Электронная библиотека » Хусанбой Каримов » » онлайн чтение - страница 11

Текст книги "Бўрилар изидан"


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 05:20


Автор книги: Хусанбой Каримов


Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 11 (всего у книги 19 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Талабнинг хоссоқчиси бепарводек ўтирибди. Мезбон Раҳмонали бўлгани боис, тез-тез пиёлалардаги чойларни янгилар, ўзини меҳмоннавозлик қилаётгандек тутаётганди.

Тўрт киши уч чойнак чой ичишди, ўзбекона тарзда аввал шўрва, сўнг палов киритилди. Бўта билан Талабнинг ўзаро суҳбати эса узоқ, бўлиниб-бўлиниб давом этди.

Кечга томон меҳмонларга алоҳида жой қилинди. Раҳмоналининг бошида эса бугунги суҳбат тафсилоти ғужғон ўйнаётганди: «Аблаҳлар, худди ўйлаганимдек-а, Тожикистон орқали муз тоғдан ўтиб, Фарғона водийси нинг тепасидан чиқишармиш. Вой, ўйлаб топганлариничи, миномётларни эҳтиёт қисмларга ажратиб, одамларга бўлиб-бўлиб беришармиш-да, муз тоғдан ўтибоқ, водийнинг тепасида яна бутлаб олишармиш… Беш байталникини ейишмайсанми!»

Тунда уйқусираб, ўйлаётган фикрларини ғудраниб қўйишидан қўрқиб, хаёлидан нари қувишга уннаб, ўзи учун кўк чойни ўта аччиқ дамлади. Аламини аччиқ чойни ҳўплаб-ҳўплаб ичишдан ола бошлади.

Талаб бошлиқ тўда эртаси куни туш маҳали қайтиб кетди. Чамаси, «наркобарон» Бўта бошчилигидаги ватангадоларнинг тайёргарлигидан кўнгли тўлмади. Қир ёнбағридаги машқ майдонида урушда қандай воқеалар юз бериши мумкин бўлса, шунга яраша тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди. Қўл билан муштлашишдан бошлаб, нишонга отиш, оғир юк кўтариб лўкиллаб чопиш, миномётлардан отиш, граната улоқтириш – бариси олдиндан тузилган режага биноан амалга ошириляпти. Ҳарбий тайёргарлик масаласида майдон четига махсус ўрнатилган палаткада яшаётган икки ажнабий – покистонлик ҳарбийлар бош маслаҳатчилик қила бошлашди. Талаб ҳам Покистондан келган, ҳозирча унинг муқим турар-жойи ҳам ўшаёқда эди. Бўтадан фарқли равишда покистонликларнинг тилини биноийдек ўрганиб олган Талаб, икки ажнабий билан ҳам узоқ гаплашди. Яна қўшимча топшириқлар берди. Бўтадан эса йигитларни машқлар пайтида аямасликни кескин талаб қилди.

– Қурол, ўқ-дори, пул қанча керак бўлса, бераман. Сизлардан эса водийга борилганида, катта тўполон чиқариб, аямасдан отиш, чопиш, сўйиш талаб этиляпти. Шунга яраша тайёргарлик кўринглар. Биринчи гал да дийдани қотиринглар. Раҳм-шафқатни унутинглар. Бизларга раҳм қилишмадими, у ердагилар ҳам шафқатга лойиқ эмас!.. – Шу гапларни айтаётганида Талабнинг кўзларида ялт этган ёвуз совуқликни илғагандек бўлди Раҳмонали.

Ҳар сафар шундай, Талаб келиб-кетдими, бас, анчагача Бўта итдек қутуради. Аммо бу ишларнинг бари охироқибат натижасиз эканини Раҳмонали яхши билар, ватангадолар ўйлаганидек ватандагилар бўш-баёв эмаслигига ақли етарди. Уч-тўрт бора Бўта билан телевизор орқали Ўзбекистон телеканалларини яширинча сездирмай томоша қилишди. Айниқса, Тошкент шаҳридаги қурилишлар, гарчанд, Бўта тушуниб етмаган бўлса-да, Раҳмонали тушунди, Ватаннинг қудрати ошганидан далолат бу. Қолаверса, юртни бутун дунё тан олиб турибди. Бу ерда эса бир ҳовуч одамлар неларни орзу қилишяпти-я! Хом сут эмган бандалар… Гоҳо Раҳмонали Бўта бошлиқ ватандошларига қараб туриб, ич-ичидан ачиниб кетар, овозини баралла қўйиб: «Эй гумроҳлар, нима қилмоқчисизлар? Шунчалик ҳам ақлсиз бўласизларми?» дегиси келарди.

Талаб-ку аллақачон «наркобарон» бўлиб, яшашнинг ўзига хос йўлини топиб олган, Бўта-чи? Унинг бу дунёда ҳеч бир топгани йўқ. Шу ерга келиб уйланди, қизли бўлди. Бу икков на уёқли, на буёқли кимсалар, аслида, тирик мурдалар. Талаб Покистонда бўлсаям Намангандан бирга қочиб келган хотини билан айшини суриб юрибди. Савдогарнинг боласи эканига бориб, қонига тортдими, асосан героиннинг савдосини авжига чиқаряпти. Кечаги суҳбатдан маълум, Тожикистондаги гумашталари орқали героин савдосини Россияда ҳам йўлга қўйиб олган. Афғонистонда арзимаган пулга хоҳ лаганича топиладиган гиёҳванд моддалари Тожикистон орқали Россиягача етиб бориб, мўмай пулга айланиб қайтяпти. Ифлос пулларини «ҳалоллаб» олишнинг ҳам ўзига хос усулларини ишлаб чиққан шекилли, кеккайиб юрибди. Эшитгани бор, Талабнинг гиёҳванд моддаларни Тожикистон орқали Россиягача етказиб боришида тожикистонлик, ҳозирда ўзларига ўхшаб хорижда дайдиб юрган Тўражонзоданинг катта ҳиссаси бор. Айтишларича, Талаб фойда чиқадиган жойда, ҳатто, шайтон билан ҳам битим туза олармиш… Юртдан мансабпарастлиги, порахўрлиги, яна аллақанча жиноятларни қилиб, қочиб, турли хориж мамлакатларида дайдиб юрганларни ҳам Талаб битта-битта топиб, бошини қовуштиряпти. Шоир, шоир, дейди, чамаси, шоир дегани ўша Зиё Маҳмуд бўлса керак-да. Германияда яшаётганмиш. Талабнинг билдиришича, хориждаги ўзбекларнинг ғоявий раҳбарлигига асосий даъвогар шоир эмиш…

Талаб бошлиқ гуруҳни шаҳарга олиб бориб, кузатиб юборганидан сўнг эски усулини қўллаб, «алоқачи» билан кўришиб олди. Ишини битказди. Бугун-эрта энг сўнгги янгилиги керакли жойгача етиб бориши аниқ. Мана шу қилган ишидан кўнгли тоғдек кўтарилган Раҳмонали қайтишда минғирлаб ўзига ёққан қайсидир бир қўшиқни хиргойи қилиб келди. Назир жинни эса бозор ичидаги таниш дўконга кириб чиққанидан боши осмонда, сархуш эди.

* * *

Ҳирот. Навоийнинг шаҳри. Эҳ-ҳе, бу шаҳар ҳақида Раҳмонали ёшлигида кўп бора ўқиган. Ҳиротга Раҳмоналининг ҳурмати чексиз. Одамлари-чи? Асосан қадим ўзбеклар… Эшитишича, шу атрофда Навоий бо бонинг, устози Лутфийнинг қабрлари бормиш. Лекин ўта харобмиш. Қачон бориб зиёрат қиларкин? Сира билмайди. Ақлиям етмайди. Атрофидаги бир тўда ватангадолар Навоийни бир бора эслаб ҳам қўйганлари йўқ. Уларнинг ниятлари бошқа. Мустақил Ўзбекистонга ғолибона бостириб боришса-ю, ҳукуматни қўлга олишса!..

Раҳмонали Тошкентга аниқ маълумотлар йўллаётган бўлса-да, ҳалигача у томондан бирон жавоб ололгани йўқ, шунга унинг кўнгли бироз хижил. Чунки, Талаб билан Бўта ватангадоларнинг тайёрлов лагерида ватанга қарши фитна тайёрлаяпти.

Сўнгги вақтларда муттасил Бўтанинг ёнида бўлиб қолгани, Талаб Покистонга ўтиб кетиб, ўша ердан туриб афғондаги қочқин-сотқинларни бошқариб турганини яхши билар, гоҳ Германияда, гоҳ Туркияда яшаб, ватангадоларга раҳнамолик қилишга уринаётган шоир Зиё Маҳмуд уларни тезлаяпти, чоғи.

Бўта, дарҳақиқат, тўпори, тўнка мисол бир кас. Аммо Талаб қилвири муттаҳам, шунга яраша ақлли ҳам. У бир шумликни режалаб тургани аниқ. Чунки у Ўзбекистон Президенти бўламан деган қатъий бир ишончда эди-да. Бироқ, унинг манфур нияти амалга ошмай, яширинча қочиб қолди ва Афғонистон, сўнг Покистондан паноҳ топди. Аммо Ҳирот қайда-ю, Ўзбекистон қайда!

Раҳмонали Талаб бошлиқ қочқинларнинг шум ниятлари қачон, қай пайт амалга ошишини аниқ билолмай юрган кунлари Бўта: «Шоир келади», деб қолди. Шоир дегани Зиё Маҳмуд экани аниқ. Демак, асосий маслаҳат энди бўлади. Бу гапни эшитган Раҳмоналида кўтаринки бир кайфият пайдо бўлди.

Бўта бошлиқ ўзбекистонлик ўғри-муттаҳам, жиноий жазодан қочиб келган, ота безори, она безорилар тўпланган ушбу лагеpь бийдек тошлоқ. «Жангарилар» деб номаланаётган тўда учун қачондир кўчманчи чўпонлар қуриб, сўнг ташлаб кетган пастак-пастак пахса деворли узун бинолар ётоқ жой – бошпана бўлиб қолган. Сўнгги вақтларда Талабнинг буйруғи билан уч бино янгитдан қурилди. Улар ҳам лойдан… Бири Бўта бошлиқ командирлар учун, яна бири ошхонага деб аталди, учинчиси эса янги келган жангарилар учун битказиб берилди. Янги келганлар бу ердаги шароитни кўриб, нияти айнаб қолмасин дейишдими, янгиларни аввалига янги бинога жойлашар, уч-тўрт ойда кўникиб қолишгач, қолганларни ичига тақсимлаб юборишарди. Кейин эса асли масжид учун деб қурилган учинчи бино одатдагидек ўз вазифасини ўтайверарди. Раҳмонали эса туну кун Бўта билан ёнма-ён, ётиши ҳам, туриши ҳам, юриши ҳам у билан. Раҳмонали, Бўта ва Назир битта бино – янги қурилган биринчи бинода ётиб-туришибди. Гарчанд ич-ичидан ундан жирканиб, нафратланса-да, чидамай иложи йўқ. Топшириқ шундай бўлган.

Янги қурилган уч бино жангари йигитлар томонидан сомонли сувоқдан чиқарилган, холос. Том қисми қалин сувалиб, шифтларидан адирликда ўсадиган шувоқлар шундоқ осилиб, кўриниб турибди.

Асли Бўта билан Талабни ўшанда, 90-йилларнинг бошида Намангандаёқ қўлга тушириши, йўлини тўсиши лозим эди-ю, Жамол ҳожи билан овораи-сарсон бўлиб қолгани, сўнг шаҳардаги талотўплар чоғида Бўта билан Талабни йўқотиб қўйгани сабаб, улар яширинча юртдан қочиб Афғонистон тарафларга келиб қолишди. Топшириққа биноан, Раҳмонали ҳам уларнинг ортидан ноилож эргашди. Ўшандаёқ ҳаммаси тез кунда тугайди, охи рига етиб, мен ҳам бошқалар қатори жимгина ўз ишимни қилиб, ишлаб юравераман, дея хом ўйлаган экан.

Жангарилар лагерида тайёргарлик бирдан кучайиб кетди. Билишича, Талаб ва шоир Зиё Маҳмуд бошлиқ қандайдир ажнабийлар ҳам келишармиш ва бу ерда катта машварат бўлармиш. Шу сабаб, кир-чир, соқолмўйлаблари ўсган ҳолда юрган лагердаги йигитлар тартибга келтирила бошланди.

Буйруққа кўра, Раҳмонали Назир жиннини ёнига олиб ётоқ деб аталмиш, асли қўй қўралари бўлган биноларга бирин-сирин кириб-чиқа бошлади.

Биринчи бино қуёш чиқадиган кунгай тарафда жойлашган. Бино шифтининг баландлиги нари борса икки метрлар чиқар. Ўртада қатор устунлар тикланиб, том қисми қалин сувоқ қилинган. Куз ва баҳор ойлари тинмай чакка томади.

Биринчи бинога кириб борганида, димоғига ичкаридан гуп этиб сассиқ ҳаво урилди.

Узундан узоқ бинонинг тўри тарафини кўз билан илғаб бўлмас, тим қоронғи, тунда қаттиқ совуқ бўлишини ҳисобга олишганми, борки дарчаларга қалин матоларни қоплаб ташлашибди. Шу сабабдан бино ичининг тепа қисмига сассиқ ҳаво ҳам димланиб қолибди.

– Ҳамма ўрнидан туриб, тез кийиниб, ташқарига чиқсин! – деб буюрди Раҳмонали. – Қани, бўлларинг итваччалар! Тез-тез!..

Сассиқ, бадбўй ҳавога чидолмаган Раҳмонали қайтиб ташқарига – очиқ ҳавога чиқди.

– Роса туни билан сассиқ ҳавога тўйишибди-ю, а? – деб гап қотди Назир, Раҳмоналига илжайиб.

– Шундақанги хонада бадбўй ҳавони ютиб ётмаганингга шукр қил, ношукур банда, – деди Раҳмонали, қовоғини уйиб.

– Буларга шуям кам, – деди негадир Назир ва бирдан жим қолди.

Бу гапни эшитган Раҳмонали ялт этиб Назир жиннига қаради. Назирни неча йилдан буён яхши билади, асли қаерлик эканини ҳам сўрамаган, аммо ҳеч тушунломайди бу йигитга. Бир қарасанг ўзини қип-қизил жиннига солиб олади, баъзи-баъзида кишини ҳушёр торттирадиган шундақанги ақлли гапларни ҳам айтиб қолади. Лекин Назирнинг бу тўдада ўралашиб юришидан мақсади не эканини ҳеч билолмади. Бирон бир яқини, яъниким отаонаси, ака-ука, опа-сингиллари бор эканини ҳам эшитмаган. Талаб билан Бўта Назирни тўғридан-тўғри «жинни» деб мазахлаб, исмига шу қўшимчани қўшиб чақиришади. Назир эса парво ҳам қилмайди. Раҳмонали Марғилондан келиб, Бўта билан Талабнинг гуруҳига қўшилганида биринчи бор Назирни кўрган ва танишганди. Ўшандан буён Назир ва Раҳмонали Бўтанинг кўланкасига айланиб юришибди.

Шуларни ўйларкан, Раҳмонали Назирга бош-оёқ синчков қаради.

Пастак бино ичкарисидан “жангари” деб аталмиш йигитлар биринма-кетин чиқиб кела бошлашди. Уларнинг юз-кўзларида хорғинлик, қўрқув зоҳир эди. Раҳмонали саф тортган йигитлар олдида у ёқдан-бу ёққа юрар экан, шуларни ҳис этди.

Бу ердаги тартиб-қоидага биноан, Бўта дала командири, Раҳмонали унинг ўнг қўли, Назир чап қўли. Яъниким ўринбосарлари.

Эрталаб бўлгани боис, афғон шамоли юз-кўзларини совуқ тиллари билан бир-бир ялаб, этларни жунжиктирарди.

– Ҳозирдан бошлаб ҳамма ҳаммомга!.. Соч-соқоллар тартибга келтирилади. Уст-бошлар топширилиб, янгилари олинади. Хуллас, кечга бориб, барча қиличдек бўлиб туриши керак. Хўш, ундан ташқари, тезликда бинони ичи шамоллатилиб, дарчаларга қопланган латта-лутталар олиниб, чиннидек қилиб тозалаб қўйилиши керак. Бу ишларнинг назорати Назирга тошпширилган. Хўш, кимда қандай гаплар бор? – деди Раҳмонали икки қўлини орқасига қилиб, оёқларини кериб турганча.

– Ҳаммомни қаердан топамиз? – деган овоз эшитилди саф ичидан.

– Ҳа, ёдддан чиқай дебди. Ҳаял ўтмай, юк машиналари келади. Шаҳарга тушасизлар. Ҳаммом ўша ерда бўлади.

– Ҳаммамизни бит босиб кетди-ю, бинони ичи тўла кана ҳам экан… – Кимдир пастроқ овозда гапирди.

– Ким гапирди?! – дўқ аралаш сўради Раҳмонали.

Ҳамма жим тураверди. Атайин овоз келган тарафни илғаган, ким томонидан айтилганини билган бўлса-да, Раҳмонали индамади.

– Биз бу томонларда нимага юрибмиз? Ватанни озод қиламиз, ислом давлати қурамиз деб юрибмиз. Тўғрими? – деди Раҳмонали.

Саф ичидан «тўғри-тўғри» деган овозлар эшитилди. Лекин илгаригидек бир овоздан чиқмади. Агарда бу саволни Бўта берганидами, ҳамма бир овозда, баралла «тўғри» деган жавобни беришарди. Чунки, Бўтанинг қандай шафқатсиз кимса эканини амалда кўп бора кў ришган. Унда одамларга нисбатан шафқат деган нарсанинг ўзи йўқ.

Кечки пайтга бориб, ҳамма яна жамулжам бўлди. Кун бўйи ухлайвериб, икки қовоғи шишиб, кўзлари қизариб кетган Бўта кечга томон дала командири устбошларини кийиб, ўнг елкасига автоматни, белига ўқдони – садоқни тақиб, ташқарига чиқиб келди. Унинг одати шундай. Жангари йигитларининг ҳузурига оддий устбошда ҳеч қачон чиқмайди. Ҳар доим шундай бир хил кўринишда, одамларнинг юрагига ғулғула солиб, қўрқув пайдо қилади. Гоҳо бирон ножоиз гап, хатти-ҳаракат учун тап тортмай ҳар қандай кишини тўда олдида отиб ўлдириб, итдек хор қилишдан ҳам тоймайди.

Ўрта бўй, қорача, баджаҳл Бўтани кўрган йигитлар одатда бир сесканиб олишади. Бу гал ҳам, албатта шундай бўлди.

Назирнинг югур-югури билан, лагердаги барча жангарилар биринма-кетин шаҳарга олиб тушилиб, ҳаммом қилдирилди, яп-янги уст-бошлар берилди. Эрталабки туришларини кўрингу ҳозирги туришларини кўринг. Ҳар тугул, одамбашара бўлиб олишганди.

– Эртага ҳамма бир пайтда, тонгги олтида туриб, бадан тарбия билан шуғулланади. Сўнг отиш бўйича машқларга киришилади. Хуллас, эртага кундуз Талаб бошлиқ ажнабийлар келишади. Кўрик бўлиб ўтади. Қўл жанги, ҳарбий машқлар қилдирилади. Бугун ош қилдиряпман – Бўтанинг бу гапи ҳаммага бирдек ёқиб тушди шекилли, саф тортганлар бирдан «увв» деб юборишди. – Ҳалигинда бир қўчқор келтирилган. Сўйилди, қўй ёғи, қўй гўштида палов бўляпти… Кимда нима гап бор? – Бўта шундай деб, сафда турган йигитларга назар ташлади, кейин ўнг ва сўлида турган Раҳмонали билан На зирга қараб олди. Ҳеч кимдан ҳеч қандай садо чиқмагач, «озод» деди-да, индамай ортига бурилиб кетди.

Раҳмонали хонага кирганида, Бўта яна ўрнига узала тушиб ётиб олганди. «Нима у, касалми? Қачон қарасанг ётгани-ётган. Ичида бирон касали бор десанг, юриштуриши милтиқнинг ўқидек», деб ўйлади Раҳмонали ва темир печка ўрнатилиб, ўтин ёқиб қўйилгани учун хонанинг иссиқлиги унга таъсир қилганини сезди. Дарҳол эгнидаги қалин пахтали кийимини ечди. Бироз совуқ қотган кафтларини ловуллаб ёнаётган печканинг иссиқ тафтига тутди.

Эрталабдан жангарилар лагерида ҳаёт қайнай бошлади. Йигитлар буйруққа биноан, тонгдаёқ бадантарбия машқлари билан шуғулланишди, сўнг қўл жанги машқларини бошлаб юборишди.

Қуёш чиқиб, бир найза бўйи кўтарилгач, одатдагидек қирликдаги тошлар қизий бошлади. Офтоб нурлари тошларни қизитгани сайин, ҳаво ҳам қизиб, иссиқ авжига ола бошлади. Пешинга анча вақт бўлишига қарамасдан кун жуда қаттиқ қизиб кетди.

Кун пешиндан оққанда Бўта бошлиқ жангарилар лагери томон келаётган иккита қора рангли «Мерседесс» машинаси қирликнинг чанг йўлида кўриниб қолди. Дарвоза деб аталган, аммо дарвозалиги фақат битта теракдан шилиниб ясалган, кўтарилиб-тушириладиган «шлагбаум»дан иборат, доимо битта жангари автоматини елкасига осиб қоровуллик қилиб турадиган жойдан аниқ кўриниб қолди. Қоровул ортига ўгирилиб, бақира бошлади: «Келишяпти, келишяпти!..»

Бўта хос хонасидан чиқди.

Қоровулнинг бақирган овозини эшитган – асли қўйхоналарда ётган бошқа жангарилар зудлик билан ялангликда тўплана бошлашди. Уларнинг ҳар ўн кишисига битта «ўнбоши» бошлиқ этиб тайинланган, ўнбошилар олдиндан огоҳлантирилгани сабабли, машиналар етиб келар-келмас, барча саф тортиб улгурди.

Ниҳоят, икки машина ҳовлига кириб келиб, ортидан бир олам чангни тўзғитганча, тўхтади. Чанг бироз тарқагач, эшиклар очила бошланди. Олдиндаги машинада келган Раҳмонали чаққонлик билан тушиб, ортдаги машинанинг орқа эшигини очди. Аввал шоир Зиё Маҳмуд, сўнг у тарафдан Талаб тушди. Зиё Маҳмуд ниҳоятда пўрим кийинган, эгнида европача костюм-шим, учи бигиз тим қора туфлида, бўйнида яшил бўйинбоғ, кўйлаги қордек оппоқ эди. Талаб эса бироз бошқачароқ кийинган, бошида ёз бўлса ҳам, сувсар терисидан тикилган телпак, оёғида кийик терисидан ишланган сариқ этик, эгнида ўзбекча оқ яктак. Белига атлас белбоғ боғлаб олганди.

Охирги машинадан тушган басавлат, қирра бурун, серсоқол, эллик ёшдан ошган меҳмонни бу ерда турганлар танимадилар. Чунки, у одам бу ерларга сира келмаган эди.

Раҳмонали эса Ҳирот шаҳри марказида меҳмонларни кутиб олаётиб, аввалига кўзига ниҳоятда таниш кўринган, қаерда кўрган эканман бу одамни, деган хаёлга боргач, роса ўйлаб-ўйлаб, ниҳоят, нотаниш меҳмоннинг кимлигини эслаганди.

Чамаси, Бўта нотаниш меҳмонни ҳам танирди чоғи, бориб у билан ҳам қўшқўллаб сўрашди, сўнг уни бағрига босди.

Албатта, Бўта бошлиқ жангарилар кўз олдида бундай алфозда ўзларини Ўзбекистоннинг эгалари деб кўрсатаётган шоир Зиёд Маҳмуд ва Талаб, аслида, юртидан қилган жиноятлари учун қочиб қутулган манфур кимсалар эди. Ваҳоланки, уларнинг ҳар қандай уринишлари амалда оқар сув устига тушган кўпикдек тезда йўқ бўлиб кетса-да, чиқмаган жондан умид қабилида улар ҳамон юрт эгаси бўлиш илинжида ўзига ўхшаган жиноятчилар ёхуд бошқа сабаблар билан юртдан чиқиб кетган кимсаларни тўплаб, уларни юртга қурол билан йўллаш режасини тузаётганлари аниқ эди.

Ҳомийлари ҳисобланмиш шоир Зиё Маҳмуд ва Талабни Бўта худди олий насаб кимсаларни кутиб олаётгандек тантана билан кутиб олишга чоғланган бўлса ҳам, бироқ Раҳмоналининг кўз ўнгида оддийгина кутиб олишдан нарига ўтолмади. Қўштирноқ ичидаги йўлбошчилар томонидан йўлланган: «Ассалому алайкум»га саф тортганлар: «Ваалайкум ассалом», дея оддий қилиб жавоб бериб қўя қолдилар.

Амалда афғон қирликларидан паноҳ топиб, қўйхоналарда ётиб-туриб ҳарбий машқларни бажариб юрган йигитларни едириб-ичираётган, кийинтириб, қўлларига қурол тутқазганлар аслида мана шулар эди. Яна бир жойи бор эдики, шоир Зиё Маҳмуд ва Талабга бошқа бир кимсалар, бу ердагилар танимайдиган, балки океан ортидаги валломатлар катта-катта пул бериб туришибди. Раҳмонали буни аниқ билади. Чунки, шоир Зиё Маҳмуднинг ўзидан бошқа оғирлиги йўқ, бирон жойда кўмиб қўйган тилласи ё бирон гуриллаб ишлаётган корхонаси йўқки, жарақ-жарақ пул тушиб турган бўлса. Талаб эса бошқа гап. У, чамаси, узоқдаги ҳомийлари берган маблағлардан қийиб-қимтиб бўлса ҳам, героин савдосини йўлга қўйиб олган, шу кунларда анча бойиб, ном ҳам чиқаришга улгурганди.

Зиё Маҳмуд Бўтага ортиқча гап-сўз қилмасдан: «Қаёққа борамиз?» дегандек кўз қараш қилгач, ҳалигинда Бўта чиқиб келган уйча томон йўл олди. Лекин Талаб Бўтага тенглашиб, сал энгашиб, қулоғига нимадир деди ва Бўта Талабга бир ўқрайиб қаради.

Гапнинг индаллоси шундан иборатки, аввал-бошдан ўша Наманганда юрган кезлари Талаб билан Бўта ҳеч қачон келишиб иш қилмаган эдилар. Уларни манфаатлар бирлаштирган эди, холос. Эндиликда эса Ватандан узоқда, юртдан айро яшаб юрган вақтларида гоҳ-гоҳ уларнинг ўзаро келишмовчиликлари юзага чиқиб қолсада, мум тишлаб юришга, биргаликда ҳаракат қилишга мажбур эдилар. Бўта Талабнинг ўқимишли экани, яъни Бухоро озиқ-овқат саноати институтини чала битиргани учун ҳам чала зиёли деб деб орқаворотдан мазах қилса, Талаб Бўтани тўпори, қишлоқи, деб пастга уришини қўймасди.

Раҳмонали бироз ортда бораётгани учун, Талаб Бўтага нималар деб пичирлаганини эшитмади-ю, аммо гап нима ҳақда эканини сезди. Талаб жангариларнинг меҳмонни тантанали кутиб олмаганликларидан норизо бўлгани аниқ.

Табиатан олиб қараганда, Бўтани қаерда, қандай ҳолатда ётиб-туриши унинг учун аҳамиятли эмасди. Қорни тўқ бўлса, қўл остида бир тўп одамлар «лаббай» деб қўл қовуштириб турса, бас, шуни ўзи унга етарли ҳисобланарди. Табиийки, Бўта ётиб-турадиган уйча эрталабда Учқун бошлиқ йигитлар томонидан йиғиштирилиб, тартибга келтирилган эса-да, Талабга мутлақо ёқмаслиги ҳам аён эди. Бу ҳолат уйчага кирилганида зийрак ва синчков Раҳмонали томонидан яна бир бор кузатилди. Талаб таклиф этилган курсига ижирғанибгина ўтирди. Шоир Зиё Маҳмуд эса уйчанинг оддийгина, бироз шифти паст, тор, оёқ остига ҳеч қандай гилам тўшалмаганига ҳам парво қилмай, эгнидаги европача костюмини ечиб, деворга қоқилган михга осиб қўйди.

Зиё Маҳмуднинг шундоқ ёнига ўтирган нотаниш меҳмон дуога қўл очди ва тожикча лаҳжада узоқ дуо қилиб, юзига кафтларини тортиб, дуони тугатди.

Ана ўшанда Раҳмонали: «Ҳақиқатдан ҳам бу калтабақай тожикистонлик Тўражонзода-ку!» деган қатъий қарорга келди ва Тўражонзода амалдаги президентга қарши узоқ урушни бошлаб, тожик диёрини қонли гирдобга ботириб, сал кам ўн йил қаршилик кўрсатган бўлса-да, охири у ҳам юртини ташлаб қочишга мажбур бўлганлар хилидан эди. Қисқа қилиб айтганда, бу ерда ўтирган Бўта, Талаб, Зиё Маҳмуд, Тўражонзода ватангадо қочоқ кимсалардан ўзгаси эмасди.

Дуо қилиб бўлингач, олдиндан келишилганидек дастурхон ёзилди, доимо авайлаб сақланадиган, гоҳидагина фойдаланиладиган – ота-юртдан келтирилган пахта гули чойнак ҳамда тўрт дона пиёлани кўтариб, Раҳмонали ичкари кирди.

Сўнгги вақтларда Талабнинг соясига айланиб улгурган Учқун ҳам келганди. Гарчанд, Хирот шаҳри марказидаги учрашувда Учқун билан қалин сўрашган бўлса-да, бироз ғўдайган, кўринишидан манмансираган кўринишга эга Учқунга Раҳмонали зимдан назар солди. Учқун уйчадаги энг четга қўйилган курсида, асосий жойда эса Зиё Маҳмуд, Талаб, Бўта ўтирибди, Раҳмонали Назирнинг қўлидан чойнак ва пиёлаларни олди. Назир жинни елкасидаги сочиқни, олмайсизми?.

дегандек сал энгашди. Раҳмонали кулимсиб, унинг елкасидаги тоза сочиқни дастурхоннинг бир четига қўйди.

Раҳмонали чой қуйиб узатиш, меҳмонларга манзират қилиш баҳонасида уйчадан чиқмаслик чорасини кўриш эди. Шундагина барча суҳбатнинг ипидан игнасигача бохабар бўлади. Учқун – Талабни кузатиб келган одам. Назир жинни эса ўчоқ боши билан уйча ўртасида бўзчининг моккисидек қатнашга мажбур.

– Бўтажон, тайёргарликлар қалай кетяпти? – дея гап бошлади Зиё Маҳмуд, Раҳмонали чой қуйиб узатган пиёлани оларкан. – Ишлар аввал келишганимиздекми? Вақт оз қоляпти. Океан ортидаги ҳомийларимиз бизни бўлажак ишларимизга жуда қизиқишиб, зийраклик билан кузатишаяпти.

– Тайёргарлик кўнгилдагидек, – деб жавоб берди Бўта. – Йигитлар тайёр. Буйруқ бўлса, бас.

– Дуруст.

– Тайёргарлик учун анчагина пул сарфлаб қўйилди, – деб гапга қўшилди Талаб. – Режамиз тўла бажарилмаса, кўчада қоламиз. Ҳомийлар бизга ёрдам беришдан бош тортади. Ундан кейин…

– Дарров гапни пулдан бошламанг, иним, – дея сал кулимсиди шоир Зиё Маҳмуд. – Сизлар биласизлармийўқми, мен хорижлик мутахассислар орқали Ўзбекистоннинг ҳозирги қудрати, салоҳиятини таҳлилдан ўтказдирдим. Ўзбекистон Марказий Осиёдаги қуролли кучлари кундан-кунга тараққий топаётган давлат. Биринчи ўринга чиқиб қолди. Асака шаҳрида автомобиль заводи қурилиб, ишга туширилганини эшитгансизлар. Ҳеч бир давлат ўзидан орттириб, бунақанги завод қуриши осон эмас. Бунинг учун иқтисодий жиҳатдан ўта бақувват бўлиши лозим. Бундан ташқари, юртда фермерлик ривож топ ган. Нефть, дон мустақиллиги қўлга киритилгани ботбот таъкидланаяпти. Эсингизда бўлса, 90-йилларнинг бошида магазинларда балиқ консерваю томатдан бошқа нарса қолмаганди. Ҳозир эса хусусий тадбиркорликка кенг йўл берилиб, юртда мўл-кўлчилик бўляпти. Ўзбекистонга бориб келган хорижликлар мақташаяпти.

– Шоир, сизам жуда аравани қуруқ олиб қочасизда. Қаёқдаги гапларни гапирманг, – деди Талаб, аччиқланиб.

Шоир Зиё Маҳмуд Талабга ажабланиб қараб, қошларини бир керди ва босиқ оҳангда:

– Биз бу ерга, албатта, Ўзбекистон Президенти бошчилигида оламжаҳон ютуқларни қўлга киритяпти, деб мақтагани йиғилганимиз йўқ, – деди. – Лекин реал воқеликларни назардан ҳам қочирмаслигимиз керак. Сиз, Талабжон, тоғларни ичида юравериб, Ўзбекистон ҳақидаги эски тасаввурлар билан қолган кўринасиз. Оммавий ахборот воситалари орқали дунёни ишларидан хабардор бўлиб туриш лозим. Илгари Ўзбекистоннинг қолоқ, аграр бир мамлакат сифатида гапириб келишган бўлса, ҳозирда вазият ўзгарган. Саноати қандай ривожланаётгани, қишлоқ хўжалигида қандай ўзгаришлар қилинаётгани, туризм ривожланиб бораётгани, қўйингки, Ўзбекистондаги ҳар бир соҳага алоҳида эътибор беришяпти. Бу гапларни гапиришимдан мақсад нима? Биз қуролли жангариларимизни юртга киритар эканмиз, тайёргарлигимиз пухта бўлиши лозим. Табиийки, юртда камчилик, муаммолар изласак топамиз. Энг муҳими, бизнинг қуролли ҳаракатимизга халқ қўшилиши керак, халқ! – деди шоир Зиё Маҳмуд, беихтиёр кескинроқ оҳангда.

Талаб жим қолди. Гап қайтармади.

Бўта қаддини кўтарди.

– Биродари азизлар, биз бу ерга ўзаро гап талашиб, сеники нотўғри, мен хақ ман, деб таҳлил қилгани келганимиз йўқ. Мақсад битта: юртни ўзимизники қилишимиз керак…

– Халқ – пода, қаёққа ҳайдасанг ўшаёққа юради, – деди Талаб, бўш келгиси келмай. – Йигитларимиз қўлларида автомат, гранатамёт, енгил пушкалар билан бостириб кириб боришса, халқ биз томонда бўлади, айниқса ёш-яланглар!..

Бу гал шоир Зиё Маҳмуднинг ростакамига аччиқлагани аниқ сезилди. Бир томоқ қиргач, деди:

– Иним, сиз ҳали ҳам мени гапимнинг мазмунмоҳиятини тўлиқ тушуниб етмаяпсиз, чоғи. Ўзбекистондаги ҳозирги ёшлар афғон ёки покистонлик ёшлар эмас. Ўзбекистонда коллежлар, лицейлар очилган. Ўқув, тарбия ишлари, ҳатто, диний идоралар фаолияти ҳам қаттиқ назорат остида. Сиз ҳар куни кўриб, гувоҳи бўлиб турган манави юрт ёшлари билан юртимизнинг ҳозирги ёшларини бундай енгил-елпи солиштирманг. Бир гап айтаман, хафа бўлсангиз ҳам, хафа бўлмасангиз ҳам: Наманганда митингбозлик қилиб юрган вақтингиздаги сиз ўйлаган ёшлар ҳозир йўқ!

Шоир Зиё Маҳмуднинг бу гапларини Талаб бақрайганча эшитгач, ўрнидан турди. Қўлини сермаб, ташқарига чиқди. Уйча эшиги тарақлаб ёпилди.

Раҳмонали икки ўртадаги гап-сўзларни таҳлил этишга уринаркан, шоир Зиё Маҳмуд охирги гапи билан Талабга: «Ўша вақтда бир иш қўлингдан келмаганди, энди келармиди?» деган маънода писанда қилиб қўйди, деб ўйлади.

Зиё Маҳмуднинг бўғилганича бор эди. У ўрнидан турди, михга илиб қўйган костюмининг ён чўнтагидан бир қути «Маpлборо» сигаретини олди. Лабларига сигарет қистириб, ёққични чақди. Сигарет тутунини аста пуфлаб чиқарар экан, ахмоқ, деб ғудранди. Аммо ўтирганлар, айнан Талабга қарата айтди буни, деган ўйга боргани аниқ эди.

Хонага оғир жимлик чўкди.

Бўтага ақл кирдими ё ҳақиқатдан ҳам вазиятни юмшатмоқчи бўлдими, ўрнидан даст туриб, ташқарига йўналди.

Ўн минутлар чамаси ўтгач, эшик ғижирлаб очилиб, аввал Талаб, ортидан Бўта кирди.

Шоир Зиё Маҳмуд уларга қаради.

Талаб эски жойига қайта ўтираркан:

– Мени кечиринг, шоир, сал қизишиб кетдим. Ҳақиқатдан ҳам юртдан узоқда неча йиллардирки тоғларни орасида юравериб, ақлим ҳам ўтмаслашиб қолган кўринади. Ўтган йиллар давомида на бир газета, на бир китоб ўқидим. Бу ердагиларнинг тилини энди-энди ўрганаяпман. Юртдаги ишлардан тамоман бехабарман.

Талабнинг бу гаплари тавба қилиш билан тепа-тенг бўлди.

Зиё Маҳмуд юмшагандек бўлди:

– Ана энди ўзингизга келдингиз, иним, – деди. – Асли дўст ачитиб гапиради. Сўнгги пайтларда героин савдоси билан қаттиқ шуғулланиб, долларларнинг сассиғини ҳидлайвериб, ўзингиз тан олганингиздек, ақлингиз ўтмаслашиб қолибди. Атрофга ҳушёрроқ қаранг, сиз билан биз қилмоқчи бўлаётганимиз унча-мунча иш эмас, бутун бир давлатни қўлга олиш!.. Биламанки, бизнинг йигитлар юртга бостириб борса, Ўзбекистон Президентини, унинг ҳукумати тарафини оладиган, тарафкашлик қилиб бизга қарши чиқадиган нафақат одамлар, балки ҳукуматлар ҳам топилади. Бугунги кунимизни ўтган асрнинг 90-йиллари билан мутлақо тенглаштириб бўлмайди. Мен бежизга, воқеликларга реал кўз билан қарайлик, демаяпман… Хуллас, йўлда юравериб, роса очиққанмиз. Учқун – иним, сиз ташқаридан хабар олинг-чи, Бўтажоннинг одамлари бизга чойдан ташқари овқат-повқат ҳам беришармикин?..

Шоирнинг бу гапи хона ичидагилар томонидан енгил кулги билан қўллаб-қуватланди.

Шундай қилиб, вазият юмшади, барчани юз-кўзида енгил табассум пайдо бўлди. Кўп куттирмай, Назир жинни патнисда бўрсилдоқ новвой нонлар, ликопчаларда қанд-қурс олиб кирди. Унинг ортидан бир чини косадан қайнатма шўрва тортилди.

* * *

Худди Талаб, Бўта каби Ўзбекистонда қилғиликни қилиб қўйиб, ўз юртидан қувилгач, гоҳ Германия, гоҳ Туркияда яшаб, мустақил Ўзбекистонга кўз олайтирган, қандайдир ташкилотлар бераётган маблағларни майда чайнаб юрган шоир Зиё Маҳмуд, бугун Афғонистон билан Покистон давлатларининг одам топмас тоғли овлоқларидан ташкил этилган лагерда Ўзбекистонга яна қандай тажовуз қилиши мумкинлигини ўйлагани сайин, Раҳмоналининг унга қизиқиши ортаётганди. Ҳар тугул, ўтган йиллар давомида тожикистонлик Тўражонзода, Афғонистонда неча йиллардан буён ҳукумат талашиб урушиб ётган мужоҳидлар ёрдами, қолаверса, Марказий Осиё мамлакатларидаги мустақилликни кўролмай, қандай қилиб бўлмасин, ўз тасарруфларига ўтказишни ният қилган яна қанчадан-қанча ҳомийлар ёрдами билан ташкил этилиб, қанчадан-қанча маблағларни пешма-пеш совураётган ушбу лагерга уларнинг бугунги ташрифи бежиз эмаслиги аниқ.

Қайноққина қўй гўштида пиширилган шўрвани ичишиб, лабларини ялашиб, тез-тез: «Алҳамдулиллоҳ!» деб қўяётган Талаб, Бўта ва шоир Зиё Маҳмуд анча дадиллашиб қолишди.

– Ташқаридаги йигитларга ҳам шўрва тортилдими? – деб сўраб қолди Талаб, бир маҳал.

Назир жинни дик этиб ўрнидан турди ва:

– Сизларни дуо қилиб ичишяпти, – деди.

– Йигитларимиз тўқ, бақувват бўлишса, биз режалаштирган ишлар чикора, бир уринишда Ўзбекистонни ўзимизники қилиб оламиз, – деди Бўта, лабларини кафтига артиб. Бўтанинг бу қилиғидан Талаб оғрингандек бўлиб, мийиғида истеҳзоли кулди:

– Бўтавой, иш сиз ўйлагандек осон эмас. Қонлар тўкилади. Дарё-дарё!.. Йигитларимизнинг важоҳат билан бостириб кирганларини кўришиб, дир-дир титраб туришса, ошиғимиз олчи бўлади, – деб, Талаб атрофдагиларга бир-бир қараб олди.

– Албатта, кучимиз кўп, йигитларимиз бақувват. Албатта, қуролларимиз ҳам шунга яраша замонавий бўлмоғи шарт, – дея гапга қўшилди шоир Зиё Маҳмуд. – Ўзларингиз яхши биласизлар, Тожикистондаги воқеаларни. Жаноб Тўражонзода бошлиқ бир гуруҳ кишилар хўп жанг қилишди, охири нима бўлди – якдиллик бўлмай, пировардида енгилишди. Сизу бизда бундай бўлмаслиги керак. Ҳаммамиз битта мушт бўлишимиз керак. Тўғрими?

«Тўғри, тўғри», дейишди ўтирганлар бир овоздан.

– Ўшанда, яъни 90-йили бир-биримиз билан маслаҳатлашмай, кучларни бирлаштирмай ҳаракат қилганимиз туфайли ҳам бу ерларда юрибмиз. Ўшанда халқнинг кайфияти тушкун эди. Советпараст одамлар кўпчиликни ташкил этар, исломий давлат қуришга иштиёқманд кексаларимиздан фойдаланиб, ёшларимизни буриб кетишимиз осонроқ эди… Ҳа, майли, ўтган ишларга саловот, – дея гапини якунламоқчи бўлди шоир Зиё Маҳмуд.

– Гапираверинг, гапираверинг, – деб қўллаб-қуватлади Талаб. – Айтганларингизда жон бор. Биз ўтган ишларимиздан керакли хулосаларни чиқариб, пухта ҳаракат қилмоғимиз керак.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации