Текст книги "Бўрилар изидан"
Автор книги: Хусанбой Каримов
Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 16 (всего у книги 19 страниц)
– Нима, Ўзбекистоннинг халқаро телеканаллари бор эканми? –деб сўради Раҳмонали, ҳаяжонланиб.
– Ҳа-да, Космос орқали олиб бериларкан. Ҳоҳлаганингча, туну кун томоша қилаверар экансан…
Раҳмонали Бўтанинг бу гапларини эшитиб, ниҳоятда ҳайрати ошди. Чунки, бу бўрисифат, ёввойилашиб кетаёзган, фикри-ёди юртга қурол кўтариб кириб, қонларни дарё қилиб оқизиб бўлса-да босиб олиш бўлганлар орасида юравериб, суҳбатларини тинглайвериб, сал бўлмаса, ўзининг ҳам ақли ўтмаслашиб қолаёзганини шу дақиқаларда аниқ сезиб қолди ва: “Шунча гапларинг бор экан ичингда, минг бор афсусларинг шунинг учун эканда!” деб ўйлади. Аммо: “Қўйинг, шу ифлос ишларингизни, йигитларни олайлиг-у, бу ердаги ҳамма нарсага тупириб, юртга кетайлик, авф этишар ахир”, дегиси ҳам келди. Бироқ, фикри ҳар дақиқада ўзгаришга мойил, тўпори Бўтага бу гапини сира овоз чиқариб айтмаслиги лозимлигига ақли етарди. Қачонки Бўтанинг боши де ворга “тақ” этиб урилади, ўшанда икки кўзи ярқ этиб очилади, деб ўйлади Раҳмонали.
Раҳмонали мавзуни бошқа тарафга буриш, бу масалага ҳам аниқлик киритиш мақсадида муштига бир йўталиб, гап бошлади:
– Муз тоққа ким бош бўлиб боради?
– Албатта, мен-да! Талаб шуни хоҳлаяпти… Аммо лагердан қочганлар масаласи ҳамон мени ўйлантиряпти. Яхшиямки, улар билан ади-бади айтишиб, ортларидан қувмаганимиз. Тўғри айтган экансан, аввало вақтимиз йўқ. Устига-устак, ҳозир Афғонистонда ҳукумат ўзгариб кетган, хабаринг бор. Мабодо ортларидан бориб, отишмалар қилсак, қочганларни ҳаммаси қуролланган, афғон ҳукуматини эътиборига тушарканмиз. Қарабсанки, ўзимиз сиқувда қолишимиз мумкин эди. Бугун тонгда Талаб билан худди шу масалада гаплашдик. У ҳам менинг фикримни қўллади. Эртага эрта тонгда Талаб тожикистонлик Тўражонзода билан етиб келади. Бизга фотиҳа бермоқчи… Қочганлар, менимча, сен айтгандек, юртга қайтиб боролмайди, аксрияти Европа мамлакатларига ўтиб кетишади, бир-иккитасинигина Ўзбекистонга қайтиб боришга юраги дов берса керак, менимча, тағин билмадим… Ўзбекистон Президентининг: “Қўли қонга ботмаганларни авф этаман”, деган ваъдасини эшитганлар юртга қайтишлари мумкин.
* * *
Бугун, ниҳоят, эллик чоғли жангари покистонлик йўриқчиларнинг имтиҳонларидан ўтган ҳисобланишиб, сўнгги тайёргарликни кўра бошлашди. Аввал Афғонистон, сўнг Тожикистонга ўтиб, Жирғатол орқали муз тоққача бориш режалаштирилгани сабабли, эллик киши лик гуруҳга Бўта бош, унга ёнбош бўлиб Раҳмонали эрталаб тонг-саҳар йўлга чиқадиган бўлишди. Негадир, Талабнинг буйруғи билан Назир жинни шу ерда қоладиган бўлибди.
Тўртта миномёт бўлакларга бўлиниб, йигитларга бўлиб берилди. Ўн кунлик озиқ-овқат заҳираси олинди. Тожикистон ҳудудида Тўражонзоданинг одамлари уларга ёрдам берадиган бўлишибди.
Эмишки, Талаб бошлиқ бошқа жангарилар Амударё ёқалаб Сурхонадарёдан чиқишни режалаштиришибди. Бўта кеча, тунда гап орасида шуни гапириб қолди. Бўта муз тоғ орқали юриш ўта машаққатли, ҳатто, хавфли эканлигини яхши билгани учун ҳам Талабнинг бу режасидан бироз норозидек эди. Раҳмоналига шундай туюлди.
– Аблаҳ! – деб қолди бир маҳал Бўта, Раҳмонали билан қолганларида. – Муз тоғ орқали юртга кириб бориш ўлим билан теппа-тенг эканлигини жуда яхши билади у. Шунинг учун ҳам мени йигитларим билан шу йўлга соляпти. Ўзи-чи? Текис йўлдан бормоқчи… Бунақаси кетмайди, десанг, бизни пул ва бошқа керакли нарсалар билан шу кунгача таъминлаб келди. Бизни афғонни гадой топмас жойларида ким ҳам танирди, Талабдан ўзга…
– Нега танимас экан? – деди Раҳмонали, дадиллашиб. – Сиз ахир Покистонда, Германияда, Туркияда не-не одамлар билан кўришдингиз. Улар сизни ким эканлигингиз, нималарга қодирлигингизни жуда яхши билишади-ку?!
– Тўғрику-я, аммо мен кўришган, таниган, менга ваъда берган кимсаларга мени ишончим йўқ, – дея Бўта столга бир мушт урди. – Уларга Ўзбекистон керак, Ўзбекистоннинг бойликлари керак. Биргина пахтасини олиб кўрайлик: ахир, у жарақ-жарақ пул дегани-ку! Улар ҳар гал, юртни эгалласак, алоҳида имтиёзлар, шароитлар яратиб беришимдан умидвор бўлиб суҳбатлашган, ваъда беришган. Уларнинг асл мақсад-ниятларини мен яхши биламан…
– Шунақа денг, – деди Раҳмонали, ўзини соддаликка солиб.
– Шунақа, гаплар, ука, – деб, Бўта ўрнидан турди ва гапни тамомила бошқа томонга бурди. – Раҳмонали, сен анови покистонликларга кўпам ишонавермагинда, ўзинг ҳар бир йигитни синчиклаб текшириб чиқ. Нималар олди, яна нималарни олишлари керак, ҳаммаҳаммасини ипидан-игнасигача кўриб чиқ. Токи эртага муз тоққа борганимизда, эх, деб лаб тишлаб қолмайлик. Чунки, бизнинг ҳаётимиз муз тоғдаги аҳволимизга боғлиқ. Афсуски, йўл жуда нобоп, миномётлардан тўртта эмас, ўнтасини олишимиз керак эди. Лекин иложи йўқ. Мен кечаю кундуз фақат шуни ўйлаяпман. Қўлимизда бунақанги қуроллар бўлмаса, у ерда бизни пашшадек қириб ташлашади. Буниси аниқ.
– Ия, шунақа экан, нега унда йўлга чиқяпмиз? – Бўта унга ялт этиб қараб.
– Нима қилайлик унда, буйруқ шунақа бўлса! – деди Бўта зарда билан. – Ахир, неча йилдан буён афғоннинг шу овлоқ жойда бит босиб еб-ичиб ётибмиз. Қўлимиздан бир иш келгани йўқ. Аввал афғон мужоҳидларига орқа қилдик, уларни ўзларига сичқоннинг ини минг танга бўлиб кетгач, зўрға қочиб шу ерларга – Покистон билан Афғонистоннинг чегара ҳудудига келиб қолдик. Бундан буёғида шу ишга қўл урмасак, ҳеч ким бизга бир тийин ҳам пул бермайди. Оч-наҳор ўламиз-кетамиз, вассалом!
– Буйруқ денг?..
– Буйруқ-да! Сен нима деб ўйловдинг!.. Бизни боққан, қўлимизга жарақ-жарақ пул берганларнинг ҳам тоқатлари тоқ бўлди. Талаб бундан буёғига уларни ортиқча алдай олмайди. Орқасига ўхшатиб шундай тепишадики, учиб бориб Ўзбекистон ҳукуматини қўлига тушганини сезмай ҳам қолади… – Бўта шундай деб, хохолаб кула бошлади. Чамаси, у ўзи кутилмаганда топган шу гапи ўзига ҳам ёқиб қолди чоғи, яйраб кулаверди. Раҳмонали ҳам унинг кулгусига қўшилди. – Рости, яна шунга ўхшаш бирикки гап айтишга мажбур қилсанг, менинг жинни бўлиб қолишим аниқ, – деди Бўта, ўзини кулгудан тўхтатиб, кўз ёшларини кафтлари билан артаркан. – Менинг миям тобора ғовлаётганга ўхшайди. Ҳеч кимга айтмагин-у, менинг илгариги ғайратим, шижоатим йўқолиб қолгандек туюляпти ўзимга… Ё одам ўлишидан олдин шундай ҳолатга тушармикан-а?
– Қўйсангиз-чи, бундақанги бемаза гапларни! – деди Раҳмонали қўл силтаб. – Ҳеч ким ўлишни хоҳламайди. Сизга эса жин ҳам урмайди!
– Илоҳа омин!..
Раҳмонали Бўтанинг тепаликда жойлашган уйчасидан чиқиб, ҳамон икки покистонлик йўриқчи етовида сўнгги тайёргарлик машқларини ўтаётган жангарилар ҳузурига йўл олди. Йигитлар айни дақиқаларда йўлга қандай кийим-бош, қуроллар, зарурий эҳтиёт буюмларни олишлари бўйича сўнгги йўриқномадан ўтказилаётган экан. Саф тортган йигитларнинг ҳар бири: “Йўлга тайёрман!..” деб ахборот берар, покистонлик йўриқчилар эса уларнинг ҳар бирининг эгнидаги уст-бошидан бошлаб барча буюмларини қайтадан текшираётган эдилар. Айниқса, тўртта миномётнинг эҳтиёт қисмлари масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганди. Кимда миномётларнинг қайси қисмлари борлиги масаласи алоҳида дафтарда қайд этилмоқда эди. Раҳмонали ушбу жараённи беш-олти қадам берида жимгина кузатиб тураверди.
Гарчанд, олдинда турган муз тоғи масаласини Раҳмонали тўла-тўкис кўз олдига келтиролмаётган бўлса-да, аммо йўл ўта хавфли эканини чуқур англаётганди. Муз тоғдан шунчаки ўтишнинг ўзи бўлмайди. Қанчалик пухта тайёргарлик кўрмасинлар, йўлга ҳозирланаётган жангариларнинг ҳали биронтаси ҳам унақа йўлдан юриб кўрмаган, йўлнинг оғир заҳматларини билмайди. Қолаверса, муз тоғда сирғаниб, тойиб, музликлар орасига тушиб кетишлар бўлиши мумкин. Бу дегани – ўлим!.. Совуқчи? Муз тоғининг совуғи қандай бўлишини ҳам билишмайди. Тоғ ўз номи билан тоғ. Тепага чиққани сайин ҳаво сийраклашиб, бир томондан совуқ, бошқа тарафдан ҳаво етишмаслиги, йўлнинг ўта хавфли экани қўшилиб, муқаррар ўлимга борадилар. Балки, Раҳмоналининг ўзи ҳам шу йўлда… Ҳали буни вақт кўрсатади.
Шуларни ўйларкан, Раҳмонали бундан бир неча йиллар аввал хавфсизлик хизмати бошлиғининг ўринбосари хонасида ўтириб, аслида қандай ишга розилик берганлигини энди-энди тушуниб ета бошлади. Аслидаку, ўшандаёқ генералнинг хонасидан ўлимни бўйнига олиб чиқиб кетгани ҳам бор гап. Чунки, ўтган талотўплар чоғида қанчадан-қанча жангарилар ўлиб кетдилар. Яратганни ўзи асраган экан, ҳаливери ўлмаса ҳам керак. Янада аниқроғи эса Раҳмоналининг ҳаливери ўлишга асло ҳаққи йўқ. Юртига соғ-омон бориши, худди ўша генералнинг хонасида бўлиб ўтган ишлар юзасидан тўла ахборот бериши керак. У шундай деб ўйлайди ва шунга ишонади!
Раҳмонали тоғ бағридаги афғон шамолининг этларни жунжиктирувчи эпкинларини юз-қўлларида сезиб, яна бир титради. Энди у ҳам йўлга тайёргарлик кўриши лозим. Ҳалигинда Бўта айтгандики: “Сен ўзинг тайёргарлигингни кўравер, менинг барча буюмларимни Назир жинни тайёрлаб қўяди”.
Раҳмонали вақтинча паноҳ топган уйча томон йўл олди.
* * *
Республика Миллий хавфсизлик ҳизмати бошлиғининг ўринбосари, генерал лейтенант Азим Умаровичнинг хонаси. Сочларига оқ оралаган, узоқ йиллардан буён шу соҳада меҳнат қилиб пишган бу киши олтмиш ёшни қоралаб қолган. Айниқса, сўнгги йилларда сочларидаги оқлари жуда кўпайиб, кўрган одам унинг ёшини етмишларда тусмоллаши тайин эса-да, ҳали ўзи анча бардам кўринарди. Азим Умарович стол устига ёйилган қоғозларни шошмай, синчиклаб ўқиб чиқаётган бўлса-да, асосан бир варақ қоғознигина қайта-қайта ўқиётганди ва ўйлаётганди. Бу – Раҳмоналининг Афғонистондан махсус алоқачи орқали юборган қисқа хабарномаси бўлиб, Азим Умарович ҳалитдан буён ана шу қоғоз устида тинмай бош қотираётганди. Бир қарашда, қоғозда ҳаммаси аниқ-тиниқ ёзилган. Аммо… қоғозда ёзилганидек ишлар рўй бергудек бўлса, бўлади ҳам шекилли, унинг ортидан қанчаданқанча ташвишлар келиб чиқиши муқаррарлигини ўйлаб, роса боши қотаётганди. Қоғозни олганига бор-йўғи икки кун бўлган, қоғоз билан бошлиқнинг ҳузурига, ундан кейин икковлашиб Президентнинг қабулига ҳам кириб чиқишганди. Шу бир парча қоғоз энг катта вазифадаги – давлат ва жамият ишлари билан буткул банд одам ларни ҳам анчагина ташвишлантириб қўйганди. Бироқ, не қилсинки, ҳаёт шундай экан. Аслида-ку, миллий хавфсизлик хизмати бош маҳкамасида бирон кун йўқки, беташвиш бўлсин.
Қўққис эшик очилиб, яқинда навбатдаги унвонни олиб, полковник бўлган Мансуржон Холиқов кириб келди.
– Қоғоз ҳали ҳам бошни қотиряптими? – деб сўради у, ўтиришга рухсат сўрагач.
Азим Умарович масъул ходимига ташвишли нигоҳини қадади:
–Ҳамма гап мана шу қоғозда бўляпти-да, ука,деди.– “Муз тоғ орқали”, деган. Картадан кўриб чиқдим, Афғонистондан Тожикистонга, ундан бизга ўтадиган барча тоғларда музликлар бор. Энг яқини Фарғона водийси тепасидан чиқадиган муз тоғи. Тожикистоннинг Қоратегини орқали Жирғатол райони билан муз тоққа чиқиладиган бўлишса, табиийки, Фарғонанинг Шоҳимардони ёки қўшни Қирғизистоннинг Ҳайдаркони тепасидан тушиб келинади. Кеча водийликлар билан гаплашдим. Шоҳимардон, Ҳайдарконни, ҳатто Новқатнинг тепасидан тушиб келадиган ёлғизоёқ тоғ сўқмоқлари ҳақидаги батафсил маълумотларни беринглар, деб. Бугун тушгача ҳаммасини оламиз. Аммо, бир муаммо борки, у ҳам бўлса қўшни Қирғизистоннинг бу масалага қандай қараши? Мана шу савол бошлиқни ҳам, ҳатто Президентимизни ҳам жиддий ўйлантирмоқда. Балки, мен бугун кечаси Бишкекка учарман. Улар билан гаплашишимиз керак. Биринчи галда қирғизистонликлар ҳам ҳушёрликни оширишлари, жангариларнинг ҳужумларини қайтаришга тайёр туришлари керак. Акс ҳолда, водийдаги аҳвол таранглашади. Албатта, бизнинг чегараларимиз қирғизистон ликларнинг чегарасига нисбатан мустаҳкам. Шу сабаб, бошлиғимизнинг шахсан ўзи чегара масалалари билан жиддий шуғулланяпти. Вазият бўйича ҳар икки соатда Президентимизга махсус ахборот бериб туриш вазифаси юкланган…
– Узр, Азим ака. Мен ҳам тун бўйи дунё сиёсий харитаси, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон, ҳатто, Туркманистон давлатларининг ҳам хариталарини синчиклаб кўриб чиқдим. Энг катта хавф ўта яқин Фарғона водийси атрофини ўраб турган тоғлар орқали келяпти, деган хулосага бордим. Муз тоғда бир неча ёлғизоёқ йўллар бор экан. Хабарномани олганимиздан сўнг, ўйлаб қолдим, шахсан ўзим Фарғона водийсига бориб келсаммикан, деб. Ахир, у ерда ўша муз тоғлардаги ёлғизоёқ йўллар орқали Жирғатолга, ундан Шоҳимардон, Новқат, Ҳайдарконга бориб-келиб юрган одамлар бўлиши мумкин. Эшитишимча, улар асосан овчилар.
– Жуда яхши гап айтдингиз, бу фикрга тўла қўшиламан. Сиз бугуноқ водийга жўнанг. Вазиятни тўла аниқланг. Аммо бошлиқдан ўзга бирон жон бу ҳақда билмаслиги керак. Биласизми, гап чиқиб кетса, мишмиш болалаб, халқ орасида ваҳима кўтарилиши мумкин… – деди Азим Умарович, ўрнидан туриб.
– Улар бор-йўғи бир ҳовуч жангарилар-ку? – деди жавобан полковник Мансур Холиқов.
Масъул ходимининг беписандлик билан айтган бу гапи Азим Умаровга ёқмади, қовоғини солди ва жавобан:
– Халқимизда: “Душманнинг биттаси ҳам кўп”, деган доно нақл бор, – деди. – Раҳмоналининг билдиришича, муз тоғи ошиб келишга уринаётган жангарилар эллик чоғли. Яна улар тиш-тирноғигача қуролланган. Тўртта миномётлари ҳам бор. Уларни менсимасликка асло ҳақ қимиз йўқ. Кеча Президентимизнинг қабулида бўлганимизда, у киши алоҳида шундай топшириқ бердиларки, мабодо жангарилар тоғ ошиб юртга кириб келгудек бўлсалар, битта ҳам аскаримиз ҳалок бўлиш тугул, жароҳат ҳам олмасликлари керак. Барча замонавий қуроллардан фойдаланган ҳолда уларни ер тишлатишимиз шарт. Ҳа, айтганча, Раҳмонали масаласида… Қўлимдаги қоғоздан билиняптики, Раҳмонали ҳам улар орасида бўлади. Раҳмоналини ҳар қандай ҳолатда ҳам тирик сақлаб қолишимиз шарт. Мен кеча Президентимизга шу ҳақда айтганимда, у йигитни тирик қайтариб, сўнг менинг ҳузуримга шахсан олиб келасизлар. Мен ўша ботир, қаҳрамон йигит билан суҳбатлашаман, деб айтдилар. Тушуняпсизми? – Генерал лейтенант шундай деб, ходимига тик қараб қолди.
Мансуржон Ҳолиқов чуқур ўйламай гапирганига ичичидан пушаймон бўлди. Бошлиғининг бу қарашида: “Ҳар нарсага етган ақлинг, наҳот, шунга етмади-я?” деган маъно мужассам эди. Генерал-лейтенант Азим Умарович нишонга урганидан, ходимига яна бир дарс бериб қўйганидан кўнгли кўтарилдими, одатига биноан, яна хонани қадамлаб ўлчагандек вазмин қадамлар ила юра бошлади ва гапини давом эттирди:
– Гарчанд, жангарилар водийни қайси бурчагидан кириб келишини ҳозирча аниқ билмасак-да, шунга яраша пухта тайёргарлик кўриб қўйишимиз шарт. Бизни ҳисоб бўйича, бу воқеа юз беришига йигирма кундан зиёд вақт бор. Мен ва сиз бир ҳафтадан сўнг ўша ерда бўламиз. Ҳар бир аскар билан суҳбатлашиб, зобитларни тайёрлаб, айниқса, Раҳмонали масаласига жиддий эътибор қаратишимиз керак бўлади. Раҳмоналининг сўнгги тушган фотосуратидан йигирматасини катталаштириб, папкага жойлаб олинг. Ҳар бир снайпернинг қўлида бўлиши лозим. Улар Раҳмоналини кўришлари биланоқ таниб олишлари зарур. Раҳмоналига зиён-заҳмат етмаслиги керак. Фикримни уқиб боряпсизми?.. – Генерал-лейтенант шундай деб, яна Мансуржон Ҳолиқовга синчиклаб қаради.
Геерал-лейтенант Азим Умаровнинг хонасидаги суҳбат бир соатдан зиёд давом этди.
Кабинетдан Мансуржон Холиқов чиққанида, анчамунча терга пишган, икки юзи қизаринқираган, аммо руҳияти анча тетик ва бардам эди.
* * *
Тонгги тўртлар чамасида Раҳмонали негадир чўчиб уйғонди. Туш-пуш кўрмаган. Тетик, кечаги ҳорғин, маҳзун ўй-фикрлар бугун йўқ. У тезроқ йўлга чиқиш истагида эди.
У тезда бомдод намозига тайёргарлик кўра бошлади. Ташқарига чиққанида, тонг оқаринқираб қолган, афғон аёзи аъзойи-баданни чимчилаётгандек ғир-ғир эсмоқда эди. Тонг қоронғусида, одатдагидек, беш-олти нафар жангарилар таҳорат олиш билан машғул эдилар. Раҳмонали қўлидаги сув тўла обдастаси билан яқинлашганида, тўрт нафар жангари йигит тошларга алоҳида-алоҳида ўтириб, енгларини, иштонлари почаларини шимариб, яланг оёқ, яланг бош ҳолда таҳорат олаётгандилар. Сув совуқ. Оёқ-қўлларга, юзларга қуйилгани сайин, баданлардан ховур кўтариларди. Ҳа, бу ерда таҳорат учун иссиқ сув тайёрлаб берадиган одам тугул, иссиқ сув тайёрлашнинг сира имкони йўқ. Қишда-ку, бир амаллаб қилиб, навбатчилик асосида ўтин қаланадиган печлар устига мис обдасталарни тўла сувлари билан қатор териб қўйишиб, тонг-саҳар илиқ сувларда таҳорат олишади. Ёзда эса, печка ёқилмайди. Тоғда ўтин топиш мушкул, Бўта эса печкага ўт ёқишни тақиқлаб қўйган. Бу тақиққа ҳатто Раҳмонали ҳам риоя қилишга мажбур. Аммо Бўтанинг ўзи яшайдиган тепаликдаги уйчада қишин-ёзин Назир жинни томонидан печкага ўтин қалаб чиқилади. Бўта совуқни унчалар хуш кўрмайди. Кўпинча Раҳмонали ҳам ўша уйчада ётиб қолганида, бунинг гувоҳи бўлган. Бўтага эрталабки бомдод намозига турадими-йўқми, бундан қатъий назар, ҳар куни Назир жинни печкага ўт ёқиб, сувни иситиб қўяди. Кўп вақт Назир жинни иссиқ сувнинг ховурини чиқариб тепаликдаги уйча ортида таҳорат олаётган бўлади. Буни ҳамма, ҳатто Раҳмонали ҳам кўради.
Раҳмонали таҳоратдан сўнг, дир-дир титраб, “қўйхона”га кириб борди. Тек қўйилса, дарҳол ҳали совуб улгурмаган кўрпасига ўрангудек ҳолатда эди. Аммо бундай қилолмайди. Ҳамма йигитларнинг кўзи унда. У устундаги михга илиб қўйилган салласини олиб, шошилмай бошига қўндирди ва барча намозга тайёрми, дегандек атрофга қараб қўйди. Жангари йигитлар совуқдан қалтирашиб, узун, пастак уйчанинг тўрисидаги – қибла тарафидаги номоз учун махсус тайёрланган жойда саф торта бошлашди. Раҳмонали, одатдагидек, бугунги бомдод намозида ҳам имомликка ўтиши зарур эди…
* * *
Қуёш азим тоғлар ортидан бош кўтариб, атрофга ўзининг заррин нурларини соча бошлаганида, “қўйхона”ларга қамалиб ётган жангарилар ташқарига чиқишиб, ўзларини офтобга сола бошлашди. Барча туни билан бирдек совуқотиб чиққанди. Раҳмонали ҳам йигитлар қаторида туриб, тобора кўтарилаётган қуёшга бир кўзини қисиб қараб, қуёш нурларидан баҳра ола бошлади. Қарангки, қуёш нурлари ҳаммани бирпасда иситиб, янаям тетик қилиб қўйди. Йигитлар бирин-сирин тарқалишиб, ўз юмушлари билан банд бўла бошлашди. Ўша асно, узоқдан тоғ йўлини енгил чангитиб, икки юк машинаси яқинлаша бошлади. Раҳмонали йўлга тушмоқ вақти етганини англади. Айни ўша маҳал Бўта ҳам уйчаси эшигидан чиқиб, машиналар томонга кўз тикди. Унинг ортидан эса сал-пал қийшанглаган кўйи Назир жинни ҳам пайдо бўлди.
Бўта паст томон эна бошлади. Юк машиналари ортидан битта “Жип” яқинлашмоқда эди. Чамаси, унда Талаб билан Тўражонзода келяпти…
…Тўражонзоданинг тожик лаҳжасида сўзлаган ўзбекча нутқи, яъни фотиҳа бериши унча узоққа чўзилмади. Бу ерда қандай гап-сўз, даъват, чақириқлар бўлишидан қатъий назар, жангари йигитларнинг юраклари туб-тубида қўрқув ҳукмрон эдики, у ўлим ваҳимаси билан боғлиқ эди. Фақат тўрт нафар жангари бошқалардан баъзи бир жиҳатлари, яъники, уруш кўрганликлари, асосан Чеченистондаги урушларда бўлганликлари сабаб, дийдалари анча қаттиқ, одам ўлдириб, қон кўриб, шундай ҳолатга тушиб кўрганликлари билан ажратиб турарди. Яккаш шулар Тўражонзоданинг ҳар бир даъватидан сўнг бор овозида: “Оллоҳу акбар!” дейишарди. Қолганлар ноиложликданми, уларга қўшилардилар. Ҳар тугул, Раҳмоналига шундай туюлмоқда эди.
* * *
Бўта битта машинанинг кабинасига, иккинчисига Раҳмонали ўтирди. Қолганлар бўлинишиб, юк машина ларига чиқдилар. Жангарилар лагерида бир қанча одам билан Назир жинни, Учқун, Талаб, Тўражонзода қолаётган эдилар. Тўражонзоданинг сўнгги: “Оллоҳу акбар!” деган хитобидан сўнг, бирин-бирин машиналар жойидан жилишди. Қирликдан бошланиб, аста-аста тоғ йўлларига уланиб кетган ўйдим-чуқур, тош-шағалли йўлларда ҳали жуда узоқ юришлари керак. Балки, йўлнинг баъзи бир қисмини пиёда ҳам босиб ўтишларига тўғри келар. Олдиндаги машинада Бўта бошлиқ жангарилар боришяпти. Машина юкхонаси брезент билан қопланган, брезентнинг бир учи шамолда ҳадеганда кўтарилиб тушар экан, Раҳмонали у ҳолатни жимгина, ўйчан кузатмоқда эди. Қора соқолли афғон ҳайдовчига, Раҳмонали форс тилида гап қотганди, у тушунмаганини билдириб, елка қисди. Маълум бўлдики, у форсчани билмайди.
Раҳмонали машинанинг бир маромда чайқалаётганидан, пинакка кетди.
Юк машиналари қай йўлларда неча соат йўл босдики, тонг маҳал текисроқ бир йўлга чиқиб борди. Тўғри, тунги йўлда юк машиналари тўрт бор тўхтади. Лекин, нега, Раҳмонали билолмади. Ҳаммасига Бўта пастга тушиб жавоб берди, суҳбатлашди, яна йўлда давом этаверишди.
Раҳмонали кўзларини очиб, икки елкаси зирқираб оғриркан, керишиб, ўзига келганида, атрофга аланглаб билдики, бу ерлар тамомила нотаниш жойлар. Ҳар тугул, йўл текисроқ, аммо йўл бўйларида тоғ қишлоқлари бор. Йўлда ерлик одамлар пиёда, эшакларда кетиб боришар, ёнларидан ўтиб кетаётган юк машиналарига парво ҳам қилишмасди. Йўлнинг икки тарафи тик тоғлар, гоҳо тоғ ичидаги ёнбағрларда – текисликлар ҳам кўриниб қолар, у қишлоқлардаги ҳовлилардан кўкка бўй чўзган мевали дарахтлар, узум ишкомлари кўзга чалиниб қоларди. Баъзан эса асосан тоғ тошларидан тикланган пастак деворлар билан ўралган экинзорлар ҳам кўзга ташланиб қолар, уларда эса кўкнорининг барқ уриб ўсаётганини кўриш мумкин эди. Афғон деҳқонларини тушуниб етса бўлар, бу ҳудудларда энг даромадли экин – кўкнори. Кўкноридек гиёҳванд модда – “ажал уруғи” айнан шу ерларда етиштирилиб, сўнг қўшни Тожикистон, анчамунча Ўзбекистон орқали узоқ Россия, ундан Европа мамлакатларигача етиб бориши ҳеч кимга сир эмас. Афғон деҳқони бу экинни бола-чақаси, рўзғорининг даромади сифатида экиб парваришлашга маҳкум. Аммо наркобаронлар бойлик орттириш билан машғул… Раҳмонали шуларни ўйлаган кўйи, силкиниб-тебранаркан, яна кўзлари илиниб, уйқуга кетди.
Юк машиналарининг афғонистонлик ҳайдовчилари темир кабиналарни кўп ҳолатларда олиб ташлаб, асосан ёғочдан қайта қуриб олишади. Бунинг бир томондан афзалликлари ҳам бор. Иссиқ пайтлари машинанинг ичи қизиб кетмайди. Салқин бўлади. Қолаверса, машина тўхтаб турганида, бемалол ётиб дам олиш учун қўшимча жойлар ҳам тайёрлашади. Ногоҳ, уйғонаркан, Рахмонали афғон машиналарининг мана шу жиҳати ёдига тушиб, ноқулай ҳолатда ўтириб-ухлаб келаётгани ўзига алам қилди. Аланглаб ўриндиғи ортини пайпаслади. Салкам бир суткадан буён қилт этмай машинасини елдираётган қора соқоллли афғон, аввалида Раҳмоналининг нима қилмоқчи эканлигини тушунмади. Бироз хавотир аралаш унга тез-тез кўз ташлаб қўйди. Ниҳоят, Раҳмонали ўтирган ўриндиғининг ортидаги керакли-кераксиз қақирқуқурларини ўзи томон тортиб олиб, ортда узала тушиб ётса бўладиган тузуккина жой борлигини топиб, ҳайдовчига қараб жилмайганида, ҳайдовчи нотаниш ҳам роҳининг муддосини англаб, ўнг қўли билан олд ўриндиққа ташланган лаш-лушларни Раҳмонали ўтирган ўриндиқнинг оёқ томонига сура бошлади.
Қарангки, эски-туски кийим-бошлар, бензин соладиган идишларнинг остида узала тушиб ётадиган жой – болиш, кўрпа-тўшаклар бор экан. Раҳмонали ҳайдовчига ўнг қўлининг бош бармоғини тик қилиб кўрсатиб, хурсандлигини билдирди ва эпчиллик билан “тўшак”ка ўтиб олди. Ҳар қалай, жой торроқ бўлса-да, ўнғайроқ экан. Оёқларини азот узатолмаётганини ҳисобга олмаса, бемалол ухлаб кетса бўладиган жой экан… Раҳмонали яна қанча ухлади, аниқ билолмади. Бир пайт кўзларини очганида, машина тўхтаб турганини кўрди. Дарров ўрнидан туриб, гавдасини чўзиб, бошини машинанинг очиқ ойнасидан ташқарига чиқарди. Ҳар иккала машинада келган жангариларнинг барчаси пастда, шарқираб оқаётган кенг сойнинг сувларида юз-қўлларини юваётган, сувдан ҳовучлаб ичишаётган экан. Машина энди тўхтабди шекилли, деб ўйлади у ва машинада аввалига ўтириб, сўнг ётиб келиб бутун гавдаси тўқмоқ билан бир-бир уриб чиқилгандек эзилиб, ўзини кўтаролмайдиган даражада оғирлашиб кетганини сезди. Унинг қорни ҳам очган, устига-устак, чанқаган ҳам эди. Ноилож судралиб бўлса-да, узала тушиб ётган жойидан олд ўриндиққа ўтди ва тахта кабинанинг эшигини очиб, пастга тушди. Юрай деса оёқлари бўйсунмас, боши айланиб, кўзлари тинди. Бирдан кўнгли айниди. Агар эҳтиёт бўлмаганида, йиқилиб тушиши аниқ эди. Бирдам ярим энгашиб, ўзига келди. Сўнг қаддини тиклади. Жангарилар ғовур-ғувур гаплашиб, ҳамон сув ичишар, юз-қўлларини чайишаётганди. Аммо уларнинг орасида Бўта кўринмаётганди.
Ниҳоят, Раҳмонали оғир қадамлар ташлаб шарқираб оқаётган зилол сувли сой бўйига етди. Чўнқайди. Ва, ҳовучлаб муздек сувга юз-қўлларини чайди. Сўнг сувдан бир ҳовуч олиб, ича бошлади. Сув ўта муздек эди. Шундагина вақт эрталаб эканини сезди. Сув унинг ақлҳушини бир зумда тиниқлаштирган эди. Одатига биноан, бирпас бадантарбия билан шуғулланган бўлди. Ва янаям ҳушёр тортди. Хаёлан қаерда турганликларини чамалай бошлади. Бирдан тоғ йўлини нариги тарафидаги катта ҳарсанг ортидан Бўта кўринди. Яқинлашаётиб, камарини торта-торта:
– Яхши етиб келдингми, қийналмадингми? – деб сўради Бўта.
– Шукр. Ўзингиз-чи?
– Мен йўл бўйи фақат ухладим. Ҳайдовчи яхши йигит экан. Йўллардаги постларни яхши биларкан, яқинлашганда уйғотиб турди. Шунинг учун қийналмай етиб келдик. Энг муҳими, йўлда бирон кўнгилсизлик бўлмади. Шунисига шукр, – деди Бўта.
– Ҳозир қаерга етиб келдик? – деб сўради Раҳмонали.
– Ҳозирми? Худди Афғонистон билан Тожикистоннинг чегарасига яқин ерда турибмиз. Энди афғон машиналарини қайтариб юборамиз. Тунгача мана шу сойдан кечиб ўтиб, кичик тоғ ортидаги пана-пастқам ерга етиб оламиз. Кечгачалик йўл, дейишган. Мана, бу харитадан кўриб олсанг ҳам бўлади. – Бўта шундай деб, елкасига солинган ҳарбий дала сумкасидан букланган харитани чиқарди.
Раҳмоналининг қизиқиши ортди. У харитани олиб, ўзи келган машина томон юрди ва ҳали ҳам мисдек қизиётган машинанинг темир қанотига харитани ёзди. Унинг ортидан Бўта келди ва бармоғини босиб, ўзлари турган нуқтани кўрсатди. Раҳмонали бир харитага, бир шарқираб оқиб ётган сойга, ундан кейин пастроқ тоққа қаради.
Бирдан Раҳмоналининг онг-шуури ярқ этди. Ахир улар ҳақиқатдан ҳам, худди Тожикистоннинг давлат чегараси яқинида туришганди-да. Раҳмоналининг юраги хапқириб, йиғлаб юборишига сал қолди. Назарида, мана шу ерда туриб бўлса ҳам, она-Ватанининг ҳиди, уфорни аниқ ҳис этаётган эди. Аммо Раҳмонали сездирмади. Оғир нафас олиб, уф тортди ва ҳали йўл анчагина олис эканлигини тушунди.
– Оғайни, буёғи юртга бир қадам қолди. Тожикистонни бир ҳатлаб ўтсак, бас, етамиз-қўямиз. У ерда шундай ишлар қилайликки!.. – Бўта шундай деб, қўлини Раҳмоналининг елкасига қўйди. Раҳмонали: “Ҳа, ҳа!..” деди-ю, аслида не мақсадларда бу ерларгача етиб келганлигини ўйлаб, тағин хўрсинди. Бўта эса сой ортидаги тоққа қараб, қўшимча қилди: – Тожикистон тарафда бизни Тўражонзоданинг одамлари кутиб олиши керак. Чамаси, бу воқеа эрта тонг маҳали юз беради. Харитага қарагин, мен белги қўйган ерда бир қишлоқ бўлиши керак. Компас бўйича юриб, тонг маҳал ўша қишлоққа кириб борсак, ўша ерда бизни кутаётган бўладилар. Бир кун дам олиб, ундан уёғига фақат тунда юришимизга тўғри келади. Тожикистон ҳукуматини одамлари ҳар ерда бор. Бизга кўзлари тушмаслиги керак. Йўл бошловчилар муз тоғгача етказиб қўйишади. Шунақа шартлашилган. Ундан уёғи ўзимизга боғлиқ.
– Ўзимизнинг чегарагача, аниқроғи, муз тоғига етиб боргунимизча неча кун йўл юришимиз керак? – деб сўради Раҳмонали, Бўтанинг кўзларига тик боқиб.
– Мабодо фақат тунлари юришимизга тўғри келса, бир ҳафта вақт кетар-ов. Тағин ким билади. Йўлда юришимизга боғлиқ. Энг муҳими, йигитларга алоҳида тайинлайман, йўлда бирон ғавғо чиқмаслиги керак. Тинчлик билан муз тоққача етиб олишимиз шарт. Кимки қоидани бузса, аямасдан тинчитаман!
Афғон машиналаридан юклар тушириб олингач, ҳайдовчилар билан хайрлашилди. Дам ўтмай, йигитлар саф тортишди. Ва оралиқни икки метрдан сақлаган ҳолда, сой бўйлаб бирон саёзроқ кечувни топиш илинжида Бўта, ундан сўнг Раҳмоналининг бошчилигида йўлга тушишди. Барчанинг елкасида бирдек оғир юк, қўшимчасига Калашников автоматлари ҳам осиғлиқ эди. Ниҳоят, сойнинг кенгайиб оқаётган еридан кечув учун жой мўлжалланди. Бўтанинг буйруғига биноан энг охирида Раҳмонали кечувдан ўтадиган бўлди. Бўта икки нафар йигит қуршовида узун арқоннинг бир учини ушлаганларича, сойдан кечиб ўта бошлашди. Сой чуқур бўлмаса-да, суви шундай муздек эдики, жангарилар ўтиб олгунларича совуқдан тишлари такиллаб қолди. Раҳмонали қўлида сойдан олиб ўтилаётган арқоннинг бир учи қолганди. У арқоннинг бу учини сой бўйидаги катта харсанг тошга айлантириб боғлаб қўйди ва сувдан кечиб ўтаётганларни сой қирғоғида ўтириб, жимгина кузата бошлади. Вақтики, барча ўтиб бўлгач, Раҳмоналига навбат етди. У ҳам бошқалар каби арқонни маҳкам ушлаб, елкасидаги оғир юк билан, автоматининг ҳадеганда сирғалиб халақит беришига қарамай, сув бадан-баданини музлатаётганига ҳам эътибор бермай, ўн минутлар чамасида аранг сойнинг нариги қирғоғига чиқиб олди. У белигача сувга ботиб, аъзойи тани музлаб, оғир юки билан сой бўйидаги қалин ўт-ўланлар устига қулаганида, сойнинг муздек сувидан ҳам кўра, ҳали муз тоғдаги қақшатқич қийинчиликлар ҳам кутаётганлигини ўйлаб, баттар ваҳимага тушди. Аранг ўрнидан турганида, жангарилар совуқдан дир-дир қалтираётганларини кўрди. Бўтадан ўзга барчанинг юз-кўзида қўрқув аралаш хавотир!..
Юрганлари сайин, қизишиб, ахийри совуқотганлари унутилаёзди.
Рўпарадаги тоғ пастак кўрингани билан юқорига чиқиш анча қийин кечди. Бунинг сабабини сойдан кечиб ўтганларидаги қийинчилик билан боғлашди. Ниҳоят, тун маҳали тоғдан ўтиб олишди-ю, ундан тушиш янада оғир азоб бўлди. Жангариларнинг уч-тўртаси думалаб кетди. Яхшики, Бўта ақллилик қилиб, ҳар бирининг белига узун арқонни чирмаб боғлаган эди, ана шу арқон думалаганларни омон сақлаб қолди. Думалаганларнинг башаралари ёрилди, қон оқди. Бирини қўли оғир лат еди. Яна бирови оқсоқлана бошлади. Раҳмонали жангариларнинг юришидаги бу жиҳатларга эътибор қаратаркан, ҳали йўл янаям оғир кечишини тушунди. Тун қоронғилигида йўл топиш ўта қийин кечаётганди. Ҳадеганда нотўғри қадам босиш сабаб, тоғ тошлари кўчиб, пастга тош қулаётганди. Йигитларнинг паст овозда: “Тўхтаб, дам олволайлик”, деган талабларига, Бўта қатъий тарзда рад жавобини берар, қандай қилиб бўлмасин, пастга тушиб олишни буюрарди. Унинг тахминича, кундуз куни тоғдан тушиб келаётган одамлар барчанинг эътиборини тортади.
Тонг оқаришаётганда алҳол ҳамма тоғдан пастга тушиб олди. Шундай пастак тоғданки ошиб ўтиш шунақа азоб-уқубатларни келтириб чиқарди, ундан уёғи нима бўлишини, Раҳмонали, ҳатто, тасаввур ҳам қилолмай қолди.
* * *
Тўражонзоданинг одамлари – бор-йўғи икки киши экан. Иккалови ҳам ўзбекчани чала-ярим билишаркан. Бўта бошлиқ жангариларни дарҳол қишлоқ четидаги катта бир уйга олиб киришди. Гап-сўзларидан англашилдики, қишлоқ худдики давлат чегараси устида жойлашган. Кунда, кун ора чегарачи ҳарбийлар келиб қолиши ҳам мумкин эмиш. Шунинг учун, дарҳол овқатланиб, сўнг жимгина ётиб ухлаш буюрилди. Тунгача куч тўплаб олиш лозим эди.
Кун тинч ўтди. Қоронғу тушар-тушмас, Бўтанинг қистови билан барча уйқудан уйғонди. Ҳамма шунчалик чарчаган эканки, қўйиб беришса, икки кун ҳам ухлашлари мумкин эди. Аммо йўл олис ва хатарли экани боисидан, давлат чегараси ҳудудидан тезроқ чиқиб олиш мақсад қилинаётганди. Аниқроғи, икки тожик йўлбошловчи жангарилардан айнан шуни талаб қилаётган эди. Кундузи тоғлардаги ғор борми, чуқур ўралар борми, жимгина ётиб дам олиб ухлаш, тунлари эса юриш… юриш фақат юриш!..