Электронная библиотека » Муҳаммадали ҚЎШМОҚОВ » » онлайн чтение - страница 5

Текст книги "НАМОЗШОМ ХАЁЛИ"


  • Текст добавлен: 26 июня 2023, 11:01


Автор книги: Муҳаммадали ҚЎШМОҚОВ


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 5 (всего у книги 24 страниц) [доступный отрывок для чтения: 8 страниц]

Шрифт:
- 100% +

ўзбекда бир адовати бўлиши керак бу ифлоснинг. Бўлмаса… Ахир, юрагида ёли борларни ҳар хил баҳоналар билан битта-битта гумдон қилишаяпти-ку! Наҳотки… наҳотки?!.

– Ҳозиргина айтган гапинг учун сениям қамоқда чиритворишимиз мумкин. Лекин, хотиржам бўлавер, қамоққа тушмайсан. Сен – чавақсан. Давай, ёз!

Ахийри, эзғин алфоз, хушлар-хушламас ёза бошларкан, Мўмин Хол сассиз-садосиз хўрсиниб, ўз бошига ўзи маломат ёғдираверди.

… адо бўлдинг, Мўмин Хол. Бу кунингдан ўлганинг яхши эди, Мўмин Хол. Тамом… тамом – у дунёнгу бу дунёнгга ўт кетди, Мўмин Хол!..

– Сен судга бормаслигинг керак, Холов, – деди Балоян. – Судда қат-наш-маслигингга рухсат берамиз. Аммо, суд раиси номига, касаллигим туфайли суд-да қатнашолмайман, деб телеграмма жўнатишинг шарт! Тушундингми, Хо-лов?.. Тушундинг-а?..

Мўмин Хол миқ этмай, ҳамон ўз-ўзига маломат ёғдирган куйи, ночор… ноилож тилхат ёзишда давом этаверди.

II

Эртага ҳаво яна ҳам жазирамароқ бўлишидан дарак бериб, қуёшботардаги ола-чалпоқ булутлар тобора алвонланмоқда эди.

Ботаётган қуёшга бир нигоҳ ташлаб, Мўмин Хол баттар бетоқатланди. Катта йўлга тушгач, машина тезлигини ошираверди. Тилхат ёзганидан бўғилиб, энди қилмишини ҳеч бир важ билан оқлаёлмай, билъакс, ўзидан нафратлан-ганча, хаёлан мадад изларкан, барибир, қутулиб қоларига ишонолмади.

… ахир, қиёматли виждон азоби-чи?.. Агар судга чақиришса… Хўп, теле-грамма жўнатиб, бир марта чап берарман, лекин яна чақиришса-чи?.. Чақи-раверишса-чи?

Уч кун олдин, – биринчи тергов чоғида, – уларнинг айтган гапларини эслади: бизга сен эмас, Карим Раҳим керак. Агар тилхат ёзишдан бошқа яна бир талабимизни бажарсанг, кейин биз шундай қиламизки, ҳам қамалмайсан, ҳам ишингда қолаверасан.

… яна нима қилишим?.. Қанақа иш бўлиши?.. Йўқ, у имонсизларга ишониб бўлмайди. Уч тузга тушдинг – ҳам ўзинг куйдинг, ҳам бир бечорани куйдирдинг, ҳам… Бунақасини бандаям, Худоям кечирмайди, Мўмин Хол. Адо бўлдинг, Мў-мин Хол!..

Аллақачон қош қорайган, оппоқ дока чорсу ўраган қиз-жувонлар ўзларидан узун-узун сояларини судрашиб даладан қайтмоқда эдилар.

Кўнглидан кечаётган тўзғин… эзғин хаёллар таъсириданми ё анави қиз-ларга кўнглида маъюс бир ниманидир туяётганиданми, аллатовур бошини чай-қаб, таниш, қадрдон дарвоза рўпарасида Мўмин Хол машинани тўхтатди. Эш-икни қулфламади. Секин ҳовлига кирди.

Айвондаги сўрида тоғаси газета ўқиб ўтирган экан, оёқ товушини эшитиб, бошини кўтарди, қўлига кўзойнагини олди:

– Ке, Мўминбой, – деб, дабдурустдан безовталанди. – Ҳа, тинчликми?..

Мўмин Хол тоғаси билан қўллашди, омонлашди. Кейин, дам ютиниб, дам хў-синиб, бошига ёпирилган мусибатни сўйлагач:

– Маслаҳатга келдим, тоға, – деди.

Тоға бошини қашиди, қошларини сийпалади; аллақачонлар тоғасининг қош-ларига қуюқ оқ оралаган эди. Сўнг, тўр майкасининг осилиб тушган боғичини кифтига тортиб:

– Жуда нодонлик қилибсиз, Мўминбой! – деди, жиянининг бетига тарсаки ургандек, сизлаб гапирди. Бир зум жимликдан сўнг, лабларини чўччайтирди, бошини хомуш чайқади. – Ҳм-м, тилхат бермаслик керак эди.

– Айтдим-ку!.. Энди ўйлаганим сайин ўзим қийналяпман, тоға.

– Да, ўтган куниёқ келишинг керак экан. Қўрқув – одамни майиб қилиб қў-яди. Биласанми, қўрқоқ – хиёнаткор, қўрқоқ – хоин, қўрқоқ – муртад!..

– Ахир, хотинимни, қизимни ўйлашим керакмиди, тоға?

– Ҳеч кимга, ҳеч қачон пора бермаганлигингни, ҳамиша ҳалол яшаётганли-гингни назардан соқит қилмаслигинг керак эди, – деди Тоға. – Ана ўшанда шайтон ҳам сени йўлдан оздиролмас эди. Ёки пора берганмидинг?

– Э, тоға-а! – деди Мўмин Хол, бўғриқиб. – Нима, сиз ҳам ишонмаёпсизми ?

– Билиб қўйган яхши-да, Мўминбой, – деди Тоға. Сўнг: – Карим Раҳим порахўрмиди? – деб сўради.

– Э, уларнинг олмагани қолдими?

– Бошқаларни эмас, ман Карим Раҳимни сўраёппман.

– Билмайман, – деди Мўмин Хол, кескин бошини чайқаб. – Билмайман!

– Билмасанг, нима учун унга туҳмат қилдинг? Ўйламадингми?..

– Тоға, айтдим-ку, қўрқдим: хотинимни ўйладим, қизимни ўйладим.

– Ҳм-м, – деди Тоға тағин. – Уйингдан келёпсанми?

– Ишхонамдан.

– Э!.. – деди Тоға. – Ана, ўзингни ўйлагансан.

Мўмин Хол индаёлмай, чаккасини қашиди.

– Пешин чоғи уёққа олиб кетишганда, ҳой-наҳой, уйингга чопар жўнаган бўлса, шу тобда болаларинг ўз ёғларида ўзлари қовурилишаётгандир.

Мўмин Хол тўнғиллаб:

– Қаёққа бош ураримни билолмай қолдим ахир, тоға! – деди.

Бир муддат ўйчанликдан сўнг, Тоға:

– Майли, бўлар иш бўпти. Куяверма, – деди. – Ўлимдан бошқасининг чора-си бор.

Мўмин Хол тоғасига жавдираб термилди: чорасини айтинг, тоғажон?

– Бўпти, эрта шу пайтдан сал эртароқ кел, – деб, Тоға туришга чоғланди. – Ҳозир тўғри уйингга жўна.

Мўмин Хол чойнакдан яна пиёлага устма-уст яхна чойдан қуйиб ичди. Ўрнидан турди. Симчироқнинг устундаги тугмасини босди. Бирдан айвон ёришди.

– Тоға, янгам кўринмаяптила?

– Янганг билан жиянинг невараларни эргаштириб, туғуруқхонага кетган, – деди Тоға. – Кеча келиннинг кўзи ёриди.

Мўмин Хол жилмайиб:

– Зўр-ку, муборак бўсин! – деб, суюнчига иккита беш сўмлик узатди. – Ху-до умри билан берган бўсин!

Тоға кулиб:

– Қўй, одамни қўлга ўргатма, – деди.

Мўмин Хол пулни хонтахта чеккасига қўяётиб

– Келиннинг соғлиги яхшими? – деб сўради. – Неварачангизнинг?..

– Шукр, яхши… Жиянинг яна ўғиллик бўлди.

– О, зўр-ку!..

Кўчага чиқдилар.

Мўмин Хол тағин жавдираб:

– Чорасини айтмадингиз-ку, тоға? – деди.

– Салим Пўлатни биласан-а?

– Биламан, – деди Мўмин Хол. – Зўр одам!

– Бал-э!.. Республика судида Салим Пўлатнинг ўзидан ҳам зўрроқ ошналари бор, – деди Тоға. – Салим Пўлатникига борамиз. Гапингга қараганда, ҳали судгача вақт кўп экан, – деб, Тоға хайрлашди. – Бўпти, келинни, балаларингни сўраб қўй.

Ниҳоят, кўнглига бир ёруғлик инганини ҳис этиб, Мўмин Хол хийла хуш-ҳоллик билан хўшлашди. Кейин, машинани юргизиб, тезликни қўшаётганда, елкасидан эзаётган ғусса юки тамом ағдарилгандай енгилгина энтикди.

келганим яхши бўлган экан. Салим Пўлат – зўр одам!.. Тоғам ҳақ гапни айтдила: қ ў р қ у в о д а м н и и т о а т к о р м а х л у қ қ а а й л а н т ир и б қ ў я р к а н. Аммо, н о ч о р л и к-ч и?.. Беҳуда айтишмагандир ахир: ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан, деб! Ҳар хил ҳаромхўр арбоблару амалдорлар ғиж-ғиж қуртдай ғимирлаётган жамиятда ҳалол-ликнинг ўзигина бандаси учун қалқон бўлолмас экан. Йў-ў-ўқ, йўқ!..

Тағин туйқис Балояннинг уч кун аввал айтган бир гапи Мўмин Холнинг ёдига тушди: “Агар тилхат ёзишдан ташқари, бошқа яна бир талабимизни ба-жарсанг, кейин биз шундай қиламизки, ҳам қамалмайсан, ҳам ишингда қола-верасан.”

… уф-ф! Қанақа и ш бўлсайкин-а? Нима учун бугун айтмади?

III

Мўмин Хол чоғроқ кутишхонада мунграйиб ўтираркан, юзлашиш дақи-қалари яқинлашгани сайин, қорнида нимадир узилиб кетадигандай таранг тор-тилгани сайин, юраги ҳам беадад куйишиб оғримоқда эди.

… қўрқувданмикан-а? Йўқ… Қўрқувдан ҳам кучлироқ бир… бир даҳшатнинг бўғови бу, – деб ўйлади Мўмин Хол, чуқур-чуқур нафас олиб. – Қорнимдаги оғриқ ҳам, юрагимдаги куйишиқ ҳам – ҳаммаси шундан. Ҳадемай, ю з л а ш а– м и з!..

На чора, пешонасида бор экан, суд олдида тик туриб, Салим Пўлат ўргатга-нидек, терговчиларнинг ёвуз кирдикорларини рўй-рост айтади. Кейин, муҳ-тарам суд раиси, мани қонун ҳимоясига олинг, қайтиб мани терговга ёки гувоҳликка чақириб юришмасин, дейди. Мен ҳалол-покиза одамман – ҳеч кимга пора бермаганман, ҳеч кимдан пора олмаганман, дейди.

Аммо, бунақа таваллосининг бирор фойдаси бўлармикан-а?.. Негадир, иш-онмайди. Ишонолмаяпти. Билъакс, жисму жонида кезаётган оғриқли бир сезги билан англаяптики, чинакам олишув суддан кейин бошланади. Тўғрисўз-лигини, қайсару қашамшамлигини анави жоҳиллар кечиришмайди. Таажжуб-ки, куч ҳам, қонун ҳам улар томонда!..

… адолат, ана, кўчада – кетяланг!..

Нима, қўрқяптими?.. Йўқ, қўрқувдан ҳам баттарроқ нимадир домига тортиб, вужуд-вужудини аямай, иштиёқ билан ғажияпти. Майли… Тинчиб қо-лар ахир. Лекин… қизини, хотинини ўйласа, бирдан кўз олди қоронғилашиб кетади.

Ана, дик этиб турди. Тек қотди. Ғудраниб сўкинди. Ичкаридан узуқ-юлуқ эшитилаётган бўғиқ овозларга бир зум қулоқ солди. Сўнг, қорнини сийпалаган куйи, деразага яқинлашди. Йўғон панжарадан ушлаб, пастга қаради.

панжарани қўпорсаму, пастга шўнғисам, тик каллам билан бориб урил-сам!.. Ахмоқ, нодон, қўрқоқ… Бунақа ит қавмида жувонмарг бўлгандан кўра, қўлингдан келса, ана, олдин анави имонсизлар билан ҳисоблашиб қўй, – деб ўй-лади Мўмин Хол.. Қўрқасан-а?.. Ҳа-да, ўзи одамзот, ақли кирар-кирмас, атрофни қуршаган бедодликларни кўравериб, бичилган молдай бўлиб қоларкан.

Эшик очилди.

Mўмин Хол ўгирилиб, калта енгли, оқ кўйлак кийган, қора ёқабоғич таққан, тепа сочи сийрак, юзлари рангпар, ўттиз ёшлардаги бир йигитни кўрди.

– Киринг! – деди Йигит.

Ёпирай, йигитни кўрган заҳотиёқ Мўмин Холнинг юраги ола-тасир ура бошлаган эди. Ичкари кирди-ю, қаёққа юрарини билолмай, тўхтаб қолди. Шунинг баробарида, қулоқлари шанғиллаб, кўз олдини тумансифат бир парда қоплаётгандай бўлди. Назарида, қатор, юмшоқ ўриндиқлар қўйилган маҳобатли мажлисхона одамлар билан лиқ тўла-ю, ҳамма жим эди. Аммо, сал кейинроқ кўрдики, юқоридаги баланд курсиларда уч, пастда олти-етти киши ўтирибди.

Котиб йигит пастак ёғоч панжара билан ўралган бир супачага чиқариб, – худди кинолардагидек, – ҳақиқатни ва фақат ҳақиқатни гапиришга қасам ичиргач, ёлғон кўрсатма берса ёки кўрсатма беришни хоҳламаса, муқаррар жазога тортилажагини уқтирди.

Айни ана ўша лаҳзада Мўмин Холнинг нигоҳи Карим Раҳимга тушди-ю, беихтиёр кўзлари каттариб, кўкси шилиниб кетгандай ачишди.

… бечора, бечорагина! – деб ўйлади Мўмин Хол, беихтиёр кўкси бир қал-қиб. – Касалванд боладай бўпқопти-я! Боши… боши катта экан. Кўзлари… ғамгин, негадир, адоватлиАлбатта-да!.. Тилхатдан хабар топган шекилли. Қани, нима деркин, деб кутяпти.

Карим Раҳимнинг бошида оҳори дўппи, эгнида янги костюм, оппоқ кўйлак, қорамтир ёқабоғич. Ранги заҳилтоб. Қошлари чимирилган… Ортида бир мир-шаб найзадай тек қотган.

Ногоҳ, заифона чийиллаган бир овоз эшитилди:

– Гувоҳ Холов! Айтинг-чи, порахўрликда айбланаётган гражданин Карим Раҳимовга пора берганмисиз?

Чиройли бир жувон ҳамда полвон келбатли йигит ўртасида ўтирган қора кийимли, семиз, юзлари дўмбоқ, ранги болари мумидай сарғиштоб, кўзлари совуқроқ чақнаётган олтмиш ёшлардаги кишига тик қараб, Мўмин Хол:

– Ҳурматли суд раиси! – деди.

Шартта гапни кесиб, Раис:

– Мен сиз учун гражданин суд раисиман, – деди – Марҳамат, сўроққа қисқа ва аниқ жавоб беринг!..

… тўғри айтаёпти, – деб ўйлади Мўмин Хол: – Турқи бунақа одамнинг икки дунёда ҳам… Гумоно-ов!

– Пора берганмисиз? Пора берган бўлсангиз, қачон, қанча ва қаерда берган-сиз?

– Пора бермаганман, – деди Мўмин Хол, ўктамроқ, дадил овозда. – Тергов-чилар мени калтаклашган. Ҳатто…

– Шошманг… шошманг! – деди Раис.

Карим Раҳим ирғиб ўрнидан туриб:

– Гражданин суд раиси! – деди. – Талаб қиламан, суд котибига айтинг, гувоҳ Холовнинг кўрсатмаларини сўзма-сўз ёзиб борсинлар?!

– Судга ўргатилмасин! – деди Раис, дўқ-дўқ столга уриб. – Котиб ўз вазифа-сини яхши билади. Ўтиринг!.. Гувоҳ Холов, айтинг-чи, нима учун ўттиз минг сўм пора берганман, деб судга тилхат тақдим этгансиз? Энди дастлабки кўрсат-мангиздан тонишга сизни ким, нима мажбур қилаяпти?

– Гражданин суд раиси, айтдим-ку, терговчилар мени калтаклашди, ҳақо-ратлашди, ёмон қўрқитишди. Кейин, тилхат ёзиб беравер, судда қатнашмайсан, судга чақиришганда, тилхатимда ёзган кўрсатмаларим ҳаммаси тўғри, касаллигим туфайли судда қатнашолмайман, деб телеграмма жўнатасану, қутулиб қолаверасан, деб аврашди.

– Ана!.. – деб, Карим Раҳим тағин ўрнидан турди. Аллатовур ҳаяжон билан ҳавога мушт ниқтади. – Гражданин суд раиси, делога тиркаб қўйилган Гавҳаров ҳамда Рўзиевларнинг эллик мингдан пора берганликлари тўғрисидаги тилхат-ларини бекор қилишингизни сўрайман. Улар мен билан юзлашишдан қочиб, атайлаб телеграмма жўнатишган.

– Айбланувчи Раҳимов! – деди раис хўмрайиб. – Ўтиринг. Ўтиринг деяп-ман!..

– Гражданин суд раиси, агар уларнинг туҳматдан иборат тилхатларини бе-кор қилишни истамасангиз, марҳамат, юзлаштиринг?! Талаб қиламан. Ҳаққим бор!

– Айбланувчи Раҳимов! – деди Раис, янаям чийиллаганча ўшқириб. – Унут-манг, ҳукм пайти ҳар бир хатти-ҳаракатингиз ҳисобга олинади. Аҳ-ҳа, унут-манг!..

Бирдан Карим Раҳим жим бўлиб, курсига хомуш чўкди.

Унга маъюс тикилганча, баттар Мўмин Холнинг юраги увишди.

… бечора. устидан бесўроқ, бесабаб қуш учмас эди-я!      

– Гувоҳ Холов! – деди Раис, сўроқ қилишда давом этиб. – Терговчиларнинг таъзйиқи, зуғуми тўғрисида маъмурий маҳкамаларга мурожаат қилганмисиз?

– Мелисахонанинг ўзида калтаклашди-ку!

Полвон келбатли маслаҳатчи йигит нимадир сўрамоқчи бўлган эди, Раис қўл ишораси билан тўхтатиб, Мўмин Холга:

– Судни чалғитмай, саволга жавоб беринг! – деди.

Мўмин Хол довдираганнамо бошини чайқаб:

– Йўқ, – деди. – Ҳеч кимга!..

– Терговчиларнинг зуғум қилганлигини тасдиқловчи гувоҳларингиз борми?

– Йўқ.

– Гапларингизни нима билан исботлайсиз?

Мўмин Хол йиғламсираётган каби аччиқ кулиб-кулимсиб:

– Исбот?.. Исботим йўқ, – деди. Қўлини кўксига босди. – Сиздан илтимос қилсам майлими?

– Бу ерда илтимос кетмайди, – деди Раис. – Илтимосу илтижолар масжидда бўлади.

Маслаҳатчи жувон пиқ этиб кулди, кафти билан оғзини тўсиб, бошини қуйи эгди. Маслаҳатчи йигит эса тез-тез нимадир ёзмоқда эди.

– Майли, – деди Мўмин Хол. – Қўлингиздаги икки варақлик тилхатимга қарши ўн варақлик тушунтириш хати ёзиб келганман. Икки нусхада. Бирини сизга бераман. – Мўмин Хол супачадан тушиб, Раис сари чаққон яқинлашаркан, костюмининг қўйин чўнтагидан тушунтириш хатини чиқарди. – Ҳаммасини тўлиқ ёзганман. Ўқиб кўринг. Бирор тушунмовчилик бўлса, жавоб беришга тайёрман.

Котиб йигит илдам йўлни тўсиб, Мўмин Холнинг қўлидан хатни юлқиб олди. Ва:

– Ўзбошимчалик қилманг! – деди қаҳрчан шивирлаб. – Боринг жойингизга!

Мўмин Хол мулзам ортига қайтаётиб, бир зум серрайиб тўхтади. Сўнг, тағин чўнтагидан бир даста варақ чиқаргач, чаққон Карим Раҳим томонга яқин-лашиб:

– Мани кечиринг, Карим ака, – деди. – Тушунтириш хатимнинг иккинчи нусхаси бу. Сизга керак бўлар.

Кўзларида қизғин бир миннатдорлик ҳамда сўнгсиз бир умид чақнаб, Карим Раҳим дарров хатни олди:

– Раҳмат, ука! – деди. – Кўп яшанг!..

Айни ўша кезда Раис:

– Гувоҳ Холов! – деб, янаям чийиллади. – Гувоҳ Холов, айбланувчига нима бердингиз?!

– Хат… Тушунтириш хатимнинг нусхаси.

Раис илкис Карим Раҳимга юзланиб:

– Айбланувчи Раҳимов, хатни котибга топширинг! – деди – Сизга айта-япман!.. Навбатчи, гувоҳ Холовни кутиш залига олиб чиқинг!

Зумда қаёқдандир яна бир чақмоқдай миршаб пайдо бўлдию, Мўмин Холни мажлисхонанинг адоқ томонидаги бурчакка бошлаб бориб, тахта деворнинг қўл етар жойида кўзга у қадар илғанмаётган қора тугмачани босди. Ўша заҳоти девордан сассиз-садосиз бир эшик очилди.

– Киринг!..

Мўмин Хол ичкарига кирди. Курсига чўкди. Бошини суянчиққа тираб, кўзларини юмди.

… қўрқитишмоқчи! – деб ўйлади. – Албатта-да, буларнинг бари бир гўр. Ё ақлимни киргизиб қўйишмоқчими?.. Бу қанақа суд ўзи?!. Эсингни йиғ, Мўмин Хол, жанг энди бошланади. Беаёв, беомон жанг!.. Во ажаб, қонун одамзоднинг эркини ҳимоя қилиш учун яратиладими ёки одамзод қонунга қул бўлиш учун яралганми?!

IV

Мўмин Хол тарақлатиб телефонни нари сурдию, хафаҳол ҳовлига чиқди. Рўзғоридан бошқа ҳаммасидан, ҳатто, дунёсидан ҳам кўнгли совиганлигини яна алам билан ўйлаб, қоровулхона ёнида тўхтади. Қоровулни чақирди:

– Алибой ака!

– Лаббай, балонгизни олай! – Ҳаял ўтмай, белбоғини кифтига ташлаб, қаро-вул рўпара бўлди. – Аччиққина чой дамлаб қўйибман, Холуф. Бир пиёлагина қуйиб берайми, балонгизни олай?

– Раҳмат, Алибой ака, – деди Мўмин Хол. – Терговчи чақираёпти.

Беихтиёр Алибой қоровул калта кузалган соқолини юлқилаб:

– Ў, падарналат-эй, янами?! – деди.

– Агар кечгача қайтмасам, шофёрга айтинг, кечқурун бизди болаларга билдириб қўйсин. Унгача ҳеч кимга сездирманг, Алибой ака. Шофёргаям!..

– Хўп бўлади, балонгизни олай. Аммо-лекин, сиз кўп хавотирланманг, ҳа-лол-покиза одамларнинг зурёдисиз. Ана, мани айтди дерсиз, балонгизни олай, ўйнаб-кулиб қайтасиз ҳали. Дадил бораверинг, Худо ёрингиз бўлсин!..

Мўмин Хол гавжум хиёбондан юрмай, овлоқ кўчадан хомуш бораётиб, аллазамонлар отасидан бот-бот эшитган бир ўгитни эслади.

… бандасига эмас, ҳатто, дунёсига кўз тиккан ҳам мутедир. Тўғри, мол-дунёсига кўз тикмаганим чин. Лекин, нега бу қадар муте, нима учун бунчалар… Агар хотиним, кўрар кўзимдай ўғил-қизларим… Тавба… тавба!..

Раҳматли отасининг нақл қилишича, жаннатмакон Хўжа Аҳмад Яссавий ёлғизгина ўғлининг ўлдирилгани тўғрисида шумхабар келтирган кишига: “Ҳай, аттанг, сапчалигида узибсизлар-да!” деб суюкли оқ отини инъом қилган, ўғли-ни ўлдирган кишига эса қизини никоҳлаб берган экан. Бунақасини нима билан, қанақа ақл билан изоҳлаш мумкин? Нима бу ахир – қиз ҳам кимларнингдир қўлида жувонмарг бўлиши хавфидан қўрқиб, наслу насаб истиқболи ғамидаги саъйи ҳаракатми ёхуд ҳаққа етганликнинг амалий бир кўринишими? Ёки, сен ҳам отангни ўлдирганга онангни бер, деганими?

… отам?.. Ҳа-я, нега бу қадар муте, бу қадар қўрқоқман ахир? Анави имонсизларнинг додини бериш шунчалар қийинми? Агар шундай қилсам… қилолсам… Кейинда келаётганлар учун яхши бўлади-ку!.. К е й и н г и л а р б ур у н г и л а р г а р а ҳ м а т к е л т и р г а й. Бу дегани – шундай қил, дегани эмасми ахир? Аммо, нима учун шуни ўйлаганим заҳоти юрагим?.. Қўрқоқ-ликданми ё раҳмдилликданми?

Бўйнидан судралаётгандай бўлиб, Мўмин Хол маҳкаманинг oрқa эшигидан ҳовлига кирди. Дабдурустдан заҳар танг қилаётганлигини сезиб, ҳожатхонага ўтди… Кейин, камарини маҳкамроқ тортиб, тарвақайлаган тут тагига борди. Қувурдан жилдираб қуйилаётган муздай сувда қўлини чайди, юзларини ювди.

Маҳкама ҳовлисида ҳеч ким кўринмас, гўё олам гулистон – ҳаммаёқ жим-жит эди.

Нимқоронғи, салқин даҳлизга Мўмин Хол оёғи тортмай кирди. Ва, бирдан юрагининг гупуриб ураётгани қулоқларига аён эшитилаётгандай туюлди. Но-чор даҳлиз адоғи томонга жилди. Ва, хоналардан хоналарга кириб чиқаётган кўзтаниш миршабларга хушлар-хушламас салом бериб ўтаверди.

Яна ўша эшик, яна ўша х о н а.

Секин эшикни очди. Очди-ю, хонанинг ёп-ёруғлигидан кўзлари қараққандай бўлди.

Балоян столга тирсагини тираганча, кафтига юзини босиб ўтирар, Сидоров эса, рўпарада тик турган куйи, унга нимадир уқтирмоқда эди.

– Кир, Холов, кир! – деди Балоян, русчаю ўзбекчани аралаштириб. – Марҳа-мат, отур!

Сидоров шошқалоқлик билан стол устидаги тунчироқ тугмасини босди. Ўша заҳоти тепадаги серчироқ қандил ўчиб, тунчироқ нуридан хона кўройдин бўлиб қолди.

Ва, шунинг баробарида, Мўмин Хол, айни кўксини нимадир совуқ тили билан ялаётганини ҳис этди.

… тавба, қоронғилик қўрқувни янаям кучайтираркан-эй!.. Чидаш… чидаш керак.

Мўмин Хол қўрқаётганлигини сездирмай, атай бардам овозда:

– Келдим, – деди.

– Албатта келасан-да, – деди Сидоров, пихиллаб кулиб. – Биласан-ку!..

Мўмин Хол унга қарамади.

Балоян курсига оғир суяниб:

– Сен шартимизни буздинг, Холов, – деди.

Мўмин Хол чурқ этмади.

– Судда қатнашмаслигинг керак эди, Холов.

– Уйга хат келди, – деди Мўмин Хол. – Унда: судда қатнашишдан бош торт-санг, жавобгарликка тортиласан, деб ёзилган экан. – Чўнтагидан чақириқнома-ни чиқариб, стол устига қўйди. – Ана, кўришингиз мумкин.

Чақириқномага эътибор бермай, Балоян:

– Нима учун судда, терговчилар мени калтаклаб, зўравонлик билан тилхат ёздирдилар, деб айтдинг? – деди.

Сидоров пишиллаб:

– Калтаклаш қанақа бўлишини бу маразга кўрсатиб қўйиш керак, – деди.

Мўмин Хол юввошгина кулимсираб:

– Судда қасам ичиришаркан-да, – деди.

– Чепуха! Ерунда!.. – Балоян сўкиниб, стол ғаладонидан бир даста қоғоз олди. Асабий силкиди. – Судга топширган тушунтириш хатингми шу?

Ғира-шира кўройдинда Мўмин Хол ўз ёзувини таниди. Юраги шув этди. Лекин, миқ этмади.

– Сен ёзганмисан шуни?!

Мўмин Хол унинг кўзларига совуқ тикилди: ҳа!..

– Мана сенга!.. – Балоян тушунтириш хатини бурдалаб-бурдалаб, Мўмин Холнинг юзига ирғитди. – Энди биз ҳам шартни бузамиз, а, Иван?

Сидоров янаям пишиллаб:

– Эй, сен – Македонскийнинг хазинабони! – деди. – Бугун бизга ўттиз минг келтириб берасан!

Қулоқларига ишонмай, Мўмин Хол ялт унга ўгирилиб қаради. Бехос икки қоши ўртасига Сидоров қарсиллатиб чертди. Бирдан қулоқлари шанғиллаб, кўзларидан ўт чақнаб кетди.

– Энди тушунгандирсан, – деди Сидоров ўқрайиб. – Ўттиз минг!..

Балоян ўрнидан турди, соатига қаради, сўнг:

– Раҳимовни турмада чиритвормоқчимиз, – деди. – Лекин, сен унинг қуту-либ қолишига ёрдам бермоқчи бўляпсан. Шунинг учун биз сени ўйиндан чиқа-рамиз. Ўйиндан чиқишинг учун бизга ўттиз минг беришинг керак! Сенга икки ярим соат муҳлат.

– Олтигача келтириб бермасанг, роппа-роса еттида Отбозорга элтиб тиқа-миз, – деди Сидоров. – Бизда тилхатинг бор: Р а ҳ и м о в г а ў т т и з м и н г п о-р а б е р г а н с а н.

Мўмин Хол уларнинг бунчалар жоҳил ва юҳолигини кутмаган, бинобарин, тамомила гангиб қолган эди, мунграйиб, аллатовур бегона овозда:

– Менда пул йўқ, – деди.

– Вар, сеники пул коп! – деди Балоян. – Бугун кассиринг ўн бирда банкдан бир халта пул олган. Тўғрими?

– Ишчиларнинг пули…

Бизга барини эмас, ўттиз мингини келтириб берасан.

Сидоров рўпарасида тўхтаб:

– Агар олтигача келтириб бермасанг, эрта соат ўнда хотининг билан қизинг-ни Отбозорда биғиллаб йиғлаётганини қўшни камерада эшитиб ётасан, – деди-да, пихиллаб кулди. – Кейин… Уёғини ўзинг билиб олавер!

Мўмин Хол қўлларини мушт қилиб тугмоқчи бўлди. Лекин, уддалаёлмади. Сездики, мижғилаб ташлангандек, вужудида эзғин бир лоҳаслик кезаяпти.

… имонсизлар! Олчоқлар!.. Заррачаям қўрқишмайди-я! Буларнинг хўжаси ким? Ҳомийси ким?.. Ўттиз минг – салкам ўн йиллик даромадим. Қаёқдан оламан?

Балоян тағин соатига бир қараб:

– Олтигача келтирмасанг, роппа-роса соат олтида конторангни БХСС босади, – деди.

– Босаверсин, – деди Мўмин Хол.

– Аҳ-ҳа, шунақами ҳали?! – деди Балоян, сўнг Сидоровга кўз қисиб, давом этди: – Ҳар йили ўн минглаб терини кўн заводларига, тонналаб жунларни фабрикаларга жўнатаётган конторангда албатта жиноят бар. Бар!.. Ҳар бир теридан ўртача уч сўмдан уриб қолсанг, бир йилда ўттиз минг ўмарасан. Фақат терининг ўзидан!.. Нима, билмайди деб ўйлайсанми бизни?!

– Мен бир тийин ҳам урган эмасман, – деди Мўмин Хол. – Мен ҳамиша ҳалол ишлаганман. Ўмарганлар бўлса, ўзлари жавоб бераверишсин.

– Йўқ, аввало сен жавоб берасан, Холов. Сен!.. – Балоян унинг кифтига қоқди. – Бор, оғайничалиш, кассиринг ҳамда бухгалтерингга яхшилаб тушун-тир. Яна уч йил… тўрт йил ўзимиз хоҳлагандай ишлашимиз учун имкон бери-шармиш, деб айтгин. Мен шунга сўз бераман

Мўмин Хол хазин хўрсинди. Турди. Ҳардамхаёллик билан эшик томонга юрди.

ўттиз минг-а! Молинг кетди – жонинг кетди. Тамом, адо бўлдинг, Мўмин Хол! Хонумонинг куйди, Мўмин Хол!..

– Тохта, Холов! – деди Балоян. – Огоҳлантириб қўяй: бирор шумликни ўй-лама!.. Опкелганингдан кейин, икки қаторгина хат ёзасан. Тахминан мана бундай…

Бирдан Сидоров унинг гапини бўлиб:

– Айтма! – деди. – Кейин… кейин айтасан, қария.

Бир зум жимликдан сўнг, Балоян бош ирғаб:

– Ҳа, сен ҳақсан, Иван, – деди. Ва, сирли кулимсираб, Мўмин Холга юз-ланди. – Опкелганингдан кейин, биз сени ўз ҳимоямизга оламиз. Энди ҳаял-лама!..

Мўмин Хол бехуд кўчага чиқди. Жазирама қуёш нуридан яна қарақдими, кўзлари жиққа ёшга тўлди. Дабдуруст ўзидан ижирғанаётганлигини ўйлади. Баттар хўрлиги келди. Ютоқиб-ютоқиб энтикди. Ҳув ўтган галгидай бўғзига бир нимадир тиқилгандай бўлди.

… ў-ў, пешонаси ғурра, юраг… юраккинаси яра-чақа, ўзбегим, онангни қози урса, арзинг-ни кимга айтасан, деганинг ҳам бежиз эмас экан. Декин… лекин, қачонгача ахир?!. О-о, Тангрим, ахир биз ҳақимизда айтмаганмисан: у л а р н ин г о т а л а р и я х ш и к и ш и л а р э д и, деб? Ҳали шумиди яхши кишиларнинг зурёдларига марҳаматинг? Ахир, сен – раҳмдил ва марҳаматли-сан-ку, Тангрим. Ё йўл кўрсат, ё ол омонатингни?!.

Ана, Мўмин Хол ёнверидан ўтиб бораётган одамларни кўриб-кўрмай, жазирама қуёш тиғида пешонасидан, юзларидан дамба-дам тер сирғалган кўйи, ўттиз мингни қарз-қаволи қилиб элтиб берса – хонавайрон бўларини, бермаса – бадному бадбахт бўлари тайинлигини ўйлаб, қайгадир, – қаёққалигини ўзи ҳам билолмай, – қуёшботар томонларга мунграйиб кетиб бормоқда.

1990-22 й.

ҚЎША ЖАНОЗА

Ёлғизмен. Ёлғизмен. Шундай ёлғизмен.

Юулдузлар олисдир. Еллар бегона.

Ойбек.

1

Кечки овақтдан сўнг, бирпас давра қуриб, жамул-жам телевизордан бир лав-ҳани томоша қилаётган эдилар.

Одатдагидек, кутилмаганда, телефон жиринглади. Беҳуда жиринглардан, бе-самар қўнғироқлардан Нортўхта тўйиб кетган. Жуда!.. Тобора авж олаётган ёл-ғонларга, хушомадларга, кўзбўямачиликларга… сира тоқати йўқ. Феъли шуна-қа. Бундай бир мослашишни ўйлаб ҳам…

… э, мослашишмиш-а!..

Аввалдан ҳаммасини билиб турганлиги учунми, эшитишниям, кўришниям истамайди. Қизиқиб кўрадиган кўрсатувлари: “Время”, “Новости”, “Взгляд”… Кейин, асосан, Россия кинолари – бир қадар ерга яқин – таъсирчан. Голливуд-нинг кинолариям… Аксарияти бўмағур экан. Арзимайди. Бир кўришгаям арзи-майди. Айримларини эса кўриш гуноҳи кабир.

… эсизгина вақт, эсизгина сарфу харажатлар. “Рембо”си-ку, қонхўр Амери-касининг айни жирканч башарасининг ўзгинаси. Эсиз… эсиз-а!

Хуллас, ҳамишагидек, бу гал ҳам телефоннинг бетоқат жиринггига Нор-тўхта парво қилмади.

Дастакни хотини олди. Саломлашди. Сўрашди. Сўнг, Саъдулла жўрангиз, деб, дастакни узатди.

Саъдулла деганимиз – Саъдулла Аҳмад – шоир. Раҳматли Тилак Жўра Саъдуллани суюб, Саъдий, дер эди. Саъдулла сўзга хассос… Саъдулла сўзга инжиқ… Лекин, одати ажойиб: кайфияти яхши бўлса, хотиржам сўрашади: ав-вал соғликни сўрайди. Кейин, кайфиятни… Шундан сўнг, бирма-бир невара-ларни суриштиради: Туроншоҳ яхшими? Шерзод катта йигит бўлаяптими? – Туроншоҳни кўрган. Кўп маротаба. Шунгами, қайта-қайта Туроншоҳни сў-райди. – Туроншоҳ қалай, Туроншоҳ!?. Саъдулла билан ҳол-аҳвол сўрашаёт-ганида, Нортўхтанинг ҳам кайфияти чоғ бўлади.Умрининг маънисиз ёниб-куйиб ўтаётганлигини ўйлайди… Лекин, барибир, Саъдулла билан гаплашаётиб, янаям яшагиси келаётганлигини сезади. Чиндан ҳам, тутақиб яшаётганлигига ўзини ишонтириш учунми ё бечора, жафокаш юрагига қўр олиш учунми, Саъ-дулла, жўражон, битта янгисидан эшитайлик, дейди. Негадир, Саъдулла ўзи-нинг шеърларидан ўқишни ёқтирмайди. Лекин, жўра – жўра-да! Жўра дегани – шунчаки ўртоқ ёки дўст, дегани эмас-ку, ахир!.. Майли, дейди. Бирпас жим қолиб, кўнгил учун бирор тўртлигини ўқийди. Ана шундай телефон гурунглари чоғида ўқиган бир тўртлиги Нортўхтага жуда ёқиб қолган:

Нималар деб сайраяпсан, булбули гўё?

Туғилганлар ўлар; ўлганлар туғилган.

Икки йўқлик аро кўприк бу дунё,

Икки йўқлик аро бўғилган.

… ў, дунёсики бўғилган бўлса, бандасининг жонига балли-е!

Нортўхта хотинидан дастакни олди. Саломлашди. Сўрашдилар. Сўрашаётиб, Саъдулланинг анча шашти сустлигидан англадики, нохуш нимадир рўй берган.

… нима бўлиши мумкин? Ж а ҳ о н а й в о н и ғ а д а р з к е т д и м и –ё?

Саъдулла кўп кутдирмади, эшитдингизми, деди: Ғайбулла ака оламдан ўтиб-ди.

... Ғайбулла ака-я?! Бечора… Ҳай, о т а-я!..

Гўё, Ғайбулла ака – Ғайбулла Салом – Ғайбулла ас-Салом ўлмайдигандек, мангу яшаши керакдек, бир муддат Нортўхта гангиб қолди. Ва, шунинг баро-барида, бирин-бирин Ғайбулла акага алоқадор хотиралари тобора шуурида ёр-қинлаша бошлади.

Аллабир катта йиғинда маърузага чоғланаётиб, минбарда Ғайбулла ака бир-дан юрагини чангаллабди-ю, қулабди.

Буни эшитаётиб, беихтиёр Нортўхтанинг кўнглидан шундай бир фикр кечди: бечора. Қутилибди. Ниҳоят, қутилибди. Худо раҳмат қилсин!..

Ушбу фикр кўнглидан кечгани билан, негадир, Нортўхта бирор бир енгил-ликни ҳис этмади. Қайтага, мустақилликнинг дастлабки йилларида, домдарак-сиз йўқолган ёлғизгина ўғлининг ўлик-тириклигини билолмай ўтганлигини ўйлаб, баттар ғусса босётганлигини туйди.

… кўзи очиқ кетди бечоранинг.

Баъзан таниш бировнинг қазо қилганлигини эшитиб, – во ажаб! – худди шундай бўлиши керакдек, бир тукингиз ҳам қилт этмайди. Лекин, Ғайбулла акадай яқинингизнинг қазоси эса жисму жонингизни ўртагандан ўртайверар экан.

Ҳамон Нортўхта жим – оғир сукутга толган эди.

Саъдулла ошна-оғайниларга хабар қилиш кераклигини айтди: “Тонгда, бом-дод намозидан кейин, Минор қабристонига қўйилармиш. Дафн маросимини Ҳамидулла бош бўлиб ўтказаётган экан.”

… т о н г д а! – Беихтиёр таажжубланиб, Нортўхта ёқасини ушлади. – Нима учун тонгда? Нима учун пешин намозидан кейин эмас? Нима учун?!. Ахир, ёру биродарлари Самарқанддан етиб келолармиканлар? Қозоғистонлигу туркма-нистонлик шогирдлари, дўстлари жанозага улгуролмайдилар-ку!.. – Ҳамидулла – Саъдулла аканинг ўғли; раҳматли Саъдулла Кароматовнинг, – Ғайбулла аканинг кенжа шогирдларидан, Бош вазирнинг ўринбосари. – Агар… агар!..

Ғайбулла ака таржимашуносликда мактаб яратган олим. Шундай олимнинг дафн маросими ҳам, албатта, ҳар қанча эъзозу эҳтиромларга муносиб. Бироқ, Нортўхтанинг англашича, товуқ қўноғидан тушмасдан, тонг бўзарар маҳалда, Ғайбулла ас-Салом жасадининг биров билиб, биров билмай тупроққа топши-рилишида аллақандай бир сирли шошқалоқликми, н и м а д и р яшириндай эди.

… шундай… Шундай. Арслоннинг ўлигиям арслон-да!

Эртага, тонг отардан аввалроқ таъзияхонада учрашмоққа келишиб, хўшлаш-дилар.

Нортўхта дастакни жойига қўйиб, болаларига Ғайбулла аканинг оламдан ўтганлигини айтди

Ҳаммалари, ҳатто, неваралар ҳам юзларига фотиҳа тортдилар: Худо раҳмат қилсин!..

Кейин, бир-бир таниш-билиш оғайниларга жаноза хабарини етказишни ўйлаб, Нортўхта дастакка қўлини чўзди.

Айни ўша пайтда телефон жиринглади.

Нортўхта дастакни қулоғига тутиб, одатича, ассаломалайкум, деди. Ибро-ҳимнинг алик олгани эшитилди.

… кўнгли сезган-да! – деб, ўйлади Нортўхта, Иброҳимга қўнғироқ қилмоққа чоғланганлиги хаёлидан кечиб. – Иброҳимга ҳам жабр-э!.. Худо жонига тўзим берсин.

Ҳол-аҳвол сўрашганларидан сўнг, Иброҳим: эшитдингизми, деди. Нортўхта эшитганлигини айтди.

Тонг отардан анча олдинроқ, йўлакай Тўра акани бошлаб, таъзияхонага бирга боришга келишганларидан сўнг, хайрлашдилар.

2

Ғайбулла ас-Салом – Иброҳим Ҳаққул – Нортўхта Қилич – қайғудош биродарлар.

Ғайбулла аканинг Ҳабибуласи йўқолган. Дом-дараксиз!.. Ҳабибулла Респуб-лика Бош прокуратурасининг муҳим ишлар бўйича тергов бошқармасининг бошлиғи бўлган. Адлия полковниги!.. Ўша кунларда мамлакатдаги ягона, йирик Самарқанд чой қадоқлаш фабрикасининг чойфуришларини тергов қилаётган катта бир гуруҳни ҳам бевосита ўзи бошқараётган экан.Айтишларича, бир қоп пулгаям сотилмаган. Отасининг ўғли-да!.. Кейин, айни тергов авж олаётган кунларнинг бирида, тушликдан сўнг, кимдир биров пастдан туриб, телефон ор-қали чақирган… Ҳаво хийла салқин бўлишига қарамай, тезда қайтиб чиқишига ишониб, кастюмини ҳам киймай, Ҳабибулла шошилинч пастга тушган.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 | Следующая
  • 4.4 Оценок: 5

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации