Электронная библиотека » Муҳаммадали ҚЎШМОҚОВ » » онлайн чтение - страница 4

Текст книги "НАМОЗШОМ ХАЁЛИ"


  • Текст добавлен: 26 июня 2023, 11:01


Автор книги: Муҳаммадали ҚЎШМОҚОВ


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 4 (всего у книги 24 страниц) [доступный отрывок для чтения: 8 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Эшик очиқ қолди.

– Ў, баччағар-эй-й! – дегани эшитилди Бакир мудирнинг. – Кўрдийизми, бу бойваччалар текинга танга санамайди. Бурнидан сал баланд гапирсайиз, тошбў-рон қилворишиям ҳеч гапмас.

Меҳмон негадир ўхшовсиз кулди:

– Сизни феълийизни билмас экан-да, Бакир ака! – деди. – Зарари йўқ, қўйинг, кўнглийизга олманг.

Айни ўша дамда йигитлардан бировининг ўрнидан тургани ва ҳаял ўтмай, чойнак қапқоғининг шиқирлаган товуши Султонбойнинг қулоғига чалинаркан, беихтиёр тишлари ғижирлаб кетди: сўкинди.

Қўққис, меҳмоннинг:

– Чойнакни қўйинг жойига! – дегани эшитилди. – Ман кетганимдан кейин қайнатиб ичасиз. Барака топгур, сизга айтаяпман… Қўйинг… қўйинг!..

Кейин – бироздан сўнг, меҳмон хайрлашди.

Бакир мудир меҳмонни бошлаб хонадан чиқди.

Султонбой чеккада хомуш… хафаҳол сигарет чекаётган эди.

Меҳмон хайр маъносида Султонбойга бош ирғаб, аллатовур бешкетди маъно-сида кулимсираб қўйди.

Султонбой ютоқиб тутун сўраётган эди, меҳмоннинг юз-кўзларида ўзига нис-батан илиқ бир хайрихоҳликними илғагандай бўлиб, негадир, кўнглида мубҳам пушаймонга яқин бир эзғин ҳисни туйди.

Бакир мудир иккинчи қаватнинг зинапояси ёнида меҳмон билан қуюқ хайр-лашди. Сўнг, бирпас бошини қуйи солинтирганча, тек қотгач, аста Пўлат Ҳаки-мовичнинг хонаси томон жилди. Икки-уч қадам юриб, ортига қаради.

Гарчи оралиқ бирор қирқ қадамларча бўлса-да, узун даҳлиз нимёруғ эса-да, ҳар иккалови ҳам бир-бирини аниқ кўрди: Бакир мудир – ҳамон оғзию бур-нидан тутун бурқситаётган Султонбойни, Султонбой – феъли айниган Бакир мудирни!..

* * *

Бир куни, чошгоҳ маҳали котиба эшикни очиб, бошини ичкарига суқди-да, бираваракай ҳаммага салом берди, Султонбойга эса қошини қоқиб:

– Пўлат Ҳакимович чақироптилар, – деди. Котибанинг қошлари қайрилма, кўзлари жон олғувчи жоду эди. – Бегом!..

Султонбой даҳлизга чиқиб, эшикни ёпганидан сўнг, котиба, – бели бир тутам, ўзи Мапасаннинг дўндиқчасидай жувон! – чаросдай жоду кўзларини ўй-натиб, бош бармоғи билан бўйнини тилди: ўлдинг!..

Котибанинг: ўлдинг! – деганича бор экан – Султонбой хонага кирар-кирмас, Пўлат Ҳакимович, худойи саломига ҳам алик олмай, бирдан қош-қавоғини уйиб:

– Бизни тинч қўясизми, йўқми?! – деди. – Нима, сиз шунақа ҳанггимисиз?

Гап нимадалигини билолмай, Султонбой қотди-қолди.

– Бу нима деган гап? – деди Пўлат Ҳакимович, бирров телефонларга хавотирли кўз югуртирёётиб. Стол чеккасида оқ, қизил, қора, кўк телефонлар қатор терилиб турарди. – Кечадан бери бир шаллақи телефон қилавериб, қо-нимни ичаяпти-ку!..

– Ким? – деди Султонбой, беихтиёр устма-уст савол бериб. – Ким экан у? Манда нима иши бор экан?

– У м о ч а х а р н и н г кимлигини сиз айтасиз бизга! – деди Пўлат Ҳакимович, янаям қаҳрчан чимирилиб. – Бўйида олти ойлик боласи бор экан. Сиздан!!. Вақтида тоғ-тоғ ваъдаларни бериб, энди қочиб юрган эмишсиз.

– Э, домла!.. – деди Султонбой, кулмоқчи бўлиб. – Ҳали ишга кирганимга олти ой бўлгани йўқ-ку, Пўлат ака… Қизиқ.

– Нимаси қизиқ?!. Балки, ишқий саргузаштларийизни ишга кирмасингиздан аввал бошлаворгандирсиз, – деди Пўлат Ҳакимович, хиёл ҳовридан тушиб. – Агар у… у сизни танимаса, ишхонангиз раҳбарининг телефон номерини қаёқдан билади?

Кифтларини учириб, Султонбой:

– Агар ман у н и алдаб қочиб юрган бўлсам, сўдга берсин, – деди. – Ғирт туҳмат бу, Пўлат ака. Ишонинг?!.

Айни ўша пайтда қора телефон бирдан олам-жаҳонни бузгудай кескин жи-ринглади.

Шартта Пўлат Ҳакимович Султонбойга: жиминг! – дегандай қўлини пахса қилгач, бир зум телефонга чимирилиб турди.

Тағин телефон чўзиб… чўзиб жиринглади.

Пўлат Ҳакимович дастакни хотиржам қулоғига тутиб:

– Да! – деди. – Да, гапиринг, кимсиз?!. Ҳа, ўзимман… ўзим. Ҳовлиқманг… ҳовлиқманг-э!.. Эй, манга қара, ким бўлсанг ҳам, кучала еган жойингда кучан. Тушундингми?!. – Пўлат Ҳакимович чапаничасига сўкиниб, дастакни тарақ-латиб жойига қўйди-да, телефонни токдан узди. – Бораверинг, – деди Султон-бойга. – Иккалови-мизниям судга берармиш. Хотинбоз ишчийизни қаматмагу-нимча қўймайман, деёпти. Кўрамиз. Лекин, айтиб қўяй: униб-ўсаман десайиз, қадамингизни билиб босинг!..

– Пўлат ака…

– Боринг, – деди Пўлат Ҳакимович, қўл сермаб. – Бор…ринг!..

… ким? – деб ўйлади Султонбой, хонадан дилтанг чиқаётиб. – Кимнинг иғ-воси бўлиши мумкин бу… уйдирма?

Султонбой кун бўйи карахт юрди. Лекин дамба-дам Бакир мудирнинг кўзла-рига ижирғаниб-ижирғаниб қарагиси келса ҳам, қарамади: худди ёмон бир ниманидир билиб қолганлигини сездириб қўядигандай туюлаверди.

Эртасига эса эрталабданоқ кечагиданда баттарроқ бир ғавғога йўлиқди: коти-ба худди кечагидай, Пўлат Ҳакимович чақираёптилар, дедию, Султонбойнинг саволчан назарига жавобан бу гал лабларини муччига чоғлагандай чўччай-тириб, жоду кўзларини бежо ўйнатганча, бошини чайқади:

– Вот што, писаржон, билиб қўй: аввал ўлмаган бўлсанг ҳам энди ўласан!

Султонбой гангиброқ эшикни очди.

Эшик очилар-очилмас, Пўлат Ҳакимович:

– Роса хуноб қилдинг-ку, сан бола, а?! – деди, сан-санлаб. Ва, оғир ўрнидан турди. – Муди-ринг билан келишолмаётганингни, кеча мандан эшитган аччиқ гапларнинг аламини бундан олмоқчи бўлдингми? – Шундай деб, Пўлат Ҳаки-мович столи устидаги бир тахта қоғозни Султонбой томонга шағиллатиб сурди. – Ўйлаб қилаяпсанми, белинг синади-я, бола!..

Султонбойнинг кўзларидан тирқираб ёш чиқиб кетаёзди: катта харита-жад-вални ҳафта давомида ишлаб-чизиб, ниҳоят, кеча тугатганган эди. Кечагина!.. Энди унинг қондай шафақранг бўёққа бўялганлигини кўраркан, ногаҳон ши-линган яра каби юраги жизиллаб ачишмоқда эди. Қурисин деб, стол устида қолдириб кетганига қаттиқ афсусланди:

– Ким… ким бундай қилди? – деди, лаблари пир-пир учиб. Ва, ўша аснода, Бакир мудир кўзига пусибгина кўринаётгандай туюлди: ў ш а н и н г кирдико-ри бу!.. – Сиз қаердан олдингиз буни?

– Ий-э?!. – деди Пўлат Ҳакимович. – Сан билмайсанми ҳали?..

Султонбой аранг аламини ичга ютиб, ётиғи билан тушунтирди, бу қилғилик ҳам мудирнинг иши эканлигини айтди; ҳатто, онт ҳам ичди.

Бироқ, Пўлат Ҳакимович ишонмади:

– Йўқ, бўлиши мумкин эмас, – деди.

– Майли, манга ишонмасайиз, ман кета қолай, Пўлат ака, – деди Султонбой, ахийри дилтанг, паришон ортига тисарилаётиб. – Калхозимда ишлайман бориб.

– Шошманг! – деди Пўлат Ҳакимович, энди сизлашга ўтиб. – Бўшаб кетишни хаёлингизгаям келтирманг. Кадрлар қўнимсизлигига чек қўйиш – бизнинг вазифамиз. Партиямизнинг, ҳукуматимизнинг сиёсати шу!.. Яқинда сизга квар-тира берамиз.

– Раҳмат, – деди Султонбой. – Манга жавоб бераверинг, Пўлат ака.

– Гапимни ерда қолдирганни ёмон кўраман, – деди Пўлат Ҳакимович, ўрнига ўтириб. – Жиззакилик қилманг. Таблицани ҳафтанинг охиригача янгитдан чи-зиб-битказиб, ўзимга топширасиз. Боринг… Бургага аччиқ қилиб, кўрпа куйдир-майдилар.

Султонбой бир қулоч энликдаги катта-тахта қоғозни қувурча қилиб ўраган кўйи, қабулхонага чиқди.

Котиба, тағин кўзлари ҳамишагидай бежо чақнаб, дик этиб ўрнидан турди-да:

– Ну, писаржон, гавари-же! – деди.

– Не чево гаварит, – деб, Султонбой хушлар-хушламас, фақат ўзигагина аён маънода котибага шавқсиз, лекин бир қадар сирли кулимсираб қўйди: кўзимга камроқ кўрин лекин!.. – Тушундингми?..

Гарчи анави офатижонга чор-ночор кулимсираган эса-да, ишдан кўнгли қол-ганигами, ҳайё-ҳуйтлаб қишлоққа кетвориш фикри ҳамон хаёлини тарк этма-ётган эди. Хомуш… хафагазак алфоз нимқоронғи даҳлизга чиқди. Ва, бошини қуйи солинтириб, гўё – борлигу йўқлик аро, паришон кўйи кетаверди: нима қилиш керак? Қўлидан нима келади ўзи?

Бир маҳал, “Боғдорчилик” бўлимига қарашли хонанинг эшиги очилиб, осто-нада ошнаси – акахони кўринди:

– Иби, ҳа, укажон?! – деб қўллашаркан, хонасига тортди. Дарров бир пиёла илиқ чой қуйиб узатди. – Тинчликми, укажон?

Қўлида чой билан, эски, хийла урунганроқ диванга оғир ясланиб, Сул-тонбой:

– Э, сиз сўраманг, ман айтмай, Тошпўлат ака! – деди. Тўғри-да, бировга айт-сайиз, ишонмайди: неваралар кўрган кат-матта одам-а!.. Шуни ўйлаб, бошини чайқади. Аччиқ хўрсинди. Сўнг, рўй берган дилхираликни гоҳ тутақиб, гоҳ бў-ғилиб ҳангама қилгач: – Бошим қотган, Тошпўлат акажон, – деди. – Нима қилишимга ҳайронман.

Тошпўлат акахони ҳамдардлик билан кифтига қўлини қўйиб:

– Ман аввал ҳам сизга айтувдим, – деди. – Мани номимдан Бошқармани ёмонлаб, редаксияга шикоят ёзганида, қончиқмас жойларига уриб, роса қўрқ-итганман: “Билиб қўй, мараз! – деганман. – Бундан кейин аяш йўқ – сўяман! –деганман.” Кейин, ахийри бу бўлимга ўтиб қутулувдим. Сиз ҳам шундай қи-линг, укажон: деворга тақаб, бўғзини эзинг, бўғзини!.. Ёки… калака қилинг – ёлғондакам хушомад йўлига ўтволинг.

… хушома-ад? Йўғ-э! – деб ўйлади Султонбой. – Ундан кўра… Энг яхши йўли – ясаш!..

– Замонанинг зайли билан отдан тушиб, эгарида қолган мудирийиз – Бакир бақироққа кўпроқ хушомад ёқишини кўраяпсиз-ку, укажон?..

Тошпўлат акахони билан бирпас гурунглашиш асносида, бундан кейин Сул-тонбой рўпарасида икки йўл кўндаланг турганлигини англади: лекин, била-яптики, ҳар иккала йўл ҳам бир-биридан қалтисро-оқ!..

… на чора?!.

Ажаб, ўша кунлари – бир хуфтон маҳали, кутилганиданда қулайроқ вазият пайдо бўлди: бироқ, арзимас бир дийдиё туфайли ўласи қилиб дўппослаб, бори аламларининг хуморини тарқатиш баҳонасида ширакайф Бакир бақироқнинг эс-ҳушини жойига тушириб қўйиш ўрнига, попошлаб уйига кузатиб қўйди. Кейин… қоқ ярим кечада эртаклардагидай гўзал шаҳарнинг сирли-синоатли тош кўчаларида танҳо, мастона сандироқлай-сандироқлай, кўксида куйдирги нималардир ила бедор тонг оттираркан, тамомила ўзгарганига… ўзгараётганига – оқибат, ичида нималардир сўлиб, нимадир куртак отаётганига ҳам ҳайрон қолди, ҳам кўзлари жимирлаб, кўнгли ёмон ўксиди.

* * *

Орадан аввалию адоғи йўқ бир дунё вақт ўтди.

Авжи баҳор кунлари эди, дову дарахтларнинг ранг-баранг гулларга буркана-ётганлигини кўраркан, беихтиёр одамнинг баҳри-дили яйраб, яккаш яхшилик ҳақида ўйлагиси, кимларгадир яхшилик қилгиси ва янаям яшаргиси келади.

Лекин… ўша кун, ўша тобда осмон хўмрайган, севалабгина ёмғир ёғмоқда эди. Шунгами, кенг-мўл хона унчаям ёруғ эмас. Дераза ойналарига бир ма-ромда шитирлаб урилаётган майда-майда ёмғир томчилари эса ажаб бир мусиқа янглиғ оҳиста қулоққа чалинади.

Бир маҳал, эшик очилиб, ҳув ў ш а – пўрим кийиниб юргувчи киши, хонага кирди. Одатича, бош кийимини – қоракўли антиқа қалпоғини – олиб, хиёл таъ-зим аралаш, йигитлар билан бир-бир қўллашиб кўришди.

Султонбой ўрнидан турди, – биров айтган экан: қуёшдай бош сенга томон энгашади-ю, сен янги туққан хотиндай тарвайиб ўтираверасанми, адабсиз?! – ҳув ў ш а н д а қўрслик қилгани бори икр-чикрлари билан хаёлида ғужғон ўйна-ган кўйи, юз-кўзларида табассумга мойил майин бир жилмайиш жилоланиб, қўллашди, сўрашди. Сўнг, ҳамма қатори шукронага қўшилиб юзига фотиҳа тортгач, меҳмонни бир пиёлагина иссиқ чой билан сийлашни ўйлади ва столи стдаги чойнак ҳамда пиёлаларни олиб, секин хонадан чиқди.

... токи сафдошларинг қаторида сен ўзингни энг охирги ўринга қўёлмас экан-сан, билгилки, сенга омонлик йўқдир. – Яқинда авлиёмонанд Махатма Ган-дининг “Менинг ҳаётим” китобини ўқиётиб, Султонбой ушбу жумлаларнинг остига қизил қалам билан такрор-такрор чизган эди, шуни эслаб, енгилгина энтикди. – Шунақа – даъво қанча катта бўлса, ранж ҳам ўша қадардир.

20

19–80й.

10

S О S

Ушбу ҳикоямни бутун дунёга “Ўз–

беклар иши” деб жар солинган лаъ-

нати жараённинг жабрдийдалари-

га бағишладим.


Фаридиддин Атторнинг ёзишича, Малик Динор кемада бораётган экан. Ундан кира ҳақини сўрашипти. Пулим йўқ, дебди Малик Динор. Кема малай-лари Малик Динорни роса калтаклашибди. Малик Динор ҳушидан кетибди. Ҳушига келгач, тағин кира ҳақини талаб қилишибди. Пулим йўқ, дебди яна Малик Динор. Малайлар тағин аямай калтаклашибди. Яна ҳушидан кетибди у. Ҳушига келганидан сўнг, тағин кира ҳақини сўрашибди. Пулим йўқ, дебди та-ғин Малик Динор. Малайлар яна уни ҳушидан кетгунича савалашибди. Ҳушига келгач, қўл-оёғини боғлаб, денгизга улоқтирмоқчи бўлишибди. Ана ўшанда мўъжиза рўй бериб, бир гала балиқ сув бетига қалқиб чиқибдию, ҳар бири тум-шуғида Малик Динорга иккитадан тилла динор узатибди. Малик Динор икки тилла динорни олиб, кема малайларига берибди. Ва, бу жоҳиллардан энди йи-роқроқ юрайин, деб, этак силтаб, денгизда, – ҳатто, тўпиғига сув сачрамай, – яёв кетиб қолибди.

Ў-ў, менинг карахтгина ўзбегим, сен минг йиллар тиришсанг ҳам Малик Динор бўлолмайсан, – тобора денгизинг ҳам қуриб, бирин-бирин балиқларинг ҳам нобуд бўляпти, – бинобарин, сенга тумшуғида олтин тангалар узатадиган балиқлар ҳам йўқ. Бироқ, тасаввур этгинки, Малик Динор ҳолига тушиб қол-динг. Хўш, энди нима қиласан?..

1

Миршаблар қуршовида ташқарига чиқаркан, у ер-бу ерда ишчиларнинг қай бирлари куйиниб, баъзилари ҳангоматалаблик билан тўпланиб турганлик-ларини кўрдию, Мўмин Хол бошини эгди. Кўзи тинди. Оёғи остида ер чайқа-лаётгандек эди.

… шафқатлисан ахир, раҳмдилсан-ку, Художон, бунақа шармандаликдан кўра, ол омонатингни, ол?!. Тўғри ишхонадан… Машинада… Ана, пўлат сандиқ-дай машина ичида темир қафас… Ҳангоматалабларнинг кўзи олдида-я!.. Ху-дожон, ол, ола қол жонимни?!

Миршаблардан қайсидир бирови кескин елкасидан итариб, темир эшикни даранглатиб қулфлади.

… бунча қоронғи, бунча тор. Иссиқ. Худди…

Машина жойидан жилар-жилмас, эзғин тарала бошлаган ингроқ бир товуш қафас ичини тутиб кетди. Товуш айни хотинининг, ажабки, шунинг бароба-рида, қизининг ҳам ғамгин изиллаб йиғлаётганини эслатяпти.

… йиғлаётган ким – қизимми ё онасими? Ёки… шунчаки таниш туюла-яптими?.. Йўқ, аламнинг, ғамнинг бегонаси бўлмайди… Қизиқ, қачон, қаерда ёзиб олишган экан? Бунча!..

Бармоқларини бигиз қилиб қулоқларига тиқди. Барибир эшитилаётгандек эди. Янаям қаттиқроқ итарди.

йўқ…. Қайтага баттарроқ-ку! Нима қилиш керак?

Машина кескин чайқалди. Боши темир панжарага урилди. Кўзларидан уч-қунлар сачради. Беихтиёр инграётиб, лабини қаттиқ тишлади.

ҳой-наҳой, қонатвордимо-ов!

Лабларини сийпалади. Кейин, бошини чангаллаб, ғужанак бўлиб олди.

нима қилиш мумкин? Умуман, қутулишнинг чораси?.. Ўтган гал!.. Нима, элтиб қамаб қўйишадими энди?

Ўтган гал бетайин тергову беаёв қийноқлардан сўнг: билиб қўй, янаги сафар пачакилашиб ўтирмаймиз, дейишган эди.

… чиндан ҳам… Тиқиб қўйишади шекилли. Мана, темир қафас, юракни тирнаётган, йўқ… бурдалаётган йиғи товуши. Буям бир жазо усули-да! Ифлос-ларнинг ўйлаб топганини… Чидаш… чидаш керак. Ҳали бундан ҳам оғирроқ-лари, бундан ҳам баттарроқлари… Лекин, нима учун ахир? Бировга нимадир берган ёки олган бўлсам ҳам гўрга эди-я!.. Агар у одам олган бўлса, бировлардан олгандир, мендан… Йўқ, ҳатто, таъма ҳам қилган эмас ахир. Уф-ф, йиғи то-вуши эзворди-ку!.. Қоронғилик… Ингроқ йиғи товуши… Уф-ф-ф!

Қоронғилик ингроқ тишлари билан ҳам миясини, ҳам кўксини ғажиёт-гандек, лекин айни кезда юраги беадад куйишмоқда эди. Хўрлиги келди. Нимадир бўғзига қадалди. Қошлари орасидан олдинма-кейин икки томчи тер чап кўзига томди. Бўғзига ниманингдир қадалганигами, нафаси сиқилди. Ал-лақачон кўйлаги тердан жиққа ҳўл бўлган эди.

… оғриқ… Қизиқ, шу тобда кўпроқ азоб бераётгани миямми ё юрагимми – қайси бири? Ёки?..

Қаери аёвсиз оғриётганлигини аниқ билолмади. Лекин, ўлгиси келаётгани чин эди.

Бир маҳал, машина секинлаша бошлади.

… хайрият-э! И-и, нега суюнаяпман ўзи? Ҳадемай қийноқ… Нима, яна?.. Уф-ф-ф, чидаёлармиканман-а ?

Ниҳоят, машина тўхтади.

Тарақлаб эшик очилди.

Бирдан кўзлари қарақди. Энгашиб, темир қафас рўпарасидаги майдончага чиқди. Киприклари пирпиради. Аччиқ терданми, кўзлари жиққа ёш эди, ҳов-лида – тарвақайлаган тут соясида – давра олиб турган бир тўп миршаб кўзлари-га хаёлий соялар каби хира кўринди.

Пешин.

Жазирама.

Қуёш тобора қиздирмоқда.

Сочлари орасидан, пешонасидан сизиб кўзларига, юзларига, бўйнига сирға-лаётган терларни артмоқчи бўлди. Лекин, айни ўша тобда шартта ёшроқ мир-шаб билагидан ғижимладию, кескин силтаб пастга туширди. Қўлига кишан ур-ди. Елкасига нуқиб:

– Ўтинг, Холов! – деди, дағалроқ овозда. – Серрайманг.

Янаям хўрлиги келиб, Мўмин Хол:

– Қотил ё хоин эмасман-ку! – деди. – Нима учун кишан солдингиз қў-лимга?

– Бизга шундай буюрилган. Гапирилмасин!

овози бунчаям таниш – ким бўлдийкан?.. Буюрилган, дейди-я, энағар! Буюрилса, ўйламай-нетмай, отасининг ҳам кўкрагига қўрғошин жойлашдан қайтмаса керак. Ўйлашга ҳақи йўқ.. Ўйлаш ҳуқуқидан маҳрумлигини тан олгани учун маош берилади бу жоҳилга. Буюрилса бас, кўзларини лўқ қилиб Раҳ-матли отам ҳақ эканла: қ ў р қ о қ л и к ҳамда м а ъ р и ф а т с и з л и к – бандасининг шўри, жамиятнинг бадбахтлигидир.

Ана, кўзтаниш миршаб йигит индамай, деразалари қалин панжарали бино томонга шахдам бошлаб боряпти.

Зинадан кўтарилиб, даҳлизга кирдилар.

Салқин.

Нимқоронғи.

Чап томондаги чарм қопламали эшикни очиб, миршаб йигит елкасидан итарди:

– Анграйманг!..

Ичкари кирар-кирмас, бирдан ўқ узилган каби, ортидан қарсиллаб эшик ёпилди.

Хона… лаҳаддек қоронғи – йилт этган нур анқога шафе. Хийла салқин. Зилдай туюлаётган жимжитлик эса тобора ўз қаърига тортаётгандек.

Юраги дук-дук ура бошлади. Бояги ингроқ товуш эса ҳамон қулоғидами, миясидами, эзғин аксу садо бераётгандек эди.

… нима, қамоқхонами бу? Нега қўлимни кишанлаб қўйишди?

Бир пайт, Балояннинг аллатовур ғуриллаган овози эшитилди:

– Нега сеники бақрайиб турасан, Холов?!

Бирдан Мўмин Холнинг юраги шув этди. Ва, ўша баробарида тиззаларига титроқ кирди.

… ух-x, шу ерда-ку! Бир ўзимикан?

– Стулга отур.

– Кўрмаяпман.

Сидоров чийиллаб кулди. У – Балояннинг шериги. Русчалаб, сермаъно оҳангда:

– Ҳозир биз сенга корсатиб қўямиз, – деди.

Тунчироқ тугмаси чирқ этди. Хона хиёл ёришди.

Дафъатан Мўмин Холнинг нигоҳи столга ўмгаҳини тираган кўйи иршайиб ўтирган Сидоровнинг бароқ соқолига, совуқ чақнаётган чайир кўзларига тушди.

Шунингдек, стол устида Лениннинг кичкина ҳайкалчасини ҳам кўрди.

Отюз, қиррабурун, уккикўз, тепа сочи тўкилган Балоян эса, столнинг чап ёнида, деворга тақаб қўйилган юмшоқ ўриндиқда ястаниб, оёқларини чалиш-тириб ўтирибди. Худди… тошдан йўнилган ҳайкалдек.

Хона ўртароғида бир курси кўзга қорайиб кўринмоқда эди.

– Кўряпсанми?

– Кўряпман.

– Жудо яхши, – деди Балоян. – Отур!

… ток улаб қўйилган бўлса!

Aммo, шундай ўйлаётган эса-да, ўтирмай иложи йўқ эди – Мўмин Хол курсига чўнқайди. Хазин хўрсинди:

– Кишанни ечиб олинглар? – деди.

– Фақат битта шарти бор! – деди Балоян русчалаб. – Биз айтгандай қилиб тилхат ёзиб берасан.

– Айтганман-ку, мен ҳеч кимга ҳеч нарса бермаганман! – деди Мўмин Хол.

– Берган, сеники пара берган! – деди Балоян. – Яхшиликча, иқрор бўл, Холов!

– Бермаганман ахир, ўртоқ Балоян! – деди Мўмин Хол бўғиқ оҳангда. – Ишонинг, пора берган бўлсам, тил тортмай ўлай.

Қошлари ўжар чимирилиб, Балоян ирғиб ўрнидан турди:

– Свет! – деди.

Шартта Сидоров курсида ортига айланаркан, кучли қўлчироқ нурини деворга тутиб:

– Кўриб қўй! – деди. – Қара… яхшилаб қара!

Деворда Карим Раҳимнинг каттакон суратини кўриб, бир зум Мўмин Хол анграйиб қолди: дунёсининг энг бахтиёр одами каби Карим Раҳим яйраб куляпти. Бошида чиройли дўппи, эгнида сталинча тўрт қиссали камзул. Кўркам. Юз-кўзлари беғубор кулгидан яшариб, яшнаб кўринади… Қараб туриб, унинг яшаёлганигами, кўнгилларда ўчмас бир из қолдиролганигами, нимасигадир ки-шининг ҳаваси келади.

– Ана шу одамга сен ўттиз минг пора бергансан, – деди Балоян. – Тўғрима, Холов?

– Бермаганман, ўртоқ Балоян, Худо хайрингизни берсин, ишонинг ахир?!

– Етар!.. – Сўкиниб, қўл силтади Балоян. – Бермаган бўлсанг ҳам, ўттиз минг пора берганман, деб тилхат ёзасан. Чунки, унинг ўзи сени пора берганлар рўйхатига ёзиб қўйган. Сен ўн еттинчи ўриндасан. Етмиш икки киши унга пора берган. Етмиш икки!.. Билдингми?

Балояннинг гапларига ишонарини ҳам, ишонмаслигини ҳам билолмай, та-ғин Мўмин Хол суратга хомуш тикилди. Хўрсинди.

… йўқ, гапларига ишонмаслик керак. Иблис-да, авраб, илинтирмоқчи. У одам ўз бўйнига ўзи сиртмоқ соладиганлардан эмас. Ана!.. Агар мабодо па-лакат босиб, пора берганлар рўйхатини Карим Раҳим ўз қўли билан тузган бўлса ҳам, у қаторга мени тиркаёлмайди. Асло!.. Чунки, пора тўғрисида менга, бирор ишора ҳам… Йўқ, бермаган нарсамни бердим деб… Йўқ!.. Эрта бир кун юз-юзга, кўз-кўзга… Йўқ!.. Ёзмайман… ёзмайман… ёз…май…ман.

Кишан айни бўғма илондай экан. Сал қўли қимирлаб кетса ҳам, билагини янаям баттарроқ сиқиб, тобора азоб бермоқда эди.

Мўмин Хол Балоянга мунграйиб:

– Илтимос, кишанни ечиб олинг? – деди.

Балоян, ниҳоят, юрагидаги очофат қонга тўйган каби совуқ кулимсираб:

– Ёзасанми? – деди.

Мўмин Хол оғир бошини чайқади:

– Ёзмайман, – деди.

Бирдан Сидоров бақириб:

– Ёзасан, газанда! – деди. Ва, шартта ўткир чироқ нурини кўзига тутди.

Туйқис қум тиқилгандай оғриб, ҳеч нимани кўролмай, Мўмин Хол чирт кўзларини юмди.

– Ёздираман!..

Балоян сиполик билан Сидоровнинг ҳовурини босиб:

– Қизишма, Иван, – деди. – Биласан-ку, бугун бизнинг вақтимиз кўп. Улгу– рамиз… Чироқни деворга бур! – Сўнг, яна Мўмин Холга буюрди: – Қара, қара! Кўряпсанми, у кит эди, сен – чавақсан. Унинг зулми остида қандай яшага-нингни эслагин-да, тилхат ёзиб беравер, Холов. Агар у чиқиб келса, сенга ҳам, сендай чавақларга ҳам кун бермайди.

Кўзлари жимирлаган кўйи, суратга тикиларкан, Мўмин Хол кўнглида Ба-лояннинг фикрига қўшилмади.

… йўқ, Карим Раҳим наҳанг эмас, зарбу зуғуми зўр раҳбар эди. Ишнинг кўзини биларди. Ишбилармон кишиларни қадрларди. Шунинг учун ҳам унга шахсан Рашидовнинг назари тушган эди. Ҳа-да!..

Ёдида: авжи саратон. Пешин пайти. Вилоят марказидаги катта боғда кен-гаш ўтказилаяпти. Минбарда Рашидов.

– Кеча биз Зарафшон бўйидаги бир колхозни айланиб, колхозчиларнинг анча бой-бадавлат яшаётганликларига гувоҳ бўлдик. Колхознинг мармар ҳовузлари, кўркам боғлари, муҳташам биноларини, теплицаларини кўриб қу-вондик. Ўша, – биз кўрган, – миллионер колхоз раиси ўртоқ Каримов ҳам кенгашда иштирок этяптилар, – деб, Рашидов қўр тўкиб ўтирган раисларга, директорларга, котибларга синчков нигоҳ ташлагач, бош ирғади. – Қани, ўртоқ Каримов, марҳамат, бизга айтинг-чи, бундай қувончли ютуқларга қандай эри-шаяпсизлар?

Гурс-гурс одим отиб, Карим Раҳим минбарга яқинлашди. Даврага юзлан-ди. Кейин, хиёл Рашидов томонга ўгирилиб:

– Ҳурматли Шароф Рашидович, сизнинг қимматли ўгитларингизга амал қилиб, ишбилармон кадрларни жой-жойига қўёлганимиз учун ҳамма мушкул-ларимиз осон кўчяпти, – деди.

– Раҳмат, ўртоқ Каримов! – деди Рашидов. – Отангизга раҳмат!..

… шунақа.

Карим Раҳим наҳанг эмас, беҳуда гапирмайдиган, гапини елга совурмай-диган раҳбар эди. Кейин, ўша кенгашдан сўнг, туман қурултойида партия қўмитаси биринчилигига тайинлангач, қулочини кенг ёйворди. Жуда қисқа фурсатда – салкам беш йилда туман шаъни-шавкати учун жуда кўп хайрли ишларни бажартирди: етмиш йилдан бери нураб ётган масжид-мадрасаларни созлаб-бутлаб таъмирлатди; марказий кўчаларни кенгайтириб, кўкаламзор-лаштирди; туман маркази этагида катта боғ барпо қилдирди; ўнлаб данғил-лама қироатхоналар, саройлар қурдиргани ҳали-ҳамон тилларда достон.

… э, жуда кўп хайрли ишларни қилди-е! Унинг замонида бошланган катта қурилишларнинг баъзиларини, ана, ҳанузгача бозорни битиролмаяптилар-ку!..

Ҳа, Карим Раҳимнинг қилган энг катта, энг сара ишларидан яна бири – ҳамма катта корхоналарга ишнинг кўзини биладиган мутахассисларни тайин-лаган эди.

Бир куни, ҳузурига чақиртириб: “Мўмин Хол – ука, биз, ўйла-буйлаб, сени тайёрлов маҳкамасига раҳбар қилиб қўйишни лозим кўрдик, –деди. – Ветврач-сан – терининг сифатини, жуннинг сарасини яхши фарқлайсан. Заводлардаги ноинсофлар сани алдашолмайди – районнинг ҳақини ундириб ололасан. Раҳ-матли отангни яхши билардим, ҳаромдан ҳазар қиладиган намозхон одам эди. Сўраб-суриштирдик – кўзи тўқ, анча бамаъни йигит экансан. Энди ўзинг бир иш кўрсатасан-да, ука!..”

Мана, ўша суҳбатга ҳам тўрт йил бўляпти. Яқин бир йилдан бери эса Ка-рим Раҳим қамоқда. Тергов беряпти. Аслида у одамдан омад юз ўгирди. Бўл-маса… Тўғри, айтгани – айтган, дегани – деган, анча қаттиққўл, ҳатто, қаттиққўлликни ҳадди аълосидан оширворган пайтлари ҳам бўлган, лекин…

…қизиқки пора олган одам, минг бир қийноққа дучор бўлса ҳам, олдим, дермиди… Етмиш икки одамРўйхат – буларнинг бари манави ёвуззнинг би-чиб-тўқиётган уйдирмаси. Албатта-да!..

– … Агар яхшиликча ёзиб берсанг, биз ҳам одаммиз – тушунамиз, ортиқча озор кўрмайсан, – деди Балоян, ҳамон аврашда давом этиб. – Ёзиб бермасанг… Ёзасан-а?.. Ёзасанми, Холов?

Мўмин Хол унинг кўзларига тик қараб:

– Йўқ, ўртоқ Балоян, тилхат ёзмайман, – деди.

Деди-ю, энгаҳи остидан зарб еди. Ҳавога бир сапчиб, қаттиқ чайқалди. Қуламади. Аммо қулоқлари чиппа битди. Кўзлари тинди. Кейин – хиёлдан сўнг, қулоғига Балояннинг ўдағайлаётгани олислардан эшитилаётгандай чалинди.

– Ёзасан, аблах! Биз билан ўйнашма! Барибир, ёздирамиз!

Мўмин Хол жисмида майин бир титроқни туйган кўйи, афти бужмайиб тупурди. Олдинги бир тиши шилимшиқ тупугига қўшилиб тўп этиб тушди. Кафти ортига лабларини артаётиб:

– Майли, адвокат чақиринг, – деди. – Адвокатнинг иштирокида ёзаман.

Балоян қаҳрчан сўкиниб:

– Мана сенга адвокат!.. – деди. Ва, Мўмин Холнинг юзига муштини тираб, чап деворга қаратди. – Иван, свет!

Эшик ёнидаги каттакон суратга нигоҳи тушар-тушмас, Мўмин Хол дик этиб ўрнидан туриб кетаёзди: негадир Карим Раҳим хўмрайганча, қўлидаги кўзойнакни тўппончадек ўқталган каби, шитоб хонага кириб келаётгандай эди. Бошида чорқирра дўппи, оёғида ярақлаган туфли… Кўзларида эса аллатовур бошқача бир ғазаб чақнаётгандек!

Ҳамон вужуди бўйлаб таралаётган майин бир титроқдан беҳолланиб, Мў-мин Хол бошини ўмгаҳига босди.

… худди устимга бостириб… Қизиқ, қоронғулик таъсириданми ё мушт еганимнинг оқибатими, мана, юрак… Юрагим ҳам… Қоронғилик кишининг қўрқувини кучайтираркан-эйЁ!.. Қўлларимда кишан. Роса эзаёпти… Қоронғи-лик, кишан, калтак… Қўрқитиб, қийнаб тилхат ёздиришмоқчи. Ёзсам, эрта бир кун у одамнинг кўзига қандай қарайман? Кейин… мана, пора берганини тан олган, деб ўзимниям элтиб тиқиб қўйишлари… Йўқ, ёзмайман. Ёзмаслигим ке-рак.

Гўё кўнглидан кечаётган фикрларни англаётгандек, Балоян:

– Агар у билан юзлашишдан қўрқаётган бўлсанг, қўрқмай қўяқол, – деди суратга ишора қилиб. – Биз и ш н и шундай бажарамизки, қамоқдан қайтиб чиқмайди у… Сен судда қатнашмайсан. Кейинчалик ҳам сени ҳеч ким безовта қилмайди… Қара, кўраяпсанми уни?.. Агар у қамоқдан чиқиб келса, ҳаммангни ғажиб ташайди. Кўзларига қара!..

– Ўзингиз билиб турибсиз-ку, ўртоқ Балоян…

… ўртоқ бўлмай ҳар бало бўл. Илоё балога йўлиққайсан, Балоян!

– … мен пора бермаганман, – деди сўнг Мўмин Хол эланаётгандек: – Худо-дан қўрқинг ахир?!

Нимадир нашъа қилгандай яйраб иржайиб, Балоян:

– Берган, сеники пара берган, Холов! – деди яна ўзбекчани бузиб гапириб. Сўнг русчада давом этди: – Агар пора бермаганингда, бунақа сердаромад ишга ўтолмас эдинг. Ҳар қандай нодон ҳам билади буни. Тўғрими?.. Қайсарлик қилсанг, қолган тишларингни ҳам бита-битта қоқиб оламиз. Агар ўтган гал тушунтирганимиздек, кабинетига киритиб, ўттиз минг берганман, деб тилхат ёзсанг, озодсан.

Бошини паришон чайқаб, Мўмин Хол:

– Йўқ, ман… ман туҳмат қилолмайман, – деди.

Бирдан Сидоров:

– Ух-х, гад! – деб, Лениннинг ҳайкалчасини ирғитди.

Мўмин Хол аранг чап бериб қолди.

Ҳайкалча ганчдан ясалган экан, орқа деворга тарақлаб урилиб, чил-чил тўзғиб кетди.

Ўша аснода Сидоров:

– Ёзасан, газанда. Ёзмай иложинг йўқ! – дея ёвқур важоҳатда отилиб бордию, ногоҳ икки қоши орасига кўрсаткич бармоғини найзадай санчди.

Ҳушдан кетаётганини сезиб-сезолмай, Мўмин Хол гурс этиб қулади.

Бир маҳал, ҳушига келди. Тўнғиллаган овозлар чалинди қулоғига. Билдики, гилам устида чўзилиб ётибди… Айниган чой сепишганми ё бошқа бирор нимами, сочлари, юзлари жиққа ҳўл. Сассиқ!.. Кишанни ечиб олишибди. Аммо, тунчироқ ёниб турганини демаса, ҳамон хона қоронғи эди. Секин бошини пайпаслади.

Айни ўша пайтда Сидоров шартта ердан узиб, курсига ўтирғизиб қўйди. Сўнг:

– Отбозорни биласанми? – деб сўради пишиллаб. – Қоровулбозорни-чи?

– Билмайман, – деди Мўмин Хол. Ўз овози ер қаъридан таралаётгандай ғалати эшитилди қулоғига. – Билмайман.

– Биласан. Эшитгансан, газанда. Агар тилхат ёзиб бермасанг, хотинингни ҳам, қизингни ҳам Отбозорга элтиб, кўз олдингда қамоқдаги каллакесарларга қўшиб қўяман. Улар навбатма-навбат роса пийпалаб… – Баралла ҳақорат қилгач, Сидоров дўқ-дўқ кўксига нуқиди. – Кўрасан, мен қиламан шу ишни!

Нохос тили танглайига ёпишгандек, Мўмин Хол лол қотди. Ва, шунинг баробарида, тағин ўша ингроқ йиғи товуши қулоқлари остида жарангла-ётгандай туюла бошлади. Орадан бирор лаҳза кечиб-кечмай, хаёлида ғира-шира нурланаётган фаҳш бир манзарадан эса баттар даҳшатга тушди.

… бунақа имонсизлардан ҳар қандай ёвузликни… О, Художон, ўзинг мадад бегайсанр?! Шармандаликдан… юзи қароликдан ўзинг асрагайсан, Художон?!. Бу не хақорат, бу не хўрлик... Ман нима учун бунча қўрқоқликСабилгина жоним учунми?.. Йўқ, қизим!.. Хотиним! Қизим!!. Уф-ф! Ким деган одам бўламан кейин? Қандай бош кўтариб юраман кейин?!.

– Хўш, ёзасанми?.. Сендан сўраяпман, газанда?!

– Нима?

– Яхшиликча ёзасанми, деяпман?! – деди Сидоров ўқрайиб. – Гапир ахир!

Мўмин Хол тағин бошини қуйи эгди.

Шартта Сидоров столни айланиб ўтиб, қўлчироқ нурини ўнг томондаги деворга тутди:

– Қара! – деди. – Яхшилаб кўриб қўй султонингни, газанда! Сени ҳам худди шундай аҳволга соламан.

Терговхонадами, аллақайси кавакда Карим Раҳимнинг мунғайиб ўтирган ҳо-латдаги каттакон суратини кўрдию, бирдан Мўмин Холнинг чакка томирлари лўқиллай блшлади. Тишларини янаям ғич қилди.

…ух-х, жоҳиллар!.. Бечора муштдайгина бўпқопти. Тавба… тавба. Бечора-нинг кўзлари!..

– Эй, сен – Македонскийнинг хазинабони! – деди Сидоров, таҳқиромуз ир-шайиб. – Хотининг билан қизингни кутаётган ғаройиб қисматниям унутма!

Тобора кўкси ғуссага тўлиб, Мўмин Хол:

– Уф-ф! – деди. Бошини чайқади.

– Бошқа иложинг йўқ, Холов, – деди Балоян. – Хотининг билан қизинг кал-лакесарлар қўлига тушишини хоҳламасанг, ўзинг қутулиб қолишни истасанг, биз айтгандай қилиб тилхат ёзиб беришинг керак… Ёзасан-а?

Мўмин Хол индамади.

Сидоров бир неча варақ қоғоз ҳамда ручкани стол чеккасига қўйди. Тун-чироқни яқинроқ сурди. Сўнг, эпчиллик билан курсига қўшиб кўтариб, Мўмин Холни стол ёнига элтди-ю:

– Ёз! – деди. – Ёзасану кетасан.

Хаёл-бехаёл Мўмин Хол ручкага қўлини чўзаркан:

– Барибир, бирор кун у о д а м сизлардан ўч олади, – деди. – Албатта, ўч олиши керак.

… агар ўч олмаса, одам эмас. Э, музтар, муттаҳам бандаси ҳар қандай махлуқдан ҳам баттар-э!..

– Во!.. – деди Балоян, кўрсаткич бармоғини кўкка ниқтаб. – Сеники калла ишлайди, Холов. Тўғри, ўч олиши керак. Лекин… лекин, сенга шуни айтиб қўяйки: кўрдик, билдик – биздан ўч оладиган ўзбекларнинг бари ўтиб кетган экан. Қолганлари… – Шундай деб, Балоян шартта икки бармоғи орасидан бош бармоғини сиқиб чиқариб кўрсатди. – Во-о!..

Кўкси куйишиб оғриб, Мўмин Хол мунграйиб қолди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 | Следующая
  • 4.4 Оценок: 5

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации