Электронная библиотека » Хусанбой Каримов » » онлайн чтение - страница 14

Текст книги "Бўрилар изидан"


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 05:20


Автор книги: Хусанбой Каримов


Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 14 (всего у книги 19 страниц)

Шрифт:
- 100% +

– Мен айтсам-у…

– Айтмай қўя қолинг. Яхшиси, ташқарига чиқингда, қўйхоналарга киринг, ман-ман деган жангари йигитлар туришибди, сизни қучоқ очиб кутиб олишади. Ўша ерда эркак зотига роса қониқиб оласиз.

– Сиз мени устимдан куляпсизми? – дея жиддийлашди Ҳуснигул ётган жойида. – Мени ким деб ўйлаяпсиз?

– Менинг сизни ким деб ўйлашим қизиқ эмас ҳозир. Сиз ўзингизнинг кимлигингизни кўрсатиб, исботлаб бўлдингиз… – Гап шу ерга етганида ичкари хонанинг эшиги шарақ этиб очилиб, яримяланғоч Бўта кўринди ва гандираклаб Ҳуснигулнинг устига бостириб кела бошлади.

– Румин қизларини кўрдик, тоза роҳатландик. Энди ўзимизникилардан ҳам бир кўрайлик, а? – Бўта Раҳмоналига яқин келганида, унинг оғзидан ароқ аралаш бадбўй ҳид димоғига урилди. Раҳмонали фу деганча, юзини тескари бурди. – Ҳа, нима бўлди? Шуни қизғаняпсанми мендан? – Ўдағайлади Бўта.

– Бўта ака, бу ким бўп қоптики, мен сиздан уни қизғонсам. Ана олинг, сизники у. Эркак кишини ўлардай хоҳлаб турибди, – деди Раҳмонали, Ҳуснигулнинг устидаги тўшакни шартта тортиб оларкан. Ҳуснигул Бўтанинг кўз олдида қипяланғоч намоён бўлди. Бўта Ҳуснигулнинг йўқ-йўқ, дейишига заррача қулоқ солмай, унинг устига ўзини ташлади.

– Сен бизни томоша қилиб тураверасанми? – деб сўради Бўта.

Раҳмонали шартта ортига бурилиб, чиқиб кетди.

Негадир, Раҳмоналининг анча узоқларга бош олиб кетгиси келиб қолди. Ахир, бундай “боз-боз”ликлар тонггача ҳам тугамаса керак. У шундай хаёллар билан, яна дарвоза томонга юрди. Қаровул йигитнинг. “Ҳа ака, қаёққа?” деган саволига жавоб беришни хоҳламай, кўндаланг қўйилган тўсиқнинг тагидан энгашиб ўтди-кетди.

Унинг ҳув узоқдаги қир тепасига чиқиб ўтиргиси бор эди. Ўша қирни мўлжаллаб йўл олди. Туйқис ёнини пайпаслаб, тўппончаси ўқдони билан белида эканини билди. Ахир овлоқ, кимсасиз жой. Билиб бўлмайди-да. Бўрилар-ку йўқ, бу ердаги икки оёқли бўрилардан бўлак. Шундай бўлса ҳам, эҳтиёти шарт, ёнида тўппончаси бўлгани яхши.

Раҳмонали тепалик томон аста-аста, оғир қадамлар босиб чиқиб бораверди. Қирлик, тоғлиқнинг бир томони чатоқки, тепага чиққанинг сайин оёқларинг толиб, тез чарчайсан. Доимо гавдангни олдинга ташлаб юришга мажбур бўласан. Тушишда эса гавдангни ортга ташлаб, чопқилаб кетмасликка уринасан. Ўзингни эҳтиёт қилмасанг, ҳар икки ҳолатда ҳам йиқилиб тушиб, думалаб кетишинг ҳеч гап эмас.

Ниҳоят, у қирликнинг энг тепасига чиқди. Ўйлаганидан анчайин кенг, текис бир жой экан. Раҳмонали тепада тураркан, чор атрофга назар ташлади. Жуда узоқлардан элас-элас чироқ нурларини пайқагандай бўлди. Чамаси, қишлоқми, овулми, ишқилиб, одам яшайдиган жой. Пастликдаги чуқурликни эса Бўта бошлиқ жангарилар эгаллаган. Тепадан қарасангиз гўёки кафтга ўхшайди. Атрофи гир айлана қирликлар. Анча нарилардан тоғлар бошланиб кетади. Айтишларича, мана шу тоғларни ошсангиз, Покистонга бориб етасиз. Мана шу ердан ҳам қорли тоғларни бемалол кўриш мумкин. Покистонга ўтадиган кенг довон йўли бормиш. Раҳмонали у томонга бормаган. Аммо, Учқун билан Талаб ўша тарафлардан келишади. Бундан буёғи Афғонистон. Бу ерларда муқим туриб қолишганига беш ё олти йил бўлди-ёв. Дастлаб келганларида эрта баҳор эди. Кунлар исиб, лолақизғалдоқлар чаман бўлиб очилган, гўёки қип-қизил гилам тўшалгандек эди чор атроф. Раҳмоналининг бирам завқи ошгандики. Ҳар йили эрта баҳор шундай – ҳаммаёқ лолазор. Завқ-шавқ билан даста-даста лолақизғалдоқлар терган. Аммо, Бўта лолаларни сира ёқтирмади-ёқтирмади-да. Бир марта эмас, ҳар гал Раҳмонали хонага гулларни дасталаб олиб кириб қўяверади, ортидан Бўта уларни олиб, ташқарига улоқтираверади. Гулларга аллергияси бормиш Бўтанинг. Раҳмонали сира: “Нега бундай қилдингиз?” деб сўрамайди. Индамай қўя қолади. Хонага гуллар кириб, гулларга қўшилиб табиат таровати киргандек бўлишини қаёқданам билсин у тўнка!?

Раҳмонали қирликнинг шундоқ пастга энган қисмига ёнбошлаб олди. Остида тошлар, белига ботаётган бўлсада, парво қилмади. У чарақлаган осмонга тикилиб ётди. Осмондаги қайси юлдуз қандай номланишини билмайди. Ёшлигидан шунақа билимларга ҳеч уқуви келмади. Болалар уйида юрганида ўқитувчиси атайин кечалари ташқарига олиб чиқарди, юлдузларни томоша қилдириб, синф болаларига бир-бир қўли билан юлдузларни кўрсатиб, тушунтирарди. Раҳмонали қизиқмасди. Унинг хаёли кундузи ўқиган детектив китобларида бўларди. Айниқса, Шерлок Холмс ва доктор Ватсоннинг саргузаштларига бениҳоя берилиб кетганди. Бир китобни беш марта ўқибди-я!.. Ҳар гал воқеаларнинг ечими унда зўр таассуротлар қолдираверарди. Кутубхонадан бир куни ёзувчи Агата Кристининг бир китобини топиб олди. Русча экан. Тиришиб юриб ўқиб чиқди. Яхши тушунмаганди, русча-ўзбекча луғатни бир ёнига қўйиб олиб, иккинчи марта ўқишга киришди. Тушунмаган сўзларини луғатга қараб, бинойидек тушунди. Мана шу иши ўзига ҳам ёқиб қолиб, ўшандан кейин қачонки русча китобни қўлига олса, луғатни ёнига қўйиб оладиган одат чиқарди. Бора-бора, рус тилини яхши тушунадиган бўлди-ю, аммо сўзлашишга келганида, барибир қийналаверди. Ҳарбий хизматда русча сўзлашишни яхши эгаллади. Болалар уйида тўққизинчими синфда ўқиб юрганида, ногоҳ директор хонасидаги ёзув машинкасига кўзи тушиб қолди. Қизиқиш бўлдими, ҳарфларини эзиб чиқиллатаётганди, директор опа кириб қолиб: “Қизиқсанг, рухсат бераман. Машинкада ёзишни ўрганиб оласан”, деди. Хўп деди-ю, ўша кундан бошлаб ҳарфларни битта-битта босиб юриб, бир ой деганда машинкада биноийдек ёзадиган бўлди. Директор опа бундан мамнун бўлиб, кейинчалик ёзув машинкасида бирон нимани ёздириш керак бўлиб қолса, албатта, Раҳмоналини дарсдан чақиртириб олиб, ёздирадиган бўлди. Директор опа билан ўзаро яхши муносабат сабаб, бошқа ўқитувчилар ҳам Раҳмоналига яхши муомала қиладиган бўлишди.

Ёзув машинкасини яхши билиши ва яхши ёза олиши ҳарбийда ниҳоятда қўл келди. “Ким ёзув машинкасида ёза олади?” деган саволга биргина Раҳмонали, мен, деб жавоб бериб, штабда ишлай бошлади. Кейинчалик “особист”лар эътиборига тушиб, ҳарбийдан яхши йўлланма билан тўппа-тўғри ўқишга кетди… Эҳ-ҳе, қанча ишлар бўлиб ўтди-ю! Йиллар ҳам ўтавераркан. Ўтган йилларни эсласа, худди кечагина бўлиб ўтгандек таассурот қолдиради. Аввал Тошкент, сўнг Наманган, қочиб Қирғизистон орқали Тожикистон, ундан Афғонистонга… Бугун эса бу муртадлар юртга қурол кўтариб боришга тайёргарлик кўришяпти. Чамаси, хориждаги валломатлари Талабни шу ишга йўллашяпти, чоғи.

Раҳмонали хаёл суриб ётиб, кўзи илинибди. Тушига хотини, ўғли кирибди. Хотини бирам чиройли бўлиб кетганмишки, ёнидаги йигитчани кўрсатиб, “Мана шу сизни ўғлингиз”, деяётганмиш. Раҳмонали эса ишонмасмиш. Яна хотини: “Туришини қаранг, худди қуйиб қўйгандек ўзингиз”, дермиш жилмайиб. У бирдан чўчиб уйғонди. Совуқ қотиб кетибди. Анча ухлабди ҳам. У жунжикиб, тўнининг ёқасини бошига тортди. Яна тушини давом эттиргиси, лоақал тушида бўлса ҳам хотини билан, ўғли билан гаплашгиси келарди. Бу совуқ нима бўлди. Ундан қаттиқларини ҳам кўрган. Айниқса, Назир жинни, Учқунга эргашиб, Қирғизистонга қочиб ўтган ларидан сўнг, бир кеча нотаниш бир жойда кимнингдир молхонасидаги пичан устида тунни ўтказишганди. Эртаси куни тонг ёришганида, Учқуннинг қистови билан Олой тоғлари томон юришган, устлари юпун бўлгани сабаб, тоғларда қор кечиб, ўн километрлаб юришганди. Ниҳоят, тоғ ичидаги бир йўлнинг устидан чиқиб қолишган ва ўша йўл бўйлаб кичик бир қирғиз қишлоғига кириб боришган эди. Уч ўзбек йигитини оч, юпун ҳолатда қирғиз қишлоғига кириб келиши қишлоқ аҳлини бениҳоя ажаблантирган. Бирови тўн, яна бирови нон олиб чиқиб беришган, иссиқ уйга олиб кириб, меҳмон қилишган эди. Кейин билса, ўша қишлоқдаги уйлардан бирида Талаб хотини ҳамда ёнида Бўта – уларни кутиб ётишган экан. Қишлоқ оралаб кетган Учқун бирон соат чамаси дайдиб юриб, шу янгиликни топиб келганди. Сўнг улар Талаб билан Бўтага қўшилиб, қирғиз чўпоннинг уйида тунаб қолишди. Эртаси куни иссиқроқ кийиниб, егуликларни олиб, йўлга тушишганди. Пиёда роса ҳориб, уч кун деганда, тоғ ичидаги Қирғизистон билан Тожикистоннинг давлат чегарасига етиб боришган, ўша ерда уларни тожикистонлик Тўражонзоданинг одамлари кутиб туришган экан. Қирғиз чегарачиларига Талаб бир даста пул берганидан кейин уларни чегарадан ўтказишиб, Тўражонзоданинг одамлари қўлига топширишган эди.

Кечагидек эсида. Қоратегин деган жойга боришганида, Тўражонзода уларни қаршилаган, бир кун меҳмон қилганди. “Ҳозир Тожикистонда уруш кетяпти. Душанбе шаҳри аланга ичида”, деганди Тўражонзода. Кейин билишса, Тожикистон президенти армияси билан Тўражонзодага қарши қаттиқ уруш қилаётган экан. Тўражонзода бир юк автомашинасини бериб: “Сизлар шу машинада тоғ йўллари билан юриб, Афғонистоннинг чегарасигача бориб оласизлар. Агар насиб қилиб, Душанбеда биз ҳукуматни олсак, Тожикистоннинг ўзида сизларга ёрдам ташкил этиб, Ўзбекистонда ҳам ҳукуматни эгаллашларингга ёрдам берамиз” деб ваъда берганди. Яхшики, Тўражонзоданинг айтган гаплари бўлмади. Аксинча, унинг ўзи одамлари билан Афғонистонга қочиб ўтишга мажбур бўлди.

Раҳмонали шунча уриниб, кўзларини юмса-да, уйқу элтмади. Аксинча бўлиб ўтган ишлар миясида ғужғон ўйнаб, тинчлик бермасди. Ниҳоят, у совуқ қотиб кетиб, ўрнидан туришга мажбур бўлди. Бели совуқдан тарашадек қотиб қолганга ўхшарди. Белини ушлаганча, у гавдасини бироз ортга ташлаб, пастлик томон тушиб кетаверди.

Раҳмонали дарвозадан кириб ўтиб борганида, ҳамон Назир ташқарида куймаланиб юрган экан.

– Вей, қаёқларга гумдон бўлдинг? – деди у.

– Ўзим шундоқ, хув қирни тепасига чиқиб, дам олиб ўтирдим.

– Шундай кечасида-я! Пишириб қўйибдими у ерда?

– Айтяпман-у, дам олдим деб.

– Дамни шу ердаям олсанг бўлаверарди. Энг четдаги бинога нарсаларингни олиб бориб қўйдим. Сен барибир энди бу бинога кирмайсан ҳозир. Ҳуснигул деганингни ҳозир шоир Зиё Маҳмуд қучоғига олиб ётибди. Роса эркаквоз хотин экан бунинг. Эркак билан ётиб чарчадим демайди-я!..

– Бўпти. Яхши қипсан.

– Сен яхши йигитсан, Рома. Қўлинг қон эмас, бошқаларга ўхшаб. – Кутилмаганда яна маъноли гап қотди Назир.

Тағин беихтиёр Раҳмонали ҳушёр тортди. Бу гапи билан нима демоқчи у? Ё Раҳмоналидан гап олмоқчи бўляптимикан-а?

* * *

Раҳмонали эрталаб иссиқ кўрпа остида кўзларини очганида, “қўйхона”нинг рўпарадаги туйнугидан қуёшнинг заррин нурлари тушиб, оз бўлса-да, хонани ёритиб қўйганди. У эринибгина ўрнидан туришди. Кийиниб, ташқарига чиқди.

У яна ташқарига чиқиб, кеча ифлос ишлар юз берган бинога киргиси келмади. Аксинча, ҳали совуб улгурмаган тўшагида яна бироз кўзларини юмиб ётгиси бор эди. Бунинг асосий сабабларидан бири, тонг чоғи бир туш кўрган, лекин кўрган тушини тўла эслолмаётганди. Ахийри у кўрган тушини эслаш умидида кўрпасига ўраниб, кўзларини юмиб, жим ётаверди. Шу ётганча яна кўзлари илинибди. Яна туш кўра бошлади.

Одатда, туш худди ўнгингизда бўлгани каби аниқтиниқ бўлади. Нафақат одамлар, балки жойлар, воқеаҳодисаларни аниқ кўриб турасиз, ҳатто ўзингиз ўша маконда, воқеалар ичида, одамлар билан юрасиз. Суҳбатлашасиз.

Бу гал ёмон туш кўра бошлади. Қонли жанг майдони эмиш. Шундай уруш бўлаётган эмишки, мундоқ ўйлаб қараса, жанг айнан ҳозирда ўзи яшаб турган жангарилар лагерида юз бераётганмиш. Куни кеча наша чекиб, маст-алас бўлиб, кайф кучи билан, “Уришамиз! Жанг қиламиз!” деб аюҳаннос солган жангари йигитлар ҳар томонга тумтарақай қочаётганмиш. Бўта бир тарафда, Талаб бир тарафда, қўлларида тўппонча билан қочаётган йигитларини қайтаришга уринишаётганмиш. Бир маҳал, буйруққа бўйсунмай қочиб бораётган норғул йигитларни шартта-шартта отиб ташлаётганмиш. Лекин атрофдан бўлаётган ҳужумни кимлар қилаётганини, портлаётган бомбалар қаердан отилаётганини биолмаётганмиш. Бирдам тек қотиб қолиб, узоқ-узоқларга тикилиб қараса, ўқ, бомбалар ўз туғилиб ўсган юрти Ўзбекистон томондан отилаётганмиш. Ҳайратдан қотиб тураверибди. Яхшики, ўқлар ҳам тегмасмиш. Бомбалар ёнгинасида портласа-да, зарар етказмаётганмиш. Бир вақт, илжайиб, тупирган кўйи, Назир жинни пайдо бўлибди: “Қалай бўляпти?” дермиш кулиб. “Кўряпсанми, Бўта билан Талаб ишонган йигитлар нималар қилишяпти? Уларнинг ҳар бирига сичқоннинг ини минг танга бўлиб кетди-ю!..”

Ногоҳ шоир Зиё Маҳмуд билан Ҳуснигул қипяланғоч ҳолатда рўпарада пайдо бўлишибди. Улар жаҳаннам ўти ловуллаётган урушнинг талотўпларига ҳам қарамасдан, бир-бирларига қапишиб, айшу ишрат билан машғулмишлар.

“Бу нимаси бўлди?” деб ўйлармиш Раҳмонали. Аллабир овоз унга: “Қиёматни аломати бу” деяётганмиш. Ҳуснигул нуқул эланармиш: “Қутқаринг? Илтимос, қутқаринг?..” Уларнинг кўзёшларига чидаёлмай, Раҳмоналининг юрак-бағри эзилиб кетибди. Аммо қўлларини чўзмасмиш. Уларга ачинаётган бўлса-да, ортига тисарилаверибди. Шоир билан Ҳуснигул эса кўзларидан ёшлари оққан кўйи, ўз бошларига ўзлари тупроқ сочганча, сочларини юлиб, ҳўнг-ҳўнг йиғлаган сайин, юзлари, оғиз-буинлари ёввойи чўчқаникига айланаверибди… Раҳмонали ҳайрат ва даҳшат ичра тек қотиб, уларнинг тўнғизга эврилаётганларини ижирғаниб кузатаверибди. Аста-секин уларнинг қипяланғоч баданларини қопқора жунлар қоплай бошлабди. Ниҳоят, улар тўнғизнамо тўрт оёқли маҳлуққа айланиб, ўлиб ётган жангари йигитларнинг қонли этларини узиб-узиб ея бошлашибди… Бу ҳолатни бирдан кўриб қолган Бўта, Талабга дебди: “Қара… Қара!” Ана кейин ҳар иккала ёввойи чўчқага қарата тўппончаларидан ўқ уза бошлашибди. Раҳмонали Бўта билан Талабга: “Отманглар. Улар ёввойи чўчқалар эмас, шоир Зиё Маҳмуд билан Ҳуснигул!” демоқчи бўлармиш-у, тили гапга айланмасмиш. Бир маҳал, ўқ еб яраланган ёввойи чўчқалар бирдан қутириб, биқинларидан тинимсиз қоп-қора қонлари оққанча, Бўта билан Талабни зир айлантириб қува бошлабди. Чўчқалар уларга етиб олиб, ўткир шохлари билан илиб-илиб, уларни ҳар томонга ирғитаверишибди…

Раҳмонали чўчиб уйғониб кетди. Аъзои бадани тердан жиққа ҳўл!.. Аста ўрнидан турди. “Қўйхона”нинг ичи тамоман ёришиб кетибди. Раҳмонали кўрган тушини нимага йўйишни билолмай, анча вақт тек туриб, ўйланиб қолди. Лекин, шуни аниқ биладики, эртами-кечми юртга қурол кўтариб бориш бу ердаги жангари йигитлар учун яхшилик билан тугамайди. Бари қирилади. Қани эди, уларнинг бунга ақли етса?!

Раҳмонали кўзларини юмиб-очиб, пешонасини ишқалаб ташқарига йўналди. Энди бир эвини қилиб, ювиниб олмаса бўлмайди. Назарида, кеча кечаси бўлиб ўтган ифлос ишлару кўрган тушлари сабаб, баданларига қандайдир шилимшиқ нарсалар ёпишиб қолгандек эди.

Лагерь деб аталмиш майдоннинг ўртасида бир тўп одам тўпланган, қуёш тикка келиб, роса қиздираётганди. У кўзларини қисиб-қимтиб юқорига – қуёшга қарашга ҳаракат қилди. Лекин кўзларини иложсизликдан юмиб олди. Ахир, қуёшга тик қараб бўлармиди, деб ўйлади ва негадир хаёлига келган бу гапдан илжайди.

Бинонинг орқа тарафида сув солинган катта ёғоч идиш борлиги ёдига тушиб, ўша томонга ўтди. Идишнинг атрофи гир айлана сув, лой… Чамаси, “қўйхона”дан югуриб чиққан йигит борки, шу ерда юз-қўлини ювган, ўтириб таҳорат олаверган. Раҳмонали лойни босмасликка интилиб, қўлларини чўзди. Сувдан ховучлаб-ховучлаб юзларини, сўнг қўлларини ювди. Муздек сув таъсир қилиб, совуққотгандек бўлди. Ортга тисарилиб, эгнидаги кўйлагини ечди, ярим яланғоч бўлиб, лойга ҳам эътибор қилмай, аввал бошини, кейин елкаларини ишқалабишқалаб юва бошлади.

– Ҳа, бу ерда экансан-да, ювиняпсанми?

Раҳмонали ярим эгилган кўйи ўгирилиб, рўпарасида Назир жиннини кўрди: илжаяяпти.

– Ҳа, сенмисан?.. Тураверасанми қаққайиб?

Назир ёнига бир тупуриб:

– Бўта сени йўқлаяпти? – деди.

– Ҳози… ювиниб олай.

– Тезроқ бўл!

– Ювиниб олай, деяпман-у! – Зарда қилди Раҳмонали.

Назир яна бир тупуриб, ортига қайтди.

Раҳмонали артинмай майдоннинг ўртаси томон юрди. Ўртадаги тепаликда – дор тикилган жойда Бўта савлат тўкиб турарди. У нималардир деб атрофидагиларга вайсаётганди. Раҳмонали оғир қадамлар ташлаб, яқинлашиб бораркан, Бўтанинг гапларини аниқ-тиниқ эшита бошлади:

– Лаънати қочганларга ўлим! – деб бақираётганди Бўта, ўзини қўярга жой тополмай. – Ҳаммасини топиб келтирамиз. Худди мана шу ерда дорга осаман. Калла ларини сапчадек ману шу қўлларим билан узиб ташлайман!..

Раҳмоналининг хаёлига: “Яна йигитлар қочибди-да!” деган фикр келди.

Дарҳақиқат, шундай эди. Воқеа тафсилотларини янада аниқроқ билиш мақсадида оломон бўлиб тўпланиб олган жангарилар оралаб олдинга юра бошлади. Ёнидаги йигитдан аста сўради:

– Неча киши қочибди?

– Қуроллари билан йигирма киши дейишяпти.

– Ўҳ-ҳў! – деб юборди у хурсандлигини ичига сиғдиролмай. Лекин мамнунлигини сездирмади. Тепаликдаги дор ёнида турган Бўтанинг ёнига индамай чиқиб борди. Бўта Раҳмоналига кўзи тушиб, бироз жаҳлини жиловлагандек, ҳовурини босгандек бўлди. Одатда, бундай вақтларда Бўта Раҳмоналини танҳо топиб, маслаҳатлашиб олишни маъқул кўрарди. Шу одати ёдига тушдими, Бўта Раҳмоналини ўзи томон имлади ва атрофидагиларга баралла: “Ҳамма тарқалмай турсин!” деди.

Раҳмонали Бўтанинг ортидан пастликка тушди ва ҳамон жаҳли зўридан икки елкаси кўтарилиб-тушаётган Бўтанинг икки юзи ҳозир қипқизариб кетганини кўз олдига келтирди. Улар ўн беш-йигирма қадам нари боришгач, Бўта тўхтади ва Раҳмоналига ўгирилиб:

– Ярамас қўрқоқлардан йигирматаси тунда қуролларини олиб қочиб қолишибди, – деди. – Лекин узоққа боришолмайди. Тезда сен уларни ортидан тушасан…

– Йўқ! – деди жавобан қатъий қилиб Раҳмонали. – Уларни қўлларида қуроллари бор. Ўзаро отишмалар кучайиб, маҳаллий аҳолини, қолмишига Афғонистон ҳукуматидагиларнинг эътиборини тортишимиз мумкин. Ҳозир Афғонистон пойтахти Қобулда вазият ўзгарган, хабарингиз бор, ҳукумат янгиланган. Бу хабар уларга етиб борса, армиясини ишга солади. Сизга ортиқча можаро керакми?

Жўяли жавобни эшитиб, Бўта бир нуқтага тикилганча:

– Нима қил дейсан?.. – деб, юзларини силади. у қипқизариб кетган эди.

– Яқин кунларда юртга юриш қиламиз, деб турибмиз. Шундай нозик вақтда бир тўда йигитларни қувиб юришимиз ақлли одамнинг иши эмас. Аксинча, ишларимизни тезлатишимиз керак. Энди назоратни янаям кучайтириб, ишончли йигитлардан қўриқчилар сонини кўпайтирайлик. Шунда ҳаммаси яхши бўлади. Мабодо қувишни бошласак, биздан ҳам йўқотишлар бўлади.

– Юртда президент, қўли қонга ботмаганларни авф этаётганмиш, деган гаплар бор эди, эшитгандирсан…

– Бўлса бордир, – деди Раҳмонали, гўё бепарво. – Лекин қочоқлар юртга қуроллари билан етиб боришолмайди. Фақат сарсону саргардон бўлганлари қолади, холос. Юртга бориб, тиз чўкишга юраклари дов бермайди. Биттасиниям!.. У ёқда ё отилади, ё умрбод қамоқ… Ким ҳам отилиб кетишни ёки бўлмаса умрбод қамоқда хор бўлиб ўтиришни хоҳлайди? Ҳеч ким! – Раҳмонали охирги гапини атайин дадиллик билан айтди. Токи Бўта Раҳмоналининг гапига ишонсин… Раҳмоналининг Бўта билан доимо сўзлашганида ишонч ҳосил қилган усули эди бу. Агарда Раҳмоналига маъқул келмайдиган бошқа бир иш бўлса, оддийгина қилиб: “Ўзингиз биласиз”, деган қисқа жавобни бериб қўя қоларди ва шу жавоби билан Бўтани ўзи хоҳлаган ишга ундаган бўларди.

Бўта, нима қиларини билолмай, у ёқдан-бу ёққа юра бошлади. Унинг одати шундақа эди. Бирон қарорга, тўхтамга келолмаётган бўлса, юриб ўйларди.

Бўта бирдан юришдан тўхтаб:

Шундай деб ўйлайсанми? – деб сўради.

Раҳмонали тактикасини ўзгартиришга кескин қарор қилди. Чунки, Бўта шубҳаланаётгандек қаттиқ тикилиб турарди.

– Яна ўзингиз биласиз, – дея Раҳмонали елка қисди ва шу гапи билан Бўтанинг кўнглига келган барча шубҳагумонларини тарқатиб юборгандек бўлди.

– Хўш, бу вазиятдан қандай чиқамиз?

– Йўли бор, албатта. Хўп десангиз, Назирни гўёки Талабнинг ҳузурига, қочоқларни қувишда ёрдам сўраб юборган бўласиз ҳозирнинг ўзида. Токи бу ердагилар тўла ишонч ҳосил қилишсин. Кейин эса қочганларнинг барчаси отиб ўлдирилди, деган гап чиқарамиз, тамомвасалом. Назир эса бирон ҳафта ўтказиб қайтиб келади. Мен ўзим Назир жиннини пишиқлаб қўяман, йўл олдидан. Ҳиротга бориб, бирон карвонсаройда бити тўкилгунча яйраб, дам олиб кела қолсин…

– Яшшавор, ўзи фақат сендан жўяли гап чиқади, укагинам! – деб Бўта Раҳмоналининг елкасига кафти билан аста қоқиб қўйди. Энди бир зум олдинги Бўта тамомила бошқа Бўтага айланганди.

– Хуллас, Назирга топшириқни бериб, тезда жўнатиб юбориб, ўзимизнинг одатдаги ишимизни бажарсак бўлаверади, а? – деб сўради Бўта, кулимсиб.

– Худди шундай, – дея жавоб берди Раҳмонали ҳам илжайиб.

Бўта Раҳмонали билан тепаликдаги дор остига чиққанида, Бўтанинг юз-кўзидаги жаҳл ўрнини жиддийлик, сиполик эгаллаб улгурган эди. Пастда турган жангари йигитлар енгил нафас олгандек бўлишди. Чунки, жуда кўп оғир вазиятларда буқадек қутуриб кетадиган Бўтани айнан Раҳмонали икки-уч оғиз гапи билан тинчлантириб қўйишини улар жуда яхши билишарди.

Раҳмонали Назир жиннини имлаб, ёнига чоралади ва Бўта билан иккови ўртасида бўлиб ўтган суҳбат тафсилотини мухтасар тушунтирди. Назир хушқол бош ирғагач, уни Бўтанинг ёнига бошлади.

– Шунқорларим! – деди иш ўзаро келишилгандек бўлаётганига ишонч ҳосил қилган Бўта баланд овозда. – Биз ҳозир ўзаро келишиб, Назирни Талабнинг олдига жўнатадиган бўлдик. Мен сизларни тайёргарлик ишларидан чалғитиб, қочқоқларнинг ортидан қувишга бошламоқчи эмасман. Чунки бу ердаги ҳарбий тайёргарлик ишларимиз ҳаммасидан устун, ҳаммасидан ўта муҳим. Қўрқоқларнинг адабини Талаб ва унинг одамлари бериб қўяди. Биласизлар, Талаб бизнинг асосий ҳомийимиз, унинг афғон ҳукуматига ҳам қўли етади. Уларнинг ёрдамига таянади ва қўрқоқларнинг ҳаммасини ер тишлатади. – Бўта шундай деб, ёнида турган Назирга қаради. Назир, тушундим, дегандек дарҳол пастга тушиб, яна бир тепаликдаги уйчага кириб кетди ва зум ўтмай, у ердан чиқиб, илжайган кўйи, қамишли бостирмалар остига қўйилган “Тойота”лардан бирини миниб, тезликда барча жангариларни кўз олдида лагердан чиқиб жўнади.

Раҳмонали аста-аста пастга туша бошлади.

Бўта энди бошқа мавзуда сўзлай бошлаганди:

– … муз тоғдан ўтгач, водийга тушилади. Ундан уёғи ўзимизники. Бир қадам қолади. Бир-икки кунда Ўзбекистоннинг чегарасига етиб оламиз. Бугундан бошлаб ҳамма жиддий тайёргарлигини кўрсин. Бир қатор иссиқ кийим-бош берилади. Ўқ-дори солиш учун, автоматлар, яна ўта зарур юкларни учун. Ундан бошқа буюмлар шу ерда қолдирилади…

Раҳмонали шу гапларни эшитиб, оломон орасига кирди. У атрофида ҳаяжон билан тик турган йигитларнинг афт-ангорларига разм солди. Жуда кўпчилигининг юзкўзларида ҳаяжон манаман деб барқ урмоқда эди. Аммо баъзи бирлари совуқон, юзларида қилт этган ифода йўқ. Ҳа, Раҳмонали совуқон жангари йигитларни яхши танийди. Уларнинг совуқонлигининг сабаблари бор. Улар асосан Талабнинг йигитлари. Чеченистондаги урушларда қатнашганлар. Шу сабабдан ҳам совуқонлик уларнинг аъзои баданлари тугул қонларига ҳам сингиб кетган бўлса ажаб эмас. Тўғри, Чеченистонда урушда бўлганлар жангарилар лагерида озчиликни ташкил этади. Нари борса ўн нафар ё ундан сал кўпроқдир. Аммо қолганлари уруш кўрмаган, фақат бу ерда отишни ўрганган хом йигитлар. Бўта қутурган кезлари ўндан зиёд адашган йигитларни шу майдонда, ҳозир ўзи турган тепаликдаги дорга остириб юборди ё ўз қўли билан отиб ташлади. Осилган, отилганларни эса лагердан ташқаридаги ерда чуқур кавлаб, шунчаки кўмиб юборишган. Бошқача айтганда, уларга жаноза ҳам ўқилмади. Бўтанинг тили билан айтганда: “Итга ит ўлими раво кўрилди”.

Бўта тепадан тушгач, йигитлар саф тортишди. Раҳмонали Бўтанинг ёнига бориб турди.

– Ҳаммага тушунарлими? – деб сўради Бўта, қўрс овозда.

Бўта кейинги вақтларда анча семирган, бўйи унчалик баланд бўлмаганлиги учун, тобора шиширилган шарга ёки коптокка ўхшаб бораётганди. Раҳмоналининг ёдида, Бўта, Назир, Раҳмонали учови аввал Афғонистонда, сўнг Талабни излаб Покистонни кезиб, дайдиб, оч-наҳор юрганларида Бўта ниҳоятда ориқлаб кетганди. Энг ёмони, тил билмасликлари уларни жуда қийнаб юборганди. Мана, орадан йиллар ўтиб, афғонларни тилида ҳам бемалол сўзлашиш даражасига етишишди. Хайриятки, Ҳиротга тез-тез бориб туришади. Талаб сўнгги вақтларда гиёҳвандлик моддалар олди-сотдиси билан жиддий шуғуллана бошлагач, мана шу ерда жангарилар лагери бинога келди. Ейиш-ичишлари бинойидек бўлиб қолди. Қўлларига жарақ-жарақ долларни беришаётган бўлса-да, жангарилар лагерида у пулларни ишлатишнинг иложи йўқ. Раҳмоналининг қўлидаги пуллари ҳам юз минг долларга бориб қолди-ёв. Ҳеч санамаган. Санагандан не наф?

Аллазамонлар пулларининг бир қисмини Бўта уйланадиган бўлиб қолганида, қўлига тутқазганди. Эсида, Бўта Талабнинг қистови билан бир афғон қизига уйланганди. Холасининг қўлида тарбияланаётган етим қиз экан. Шунга ҳам икки йилча бўлиб қолди. Бу орада Бўта бир қизли бўлди. Бўтанинг уйи жангарилар лагеридан унча узоқда эмас. Бир куни, Бўта унга хотини, қизи билан бирга тушган суратини кўрсатиб: “Раҳмонали, шу суратни Наманганга, Тошқўрғондаги акаларимга жўнатишим керак. Қандоқ қилсам экан? – деб сўраб қолди. – Менинг тириклигимни улар билишлари керак”. Раҳмонали елка қисди ва Бўтанинг кўзларига тик қараб:

– Бунинг учун мен билан эмас, ана, Талаб билан бир маслаҳат қилиб олинг. Балки, у йўлини топар. Юрт билан алоқаси бордир, – деди.

Бўта ҳам Раҳмоналининг юз-кўзларига жиддий тикилиб тургач:

– Тўғри айтасан. Талаб келсин-чи, бир гаплашиб кўраман, – деб жавоб қилди.

Шу-шу бўлди-ю, Раҳмонали сурат масаласига ўта қизиқиб қолди. Чунки, суратни ўзи шунчаки юртга етиб бормайди. Уни кимдир олиб бориши керак. Ким?.. Айни вақтда Талабнинг юртга хуфиёна одам йўллаб, у ердаги вазиятдан бохабар бўлиб турганини сезарди. Лекин аниғини билолмаётганди. Энди сурат масаласи ўртага тушгач, шу орқали бу масалани ҳам ойдинлаштириб олишни ўйлаб қўйди. Ўйлаш билан иш битмайди, ҳушёр туриш керак.

Кейинги гал атайин Бўта ташқарига йўл олганида, Раҳмонали унга ҳамроҳ бўлди. Ёдида, улар Покистон давлати ҳудудига ўтиб кетишди. Жуда узоқ йўл юришди. Қаерлардадир тунашди, йўл юришди, довонлар ошиб, ниҳоят, Покистоннинг Карачи шаҳрига етиб боришди. Талаб билан келишиб қўйган эканми, шаҳарга кираверишда икки нотаниш одам билан Учқун уларни кутиб олди. “Жип”га ўтқазишиб, тоғларнинг ичкарисидаги гадой топмас бир қишлоққа олиб етишди. Тоғ қишлоғининг энг чекка уйида Талаб қўним топган экан. Тоғ гард қирқилган ерда, шундоқ тик тоғ тагида кенг-мўл ҳовли бино қилибди. Машинадан тушишиб, нақшинкор дарвозадан ичкарига қадам қўйишлари билан, тинч-осуда, озода, гулларга бурканган ҳовлига киришди. Кенг супанинг ҳар ер-ҳар ерида олма, шафтоли, узум токларини кўриб, Раҳмонали бир энтикиб қўйганди. Чунки, у анча йиллардан буён бундақанги кўркам, осуда ҳовлига кирмаган, аксинча, тоғлар ичидаги жангарилар лагерида неча йилдирки, ит ётиш, мирза туриш алфозида ҳаёт кечириб келаётганди.

Баланд-баланд қурилган уйлар нимаси биландир юртидаги уйларни эслатиб турарди.

Ҳа, айниқса, полли эканлиги-чи?! Шифтлари янаям зебли. Худди ўзимизни ўзбек уйларидек. Уйга киришганида, ичкари уй эшиги очилиб, бошига қундуз телпак кийган, эгнида бухороча зарбоф тўн, оёғида махси-калиш, икки юзи қизаринқираган, оқ-сариқдан келган, баланд бўйли Талаб чиқиб келди ва Бўтага қучоқ очди. Унинг ортидан кенг елкали, худди муллаларга ўхшаб кийинган, ўта серсоқол, қорача, калласи хумдек бир одам кўринди. Раҳмонали у одамни дарҳол таниди: – тожикистонлик Тўражонзода!… Уни биринчи бор кўрган киши, ўта диндор, йирик диний уламолардан бири, деб ўйлаши табиий эди.

Талаб билан Бўта кўришар экан, Бўтанинг ўрта бўй, семизликка мойил гавдаси-ю, устидаги эскиган, бироз кирлаган уст-бошлари Раҳмоналининг назарида ғарибона эди. Бўта ҳам ораларидаги тафовутни сезди чоғи, бир оқариб, сўнг қизаринқиради.

Хуштавозелик билан улар ичкарига таклиф этилдилар. Улар таклиф этилган хона айлана экан. Юмшоқ, хорижий диванлар, креслолар ва ўртага қўйилган ойнаванд хонтахта билан безатилганлиги, оёқ остларидаги ярқираган, қип-қизил эроний гиламлари ҳам хонага бошқача зеб бериб турарди.

Дивану креслоларга ястаниб ўтиришгач, Талабнинг бир имоси билан, Тўражонзода дуога қўл очди ва тожикча талаффуз ўзбек тилида дуои-фотиҳани бошлади. Ўша дақиқаларда Раҳмоналининг яаёлида: “Бу одам бу ерда нима қилиб юрибди?” деган савол тинмай чарх ура верди. Бироқ, ҳадеганда аниқ жавоб тополмай қийналарди. Ахир, бу одамни шу кунгача бир неча бор кўрган эса-да, ниҳоят, бўлажак юришга албатта алоқаси борлиги учун, у шу ерда, деган қатъий хулосага келди.

Учқун томонидан дастурхон қайта ёзилиб, нознеъматлар қўйилаётганида, Талаб томонидан: “Қийналмай етиб келдингизларми? Йўл толиқтириб қўймадими?” деган саволларга Бўта томонидан: “Шукр, ҳаммаси жойида!” деган жавоб йўлига айтилди. Серсоқол Тўражонзода эса ҳамон жим, кўзлари билан гоҳ Бўтага, гоҳ Раҳмоналига қараб-қараб қўяётганди. Савол-жавоб тугар-тугамас, бир чинни косадан қўй гўшти солиб пиширилган қайнатма шўрвалар тортилгач: “Олинг, олинг”, дея манзират қилишлар бошланди. Ҳамма жим, шўрва ичила бошланди.

– Шўрва қалай бўпти? – деб сўради бир пайт Талаб.

– Зўр, – деди Бўта оғзидаги бир бўлак гўштни базўр ютиб олиб.

– Наманганча шўрва. Аниқроғи, Фарғона водийсида меҳмонлар учун алоҳида пиширилиб, тортилади, – дея гап маъқуллади эшикка яқин қўйилган креслолардан бирида ўтирган Талаб, ирдайганча, Тўражонзодага қараб.

– Шунақами? – деди ҳайратлангандек Тўражонзода, шўрвага ботирилган юмшоқ нон бўлагини ҳузур билан оғзига солиб. – Мен-ку Фарғона водийсида сира бўлмаганман, лекин хўп таърифини эшитганман, – деди сўнг, тожикча талаффузда ўзбекча гапириб.

– Насиб этса, албатта бўласиз. Ўзимиз меҳмон қиламиз ўшанда сизни, – деб жавоб қилди Талаб, косани ойнаванд хонтахта устига қўйиб. – Худо хоҳласа, Ўзбекистонга эга чиқамиз, деб сизга ўхшаб чет элларда юрибмиз-да, тўғрими? Ёнимда Бўтабойга ўхшаш абжир, ишончли йигитлар бор экан, албатта юртни ўз қўлимизга оламиз.

– Албатта, албатта! – дея жавоб қилди Тўражонзода жилмайган кўйи, ўнг қўлини кўксига қўйиб.

– Раҳмонали шўрвасини ичиб бўлиб, зимдан Тўражонзодага кўз қирини юборди: У ҳам кўз остидан кузатаётганини кўрди. Ва, янаям ҳушёр тутди.

– Сен қалайсан, Раҳмонали? – деди Талаб, кеккайганнамо.

– Шукр, яхши, – деб жавоб қилди Раҳмонали одатга биноан ўнг қўлини кўксига қўйган кўйи, сал қўзғалиб.

– Сенга ўта муҳим топшириқ шуки, ҳар жойда, ҳар вақт Бўтабойни қоғозга ўралган қантдек авайлаб-асрашинг керак, – деди Талаб стол устидаги тиш кавлагичлардан бирини қўлига оларкан. – Келгуси ишларимизни асоси, пойдевори, биласан, Бўтабой. Мен келгусида юртга бош вазирликка Бўтабойни тайинлашга аҳд қилганман… – Талабнинг шу гапи оғзидан чиқиши билан, ялт этиб Бўта Талабга қаради.

– Валлоҳу олам! – деди Тўражонзода, бир кекириб. – Ҳозирдан кимни нима иш қилиши, қандай вазифага тайинланиши белгилаб олинса, ўртада аҳиллик бўлади. Локин бизда бунақанги аҳиллик етишмаяпти. Сизларга ҳавас қиламан, биродарлар…

Бу мақтовдан Талаб янада талтайиб, креслога бор бўйи билан суяниб, оёқларини чалиштирди. Чамаси, у ўзини юрт президенти деб ҳис эта бошлаган эди.

– Ҳозир – ошдан сўнг, жаноб Тўражонзода бошчилигида бир машҳур одамни ҳузурига йўл оламиз. Тўғри, йўл бироз олис, аниқроғи, машаққатли тоғ йўли. Аммо биз у одамнинг дуосини олмасак бўлмайди. Шунинг учун мен махсус машина тайёрлатиб қўйганман. Барчамиз икки машина кузатуви остида махсус машинада йўлга чиқамиз. Машинада барча қулайликлар бор. Ҳеч кимни чарчатмайди. Аксинча, мазза қилиб, ҳузурланиб борамиз, деб ўйлайман…


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации