Электронная библиотека » Хусанбой Каримов » » онлайн чтение - страница 18

Текст книги "Бўрилар изидан"


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 05:20


Автор книги: Хусанбой Каримов


Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 18 (всего у книги 19 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Қор бўрони янада кучайди. Шамол одамни учириб кетгудек бўлиб гувиллар, тоққа ёпишиб юрилмас экан, омон қолиш гумон эди. Бўта тамоман ўзини бўш қўйиб юборганидан фойдаланиб, Раҳмонали дарҳол арқон билан ўзини унга қаттиқ боғлади. Бўта эса буни кўриб турса ҳам: “Хой, нега бундай қиляпсан?” деб сўрамади. У ҳамон бошини осилтирганча, Рамҳоналининг ортидан, унинг пальтоси этагининг бир учини қаттиқ ушлаган кўйи қадам-бақадам эргашаверди. Ниҳоят, олдинда кенгроқ яланглик кўринди. Аммо, тоғ йўли иланг-биланг, гоҳо туртиб чиққан тоғ қирралари ортда қолган ёки олдинга ўтиб кетган одамни тўсиб, кўрсатмай қўяётганди. Бу орада ортдан икки бор қўрқинчли ҳайқириқ эшитилди. Раҳмонали хиёл ортига ўгирилиб, билдики, яна икки жангари жарликка учиб кетди. Уларни қутқариш – хомхаёл. Тоғнинг музли тор қиялик йўлакларидан астааста ёнлаган кўйи ўтиб келаётган жангарилар иложи борича нафақат ортга, балки, пастга ҳам қарамасликка тиришишарди. Пастлик ўта ваҳимали, устига-устак, қор бўрони тобора чаппар уриб, кўз очгани қўймаётганди.

Раҳмонали боғланган Бўтани эргаштириб, ниҳоят, кенгликка чиқиб олди. Чамаси, кенг майдон билан тоғ йўли ўртасида ярим метрлик тор жарлик бор, буни Раҳмонали шу жойдан ўтаётиб сезди ва бироз тўхтаб, қўли билан ниқтаб Бўтага кўрсатганди, Бўтанинг ҳам ақли етиб, Раҳмоналига қараганди, Раҳмонали қисқагина қилиб “Ортимдан сакрайсиз!” деди. Бўта сакраб ўтгандики, оёқ остидаги музлик юпқалигиданми қарсиллаб синиб, пастга катта бир бўлак муз шувиллаб учди ва Бўтанинг ортидан ярим метрлик чуқур жарлик очилиб қолди. Раҳмонали Бўтани арқон аралаш тортиб олгач, ортига хиёл энгашиб қараб, усти торроқ, аммо ичи жуда кенг ва чуқур муз жарлигини кўрди. У ҳансираганча, ортидан келаётган жангарилардан кўз узмай, тик тураверди. Ўртадаги тор муз жарлик тўғрисида огоҳлантирмади. Билдики, у музлик жарнинг юқори қисми ҳам анчагина кенг бўлиши керак, бинобарин, одам оғирлигини кўтаролмаслиги аниқ. У жарликка қулаши мумкин бўлган жангариларни жимгина кузатиб туришни маъқул кўрди.

Ниҳоят, Раҳмонали ўйлаган иши бўлди: олдинда бирин-кетин бир-бирига қўл узатиб, бир-бирини ушлаб қолиш илинжида аста-аста қадам босиб келаётган беш нафар жангари тор йўлакнинг сўнгги қисмига яқинлашаётиб, кенгликда қаққайиб турган Раҳмоналини кўрдилар ва умидли кўзларини жавдиратишиб, олдинга дадил қадам ташлашгандики, бирданига беш киши кетма-кет додлаганларича, зумда кўздан ғойиб бўлдилар. Жарлик тубидан уларнинг анчагача дод-войлари эшитиб турди. Қолганлар эса ортларига тисарилишиб, нақ оғзи очилиб қолган беш метрлик муз жарлигининг нариги тарафида ваҳимадан кўзлари олайиб, таққа тўхтаб қолишди. Раҳмоналининг этлари бир жимирлаб кетган бўлса-да, ўзидаги ачиниш ҳисларини юз-кўзларига чиқармади – қолганларга совуқонлик билан қараб, бир муддат жим турди. Сўнг қўлидаги узун арқоннинг бир учини тоққа қапишиб турган олдиндаги йигитга отди. Жангари йигит ҳали ҳам ваҳимада қотиб қолганиданми ё қўллари совуқдан ҳаракатга келолмай қолдими, ташланган арқоннинг учини тутиб ололмади.

– Ҳа, сен ҳам жарликка қулаб ўлишни хоҳлаяпсанми!? – деб бақирди Раҳмонали.

Йигит бир титраб, ўзига келди. У икки қўлини олдинга чўзиб, тутилмай қолган арқонни ўзи томон тортибйиғиштириб олаётган Раҳмоналига илтижоли боқди. Раҳмонали иккинчи марта арқоннинг учини у томонга думалоқлаб ирғитганида, ҳалиги йигит арқоннинг учини тутиб олди ва чаққон белига боғлади. Сал ортига тисарилиб, Раҳмоналининг қистови билан беш метрлик жарлик устидан сакради. Йигит сакраганида, Раҳмонали қўлидаги ароқнни шундай силтаб тортдики, натижада, йигит жарликнинг устидан бемалол сакраб ўта олди ва шалоплаб жарликнинг бу томонидаги қирғоғига – кенгликка келиб тушди. У лагерда бир куни Раҳмонали билан суҳбатда рэкет билан шуғулланиб, адолатли жазодан қочиб жангарилар сафига қўшилиб қолганлигини айтган сурхонлик йигит эди. Шу тариқа қолганларга ҳам Раҳмонали кетма-кет қўлидаги арқоннинг учини бир-бир ташлаб, жангариларни ўзи томонга сакратиб олаверди. Бироқ, жангарилар орасида Чеченистондаги урушларда қўллари қонга ботиб, ваҳшийлашиб кетган йигитлар ҳам бор эканлигини унутмаган Раҳмонали, нохос бир шумликни кўнглига тугди. Раҳмонали тортиб олаётганларидан сира нигоҳини узмасдан, қовоғини уйган ҳолда, ўта жиддий ҳолатда ҳар бир хатти-ҳаракатни жиддий назорат қилиб турарди. Ниҳоят, ўшандай қўли қонга ботганлардан бирига навбат етиб келди. Раҳмонали бу гал атайин арқонни қаттиқ силтаб тортмагандики, ҳалиги йигит учиб келиб, шундоқ жарликнинг лабига қўллари билан бир муддат ёпишиб, осилиб қолди ва дод деганча сирғалиб пастликка қулади. У анчагача пастликда арқонга осилиб, типирчилаб туриб қолди. Қолганлар бу ҳолатни ваҳима ичра жим кузатиб туришди. Раҳмонали белидаги пичоқни қинидан шошмай чиқариб, совуқонлик билан ҳамманинг кўзи оллида музга тирғалиб турган кўйи, арқоннинг жарлик томон таранг тортилган қисмини шартта кесди ва жангари йигитнинг дод солиб пастга қулаганлигини баралла эшитди. Ичида эса: “Сенинг жазоинг шу!” деди пичирлаб.

Бундай кутилмаган ҳолатнинг гувоҳи бўлиб турганлар Раҳмоналининг хотиржамлик билан қилган бу ишидан баттар ваҳима исканжасида қолишди. Улар илтижоли назар билан Раҳмоналига боқиб туришарди, жарликнинг у томонида. Чунки, у томондаги ҳар бир жангарининг ҳаёт-мамоти айни дақиқаларда Раҳмоналининг қўлида эди.

* * *

… Раҳмонали ярим уйқу, ярим хаёл аралаш кўзларини юмиб ётаркан, муз тоғда кечган ҳар бир воқеани ипидан, игнасигача хаёлан кўз олдидан ўтказиб, туш кўряптими ё хаёллаяптими – аниқ билолмасди. Мана, муз тоғдаги ўта оғир азобу уқубатлардан сўнг, бор-йўғи ўттиз киши қолишди. Йигирмата жангарининг иккисини ўликлари афғон билан Тожикистонннинг давлат чегарасидаги тоғлар орасида қолган бўлса, қолган ўн саккизтаси абадул-абадга муз тоғдаги музлик жарликлар ичида қолишди. Уч кунлик азобли йўл натижаси шу билан тугади. Бўтага ўша ерда қаттиқ совуқ ўтиб кетган эканми, кечадан буён иситмалаяпти. Муз тоғдан шундоқ тушиб келишда жангарилар об-ҳаво ва яна қандайдир илмий ишлар билан, музликлар билан шуғулланувчи олимларнинг станциясига рўпара келишди. Станцияда икки нафар рус олими ва бир аёл бор экан. Ҳаммаси қўлларида қурол тутган, совуқдан тарашадек қотиб қолаёзган жангарилар уларнинг уйига кириб келганларида, қўрқувдан эслари оғиб қолаёзди. Тиллари айланмай, қўрққанларидан дарҳол ўзлари ётган ўринларни бўшатиб беришди. Бўтанинг буйруғи билан станция ичидаги барча алоқа воситалари дарҳол ўчирилди. Икки ўрис эркак ва рус аёлга ташқарига чиқиш қатъиян тақиқланди. Уй ичида печка, ўтин ҳам сероб экан. Икки рус киши бир жангари йигит назорати остида ташқарига тахлаб қўйилган ўтинлардан олиб келиб, дарров чўян печкага гуриллатиб ўт қалаб юборишди. Рус аёл таом пиширишга мажбурланди. Бир соат ўтмай, жангарилар одамсифат бўлиш учун ҳаммом қилишни хоҳлаб қолишди. Бўта иситмалаб ётгани учун, Раҳмонали бу ишга рухсат берди. Икки рус киши лўкиллаб юриб ҳаммомни ҳам қиздириб юборишди.

Ўзини Валя деб таништирган рус аёли Бўтанинг иситмалаётганини кўриб, шартта ярим яланғоч қилиб, орқа-олдига боплаб спирт суркади ва қалин кўрпага ўради.

Бир соатдан сўнг овқат ҳам тайёр бўлди: қуюқ макарон таом. Ҳамма иштаҳа билан еди. Шундан кейин барчани уйқу боса бошлади. Раҳмонали бўлар-бўлмас бирон ножўя иш юз бериб, ҳаммаси чаппасига кетмасин деб, янада аниқроғи, бу ердан тинчликда чиқиб кетишни ўйлаб, уч русни битта хонага қамаб, устидан қулфлатиб қўйди ва ҳамма уйқуга кетди. Муз тоғига туташ овлоқ жойда олимлардан ўзга одамлар йўқ эканлиги аниқ эди. Русларнинг айтишларича, энг яқиндаги чўпонларнинг ўтовигача камида ўн беш километр масофа бор эмиш. Шундай экан, яхшиси ухлаб, дам олганлари маъқул.

Кун ботишидан анча олдин олимларнинг муз тоғ яқинидаги станциясига кириб келган жангарилар тонггача роса ухлашди. Тонг маҳал Раҳмонали ярим туш, ярим хаёл билан кўзларини очолмай ухлаб ётаркан, шундоқ ёнидаги ўринда қалин кўрпаларга бурканиб ётган Бўта қимирлаб қолди.

Раҳмонали, ниҳоят, кўзларини очиб, Бўта тарафга қаради. Бошини хиёл кўрпадан чиқариб ётган Бўта икки кўзини лўқ қилиб, Раҳмоналига тикилиб ётган экан.

– Қаердамиз? – деб сўради Бўта.

– Олимларнинг станциясидамиз. Муз тоғдаёқ иситмалаб, юролмай қолгандингиз. Йигитлар кўтариб келишди сизни.

– Муз тоғдаги қор бўронларда юрганлигимиз аниқ эсимда, кейин нима бўлди – эслолмайман. Муз тоғдаёқ ярим ўлик, ярим тирик бўлиб қолгандим. Яхшиям сен бор экансан, бўлмаса ўлигим муз тоғни ичида қолиб кетармиди… – деди Бўта бироз хирқироқ овозда. – Кеча кечаси роса бўкиб терлабман. Ҳозир ҳам сувга тушган одамдекман.

– Кеча сизга рус аёл спирт суркаганди. Ҳаммаси шундан, роса терлатган. Мана, бинойидек бўлиб қолдингиз.

– Шундақа дегин… Йигитлар-чи? – деб сўради Бўта бошини кўрпадан янада чиқариб.

– Йигитларми?.. – Салмоқлаб гап бошлади Раҳмонали. – Муз тоғида ўн саккизтасидан ажрадик. Афғон тоғида қолган иккисини ҳам қўшсак, талофатимиз йигирма киши.

Бўта оғир уф тортди.

– Миномётлар ҳам дегин…

– Эсингизда экан-да?

– Ҳаммаси эсимда. Миномётлар ортилган уч эшак жарликка учиб кетгандан кейин эсим оғишни бошлаганди. Яхшики, жинни бўлиб қолмадим. Сен бўлмаганингда, ўртага тушмаганингдами, йигитларни шартта-шартта отиб ташлаган бўлардим…

– Биламан. Ўшанчун ҳам сизни қайтардим…

– Шундақа дегин… Қолганлар нима қилишяпти?

– Ана, атрофингизда хурракни уришяпти.

Раҳмоналининг бу гапидан сўнг Бўта бошини кўрпадан чиқариб, атрофига аланглади ва жангарилар ухлаб ётишганини кўрди.

– Олимларни станцияси дедингми? – деди Бўта туришга уриниб. – Эгаларини нима қилдиларинг?.. Қорним шундай очибдики…

– Эгаларини битта хонага киритиб, устларидан қулфлатиб қўйганман. Есангиз макарон овқат бор. Печкада чой қайнаяпти, чоғи.

– Мен уст-бошимни алмаштириб олай, сўнг овқатланаман.

Раҳмонали ўрнидан туриб, нарига хонага қамаб қўйилганлар орасидан рус аёли ва эркакларни чиқарди. Аёлга овқатни иситишни, кишиларга эса тезроқ ўтин олиб келиб, печкани янада қизитишни буюрди. Бу хаттиҳаракатни кўрган жангарилар бирин-сирин ўринларидан тура бошлашди.

Бирор соатга қолмай, барча дастурхон атрофида ўтирар, рус аёли ва эркаклар хизматда эдилар. Эрталабки нонуштага станциянинг омборхонасидаги жамики тухумлар қуймоқ қилиб пиширилиб, дастурхонга тортилди. Бир шиша банкада асал ҳам бор экан, уни ҳам олиб келишди. Буханка нонлар бироз эскирган бўлса-да, юмшоқ экан. Уч кунлик азобли юришдан сўнг, беҳад толиққан жангарилар бир кечалик уйқу билан яна куч-қувватга тўлгандек эдилар. Улар иштаҳа билан пайдар-пай қуймоқни кесилган буханка нонга аралаштириб оғизларига тиқиштиришар, ортидан асал суркалган нонларни ҳам иштаҳа билан чайнар эдилар.

Орадан ҳаял ўтмай, ўртадаги дастурхонда буханка нонларнинг ушоғидан бўлак ҳеч вақо қолмади. Ҳамма оч бўридек бўлиб қолган экан. Ҳатто кеча кечки пайт рус аёли томонидан пиширилиб, кечки овқатдан ортиб қолган иситилган макарон овқат ҳам қолмади. Ҳаммасини паққос туширишди. Айниқса, Бўтанинг иштаҳаси зўр чиқиб қолди. Асалнинг энг кўпини у еди, нонга суркабсуркаб.

Раҳмоналининг иштаҳаси йўқроқдек эди. У оз-моз макарон овқатдан тотиниб, озроқ асал еди. Тухумли қуймоққа қарамади. Чунки, уни хаёл олиб қочаётганди. У режасига биноан, йўлда йигирмата жангаридан қутилган бўлса-да, бу ерда яна ўттизи қолаётганди ўзи билан. Бу ёғи нима бўлади – аниқ билолмаётганди. Русларнинг айтишича, бу ҳудуд Қирғизистон Республикасига қарашли. Музликларнинг қисқариши муаммоси билан шуғулланиб, об-ҳавони ҳам олдиндан тахмин қилишар экан. Айтишларича, тоғ йўлидан пастга томон тушиб борилаверса, Ҳайдаркон шаҳрига етилармиш.

Раҳмоналининг билгани шу бўлди.

Эртлабки нонуштадан сўнг, Бўта Раҳмоналини маслаҳатга чақирди. Жангариларнинг аксарияти нонуштадан сўнг ташқарига чиқиб кетишганди.

– Шоҳимардоннинг тепасидан чиқмабмиз-да, – деди Бўта сумкадаги харитани стол устига ёзаркан. – Бизни режа бундай эмас эди. Йўлда адашдикими-ё?..

Шунда Раҳмоналининг ёдига тоғдаги воқеа тушди. Бўта тамоман довдираб, ўзини йўқотиб, Раҳмоналига арқон билан боғлаб олинганидан кейин, муз тоғдаги уч тор йўлак бошига етганларида, шамолу бўронларнинг кучайганига ҳам қарамай, Раҳмонали атайин тўхтаб, сумкадаги харитани очиб, бир қур кўз ташлаб олган ва атайин ўртадаги йўлакдан эмас, ғарб томондаги учинчи йўлакдан йўл бошлаган эди. У аниқ билардики, ўртадагиси худди Шоҳимардоннинг тепасига элтади. Учинчиси – ғарбдагиси, анча узун ва қийин йўл бўлиб, Қирғизистоннинг Боткент вилоятининг Ҳайдаркон шаҳри яқинидан чиқишини тушуниб етганди. Ҳар тугул, харитада шундай кўрсатилган эди.

– Йўл азоби – гўр азоби, деб бежизга айтишмаган экан, ёдингизда бўлса, қор бўронлари авжга чиқиб, аранг йўлни топиб, муз тоғдан ошиб ўта олдик. Шунисигаям шукр, дейишимиз керак.

– Мен сени айблаётганим йўқ, ука. Фақат ўзимни айблаяпман. Йўлда довдираб қолганлигим аниқ. Уч йўлнинг ўртадагисини мўлжаллагин деб айтиш ёдимдан чиқиш тугул, ўзимни йўқотиб қўйдим-у!.. Янаям яхши томони, харитада кўрсатилган йўлдан бориб, Ҳайдаркон шаҳрининг тўс-тўполонини чиқариб ташлаймиз. Балки, ҳарбийлари ҳам бордир. Унда янада яхши. Кучли ўқ отар қуролларини ўзимизники қилиб оламиз-да, ундан сўнг Фарғонага!..

– Жуда тўғри айтдингиз, Бўта ака.

– Станциядаги русларнинг машинаси бормикин?

– Кеча кириб келаётганимизда айвон остида усти ўроғлиқ “Нива” машинаси турганлигини кўргандим. Машинанинг калитини олиб қўйганман. Тағин миниб қочиб кетишмасин, деб.

– Яша, ука. Жуда тўғри килгансан. Бугун машина бизга иш беради.

Бўтанинг буйруғи билан олимларнинг станциясидаги барча алоқа воситалари пачоқлаб, қорга улоқтирилди. Ўзлари соғ қолаётганига шукр қилаётган руслар мамнуният билан Бўта ва Раҳмонали бошлиқ жангариларни кузатиб қўйишди. Ҳатто “Нива” автомашинасини миниб кетаётганларига ҳам заррача эътироз билдиришмади.

Олимларнинг станциясидан жангарилар тинч чиқиб кетишди.

“Нива”нинг рулида Раҳмонали, унинг ёнидаги ўриндиққа Бўта қўр тўкиб ўтириб олди. Орқа ўриндиққа яна икки жангари чиқариб олинганди. Қолганларга секинаста бораётган автомашинанинг икки томонида енгил қадамлар билан чопиб боришлари буюрилди.

“Нива” секинлатилган ҳолатда бир маромда гуриллаб илгарилар, жангарилар эса икки ёнда саф тортиб чопиб боришарди. Улар чопганлари сайин, эгниларига илинган турли хил буюмлар турлича товушлар чиқариб, кенг тоғ йўлида узоқдан ҳам эшитила бошлади.

Чўпонларнинг йўл бўйидаги қорайган ўтовлари атайин четлаб ўтила бошланди. Токи, қирғиз чўпонлари ҳадиксарамасинлар, деган ўйда. “Нива” гуриллаб елар кан, икки ёнида қуролланган одамлар чопиб бораётганини кўрган қирғиз итлари улар томон ҳуриб яқинлаша бошлашди… Ҳеч кимнинг чўпон итларига парвоси йўқ эди. Ногоҳ, олдинда бир юк машинасининг қораси кўринди. Раҳмонали, нима қиламиз? – деган назар билан Бўтага қаради.

– Тўппа-тўғри бостириб ҳайдайвер. – Буюрди Бўта, ўнг қўлини олдинга қилиб.

– Ҳарбийлар бўлса-чи?

– Чегарачилар демоқчисан-да, а?

– Улар бўлса дарҳол асир қилиб, машиналарини тортиб оламиз. Ҳайдайвер.

Ниҳоят, икки машина бақамти келди. Юк машинаси кабинасидан чегарачи ҳарбий киши тушди. Бўта машинадан туша солиб, ҳе йўқ-бе йўқ, булар кимлар экан? – деган ўйда анқайиб, икки қўлини белига қўйиб турган қирғиз зобитининг юзига тарсаки тортиб юборди. Зобит ерга думалади. Жангарилар худди шуни кутиб туришгандек, ҳайдовчи ҳарбий аскарни, ундан юк машинаси тепасида ўтирган уч нафар қуролланган ёшгина қирғиз аскарларини судраб пастга олиб тушишди. Ҳеч нарсани тушунмаётган, нима бўлаётганига ақллари етмаётган аскар йигитлар зобитлари ерда думалаб ётганини кўришгач, тамомила довдираб қолишди. Жангарилар қуролларини аскар йигитларга ўқталиб туришарди. Улар ҳарбий чегарачилар экан.

Бўтанинг буйруғи билан қирғиз аскарларининг барча қуроллари тортиб олинди. Зобит ўрнидан турғазилиб, икки-уч марта яхшилаб тепилиб, пўстаги қоқилганидан сўнг, белидаги тўппончаси тортиб олинди.

Чамаси, қирғиз зобитидан тортиб аскарларигача бундай воқеа юз беришини умуман кутишмаган экан.

Бўта Раҳмоналига юзланиб, деди:

– Мана бу аҳмоқ офицердан сўра-чи, ҳарбий қисми қаерда жойлашган экан. Яна нечта офицер ва аскарлари, қандақа қуроллари борлигини ҳам сўраб бил. Кейин, хоҳласанг, отиб ташла.

Раҳмонали сўррайиб, қаққайиб, шапалоқ тушган юзини силаб турган қирғиз зобитининг енгидан тутиб, четроққа олиб чиқди ва сўроқ-савол қила бошлади. Қирғиз зобити ўзбекчани бинойидек билар экан. Ҳайдаркон шаҳрида ҳеч қандай ҳарбий қисм йўқ эмиш. Фақат ўн беш чоғлиқ чегарачи аскарга шу зобит бош бўлиб, чегараларни айланиб тураркан. Ҳарбий қисм Қизилқия шаҳрида жойлашган экан.

Қирғиз зобити Раҳмоналининг барча саволларига жавоб бериб бўлгач: “Ўзларинг кимсизлар? Қаердан келиб қолдиларинг?” деб сўради. Зобитнинг бу саволига жавобан Раҳмонали унинг жағига бир мушт туширди. Зобит қалин ўтлар устига қулади. Оғзи-бурнидан қон келди. Раҳмонали тўппончасини чиқариб, ерда ётган зобитнинг ёқасидан маҳкам тутиб ўрнидан турғазди, унинг башарасига тўппончасини ўқталди ва деди:

– Жонингдан умидинг бўлса, биз айтган ишни ғинг демай бажарасан. Акс ҳолда, шу ернинг ўзида итдек ўласан!

Қирғиз зобити, тушундим, дегандек кафти билан оғзини беркитди.

Уч чегарачи аскар, бир зобит кенг тоғ йўлида қолдирилиб, юк машинасига жангарилар чиқиб, Ҳайдаркон шаҳри томон юриш бошланди. Энди Бўтанинг қўлида битта рация, яна юк машинасида катта рация ҳам бор эди. Буларнинг барчаси чегарачилардан тортиб олинганди.

Бу вақтда эрталабки соат тўққиздан ўтиб, ўнга яқинлашиб қолаётганди. Олдинда “Нива” унинг ортида чегарачи ҳарбийларнинг юк машинаси Ҳайдаркон шаҳрига кириб борганида, шаҳар одамлари ўз юмушлари билан банд, ҳеч ким уларга заррача ҳам эътибор қилмаётган эди. Катта кўчадан бориб, ногоҳ чорраҳага чиқиб қолишди.

– Бу шаҳарнинг каттаси ўтирадиган идора қайдайкин? Ўша ёққа ҳайда! – деб буюрди Бўта, Раҳмоналига.

Ҳайдаркон – кончилар шаҳри. Эрталабда кўча-кўйда одам камчил. Асосан қирғиз миллатига мансуб, яна ўзбеклар ва бошқа миллат вакиллари ҳам истиқомат қиладиган шаҳар типпа-тинч эди. Раҳмонали тўғрига юриб адашмаган экан. Лениннинг ҳайкали қад кўтарган кенг майдон рўпарасидан чиқиб қолишди.

– Буларда ҳалиям ярамас Ленин бобони ҳайкали бор экан-да, – дея ҳайратини яширолмади Бўта, машинада ўтиб бораркан, дераза орқали ҳайкалдан кўз узолмай.

– Қирғизларга бўлаверади, – деб кулди Раҳмонали. – Балки улар ҳалиям, Ленин бизни отамиз, деб юришгандир-да. Тағин ким билади…

Ниҳоят, муҳташам бир бино кўринди. Бино ёнида енгил машиналар қаторлашган эди.

– Мана шу ер уларни катта идораси бўлса керак. Тўхта-чи? – деди Бўта ва “Нива” тўхташи билан, автоматини қўлига олиб, пастга тушди.

“Нива”нинг ортидан келиб тўхтаган юк машинасидан жангарилар тап-тап ирғиб пастга тушишди. Бўта дадил олдинга қадам ташлади. Унинг ортидан Раҳмонали ҳам машинадан туша солиб, эргашди. Эшикка яқинлашганларида бир милиционер кийимидаги қирғиз йигити: “Нима гап? Қаёққа?” дегандек шошиб чиқиб келаверди. Бўта кутилмаганда уни бир мушт билан йиқитди. Каловланиб қолган милиционер тўппончасига қўл чўзаётгандики, Раҳмонали чаққонлик билан унинг пешонасига ўзининг тўппончаси тиради. Милиционер йигит ётган жойида икки қўлини баланд кўтарди. Ортдан етиб келган бир жангари милиционернинг тўппончасини ғилофидан суғириб олиб, унинг қорнига ўхшатиб бир тепиб, юмалатиб юборди. Ўтган жангари борки, милиционернинг у ер-бу ерига тепиб, ура бошлади. Бир зумда милиционер йигитнинг афт-башараси қизил қонига бўялди.

Муҳташам бинонинг ичкарисига кирилгач, Бўта биринчи рўпара келган кишининг гирибонидан маҳкам тутди ва:

– Шаҳарнинг каттаси қаерда? – деди.

– Акимми? – дея олди холос, ҳалиги тепакал қирғиз киши қўрқиб кетганидан ўтакаси ёрилгудек бўлиб. – Юқориға чиққила…

Бўта унинг ҳам башарасига бир мушт солиб, ағдаргач, устидан ҳатлаб ўтиб, юқори зина томонга илдам юрди. Яна аввалги ҳолат қайтарилди: жангарилар тепакал кишини ўласи қилиб дўппослаб, ўта бошлашди.

Иккинчи қаватга кўтарилишганида, қўлларида қоғоз тутган аёлу эркаклар у хонадан-бу хонага кириб чиқишаркан, кутилмаганда, бинога автоматларини ўқталиб кириб келаётган жангариларни кўриб, танг қотиб қолишди. Бўта йўлидан чиққан одам борки, у аёлми, эркакми, бир мушт уриб ағдариб, устидан ҳатлаб ўтиб кетаётганди.

Ниҳоят, Бўта шаҳарнинг каттаси ўтирадиган хонанинг қабулхонасига кириб борди. Бу ерда жуда чиройли, устбоши ҳам ўзига беҳад ярашган қўхликкина қирғиз жувони ўтирган экан. Унинг автомат кўтарган одамларни кўрибоқ қўрқувдан кўзлари пирпираб, сутга чайиб олгандек оппоқ юзлари янада оқариб кетди. У Бўта билан Раҳмоналини кўра солиб, дик этиб ўрнидан турди ва саломлашди. Бўта унга бир хўмрайиб қарагач, катта шу хонада бўлса керак, деган чама билан, рўпарадаги қора чарм қопланган эшикка йўналди. Котиба жувон: “Қаёққа?” деганча, унинг йўлини тўсмоқчи бўлгандики, ортда турган жангарилардан бири, уни итариб юборди. Хипчабел жувон қип-қизил гилам устига: “Вой!” дея ағдарилиб тушди. Унинг тиззасидан сал юқорида турган чўғдек қизил кўйлаги янада юқорироқ кўтарилиб, ортдан кириб келган жангариларнинг кўзларини ўйнатиб юборди. Бўта шахд билан эшикни очди ва ичкарига кирди.

Эллик ёшлардами, йўғон, келбатли, қора костюм-шим кийиб, оқ кўйлагига қора бўйинбоғ тақиб олган қирғиз киши, креслода ястанган кўйи, телефонда ким биландир қизғин гаплашаётган экан. Автомат кўтариб хонасига сўроқсиз бостириб кирган Бўта билан Раҳмоналини кўриб, шошиб қолди-да, тезда суҳбатни тўхтатиб, гўшакни дарҳол жойига қўйди ва:

– Келингизлар, – деб ўрнидан турди.

Шу маҳал қабулхонадан котиба аёлнинг қичқириқ овози эшитилди. Чамаси, қабулхонада қолган жангарилар чиройли котиба аёлни қийнашаётганди.

Креслодан турган киши нима воқеалар юз бераётганига ақли етмай, Бўта билан Раҳмоналига синчиков тикилиб қолди.

Бўта яна, ўз одатича, автоматини ўқталиб, ҳалиги кишини кенгроқ жойга чиқарди ва сўради:

– Сен кимсан?

– Мен бу?

– Ҳа, сен?

– Мэрмин.

– Нима деб валдираяпти, бу галварс, – деб, Бўта Раҳмоналига қаради.

– Мэр дегани шаҳарни бошлиғи, эгаси дегани-да, ака.

– Шундақа дегин, – дея Бўта автоматини елкасига қайтариб осгач, кутилмаганда ҳалиги кишининг жағига бир мушт туширди. Мэр гупиллаб қизил гилам устига ағдарилди.

– Не урасин? – деб сўради мэр ётган жойида жағини силаб. – Милиция чақирам.

– Милиция чақирармиш, чақир, чақир!.. – деб кулди Бўта ва аста юриб бориб, мэрнинг креслосига ўтирди.

Шаҳар мэри ётган кўйи, бўлаётган ишларни миясига сиғдиролмай, ҳайрону лол эди. Раҳмонали унинг ёқасидан олиб турғазиб қўйди. Бўта ўтирган жойида у ёқбу ёққа қараб, ниманидир қидираётгандек атрофга кўз югуртирди.

– Мэрингни котибасини ичкарига чақирадиган тугмачаси қаерда экан? – деб сўради Бўта ўзича кулимсираб ва шундоқ столнинг четига ўрнатилган тугмачани босди; ўша заҳоти қабулхонада чириллаган овоз эшитилди.

Дам ўтмай, эшик очилиб, бояги чиройли жувон кириб келди. Аёлнинг икки ёқаси очиқ, чамаси, жангарилар унинг ёқасидан ичкарисига қўл солишган, кўкрак қисмидаги кўйлагининг тугмалари узилиб кетибди. Аёл уялибми, ҳадеганда ёқасини қўллари билан тўғирлашга, ёпишга уринарди. Жувоннинг қўрқувдан кўзлари пирпираб, қалт-қалт титрай бошлади. Бўта котиба жувонга бошдан-оёқ қараб, тек ўтириб қолди. Мэр ҳамон ҳайрон эди. У гоҳ Бўтага, гоҳ котибасига қарарди-ю, тили калимага келмаётганди..

– Бўшсан, – деди қўпол овозда Бўта.

Котиба аёл, тушунмадим, дегандек каловланиб тургандики, Бўта: “Йўқол!” деб бақирди. Аёл қўрққанидан шаҳар мэрига ёрдам сўраб илтижоли боқди-да, ундан ҳеч бир кўмак бўлмаслигини, мэр ҳам ўзи сингари жангариларнинг асири эканлигини сезгач, шошиб ортига қайтди. Қабулхонада яна котиба аёлнинг жон ҳолатдаги зардали қийқириқлари эшитила бошлади.

Ниҳоят, шаҳар мэри тилга кириб, Бўта билан Раҳмоналининг ким эканликларини сўради. Бу саволни унчалар хушламай эшитган Бўта, қовоқ уйди.

– Сен бу мэрга тушунтир, ука. Киммиз, қаёққа кетяпмиз…– деди Бўта Раҳмоналига.

Раҳмонали билан мэр ўртасида бўлиб ўтган қисқагина савол-жавобдан сўнг, бирдан Бўта:

– Мэр чўнтагидаги ҳамма нарсасини стол устига қўйсин! – деб буюрди.

Шаҳар мэри Бўтанинг гапини тушуниб, шошиб костюми, шимининг барча чўнтакларидаги буюмларини бирма-бир олиб, стол устига қўяверди. Бир даста қирғиз пулларидан ташқари, бир шода калит ва жуда чиройли бир ручка стол устига қўйилди. Бўта энг аввал ручкани қўлига олиб, деразанинг ёруғига солиб томоша қилган бўлди ва индамай ички чўнтагига солди. Бир шода калитни ҳам олгач, бу калитлар тушадиган матоҳ қаердайкин, деган савол билан атрофига аланглай бошлагандики, мэр хонанинг бир бурчагида турган каттакон пўлат сейфни кўрсатди. Бўта шошлмай ўрнидан қўзғалиб, сейфга борди ва бир-бир калитларни сола бошлади. Темир сейф очилгач, унинг ичида фақат қоғозлар борлиги маълум бўлди.

Ўша маҳал ташқарида дупир-дупир товушлар эшитилиб, бирдан автомат тариллади. Бўта билан Раҳмонали ҳушёр тортишди. Раҳмонали дарҳол қабулхонага чиқди. Чиройли котиба жувон йиғлаган кўйи, алланималарни ғудраниб, эгнига кўйлагини кияётган экан.

– Нима гап? –деб сўради Раҳмонали, пастга автоматининг учини қаратиб, отишга шай турган жангариларнинг биридан.

– Ташқарида бир нечта мелиса ходимлари биз томонга чиқиб келишаётганди, биз уларга қарата ўқ отдик. Улардан бири ўлдими ё яраландими, қолганлари ташқарига қочишди. Чамаси, ҳалигинда ташқарида дўппосланган мелиса уларни чақирган шекилли. Мелиса ходимларининг қўлларида тўппончалари бор экан.

Бу жавобни эшитибоқ, Раҳмонали ортига қайтди. Бўтага мухтасаргина тушунтирди. Бўта ўтирган креслосидан оғир қўзғалди.

– Энди кетдик, – деди у.

– Мэр нима бўлади? – деб сўради Раҳмонали.

– Мэрни падарига қусур. Шу жойида қолаверсин. Биз олға юришимиз керак!..

Биринчи қаватга қўлларидаги қуролларини отишга шай тутган ҳолда, эҳтиёткорлик билан зиналардан тушишганида, фойеда бир милиция ходимининг жасади қони кўлмак бўлиб ётган эди. Эшик ланг очиқ. Чамаси, жангарилар мэрнинг қабулхонаси ва хонасига бостириб киришганидан сўнг, бу ерда ишловчи жамики ходимларга сичқоннинг ини минг танга бўлиб, бинодан қочиб қолишибди. Рўпарада эса милиция маҳкамасининг “Виллис”и турар, унинг панасида беш-олти милиция ходимлари қўлларидаги тўппончаларини шу томон ўқта лишиб, жангариларни кутишаётганди. Бўтанинг топшириғи билан беш нафар жангари орқа эшикдан чиқиб, милиция ходимларининг додини берадиган бўлишди.

Кўп ўтмай, ташқарида ўқ товушлари баралла эшитила бошлади. Кутилмаган тарафдан ўққа тутаётган жангариларнинг ҳужумларига дош беролмаган милиция ходимлари тўрт томонга тумтарақай қочишди. Яхшики, ҳеч ким ўлмади.

Бир зумда кўча бўшади-қолди. “Нива” билан ҳарбийларнинг юк машинаси ҳам турган экан. Дарҳол олдингидек машиналарга ўтиришди. Яна кўча бўйлаб юриш бошланди. Бу гал кўчалар тамоман бўм-бўш, ҳеч зоғ кўринмасди. Жангарилар машиналардан автоматларини чиқариб олишганди.

Машиналар елиб бораркан, ногоҳ, катта йўл бўйида тутуни юқорига ўрлаб, кабоб пиширилаётган кўра, унинг устига терилиб, жизиллаб пишитаётган кабоблар кўриниб қолди. Ярим очиқ кабобхона бўм-бўш, у ердагилар ҳам тумтарақай ғойиб бўлишибди.

Бўта машинани тўхтатишни буюрди.

Ҳамма машиналардан тушди. Бўта энг тўридаги столнинг стулларидан бирига ўтирди ва буюрди:

– Барчага тўрттадан кабоб пиширинглар. Бир маза қилайлик, йигитлар! Ўладиган жонга!..

Раҳмонали тутундан қорайиб кетган фанер елпиғични қўлига олиб, жизиллаб пишаётган кабобларни астойдил елпий кетди. Икки жангари автоматларини қўлларига олиб, атрофдан кўз узмай, қўриқчилик қилиб турдилар. Қолганлар эса автоматларини стол устларига қўйишиб, бири самоворда қайнаётган сувдан чой дамлашга тутинди, яна бири саватга ўраб қўйилган нонларни олиб, столларни устига қўя бошлади. Сирка солиб, оби-тобидан сув аралаштирилган шиша идиш ҳам топила қолди. Бир тоғора тўғралган пиёз ҳам бор экан.

Раҳмонали ёғлари жизиллаб пишаётган кабобларни иккита-иккита қилиб, тоза ликопчаларга терди, устларига пиёзлардан солиб, суюртирилган сиркадан сепгач, узатаверди. Бу ҳолатни ташқаридан кўрган одам ўтирганларни ҳеч ҳам жангарилар деб ўйламасди. Шунчаки, кабоб ейишга ўтирган ҳарбийлар, деб ўйлаши аниқ эди. Бироқ, ҳалигина шаҳар мэри жойлашган бинода бўлган қонли отишма бунинг тескарисини кўрсатиб турарди.

– Бўта ака, анави столни тагида бир яшик рус ароғи ҳам бор экан. Нима қилайлик? – деб сўраб қолди, тимирскиланиб юрган жангарилардан бири.

Бўта айни дақиқаларда ўзини шу шаҳарнинг эгаси деб ўйлаётганмиди, ишқилиб: “Олинглар, ичинглар!” деб юборди. Дарҳол стол устларига ароқ шишалари қўйилиб, пайдар-пай очилиб, қайноқ кабоблар билан ичилаверди. Устига-устак икки-уч жангари секингина чўнтакларидан қоғозларга ўроғлиқ нашаларини чиқаришиб, сигарет тамакиларини қоғозга силкалаб тўкиб, наша билан аралаштириб, сигаретларга қайтадан ниқлаб жойлай бошлашди. Бўта ҳаммасини кўриб турарди. Лекин индамасди. Жангариларнинг қистови билан, қўлма-қўл бўлиб чекилаётган нашанинг бирини Бўта ҳам олди ва ўт олдирилгач, чуқур-чуқур бир неча бор тутунини ичига тортиб, ҳузурланиб тутун бурқситгач, жангариларга қайтариб берди.

Чеккадаги столлардан бирида усти ёпиғлиқ пишмаган, сихларга ўтказилиб, тайёрлаб қўйилган кабоблар ҳам бор экан. Раҳмонали уларни ҳам бўшаб қолган кўранинг кўмир солиниб, чўлғаниб ёнаётган ўтхонасини устига териб қўйгач, ўзи ҳам кабоб ейишга ўтирди.

Жангарилар бирор соат ичида кабобхонадаги жамики кабобларни еб бўлишди. Анча-мунча чой ичишди, нонларни еб бўлишди. Ароқхўрликка наша аралашгани боис, жангарилар дадиллашишиб, ҳадемай, мастликлари билиниб қолди. Бўтага жангариларнинг сархушликлари керак эди. Қўшимчасига ўзи ҳам нашадан чекиб олганди.

Барча тўйиб, узун-қисқа кекира бошлагач, Бўтанинг дуосидан сўнг, ҳамма баравар ўрнидан турди ва машиналарга чиқа бошлади. Жангарилар мастликлари сабаб, қўлларидаги автоматларидан уч-тўрт маротаба осмонга қарата ўқ узишди. Бўта эса чўнтагидан бир даста қирғиз пулларини олиб, стол устидан сочиб юборди. Раҳмонали билдики, мэрнинг хонасида мэр томонидан стол устига пуллари ҳам чиқарилганида, Бўта ручкадан кейин уларни ҳам чўнтагига тиқиб олган экан. Энди ана ўша пулларни сочаётганди.

Жангарилар шаҳардан чиққунларича ҳеч қандай воқеа юз бермади. Шаҳар милициясининг ходимлари ҳам сувга отилган тошдек жимиб, ғойиб бўлишганди.

Ҳайдаркон шаҳридан чиқиб, кичик довон йўлига чиққанларида ҳам ортларидан ҳеч қандай машинанинг қораси кўринмади.

Кичик довоннинг энг тепа қисмига кўтарилганларида, олдинда бронетранспортёр билан бир тўп ҳарбийлар тушган юк машиналари келаётганини кўрдилар.

Бўтанинг буйруғи билан жангарилар тушган машиналар ўнг томонга – тоғ томон кетган йўлга бурилди. Шу тариқа, рўпарадан келаётган ҳарбийларни алдаб, айланиб ўтиб кетмоқчи бўлишди. Бироқ, аксига олиб, осмонда ҳарбий вертолётнинг гулдираган товуши ҳам эшитилиб қолди. Бўтанинг жаҳли чиқа бошлади. У қандай қилиб бўлмасин, Ўзбекистоннинг давлат чегарасигача етиб олишни ўйлар, ундан сўнг жангга киришмоқчи эди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации