Электронная библиотека » Хусанбой Каримов » » онлайн чтение - страница 15

Текст книги "Бўрилар изидан"


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 05:20


Автор книги: Хусанбой Каримов


Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 15 (всего у книги 19 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Талаб шу гапларни айтаркан, Раҳмонали тағин Тўражонзодага қаради. “Ҳа, тожикистонлик Тўражонзода яна нима ишни бошламоқчи?” деб ўйлади. Талабнинг гапи тугаши билан, эшик ёнида тавозе билан турган Учқун лип этиб ташқарига чиқди.

– Билсак бўладими, дуосини олишимиз керак бўлган одамнинг кимлигини? – деб сўради Бўта, ойнаванд стол устидаги бўш чиннига ғажилган бир бўлак суякни тап этказиб ташлади. Сўнг оғзини беўхшов катта очиб-юмди ва лабларини, сочиқча билан қўл яхшилаб артди.

– Албатта, – деди Тўражонзоданинг оғзидан кутилмаганда. – Бўтабой, иним, у одамни сиз сўзсиз танийсиз. Буёғи Америкаю араб давлатларида номи кетган. Дунёда номер бир терорчи, деган ном ҳам олган.

– Ҳа, Бен Ладен денг?.. – Бўтанинг тамоман ҳафсаласизлик билан қилган бу жавобини эшитган Тўражонзода, Талабга бир қараб олди. Унинг бу қарашида: “Сиз мени ким билан учраштирдингиз-у, мен ким билан сўзлашяпман? Бен Ладендек номер бир дунёга машҳур террорчини менсимаса-я?!” деган иддао зуҳур эди. Талаб эса икки ўртада юз берган ҳолатга илжайибгина қўйди.

– Бизнинг ўзимизнинг кучимиз, қудратимиз етарли, – дея гапини давом эттирди Бўта ва қўлидаги сочиқни ғижимлаб-ғижимлаб, стол устига ташлади. – Дуогўйлар ўзимизда ҳам етарлича топилади.

– Тўғри, – деб суҳбатга аралашишга мажбур бўлди Талаб. – Аммо Бен Ладендек одамга менсимай қараш, ундан маслаҳат олмасдан иш бошлаш тўғри эмас, менимча. Биз жаноби Тўражонзода билан узоқ маслаҳатлашиб, шу ишни амалга оширишни ният қилдик. Энг муҳими, бизнинг бўлажак ишимизнинг молиялаштирилишига Бен Ладен ёрдам беради.

– Ишончингиз комилми? – Ўзини гўлликка солиб сўради Бўта.

Гоҳо Бўтанинг шунақанги унча-мунча одам ҳам тушуниб ета олмайдиган хатти-ҳаракатлари, феъллари борлигини Раҳмонали яхши биларди. Ҳозир Бўтанинг шунақанги терс феъли тутиб қолганга ўхшарди. Бўтанинг муомаласини кўриб, Талабнинг ҳам бирдан тажанглиги тутди.

– Мендан хафа бўлманг-у, сиз барибир ўқимаганлигингизга борасиз. Нима яхши-ю, нима ёмонлигини баъзан ажратолмай қоласиз. Чунки, сиз кўпинча оёғингизни остидан нарини кўрмайсиз. Бу иш яхши эмас. Чунки, режалаштирилаётган ишларимиз жуда катта маблағларни талаб этади. Мана, неча йилдирки океан ортидаги ҳомийларимиз пул билан бизларни тўхтовсиз таъминлаб келишди. Пул бергандан кейин натижасини ҳам суриштиришади-да. Ҳақлари бор. Эртага биз юртни эгаллаб олганимиздан кейин, улар юртимиздаги энг йирик бойликларга эга бўлишни кўзлашади. Биздан шуни талаб қилишади. Бен Ладенда эса ундоқ эмас. Унинг учун бир-икки миллион доллар чўт эмас. Дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги ҳисоб рақамларида пуллари ачиб ётибди. У киши асосан дунёдаги энг йирик можароларни молиялаштиришни хуш кўради. Сиз биласизми, йўқми, – Чеченистондаги, ундан ташқари, Босння, Герцоговиниа даги урушларга катта пулларини тикиб юборди. Лекин биронтасидан қайтим сўрамади. Бизга эса энг замонавий қуроллар зарур. Бунинг учун ривожланган давлатлардаги қурол ишлаб чиқариб сотувчи компаниялардан яширинча харид қилишимиз учун яхшигина пул керак…

Бу гапларни Бўта жим ўтириб, бошини осилтириб эшитди ва деди:

– Хўп, майли, пул берадиган бўлса, борармиз ҳам, ўзингиз айтгандек дунёда номер бир бўлиб турган террорчи билан дўстлашамизми? Эртагаёқ бутун дунё бўйлаб унга бизни шерик қилиб қўйишмайди, деб ким кафолат беради? Ҳеч ким! Қарабсизки, бизни молиялаштириб турган бошқа ҳомийларимиз биздан юз ўгиришади. Ахир, айтишади-ю, икки қайиқни бошини тутган одам сўзсиз чўкиб кетади, деб. Бен Ладеннинг амалда қандай одам эканлигини бир тасаввур қилиб кўрсангиз, менинг гапларимнинг мағзини чақиб оласиз. Гап тамом – вассалом!

Ҳамма бирдан жим бўлиб қолди. Табиийки, Бўта ҳаммани ўйга толдириб қўйган эди.

“Занғар Бўтадан ҳам шунақанги гаплар чиқар эканда?” деб ўйга толди Раҳмонали. Бу икки ватангадо – Талаб билан Бўтанинг бир-бирига ўхшамаган томонлари шундан иборатки, Талаб – пулнинг, мол-мулкнинг қули, харислик унинг қонида бор. Бўта – анчайин дағал, қўпол, аммо чапани табиат. Бироқ, иккови ҳам ўзларича, юртга бош бўламан, деган хомхаёллар билан юришибди. Иккови ўз вақтида юртда тинч-омон, қўлидан келадиган, жамиятга, давлатга фойдаси тегадиган бирон ишни бошини тутиб, яшаб, ишлаб юрса, яхши эмасмиди? Йўқ, икковига ҳам катта амалдорлик касаллари юқиб, ким ларнидир қутқуси билан шу кўчаларга кириб, мана, неча йиллардирки, ўзга юртларда сарсону саргардон бўлиб юришибди… Раҳмонали шуларни ўйларкан, Талаб билан Бўта қачонки бошлари бирон тошга урилиб, афғон тоғларида ўлиги қолмагунча ақллари кирмайди”, дея қатъий хулосага келди.

Тўражонзода аввал Талабнинг гапларини эшитиб, бошини лиқиллатиб тасдиқлаб ўтирган бўлса, энди Бўтанинг тамомила тескари йўналишдаги гапларини тинглаб, оғзини очганча қотиб қолганди.

– Аммо-лекин ўзимнинг ҳам у одамни бир кўргим бор-у, аммо… – деб Бўта бир яйраб хохолаб кулди. Тўражонзода оғир уф тортди. Бўта эса у одамга қараб ҳам қўймади. Шундай қилиб, Бўта Тўражонзодани ҳам бир пулга олмаётганлигини сездириб қўйди. Ҳа, Бўта шунақа беандиша, юзсиз… У ўзидан бошқани сира ёқтирмаган, яхши кўрмаган одамлигича қолганлигини яна бир бора аён қилган эди.

Учқун иккита лаганда паловхонтўрани олиб кирди.

Раҳмонали қўй ёғи, қўй гўштида пиширилган чойхона паловни кўриб, ҳиди димоғига урилиб, иштаҳаси бениҳоя очилиб кетди. Яна одат бўйича: “Олинг, олинг?”, “Қани, қани!..” деган манзиратлар хона бўйлаб янграй бошлади.

* * *

Олдинда Тўражонзода, унинг ортидан Бўта, сўнг Раҳмонали, Талаб ва ниҳоят, Учқун ҳовлига чиқишганида, кун пешиндан оғиб қолганди.

– Тақсирлар, пешин ўтиб кетаёзибди-ю! – деб қолди Талаб ва ортига ўгирилиб, Учқунга қаради. Учқун, ҳаммаси тайёр, дегандек олдинга ўтди ва барчани меҳмонхона томонга бошлади. Аммо, Раҳмонали, таҳоратни янгилаб олай, деб, Учқунга ўгирилди.

– Қани, бошланг, – деб қолди Тўражонзода, Учқунга қарата. – Мен ҳам таҳоратимни янгилаб олишим керак.

Учқун Талабнинг имоси билан энди тескари томонга – ҳовлининг энг четидаги таҳоратхона томон йўл бошлади. Навниҳол олма, шафтоли дарахтлари оралаб ўтган йўлак бетонлаштирилган, силлиқ. Улар дарахт шохларига тегиб кетмаслик учун хиёл ўзларини эҳтиётлаб йўлакдан бораверишди. Ҳовли, чиндан ҳам кенг-мўл, чамаси ўттиз сотихдан зиёд эди. Мевали дарахтлар ораларига жўяклаб бўлиб, помидор, қалампирлар экилган. Бари шиғил пишган маҳал. Бошқа томонида картошка туплари барқ уриб ўсиб ётибди. Қолган қисмида беда… Раҳмонали билдики, Талаб ҳовлисида қўй ҳам боқади. Йўнғичқа эса қўй учун асл емиш.

Нариги тарафда ойнавандли қатор бинолар саф тортган. Фақат бу бинолар пишиқ ғиштдан эмас, пахсадан қурилганлиги билиниб турарди.

Ниҳоят, таҳоратхонага етиб боришди. Унинг икки эшиги бор эди. Биридан Учқуннинг имоси билан Тўражонзода ичкарига кириб кетди. Иккинчи тарафидаги эшикдан Раҳмонали… Оёқ остига ялтироқ, оппоқ кафел ётқизилибди. Деворлари эса сомон сувоқ билан силлиқ сувалган. Хона ичи кенг, биринчи хонасида ўтириб таҳорат олиш учун суянчиқли курсилар бор, иссиқ сув солинган тўртта елим идиш қатор териб қўйилган. Нариги хонаси эса, чамаси, ҳожатхона эди. Шундай овлоқ қишлоқ жойда Талаб бундай ҳашаматли ҳовлини қуриб яшаётгани Раҳмонали учун бироз ғалати туюлса-да, буларнинг барчасининг отаси – пул бўлганлигини тушунди. Пулки, гиёҳвандлик олди-сотдисидан келаётган мўмай даромад…

Раҳмонали ўзларини жангари деб атаётган қочоқ йигитлар орасида туриб юқоридаги воқеаларни ёдга оларкан, ўтган вақт давомида ўзи ҳам анча-мунча воқеаларнинг гувоҳи бўлиб қолганлигини ич-ичидан ҳис этди.

* * *

– Бугундан бошлаб барча йигитлар кучайтирилган тартибда тайёргарлик машқларини олиб боришларига тўғри келади, – деди Бўта саф олдида ғоз туриб. – Бундан кейинги машқларга арқон орқали тоғларга тирмашиб чиқиш, тушишлар ҳам қўшилади. Чунки, мен айтган муз тоғда ҳеч ким кутмаган ҳолатлар юз бериши мумкин. Бунинг учун биз махсус йўриқчиларни ёллаганмиз. Улар барча машқларингизда бош бўлади. Кимки йўриқчиларнинг айтганини тўла бажармаса, билсинки, мен томонимдан дорга осилади ёки тўғридан-тўғри отиб ташланади. Бизга қўрқоқ, нобоп жангарилар керак эмас! – Бўта охирги гапини дўқ-пўписа аралаш айтди. Билардики, бундай дўқ-пўписалар шунчаки йўлига эмас, амалий иши билан бажарилган. Сафда турган йигитларнинг асосий қисми бунинг тасдиғини ўз кўзлари билан кўриб келишмоқда.

Эрталабки дейилса, унчалик тўғри келмас-у, пешинга яқин бўлиб ўтган навбатдаги бу ваъзхонликдан кейин йигитлар ўз “қўйхона”ларига тарқалишди. Бўта лапанглаб оғир қадамлар ташлаб, кечаги уйчага – айш-ишрат авжга минган бино томонга юрди.

Раҳмонали унинг ортидан эргашди.

– Назир кетдими? – Кутилмаганда сўраб қолди Бўта, хиёл ортига бурилиб.

– Кетди, – деди Раҳмонали.

– Сен бугун Ҳиротга бориб келасан. Пешиндан кейин машина келади, сени олиб кетгани. Йўриқчиларни машинага солиб, олиб келасан. Учқундан хабар келди…

– Кечаги меҳмонлар кетдими? – деб сўради Раҳмонали.

– Нас босган экан ҳаммасини, эрталаб зўрлаб жўнатиб юбордим. Мени ҳам маст қилишди… Талаб қипқизил хотинбоз экан-у, а?.. Ҳалиги нимайди, Ҳуснигулми? Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилганмиш… Румин жалабларидан баттар-э! Талаб уни бир кўкларга кўтаради-ей! Ҳозир Парижда яшаётганмиш. Тупурдим ундайларга. Менга деса Вашингтонда яшамайдими? Бузуқ бузуқлигича қоларкан… – Бўта гапира-гапира бориб, тепаликда жойлашган бинонинг эшиги тагига етди. – Манжалақилар кетганидан кейин уйнинг ичини тамомила тозалатдим қатрон қилиб. Исириқ солдирдим. Кирсанг кўрасан.

Раҳмонали Бўтанинг ортидан кирганида стуллардан бирида шумшайиб шоир Зиё Маҳмуд ва иккинчисида туни билан ичкилик ичавериб қовоқлари шишиб кетган Талаб ўтирганди. Раҳмонали уларни ҳам кетган деб хаёллаган экан, уларни кўргач, бироз таажжубланиб қолди.

– Нима бўлди? – деб сўради Талаб, ўрнидан оғир тураётиб. – Ҳиротга ким бориб келади?

– Мана, бизнинг Раҳмонали боради. Ҳиротни яхши билади. Ўша чорраҳадаги, толлар остидаги чойхонада йўриқчиларни кутиб ўтиради. Учқун бошлаб келиши билан, машинага солади-ю, йўлга чиқади. Бугун кечки пайт етиб келишса, эрталабдан тайёргарлик ишларини бошлаб юборишади… Энди картани стол устига қўй! – деб буюрди, бир четда қўл қовуштириб турган Раҳмоналига қарата. Раҳмонали дарров тахмондаги тўшаклар остига тахланиб, қистириб қўйилган дунё сиёсий харитасини олди. Уни стол устига ёзиб қўйгач, Ўзбекистон харитасини ҳам олиб, қўлида ёзиб тутганча тик тураверди. – Бажариладиган ишларимизни олдиндан ипидан-игнасигача муҳокама қилиб олишимиз керак. Бу ердан чиқиб қаерга борамиз, қанча йўлни қанча вақтда босиб ўтамиз ва Тожикистоннинг Қоратегин деган жойида Тўражонзода жанобнинг одамлари бизнинг йигитларни қандай кутиб олиб, қаергача кузатиб қўйишади, муз тоғга қандай чиқиб борилади ва ниҳоят, муз тоғдан ошгандан сўнг, Фарғона водийсини қаерига тушиб борамиз – ҳамма-ҳаммасини олдиндан режалаштириб олишимиз керак. Энг муҳими, муз тоғлардан оғир қуролларни олиб ўтиб бўлмайди. Менинг таклифим шуки, тўртта миномётни бўлакларга бўлиб, йигитларга бўлиб берамиз. Муз тоғдан ошиб ўтишгач, тезликда йиғиб, ишга шайлаймиз. Мен тонгсаҳар шу қарорга келдим.

– Тўртта миномёт билан бир иш чиқара олишадими йигитлар? – деб сўради Талаб, столдаги харитага яқинроқ бориб. – Кўпайтиришнинг иложи бормикин?

– Иложи йўқ! – Гапни чўрт кесди Бўта. – Йигитлар саноқли. Юклари оғирлашиб кетса, муз тоғдаги кутилмаган фалокатлар… Йўқ!.. Бор-йўғи бир ойлик тайёргарлик даврида йигитлар муз тоғда юриш ҳадисини олишолмайди. Аммо бошқа иложимиз йўқ. Ёз қисқа. Вақтни чўзганимиз сайин, тоғда об-ҳаво совушни бошлайди. Қанчалик кўп тайёргарликка вақт ажратсак, шунча кам вақтимиз қолади.

– Қайтишларини ҳам ўйлашимиз керак, – дея гап қистирди шоир Зиё Маҳмуд. Бу гапни эшитиб, Талаб билан Бўта унга хўмрайиб қарашди.

– Сиз қандақанги қайтиш ҳақида жавраяпсиз? – Дўқ аралаш сўради Талаб. Унинг жеркиш аралаш бу саволидан сўнг, шоир Зиё Маҳмуднинг ранги оқариб кетди. – Ҳеч ким у ёқдан қайтмайди. Қайтишни ўйлашмайди ҳам. Талотўпни бошлаб, халқни оёқлантириб олишса бас. Биз Амударё кўприги орқали бошқа қўшин билан кириб борамиз.

– Шундай демайсизми?

– Кечадан буён қулоғингизга танбур чертаётганимиз йўғийди-ю! Хаёлингиз буткул парижлик Ҳуснигулга кетган чоғи шоир! – Талабнинг охирги гапи унга қаттиқ ўқ бўлиб санчилди шекилли, Зиё Маҳмуд бошини қуйи солиб, жим бўлиб қолди.

Ўша аснода эшик очилиб: “Дарвоза томон енгил автомашина келяпти”, деган хабар эшитилди. Бўта савол назари билан Раҳмоналига қаради. Раҳмонали ноилож эшик томонга йўналди. У ҳужумнинг барча икир-чикиригача билиб олиш истагида ёниб турганди, лекин бўлмади.

Бу маҳалда машина дарвоза олдига келиб тўхташга улгурганди. Раҳмонали тез-тез бориб, машинага яқинлашди. Машинада қорачагина, бошига салла қўндирган афғон йигити ўтирган экан. У билан салом-алик қилиб, гаплашиб тургандики, ортидан ҳаллослаганча, йўлакай тупуриб Назир етиб келди.

– Сен тез машинага чиқиб, Ҳиротга бораверар экансан. Тунда бўлсаям Учқун билан йўриқчиларни олиб келишинг шарт, деб тайинлашди.

– Ким тайинлади?

– Ким бўларди – Бўта-да!

Раҳмонали “Жип”нинг кабинасига чиқди ва:

– Ия, ҳа, сенга нима олиб келай? – деб сўради Назирдан.

– Биласан-у, сариқ фильтрли сигаретдан ўн пачка олиб ке. Мана, пули, – деб Назир чўнтагидан бир даста пул чиқариб узатди. – Сигаретимнинг охиргисини чекаётгандим. Учқунга тонг, саҳар тайинлаганман-у, унга ишонч йўқ.

– Ҳов, галварс, мен чекмасам, сен чекадиган сигаретларни қандай фарқлайман?

– Об-бо, доимо шундай дейсан. Сигарет чекмаганингдан кейин шу-да аҳвол. Ма, мана бу қуруқ пачкани чўнтагингга солиб ол. Дўкондорларга шу қуруқ пачкани кўрсатиб, шунақасидан олаверасан. Уқдингми?

– Уқдим, – деди Раҳмонали кулиб. – Дўстимга шунақанги сигаретдан сотиб олишим керак экан, – деди у, афғон тилида, пул ва бўш қутини ҳайдовчи йигитга кўрсатиб.

Ҳайдовчи йигит бош ирғади: тушундим.

Раҳмонали пулларни бўш қутига солиб, шимининг чўнтагига тиқди.

* * *

Қош қораймасдан аввалроқ Ҳирот шаҳрига етиб боришди. Йўл анча олис бўлса-да, ҳайдовчи афғон йигитни дамба-дам шошираверган эди. Чунки, бозордаги ўзига таниш дўконлардан бирига бош суқиб, зарур маълумотни етказиши лозим эди. Бундай қулай пайт эса ҳар доим ҳам бўлавермайди.

Анча илгари кўрган таниш толлар соясидаги чойхона ҳамон ўша-ўша эди. Кечки пайт бўлгани учунми, чойхўрлар ҳам озайиб, сўрилар бўшаб қолаёзган эди. “Жип”нинг ҳайдовчисини тамомила танимаган-билмагани учун, ҳушёрликни ошириб, эпчиллик қилиб бозорга тез кириб-чиқишига баҳонаси ҳам тайёр эди: Фильтрли сигарета.

Машинасини толлар соясига қўйиб, индамай, жим ўтирган ҳайдовчи йигит шубҳали эди, Раҳмоналининг назарида: ундан ҳар балони кутиш мумкин. Балки, у Талабнинг ёки Учқуннинг хуфиясидир. Бу мамлакатда одамлар пул учун нима ишларни қилмайдилар дейсиз?.

– Мен бозорга бирров кириб чиқаман, – деди, ниҳоят, Раҳмонали нимадир ёдига тушган одам каби шошилаётгандек. – Дўстимга сигарет олишим керак.

Ҳайдовчи афғон йигит, майли, дегандек бошини ирғади. Раҳмонали шитоб машинадан тушди ва тўғри бозорга қараб юрди. Дўкондорлар бирин-сирин савдо камайиб қолгани учун дўконларининг олд томонидаги қалин, катта тахта тўсқичларини туширишаётган экан. Раҳмонали илдам юриб бораркан, ортига қарамасликка уринарди. Ортидан ҳалиги афғон йигитми ё бошқа биров пойламаётганига ишонч ҳосил қилишни жуда хоҳларди. Ногоҳ, таниш дўкондорга кўзи тушди: у ҳам дўконининг тахта тутқичини зичлаб ёпиш билан овора эди. Раҳмонали яқинлашаётиб, аста йўталиб қўйди. Соқоли кўксига тушган, ўрта ёшли, баланд бўйли, оқ иштон, оқ яктак кийган, салла ўраган дўкондор ортига ўгирилиб қаради ва Раҳмоналини таниди. У қилаётган ишини дарҳол тўхтатиб, дўкон эшигини қия очиқ қолдириб, ичкарига кирди. Унинг ортидан кирган Раҳмонали эшикни зичлаб ёпди. Дўкон ичи қоронғироқ эди. Кўзлари қоронғуликда ҳеч нарсани фарқлаёлмай қолди. Дўкон эгаси, тахта тўсиқ ортига ўтиб, тезликда қоғоз ва қалам олиб, текис тахта тўсиқ устига қўйди ва индамай, ташқарига чиқиб кетди. Дўкондор ташқарида ўз ишига уннайверди. Раҳмонали эса оқ қоғозга қалам билан қисқа-қисқа қилиб қуйидагиларни ёза бошлади: “Июль ойи бошида Биринчи билан иккинчининг йигитлари Тожикистоннинг Қоратегин деган жойида муз тоғидан ошиб, водийга тушадилар. Уларда тўртта миномёт бўлади. Ундан сўнг Амударё кўприги орқали юртга киришга ҳам уринишади. Бир ойлик тайёргарлик…”

Шуларни ёзиб бўлиб, ўзи биладиган тахта орасидаги тешикка қоғозни буклаб суқиб юборди. Билдики, қоғозча тешикчадан нарига тарафга, девор билан тахта оралиғига тушди. Қоғозчани дўкондор қандай қилиб олади, қачон олади – унисини Раҳмонали билмайди. Аммо, қачонки, хабарни шу йўсинда берса, ўз вақтида етиб боряпти. Жавоб хатни эса дўкондор ўзи қўли билан беради-ю, Раҳмонали ўқиб бўлиши билан, дарҳол ёқиб юборади. Тамом – вассалом!..

Дўкондор ташқаридаги ишини тамомлаб, ичкарига кирди ва дўкон эшигини ичкаридан қулфлади. Сўнг савол назари билан Раҳмоналига қаради. Унинг бу қараши: “Сенга ҳозирча махсус хат йўқ”, деган эди. Раҳмонали дарҳол жавобни уқиб, чўнтагидан сигаретнинг бўш қутисидаги пулларни пештахта устига қўйди. Дўкондор пулларни олиб, юқори растада тахланиб турган бир даста сигаретни олиб, Раҳмоналига узатди.

Одатда, дўкондор ҳар учрашганларида, ишни гапсўзсиз битирарди. Асли у киши ҳиротлик ўзбеклардан бўлса-да, умуман гапирмасликка уринарди ва бунинг уддасидан доим чиқиб келаётганди. Бу гал одатига хилоф тарзда, дўкондор:

– Ортингдан бир афғон йигит бозорга кириб келди, – деди аста. – Дўконларни бирма-бир қараб юрибди.

– Ёш, саллаликми?

– Ҳа.

– У мени олиб келган ҳайдовчи.

– Нима қиласан?

– Орқа эшик борми?

– Бор. Қани, буёққа. – Дўкондор шундай деб пештахта тўсиғини кўтарди, Раҳмонали ичкарига ўтди. Дўкондор бир эшикни очиб, ертўла зиналарига йўл бошлади. Ва, қўлчироғини ёқиб, зиналарни ёритган кўйи, пастга тушди. Ертўладаги турли молларга тегинмасликка ҳаракат қилиб, яна бир юқорига элтувчи зинага етди. Дўкондор зинама-зина кўтарилиб, ташқари эшикни қия очгач, ташқарига бош суқиб, кўчада ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилганидан сўнг, йўл бўшатаётиб, паст овозда деди:

– Кўчадан чапга юрсанг, бозорнинг дарвозаси олдидан чиқасан…

Раҳмонали шартта ташқарига чиқиб, алоқачи дўкондорнинг дўконини орқа тарафи бошқа дўкондорларники каби қуюқ дарахтлар соясида экан. У дарахтлар оралаб бориб, йўлнинг у томонига – кечаси ҳам ишлайдиган дўконлар қаторига ўтиб олди. Энди Раҳмонали анча хотиржам эди. Бир қўлтиғига Назир жиннига аталган сигарет қутиларини қистириб олганча, катта йўл бўйида кетма-кет қатор жойлашган, чироқлари ёниқ турган дўконларга бир-бир кириб чиқа бошлади. Унинг бирон нимадир харид қилиш нияти йўқ эди. Аксинча, ҳалиги ҳайдовчи йигит ростдан ҳам қидириб юрганини ўз кўзи билан кўриш эди. Дарҳақиқат, бир оз вақт ўтиб, кўча бошида – бозор дарвозасининг олдида атрофга алангжаланг қараётган саллачали афғон йигитни кўрди.

Афғон дўконларидан ташқари, шундоқ савдо дўконларининг эшиги ёнида – банан, лимон ва бошқа мевалар уюм-уюм қилиб қўйилган. Раҳмонали уларни айланиб ўтиб бораркан, ногоҳ кўзи бир уюм қовунларга тушди. Кўрди-ю, таққа тўхтади-қолди. Юраги бир хапқириб, худди юртидаги бозорда юргандек ҳис этди ўзини. “Наҳотки, қовун бўлса-я?!” деб ўйлади ва аста яқинлашди. Ёшгина афғон йигити тагига кўрпачасини тўшаб, дўкон деворига суяниб, кўзларини юмиб ўтирган экан. Раҳмонали қўлтиғидаги сигарет қутисини ерга тушириб юбормасликни ўйлаб, уюб қўйилган қовунлардан бирини қўлига олди. Қараса – ўзимиздаги кампир қовун деб аталадиган кўм-кўк, тириш-буруш қовуннинг айниўзидан.

Раҳмонали қовунни димоғига яқинлаштирди. Искади. Иси ҳам худди ўзимизники каби димоққа ёқадиган хушбўй эканини сезди-ю, хурсанд бўлди. Деворга суяниб ўтирган ёшгина афғон йигити Раҳмоналининг қўлига қовунни кўтариб олганини кўриб, дарров хушҳол ўрнидан турди. Салом берди ва: “Олинг, олинг, жуда ширин”, деди форсчалаб. Раҳмонали қўлидаги қовуннинг ўзбеклардаги кампир қовунга қандай алоқаси борлигини сўраб-суриштириш ниятида, ўз фикрини тушунтиришга тараддудлана бошлади. Шу пайт сотувчи йигит харидорининг ниятини бошқача тушундими, дарров ёнига энгашиб, сўйиб қўйилган ўшандай қовунни қўлига олди. Ёнидан пичоғини чиқариб, зумда бир тилим кесиб узатди. Раҳмонали қовунни еб кўрди. Қарангки, мазасида ҳам фарқ йўқдек эди. Бунақа бўлишини сира кутмаган Раҳмонали дарҳол ёнидан пул чиқариб, йигитчага пул узатди. Йигитча бир пулга, бир қовунга қаради-да, пулни чаққонлик билан, иккинчи бир шундай катталикдаги қовунни олиб, Раҳмоналига узатди. Жилмайди. Раҳмонали кўпроқ пул берганини тушунди. Йўқ дегандек, бошини чайқади. Йигитча эса қовунни узатиб тураверди. Раҳмонали қўлтиғидаги сигарет қутисини қаттиқроқ қисиб, икки қовунни икки қўлида тутганча, соф ўзбекчалаб, раҳмат айтгач, мамнун йўлга тушди.

Ниҳоят, Раҳмонали ҳалигинда бозор эшигидан кирган жойига етиб борди. Ҳайдовчи йигит Раҳмоналини узоқдан кўрди-ю, шарт бурилиб, толлар соясида турган “Жип” машинаси томон кетди.

Раҳмонали машинага етиб борганида, ҳайдовчи афғон йигит гўё ҳеч нарса бўлмагандай ўрнида жимгина ўтираверди. Раҳмонали қовунларни ерга қўйиб, эшикни очди. Сўнг қовунларни юклади. Сигаретнинг узунчоқ қутисини ўртага қўйди.

Вақт ўтиб борар, Учқун ва у бошлаб келадиган йўриқчилардан дарак бўлмаётганди. Вақт эса жуда имиллаб ўтаётгандек эди гўё.

Ҳирот – қадим шаҳар. Бу азиз ва мўътабар шаҳар ўзбек тили ва адабиётининг асосчиси, ўзбек халқининг улуғ мутафаккири Мир Алишер Навоий туғилган, яшаган ва абадиян қўним топган шаҳар. Аммо Раҳмонали юрагининг туб-тубида ҳар гал шу шаҳарга келганида Навоийга бўлган эҳтироми жўш урса-да, бирон кишидан буюк мутаффаккирнинг қабри қаердалигини сўрабсуриштириб, зиёрат қилолмаётганидан кўп афсус чекарди. Билардики, шаҳарнинг қайсидир мавзеида Навоийнинг қабри бор. Лекин у қандай аҳволдайкин? Шунисини аниқ билмасди… Шундай хаёлларга берилиб, кўзларини юмган кўйи, суянчиққа ясланганча хомуш эди. Қўққис, ҳайдовчи йигит ғимирлаб қолди. Раҳмонали кўзларини очиб, пастда Учқунни кўрди. Кафтлари билан кўзларини ишқалаб, шошмай пастга тушди.

Қисқа салом-аликдан сўнг, Учқуннинг ортида ўттизўттиз беш ёшлар чамасидаги икки норғул йигитни кўрди. Малла йигитлар билан бош ирғаб сўрашган бўлди.

Учқун европалик йўриқчиларни машинага таклиф этди. Уларнинг ортидан Раҳмонали ҳам машинага ўтирди.

Йўлга тушдилар. Ҳамма мум тишлагандай жим. Баланд тоғлар оралаб ўтган тоғ йўллари тунда ваҳимали кўринар, негадир, одам беихтиёр ўзини ожиз, чумоличалик миттилигини ҳис этади. Аҳён-аҳёнда тоғнинг у ёки бу ёнбағридаги қияликда жойлашган афғон қишлоқлари кўзга ташланар, гоҳо йўлни кесиб ўтаётган тулки ёки бошқа бирор ёввойи жониворлар ҳам учраб, кўзлари тунда ёниб-ярқираб чопиб ўтиб қолаётганди. Бундан ташқари, жарликларда қачонлардир чекланган совет қўшинлари таркибида афғонга киритилиб, жангларда иштирок этган, сўнг портлатиб, ёндириб юборилган танк, автомашиналар, бронетранспортёрларнинг ўта қувраган темирлари ҳам кўзга ташланиб қолар, бундай пайтларда Раҳмоналининг этлари жунжикиб кетар эди. Чунки, бу ёнган, куйган, портлатилган ҳарбий техникаларга қўшилиб қанчадан-қанча ёш йигитлар нобуд бўлганлигини ўйлаб, юраги увиша бошларди. Дарвоқеа, тоғу тошларда ўзимизнинг юзлаб, балки минглаб бегуноҳ йигитларимизнинг қонлари тўкилгандир.

Раҳмонали, ниҳоят, ухлаб қолди.

* * *

Мана, йигирма кундирки икки европалик йўриқчилар бошчилигида Афғонистон билан Покистон давлатлари ўртасидаги овлоқ, тоғлар орасидаги бир жойда – жангарилар лагерида кучайтирилган тарзда ҳарбий тайёргарлик машқлари олиб борилмоқда. Бўта барча тайёргарликларга бош-қош. Шу орада бир маротаба Талаб тожикистонлик Тўражонзодани эргаштириб келиб кетди. Талаб хорижлик ҳарбий йўриқчиларнинг ишларидан кўнгли тўлганини яшириб ўтирмади. Тўражонзода билан соқолли икки нафар тожик йигит ҳам келиб, ҳарбий йўриқчиларга қўшилди. Тўражонзоданинг айтишича, булар асосан Чеченистондаги қонли урушларда тажриба орттиришганмиш. Улар тоғларга чиқиш, тушиш каби оғир машқларни ўргата бошладилар. Европаликлар эса асосан қуроллардан фойдаланишни ўргатиш билан бирга, жисмоний машқларга ҳам зўр бера бошлашди. Қисқа вақтда қаерлардандир тахта, ёғочлар, тиканли симлар келтирилди, хандақлар қаздирилди, сувлар тўлдирилди. Жангари йигитлар тахта тўсиқлардан ошиб, хандақлардан кечиб ўтиб, балчиқ, лойларга буланишиб, тиканли симлар остидан эмаклаганча, нишонларга отишарди. Ҳар бирининг елкасида оғир юклар… Кечга бориб улар ўлар ҳолатда қотиб қолишаётганди. Раҳмонали ҳам жангари йигитлар қаторига қўшилганига анча бўлди. Кўп вақт Назир билан биргаликда машқ қилишига тўғри келиб қолар, Назир нуқул ерга туфлаб, нолигани нолиган эди: “Нима кераги бор, шунақанги оғир машқларни. Юртга бориб ўлиб кетсак, ўликларимиз итларга ем бўлади-ку!” дерди тутақиб. Ҳамиша Бўтанинг ёнида унинг ҳар қандай хизматига шай бўлиб, енгил ишларни бажариб ўрганиб қолгани учунми, у оғир машқларга жисмонан тайёр эмаслигини сездириб қўяётганди.

Раҳмонали эса тишини тишига қўйиб чидаётганди. Унинг билишича, Бўта ҳам улар билан юртга “юриш” қилади. Балки, ўша ерда Раҳмонали Бўта билан охирги ҳисоб-китобни қилиб олар, мабодо биронта дайди ўққа учиб, ўлиб кетмаса…

* * *

Ниҳоят, белгиланган кун етиб келди. Ҳарбий тайёргарлик машқларига роппа-роса бир ой тўлганида, жангарилар лагерига Талаб, Учқун, Тўражонзода етиб келишди. Учқуннинг қўлида қора дипломат ҳам бор эди. Раҳмонали беихтиёр дипломатга эътиборини қаратди. Талаб сафга тизилган йигитларга ўз миннатдорлигини билдириб, уларнинг ҳар бирини тепаликдаги уйчага чақиритириб, Бўтанинг иштирокида алоҳида суҳбатлашди. Кейин билса, уларнинг ҳар бирини қўлига беш минг доллардан пул ҳам берибди. Ваҳоланки, жангарилар ҳар ой тугаши билан Бўтанинг қўлидан жарақ-жарақ долларни олишаётганди. Улар қатори Раҳмонали ҳам.

Ҳарбий машқлар даврида Учқун қаердандир тўртта миномёт ҳам топиб келтирганди. Йигитлардан бир нечтаси ажратиб олиниб, миномётдан қандай отиш, миномётларни қисмларга ажратиш ва йиғиш машқлари ҳам обдон ўтказилди. Натижада, тўртта миномёт бир неча маротаба қисмларга ажратилиб, қайтадан йиғилди. Бу орада жангарилар қанчадан-қанча ўқларни машқлар пайтида отиб, ўқдонларни бўшатиб ташлашди. Раҳмоналининг ҳисобича, бўлиб ўтаётган барча ишлар катта-катта пуллар эвазига амалга оширилаётганди. Европалик йўриқчилар келишилган пулларини олишган шекилли, индамай, жим кетишди. Фақат икки нафар тожик жангариси қолди. Уларнинг иккалови ҳам ўзбекчани анча-мунча ўрганиб олишган эди.

Ниҳоят: “Эртага йўлга чиқамиз!” деган буйруқ янгради. Барча жангариларнинг тонг чоғига тайёр бўлиб туришлари буюрилди.

Кечқурун катта қозонда ош дамланди. Паловни Назир пиширди. У Ҳиротдан қайтиб келганидан буён ўзида йўқ хурсанд, ҳатто, бир марта Раҳмоналига ёйилиб: “Сен менинг ҳақиқий дўстимсан. Биласанми, Ҳиротда нима ишлар бўлди?..” дея гап бошлаганди, Раҳмонали унга жавобан: “Сени биламан, сен суюқсан, итмижоз”, деб қўя қолди. “Роса битим тўкилди ўзиям”, деб яна гапини давом эттирганди, Раҳмонали: “Биламан!” деб гапини шартта бўлди ва қовоғини уйиб олди.

Кечқурун ўнлар чамасида ногоҳ Бўта Раҳмоналини йўқлаб қолди. Ҳар сафаргидек бу гал ҳам элчи бўлиб Назир кириб келди.

– Бўпти, ҳозир… – деди Раҳмонали “қўйхона”дан чиқишга шайланиб. У йигитларнинг кайфияти, руҳиятини аниқламоқчи эди. Билдики, жуда кўпчилигининг авжи паст. Нафақат юртга қурол кўтариб бораётганидан, балки бу овлоқ жойларга боши айланиб, кимларнингдир ёлғонларига учиб ёки билиб-билмай қилиб қўйган жиноятларининг касофатидан қочиб келиб қолганликларидан афсусда эдилар. Ҳар қалай, улар бу афсусларини очиқ айтмасалар-да, лекин паст овозда гаплашишлари, ҳар бир сўзни қўрқиб-қўрқиб гапираётганликлари билан ўзларидаги чуқур афсусус, надоматларини Раҳмоналига сездириб қўяётган каби эдилар.

Демакки, бу ердаги йигитларнинг аксарияти юртга кириб боришлари билан, қўлларини баланд кўтариб, таслим бўлишлари табиий. “Қўйхона”да димиқиб ётган бу йигитларни кўпроқ йигирма кунча аввал қурол-яроғлари билан тунда қочиб кетган йигирма чоғли жангари йигитларнинг тақдири қизиқтирарди. Улар юрак ютиб ўзга бировдан сўраёлмасалар-да, лекин жуда кўпчилиги негадир Раҳмоналидан сўрашга ботинишди.

– Ака, жўраларимиз… ҳалиги тунда қочган жўраларимизни топишдими? – деб сўради асли Сурхон томонлардан бўлган бир жангари йигит кўзлари мўлтираб.

– Топилган… Отишмада ҳаммаси Талабнинг йигитлари томонидан отиб ташланган. Ўликлари бир чуқур кавланиб кўмиб юборилибди, – деди Раҳмонали, баттар йигитларнинг кўнглига ғулғула солиб.

Савол берган йигит оғир уф тортди ва пешонаси қизиб кетди чоғи, кафти билан бир-икки ишқагач:

– Яхши иш бўлмабди, – деб қўйди.

Бошқа қизиққанлар ҳам Раҳмоналининг бу жавобини эшитишиб, юз-кўзларида қўрқувми-ей, шунга ўхшаш бир ҳолат зоҳир бўлди ва бир-бирлари билан ўзаро кўз уриштиришиб, жим қолишди. Раҳмонали уларда юз бераётган ҳолатларни пайқаб, кўнглида қониқиш ҳосил қилди.

Шундан сўнг “қўйхона”дан чиқиб, тепаликдаги уйчага кириб борганида, биринчи хонада Бўтани кўрди: ана, у столга тирсагини, кафтини эса пешонасига тираб, хомуш ўтирибди.

– Келдингми? – деб қўйди Бўта ва ўша алфозда ўтираверди.

Раҳмонали наридаги бўш стулга ўтириб, Бўтага синчков нигоҳини қадади.

– Юртга борсак, халқни қўзғата олармикинмиз? – деб сўради Бўта, ниҳоят, Раҳмоналига қараб.

– Билмадим. Менда юртни ҳозирги ҳолати ҳақида аниқ маълумот йўқ. Хуфияларнинг маълумотлари бордир сизда… – деб жавоб берди, Бўтанинг кўнглида нималар кечаётганини билишга қизиқиб.

– Қайда!.. – Қўлини пастга тушириб, ростланиб ўтирди Бўта. – Ёдингда бўлса, хотиним, қизим билан расмга тушиб, Талабни қўлига бергандим, акаларимга етказсин, деб. Эшитишимча, ярим тундан кейин хуфиямиз Намангандаги ўзим туғилган қишлоққа борибди. Ота уйимнинг эшигини топиб, тирқишига расмни қистириб кетибди. Катта акам тонг-саҳар расмни олибди-ю, керакли жойга элтиб берибди. Шунисига хафа бўлиб ўтирибман. Туғишган акамники менга бўлган ишончи буткул йўқолган экан, халқ қандай қўзғалади, ҳайронман. Бу хабарни оқизмай-томизмай хуфия Талабга етказибди. Бир ой ўтар-ўтмас, хуфиямиз ҳам юртда қўлга тушибди. Бунақанги хуфияларнинг бир қанчасини юборганмиз, ҳаммаси ё сувга отилган тошдек жимиб кетади ё қўлга тушиб, қамалиб кетяпти. “Хизб-ут-таҳрир” деган диний ташкилотни қўзғаб, юртни ичдан кўтариб, қўзғолон уюштиришга ҳам кўп маротаба ҳаракат қилинди. Талаб нуқул мана шу ишни ортидан ҳаракат қилиб, қанчаданқанча маблағларини совуриб юборди. Диний маърузалар ёздириб, Россия орқали Ўзбекистонга кўп бора киритишга уринди. Ҳеч бир иш чиқмади. Энди иш юришди деганимизда, одамларимиз қўлга тушиб, барча ҳаракатлар самарасиз бўлиб қоляпти…

Устига-устак, юртда халқнинг яшаш тарзи кунданкунга яхшиланиб, автомобиль заводларими-ей, яна қанчадан-қанча корхоналар ишга тушиб, шаҳарлар ободон лашиб, гўзаллашиб, одамларнинг дарди данғиллама тўйлар қилиб, хашаматли уйлар солишу янги-янги машиналар олиб миниш бўлиб қолибди, дейишяпти. Бу гапларни мен ё Талаб эмас, Ўзбекистонга бориб келган хорижликлар очиқ-ойдин гапиришяпти. Бизнинг даъватларимиз билан диний оқимларга кирганларни “адашганлар” деб аташиб, авф ҳам этишяпти экан… Ҳозир мабодо Наманган шаҳрига бориб қолсангиз, шаҳарни умуман танимайсиз эмиш. Тамоман замонавийлашиб, гўзаллашиб, ўта обод бўлиб кетган, дейишяпти. Ҳатто, яқинда Туркияда шоир Зиё Маҳмудникида меҳмонда бўлганимизда, телевизор орқали Ўзбекистоннинг телеканалларини кўриб, ҳайратда қолдим. Эх-хе, биз юрган эканмиз-да, деб қўйдим…


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации