Текст книги "Бўрилар изидан"
Автор книги: Хусанбой Каримов
Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 19 (всего у книги 19 страниц)
Бўтанинг бу ҳийласи иш бермади. Рўпарадан келаётган ҳарбий машиналар ҳам жангарилар бурилган йўлга бурилишди. Вертолёт эса узоққа кетмай, тепада – баланд осмон бағрида тинмай айлана бошлади. Бу тоғ йўли қаерга олиб боришини ҳеч ким билмасди.
Алҳол, Бўта бошлиқ жангарилар тушган икки машина тўхтади. Чунки машиналар шундоқ тоғ этагига етиб бораёзган эдилар. Ундан у ёғига йўл йўқлиги кундек равшан эди.
Ортдан келаётган ҳарбийларнинг машиналари ҳам анча узоқда эди.
Бўта дарҳол барчага буйруқ бериб, тоғ тагида ҳимоя учун ҳаммага жой ҳозирлашни буюрди. Раҳмонали атрофга бетоқат кўз югуртираётиб, тоғ ёнбағридан каттакон газ қувури ўтганлигини кўрди.
* * *
Полковник Мансуржон Холиқов тушган кичик ҳарбий бўлинма аллақачон Ҳайдаркон шаҳрида Бўта бошлиқ жангарилар шаҳар мэриясига бостириб кириб, бир милиция ходимини отиб ўлдирганлари ҳақида хабар эшитган эди. Неча кунки, Қирғизистон Республикаси Мудофаа вазирлиги билан ўзаро келишиб, давлат чегараларига яқин жойларда аралашган ҳарбий гуруҳлар ташкилланган, бугун эрталаб эса муз тоғи яқинидаги олимларнинг станциясига жангарилар тунда келиб дам олиб, эрталабда бир “Нива” машинасида Ҳайдаркон шаҳри томонга кетганликлари тўғрисида хабар олишгач, шитоб Ҳайдаркон шаҳри сари йўлга чиқишганди. Йўлда эса жангарилар “Нива”дан ташқари, яна битта ҳарбийларнинг юк машинасини ҳам эгаллаганликларидан хабар топишди. Кичик довон тепасида оқ “Нива” ва юк машинасини кўришди. Негадир, кутилмаганда ўнгга қайрилиб, тоғ йўли томон бурилишганидан шубҳаланишиб, тепада чарх ураётган вертолётга хабар йўллашди: иккала машинадагиларни – аниқлаш керак!.. Вертолётдаги ҳарбийлар “Нива” ҳамда юк машиналарининг давлат рақамларигача айтишгач, барча шубҳа-гумонлар тарқаб, ҳарбийлар ҳам тоғ томонга шошилинч йўл тортдилар. Оралиқ масофа бирор километр қолганида, Мансуржон автомашиналарни тўхтатди. Энди янаям эҳтиёт чораларини кўриб, ҳарбий тактика асосида иш тутиш талаб этиларди. Жангарилар автоматлардан ташқари, миномётлар билан ҳам қуроллланган, деган маълумот бор эди. Шу сабаб, ёнидаги қирғиз зобити билан қисқа маслаҳатлашувдан сўнг, Мансуржон дарҳол ёнига снайперчи аскарларни чорлади.
– Йигитлар, булар жангарилар экани аниқланди. Аммо уларнинг орасида бизни одамимиз ҳам бор. Қўлларингдаги фотосуратга яхшилаб қараб олинглар. Иложи борича, узоқдан жангариларни биттама-битта ер тишлатишимиз керак. Суратдаги бизни одамга қарата ўқ отилмаслиги шарт!.. Барчага тушунарлими?.. Демак, асосий ишни снайперларимиз бажаришади! – деди Мансуржон, қатъий қилиб.
Қисқа вақтдан сўнг, ниқобланган мерганлар биринбирин ёй шаклида жойлашиб, ҳаракатга тушишди. Бошқа ҳарбийлар дарҳол ерга ётиб, автоматларини тоғ томонга қаратишди.
Мансуржон ўзаро отишманинг олдини олиш, қон тўкилишига йўл қўймаслик учун, кучайтирилган микрофон орқали жангариларга таслим бўлишни таклиф этиб, мурожаат қила бошлади.
Раҳмонали кутилмаганда тоғ бўйлаб гулдираб эшитилаётган – таслим бўлиш ҳақидаги таклиф эгасининг овозини таниди. “И-я, Мансуржон… Мансуржон акаку!” Беихтиёр Раҳмоналининг юраги гупуриб кетди.
Аллақачон жангарилар тоғ этагидаги турли харсанглар ортига яширинишга улгуришган, отишмага тайёр эдилар.
Орадан ярим соат чамаси ўтса, жангарилар томонидан ҳам, аралаш ҳарбий гуруҳ томонидан ҳам биронта ўқ отилмади. Ногоҳ, жангарилардан бирига қаёқдандир ўқ келиб тегди ва у жон ҳолатда қичқириб, таппа қулади.
“Санайперлари бор экан! Снайперлар!..” деган жангариларнинг қичқириқлари эшитила бошлади. Ва улар тошлар ортига янада писибороқ жон сақлаш пайига тушдилар. Бўта жангариларнинг ваҳима аралаш бу қичқириқларини эшитиб: “Снайперларини мўлжалга олинглар!” деб буюрди. Жангарилар орасида ҳам тўрт нафар мерган бор эди.
Ўқтин-ўқтин отишмалар юз бера бошлаб, ана-мана дегунча тўрт нафар жангари ер тишлади. Устига-устак, осмонда гулдираб тек туриб қолган вертолётдаги мерган ҳам тошлар панасидаги жангариларни битта-битта “теришни” бошлаб юборган эди.
Бирдан Бўта қутиргудай алфозда: “Вертолётни уриб туширинглар!” деб буюрди. Аммо ҳарчанд вертолётга қарата автоматларидан ўқ узишса-да, унга етиб бормасди. Бундан жангарилар баттар ваҳимада қолишди. Бирдан узоқдаги ҳарбийлар томонидан бирваракайига отишма бошланиб, жангариларни бош кўтартирмай қўйди. Бундан фойдаланган ҳарбийларнинг снайперлари жангариларга янада яқинроқ боришга эришдилар.
Бўта, ниҳоят, чидай олмай, катта харсанг панасида турган кўйи, йигитларга ҳужумга ўтишни буюрди. Аммо ҳеч кимнинг панадан чиққиси йўқ эди. Жангарилар ўликми, ё тирикми – билиб бўлмай қолди.
Раҳмоналининг ёнидаги катта тош панасига Бўта жойлашиб олганди. У дамба-дам автоматининг учини ҳарбийларга қаратиб тариллатиб отаётганди. Лекин ўзини кўрсатмаётганди. Раҳмонали эса қўлидаги автоматининг учини хиёл баландлатиб, атайин тепани мўлжаллаб ота бошлади.
Ўқлар заҳираси жангариларда ўта мўл эди. Улар юк машинасида ҳар бирига камида бир қопдан тўғри келадиган ўқлар заҳираси билан келишган, шунинг учун панада туриб бўлса ҳам, аямай ўқ отишаётганди.
Алҳол, бир соатми мўл отишмадан сўнг, кутилмаганда, ўқлар товуши тинди. Вертолёт ҳам қаёққадир ғойиб бўлди. Бундан руҳланган Бўта даст ўрнидан турди ва ҳаммани ёппасига жангга ташланишга даъват эта бошлади. Ниҳоят, бир тўп жангарилар ҳам тошлар панасидан чиқишди. Улар қўлларидаги автоматлари билан кетмакет ҳарбийларга қарата ўқлар узган кўйи олдинга юришди. Бундан фойдаланган снайперлар бирваракайига етти жангарини кетма-кет қулатди. Ҳарбийларнинг снайперлари шундай аниқ ўқ узишаётгандики, ўқ теккан жангари борки, таппа ерга қулаб, бир зумдаёқ жон таслим қилмоқда эди.
Бундай ҳужумдан иш чиқмаслигини пайқаган жангарилар дарҳол ортларига қайтиб, яна тошлар панасига ўтиб олишди. Бўта ҳансираб қолди. У терга пишиб кетганди.
Ҳозирча, гарчанд, ўқлар визиллаб худдики қулоқлари ёнидан ўтиб кетаётган бўлса-да, Бўта билан Раҳмоналига ўқ тегмаётганди. Раҳмонали ҳам ҳаяжонда ҳансирай бошлади. У тезроқ отишма тугашини истаётганди. Тоғ томонга қисиб қўйилган жангариларнинг таслим бўлишдан ёки аниқ ўлишдан ўзга чоралари йўқ эди.
Бўта буни тушунишни истамади. Ердаги каттакичик тошларни паналаб, эмаклаб, яқинлаб келаётган ҳарбийлар, негадир, отишмаётганди. Бундан баттар Бўта жаҳлланиб, жангарилардан ҳарбийларга қарата ўқ узишни, уларни яқинлатмасликни талаб қила бошлади. Жангарилар яна ҳарбийлар томонга пала-партиш ўқ узишни бошлашди.
Бирдан узоқдаги бронетранспортёр шитоб жангариларга ўта яқин келиб, уларга қарата пулемётдан тариллатиб ўқ отишни бошлаб юборди. Ўқлар тоғ тошларига тегиб сапчир, гоҳо тошнинг бир бўлагини учириб кетар, жангари дегани борки, ерга қапишиб олган эди. Ўқлар тоғ тошларига тегиб, жангариларнинг устларига дўлдек ёғилмоқда эди. Кутилмаганда, тепада яна ҳарбий вертолёт кўринди ва снайперчи жангариларни яна биттабитта “тера” бошлашди.
Жангарилар яна осмондаги вертолётга қарата отишиб, етказа олмадилар.
Вазият тобора чигаллашиб бораётганди.
Ҳарбий аскарлар қаторида эмаклаб, жангариларга тобора яқинлашиб келаётган полковник Мансуржон Холиқов дам-бадам бўйнига осиғлиқ дурбини орқали жангарилар томон қараб, нуқул Раҳмоналини қидирмоқда эди. “Ўзингни бир кўрсат, қаерда турганлигингни билиб олай?” дерди у нуқул ўзи-ўзича. Чунки, ҳалигинда Бўта бошлиқ жангарилар даст ўринларидан туриб, олға ташланишганида, улар орасидаги Раҳмоналини илғай олмай қолганди. Негаки, жангарилар пайдар-пай ўқлар узишиб, ҳарбийларни ҳам бош кўтаргани қўймаган эдилар.
Ниҳоят полковник Мансуржон Холиқовнинг қидиришлари иш берди: катта тош панасидан юз кўрсатган Раҳмоналини кўрди: “О, жуда озиб кетибди-ю, азамат!” дея кўнглидан ўтказди. Ўша аснода рация “тилга кириб”, қолди. Мансуржонни “биринчи” чақириб, вазият ҳақида хабар беришини талаб қилаверди. Мансуржон, алҳол, битта чуқурликни мўлжаллаб эмаклаб борди ва ғужанак бўлиб:
– “Биринчи”, “биринчи”, “иккинчи” эшитади! – деди. Ҳозир бизда қизғин отишма! Жангарилар тоғ панасида. Биз ялангликдамиз.
– Йигитимизни кўрдингизми? У соғми? – деган таниш овоз эшитилди рациядан.
Бу – неча кундирки, Фарғонанинг гоҳ Шоҳимардон, гоҳ Новқатига бориб-келиб турган республика Миллий хавфсизлик хизмати бошлиғининг ўринбосари, генераллейтенант Азим Умаровичнинг овози эди.
– Кўрдим. У соғ-омон, – дея жавоб берди Мансуржон.
– Уни эҳтиёт қилинглар, Мансуржон, эҳтиёт!.. – дерди нуқул Азим Умарович.
– Тушундим, ярим соатдан сўнг яна алоқага чиқаман, – деб жавоб берди Мансуржон ва дабдурустдан жангариларга яқин бориб, бирваракайига ўққа тутаётган, ичида қирғиз армияси зобити ўтирган бронетранспортёрни чақира бошлади. Ундан жавоб олингач, зудлик билан машинани ортга тисаришни, ўқ узишни тўхтатишни буюрди.
Мансуржоннинг фикри-хаёли Раҳмоналида эди. Ахир, кимсан – республика Президентининг махсус топшириғи бор: мард ва жасур, қаҳрамон йигитни соғ-омон сақлаб қолиш керак!.. Мабодо, Раҳмоналига бир гап бўлсами?.. Уф-ф, даҳшат!..
Бўта вақт ўтгани сайин ваҳшийлашган кимсадек, ўзини қўярга жой тополмай, нуқул қўлидаги автоматини силтаб, тошлар панасида биқиниб ётган жангариларга дўқ-пўписа қила бошлади:
– Ўлдираман сен қўрқоқларни! Нега отмайсан! От!.. – дерди бақириб. – Давай!..
Аммо қассобга ёғ, эчкига жон қайғу, деганларидек, ҳеч бир жангари асло ўз-ўзини хавф-хатарга қўйишни истамаётганди.
Ниҳоят, Бўтанинг бақириб дўқ қилишлари, дағдағалари таъсир қилдими ё муқаррар ўлимни сездиларми, бирдан жангарилар яширинган жойларидан отилиб чиқишди ва кутилмаганда қўлларидаги автоматларидан олдинга дўлдек ўқ ёғдиришиб, ёнларига осиб олган гранаталарини олдинга ирғитиб, олға юришди. Ушбу вазият кутилмаганда содир бўлдики, энг охирида пана ердан Бўта билан Раҳмонали бўй кўрсатишди. Уларни ётган кўйи полковник Мансуржон Холиқов кузатиб турганди. Ёнидаги ниқобли мерган йигитга бақириб, милтиғини беришини талаб қилди. Аскар йигит милтиқни узатворгандики, жангариларнинг автоматларидан визиллаб учаётган ўқларга ҳам парво қилмай, Мансуржон дарҳол Бўтани нишонга олиб ўқ узди. Кўз юмиб-очгунча бўлмай, Бўта ерга қулади.
Раҳмонали ногаҳон Бўтага ўқ тегиб, ерга қулаганини кўрган заҳоти уни ортга судради ва катта тош панасига олиб ўтди. Ўқ Бўтанинг ўнг биқининидан кириб, орқа тарафини ўрадек ўпириб кетибди. Унинг ичак-чавоқлари тешилган биқинидан осилиб тушиб, Раҳмонали ҳалигинда судраганида роса, тупроққа қоришган экан. Бўта аввалига нима бўлганини сезмаётганигами, нуқул тураман деб интиларди. Раҳмонали уни елкасидан ерга қаттиқ босди ва қўли билан қип-қизил қони шувиллаб оқаётган биқинини ўзига кўрсатди. Ана ўшандагина Бўта ўқ тегиб, яраланганлигиини билди. Ва, ҳаял ўтмай, Бўта ҳолсизлана бошлади. Жангарилар яна тезликда ортга қайтишди. Очиқликда тағин аллақанча жангарининг ўлиги қолди.
Бўта хирқирай бошлади. Раҳмоналининг жимгина унинг ўлишини кузатишдан ўзга иложи йўқ эди. Раҳмонали учун жанг тугади. Бўтанинг яраланганидан бехабар қолган жангарилар ҳамон ҳарбийларга қарата тинимсиз автоматларидан ўқ узишарди.
Бир маҳал, Бўта:
– Мен ўляпманми? – деб сўради, кўзларини аранг очиб-юмиб.
– Ҳа, сиз ўляпсиз, – деди Раҳмонали.
– Худдики туш кўраётгандекман. Ана Тошқўрғондан дадам, онам, акаларим мен томон келишяпти, – деди Бўта, алаҳсираб.
Раҳмоналининг киприкларидан бир неча кўзёшлари сирғалиб чиқиб, зангранг юзлари сари думалади.
Бир вақт, ҳаммаёқ типпа-тинч бўлиб қолди. Отишмалар тамоман тўхтади. Жуда баландда лочинми-ей, бургутми-ей, чўзиб товуш берди. Раҳмонали беихтиёр осмонга қаради: жуда баландда бир бургут!… Раҳмонали енги билан юзларини артди.
Сайхонликда дупир-дупир чопиб келаётганларнинг овозлари эшитилди. Чамаси, ҳарбийлар Раҳмоналидан ташқари, барча жангариларни ер тишлатганларига ишонч ҳосил қилишган шекилли, шошиб-елиб яқинлашмоқда эдилар. Бўта гоҳ кўзларини очар, гоҳ яна юмиб олар, аммо қимирлаёлмасди.
Катта харсанг рўпарасида снайпер милтиғини тутганча полковник Мансуржон Холиқов пайдо бўлди. Унинг ортида эса бир тўп қуролланган ёш аскарлар. Раҳмонали ўрнидан турди. Мансуржон қўлидаги милтиғини ёнидаги аскар йигитга бериб, қучоқ очиб, олдинга қадам ташлади. Ерда ҳолсиз, ярим ҳушсиз ётган Бўтанинг шундоқ ёнида Мансуржон билан Раҳмонали қучоқ очиб кўришишди. Бу ажиб, узоқ йиллар кутилган ҳолатни ногоҳ кўзини очиб, Бўта жимгина ётиб, кузатаёганди. У қўлига яқин ерга ташлаб қўйилган автоматини олишга уриниб, сал қимирлагандики, Мансуржон сезиб, оёғи билан автоматни нарига сурди ва ғилофдан тўппончасини олиб, Бўтанинг олдига борди.
– Қўйинг, ўртоқ бошлиқ, – деди Раҳмонали Бўтадан кўзини узмай. – Унинг охирги нафаслари қолган, тинчгина ўлишига қўйиб берайлик. Зора, Ватанга қилган хиёнати учун тавба қилса, бизнинг олдимизда.
Мансуржон жон беролмай қийналаётган Бўтанинг башарасидан кўз узмай, тўппончасини ғилофига қайта жойлади.
– Сенмидинг – ўша? – деди оғзидан қони сизиб оқа бошлаган Бўта, хиралашаётган кўзларини Раҳмоналига қадаб.
– Ҳа, бўрилар изидан бориб, бўри суратига киришга мажбур бўлган, Ватанини ҳар қадамида ҳимоя қилиб турган мен – ўшаман.
– Ке, ука, сен мени ўз қўлинг билан отиб ташла, жуда қийналиб кетдим… Мен бошида хато қилган эканман. Барчаси ёлғон бўлиб чиқди. Ўз ёлғонларимга ўзим ишониб, ажалнинг домига тушдим…
Қўқис, яна вертолётнинг гуруллаган товуши эшитилиб, тобора пастлаб, қўнишга ҳаракат қила бошлади. Ўша лаҳзаларда қирғиз зобити, барча жангарилар ўлдирилганлигини, уларнинг қурол-яроғлари йиғиштириб олинганлигини билдирди ва уларнинг жами сони йигирма саккизта, деб айтди. Мансуржон; шу тўғрими, дегандек Раҳмоналига юзланди.
– Барча жангарилар ўттизта эди бу ерда, муз тоғида йигирматаси қулаб ўлди. Энг охиригиси мана мен ва ерда ётган Бўта, – деди у.
– Демак, эллик жангари йўлга чиққан экан-да? – деди Мансуржон, хиёл кулимсираб.
– Йўқ, – деди Раҳмонали, бошини чайқаб. – Улар асли қирқ тўққиз киши эди.
Мансуржон бу гапнинг асл маъносини тушуниб, Раҳмоналини меҳр билан маҳкам бағрига босди.
Ҳарбийларнинг вертолёти гулдираб қўниб, чоратрофни ганчитиб юборди. Ҳаял ўтмай, ҳарбийча кийинган бир киши тушди: сочларига оқ оралаган, бироз семизга мойил, аммо адл қоматли, баланд бўйли… Бошига шапкасини кийди.
У кишини кўриб, Мансуржон Холиқов чаққон ўша томонга юрди.
Бу вақтда Бўтанинг тамоман жони узилган, танибадани совиб бораётганди. Бироқ икки кўзи очиқ қолган, гўёки осмонда гир айланиб чарх ураётган ўлаксахўр калхатларга боқиб тургандек эди. Раҳмонали энгашиб, Бўтанинг очиқ қолган кўзларини аста-аста кафти билан силади.
Кўзлар юмилди.
Ҳарбийча кийинган киши Раҳмонали турган ерга етиб келди. Раҳмонали Азим Умаровични танидию, шартта туриб, ҳарбийчасига ахборот берди.
Азим Умарович мамнуният билан қучоғини ёйиб, жилмайган кўйи, уни маҳкам бағрига босди ва:
– Бормисан, соғ-омонмисан, ўғлим! – деди. Хайрият!.. Офарин сенга. Ҳақиқий ватанпарвар йигитнинг ишини қилдинг. Яша, ўғлим!
Сўнг қалин ўтлар орасида, катта тошнинг панасидан чиқиб турган Бўтанинг жасадига кўзи тушиб, ўша томонга юрди:
– Бу ким? – деди: – Тўхта-чи, ўзим айтаман. Менимча, Бўта, а, шундайми?
– Ҳа, ўша… – деди Раҳмонали.
– Қара-я, бунақаларга кафанлик ҳам буюрилмайди. – Азим Умарович шундай деб, Раҳмоналини елкасига қўлини қўйди, унга яна бир бор меҳрли кўзлари билан боқди.
– Рухсат этсангиз… – дея Раҳмонали икки аскар йигит кўтарган Бўтанинг жасадига илдам яқинлашди ва унинг ички яўнтагидан чиройли бир ёзув ручкасини олди. Сўнг элтиб, Азим Умаровичнинг ёнида турган қирғиз зобитига узатди:
– Мана бу Ҳайдаркон шаҳри мэрининг ручкаси, – деди. – Илтимос, шаҳар мэрига қайтариб бериб, мени номимдан кечирим сўраб қўйсангиз?.. Ҳа, яна бир гап, мэрнинг қабулхонасидаги чиройли жувондан ҳам кечирим сўраб қўйинг…
– Полковник Мансуржон Холиқов! – деди Азим Умарович.
– Эшитаман жаноб генерал-лейтенант, – деди Мансуржон ғоз туриб.
Раҳмонали Мансуржонга кулиб қаради ва унинг полковник унвонига етишганидан мамнунлигини билдириб, бошини ирғади.
– Миллий хавфсизлик хизмати подполковниги Раҳмонжон Саломов, мен ва сиз, ҳозироқ манави вертолётда тўғри Фарғона шаҳрига учиб борамиз. У ерда бизни пойтахтимиз Тошкент шаҳрига учадиган махсус самолёт кутаяпти, – деди Азим Умарович, Раҳмоналини ҳайратда қолдириб.
Раҳмонали Азим Умаровичнинг гапларини эшитаётиб, беихтиёр:
– О, подполковник! деди хушҳол оҳангда.
– Ҳа, нима бўпти? Сизнинг подполковник унвонини олганингизга анча вақт бўлган, ўғлим. Табриклайман!..
– Ўзбекистон Республикасига хизмат қиламан! – деди Раҳмонали ғоз қотиб.
– Қани, чиқдик бўлмаса вертолётга! – деди генераллейтенант Азим Умарович, Раҳмоналига йўл кўрсатиб.
Раҳмонали беихтиёр ортига ўгирилиб қаради. Аскарлар жангариларнинг жасадларини бир-бир йиғиштириб, юк машинасига ортаётганларини кўрди. Юрагининг туб-тубида уларга нисбатан ачинишга ўхшаш бир ҳис бош кўтаргандек бўлди. Ахир, ўзи хоҳламаса-да, уларга қўшилиб бир ҳаводан бирга нафас олди.
– Уларни ҳозир қаерга олиб боришади? – дея сўради Раҳмонали, юрак тубидаги ҳисларини саволга айлантириб.
– Уларними?.. – деб, Азим Умарович ҳам ортига бир қаради. – Аввал Ўш шаҳрига олиб боришади. Чунки улар Қирғизистон республикасига қурол билан киришди. Қирғиз дўстларимиз билан биз фақат ҳамкорлик қилиб, қонли қирғинбаротнинг олдини олдик, холос. Ундан у ёғини уларнинг ўзлари ҳал этишади.
Вертолётга чиққанларида Раҳмоналининг юраги гўё бўм-бўш бўлиб қолгандек туюлди. Чунки, барча ғамташвишлари тугади… Энди Тошкентга!…
Тошкентга учиш учун самолётга кўтарилганларида, беихтиёр анча вақтдан буён уни ўйлантираётган бир савол билан генерал-лейтенант Азим Умаровичга мурожаат қилди:
– Азим ака, мен-ку бир неча йиллик хизматдан сўнг қайтиб келдим, – деди. – Аммо у ёқда наркобарон Талаб қолди. У бошлиқ қуролли жангарилар Амударё бўйлаб Сурхондарёнинг Термиз шаҳрига чиқишмоқчи эди. Покистон билан Афғонистоннинг чегарасидаги ҳарбий лагерда юз берадиган воқеаларни олдиндан айтиб турадиган, ахборот берадиган одамимиз энди йўқ… – дея гапини якунлади Раҳмонали.
– Нега йўқ бўларкан? Бор, ўғлим, бор! – деди Азим Умарович.
– Ким у? – Беихтиёр ҳаяжонланиб сўради Раҳмонали.
– Энди буниси – давлат сири. Ҳатто, бу сирни сиздек қаҳрамонимизга ҳам айтишга ҳаққимиз йўқ. Сиз ўз ишингизни ошиғи билан бажариб қўйдингиз. Анчадан буён, қандай қилиб бўлмасин, сизни юртга қайтариш чора-тадбирини ўйлаётгандик. Мана, бугун вақти-соати экан, эсон-омон қайтдингиз, шукр, юз кўришдик!.. Наркобарон Талаб масаласига келсак, унинг ҳам қора кунлари яқин. Куни кеча Афғонистон давлатининг Сурхондарёга яқин, Амударёнинг у тарафидаги ҳудудида жангарилар билан афғон ҳукумати аскарлари ўртасида тўқнашув бўлган. Бир неча ўнлаб жангарилар ер тишлатилган. Афсуски, уларнинг орасида Талаб йўқ экан. Чамаси, у – айёр тулки, нима бўлишини олдиндан билган…
Раҳмонали, самолёт ҳавога кўтарилиши билан, жангарилар ҳақидаги барча ўй-ташвишларини унутгиси келди. У иболи рафиқасию кап-катта йигитча бўлиб қолган ўғлини қаттиқ соғинганлигини ўйлаб, уларнинг гўзал чеҳраларини бир-бир эслашга ҳаракат қила бошлади…