Текст книги "Бўрилар изидан"
Автор книги: Хусанбой Каримов
Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 13 (всего у книги 19 страниц)
Раҳмоналининг юраги сиқа бошлади. Эртагаёқ қандай қилиб бўлмасин, Ҳирот шаҳрига чиқиб келиши лозим. Алоқачи билан учрашиб, вазият ҳақида қисқа хабар бериб қўйиши керак. Акс ҳолда, жуда кеч бўлади, деб ўйлай бошлади у, йигитларнинг ғала-ғовурига парво қилмай. Ўша аснода бир-икки йигит дарҳол кийиниб, “разведка” қилгани чиқиб кетди.
– Раҳмон ака, – дея мурожаат қилди ёнидаги йигит паст овозда, – қишдан-ку омон-эсон чиқиб олдик, узун кечалар итдек ғингшиб бўлса ҳам. Совуқ суяк-суягимиздан ўтиб кетган эканми, ҳалигача ҳеч исий олмаяпман. Кундуз бўлсаёқ ўзимни офтобга соламан. Қишда печка ўлгур ярим тунгача ёниб, сўнг дим ўчиб қоларди. Ана ундан кейин тонггача минг устингизга кўрпа-тўшак ёпинг, уст-бошларни ташланг, сира исимайсиз. Бу аҳволда юртга бориб, қандай жанг қиламиз, ҳайронман…
– Ҳали борарсиз ҳам, жанг ҳам қиларсиз… Кўрамиз, – деди Раҳмонали, ёнидаги йигитга. Раҳмоналининг тагмаъноли гапидан сўнг, йигит унга янада яқинроқ энгашиб:
– Ўзбекистонда ишлар бешмиш, президент қўли қонга ботмаган қочоқларни кечирётганмиш, деган миш-мишлар юриб қолди, – деди хели паст овозда. – Шу ростмикин, а, ака?
– Қайдан эшитдингиз? – Ўсмоқчилади Раҳмонали.
Ҳалиги йигит илжайди. Бошини қашлаб, айтаймиайтмайми, деган ўйда, яна ўшандай паст овозда:
– Шаҳарга чиққандим, тешик қулоқ эшитмай қолмас экан, – деди. – Биласиз, Ҳиротда ўзбеклар кўп. Бизнинг буёқларда дайдиб юрганимизни кўрган бирикки ҳиротлик, ўзбеклар шундай-шундай, деб қолишди.
– Қандай… қандай экан?
Йигит анчагача жим қолди. У кўзларини Раҳмоналидан олиб қочди.
– Раз, гапни бошладингми, энди айт-да, ука? – деди Раҳмонали, қўрсроқ оҳангда.
– Қўрқаман, – Очиқчасига тан олди йигит. – Бундай гаплар учун дорга осишлари мумкин. Ёки бўлмаса Бўта таппа отиб ташлайди-қўяди.
– Сен Бўтадан қўрқма. Чунки мен билан гаплашяпсан.
– Барибир-да! Бўтанинг қандақалигини биласизу. Ўтган гал юртда фалонмиш, юртда пўкинмиш, деган гапларни чиқарибсан деб, Хабибулло деган йигитни дорга остирворди-ку!.. Биз фақат томошабин бўлиб турдик.
– Шунинг учун ҳар бир гапни ўйлаб гапир. Хўш, ўзинг Ўзбекистондан бу ерларга нега келдинг? Қандай жиноят қилгандинг юртда? – деб сўради Раҳмонали.
Йигитнинг башараси тундлашди. Аммо саволга жавоб бермаслигининг иложи йўқ эди. Унинг назарида, Раҳмонали ҳам Бўтанинг бир тури, чунки яккаш ёнида юради. Бир хонада тунайди.
– Рэкет билан шуғуллангандим. Пули кўп, бойроқ одамларни тунаётгандик. Аввалига ҳеч ким мушугимиз ни пишт демади. Ҳатто битта, “Калашников”ни ҳам топгандик, ўқлари билан. Эсимда, совхоз директорини далага қидириб бориб, дала йўлида учратиб қолдик. Машинасини тўсиб тўхтатдик, машинадан тушириб, устидан бир марта автоматдан варанглатиб ўқ қўйвордим. Бечорани ранги оппоқ оқариб, оёқ-қўли қалтираб, тиззалаб ўтириб қолди. Бундан буён ҳар ойда пул бериб турасан, акс ҳолда, иккинчи ўқ миянгни тешиб ўтиши мумкин, деб қўйдик. Бечора, кап-катта одам, ёши олтмишларга бориб қолган, кўзларида ёш билан, рози бўлди. Аммо, кўп ўтмай, бизни ортимиздан тушишди. Чойхонада битта сўрини доимий банд қилиб қўйгандик. Ҳар куни маишат, урро-ур, пул деган ёмғирдек ёғилиб келаётганди. Қизларни айтмайсизми, район марказидаги сауна бизники бўлиб қолганди. Алҳол, қочмай илож бўлмади. Автоматни чойхонани ҳожатхонасига ирғитдим-у, шундоқ Анжандан Қирғизистоннинг Қорасувига ўтиб қўя қолдим. Мана энди бу ерлардамиз.
– Нечта одам ўлдирдинг? – деб сўради Раҳмонали, йигитнинг қисқа ҳикоясини эшитиб бўлгач.
Йигит тим қора кўзларини Раҳмоналига тик қадади ва деди:
– Менинг қўлим ҳали одам қонига буланган эмас.
– Энди қўлинг қонга ботади. Тез кунда муз тоғ орқали Ўзбекистонга ўтасан, ўша ерда одам ўлдирасан, ўзингнинг юртдошларингни… – Раҳмонали тобора қизишиб бораётганини сезиб, гапини тамомламади ва одатича, қовоқларини уйди.
Йигит ҳам жим қолди. Қўтонсифат хонадаги йигитлар ҳам жим-жит бўлиб қолишганди. Чамаси, ҳамма ўзича нималарнидир ўйлаётганди.
Раҳмонали кўнглидаги бор гапни шу ерда, шу дақиқаларда тўкиб солгиси бор эди-ю, бироқ тилини тийишга мажбурлигини билиб, гапининг давомини айтмай қўя қолди. Чунки, жой, вазият кўнглидагиларни гапиришга йўл бермасди.
Раҳмонали қачонки ўзини қўярга жой тополмай қолса, кимсасиз жойларга чиқиб кетар, анчагача дайдиб юриш одати бор эди. Афсуски, ҳозир тун чўкиб бўлган. Атрофидаги йигитлар билан суҳбатлашиб ҳам, ўзига таскин тополмаслиги аниқ, аксинча, йигитларнинг ўзлари таскинга муҳтожлар. Булар орасида Чеченистондаги урушларда қўлларини қонга ботириб, “тажриба” орттирганлари ҳам йўқ эмас. Саноқли бўлса-да бор. Айниқса, ўшандайлар билан суҳбатлашганда эҳтиёт бўлмоғи лозим. Ёнидаги йигит-ку, бор-йўғи юртдаги тало-тўплардан фойдаланиб, ёшликдаги куч-қуввати, зўравонлигига ишониб, рэкет билан шуғулланиб, ўн-ўн беш одамни қон қашқатибди. Яхшики, бировни ўлдирмабди.
Раҳмонали ўрнидан турди. Фаҳмича, сассиқ, бадбўй ҳидлар ҳам қолмагандек эди.
Ташқарига чиқди. Узоқ-узоқларда итларнинг ҳуришлари элас-элас қулоғига чалинди. Ҳаво бирам майин, хушбўйдек эдики, у кўксини тўлдириб-тўлдириб бир неча бор чуқур нафас олди. Ёдига яна она-юрти тушди. Хотини нима қиляптийкин, боласи-чи? Кап-катта йигитча бўлиб қолгандир. Уларни қачон кўраркин? Мана шунисини аниқ билолмасди. Уларни кўра оладими ё йўқми? Бу савол ҳам ҳамон жавобсиз қоляпти. Ўзларини, ўзбек жангарилари, деб атайдиган қочоқлар лагери афғон қишлоқларидан анча олисда жойлашган. Қишлоқлардаги афғонлар бу ердаги йигитларни умуман ёқтиришмайди. Қачон кўрсалар, дарҳол ўзларини бир четга олишади. Сира яқинлашишмайди. Гўё, бу лагердаги ўзбек жангарилари мохов касалига чалинган кимсалардек.
Раҳмонали ноиложликдан Бўта, Талаб, Назир жинни, Учқун, шоир Зиё Маҳмуд, румин қизлари ўтирган хонага киришга мажбур эди. Ахир тун бўйи осмон остида тентираб юра олмайди-ку.
Раҳмонали эшикка яқинлашганида ичкари хонадон эркакларнинг қийқириқ овозларию аёлларнинг қувноқ кулгулари эшитилди. Раҳмонали ҳоҳламайгина эшикни очди. Ичкаридан ароқ аралаш сигаретнинг ҳиди димоғига урилди.
Эшик очилганидаёқ Бўта унга ялт этиб қаради ва:
– Вей, Раҳмон, қаерларда юрибсан тентираб, шундоқ мазза қизларни ташлаб-а? – деб қийқириб кулди. Сўнг даврага қараб, қўлидаги пиёлани кўтарди-да: – Қани олдик! – деди, мастона оҳангда.
Чамаси, шоир Зиё Маҳмудга Бўтанинг бу тахлит маст-аласт қийқириши ёқмаётганди. Шоир икки-уч бор: “Нима қиламиз?” деган маънода Талабга қараганди, Талаб шунчаки қўлини силтаб: “Парво қилманг” деди. Румин қизлари иккита-иккита бўлиб беш эркакнинг пинжига тиқилишиб олибди. Талаб гоҳ бу ёнидаги, гоҳ у ёнидаги жувоннинг сутга чайилгандек оппоқ юзларидан чўлпиллатиб ўпарди. Бўта эса, ҳадеганда чотига тушиб кетаётган бошини кўтаришга уриниб, гоҳ у қўли, гоҳ бу қўли билан жувонларни ярим яланғоч кўксиларига қўл солар, гоҳ тор кўйлакларини тепага тортиб, оппоқ сонларини силашга уринаётганди. Бунақанги эркаклар даврасини кўравериб, бари пишиб кетган чоғи, румин қизлари беш эркакнинг беҳаё ҳаракатларига заррача парово қилмай ўтиришар, тез-тез еб-ичишар, нуқул дастурхон четида турган ўрис ароқларига қараб ўз тилларида ни мааларнидир чуғурлашарди. Назир жинни соқий. У сал сурилиб, Раҳмоналига жой бўшатди ва:
– Ке, ўтир, – деди истамайгина.
– Раҳмоналига штрафной қилиб қуйилсин! – деб буюрди Талаб.
– Тўппа-тўғри, – деди Бўта, ўнг ёнидаги қизни лабига тумшуғини чўзиб.
– Йўқ, мен ичмайман, – деди қатъий Раҳмонали.
Талаб Бўтага қаради. Бўта румин қизнинг лабларидан сўриб ўпгач, нима гап, дегандек Талабга қаради ва бирдан:
– Ичади! – деди. – Қуйинглар… Назир, тўлдириб қуй!
Раҳмоналининг умуман ичгиси йўқ эди. Тўғри, у юртда юрганида, бир-икки татигани бор. Бироқ, ёқмаганди. Бугун эса…
– Кемага тушганнинг жони бир, – деди шоир Зиё Маҳмуд, Назир жинни сопол пиёлага тўлдириб қуйган ароқни олаётиб. – Мана буни шахсан менинг қўлимдан оласиз, укагинам. Бир кун келиб, мен бош вазир бўлганимда, бир вақтлар афғон заминида юрганимизда, мана шу бош вазир ўз қўли билан менга ароқ тўла сопол пиёлани узатган эди, деб эслаб, ғурурланиб юрасиз.
Раҳмонали атайин хиёл жилмайди. Ахир, кимсан – мамлакатга бош вазир бўлишни кечаю кундуз ўйлаб, шу йўлда жонини жабборга бериб юрган одам сопол пиёла тўла ароқ узатиб турганида, олмайдими?.. Олади, фақат, бошинг дарбадарликдан чиқмасин, деган ниятда олади. Раҳмонали шуларни ўйларкан, ўрнидан даст турди ва жўрттага тавозе билан, сопол пиёлани чап қўлига олди, ўнг қўлини эса юраги устига қўйди:
– Ўйлаган ниятим билан шу пиёладаги ароқни сипқорсам бўлдими? – деди, майин жилмайиб.
– Ҳа, бале! – деди шоир Зиё Маҳмуд, мамнун бўлиб.
Дабдурустдан Раҳмонали анча енгил тортгандек сезди ўзини. Тушкун кайфияти буткул чекинди. Мияси тиниқ ишлаётгандек туюлди. Ўтирганларга бир-бир синчков қараркан, ногоҳ Талаб билан румин қизнинг ўртасида жиккаккина, паст бўйли, асли қорача бўлган-у, аммо энди офтоб тегмай, бироз оқаринқираган, сочлари елкасидан кесилган, турқи-тароватидан мусулмон аёли эканлиги билиниб турган жувонга кўзи тушиб, буниси ким бўлдийкин?, дегандек, унга бир тикилиброқ қаради. Нотаниш мусулмон жувон Раҳмоналига лабини бир чети билан кулимсираб жавоб қилди. Айни дақиқаларда даврада барча ўз-ўзи ўзи андармон эди. Мислима аёл эса нуқул Раҳмоналига қараб, унга нималарнидир демоқчи бўлаётгандек эди. Раҳмонали сира тушунолмаётганди, Талаб, ўнта румин қизлари келади, деганди. Тўғри, румин қизлари, мана, бир, икки, уч… ўнта. Ўн биринчиси эса бошқа жувон-ку!.. Қаердан келдийкин бу жувон? Ўз саволига жавоб тополмай турганида, Талаб, Раҳмонали билан ёнидаги мусулмон аёли ўзаро тикилишаётганини кўриб қолдию:
– Раҳмон! – деди. – Аёл меҳмонимизни ёнингга ол, илтимос?
Аёл таклифни ҳам кутмай, дикка ўрнидан туриб, Раҳмонали томонга даврани айланиб яқинлаша бошлади. Раҳмонали ҳамон ҳайрону лол эди.
Раҳмонали Назир жиннини биқинига қўл юбориб, аста чимчилади. Назир унга қаради.
– Янаям нарироқ сурил, – деди Раҳмонали Назирга. – Меҳмон ёнимга келяпти…
– Ҳозиргина сурилдим-у, – деб жавоб қилди.
– И-я, шундақами?.. – У шундай деб, ёнида қапишиб ўтирган румин қизининг белидан қучиб, ўнг томонга анчагина сурилди. Раҳмоналининг чап ёнида бўш жой очилди. Аста-аста қадам босиб келаётган жувон Раҳмоналига ёпишибгина ўтира қолди. Раҳмонали, ўзбекча гапирсам тушунармикин, деб ўйлаётган ҳам эдики, жувон:
– Раҳмонали деганлари сиз экансиз-да? – деди, ингичка овозда, соф ўзбек тилида ва дадиллик билан Раҳмоналининг тим қора сочларини аста силади. – Оппоқина ҳам экансиз. Афғон шамоллари оппоқ юзларингизни қорайтиролмабди, укагинам.
– Сиз чиройли йигитларни ёқтирасиз, чоғи. Қаердан келиб қолдингиз? – сўради Раҳмонали.
– Қайси гўрдан келдингиз деб сўрамаганингизга шукур, – деб чингиллаб кулди жувон ва жиддийлик билан гапида давом этди: – Аввал Франция пойтахти Парижда эдим, Талаб акам билан шоир Зиё акамнинг топшириғи билан Қирғизистоннинг Ўш, Жалолобод областларига бориб, вазиятни пухта ўргандим. Покистонга ўтдим. У ердагилар мени Талаб акамнинг ортидан Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрига юборишди. Қаранг, Учқунжон бу қизларни микроавтобусга солиб, буёққа келаман, деб турган экан. Менам шартта чиқиб олдиму келавердим…
– Боплабсиз, – деди Раҳмонали бошқа бир жўяли гап тополмай. – Исмингиз нима? Мени исмимнику биларкансиз. Танишиб олсак ёмон бўлмас…
– Меники – Ҳуснигул Ҳасанова…
– Ия-я! – деб юборди бирдан Раҳмонали. – Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиламан, деб, Фарғонани зириллатиб юрган сиз экансиз-да, буни қаранг-а!.. Қамалиб қолувдингиз, шекилли?..
– Ҳа, шунақа бўлувди.
– Шундақа денг. Анча ётгандирсиз?
– Олти йил.
– Кейин-чи?
– Кейин қарасам, яна қамаладиганман, Марғилоннинг балнисасида йигирма беш кун ётдим. Бир кун кечаси Қувасойга бориб, айланма йўллар билан Қирғизистоннинг Учқўрғон қишлоғига ўтиб олдим. Ўша ердан туриб, Германиядаги шоир Зиё акамга қўнғироқ қилгандим, эртаси куниёқ Ўш шаҳридаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ўз паноҳига олди. Ўшдан Бишкекка, ундан Парижга… Ҳозир сиёсий қочқин ҳисобланаман.
Ҳуснигул лабларини буриб-буриб гапиряпти-ю, Раҳмонали эса хаёлан Фарғона кўчаларида кезаётгандек эди.
* * *
Раҳмонали ҳар қандақанги тасодифни кутган бўлсада, Ҳуснигул Ҳасанованинг гадой топмас бу жойларга келиб қолишини сира тасаввурига сиғдиролмаётган эди. Тўғри, водийда юрганида бу аёлнинг хўп таърифини эшитгани бор. Бу ҳақда марғилонлик Бобурхон сўзлаб берганди.
Марғилон шаҳридаги “Савдогар банк” бошқарувчиси Одил Ҳотамович билан ўта “яқин” бўлиб кетганидан кейин, бу аёл юз минг сўм кредит пулини ҳеч қандай кафолатсиз банкдан нақд олиб, бозордан қўй-қўзию моллар олиб, шаҳарнинг бир чеккасида фермер хўжалиги ташкил этган. Мол-қўйларни боқиб туриш учун бир оилани ҳам ёллаган. Қолмишига, қўшни туманнинг бир четидан анчагина ер олиб, бир қисмига балиқ парваришлаш учун ҳовуз кавлатиб, ўзича ишларни юриштириб юборган.”Олтин балиқча” деб номланган фермер хўжалигида бирмунча вақт ўтганидан сўнг, ўғрини қароқчи урибди қабилидаги воқеалар содир бўла бошлаган. Фирибгарлик йўли билан топган пуллари эвазига Ҳуснигул Ҳасанова ялло қилиб юрган бир вақтда, асосан зотдор мол-қўйлардан иборат фермани бошқариб турган эр-хотин чапдастлик билан молларнинг бош сонини камайтирмаган ҳолда, зотдор қўй-молларни бозорга навбати билан олиб чиқиб, ориғига алмаштириб, фойдани чўнтакларига ураверишган. Устига-устак, мол-қўйга беришлари керак бўлган ем-хашаклардан ҳам қисиб, орттирилган озуқани ҳам сотаверишган.
Ҳуснигул Ҳасанова олти ойлар ўтгандан кейин бориб кўрсаки, аҳвол тамоман чатоқ. Жанжални мингга қўйиб, молбоқар эр-хотинни қисти-бастига олгани билан, ҳеч бир иш чиқаролмаган. Бу тарафда олинган кредитнинг фоизини тўшлаши керак. Ҳуснигул ўзича, мол-қўйларни семиртириб сотиб, олинган фойда билан кредитнинг фоизини ҳам, ўзини ҳам ёпиб олмоқчи бўлган.
Хулласи калом, Одил Ҳотамович бу тарафда, Ҳуснигул Ҳасанова у тарафда; икки ўртада банк кредитининг фоизларию танини тўлаш борасида жанжал кучайганидан кучайиб бораверган. Ҳуснигул тўнини тамоман тескари кийиб олиб, кредитни тўлашдан бош тортган. Одил Ҳотамович қарасаки, Ҳуснигулдан пул ундиролмайди. Боз устига Одил Ҳотамовичнинг берилажак кредитлар эвазига кимдан қанча “шапка” олганигача Ҳуснигул рўйхат тузиб юрган экан, иш баттар чигаллаша вергач, Одил Ҳотамович бир кечада зим-ғойиб бўлиб қолган.
Ҳуснигул эса банкдан олинган кредит масаласидаги можаролар сабаб, эл орасида янада машҳурлиги ортиб, уни қидириб келадиган, унга арз қилиб, ишини битириб беришини ялиниб-ёлвориб сўрайдиганлар, оғзидан чиққан, сўраган пулини индамай олиб келиб берадиганлар сафи ортаверган. Бундан ҳаволаниб кетган Ҳуснигул, бора-бора, вилоят ҳокими, вилоят прокурори, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ҳам эшигини бир тепиб кирадиган даражага етган. Қўлида даста-даста долларлар ўйнаб қолгач, қаерга борса, қайси амалдорнинг эшигини бир тепиб кирса, иши битиб кетавергани сабаб, Ҳуснигул энди сиёсатга ҳам бемалол аралашишни бошлайди. Хорижда фаолият юритадиган, қиладиган ишлари яккаш Ўзбекистонни ёмонотлиқ қилиб, тирноқ остидан кир қидириш бўлиб қолган “Озодлик” каби радиостанциялар билан мустаҳкам алоқа боғлаб олганлиги боис, Ҳуснигулнинг ноғорасига ўйнамаган ҳар қандай раҳбарнинг авра-астарини ағдариб ташлайдиган росту ёлғон танқидлар эфирларда берилиб, натижада, амалдорлар юракларини олдириб қўйишади. Ҳатто, Ҳуснигул Ҳасанова “Озодлик”дагиларнинг илтимосларига кўра, Ўзбекистондаги вазиятни тез-тез ўзича шарҳлайдиган, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукумати олиб бораётган ички ва ташқи сиёсатни танқид қиладиган бўлиб қолади. Охир-пировардида Ҳуснигул Ўзбекистон Президентига телеграмма йўллаб: “Эгаллаб турган лавозимингизни бўшатиб қўйинг” дейишгача бориб етади.
Албатта, бу воқеа Намангандаги вилоят партия комитетининг биносидаги талотўпда Талаб Президентнинг қўлидан микрофонни тортиб олиб қўйгандаги каби шовшув бўп кетади. Хориждаги паноҳгоҳларининг ишқови, қўлтиғига сув пуркашлари билан босар-тусарини билмай қолган Ҳуснигул Ҳасанова, ниҳоят, Тошкент шаҳридаги халқаро аэропортда Женева шаҳрида бўлиб ўтадиган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг анжуманига учиб кетмоқчи бўлиб, самолётнинг трапига чиққан вақтида, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари томонидан қўлига кишан урилиб, трапдан қайтариб туширилади ва жамики қинғирликларини бўйнига қўйиб, қамашади.
Раҳмонали мана шу тафсилотларни эшитгани бор эди. Мана, бугун Ҳуснигул Ҳасанова деб аталмиш “ҳурилиқо” рўпарасида илжайиб турибди-ю!
Хонада эса айш-ишрат авжига чиқмоқда эди. Ўзини ўта зиёли деб ҳисоблайдиган шоир Зиё Маҳмуд ҳам икки нафар румин фоҳишасини икки ёнига олиб, ичкиликдан юзлари қип-қизариб, мастона-мастона боқа бошлаганди. Бўта эса чилимдан сўнг ўриснинг ароғини яхшигина сипқоргани сабаб, бошини тамомила кўтаролмас даражада эди.
– Укажоним, қуймайсизми? – деб қолди бир маҳал Ҳуснигул Ҳасанова, Раҳмоналига синчковлик билан термулиб боқаркан.
“Лаънати қанжиқ! келишган йигитларга жуда ўч”, деб айтишганди. Ишқилиб…” деб ўйларкан, ноилож ўртада турган битта бутун рус ароғини олди. Бунгача эса, Ҳуснигул ҳамон илжайган кўйи, иккита пиёлани Раҳмонали томон кафтларида тутди. Раҳмонали иложи борича унинг афт-башарасига қармасликка тиришиб, шишанинг қопқоғини бир уринишда очди ва қулқуллатиб ароқни пиёлаларга қуя бошлади.
– Кўпроқ, кўпроқ… – дерди Ҳуснигул хохолаб кулиб.
– Раҳмонали рўпарасидаги аёлнинг кафтида ликиллаб турган пиёлалардан бирини қўлига олди:
– Асли мен ичмас эдим-у, аммо сиздек гўзал паризод билан бирга ичмаслик оғир гуноҳлигини ўйлаб, ниҳоят, ичишга қарор қилдим, – деди ва пиёлани Ҳуснигулнинг кафтидаги пиёла билан аста тўқиштирди. Раҳмонали қандай қилиб бўлмасин, Ҳуснигулни кўпроқ ичириб, тилини ечтириб юбориш пайига тушиб қолди. Сабаби, у она-юрти Ўзбекистонга қўшни Қирғизистондан келди. Хўш, Ҳуснигул у ерларда не кароматлар кўрсатди – мана шунисини билиб олиш қизиқ эди унинг учун. Шуларни ўйларкан, тим қора кўзларини аёл томон сузиб, ўнг қўл билаги билан жувоннинг биқинига оҳиста туртди. Ҳуснигул дарҳол тушуниб етди ва чап қўли билан Раҳмоналининг белидан ушлаб:
– Бирон оғиз гап айтасизми ё?.. – деди.
– Мен ичаётган вақтимда индамасдан ичиб, кайф қилишни хуш кўраман, – деди Раҳмонали. – Сизга ҳам шуни таклиф этаман.
– Ёмон экансиз-у, яхши йигит. Менга сиздек келишган, гўзал, барно йигитлар ёқади…
– Ичилгач, закускасига ўпишиш!.. – деб юборди Раҳмонали ва пиёладаги ароқни бир кўтаришда ичди. Айтилган гап – отилган ўқ, мақолига амал қилиб, Раҳмонали Ҳуснигулни бағрига тортди. Ҳуснигул аллазамонлардан бери эркак зотига зор-интизор эканми, Раҳмоналини юзларидан сўриб-сўриб ўпди. Раҳмоналининг назарида икки юзига Ҳуснигулнинг шилимшиқ аралаш оғзидан қандайдир ифлос тупуклар ёпишиб қолгандек туюлди. Лекин айни тобда бунақасини ўйлайдиган даражада эмас эди.
Катта-катта иккита сопол товоқда ҳовури кўтарилиб турган қўй гўштлари дастурхонга қўйилди. Айниқса, румин қизлари қўй гўштларини иштаҳа билан ейишар, пайдар-пай қуйилаётган ароқ тўла пиёлаларни нозланиб қайтаришга уринишаётган бўлсалар-да, мажбурланаётганликлари сабабли, тўкиб-сочиб ичаётгандилар.
Ҳуснигул Раҳмоналини тамоман қучиб олганди. Анча вақтдан буён аёл зотини кўрмаган, ҳатто, эсдан чиқариш даражасига бориб қолаёзган Раҳмоналининг танасига кирган ароқ аталмиш жин туғён кўтариб, бадани қизигандан-қизиб борар, қонлари гупириб, Ҳуснигулнинг қайноқ баданини ўз жисми билан аниқ-тиниқ ҳис этиб ўтирарди. Ниҳоят, Раҳмонали ҳам ўз қўлларига эрк берди. Ҳуснигулнинг белидан қучиб, тобора юқорисига кўтарилиб, янада қайноқ жойларини қидиришга тушди. Чап қўли билан эса аёлнинг сонидан тутди…
Ҳуснигул: “Яна қуйинг, қуйинг!..” дея бошлади, юзларини Раҳмоналининг елкасига суртиб. Раҳмонали ўзига озроқ, аёлга кўпроқ қуйди. Яна ичишиб, ўпишишди. Бу вақтда Бўта қўполлик билан туришга урина бошлади. Аммо кайфи жуда ошиб қолганиданми, ўрнидан туролмас, ҳадеб икки ёнидаги икки румин қизнинг елкасидан босмоқда эди. Қизлар ўз тилларида норози оҳангда чувиллаша бошлашди. Ниҳоят, Назир жинни даст ўрнидан турди ва Бўтанинг қўлтиқларидан махкам ушлаб, тепага суғириб олди.
– Қўйвор! – дея силтанди Бўта. – Ўзим…
– Қаёққа борасиз шу аҳволда? – деб сўради Назир ўзи ҳам гандираклаб.
– Қизларнинг васлига бир тўймоқчиман. Қани улар?! – деди Бўта бақириб. – Нариги хонага юрсин… – Шундай деб Бўта икки румин жувоннинг елкаларидан тортқилай бошлади.
Ниҳоят, румин жувонлар ўринларидан туришга мажбур бўлишди. Чамаси, асли бу жойларга не мақсадда келганликлари ёдларига тушиб қолдими ё қўрқиб кетишдими, Назир кўрсатган хона эшиги томонга юришди. Оғзидан сўлаклари оқаётган Бўта эса қизларни белларидан қучди. Қизлар уни аранг тутиб туришарди. Назир рўпарадаги эшикни ланг очди, Қизлар етовида Бўта аранг остонадан ўтдию, гуп этиб оғзи-бурни аралаш қоқ ерга қулади.
Уларнинг ортидан эшик ёпилди.
Хонадагиларга хизмат кўрсатаётган йигитлар румин қизларини бир-бир етаклаб, ташқарига чиқа бошлашди. Чамаси, ўрис ароғига тўйган румин фоҳишаларини қўтонсифат хоналарда ётган жангариларга элтиб топширмоқчи эдилар.
Ҳуснигул Раҳмоналига қапишиб, ҳеч ажралгиси келмай, лабларининг бир чети билан илжайган кўйи, йигитдан дадил бир ҳаракатни кутаётган бўлса-да, Раҳмонали ундан ижирғанаётганди. Қучоқлаб ётиш тугул, боягина ўпишганлари ёдига тушса ҳам, кўнгли негадир айниб, қайт қилгиси келарди. Ҳуснигул эса нуқул уни қўзғатишга интиларди.
Ахийри, Ҳуснигул:
– Бирон холироқ жойингиз борми? – деб сўради, бир кекириб.
– Топамиз… Мен йигитлардан бир хабар олиб келай. Сиз шу ерда бўп туринг. – У шундай деб, ўрнидан турди. Ташқарига чиқди.
Осмонда юлдузлар чарақлар, салқин тоғ ҳавоси эса – ётганидан этлари бир жунжикди. Хонада нима ишлар қилганини ўйлаб, бурнинни жийирди… Аммо, не қилсинки, Ҳуснигулдан бирон жўяли маълумот олишнинг имкони бўлмаяпти; балки, у айтадиган гаплар бир неча кундан кейин юз берадиган воқеаларга ўта дахлдор бўлиб чиқар… Янгиликни билиши учун эса яна Ҳуснигулни қучоғига олиши керакми ё йўқми?..
– Рома, – деган таниш овоз эшитилди ортидан. Раҳмонали ўгирилиб, эшик остонасида Назир жиннини кўрди. – Қаёққа, ошна, базми-жамшид энди қизияптику! Меҳмон аёлни ёлғиз ташлаб чиқдинг.
– Э-э, бор-э! – Қўл силтади Раҳмонали. – Ўша меҳмонними… сенга топширдим. Мен бир айланмоқчиман.
– Шундай пайтда-я?! Ҳуснигулни бирон овлоқроқ жойга етакла, жинни!..
Назир бу гапи билан нима демоқчи бўляпти ё шунчаки валдираяптими?.. Гоҳо Назир ўзини жинниликка солиб, кўнгилни қолдирадиган ишлар қилиб қўяди, гоҳида эса Раҳмоналини ўйлантирадиган гаплар айтиб қолади. Ҳозирги гапини тагида ҳам яширин бир маъно борга ўхшаяпти-ку!.. Наҳотки, у – Раҳмонали, ўзининг асли ким эканлигини сездириб қўяётган бўлса?!. Йўғ-э, бўлиши мумкин эмас. Лекин Назирда нимадир бор, қандайдир бир сезгими… Ишқилиб, бошқаларга ўхшамайдиган.
Раҳмонали тузукроқ ўйламоқни истаб, нари кетди. “Қўйхона”лардан йигитларнинг қийқириқ аралаш шаҳвоний гаплари эшитилмоқда, эди: “Ҳа жонидан, буёққа кел?!”, “Бирам мазза эканми?!.”
Раҳмонали дам чайқалиб, дам денсиниб, дарвоза олдигача борди. Жангари йигитлардан бири ер тепиниб турган экан:
– Ака, бизга ҳам навбат тегармикан? – деб сўради у, автоматини елкасига ўрнаштириброқ.
– Тегади, тегади, – дея жавоб қилди менсимайгина Раҳмонали ва яна ортига қайтди.
– Унинг фикри тобора тиниқлашиб бораётганди. Ўйлашича, ҳозир айни вақти. Майли, Назир айтганидек, Ҳуснигулдан гап олишга ҳаракат қилиб кўриши лозим.
У хонага қайтди. Боя сезмаган экан, хона сигарет ҳидига тўлиб бўпти. Шоир Зиё Маҳмуд деганлари роса кашанда экан, бирини-бирига улаб тутатаверди. Раҳмонали бўм-бўш хонада Ҳуснигулни кўрди: йиғлаяпти. И-и, нега?!. Нима бўлдийкин? Биронтаси қаттиқроқ гапирдими? Балки, Назирдир?.. Бошқалар румин қизларни эргаштириб, Бўта кирган хонада эканликларига ақли етди. Чамаси, битта торгина хонада уч эркак ва уч аёл қип яланғоч бўлиб…
– Нима бўлди, Ҳуснигул? – деб сўради Раҳмонали, унинг ёнига чўкка тушиб.
– Менинг одатим шунақа, бир-бир кўнглим тўлиб, йиғлагим келиб қолади. Йиғлаб олсам, кўнглим ёзилади, – деди Ҳуснигул, кўз ёшларини кафтлари билан артаркан.
– Нима қилдик энди? – деди Раҳмонали; саволни ёнидаги аёлга бердими ё ўзига-ўзи айтдими – билолмади. Ишқилиб, оғзидан чиқиб кетди шу гап.
– Нима қилардик, эркак билан аёл қиладиган ишни қиламиз-да, – деди йиғлай-йиғлай кўнгли ёзилиб қолган Ҳуснигул, унга яна илжайиб.
– Шу ердами?
– Хоҳласангиз, шу ерда. Менинг сиз билан қипяланғоч бўлиб ётгим келяпти шу тобда, билсангиз. Ҳалитдан бери нариги хонадан оҳ-воҳ деган овозлар тинмаяпти. Шундай жунбушга келдимки, асти сўраманг!.. – Ҳуснигул шундай деб, ўрнидан сал кўтарилиб, кўйлагини еча бошлади.
Раҳмонали нима қиларини билолмай қолди. Аёл киши бундақанги ишда ташаббус кўрсатиб турса, эркак киши нима қилсин?!
– Ахир, бу ерга биронтаси кириб қолиши мумкин.
– Ўлибдими, кирса кирар. Нима, бу ердагилар яланғоч эркак-аёлни кўришмаганми? Мен хоҳлаяпман ахир?..
Ҳуснигул ориқ ҳам, семиз ҳам эмас. Кўринишдан қорачагина бўлса-да, кийими остидаги баданлари бинойи, экан. Муштдан кичикроқ кўкракларининг яримидан кўпроғи мана мен деб кўриниб турарди. Салдан яққол ички кийимда қолиб, қани бўлинг, дегандек аёл ундан кўз узмай тураверди. Ниҳоят, Ҳуснигул орқа ўгирди ва чап қўлини елкасига олиб бориб, деди:
– Сийнабандимни тугмаларини ечиб юборинг, жоним.
Раҳмонали бироз кирлаган оқ сийнабанднинг уч тугмасини бир-бир ечди. Ҳуснигул унга хуморланиб қаради:
– Чироқни ўчирайлик, – деди Раҳмонали ютиниб, аёлнинг оппоқ сийналаридан кўз ололмай.
– Йўқ, чироқнинг нимтатир ёруғида яхши бўлади.
– Нимаси яхши бўлади?
– Бир-биримизни кўриб турамиз… – Айни гап Ҳуснигулнинг оғзидан чиқар-чиқмас эшик шартта очи либ, хонага хансираганча Назир жинни кирди ва: “Вой!” деб юборди.
– Тақиллатмай кириб келаверасизми, ака? – деди Ҳуснигул, апл-тапл кўйлаги билан олд тарафини ёпиб.
– Мен қайдан билай, сизларнинг бундақанги ишлар билан машғул бўлаётганларингни, – деди Назир, хохолаб куларкан.
– Чиқиб кетинг! – деди аёл.
– Эҳ-ҳе, ҳали буйруқ ҳам берасизми? – Аччиғланди Назир. – Билсангиз, мен хоҳлаган вақтимда, хоҳлаган еримга кириб чиқавераман. Менга ҳеч ким запрешат қилмаган! Қани, энди ўзларинг билган ишни қилаверинглар. Мен шунчаки томоша қилиб тураман.
– Жинни бўлма, Назир! – Ростмона аччиқланди Раҳмонали. – Ундай бўлса, мен чиқиб кета қоламан.
– Қандай яхши, – дея кулди Назир.
Раҳмонали шундай дақиқалар юз беришини чин юракдан орзиқиб кутганди. Ниҳоят, ниятига етадиган бўлди. Даст ўрнидан турди. Ҳуснигул қўлидан маҳкам тутиб, ялинчоқ оҳангда:
– Жон ака, кетманг? – деди. – Мен сизни хоҳлайман.
– Мени хоҳламайсанми? – деди жавобан Назир, олдинга бир қадам ташларкан, аёлнинг қўлига енгил шапатилаб қўйди. Баҳонада Раҳмонали қўлини бўшатиб олди ва иложи борича, Ҳуснигулнинг кўзларига қарамасликка тиришиб, терс бурилдию, эшикдан чиқиб, ортидан зичлаб ёпиб қўйди.
Бу қандақаси бўлди? Назирнинг бу нима қилиғи? Раҳмонали ҳеч нарсага тушунолмаётганди. Бу иш яхши бўлдими ё ёмон бўлдими – бунисига ҳам ақли етмаётганди. Аммо Ҳуснигул билан яна учрашишига, унинг кўнглига қўл солиб, ҳамма гапни билиб олиши учун ҳали вақт борлигидан хурсанд ҳам бўлди. Ахир, шайтоннинг урғочисидан бир амаллаб қутилиб олди-ю!
Раҳмонали дарбадарликда бундай ҳаёт кечириш жонига текканини аллақачон тушуниб етган бўлса-да, узоқ юртдан аниқ бир топшириқ бўлмагунча, нима қиларини билмай, фақат бу ердаги воқеа-ҳодисалар юзасидан қисқа-қисқа хабарлар йўллаш билан чекланиб қолаётганди. Юртни шундай соғинган эдики, қани энди қаноти бўлса-ю, учиб кетса.
Ўғилчаси кап-катта йигитча бўлиб қолган. Хотиничи?.. Нима қиляптийкин? Шундай соғинганки, уларни ҳам… Раҳмоналининг хаёллари чуваланиб, кўнгли тўлиб, мижжаларига кўз ёшлари силқиб чиқди ва осмон тўла чарақлаган юлдузларга боқди. Узоқ-яқинларда чигирткалар чириллайди. Қаердадир бойўғлининг ўқтин-ўқтин хунук сайраши ҳам қоронғу тун бағрини ёриб, қулоқларига урилади. Жуда узоқлардан итларнинг элас-элас ҳуриши эшитилди. Негадир, шу тобда йиғлагиси келаётган эди-ю, аммо йиғлолмаётганди. Кўнгли тўлиқиб, юрагининг туб-тубидаги соғинч ҳислари кўзларидан ёш бўлиб чиқаверди…
– Рома, Рома!.. – дея кутилмаганда Назир ҳов бино эшиги ёнида туриб, уни чақира бошлади. Ярамас, ҳеч бир ишдан тап тортмайди. Қарангки, Ҳуснигул Ҳасановани ҳам қучоғига тортинмасдан ола қолди. Жувон-чи? Наҳотки у кўзлари ёниб, энтикиб Раҳмоналига талпиниб, индамай Назирнинг бағрига кирган бўлса? Аёл зоти шундай дейилади-ю, лекин беш бармоқ баробар эмаску!… Фақат Ҳуснигулга ўхшаганлар… Нима бўлдийкин? Орадан анча-мунча вақт ўтди ахир.
Раҳмонали оғир қадамлар билан ортига қайтди. Эшикдан берироқда Назир жинни илжайиб турарди. Раҳмонали, хўш, нима бўлди, дегандек Назирга боқди.
– Бу Ҳуснигул деганлари ғирт жалаб экан-у! Шундай йиғлади, шундай йиғлади. Қўрқиб кетдим, десанг… Йўқ, дейди мочағар, ўзимнинг одатим шунақа, эркак киши билан ётдим дегунча, кўнглим тўлиб, йиғлагим келаверади, дейди дегин. Аммо офатижон экан. Эркак зотини анчадан бери кўрмаган эканми, шундай ёпишдики, мана қара, елкаларимни тишлаб ташласа бўладими. Йўқ, кетмайсиз, ёнимда қолинг, тонггача, дейди. Ҳалигача кийинмай ётибди. Чамаси, сени кутяпти. Бор, кир! – деди Назир, Раҳмоналининг елкасидан туртаркан.
– Жиннимисан, мени шунга муносиб кўрдингми? Мен бундақаларни ёнидан ҳам ўтмайман, – дея жавоб берди Раҳмонали, четга тупуриб.
– Шундақа дегин, нега бўлмаса ечинтириб, бағрингга олишга чоғланиб тургандинг? – Баттар илжайди Назир.
– Ҳалигиндами? Бир хаёлим кетганди-да, яхшики сен кириб қолдинг.
– Биламан, сенинг таъбинг нозик… Хўп, энди нима қиламиз? Ахир, Ҳуснигул сени сўраяпти. Кирмасанг бўлмас.
– Нас босган жойга-я?!
– Бу ерларни аллақачон нас босиб бўлган. Нас бир кун ҳаммамизни уради. Қочиб қутулолмаймиз. – Назир жинни шундай деб, нари кета бошлади. – Мен яхшилаб ювиниб олишим керак. Худди нажасни босиб олган одамдек ўзимдан ижирғаняпман. Сен эса хоҳласанг кир, хоҳламасанг кирма. Бу сени ишинг.
Раҳмонали тўхталиб қолди. Майли киради, аммо қўлини ҳам теккизмайди. У шундай хаёлланиб ичкари томон йўналди.
Кир шолча устига солинган тўшаклардан бири устида Ҳуснигул Ҳасанова – инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг Ўзбекистондаги собиқ вакили – қипяланғоч ҳолатда, яна бир кўрпани устига ярим тортганча, кўзларини юмиб ётарди. Эшик ғийқ этганида, у кўзларини аста очди ва одатига биноан, лабларини хиёл қимтиб, илжайди ва:
– Қаёққа йўқолиб қолдингиз, Раҳмонали, мени ташлаб, – деди.
– Керакли одамни топиб олибсиз-у! – деб жавоб берди Раҳмонали. – Роса мазза қилгандирсиз, Назир жинни билан.
Ҳуснигул кулди:
– Мазза қилдим, энди сиз билан ҳам мазза қилмоқчиман…
– Мен эса йўқ. Хоҳламайман.