Электронная библиотека » Комил Синдаров » » онлайн чтение - страница 2

Текст книги "Туҳфа"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 08:00


Автор книги: Комил Синдаров


Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 2 (всего у книги 6 страниц) [доступный отрывок для чтения: 2 страниц]

Шрифт:
- 100% +
ЗИЛОЛА
 
Э воҳ, қойил қолдим Ҳақнинг ишига,
Не савдолар солмиш ғариб бошима,
Бир нозанин кўрдим мисли париваш,
Етти ухлаб кирмаганди тушима –
Ойдан сулув, кундан гўзал Зилола,
Ишқ боғида нозик ниҳол Зилола.
 
 
Лолу ҳайрон қолдим малоҳатига,
Жонни олар ишва, назокатига,
Шу санамга жон бахш этган кулолнинг,
Тасаннолар бўлсин маҳоратига –
Ойдан сулув, кундан гўзал Зилола,
Сўзи ширин, ўзи асал Зилола.
 
 
Сарв қадди, бунча дилбар сийнаси,
Санчилади дилга чашми нинаси,
Бир қарашда чатнаб кетди қароғим,
Қандай чидар экан – а, тош ойнаси –
Ойдан сулув, кундан гўзал Зилола,
Сутдан тиниқ, сувдан зилол Зилола.
 
 
Тошлар эрир чақин сирли боқиши,
Юракни маҳв айлар қошин қоқиши,
Кўз ўнгимдан кетмас сира озори,
Тўхтамайди қалбга олов ёқиши –
Ойдан сулув, кундан гўзал Зилола,
Мўрча – миён, қоши ҳилол Зилола.
 
 
Неча кунки, келолмайман ўзимга,
Ундан ўзга кўринмайди кўзимга,
Эҳ, баногоҳ йўқотдим эс-ҳушимни,
Ҳоҳ ишонинг, ҳоҳ ишонманг сўзимга –
Ойдан сулув, кундан гўзал Зилола,
Оламда йўқ соҳибжамол Зилола.
 
 
Кўрган тушар Ҳофиз бобом ҳолига,
Икки шаҳар берган ёрнинг холига,
Дунё надур, жоним берсам не ажаб,
Тушда бўлсин қонсам лабин болига –
Ойдан сулув, кундан гўзал Зилола,
Тишлари дур, юзлари ол Зилола.
 
 
Айландим-ку минбаъд харидорига,
Қарамасдан сочларимнинг қорига,
Бир бор етсам эди унинг васлига,
Сўнгра майли оссин ҳижрон дорига –
Ойдан сулув, кундан гўзал Зилола,
Ақли расо, фазлу камол Зилола.
 
 
Дил чўғланди ишқдан даъво қайдадур,
Мен қайдаю, ул гул-зебо қайдадур,
Дийдорининг ёди билан мастман, воҳ,
Ўзим бунда, кўнглим ўшал ойдадур –
Ойдан сулув, кундан гўзал Зилола,
Комилни тарк этмас хаёл Зилола.
 
2008 йил, 1 май
ОШИҚ БЎЛДИМ ДЕВОНАЛАРДЕК
 
Юрагимга кетгансан сингиб,
Муҳаббатнинг ғовларин енгиб.
Ақлу хушим йўқотиб, гангиб,
Ошиқ бўлдим девоналардек.
 
 
Бошгинамни ургунча ҳар ён,
Атрофингда айландим гирён.
Қучоғингга қурибон ошён,
Куйиб ёндим парвоналардек.
 
 
Омад қуши учди бошимдан,
Аччиқ тошлар чиқди ошимдан.
Сен бағритош кетдинг қошимдан,
Мен-чи қолдим ордоналардек.
 
 
Ишқ қиссамиз бўлиб овоза,
Гап – сўзларга қолдик-да тоза.
Чўпчак тўқир қайси бемаза,
Тилга кўчдик афсоналардек.
 
 
Қилмасанг ҳам менга эътибор,
Хаёлимдан чиқмайсан зинҳор.
Йўлинг пойлаб такрор ва такрор,
Пойинг ўпдим остоналардек.
 
 
Жононалар чиқиб йўлимга,
Олов ёқмоқ бўлар дилимга.
Тутса ҳамки гуллар қўлимга,
Қиё боқмам мастоналардек.
 
 
Ҳеч тугамас қиш – аёзларинг,
Илҳақ этар баҳор, ёзларинг.
Узаб кетди бунча нозларинг,
Сен тўқиган баҳоналардек.
 
 
Қалбинг тўла қаҳр ва ғазаб,
Менга бунча берурсан азоб.
Диллар яқин, лекин во ажаб,
Қилмишимиз бегоналардек.
 
 
Юрсам ҳамки ёрнинг кўйида,
Мен билмайман не бор ўйида?
Қани эди анҳор бўйида,
Сирлашсайдик дугоналардек.
 
 
Кўкда сендай порлоқ чақин йўқ,
Нетай менга сендан яқин йўқ.
Қалбимизда ёнса ҳамки чўғ,
Бўлолмадик мардоналардек.
 
 
Ишқ куйини чалса ошиғи,
Жўр бўлсайди унга маъшуғи.
Дилдан чиқса севги қўшиғи,
Янграр мисли тароналардек.
 
 
Муҳаббатсиз ҳаёт ҳаётми?
Қирқдан ошиб севмоқ уятми?
Комилга бу ишқ фасли ётми?
Бахт ариган кошоналардек.
 
2008 йил, ноябр
ЮРАККИНАМ ОҒРИЙДИ ДЕБСАН
 
Юраккинам оғрийди дебсан,
Демак сенда юрак бор экан.
Муҳаббатга боғланиб ипсиз,
Сен ҳам мендек интизор экан.
 
 
Жиндеккина чўғ тушса дилга,
Бир кун олов бўлмоғи тайин.
Дарди ошкор бўлади, дерлар,
Иситмасин яширган сайин.
 
 
Наҳот, севгинг шунча пинҳона,
Яширилган қалбинг тўрига.
Баҳор кўрсатмаса нишона,
Булбул тушмас сайёд тўрига.
 
 
Бардошингга қойилман – қойил,
Ишқинг ниҳон тутдинг шунча дам.
Қалбинг менга бўлса ҳам мойил,
Йиллар севгим рад этдинг бардам.
 
 
Менки сени билиб тошбағир,
Шеърлар битдим феълингга доир.
Ботганини сўзларим оғир,
Қайдан билай мен нодон шоир.
 
 
Бугун эса этак ортидан,
Кўринмоқда ойнинг жамоли.
Бедор қалблар қати-қатидан,
Эсганида умид шамоли.
 
 
Муҳаббатим қайноқ тафтидан,
Эридими кўксингдаги муз?
Йўқ, мен адашибман афтидан,
Бўлмагансан сен бағритош қиз.
 
 
Юракгинам оғрийди дебсан…
 
2008 йил, октябр
МУҲАББАТ
 
Ўзим қарши бўлдим ўзимга,
Қалбим қулоқ солмас сўзимга.
Қаролмайди кўзим юзимга,
Менга дўст ё ғаним муҳаббат?
 
 
Ўнгим зиддир, нетай сўлимга,
Ғовлар қўяр ўтар йўлимга.
Хаёлларим тушмас қўлимга,
Тушимми ё чиним муҳаббат.
 
 
Вужудимга киргандек тўзон,
Тол баргидек танамда ларзон.
Бир ён баҳор, бир ёнда хазон,
Билмам қайси оним муҳаббат.
 
 
Дилда жўшар ҳар хил туйғулар,
Бирда қувонч, бирда қайғулар.
Кўзларимга келмас уйқулар,
Қийнайди бу таним муҳаббат.
 
 
Бир қарамас юрагим йўқдай,
Бир қарасам кўкрагим чўғдай.
Кўксим узра қадалган ўқдай,
Ўртар жисму – жоним муҳаббат.
 
 
Азоблайди доғи ҳижрони,
Васли – ушшоқ аҳли армони.
Бевафонинг келса замони,
Терси кийгим тўним, муҳаббат.
 
 
Қалб мулкига озиғим ўзи,
Толеимга ёзиғим ўзи.
Излаб топар қозиғим ўзи,
Томирдаги қоним муҳаббат.
 
 
Кўзларимда қалқиган нурим,
Юрагимда асраган дурим.
Дилда пинҳон энг нозик сирим,
Номус-орим, шоним муҳаббат.
 
2009 йил, 24 феврал
СЕВГИЛ, СЕВИЛ
 
Севгил, севил бўлганда имкон,
Муҳаббатни асрама пинҳон.
Юраккинанг турганда уриб,
Нечун керак шунча имтиҳон.
 
 
Муҳаббатни тутсангда ниҳон,
Дил тўрида тўхтамас тўфон.
Ўзинг минг бор кечганинг билан,
Гапга кирмас юрагинг нодон.
 
 
Вақти келиб, ҳар қиз, ҳар ўғлон,
Ишқ қасрига бўлади меҳмон.
Муҳаббатни ўйинчоқ билиб,
Севги боғин этмагин пайҳон.
 
 
Офтоб мисол қайноқ муҳаббат,
Муз юракни эритар албат.
Билсанг агар севги онлари,
Кўплар эта олмаган жаннат.
 
 
Ғаниматдир ёшлик чоғлари,
Ой юзида йўқдир доғлари.
Муҳаббатга ошно қалбларни,
Муштоқ кутар ризвон боғлари.
 
 
Севгил, севил бўлганда имкон…
 
2009 йил, 10 март
ВИСОЛ ТУНИ
 
Висол туни бунчалар оғир,
Наҳот ҳаёт шунча тошбағир,
Ё кулдими биздан шум тақдир,
Тонггача қон ютдик иккимиз.
 
 
Йўқотгандек айтар сўзимиз,
Қамашгандек бахтдан кўзимиз,
Дил майлидан тониб ўзимиз,
Жонсиз тошдек қотдик иккимиз.
 
 
Тиқилгандек суяк томоққа,
Ожиз бўлдик бир сўз демоққа,
Дардларимиз айтмай қулоққа,
Соғинч хатлар битдик иккимиз.
 
 
Ким муҳаббат нашъасин сурган?
Ким севгидан рўшнолик кўрган?
Ўша оқшом елкада турган,
Шайтонга тош отдик иккимиз.
 
 
Ким рўёбин кўрган рўёнинг,
Ким қўлидан тутган соянинг,
Ҳаё отлик баланд қоянинг,
Панасида ётдик иккимиз.
 
 
Лойқалатиб жасорат сойин,
Маҳкам тутдик аросат пойин,
Четга суриб муҳаббат майин,
Ғам шаробин тотдик иккимиз.
 
 
Топилмаса магар қалови,
Сўнар дилда ишқнинг олови,
Ҳар қилмишнинг бордир сўрови,
Зўр гуноҳга ботдик иккимиз.
 
 
Муштоқ бўлиб васлини кутиб,
Қанча хатар, ғовлардан ўтиб,
Сўнг барининг баҳридан ўтиб,
Қалб мулкини сотдик иккимиз.
 
 
Биз ҳам одам эмган хом сутни,
Қўлда тутмоқ бўлган бургутни,
Кетдан қувиб ёғмас булутни,
Боз абрсиз ўтдик иккимиз.
 
 
Учиб кетди ғанимат онлар,
Қўлдан кетди сўнгги имконлар.
Висол қадрин билмас нодонлар,
Ҳижрон тараф кетдик иккимиз.
 
 
Висол туни бунчалар оғир,
Магар ёринг бўлса тошбағир…
 
2008 йил, 19 декабр
ҲИЖРОН ЎТИ

Машраб ғазалига мухаммас


 
Сани ҳар кун сўроқларман билай деб ҳоли-аҳволинг,
Нетай бир дам туролмасман соғинсам лабдаги болинг.
Санга кўзим тушса жонон нечун лов-лов ёнар олинг,
Туну кун каби юзунгга ярашиб тушубди холинг,
Юрагимда жо қилибман риштайи қади ниҳолинг.
 
 
Менга бир жойда турмак йўқ, на бир яйраб ўтирмак йўқ,
На бир ором, на ҳаловат, на бир дилдан қувнамак йўқ,
На бировга юрак ёзиб, аламлардан сўзламак йўқ,
Менга ичмагу емак йўқ, яна кулмак, ўйнамак йўқ,
Ўзга зикрини демак йўқ, хобу роҳатим хаёлинг.
 
 
Сенга насиб этмиш олам кўрку тароватин жами,
На жамол, на камолингнинг топилмас заррача ками,
Тилимда қолди-ё жонон, асалдек лабларинг таъми,
Санамо, нечук ширинсан, ою кун ота-онагаму?
У жаҳонни куйдирубдир, бу жаҳонда йўқ мисолинг.
 
 
Ҳижрон ўтида Мажнун жисму жони куюбдур,
Лайли ҳамон қийноқда бағри дилин ўйибдур,
Вале севги жомидан Комил, айт ким тўйибдур,
Ғами ишқдин бу Машраб бўсағангга бош қўюбдур,
Қиладур фиғонизоре, демадинг нечукду(р) ҳолинг.
 
2008 йил, октябр
КЕТАМАН
 
Сен қадримга етмасанг етарларга кетаман,
Малоҳатда юз чандон ўтарларга кетаман.
 
 
Мактуб битсам соғиниб, сендин жавоб бўлмади,
Бир номамга ўн нома битарларга кетаман.
 
 
Йўлларингга кўз тутсам ўтдинг қиё боқмасдан,
Ғамзасида менга ўқ отарларга кетаман.
 
 
Салом берсам, во ажаб, кетдинг қошинг чимириб,
Қўлим чўзганда дастин тутарларга кетаман.
 
 
Дил изҳор этгунимча етмади-я бардошинг,
Энди кўзи тўрт ўлиб, кутарларга кетаман.
 
 
Дардларим достон айлаб, мен йиғласам, сен кулдинг,
Бир дардкаш истаб, ғамим ютарларга кетаман.
 
 
Узоқларга қочсанг ҳам ҳеч қолмасман ортингдан,
Жонимдан кечиб, хавфу хатарларга кетаман.
 
2008 йил, декабр
ИЗЛА САВОБ
 
Меҳрга тўла юрак тозадир булоқлардан,
Муҳаббат кирган юрак ёруғдир чироқлардан.
 
 
Қайда бўлса диёнат – чекинади хиёнат,
Ишонч ҳам бўлур озод, қутилиб тузоқлардан.
 
 
Яхшими, ёмон ҳар ким ажрин олар бегумон,
Бандадан қутилса-да, қутилмас сўроқлардан.
 
 
Турқи совуқ кимсанинг қилмиши ҳам совуқдир,
Қозонга юрма яқин, ўт ундин йироқлардан.
 
 
Афсус билиб бўлмағай ризқинг қайга сочилган,
Насибанг ўз ёнингда, излама узоқлардан.
 
 
«Насиб этса, келади у Шому Ироқлардан,
Насиб йитса кетади у қошу қабоқлардан».
 
 
Еб етти бўлолмаган, ялаб етмиш бўлолмас,
Ақлинг бўлса нари юр, сен нафси чўлоқлардан.
 
 
Ёлғиз тулки тутилмас, кўпдан қуён қутилмас,
Мардлар асло ютилмас ношуду нўноқлардан.
 
 
Жасур усул изласа, қўрқоқ излар баҳона,
Ғирром ютқазиб сўнгра кир излар тирноқлардан.
 
 
Меҳмон отадек улуғ, қадами эрур қутлуғ,
Қоч тузинг еб, тузлуққа туфловчи қўноқлардан.
 
 
Мол эмас изла савоб, шу нодон Комил каби,
Чиқмаса ҳам бошгинанг бир умр таёқлардан.
 
2009 йил, январ
УМР ГУЛШАНИ ГЎЗАЛ
 
Бошдаги бахт қушин тутиб қолгин биродар,
Бу дунё лаззатидан тотиб қолгин биродар.
 
 
Имконларинг қўлингдан асло қўйма чиқариб,
Оғзингдагин олдирмай ютиб қолгин биродар.
 
 
Олға ташла қадаминг танда жонинг борида,
Ҳар на ётиб қолгунча отиб қолгин биродар.
 
 
Зумда ўтар фасли ёз, ортда қолар куз, аёз,
Кўклам келишин интиқ кутиб қолгин биродар.
 
 
Қолган ишга ёғар қор, бунга ким эмас иқрор,
Ҳар ишни ўз вақтида этиб қолгин биродар.
 
 
Ғийбат кирган эшикдан кетар файзу барака,
Гап-сўзлардан узоққа кетиб қолгин биродар.
 
 
Ғанимат бил онингни, минбаъд куйдир жонингни,
Ҳар на дилда борингни айтиб қолгин биродар.
 
 
Умр гулшани гўзал, шириндир ҳаёт азал,
Комилдек дилдан ғазал битиб қолгин биродар.
 
2009 йил, 27 феврал
ҚИЁМАТЛИ ОПАГИНАМ

Тамара опамга


 
Туғишганмас, туғишгандай,
Бир қоринга сиғишгандай,
Томиримга қоришгандай,
Қиёматли опагинам.
 
 
Йигитдек марду забардаст,
Ўнгга ўнгу, чапга чапдаст,
Яратишдан толмас бир пас,
Қиёматли опагинам.
 
 
Қилич каби ўткир тили,
Вале қордек оппоқ дили,
Савоб тўла ўтар йўли,
Қиёматли опагинам.
 
 
Нурга тўла хонадони,
Дўстлар учун садқа жони,
Ҳар дам очиқ дастурхони,
Қиёматли опагинам.
 
 
Қоялардек маҳобатли,
Булутлардек саховатли,
Барчинойдек малоҳатли,
Қиёматли опагинам.
 
 
Қадамидан чақнайди ўт,
Пойларида барака – қут,
Қалби тоза, имони бут,
Қиёматли опагинам.
 
 
Ҳар ишда қўл маҳорати,
Касбу корга садоқати.
Қалбин безар муҳаббати,
Қиёматли опагинам.
 
 
Умидлари очар чечак,
Омад унга очар қучоқ,
Элликда мисли келинчак –
Қиёматли опагинам.
 
2008 йил, 10 ноябр
СИЗГА ТАЪЗИМ

Республика ихтисослашган кардиология Марказининг ҳамшира қизларига


 
Оппоқ либос ярашади ўзингизга,
Тилингиз бол, меҳр тўла кўзингизга,
Ойнинг рашки келар боқса юзингизга,
Сизга таъзим оқ халатли маликалар.
 
 
Либосингиз каби оппоқ юрагингиз,
Ўзингиздай оддийгина зирагингиз,
Ҳали кўпга бордир жуда керагингиз,
Сизга таъзим оқ халатли маликалар.
 
 
Малҳам топар сиздан қанча хаста жонлар,
Оламда йўқ сиздек азиз меҳрибонлар,
Сеҳрингиздан нурга тўлар хонадонлар,
Сизга таъзим оқ халатли маликалар.
 
 
Кабутардек тизиласиз ярақлашиб,
Боқсам зулмат қалбим кетар чарақлашиб.
Тегрангиздан кетолмасман йироқлашиб,
Сизга таъзим оқ халатли маликалар.
 
 
Қон босимим ўлчасангиз, ошиб кетар,
Эҳтирослар қирғоғидан тошиб кетар,
Вужудимни муздек терлар босиб кетар,
Сизга таъзим оқ халатли маликалар.
 
 
Тўғри чиқар қўйган барча ташхисингиз,
Дардга дармон бўлиш ёлғиз ташвишингиз,
Кун тугайди, тугамайди юмушингиз,
Сизга таъзим оқ халатли маликалар.
 
 
Эл ухлайди, аммо бемор, дард ухламас,
Ухламаса сиздек бедор, мард ухламас,
Пар тўшакда ётишни ким ҳам хоҳламас,
Сизга таъзим оқ халатли маликалар.
 
 
Бемор учун аямайсиз борингизни,
Сўзларингиз басдир, ичмам дорингизни,
Бир пайтда севиб қолдим барингизни,
Сизга таъзим оқ халатли маликалар.
 
 
Таннозларни жиним суймас, суюгим Сиз,
Камтаргинам, куюнчагим, куюгим Сиз,
Меҳнатдан шон, шараф топган буюгим Сиз.
Сизга таъзим оқ халатли маликалар.
 
 
Ўқлар ёғар камон қошу хинангиздан,
Хаста кўнглим яйрар қилган маънонгиздан,
Шоир Комил қўрқар фақат нинангиздан,
Сизга таъзим оқ халатли маликалар.
 
2009 йил, январ
ТАДБИРЛИ ВАКИЛ

Аввал Арнасой, кейинчалик Пахтакор туманларига вакил бўлган дўстимизга ҳазил


 
Чигит экиш мавсумига икки ойга,
Бир дўстимиз вакил бўлди Арнасойга.
Ўйлаб кўрса ишлар чатоқ, ҳосили паст,
Шу сабабдан аста кўчиб бошқа жойга.
Вакил бўлиб бориб олди Пахтакорга,
Арнасойни айлантириб қовунзорга.
 
 
Экиш – тикиш маромида бўлса агар,
Ҳосил чўғи тоғлардан ҳам баланд бўлар.
Ва аксинча, чала бўлса уруғ қадаш,
Пахта ўлгур, пишиб етилмасдан сўлар.
Пахтакорни ғолиб қилди, шу дўстимиз,
Арнасойни мағлуб қилди, шу дўстимиз.
 
 
Ёзда эмас, жўжа кузда саналади,
Инсон ўзин меҳнати-ла синалади.
Пахтакорда пахта қийғос очилганда,
Арнасойда сийрак пахта шоналади.
Пахтакорни ғолиб қилди, шу дўстимиз,
Арнасойни мағлуб қилди, шу дўстимиз.
 
 
Ҳай-ҳай билан пахта ҳосил бермас экан,
Минг чиранма бўш қоп асло турмас экан.
Меҳнаткаш ҳам, яллочи ҳам ажрин олар,
Ҳеч ўйлама: «тепада Ҳақ кўрмас экан».
 
 
Билиб – билмай айб қилди, шу дўстимиз,
Арнасойни мағлуб қилди, шу дўстимиз.
 
 
Омад шу-да, етиб келиб тайёрига,
Қойил қолдим одам зотин айёрига.
Тўлганида пахта терим режалари,
Билмам нима келди экан хаёлига.
Шартномани қойил қилди, шу дўстимиз,
Пахтакорни ғолиб қилди, шу дўстимиз.
 
2008 йил, 6 ноябр
ЯНГИ ЙИЛ КЕЛМОҚДА

Болалар қўшиғи


 
Эшик қоқиб, аста мўралаб,
Тоғу тошлар, ўрмон оралаб,
Узоқлардан бизни қоралаб,
Янги йил келмоқда, янги йил.
 
 
Тинчлик ва бахт куйини чалиб,
Юракларга ҳаяжон солиб,
Қорбобосин ёнига олиб,
Янги йил келмоқда, янги йил.
 
 
Қалбга ёқиб умид чироғин,
Кўзин очиб имкон булоғин,
Қўлга олиб зафар байроғин,
Янги йил келмоқда, янги йил.
 
 
Қут-барака, ризқ бўлиб элга,
Шодлик улаб ҳар битта дилга,
Эски йилни кузатиб йўлга,
Янги йил келмоқда, янги йил.
 
 
Дала-даштни кўмиб қорига,
Сумалигин осиб дорига,
Қорхат битиб, Қорқиз ёрига,
Янги йил келмоқда, янги йил.
 
 
Қўлтиғида ҳикмат китоби,
Бошида тож – сўнмас офтоби,
Тўхтамайди бир зум шитоби,
Янги йил келмоқда, янги йил.
 
 
Элкасида совға-саломи,
Тилларида Ҳақнинг каломи,
Пойларида учар гилами,
Янги йил келмоқда, янги йил.
 
 
Эртакларнинг олами бўйлаб,
Ҳур диёрнинг мадҳини куйлаб,
Шу Ватаннинг иқболин ўйлаб,
Янги йил келмоқда, янги йил.
 
2008 йил, 18 декабр
ТИЛАК

Набирам Жавоҳирбекка


 
Сенга беклик, кибор ярашар,
Тоғ кўксингга виқор ярашар,
Боғларингга баҳор ярашар,
Ўзига бек, ўзбек бўлиб қол.
 
 
Аждодинг ким, унутма болам,
Сенга ҳамон кўз тикар олам,
Энди сенда барча имкон жам,
Ҳур диёрга тиргак бўлиб қол.
 
 
Бўлсанг ҳамки ўзинг қир, ўйда,
Ўйинг бўлсин Ватанда, уйда,
Юрсанг ҳам қай макон, қай жойда,
Ҳар он эзгу тилак бўлиб қол.
 
 
Узоққа боқ, узоқни кўзла,
Юз бор эшит, бир бора сўзла,
Мол топилур, сен савоб изла,
Бахтга элтар йўлак бўлиб қол.
 
 
Қоқилганга қалқон бўл, суя,
Ғариб бошга сола бил соя,
Бўронларда букилмас қоя,
Элу юртга керак бўлиб қол.
 
 
Ўзим дема, ўзгага тила,
Бечоранинг бошини сила,
Узилган дил торларин ула,
Меҳр тўла юрак бўлиб қол.
 
 
Оқни оқ де, қорани – қора,
Камбағалнинг кунига яра,
Чорасизга топа бил чора,
Керак учун терак бўлиб қол.
 
 
Осмон каби кўкси баланд бўл,
Номард бўлма, ҳамиша мард бўл,
Ҳар дам эзгу иш бирла банд бўл,
Элга жони ҳалак бўлиб қол.
 
 
Дил яйрасин айтар сўзингдан,
Нурлар ёғсин икки кўзингдан,
Гуллар унсин ўтган изингдан,
Саховатли фалак бўлиб қол.
 
 
Ҳеч чекинма, олға бос мудом,
Юксакларга ташлайвер қадам,
Курашларда енгилмас одам –
Ерга тегмас курак бўлиб қол.
 
 
Огоҳ бўлгин, бўл доим огоҳ,
Олд, ортингга ташлаб қўй нигоҳ,
Ғофил инсон бамисли гумроҳ,
Кийик каби сергак бўлиб қол.
 
 
Ҳар жабҳада билимдон, доно,
Сўзларингдан қалқсин пур маъно,
Ўтинчим бор сендан ягона –
Ақли комил, зийрак бўлиб қол.
 
2008 йил, 8 декабр
ЮЛДУЗЛИККА ШОШИЛМА УКА
 
Ҳар ким ҳам ўз уйида зўрдир,
Шер ҳам асли ўрмонда шердир,
Сену бизнинг уйимиз ердир,
Юлдузликка шошилма, ука.
 
 
Юлдузларни кўзла, ерга боқ,
Ҳар қоронғу қалбга олов ёқ,
Ўзи келар дилинг бўлса оқ,
Юлдузликка шошилма, ука.
 
 
Юлдузлик бол, ширин асалдек,
Сархуш этар оний висолдек,
Лек юқумли оғир касалдек,
Юлдузликка шошилма, ука.
 
 
Юлдуз қурғур анча узоқда,
Биз-чи замин отлиқ тузоқда,
Ҳаммамиз ҳам қочоқ бузоқ-да,
Юлдузликка шошилма, ука.
 
 
Ғариб жонга ёрдамга шошил,
Мард бўл, баланд дорларга осил,
Кўлмакни қўй, уммонга қўшил,
Юлдузликка шошилма, ука.
 
 
Узилмасин ердан оёғинг,
Қўлдан қўйма нажот таёғинг,
Бузилса-да инсоф маёғинг,
Юлдузликка шошилма, ука.
 
 
Сени юлдуз этадиган эл,
Пойингга гул отадиган эл,
Тойсанг, қўлдан тутадиган эл,
Юлдузликка шошилма, ука.
 
 
Бир кун албат, юлдуз бўлурсан,
Зуҳро каби нурга тўлурсан,
Пайти келиб, яна сўлурсан,
Юлдузликка шошилма, ука.
 
 
Жонинг омон бўлса бас, иним,
Ўйла, изла, чоп, билма тиним,
Ношудларни ҳеч суймас жиним,
Юлдузликка шошилма, ука.
 
2009 йил, январ
ҒАЛАМИСЛАР
 
Орамизда яшайди,
Ишламасдан ошайди,
Каламушга ўхшайди,
Ғаламислар.
 
 
Булоқ сувин булғатган,
Сўнган ўтни чўғлатган,
Бахтиёрни йиғлатган,
Ғаламислар.
 
 
Ёғ босгандир кўзларин,
Оли йўқдир юзларин,
Ел олсин-а сўзларин,
Ғаламислар.
 
 
Пашшадан-да ясар фил,
Кўзи тўрту қўшша тил.
Лекин чала, кемтик дил,
Ғаламислар.
 
 
Белига ўраб қамиш,
Йўқ жойдан тўқир миш-миш,
Турган битгани ташвиш,
Ғаламислар.
 
 
Кулфат кўрса кулади,
Ниҳол кўрса юлади,
Оқкўнгилни шилади,
Ғаламислар.
 
 
Гадодан нон сўрайди,
Бемордан жон сўрайди,
Фақат «бер»га ярайди,
Ғаламислар.
 
 
Тундай қора юраги,
Муздек совуқ тилаги,
Ҳеч кимга йўқ кераги,
Ғаламислар.
 
 
Чўпда бордир алами,
Тиғдай «ўткир» қалами,
Текин эмас саломи,
Ғаламислар.
 
 
Дил бошқа-ю тил бошқа,
Қўл эгри-ю, юз қашқа.
Қалб айланган муз, тошга,
Ғаламислар.
 
 
Сўзи совуқ, беъмани,
Бошда миннат тумани,
Одамзотнинг ёмони,
Ғаламислар.
 
 
Бахтни кўрса тўсатдан,
Ўлиб бўлар ҳасаддан,
Умидвордир жасаддан,
Ғаламислар.
 
 
Битар ишни бузади,
Ёвуз режа тузади,
Итдек санғиб кезади,
Ғаламислар.
 
 
Ҳар мақомга ўйнаган,
Бебурд, латта чайнаган,
Комилни кўп қийнаган,
Ғаламислар.
 
2008 йил, декабр
ТЎРТЛИКЛАР
 
Англаш мумкин ҳатто қушлар тилини,
Лекин англаб бўлмас қизлар сирини,
Гар забт этмоқ бўлсанг тош юрагини,
Аввал топмоқ даркор ёрнинг йилини.
 
17.11.2008.
* * *
 
Гар йўл топмоқ бўлсанг сўқир юракка,
Зўр бер ширин сўзга, эзгу тилакка,
Оёғингни майли жиндек қийшиқ бос,
Дўст тутинмоқ бўлсанг магар чўлоққа.
 
17.11.2008.
* * *
 
Магар чўпга этсанг чин дилдан ихлос,
Бедаъво дарддан ҳам бўлурсан халос.
Тоғлар тошин талқон қилурсан, илло,
Қалбда ишонч отлик қудрат бўлса бас.
 
02.12.2008.
* * *
 
Ишонсанг – хавотир булути тарқар,
Гумон аждарининг бўйнини қирқар.
Билгинки, қай қалбда ишонч бўлмаса,
Ўзин соясидан ўзлари қўрқар.
 
02.12.2008.
* * *
 
Билмадим қалбимда қандай оташ бор,
Бошимдаги қор ҳам унга қилмас кор.
Иккига бўлинган гўё вужудим,
Ярми итоаткор, ярми нобакор.
 
02.12.2008.
* * *
 
Тўн кийган ҳар киши эр бўлолмайди,
Тулки қирқ йилда ҳам шер бўлолмайди.
Ҳар кимни ўзингга айлама йўлдош,
Номардлар мардларга ёр бўлолмайди.
 
09.12.2008.
* * *
 
Ҳар замонда кўзгуга бир қараб қўй,
Кимлигингни ўзгалардан сўраб қўй.
Элдан олқиш олмоқ бўлсанг биродор,
Аввал элнинг кунига сен яраб қўй.
 
09.12.2008.
* * *
 
Кеча бола эдик, бугун оқсоқол,
Эртага бўлурмиз мункиллаган чол.
Шуни эслаганда ҳар сафар, э воҳ,
Кирар янги йил ҳам келади малол.
 
01.01.2009.
* * *
 
Ҳар инсоннинг дилда бисёр нияти,
Эзгу истак билан гўзал ҳаёти.
Сен Худодан тоғдек тила, қир бергай,
Орзуга айб йўқ, йўқ бунинг уяти.
 
07.01.2009.
* * *
 
Бўлсанг ҳамки чунон хору зор,
Ҳар кимсадан бўлма умидвор.
Сенки, нажот кутган ўшалар,
Беролмаслар қишда ҳатто қор.
 
07.01.2009.
* * *
 
Дунё тору озорлари кўпдан-кўп,
Доно қолиб, нодонники бўлар жўп.
Ёлғон сўзга барча бирдек бепарво,
Тўғри сўзга синдирарлар нечун чўп?
 
10.01.2009.
* * *
 
Бекорга чираниш феълингда бўлса,
Барча амалларинг тилингда бўлса,
Бунча керилдинг эй, бандаи ғофил,
Осмонни ташла гар қўлингда бўлса.
 
16.01.2009.
* * *
 
Майнинг ози яхши, кўпи безиён,
Имконинг борида ичгин беармон.
У ёқда ариқда оққани билан,
Ҳатто тотиб кўрмоқ бўлур даргумон.
 
17.01.2009.
* * *
 
Бода, май нозанин ёрга ўхшайди,
Билмам бир жодуси борга ўхшайди.
Аввал мафтун этиб, кейин бир умр,
Бўйнингга ўралган дорга ўхшайди.
 
17.01.2009.
* * *
 
Майхона уйингга яқин бўлса ич,
Юрагинг хотиржам, сокин бўлса ич.
Хурмачангга сиқса ичавер қониб,
Асосийси шароб – текин бўлса ич!
 
17.01.2009.
* * *
 
Куюнганда ёлғиз ҳамроҳим – шароб.
Суюнганда ҳаргиз ҳамроҳим – шароб,
Қўлларимдан тушмас, э воҳ, бир нафас,
Кўнглимни очаман шу сувга қараб.
 
18.01.2009.
* * *
 
Мингта шам бўлмас бир ойдан-да ортиқ,
Дунёда нима бор майдан-да ортиқ,
Бодаю жом минг бир дардларга даъво,
Томчиси юз чойнак чойдан-да ортиқ.
 
18.01.2009.
* * *
 
Бу оламда дўстлар майнинг тури кўп,
Асрори кўп, синоати, сири кўп.
Мен – ҳаваскор, майдан сўзлаб не қилдим,
Вале унинг Ҳайём каби пири кўп.
 
19.01.2009.
* * *
 
От ўрнини бир кун албат той олар,
Жон – омонат, бир кун ердан жой олар.
Бу дунёдан ўтай десанг армонсиз,
Тирикликда майдан қонганинг қолар.
 
19.01.2009.
* * *
 
Кунда тутар қурғур майнинг хумори,
Май малҳамим, мен-чи унинг бемори.
Соқий – табиб, дардим сира англамас,
Илҳақ этиб, қийнар у дилозори.
 
20.01.2009.
* * *
 
Қани энди ҳар кун бизда байрам бўлса,
Ҳар куни тўй, ҳар кун базм, айём бўлса.
Шароф ичсак дўстлар билан қониб-қониб,
Уй тўрида давра гули Ҳайём бўлса.
 
21.01.2009.
* * *
 
Йўқотганим дўстлар майдан топаман,
Ундан ўзга улфат қайдан топаман.
Кимдир жомдан кулфат излар, во ажаб,
Мен шаробдан топсам фойда топаман.
 
26.01.2009.
* * *
 
Майни ҳаром дея, қониб ичаман,
Нетай, ўзлигимдан тониб ичаман.
Барча гуноҳларни олиб бўйнимга,
Жаҳаннам ўтида ёниб ичаман.
 
27.01.2009.
* * *
 
Майнинг ўзи ҳаром бўлса, кайфи не?
Куйдирмасми икки дунёнг, хавфи не?
Дастурхондан тушмас неча замонлар,
Гоҳо жиндек ичса Комил айби не?
 
27.01.2009.
* * *
 
Май ичсанг улфати хамкор билан ич,
Ёки гўзал малак, дилдор билан ич.
Кўпми оз ҳар қалай меъёр билан ич,
Бода ҳаром деган иқрор билан ич.
 
28.01.2009.
* * *
 
Бир пиёла шароб мени маст қилади,
Тилим бурро, сўзларимни рост қилади.
Кайф борида кўксим осмон этиб, э воҳ,
Кайфи кетгач, қаддим букиб, паст қилади.
 
28.01.2009.
* * *
 
Қуш кўрганин қилар азал уяда,
Чексиз буюк қудрат бор тарбияда.
Бола – ниҳол, таълим – офтоб кўкдаги,
Ахир дарахт асло унмас сояда.
 
30.01.2009.
* * *
 
Ҳар дам обод айлаб диёнат боғин,
Очкўзлик домига йўлама яқин.
Ғариблик қарига ботсанг-да, ҳаргиз,
Зинҳор ея кўрма ўзганинг ҳақин.
 
31.01.2009.
* * *
 
Ҳар юмушда топмоқ бўлсанг баракат,
Сендан лозим фақат жиндек ҳаракат.
Тоғ қалбингда гар игнадек шиддат йўқ,
Ўз домига олар сени фалокат.
 
31.01.2009.
* * *
 
Мол-давлат олдида гўё қулдирсан,
Усти ялтироғу ичи жулдирсан.
Ечса эгнингдаги зар чопонингни,
Қолган бори – будинг нақ бир пулдирсан.
 
13.02.2009.
* * *
 
Бўйи басти бўлса ҳамки филчалик,
Лек ақлдан йўқдир унда қилчалик.
Ақлу заковатсиз инсон билиб қўй,
Бу дунёдан ҳузур топмас молчалик.
 
13.02.2009.
* * *
 
Шукр қил дунёда дўстлар борига,
Дўстсиз давралардан қочгин нарига.
Дўстлардан умидвор бўлмоқдан олдин,
Аввал ўзинг яра дўстнинг корига.
 
24.02.2009.
* * *
 
Мен хаста, беморман малҳамим ўзинг,
Бахтим осмонида бир камим ўзинг.
Белимга қувватим, дилда шиддатим,
Шоир юрагимга илҳомим ўзинг.
 
26.02.2009.
* * *
 
Ўзингда неки бор, ўзгага соғин,
Ҳар дам обод айла саховат боғин.
Ғариблик домига ботсангда, ҳаргиз,
Оғзингга олмагин ўзганинг ҳақин.
 
02.03.2009.
* * *
 
Бу фоний дунёда барчамиз меҳмон,
Замин – меҳмонхона, тупроқ – дастурхон.
Давру даврон суриб, сийимиз битгач,
Сўнгра қайтамиз ўз уйимиз томон.
 
02.03.2009.
* * *
 
Умр йўлларида чирандим, чопдим,
Кимнидир йўқотиб, кимнидир топдим.
Бесамар ўтмади ҳаётим, илло,
Ҳар ерга эзгулик уруғин сепдим.
 
03.03.2009.
* * *
 
Бу дунё ўткинчи, ҳар он ғанимат,
Кунлар ўтар кетар, жондек омонат.
Вақт борида имкон топса бўлару,
Имконинг борида топилмас фурсат.
 
03.03.2009.
* * *
 
Аҳд қилдингми, қатъий бўлсин қароринг,
Собит турсанг келур албат, бароринг.
Ўзингни ҳақ билсанг ортга чекинма,
Ўзгаларга тегмаса бас зараринг.
 
05.03.2009.
* * *
 
Донолик соғинсанг китобга қара,
Эзгулик соғинсанг офтобга қара.
Магар савоб топмоқ бўлсанг, эй ўғлон,
Бир ғариб, ночорнинг кунига яра.
 
05.03.2009.
* * *
 
Дунёнинг ишлари қизиқдан-қизиқ,
Ҳар кимда ҳар хилча тақдири ёзиқ.
Ким шоҳу, ким гадо, ўчириб бўлмас,
Пешонага ўйиб битилган чизиқ.
 
07.03.2009.
* * *
 
Гадога кирмаган эшиги армон,
Фақирга тўлмаган тешиги армон.
Во ажаб, қай юртнинг таннозларига,
Кўчада йўқолган мушуги армон.
 
14.03.2009.
* * *
 
Камчиликлар топиб бўйи-бастидан,
Нодон деб бировнинг кулма устидан.
Дунё тор, кун келиб балки сен унинг,
Чиқишинг ҳам мумкин оёқ остидан.
 
14.03.2009.
* * *
 
Дунёга келамиз, кетамиз бир кун,
Боқий манзилларга етамиз бир кун.
Руҳимиз кўкда-ю жисмимиз ерда,
Тупроққа қоришиб ётамиз чиркин.
 
17.03.2009.
* * *
 
Сўздан адашсанг-да, йўлдан адашма,
Имон, эътиқоду феълдан адашма.
Оёққинанг ердан узилмасин ҳеч,
Ҳар на адашсанг-да, элдан адашма.
 
20.03.2009.
* * *
 
Магар ҳаётида кўрмаса устоз,
Ҳар ишда жўжалик қилади хўроз.
Қаноти бўлсада, шўрлик ҳеч маҳал,
Кўкда юксакларга қилолмас парвоз.
 
23.03.2009
* * *
 
Бу дунёда йўқдир умри боқийлар,
Бир кун келиб ёддан чиқар доҳийлар.
Мансаб, амал, яхши – ёмон ўтади,
Мангу қолса, қолар фақат соқийлар.
 
01.04.2009.
* * *
 
Соқий менга қуйсанг тўлдириб қуй май,
Бунча илҳақ этма қурғурни қуймай.
Сендай соқийни деб, бир умр муштоқ,
Ҳайём ўтиб кетди бодага тўймай.
 
01.04.2009.
* * *
 
Гулгун давраларда гулоб ич тўйиб,
Айбни елкангдаги шайтонга йўйиб.
Гуноҳу савобин ўйламай симир,
Ўзингни Ҳайёмнинг ўрнига қўйиб.
 
01.04.2009.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации