Текст книги "Бўрилар изидан"
Автор книги: Хусанбой Каримов
Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 9 (всего у книги 19 страниц)
Раҳмонали яна Учқуннинг имоси билан калитни ҳалиги кишига берди. Унинг ортида – қоронғида йигирма ёшлардаги бир йигит ҳам турган экан. Шляпали киши машина калитини ўғлига берди. Йигит шахдам қадамлар билан девор ёқалаб бориб, бир тўп тиккаланган ғўзапоя боғламларини нари-бери сурди. Шундагина Раҳмонали қирғизистонлик кишининг ҳовлисига катта йўл ғўзапоя боғламлари орқали эканини англади.
Учқун, Назир ва энг охирида Раҳмонали уй эгаси – шляпали кишининг ундови билан ҳовлига киришди. Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош қишлоғидаги ҳовли эгалари ярим тун бўлишига қарамай, ухлашмаган экан. Торгина ҳовли ўртасига яна бир тошфонар осиб қўйилган, ундан таралаётган ёруғлик ҳовли юзасини тўласича ёритмоқда эди. Пастаккина, ёпиқ ошхонада кимлардир куймаланар, чамаси, уйдаги аёллар… Уй эгаси меҳмонларни ҳовли этагидаги энг чекка уйга бошлади. Уй ичидан чироқ ёруғи хира тушиб турар эди. Раҳмонали кириб борганида кенг-мўл хонанинг тўрида ёнбошлаб ётган Талабга, бу тарафида эса оёқларини узатиб, биқинига лўла-болишдан иккитасини қўйиб мудраётган Бўтага кўзи тушди. Ўртадаги дастурхонда уй нонлари, чинни-косаларда қаймоқлар, мевалар… Энг ўртада сават тўла гўшт. Саватнинг тенг ўртасида эса пишириб-куйдирилган қўйнинг калласи, тишлари иржайиб кўринмоқда эди.
Талаб билан Бўта кўзларини очишди-ю, аммо ўрниларидан қўзғалишмади.
Учови бир четга аста чўкиб, чордана қуриб ўтиришди. Уй эгаси меҳмонларнинг суҳбатига халақит бермасликин ўйладими:
– Мен чойни янгилаб келай, – деб хонадан чиқди.
Яқин хориждаги бу илк учрашув ўта совуқ бўлди: Талаб билан Бўтанинг кайфиятлари тамомила тушкин, эди. Ниҳоят, Талаб – деди:
– Етиб келдингларми? – Ортларингдан ҳеч ким тушмадими?
– Шукр. Чалғитиб қочдик, – деди Учқун. – Улар бизни Қирғизистонни Олабуқаси орқали ўтишимизни пойлашганди. Сизларни жўнатвориб, мелисани бошлиғи билан учрашгандим, у шундақа деб айтди. Сизлар тўғри чамалаган экансизлар. Бизни Фарғона орқали Қирғизистонга чиқиб олади, деб ўйлашмади…
– Ярамас, лаънати, – деди Бўта, шартта чордана қуриб. – Мелиса бошлиғининг жони ширинлик қилибдида. Ортимизданоқ одам қўярмикин, дегандим. Қўлга тушсак, ҳамма сир очилиб қолади, деб ўтакаси ёрилаётганди… Аммо алдаб, чалғитиб кетишимизни сезганди…
– Хай, майли, ота-юртга ҳам яна қайтамиз. Бу қочқочлар вақтинча. Намангандан чиқиб олиб, автобусда Марғилонгача, ундан Фарғонагаям автобусда келишимиз бировнинг тушига ҳам кирмаганди, – деб гап қўшди Талаб, жиддий. – Энди бундан буёғини ўйлашимиз керак. Келгандан буён ўшлик “Таблиғчилар” отахони Ўсар ака билан қандай қилиб тоғ орқали Тожикистонга, ун дан, насиб қилса, Афғонистонга ўтиб олишни режалаб ўтиргандик. Тожикистонда бизни жаноб Тўражонзода кутиб ётибди. Ёрдам қиламиз, деган жойи бор.
– Гапларидан билдимки, Ўсар ака собиқ подачи экан, бу тоғ-тошларни ёшлигидан бери кезаркан. Ўзи йўл бошлаб бориб, шундоқ Тожикистоннинг тепасидан олиб чиқаман, деяпти. Қирғиз яйловларини кечиб, Олойдаги энг чекка Қизилсув яйловигача етиб олсак, бас. У ёғида Тўражонзоданинг одамларига рўбарў бўламиз… Аммо ярим йўлгача машинада, қолгани пиёда, отларда босиб ўтишимизга тўғри келади. Худога шукрки, бу йўлларда бизга жиддий хавф-хатар йўқ. Қирғиз мелисасини пул билан уриб, йиқитиб кетаверамиз…
* * *
Полковник Ботир Қодиров бугунги ишидан кўнгли тўлгандек бўлиб, сал аввал навбатчилик қисми бошлиғи ҳамда ўринбосари билан суҳбатлашгач, уйига жўнаётганини айтди-да, ҳар қандай иш бўлмасин, биринчи галда ўзига телефон орқали билдириб қўйишларини тайинлаб, стол устидаги турли қоғозларини тартибга сола бошлагандики, шаҳар телефони чўзиб-чўзиб жиринглай бошлади. Одатда, у телефонга тўғридан-тўғри сим қоқадиган туман раҳбарлари, ташкилот бошлиқлари ёки ишончли одамлари эди. Юраги қандайдир нохушликни сезгандек, гўшакка қўл чўзди.
– Алло, эшитаман? – Овоз эгасини таниб: – Э-э, сизми-сиз, –деди. Юзлари ёришди. – Нечук, кечқурунда бизни йўқлабсиз? Тинчликми, адаш?
– Ботир ака, узр, шундақа иш бўлмаганида сизга ўла қолсам телефон қилмасдим. Мажбурман…
Ботир Қодиров бошини чайқади:
– Яна ичиб, бирон ишкал чиқардингизми, а? Кимни сўкдингиз? Айтаверинг? Қаердасиз ўзи?
– Э-э, ака, ичиш қайда, даладан ҳозир келдим, кўчада ёмғирда ивиб, дилдираб Сизга телефон қиляпман. Илоҳим, мен айтмоқчи бўлган гап ёлғон бўлиб чиқсинда, мен жавобгар бўлай. Шунгаям розиман, ишонаверинг…
– Ботиржон, ука, жа юракни эзвордингиз-у айтинг, нима гап ўзи? Ҳозир уйга қайтмоқчи бўлиб, қоғозларимни йиғиштириб тургандим. Янгангиз гулмонтини пишириб, кутиб турибди. Нима гап ўзи?
– …Икки ўғлим далада мол боқиб юриб, ўликнинг оёқларини топиб олишибди…
Туман мелиция бошқармаси бошлиғи Ботир Қодиров ўзининг яқин таниши, аниқроғи, туман газетасининг мухбири, тез-тез ичиб олиб, у-бу билан жанжаллашиб, милиция ходимлари қўлига тушадиган, адаши – мухбир Ботиржоннинг гапларини эшитаётган эди.
– Уф-ф! – деди, ҳеч ишонгиси келмаётган Ботир Қодиров. – Ростини айтинг, қанча ичдингиз? Ичволиб, бошимни айлантираётган бўлсангиз, аста телефонни қўйинг-да, уйингизга кириб ухланг. Мендан келинга салом айтинг…
– Ҳо-ов, ака, мен сизга ҳазиллашиб, ёки ичволибмас… Сиздан олдин туман прокуроригаям телефон қилиб айтдим… Ботир Қодировнинг ҳафсаласи пир бўлди. Бугун у кўп замонлардан буён хотини Ҳавасхонга пешиндан кейиноқ сим қоқиб, ўзи ёқтирадиган хамир овқат – гул монти қилиб қўйишни буюрган эди. Ҳатто, Ҳавасхон учун бир дона оқ гул сотиб олиб, ялтироқ қоғозга чиройли ўратгач, хизмат машинасининг орқа ўриндиғига ташлаб қўйган; бош набираси Гулчиройхоннинг туғилган кунига атаб, атлас кўйлак-лозим тиктиртириб, уни ҳам қутига солдириб, гулнинг ёнига қўйиб қўйганди-я!..
Айни ўша асно иккинчи телефон – туман прокурори билан боғлангани узиб-узиб жиринглади.
Ботир Қодировнинг жаҳли қўзиди. Мабодо шу тобдан адаши рўпарасида бўлса борми, башарасига мушт солиб юборишдан ҳам тоймайдиган бир кайфиятда эди. Аммо… Сира ишонгиси келмасди. Мана, учинчи йилки, ўзи ички ишлар бўлими бошлиғи бўлиб ишлаётган туманда одам ўлдириш, аниқроғи, мухбир Ботиржон айтганидек, қандайдир ўлдирилган одам оёқларининг топилиши каби фожеий ҳодиса бўлмаган. Тўғри, ичиб, муштлашиб, бир-бирига пичоқ уриб қўйганлар бўлган, ундан бошқа… Йўқ.
Ахийри телефон гўшагини кўтариб.
– Эшитаман, Норматжон? – деди.
– Ботир Ўлмасович, менинг олдимга тез етиб келинг…
Ботир Қодиров биринчи қаватга тушиб, навбатчилик қисми олдида ғоз турган ўринбосари ва навбатчилик қисмининг бошлиғига тумшайиб, қисқа топшириқ берди:
– Иккала машинаниям тайёрлаб туринглар. Иш чиқиб қолди…
Ҳовлига чиқди. Ёмғир шундай савалаётган эканки, яланг бошяланг шундагина сезди. Куз фаслининг совуқ ёмғири бошига урилиб, юзларини юва бошлади. Ловуллаган юзлари совугандек, бошидан ҳовур чиқаётгандек туюлди. Одам беадад қизишганида шундай бўлади чоғи.
Беихтиёр Ботир Қодиров осмонга қаради: осмонда ярми оқиш, ярми қорамтир булутлар мағрибдан маш риқ томон шитоб сузаётганини кўрди. Ёмғир томчилари оғзига ҳам кириб, унинг шўр таъмини сезди. Икки қўли билан сочлари тўкилаёзган яп-яланг бошини бир кафти билан тўсиб, машина эшигини очишга уннади.
Бугун ҳайдовчисига кун ботмасдан илгарироқ жавоб бериб юборганди. Эҳ-ҳ, қандай яхши кун эди-я!..
У ҳам аламли, ҳам ширин хаёллар оғушида хизмат машинасига шошиб ўтирди.
* * *
Туман прокурорининг қабулхонаси бўм-бўш, эшик қия очиқ эди.
Ботир Қодиров дадил хонага борди. Бу туманга келганига бор-йўғи олти ой бўлган, анча ёш, аммо билимдон, гапга чечан прокурор Нормат Ваҳобов креслосида қовоғи солиқ ўтирар эди.
– Келдингизми, ака? Нима иш қилиб қўйганингизни биласизми? Қандақа одамни ўлиги экан? Хабарингиз бўлдими?.. – Устма-уст саволларни қалаштириб ташлади прокурор.
– Норматжон, узр, олдин сизга, кейин менга сим қоқиб, ўлган бировнинг оёқларини ўғилларим мол боқиб юриб топишибди, деди Ботир деган мухбир довдираб. Ҳеч ишонгим келмаяпти. Мухбир зоти сал ичувчироқ бўлади ўзи. Ичволгандан кейин оғзига нима келса гапираверади… Ёлғон бўлсаям ажабмас.
– Мен сиздан буни сўраётганим йўқ, ўликнинг кимлигини сўраяпман?
Ботир Қодировнинг боши яна қизиди. Бир дақиқа тили калимага келмай довдиради. Ҳар тугул, прокурор.
– Гапингизни тушунмадим. Адашмасам, менам сиз билгандан ортиғини билмайман. Чунки, ҳозирча телефон да чала-чулпа гап эшитдим… Менга сим қоққан одам туман газетасининг мухбири, ёзувчи Ботир Камолов. Унинг хабари тўғри ё нотўғрилигини ҳали аниқ билмайман.
Нормат Ваҳобов креслога оғир суянди.
– Мухбир одам айтибдими, бунга ишонмасликка ҳаққимиз йўқ. Нима қилдик? Манзилини билсангиз керак?
– Биламан. Аммо, бир гапни айтиб қўяй, ўша ярамас мухбир ёлғон гапирган бўлса, нақ икки йилга қаматаман. Мухбирлиги мен учун бир тийин…
– Ўзингизни босинг, Ботир ака, ўша топилган ўликни белидан арраланганиниям эшитдингизми? – Бу гапни прокурор шундай совуққонлик билан айтдики, Ботир Қодировнинг этлари музлаёзиб, бир титради.
– Ҳазиллашяпсизми?
– Мен сизга бирон марта ҳазил гап айтганманми?.. Хўп, турдик, борайлик, кўрайлик. Илоҳим охири бахайр бўлсин!..
Ботир Қодиров топилган ўликнинг белидан арралангани ҳақидаги гапдан кейин аллатовур маст одамга ўхшаб қолди. «Ҳа ярамас мухбир, ичиб олиб, прокурорга яна нималар дедийкин, а?»
Туман прокуратурасининг эшиги ёнига ички ишлар бўлимининг иккита енгил машинаси кетма-кет келиб тўхтади. Ичи тўла милиция ходимлари.
Прокурор Норматжон Ваҳобовни Ботир Қодиров ўз хизмат машинасига таклиф қилди.
– Узр, орқа ўриндиқдаги буюмларни узатиб юборасиз…
Прокурор Норматжон Ваҳобов ўриндиқдаги гул ва қоғоз қутидаги буюмларни узатаётиб:
– Тайёргарлик чакки эмас экан. Қаёққа эди?..
– Ука, – бугун тўнғич неварамни туғилган куни. Қиз бола. Атлас кўйлак, лозим, бир дона гул… Ҳаммаси тайёр эди-я!.. У шундай деб, нарсаларни олдинги ўриндиққа қўйдию, машинага газ берди.
Машинанинг олд ойнасига ёмғир шундай урилаяптики, ойна артгич артиб улгуролмайди. Қишлоқнинг асфальт йўллари тим қорайган, чироқлар аранг ёритяпти. Ботир Қодиров фақат бир ўт билан ёнмоқда: борса-ю, ўша таниши мухбир Ботирнинг гапи ёлғон чиқса-ю, унинг қулоқ чаккасига боплаб бир тарсаки туширса ва ходимлари етовида маст ҳолда ҳуқуқ-тартибот ходимларига ёлғон ахборот бергани учун бирон уч кунга қаматтириб ҳам қўйса… Ундан кейин енгил нафас олиб уйга қайтарди…
Ёмғирнинг савалаши тобора авжига минмоқда эди. Ёмғирнинг шартиллатиб қуяётганини машина томининг тинмай даранглашидан ҳам билса бўларди.
Чамаси, ўн беш километрдан кейин мўлжалдаги қишлоқнинг бошланиши кўринди. Қишлоқнинг кираверишида бир одам йўл четида бетоқат, безовта турганча, шапкасини пана қилиб, сигаретнинг чўғини йилтиратиб тутун сўраётган эди. Ботир Қодиров таниши – мухбир Ботир Камоловни узоқдан таниди. Ва, машинани секинлаб, шундоқ оёқлари ёнида тўхтатди.
Ботир Қодиров машинадан шахт билан тушдики, гўё юзига шапалоқ тортиб юборгандек!
– Ботир ака, ичганим йўқ, ичганим йўқ. Ўлай агар… – дея беихтиёр мухбир бир-икки қадам ортига тисарилди.
Ботир Қодиров кулиб юборди.
– Э-э, шоввоз, шунча одам ўн беш километрдан… Ана, туман прокурориям… Агар ёлғон бўлса, уёғини ўзингдан кўравер…
– Ўзингизни босинг, Ботир Ўлмасович, – деб прокурор Ваҳобов, Ботир Қодировнинг елкасига аста қўлини қўйди. – Хўш, билайлик-чи?..
Ёмғирда ивиб, совуқда дилдираб турган мухбир Ботир Камолов прокурорга юзланиб:
– Хуллас, гап бундай, – деди. – Бугун ишдан эртароқ келиб, хотинга ош дамлатгандим. Ҳадеганда мол боққани далага кетган икки ўғил келавермади. Охири ўғилларни қидириб, далага чиқдим. Моллар келяпти. Ўғиллар йўқ. Хавотирланиб зовур бўйлаб боравердим. Бир пайт, қарасам, иккала ўғлим зовур пастидаги чуқурликда йиғлаб ўтиришибди. Ёш бола-да. Шундақанги совуқ қотишибдики, юпатишнинг иложи йўқ. Нима гап, десам, фақат йиғлашади. Иккисини икки ёнимга олиб, тўнимга ўраб, аранг юпатдим. Кун ботмаганди ҳали. «Ўлик топволдик», дейишди қўрқа-писа. Ишонмадим, юринглар, деб, бирга бордим. Қўллари билан узоқни кўрсатишди. Яқинда зовурни эксковатор қазган эди. Ғиж-биж лой!.. Битта калтакни топиб, лой ичидан чиқиб турган ўша ўликнинг оёқ панжаларини у ёқ-бу ёқ суриб кўрдим. Билдим, одамники, ҳайвонникимас. Ўғилларим дод дейишганча қочиб қолишди. Уларни қувлаб етиб, юпатиб, уйга бошладим. Худобехабар хотин ошни бузиб, товоққа солиб, кутиб ўтирган экан. Ош ўтадими томоқдан, шундақа пайтда. Уйдаги батареяли чироқни олиб, хотинга: «Дамингни чиқарма! Болаларга ош едириб тур», деб яна ўшга жойга бордим. Ишонмагандим-да! Қўлимга битта белкурак ҳам олволгандим. Кавладим. Балчиқ ичидан одамнинг белдан пастки қисми чиқди. Қарасам, қопга солиғлиқ. Янги ўлик. Белидан шундай арралашибдики, ҳайрон қоласиз!..
– Қопни очиб кўрдингизми?
– Очдим-да…
– Хўп, қаерга борамиз? – деб сўради прокурор.
– Дала йўли орқали борса бўлади, машинада юрилса, айланма йўл билан, пиёда бўлса, зовур бўйлаб. Фақат лой кечиб бориш керак…
Гуруҳ аъзолари мухбир Ботир Камоловни машинага ўтқазиб, иланг-биланг, сирпанчиқ дала йўли бўйлаб кетишди. Олдинда бошлиқ, прокурор ва мухбир ўтирган «Жигули». Машина гоҳ ариқ тарафга, гоҳ йўлнинг бу ёнидаги пастлик томон сирғалар, рулни эпчиллик билан бошқараётган Ботир Қодиров аранг машинани эплаб борарди.
Ёмғир савалаётган дала йўлидан чамаси бирор километр юрилгач, учала машина янги қазилган зовур бўйида тақалиб тўхтади. Йўлнинг у тарафи асфальт йўл, аммо зовур янги кавлангани боис ёғоч кўприклар бузилиб кетган экан.
Уч киши бирдан машинадан тушишди-ю, лойга ботишди. Ер юзаси юмшаган, қадам босган сайин оёқлардаги туфлиларга лой чиппа-чиппа ёпишаётганди.
Ботир Камолов чуқур калишда эди, дала чети бўйлаб, лойни шаппа-шаппа кечиб кета бошлади.
– Буёққа юрасизлар, мана бу ерда,– дерди у қайтақайта ортига қараб-қараб.
Ноилож прокурор ҳам, милиция бошлиғи ҳам оёқларини ердан аранг-аранг узиб, ўттиз метрлар чамаси олдинга одимлашди.
– Етиб келдик, – деди, бир маҳал, мухбир Ботир Камолов. – Мана, мен суқиб қўйган калтак, ана буниси ўлик солинган қоп.
Ўша аснода орқадаги енгил машинадан тушган милиция ходимлари ҳам етиб келишди.
– Кимда чироқ бор? Олов бўлсаям бўлаверади, – деди энгашган кўйи, прокурор Норматжон Ваҳобов.
Милиция ходимларининг бири қўл чироғи нурини ўша томонга йўллади. Балчиқ орасидан кавлаб чиқариб олинган қоп кўринди. Қопнинг йиртилган қисмидан эса… одам оёғининг панжаси яққол кўринмоқда эди.
– Тушунарли, – деди прокурор қаддини тик тутиб, оғир нафас оларкан. – Одамники…
Ёмғир сира тинай демасди.
Ҳамма бир муддат жим қотди.
– Хўш, нима қилиб турибмиз? – деди бошлиқ Ботир Қодиров. – Мен мухбир билан шу ерда қоламан. Сизлар Норматжон билан ортга қайтиб, қишлоқдан нарвон, бир неча белкурак, машинанинг эски баллони, солярка, латта топиб, зовурнинг нариги юзидаги асфальт йўлдан келасизлар, – деди у. – Ана кейин тонг отгунча кавла-кавла-да!..
… Ёмғир шитирлаб ёғаяпти. Мухбир ва бошлиқ «Жигули»да ўтиришибди. Иккиси ҳам жим. Ботир Қодиров ховуридан анча тушган, кўзларини юмганча, ўриндиққа суянган.
Ботир Камолов:
– Ака, тезроқ келишармикин? – деб ўсмоқчилади.
– Совуқ қотдингизми? – Кўзларини очди бошлиқ. – Ҳозир келиб қолишади… Ҳалигиндаги гапларим учун узр. Бизни иш шундақа, ука. Кутилмаган воқеалар сабаб, режаларимиз остин-устун бўлиб кетаверди. Бу биринчиси эмас… Бугун набирамнинг туғилган кунида уйда бўлмоқчийдим. Келин аянгиз хафа бўлгани аниқ. Лекин тушунади. Майли…
Бир маҳал, йўлнинг нариги тарафидаги асфальт йўлда машиналарнинг чироқлари кўринди.
Қоронғиликда бир тўп одам зовурнинг икки тарафида туриб ғўнғир-ғўнғир қилиб гаплаша бошлади; гоҳо овозлар баландларди. Бита машинанинг чироқлари нури зовурнинг белгиланган қисмига йўналтирилди. Асфальт тарафдан калтак учига ўралиб, солярка шимдирилган латта-машъала ёқилди. Милиция кийимидаги кишилар қўлларида белкурак, кетмон билан зовурга ташланган нарвондан эҳтиёткорлик билан ўтишди. Кейин, сирпанчиқ қирғоқдан юқорига чиқиш учун белкураклар билан пиллапоя ўя бошлашди. Кўп ўтмай, баллон ҳам олиб ўтилди. Худди ўлик топилган жой яқинида баллон устига солярка қуйилиб, олов ёқиб юборилди.
Ярим тунда кимсасиз дала бошида олов қип-қизил тиллари билан чор-атрофни ёритиб, осмонга ўрлай бошлади.
Тун бағрида атрофга ёруғлик улашаётган олов атрофида уч милиция ходими қўлларида кетмон, белкураклар билан зовурдан кечагина чиқариб ташланган, ҳали қотиб улгурмаган лойни эҳтиёткорлик билан бир томонга ағдаришяпти. Мабодо узоқдан бу манзарага бегона кимсанинг кўзи тушиб қолса борми, ўтакалари ёрилиши тайин эди. Аммо, яхши гапнинг ҳам, ёмон гапнинг ҳам қаноти бор, дейишади. Айниқса, хунук гапнинг!.. Дала бошидаги янги қазилган зовурдан ўлик чиқибди, деган гап ярим кечасиёқ қишлоққа тарқаб улгурганди. Чунки милиция ходимлари қишлоқ кўчаларини кезиб, хонадонларга бош суқиб, ишдан чиққан, яроқсиз баллон, нарвон ва солярка қидириб юрганларида, ўлик топилгани ҳақидаги миш-миш тилдан тилга кўча бошлаган эди.
Полковник Ботир Қодиров, лойқа ичидан биринчи галда бир учи чиқиб турган целлофан қопни тўласича чиқариб олинишини талаб қилиб, кетмон, белкурак ишлатаётган ходимларини эҳтиёткорликка чорлаб, аввал қопнинг атрофини тозалашлари лозимлигини уқтира бошлади:
– Имилламанглар, тезроқ. Лекин қопга эҳтиёт бўлинглар! Бус-бутун чиқариб олиниши керак. Ҳа, яшанглар, ана шундай… Ҳов, баллонга яна солярка қўй, олов пасаяяпти.
Ёмғир тинган. Осмонда йилт этган юлдуз йўқ. Бироқ осмоннинг ғарбий қисми оқаришиб кўринаётганди.
Ботир Қодиров ўша томонга қараб: «Ҳа, ҳаво очилиб кетаркан», деб қўйди ўз-ўзига.
Аллақанча уринишлардан сўнг лойқа ичидаги қопнинг атрофи тўла тозаланиб, кўзга яққол кўриниб қолди. Қопнинг тешилган бир тарафидан эса ўлган одам бармоқларининг учлари чиқиб турарди. Аммо, гап шунда эдики, у қопга кап-катта одам жасадининг сиғиши амри маҳол, қопда боланинг ўлиги эмаслиги ҳам аниқ. Наҳотки, арраланган ёки ярми чопилган одамнинг танаси бўлса, деган мудҳиш ўй Ботир Қодировнинг хаёлини тарк этмас, экспертлар келгунича қопнинг бирон жойига қўл теккизиш мумкин бўлмаганлиги учун, мулоҳаза қилиб, сукут сақлашдан ўзга иложлари йўқ эди.
Йўлнинг нариги тарафидаги машинада ўтирган прокурор Норматжон Ваҳобов милиция ходимларининг кўмагида қопни очиқ асфальт йўл устига олиб чиқилиши лозимлигини айтибди. Ботир Қодировнинг пешонаси тиришди. «Ҳеч бўлмаса, экспертлар келсин, суратга олсин, сўнг, майли», деб ўйлади-ю, тилига чиқаролмади. Лойқа устидан амаллаб юриб, нариги тарафга ўтишга уннай бошлади. Лойқа орасидан тор йўлак очилган, аммо икки тарафдаги суюқ лойқа очилган йўлакка барибир оқиб тушаётганди. Туфлиси тамоман лойга ботди. Ҳар қадам босганида лопиллаётган нарвон устидан амалтақал қилиб ўтди. Жуда совуқ қотганди. «Жигули»нинг олд ўриндиғига ўтирди. Машина ичи иссиқ, прокурор мудраётган экан.
– Нима бўлди? – деб сўради Норматжон Ваҳобов, хомуза тортаркан, кафти билан оғзини тўсиб.
– Қоп атрофи очилиб, яйдоқ қилиб қўйилди. Экспертлар келса, суратларга олишади, сўнг очамиз.
– Нима деб ўйлайсиз, ўлган одамни аралашибми, чопишибми, қопга тиқишганмикин?
– Унисини аниқ билмадим-у, лекин ўликнинг ярми экани аниқ. Тўғрироғи, белидан юқори қисми бўлса керак. Ҳали қоп очилганда кўрамиз.
– Демак, тонг отгунча иккинчи қопни, ўликнинг қолган қисмини топиш керак. Эрталабга вилоят прокурорининг ўринбосари, ўзингизнинг вилоятдаги бошлиқларингиздан бириям етиб келади. Устида туриб, очдириб кўришади. Унгача ходимларингизга айтинг, ишни тўхтатишмасин…
Ботир Камоловни ҳам иссиқ элитдими, эсноқ тутди. Бирпас кўзларини юмиб, ором олди. Бироқ, хизматчилик, йигитлари ташқарида лой кечиб ишлаётган бир пайтда, унинг бундай ўтириши ноқулай. Шуларни ўйлаб, ўрнидан қўзғалди. Яна зовур устидан нариги тарафга ўтгиси йўқ, аммо бошқа иложи ҳам йўқ эди. Балчиқларни бирбир ағдараётган милиция ходимлари жуда совуқ қотишганди. Нариги қирғоққа бир амаллаб етаёзганда ходимларидан бири қўлини узатди. Дала четида турган хизмат машинаси томон ўтаётиб, ходимларига:
– Иккита-иккитадан бориб, менинг машинамда исиниб келасизлар. Ёнаётган олов ёруғликка яраяпти, холос. Ту шундингларми?.. Икинчи қоп топилса, менга хабар қиласизлар, – деб, пайкал четидан юриб, машинасига етди. Ўриндиққа ўрнашиб, моторни юрғизди. Мухбир Ботир Камолов эса олд ўриндиқда мазза қилиб уйқуни ураётганди. Уйғотгиси келмади. Салдан кейин машинанинг иситиш тизимини ҳам ишга солди. Кўп ўтмай совуқ қотган икки ходими машинанинг орқа ўриндиғини эгаллади. Ботир Қодиров оёқларини узатиб, бошини суянчиққа тирадию, кўзларини юмди.
Кўзларини очганида тонг оқаришган, осмондаги қорайган булутлар кулранг тус ола бошлаган эди. Мухбир адаши эса уйғонган, рўпарасига тикилганча, жим ўтирган экан.
– Уйғондингизми, ака. Чарчаган экансиз, беозор ухладингиз. Уйғотиб юбормай деб, қилт этмай ўтирибман, – деди.
Ботир Қодиров миннатдорона кулимсиб қўйди. Суяк-суяклари зирқирар, аммо иссиққина эди. Мотор бир маромда гуриллаб ишлаяпти. Икковлон анчагача жим ўтиришди. Узоқ-узоқлардаги қорли тоғлар ортидан қуёшнинг заррин нурлари кўриниш бера бошлади. Кўп ўтмай, чор атроф ёриша бошлади. Қуёш нурлари аввал қорли тоғлар узра таралиб, осмону фалакни тутди. Сўнг аста-аста баркашдек қип-қизил қуёш юз кўрсата бошлади. Мухбир Ботир Камолов қуёшнинг тобора нур тарата-тарата кўтарилиши хаёлчан томоша қилмоқда эди. Ботир Қодировнинг эса тонгни ажиб отишини томоша қилишга ҳам, завқланишга ҳам вақти йўқ эди. Кетмону белкураклар билан лойқа ағдараётган ходимлари томон юрди. Хиёлдан сўнг унга мухбир адаши ҳам эргашди. Иш анча унган, атрофи очилган қопнинг бир учидан қўл панжалари кўриниб турар, лойқа ҳам тиниб, қотгандек эди.
Полковник Ботир Қодировга кутилмаганда бир ўй келди: «Ярамас қотил ёки қотиллар ўликнинг қолган қисмини бошқа жойга ташлаган бўлсалар-чи? Уф-ф! Яримта ўлик билан жиноятни очиб бўладими? Ўликнинг ярмини қайси гўрдан қидирамиз?» У шундай нохуш хаёллар билан лойқа орасидан зовур устидаги нарвон томон очилган тор йўлакка кирди. Кечаси ёндирилган баллон сўнгги учқунларини чирс-чирс атрофга сочаётганди. Пешонаси тиришиб, ноилож, ҳар қадам босганда лапанглайдиган нарвон-кўприкдан эҳтиёткор юриб, нариги томонга ўта бошлади. Зовурнинг у томонига етаёзиб, охирги пилапояга оёқ босгандики, сув сачраб силлиққан полда оёғи сирпаниб, сувга ботди, аммо гавдасини олдинга ташлаб, қирғоқдаги бир тўп қамишни чангаллаганча, сувга тамомила йиқилишдан қутилиб қолди. Чап оёғи тиззасигача сувга ботган, нуқул бошини чайқаган кўйи, олдинга интилиб, ниҳоят, чап оёғини сувдан чиқариб олди. Туфлиси сувга тўлган эди, қадам босиши билан сув вишиллаб тошиб чиқди. Тўнғиллаб сўкиниб, оёғи сувга ботган қирғоққа қаради: не кўз билан қарасинки, қамишлар томирига илашиб чўкиб қолган яна бир қоп сув юзасида лопиллаб кўринмоқда эди. Беихтиёр бир сесканди. Сездики, чап оёғи сувга ботганида, айнан ўлик солинган иккинчи қопнинг устидан босган, оёғини тортаётганда эса қоп юзага қалқиб чиққан.
Тезроқ туфлиси ичидаги шилтадан қутилиш илинжида оёғини силтаб-силтаб босиб, кенг асфальт йўлга ўтди.
Прокурор Норматжон Ваҳобов машинадан тушаётган экан:
– Сувга тойиб кетдингизми? – деди, кўзларини ишқалаб.
Ботир Қодиров кулди:
– Яхшиям бўлди, Норматжон, – деди. – Қопнинг иккинчисиям топилди, баҳонада…
Прокурор Норматжон Ваҳобов тушунмади чоғи, қошларини кериб:
– Яна қанақа қоп? – деди.
– Э-э, ўлик яримта эди-ю!.. Йигитларни чақириб, иккинчи қопни чиқариб олишимиз керак… Мен ҳозироқ туфлини сал қуритиб олмасам бўлмайди, Норматжон…
* * *
Зовурдан бир одамнинг ўлиги белидан араланган ҳолда топилгани ҳақидаги хабар Тошкентга ҳам етиб борди.
Подполковник Мансуржон кунлик тезкор хабарлар билан танишаркан, ўликнинг ўнг бармоғи устига “Я” ҳарфи туширилган белгиси борлиги ҳақидаги маълумотни ўқиди-ю, барча ишини тўхтатди. Ва, дарҳол Фарғона билан боғланиб, ўликхонада сақланаётган мурданинг муфассал фотосуратларини юборишларини сўради. Ўзи эса қўлида бир варақ қоғозни тутганча, қўмита раисининг биринчи ўринбосари, генерал-лейтенант Азим Умаровнинг ҳузурига шошилди.
Мансуржон қабулхонадаги йигитнинг: “Одам бор”, деганига эътибор бермай, эшикни очиб, ичкарига кирди.
Азим Умаровнинг хонасида раиснинг ўринбосарларидан яна бири ўтирган экан. Азим Умаров Мансуржонни кўрди-ю, ҳамсуҳбатига: “Сиз билан бирон ярим соатдан сўнг гаплашамиз. Фикрларингиз ўринли. Майли, раисга ўзингиз айтинг, мен ҳам қўшиламан”, деди ва ўрнидан турди. Ҳамсуҳбати тушунди: тезроқ хонани бўшатиши керак.
Эшик ортидан ёпилгач, Азим Умаров, кирган бўйи тек қотган Мансуржонга имо қилди: ўтиринг.
– Биз қидираётган ўнг қўл бармоғининг кўринарли жойига “Я” ҳарфи туширилган одам топилди, чоғи. Лекин ўлик ҳолатда, – деди Мансуржон, стуллардан бирига ўтирар-ўтирмас. Азим Умаров оғир уф тортди. – Мурда нақ белидан арраланган. Аммо ишончим комилки, бу ўша одам. Бўтанинг топшириғи билан мамлакатимизга келиб, вилоят ички ишлар бошқармасининг масъул ходими уйига босқинчилик уюштириб, хонадондагиларни ўлдириб, хонадон эгасининг калласини кўчадаги симёғочга осиб кетган… – деб давом этди Мансуржон. – Фарғонанинг чўл зонасидаги зовурдан топилган. Ходимларга айтдим, тезликда фотосуратларини юборишади.
Азим Умаров ўрнидан турди. Чўғдек гиламнинг бўйи бастини ўлчаётгандек одимлаётиб.
– Раҳмонали айтган одам демоқчисиз-да? – деди.
– Худди шундай. Уни Наманганда кўздан қочиргандик. Сўнг Қўқонда қўлга олай деганимизда, яна жуфтакни ростлаб қолган.
– Ёмон ишлаяпсизлар, – деди Азим Умаров. – Аввал Бўта билан Талабнинг қочиб кетишига индамай қараб турдинглар. Мана энди тириклайин керак деб турганимизда, бунисини ўлик ҳолда топяпсизлар. Бутунлай ёмон… ёмон ишлаяпсизлар!.. Бўта афғонда юрган бўлсаям, гоҳ-гоҳ ўзини кўрсатиб қўяяпти, мана шундақа одамлар орқали.
– Аммо “Я”нинг атрофидаги одамларни аниқлаб, аллақачон қўлга олганмиз. Фақат у чопқир чиқиб қолувди…
– Чопқирмиш. – Аламли кулимсиди Азим Умаров. – Сизлар-чи? Ўшанчалик чопқир эмассизлар. Энди бир ўйланг, атрофидаги шерикларини қўлга олдик, деяпсиз. Хўш, унда “Я”ни кимлар арралаб ўлдирди? Шуни бир ўйлаб кўрдингизми? Бўта билан Талабнинг думлари юртимизда қачонгача бемалол юраверадилар?
– Бир кун аввал тунда Қўқон шаҳрида “Москвич” автомашинаси олиб қочилган. Эртаси куни машина Андижон шаҳри марказида топилган. Мана, қўлимдаги шошилич хабарларга қараганда, олиб қочилган “Москвич”ни Қўқондан Андижонга асакалик Амир исмли разборчик миниб борган. Бу ҳақда Марказий Фарғона чўлида жойлашган Ёзёвон туманидан ўтган Қўқон-Андижон йўлининг Ёзёвон постида бўлган йўл-патруль хизмати ходими тасдиқламоқда. У ходим асакалик Амирни таниб қолган, фақат уни қўйиб юборган, холос. Балки ўшанда “Москвич”да “Я”нинг арраланган ўлиги ҳам бўлгандир… ёки Амир “Я”нинг арраланган ўлигини чўлдаги зовурлардан бирига ташлаб келаётган бўлган… – Тушунарли… Сиз ҳамма ишингизни бир четга қўйиб, Фарғонага жўнанг. “Я”нинг ўлигини шахсан ўзингиз ўликхонада текшириб кўринг ва асакалик Амир разборчини зудлик билан қўлга олиб, Тошкентга етказиш чорасини кўринг. Фақат ими-жимида!.. Токи, Амирнинг шериклари қочиб қолмасинлар… Ҳа, айтгандек, Раҳмонали юборган ахбороти билан синчиклаб танишиб чиқдим. Чамаси, Бўта билан Талаб Тожикистоннинг Жирғатол райони орқали муз тоғни ошиб, Фарғона водийсига қуролли жангарилари билан кириб келиши масаласи ўта жиддий!.. Биз олдиндан пухта тайёргарлик кўриб қўйишимиз лозим. Мен кеча бу ҳақда қўмита раисига, Президентга шахсан ахборот бердим. Бугун масъул раҳбарлар иштирокида кечқурунга махсус мажлис чақирганман. Бу масалани ечиш йўллари ишлаб чиқилади, албатта.
* * *
Подполковник Мансуржон Холиқов ҳар қандай топшириқни ўта тез ва ўз вақтида бажаришга ўргангани учунми, хаялламай, ходимларига зарур топшириқларни бергач, хизмат машинасида довон оша Фарғонага йўл олди.
Ёз фасли бошланаётган кезлар… Қўйлиқдан ўтиб, машина бетон йўлда равон елаётганида кўзи илиниб, пинакка кетибди. Ангрен шаҳрига етганларида, кўзлари очилди. Йўл бўйидаги емакхоналардан бирида тўхтаб, ҳайдовчиси иккалови қорин тўйғазишди. Ана кейин, яна йўлга тушишди. Довонга етиб, Наманган вилояти ҳудудига киришгач, амалга оширилаётган ишларни кўриб, тамоман уйқуси қочди. Ана, тракторлар, экскаваторлар, оғир юк машиналари… Ҳаммаёқ чанг-тўзон!.. Айтилганидек, довонни тешиб, йўл очишга ҳозирлик кўрилмоқда. Аммо ҳозирча айлана йўллар билан довоннинг энг тепасига кўтарилиши, кейин яна пастга энишлари лозим. Машиналар сероб. Айниқса, ўзимизда ишлаб чиқарилаётган “Нексия”, “Тико”, “Дамас” автомашиналари тезоб, бирбиридан ўзиб елишаяпти. Гоҳо машина тик тоғ тагидан ўтиб қолар, Мансуржон савлатли, баҳайбат тоғ қояларига маҳлиё бўлиб тикиларди. Ана, тоғларнинг тик ёнбағирларида қўй-эчкилар ўтлаб юришибди. Мансуржонга ўта таниш манзара!.. Унинг ўзи Сурхондарёдан. Аммо Фарғонада ўқиган. Ўша ерда олий маълумот олган. Тақдир экан-да, Фарғона политехника институтида ўқиб юриб, қўқонлик қиз билан кўнгил қўйишган. Қиз пединститутнинг биринчи курсида ўқиётган экан. Ман суржон эса политехника институтини охирги босқичида эди. Сурхондарёга боргач, ота-онаси шунча зўрлашсада, қишлоғининг ман-ман деган қизларидан гап очишсада, сира хўп демади. Нуқул уйланишни турли баҳоналар билан ортга сураверди. Ниҳоят, ёқтирган қизи Гулбаҳор охирги курсда ўқиётганида ота-онасига у қиз ҳақида гап очди. Аввалига ота-онаси бир овоздан: “Водийликлар Сурхондарёга қиз бериб жинни бўлгани йўқ!” дейишди. Аммо Мансуржон: “Менга бошқаси керак эмас!” деб туриб олди. Ниҳоят, ота-онаси Гулбаҳорларникига – Қўқонга совчиликка боришди. Бироқ, қуруқ қўл билан қайтишди: қизларини бир қариндошларининг ўғлига узатмоқчи эканликларини билдиришибди. Онаси эса нуқул куйиниб: “Ана, мен айтмадимми?” дейишини қўймади. Шунда Мансуржоннинг ёдига Гулбаҳорнинг энаси тушиб қолди. Мансуржон билан Гулбаҳорнинг ўртасидаги яқинликдан энасигина хабардор эди. Эртаси куниёқ Фарғонага жўнади. Эсида, поезддан кечаси Қўқон шаҳрига тушган: тонг-саҳар Қўқон бозоридан тўртта бўрсилдоқ иссиқ нон, бир чинни коса қаймоқ, калла гўштини олиб, Гулбаҳорнинг энаси уйига кириб борди. Кампир кичик ўғли билан яшайди. Мансуржонни дарров таниди. Меҳмон – атойи худо, деб, Мансуржонни уйининг тўрига ўтказди. Мансуржон одоб билан ота-онаси Гулбаҳорга совчи бўлишганию, қиз томон кўнмагани ва ўзининг қаерда иш бошлаганлигини эринмай тушунтирди. Кампир эс-ҳушли экан, масаланинг таг моҳиятига етди. Набираларидан бирини катта ўғлининг қизи Гулбаҳорга йўллади… Ниҳоят, қизнинг ҳам кўнглини билгач: “Бўпти, болам, Гулбаҳорни сенга берганим бўлсин. Шу соатдан бошлаб белимни маҳкам бойлаб, сенлар учун курашаман”, деб сўз берди. Бир ҳафтадан кейин эса Гулбаҳор Мансуржонга телефон қилиб, совчилар келиши мумкинлигини билдирди.
Мана, қарабсизки, Мансуржон Қўқонга куёв… Бунга ҳам йигирма йил бўлдими ё ортиқроқми? Бугун эса хотини Гулбаҳор бир этак бола билан Тошкентда яшаб, мактабда ўқитувчилик қиляпти. Эрталаб водийга жўнашидан олдин хотинига қўнғироқ қилиб: “Водийга борадиган бўлиб қолдим, беш-олти кун мени кутманглар”, деганида, хотини: “Энам тўқсон ёшдан ошиб қолди, иложини топсангиз, Қўқоннинг иссиқ бўрсилдоқ тўртта нони, бир пиёла қаймоғи ва калла гўштидан олиб, бирров кўриб қўйинг. Сизни кўрса жуда хурсанд бўлади”, деганди. Аммо вақти бўлармикин-а?…