Текст книги "СИЁСАТШУНОСЛИК"
Автор книги: Муқимжон Қирғизбоев
Жанр: Зарубежная образовательная литература, Наука и Образование
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 8 (всего у книги 34 страниц) [доступный отрывок для чтения: 11 страниц]
Сиёсий тизимни ишлаш ҳолатида сақлаб туриш учун талабдан ташқари яна қўллаб-қувватлашга ҳам зарурат туғилади. Истон қўллаб-қувватлашни ўзгарувчан атроф-муҳит билан боғлаб турувчи тизимнинг бош йиғиндиси, деб ҳисоблайди. Қўллаб-қувватлаш шакллари турли-туман бўлиши мумкин: моддий қўллаб-қувватлаш, яъни солиқлар ва бошқа йиғимлар, тизимга хизмат кўрсатиш, қонунлар ва директиваларга амал қилиш, сиёсий жараёнларда иштирок этиш, расмий ахборотлар ва ҳокимиятга нисбатан эътибор билан қараш ва уларни ҳурмат қилиш. Д.Истон қўллаб-қувватлашнинг учта объектини келтиради: “сиёсий жамият” – сиёсатдаги фаолияти тақсимланиши туфайли бир-бири билан бир тузилмага боғланган кишилар гуруҳи; “режим” – асосий компонентлари қадриятлардан (мақсадлар, принциплар) иборат деб ҳисобланувчи ҳокимиятнинг меъёр ва тузилмалари; “бошқариш”– ўз фаолияти учун масъулликни эътироф этган жамиятдаги кўпчилик фуқаролардан иборат кишиларга тааллуқли жараён.
Д.Истоннинг фикрича, тизим – бу восита бўлиб, унинг ёрдамида “кириш” (талаб ва қўллаб-қувватлаш) “чиқиш”га (қарор ва хатти-ҳаракат) айланади.
Сиёсий тизим кирувчи омилларни чиқувчи омилларга айлантириб, жамият аъзолари қўйган вазифаларни бажаришда ўз мақсадларига эришишини ва бу жараёнда уларни мувофиқлаштириб турадиган ижтимоий ресурсларни сафарбар қилиш воситалари билан таъминлаб туради. Конверсия жараёни йўлига нимадир тўғаноқ бўлиши мумкинми? Д.Истоннинг фикрича, ҳаттоки демократикдан тортиб то тоталитар сиёсий тизимлар тузилмаларида ҳар қандай фавқулодда оғишлар юз берганида ҳам улар конверсия жараёнини амалга ошишига халақит бера олмайди. “Кириш” ва “чиқиш”даги конверсия – бу алоҳида олинган бирон-бир тизимнинг хусусияти эмас, балки у барча тизимларга хос бўлган жараёндир.92
Д.Истон моделида чиқиш омиллари атроф-муҳит таъсирига нисбатан тизимларнинг акс-садо бериши, шунингдек, ўз-ўзига таъсир кўрсатиш усулларини концепциялаштириш учун хизмат қилади, шу билан бирга, талаб ва қўллаб-қувватлаш кўпинча кириш омилларининг шаклини ўзгартириб ҳам туради. Шунинг учун ҳам “чиқиш”ни охирги нуқта, деб бўлмайди. Д.Истоннинг фикрича, “чиқиш” хатти-ҳаракатнинг тўхтовсиз такрорланиб туриш ҳодисаси бўлишидан ташқари, у “қарама-қарши алоқалар ҳалқаси” ҳамдир (Feedback Loop) . Бу тушунча қайтиб келувчи ахборотлар ва унинг афзаллик томонларидан фойдаланиш усулларини белгилаб беришга хизмат қилади. Бу ерда ёпиқ такрорланиб турувчи ҳодиса (цикл) ҳосил этувчи иккита жараён назарда тутилади: биринчидан, чиқиш тизими ва унинг натижаси (яъни, маълум бир вазиятлардаги ҳокимиятнинг адаптацияси) ; иккинчидан, ахборотнинг ўзи (яъни, тизимнинг ҳолати ва ҳокимиятнинг акс жавоб бериш оқибатлари тўғрисидаги қарама-қарши маълумотлар оқими) 93 .
Қарама-қарши алоқалар жамиятдаги тангликни тугатишнинг бош механизмларидан биридир. Аммо у бу функцияни ҳокимиятнинг тизимга кириб келаётган туртки ва таъсирларга жавобан акс-садо бериш қобилиятининг нечоғли эканлигидан келиб чиқиб бажара олади. Агар ҳокимият жамият аъзолари талабларига нисбатан бефарқ бўлса ва фақат ўзининг хусусий талаблари ва ғояларигагина эътибор бераётган бўлса, у ҳолатда ҳокимият қарорлари ва хатти-ҳаракатлари ҳеч қачон қўллаб-қувватланишга эриша олмайди.
Ҳокимият сиёсий тизимни қўллаб-қувватлашнинг энг кам даражасига эришишни эмас, балки қўллаб-қувватлашнинг янгидан-янги манбаларини истаётган ёки янги режим ташкил этиш учун интилаётган ҳолатларда салбий ҳолатлар юз бериши мумкинлигини эътиборга олиб бориши лозим. Ўзгаришлар, адаптация, ўз-ўзини сақлаш, интилишлар, мўлжалларини қайтадан кўриб туриш, мақсадларни ўзгартиш – буларнинг ҳаммаси, Д. Истоннинг фикрича, асосий воситалар бўлиб, уларнинг ёрдамида сиёсий тизимдаги тангликлар ёки турли зўриқишларга барҳам бериш мумкин.
Демак, Д.Истоннинг фикрича, сиёсий тизим – бу нафақат унинг тузилмалари ўзаро хатти-ҳаракати тизими, балки муттасил равишда ўзгариб турувчи, амал қилувчи, доимий ўсиб борувчи тизимдир94 .
ХХ асрнинг 60-70-йиллари бошида тизимли ёндашувга нисбатан кучли танқидлар хуружи авж олган пайтда ҳам Д.Истон ўзининг янги асари – “Сиёсий тузилмалар таҳлили”да (1990 й.) Н.Пуланзаснинг неомарксистик структурализми назариясини танқидий таҳлилига таянган ҳолда сиёсий тизимнинг ички тузилмаларини концептуал жиҳатлари назариясини янада бойитди, “Сиёсий тузилма кўзга кўринмас куч каби сиёсий тизим ичида ҳукмронлик қилади”95 . Истоннинг фикрича, умуман олганда, сиёсий тузилмалар давлат органлари, партиялар, гуруҳий бирлашмалар, элиталар гуруҳлари, оммавий шаклдаги кучлар, шунингдек, уларнинг барчаси ўйнаётган сиёсий роллар каби унсурлардан ташкил топади. “Сиёсий тузилма”нинг ўзи индивидлар ва гуруҳлар хулқларини чеклашни шарт қилиб қўядиган, шу билан бир вақтда, улар мақсадларига эришиши учун имкониятлар яратадиган сиёсатнинг атрибутив таснифи сифатида намоён бўлади. Истон сиёсий тизимнинг “хамиртурушини” ташкил этадиган сиёсий тузилмаларнинг ҳар хил турларини ажратиб кўрсатади: юқори ташкил этилган ва паст ташкил этилган, расмий ва норасмий, режимли ва дифференциялашган институтлар96 .
Тузилмавий-мақсадли усулнинг хусусиятлари. Сиёсий тизим назариясининг ривожланиши тизимли таҳлилни кўп жиҳатлардан бойитган тузилмавий-мақсадли усулнинг шаклланишига олиб келди. Бу усул замонавий шаклда антропологик мактаб вакиллари (Малиновский, Браун) ва социологик мактаб вакиллари (Парсонс, Мертон ва бошқалар) томонидан сиёсий фанларга олиб кирилди. Социологик мактаб вакиллари ижтимоий тузилмалар ва институтларни тизимда функциялар бажараётган омиллар сифатида ижтимоий фанларни ўрганиш объекти қилиб олганимиздагина, уни тўғри таҳлил қилиб, улар истиқболини башорат қилиш мумкин, деган фикрни илгари сурди. Ёндашувнинг “тузилмавий” усули инсоний бирликнинг ҳар қандай ташкилоти учун ҳам тааллуқлидир: оила, жамоат бирлашмалари, суд, қонун чиқарувчи органлар, турли комиссиялар ва ҳоказо. “Функционал” унсур эса ташкилотлар фаолияти ва улар таъсирининг ташқи самараси унуми нисбатини ўрганишда муҳим аҳмият касб этади97 .
Алмонд сиёсий тизим модели. Сиёсий фанлар соҳасида тузилмавий-мақсадли ёндашув усулининг шаклланишига АҚШ олими Г.Алмонд катта ҳисса қўшди. У сиёсий тизимни у ёки бу даражада легитим жисмоний итоат эттиришни қўллаш ёки қўллаш хавфи воситасида интеграция ва адаптация функцияларини (жамият ичида, ундан ташқарида, жамиятлараро) бажараётган барча мустақил жамиятларда рўй берадиган ўзаро хатти-ҳаракатлар тизими, деб талқин этди.
Алмонднинг фикрича, сиёсий тизим жамиятдаги легитимлашган тузумни қўллаб-қувватлаб ва қайта ўзгартириб турувчи тизимдир. У жамиятнинг “кирувчи” ва “чиқувчи” омилларига сингиб кетган ва унга алоҳида хусусиятлар ва мазмунлар бахш этиб турувчи, шунингдек, уни тизим сифатидаги мустаҳкам бирлигини таъминлаб турувчи қонунийлашган кучдир.
Алмонд Истондан фарқ қилиб, фақат юз бераётган жараёнларни таҳлил қилиш билан чекланмайди, балки кўпроқ сиёсий тизимнинг барқарор тузилмалари аҳамиятини аниқлашга қизиқади. Алмонд таҳлилларида “тузилма” (структура) тушунчаси “маданият” тушунчаси билан бир қаторда муҳим ўрин эгаллайди. У “тузилма” деганда, сиёсий тизимни шакллантириш фаолиятини имконият доирасидаги назоратини тушунади. У кишиларнинг сиёсий жараёнларда иштирок этаётган фаолиятига доир муайян қисмини рол деб атайди. Роллар – ижтимоий, жумладан сиёсий тизимларни ва барча омилларни тўплаб бир бутунлик сифатида йиғадиган бирликлардир. Шунинг учун ҳам роллар сиёсий тизимнинг асосий компонентларидан бири саналади. Ўзаро боғланган ролларнинг муайян йиғиндиси тузилмани (структурани) ташкил этади. Масалан, ҳакам (судья) – бу рол, суд (ҳакамлик) эса роллар тузилмасидир.
Тизимга нисбатан функционал талабларни ҳеч бир исботсиз қоидалар сифатида қабул қилиш барча ёндашувларнинг асоси бўлиб хизмат қила бошлади. Жамият ҳаёти учун зарур бўлган ва чекланган муқобиллари ичидан танлаб олинадиган қандайдир мақсадлар миқдори мавжудлиги ва бу мақсадларнинг муайян хатти-ҳаракатларга айланиши учун тизим маълум бир функцияларни бажариши лозим бўлади. Ижтимоий фанлар нуқтаи назарига биноан функция – мақсадга мувофиқ фаолиятдир. Мақсадга мувофиқлик тизим доираси билан аниқланади. Йўналтирилган ёки мақсадли функциялар “очиқ”лик характерига эгадир. Бу каби характер касб этмаган функциялар эса “яширин” дейилади. Бу ҳолатда барча амалга ошган хатти-ҳаракатлар ва тузилмаларни чуқур англашни ҳисобга олиш талаб этилади. Тузилмавий-мақсадли усулнинг устунлиги шундаки, у сиёсий акторлар ва гуруҳлар томонидан амалга оширилаётган функцияларнинг (айниқса, уларнинг яширин шаклларини) муҳимлигини англашга имкониятлар яратади.
Алмонднинг фикрича, сиёсий тизимнинг кириш ва чиқиш омилларини тизимларнинг ичкарисидан келиб чиқадиган функциялар нуқтаи назаридан таҳлил этиш зарур. У шундай саволлар қўяди: ким (яъни, қандай тузилмалар), қандай функцияларни бажармоқда ва қандай йўсинда?
Д.Истон ва Г.Алмонд ҳозирги даврда ҳам ўз ривожланиш жараёнларини давом эттираётган сиёсий тизим назариясини яратишга улкан ҳисса қўшдилар. Истон ва Алмонд моделларининг илмий аҳамияти шундаки, улардан ўз олдига эмпирик равишда ўзаро бирлашадиган гипотезаларни яратиш мақсадини қўйган ўзига хос ва мустақил бўлган кўп соҳаларда концепциялар манбаси ва ишчи модели сифатида фойдаланиш мумкин. Ундан ташқари, эмпирик таҳлилнинг бирмунча муаммоларини ҳал этиш учун бағоят долзарб аҳамият касб этган – соҳага оид муайян терминларни стандартлаш, маълумотларни кодлаштириш, ахборотларни сақлаш кабиларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар туғилди.
Мазкур моделлар тизимларни сақлаш ва мувофиқлаштириш усулларини тадқиқ этишда ҳам ўзининг мақсадга мувофиқ эканлигини исботлади. Бу моделларнинг (айниқса, Алмонд моделининг) сиёсий тизимларни қиёсий тадқиқ қилишдаги самарадорлиги ниҳоятда юқоридир. Истон ва Алмонд ўзларининг сиёсий “тизим” моделларини яратиш баробарида қиёсий таҳлил учун макробирлик тизими тушунчасини ҳам шаклланишига асос солдилар. Уларнинг концепцияси нафақат колониялар, федерациялар, давлат-шаҳарларни, балки компонентлари ўзаро бир-бирлари билан боғланган ва яхлитликни тақсимланиши сифатида сиёсий тизим функциясини бажараётган ҳар қандай бирликни (метрополиялар, федерация аъзоси бўлган давлатлар, турли таъсир этиш гуруҳларини) таҳлилга киритиш имкониятини яратиб берди98 .
К.Дойчнинг ахборот-кибернетика модели. Сиёсий тизим назариясини ривожлантиришнинг якунлаш босқичи ХХ асрнинг 50-70-йилларида Сиёсий фанларнинг Халқаро ва Америка ассоциациялари собиқ президенти К.Дойч томонидан “ахборот-кибернетика модели”га асос солиниши билан ўз ниҳоясига етди99 . Ўз вақтида Т.Гоббс сувереннинг олий ҳокимиятини ижроия, суд ва бошқа органлар билан боғлаб турувчи сиёсий коммуникацияларни “давлат бошқарувининг нервлари”, деб атаган эди. Т.Гоббснинг ана шу ғоясидан баҳра олган К.Дойч ўзининг “Бошқарув нервлари: сиёсий коммуникация ва назорат моделлари” (1963 й.) номли асарини ёзди. Унда сиёсий тизим коммуникация ва ахборот оқимлари шахобчаси сифатида талқин этилади. К.Дойч ишлаб чиққан ахборот-кибернетика ёндашуви доирасида сиёсий ҳаёт кибернетик таҳлил ва коммуникатив механизмлар воситасида таҳлил этилади100 .
Кибернетика тушунчаси “бошқарув санъати” маъноси асосида пайдо бўлиб, у дастлаб денгиз навигацияси ва сув кемасини бошқариш маъноларини англатган. Дойчнинг фикрича, ҳукумат (давлат бошқаруви субъекти сифатида) сиёсий тизимни ахборот оқимлари ва коммуникатив ўзаро хатти-ҳаракатларни тизим ва муҳит ўртасида, шунингдек, тизимнинг ўзини ичидаги алоҳида қисмлар билан мувофиқлаштириш йўли билан сафарабар этади.
К.Дойч “Бошқарув нервлари” асарида сиёсий тизимларнинг амал қилиш моделини жуда ҳам мураккаб ва кетма-кетлаштирилган, орқага қайтиш принципи асосида қурилган ахборот оқимлари йиғиндиси сифатида таърифлайди101 . У сиёсий тизим моделида ахборот-коммуникатив оқимлар ўтишининг турли даврлари билан боғлиқ бўлган тўртта қисмларини ажратиб кўрсатади: 1) ахборотлар олиш ва танлаш; 2) ахборотларга ишлов бериш ва уларни баҳолаш; 3) қарорлар қабул қилиш; 4) орқага қайтувчи алоқалар билан қарорларни амалга ошириш.
Биринчидан, сиёсий тизим ахборот хизматларига (ҳукумат ва шахсий), жамоатчилик фикрини ўрганиш марказларига (ҳукумат қабулхоналари, агентура шахобчалари ва бошқ.) тегишли бўлган, “рецепторлар” деб аталувчилар (ички сиёсий ва ташқи сиёсий) воситасида ахборотларни қабул қилади. Бунда тушган маълумотлар сараланади, тизимлаштирилади ва дастлабки таҳлиллар амалга оширилади. Иккинчидан, кейинги босқичда сараланган янги ахборотларга “хотиралар ва баҳолашлар” хизмати доирасида қайта ишловлар берилади, бу жараёнда бир томондан, қўлга киритилган ахборотлар эски ахборотлар билан қиёсланади, бошқа томондан, қадриятлар, меъёрлар ва стереотиплар асосидаги баҳолашлар амалга оширилади. Учинчидан, сиёсий вазиятни ўз устувор жиҳатларига ва ҳукумат мақсадларига (қарорлар қабул қилиш маркази сифатидаги) мувофиқлиги даражасининг хулосавий баҳолашлар олинганидан кейин тизимнинг охирги жорий ҳолатини мувофиқлаштириш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинади. Ва ниҳоят, охирги босқичда “таъсир манбалари” (“эффекторлар”) деб аталувчи акторлар (ижроия органлари ва бошқ.) қарорларни амалга оширади, сўнгра уларнинг натижалари тизимни амал қилишини янгидан такрорланишини таъминловчи “рецепторлар” учун “орқага қайтувчи алоқалар” орқали янги ахборотлар сифатида хизмат қилишга тақдим этади.
К.Дойч, шу билан бирга, сиёсий тизимдаги коммуникацияларнинг учта турини ажратиб кўрсатади: 1) шахсий, норасмий коммуникациялар (face-to-face) , масалан, депутатликка номзоднинг сайловчилар билан табиий ҳолатдаги шахсий алоқаси; 2) ташкилот орқали коммуникациялар, яъни ҳукумат билан алоқалар партиялар ва бошқа жамоатчилик ташкилотлари воситасида амалга оширилади; 3) ОАВ (оммавий ахборот воситалари) орқали бўладиган коммуникациялар, тезлик билан ўсиб бораётган электрон воситалар.
К.Дойчнинг сиёсий тизим концепцияси қаттиқ танқидларга учради. Лекин шунга қарамай, у ҳокимият муносабатларининг муҳим ва фаол компоненти бўлган ахборот оқимлари ва коммуникатив алоқаларни сиёсий тизим таҳлили жараёнларига олиб кирди102 .
3. Жамият сиёсий тизимининг тузилмаси ва
функциялари
Сиёсий тизим – ўзаро хатти-ҳаракатдаги остки тизимларнинг бир бутунликни ташкил этган ҳолатидир. Сиёсий тизим тузилмаси ичида учта остки тизимлар мавжуд: институционал, ахборот-коммуникатив ва меъёрий-регулятив.
Институционал остки тизим давлат, сиёсий партиялар, манфаатлар гуруҳлари (нодавлат ва жамоат ташкилотлари) каби институтлардан иборатдир. Ўзида энг кўп сиёсий ҳокимиятни ифодаловчи етакчи институт – бу давлатдир. Демократик жамиятларда сиёсий партиялар, манфаатлар гуруҳлари (нодавлат ва жамоат ташкилотлари) автоном бўлиб, улар ўз функцияларини ҳеч қандай тўсиқларсиз бажара оладилар. Сиёсий партиялар ва манфаатлар гуруҳлари (нодавлат ва жамоат ташкилотлари) давлат тузилмаларини шакллантиришга таъсир этади, сиёсий мақсадларни тузатиб туради, сиёсий ривожланишни йўналтиришда иштирок этади. Авторитар ва тоталитар жамиятларда сиёсий партиялар ва манфаатлар гуруҳлари бошқарувчи элита ва бюрократик аппаратга қаттиқ бўйсундирилади, уларнинг табиий функциялари ўзгартирилади.
Сиёсий тизим тузилмасидаги ахборот-коммуникатив остки тизим институтлар билан сиёсий тизим ўртасидаги алоқаларни таъминлаб туради. Бу остки тизим унсурларига ҳукуматга ахборот бериш йўллари (очиқ мажлисларда ишларни кўриб чиқиш тартиботи, турли текширувлар комиссиялари, манфаатлар гуруҳлар билан ўтказилган ёпиқ консультациялар ва бошқалар) , шунингдек, кенг оммага мўлжалланган китоблар, журналлар, газета, радио, телевидениелардан иборат оммавий ахборот воситаларини киритиш мумкин.
Бу остки тизим муҳим аҳамиятга эгадир: бу тизимда иштирок этган кишилар турли хил воқеликлар ва хатти-ҳаракатларда бевосита иштирок этганлиги, жумладан, маълум бир ҳажмдаги сиёсий йўналишларга оид билим ва ахборотларга эга бўлганликлари туфайли сиёсий жараёнларни баҳолай олади. Агар демократик жамиятларда ОАВ мустақил бўлса, авторитар ва тоталитар жамиятларда улар бошқарувчи элитага бўйсундирилади.
Меъёрий-регулятив остки тизим кишиларнинг сиёсий ҳаётдаги хулқларини белгилаб ва аниқлаб берувчи турли хил меъёрлардан иборат бўлиб, улар асосан қуйидагилардир: кишиларнинг ўз талабларини илгари суриш жараёнларидаги иштироки, бу талабларни қарорларга айланиши, қарорларни амалга ошириш. Бу меъёрлар – барча турдаги сиёсий жараёнларда иштирок этишнинг асосий қоидалари ҳисобланади. Меъёрларни икки турга бўлиш мумкин: 1) меъёр-одатлар; 2) меъёр-қонунлар. Демократик мамлакатларда фуқароларнинг сиёсий партиялар ва манфаатлар гуруҳлари воситасида сиёсатда иштирок этишлари одатдаги меъёрлар саналади. Шунингдек, фуқароларнинг ҳокимият эътиборини ҳис этиб туриши ҳам одатдаги ҳолатдир.
Меъёр –одатларнинг ички томони меъёр-қонунлардан иборат бўлган сиёсий тизим шаклини аниқлайди. Тоталитар жамиятларда ғалабага эришган лидер ёки гуруҳнинг ҳамма нарсага эгалик қилиши одатдаги қоидага айланади. Собиқ иттифоқда ХХ асрнинг 50-йиллари ўртасидан бошлаб ҳокимият тепасига чиққан етакчиларнинг ворисийлиги мансабдор шахсларни жисмоний йўқ қилишсиз давом этганлиги бу даврда тизимнинг асослари шаклининг ўзгарганлигидан далолат беради. Меъёр – қонунлар қонун ишлаб чиқиш жараёнларини аниқлайди, унинг қуйидаги ҳуқуқларини белгилайди (ёки режимга боғлиқ бўлса, унда белгиламайди): овоз бериш, сўз эркинлиги, бирлашмалар тузиш ва бошқалар. Ҳар икки меъёр сиёсий хатти-ҳаракатлар уйғунлигини таъминлайди, уларсиз жамиятда алғов-далғовлар ёки тартибсизликлар келиб чиқиши табиий бир ҳолдир.
Замонавий сиёсатшуносликка хос бўлган сиёсий тизимлар функциялари Алмонд томонидан атрофлича ва тўла таҳлил этилган. Унга биноан, барча тизимлар иккита таянч функцияларни бажаради: “кириш” функцияси ва “чиқиш” функцияси. Алмонд “кириш”нинг тўртта функциясини ажратиб кўрсатади:
1) сиёсий ижтимоийлашув ва иштирок этишга жалб этиш;
2) манфаатларни артикуляция (йиғиш, бир тизимга солиш) қилиш;
3) манфаатларни агрегация (барча манфаатлар ичидан кенг қатламлар манфаатлари ажратиб олинади) қилиш;
4) сиёсий коммуникация.
Шунингдек, чиқишнинг уч функцияси мавжуд:
1) меъёр-қонунлар ишлаб чиқиш;
2) меъёрларни қўллаш;
3) меъёрларни сақлашни назорат қилиш.
“Кириш” функцияси ноҳукумат остки тизим устуворлигига амал қилади, “чиқиш” функцияси эса ҳукуматнинг ўзига тааллуқлидир.
“Сиёсий ижтимоийлаштириш ва иштирок этишга жалб этиш” функцияси ҳозирги даврда барча сиёсий тизимларга хос бўлган жамият аъзолари ўртасида “иштирок этиш руҳияти”ни тарқалишини таъминлаб беради. Бу функцияни демократик давлатларда ноҳукумат ташкилотлар бажарсалар (албатта, бунда давлатнинг ҳам маълум таъсири бўлади), тоталитар жамиятларда давлат бажаради. Чунки сиёсий ижтимоийлаштиришнинг барча агентлари (мактаб, ёшлар ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва бошқалар) давлат назорати остида бўлади, “иштирок этиш руҳи” ҳукмрон мафкурага мувофиқ ҳолда кечади. Демократик мамлакатларда “иштирок этиш руҳи”ни ёйиш натижасида индивидуумлар “субъект”дан “фуқаро”га айланади. Тоталитар режимларда бундай жараёнлар юз бермайди.
Манфаатларни артикуляция қилиш – манфаатлар гуруҳлари (нодавлат ва жамоат ташкилотлари) амалга оширадиган, сиёсий конверсия жараёни давомидаги биринчи функционал қадамдир. Жамоатчилик фикрини ҳурмат қилиш, бирлашмалар эркинлигига доир қарашларга берилиш характерли бўлган демократик жамиятларда манфаатлар гуруҳлари фуқаролар билан давлатни боғлаб турувчи бўғинлар сифатида фаолият юритади.
Давлат сиёсати қонунлар қабул қилиниши билан тугамайди. Сиёсатнинг ва қарор қабул қилишнинг муҳим жиҳати ”меъёрларни қўллаш” функцияси ҳисобланади. Бу функцияни нафақат ижроия органлари ва маъмурий бюрократия бажаради, балки уни кўпинча қонун чиқарувчи ва ҳуқуқий тузилмалар ҳам бажаради.
Меъёрларни сақлашни назорат қилиш – бу маълум қонунни бузиш факти ва унга тааллуқли жазони қўллаш мақсадидаги қонунлар ва хатти-ҳаракатларни шарҳлашдир. Ижроия ва қонун чиқарувчи органлар назоратни ташкил этувчилар сифатида суд жараёнларида баъзан сезиларли рол ўйнасаларда, асосан бу функция суд органлари компетенциясига киради103 .
Сиёсий тизим қуйидаги вазифаларни амалга оширади: ижтимоий манфаатлар ва ўзаро хатти-ҳаракатларни сиёсий жиҳатдан ифодалайди; индивидлар ва уларнинг бирликлари зиддиятли манфаатларини аниқлаш, уларнинг сиёсий тизимнинг яхлитлигига хавф солиши мумкин бўлган ихтилофли шаклларини ҳокимият институтлари ва сиёсий иштирок воситасида келиштириш, гуруҳлар ва қатламлар манфаатларини аниқлаш, ифодалаш ва келиштириш; жамиятни ривожлантириш мақсадлари ва дастурларини ишлаб чиқиш йўли, манфаатларни оқилона ва адолатли тарзда таққослаш асосидаги сиёсий раҳбарликни амалга ошириш; жамиятнинг яхлитлиги ва яшаши учун хавф солаётган муҳит омилларига қарши курашиш асосида турли манфаатларни ифодалаётган сиёсий кучларни бир бутун тизимга бирлаштириш мақсадида интеграциялаш; кишиларнинг юксак орзуларини амалга оширишга мўлжалланган мақсадга йўналтирилган ижтимоий ўзгаришларни амалга оширувчи фаолият олиб бориш.
Жамият сиёсий тизимининг асосий функциялари қуйидагилардан иборат:
–жамиятнинг мақсад ва вазифаларини аниқлаш, унинг яшаши ва фаровонлигининг дастурларини ишлаб чиқиш;
–қўйилган мақсадларга эришиш учун жамият ресурсларини сафарбар этиш;
–умумий ижтимоий-сиёсий мақсадлар ва миллий мафкура ҳамда сиёсий маданият қадриятлари атрофига жамиятнинг барча унсурларини интеграция қилиш;
–сиёсий-коммуникациявий жараёнларни бошқариш;
–жамиятда тизим манфаатларини сақлаш билан боғлиқ ҳолда қадриятларни тақсимлаш, сиёсий ривожланишни унинг манфаатлари ҳамда асосий сиёсий-маданий устуворликларига мувофиқ тарзда амалга ошириш;
–қонун ва қоидалар ижросини назорат қилиш, сиёсий меъёрларга зид бўлган хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш104 .
Алмонд сиёсий тизимларнинг амал қилишини учта даражасини белгилаб берди. Улар сиёсий тизимларнинг турли хилларини қиёслаш имконини беради, Биринчи даража – тизим имкониятлари. Алмонд имкониятларни ҳукуматнинг жамият устидан ҳокимияти, ҳукумат мақсадларини қўлга киритиш манфаатлари учун кишилар хулқи ва онгига таъсир қилиш даражасидир, деб таъкидлайди. У имкониятларнинг беш турини кўрсатиб, уларни баъзи ҳодисаларда улкан, баъзиларида эса жуда ҳам кичик аҳамиятга эга эканлигини кўрсатиб ўтади:
1) экстрактив имконият – тизимнинг маълум мақсадларда моддий ва инсоний ресурсларни (кишилар истеъдоди, қўллаб-қувватлаши, пул ва бошқа) тўплай олиш қобилияти;
2) мувофиқлаштирувчи имконият – жамиятдаги гуруҳлар ва алоҳида кишиларнинг хулқини назорат қилиш қобилияти;
3) тақсимлаш имконияти – жамиятдаги моддий ва номоддий бойликларни яратиш, жойлаштириш ва тақсимлаш қобилияти;
4) турли таъсирларга жавоб бериш, акс таъсир кўрсатиш имконияти – бу тизимнинг маълум сиёсатга мувофиқ равишда “чиқиш учун бериладиган” талабларга нисбатан акс таъсир кўрсатиш, турли гуруҳлар ифодалаётган хилма-хил талабларга жавоб бера олиш қобилияти;
5) тимсолловчи имконият – легитимлик ва қўллаб-қувватлаш эҳтиёжлари, тизимнинг оммавий эътиқодлар, қарашлар, мифлар, ёрқин, топқир тимсоллар ва шиорлар яратиш, улар ёрдамида ўз мақсадларини амалга ошириш учун зарур легитимликни қўллаб-қувватлаш ниятида устомонликни қўллаш қобилияти билан мустаҳкам боғлиқ бўлган имконият.
Аксарият сиёсий тизимлар ўз характерига биноан регулятив ва экстрактивдир. Тоталитар тизимлар жамият талабларига етарли даражада эътибор бермайди, ташқи муҳитдан келиб чиқадиган талабларга ҳам акс таъсир кўрсатмайди. Маълумки, коммунистик тоталитаризм фашистик тоталитаризмдан ўзининг кучли тақсимловчилик қобилияти билан ажралиб туради. Тоталитар жамиятларда тимсолловчи имкониятлар ҳам улкан бўлади.
Демократик тизимларда мувофиқлаштириш, экстракция ва тақсимлаш “чиқиш”ларга нисбатан гуруҳларнинг талаблари – “кириш”ларга катта таъсир эта олиш қобилиятига эгадир. Шунингдек, айтиш мумкинки, демократия юксак даражада акс таъсир кўрсатиш қобилиятига эгадир. Тизимлар имконияти билан тизимлар самарадорлиги, яъни унинг натижалар бериш, қадриятларни яратиш ва жойлаштиришдаги умумий қобилияти бир-бирига боғлангандир.
Тизимлар амал қилишининг иккинчи даражаси – унинг ўзида (ичида) нималар кечаётганлиги, яъни конверсия жараёнини акс эттиради. Конверсив жараёнлар (ёки функциялар) – бу кирувчи омилларни чиқувчи омилларга айлантириш усулларидир. Бир сиёсий тизимнинг конверсив жараёнини иккинчи тизим билан Алмонд схемаси асосида қиёслаш мумкин. Бунда олтита асосий функция келтирилади:
1) талаблар қандай шаклланади (манфаатлар артикуляцияси) ;
2) муқобил ҳаракатлар дастурларини талаблар билан тўлдириш қандай кечмоқда (манфаатларни агрегация қилиш) ;
3) меъёрлар қандай шаклланади (меъёрлар ишлаб чиқиш) ;
4) бу меъёрлар ҳаётга қандай татбиқ этилади (меъёрларни амалга ошириш) ;
5) улар қандай назорат қилинади ва мувофиқлаштирилади (меъёрлар устидан назорат) ;
6) бу турли-туман барча хатти-ҳаракатлар мазкур тизимлар ичида бир-бирлари билан, шунингдек, тизимларнинг атроф-муҳит (коммуникация) билан ўзаро ҳаракатлари қандай ўзаро муносабатларда бўлади105 .
Сиёсий тизим амал қилишининг учинчи даражасини Алмонд моделнинг қўллаб-қувватлаш ва адаптация функцияси, деб атайди ва унга аввало, сиёсий ҳаётда янги роллар яратиш ва унга янги кишиларнинг “ёриб” кириб келиш ҳодисасини ижтимоийлашув ва рекрутлашув жараёни, деб қарайди.
4. Сиёсий тизимларни таснифлаштириш
Сиёсий тизимларни қандай шаклланиши, уларнинг бир-бирларидан фарқланиши, ҳар бир сиёсий тизимнинг ўзига хос хусусиятларининг мавжудлигини аниқлаш учун улар сиёсатшунослик фани нуқтаи назаридан таснифлаштирилади.
Сиёсий тизимларни таснифлаштиришга даставвал қадимги юнон мутафаккири Платон асос солган. У турли сиёсий тизимларнинг характерини белгилаш мақсадида аристократия, тимократия, олигархия, демократия ва тирания каби тушунчаларни шакллантириб, уларни сиёсий таҳлил жараёнларида қўллаган106 . Бу назарий қарашларни Аристотель янада ривожлантирди. У давлат тузилиши шаклларини (унда сиёсий тизимнинг асосий белгилари ҳам ифодаланган) таснифлаштиришни янада мукаммаллаштириб, олтига бўлинган схемани ишлаб чиқди:1) тўғри шакллар (барчанинг фаровонлиги учун қонун асосида бошқариш) – монархия, аристократия, полития (мўътадил демократия) 2) нотўғри шакллар (идора этувчилар фаровонлиги учун қонунлар асосида эмас, балки эркинлик асосидаги бошқарув) – тирания, олигархия, ашаддий демократия (охлократия) 107 .
ХIХ–ХХ асрларга келиб сиёсий тизимлар тузилмавий характер касб эта бошлаганидан кейин жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий тузилмаларини ва сиёсий муносабатлар шаклларини (формациявий ёндашув) таснифлаштиришнинг марксча ёндашувлари шаклланди. Улар қуйидагилардан иборат эди: қулдорлик, феодал, капиталистик (буржуа) ва социалистик (коммунистик). Лекин бу ёндашувлар синфийликка ва ҳукмрон мафкурага асосланганлиги учун ҳам инқирозга юз тутди.
ХХ асрнинг ўрталаридан бошлаб Франция сиёсатшуноси Ж.Блондель томонидан ишлаб чиқилган сиёсий тизимни таснифлаштириш кенг тарқалди: 1) либерал демократия; 2) радикал-авторитар (коммунистик) тизимлар; 3) анъанавий (мавжуд ижтимоий муносабатларни сақлаш); 4) популистик (учинчи дунё мамлакатлари); 5) авторитар-консерватив.
Шунингдек, баъзи олимлар (С. Д. Гелей, С. М. Рутар ва бошқ.) сиёсий тизимларни жамиятни таснифлаштириш асосидан келиб чиқиб талқин эта бошлади: маданий ёндашувларга биноан – ғарбий, япон, конфуцийчилик, Лотин Америкаси, мусулмон, ҳинд, славян-православ тизимлари, цивилизациявий ёндашувларга биноан – аграр, индустриал ва индустриалдан кейинги жамиятлар сиёсий тизими108 .
Замонавий сиёсий фанларда даражалаш (дифференциациялашув) мезонларига боғлиқ ҳолда сиёсий тизимларнинг турли таснифлари шаклланди. Аксарият тадқиқотчилар иккита асосий мезон ёрдамида иккита идора этиш моделларини бир-биридан фарқлайди: 1) ҳокимиятнинг марказлашув даражаси (қарор қабул қилиш жараёнлари иштирокчилари сонига боғлиқ дифференциация); 2) қадриятлар турлари. Бу мезонлардан келиб чиқиб, сиёсий тизимлар қуйидагиларга бўлинади: а) тоталитар ва либерал-демократик; б) тоталитар, авторитар ва демократик; в) конституциявий ва тоталитар; г) анъанавий ва замонавий.
Замонавий сиёсий фанлар ва амалиёт талабларига Алмонд таснифлари нисбатан яхшироқ жавоб беради. У тузилмавий дифференциациялашга асосланган таснифлаштиришдан мустаҳкам боғловчи тушунчалар – тузилмалар ва маданиятларга асосланган таснифлаштиришга ўтади. Алмонд кўпроқ жамиятни ташкил этиш шакллари жамиятнинг идеаллари ва қадриятларини қандай қабул қилади ва уларга қандай мувофиқ келади, деган масалаларга ўз диққат-эътиборини қаратди. У тўртта замонавий сиёсий тизим турини бир-биридан ажратиб кўрсатди: инглизамерикан; континентал-европа; индустриалгача ва қисман индустриал; тоталитар.
Алмонднинг фикрича, инглизамерикан АҚШ, Англия, Канада, Австралия сиёсий тизимлари маданиятларнинг гомогенлиги билан ажралиб туради: сиёсий мақсади ва воситалари, уларга эришишни ҳаммаси баравар қабул қилади. Аҳолининг аксарияти учун шахс эркинлиги, оммавий фаровонлик ва хавфсизлик устувор аҳамият касб этади. Бу сиёсий тизимларда роллар тузилмаси чуқур дифференциялашган, яъни ҳар бир партия, манфаатлар гуруҳлари ўзларининг аниқ мақсадларига эга, улар тизимда ўз хусусиятларига эга бўлган функцияларини бевосита бир маромда бажаради, шунингдек, улар аниқ ташкиллашган ва бюрократлашган. Бу тизимлар ўзининг юқори даражадаги барқарорлиги, ҳокимиятнинг тақсимланиши ва тизим ичидаги таъсирчанлиги билан характерланади.
Континентал-европа туридаги сиёсий тизимлар Франция, Германия ва Италия учун тааллуқлидир. Улар учун сиёсий маданиятнинг эклективлиги, янги ва эски маданиятларнинг ўзаро тинч-тотув яшовчанлиги хосдир. Масалан, Францияга вакиллик ҳокимияти анъанавийлиги билан бир қаторда, плебисцит анъанаси ва популизмга мойиллик хосдир. Франция тарихида Наполеон ва де Голл кабиларнинг бевосита тўғридан-тўғри демократия шаклларига мурожаат этганлиги маълум. Бу сиёсий тизим учун турли мафкурадаги партияларнинг кўплиги, жамиятга сезиларли таъсир кўрсатувчи эски анъаналарнинг мавжудлиги характерлидир.
Осиё, Африка ва Лотин Америкасидаги кўплаб сиёсий тизимлар индустриалгача ёки қисман индустриал тизимларга хосдир. Сиёсий тизимларнинг бу турига аралаш сиёсий маданиятлар ҳам хосдир: ғарб қадриятлари қоришмаси, этник анъаналар, диний анъаналар. Бу турдаги тизимларда сиёсий маданият эклективлиги ғарбий Европа тизимларидаги бу ҳолатдан фарқ қилади. Чунки бу тизимларда қарама-қаршиликлар кутилмаган бир ҳолда бир-бирлари билан қўшилиб кетиши мумкин. Бу тизимларда ҳокимиятлар бўлиниши ҳам турлича. Кўпинча армия ёки бюрократик аппарат қонун чиқариш функцияларини ўз зиммасига олади, қонун чиқарувчи органлар эса суд жараёнларига аралашиб туради. Бу тизимлар учун шахсий авторитаризм, бир партия ҳокимияти, куч ишлатишнинг катта имконияти кабилар хосдир. Сиёсий иштирок эса маҳаллий даражаларда амал қилиш билан чекланади.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?