Электронная библиотека » Муҳаммадали ҚЎШМОҚОВ » » онлайн чтение - страница 8

Текст книги "НАМОЗШОМ ХАЁЛИ"


  • Текст добавлен: 26 июня 2023, 11:01


Автор книги: Муҳаммадали ҚЎШМОҚОВ


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 8 (всего у книги 24 страниц) [доступный отрывок для чтения: 8 страниц]

Шрифт:
- 100% +

… наҳотки, бунинг арзон, малолсиз, қулай чораси топилмаса-я?! Мана сизга – байрам!.. Ҳўй, фаросатсизлар, кўрар кўзга кулги бўлганча, бир челак нима-нидир бир дунё жойга пуркаб чиғ-у, ер қурир-қуримас, бир зумда қовжираган ўт-ўланни хас-хашакка қўшиб, ахлат машинада супириб олавер!..Ёки олов пур-кагич билан… Тўғри, у ҳолда юзлаб… минглаб йўлчивой ишсиз қолиб кетади.

Трамвай чорраҳага етмай, катта бекатда тўхтади.

Бердиёр йўл паттасини кўрсатиб, яна кўйлагининг киссасига солди. Ўрта эшикдан кўчага чиқди. Иссиқ. Йўловчи кўп. Ҳамма нимасинидир йўқотгандай ховосми-ей! Ё шундай туюлаяптимикан-а? Яъни, кенгга – кенг-у, торга – тор дунё… Йўқ, ана!..

Гавжум ер ости йўлакдан юриб, метрога тушди. Салқин. Ёқимли. Лекин, гуп этиб димоққа намхуш, зах ҳиди урилади. Вагонлар шай турган экан. Икки-уч зинани бир босиб, чаққон югурди. Яқинлашаёзганда сирғаниб бориб, охирги эшикдан ичкарига кирди. Бўш ўринга чўкди. Бошини суянчиққа тираб, кўзларини юмди. Ва, тағин кўнглига умидвор кўз югуртиргиси келди…

Тарақлаб эшикларнинг ёпилгани хаёлини бўлди. Бир силтаниб, вагон жо-йидан жилди. Хиёлдан сўнг, сергак назар билан, атрофга қаради: йўловчилар сийрак. Хушҳол суҳбатлашиб кетаётганларни учратиш… маҳол-эй!.. Айримлар бошини суянчиққа тиравоган; хаёл сураяптими, мизғияптими – билолмайсиз… Қишки таътил кунлари домласи билан Масковда бўлганида, ҳайрон қолган эди: хоҳ автобусда бўлсин, хоҳ метрода – йўловчининг албатта газетами, журналми, китобми ўқиётганлигини кўрган. Бу ёқларда… Йўқ, ўқимайдилар.

… нега, нима учун шундай? –деб, ўйлади Бердиёр ҳам ажабланиб, ҳам таас-суфланиб. – Битта арзон газетанинг пулига учта ёки ундан кўпроқ нон беради. Журнал эса чандон қиммат. Шунгами-ё? Йўқ, бир замонлар газета икки тийин, нон сувтекин бўлгандаям бизникилар ёлчитиб газетхонлик, китобхонлик қил-маганлар. Йўғ-э, жудаям унчалик эмас-э! У замонларда ҳар йили ўзим иккита газетаю иккита журналга мунтазам обуна бўлардим. Энди у замонлардаги арзончиликлар армонга айланди-ёв!.. Бунинг сири – сабаблари танбаликкми ё яна ўша ғуссайи мунаққашами? Ёки бари газета-журналларнинг бетайин, беъ-мани, беҳаё олди-қочдига ўтвоганими?.. Балки, яна ўша ҳамён муаммосидир. Ана, бошқаларнинг ҳам ўзимизникилардай калласи охурда-ку!.. Хуллас, бари бориб, манфаатга, маънавият даражасига тақалади шекилли. Мана, ўзимдан қиёс: ўқигандан не маъни?.. Кейин, қолаверса, ғусса гирдобида ҳам буғилиб, ҳам мутолаа қилиб бўларканми. Асли, китобхонлик деганимиз, газетхонлик дегани-миз – кўнгли хотиржам тўравойнинг эрмаги.

Метродан чиқди. Салқин ерйўлакдан хаёлчан юриб, хиёбонга кўтарилди. Рўпарада,айни кўкка сапчиётган бронза отда Амир Темур ҳазратлари: худди Чинмочин сари юзланиб, армонзада… аламзада хаёл сураётгандек. Айни Алпо-мшнинг ўзими дейсиз. Лекин, ўқиган китоблардан биладики, Амир Темур ҳазратлари Ленинчадай, Напалиёндай ўрта бўйли бўлган. Жирновскийнинг валақлашича, Лениннинг миясининг атиги тўртдан бир қисми ишлаган, қолган уч қисми маржавозлик оқибатида фалаж бўлган экан. Агар лоақал ярими ишлаганида ҳам, – дейди ўжар сиёсатдон, – бутун дунё йўқсилларини тўла бирлаштирган бўлар эди… Амир Темур ҳазратлари ҳам ногаҳоний бош оғриғи касоратидан ўтганла. Қизиқки, ҳазратнинг ўз қўллари билан ёзишларича, маш-риқдан мағрибгача чўзилган бепоён мамлакатда ўғрилик, тиламчилик бўлма-ган: қ а й с и к и в и л о я т и м д а н ў ғ р и ё х у д т и л а м ч и ч и қ д и , ў ш а л в и л о я т ҳ о к и м и н и б е ш а ф қ а т ж а з о л а д и м . Ана, чиндан ҳам шундай бўлганлигини ҳазратнинг чўғдай ёниб турган кўзлариям тасдиқ-лаётгандек. Тўғри-да, ўғрилик, тиламчилик ҳар қандай жиноятдан, ҳар қандай хиёнатдан ҳам ёмон. Ўғридан, тиламчидан энг пастарин хоинликниям кутиш мумкин.

… камбағалга капаям Ватан. Камбағалга ким бошпона берса, ким бир бурда нон берса, хўжасиям, ҳатто, Худосиям ўша!

Амир Темур замонида ғарлик ҳақида, хотинбозлик ҳақида бирор бир ту-шунчаям бўлмаган шекилли. Бу хусусда манбааларда ҳеч бир ишора йўқ.

Нохос, уч-тўрт қадам наридан, давангирдай бир эркак, қошини ғалати сий-палаб, Бердиёрга чап кўзини қисди. Ўзлари тушунадиган усулда бирор шери-гига имо-ишора қилаётгандир, деган хаёлда Бердиёр ёнверига кўз югуртириб, яқин атрофда ўзидан бошқа ҳеч кимни кўрмагач, кўнглидан ғализ бир гумон кечаркан, ўз-ўзига гапираётгандек:

– Тушунмадим, – деди.

…Сочи мошкичири, калта кузалган, кўйлаги ҳаворанг, калта енгли, оқ аралаш жунлари ёқасидан тошиб чиқаёзган, юзлари тўла-тўқ, ёши элликни оралаган, қирғиз қабоқли, қозоқ башара Давангир, аллатовур сирли кулимсираб, дадил яқинлашди; кўйлагининг кўкрак чўнтагидан бир даста расм чиқариб, Бердиёрга узатди:

– Танланг! – деди. – Бир соати ўн минг!

Давангирдан ачимсиқ тер ҳиди анқимоқда эди.

Бердиёр, хиёл четланиб, бир-бир расмларни томоша қила бошлади: қизлар! Бешаловиям ёш – йигирма… йигирма бирларида. Ёшда, бешаловиям бири-би-ридан чиройли, худди юзлари лўппи ҳинду қизлардай!.. Сочлари кесилган. Зулфлари гажак… Бешаловиям офатижон хонимчалардай ўзларига чорлаб, сирли кулиб турибди. Бешаловидаям ёқаваланг ҳарир кўйлак. Кўйлак остидан хиёл билиниб турган оёқлари биққи, маммалари лорсиллаган. Кўзларида эса бир дунё таманною жозиба.

– Барининг нархи бир: соатига ўн минг! –деди Давангир, тентак бир ҳангини лақилатаётганига чиппа-чин ишонибми, дабдурустдан сансирашга ўтиб. – Ей-иш-ичиш ҳақини алоҳида тўлайсан.

Бердиёрнинг ҳам Давангирни сансирагиси келди, лекин, негадир, санси-рамай:

– Сизнинг ҳақингиз-чи? – деди.

– Маники беш минг. Беш минг! – деди Давангир, кўзлари ёниб. – Тағин ҳим-матинг, ука.

Тоғни урса талқон қилгудай келбатли Давангирни Бердиёрнинг роса таҳқир-лагиси, қулочкашлаб тумшуғига солгиси келмоқда эди:

– Э, йўқ, сизнинг хизмат ҳақингиз қиммат экан! – деб, расмларни қайтарди. Ва, ўша заҳоти кўнглида аччиқ бир пушаймонни ҳис этди: бирдан расмларни бурда-бурда қилиб, Давангирнинг башарасига отмаганига афсусланиб, беих-тиёр ичдан тутақиб бораётганлигини сезди. – Нима, сиз ёғлаб турасизми? Давангир пихиллаб кулди, сўнг:

– Ўзим билувдим-а, ҳазилкашлигингни! – деб, Бердиёрниг бетоқатланаёт-ганлигини кўриб, йўлини тўсди. – Пул нима, қўлнинг кири-да! Ноз қилма, битинг тўкилиб, бир яйраганингга етмайди. Белинг бақувват бўлса, бир соатда беш парития ўйнайсан-қўясан-да, ука! Нима, беш партияга ўн беш минг кўпми?

– Эй, мараз, битлиқи! – деди Бердиёр, тишлари ғижиралаб. – Яхшиликча йў-қол лекин!..

Ажаб, паҳлавондай Давангир, ҳақоратларни менсимай, бўйнини қисиб, инда-май, қўлини кўксига босган кўйи, ортига қарамай, зипиллаб нари кетди.

… даҳшат. Даҳшат! – деб, ўйлади Бердиёр, ҳазратнинг ҳайкали ёнидан узоқ-лашаётиб. Шаҳарнинг аллақайси Қоратолми, Қатортолми даҳасида шунақа лан-ка бозори борлиги бир замонлар Бердиёрнинг қулоғига чалинган эди. Бироқ, шаҳарнинг марказида, ҳазратнинг ҳайкали пойида шундай бир қўшмачига дуч келиши эҳтимоли асло Бердиёрнинг хаёлига ҳам келмаган эди. Бирдан қаҳрла-ниб, копирчасига тупурди. Расмдаги қизларни бир бурда нон ғамида қишлоқ-лардан улоқиб, шаҳарга иш излаб келган бечоралар деб тахмин қилди. – Атиги беш-оти йил ичида-я! Машҳур фарангистонлик қўшмачилар бизникиларнинг газагига ҳам ярамайдиган-ку!.. Эрта бир кун ғарваччалардан ким тўрайди?.. Нима, танфурушлик ҳам, қўшмачилик ҳам бозор иқтисодиётининг узвий бир тармоғими-ё?

Бердиёр айни калласига калтак егандай бир ҳолатда эди. Елиб келаётган машиналарга парво қилмай, шахдам йўлни кесиб ўтди. Ана, рўпарасида Ака-хоннинг ишхонаси. Ҳайбатли, ҳашаматли. Ҳадемай, учрашади. Акахон зўр одам: депутат… муҳаррир… қўшни!.. Бироқ, ҳазратнинг ҳайкали пойида содир бўлаётган орфурушликдан ҳамда шаҳарнинг бир чеккасидаги иниститутнинг Тарғилкўз ректори бутун бошли бир илмий жамоани онасининг маҳрига туширвогандай ётқизиб турғизаётганлигидан хабардормикан-а? Албатта, йўқ-да! Хабар топа қолса, даҳшатга тушар-ов! Даҳшатга тушармикан-а?.. Ҳазрат-нинг ҳайкали пойидаги ажабтовур ғарбозор ҳақида албатта миқ этмайди. Бунга бировлар ишонар, лекин, Акахондай арбоб одам ўла қолса ҳам ишонмайди. Айтса, қайтага, кулгига қолар. Бироқ, Тарғилкўзнинг кирдикорлари ҳақида оширмай-яширмай, барини айтади.

Кўнгли сезганидек, ҳали Акахони тушликдан қайтмаган экан. Котибаси ана-ви Давангир кўтариб юрган расмлардаги офатижонларникиддай кесилган соч-ларини чаққон тароқлаётиб, Акахоннинг ҳадемай келиб қолишини айтди.

Бердиёр бўш курсилардан бирига ўтириб, хотиржам кута бошлади.

Акахон кўп куттирмади. Орадан ўн-ўн беш дақиқа ўтиб-ўтмай, даҳлиз томондан томоқ қиргани эшитилди.

Бердиёр тараддудланиб, ўрнидан турди.

Эшикка рўпара бўлаётиб, дабдурустдан Акахон қўшнисини кўраркан:

– Эҳ-ҳа, домла-а! – деди, юзларига табассум ёйилиб. – Хуш кўрдик!

Бердиёр қуллуқ қилган кўйи, қўлини чўзиб:

– Яхшимисиз, акажон? – деди. – Бардам-бақувватгинамисиз?..

Ҳол-аҳвол сўрашганларидан сўнг, Акахон кабинети эшигини очиб, котибасига юзланди:

– Сизга ўхшаган юзлаб ёшларга мамлакатни иқтисодий жиҳатдан бадавлат қилишнинг илмий асослари тўғрисида домла соатлаб лексия ўқиб келаяпти, – деди, Бердиёрга ишора қилиб. – Биласизми шуни?.. Ана, билмайсиз-да! Ничиво, ҳали ёшсиз, бир қарашда одамнинг кимлигини билволадиган бўп кетасиз. Дарров бизга бир чойнак аччиқ кўк чой киритинг!.. Ё қора чойми, домла?

Такаллуфдан боши кўкларга етиб, энди мушкули осон ҳал бўлажагига ҳеч гумонланмай, Бердиёр:

– Раҳмат, акажон! – деди, хушҳоллик билан. – Вақтингизни кўп олмайман.

Олдинма-кейин хонага кирдилар. Хона хийла кенг эди. Кираверишдан ўнг томонда ҳар икки ёнига қизил кимхоб қопланган, суянчиғи баланд курсилар қатор қўйилган. Узун, тим қўнғирранг, маҳобатли столнинг адоғида Президент-нинг бор бўйи билан гиламда тўқилган улуғвор ҳайкалмонанд партрети деворда осиғлиқ турибди.

Ажабтовур партретни кўриб, беихтиёр Бердиёр ҳам сергак тортди, ҳам айни лаҳзанинг ўзида Акахонига нисбатан кўнглида алланечук ҳадикли, совуқроқ бир туйғуни ҳис этди: даҳшат-ку!..Партрет шу қадар устамонлик билан ишлан-ган эканки, худди тирикдек, айни хонага шитоб ўзи кириб келаётгандай эди. Одатда, бунақа даргоҳларда, ҳамиша, ҳамма жойда кўравериб, кўз ўрганиб қол-ган у н и н г катталаштирилган сурати деворга илиб қўйилган бўларди. Бу ерда… бу хонада тамоман бошқача-ку!..

Акахоннинг рўпарасида омонатгина ўтирганидан сўнг, Бердиёр, негадир, ан-ча ланжроқ гап бошлаб:

– Биласиз, акажон, ман ҳурматли Президентимизнинг фидойи тарафдор-лариданман, – деди, айтаётган гаплари бир қадар ўзига ҳам бегонадай туюлиб. – Ўтган асримизда… саксонинчи йиларнинг ўрталари ҳамда тўқсонинчи йиллар-нинг бошларида студентлар билан намойишлар уюштиравериб, миршаб оғалар-дан калтак еган кунларим ҳам бўлган. Кечаю кундуз елиб-югуруверганимдан бир нечта пойтинкамнинг тагчармлари ейилиб, товонлари тешилиб кетган, ака-жон.

Бирдан Акахон хахолаб кулиб, ўктам овозда:

– Домла-а! – деди, деворга ишора қилиб. – Парво қилманг – У бизни эшит-майдиям, кўрмайдиям!..

Кимга, нимага ишонарини билолмай, Бердиёр тамом гангиб, янаям аянчли кулимсиради. Партретга бир қараб қўйди.

Худди шу пайтда котиба бир чойнак чой ҳамда иккита пиёла киритди. Чойни шопириб, биринчи пиёлани муҳарририга, иккинчисини меҳмонга узатди. Сўнг, секин чиқиб кетди.

Аллатовур тушуниксиз ҳолатини сездиргиси келмай, қайноқ чойдан ҳўплар-кан, бирдан тили, халқуми куйиб, Бердиёрнинг кўзларидан ёш чиқиб кетаёзди.

– Хўш, домла! – деб, Акахон бурнини бир ишқалаб, устма-уст яна томоқ қирди. – Эшитаман, айтаверинг, бирор хизмат борми?

Барибир, энди Бердиёрнинг аввалги шашти сусайган эди. Каловланиброқ муддаосини айтди. Қайта-қайта узрлар сўраб, яна боягидай қўлларини кўкси узра қовуштирган кўйи, ёрдам беришини ўтиниб сўради:

– Агар шу кунларда ишдан сурилиб кетсам, кўчада қолиб кетаман, акажон, – деди. – Илтимос, ўзингиз мани бир қўллаворинг? Яхшиликларингиз олдида қарздор бўлиб қолмайман, акажон.

Акахон кулиб, шарп-шарп столга урди. Сўнг:

– Бўлди, ман сизни тушундим! – деди. – Ман бу масалани сизнинг фой-дангизга ҳал қиламан. Сиқилманг. Ректорингиз улфатим бўлади. Айтаман, ту-шунтираман… Албатта бизга йўқ демаса керак.

… албатта, йўқ деёлмайди. Десин-чи, улфати экан-ку! Борди-ю, палакат босиб, йўқ, дея қўйса, а н а в и н г а яқин бир арбоб улфатидан айрилади. Кейин, қолаверса, катта халқ минбарининг жилови Акахоннинг қўлида-ку!.. Йўқ, деёл-майди. Ахир, барибир, адолат ҳам бўлиши керак-ку!

– Кечқурун натижасини эшитасиз, домла.

Бердиёр хушҳол қулуқ қилиб:

– Раҳмат, акажон! – деди. – Ҳамиша хизматингиздаман, – деб, туришга чоғ-ланди. – Вақтингизни олганим учун минг бор узр, акажон. Энди манга рухсат берасиз?..

Акахон тағин столга шарп этказиб:

– Чойни ичинг, домла! – деди.

– Жуда иссиқ экан, – деб, Бердиёр тағин узрчан кулимсиради. Пиёлани қў-лига олди. – Кўчаям ёниб ётибди, акажон.

Акахон ўзининг пиёласига тўлатиб чой қуяркан, анчадан бери ошхона-ларидаги қувурлари тиқилиб, сув оқмай қўйганлигидан нолиди; агар иложи бўлса, бирор зўрроқ мутахассисни бошлаб бориб, ушбу бошоғриқдан қути-лишларида кўмаклашиб юборишни айтиб:

– Бизникилар бу масалада умуман уқувсиз, – деди. – Бири дипломига та-раддуд кўраяпти, каттаси олим бўлмоқчи, учинчиси… Хуллас, бари эртаю кеч ўзи билан ўзи овора. Кеннойингиз роса қийналаяпти. ЖэКнинг лаънати устаси, қувурни алмаштириш керак, деб кетипти. Ўзингиз шунга бир бош-қош бўлол-майсизми, домла?

Тўғриси, шундай Акахоннинг ишониб хизмат буюраётганидан Бердиёр суюнди: зўрроқ мутахассиссиз ҳам, – ахир, мутахасис жонивор текинга бор-майди-ку! – ушбу муаммони осонгина бартараф қилиш усулини билади; дом-ласи Асад Тешаевичнинг гоҳ ошхонаси, гоҳ ҳаммомчаси, гоҳо ҳожатхона-сининг қувурлари тиқилавериб, ушбу мушкулотнинг жуда ҳаддисини олвоган; чораси – бош бармоқдан йўғонроқ, уч-тўрт қулоч трос; қувурнинг ичига тиқиб, айлантириб итараверасиз. Трос эса бор.

… лекин, жуда расво иш-э!

Бердиёр, дарров розилигини билдириб:

– Ман бу топшириғингизни кечгача ҳал қилиб қўяман, акажон, – деб, ўрнидан турди. – Хотиржам бўлинг, акажон!..

Акахон даҳлизга кузатиб чиқди. Кечқурун албатта кўришажакларини айтиб, хушҳол хайрлашди.

I I

Кечки овқатини эратроқ еганидан сўнг, Бердиёр ҳовлига тушди: нияти – Акахон билан ҳовлида кўришмоқ… Негадир, ҳамиша Акахон ишидан кеч қайтади. Ўйлаб қараса, йўлакай учрашганлари ҳар жиҳатдан маъқулроқ экан: малолсиз-да!.. Насиб қилса, Акахондан хушхабарни эшитганидан сўнг, хотир-жам кириб ухлайди. Аллазамонлардан бери, аниқроғи домласи сурилиб кетга-нидан буён ҳаловати йўқ. Жиннига ўхшаб қолаёзган. Ногоҳ нимадир тиқ этса, юраги шиғ этади.

… буям бир касалликнинг аломати бўлса керак.

Қўшниси Жаҳонгир лаққи дам у, дам бу оёғига оғирлигини ташаб, қўл-ларини бели устида қовуштирганча, секин яқинлашаётганлигини кўриб, Берди-ёрнинг энсаси қотди: Жаҳонгир лаққи рўпарадаги уйда яшайди, бир замонлар Афғон урушида бошидан яраланиб, мияси чайилгани учунми, жуда сергап. Келин-кеватли, бир этак невара кўрган одам, сурланиб, суҳбатингизни олай деб кевобман-де, котта ока, дейди-да, тинмай гапираверади. Гапира-веради… Ана кейин, унинг бозордаги нархи навою маҳаллага дохил олди-қочди миш-миш-ларидан қулоқ-миянгиз шанғиллаб, аллақанча вақт ўзингизга келолмай юрасиз.

Уни кўрмаганга олиб, Бердиёр катта кўча томонга бурилди: Акахон билан йўл бўйида, хизмат машинасидан тушаётганида учрашмоқни қулай билиб, секин кета бошлади.

… ишқилиб, Лаққи чақириб қолмаса бўлгани.

Йўқ, барибир, бўлмади – шундай пайтларда Лаққи ким биландир бирпас ва-лақлашмаса, хотинини уч талақ қўйворишдан ҳам қайтмайди… Ана, қўни-қўш-ни, ҳангаматалаб аёллар қулоқларини динг қилиб, соя-салқинда ғийбатлаша-яптилар… Қўшничилик, бепарво кетаверса, нописандлик бўлар. Ғудраниб, тўх-тади.

Лаққи чаққон яқинлашаётиб, қўлини саломга чўзган кўйи, дейдиёсини бош-лаворди:

– Эшитдингизми, котта ока, куни кеча, айни пешин пайти денг, худди мана шўтта…

– Жуда шошаяпман-а, Жаҳонгир ака! – деди Бердиёр, қўллашиб кўриш-ган-ларидан сўнг, унинг гапини кесиб. – Кейинроқ гаплашармиз-а, майлими?

– Ўзингиз яхшимисиз, котта ока?

– Яхши… яхши! – деди Бердиёр, илдам узоқлашаётиб. – Майлими, узр-а?..

Пешиндан кейин, Акахоннинг олдидан қайтганидан сўнг, то бояга қадар Бердиёр қувур тозалаган. Оқава ювинди муттасил синггийвериб, қувр берч бўлиб кетган экан. Сал кам ўн газча келадиган тросни аста айлантириб, катта қувурга етказиш жуда қийнаворди. То катта қувурга етказгунигача, қайта-қайта тросни тиқиб-чиқариб, бот-бот керосинда тозалашга тўғри келди. Кейин, трос-нинг учига керосин шимдирилган латтани маҳкам боғлаб, ики-уч маротаба об-дан қувур ичини ишқалади. Лекин, троснинг симчалари санчилавериб, бармоқ-ларини қонатиб юборди. Ҳалиям бармоқлари куйишиб оғрияпти. Кўйлагининг, шимининг эса дабдаласи чиқди.

… лекин, барибир, яхши бўлди, – деб, ўйлади Бердиёр, сувнинг шовуллаб оқи-шини кўрганида, Акахоннинг бир суюнишини тасаввур этаётиб. – Албатта-да!.. Шундоқ қўшнимиз бор экан-у, билмай юрган эканмиз-да, а, мамулка!..

Хотинини эркалабми, Акахон гоҳо бабулка, гоҳо мамулка, дейди. Янга эса, парвойи фалак: бизанинг адавузанинг қўлларидан ҳеч бир иш келмайди, дейди. Ғалати миссайиб кулади.

Дарвоқе, қувурни янгилашнинг ўзи бўларканми ахир!.. Йўғон чўзилиб, ингичка узилаётган шу кунларда бир қулоч қувур фалон пул. Қўлидан иш келадиган, ишбилармон ковшарловчини топиш эса кони азоб. Бир камбағал-нинг белини майиштирворадиган сарфу харажатдан ташқари, анча-мунча ово-рагарчилигу асаббозликларни айтмайсизми?!

… э, нима десангиз денгки, чиндан ҳам, зўр бўлди. Қўшниси қанақа одамлигини Акахон бир билиб қўйсин.

Йўл бўйидаги қўш чилонжийдага тақаб қоқилган ўриндиққа Бердиёр ҳорғин бориб ўтирди. Гарчи Акахон ваъдани қуюқ қилган бўлса-да, Тарғилкўзнинг канафеъллигини билганлиги боисми, ҳануз Бердиёрнинг кўнгли нотинч эди. Бе-тоқатлана бошлади.

Қош қораяяпти. Узоқларда автобусларнинг ғувиллаб елаётгани, муюлиш-ларда трамвайларнинг чийиллаб айланаётгани авжига чиқаётир. Тобора катта йўлдан ғизиллаб елаётган машиналар қатнови ҳам кўпаймоқда. Йўловчилар ҳам, жала олдидан инига талпинаётган чумолилардек, уй-уйларига шоши-лаяптилар. Ҳадемай, Акахон ҳам келиб қолади. Машинасидан тушаётиб: “Эҳ-ҳа, домла, кутаяпсизми?!” дейди. Кутаяпман, акажон, дейди. Ана кейин, Ака-хони суюнтиради!.. Суюнтиролармикан-а? Албатта, суюнтириши керак. Агар суюнтиришига ишонмаганида, ваъда қилармиди. Худо хоҳласа, суюнтиради. Кейин, суюнганидан ҳаяжонланиб, тун бўйи ухлаёлмай чиқса-я!.. Йўқ, тошдай қотиб ухлаб қолишнинг жуда қулай йўлини билади. Жуда синалган бир зўр йўли бор. Маза қилиб ухлаб қолади. Энг муҳими, ишқилиб, суюнолса бўлгани.

Бирпасда қош қорайди. Чироғини ёқиб, машиналар лип-лип ўта бошлади.

Негадир, хавотири кучайиб, Бердиёр ўтиролмай қолди. Хаёлчан ўрнидан туриб, майдончанинг адоғи томонга қараб юрди. Ортига қайтаётганида эса, Акахоннинг машинаси ўнгга бурилиб, майдонча ўртасида тўхтаётганлигини кўрди. Кўрибоқ, бирдан юраги гупура кетди: ҳозир… ҳозир ҳал бўлади!.. Ака-хон машинадан тушаётиб, шопири билан хайрлашдими, нимадир деди. Зумда машина яна катта йўлга тушиб, оқимга қўшилиб кетди.

Бир замонлар ўқишга кираётганида ҳам, ундан кейин аспирантурага имтиҳон топшираётганида ҳам Бердир бу қадар ҳаяжонланмаган эди. Ахир, бу гал нафа-қат ўзининг, балки, оиласининг ҳам келажак қисмати ҳозир, шу тобда Акахо-нидан эшитажак жавобига боғлиқ-ку!.. Ана, ҳаяжонданми, хавотирданми, юра-ги худди бўғзида ураётгандек.

Бердиёр илдам акахонига яқинлашиб:

– Яхшигина келдингизми, акажон? – деди.

– Эҳ-ҳа, домла-а! – деб, Акахон томоғини қирди. Бирпас жим қолиб, лабла-рини чуммак қилди. Сўнг, Тарғилкўз билан гаплашганлигини айтди. – Теле-фонда! – деди. – Ректорингиз, бу ерда жуда муҳим бир принсипиал сир бор, деяпти. Тушундингизми?.. Илтимос, сиз аралашманг, к а т т а к о н, деди. Шу. Бор-йўқ гап шу.

Аллақачон Бердиёрнинг қулоқлари чиппа битиб, кўз ўнггини қуюқ тумандай нимадир қоплаган эди. Тили гапга айланмай, нима деярини билолмай қолди. Ва, шунинг баробарида, туш пайти иниститут ҳовлисидан чиқиб, бозорча ёни-дан хаёлчан ўтиб бораётганида, аввал тиланиб, кейин қуллуқ қилган, кўйла-гининг бир ён чўнтаги йиртиқ, кўзлари кўм-кўк, маъюс, малласоч қизалоқ беих-тиёр хаёлидан ўтди-ю, баттар хомуш тортди.

… энди нима бўлади?.. Ўйлаб топган баҳонасини қаранг: с и р… Сир эмиш.

– Домла, эркак кишисиз! – деди Акахон, гўё Бердиёр ўзининг эркаклигига шубҳа қилаётгандек. – Сиқилманг. Чораси топилар.

… топамиз демади, топилар деяпти. Демак… тошингни тер, демоқчи. Ё Ху-дожон?!.

Хиёлдан сўнг, сал нарида шарпадай узоқлашиб бораётган Акахоннинг ор-тидан Бердиёр анграйиб қолди. Кейин, хафагазак бориб, машиналар ғизиллаб елаётган йўл бўйидаги ўриндиққа терскай чўнқайди.

… одамлар бебурд бўп кетди-ёв!.. С и р эмиш. Қанақа сир бўлиши мумкин?.. Мавжуд сир шуки, икки ўртада ҳеч қанақа сир-пир йўқ. Манфаат бор холос, манфаат. С и р – манфаатда. Тамом… тамом – замона зўрники. Ожизлар зўр-ларнинг емидир. – Энди нима қилади – ем бўлиб кетаверадими? Бутун ишончи, бори умиди Акахонидан эди. Акахони мужмал… мавҳум… хотинчалиш гап қилди. – Ҳамтавоғи-да, қарға қарғанинг кўзини чўқирмиди.

Қизиқ, бармоқларининг жизиллаб оғриётгани хаёлидан кўтарилиб кетибди. Ақлдан озмаса бўлгани. Дўхтир, – дўхтирнинг кўзлари бирам чиройли-ей! – тиз-заларининг атрофларига, бармоқларининг учларига пирт-пирт игна санчиб, се-заяпсизми, дейди. Кулади. Жуда яхши сезаяпман, оғрияпти, дўхтиржон, дейди. Сезаётган бўлсангиз, асабларингиз жойида экан, деб, жилмаяди. Ана ўшанда кўзлари янаям яшнаб кетади. Унинг жилмайиши ҳам чиройли.

… жуда-е!.. Лекин, ҳозир сезилмаяпти-ку! Ё оғриқ босилдими, ёки асабларим карахтлашдимикан-а? – Бас, нимадир қилиш керак. Нима қилиши мумкин? Беомон ёғийдай босиб, янчиб келаётган зулм қаршисида, бедодлик қаршисида мунграйиб, хаёл суриб ўтирмай, нимадир қилиш керак. – Уффф! Хўрсинма, жигарим, ёлғиз эмасмиз.

Бахтига хотини яхши: кўнгли – дарё. Ичидан қиринди ўтсаям сездирмайди… Ўзидай етим ўсган – тушунади… Опаси топган. Опаси ўқитувчи. Шу қизга уй-лан, укажон, деган. Барака топасан, деган. Розиянгдан юз карра, минг карра ях-ши, деган. Билсанг, ҳаммаси чимилдиқдан кейин бошланади, деб айтган… Ўзла-рининг шаҳарчаларига туташ бир қишлоқдан. Деҳқон одамларнинг фарзанди экан. Иниститутни битириб, мактабда иш бошлабди. Чаққон. Камгап. Уятчанг… Ҳаёли демоқчи. Ҳаё – аёлнинг бебаҳо давлати!.. Келин қиламиз, деяётганлар кўп экан-у, лекин, у барига бепарво эмиш… Ўша йили, авжи пишиқчилик кун-ларида, никоҳ кечаси чимилдиққа кираётганида, укаси: “Ака, чимилдиқда йў-лини қилиб, яхшилаб янгамни бир тарсаки уринг. Кейин, айтганингиз – айтган, деганингиз – деган бўлади. Ана, вақтида шундай қилолмаганларига катта акам ҳалиям пушаймонликларини биласиз-ку!..” деган эди, кулиб. Мана, шунгаям ўн… ўн бир йил бўлаяпти. Бир марта чертиш у ёқда турсин, ҳатто, койиган эмас. Бир чимирилса бўлди, барака топгур, дарров тушунволади. Бўларкан-да!.. Буям етимнинг бахти. Куйган биров айтган экан: “Яхши хотин – қимматбаҳо ютуқ чиққан латарея – ҳаммагаям насиб қилавермайди”, деб. Ана, акасининг хоти-ни… Ўзи акасига шундай хотин дош бермаса, бошқаси дош беролмасд-ёв!.. Йўқ, нолиса ношукурлик бўлади. Янгаси бечора жуда куйди-пишди, қариндош-парвар. Тўйида янгаси билан акаси тўйбошилик қилган. Йўқни йўндириб, борларини аямай, бир этак фарзандлари бўлишига қарамай, элга катта тўй бер-ганлар… Укаси хийла кечроқ уйланган бўлсаям, ҳайтовур, серфарзанд – уч ўғил, икки қизи бор. Келини меҳнаткаш. Абжир!.. Опам ўтдилар, энди мандан кейин, йўл кўмилиб қолмасин, деб, холаси ўртанча қизини берган. Жигар – жи-гар-да!.. Тожиклар айтадики, жигар – жигар аст, дигар – дигар аст… Ўзида – иккитагина – бир қиз, бир ўғил. Худо умрларини берсин, иккаловиям одамнинг жони. Қизига онасининг отларини қўйганлар: Барнобону. Бонужон, деб чақира-ди. Барно, деса – онасининг азиз руҳларини безовта, беҳурмат қилаётгандай туюлади. Аввал онаси ўтган эдилар. Бозор куни эди ўшанда. Эрталабдан бир ҳовли кир ювдилар. Пешинга яқин бирров хабар олгани опаси келди. Она-қиз икковлари бир дунё хамир қориб, бир сават нон ёпдилар. Тандирдан янги узилган нонларни совутгани катта уйга ёяётиб, жуда чарчадим-э, ман бирпас-гина чўзилай, қизим, деб, ётганлар-у, узилганлар. Ўзбекнинг одати… Баъзиси жуда шафқатсиз-эй!.. Одам ўтганидан кейин, ҳатто, ўз уйига бир кун ҳам сиғмас экан: “Тили танглайида қотмай, тезроқ жойи ростонига элтиб топширай-лик”, деб, додгўйлик-самангўйлик билан, ҳали онажонининг ювган кирлари қу-римай, аср намозига чиқарганлар. Онасини худди тушида кўргандай гангиб-мунграйиб қолаверган… Кечаси – тун бемаҳалда уйқуси қочиб, онажонининг ёнларига бориб ётгиси келган… Кейин, аламаҳалгача дам йиғлаб, дам мудраб, алаҳсираган. Ахийри, онаси тушига кириб, пешонасини силаганларидан сўнг, то тонггача тошдай қотиб ухлаган. Йўмаса, ақлу ҳуши жойида – еттинчи синф-ни битираётган йигитча эди. Ҳали-ҳануз ишонгиси келмайди. Шунгами, она-гинаси ўтмагандай… Кейин, таппаталосдан отаси аллабир дардга чалиниб, чўп-дай озиб, онасининг йил тўлдиси кунида дунёсига этак силтаганлар. Отагина-сининг арвоҳлари кечирсин-у, ҳамон онасининг ўтганларига ишонгиси келма-ганидек, – онаси меҳмонга кетганлар-у, ҳали-замон келиб қоладигандек, – бот-бот онасини қўмсайверади. Айниқса, мана шундай еру кўкка сиғмай, нондай азиз бир илиқ сўзга илҳақ дамларида, жисму жонида беадат бир истак билан, янаям онасини қўмсаётганлигини ҳис этади. Ана, димоғи куйишиб, кўзлари жимирлаяпти.... Гарчи ўзларидан ортмасада, опасиям, акасиям, укасиям – бари бири-биридан меҳрибон. Ҳозиргидай ёдида: қизил аттестат ҳаммагаям насиб қилавермайди, ўқишга борасан, деб, туриб олган опаси. Етимман, деб асло хаёлингга келтирма, оёқяланг қолсам қоламанки, сани ўқитаман, укажон, деган акаси. Укаси эса: “Ман ўқимайман. Ишлайман. То сиз ўқишни битиргуни-нгизгача, топганим сизники, акажон, деган. Аллақачон ўқишни битирганига қарамай, ҳамон укаси қўллаб турибди: “Бўшашманг, ака, – дейди. – Биздан ҳам битта чиқсин-э! Сиз олимлик дипломингизни олиб, свуюнчилаб келган куни-нгиз, қўни-қўшни, қавму қариндошни ота-ҳовлимизга йиғиб, ўзим катта тўй қи-либ бераман, ака”, дейди.

… ё насиб! – Бердиёр шитоб ўрнидан турди. Ҳануз Акахондай арбобнинг мужмал… хотинчалиш гапи хаёлида чарх уриб, тобора дилтанг қилмоқда эди. Беихтиёр бир нола дилидан тилига кўчди. – Чарчадим-ку, онажон! – Ва, бирдан сергак тортди. – Тавба… тавба. Арвоҳингизни чирқил-латдим-а, онажон! Пойи-нгизда тиз чўкиб, отамнинг ҳақларига, сизнинг ҳақингизга дуойи фотиҳа қилишнинг ўрнига, мишиқиларга ўхшаб… – Ё пирай, бирдан ҳайё-ҳуйтлаб жўна-воргиси келди. Раҳматли онасини, отасини қўмсаб, бир-бир эмикдошларини ўйлаганигами, боятдан бери исмсиз бир истак иштиёқида кўнгли сус кетаётган эди. Дабдурустдан қарори қатъийлашди. – Оғайниларим билан дийдорлашиб, онамни, отамни бир з и ё р а т қилиб қайтаман.

Тўғри қилади: ўйловчининг ўйи битгунча, таваккалчининг тўйи ўтибди. Ба-ҳонада тозариб, ёшариб қайтади. Ўлимдан бошқасининг чораси бор. Муҳлат ту-гашига яна ўн тўрт кун қолаяпти. Ўн тўрт кун!.. Шанба – ижодий куни. Ду-шанбада дарси йўқ. Эрта жума куни кечқурунги поездга чиқса, душанбада яна кечки поездда қайтади. Сешанба куни эрталаб, зангги тўкилган қиличдай тўғри дарсга кириб боради.

Ниҳоят, мушкул муаммони ҳал қилишнинг энг маъқул чораси топилгандек, Бердиёр бир қадар хотиржам уйи томонга йўл олди.

111

Чошгоҳ маҳали.

Ҳалитдан қуёш қиздирмоқда.

Катта йўлнинг гавжум, серқатнов чорраҳаси. Чорраҳа атрофини қатор мага-зинлар қуршаган: озиқ-овқат магазини, ароқ-шароб дўкони, хўжалик моллари… Чорраҳадан бирор эллик қадамлар нарида, қуёшчиқар томонда, катта тошйўлга туташ гулзор бўйида, айвонининг устунлари гулкори, муҳташамгина ошхона. Икки ёни олмазор, гулзор йўлакдан юриб, ошхонага борилади. Ошхонанинг пештоқига катта, гулчинор ҳарфлар билан:

ШОДИЁРНИНГ ОШХОНАСИ

деб ёзилган лавҳа осиб қўйилган.

Айвон олдида гултожихўрозлар, райҳону жамбиллар, гули сафсарлар, оқ, қизил атргуллар барқ уриб яшнаётганлигини кўриб, одамнинг баҳри дили яй-райди.

Гулзор этагидаги ишком остида, поялари қуббали, кўркам панжаралари ба-ланд карт устида, бахмал кўрпачаларда ака-ука қўр тўкиб, гурунглашиб ўти-рибди. Ўртада бир чойнак чой, патнисда ҳали ушатилмаган седанали иккита кулча, сархил мева-чева…

Эрталаб учрашганларидаёқ сезган: укаси анча хушҳол!..Ўзига ишонганлиги, товони ота-юртнинг қадрдон заминида маҳкамлиги қувноқ кўз қарашларидан, нафақат ўзига, балки, ҳамсуҳбатига ҳам аллатовур илиқ-иссиқ бир умид бағиш-ловчи гап-сўзларидан шоён билинади. Лекин, негадир, ҳамон ў з и чилонжий-дага тақаб қоқилган ўриндиқда хомуш ўтирган пайтидагидай паришон, ўйчан кайфиятда – кўнгли озурда, аллазамонлардан бери хаёлида беқўним… беқарор чарх ураётган ўжар бир савол жондай азиз қадрдон гўшасида ҳам ором бер-маяпти.

нима бўларкин-а?.. Агар… агар!..

IV

Тонг отар маҳалида Бердиёр поезддан тушиб, тўғри укасиникига – ота-ҳов-лисига йўл олган эди. Яхши-да, ота-ҳовлиси беминнат: ўзларига аталган икки хона, бир даҳлиз уйнинг эшиклари ҳамиша она бағридай мунтазир.

Тонг-саҳарлаб келини сигир соғаётган экан. Дарвозадан Бердиёрнинг кириб келаётганлигини кўриб, чаққон ўрнидан турди-ю, кўзлари яшнаб:

– Вай, акажон, хуш келдингиз! – деб, шатир-шутир пешбандига қўлларини артиб, илдам пешвоз юрди. Бердиёр жилмайиб, кифтини тутди. Келини кифт-ларидан қучиб: – Йўлларда қийналмай, яхшигина келдингизми, акажон? – деди. – Янгам қанила, балала қани?

Уларнинг салом деворишганини айтиб, Бердиёр узрчан кулимсиради.

– Вай, акажон, бирга келсангизлар қандай яхши бўларди-я! – деди келини, хиёл ортига тисарилиб. – Қаранг, худди билганимдай куни кеча уйларингизни шамоллатиб қўювдим-а! Марҳамат, акажон!..

– Шодиёр ҳалиям ухлаяптими?

– Иби, йўқ, акажон! Биласиз-ку, укайиз ҳаммамиздан эрта турадила, – деди келини, боғ томонга ишора қилиб. Раҳматли отасининг одатлари шунақа эди: қай маҳал уйқуга ётганларидан қатъий назар, ҳамиша, ҳаммадан аввал уйғониб, қўл-бетларини ювганларидан сўнг, дарвозани қия очиб қўярдилар. – Укангиз қўтондала. Қўчқорларига ем бераётган бўлсалар керак. – Укаси атанган қўч-қорвоз. Ўн йиллардан бери ҳеч қачон қўтонидан уч-тўртта урушвоз қўчқор ариган эмас. Суйган эрмаги. – Ҳозир чақириб келаман, акажон.

– Йўқ-йўқ, келинжон! Инагингизни соғаверинг, – деди Бердиёр. Келини – холасининг қизи. Ўзидан анча ёш. Авваллари сансираб, отини айтиб чақираве-рарди. Келин бўлиб тушганидан кейин, истиҳола қилди: ўзбекчилик – аёлига с а н дейишга фақат эрининг ҳақи бор. Ҳатто, акасиям, келинжон, дейди. – Дипломатимни киритиб қўяй, ман ўзим ўтаман.

Худди шу пайтда боғнинг эшиги тарафдан укаси кўриниб:

– Ўҳў-ўй, яшасин, бизнинг ака! – деди. Ва, азот қулочини керган кўйи, чақ-қон яқинлаша бошлади. – Ўзим айланай акамдан. Хуш кўрдик, акажон!..

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8
  • 4.4 Оценок: 5

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации