Электронная библиотека » Муҳаммадали ҚЎШМОҚОВ » » онлайн чтение - страница 6

Текст книги "НАМОЗШОМ ХАЁЛИ"


  • Текст добавлен: 26 июня 2023, 11:01


Автор книги: Муҳаммадали ҚЎШМОҚОВ


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 6 (всего у книги 24 страниц) [доступный отрывок для чтения: 8 страниц]

Шрифт:
- 100% +

… ўшандан бери еру кўкда йўқ. Қанча бўлаяпти шунга – етти йилми, саккиз йилми, кўпроқми?.. Э, ҳар қандай бошқа дарднинг юз йиллик оғриғи ҳам фарзанд доғининг бир кунлик, бир нафаслик аламичаям бўлолмас-э! – Ўз фик-рини ўзи маъқуллаб, аламзадалик билан, Нортўхта аччиқ хўрсинди. – Яхшиям-ки, ўғлидан бири-биридан азиз, бири-биридан ардоқли зурёдлар қолгани.

Иброҳимнинг эса Ғафуржони нобуд бўлган. Айни навқирон йигит ёшида!.. Дилором ҳам, ҳатто сўзга хасис Рауф Парфи ҳам, – улар қўшни яшар эдилар, – раҳматли Ғафуржонни жуда хушфеъл, ўта абжир, – каратечи-да! – жуда закий бола эди, деб таърифлаганларини Нортўхта кўп маротаба эшитган. Ўша кунларда Ғафуржон университетнинг ҳуқуқшунослик факултетига кириш учун имтиҳон топшираётган экан. Ҳамма баҳолари аъло. Яна биттагина имтиҳонда ўтса – студент!.. Лекин, кўринмас бало оёқ остида, деганларидек, биринчи қава-тида “Мебель” магазини жойлашган тўққиз қаватли турар-жой биносининг олтинчими, етттинчи қаватидан – охирги имтиҳонидан бир кун олдин – отиб юборишган… Аввал ўлдириб, кейин отворишган, деган тахминлар ҳам бор… Н е г а, н и м а у ч у н а х и р?!. Ҳали-ҳануз ўртагувчи ушбу саволга жавоб йўқ.

… Ғафуржон – Иброҳимнинг битмас юрак яраси, – деб, ўйлади Нортўхта, Ғафуржоннинг қазоси кунларида Иброҳимнинг: б у д у н ё с и д а ю р а г и ш и л и н м а г а н б и р о р б и р б а н д а с и й ў қ э к а н, деган аламангиз гапини эслаб. – Ғафуржон – туш; отасининг адоқсиз, аёвсиз туши… Ғафур-жон – Иброҳимнинг фожеий эртаги. Ўзи ўқиб, ўзи йиғлайверади… Халқ айта-дики, ўғлингиз ўлганида бир кун йиғлайсиз, кейин, бир умр – то сўнгги нафаси-нгизга довур еру кўкка сиғмай чингсийверасиз… Ғафуржон, илоё, навқирон руҳинг то абад Худойимнинг Жаннатида бениҳоя яйрасин. Омин!..

Ўша мотам кунларида, ундан кейин ҳам, ўзаро гурунглар асносида, Иброҳим хомуш-хаёлчанлик билан, Хожа Аҳмад Яссавий ҳамда Хожа Баҳоуддин Бало-гардон буваларимиз ҳаётидан бир-биридан таъсирчан, бир-биридан даҳша-тангиз ҳикоялар сўйлаган. Айниқса, улардан иккитаси Нортўхтанинг хотира-сида муҳрланиб қолган.

Эмишки, Хожа Аҳмад Яссавий буванинг биргина ўғиллари бўлган экан. Тў-ғон бошида, сув талашиб, ўғилларини ўлдиришипти. Ана ўшанда ўғилларининг ўлдирилганлиги ҳақида шум хабар келтирган кишига Яссавий бува:: “Ҳай, ат-танг! Сапчани бемаҳал узибсизлар-да, деб”, боғлиқдаги оқ отларини инъом қилган эканлар. Ўғилларини ўлдириб қўйган йигитга эса ёлғизгина қизларини никоҳлаб берган эмишлар… Бундай валломатликнинг маъни-моҳиятида пинҳон асл н и м а д и р н и расмона ақл билан англаб етиш… душвор, кў-ў-ўп душвор. Иккинчи ҳикоя эса янаям даҳшатлироқ, янаям!.. Ҳазрати Баҳоуддин Бало-гардон бува ҳажга борганларида, қарасаларки, биров қўйни, биров бузоқни, бирови туяни Тангри таолога атаб, қурбонликка бўғизлаётган экан. Баҳоуддин бувада эса ўша тобда қурбонлик қилишга арзирли ҳеч вақо йўқ. Нима қилиш керак – кўп ўйлаб ўтирмай, қўлларини фотиҳага очиб: “Ё бор Худоё, ўзинг берган бир ўғлим бор. Ўшал ўғлимни ў з и н г г а атадим. Омин!” дебдилар. Ҳамроҳлари ўшал кун, ўшал соатни эслаб қолибдилар. Кейин, муборак ҳаж сафаридан қайтиб, билсаларки, айни ўшал кун, ўшал соатда ҳазратнинг ўғил-лари оғримай-нетмай, жон таслим қилган экан.

Эҳтимол, шундай ғалоғул ҳикоялару ривоятларнинг теран мулоҳазалари Иброҳимнинг куйган кўнглига малҳам бўлолгандир. Ахир, фарзанд фироғига, фарзанд доғига чидаш осонми?!

… о-о, бой бериб қўйган фарзандингизни қўмсаганингизда, дунёси сариқ чақагаям арзимасдай туюлиб, еру кўкка сиғмай қоласиз!..

Дилшодининг қазоси ҳозиргидай Нортўхтанинг ёдида. Кўзларидан юм-юм ёш оқиб, борлигу йуқлик аро маҳв бўлиб ўтирганида, маҳалланинг оқсоқоли Мирсайдулла ака дабдурустдан: “Сиз шукр қилинг, иним”, дедилар. Бирдан жиннига қарагандай, кўзларида аччиқ ёшлар билан, Нортўхта оқсоқолга қаради: “Эси борми бу чолнинг?! Бу нимаси ахир – ишонган ўғлимдан, суянган боламдан айрилган бўлсам-у, яна шукр қилсам?!”

Ҳамиша Мирсайдулла ака “Астра” чекардилар. Хотиржам сигаретни тутатиб: “Ҳа-ҳа, сиз шукр қилинг, иним! – дедилар, янаям ўктамроқ оҳангда. – Ўғли-нгизга икки газ ер насиб қилаяпти-ку! Ўғлингиздан икки ўғил – икки нишона қолаяпти. Шукр қилинг!..”

Дилшодининг қазосидан бери бир дунё вақт ўтди – агар иккала неваранинг ёшини бири-бирига қўшсангиз, дадасининг ёшидан анча ўзиб кетади. Лекин, ўйлаб қараса, ўтган бир дунё вақт – бир нафасча, бир киприк қоққанча ҳам эмас. Ҳаммаси ҳозиргина рўй бергандек!.. Ана, дунёларга бергисиз боласи, жон талоша-талоша, тонг отардан эртароқ омонатини топшириб, энди жонсиз-руҳ-сиз, сўнгги сафарини – борса-келмас сафарини кутиб ётгандек. Ҳадемай, ла-панглаган тобут ортидан мотамдор тумонатни эргаштириб, қабристонга йўл оладилар…

Ана, қабристон – эрта бир куни ёшу қари, аёлу эркакнинг қиёматли манзил-макони. Ҳамма жим. Ҳамма мотамда… Во ажаб – атроф-теваракда бирор бир гулдан асар йўғ-у, лекин аҳён-аҳёнда бир булбулнинг эзиб-эзилиб сайраётгани қулоққа чалинади. Оппоқ сурп билан кафанланган Дилшодини лаҳадга узат-ганларидан сўнг, Нортўхта қабр ёнида эндигида икки ярим ёшларидан ўтаёт-ган неварасини тиззасига олиб, – илк маротаба Туроншоҳни Саъдулла ана ўшанда кўрган бўлиши керак, – суврати одаму сийрати абгор бўлиб ўтирганида, Мирсайдулла ака аста энгашиб, оғаларча меҳрибонлик билан, қулоғига шивир-лайдилар: “Сандан розимиз, биздан ризо бўл, ўғлим , деб айтинг, иним!..”

… илоё охиратингиз обод бўлсин, Мирсайдулла ака! Сиз – ҳақ экансиз. Шукр, ўзига шукр.

Ана, Ғайбулла аканинг кўзлари очиқ кетди – ўғлининг… бир кунда, бир на-фасда дом-дараксиз йитган Ҳабибулласининг ўлик-тириклигини билолмай ўт-ди. Ўлди деса, гўри йўқ, тирик деса, ўзи йўқ. Жабр… жабр!.. Ғайбулла акага кўп жабр бўлди. Ниҳоят, сўнгсиз изтиробларга дош беролмай, аламзада юрак ёри-либ кетди. Иброҳимга эса чандон жабр: Ғафуржонидан на бир нишона қолди, на бола фақр… бирор бир сулувнинг сочларини тўйиб-тўйиб ҳидлаёлди.

3

Хомуш-хаёлчанлик билан, таниш-билишларга бир-бир қўнғироқ қилганидан сўнг, Нортўхта телефонни нари суриб, оғир ўрнидан турди.

Неваранинг каттаси – Туроншоҳ столни, кичиги – Шерзод хонтахтани эгал-лаб, дарс таёрламоқда эди.

Ҳали эрта. Ухлайдиган вақт эмас. Лекин, барвақт уйғониш керак: тунги уч-ларда!.. Шуни ўйлаб, Нортўхта ётоқхонасига ўтди.

Барибир, энди алламаҳалга довур ухлаёлмаслигини билса-да, тунчироқни ўчириб, уйқуга чоғланаркан, илк марта Ғайбулла ака билан қачон, қаерда уч-рашганларини эслашга уринди. Жуда кўп марта Ғайбулла ака билан кўришган, .жуда кўп маротаба Ғайбулла аканинг суҳбатидан баҳраманд бўлган. Лекин… биринчи марта қачон, қаерда учрашганларини эслаёлмади.

Ҳамиша, ҳар гал Ғайбулла акани эслагани баробарида, беихтиёр кўз ўнггида раҳматли Тилак жўраси одатича майин кулиб-жилмайиб, бор бўйича намоён бўлади. Билаяптики, Ғайбулла акани Тилак Жўрасиз тасаввур қилолмайди.

… во дариғ, энди уларнинг ҳар иккаловлари ҳам аламли, ҳар иккаловлари ҳам сўнмас ўтмишга айландилар.

Тилак Жўра – курсдоши – жўраси – сирдоши – маслакдоши эди. Унақа жўра камдан-кам бандасига насиб қилади. Буни энди… энди адоқсиз бир алам билан, қизғин бир ифтихор билан англаяпти. Раҳматли Фармон – синфдоши, у ҳам шу-нақа – қиёматли жўраси эди.

Бир хуфтон чоғи, – ҳануз у кунни Нортўхта яхши эслайди: 1981-йилнинг ўнинчи ноябри эди ўшанда – ҳалигина Машраб аканинг “ГУРУНГ”и кўриги-томошасидан қайтиб, “Время”ни томоша қилаётган эди. Нохос, телефон жи-ринглади. Шартта дастакни олиб, қулоғига тутди:

– Ассаломалайкум! – деди.

Дастакдан қиз боланинг йиғиданми, алланечук хирқираганроқ овози эши-тилди:

– Амаки, ўзингизми?

… ий-э, Нодирами?.. – Бирдан Нортўхта сергак тортди. – Нодира-ку! Тилак-нинг қизи. Тинчликмикан?

– Ўзимман, қизим, ўзим. Тинчликми?

Беихтиёр изиллаб-йиғлаб, Нодира:

– Уйимиз ёниб кетди, амаки! – деди.

Дабдуруст кўнглидан нохуш гумонлар кечиб, Нортўхта:

– Ўзларингиз омонмисизлар ахир?! – деди. – Отанг соғми?

… хайрият. Хайрият-э!

Пиёлада совиб қолган чойни гуппа кўтариб, шартта Нортўхта ўрнидан турди.

Хотини, ўғиллари – ҳаммалари, бетоқат, саволчан назар билан қараб ўтирган эдилар: тезроқ айтсангиз-чи, нима бўпти?

– Тилакнинг уйи куйипти.

– Вуй-ей, айтманг-эй! – деди хотини, паришон ёқасини ушлаб. – Ўзлари соғ-микан ишқилиб.

Бари соғ-саломат эканлигини айтиб, Нортўхта даҳлизга ўтди. Саросар ки-йинди.

Ё пирай, бирпасда йўлга шай бўлиб, Дилшод:

– Дада, ман ҳам сиз билан бирга бораман, – деди. – Яхшими?.. Яхши, денг.

Дилшод Тилакни яхши кўрарди, айниқса, унинг қўлларини ҳавога тўлғаб-тўлғаб, завқ-шавқ билан шеър ўқишига ишқивоз эди.

Тилакникида узоқ қолиб кетиши мумкинлигини ўйлаб, Нортўхта:

– Йўқ, Дилшоджон, – деди, йўлга шошилиб. – Ҳозир эмас, кейин… кейин!..

Тилак шаҳарнинг у чеккасида – Сағбон маҳалласида яшайди. Йўл олис… Ле-кин, кечки пайт бўлганлиги учун, қатнов анча камайган эди. Машинани учириб, ҳаял-замон ўтмай, етиб борди.

Дарвоза ёпиқ экан, аста итарган эди, очилди. Қоп-қоронғи бостирмадан ўтиб:

– Тилак! – деди.

Ичкаридан Тилакнинг бир қадар ҳорғин… бир товур мудроқ овози эшитилди:

– Келавер.

Қафасдайгина ҳовлича… Ҳовличанинг тўрт томони баланд деворлару иморат-лар билан қуршалган. Булутлар оралаётган синиққина ой нуридан атроф-тева-рак кўройдин. Ўртада ихчамгина сўри. Сўрининг устида сандиқ, жомадонлар, идиш-товоқ, кўрпа-тўшак қалашиб ётибди. Куйган кийиз ҳиди, ачимсиқ пахта-чағит ҳиди димоққа бурқсиб урилади.

– Кел, – деб, Тилак сўрининг бир чеккасида қаддини тиклади. Ҳаво аёз эди. Ечинмай ётган экан, бошида қулоқчини шалпайган телпак. – Ўт ўчирувчилар токни кесиб кетишди.

Нортўхта, қўллашиб кўришаркан:

– Болаларинг қани? – деди.

Эшиги, деразалари ланг очиқ уй томонга ишора қилиб, Тилак:

– Ана, – деди. Уф тортди. – Ётибдилар… Болохона ёниб кетди. Чироқдан эмиш.

Ялт тепага қараб, Нортўхта анграйиб қолди: том кўчирилган, тўсинлар ҳамда эшик-деразанинг кесакилари косовдай қорайиб кўринади.

– Анча китоб, дисертация.... – Бирдан нафаси қайтиб, Тилак оғир ютинди. – Э, қайси бирини айтай, қўлёзмалар ҳам куйиб кетди!

– Бошинг омон бўлсин, Тилак. Куйганга куйма, жўра.

Айтган ушбу гапи Нортўхтанинг ўзига ҳам аллатовур ғалати туюлди. Илк ма-ротаба бу гапни аллазамонлар – ўспирин чоғлари, “Қобуснома”да ўқиганлиги-ни эслади: к у й г а н г а, й и т г а н г а, ў л г а н г а – к у й м а!

… э, айтишга осон. Хоразмлик айтадики, бировники бировга кийиз кесганча бўлмас. Қўлёзмалар ҳама-а!.. –Ўша аснода Асқад Мухтор домланинг таъкидла-ридан ҳикматангиз бириси тахминан ёдига тушади: “Ўчирган сатрларимдан қайси бирларидир, мангули ҳақиқатга дохиллигини билолмайман.” – Эсиз… Эсизгина-я!..

Хийла жимликдан сўнг, паришон оҳангда, Тилак:

– Онамнинг оҳу ноласи урдими, дейман-да! – деди, сигарет тутатиб. – Эн-диям қайтмасам бўлмас.

– Эсинг жойидами, Тилак?!

– Онамни биласан-ку!..

Тилакнинг онаси – бўйи бастлари салкам икки газ келадиган, тўла-тўқ, буғ-дойранг, ёшлари тўқсонларидан ўтган, ўта мўмина, жудаям содда, ажойиб бир онахон.

Бир гал, Тилак ёзги таътилга борганида онаси мавридини келиштириб:

– Тилакжон, бачам, бир йиллик пенсиямни йиғиб қўйибман, – дебдилар. – Ўшани дириктирингга этиб бер-да, диплўмингни олиб, Қоракўла қайт энди, бачам. Ман чарчадим.

Тилак Жўра яйраб қиқирлаб кулиб, аллақачон университетни битирганию ҳадемай олим бўлажагини айтгач:

– Кўп йиллардан бери студентларга дарс бериб юрибман, она! – дебди. – Ҳа-ли билмайсизми, домламан-ку!

– Ман не билай, бачам, – дебдилар онаси, кўзларини артиб. – Отангнинг жияни Қиличбойнинг ўғли сандан анча кейин ўқишга кириб, ўтган йили бити-риб келувди. Шу кунларда каттакон бир идорада бинойидай хўжайин. “Вўл-га”да юради. Маниям баламнинг отаси ҳаёт бўлганида, аллақачон диплўмини олиб берармиди, деб ўйлайман-да! Тўқсон – йўқсан, деб қўйибдилар. Етар энди, кўзим очиқлигида бағрима қайт-да, Тилакжон?! Муаллимлик қилмоқчи бўл-санг, ана, ўзинг ўқиган мактаб!..

Нортўхта, дабдурустдан нима деярини билолмай, айтар гапига у қадар ўзи ҳам ишонолмай:

– Дурустроқ ҳовли ё квартира насиб қилса, онангни кўчириб келарсан-да, Тилак! – деди.

Ажаб, чиндан ҳам орадан бирор икки йил ўтиб-ўтмай, Тилак Жўрага беш хонали, катта, ёруғ уй насиб этади. Бироқ, онасини кўчириб келолмайди.

Онаси бир юзу бир ёшга кирганларида, Тилак довруғи достон бўлғили ёш тўйи қилиб беради.

Аммо, ҳали у кунларга довур олдинда кўп машаққатли, бири-биридан кўп ба-ракали ва самарали йиллар бор эди.

Айни тобда эса ачимсиқ куйинди ҳиди бурқсиётган ҳовличасида, борлигу йўқлик аро, ғамгин ҳасратлашаркан, Тилак:

– Йў-ў-ўқ, йўқ! – деди, хаёлчан бош чайқаб, – Ўзим боришим керак, ўзим.

– Ҳаммамиз ҳам эрта бир кун ота-юртга борамиз-да! Бургага аччиқ қилиб кўрпа куйдирмайдилар-ку!

Тилак икки ўт орасида эди, индамади.

… бизни олиб кетишлари мумкин, Тилак. – Ҳали у кунларда Нортўхтанинг ўртанчаси – Дилшод, гоҳо қарчиғайдай чаппор уриб, гоҳо дадасининг давлати соясида мардона мавж уриб яшамоқда; Нортўхта – нодон бандайи ожиз эса, Худойим Дилшодини сийлаб эмас, с и н а б берганлигини, иллоҳ, хаёлигада келтиролмас эди. – Лекин, биз ўз-ўзимизча кетолмаймиз, жўражон.

Яна хийла фурсат узуқ-юлуқ гурунглашиб ўтирганларидан сўнг, Нортўхта сўридан тушаётиб, кўрпачанинг тагига озроқ пул қўйди.

Шартта кўрпача остига қўлини суқиб, Тилак:

– Эй, манга қара! – деди. – Нима қилганинг бу?!

– Тилак, жўра! – деди Нортўхта, шарт бурилаётиб. – Эрталаб кўришамиз. Эр-тагача!..

Ҳамма-ҳаммаси ҳозиргидай ёдида: ўшанда, тун алламаҳалда уйига қайтиб, Машраб акага қўнғироқ қилган эди. Кўнгли сезганидек, дўстларга “солиқ” солаверишни Машраб ака маъқулладилар: “Жуда яхши ўйлабсиз”, дедилар. Қанчага қурби етганлиги билан қизиқдилар. Озроқ беролганлигини Нортўхта қийналиброқ айтди. “Яхши, – дедилар Машраб ака. Ва, ўзларига ҳам рўйхатда ўшанча ёзиб қўйишни сўрадилар. – Нажмиддин акага, – акахони, ҳамкасабаси, қўшниси, – юз сўм, Ғайбулла акага, – устози, – юз сўм, – ўша кунларнинг юз сўми шу кунларнинг беш юз… йўқ, қарийб минг дўллирларидан қадрлироқ эди, – ёзаверинг. Эрталаб ишга ўтаётганингизда, атаганимни мендан ола кетасиз”, де-дилар. Сўнг, асло бу ишни пайсалга солмасликни тайинладилар.

Ана кейин, ухламай, ўйлай-ўйлай, кўнгилга яқин ошналарни Нортўхта бир-бир рўйхатга ёзган эди.

Орадан шунча йиллар ўтганига қарамай, ўшанда ишончи андишасизларча поймол бўлганлиги ҳамон Нортўхтага алам қилади.

… э, аламки, таърифига тараф йўқ!.. Эсиз… эсиз… эсизгина умидлар-а!.. Ўзи, кўкрагига муштлаган қаламкашига ишониш – қизил қор ёғишини кутишдай бир ҳавойи амал экан.

Мана, шу тобда ҳам аниқ эслаяпти, рўйхатга киритилган ёзувчию шоирлар-нинг деярли кўпчилиги парвоям қилмаган. Қайта эслатишга эса Нортўхтанинг елкаси ёр бермаган… Лекин, Ғайбулла ака…Ғайбулла ака бошқача одам эди-е! Ўз чекларига тушганини ўша заҳоти қўшқўллаб топширганларидан ташқари, тағин ҳовличани таъмирлашга ҳам анчагина кўмак берибдилар. Сал кейинроқ эса, беш-олти ойлик егуликни етказиб: “Кандидатлик дипломи сенга керак бўлмаса, менга керак, – дебдилар. – Билмасанг, билиб қўй, бала: Ғайбулла Са-ломнинг фалон шогирди кандидатликни ҳимоя қилолмай қочворди, деган иснодни мен кўтаролмайман. Етар!.. Кўча-кўйларда санғиб, шеърхонлик қилиб юрганингни кўрсам ёки эшитсам, хафалашиб қоламиз. Тушундинг-а?.. Сенга олти ой муҳлат. Олти ой!.. Ана ундан кейин, қишлоғингга кетасанми, шаҳарда қоласанми – ихтиёринг!..”

Ҳимоя куни эса, тонг-саҳарлаб, Ғайбулла ака бир бўғча кўтариб, Тилак-никига борибдилар: “Ҳаяжонланма, балам! – дебдилар. – Сендан ҳам кўра, бу-гун мен учун катта синов. Манави янги кастюм-шимни кийиб, ҳимояга тўй-боладай ясаниб бор. Кўзингга қара, мени уялтириб қўйма лекин!..”

Ўшангача жуда кўп ҳимоя йиғинларида Нортўхта ҳам қатнашган, лекин бу-нақасини ҳеч кўрмаган эди. Ҳатто, ундан кейин ҳам кўрмади.

Ана, Тилакнинг онаси – ёшлари тўқсонларидан ўтган забардаст онахон – шо-думон неваралару талай қариндошлар, олимлар, шоирлар, ёзувчилар, талабалар, шогирдлар даврасида; ёлғизгиналари – дунёсига берган зурёдлари – машҳур шоир Тилак Жўранинг онаси эканликларидан фахрланиб ўтирибдилар: қандай яхши, қандай соз, арзанда ўғил бугун олимлик диссертациясини ёқлайди.

Ҳайъатда казо-казо олимлар. Ҳамма ҳаяжонда. Айниқса, Ғайбулла ака!..

Биринчи бўлиб Бойбўта ака, – Тилакнинг ҳамкасабаси, акахони, – шоир Тилак Жўра яратган илмий тадқиқотнинг ўзбек таржимашунослиги фанида тутажак ўрни ҳамда назарий қиммати ҳақида гапирган эди шекилли. Кейин… Нажмиддин ака. Нажмиддин Комил, – Ғайбулла аканинг тўнғич шогирди, – олиммисан – олим-да!.. Боплади: ҳаммага манзур бўлган пухта, теран таҳлил-дан сўнг, шоир Тилак Жўрадай олимни вояга етказган онасига, шоирнинг олим-лик қирраларини кашф қилолган устозига раҳматлар айтди.

Бирдан ўшанда кенг-мўл хонани тутиб кетган шодон қарсаклар жарангги, мана, шу тобда ҳам Нортўхтанинг қулоқлари остида аксу садо бериб янграёт-гандек!..

… ўшандай қувончбахш, ўшандай сурурбахш дамлари борлиги учун ҳам, дунёси гўзал, ҳаёт бетакрор. Одамнинг интилиб-интиқиб яшагиси келаверади. Яшасин, ҳ а ё т!..

Тағин икки-уч олимнинг таъриф-тавсифидан сўнг, Тилак, хаёлчан кулим-сираб, секин минбар томонга ўтди. Эгнида янги, ярашиқли кастюм, оппоқ кўйлак, бўйнида, – раҳматли ҳеч қачон галстук тақмас эди, – кимдир биров чиройли тўғалаб берган галстук. Қўлида думалоқлаб ўралган уч-тўрт варақ қоғоз. Бир муддат сукутдан сўнг, муҳтарам илмий кенгаш раисига, кенгашнинг аъзоларига, шахсан устози Ғайбулла Саломга, хуллас – илмий ишига юксак баҳо берган олиму тадқиқотчиларнинг бари-бариларига бир-бир миннатдорлик изҳор этгач: “Мен учун энг катта ютуқ, энг катта мукофот – ёзган ишимнинг ав-вало устозим Ғайбулла акадай олимга маъқул бўлганлиги, – деди. – Диссерта-цияни ёзиш жараёнида ХХ асрнинг буюк жафокаш шоири Нозим Ҳикматнинг тутқунликда кечган, соғинч тўла дарбадарликда ўтган чигал қисматини, асарла-рининг ўзбек тилига таржимаси тарихию таржималарнинг бадииятини, шунинг-дек, қардош туркий тилларга қилинган қатор таржималарини тадқиқ этаётиб, адолатнинг оташин куйчиси Нозим Ҳикмат ҳақида гўзал бир достон ёзганли-гини айтди. – Мен – шоирман, – деди. – Ҳурматли оппонентлардан кейин, на-зарий тезислару илмий ибораларга тўлиб-тошган и ш и ҳақида яна батафсил маълумотлар билан азиз биродарларини толиқтирганидан кўра, достонидан боблар ўқимоқни афзал билаётганлигини айтиб, ҳайъат томонга майин кулимсираб қаради: – М а й л и м и?”

Тилакнинг ажабтовур таклифидан ҳамма ҳайратга тушиб, бир зум жим қотди.

Ғайбула ака эса, Тилак Жўрадан асло бунақасини кутмаганмилар, кўзлари каттайиб, анг-танг бўлиб қолдилар.

Раис эса, – қ о й и л! – хушҳол жилмайиб:

– Яшанг-э, шоир, бор экансиз-ку! – деди. – Достондан ўқинг-да, достондан!

Бир лаҳза, бир зум гавжум хонага теран жимлик чўкди.

Худди ушбу лаҳзаларни умр бўйи кутиб яшагандек, Тилак Жўра қоғоз тутган қўлини беихтиёр ҳавога тўлғай-тўлғай, шаррос ўқий бошлади.

… ҳар бир шеър ўзича шоир кўнглининг бир парчаси. Шоирлик – фидойилик. Агар вазиятга, шароитга мослашса, шоирнинг шоирлиги бир пул. Шароитга мослашган шоир – мутедир, муттаҳамдир. Шундай.

Ўшанда ҳаммадан кўра, ҳатто, Тилакнинг ўзидан ҳам кўра кўпроқ Ғайбулла ака суюнган эдилар. Тилак Жўранинг номзодлик и ш и юз фоиз овоз билан тас-диқланганлиги эълон қилинганида, Ғайбулла ака, – ўнга яқин фан доктори, ўттиздан ортиқ фан номзодига устозлик қилган оқсоқол олим, – боладай кўз-лари жиққа ёшларга тўлиб, Тилакни маҳкам бағрларига босган эдилар.

Дод аламки, дунёси – бебақо, умр – бевафо экан. Дилшоддан бир йил кейин… Йўқ, аниқроғи, ўн бир ойдан кейин, – Дилшоднинг йил оши маъракаси ара-фасида, – Тилак касалхонада даволанаётиб, бирдан у з и л г а н эди. Ўшанда тутдай тўкилган Ғайбулла ака, мана, энди қиёмат сафарига шай бўлиб, уйида оёғини узатиб ётибди. Ҳозир, шу тобда беқўним… беқарор ғусса шарпадай кеза-ётган Ғайбулла аканинг олмазор, хурмозор, қадрдон хонадони сўнгсиз мотамга тўла.

Эртага, тонгда жаноза ўқилади.

… қизиқ, нега… нима учун пешинда эмас-у, тонгда?.. Шундай одамни-я!… Шундай беназр олимни-я!.. Зўрники тегирмон юрғизар, деганлари шу-да!.. – деб ўйлади Нортўхта, аччиқ хўрсиниб. – Ҳақ гап экан: а р с л о н н и н г ў л и г и я м а р с л о н.

4

Трамвай йўлидан ўтиб, Бодомзор маҳалласига кирганларидан сўнг, йўлнинг ҳар иккала чеккасида қатор тизилган ҳукумат машиналарини ҳамда алламбало хусусий уловларни кўриб, Нортўхта машинасини қўйгани қулайроқ жой кўзлай бошлади. Нишабликдан эниб, Ғайбулла аканинг кўчасига яқинлашганлари са-ри, тобора қантариғлиқ машиналар кўпаймоқда эди. Икки-уч кўча берида, йўл чеккасида Нортўхта машинасини тўхтатди.

Учовлон эдилар – Тўра ака, Иброҳим, ўзи.

Тўра акага эргашиб, Ғайбулла аканинг кўчаси томонга йўл тортдилар.

Ҳамма жим.

Ҳали тонг отмоғига хийла вақт бор. Салқин. Ҳур-ҳур шабада эсмоқда.

Ғайбулла аканинг ҳовлиси кўчанинг ичкарироғида, катта йўлан бирор икки юз қадамларча юрилади.

Кўча бошиданоқ ҳар иккала томонда саф тортган мотамдорлар тун ғира-ширасида соядай кўрина бошладилар.

Узоқдан – Ғайбулла аканинг дарвозаси тарафдан, ишком ёнидаги симёғоч-дан тушиб турган катта симчироқнинг нури атрофни хира ёритаяпти.

Тўра ака икки-уч қадам олдинда. У кишининг ёшлари улуғ… Мартабалари улуғ… Ҳамма учун бирдай куйди-пишди, кайвонифеъл оқсоқол. Эҳтимол, Ғай-булла ака билан тенгдошдирлар.

… йўқ, сал ёшроқ бўлсалар керак.

Ғайбулла аканинг дарвозалари томонга яқинлашганлари сари мотамдорлар сафида танишлар кўпаявердилар: университетнинг, иниститутларнинг домла-лари, газеталарнинг, журналларнинг мухбирлари, нашриётларнинг ноширлари, таржимонлар, шоирлар, ёзувчилар…

Аслида, аллақачон сафга қўшилиб, бир чеккада қўл қовуштириб туравер-салар ҳам бўлаверарди. Лекин, таомилга кўра, ўзини яқин билганлар марҳум-нинг биродарларига бирров кўриниб, ҳамдардлик билдирадилар. Бундай пайтда бир-бир таъзиядорларнинг елкасига қоқиб, биров: бандалик, дейди, бирови: бандачилик… Бунинг қай бири тўғрироқлиги Яратганнинг ўзига аён.

Маъракабоши Наримон ака, – Ғайбулла аканинг сингилларининг эри, мам-лакатнинг энг катта, энг бадавлат нашриётларидан бирининг директори, – экан. Наримон аканинг атрофида ҳукуматнинг юксак мартабали вакиллари… ёғолмаган булутдай бўлиб, оҳанжама курсиларда ўтирибдилар. Ҳамидулла эса, дарвоза олдидаги баланд ишкомдан берироқда бармоғини бигиз қилган кўйи, бировга нимадир буюраяпти.

Наримон акадан сал нарироқда Саъдулла кўринди: бошида дўппи; қўлларини қовуштирган; хомуш.

… жуда!..

Дўппи кийиш хаёлига келмаганлигидан афсусланиб, Нортўхта аста Ибро-ҳимнинг билагига туртди: Саъдулла томонга бошлади.

… катталар билан кўришмоқ Тўра акага ярашади. Тўра Мирзаевич – арбоб одам, энг асосийси – кайвонифеъл азизимиз.

Саъдулланинг келганига анча бўлган экан.

ухламай… ухлаёлмай, тун яримдаёқ пойу пиёда йўртаверган шекилли.

Бомдод намозидан сал олдинроқ тобут кўтарилади. Ана, Бодомзор мачити яқин. Жаноза мачитда ўқилади. Эмишки, мачит – Аллоҳнинг назаргоҳи.

Бир маҳал, Иброҳим билан Саъдулла хиёл босиқ, лекин, аллатовур чарсроқ оҳангда ғижиллаша бошлади.

Саъдулланинг даъвосича, наоийшунослик ҳақир аҳволга тушиб қолаётган эмиш.

… ола-а, топган жойларини қаранг!

Уларнинг баҳсига Нортўхтанинг парво қилгиси келмади. Биладки, Навоийни билиш учун яна минг йиллар ўрганмоқ керак: ю з и н г д а т е р н и к ў р и б ў л с а м – биргина мана шу сирли… мана шу тилсимли ҳолатни Навоийдай ту-шунмоқ учун, у н д а н Навоийдай лаззатланмоқ учун… О-о, о с он э р м а с б у м а й д о н и ч р а т у р м о қ !..

Кейин, хаёли чалғиб, бир гал Ғайбулла ака билан нашриётда учрашганла-рини эслади. Ўша куни Дилшодини бири-биридан зўрроқ, бири-биридан маш-ҳурроқ дўхтирларга кўрсатиб, лоақал бирортасидан ҳам тайинли маслаҳат ололмай, туш пайтига яқин ишхонасига қайтган; хонада бир ўзи; хомуш-хаёл-чанлик билан, аччиқ-аччиқ сигарет тутатаётган эди. Ногоҳ, эшик очилиб, осто-нада Ғайбулла ака кўриндилар: бир қўлларида ҳасса, иккинчисида чарм папка… Қўша қулфли, чарм папка Ғайбулла акага эскитдан қадрдон. Бир замонлар ТошДУнинг журналистика факультети қошида таржимашунослик назарияси – ўтган асрнинг етмишинчи йилларида! СССРда б и р и н ч и! – кафедрасини очишга рухсат олиш учун, Масков кўчаларида идорама-идора, сарсон-саргар-дон изғиганларида, ичи турли ёзишмалару ҳужжатларга тўла қўнғирранг, чарм папкани Тилак, – қаҳратон совуқларда, эзғин ёмғирларда, – қўлтиқлаб юрган!..

Нортўхта, хафалигини сездириб қўймасликни ўйлаб, чаққон ўрнидан турди. Қўллашиб кўришдилар.

Ғайбулла ака Еже Лецнинг “Қайсар сатрлар”ини таржима қилган эдилар. Папкадан карректурани чиқараётиб, сезгир эмасмилар, нега бунча хафа кўри-наяпсиз, Нортўхтажон, дедилар.

Ўғлининг билгисиз бир дардга чалинганлигини айтиб, Нортўхта тағин сига-рет тутатди.

– Эҳ-ҳа, шунгами?! – дедилар Ғайбулла ака, куйинчак бир ғамкашлик би-лан. – Бунинг чораси осон. Осон!.. Наманганлик Муҳиддин табиб… Муҳиддин Умаровни эшитгансиз-а?.. Кўрган эдингиз-ку, юролмайдиган бўлиб ётиб қол-ганимда, мани ўша табиб даволаган-да!..

Ҳабибуллагиналари дом-дараксиз йўқолганидан кейин, кўп ўтмай, оғир бир дардга чалиниб, Ғайбулла аканинг тўшакбанд бўлиб қолганлари ҳозиргидай ёдида: Тилак иккалови кўргани кираётганларида, янга кўп гапирмасликни ҳамда Ҳабибуллани асло эслатмасликни тайинлаган эдилар. Саратон ойлари эди шекилли. Нимёруғ, салқин хонада, баланд каравотда Ғайбулла ака юзлари заҳилтобланиб ётган эканлар. Ўшанда Тилак отасиданда азизроқ устозига милт-милт термилиб, кўзёшларини тиёлмаган; айбулла ака эса юм-юм йиғлаган эдилар.

5

Бирдан юракларни зирқиратиб, аёлларнинг доду фарёди ҳовлидан кўк тоқига ўрлади: отажо-о-он!.

Зум ўтмай, ланг очиқ дарвозада, тобуткаш биродарларнинг кифтларида тобут кўринди.

Кўча тўла тумонат эди. Ҳамма баравар тобутга талпинди. Ҳамма ўзича бил-ган, ўзича суйган улуғ бир замондошининг сўнгги сафари олдидан тобутига елка тутмоқчи. Тонг-саҳардан елиб-етиб келганларининг асл сабабиям шу.

… ҳа-да, Ғайбулла ака ёшу қарига бирдай азиз, бирдай қадрдон эдилар.

Мачит яқин эмасми, ҳаял ўтмай, трамвай йўлини кесиб ўтиб, етиб бордилар.

Мачитнинг рўпарасида, катта йўл бўйида бири-биридан янги “Мерс” авто-буслар қатор тизилиб турибди.

… демак, жанозадан сўнг, тобутни машинага юкламоқчилар, – деб ўйлади Нортўхта, ўзича а л л а н и м а л а р г а д и р ҳам қойил қолиб, ҳам танг қотиб. – Ана, Минор яқин-ку! Ахир, яёв кўтариб борилгани яхши эмасмиди?.. Бир-бир ҳамманинг кифти тобутга тегарди. Ё тавба, бунча?!.

Мачитнинг ҳайҳотдай ҳовлиси одамга тўлиб кетди.

Ҳамма сукутда. Ҳамма мотамда.

Қонталаш тонг бўзариб отмоқда.

Бир чеккада давра қуриб, намозхон чолларнинг чиқишини кута бошладилар.

Вақтдан фойдалангиси келибми, таъзихонада чала қолган баҳсга, нуқта ўрнида, Саъдулла гулмих урмоқчи бўлди: я қ и н б и р о в и га к ў р с а т и ш – г а я м я р а м а й д и г а н қ о р а л а м а л а р и н и о л и м л а р и н г и з у я л м а й-н е т м а й, к и т о б қ и л и б ч и қ а р а я п т и л а р, деди.

… о-о, тўғри гап – т а р с а к и – туққанингизгаям ёқмайди.

Лекин, индамаслик – ҳар қандай жавобдан авлороқлигини билса-да, бино-йидай навоийшунослигиям, яссавийшунослигиям Иброҳимга иш бермади: бир-дан тутақиб кетди.

Шартта Тўра ака ҳай-ҳайлаб, орага тушдилар.

Ўша аснода, намоз тугаб, чоллар ҳовлига чиқа бошладилар.

Имом, – оппоқ соқоли калта кузалган, забардаст отахон, – баланд овозда барчани саф-саф бўлиб тизилишга чорлагч:

– Салоти жаноза! – деди.

Дарров орқароқдаги сафларнинг биридан сиқилишиб жой олдилар. Таомили шуки, жаноза ўқилаётган пайтда, орага шайтон ораламаслиги учун, кифтлар бир-бирига тегиб туриши керак эмиш.

Саъдулла билан Иброҳимнинг ўртасида туриб, Нортўхта қўлларини қовуш-тирди.

– Азиз биродарлар! – деб, бир нафас Имом оғир сукутга толди . – Бугун биз марҳум биродаримиз Ғайбулла ака Саломовнинг жанозасига йиғилдик. Ғайбул-ла акахонимизнинг васиятларига биноан, ўғиллари Ҳабибулланинг ҳам жано-засини қўшиб ўқиймиз.

… ё Худо! – Бирдан Нортўхта қотди-қолди. – Ё Художон?!. Олтмиш ёшида ўғли йитган бўлса… Ўшанда Ҳабибулласи ўттиз саккиз ёшида бўлган. Саккиз йил йўл қараб, кутиб яшаш… Саккиз йил-а!.. Бугун 2000-йилнинг 31-январи… Бир кун эмас бир кун ўғлининг топилишидан, соғ-саломат кириб келишидан умид қилган – то куни кеча минбарда маърузага чоғланаётиб, бирдан юраги ёрилиб кетгунига қадар!.. Айролиқ азоби… Муттасил кутиш азоби… Бот-бот қўмсов дардлари… Бунчалар қийноқларга қандай чидай олган экан-а, жимит-дайгина жон?!

Узоқ кутишнинг сўнгсиз изтиробларию жудолик азобини, жудолик аламини бир нафас, бир зум жисму жонида ҳис этаркан, беихтиёр Нортўхтанинг юрак-бағри куйишиб, қайноқ, аччиқ кўзёшлари селдай қуйилди.Ўзини тутолмади.

Ўлимнинг ҳақлиги, ёшу қарининг ажал олдида баробарлиги ҳақида Имом-нинг жаноза аввалидан айтаётган ваъзи эса осмону фалаклардан таралаётган аксу садодай Нортўхтанинг қулоқлари остида шафқатсиз бир ҳукм янглиғ жа-рангламоқда эди.

… лекин, не учун Ер юзида Ў з и г а халифа қилиб яратган азиз бандасининг бу қадар қийноқларга, бу қадар азобу уқубатларга маҳкумлиги ҳақида Имоми тугул, Авлиёсиям миқ этолмайди. Эмишки, ушмундай сиру синоатнинг бари Худога аён. – Яна ва яна ихтиёрсиз равишда Нортўхтанинг кўксидан аламангиз ингроқ аралаш оташин бир хўрсиниқ тошиб чиқаверди. – Ё Художон?!. Ё?!.

Ахийри, бетоқат шивирлаб, Иброҳим:

– Нортўхта-а?!. – деди.

– Қўйинг, индаманг? – дедилар Тўра ака, аста.

Раҳматли Фармон жувонмарг бўлган куни, – во ажаб, ҳаммаси куни кечагина рўй бергандай-а! – Тўра аканинг шамдай куйганлари ҳам Нортўхтанинг ёдига тушди. – Энг суюкли шогирд эди ахир!.. Ўзбек бежиз айтмаган-ку: устоз – отангдан улуғу отангдай меҳрибон, деб. Бечора Ғайбулла ака эса икки карра куйди: ёлғизгина ўғли дувалангда учган оппоқ варақдай йитганидан кейин, ўғлидай азиз шогирди Тилакнинг қазосида яна бир куйди. Ёмон куйди. Жуда!.. Ғайбула ака!.. Ғайбулла акажон!.. Ёлғончи дунёсида чеккан адоқсиз азобла-рингизнинг ажри мукофоти илоё чин дунёсида сизга насиб этсин: азиз руҳи-нгизга ўғлингизнинг навқирон руҳи поки билан дийдорлашмоқ насиб қилсин. Ахир, жон – руҳ бор-ку!.. Бордан йўқ бўлмас, йўқдан бор бўлмас. – Ниҳоят, кўнглидан кечган ушбу ҳақиқатга астойидил ишонгиси келиб, Нортўхта сал юпангандай бўлди. – Инша Аллоҳ!..

20

20–22й.

07

ВАСВАСА


Тасанно, Гулузор, озоринггаким,

Бозору мозору гулзорни бузар.

Саъдулла АҲМАД.

– Сочмойингиздан борми?

– Бор.

– Қани-й?..

Сотувчи аёл, негадир, ҳафсаласизликми ё эринчоқлик билан узатган елим идишчани, харидор йигит қўлига олиб, сарғиштоб суюқликка аввал узоқроқдан, сўнгра яқиндан син солди: анча… с у ю қ-к у?

ё қалбакисимикан-а? – дея ўйлаётиб, Йигит шишачани яхшилаб чайқади. – Қизиқ, сочмойи… шиптирдай кўпирмаслиги… Ранггиям?.. – Йигит хаёлпари-шонлик билан бошини қашиди. Излаганини бешинчими, олтинчи дўкондан ни-ҳоят тополганига, афсуски, суюнолмади. Лекин, барибир, синаб кўришга аҳд этди. – Ана ўшанда билса бўла-а-ар – қалбакими ё асиллигини.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 | Следующая
  • 4.4 Оценок: 5

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации