Электронная библиотека » Хусанбой Каримов » » онлайн чтение - страница 12

Текст книги "Бўрилар изидан"


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 05:20


Автор книги: Хусанбой Каримов


Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 12 (всего у книги 19 страниц)

Шрифт:
- 100% +

– Мен куни кеча жаноб Тўражонзода билан суҳбатлашдим. Ўртамизда айнан мана шу масалада анчайин кенг фикрлашлар бўлиб ўтди. Тўражонзода жаноблари бизга қаттиқ ишоняптилар. Агарда биз ғалаба қилсак, Тўражонзода бошлиқ қувғинда юрган тожик биродарларимизнинг ҳам юртларига кириб боришлари осонлашади…

– Асли ўшанда кўпроқ қурол-яроғни қўлга киритиб, йигитларни яхшилаб қуроллантириб, Наманганда ўралашиб юрмасдан, тўппа-тўғри Тошкентга бостириб боришимиз, бир ҳамла билан ҳукуматни олиб қўйишимиз керак эди, – деди Бўта. Ўтирганлар ҳайрат билан унинг оғзига тикилишди. – Лекин, биз сусткашлик қилдик, аввал Наманганни исломий шаҳар қиламиз, деб…

Талабнинг юз-кўзларида тундлик зоҳир бўлди. Бу гапларнинг бир учи Талабга ҳам калтак бўлиб тушаётганди. Раҳмонали икки ўртадаги душманликми-ей, кўролмасликми, хуллас, шунга ўхшаш келишмовчиликни анча вақтдан буён сезиб юрганди. Ёдида, ўшанда Учқун, Назир жинни билан «Запорожец» машинасига Бобурхон чақиртириб берган Далли лақабли марғилонлик йигит етовида аввал Қувасой шаҳрига боришиб, бир қирлик оша Фарғона туманига ўтиб, ундан Гулпиён қишлоғидаги давлат чегарасидан осонгина ўтиб олганларида, Қирғизистон ҳудудида учаловини кутаётган Талаб ва Бўтанинг ўзаро даҳанаки жангларига илк бор гувоҳ бўлган эди.

– Қўрқоқлик қилиб юртни ташлаб кетяпмиз! – дея Бўта норози оҳангда гапирган эди. Ўшанда Талабга қарата, ўзлари ҳозиргина босиб ўтган чегара ортига тушкун кайфиятда боқаркан. Бундан буёғига Ватаннинг бир кафт тупроғига зор бўлиб, узоқ афғон тоғларида яна кезиш пешонасига ёзилаётгани билан сира муроса қилолмай.

– Хўш, сен қолмоқчимисан – бор, ана, қайтиб кетавер. Чегарадан шундоқ ўтасан-у, қўлга тушасан. Ундан уёғи биласанми, умрбод қамоқ, агарда президент раҳм қилса. Бўлмаса тикка пешонангдан отиб ташлашади. Барибир, сен қишлоқда ўсганингга бораркансан, – деганди Талаб ҳам ачитиб.

– Сен – шаҳарлик, умрингда қўлингга қурол олиб, тоғма-тоғ жанг қилиш нималигини кўрганмисан ўзи? Ёшлигингдан эркатой бўлиб ўсгансан!.. – деб бақириб берган эди ўшанда Бўта, аламига чидаёлмай. – Сен мен айтганга ҳеч юрмадинг-юрмадинг. Қачон қарама, ўзингникини ўтказишга уриндинг. Мана, оқибат – ватангадо бўлиб турибмиз.

– Хўп, сенинг айтганнингни қилиб, Тошкентга қурол кўтариб боришимиз керакмиди? Нега унда сен президент обкомга оқ отни миниб келганида бир иш чиқармадинг? Мен сенга нима деб тайинлагандим, иккимиз қандай режа тузгандик, эсингда борми? Қўлингда автоматинг бор эди-ю, пақ этиб отиб ташласанг, олам гулистон эди. Қўрқоқ эмиш… Қўрқоқ ким, – ўзинг айт-чи?

Мен сенга неча марта айтдим, биз Наманганда тўстўполонни қанча кучайтирсак, шундагина президентни ўзи келади, деб. Шу вазиятдан фойдаланиб қолайлик, деб айтганмидим? Тайинлаганмидим? Тайинлаб, қўлингга чизиб, миянгга қуйиб ҳам қўйгандим-а? Сен нима қилдинг – қўрқоқлик қилиб, қўлингдаги автомат тепкисини бир марта босишга ярамадинг-ку! Яна менга: «Афғонда хизмат қилганман», деб мақтанасан… Билиб қўй: ҳали кўп афсус қиласан!..

Раҳмонали Бўтанинг ичидан ўтаётган ҳис-туйғуларни тушунгандек бўлганди. Назир жинни эса, менга яна қандай топшириқ бор экан, деган ўйдами, бепарволик билан, чегаранинг бу томонига ўтиб қолганига заррача ачинмаётгандек, ерга чирт этказиб тупиргану, бурнини бир тортиб қўйган. Учқун эса юз ифодасида бирон бир ўзгаришни сездирмасдан совуққина тик тураверган эди. Талаб эса, ҳув узоқ-узоқлардаги нотаниш тоғлар ортидан нималардандир қаттиқ умидвор бўлаётган кимсадек, ўта ишонч билан фақат олға кетишни истаётганди. Унинг юз-кўзларидан айни истакларни илғаб олиш қийин эмас эди.

Бугун-чи?.. Бугун Талаб ўта эҳтиёткор. Бўта эса тезроқ юртга қурол билан бостириб бориш истагида ёнибкуяяпти. Энг муҳими, аниқ режа қандай – Раҳмонали учун мана шуниси муҳим. Билиб олса, бас. Аммо кейинги йилларда ушбу лагерда тайёргарлик кўрган, Россиянинг узоқ Чеченистон мамлакатидаги қонли талотўпларда қатнашиб, тажриба орттирган ёш-ёш ўзбек йигитлари дийдаси қотиб, Ўзбекистонга пинҳона жўнатилганини ҳам жуда яхши билади. Лекин биронтасининг иши ўнгидан келмади. Барчаси бирма-бир юртга бориб, қўлга тушаверди. Уларга берилган топшириқ: у ёки бу соҳада норозичилик кайфиятига берилиб қолганларни топиб, диний-экстремистик ташкилотлар йўл-йўриқлари асосида иш ташкил этиш эди. Одамларни тайёрлаш ишлари ҳам юртда бошланса-да, охирига етмай қолаверди. Шоир Зиё Маҳмуд, Талаб бошлиқ аламзадалар қаттиқ уриниб, минг-минглаб долларларни елга совуриб, минг чиранаётган бўлсалар-да, ҳеч бир иш чиқаролмаётганлари бор гап. Ҳирот шаҳридаги чойхонада учраган мўйсафид айтган гапларда жон бор. Мустақил Ўзбекистон давлати кундан кун эмас, соат сайин бақувватлашиб, кучайиб бормоқда. Буни энг ривожланган давлатлар тан олаётганлари ҳам бор ҳақиқат.

Раҳмонали шундай хаёлларга берилиб ширин тушлар кўраётгандек бўлганида, шоир Зиё Маҳмуд, Талаб ва Бўта аста-секин ўринларидан тура бошладилар. Хаёллари бўлиниб, Раҳмонали ҳам қўзғалишга мажбур бўлди.

– Бўлажак операцияни майда-чуйдасигача пухта ишлаб чиқиб, сўнг тезроқ ишга киришсак, мақсадга мувофиқ бўлади, – деди, сўнгги вақтларда еб ётаверганидан анчагина семириб, тўлишиб қолган Бўта, бир кекириб.

– Бўта жуда тўғри гапни айтяпти, – деди жавобан шоир Зиё Маҳмуд, елкасига костюмини илаётиб. – Ҳозир айни ёз. Тоғларни ошиб ўтиш учун ўта қулай маҳал. Ишонаманки, йигитларингиз бундай оғир, шарафли ишга пухта тайёргарлик кўриб қўйишган.

– Йигитларимиз сафида Чеченистон тарбиясини олиб, пишганлари ҳам анчагина. Улар ҳар қандай қийинчиликка миқ этмай чидай олишади. Қолганлар, албатта, улар ортидан эргашишади, – деди ишонч билан Талаб.

– Мен… – дея алоҳида таъкидлади Бўта, қаддини ғоз тутиб. – Тоғдан олиб ўтишдан бошлаб, водийга тушиб олганимиздан кейин ҳам, бир қадам ортга чекинган кимсани сезиб қолсам, аяб ўтирмай, нақ пешонасидан отиб ташлайман!..

– Ҳай-ҳай, қизиққонлик қилманг, Бўтажон, – деди шоир Зиё Маҳмуд. – Сиз у томонга бормайсиз.

– Нега? – Ажабланиб сўради Бўта. – Мен бормасам, ким боради!?

– Сиз билан Талабжон шу ерда жуда керакли одамларсизлар. Раҳбарликка бирон ишончли одамларингиз бордир. Ўшани тавсия қила қолинглар.

Тарвузи қўлтиғидан тушгандек, Бўта бўшашиб қолди. Шу лаҳзаларда Талаб дарров вазиятни қўлга олишга уриниб:

– Бизнинг орамизда, мана, Учқун, Раҳмонали бор. Учқунни совуққон, мулоҳазалиги учун ҳурмат қиламан. Сира қизишиб кетмайди. Учқун бошлиқ йигитлар Фарғона водийсини қўлга олганларидан сўнг биз тез етиб борамиз. Буёқда афғон мужоҳидлари ҳам шай туришибди. Имкон қадар Амударё оша иккинчи фронтни очиб юборамиз. Ўзбекистоннинг раҳбарларини гангитиб, оғир аҳволга солиб қўямиз. Халқ қўзғалса борми, мисоли дарё деяверинг. Бунинг учун энг аввало халқни қўзғаш лозим.

– Ўзбекистондаги вазият ҳозир сизлар ўйлагандек таранг эмас. Тўғри, ишсизлик бор, анчагина диний-экстремистик ташкилотларга аъзо бўлиб, қамалганлар, улар нинг оила аъзолари, амалидан тушиб, аламзада бўлиб юрганлар, иш тополмай ичкиликка берилган, нашаванд бўлиб қолганлар талайгина. Аммо асосий халқ ўз тирикчилиги билан банд. Хусусий тадбиркорлик, фермерликка кенг йўл бериб қўйилган. Ҳозир Ўзбекистондаги одамлар уй қурсам, Асакада ишлаб чиқарилаётган янги енгил автомашиналардан сотиб олсам, дабдабали тўй қилсам, деган ташвишлар гирдобига тушиб қолишган. Биздаги энг сўнгги маълумотлар шунақа.

Кунда, кун ора «Ҳизб-ут-таҳрир» диний-экстремистик ташкилот аъзоси деган тавқи лаънат билан телекўрсатувлар берилиб, газеталарда пешма-пеш мақолалар чиқариб турилибди. Халқ назарида обрўли, илмли дин пешволари бу ишларни ёқлаб, жамоат жойларида маърузалар қилишяпти.

Хуллас, юртдаги вазият сиз билан биз ўйлаганчалик оғир аҳволда эмас. Айтишларича, халқнинг меҳрини, ҳурматини қозониш учун раҳбарлар кетма-кет замонавий бинолар қурдиришмоқда. Ободонлаштириш ишлари авжида.

– Роса мақтавормадингизми, шоир ака? – деди Бўта.

– Нега мақтар эканман, борини айтяпман. Чунки интернет тармоқлари орқали ҳар куни ўқиб, кўриб, кузатиб боряпман. Қолаверса, Ўзбекистонга борибкелаётганларнинг оғзидан эшитяпман. Ўзбекистон ҳукумати кейинги вақтларда тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириб, телекўрсатувлар сонини ҳам, сифатини ҳам ошириб, дунёнинг ҳар жойида бемалол Ўзбекистондан берилаётган телекўрсатувларни бемалол томоша қилиш имкониятини яратиб қўйди.

– Шоирнинг гапларида жон бор, – деди Талаб. – Сизлар тоғлар ичида ойлаб, вақти келса йиллаб ҳарбий машқлар билан банд бўлаяпсизлар.

– Мана шундақада, эшакни кучи ҳалол-у, гўшти ҳаром, деганларича бор. Ойлаб, йиллаб машқлар қилиб, тайёргарлик кўрайликда, асосий ҳужумда иштирок этмайлик, – деди яна Бўта, гапни ўз муддаосига буриб.

– Сиз бизни тушунмаяпсиз, биродари азиз, – деди шоир Зиё Маҳмуд, дабдурустдан чўтоқлангандек. – Сиз ахир бизнинг энг ишонган одамимиз, суянган тоғларимиздан бирисиз. Сизсиз биз бирор ишни охирига етказолмаймиз. Тушунинг, энг сара йигитлар тоғлар ошиб Фарғона водийсига ҳужумни уюштириб туришганида, биз афғон мужоҳидлари билан Амударёни кечиб, Термиз орқали юртга кириб борамиз.

Қолаверса, сизлар унча яхши танимайдиган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, ҳозирда Париж шаҳрида қўним топган Ҳуснигул Ҳасанова неча ойдирки, Қирғизистон Республикасининг Ўш, Жалолобод областларида юриб, у ерлардаги ўзбек миллатига мансуб аҳолини қўзғаб, тайёрлаб турибди. Худо хоҳласа, тоғдан ошиб ўтишса, бас, у ёқдан ўшлик, жалолободлик ўзбеклар ҳам қўшилиб, қарабсизки, катта кучга айланамиз.

Қадимда ўрисларнинг Оренбург шаҳри яқинида Қўқон хони Худёрхоннинг қалъаси бўлган. Бу ёғи Ўш, Жалолобод, Хитойнинг Урумчисигача бизни қўллайдиганлар топиладилар. Хулласки, биз Ўзбекистонда исломий давлат қурар эканмиз, чегараларимизни эски тахлитда яратамиз.

Шоир Зиё Маҳмуддан бундай ёқиб тушадиган гапларини эшитаётган Талаб, кўзларини юмган кўйи, тас диқлаётгандек, бот-бот бошини ирғамоқда эди. Бўтанинг эса оғзи очилиб қолаёзганди.

– Хўп, ҳамма гапларингиз чиройли, ҳалиги айтганларидек, шоирона, – деди Бўта. – Йигитлар тоғнинг у томонига, Фарғона водийсига қуруқ автоматларини кўтариб боришадими? Бу ерда миномётлардан отишнинг роса ҳаддисини олишганди, қолавераркан-да, демак?

– Айнан мана шунақанги ўта муҳим масалаларни ҳал этиб олиш учун бугун йиғилишдик, – деди шоир Зиё Маҳмуд.

– Неча кундирки, шу масалар бизнинг ҳам бошимизни қотиряпти-да! – деди Талаб. – Йигитларимизни тоғлар оша водийга тушганини эшитиши билан, биринчи галда Ўзбекистон ҳукумати вертолётларию самолётлари, танкларини ишга солади. Бизда-чи?.. Яккаш автоматлар бўлиши ақлга сиғмайдиган иш. Осмондаги вертолёт, самолётларни уриб туширадиган, ердаги танкларини мажақлаб ташлайдиган қуролларимиз ҳам йигитларимиз билан бирга бўлиши шарт. Лекин уларни тор, иланг-биланг, музли тоғлардаги сўқмоқлардан қандай олиб ўтамиз? Мана, масала қаерда!

Бўта Талабнинг гапларини эшитиб, ерга қараганча, ўйланиб ўтириб қолди.

Раҳмонали уларнинг оғизларидан чиқаётган нафақат ҳар бир сўзларини, балки, қилча хатти-ҳаракатларини ҳам зимдан кузатиб, ҳушёр тураркан: «Эҳ-ҳе, бу валломатлар Фарғона водийсига музли тоғларни ошиб ўтишмоқчи экан-да! – деган ўйда қулоқларини динг қилиб турарди. – Хўш, қаеридан?».

– Бизни режа бундай, – дея Талаб атрофга аланглаб, ногоҳ нигоҳи Назир жиннига тушгач, буюрди:

– Энди мана бу дастурхонни тезликда йиғиштириб, стол устини тозалат. Стол атрофида ўтириб, бир каллаларни ишлатайлик.

Назир жинни Талабнинг нима демоқчи эканини бир имода тушунди-да, ташқаридан икки йигитни чақириб келди ва стол устидаги идиш-товоқларни ҳамда дастурхонни ҳам йиғиштиртирди.

Талаб сумкасидан Ўзбекистон Республикасининг харитасини чиқарди. Столга ёйди. Кейин дунё харитасини деворга ёпиштирди:

– Мана дунё харитасида бизнинг Ўзбекистон жойлашган, – дея ўнг қўлининг кўрсаткич бармоғи билан харитада Ўзбекистон жойлашган нуқтани кўрсатди. – Бизнинг режага биноан, йигитларимиз Тожикистон орқали бориб, муз тоғ орқали худди Фарғона водийси устидан тушишлари лозим…

– Хўш, шунча жангари йигит муз тоққача қандай етиб боради? – деди Бўта.

– Бунинг ҳам режасини тузиб қўйганмиз. Йигитлар кичик-кичик гуруҳларга бўлиниб, йўлга чиқишади. Фақат кечалари йўл босишади, одамларнинг эътиборини тортмаслик учун. Афғонистон ҳудудида йигитларимизга афғон мужоҳидлари ёрдам беришади. Ишонамизки, афғон ҳудудида ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Бироқ, Тожикистон ҳудудига ўтгач, бироз қийинчилик бўлиши мумкин. Яхшики, тожиклар орасида ҳам пул деса ҳар ишга тайёр одамлар бор. Айниқса, ҳарбийлар орасида. Жаноб Тўражонзоданинг илтимоси… ўртага тушиши билан, Тожикистондан ҳам бир неча ёлланма кишилар топилди. Улар бир қанча ҳарбий бошлиқлар билан гаплашиб, келишиб қўйишди. Йигитлар тинчлик билан, ҳеч қандай можарога аралашмай, муз тоғи томон ўтиб олиш лари лозим бўлади. Биз ўшаларни ёрдамидан фойдаланиб, Тожикистоннинг Қоратегинигача етиб олишимиз керак. Ундан уёғи… муз тоғлар бошланади.

– Айтишларича, муз тоғ орқали юрилганида, йўлга бор-йўғи икки-уч кун сарфланади, – дея салмоқлаб гапга қўшилди ҳалигача жим ўтирган шоир Зиё Маҳмуд, девордаги дунё харитасига кўз ташлаб.

– Демак, бу ерга келгунча барча ишларни пишитиб, тап-тайёр бўлиб келибсизлар-да, а? – деди Бўта, хафагазак оҳангда.

Талаб Бўтага заррача эътибор қилмай, гапида давом этаверди:

– Муз тоғининг йўли ўта хавфли, тор сўқмоқлар… Салгина эҳтиётсизлик ҳам ўлим билан баробар! Муз тоғларда шундай ёриқлар бор эканки, тушиб кетган одам минг йиллар давомида ҳам тарашадек қотиб тураверар экан…

Беихтиёр Раҳмоналининг эти бир жунжикди.

– Энди асосий масала шуки, бизга керакли замонавий қурол-яроғларни муз тоғи орқали қандай олиб ўтиш! – деди овозини баландлаб, шоир Зиё Маҳмуд. – Бу масалада, ҳатто, хориждаги ҳамкорларимиз ҳам бирор бир жўяли маслаҳат бера олишмади. Муз тоғлар тепасидан вертолётларда учиш ўта хавфли. Бизнинг орамизда вертолёт, самолётларни бошқарадиганлари йўқ. Хориж ҳарбийлари эса бунга асло кўнишмади. Биз бу масалани ҳам ўртага ташлаб, айнан шу ишда ёрдам сўрагандик, умуман кўнишмади. Ҳозир Ўзбекистон ҳукуматининг халқаро доирада обрўйи баланд, аралашув тасдиқланиб қолса, катта миқёсдаги халқаро жанжалга сабаб бўлиши мумкинлигини рўкач қилишди…

– Демакки, ўзимиз… – Оғир уф тортди Бўта, белидаги камарини сал бўшатиб. – Доим шундай, бизни қўлимиз билан гўё чўғ ушламоқчи бўлишади улар.

– Аммо катта-катта пулларини аяшмаяпти. – Гап қистирди жавобан Талаб. – Бу жиҳатини асло унутишга ҳаққимиз йўқ.

– Ҳа, менам шуни айтаман-да, кимнинг аравасига чиқсанг, ўшанинг чилдирмасига ўйинга тушишга мажбурсан, – деб, тўнғиллади Бўта.

– Келинглар, пичинг гапларни йиғиштирайлик-да, асосий ишга ўтайлик, – деди шоир Зиё Маҳмуд. – Ҳозирги энг муҳим масала, ҳали айтганимдек, замонавий қуролларимизни ўзимиз билан у томонга олиб ўтиш!

Бўта ўрнидан турди ва Назир жиннига юзланди:

– Бор, чилим келтир! Каллани ростлайлик.

Шу гапни кутиб тургандек, Назир жинни дик этиб ўрнидан турди ва эшик томон йўналди. Шоир Зиё Маҳмуд эса: «Бу нима қилиғи?» дегандек ажабланиб Талабга қаради. Талаб, бунинг бори шу, дегандек, аста қўлини сермади.

Орага анчагача оғир жимлик чўкди.

Бўта нималарнидир ўйлаганча, бошини икки оёғини ораси томон осилтириб, кўзларини юмиб ўтираверди.

Раҳмонали, Бўта ҳозир айтилган масаланинг ечимини топиш учун қаттиқ ўйга толганини Раҳмонали яққол сезди. Одатда, Бўта мушкул аҳволга тушиб қолганида аввалдан шундай ҳолатда анчага довур ўтирар, сўнг чилимни қуриллатиб торта-торта, алҳол йўлини топарди. Бу гал ҳам шундай қилмоқчи эди.

Эшик ғийқ этиб очилиб, Назир жинни, бир қўлида чилим тутганча, кириб келди ва харита ёзилган стол устига чилимни қўйди. Бўта чилимнинг найчасини лабларига қистирганча, қуриллатиб ичига тутун тортаркан, зумда кўзлари қизаринқиради. Шифтга қараб, оғзидан паға-паға тутун чиқара бошлади. Бу ҳолат узоқ давом этмади.

Ниҳоят, Бўта, буни ол, дегандек Назир жиннига имо қилди. Назир қулай фурсат келганини сезиб, Бўтанинг қилиғини қайтармоқчи бўлди-ю, негадир Талаб ва шоир Зиё Маҳмуднинг қаттиқ тикилиб турганини кўргач, фикридан қайтди.

Кейинги вақтларда Назир жинни Бўтани чилим чекишга жуда ўргатганди. Назир чилим учун «мол»ни қаерлардандир топиб келар, иккиси тез-тез кечалари бир хонага қамалиб олиб, чилимкашлик билан шуғулланишаётганди. Энг ёмони, жангари йигитлар орасида нашавандлик ниҳоятда кучайган; кундуз кунлари оғир машқларни бажарган йигитлар туни билан наша чекиб, ўзларича маишат қилишарди. Бўта эса бу ҳолатни кўриб кўрмасликка олаётганди.

* * *

Талаб, Бўта билан ўзаро келишмаган бўлса-да, ўн нафар қизни ҳам олиб келишни режалаштириб, Учқунга қизларни кейинроқ бориб олиб келасан, деб тайинлаб ҳам қўйганди. Унинг ўйлашича, юртга қурол кўтариб бориши керак бўлган жангари йигитларга нафақат моддий, балки руҳий жиҳатдан ҳам кўтаринкилик бахш этиш лозим бўларди. Чунки, Талаб Покистонда юравериб бундай ҳаром ишларнинг ҳадисини олган, тез-тез турли яширин исловотхоналарга бориб, асосан Руминиядан келган қизлар билан маишат қилиб туриш одати бор эди.

Дастлаб у Туркияга борганида, бу ерда исловотхоналарга расман рухсат берилганлигини эшитиб, бироз ажабланган ҳам эди. Атайин исловотхоналардан бирига борган ва исловотхона биносига киргач, бир мулла бошига салласини қўндириб ўтирганини, нариги стол устида эса бир нечта қалин альбомни ҳам кўрганди. Мулла туркчалаб: “Иним, дам олгани келдингизми? Танланг!” деб альбомлардан бирини узатгач, туркча сўзларга анча-мунча тушуниб, дарҳол қизиқиш билан альбомни варақлай бошлаган эди. Ўта чиройли қиз-жувонларнинг суратлари остига фақат рақамлар ёзиб қўйилган экан. Биринчи альбомдан кўнгли тўлмай, бошқасини, ундан сўнг учинчисини, кейин тўртинчисини бир-бир варақлаб бўлгач, энг биринчи қўлига олганини яна қайта варақлаб, кўзлаб қўйган суратни ниқтаб кўрсатган. Мулла эса иккала бармоғини кўрсатиб, икки юз долларлигини билдиргач, рўпарадаги дарчага ишора қилганча, икки юз доллар тўла, деган эди. Талаб икки юз доллар тўлаган. Қўлига чипта беришгач, дам ўтмай, бир аёл етовида ҳалиги суратдаги қиз пастга олиб тушилган, мулла эса ўша ерни ўзидаёқ “сийға” никоҳни ўқиган. ана кейин қиз Талабнинг қўлидан тутиб юқорига бошлаб чиққан эди… Икки соат чамаси дам олгач, румин қизига талоғини бериб кетаверганди.

Азалдан чиройли қиз-жувонларга ўч Талаб юртдан қочиб кетиб, “наркобарон” бўлгач, ич-ичига яширинган бу қизиқиши энди тобора авжида эди.

Аслида, у Наманганда юрган кезлари ёши улуғ бир зиёлидан эшитган бир ҳикояни бот-бот эслаб, яқинларига айтиб юришни хуш кўрарди: эмишки, ўтган асарни ўн еттинчи йил тўнтаришидан кейин қизиллар Наманганга ҳам кириб келиб, оқ подшо даврида расман иш олиб борган исловотхоналар беркитилгач, шаҳарнинг қозиси бу гапни эшитиб, афсус билан бош чайқаб: “Илгари шаҳарнинг жамики ҳаром сувлари бир тешикка қуйиларди, эндиликда ҳаром сувлар бутун шаҳар бўйлаб тўкиладиган бўпти-да”, деб афсусланганмиш.

Талаб ўзини қадимдаги шаҳар қозисининг тарафдори ҳисобларди. Қолаверса, қадимги подшолар юзлаб канизак сақлаганини, ўнлаб хотинлари бўлганини эшитгани боис, шундай подшолик ҳавасманди эди.

Талаб, ниҳоят, ўрнидан турди:

– Даврани энди бироз кенгайтирамиз, – деди, виқор билан. Ҳатто Талаб билан бирга келган шоир Зиё Маҳмуд ҳам унинг режасидан бехабарлиги учун бир зум анқайиб қолди. – Бугун бир битимиз тўкилгунча маишат қилайлик, азизлар. Янги даврамизда румин қизлари бўлади.

Бўта бу гапни эшитиб, қийқириб юборди. Шоир Зиё Маҳмуд очиқчасига: “Ана холос!” деди, қўлларини ёйиб. Сўнг ёйиқ жилмайди. Назир жиннининг оғзини таноби қочиб, илжайди. Аммо бу яқин орада румин қизлари тугул, афғон қизларини ҳам кўришмаётгани қизиқ эди.

– Талабжоннинг биз билан бир ҳазиллашгиси келдиёв, – деди шоир Зиё Маҳмуд, у ёқ-бу ёққа қараб оларкан.

– Менинг қачон ҳазил қилганимни кўргансиз, шоир жаноблари? Мен айтдимми – тамом, вассалом!.. Қани менга телефонни узатиб юборинглар-чи?!

Талаб Зиё Маҳмуд узатган қўл телефонини олиб, тугмачаларини боса бошлади ва: “Учқун, нима бўлди, йўлга тушдингларми?” деди. У томондан кўнгилдагидек жавоб бўлди, шекилли, Назир жиннига қараб:

– Тез бориб, дарвозани ўзинг очтир! – деди. – Микроавтобусда румин қизлари Учқун билан бирга келишяпти.

Бир зумда хона ичи олатасир тўполонхонага айланди. Ҳатто, ўзини ўта сипо, зиёли қилиб кўрсатишга, шу йўл билан атрофидагиларга таъсир кўрсатишга ўрганиб қолган шоир Зиё Маҳмуд ҳам стол-сутулларни нари-бери суришга ёрдамлашаркан, жуда ҳаяжанланмоқда эди. Чилимнинг кайфи ҳали тарқаб улгурмаганлиги сабабли, Бўта гандираклаб гоҳ Талабга, гоҳ шоир Зиё Маҳмудга урилиб кетар, исловотхонанинг қизлари келаётганини эшитиб, ўзида йўқ мамнун эди. Талаб ташқарига чиқиб, тўрт йигитни бошлаб келди. Иккиси қаёқдандир эски латталарни топиб келиб, бир пақир сувга ботиришиб, дераза ромларини, эшик тутқичларини арта бошлашди. Яна бир йигит бошқа бир челакда сув олиб келиб, хона ичига сепиб чиқди. Хона ичидаги чанг бироз босилгандек бўлди. Бу ишлар шундай тез бажарилдики, ҳалиги йигитлар Талабнинг бир имоси билан ташқарига чиқишиб, қаёқдандир бир тўп тўшак, унинг ортидан эскирган, аммо бутун, ўнгиган шолчани кўтариб киришди. Ерга шолча ёзилиб, тўшаклар унинг устига қават-қават қилиб солинаверди. Қарабсизки, бир зумда хона тўшаклар қават тўшалган меҳмонхонага айланди-қўйди.

Хона четига суриб қўйилган стуллардан бирида мунғайиб, кўзлари билан эшикка термулганча ўтирган шоир Зиё Маҳмуд, айни ҳолатида она юртига қурол кўтариб борадиган жангари эмас, бировни уйига хуфиёна кириб, ўйнашини кутаётган хотинбозга ўхшаётган эди.

– Йигитлар қандай қабул қилишаркин? – деб сўради ўйчан ўтирган шоир Зиё Маҳмуд, Талабдан.

Талаб мийиғида кулди.

– Мен сизга бир гап айтайми? – деди, аллақачон тўшаклардан бири устида чордона қуриб ўтирган Бўта, Талабнинг жавоб беришини кутиб ўтирмай. – Бу ердаги йигитлар аллақачон хотин зоти тугул, уларнинг ҳидини ҳам унутворишган, деб ўйламанг. Сизлар уёқда айшу ишрат билан бандсизлар. Биз-чи?.. Талаб бир эркакчилик қилди-қилди-да!.. Аслида бу атрофдаги маҳаллий аҳоли билан йигитларимиз айнан қиз-жувонлар масаласида кўп уришиб қолишяпти. Афғонлар икки йигитимизни отиб ўлдиришганидан хабарингиз бўлмаса керак. Кўчада паранжи-чачвонлик хотинларга тегажағлик қилганлари учун отишма бўлганди, – дея Бўта, мастликдан ҳали ҳам халос бўлолмаганидан бошини тутолмай. – Шу сабаб, – менинг буйруғим билан узоқлардан қиз-жувонларни атайин ўғирлаб олиб келяпмиз кечалари. Роса хуморлари ёзилгач, яна олиб келинган ерига ташлаб келишяпти. Шундақа…

– Бугунги румин фоҳишалари Туркиядан атайин олиб келинган, – деди стуллардан бирига астойдил ўтира бошлаган Талаб. – уларга нисбатан ёввойиларча муносабат қилинмаслиги керак…

– Фоҳиша бўлмай нима улар? Йигитлар уларни кўрса борми, еб ташлашади, – деб бўкираёзди Бўта, мастлик билан.

– Мен йигитларга яхшилаб тушунтираман. Ортиқча ҳаракатлар бўлмаслиги керак, – деб қатъий таъкидлади Талаб.

– Талабжон, шу ишингиз андак ярашмай турибдида, шартмиди? Бу ердаги йигитларнинг ҳар бирида қурол бўлса… – дея Зиё Маҳмуд бошини чайқади.

– Буёғидан ташвиш қилманг. Ҳамма ишимиз беш бўлади, – деб гапга нуқта қўймоқчи бўлди Талаб.

Бу гап-сўзларни бошини осилтириб тинглаётган Бўтанинг бирдан унинг жиннилиги қўзидими ё сармастлигидаги одати шунақами, оғзидан тупук сачраган куйи даст ўрнидан турди ва бор овозида:

– Биз муз тоғидан ўтиб, Ўзбекистонга кириб борсак ҳам бир ишни дўндириб қўёлмаймиз! – деб бақирди. – Эшитдингизми? Қўлимиздан келмайди. Нари борса, Фарғона водийсига кириб борармиз. Аммо уёқда яхши қуролланган армия кутиб олади бизни…

– Бу гапларни қайдан олдингиз, Бўтабой, – дея аччиқланиб ўрнидан турди шоир Зиё Маҳмуд. – Ҳозир халққа яхши бир бошловчи камлик қиляпти. Бошловчилар эса, мана, бизмиз. Қизиқ, сиз шундай деб турсангиз, йигитларингиз нима ўйда экан?.

– Йигитларимни шундай тарбиялаганманки, мен ёт десам, ётади, тур десам, туради. Одам ўлдириш улар учун товуқ, чумчуқ сўйишдан ҳам осон. Билдингизми?.. Лекин мен шунча йиллардан буён, мана, афғон тоғтошлари орасида ўралашиб юрганимиздан, қўлимиздан бир иш келмай, икки қўлимиз боғлоқлиқ одамдек яшаётганимиздан куйиниб айтяпман-да бу гапларни, шоир акажон!

– Шоир, бунинг гапларига парво қилманг. Маст бўлиб олса, мана шундақанги валдираш одати бор. Лекин соғлигида гаплашсангиз борми, бир ўзи бориб бўлса ҳамки, ҳукуматни олишга қодир одамдек бўлиб қолади. Афсуски, бизда асли Бўтага ўхшаш йигитларимиз оз. Асосий камчилигимиз мана шу.

– Шундақа демайсизми, Талабжон. Мен бўлсам ҳозирдан хавотирга тушиб ўтирибман. Хай, майли, омон бўлсак кўрармиз… Хўш, негадир қизларингиздан дарак йўқ-ку? – Бирдан мавзуни бошқа тарфага бурди шоир Зиё Маҳмуд.

Талаб илжайди ва аста ўрнидан туриб, эшик томон йўналди.

Айни аснода ҳалиги тўрт йигит катта бир дастурхон, бўш товоқларни кўтариб кириб келди. Аввалига улар ўртага катта дастурхонни ёзишди, унинг устига бўш лаганларни териб қўйгач, яна хонадан чиқиб, дам ўтмай, тоғорада олма, ўрик, шафтоли келтиришди. Яна бир тоғорадаги муштдек-муштдек пишган гўштларни лаганларга бирма-бир солиб чиқишди. Қарабсизки, бир лаганда гўшт бўлса, иккинчисида мева-чева… Шундай қилиб, дастурхонга оз бўлса ҳам, файз кирди. Сўнг бир даста патир-нонларни дастурхоннинг ҳар ер-ҳар териб қўйишди. Ортидан эса сопол пиёлаларни даста-даста қилиб олиб киришди.

Шоир Зиё Маҳмуд аллатовур кинояли кулимсиб:

– Нима, шунча пиёлада чой ичамизми? – деди.

– Нега чойни ўзи бўларкан? Дунёда ўрисни ароғидан зўри йўқ, дейишади. Учқун ўшанақасидан ҳам икки яшик олиб келяпти.

– Вах! – деб юборди шоир Зиё Маҳмуд. – Мана буни ҳақиқий базми жамшид деса бўлади. Яшанг, Талабжон!

Раҳмонали уларнинг гап-сўзларини зимдан тингларкан, ич-ичидан нафратланаётганди. Яхшики, бундайлар Ўзбекистонда ҳокимиятни қўлга киритолмадилар. Акс ҳолда, юртни, халқни не куйларга солишарди. Кўпчиликнинг олдида ватанпарварлик, юрт шаъни, халқ фаровонлиги хусусида лоф урсалар-да, аммо уларнинг асл қиёфалари буткул бошқачалигини, мана, бугунги воқеа-ҳодисалар яққол кўрсатиб турибди. Бири ўлгудай нашаванд бўлса, бошқа бири силлиқ хотинбоз, бошқа бирови маишат деса ўзлигини тамоман унутадиганлар хилидан. Афғон тоғтошлари ичида турли жиноятлари учун ёхуд алдов йўли билан келиб қолган бир ҳовуч йигитлар-чи? Улар хув ўша машҳур қирғиз ёзувчиси ёзган асардаги манқуртга ўхшашади. Фақат бошларида теридан қопланган қалпоқлари йўқ, холос. Аммо уларнинг манқуртдан нима фарқлари бор? Одам ўлдириш, биродаркушлик ва яна қанча-қанча разилликлар қўлларидан келадиган бу йигитлар эрта-индин Ватанга қурол кўтариб бормоқчилар. Бироқ уларни Ватанда ҳалокат кутмоқда. Тўғриси ҳам шу-да!.. Бугун Ўзбекистон ҳар жиҳатдан қудратли. Ички ва ташқи душманларнинг ҳар қандай тажовузларини бемалол синдира олади. Шунга яраша тайёргарлиги пухта одамлари-ю, фидойи аскарлари бор. Манави аламзада нокасларнинг ўй-хаёлларида фақат юртга ҳукмронлик қилиш. Бунақа бетайин орзулари саробдан ўзга нарса эмаслигини ҳеч қачон тушуниб етмасалар керак.

Раҳмонали шуларни ўйларкан, ташқаридан бироз ҳовлиқиб, доимо илжайиб юрадиган Назир жинни кириб келди. У эшикни очиши билан совуқ, намчил ҳаво ҳам хона ичига ёпирилиб кирди. Шунда Раҳмонали хона ичи димиқиб, турли-туман бадбўй ҳидларга тўлиб кетганини сезди ва илдам одимлаб ташқарига чиқди.

Осмонда юлдузлар баайни очилган пахта чаноқларидек чарақлар, осмон тиниқ, булутсиз эди. Тунги совуқ ҳаводан Раҳмонали жунжикди. Бир дилдиради-да, елкалари ни ўйнатиб, исинишга уриниб кўрди. Кўйлакчанлигини билиб, ичкарига кириб, тўнини елкасига илиб олишни ўйлади-ю, фикридан қайтди. Қирлик бағридаги дарвоза деб аталмиш тўсиқ ёнида битта микроавтобус турар, ундан қора ҳижобли ўн нафар аёл тушган, эди тобора яқинлашмоқда эди. Уларнинг олдида эса Учқун келарди.

Алоҳида хизматга қўйилган тўрт йигит микроавтобусдан яна алламбалоларни туширишга уннашаётганди.

Раҳмонали терс ўгирилиб, қатор қурилган бинолардан бирига йўл олди. У ўзларини жангари деб атайдиган, турфа феъл-атворга, турлича дунёқарашга эга йигитлар тўпланган бинолардан бирига кириб ўтирмоқни ният қилди.

Раҳмонали ташқаридан қараганда пастак, гувалалардан тикланиб, апил-тапил сомон сувоқ қилинган бинолардан бирининг эшигини ичкарига итариб очди. Юз-кўзларига сассиқ, қўланса, пайтавадан тортиб, тер ҳидигача аралаш-қуралаш бўлиб кетган оғир ҳаво аввал юз-кўзларига, ўша баробарида, димоғига гуп этиб урилди. Доимо шундоқ, ноиложликдан бу биноларга қишмиёзми кириб-чиқишга мажбур эди. Қарангки, ичкарига кирганидан сўнг, ҳаял ўтмай, бошқалардек димоғи сассиқ ҳидларга ўрганиб, сезмай қолиши бор гап эди.

– И-я, Раҳмонали оғамиз келди-ю! – деди ичкаридан кимдир, баралла овозда. – Қани, бу томонга марҳамат қилсинлар…

Раҳмоналининг кириб келиши енгил хушҳоллик билан кутиб олинди. Бино ўртасига илинган тошфонар хира нур таратмоқда эди. Ҳар қандай киши бино ичига кириб келганида дастлаб кўзлари хира ёруғликка ўрганолмай бироз қийналар, сўнг аста-секин атрофни кўриб, илғаб оладиган даражага етарди. Раҳмонали ҳам овоз келган томонга юрди, ўртага қатор тикланган устунларга урилиб кетмасликка ҳаракат қилиб, икки устунни айланиб ўтгач, шундоқ ерга тўшалган кир шолча устидаги тўшакда автоматини тозалаб ўтирган йигитнинг тепасига борди.

– Раҳмон ака, мана, менинг ёнимга ўтиринг, – деди, боя эшикни очиб кираётганида янграган овоз эгаси, ўтирган ўрнида сал сурилиб.

– Раҳмат, – деди Раҳмонали ва шартта чордана қуриб ўтирди. Шошилинчда қурилган бундай биноларга кирганида, ўз юртидаги қўтонлар ёдига тушарди. Биноларнинг пастаклигига асосий сабаб қишли-қировли кунларда бино ичини иссиқ тутиш бўлса, томига қалин қамиш боғлар ётқизилиб, устидан қалин қилиб сувалгани сабабли доимо бино шифтидан қамишлар осилиб турар, ўртада қатор устунлар тикланиб, харилар ўша устунлар устига миндирилганди. Пол йўқ, кимки нима топса, тагига солиб ётади.

Раҳмонали шуларни ўйларкан, ёнидаги йигит аста гап қўзғади:

– Раҳмон ака, катталар келиб, зўр базми-жамшид бўлармиш…

– Ҳа, шундоқ деса ҳам бўлади. Талаб бир тўп румин қизларини ҳам келтирди…

“Ия, жуда зўр бўлибди-ю!” деган овозлар янгради хонанинг ҳар ер-ҳар еридан. Чунки бино ичидаги ўттиз чоғли йигитнинг Раҳмоналини кириб келганидан буён қулоғи динг эди.

– Биз нима ғамда-ю, қулоғига гул қистирибди, деган мақол бор халқда, – деди Раҳмонали, оғир уф тортиб. – Катталар бир маишат қилишмоқчи, қизлар билан. Ортса сизларга ҳам беришади.

“Ўҳ-ҳў, кун туғса ҳам катталарга экан-да!” деган узуқ-юлуқ овозлар эшитилди.

Раҳмонали индамади.

– Ўлибдими, бизларга ҳам, худди кўпкарида бўлганидек, бир-иккитасини улоқ чопиш учун ташлаб беришар, – деди ёнидаги йигит, автоматини ёнбошига қўяётиб.

– Ишқилиб, итга суяк ташлагандек қилишмаса бўлгани, – деб ним қоронғида яна кимдир гап қистирди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации