Электронная библиотека » Хусанбой Каримов » » онлайн чтение - страница 17

Текст книги "Бўрилар изидан"


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 05:20


Автор книги: Хусанбой Каримов


Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 17 (всего у книги 19 страниц)

Шрифт:
- 100% +
* * *

Йўлбошловчилар жангариларни нуқул тоғ йўлларидаги қишлоқларни четлаб олиб кетишга уринишаётганди. Уч кундаёқ жангариларнинг таноблари тортилиб қолди. Айниқса, оёғидан оғир лат еган жангари йигит алҳол тамоман юролмай қолди. Ўнг қўли синган жангарининг ҳам қўли шишиб, азоб бера бошлади. Йўлбошловчилардан бири Бўтани четлатиб, нималарнидир уқтира бошлади. Бўта рози бўлгандек, бошини ирғади. Шунда Раҳмонали у икки жангари йигитнинг куни битганини аниқ сезди. Лекин бунга қарши бирор иш қилолмасди.

Тўртинчи кеча барча уйқуга кетганида ҳам негадир Раҳмоналининг уйқуси ҳадеганда келавермади. Унинг кўнгли қандайдир нотинчликни, ёмон бир кори ҳолни сезаётган эди.

Бир пайт, тоғ ичидаги чуқурликда Бўтанинг шарпасини кўриб қолди. Ҳали осмонга ой чиқмаган. Чор атроф қуюқ қоронғулик қаърига чўмган маҳал эди. Ҳа, у аниқ Бўта эди. Бўта шошмай ухлаб ётган жангарилар оралаб, ҳатлаб-ҳатлаб келаётганди. Демакки, бу кеча дам оламиз деб, Бўта беҳудага айтмаган экан-да, деб ўйлади Раҳмонали. Унинг нияти аниқ: икки яраланган жангарини тинчитмоқчи!..

Раҳмонали тун қаъридаги ажал шарпасининг хаттиҳаракатини аччиқ бир хавотир ила, аниқ-тиниқ кузатиб ётганди. Ниҳоят, у оёғи синиб, сўнги вақтда тамоман шишиб, инқиллаб, иситмалаб ётган жангари йигитнинг тепасига етди ва олдиндан овоз чиқармайдиган мосламани ўрнатиб қўйган тўппончасини чиқариб, унинг кўксини мўлжаллаб совуқонлик билан отиб қўя қолди. Жангари йигит бир тўлғанди-ю, ўлди-қолди. Энди навбат иккинчисига!.. Бўта у жангарини ҳам олдингиси каби асфаласофилинга жўнатиб қўя қолди.

Одатда, тоғда кечалари ўта совуқ, кундуз кунлари эса қуёш гўёки тепадан олов пуркайди. Айниқса, елкангизга оғир юк ортиб олган бўлсангиз, кўрадиганингизни кўраверасиз. Раҳмонали тоғда кундуз куни юриб кўрди ва азобларини тортяпти, кечаси ўта совуқ бўлишини ҳам яхши билар, аммо ҳеч тоғ қўйнида, очиқ табиатда ётмаганди. Мана, бугун ётибди. На уйқуси келади, на исийди. Ҳадеганда, у ёққа-бу ёққа ағдарилади, на исийди, на ухлай олади. Бир маҳал, уйқу устунлик қилиб, кўзи сал илингандек бўлган экан, яна қоронғиликда қора бир шарпа юриб қолди. Бу гал улар икки киши эди. Бўта томонидан ўлдирилган икки кишининг жасадини эҳтиёткорлик билан, қотиб ухлаб ётган жангарилар орасидан бир-бир олиб ўтиб, чиқиб кетишди. Шу тариқа, тонг отди.

Раҳмонали Бўтанинг ўта даҳшатли ёвуз эканига кўп марта гувоҳ бўлган эса-да, бу қадар азобда қолган ярадорларни ҳам аёвсиз ўлдиришини хаёлига келтирмаган эди.

Тонг отиб, барча уйғонганида, ҳалиги икки жангаридан ном-нишон йўқ, фақат уларнинг юкларигина турарди холос. Бўтанинг буйруғи билан уларнинг оғир юклари ҳам бошқаларга тақсимлаб берилди. Ҳамма тушундики, тунда икки ярадор жангари ўлдирилган, жасадлари эса тоғнинг аллабир жарлигига улоқтириб юборилган. Эндиликда йўлдаги ҳар қандай эҳтиётсизлик шу тариқа “мукофотланиши” мумкинлигини барча тушуниб етди. Ўта чарчаган, ҳорғин, тушкунликлари тобора ортиб бораётган жангариларга бу ўзига хос бир зарба бўлди.

* * *

… Бир ҳафта йўл юрилгач, ниҳоят, икки тожик йўлбошловчи бошчилигида жангарилар белгиланган манзилга етиб боришди. Йўл асосан шаҳару қишлоқларни четлаб, ёлғизоёқ тоғ йўллари орқали бўлгани учун ҳам ўта қийин ва узоқ кечди. Яна тоғлар оралаб, бир кун юришиб, худди қорли тоғлар остига етиб боришди. Икки тожик йўлбошловчи Бўта билан бир четда суҳбатлашиб олишгач, улардан бири қўйнидаги харитага ўхшаш бир нарсани Бўтага берди. Бўта эса юк халтасидан анчагина долларларни чиқариб, санаб-санаб, икковига бўлиб узатди. Тожик йўлбошловчилар Бўтага бир неча бор қуллуқ қилишиб, зудлик билан ёлғизоёқ тоғ йўлидан пастга қараб тушиб кетишди. Шунда ҳориб-чарчаб, харсангларга суяниб ўтиришган жангарилар орасидан Раҳмоналини Бўта ўз ёнига имлаб чақирди.

– Муз тоғига етиб келдик, – деди Бўта, елкасидан автоматини қўлига олиб. – Бундан буёғи кимсасиз, фақат тоғда чўпонлар бормиш, холос. Ўшалардан бир неча эшакни олишимиз керак бўлади.

– Муз тоққа қандай қилиб чиқиб оламизу қандай қилиб йўлини топамиз? – деди жавобан Раҳмонали, рўпарасидаги баланд қорли тоғ чўққиларига хавотирли нигоҳини қадаб.

– Ҳозирча биринчи ишимиз чўпонларни қидириш бўлади. Улардан озиқ-овқат, ҳамда эшакларни олгач, ҳалиги йўлбошловчилар бериб кетган харитани кўрсатиб, йўлни топишда ёрдам беришларини сўраймиз. Кўрсатмаса…

– Тушунарли, – деди Раҳмонали ортига ўгириларкан, ҳамон тошларга суяниб кўзларини юмиб ўтиришган жангариларга қараб.

– Йигитларни турғаз, тоғ тепасидаги бирон чўпоннинг ўтовини топиб олсак, бир неча соат дам оламиз. Бу гал фақат кундуз куни юрамиз.

– Неча километр бор экан водийгача?

– Айтишларича, ўттиз чақирим, балки ундан кўпроқдир. Бу фақат энг тепадаги муз тоғнинг тор йўли…

Жангариларга Раҳмонали томонидан тоғ тепасидаги чўпонлар ўтовларидан бирида дам олиш айтилгани учунми, бу гал ҳеч кимдан эътироз бўлмади.

Ҳамма даст ўрнидан туриб, Бўтанинг ортидан йўлга тушди. Бўта йўлни муз тоғи томон эмас, аксинча, тоғнинг бошқа томонига бошлади, негадир. Раҳмонали тушундики, унинг мақсади тоғдаги чўпонларни топиш.

Йўл тиккалашиб боргани сайин, тепага чиқиш оғирлашаверди. Бўта жангариларни қийнамаслик учун, илангбиланг бўлса ҳам, қулайроқ йўлларга бошлаётганди. Икки соат чамаси юрилгач, кутилмаганда, ҳамма бирдан кенг текисликка чиқиб қолди. Текислик шундай катта, кенг эдики, унинг ҳув нариги бурчагида катта қўй подаси ўтлаб юргани кўзга яққол кўринмоқда эди. Барчага жон киргандек, қадамлар тезлашди. Текисликни тик кесиб ўта бошлашганида, қўйлар томонидан тўртта бўрибосар ит ҳуриб, елиб, яқинлаша бошлади. Итларнинг ортидан от минган биров кўринди ва отини елдираверди.

Бўта дарҳол елкасидан автоматини қўлга олди ва йигитларга ҳам қуролларини шай тутишни буюрди. Итлар яқинлашгани сайин, уларнинг ўта баҳайбат эканлигини билдилар. Бўта автоматдан осмонга қарата варанглатиб битта ўқ узди. От чоптириб келаётган одам, туйқис отининг тизгинини тортиб тўхтатди-да, ҳамон ҳурганча елаётган итларини чақира бошлади. Итлар эгасининг овозини эшитиб, дарҳол ортларига бурилишди. Қўйлар подаси ва ундан наридаги арчалар орасида элас-элас кўриниб, тепасидан тутун юқорига ўрлаётган иккита ўтовгача салкам бир чақиримча масофа бор эди.

Раҳмонали Бўтанинг қош қўяман деб, кўз чиқариб қўйиши мумкинлигидан хавотирланиб, тезда Бўтага яқинлашди ва деди:

– Бўта ака, чўпонларга зиён-заҳмат етказмайлик. Акс ҳолда, ишимиз пачава бўлади. Иложи борича, яхши гапириб, пул деса пул бериб, эшакларини сотиб олиб, қорнимизни тўйғазиб, дам олиб, эрталабга муз тоққа кўтарилиб олиш ҳаракатини қилишимиз керак.

Бўта унга ўгирилиб қараб:

– Гоҳо сенданам ақлли гаплар чиқиб туради-я! – деб қўйди ва: – Майли, сен айтганча бўла қолсин. Йигитларга ҳам тез уқтир! – деб буйруқ берди.

Раҳмонали ўша заҳоти кўрсатма берди.

Бўта автоматини шай ҳолда тутиб, қаторлашиб келаётган жангариларни тикка бошлаб бораверди.

Ниҳоят, қалин пўстин кийган, бошига қулоқчинли телпагини бостириб олган чўпон киши жангариларга пешвоз чиқди. Тўрт ит бир хилда жангариларга қараб ҳуришар, аммо олдинга ташланишмаётганди. Чўпон бир неча бор қирғиз тилида итларга тек туришларини буюрди. Алҳол, итлар жим қолишиб, думларини ликиллатишиганча, тилларини осилтиришиб, туриб қолишди.

Бўта бошлиқ жангарилар чўпон билан бақамти бўлишди. Ёши улуғ, юзлари тиришган, иягида оппоқ бешолти тук ўскан соқоли бор киши қирғиз чўпони экан. У киши Бўта билан қўшқўллаб кўришди. Бўта ҳам соф ўзбекчалаб сўрашди. Рўпарасидаги нотаниш одамларнинг кимликларини чўпон ҳали тўла англаб улгурмаган, уларнинг ташрифи яхшиликками ё ёмонликками – билолмаётганди. У киши кўпроқ нотанишларнинг барчаси бир хилда қуролланганликларидан хавотирланаётгани кўриниб турарди.

– Бизга жой, овқат керак, – деди Бўта.

– Албатта, албатта, – деди чўпон қирғизчалаб ва ортига ўгирилиб, кимнидир чақирди. Ўтов ортидан ёшроқ бошқа бир чўпон кўриниш берди. Унинг қўлида бешотар милтиқ бор эди. Бўта:

– Биз ҳеч кимга озор бермаймиз. Пулини тўлаймиз, – деди.

Ўзбек тилини бинойидек тушуниб турган қирғиз киши ортидаги шеригига, – у ўғлимиди ё бошқаси, – қўли билан “паст” ишорасини қилди. Ёш чўпон дарҳол ғойиб бўлиб, зумда яна кўриниб, дадиллик билан яқинлашиб келди.

– Меҳмонларга жой ҳозирла! – Буюрди катта ёшдаги чўпон киши.

Ёш йигит қуллуқ қилди-да, дарров ортига қайтди.

– Бу ерлар қандай номланади? – дея сўради Бўта ҳалиги кишидан.

Чўпон тушунди ва хиёл кулимсиради:

– Қизил сув деганлари шу ер, иним. Биз асли қирғизмиз. Ота-бувамиз шу ерларда қўй боққан. Уларнинг ишини биз давом эттиряпмиз. Мана бу ердан чапга бурилсангиз, Қирғизистонга, ундан Ўзбекистонга ўтиб кетилади. Сизлар келган ерлар эса Тожикистоннинг жойлари. Бу ерлар ҳам тожикларга қарашли…

Қирғиз чол гапини тугатмагандики, ўтовлардан биридан ҳалиги ёш йигит чиқди ва: “Келаверинглар!” деб чақирди.

Қирғиз чўпонлар ўта меҳмондўст чиқиб қолишди. Ҳамманинг кўзи олдида отардаги энг семиз қўчқорни келтиришиб, ўтовнинг шундоқ остонасига яқин жойда, дам олаётган жангариларга кўрсатишиб, дарҳол бўғзига пичоқ тортишди. Катта қозонга сув қуйиб, бўлакланган қўй гўштини қозонга солишди. Картошка мўл экан чамаси, бир тоғора арчиб қўйилган картошкаларни зумда бўлаклаб, қозонга ағдаришди. Унинг ортидан бир товоқ арчиб, тўғралган пиёз ҳам қозонга тушди. Ярим соат чамаси ўтмай, кўзларини уйқу элитаётган жангариларнинг димоқларига қўй гўшти солиб пиширилаётган овқатнинг ширин ҳидлари урилиб, димоқларини қитиқлай бошлади. Неча кундирки иссиқ овқат емай, йўл босиб келаётган жангарилар ғимирлаб қолишди.

Бир соатдан сўнг эса барча иссиққина чўпон ўтовида қаторлашиб ўтириб, гўшт еб, суякларни ғажишга киришдилар. Одатга биноан, қирғиз чол пойгакда, шундоқ остонага яқин жойда чордона қуриб ўтириб олган, гоҳ-гоҳ гўштдан олиб, оғзига солиб чайнаб қўяр, унинг синчиклаб қарашидан ҳали ҳам хавотири аримаган кўринаётганди.

Қоринлар тўйиб, ҳаммани уйқу элита бошлади. Бўта Раҳмоналини имлади. У даст ўрнидан тургандики, ёшига ярашмаган ҳолда қирғиз чол ҳам чапдастлик билан ўрнидан туриб, ташқарига йўналди. Бўтанинг бу имосида: “Сен қирғиз чол билан гаплашиб, йўлга сол”, деган маъно бор эди. Раҳмонали ҳам ташқарига чиқди. Қирғиз чол ўтов олдида жовдираб Раҳмоналига термилди.

– Ота, – деди Раҳмонали жиккак чолнинг елкасига оҳиста қўл ташлаб. – Биз бу кеча шу ерда тунаб, эрталаб йўлга тушамиз. Сиз фақат бизга муз тоққа олиб чиқадиган йўлу муз тоғдаги ёлғизоёқ йўлни кўрсатиб юборасиз. Яна икки-учта эшагингиздан сотасиз. Юкларимизни эшакларга юклаб олиб кетамиз…

Қирғиз чол Раҳмоналининг ҳар бир сўзини ҳушёрлик ва зийраклик билан тинглади-да, тушундим, дегандек бош ирғади.

– Эшак… қийин-ов, – деди бир маҳал чол, сийрак соқолини тутамлаб. – Бизда бор-йўғи битта эшак бор. У ҳам қари.

– Яқин ўртада яна чўпонлар борми? – деб сўради Раҳмонали. – Балки, улардан топилар. Биз пулини берамиз. Айтган пулларини…

Чол, тушундим, тушундим, дегандек яна бош ирғади ва индамай нариги ўтов ортига ўтиб кетди. Ўн минутлардан сўнг ҳалиги ёшроқ чўпон йигитни бошлаб келди.

– Ассалому алайкум, ака, – дея қўшқўллаб сўрашди ёш чўпон. – Мен билан ўзбекча гаплашсангиз бўлаверади. Асли мен фарғоналикман…

– Йўғ-э! – деб юборди Раҳмонали. – Ростанми?

– Рост, – дея қуллуқ қилди йигит. – Илгари шу тоғларда қўй боқиб юриб, мана шу отамнинг қизига уйланиб, бола-чақали бўлиб қолиб кетдим. Отамнинг ёши саксонга боряпти. Мен ҳам элликни қоралаб қолдим, ака…

– И-я, мендан анча катта ёшда экансиз-у! Мени ака демай, ука десангиз ҳам бўлавераркан, – деб Раҳмонали бу очиқкўнгил, софдил фарғоналик кишининг елкасига оҳиста кафтини қўйди. – Менинг исмим Раҳмонали. Хоҳланг отимни айтаб чақиринг, хоҳланг ука, деб.

Қирғиз чўпон яна қуллуқ қилди ва Раҳмоналини баттар уялтириб қўйди. Беихтиёр Раҳмоналининг кўнглидан бир илинж ялт этди-ю, вақти келганида фойдаланишни дилига тугди.

– Менинг отим Сувонқул, – деди чўпон киши.

– Танишганимдан жуда хурсандман, – деди Раҳмонали ва мамнунлигини билдириб, қайтадан қўл берди-да, мақсадга ўтди. – Сувонқул ака, отангиз билан гаплашсам, бизда битта қари эшак бор, деяпти. Бизга эса камида иккита эшак керак. Топишнинг иложи бормикан?

– Топилади, ука. Қўшнилардан сўраб кўрамиз. Фақат…

– Пулини берамиз, айтганини берамиз, – деди Раҳмонали.

Сувонқулнинг юзлари ёришди.

Раҳмоналидаги оддийлик, софлик қирғиз чўпонларга маъқул келдими, хавотирлари анча ариб, уларнинг астойдил ёрдам беришга чоғланганлари яққол билиниб қолди. Лекин шунча қуролланган одамлар нега муз тоғи орқали қаёққа, нима мақсадда кетётганлигини билолмай, сўрашга ботинолмай, қийналишаётганди. Бу ҳолат савол аломати тарзида чол билан Сувонқулнинг юз-кўзларидан билиниб турган бўлса-да, Раҳмонали мавриди келмагунича бу сирни очмасликка қарор қилди.

Суҳбат асносида Раҳмонали Сувонқул билан отларда яқин қўшни чўпонларга бориб, эшакларни сотиб олиб келадиган бўлишди. Бу гапни Бўтага Раҳмонали етказганди: “Билганингни қил, фақат эрталабга икки ё уч эшак тайёр бўлсин!” деган жавобни олди.

* * *

Жангарилар иссиққина ўтовда қаттиқ уйқуга кетишди. Раҳмонали вазиятдан ҳар томонлама унумли фойдаланиб қолиш умидида отни қамчилай бошлади.

Сувонқул Раҳмоналига миниш учун ювошроқ отни рўпара қилган ва: “Сизни олиб қочиб кетмайди”, деб ҳазиллашган эди. Улар йўлга тушишди. Қўшниларни қўрқитиб юбормаслик учун, Раҳмонали автоматини эмас, фақат тўппончасини ёнида қолдирди. Сувонқул аканинг қўлида эса бешотар милтиқ. Икков кенг майдон бўйлаб отларни йўрғалатиб йўлга тушишди. Сувонқул ака сергапгина киши экан.

– Ёш эдим, – дея ўз ҳикоясини бошлади Сувонқул ака Фарғонани Қувасой шаҳрини Валик қишлоғидаги колхоз қўйларини шу ерларгача ҳайдаб олиб келиб бо қардим. Тақдирни қарангки, шу ерда Ҳаётхонимни топдим. Уйландим. Бола-чақали бўлдим. Асли ўзим қирғиз бўлсамам, ўзбеклар, тожиклар ичида ўсганман. Шунинг учун қирғиз тилида, ўзбек тилида, тожик тилида бемалол сўзлашавераман. Қайнотамни кўрдингиз, қариб қолди. Жирғатолда бир ўғли келини билан яшайди. Биз ёзда тепада қўй боқамиз. Гоҳо шу ерда қишлаб ҳам қоламиз. Ҳозир колхозлар йўғу, ем-хашак етказиб берадиган.

– Ҳаммаси ўзларингни қўйларингми? – деб сўради Раҳмонали, суҳбат ўзи ўйлагандек давом этаётганига кўнглида қаноатланиб.

– Йўғ-е, ҳаммаси эмас. Катта қисми душанбелик катталарга қарашли. Икки юз чоғлиги ўзимизники. Бу ерда етти юздан ортиқ қўй бор… Кузда пастга ҳайдаб тушганимизда, иш ҳақларимизни беришади. Қайноғамнинг, ўзимнинг болаларимни ўқитишга ёрдамлашишади. Хуллас, фойдалари тегиб турибди.

– Фарғонага охирги марта қачон боргансиз? – деб сўради Раҳмонали, кўнгли тубига яширган сирини очишнинг мавриди келганини пайқаб.

– Бир йил бўлди-ёв, Қувасойда акам бор. Йилда бир хотинимни, болаларимни олиб бораман. Аммо йилданйилга қийинлашиб кетяпти борди-келди. Тожикистонам, Қирғизистонам, Ўзбекистонам мустақил бўлиб, шунақа бўляпти, шекилли. Илгари бунақа эмасди.

– Ҳали вақти келиб, ҳаммаси яхши бўлиб кетади, – деди Раҳмонали.

– Раҳмонали, ука, бир нарса сўрасам айб санамайсизми?

– Майли, сўранг, – дея майин кулимсиради Раҳмонали.

– Сизлар нега шундай тинч замонда бу тоғ-тошларда автоматларни кўтариб юрибсизлар? Яна муз тоғи дейсизлар. У ерларда нима бор. Мабодо Қирғизистонга, ундан Ўзбекистонга ўтмоқчи бўлсангизлар, ўзим катта йўлни кўрсатиб юбораман. Биздан нарида Балиқ ювган яйлов бор. Ундан ўтиб, Тенгизбой довонига чиқасизлар. У ёғи Лангар қишлоғи, Майдон қишлоғи. Хуллас, Қирғизистон орқали Ўзбекистонга бемалол кириб борса бўлади. Фақат қуролларсиз!.. – дея Сувонқул ака хавотирли назар билан Раҳмоналига қаради.

– Бунинг ҳозирча иложи йўқ, ака, – деди Раҳмонали, оғир уф тортиб. – Кўриб турибман, ишончим комил, сиз софдил инсонсиз. Умрингизда бировга ёмонлик қилмагансиз. Аммо, бугун сиз кўрган қуролланган кишилар асли жангарилар. Ўзлари туғилиб ўсган юртга қон тўкиш учун атайин қурол кўтариб бораётган кишилар…

Раҳмоналининг очиқчасига айтаётган бу гапларини эшитаётган Сувонқул ака туйқис отининг жиловини тортди ва дирр деб тўхтатди. Ҳайрат билан, ростми дегандек бирдам Раҳмоналига разм солди. Ишонмай деса, жангариларни автоматлари билан кўрган, ўзи кутиб олган бўлса; ишонай деса, анови йигит очиқчасига унчамунча одам ишонмайдиган гапларни айтаётган бўлса…

– Сувонқул ака, мен айтаётган гапларнинг ҳаммаси рост. Ишонаверинг. Лекин бу ерда бир ўта муҳим ва жудаям сирли бир гап борки, бу гапни мен сизга ўта ишонаётганим учун айтишим лозим, деб ўйлайман. Чунки, ҳозир мен билан сиз гаплашадиган гап, ўзаро келишувимиз ўзимизнинг, яъни иккимиз туғилиб ўсган Ўзбекистонимизнинг тақдирига бевосита дахлдор. Халқи миз тинчлиги учун керакли гап!.. – Раҳмонали юракюрагидан чиқариб айтаётган бу гапларини от устида ўтириб, отнинг жиловини ўзига тортиб, Сувонқул ака ўтирган отнинг атрофида аста айланиб сўзлаётганди. Сувонқул ака эса ҳайратда ҳамон қотиб турарди. – Ҳар на қилса-да, мен шу жангарилар билан муз тоққа кетишга мажбурман. Мен муз тоғдан ўтаманми ё йўқми – Яратганнинг ўзига аён. Аммо сизга бир ишни тайинлаб, қоғозга битиб бериб кетаман. Биз муз тоққа кўтарилиб кетганимиздан сўнг, зудлик билан ўша ўзингиз туғилиб ўсган Қувасой шаҳрига, Фарғонага шу қоғозни, ҳеч бўлмаса қоғоздаги гапларни сўзма-сўз етказишингиз шарт бўлади. Акс ҳолда бу жангарилар муз тоғни ошиб, Фарғона водийсига ўтиб олишса, жуда кўпларининг қони тўкилиши мумкин. Балки, ўнлаб, юзлаб одамларни ўлимига сабабчи бўлишар. Бироқ, мен муз тоғда иложи борича уларга панд беришга, етиб боролмасликлари учун ҳаракат қиламан.

– Отангизга балли! – деб юборди бирдан ҳаяжонини босолмаётган Сувонқул ака. – Мен сизни энди тушундим. Хўш, мен нима қилишим керак? Буюринг!

– Асло шошманг, Сувонқул ака, аввал жангарилар учун икки-уч эшакни топиб, сотиб олайлик-да, сўнг мен сизга ўз қўлим билан битта қоғозчага ёзиб берай. Жангарилар асло сезмасликлари учун. Ишимиз ўта пухта, режа асосида амалга оширилиши лозим… Энг муҳими, бу ишимизни иккимиздан ўзга ҳеч ким билмаслиги шарт. Бу ўзаро шартлашувимизнинг энг муҳим жиҳати бўлади…

Раҳмонали билан Сувонқул ака отлар устида ўтириб ўзаро қўл ташлашди ва иккови ҳам ўта хурсанд ҳолда, от чоптириб кетишди.

* * *

Эрталаб Бўта ўрнидан турганида, Раҳмонали иссиқина ўринда хурракни уриб ётганди. Ҳар бир топшириғини пишиқ-пухта бажариб юрганлиги учун ҳам Бўта яқин ёрдамчисини уйғотгиси келмади. Керишиб, юз-қўлларини ювиш учун, ўтовдан ташқарига чиққанида, шундоқ яқинда уч эшак боғлоғлиқ турар, эшакларнинг олдига қўйлардан қолган, қирқилган хашаклардан бир тўпини ташлаб қўйишгани учун, улар кавшанаётгандилар.

Эрталабки нон-чой, кечқурундан қолган пишган гўштлар тановулидан сўнг, Бўта томонидан қуюқ фотиҳа қилинди. Бўтанинг сахийлиги тутиб кетдими ё ирим қилдими, хуллас, қирғиз чолнинг қўлига минг АҚШ долларини тутқазди. Пулларни қўлига олган қирғиз чол тамоман довдираб қолди. Олмасликка уринганди, Бўтанинг важоҳатини кўриб, дами ичига тушиб кетди.

“Бизни муз тоққача ким олиб бориб, ёлғизоёқ йўлни кўрсатиб юборади?” деган саволга, қирғиз чол дарҳол ўзини тавсия этиб, қўлига тутамлаб турган пулларни нариги ўтовга кириб, кимгадир бериб чиқди. Уч эшакка энг оғир, энг керакли юклар қирғиз чолнинг маслаҳати, назорати остида пухта қилиб боғланди. Жангариларнинг юклари анчагина енгиллагандек бўлди. Чол бир отни минди, кеча Раҳмонали минган ювош от Бўтага тегди. Икки отлиқ, уч эшакдаги юклар билан жангарилар пиёда олдиндаги отлиқларга эргашишди. Бундай тезоб тайёргарлик ва жўнаш даврида Сувонқул аканинг йўқлиги ҳам сезилмади, биров сўрамади ҳам. Чамаси, у учинчи отни миниб, тонг-саҳар чиқиб кетганди – Раҳмоналининг топшириғини бажариш учун…

* * *

Муз тоғ. Қирғиз чол икки отни айириб, ортга қайтганига анча вақт бўлди. Кундуз бўлгани учунми, ҳаммаёқ типпа-тинч, осмон тиниқ, тоғдаги шабадани демаса, хавотирли жиҳати йўқдек эди, ёлғизоёқ йўлнинг. Аввал кенг бўлган йўлда оёқлар остида қорлар ғичирлар, йўл тобора торайиб бораётгандек эди. Чолнинг маслаҳати билан, энг олдинда икки одам бориши, уларни ортидан юклар ортилган эшаклар юриши, ана ундан сўнг қолганлар йўл юришлари керак экан. Шундай қилинди ҳам.

Энг хавотирли томони шунда эдики, ҳамма одам бир арқонга боғланган, эшаклар ҳам ўзаро боғланиб, бирбирининг ортидан аста-секин боришаётганди. Юқорига кўтарилганлари сайин, совуқ забтига олиб, юз-кўзларга нинадек санчилар, энди оёқ остидаги қор музга айланиб, қорлар қотиб кетган эди. Энди-энди ёғаётган қорларни эса шамол ҳарёққа учирмоқда эди. Тоғнинг этагидаги тор йўлакдан юриш бошланди. Ҳар бир одам эҳтиёткорлик билан қадам босар экан, тоққа орқасини қилиб, тоққа қапишиб, борган сайин чуқурлашиб бораётган тик жарликларга қараб-қараб ваҳима босмоқда эди. Тоғнинг тепа қисмида кутилмаганда ҳаво айниб, шамол кучая бошлади. Устига-устак, ҳадеганда тик тоғ чўққиларидан қор кўчкилари шувиллаб пастга тушиб қолар, тоққа қапишиб юраётган жангариларнинг шундоқ юз-кўзлари олдида қор кўчкиси гувиллаб ўтиб, жарликка тушиб кетар, кўнгиллардаги ваҳима эса кучайгандан кучайиб бораётганди. Жангарилар ёнлари билан юришга мажбур бўла бошладилар. Аммо эшаклар одамлардан кўра эҳтиёткорроқ чиқиб қолди. Тез-тез тек қотиб, юрмай хиралик қиларди. Уриб ҳайдашнинг иложи йўқ. Бор юк ўша ларнинг устига юкланган. Салгина эҳтиётсизлик бўлса борми, бир эшак қуласа бас, қолгани ҳам биринма-кетин тик жарликка учиб кетиши ҳеч гап эмас эди. Бўта олдинда иккинчи бўлиб бораётганди. Жангариларнинг сафи ҳам тобора чўзилиб, тез-тез тўхтаб қола бошлади.

Тўрт соат чамаси вақт ўтиб, атиги икки юз метр йўл босишди, холос. Бир тоғнинг тор йўлагидан ўтиб олишганди. Навбат иккинчисига келган, бунисининг остидаги тик жарлик яхлаган муз бўлиб чиқди. Тоғ тагидаги ўта тор йўлак тепасида ўқловдек, ундан катта ва йўғон муз сумалаклари қотиб қолибди. Йўлакни тоғ шамоли муттасил супуриб, қор парчаларидан тозалаб турибди. Бунақанги ўта хавфли тоғи йўлакларидан яна нечтаси бор – ҳеч ким билмасди. Бироз кенгроқ, тоғ паналаб турган ялангликда Бўта ҳаммани дам олишга буюрди. Раҳмонали алҳол Бўтанинг ёнига ўтди.

– Сизнинг қўлингиздаги харитада муз тоғ йўлаклари кўрсатилганди шекилли? – деб сўради.

Бўта тоғ тепасида нафас олиш ҳам қийинлашаётгани сабабли, бош ирғаб қўя қолди ва елкасига осилган ҳарбий дала сумкасини олиб Раҳмоналига узатди. Бўта оғир-оғир нафас олаётганди. Раҳмонали тожик йўлбошловчилар хайрлашув олдидан берган харитани чиқариб, гавдаси билан шамолдан пана қилган кўйи, харитага кўз ташлади. Дарҳақиқат, иланг-билан тоғ йўллари аниқ кўрсатилган, уларнинг энг асосийлари – одамлар доимий ўтиб юрганлари учта қилиб кўрсатилганди. Аммо тушунолмаётганди, улар муз тоққа чиқибдиларки, яккаш битта тор йўлакдан келишяпти, бирон ерда йўлакларни учга бўлинганини кўришмади-ю!.. У шундай савол билан тоғ шамоли гувиллаб овозини учириб кетаётган бўлса ҳам Бўтага бақириб гапирди. Бўтанинг ҳоли қолмаган чоғи, яқинлашиб, бармоғи билан хаританинг юқори қисмига ниқтади. Раҳмонали шундагина у жойга эътибор қаратди. Ҳақиқатдан ҳам муз тоғдаги тор йўлаклар учта эди. Бироқ… У дарҳол хаританинг масштабига кўз ташлаб, ҳозирги турган жойларини ўзича белгилаб, чамаладики, ҳали нақ бир километр бор эди уч айрилишга етгунларича… Раҳмоналининг тамомила ҳафсаласи пир бўлди. Илгарилари шунча одам бу ерлардан қандай қилиб бориб-келиб юрган экан, а? – деган савол келди миясига. Ҳозир-ку кундузи, тун бошланса нима бўлади? Ўзларини бу муз тоғнинг қайси панасига олишади? Муз тоғда пана жойнинг ўзи борми?

Ҳаво айнигандан айниб, қор энди паға-паға бўлиб ёға бошлади. Қор ёғиши кучайиб, бир неча дақиқа ичида, ҳатто, уч қадам наридаги одамни ҳам аниқ кўришнинг иложи бўлмай қолди. Бўта совуқотганиданми ё бу азобу уқубатларга жавоб тополмайми, бошини эгнидаги қалин палтосининг ёқалари билан ўраб, тоғ тагида ғужанак бўлиб ўтириб олди. Совуқ одамни жон-жонидан ўтиб кетаётганди. Ҳатто, эшаклар устига ёғаётган қорлар тезда қотиб, музлаб қолаётган эди.

* * *

… Раҳмонали чўчиб уйғонди. Яна тушига уч кун муз тоғида инсон боласи кўрмаган азобларни тортиб ўтказган куну тунлари кирибди. У пешонасига кафтини босганди, жиққа терлабди. Терларини артди. Ҳа, ёдида, ҳатто, кўз олдида муҳрлангандек!.. Жангариларнинг бири – Чеченистонда уруш кўриб, қўлини қонга ботириб келган йигит ножўя босган қадами туфайли тойиб, жарликка қулади. Ортидан бир арқонга боғланган иккинчиси, учинчиси… Алҳол, қолганлар тоққа тиралишиб, арқонни икки томондан маҳкам ушлаб қолишди. Муз жарликнинг эни бор-йўғи беш метр чамаси, аммо ўта чуқур, тубини кўз илғамайди. Арқоннинг жарлик тубидаги учида осилиб турган жангари йигит нуқул: “Қутқаринглар! Тортинглар!..” деб бақирар, унга қолган иккитаси ҳам қўшилишаётганди. Тоққа орқасини қилиб, арқонни маҳкам ушлаб, ўтакалари ёрилгудек бўлиб қатор тизилишиб турганлар нима қиларларини билишмасди. Кутилмаганда юз берган фожиа Бўтани ҳам довдиратиб қўйди. У илкис Раҳмоналига қаради. Раҳмонали дарҳол тушунди. Ёнидаги ўткир пичоғини қинидан суғуриб, тоққа орқа қилиб ваҳимада қолган йигитларга узатиб юборди ва, арқонни кесиб юбор, деб имо қилди. Айни вазиятда бундан бошқа иложи йўқ эди. Чунки, ўртада кетаётган уч жангари жарликка қулаган, мабодо уларни тортиб олишга уннаш бошланса, яна кимларнидир тортиб кетиши аниқ. Чунки, оёқ остлари ўта сирпанчиқ, тоғ томонда ушлаб тортинадиган нарсанинг ўзи йўқ эди.

Омон қолган йигитлардан бири айтганни қилди: арқонни шартта кесди. Паст томондан дод-войлар эшитилди-ю, ҳаял ўтмай, жимиб қолишди. Сўнг жарлик тубидан автоматнинг тариллаб отилгани эшитилиб, юқорига визиллаб учиб чиқаётган ўқлар кўринди. Ҳатто, бир қанчаси оёқ остидаги музликка келиб тегиб, оёқ остини қўпориб ҳам юборди. Тепадан қор кўчкилари ўпирилиб тушди.

Ўша маҳал умуман кутилмаган яна бир фалокат юз берди. Жарлик тубидан туриб отилган ўқлардан бири эшакларнинг бирига тегди ва эшак жон аччиғида ҳанграб, ёнбошига ағдарилди ва жарликка қулади. Бир арқонга боғланган бошқа эшаклар ҳам бирин-кетин унинг ортидан пастликка равона бўлишди.

Кутилмаган касофатларнинг бари – бўлажак ёвузликка олдиндан берилган жавобга ўхшади, Раҳмоналини назарида.

Хулласки, қор бўрони авжга миниб, совуқ ҳар бир одамнинг суяк-суягидан ўтиб ё ортга қайтишни, ё олдинга юришни билмай қолган ўша пайтда Бўта тамоман довдираб қолди. У бир маҳал итдек қутуриб, елкасидаги автоматини шартта олди-да, осмонга қарата икки-уч бор ўқ узиб, қўрқув ва ваҳима ичида тоққа қапишиб турган жангариларга кескин буйруқ берди:

– Қани, тезда арқонни пастга ташлаб, эшакларга ортилган миномётларни олиб чиқларинг! Акс ҳолда, ҳаммангни худди шу ерда ер тишлатиб, ўзим тоғ ошиб кетавераман! Ё мен ҳам сенларга қўшилиб шу ерда ўламан!

Бундай буйруқ бўлишини сира кутмаган Раҳмонали ҳам ҳайратда тек қотиб қолди. Унинг хаёлидан: “Ахир шундай тубсиз муз қоплаган жарликкка ким тушади? Ким олиб чиқа олади?” деган ўйлар чақмоқдек ўтди. Бир маҳал, хиёл ўзига келиб, атрофига – тоққа ҳамон қапишиб, совуқдан дир-дир титраб турган жангариларга қараганди, уларнинг баъзи бирлари аста-аста елкасидаги автоматларини ўзлари учун ўнглаб олишга ҳаракат қилаётганликларини сезиб қолди. Дарҳол вазиятни юмшатиш учун Бўта томон интилди. У ҳам худди Бўтадек чаққонлик билан автоматини қўлига олди-да, олдинга дадил қадам ташлади. Йигитлар тоққа орқаларини бериб, қаттиқроқ қапишишди. Бўта қор бўронида тик туриб олганча, ҳамон қўлидаги автоматининг учини йигитлар томон ўқталиб сикитаётганди.

– Бўта ака, ўзингизни босинг, икки ўртада отишмани юзага келтирманг! – деб бақирди Раҳмонали.

– Нега қарашмайди булар, ҳушёр юришмайди! Ахир миномётлар юкланган эшаклар жарликка учиб кетдику! – деб бақирди Бўта, ўзи томон дадил келаётган Раҳмоналига.

– Айб йигитларда эмас! Бошида биз ишни хом қилдик. Эшакларни бир-бирига боғлаб қўймаслигимиз керак эди!

– Айб кимда бўлмаса! – Қаттиқроқ бўкирди Бўта.

– Айбми?.. Айб бизни муз тоққа олиб чиқиб қўйган қирғиз чолда! Мен шунисига эътибор қилмаган эканман!

– Аблаҳ! Аҳмоқсан сен, нега шуни тоққа чиқаётганимизда айтмадинг? Ярамас! – дея қўлидаги автоматини силкалаб, йиғлагудек бўла бошлади Бўта.

– Отгингиз келаётган бўлса мана, мени отиб ташланг, ака. Отинг! – Раҳмонали шу гапларни қаттиқ шамолда баланд-баланд овозда бақириб гапириб, ниҳоят, учтўрт ҳатлашда Бўтанинг олдига етиб борди ва унинг автомати учини қўли билан пастга босди. – Бундан буён нима қилишимизни ўйлашимиз керак, Бўта ака! Бу муз жарликдан миномётларни олиб чиқа олмаймиз! Кўряпсизми, жарликнинг тубсизлигини?!.

– Хўш, миномётсиз тоғ ошиб борамизми?

– Миномётлар керак эмас бизга!

– Нималар деб валдираяпсан, сен ярамас аблах! Миномётлар бўлмаса нима ҳам қила олардик!? Қуруқ қўл билан ҳеч бир иш чиқаролмаймиз!

– Чиқарамиз! Мана шу қуруқ қўлларимиз билан ғалаба қозонамиз, билдингизми?! Бизларга ишонинг, ака! Ахир, йигитлар бу қийинчиликларни енгиб ўтиш учун бир ой тайёргарлик кўришди! Ёдингиздан чиқмасин, ишимизнинг бу тарафи!

– Арқонларни менга узат! – Бирдан Бўта яна қутура бошлади. – Мени ўзим жарликка тушаман! Сенлар арқонларни маҳкам ушлаб турсаларинг бас!

– Жинни бўлманг, ака! Бу чоҳга тушган одам қайтиб чиқолмайди! Шунисини ўйлаб кўряпсизми? – Раҳмонали шундай деб, энди очиқчасига аламига чидолмай йиғлашга ўтган Бўтани, негадир, бағрига босди. Бўта ҳам худди шу ҳолатни кутиб тургандек Раҳмоналининг бағрида ўкириб йиғлай бошлади.

Бундай кутилмаган ҳолат бир неча дақиқа давом этди. Бўта алҳол йиғлаб-йиғлаб, тинчиди. Ниҳоят, у шунчаки ҳиқиллай бошлади. Аммо ҳамон кўзларидан ёшлари шашқатор бўлиб оқаётганди.

Жангарилар эса қор бўрони юз-кўзларини аёвсиз чимчилаётганига қарамай, қўрқув ва ҳайратда тоққа қапишиб овоз чиқармай тик туришарди.

– Йўлни энди мен бошлайман! – деб бақирди Раҳмонали. – Барча менинг буйруғимга бўйсуниб ортимдан юради. Ўзаро боғланган арқонларни бўшатинглар! Кимки ўзига эҳтиёт бўлмаса, абадул абадга мана шу музликлар ичидан жой олади!

Раҳмонали мана шу дақиқаларда бўрилар ичида бўрисифат бўлиб ўтказаётган йиллари ичидаги энг муҳим паллага етиб келганлигини англаб етган, қандай қилиб бўлмасин, эндиликда қирқ беш нафар қолган жангариларининг иложи борича кўпроғидан қутилиб – муз жарликларга учиб кетадими ё бошқа сабаб бўлиб ўладими – фарқи йўқ, фақат Бўтани авайлаб-асраб муз тоғдан эсон-омон ўтиб олишни ўйлай бошлади. Мана, мақсади йўлида дадиллик билан биринчи қадамини қўйди. Жангариларни бир-бири билан боғлаган арқонларини бўшатишни ҳам ушбу режасини амалга оширишни ўйлаб қилдирди. Бундан буёғига ҳеч ким бир-бирига ҳеч қандай ёрдам кўрсатолмаслиги энди аниқ бўлди. Муз тоғда хато қўйилган қадам борки, эгасини абадий музликлар ичига тортиб кетади. Хато қадам қўйишдан эса Раҳмонали ҳам кафолатланмаган, буёғи пешонасида бори-я!..

Бўта эса ҳамон ҳиқиллаб йиғлар, жўяли бирор бир ҳаракат қилишдан йироқ ҳолатда эди. Йўлбошчиликни эса Раҳмонали тамоман ўз ихтиёрига олиб улгурганди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации