Текст книги "Бўрилар изидан"
Автор книги: Хусанбой Каримов
Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 2 (всего у книги 19 страниц) [доступный отрывок для чтения: 6 страниц]
Эрталаб Раҳмонали Толиб билан «Чимён» чойхонасига чой ичгани боришди. Раҳмоналининг мақсади битта: Толибдан шу бугунги вазиятни тўлиқ билиб олиш ва у орқали Наманганга йўл очишдан иборат эди. Эрталабки нонушта устида Раҳмонали гап мавзусини аста Наманган томонга бурди.
– Сен Москвада юриб, эшитмагандирсанам, Наманганда Талаб, Бўта деганлари чиқиб, роса алғов-далғов қилишяпти. Эсингда бўлса, асли наманганлик Учқун дегани борийди «детдом»имизда. Ҳозир у Бўтанинг ёнида юрибди. Наманганда киссавурларни бошлиғийди-ю, ўша Учқун… – Раҳмонали Учқун деганини эслай олмаса-да, «Ҳа, ҳа» деб бош ирғаб тураверди. – Яна биттаси бор, унисини танимайсан, «детдом»га кейин келган, оти Назир жинни, биздан ёш. Хуллас, Учқун билан Назир жинни Наманганда. Биз… – Толиб шундай деб, овозини хиёл паслади. – Оз-моз маблағ жўнатдик. Ким билади, охири нима бўлади. Эшитишимча, Талаб деганининг нияти катта. Тошкентдаги жойни эгаллаш!.. Учқун шундақа, деди. Бўта Талабнинг энг ишонган одами эмиш. Ҳозирча Фарғона, Наманган, Андижондагилар Бўтага салом бериб туришибди. Шунақа ишлар, оғайни…
– Оз-моз деганинг қанча? Пулни айтяпсанми? – ўсмоқчилади Раҳмонали.
– Ҳа-да, пул. Юз минг!.. Ахир, тўртта «Волга» беради бозорда бу пулга. Учқун келиб, йиғиштириб кетди. Биз ёрдам бердик. Фарғонани энг бой одамларидан йиғиштириб олдик. Айтишича, уларнинг режаси иш берса, биз ҳам четда қолмасмишмиз. Борини йиғиштириб бердик-ку. Нима қилайлик, оғайни. Замонасозлик.
Раҳмонали бош чайқади.
– Ўзинг нима қилмоқчисан энди? – деб сўради кутилмаганда Толиб.
– Менми? – Чайналди Раҳмонали. – Россияниям роса кездим. Ўтирибам чиқдим… Наманганга борсамми дейман…
– Наманганда нима бор? Мана, ўзимизнинг Фарғонамиз. Бир ойда уй олиб берамиз, хоҳласанг ҳовли, хоҳласанг «дом». Мазза қилиб юрамиз. Болалар хизматда. Ишни қилишяпти. Ҳар куни «доля» бор, сенам «доля»га ўтирасан. Қолмишига «разборчиклик» қилиб турамиз. Қарабсанки, уй, машина, хотин дегандек…
– Э-э, қўйсангчи! Мен, оғайни, каттароғини мўлжаллаяпман. Ўша Талаб ё Бўта дегани билан танишсам дейман.
– Талаб-ку қийин-ов, аммо Бўта билан таништириб қўйишади. Учқун сени яхши билади-ю! Хуллас, ўзинг биласан, оғайни… Аммо икки-уч кун сабр қилиб турасан. Яна Учқун келмоқчи. Берган пулимизни кўчага сочишяптими, билмадим, яна юз мингни бўйнимизга қўйишган…
Эртаси куни Раҳмоналини Толиб Марғилонга, шаҳар марказидаги “Оталар чойхонаси”га эргаштириб борди. Чойхона – марғилонлик бир гуруҳ Бобурхон исмли «разборчик» бошлиқ жиноятчилар макон қурган жой бўлиб чиқди.
Чойхона кимсасиз, битта сўрида беш йигит давра қуриб ўтиришарди. Суҳбат қисқа ва ниҳоятда тушунарли бўлди.
– Бобурхон, бугун кечгача 25 минг сўм пул топасан. Буйруқ шундақа бўлди, – деди дангал Толиб. Сўрида ястаниб ўтирган жинқарчадек ингичка, бўйи пастгина йигитча Бобурхон экан. Толибнинг бу гапини эшитган уч-тўрт девдек марғилонлик йигитлар ўрнидан турганди, Раҳмонали биттасини аста елкасидан пастга босди:
– Ўзингни бос, оғайни, биз сенга топишмоқ айтишгани келганимиз йўқ. Мен ўзим кеча Москвадан келдим. Айтилган гапни қилиш керак.
Қолганлар Раҳмоналига ҳайрат билан қарашди. Сўнг «Бу ким?» дегандек Толибга юзланишди. Толиб кулимсиди.
– Тўғри, Москвадан келди кеча. Эртага Наманганга кетяпти. Пулни олиб кетиши керак. Бобурхон, Марғилонга бор-йўғи 25 минг сўм чиқим тушяпти. Шу кунгача индаганимиз йўқ… – деганди, ўтирган кўйи, Бобурхоннинг ранги бўзрайди.
– Наманган билан бизни нима ишимиз бор? Биз ўзимизга хонмиз. Бу ерни Марғилон деб қўйиптилар. Бор, тошингни тер, десам, нима дейсан?
– Ўзингга қийин қиласан, ука. Ака-укачилигимиз ўз йўлига. Бу йигитларингам иш бермай қўяди. Прокурор акахонингу каратэчи аканг, пулдор, савдогар акахонларинг ўртага тушолмайди унда.
– Ўзингдан кетиб қоляпсан, Толик. Гапингни ўйлаб гапир. Гапингга отвечат қиласанми? – Бўғрисиди ранги қизаринқираган Бобурхон, бироз типирчилагандек бўлиб. Ёнидагилар ҳайрон эди, бир Толиб ва Раҳмоналига, бир ўтирганча бўғилаётган Бобурхонга қарашаётганди. – Нима қилиб ўтирибсизлар, жавобини бериб қўйинглар буларни! – Бирдан бақириб юборди, жунуни қўзиб Бобурхон.
Пиравордида иш шундай тугашини билиб турган Раҳмонали вақтни зое кетказмади. Ҳалигинда елкасидан босиб ўтқазиб қўйган йигитни кўксига ўхшатиб шундай тепдики, ўтирган сўрисидан ошиб, тўлиб оқаётган ариқ сувига шалоплаб тушди. Иккинчисининг башарасига мушт туширди, учинчисини ҳам тепиб, юмалатиб юборди. Уч йигит то кўз юмиб очгунча уч томонда ётиб қолди. Сўри ёнида икки қўлини орқасига қилиб турган Толиб: «Ана, кўрдингми?» дегандек тек қотган, Бобурхоннинг кўзлари катта-катта очилиб, жағи сўлжайиб очилган эди.
– Яна гап борми? – деб сўради Толиб. – Ё каратэчи акангга одам юборасанми? Агарда кечгача мен айтган ишни битказмасанг, Асаканинг “чўнтагида” гаплашамиз. Ўша ерда разборимизни охирига етказишади. Сен ўзингни ким деб ўйлаяпсан? Ўша Асакадаги машҳур Амир акаям ғинг демай беряпти, билдингми? Кўрпангга қараб оёқ узат, ука. Айтилдими, бажарасан. Хўш, кечга пулни ўзинг олиб бориб берасанми ё одам жўнатайми?
Бобурхон мум тишлагандек ҳамон жим ўтирарди. Раҳмоналидан мушт, тепки еган йигитларнинг биронтаси ҳам мушт қайтаролмади. Ўринларидан туришиб, кўксини, башарасини силаб, тек қотишганди. Чунки бу ердагилар Толибнинг кимлигини яхши билишар, ортиқча ҳаракат, гап-сўз асли сиғмасди. Аммо кейинги пайтларда манмансираб кетган Бобурхон… Ниҳоят, у тилга кирди:
– Содиқ, сен тез савдогар Ҳайдар тоғага бор. 10 минг сўм пул бериб юборсин. Бобурхон айтди, дегин. Қолганини шу ердан топамиз… Қани, нариги сўрига жой қилинглар. Толиб акам келиб қолибди, москвалик меҳмон билан, бир қўй ёғида ош ейлик…
Ярим соатдан кейин иккита сўрини бирлаштиришиб, шаҳарнинг қоқ марказида еттовлон ҳеч нарса бўлмагандек битта дастурхон атрофида жамланишиб, ароқ шишаларини пайдар-пай бўшатиш бошланиб кетди.
* * *
Наманган. Гуллар шаҳри. Аммо 90-йилларда бу ном Наманганга унча ярашиб тушмаган пайтлар. Бир тўп ўзлигини унутган кимсалар нафақат шаҳарнинг, балки Наманган вилоятининг шаҳару қишлоқларини ҳам талотўп қилиб юрган вақт. Раҳмонали ана ўша кунларда Толиб орқали ундирилган 100 минг сўм пулни сумкага жойлаб, Учқун билан Наманган шаҳрига эрталаб кириб борди. «Жигули» машинасида шаҳарнинг тор, иланг-биланг кўчаларида юра-юра, кенг-мўл ҳовлининг рўпарасидан чиқиб қолишди.
Ҳовли Учқунга тегишли экан. Айтишича, икки ой чамаси олдин пулдор бир кимсанинг ҳовлиси бўлган-у, Учқунга сотган эмиш. Бу гапни эшитиб, Раҳмонали мийиғида кулди. Ҳаммаси тушунарли эди.
– Бугун бизникида дам оламиз. Кечки пайт Тошқўрғонга борамиз. Бўта ака билан кўриштираман. Пулни ўз қўлинг билан берганинг дуруст. У садоқатлиларни ёқтиради. Хўш, бугундан бошлаб спиртли ичимлик деганининг яқинига ҳам йўламайсан. Бундан буён намоз ўқийсан, Бўтани ёнига кирасан. Ундан уёғи ўзингга боғлиқ. Талаб бош бўлса, Бўта ака ўнг қўл вазири, сен билан биз ҳам камида вазирлар бўлишимиз керак. Шарти шундақа.
Раҳмонали Учқуннинг кираверишдаги меҳмонхонасига қўнди.
Учқуннинг ҳовлиси баайни карвонсаройнинг ўзгинаси бўлибди. Эрталабдан буён кимлар кириб чиқмади бу ҳовлига. Кирган борки Учқундан нариги хонада топшириқ оляпти, катта-катта пул беряпти. Толиб айтганидек, Бўтанинг энг ишончли одами, чоғи.
Кечга бориб икков алоҳида тараддуд кўришди.
– Бугун Бўта ака обкомни биринчи секретари, ички ишлар бошқармаси бошлиғи, прокурор билан банд бўлди. Муҳим масалаларни ҳал қилишяпти. Кечки пайт Тошқўрғондаги уйига боради. Район марказида кутиб оламиз. – Учқун бўлари гапни айтиб қўя қолди.
Эрталаб Раҳмонали уч кундан буён ўсётган соқолини атайин олмади. Соқолининг ўсиқлиги, Бўтада яхшироқ таассурот қолдиради, деган ўйга борди у.
Тошқўрғон – Наманган шаҳридан ўн икки чақирим чамаси узоқликдаги туман маркази. Қир пастекислигида жойлашган шаҳарча. Унчалик гавжум эмас. Кечга томон Учқун билан сумка кўтарган Раҳмоналини етказган «Жигули» машинасида икков ўзлари келган тарафга қараб кутиб тураверишди.
– Ҳозир кўрасан, қандай қилиб келишини? – Сонига шапатилаб қўйди Учқун. – Бўта шундай кучайганки, катта-катта амалдорлар ҳам ундан бемаслаҳат бир иш қилмай қўйган. Наманганни ушлаб турган устунлардан бири у. Бўйи пастроқ бўлсаям, тўла, миқти, отаси полвон ўтгани учунми, полвонкелбат. Аммо, калла бўм-бўш! – Шундай деб, Учқун хохолаб кулди.
Раҳмоналининг эса Бўта исмли ўша калласи бўмбўшни кўргиси, билгиси келар, қизиқиши ортиб бораётганди.
Аммо кеч тушиб бораётганига қарамасдан, мақтови ошириб айтилаётган Бўтадан дарак бўлмаётган эди. Раҳмоналининг сабру бардоши тугаётгандек эди.
Ногоҳ, Учқун тилга кирди:
– Ана, келяпти. Кўрдингми?
– Қани? – Раҳмонали кимсасиз кўчага тикилиб, ҳеч нарсани кўрмас, уёқдан-буёққа ўтаётган машиналардан ўзгаси кўзларига кўринмаётган эди.
– Э-э, ҳов ана, йўл ўртасидаги оқ чизиққа қара. Ўртасида катта-катта қадамлар ташлаб келаётган одамни кўряпсанми? Бўта деганлари шу! – деб Учқун ўнг қўлининг кўрсаткич бармоғини олдинга бигиз қилиб кўрсата бошлади.
Ана ўшандагина катта йўлнинг қоқ ўртасидаги оқ чизиқ устидан шахдам қадамлар ташлаб яқинлашаётган, Учқун айтганидек, миқти, тўладан келган ўттиз ёшга етиб-етмаган йигитни кўриб, Раҳмонали лабларини чўччайтирди. Бошига Наманганча дўппи кийган, эгнида оқ яктак, қорни сал дўмпайган оёғидаги зобитларнинг ялтироқ ғижим этигини кўз-кўз қилиб келаётган қорачагина йигит…
– И-я! – деб юборди Раҳмонали, ажабланиб. – Елкасидаги нима? Автоматми? Ёппирай!..
– Ҳа-да, ҳалигинда айтдим-у, роса кучайган… Автоматни Наманган шаҳрида елкасига осиб юрибди-ю. Унга фарқи қолмаган. Ғиринг деганни – пақ этказади, тамом.
– Ахир, мелиса… индамайдими?
Раҳмоналининг бу гапини эшитаётиб, Учқун хохолаб кулди.
– Вей, Бўта ҳозир мелисаям, прокурорам, обкомам ўзи. Ҳаммаси шунга қуллуқ қилиб турибди-я!..
Раҳмонали куппа-кундуз куни елкасида автомати билан тобора яқинлашаётган Бўтага тикилиб тураркан, Наманганда вазият ниҳоятда жиддий ва чигал бир ҳолатга келганини тушуниб етди. Ахир, бундай бўлиши сира мумкин бўлмаган ҳолат эди-да, Раҳмоналининг назарида. Унинг онги, тафаккури сиғдира олмаётган бу кўриниш аслида ҳам ҳеч бир қуюшқонга сиғмайдиганд ҳодиса эди. Бироқ, не ажабки, воқеа кўз олдида юз бермоқда эди.
Бежизга Учқун: «Бугун Бўта ака обкомни биринчи секретари, ички ишлар бошқармаси бошлиғи, прокурор билан банд бўлади. Муҳим масалаларни ҳал қилишяпти», деб айтмаган экан, гапининг тагидаги ним косаси бу экан-да, деган фикрга келди Раҳмонали. Бир лаҳзалик тушунарсиз ҳолатдан Раҳмонали тезликда қутилиб, яна Азим Умарович айтганидек, бўри қиёфасига кирди.
Бўта Учқун билан қучоқ очиб кўришди ва, бу ким, дегандек Раҳмоналига совуқ назар ташлади.
– Фарғонадан, «доля»ни олиб келибди. Эски қадрдонларимдан. «Детдом»да бирга ўсганмиз. Рома, – деб таништирди Учқун Раҳмоналини.
Бўта истар-истамас қўл узатди. Раҳмонали ҳам виқор билан сўрашди.
– Уйга ташлаб қўясан. Фарғонадек жойдан келибди. Чой-пой қилдингми? Бизни уятга қўйма, тағин а? – Машинанинг орқа ўриндиғига ўтираркан, Бўта Учқунга гап уқтирди ва Раҳмоналига яна бир бор синчков назар солди. Раҳмонали кўзларини олиб қочмади. Жиддий, аллатовур совуқ назар билан қараб тураверди.
Машина ортга бурилиб, кун ботиш тарафга, қирлик томондан келган асфальт йўлдан юқорилаб жўнади. Чамаси, беш километр юришди. Машина ўнгдаги боши берк кўчага кирди-ю, тўхтади.
– Қани, тушинглар, – деди Бўта. Аввал Бўта тушиб, елкасидаги автоматини қўлига олди, тахтали ихчам кўк дарвозани шахт билан очди. – Қани, меҳмонлар…
Ичкари ҳовли тор, икки қарама-қарши бинонинг ўртасидаги ҳовлида тўрт туп узум токи-ю, икки туп анжир, бир туп бодом бор эди. Ҳовлидаги уйлар бир пайтлар дабдабали бўлган эса-да, айни пайтда анча ну раб, рангсизланиб, кўримсиз ҳолга тушибди. Буларнинг ҳаммаси қаровсизлик оқибати эди.
– Бўта ака, бизга узр? – Ялтоғланди Учқун. – Оғайним билан бошқа сафар алоҳида келамиз. Ҳозир омонатни топширайлик… Чарчагансиз. Дам олинг.
– Шундайми? – деб, ортига ўгирилди Бўта. – Ҳеч бўлмаса айвондаги сўрида фотиҳа қилармиз?
– Албатта, албатта. Фотиҳасиз бўладими, ака.
Энг ёмони, ҳовли юзасига ер ости сувлари яқинлиги сабабми, юрганларида ер билқиллаб турарди. Яна, рўпарадаги, бир вақтлар бежирим, гулдор безаклар билан безатилган уйнинг ертўласи чиппа сувга тўлалигини Раҳмонали кўрди.
… Ҳовлидан чиқиб, машинага ўтиришиб, ортларига қайтишар экан, Раҳмонали мужмал ўйлар қуршовида қолган эди. Бўтани тамомила бошқача тасаввур этган эди, ҳовлисиники обод қилолмаган одам қандоқ қилиб катта бир юртга бош бўла олади? Кимлар унинг ортида турибди? Ё, шунчаки, хўжакўрсингами?..
Ногоҳ, куни кеча министр ўринбосари – генерал лейтенантнинг ҳузуридан чиққанидан кейин, яна бир алоҳида жойда унинг қўлига тутқазилган Бўтанинг таржимаи ҳоли-ю, бугунги кунда амалга ошираётган ишлари хусусидаги тезкор ахборотда ўқиганлари ёдига тушди. «Дарҳақиқат, Бўта афғондаги урушда бўлганида асирга тушиб, олти ой асирликда юрганида чет эл разведкаси уни роса созлаб улгурган. Акс ҳолда, кеча ҳарбийдан келган қишлоқ йигити эртасигаёқ масжидга қатнашни бошлаб, намозхон бўлиб, ҳаял-замон ўтмай, бундай дабдабали ва даҳшатли мақомга кўтарила олмайди. Аслида, диний илмда алифни калтак деёлмаслиги аниқ, нари борса, намозни ўргангандир. Ўзини амир деб эълон қилган Бўтанинг қўлтиғига кимлар сув пуркаётганикин? Ким бўлсаям, роса одамини топибди. Учқуннинг берган баҳоси тўғри. Қолганини омон бўлсак, кўрамиз» деб кўнглига тугиб қўйди Раҳмонали.
* * *
Наманган воқеалари… 90-йиллар бошида юз берган нохушликлар энг биринчи навбатда оддий, меҳнаткаш халқнинг тинчлигига, тирикчилигига путур етказди. Шаҳардан файз кетди. Кечалари одамлар кўчага чиқишдан чўчиб қолишди. Чунки ўзларини «амир», яна алламбало деб эълон қилиб олган Бўта, Талаб бошлиқ кимсалар кўнгли истаган ишларни амалга ошириб, масжидларда халифалик давлати қуриш ғоясини тарғиб қилиб, анчагина одамнинг онгини заҳарлаб улгуришган, шу боисдан ҳам бир ҳовуч оломон мамлакатда демократия ўрнатилишини рад этиб, эски замонга қайтиб, диний расм-русумлар қатъий қилиб қўйиладиган ўз исломий давлатларини қуриш истагига тушиб қолган, уларнинг сони эса кундан-кунга кўпаймоқда эди.
Раҳмонали намозни жуда тез ўрганди. Ана кейин Учқун, Назир жинни билан бирга Бўтанинг соясига айланди-қолди. Бугун қайсидир араб мамлакатидан меҳмон келармиш. Айтишларича, меҳмон Наманганга қўшни Қирғизистоннинг Олабуқа райони орқали кириб келаркан.
– Меҳмон жуда нозик, ҳам пулдор. Бўтанинг эски таниши экан, – деб қолди бир пайт Учқун, Раҳмонали билан Назирга. – Шунинг учун меҳмоннавозликни жойига қўйиб кутиб оламиз. Наманганнинг бир-иккита катта уламолари ҳам бўлади.
– Қаерда? – деб сўради Назир жинни.
– Унисини билмадим, буёғи сир. Буни фақат Талабу Бўта билади. Бизнинг ишимиз – айтилганини жойжойида амалга ошириш.
Раҳмоналининг хаёлига, хорижлик миссионер деган ўй келди. Ҳа, шундай. Қани кўрсин-чи, ким экан у?
Наманган шаҳрининг Чорсу даҳаси. Раҳмонали, Учқун, Назир бошлиқ бир тўп жангари йигитлар кўча бошида кутиб туришибди. Бўта бозор ичига якка ўзи кириб кетган, чамаси ким биландир учрашмоқчи. Ҳадеганда чиқавермади, Раҳмоналининг безовталиги ошди. Нима қиляптийкин у ерда?
Бир пайт миқти гавдали, қорача Бўта лапанглаб яқинлаша бошлади. Бўта Талабнинг олдидан чиқиб келяпти, топшириқни олиб, деган фикр кечди Раҳмоналининг хаёлидан.
У тўғри келиб, куни кеча обкомдан атайин Бўта учун ажратилган оқранг «Газ-24» машинага ўтирди. «Волга» олға жилди. Уларнинг ортидан иккита «Жигули»да бошқалар ҳам эргашди.
– Қаерга боряпмиз? – деб сўради ўсмоқчилаб Раҳмонали Учқундан, шаҳар ташқариси томон йўл олишганида.
– Қирғизистонни Олабуқасига кетяпмиз. Меҳмонни ўша ерда кутиб оламиз.
Назир кулиб юборди:
– Олабуқага ҳеч кимни олиб кетаётганимиз йўқ…
– Ҳозир аския қиладиган вақтми? Йўлга қара, жинни! – деди Учқун, Назирнинг елкасига шапатилаб.
Қош қораймоқда эди.
– Ишқилиб, шомгача меҳмон улгурсин, шом намозини Жoме масжидида ўқиб, меҳмоннинг амри маъруфини бир эшитардик, маза қилиб, – деди Учқун, хаёлчанлик билан.
– Меҳмон ўзбекчани биларканми? – деб сўради Назир.
– Вей жинни, меҳмон араб эмас, арабистонлик ўзбек! Роса донғи чиққанлардан. Бўта меҳмонни шундақанги таърифлаб бердики, ҳали, эх-хе, гапирсам гап кўп.
Раҳмонали ҳушёр тортди. Бу галварслар нималар деб валдирашяпти? Наҳотки, рост бўлса?! Демак, Наманган шаҳридаги олатасир воқеаларга хорижликлар ҳам аралашишяпти, уларнинг ҳам қўли бор…
Аммо ўзларини чарчаганликка йўйган шериклари Раҳмоналининг икки кўзини юмганча, мудраяпти, деб ўйлаб, парво қилмай валақлашаётганди.
– Айтишларича, меҳмон бир дипломат доллар билан келяпти экан. Режалар катта, Ўзбекистонда халифалик давлатини қуриш. Тўғри-да, ҳамма ўзбек қолса, ислом давлати бўлса нимаси ёмон?
– Аммо, ароқ нима бўлади? – деб сўради Назир.
– Энди ичмайсан, ичиб қўлга тушсанг, нақ калланг кетади! Наманган шаҳрининг Чорсу бозорига тикиладиган дорга осишади, – дея хиринглаб кулди Учқун.
– Падарингга лаънат сени. Сендан ҳеч яхши гап чиқмаган, бундан кейин ҳам чиқмаса керак. Бекорга айтишмас экан, ғар қариса отинча бўлади, ўғри қариса сўфи, деб. Кечагина Наманган шаҳрининг катта бозорида ўтган-қайтганнинг чўнтакларини қоқлаб, эрталабга тандир сомса, обедга қайнатма шўрва, кечга қўй ёғи, қўй гўштида палов еб, кекириб юргандинг. Энди, жoме масжидида амри маъруф эшитгилари келиб қолибди-да, а? – деб аччиқланди Назир. – Ҳе онангни!..
– Сўкинма, жинни, сўкинма! – Ўдағайлади Учқун. – Онам ҳали тирик, отам ҳам. Сенда нима бор, умринг қамоқдан чиқиб, қамоққа кириш билан ўтди. На хотин, на бола бор сенда. Ота-онанг кимлигини ҳам унутиб юборган бўлсанг керак. Яхшики, Бўта бор экан, ёнига олди, сал бўлмаса яна қамалиб кетаётгандинг. Эсингдми, янги шаҳарда мелиса болани уриб, башарасини ёриб қўйганинг. Хўш, ўшанда ким сенинг жонингга оро кирди – Бўта билан мен. Мен сенинг аҳволингни билдирмаганимда, сен Бўтанинг хаёлига ҳам келмасдинг.
– Шу ишингни миннат қилганинг-қилган. Қачон қарама, оғзингни солиғи шу гап. Хўш, урганман. Ахир, қамоқни соғиниб қолгандим-да. Ўшатдаги оғайниларимни кўргим келаётганди…
Бирдан икки ҳамтовоқнинг суҳбати узилиб қолди. Машиналар кетма-кет қўшни Қирғизистоннинг Олабуқа районини Ўзбекистон билан чегарадош қисмига яқинлашиб қолишганди.
Кун ҳали ботмаган, уфқда қуёш қип-қизил гардиш ҳосил қилиб, оловли шар мисоли жуда узоқлардаги тоғлар ортига эниш арафасида эди. Ана, Қирғизистон билан Ўзбекистон чегараси фақат битта йўл ола-була узун ёғоч билан тўсилган. Ёғочнинг учига ип боғланган. Унинг учи эса йўғон қозиққа ўралган. «Шлагбаум» ёнверида ҳеч ким йўқ. Бир тўп шўх-шодон қишлоқ болалари Қирғизистон тарафдан қўй-молларини йўл ёқалаб Ўзбекистон томон ҳайдаб келишмоқда эди.
– Анавиларни тезроқ ўтказиб юбор, йўл бўйида бундай ҳолатда кўринишмасин! – деб буюрди Бўта машинадан тушиб, қўшни юрт тарафдаги асфалът йўлга узоқроқ тикилиб тургач, яна қўшиб қўйди: – Ишқилиб, қоронғи тушмай, меҳмон тезроқ келсин-да…
Учқун билан Назир, Бўтанинг буйруғини қулоқ қоқмай бажаришга тутинишди.
– Ҳей, болалар, қани, тезроқ бўлларинг! – дейишганча, олдинда Учқун, ортида Назир, ҳеч гапдан бехабар мол, қўйларини ҳайдаб келаётган болаларга пешвоз чиқа бошлашди. Ана ўша кезда Бўтанинг бир имоси билан «Волга» ҳайдовчиси машинанинг юкхонасини очиб, у ердан автоматни олди ва дарров, Бўтанинг қўлига тутқазди. Бўта автоматни авайлаб қўлига оларкан, чаққонлик билан елкасига илди. Сўнг ҳайдовчисига бир қараган эди, унутган нарсаси ёдига тушди чоғи, зумда машина юкхонаси томон бориб, ўқлар қатор жойланган садоқни элтиб берди. Бўта садоқни бўйнидан ўтказиб осиб олди. У айни кўриниши билан кинолардаги босмачиларга ўхшади-қолди.
Молларини ҳайдаб, жуда яқинлашиб қолган болалар Бўтаннинг елкасида ўқлари қатор садоқнию автоматни кўргач, шартта ўзларини далага уришди. Ва, ҳаял ўтмай, зумда кўздан ғойиб бўлишди. Мол-қўйлар эса Учқун билан Назирга қолди.
– Тезроқ ҳайдаларинг, ҳозир меҳмон келиб қолади! – деб буюрди Бўта.
Кун уфқда баркашдек, қизариб ботиб борарди. Раҳмоналини қўшни давлат орқали ўтиб келадиган меҳмоннинг кимлиги қизиқтираётганди. Ахир, замон нотинч, меҳмон шунчаки сайр қилиб, ош-нон еб кетиш учун келмаётгандир. Унинг қандай режалари бор экан?
Раҳмонали уфққа қаради ва: «Эртага ҳам кун иссиқ бўларкан», дея кўнглидан кечирди. Раҳмонали ўсмирлигида кўплардан эшитган ушбу гапни шунчаки беихтиёр кўнглидан кечирган эди.
Узоқдан – ўнқир-чўнқир, чанг йўлдан «Волга» кўринди. Ҳамма ҳушёр тортди. Мол-қўйлар аллақачон узоқлашган, йўл тинчиган эди.
Бўта чаққонлик билан «шлагбаум» остидан ўтиб, меҳмонларга пешвоз чиқди. Аввал машинадан бошига қирғизча қалпоқ кийган норғул йигит тушди ва Бўтани кўриб, бир зум анграйди ва ортига энгашиб, машина ичидагиларга нимадир деди. Бўта эса ҳеч нарса бўлмагандек қад кериб, шахдам қадамлар билан тик бораверди. Ниҳоят, машинанинг орқа эшиги очилиб, ориқ, новча, чўққи соқол, чамаси эллик ёшлардаги қорача бир киши тушди. Унинг юзида озроқ қўрқув аломати ҳам йўқ эмасди. Раҳмонали тезлаб бориб, Бўтанинг шундоқ ортида тек қотди.
Меҳмон юришини билмай, бир қирғиз йигитга, бир Бўтага қараб, тўхтаб қолди.
Шу вақт бошқа бир эшик очилиб, андижонча чуқур дўппи кийган, ўрта бўй, семизгина бир одам ҳам тушди. У Бўта томонга дадил юриб, қучоқ очди. Кучоқлашиб кўришдилар. Ниҳоят, арабистонлик меҳмоннинг юзларига сал-пал қизиллик югурди.
Бўтанинг атай керилиши, виқор билан юриши шунчаки хўжакўрсинга, аслида эса унинг тўпори, ҳатто бир қадар, қўрс одам экани сезилиб қолди. У меҳмонга юзланиб, сал эгилган кўйи, қўшқўллаб сўрашди. Ўзини меҳмоннинг олдида кимлигини билдириб қўйди.
Раҳмонали сезгир эмасми, барини илғаб олди.
Чамаси, меҳмон Ўзбекистондаги вазиятдан тўла хабардор эмас, ҳузурига Бўта Калашников автоматини, қатор ўқлар жойланган садоқни тақиб чиқади, деб сира ўйламаган бўлса керак.
Меҳмонни дарҳол машинага олишди. Бўта билан меҳмон орқа ўриндиққа, андижонча чуқур дўппи кийган киши олд ўриндиққа ўтиришди. Раҳмонали эса қирғизистонликнинг машинасига чиқди. У нима қилиб бўлса-да олдинги машинанинг олд ўриндиғига жойлашишни мўлжаллаган эди. Бироқ, Бўта бир имо билан уни шаҳдидан қайтарди.
Учқун билан Назир эса – учинчи машинага чиқишди.
Меҳмонни шаҳарнинг ниҳоятда салқин, шинам, шу билан бирга обод бир гўшасига бошлаб боришди. Бу эски шаҳардаги овлоқроқ бир чойхона бўлиб, азалдан бир четдалигию салқин ва шинамлиги билан донг таратган эди. Сўнгги пайтларда Талаб билан Бўта айнан шу чойхонага танда қўйиб олишганини Раҳмонали яхши билар, бу жойга ўн маротабалар келган, шу боис, чойхона хизматчиларини ҳам яхши таниб олган эди.
Шарқираб оқаётган ариқ устига қўйилган икки сўри бирлаштирилиб, жой ҳозирланибди.
Талаб бир неча шотирлари хамроҳлигида меҳмонни кутиб турган эди.
Аниқроғи, Бўта меҳмонни кутгани йўл олаётганида Талаб Раҳмоналини ёнига чорлаб, Бўта билан бирга бориши зарурлигини тайинлаганди. Ҳозиргача водийда Талаб – биринчи, Бўта иккинчи шахс бўлиб турар, кечагинада ҳатто шу чойхонага вилоятнинг энг катта мелисаси бўлган генерал ҳам келган, Талаб билан анча суҳбатлашганди. Гарчанд, генерал ҳукумат одами, қўлида анча-мунча мелисаю қурол аслаҳаси бўлса-да, барибир талабдан чўчиётгани билиниб турарди. Очиғи, ҳозирча ҳукумат вазиятни тўла ушлаб қолишига генерал унчалик ишонқирамаётганди, шекилли. Шунинг учун ҳам Талабга ялтоқланиб, Бўтанинг талаби билан бир неча қамалганларни тез кунда қамоқдан чиқариб юборишга ваъда бериб кетган эди… Раҳмонали учун ҳозир буниси қизиқ эмас. Муҳими – меҳмон.
Қирғизистондан келган ўзбек ўшлик экан. Талаб ҳамда Бўта билан илгари ҳам бир-икки марта кўришган бўлиб чиқди. Хорижлик меҳмонни ҳам ўшлик ўзбек бошлаб келганди.
Аввал ҳол-аҳвол сўрашишганидан сўнг, бир пиёладан чой ичилгач, суҳбат мавзуси айни кунлардаги вазиятга тақалди.
Ўшлик ўзбек:
– Қирғизистонда Акаев дегани чиқиб, Президент бўлди. Қаранг, у қирғизистонликларга қарата: «Эплабжеплаб яшагила», деган гапни айтди… – дегандан кейин ўтирганлар гурра кулиб юборишди.
– Аммо бизда мураккаброқ, – деб гап қўшди Талаб. – Ўзбекистоннинг Президенти қаттиқўлроқ чиқиб қолди. Аммо биз ҳам бўш келмаймиз. Барибир давлат бизники бўлади. Қўлимизда қурол бор, тарафдорларимиз етарли…
– Аллоҳга шукр, – деди Бўта, кекириб.
Тўрда ўтирган меҳмон, негадир, ҳалигача Бўтага хавотир аралаш қараб-қараб қўяётганди.
Бўта аллақачон садоқни ҳам, автоматни ҳам ечиб қўйган, унинг эмин-эркинлиги шунчаки хўжакўрсинга эди.
– Биринчи галда халқнинг кўнглини олиш керак, – деб гап бошлади, ниҳоят, меҳмон бошқачроқ лаҳжада. – Тезроқ масжидларни кўпайтириб, номозхонлар сонини оширишимиз керак. Ўзбекистон ислом давлати бўлиши керак. Хориждаги ўзбеклар Ўзбекистоннинг исломий давлат бўлишини узоқ йиллардан буён кутаяптилар.
– Ничиво, ҳаммаси бўлади, – деди Бўта. Меҳмон унга ажабланиб қаради ва:
– На дедингиз? – деб сўради.
Талаб Бўтанинг думбулроқ эканини ҳам яхши биларди. Мийиғида кулди.
Ўшлик ўртага гап қўшди:
– Биродарлар, меҳмонимиз Жамол ҳожи ака араб мамлакатларида туғилиб ўсган инсон. Сизу биз гапимизга ўрисча сўзларни қўшиб айтишга ўрганиб қолганмиз ва тушунамиз. Лекин бу киши ўрисчани мутлақо билмайдила. Шунинг учун…
– Тушунарли, – деди Талаб. – Меҳмоннинг ҳурматини жойига қўямиз. Хўш, бу киши бизга қандай амалий ёрдам беради? Шуниси бизга муҳим. Эртага ҳукумат тепасига чиққанимиздан сўнг, Ўзбекистонимизга қанақа яхшиликлар қиладилар – ана шуниси қизиқ бизга! Ҳозир бир-биримизга: «На дедингиз?» деб қараб ўтиришимиздан фойда йўқ…
Талаб сал аччиқлангандек эди. Унинг бу аччиғи меҳмонга қаратилганмиди ё Бўтагами – Раҳмонали тушунмади. У пайдар-пай пиёлаларга қайноқ чой қуйиб, узатаётган эса-да, қулоқлари динг эди.
– Эрта-индин вилоят обкомини эгаллаймиз. Демакки, Намангандаги ҳукумат тизгини бизнинг қўлга ўтади. Шу кунларда областдаги бари катта амалдорлар нима қиларини билолмай, оёғи куйган товуқдек типирчилашиб қолишган… – Талаб салмоқлаб гапираркан, ўшлик ёнида ўтирган меҳмонга пичирлаб нималарнидир уқтирмоқда эди. Негаки, область, обком деган сўзларни меҳмон тушунмаётган эди. Талаб эса, негадир парво қилмади.
– Пул масаласида қараб турмаймиз, – деди меҳмон, бўш пиёлани Раҳмоналига узатаётиб. – Ўзим билан анча-мунча доллар олиб келганман. Муҳтожларга тарқатинглар. Насиб қилса, масжидлар қилдиришга сарф ланглар. Вақти келиб, ислом давлати барпо этилса, бойликларингиз бундан ҳам кўп бўлади.
– Иншооллоҳ!.. – деб қўйди ўшлик киши. – Меҳмон тўғри айтяптилар. Пул керак. Ҳамиша!.. Ҳеч бир иш пулсиз бўлмайди… Аввало қорин тўқ бўлиши керак.
Айни ўша маҳалда кимдир биров Раҳмоналининг елкасига оҳиста қўл ташлади. Қарасаки, чойхоначи. Унга савол назари билан чимирилган эди, чойхоначи имлади. Ноилож Раҳмонали ўрнидан турди.
– Ука, овқат тайёр бўлди. Сузайми? – деб сўради чойхоначи, ўнг қўлини кўксига қўйиб.
– Нима ўзи у? – Ошми?
– Йўқ, гўшт билан картошкани серпиёз, серпамилдори қилиб димлаганман.
– Майли, олиб келинг.
Раҳмонали ўрнига бориб ўтираркан, Талабга бирров маънили қаради. Талаб тушунди ва майли дегандек бош ирғади. Нонлар дастурхон чеккасига сурилди. Икки лаганда овқат келтирилди.
Ҳурмат юзасидан ўтирганлар меҳмонга юзланишди. Ўшлик киши:
– Қани, меҳмон, овқатни бошлаб беринг, – деб манзират қилди.
Калта, бир тутам соқолига оқ оралаган, мошгуруч соқолли бўлиб қолаёзган меҳмон енг шимарди ва: «Бисмиллоҳир раҳмонир роҳийим», деб овқатга қўлини узатди.
Раҳмонали чой қуймоқда эди. Ундан бошқа ҳаммаси – Талаб, Бўта, меҳмон, ўшлик киши овқатга қўл чўздилар. Меҳмон юмшоқ пишган бир бўлак қўй гўштини чайнабчайнамай, лиққа халқумидан ўтказди-да, рўпарасидаги лаганнинг Бўта томонига қўл чўзди ва у ердаги ёғлиқ, барра пишган гўштни иштиёқ билан қўлига олди. Ўша аснода Бўта ҳам товоққа қўл солган, айнан ўша гўштнинг бир четидан ушлашга улгураёзган эди, ажабсиниб, бу нима қилиқ, дегандек меҳмонга қаради. Аммо индолмади.
Вазиятни ҳушёрлик билан кузатаётган ўшлик киши гап қотди:
– Буларда одат экан, товоқдаги овқатни қайси бўлаги кўзларига яхши кўринса, ўшанисини олишаверармишлар. Пайғамбаримизнинг суннатларидан эмиш…
Талаб Раҳмоналига қараб, бошини чайқади. Бўта лагандан бўш қайтган қўли бармоқларини бирма-бир оғзига солиб, чапиллатиб сўриб, шошилмай, гўштни чайнаётган меҳмонга хўмрайиб қаради…
Кейинги сўзлашувлар асосан Талаб бошлиқ йигитлар ҳукуматни қўлга олишса, кимларга қандай лавозимлар тегиши хусусида кечди. Суҳбатдан маълум бўлдики, – шу пайтгача Талаб бу ҳақда гапирмаганди, – Талаб президент, Бўта бош вазир бўлармиш… Раҳмоналига ҳам лавозим ваъда қилинди: у президент қўриқчиларининг бошлиғи бўларкан. Раҳмонали бу гапларни эшитаркан, ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билолмай, кулгидан ўзини аранг тийиб ўтирарди. Эсли-ҳушли биров бу суҳбатни четдан кузатаётган бўлса, албатта, булар жинни бўлсалар керак, деб ўйлаши табиий бир ҳол эди. Чунки, катта бир юртнинг кичик бир шаҳрини овлоқ бир ерида бир дастурхон атрофида тўпланишиб ўтирган бу гумроҳлар, – Раҳмоналидан бошқаси, албатта, – асли оёғининг тагидан нарини кўролмайдиган бир нокаслар эдилар. Ваҳоланки, катта мамлакатнинг ўз эгаси аллақачон ҳукумат тепасида мустаҳкам ўтирар, у кишининг олиб бораётган сиёсати ҳар қандай талотўпларни енгиб ўтишга қодир эканлигини Раҳмоналидан ўзга биронтаси тушуниб етадиган даражада эмас эди.
Раҳмоналининг текшириш ва таҳлилларига кўра, ўзларича президентлигу бош вазирликни орзу қилиб, хом хаёлда ўтирган бу кимсалар асли давлатдорлик сиёсатидан ўта узоқ, билими, тафаккури тугул, ҳатто салобати ҳам етмайдиган кишилар. Масалан, Талаб савдогар оиласида туғилиб ўсган. Отаси узоқ йиллар шаҳардаги каттагина савдо ташкилотини бошқариб, нафақага чиққач, узоқ йили кутилмаганда қазо қилди. Отаси Талаб ва унинг акаси ҳамда укасини савдогар бўлишларини режалаштириб ўстирди. Пировардида, акаси Бухородаги озиқовқат саноати институтини тамомлаб келиб, отаси ишлаган ташкилотда ишлай бошлади. Отаси ва акасининг қистови билан Талаб ҳам Бухоро шаҳридаги озиқ-овқат саноати институтига ўқишга кирди. Бироқ, ўқишга ҳаваси йўқлиги учунми, тўртинчи курсга ўтганида ўқишни ташлади. Наманган шаҳрига қайтиб, бемақсад яшай бошлади. Чунки, оиласида кам-кўст йўқ, тўкинлик таъминланган эди. Отасининг ўлимидан сўнг, бир йил ўтиб, онаси ва акасининг қистови билан Талабни Наманган шаҳридаги бир савдогар оиланинг ёлғиз қизига унаштиришган эди. Шу кунларда Талаб куёв. Аслан қитмир, айёр, кўнглидагини доимо яшириб яшашга ўрганган Талабга Наманган шаҳрида бошланган бошбошдоқлик жуда қўл келиб қолди. Ва кўнглининг туб-тубида ўзи ҳам англайолмаётган ҳисларга ишониб, шаҳардаги тўполонларда дарҳол йўлбошловчиликни қўлга киритиб олди. Ўқиб уқмаган, аммо кучга тўлган бир тўдани ташкил этди. Унинг тўдасига яқинда қамоқдан чиққанлардан тортиб, шаҳардаги ёш ҳунарманд, таниш савдогар йигитлар ҳам жалб этилган. Қисқа вақтда Талаб сўзамоллиги, ҳар қандай гапни жойини топиб айтиши билан обрў қозонгандек бўлиб, эътиборга тушди.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?