Текст книги "Туҳфа"
Автор книги: Комил Синдаров
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 3 (всего у книги 6 страниц)
ОЗОДЛИК ВА АДОЛАТ КУЙЧИСИ
Халқимиз ҳар қандай шароит ва даврда ўзининг истеъдодли фарзандлари борлиги билан фахрланиб келади. Дарҳақиқат, диёримиз бугунги нурафшон кунларга эришгунича не-не кунларни, не-не азобларни бошидан кечирганлиги барчамизга аён. Шу боисдан ҳам бугунги мустақил ва дориломон кунларнинг қадрига етиш, унинг мустаҳкамлигига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиш ҳар бир ватандошимизнинг муқаддас бурчидир. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки одамзотга хос бўлган яхши яшашга интилиш, тўкин ва мазмунли ҳаёт кечириш истакларидан ҳеч бир кимса бенасиб эмас. Бу орзунинг амалга ошиши учун эса киши моддий ва маънан бировга қарам бўлмаслиги, ўз меҳнати самарасидан ўзи муносиб равишда эркин ҳолда фойдалана олиши зарур бўлади. Бировга қарам бўлмаслик, эркинлик тушунчасини худди шундай маънода кенгайтириб миллатларга, халқларга, мамлакатларга нисбатан ҳам татбиқ этса бўлади.
Давлатчилик тарихига назар ташласак, башарият аҳлининг асосий қисми бирон-бир давлатнинг туғи остида бирлашиб яшай бошлаганидан бери ўзаро низолар, урушлар, мустамлакалар каби тақдирнинг қора битикли ҳодисаларига ҳам гувоҳ бўламиз. Таъкидлаб кетганимиздек, ватанимиз ҳам гоҳ ёруғ, гоҳ зулматли кунларни ўз бошидан ўтказиб, бугунги истиқлолга етиб келган. Мамлакатимизда ҳукм сурган сиёсий вазият, иқтисодий аҳвол қандай бўлмасин, ватандошларимиз орасида эл дарди, юрт муҳаббатини тараннум этиб, ўлмас асарлар яратиб, халқимизнинг умумий-маданий ривожланишига ўзининг меҳнати билан ҳисса қўшган ижодкорлар бисёрдир.
Айниқса, ўзбек халқ достончилигида ўзига хос тарзда алоҳида мактаб яратган буюк бахши-оқинларимиз томонидан куйланган достонлар мазмунан жуда катта аҳамиятга эга. Ўрни келганда ҳурматли китобхонларимиз билан достончилик мактаблари хусусидаги фикрларимиз билан ўртоқлашсак.
Аввало, достонлар миллий адабиётимизнинг бебаҳо мероси сифатида ҳар доим ҳам халқимиз тарихининг муайян даври, ўша пайтдаги ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаёт тарзини ўзида акс эттириб келганлиги билан ажралиб туради. Бошқа ҳеч бир бадиий асар айнан достонлар сингари халқ турмуши, замона руҳини ҳаққоний ифодалар ва ёрқин бўёқларда ёритиб бера олмайди. Достонлар она тилимизнинг бебаҳо бойликлари, имконият даражаси чексиз эканлигидан далолат бериб, баён қилинишининг равонлиги, содда ва жонлилиги туфайли ҳам халқ орасида кенг тарқалиб, кишилар онгига тез сингиб, уларга ижобий таъсир кўрсатишда катта аҳамиятга эга бўлиб келган. Умуман, достонлар халқ ҳаётининг кўзгуси, халқ донишмандлигининг хазинаси бўлиш билан бир қаторда, бадиий тасвирий воситаларнинг энг гўзал намуналари, шеърий вазннинг енгил ва равон шакллари, халқ юмори, мақол ва ибораларни ўзида жамлайдиган бебаҳо манба ҳисобланади.
Бизга маълумки, ўзбек адабиётида бешта анъанавий достончилик мактаби мавжуд.
1. Булунғур достончилик мактаби (машҳур вакилларидан бири Фозил Йўлдош ўғли (1872-1955).
2. Шаҳрисабз достончилик мактаби (вакилларидан бири Абдулла Нурали ўғли (1874-1957).
3. Шеробод достончилик мактаби (вакилларидан бири Шерназар Бекназар ўғли).
4. Хоразм достончилик мактаби.
5. Қўрғон достончилик мактаби.
Ўрни келганда таъкидлаш лозимки, миллий достонларимизнинг ёш авлодни тарбиялашдаги аҳамияти бебаҳодир. Аммо, назаримизда, бугунги кунда ўзбек адабиётининг дурдоналари ҳисобланадиган бу жанрга эътибор бироз сусайиб, уларни ўрганиш, кенг жамоатчилик эътиборига етказиш борасида сусткашликка йўл қўйилмоқда. Кейинги йилларда уларни китоб дўконларида китоб ҳолида кўриш амримаҳол бўлиб қолгани устига, ҳатто газета-журналларда ҳам чоп эттирилиши камайиб кетмоқда. Ҳатто мактаб ўқувчилари учун мўлжалланган ўқув дарсликларида ҳам достонларга қисқача тўхтаб ўтилмоқда. Ушбу ҳолатлар эса уларда тараннум этиб келинган юксак ахлоқий фазилатлар, инсоний ғояларни мужассам этган фикр-туйғулардан бугунги авлоднинг бебаҳра қолишига сабаб бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Зеро, достонлар халқимизнинг ноёб қадрияти, бебаҳо маънавий бойлиги саналиб, ёшларимизда қаҳрамонлик, халқпарварлик, дўстлик, меҳр-муҳаббат каби олижаноб туйғуларнинг камол топишида муҳим омилдир. Қадимдан халқимиз ўз фарзандлари онги-шуурига айнан мана шу жанр орқали жасорат ва ижодкорик, эрк ва озодлик каби эзгу ғояларни сингдириб келгани барчамизга маълум. Юқорида келтирилган муаммоларни бартараф қилишда эса соҳа вакиллари сингари барчамиз ҳам масъулмиз деб ўйлайман.
Мулоҳазалармизни Қўрғон достончилик мактаби хусусидаги фикрларимиз билан давом эттирсак.
Ўз даврида халқ орасида машҳур бўлган Ёдгор бахши, Лафас бахши, Мулла Тош, Мулла Холмурод, Султон кампир, Тилла кампир, Жолмон бахши, Бўрон шоир, Жуманбулбул, Ёрлақаб бахши, Жассоқ бахши, Қулсамад бахши, Эргаш бахши, Пўлкан шоир, Бўта бахши, Эгамберди бахши, Марди бахши ва бошқалар Қўрғон достончилик мактаби теварагида бирлашдилар. Бу бахшиларнинг кўпчилиги “Қўрғон” қишлоғида тарбия топган ва ўз ҳаётларини шу қишлоқ билан боғлиқ деб билганлар. Мазкур мактаб вакиллари ўзига хос бадиий услубга эга бўлган, гўзал ва тўлиқ баён, тасвир ва воситалар, лирик безаклар, нозик ўхшатмалар, оддий ва равон нутқ каби бадиий белгиларга эга бўлган истеъдод эгалари ҳисобланган.
Қўрғон, умуман, ўзбек достончилик мактабининг яратилишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган, бахшичиликнинг ривожланишида алоҳида ўрин эгаллаган атоқли боболаримиздан бири Эргаш Жуманбулбул ўғли шундай истеъдод соҳибларидандир.
Йигирмадан ортиқ достонни ёддан куйлаш маҳоратига эга бўлган Эргаш Жуманбулбул ўғли ижодий мероси сифатида халқимизга ундан 9 та анъанавий, 2 та замонавий достонлари, жуда кўп халқ термалари қолди.
У Чор Россияси истилоси шўро мустамлакасига айлантирилган, таъбир жоиз бўлса, халқимиз “ёмғирдан қутулиб дўлга тутилган” мураккаб бир шароитда яшаб ижод қилди. Бу даврда шўролар мустамлакачилик сиёсатини сақлаб қолиш йўлида барча чораларни амалга ошириб, халқнинг моддий бойликларидан фойдаланиш билан бир қаторда, кишилар онгига мафкуравий таъсир кўрсатишнинг бор имкониятларидан унумли фойдаланишга киришдилар. Собиқ империянинг манфаатларини ифодалаган ғоялар, қарашларини одамлар онгига сингдириш мақсадида юртнинг таниқли, обрў-эътибор ва ўзига хос таъсир доирасига эга бўлган кишилари хизмати бунда айниқса қўл келар эди. Бундай даврда яшамоқликнинг ўзи ижодкор инсон учун нақадар машаққатли бўлганлигини тасаввур қилиб, боболаримизнинг яратган асарларини жасорат намуналари сифатида эътироф этиш мумкин.
Эргаш Жуманбулбулнинг асарларини мутолаа қилиб, бу фикрлар яна бир карра ўз тасдиғини топишига ортиқча изоҳнинг ҳожати йўқлигига амин бўласан киши. Масалан, бахши бобомизнинг “Таржимаи ҳол” достони ҳамда анъанавий достонлари ва халқ термаларини олиб кўришимиз мумкин.
Юртимиздаги ижтимоий-фалсафий, маданий маърифий, адабий-бадиий нашрлардан бири саналадиган “Hayot” газетасининг 2006 йил 21 декабрда чоп этилган сонида атоқли олим Иброҳим Ҳаққул Эргаш Жуманбулбул достонлари ҳақида қуйидагича фикр билдириб ўтган: “…Тарихга назар ташлаш – юракка игна санчишдай бир нарса, дейишади. Агар кўзни каттароқ очиб, халқимиз ўтмишига қаралса, юракка найза санчилади. Чунки ғам, алам, кулфат ва тенгсизлик шу қадар кўп, шу қадар чўнгдир. Буни билган билади. Билмаган эса Эргаш Жуманбулбул инграб айтган мана бу сўзларни “Ҳа, энди бу ҳам бир гап-да”, дейишдан нарига ўтолмайди:
Маишатман кайфу-сафо бир ёқда,
Меҳнат билан жабру-жафо бир ёқда. . .
Бу манзара мозийнинг бирмас, бир неча асрлик моҳиятини очувчи ва равшан кўрсатувчи шафқатсиз манзара. “Ҳеч сони йўқ мунглиқларнинг азасин” деган “хабар” одамнинг кўнглини тилка-пора қилади. “Бахт, давлат золим бойлар қўлида” бўлганидан кейин, камбағални улар одам билиб, одам ҳисобига қўшармиди?
Йўқ-йўқани дим қўшмайди ҳисобга,
Биттаси айтмас: “Гадойлар яшасин”.
Шарқ шоирлари ва бахшиларининг онгида давлат тепасига чиққан киши, энг аввало илмни чуқур эгаллаши керак ва давлатни илм-маърифат билан бошқариш зарур, деган қараш ўспиринлигидаёқ томир ёзган. Балки шу боисдан ҳам мазмунан Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонидаги мисраларга ўхшаб кетадиган қўйидаги сўзлар Фарҳод типидаги бир подшоҳни эслатса, ажаб эмас.
Кўп ўқиди, дўстлар, илмни топди,
Илмдан беадад билимни топди.
Илмдан илм ҳосил қилиб ёронлар,
Неча илмсизнинг обрўйин ёпди.
Ҳамма илмни билди, илм қолмади,
Бу одам билмаган илм бўлмади.
Ёшлигидан олим бўлиб ҳаммага,
Дунёни бирорта кўзга илмади.
Комил бўлиб, элга кўп аралашди,
Иш ўргатиб бир нечага ёрлашди.
Оч-ориқнинг ҳолин кўриб, раҳм этиб,
Камбағалга, муҳтожга ҳамдамлашди.
Бу – ижодкорнинг оддий бир инсон сифатида қавмдошлари тақдиридан куюниши, бу – ватандошлари ҳаётига бефарқ эмаслик, бу – инсонга унинг ижтимоий келиб чиқиши ва жамиятдаги мавқеига қараб муносабатда бўлишликни қоралаш демакдир. Бойларнинг фикрича, камбағал одам эмас, унда эс ҳам йўқ, ҳеч нарса йўқ, бор нарсасини ҳам, бахшининг таъбирича “золим, қонхўр бойлар” олиб қўйган.
Шоир мазкур шеърида ушбу мавзуни ёритар экан, жамиятда мавжуд иллатларга тўхталиб, бераҳм бойларнинг зулми ва юлғичлиги мамлакатдаги кўп сонли камбағалларнинг хароб аҳволга келишига сабаб бўлганини айтиб ўтади:
Бир камбағал бойдан қарздор бўлсин-чи,
Қутилолмас фойдасидан ўлгунча,
Ой туғдими, бу ҳам туғиб туради,
Умри ўтар шу пулдан қутулгунча. . .
Бечора камбағал шу аҳволга келадики, “қошукипригигача бойлар олиб қўйишиб” уларда соқолларидан бошқа нарсаси қолмайди, “Камбағалнинг моли бир соқол бўлди” деб ёзади шоир.
Эргаш Жуманбулбул замонавий достонларининг аксарияти орадан шунча давр ўтганига қарамасдан ҳали-ҳамон ўз аҳамиятини йўқотмаган. Жумладан,
Қози, муфти – бари бойнинг чокари . . .
Ёки
Олиб борар бечорани қозига,
Қози ўйнар бойнинг чалган созига.
дея куйнади шоир.
Замон шундай замон эдики, оддий фуқаро очиқдан-очиқ ҳақоратланар, ҳақ-ҳуқуқ деган гаплар бечораларнинг тушига ҳам кирмаган, ҳатто адолат пешволари ҳисобланган қози, муфтилар ҳам ҳар доим бойлар фойдасига ҳукм чиқарар эди.
Аслида ҳокимиятнинг тепасида турганларнинг ўзлари-да Чор Россиясининг гумашталари эди. Улар ўз манфаатларини ўйлаб, бойлик орттириш мақсадида ҳеч қандай қабиҳликдан қайтмас эдилар.
Ҳақиқатдан, инқилобнинг нималарга олиб келганлигини барчамиз яхши биламиз. Лекин халқнинг аҳволи аввалгидан кўра ёмонлашса ёмонлашдики, яхшиланмади. Қанчалаб истеъдод соҳиблари, халқнинг мустамлакачилар йўриғига юрмаган фарзандлари қатағон қилинди, қимматбаҳо, нодир мероси, маънавий ва моддий манбалари йўқ қилинди-ки, бунга муносиб баҳони тарихнинг ўзигина бера олади.
Маълумки, бахшилар халқ шоири, достон, эртаклар айтиб юришдан ташқари халқнинг кўп даврлик маънавий-адабий мероси, бойлигини сақлаб келади ва шунингдек, ўзи ҳам янги-янги асарлар ижод қилади. Улар шеър билан бирга уни куйга соладилар, куйлаш маҳоратига ҳам эга бўладилар. Табиийки, улар эл-юртнинг меҳр-муҳаббатига сазовор, ҳурмат-эътиборли кишилар саналган. Халқ ўз бахшиларини ҳар доим яхши кўриб келган, тўй-ҳашамлар, турли тадбирлар уларсиз ўтмаган. Бундай давраларда улар тарғиб қилган фикрлар эл томонидан тўғри қабул қилинган, ишонарли ғоялар сифатида кутиб олинган. Шўро хизматкорларига эса бу ҳолат жуда қўл келар эди. Одамлар тафаккурида ўз ҳокимиятларига нисбатан ишонч уйғотишда, уларнинг ҳаётга, мавжуд тузумга нисбатан муносабатини белгилашда ижод аҳлининг беқиёс ўрнини англаган шўро одамлари улар яратган асарларга ўз ғояларини сингдиришга уринганлар. Шу йўл орқали таъсир кучини оширишга ҳаракат қилганлар.
Нима бўлганда ҳам элимизнинг ардоқли ижодкорларидан саналадиган Эргаш Жуманбулбул ўғли она ватанини озод, халқини шод ва бахтиёр кўрмоқликни орзу қилди. Истеъдодли бахши бобомиз ўз ҳаёти давомида, халқ оғзаки ижоди манбаларини йиғди, тўплади, ижодида халқ дарди, юрт муҳаббатини тараннум этишга ҳаракат қилди ва буни муносиб равишда уддалай олди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, биз баҳоли-қудрат, бахши бобомизнинг шу каби мавзулар тараннум этилган достонини қайта ишлаб, уни “Зимистон кечалар” номи билан сизнинг ҳукмингизга илк бор ҳавола қилишни ният қилдик.
Эргаш ЖУМАНБУЛБУЛ ўғли
ЗИМИСТОН КЕЧАЛАР
Достон
Ўлтиришга бир ҳикоят айлайин,
Қулоқ тутинг, дилда борим сўйлайин.
Ҳақ сўз улуғ ҳар нарсадан, ёронлар,
Бошқа сўзни энди кейин ташлайин.
Ашъор битсам, кўнглим равшан бўлади,
Достон айтиб кўпнинг кўнглин хушлайин.
Бу чоққача қанча замонлар ўтди,
Қанча подшо, амир ҳам хонлар ўтди.
Йўқ– юқа камбағал билан иши йўқ,
Элни вайрон қилиб хоқонлар ўтди.
Оқ ит билан қора ит, барибир ит,
Ўз кайфини суриб султонлар ўтди.
У замонга боқсанг, сон-сон воқеа,
Ҳар қишлоқда, ҳар шаҳарда ҳодиса.
Оч-ориқдан хабар олмас бир киши,
Бир эр чиқиб, айтолмади: – бу нима ?
Николай даврида бой11
Бойлар замони
[Закрыть] замон бўлди,
Камбағаллар иши кўп ёмон бўлди.
Қаттиқ кунлар кўриб қашшоқ бечора,
Билсанг, хору зору беватан бўлди.
Бойнинг ишин қиш, ёз тинмай қилади,
Қилмаганда нима илож қилади?
Бири новча ё хизматкор, бири қул,
Пул, мол бермай қуруқ дуо қилади.
Маишатман кайфу сафо бир ёқда,
Меҳнат билан жабру жафо бир ёқда.
Ҳеч сони йўқ мунглуқларнинг азасин,
Базму ишрат, созу наво бир ёқда.
Не ажаб, замонни золим жойлаган,
Золимлар ўзини ўбдан шайлаган,
Ким дунёдор бўлса, замон шуники,
Дунёси йўқларни кўздан тайлаган.
Ҳеч қаерда йўқнинг сўзи ўтмайди,
Шўр бошига битта тана битмайди.
Бел қувватин сарф этиб, ким тер тўкса,
Бечорага ёвғон шўрво етмайди.
Машаққату меҳнат, заҳмат бу ёқда,
Меҳнатнинг фойдаси – роҳат у ёқда.
Қулдан зиёд ишлатади йўқларни,
Дунё учун йўқлар бир қул сиёқда.
Бири завод, бири фабрика қурган,
Ҳисобсиз давлатга ул эга бўлган.
Бу давлатлар йиғилгунча, ёронлар!
Минг-минг ишчи бунда бўлгандир қурбон.
Бир хилига кўп подани боқтирган,
Ёки тоққа, ё чўлга улоқтирган.
«Кўп ёймабсан, семиртмабсан», дейди-да,
Уриб, сўкиб, кўздан ёшин оқтирган.
Гўштин бойлар, даккисини чўпон еб,
Яна қолар дала-даштни ватан қиб.
Минг қўйини болалатиб об кеса,
«Эгиз туққан қўзилари қани?», деб.
Сен қўйимдан кўп ўғирлаб сотибсан,
Сен, баччағар, бу йил бой бўб кетибсан!
Ҳақин бермай уришарди, сўкарди:
«Эгиз туққан қўзиларни нетибсан?»
Сўкиб айтар: «Обор, итнинг ошини!
Далада хўп ебди, қўйнинг гўшини,
Менинг қўйим кўпи эгиз туғади»,
Деб, йиғдирар хушомадгўй кишини.
Хушомад қиб, улар айтар: «Рост», дейди,
«Бойнинг қўйи бу йил семизмас», дейди.
«Манов қўйлар ҳар йил эгиз туғарди,
Шу чўпонга ит оши ҳам бас!», дейди.
Чўпон шўрли энди шошиб қолади,
Бойлар жуда талтайишиб қолади.
Айтолмайди «ҳақим бор», деб бечора,
Билган сўзидан адашиб қолади.
Бировга об берган тўрт-беш туяни,
Туя – жониворнинг йўқдир зиёни.
Бўронларда, совуқларда ҳайдатган,
Унинг еган совуқларин қўй, они.
Уйда ётиб ҳисоблайди фойдани,
Золим бойлар бўлиб юртнинг шайтони.
Ҳар ҳафта ҳисоблаб олиб турарди,
Йўқнинг ҳақи бўлиб-ичган, егани.
Бир хилларга берди сонсиз азобни,
Тўрт минг, бешминг пулин тинмай қўзғабди.
Ҳафта қарор, ой қарор қиб фойдалаб,
Ҳарна бўлган фойдасини бой обди.
Бирин бозорчи қиб, бировин аттор,
Дунёдорда, қараб турсанг, ҳарна бор.
Ҳарна қилса нафин ўзга қаратиб,
Меҳнат қилиб, қуруқ қолган хизматкор.
Йўқ бечора тинмай меҳнат қилгандир,
Ҳарна фойда бўлса, бойлар олгандир.
Ё ойликми, ё йилликми, камбағал,
Меҳнат ҳосилидан қуруқ қолгандир.
Емай-ичмай, тириклик шу туролмас,
Еб-ичишга бир егулик тополмас.
Эланишдан фойда бўлмас бойларга,
Бу баччағар, қишда қор ҳам беролмас.
Бирга икки бўлди фойда расими,
Кўнмайди унга нафас босими.
Фойдахўрнинг моли шундай кўпайди,
Бойлар олди юртнинг баланд-пастини.
Буғдойнинг бир қопин берди уч қопга,
Икки қопга берса, қўшар инсофга.
Шундай қилиб, расм бўлди судхўрлик,
Бойнинг нафси бўлди, кўрсанг, ҳар бобга.
Қайтсин,22
Қандай қилсин
[Закрыть] йўқ, олмаса куни ўтмайди,
Калта ип бойловга сира етмайди,
Бир қопини уч қопига олган сўнг,
Ўлгунча бўйнидан қарзи кетмайди.
Бир камбағал, бойдан қарздор бўлсин-чи,
Қутулолмас фойдасидан ўлгунча.
Ой туғдими, бу ҳам туғиб туради,
Умри ўтар, шу пулдан қутулгунча.
Топганин қарзига бойга беради,
Қиш билан ёз тинмасдан йўқ юради.
Қанча меҳнат қилса, йўқнинг тани ул,
Уйда ётиб ҳузурин бой кўради.
Бир қашшоққа бир бой юз сўм пул берган,
Беш-олти ой топганини об юрган.
Фойда туғиб, кўп бўб кетган шу юз сўм,
Туғадиган пули ўн мингга етган.
Бой айтади: «Бутун бергин пулимни,
Кўп сўйлатиб қичитмагин тилимни,
Ҳисобласанг молу жойинг етмайди,
Хўп, ўзинг биласан менинг ҳолимни».
Йўқ айтолмас: «Пулинг боши юз сўм-да,
Ундан бошқа қандай пулинг бор менда.
Беш йил сенга топганимни мен бердим,
Сен обқўйиб, бемол бўлдим, шарманда».
«Шу йил юз сўм кейин бердим икки юз.
Икки йилдан сўнг олдинг-ку беш юз,
Сўнг икки йил минг сўмдан қилиб бердим,
Қандай пулинг қолар? Мендан умид уз!».
Ундай деб айтолмас: «Фойдалаб қўйинг,
Тезроқ олмасангиз оларсиз кейин.
Молим бўлса, берар эдим мен сизга,
Ҳеч нарсам бўлмаса, сизга не дейин?!».
Бўйним кучли, фойдасиман қўя бер!
Пулинг қанча кўпайса ҳам уя бер!
Мен ҳам уйга, қирга чопиб кўрайин,
Боз устига байтал, чўбир, туя бер!
Бой айтади: «Сенинг пулинг кўп бўлди,
Энди қутилмассан, беҳисоб бўлди.
Сенинг ўзинг берганинг йўқ қора пул,
Нечов сендай бераман деб, еб бўлди.
Энди, ука, юр биз билан қозига!
Об бораман шу қозининг ўзига.
Ҳар келганда бир қўйимни еб кетган,
Қози мункир келмас еган тузига.
Мен тилингдан бир иқрор хат оламан,
Ҳовлингни, ерингни гаров қиламан.
Шу бу йилдан қолдирмайман пулимни,
Ундириб барини сендан оламан!»
Камбағалнинг энди кетар ҳисоби,
Бойга ўрин ўтмай эланган гапи,
Бой ҳисоблаб юрган ўзин кўнглида,
Еру ҳовли асли бойнинг матлаби.
Олиб борар бечорани қозига,
Қози ўйнар бойнинг чалган созига.
Камбағал шўр бўзлаб-бўзлаб йиғлайди,
Бой қарамас, унинг кўпу озига.
Қозига бой айтар: «Шунда пулим бор,
Бу қаллоб, ўзакли жонда ўлим бор.
Қарзи билан жонни бермай қутилмас,
Менинг ҳам уйимда қизим, ўғлим бор.
Ўн минг сўм пулим бор – қарзи ҳасана,
Ё мункур бўб улай-булай десана.
Фойда туғиб, кўп бўб кетар, ўйлагин,
Кўпаймасин, бунинг олдин олсана!»
Қози сўрамайди, боши на эди,
Ё пули аввалдан ўн минг сўммиди?
Бойнинг пулин бер, деб ҳукм қилади,
Бўлмаса оббориб қамагин, дейди.
Зор йиғлатиб олиб берар ерини,
Камбағалнинг манглайида борини.
Қози, беклар бари бойга бўлишар,
Унутгунча дилда номус, орини.
Шундай қаттиқ кунлар тушиб бошига,
Фалак титраб йўқларнинг нолишига.
Золим бойлар мазах қилиб куларди,
Раҳми келмай муҳтожларнинг ёшига.
Камбағалнинг қўли қотган меҳнатда,
Бу меҳнат ортидан бойлар роҳатда.
Йўқ кўролмас бу роҳатнинг бир кунин,
Умри ўтар ўлгудай бўб хизматда.
Бой фикрича, камбағалда эс ҳам йўқ,
Бари ёмон кўрар, шўрча дўст ҳам йўқ.
Бор бўлганин золим, қонхўр обқўйган,
Ҳеч нима йўқ, баланд ҳам йўқ, паст ҳам йўқ.
Қурбонликка, худойига айтмайди,
Бир тўй бўлса, йўққа хабар етмайди.
Камбағалнинг несин одам дейсан, деб
Муҳтож, бечорани писанд этмайди.
Ҳар қаерда камбағалнинг куни йўқ,
Рост гапирса, айтар: «битта чини йўқ».
Ана шундай хўрлаган бой йўқларни,
На сурат бор, на ҳиммат бор, сини йўқ.
Хушомадман бойлар кўнгули ўсган,
Камбағалнинг йўқлик кўкайин кесган.
Купба-кўндан боши айниб, кўз тиниб,
Бойнинг ваҳми билан йўқни ғам босган.
Мана шундай эди йўқларнинг ҳоли,
Хазон бўлиб, сўлган эди жамоли.
Кеча-кундуз золим, қонхўр зулмидан,
Вой демоққа келмас эди мажоли.
У замонда йўқлар шундай хор бўлган,
Пулдор эшигида интизор бўлган.
Бола-чақасиман бари хизматкор,
Бир хиллари қулдан ҳам баттар бўлган.
Камбағалининг тани бойларнинг иши,
Лекин уни одам демас бой киши.
Уриб-сўкиб, итдан баттар қилади,
Ишлатади бечорани ёз, қиши.
Камбағални зарра эътибори йўқ,
Қанча ишни қилса сўқар, ори йўқ.
Бахт, давлат золим бойлар қўлида,
Камбағалга келмоқ ихтиёри йўқ.
Деҳқонларнинг ҳоли шундайин ўтган,
Шафқатсизлар илигин сўриб ютган.
Мен сизларга несин айтай, ёронлар,
Не йигитлар қарол бўб, сўлиб ўтган.
У вақтлар эзилган камбағал бўлди,
Қашшоқларга бойлар кўп тараф бўлди.
Қош билан киприкни олди золимлар,
Камбағалнинг моли бир соқол бўлди.
Ким йўқ бўлса, унда ҳузур қолмади,
Камбағалга ҳеч ким ҳомий бўлмади.
Иззат-ҳурмат, обрў бари пулдорда,
Йўқларни ҳеч кимса кўзга илмади.
Қози, муфти – бари бойнинг чокари,
Камбағал шўр аввалдан хизматкори.
Меҳнат қилиб, роҳатини кўролмай,
«Дод» демоққа қолмаганди мадори.
Тўраларнинг келган эди замони,
Қибла эди уларнинг тўртта томони.
Қисир қолса агар қири эчкиси,
Камбағалда эди бойнинг гумони.
Пулни суяр эди ҳатто жонидан,
Давлат деса кечарди виждонидан.
Товон талаб этар эди, бехосдан,
Йўқ бечора ўтиб кетса ёнидан.
Замонаси боққан эди зўрларга,
Ношуд, нодон ҳам ақлда ғўрларга.
Чумчуқ сўйиш келмаса-да қўлидан,
Аммо усто эди йўқни хўрларга.
Несин айтай у кунларнинг азобин,
Наҳот, тортиб бўлмас бойлар танобин?
Сўрар эди золимлар элнинг қонин,
Эл ичига ютар эди ғазабин.
Зим-зимистон эди ўша кечалар,
Йўлларидан адашганди нечалар.
Сўниб инсоф, адолатнинг чироғи,
Зулмат ила қопланганди кўчалар.
Шундай эди эл-улуснинг аҳволи,
Қуриб адо бўлган эди мажоли.
Белдан кучи кетса ҳамки дилида,
Чечак очар эди умид ниҳоли.
Ёғилсада бошга маломат тоши,
Ўчмаганди кўкда нажот қуёши.
Нурли кунлар келишига кўз тутиб,
Қадди лолу лек осмон эди боши.
Офтоб нурин абад тўсиб бўларми?
Юракларда умид ўти сўларми?
Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса гар,
Ўн бешида дунё нурга тўларми?
Кун ортидан яна кунлар ўтарди,
Эл қаҳрини ич-ичига ютарди.
Маҳкам қисиб сабр-бардош камарин,
Иқбол тонгин отишини кутарди.
Юракларда эсиб хурлик нафаси,
Чириб борар эди қуллик қафаси…