. Буни барчангиз биласиз. Насиб қилса, юртга ғалаба билан борамиз! Лекин бу ит қоидамизни бузди. Итга, ит ўлими! – Бор овозда йиғлаётган Илёс тупроққа беланганча, Бўтанинг оёқларини янаям махкамроқ қучоқлаётганди. – Итни мендан нари олинглар!

Раҳмонали сафда турган икки йигитга имо қилди. Икки нафар йигит Илёснинг оёқларидан маҳкам ушлаб торта бошлади. Бироқ Илёс Бўтанинг оёқларига шун дай маҳкам ёпишгандики, сира қўйиб юбормас, Бўта эса аранг оёқларида тик турганди.

– Тортсаларинг-чи?! – Бақирди Бўта қўлидаги автоматнинг учини Илёснинг бошига тираб. Алҳол, йигитлар зўр келишди. Илёс эса ҳамон бир қўли билан Бўтанинг оёғидан ушлаб турар, иккинчиси ҳавода силкинаётганди. Бўта ерда тупроққа беланиб йиғлаётган йигитнинг бошига ўхшатиб тепди.

– Ярамас, ит. Олиб бориб, жазо устунига боғланглар уни. Шу қўлларим билан ўзим отиб ташлайман уни!

Ўн метр наридаги жазо устунига икки йигит Илёсни оёқларидан судраб, додлатганча олиб кета бошлади.

Сафда тик турганларнинг нафаслари ичига тушиб кетган, Раҳмоналининг Илёсга нисбатан юраги жиз этиб, юмшагандек бўлди-ю, не сабабдан бу гумроҳлар орасида юрганини ўйлаб, юраги яна тошга айланди-қолди. «Ҳар тугул, биттага камайяпти. Лекин, не қилса ҳам, ватандош. Кейинги пайтларда кўпчиликнинг юз-кўзларидан пушаймонликларини сезганлари бор. Илёс ҳам шундайлардан бири эди. “Энди кеч…”

Устунга арқонлаб боғланган Илёс, ниҳоят, йиғидан тўхтади. Афғон шамолларида қорайган икки бетини ювиб тушаётган шашқатор кўз ёшлари оқмай қўйди. Юзида ўкинич аралаш нафрат пайдо бўлди.

– Сени ўзинг итсан, Бўта. Итлигинг сабаб, шунча бегуноҳ йигитларни алдаб олиб юрибсан. Кечқурун пичоқлаб бўғизламаганимдан хафаман ўзимдан. От, ўлдир мени! Ўзбекистонда сен айтгандек эмас экан. Қўлини қонга ботирмаганларни кечиришяпти экан. Эшитдим ҳаммасини. Қолганлар ҳам билиб қўйинглар. Бўта ёлғон гапирган. Сизлар бу ифлосни гапига кирманглар, қўлларингни қонга белаб, Ўзбекистонга қурол кўтариб кириб борманглар. Кетинглар бу ердан. Етар шунча юрганларинг!.. Алвидо!..

Бўта қўлидаги автоматнинг ўқдонини шоша-пиша алмаштирди-ю, боғлиқ турган Илёсга қарата тариллатиб ўт очди. Ўқдондаги барча ўқлар отилди шекилли, Илёснинг бори гавдаси ўқлар зарбидан титилиб, баданининг гўштлари парча-парча бўлиб, атрофга сочилиб кетди.

Сафда турганлар тошдек қотиб қолган эдилар. Бўта тантанавор ҳолатда қўлидаги автоматни юқорига кўтарди ва:

– Аллоҳу Акбар! – деб бақирди.

Ҳушлари ўзларига келган сафдагилар Бўтанинг гапини жўр бўлиб қайтаришди:

– Аллоҳу Акбар!..

… Айни тахлит йигитларини жазолаб туриш – Бўта учун одатий бир ҳол саналарди. Шу йўл билан ҳибсда сақланаётгандек юрган ватандошларининг юрагини олиб қўйган эди у. Раҳмонали билади: Бўтани қўлловчи, унга қурол-яроқ етказиб бераётган, пуллар билан таъминлаётган, Ватандаги ҳар бир ишдан огоҳ этиб бораётганлар бор. Лекин улар кимлар? Раҳмонали фақат биттасини билади, яъни Талабни. Қолганларини аниқ билмайди. Улар эса пайт пойлаяптилар. Бугун яна бир учрашув бўлади. Чамаси, яна Талаб ўз одамлари билан келади. Асли, Бўта тўпори бир кимса, Талабнинг йўл-йўриғи билан иш юритяпти. Яна ҳам соддароқ қилиб айтганда, Бўта бор-йўғи ўзбекистонлик ватангадо йигитларни урушга тайёрлаётган дала командири, холос. Аниқ билади, унинг маълумоти ўрта. Шўро замонида байналминал жангчи сифатида Афғондаги урушларда иштирок этган. Олти ой мужоҳидларнинг қўлида ҳам бўлган. Ўша вақтда сотилган. Гарчанд, ўз кўзи билан кўрмаган бўлса-да, бир неча бор асли миллати араб, ўз вақтида АҚШ разведкасига хизмат қилган, ҳозирда Афғонистон, Покистондан паноҳ топган машҳур халқаро террорчи Усома Бен Ладен билан шахсан таниш экани хусусида оғзининг таноби қочиб мақтанганини эшитган. Эмишки, мужоҳидларнинг қўлига тушганида ана ўша террорчи Бен Ладен томонидан Ватанга қарши ёлланган эмиш.

Ўтган асрнинг сўнгги йиллари Наманган шаҳрида юз берган воқеалар ҳамон Раҳмоналининг кўз олдида бор бўйи билан шундоқ гавдаланиб турибди. Унутиб бўларканми?! Гоҳо эсласа, этлари жимирлаб кетади.

* * *

Раҳмонали афғон халқига, умуман афғон ерларига ҳеч кўниколмади. Бу шундай турфа халқки, тараққиётдан ортда қолган. Ниҳоятда!.. Аксарият халқ ўта камбағал, қорин тўйғазиш учун ҳар қандай қора ишга ҳам тайёр кишилар бу ерда минглаб топилади. Бугун Бўтанинг топшириғига биноан, Раҳмонали Ҳирот шаҳрига етиб келди. Ҳар доимгидек ёнида Назир жинни. Кейинги пайтларда Бўта негадир Раҳмоналини кузатиб юриш учун Назир жиннини бириктириб қўйган шекилли. Назир Раҳмоналидан сира ажралмай қўйди. Қаерга борса, худди кўланкасидек ёнида юргани-юрган.

Ҳиротда афғонлар билан ўзбеклар кўплаб истиқомат қилишади. Кўча-кўйдаги чойхоналарга кирганларида тез-тез ўзбекча суҳбатлар қулоғига чалиниб қолади. Шунда юраги бир хапқиради. Илгари ўзбек киноларида кўриб ўрганган эски манзараларни шу ерда бемалол кўриши мумкин. Фақат, замонавий автомобилларию Калашников автоматини елкасига осган одамларини демаса. Ҳа, Афғонистон уруш гоҳ ўчиб, гоҳ алангаланиб турган оловли ўлка. Одамлари ҳам шунга ниҳоятда мослашиб қолишган. Ҳаёт давом этяпти. Гарчанд, атрофда бомбалар портлаб, автоматлар тариллаб, қонлар тўкилаётган бўлса-да, одамлар ўз тирикчиликларидан қолганлари йўқ. Ҳалигинда – шаҳарга кириб келишида, узумзор боғлар, мевалари шиғил олмазор, шафтолизор, ёнғоқзор, бодомзорларга кўзи тушганида, бу жойда уруш бўлаётганига сира ишонгиси келмаганди. Ваҳоланки, Қобулни демаса, бошқа шаҳару қишлоқларда асосан бўлиниб-бўлиниб олган дала командирлари, ўзларини мужоҳидлар деб атовчи қўпорувчи гуруҳлар хўжайинлик қилишяпти. Уч-тўрт йил аввал Афғонистон Халқ демократик давлати деб аталаётган пайтида очилган янги мактаблар бугун ёпилган, кинотеатрларга ўт қўйилган… Хуллас, неки янги замон ишлари бошланган бўлса, ҳаммасига чек қўйилганди. Йўл бўйларида эса қачонлардир совет армиясидан қолган – ёнган, куйган танклар, автомобиллар қолдиқлари кўриниб, ўн йиллик мудҳиш уруш асоратларини эслатиб туради. Аммо бугунги кун Афғонистон учун эски давридан баттар бўлган бўлса борки, яхши бўлмаганлиги аниқ.

Раҳмонали гоҳ-гоҳ юзага келадиган қулай имкониятдан бу гал ҳам ими-жимида фойдаланиб қолиш умидида. Бироқ, бу Назир жинни деганларини қандай қилса нари бўларкин-а? Вақт кетяпти, бирон соатлардан кейин Талаб бошлиқ кутилган гуруҳ келиб қолади, Раҳмонали билан Назир уларни Бўтанинг ҳузурига бошлаб бориши лозим.

Раҳмонали шундай ўйлар билан Ҳирот бозори томонга юрди.

– Рома, йўл бўйидаги бирон чойхонада ўтириб турайлик. Йўл эзворди ўзи кела-келгунча, – деб зорланди Назир жинни.

Одатда, Назир билан Учқун Раҳмоналини ёлғиз топганларидагина «Рома» деб мурожаат этишар, шу билан ўзларининг бир-бирларига яқин эканликларини билдириб қўйгандек бўлишарди. Раҳмонали унга жўрттага илжайди.

– Юравермайсанми, чойхонада пишириб қўйибдими?

Назирнинг афти буришди.

– Бозор кезишнинг нимаси яхши?

– Ҳалиги жойга кириб чиқасан… – Жавобан маъноли гап қилди Раҳмонали.

Жиннининг юзлари ёришиб кетди:

– Сотиш йўғ-а?

– Жиннимисан?

Назир баралла кулиб юборди.

– Жинниман-у!..

– Сен ўз фойдангга жиннисан. Яширинча юз грамм уриб олсанг, дилинг ёришади. Чойхонага бориб, бир коса овқатни урсанг, қарабсанки, олам мусаффо…

Бу гапдан сўнг Назир пилдираб келаверди. Раҳмонали ўзлари келган «Жип»ни катта йўл бўйида атайин қолдирган. Буёғига пиёда бозорни томоша қилиш баҳонасида «алоқачи»га учраб кетиши лозим эди. Лекин бозорга яқинлашгани сайин, одам тирбанд бўлиб бораётганди. Тахта қутичани бўйнига осиб, тахтачага дона-дона сигаретларни қатор қилиб териб, устидан резинка тортиб қўйган йигитлар, катта ёшдаги кишилар рўпарасидан чиқиб қолар, хиралик билан йўлни атайин тўсиб, «олинг» деб зорланишарди. Ниҳоят, ўзи кутган «алоқачи»сини учратди. «Марлборо» сигаретини қутиси билан оламан, деган баҳона билан «алоқачи»ни эргаштириб юриб, Раҳмонали мўлжалидаги ерга етди. Ортида турган Назирга: «Дарров кириб чиқ» дегандек имо қилди. Бу дўконда яширинча спиртли ичимлик сотилади. Назирнинг бир кириб чиқиши учун камида беш минут вақт кетади. Бу вақт эса Раҳмонали учун айни муддао – олтинга тенг.

Иккови дўкон биносининг холироқ ерига ўтишди. Раҳмонали шошмай гап бошлади:

– Шу кунларда Талаб Бўта билан учрашади. Аниқроғи, бугун. Суҳбатда мен ҳам бўламан. Тожикистонни Қоратегин, Жирғали деган жойлари орқали чиқиб бориб, Ватанга ҳужум қилиш режалаштириляпти. Карта орқали қаралганда, музли тоғ йўли орқали худди Фарғона водийсининг тепасидан чиқилади. Миномётларни қандай олиб ўтишга бошлари қотяпти, холос. Кейинроқ шу масалада Германиядан шоир Зиё Маҳмуд келмоқчи. Маслаҳат бўлади. Ватанга битта гумроҳ юборилган. Унинг вазифаси – одам ўлдириш, аҳоли ўртасида ваҳима уйғотиш. Асл исмини билмайман. Аммо ўнг қўлининг бош бармоғи кўринадиган жойига «Я» ҳарфи туширилган. Яна, хўш… Ҳа, ватанда «Ҳизбуттаҳрир»нинг яширин тармоқларини ташкил этиш. Бунга, чамаси, Талаб бош бўлади. Талабнинг ватанда қолган одамлари шу ишнинг пайига тушишган. Уларнинг мақсади ҳам ички, ҳам ташқи томондан босимни кучайтириш… Шу орқали халқ қўзғолонига эришиш. Ҳозирча, шу! – деб Раҳмонали гапини якунлади. Рўпарасида бўйнига тахта қутича осган қора соқолли киши, яхши, дегандек бош ирғади. – Ҳаммасини ёзиб олдингиз, а?..

Ўша пайт иржайганча, дўкон эшигидан Назир чиқиб келди. У нуқул кафти билан лабларини артаётганди. Раҳмонали узатилган «Марлборо» сигаретини чўнтагига солди.

– Қайтими керак эмас.

Ярим соатдан сўнг Назир Раҳмоналининг рўпарасида сўрида ўтирганча хўриллатиб косадаги суюқ овқатни ичар, кўнгли жойига тушган Раҳмонали эса, лабларига қистирилган сигаретини чуқур-чуқур тортиб, бараварига оғзи-бурнидан тутун бурқситарди, Келишувга биноан, Ҳирот шаҳри марказидаги катта чойхонада меҳмонлар кутиб олиниши керак. Янада аниқроғи, Покистондан довон ошиб келаётган меҳмонлар шу чойхонага келиб тушишади. Шу боисдан, Раҳмонали билан Назир шу ерда уларни кутишга мажбур.

Худди ўзбек чойхоналарига ўхшаш, аммо қай бир жиҳатлари билан нотанишлиги аён кўриниб турган бу жойларда асосан ўзбек миллатига мансуб одамлар яшайдилар. Айтишларича, қадим Моворуннаҳр таркибида бўлган бу жойлар Навоий яшаган даврда шоҳ Ҳусайн Бойқаронинг пойтахти бўлган. Кўча-кўйда одамлар асосан ўзаро ўзбекча сўзлашадилар. Кўпчилигининг авлодаждоди эса Ўзбекистоннинг Фарғона водийсидан тортиб Тошкент, Термиз, Самарқанд, Бухоро шаҳарларигача бориб тақалади.

Иши битганидан кўнгли жойига тушган Раҳмонали Назирни қилган яширин ишини ҳам сипоришлаб қўйиш учун бу чойхонадан туришиб, йўлни бошқа бир қуюқ толлар соясидаги серсўри чойхонага солди. Аммо, сўриларнинг барчаси банд, узоқ-яқиндан келган одамлар барча жойларни банд этиб ўтиришарди. Раҳмонали аланглаб, жой қидира бошлади. Ногоҳ кекса, оппоқ соқолли, бошига Марғилон дўппи кийган бир чол якка ўзи бир сўрининг бир четини банд қилиб, чой ичиб ўтирганига кўзи тушди. Ўша томон дадил юрди.

– Ассалому алайкум, отахон, – деб бора солиб, сўрашиш учун оқсоқолга иккала қўлини узатди.

Чол бироз безовталанди:

– Келинг ўғлим, келинг, – деди ўтирган жойидан сал сурилиб.

– Шу жой бўшми? Чой ичмоқчи эдик…

– Бемалол, – деб жавоб берди чол Раҳмоналига, унинг ортида турган Назирга синчиклаб разм соларкан.

Раҳмонали, сўнг Назир сўрининг бир тарафига яхшилаб жойлашиб олишди.

– Яна овқат еярсан? – деб сўради Раҳмонали Назирдан. Назир: «Шуни ҳам сўраб ўтирасанми?» дегандек сўрилар орасида пилдираб хизмат қилиб юрган ўн беш ёшлар чоғли ўспиринни имлади ва бир коса шўрва буюрди. Бунақа жойларда Раҳмонали сира овқатланмасди, зўр келса, бир-икки пиёла чой ичган бўларди-ю, тамаддини ортга суриб, фақат жойига етиб боргандагина овқатланар, шунга одатланган эди. Бу унга Тошкентда ўқиб юрган даврида миясига урилган шартли одатларидан бири эди.

Назир олиб келинган қайноқ шўрвани гумдон қилди. Ортидан аччиқ чойни пиёлага қуйиб, ҳузур қилиб ича бошлади.

Раҳмонали эса, ўтирган кўйи, чойнакдаги кўк чойни қайта-қайта шопириб, оз-оздан қуйиб, хўплаб-хўплаб ича бошлади.

Ҳалитдан буён индамай, рўпарасидаги йигитларни кузатиб ўтирган чол, ногоҳ тилга кирди:

– Қаерликсизлар, ўғилларим?

Назир ялт этиб Раҳмонлига қаради. Раҳмонали аввал у чолга яхшилаб бир син солди: ёши тахминан етмишдан ошган, аммо тетик, юзлари қип-қизил, соғлом ва бардамлиги кўриниб турган бу нуроний, оппоқ соқолли чол шунчаки қизиқиш учун эмас, атайин сўраётганини сезди ва шунга яраша тўғрисини айтди:

– Фарғонаданмиз…

Чолнинг қорачиқлари ялт этгандек бўлди:

– Ўзим ҳам сезовдим, Ҳиротни одамлари эмас булар, деб. Кўринишларингдан, сўзлашишларингдан Ўзбекистоннинг одамлари эканликларинг билиниб турибди-да, – деди чол, хиёл ўрнидан қўзғалиб ва: – Қани, қайтадан бир сўрашиб қўяйлик, ота-онам юртининг табаррук одамлари экансизлар, – деб даст ўрнидан турди чол. Кутилмаганда берилган жавоб, чамаси, чолни бу икки йигитга жуда яқин қилиб қўйганди. Чол оз-моз кўзларидаги ёшлари билан аввал Раҳмоналини, сўнг Назирни бағрига босиб, қайта кўришди. – Қани, ўтиринглар, ўғилларим. – У шундоқ деб, дуога кафтларини жуфтлади: – Овмин, илоҳим Ўзбекистонга кўз тегмасин, Юртбошиси доим соғ-саломат бўлиб, яна узоқ йиллар тинчликда, омонликда юртга бош бўлиб юраверсин. Овмин!..

Чолнинг бундай дуоси Назирни тамомила довдиратиб қўйди. Бироқ Раҳмонали пинагини ҳам бузмади. Икки қўлини дуога очганча, нима қиларини билмай ўтирган Назирнинг биқинига Раҳмонали аста тирсаги билан туртди. Бу, ўзингни йўқотма, бегона жойда ўтирибсан, дея огоҳлантириши эди. Назир, ноилож дуога қўшилиб, кафтларини юзларига сурди. Раҳмонали ичида: “Чоли тушмагур жуда қув чиқиб қолди, боплаб дуо қилди-ю!” деб кўнглидан ўтказиб, дил-дилдан бир қувониб қўйди.

– Об-бо, йигитлар-ей, Фарғонаданмиз, денглар, – дея чол гап бошлади. – Мени ота-онам, боболарим асли марғилонлик. Эшитган бўлсаларинг, Ўрам самовар деган жойданмиз. Отам бой эди, Ўрам самовар отамга қарашли эди. Бу – инқилобдан олдинги йиллар – мен энди туғилиб, атак-чечак қилган йилларга тўғри келади. Сўнг юртда қулоқ қилиш бошланиб, отамни Украинага сургун қилишган… – Чолнинг жуда узоқ чўзилиши кутилаётган суҳбатидан Назир зерика бошлади… Раҳмонали яна унга жим ўтир ишорасини қилди. – Ёдимда, отамнинг учта хотини бор эди. Ўзи пахтачи бой эди. Минг таноб пахта майдони бор эди. Уйимизда катта бир туя сандиқ бўлиб, ичи тўла тилхат, векселлар бўларди. Отам деҳқонларга қарзга пул, уруғлик бериб, тилхат ёздириб олаверарканда… Бир кечаси қизил шапкали, милтиқ кўтарган аскарлар келишиб, бизни кўчира бошлашди. Отам буни олдиндан билиб, уч кун хотинларига тинмай тандирда нон ёптирган экан. Марғилондаги Горчаков деган поезд стансасида бизни қизил вагонларга чиқара бошлашди. Аскарлар бир қатор уст-бошимиздан ташқари, барча нарсаларни, ҳатто қиз-жувонларнинг қўлларидаги тилла узукми, қулоқларидаги тилла балдоқлари борми, ечиб олишди. Ўша пайтдаги қий-чув, тўс-тўполонлар ёш бўлсам-да ҳали-ҳали кўз олдимда туради. Лекин туя сандиғимиз тўла нонларни олиб кетишимизга рухсат беришган. Қизил вагонга туя сандиқдаги нонларимиз билан чиққанмиз. Украинага борганимиздан сўнг очарчилик бошланиб, кўча-кўйларда қиш пайти одамлар тап-тап йиқилиб, ўлиб қолаверди. Отам кундузи ишлаб, кечалари ярим тунда уйдан чиқиб кетиб, тонг-саҳар қўлтиғига ўрисни нони ё гўштми, ишқилиб, бирон егулик билан кириб келарди. Оналаримиз дарров бизларни қор ниларимизни тўйғазишиб, дастурхонда битта ҳам увоқни қолдиришмасди. Чунки, қўни-қўшнилар бизни нон, гўшт еб кун кечираётганимизни билиб қолишса, керакли жойга айтиб, ҳолимизга маймунлар йиғлаши мумкин эди-да. Кейин билсам, отам раҳматли Марғилондан кўчишимиз арафасида йиққан барча тилла тангаларини хотинларини мажбурлаб нонларни орасига қўйдириб, тандирда ёптириб олган, Украинага келгач, дарҳол нонларни бева-бечораларга тарқатиб, олтинларни яшириб олиб қўйган экан. Ўша олтинлардан оз-оз олиб, ярим кечаси кимларгадир олиб бориб бериб, нон, гўштга алиштириб келиб юрган экан. Бу орада уруш бошланиб, немислар бостириб келиб, аҳвол баттар оғирлашди. Отам бу жабр-зулмларни кўтара олмай, оламдан ўтди. Уруш тугар-тугамас, онам бизни – икки ўғилни олиб, отамдан қолган анчагина тилла тангалар билан қизил вагонларга яшириниб чиқиб юриб, аранг Ўзбекистонга бизни олиб борди… Кейинчалик Термизга, ундан Афғонистонга ўтиб, мана шу Ҳирот шаҳрига эргаштириб келган.

– Отангизни қолган хотинлари, болаларнинг тақдири нима бўлган? – деб сўради Раҳмонали.

– Эшитишимча, эллигинчи йиллардан кейин юртда омон-омон бўлиб, ҳаҳ, Сталин деганимиди, ўлимидан кейин, ўгай онамлар фарзандлари билан Марғилонга қайтишган. Ҳозир ўша ерда яшашади, дейишади…

Чолнинг қизиқ суҳбатидан сўнг орага анчагача жимлик чўкди. Чамаси, чол хаёлан ўша мудҳиш воқеаларни кўз олдидан ўтказаётган эди.

– Сизлар нима қилиб юрибсизлар бу ерларда? – деб сўраб қолди чол, чойини ичиб бўлгач, пиёласини дастурхоннинг бир четига аста қўйиб. Раҳмонали бу саволга энди аниқ жавоб бера олмас эди. У ноқулай аҳволга тушди. – Менинг Амударё бўйларида ҳам пахта экиладиган экин ерларим бор. Ҳар ёзни ўша ерда ўтказаман. Ҳар қалай, Ватаннинг шабадаси келиб туради-ю, Ватанни ҳидини туюб тураман-да. Ҳозир ўғилларим ўша жойдаги уйга ойнаи жаҳон олиб келиб беришган. Кечалари томоша қиламан. «Ўзбекистон» кўрсатувларини кўриб, яйрайман. Аттанг-аттанг, беҳудга бу томонларга келиб қолган эканмиз, деб афсус қиламан. Бир чиройли ободончиликлар бўляптики, кўрган одамнинг кўнгли яйрайди-я! – Чол шундай деб, кутилмаганда гапини таққа тўхтатди ва уларга шубҳа билан тикилди. – Мабодо, сизлар анави мужоҳидлар, ватанфурушлар тоифасидан эмасмизлар? – Чол шундай деб, пиёласига қуйган чойини қаҳр билан сепиб юборди ва ўрнидан даст туриб, уларга нафрат ила бир қараб, шитоб узоқлашди.

* * *

Меҳмонлар ўтирган «Жип»ни Раҳмонали бир кўришдаёқ таниди. Кетма-кет келиб, Раҳмоналининг машинаси рўпарасида тўхтаган икки машинани олдиндагисидан норғул бир йигит тушди. Раҳмонали эпчиллик билан ўрнидан туриб, йигитга қараб юрди. У – Талабнинг танқўриқчиларидан бири эди.

– Кетдикми? – деб сўради ҳалиги йигит, қўл бериб сўрашаркан.

– Яхши етиб келдиларингми? – Саволга савол билан жавоб қайтарди Раҳмонали.

– Яхши, ҳар қалай, олдинги сафардагидан тузукроқ. Йўл бўйи ҳар хил қаланғи-қасанғи, айниқса, довонда жуда кўпайган. Қароқчилик қилишяпти ҳаромилар, ўтган-кетганни талаб. Баронимиз нуқул рация орқали хабарлашиб келди, танимасдан ўққа тутиб қолишлари ҳеч гап эмасди…

Раҳмонали Талаб ўтирган машина томон юрди. Нияти, анчадан буён кўрмаган, эски таниши Талабни кўрмоқчи, унинг афт-ангорига разм солмоқчи эди. Раҳмоналининг машина томон келаётганини кўриб, Талаб эшикни очиб, машинадан тушди.

– Ў-ў, эски танишимиз-ку, қалай, соғ-омонмилар? – деб сўради Талаб, наманганчасига.

Раҳмонали қўл қовуштирди:

– Раҳмат, бир нави… Сизнинг дуоингизни қилиб.

– Яша. Кўриниш ёмон эмас. Афғон сенга ёқибди чоғи, бироз семиргандексан…

– Қорайибсан, денг. Афғон шамоли кўз очирмаяпти-ю, – дея кулди Раҳмонали. – Ўзингиз соғ-омон юрибсизми?

– Шукр, ишлар яхши. Насиб қилса, сизлар Бўта бошлиқ энг сара йигитларни жангга тайёр қилиб берсаларинг, тез кунда Фарғона водийсини бир ҳамлада оламиз, сўнг бутун Ўзбекистонни. Менинг ўзим хон бўламан, балки амир. Хуллас, Ўзбекистон ўзимизники бўлади. – дея мақтана бошлади Талаб.

Раҳмоналининг афти кулиб турса-да, энсаси қотгани аниқ эди. Ўйлади у: «Бу нималарни ният қиляпти? Ўзбекистонни олиш осон эканми?..» Бироқ ҳозир Раҳмоналининг, Талаб билан Бўтанинг бу галги учрашуви ўта муҳим экани энди аниқ эди.

Раҳмонали ўгирилиб ортидаги Назир жиннига қаради:

– Бизнинг ортимиздан юраверасизлар. Буёғи тинчроқ, довондагидек эмас. – У шундай деб, ойналари қорайтирилган иккинчи машинага қараб қўйди ва ўзининг «Жип»ига ўтирди.

* * *

…Тепаликдаги икки хонали уйчанинг бир хонасидаги суҳбатда бор-йўғи тўрт одам бор эди: Бўта, Талаб, унинг хос соқчиси-ю, Раҳмонали. Гарчанд пиёлаларга чой қуйиб ўтиргандек бўлса-да, Раҳмоналининг бор вужуди қулоққа айланган, Талаб билан Бўтанинг ўзаро паст овозда сўзлашишлари, юз-кўзларидаги ҳар бир ўзгаришни илғаб, мушоҳада этиб, хулосалар чиқариши учун етарли эди. Кейинги пайтларда асосан Афғонистонда етиштирилаётган гиёҳвандлик моддаларининг олдисотдиси, улардан келаётган йирик даромадлар орқали қурол-яроғ сотиб олишга муккасидан кетган, натижада «наркобарон» деган лақаб орттирган Талабнинг юзкўзига тез-тез кўз ташлаб, нафақат кўриниши, балки дунёқараши билан ҳам Бўтадан кескин фарқ қилувчи Талабнинг онг-шууридаги фикрларни ўқишга уринарди. Аммо, Талабнинг мураккаб нокаслиги маълум, ўта айёр, шу билан бирга, шафқатсиз бу ватангадо ўз туғилган юрти, кекса онаси, ака-укасини ташлаб, шу ергача етиб келибдими, сўзсиз юртга қайтиш режасини ҳам тузиб қўйган, лекин шунчаки қайтиш эмас, оқ отда қайтмоқчи.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации