Текст книги "СИЁСАТШУНОСЛИК"
Автор книги: Муқимжон Қирғизбоев
Жанр: Зарубежная образовательная литература, Наука и Образование
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 6 (всего у книги 34 страниц) [доступный отрывок для чтения: 11 страниц]
5. Сиёсат билан иқтисод ўртасида қандай муносабатлар рўй беради?
6. Сиёсат ва ахлоқ ўзаро муносабатларидаги муаммолар қандай ҳал этилади?
4-мавзу. Сиёсий ҳокимият
1. Ҳокимият тушунчаси ва унинг табиати.
2. Сиёсий ҳокимиятнинг тузилиши, унинг субъекти ва объекти.
3. Ҳокимият ресурслари.
4. Бўйсуниш табиати.
5. Сиёсий ҳокимиятнинг ўзига хос хусусиятлари.
6. Ҳокимиятнинг легитимлиги.
1. Ҳокимият тушунчаси ва унинг табиати
Ҳокимият тушунчасига доир дастлабки қарашлар қадимги Юнонистонда шаклланди. Қадимги юнон тилидаги “архэ” (arche) тушунчаси қуйидагича талқин этилади: 1) бошланиш, олдин, даставвал; 2) бошчилик, ҳукумат, ҳокимият, ҳукмронлик; 3) бошқариладиган. У яна қуйидаги маъноларни ҳам англатган – келиб чиқиш, аввали сабаб, бош, бошланиш, принцип, асос. Лекин “архэ” тушунчаси иккита асосий аҳамиятни англатган – бошланиш ва ҳокимият. Бунда ҳокимият иккинчи ўринга қўйилган. Бундан фараз қилиш мумкинки, идора этиш, бошқариш имконияти ва қобилияти бошлаш, бошда туриш, биринчи бўлиш, бош бўлиш, ташаббускор бўлиш, бошлаб бериш, яъни бошланғич хатти-ҳаракатни амалга ошириш, куч манбаи бўлиш кабиларга нисбатан натижани англатган. Идора этиш – авваламбор, бошлаш, ташаббус кўрсатиш, фаоллаштириш, қўзғаш, яшаш учун чорлаш, ҳаётни бериш сифатида идрок этилган. “Архэ” сўзи ўзагидан қуйидаги юнон сўзлари ташкил топган – манба, асос солувчи, бошлашга хизмат қилувчи, аввал боши, дастлабки, қадимги, бош, илк образ, асиллик, ҳақиқийлик. Албатта, бунда сўз одамлар ўртасидаги муносабатлар тўғрисида эмас, балки турмушдаги ўзига хос аҳволи ва ўзига хос мавжудлиги аниқ-равшан ифодаланган иштирок, юқори мақом, бетакрор роллар, алоҳида аҳамият касб этиш, аҳамиятли бўлиш ҳақида кетмоқда.
Ана шу тушунча лотин тилида тахминан “Potestas” қабилада ифода этилиб, у қуйидаги маъноларни англатади: 1) куч-қудрат, хатти-ҳаракат, ниманидир қилиш кучи, қандайдир фаолиятни амалга ошириш учун етарлича куч-қудратга эга бўлиш; 2) ҳокимият, ҳукмронлик, кимнидир ҳаёти ва ўлимини идора этиш ҳуқуқи; 3) қобилият, имконият (имкониятга эга бўлиш ва имконият бериш) .
Инглиз тилида “power” тушунчаси эса қуйидагиларни англатади: 1) куч, қудрат, энергия, унумдорлик; 2) қудратлилик, ҳокимият, таъсир, қувват; 3) ваколат; 4) давлат, олий ҳокимият; 5) қобилият, имконият. “powerful” эса: 1) кучли, қудратли, қувватли; 2) қудратли, таъсирчан; 3) кучли таъсир этувчи; 4) вазмин, салмоқли, аҳамиятли.
Ҳокимият тушунчаси дастлаб Аристотель томонидан чуқур тадқиқ этилди. У ҳокимиятни нафақат инсонлар ўзаро муносабати сифатида, балки сиёсий ҳокимият сифатида ҳам теран таърифлаб берди. Аристотелнинг таъкидлашича, сиёсат – бу социал “бутунлик” ва унинг алоҳида “қисмлари” ўзаро муносабатларини уйғунлаштириш таъсир кучи билан “сиёсийлашган”, қайсики албатта мувофиқлаштирувчи омил ёки ҳокимият механизми иштирок этадиган одамлар ўзаро муносабатларини йўлга солишдир. У ўзининг “Сиёсат” асарида бу ижтимоий муносабатлар механизми ҳақида қуйидаги фикрларни билдиради: “Илгари тарқоқ бўлган ёки бири бошқа бири билан узлуксиз боғланган, бир неча қисмлардан тузилган ҳамма нарса бир бутунликни ташкил этади ва унда ҳокимият юритиш сабаби, бўйсуниш сабаби намоён бўлади. Бу табиатнинг умумий қонунидир, шунинг учун ҳам унга кўтаринки руҳий моҳият бўйсундирилгандир”64 .
Лекин, шу билан бирга, Аристотель «ҳукмронлик қилувчи ҳокимият»нинг оддий муносабатларидан (жанобнинг қул билан, эрнинг хотин билан, отанинг болалар билан) фарқли ўлароқ, жамиятдаги ижтимоий ҳокимиятни бошқаларга нисбатан мукаммаллиги ва мураккаб тузилмаларга эга эканлигига муҳим аҳамият беради. Бундай ҳокимият эса одамлар ўзаро иродавий муносабатлари кечадиган жамиятга хосдир. Ҳокимият заруриятдир, деб таъкидлайди Аристотель. Чунки, авваламбор, барчани ягона иродага бўйсундирмай, унинг бир бутунлиги ва ҳамжиҳатлилигини таъминламай туриб, жамиятни уюштириш ва бирлаштириш ақлга сиғмайдиган бир ҳолдир65 .
Ҳокимият табиати ва моҳиятини очиб беришда инглиз мутафаккири Жон Локкнинг хизматлари бениҳоя каттадир. У биринчилардан бўлиб ҳокимиятни инсонпарварлаштириш ва маънавиятга бўйсундириш ғоясини илгари суради. Унинг ҳокимиятни фаровонликка эришиш воситаси эканлигига доир қуйидаги таърифи бу тушунчани чуқур англашга имкон беради: “… Сиёсий ҳокимият – бу шундай ҳокимиятки, қайсики, ҳар бир одам бундай ҳокимиятга табиий ҳолатда эга бўлиб, уни жамият қўлига, ҳукмдорларга шунчалик ҳолда берадики, яъни жамият ўз зиммасига аниқ ифодаланган ёки сўзсиз ишончли тарзда шуни таъминлашни ўз зиммасига оладики, у бу ҳокимиятдан фақат жамият аъзолари фаровонлиги ва уларнинг мулкларини сақлаш учун фойдалана олсин. …Шу тариқа, бу ҳокимиятнинг мақсади ва мезони – ҳокимият табиий ҳолатда ҳар бир одамнинг қўлида бўлган бўлса, унга тегишли ҳамма нарса энди унинг жамиятида, яъни бутун бир инсониятда сақланиши билан хотималанади. Бу ҳокимиятнинг имконияти мансабдор шахс қўлида бўлганида, ҳокимият жамият аъзоларини сақлаш, демак, уларнинг ҳаёти, эркинликлари ва мулкларини сақлашдан бошқа ҳеч қандай мақсад ва мезонга эга бўлмайди. Ва, бинобарин, бу ҳокимият уларнинг ҳаёти ва бойликларига дахл қиладиган деспотик ва мутлақ бўлиши мумкин эмас, улар имкон қадар сақланиши лозим; аксинча, бу ҳокимият бир бутунликни сақлашни, ундан фақат ва фақат бузилган, бир бутунлик ва соғломликка хавф соладиган, унингсиз ҳеч қандай шафқатсизлик қонуний бўлмаган қисмларни узиб олиб ташлашни қўллаб-қувватлайдиган қонунлар яратадиган, уни бузишларга қарши жазолашларни кўзда тутадиган ҳокимият бўлиши лозим. Ва бу ҳокимият фақат шартнома ва битимлардан, ҳамжамиятни ташкил этувчиларнинг ўзаро келишувларидан келиб чиқади”66 .
Кўриниб турибдики, демак, биринчидан, ҳокимият юритиш – бошлаш ва бошчилик қилиш. Яъни, олдиндан ҳозир бўлиш ва сўзсиз устунлик қилиш, устуворлик қилиш, устун бўлиш, афзал бўлиш. Иккинчидан, ҳокимият юритиш – демак, ҳукмронлик қилиш, яъни эга бўлиш, тасарруф этиш, ушлаб туриш, ўз мулкига эга бўлиш. Учинчидан, ҳокимият юритиш – демак, ҳукмронлик қилиш, идора этиш, бошқариш, эга бўлиш, фойдаланиш, раҳбарлик қилиш, амру фармон бериш, буйруқ бериш, ўз ихтиёрига эга бўлиш. Бундан шундай хулоса чиқадики, ҳокимият феномени фақат одамларга тааллуқлидир.
Ҳокимият ҳаётда кўпқиррали ҳодиса сифатида намоён бўлади. Ҳокимият феномени ва нотенглик, уларнинг одамлар, ижтимоий гуруҳлар ва давлат институтлари ўртасида тақсимланиши узоқ даврлардан бошлаб турли шарҳлар, асослашлар ва уларга нисбатан шубҳалар туғилишига сабаб бўлди. Бертран Рассел ҳокимиятни барча ижтимоий фанларни тушунтириб берадиган тушунча сифатида талқин этиб, уни физикадаги энергия тушунчасига ўхшатади. Ҳокимият феномени турли инсонлар мақсадларининг ўзаро келиша олмаслиги ёки уларнинг муваффақиятга эришиш воситаси бўлгани учун ҳам пайдо бўладиган ижтимоий ихтилофлар вазиятида учраганлиги сабабли жуда мураккаб ҳодиса сифатида намоён бўлади. Баъзан ҳокимият тушунчасини нохуш ҳужумларга учраши сабабларидан бири – бу унинг мажбурлаш, зулм қилиш, куч ишлатиш ёки адолатсиз ҳукмронлик қилиш сифатида кишилар хотирасида авлоддан-авлодга ўтиб келаётганлигидир. Лекин аксарият ҳолатларда ҳокимият ҳодисаси ижобий талқин этилади, уни қонуний раҳбарлик қилиш, авторитет, эътироф этилган етакчилик, таъсир қилиш, тарбиялаш, манфаатларни келиштириш, гуруҳий ҳамкорлик каби ҳолатлардаги энг зарурий ҳодиса эканлиги тан олинади.
Шу билан бирга, ҳокимият тушунчасини ифода этишга доир юзлаб талқинлар шаклланганки, улар мантиқий жиҳатдан бир-бирларини тўлдириб боради:
1) кимнидир ўз иродасига бўйсундириш ҳуқуқи ва имконияти, кимнидир хатти-ҳаракатини идора қилиш (Ушаков луғати) ;
2) хатти-ҳаракат эркинлиги устидан идора этиш ҳуқуқи, кучи ва иродаси; бошчилик қилиш, бошлиқ ёки бошлиқлар. Барчага ўз эзгуликлари устидан ҳокимият юритиш берилган. Қонун ҳар бир мансабдор шахснинг ҳокимиятини белгилаб беради, олий ҳокимият эса қонундан юқоридир. Олий ҳокимият Худодандир. Ҳар қандай ҳокимият Худодан (Даль луғати) .
3) ҳокимият ижтимоий муносабатлар билан мустаҳкамланган ўз айтганини ҳар қандай қаршиликлар бўлишига қарамасдан, амалга ошириш имкониятидир (Макс Вебер) ;
4) ҳокимият кўзланган натижаларга эришиш сифатида тавсифланиши мумкин (Бертран Рассел) ;
5) “менинг ҳокимият тўғрисидаги тасаввурим тахминан қуйидагича: А ни В устидан ҳокимиятга эгалиги унинг В ни ўз ихтиёри билан қилмайдиган хатти-ҳаракатини қанчалик мажбурлаб қилдиришга тенгдир” (Р.Э.Даль) ;
6) “b нинг а устидан ҳокимиятини b ни а га максимал куч билан таъсиридаги муносабатидан… ва а томонидан эса максимал қаршилик кўрсатишидан келиб чиқиб аниқлаш мумкин” (Курт Левин) .
Ҳокимият жамиятнинг барча жабҳаларида намоён бўлади. Жумладан, уни оила, иш жойи, турли ташкилот ва муассасаларда, бутун давлат миқёсида кузатиш мумкин. Ҳокимият социологик нуқтаи назардан қуйидагича талқин этилади: “Ҳокимият – ижтимоий гуруҳлар ва синфлар, инсонлар хулқи, улар характери ва фаолияти йўналишларига иқтисодий, мафкуравий ва ташкилий-ҳуқуқий механизмлар, шунингдек, авторитет, анъаналар, куч ишлатиш воситасида таъсир этиш қобилиятини характерловчи ижтимоий муносабатлар шаклидир”67 .
Шунингдек, сиёсат билан ҳокимиятни яхлит ҳодиса деб бўлмайди. Сиёсат ҳокимиятсиз ҳам сиёсат бўлиб қолавериши мумкин. Лекин ҳокимият бутун сиёсий жараённинг асосий ўқи (ёки мақсади) ни ташкил этади. Баъзан биз турли ҳокимиятларнинг (ҳокимиятнинг турли марказларининг) тўқнашувларини кузатамиз, баъзан уларнинг ўзаро келишувига гувоҳ бўламиз. Яна бошқа ҳолатларда эски ҳокимиятга қарши ҳокимият учун курашни кўрамиз. Бу каби муқобиллар кўп учрайди. Албатта, уларнинг ҳаммаси ҳокимиятга тегишлидир, улар бевосита ёки билвосита унинг қадриятлари ва кучига боғлиқдир68 .
Ҳокимият турли соҳаларга доир илмий адабиётларда турлича талқин қилинади. Ҳозирги даврда ҳокимият тушунчаси турли хил йўналишларда қуйидагича таърифланмоқда:
1.Телеологик (мақсад нуқтаи назардан) жиҳатдан аниқланишича, ҳокимият қўйилган мақсадларга эришиш ва кўзланган натижаларни олиш қобилияти сифатида талқин этилади. Б.Рассел “Ҳокимият мўлжалланган мақсадларни амалга ошириш сифатида ҳам талқин этилиши мумкин”69 , деган фикрни билдиради. Телеологик талқинлар ҳокимиятни фақат инсонлар ўртасидаги муносабатларда рўй бериши билан чегараламасдан, балки уни инсонни ўраб турган ташқи дунё билан ўзаро муносатларига доир талқинларга ҳам кенг эътибор беради.
2.Бихевиористик талқин ҳокимиятни инсон хулқининг алоҳида тури сифатида таърифлаб, унга биноан, баъзи кишилар буйруқ беради, бошқалари эса унга бўйсунадилар. Бихевиористик ёндашув ҳокимиятни субъектив мотивлаштиришга муҳим аҳамият бериб, ҳокимиятни тушунишни индивидуаллаштиради, уни аниқ шахслар ўзаро хатти-ҳаракати даражасидаги ҳодиса сифатида таърифлайди. Бу йўналишнинг йирик вакили Г.Лассуэлл фикрича, ҳокимиятнинг пайдо бўлиши учун дастлабки импульсларни индивидлар учун хос бўлган ҳокимиятга интилиш (ирода) ва “сиёсий энергия” беради. Инсон ҳокимиятни “ўз ҳаётини яхшилаш” воситаси деб билади: бойликка эга бўлиши, обрў-эътибор, эркинлик, хавфсизлик ва ҳоказо. Шу билан бирга, ҳокимият бу – асосий мақсаддир, унга эга бўлиш эса инсонга завқ беради, хузур бағишлайди. Сиёсий ҳокимият турли хил иродаларнинг ҳокимият учун тўқнашувларининг ўзаро мувозанати, бошқача айтганда, сиёсий кучларнинг мувозанати сифатида шаклланади.
3.Ҳокимиятни бихевиористик талқин этиш билан уни психологик талқин қилишлар бир-бирига яқин туради. Ҳар иккала йўналишнинг умумий томонлари шундаки, улар индивидуал хулқни ҳокимият манбаи, деб ҳисоблайди. Бихевиористик оқим вакилларидан бири Г.Лассуэлл иродани ҳокимият манбаи сифатида эътироф этиб, у ироданинг психологик асосларини аниқлашга интилади, шу билан бир вақтда, у психоанализ ва бошқа психологик усулларга ҳам мурожаат қилади. Психоанализ доирасидаги ҳокимиятга интилиш эса тушкунликка тушган, трансформацияга учраган сексуал характердаги майлнинг (З.Фрейд) ёки умуман психик энергиянинг (К.Г.Юнг) дабдурустдан тикланиши, уйғониши, деб талқин этилади.
Ҳокимиятга интилиш, хусусан унга эга бўлиш жисмоний ёки маънавий норасоликни субъектив жиҳатдан қоплаш функциясини бажаради, деган қарашлар ҳам шаклланди. Ҳокимият иродаларнинг ҳокимиятга интилишидаги ўзаро хатти-ҳаракатлар сифатида пайдо бўлади – иродаларнинг бир қисми “кўнгилли қул” бўлишга, бошқалари эса уларни бўйсундиришга тайёр турадилар. З.Фрейднинг фикрича, инсон психикасида уни ҳукмдорга нисбатан меҳр билдириши ёрдамида шахсий ҳимояланиб ва тинчланиб туриши учун эркинликдан кўра мутеликни устувор қилувчи тузилмалар ҳам мавжуддир.
Психологик бўйсуниш сабабларини талқин этишда олимлар турлича фикр билдиради. Уларнинг баъзилари психологик бўйсунишни (С.Московиси, Б.Эдельман) доҳийлар билан оломоннинг ўзаро муносабатларида мавжуд бўлган ўзига хос гипотик таъсир, деб талқин этса, бошқалари уни (Ж.Лакан) инсон онгининг тилда ифодаланадиган тимсолларга нисбатан алоҳида таъсирчанлигидир, деган фикрни билдиради. Умуман, психологик ёндашув ҳокимиятни буйруқ бериш – бўйсуниш сифатидаги мотивизациялари механизмларини аниқлашга кўмаклашади.
4.Бихевиористик ва психологик ёндашувларга қарама-қарши бўлган тизимли (системали), шунингдек, структуралистик талқинлар ҳам мавжуддир. Агар бихевиоризм ва психологизм ҳокимиятни тушунишда индивидлардан жамиятга қараб, яъни пастдан юқорига қараб юришини талаб этса ва унинг кўринишларини эмпирик тажрибалар ҳамда реал кузатувлар воситасида ифодаласа, тизимли усул ҳокимиятни амал қилишини индивидуал муносабатлардан эмас, балки ижтимоий тизимдан излайди ва уни хусусийлик билан умумийликнинг ўзаро муносабатларидан келиб чиқиши ғоясини илгари суради.
Жамиятнинг тизимли назарияси асосчиларидан бири Т.Парсонс ҳокимият – “тизимнинг жамоавий мақсадларини амалга оширишга қаратилган, қабул қилинган мажбуриятлар унсурлари ижросини таъминлаш тизимининг қобилиятидир”70 , деб таърифлайди. Тизимли ёндашувларнинг баъзи бир вакиллари (К.Дойч, Н.Луман) ҳокимиятни жамиятни интеграция қилишни таъминловчи ва гуруҳий ихтилофларни мувофиқлаштиришга имкон яратувчи ижтимоий муомалалар (коммуникациялар) воситаси, деб талқин этади.
5.Ҳокимиятни структуравий – функционал (тузилмавий-мақсадли) жиҳатдан ўрганиш вакиллари уни бошқариш ва бўйсуниш функцияларининг бўлинишини мақсадга мувофиқлигига асосланади. Улар ҳокимиятга инсоний бирликнинг ўз-ўзини ташкил этиш усули сифатидаги ижтимоий ташкиллашиш хусусиятидир, деб қарайди. Ҳокимиятсиз инсоннинг жамоавий яшаши, шунингдек, кўплаб инсонларнинг ҳамкорликдаги ҳаётий фаолиятини амалга ошириш мумкин эмас. Жамиятнинг ўзи иерархияли тарзда тузилган бўлиб, у бошқарув ва ижроия ижтимоий нуқтаи назарлар ва ролларни дифференциялайди. Ҳокимият – ресурслар ва таъсир этиш воситаларини назорат қилишга имкон берувчи ижтимоий мақомлар (статуслар), ролларининг хусусиятидир. Бошқача ифодалаганда, ҳокимият инсонларга позитив (ижобий) ва негатив (салбий) санкциялар, шунингдек, мукофотлаш ва жазолашлар ёрдамида таъсир қилишга имкон берувчи раҳбарлик қилиш муносабатларини эгаллаш билан боғлиқдир.
6.Реляционистик (фр.”relation» – муносабат) талқинларга биноан ҳокимият икки шерик (агентлар) ўртасидаги муносабатлар бўлиб, унда улардан бири иккинчисига ҳал қилувчи таъсир ўтказиб туради. Бундай ёндашувга биноан, ҳокимият унинг субъекти ва объектининг ўзаро ҳаракати бўлиб, унда субъект маълум бир воситалар ёрдамида объектни назорат этади. Ҳокимиятни бу тарзда тушуниш унинг тузилмаларини очиб беришга, шунингдек, бу тузилмаларнинг турли тавсифларини бир бутунликда ўрганишга имкон беради71 .
Таниқли инглиз сиёсатшуноси Эндрю Хейвуд сиёсий ҳокимиятнинг турли “қиёфалари”ни чуқур тадқиқ этиб, қуйидаги хулосаларга келади: “Айтиш мумкинки, ҳокимият А Б ни бошқа ҳар қандай ҳолатда ҳам у хоҳламаган ниманидир қилишга зўрлаган пайтда намоён бўлади. Бунда А Б га нисбатан ҳар қандай усуллар билан таъсир қилиши мумкин. Бу ҳолат ҳокимиятни турли кўринишлари ёки “қиёфалари” тўғрисида сўзлашга имкон беради.
Ҳокимият қарор қабул қилиш сифатида. Ҳокимиятнинг бу қиёфаси аниқ бир мақсад сари хатти-ҳаракатига боғлиқ ҳолда, яъни қабул қилинадиган қарорлар моҳиятидан келиб чиқиб таърифланади Ҳокимиятнинг бу мумтоз таърифини Роберт Далнинг “Ким бошқармоқда? Америка шаҳридаги демократия ва ҳокимият” (1961 й.) номли асарида топиш мумкин. Унда муаллиф турли ижтимоий гуруҳлар афзал деб билган мақсадлар ва қарорларни таҳлил этиб ҳокимиятни кимга тегишли эканлигини аниқлаш мақсадини топишга ҳаракат қилган эди. Лекин кишилар қарорларга турли усуллар билан таъсир этишлари мумкин эканлиги эътибордан четда қолмаслиги лозим. Таниқли олим Кит Боулдинг ўзининг “Ҳокимиятнинг уч қиёфаси” (1989 й.) асарида шу муносабат билан боғлиқ ҳолда кучдан фойдаланиш ёки қўрқитиш (“қамчи”), ўзаро манфаатли бўлган турли муносабатлар (“битишиш”), шунингдек, ўзаро мажбуриятлар, турли ўзаро мойилликлар муносабатларига асосланган алоқалар (“ширин кулча”) каби усулларни ажратиб кўрсатиб беради.
Ҳокимият сиёсат кун тартибини аниқлаш сифатида. Олимлар – Бахрах ва Барацнинг (1962 й.) аниқлашича, ҳокимиятнинг иккинчи қиёфаси у ёки бу сиёсий кучнинг қарор қабул қилишга қаршилик кўрсата олиш қобилиятини акс эттиради. Бунда сўз сиёсий кун тартибини ким назорат қилаётганлиги тўғрисида кетмоқда – ким аввалдан ҳал этиб келган, қандай масалалар муҳокама этилади, қандайлари кўриб чиқилмайди. Шу муносабат билан айтиш мумкинки, қандайдир хусусий корпорация ўз ҳокимиятини амалга ошириши мумкин: биринчидан, айтиш мумкинки, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир қонунга қарши чиққан ҳолда (“ҳокимиятнинг биринчи қиёфаси”); ёки шунингдек, партиялар ва сиёсатчилар бу масалани умуман очиқ муҳокамага олиб чиқмаслиги учун турли чора-тадбирларни амалга оширишлари мумкин (“ҳокимиятнинг иккинчи қиёфаси”).
Ҳокимият онгни назорат қилиш сифатида. Ҳокимиятнинг учинчи “қиёфаси” – бу одамларнинг хоҳишлари, фикрлари ва эҳтиёжларига таъсир этиш қобилиятидир (Луке, 1974 й.) . Бунда ҳокимият руҳий назорат қилишда ёки “онгни мафкуравий ювиш” деб аталадиган жараёнда ифодаланади. Бунга мисол тариқасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир янги қонунни корпорацияларнинг ўзлари аксарият муаммоларни ҳал этганлиги учун ҳозирча зарур эмаслигига ишонтиришга қаратилган рекламалар индустриясини келтириш мумкин. Сиёсий ҳаётдаги ҳокимиятнинг бу шакли тарғиботдан кенг фойдаланишда, умуман, мафкуравий таъсир кўрсатиш жараёнида намоён бўлади72 .
2. Сиёсий ҳокимиятнинг тузилиши, унинг субъекти
ва объекти
Ҳокимият таърифи Аргентина сиёсатшуноси Торкуато С.Ди Телла таҳрири остида нашр этилган “Ижтимоий ва сиёсий фанлар луғати”да ўзига хос тарзда талқин этилган: “Ҳокимият мавжуд фаол субъектнинг назарда тутган қандайдир объект хулқига қандайдир жисмоний (моддий) ёки ғоявий (руҳий) усуллар воситасида таъсир этиш қобилияти ёки имкониятидир. Ижтимоий фанлар нуқтаи назарига биноан одамларга субъектлар ва объектлар сифатида қаралади. Ҳокимият субъектнинг ҳукмронлик қилишга маълум ирода ёки хоҳиш (ният) билдиришини назарда тутади ва объектни (бошқа одамни) маълум муносабатни қабул қилишини ва уни ўзи хоҳламаган хулққа эргашишини талаб қилади. Бунда объект бу вазиятни англаши шарт бўлмайди, яъни у ўзини мажбурланганлигини англамаган ҳолда муайян белгиланган йўлни давом эттиради. Бошқача айтганда, ижтимоий фанлар нуқтаи назаридан қараганда ҳокимият – бу (субъект ва объектларнинг ўзаро) “ҳокимиятлилик муносабати”дир”73 .
Ҳокимият тузилиши (структураси) – бу унинг уларсиз мавжуд бўла олмайдиган таркибий қисмларидир. Ёки улар ҳокимиятнинг субъекти, манбалари ва ресурсларидир. Ҳокимият фақат ҳокимият субъекти ва объекти ўзаро хатти-ҳаракати натижасидагина амалга ошади. Субъект ўз иродасини объектга нисбатан амалга оширилмай қолишини санкциялар бериш хавфига дучор бўладиган буйруқлар, топшириқлар, фармойишлар бериш воситасида ифодалайди.
Ҳокимият субъекти манбаси (бошланғич ҳокимият) субъектнинг кучи, жозибаси, бойлиги, авторитети воситасида намоён бўлиши мумкин. Ва ниҳоят, ҳокимият субъект учун турли ресурсларни талаб этиш ва улардан фойдаланиш ҳодисалари анъаналар (болалар устидан ота-она ҳокимияти, оқсоқоллар ҳокимияти ва бошқ.) натижасида ҳам пайдо бўлиши мумкин. Ҳокимиятнинг ўзига хос бўлган манбалари сифатида билимлар, қандайдир ахборотларга эга бўлишни келтириш мумкин. Масалан, қадимги Миср коҳинлари қуёш тутилишидан ўз ҳокимиятларини мустаҳкамлашда фойдаланганлар. Илгари афсунгар ва шомонлар бу каби ҳокимиятларга эга бўлган бўлса, ҳозирги даврда олимлар, сиёсатчилар ва бошқа илму фан вакиллари ҳокимият манбалари сифатида намоён бўлмоқда.
ХХ асрга келиб ҳаётнинг маълум бир соҳасида ноёб билимларга эга бўлган экспертларнинг ҳокимият манбаси сифатида намоён бўлиши, уларнинг ҳокимиятга таъсири ошиб бориши натижасида ҳокимиятнинг экспертократия ва меритократия деган янги шакллари пайдо бўлди. Таниқли олим Э.Канеттининг фикрича, ҳозирги даврда ахборотлар ва махфий билимларни монополия қилиб олиш мутлақ ҳокимиятнинг асосига айланиши мумкин. Чунки ўтган аср тарихи кўрсатдики, махфийлик ва унга сиғиниш тоталитар ҳокимиятларни қўллаб-қувватлаши мумкин. Э.Канеттининг кўрсатишича, диктатураларни бўшаштириш ва демократияни ривожлантиришда махфий ахборотларни кўпчилик ўртасида тарқатиш муҳим аҳамият касб этади. Ҳокимият билан билим ўртасидаги ўзаро муносабатлар масалалари олим М.Фуко томонидан ҳам чуқур ўрганилган. Унинг фикрича, ҳокимият билимларни ишлаб чиқаради, билимлар эса янада кўпроқ ҳокимиятга эга бўлишни таъминлайди.
Ҳокимиятнинг асосий таркибий қисмларидан бири – субъект ҳокимиятнинг фаол ва йўналтирувчи қисми ҳисобланади. Субъект алоҳида олинган инсон, ташкилот, кишилар бирлиги, халқ, халқаро ташкилот кабилар бўлиши мумкин.
Инсоният жамияти тарихи шуни кўрсатдики, ҳокимиятга доир муносабатлар пайдо бўлиши учун субъектнинг қатор сифатларга эга бўлиши тақозо этилади. Даставвал, буйруқлар ва фармойишлар кўринишидаги ҳокимлик қилиш, ҳокимиятга интилиш иродаси мавжуд бўлиши лозим. Маълумки, аксарият кишилар ҳокимиятга эга бўлишдан психологик ҳузурланмайди, яъни бу каби кишилар учун ҳокимият қадрият ҳисобланмайди. Ҳокимиятга мойил ва унга интилаётган кишилар психологик ва ижтимоий масъулият билан боғланган бошқарув муносабатларидан ўзларини четга тортмаганлигининг сабаби – ҳокимият турли хил бойлик ва имтиёзлар учун кенг имкониятлар яратиш манбаи бўлганлигидир. Жумладан, ҳокимият юритишда иштирок этишда келадиган катта фойда, обрў-эътибор, фойдали алоқалар ва бошқа имтиёзлар. Бу турдаги кишилар учун ҳокимиятга интилиш воситадир, яъни, ҳокимиятга эга бўлиш бошқа мақсадларни амалга ошириш учун восита бўлиб хизмат қилади.
Ҳокимият субъекти бошқаришга интилишидан ташқари, компетентли бўлиши, бошқарув фаолияти ва мақсади моҳиятини, ўзига бўйсунган одамларнинг хулқи-атворини яхши билиши, ўзи авторитетли бўлиши, ҳокимият ресурсларидан моҳирона фойдалана олиш қобилиятини эгаллаган бўлиши талаб этилади74 .
Сиёсий ҳокимият субъектлари кўп даражали характер касб этади: унинг биринчи даражасини индивидлар, иккинчи даражасини сиёсий ташкилотлар, энг юқори даражасини сиёсий элита ва етакчилар ифодалайди. Ҳокимият субъектлари бошқа мезонлар асосида ҳам бир-бирларидан фарқланади. Шунингдек, ҳокимият субъектлари уларнинг оммавийлиги ва жамият учун ошкоралиги нуқтаи назаридан ҳам характерланади.
Ҳокимият объектнинг бўйсунишисиз яшай олмайди. Объектнинг субъектга бўйсуниши бир неча омилларга боғлиқдир:
–субъект эга бўлган таъсир этиш воситалари (ресурслари), ихтиёрий бўйсунишни қўзғашга қодир бўлган мотивациянинг мавжудлиги;
–субъектнинг ўз хавфсизлиги учун қўрқуви, бирон-бир манфаат ёки бойликдан махрум бўлиш ваҳимаси;
–бўйсунишга ўрганиб қолиш (анъаналар асосида);
–апатия;
–бўйсунишни зарурият эканлигига доир эътиқодга эга бўлиш;
–бўйсунишдан манфаатдор бўлиш;
–бурч ҳис-туйғулари;
–ҳокимият субъектининг авторитетга эга бўлиши.
Манфаатлар ва эътиқод асосига қурилган ҳокимият ўзининг барқарорлиги, яъни ортиқча нохуш санкцияларсиз ҳокимият фармойишларини ихтиёрий равишда бажариши билан ажралиб туради. Ҳокимият учун энг қулай бўйсуниш мотивацияси – бу ҳокимият субъектининг авторитетидир. Ва, аксинча, қўрқув ва мажбурлашга асосланган ҳокимият объектни ўзидан қочиришга мойиллик уйғотади.
Ҳокимият объекти. Агар инсоннинг ўзи устидан ўзи ҳокимият юритишини ҳисобга олмасак, гарчанд, бу ҳокимият ижтимоий феномен сифатида эмас, балки психологик жиҳатдан унинг тафаккурлашига хулқининг бўйсуниши, яъни, инсоннинг бир бутундан иккига – онги ва хулқига бўлиниши тарзида рўй бериши табиий бир ҳол бўлишига қарамай, бошқа ҳолатларда ҳокимият ҳеч қачон ягона ҳаракат қилувчи шахс (орган) муносабати ёки хусусияти сифатида учрамайди. Ҳокимият – доимо икки томонлама, ассиметрик, субъект ва объектлар ўзаро муносабатларида ҳокимият эгасининг устунлиги тарзида рўй берувчи жараёндир. Объектнинг бўйсунишисиз ҳокимиятнинг бўлиши мумкин эмас. Агар ҳокимият учун интилаётган субъект аниқ ифодаланган ҳокимлик қилиш иродаси ва бўйсундиришнинг кучли воситаларига эга бўлса-да, лекин бўйсуниш рўй бермаса, ҳокимият ҳодиса сифатида содир бўлмайди. Объектда қанчалик ҳокимият иродаси бўлмасин, лекин унинг танлаган йўли бўйсуниш эмас, балки ҳалокатга юз тутса ҳам қаршилик кўрсатишдан иборат бўлса, унда ҳокимият воқелиги рўй бермайди.
Сиёсий ҳокимиятнинг амал қилиши халқнинг бўйсунишига узвий равишда боғлиқ эканлиги ғарбда кенг тарқалган фуқаролик бўйсунмаслик ҳаракатида ўз ифодасини топган. Шунингдек, бу ҳаракат куч ишлатмасдан қаршилик кўрсатиш воситаси сифатида ҳам яшаб келмоқда. Бундай воситалар Ҳиндистондаги мустабид инглиз ҳокимиятига қарши оммавий бўйсунмаслик кампаниялари (гандизм) сифатида мамлакатнинг миллий мустақилликка эришишини таъминлади.
Субъектнинг ҳокимият юритишига нисбатан объектнинг муносабатлари чегараси қаттиқ қаршилик кўрсатиш, йўқотиб юбориш учун курашдан то субъектга бўйсунишни ихтиёрийлик ва кўтаринкилик билан қабул қилишгача бўлган ҳудудгача чўзилади. Умуман, бўйсуниш ҳам бошқаришдек инсоният жамияти учун табиийлик касб этади. Объектнинг бўйсунишга тайёр туриши қатор омилларга боғлиқдир: объектнинг ҳокимият жараёнидаги шахсий сифатлари; унга нисбатан қўйилган талабларнинг характери; субъект эга бўлган ҳаракат қилиш воситалари ва вазият; субъектнинг объектга таъсир этиши учун унинг авторитети борлиги (ёки йўқлиги) 75 .
Сиёсий ҳокимият юритиш объектининг сифатлари, авваламбор, аҳолининг сиёсий маданияти даражаси билан белгиланади. Субъектга кўпроқ бўйсунишни таъминлаб бериш имкониятини яратиш асосан сиёсий маданиятнинг патриархал ва тобелик турларига амал қилган аҳоли фаолиятида учрайди. Жамиятда бўйсунишга одатланган, “қаттиққўл”ликни хоҳловчи кишилар кўп бўлса, авторитар ва тоталитар режимлар пайдо бўлиши учун қулай муҳит шаклланади.
3. Ҳокимият ресурслари
Бир гуруҳ кишиларнинг бошқа гуруҳ кишиларга бўйсунишининг муҳим ижтимоий сабаблари ҳокимият ресурсларининг нотекис тақсимланганлигидир. “Ресурс” тушунчаси кенг ва тор аҳамият касб этади. Ҳокимият ресурслари кенг маънода “индивид ёки гуруҳнинг бошқаларга таъсир қилиши учун фойдаланиш мумкин бўлган ҳамма нарсадир”76 .
Ҳокимият ресурсларини бу каби тушуниш анча умумий характер касб этгани учун ҳам у ҳокимиятнинг турли унсурларини дифференциялаш асосида тушуниш имконини бермайди: ҳокимиятнинг субъекти, объекти ва воситалари ўзаро муносабатларини очиб бера олмайди. Ваҳоланки, ресурслар имкониятдаги барча омилларни ўз ичига олган ҳолда у ёки бу тарзда ҳокимиятга ижобий таъсир этиш қобилиятига эгадир: субъектнинг шахсий сифатлари (компетентлиги, уюша олиши ва ҳоказо) ; объектнинг баъзи бир хусусиятлари мавжуд бўлишининг шартлиги (масалан, унинг сиёсий ишонувчанлиги, бўйсунишга одатланганлиги ва бошқалар) ; субъектни ҳокимиятни амалга ошириши учун қулай вазиятнинг етилиши (иқтисодий юксалиш, мухолифат гуруҳларидаги ўзаро курашлар натижаси, қулай халқаро аҳвол ва бошқалар) , шунингдек, таъсир этишнинг моддий ва бошқа воситаларига эга бўлиши.
Ҳокимият ресурсларини кенгроқ тушунишда эса ҳукмронлик қилиш ва бўйсундиришнинг муҳим ижтимоий омили сифатидаги ҳокимият агентлари ва хизматчиларининг бевосита ўзаро ҳаракатларининг нисбатан мустақил, одатда моддийлашган бўғинлик эканлигига доир хусусиятларини намоён бўлишини тасаввур этиб бўлмайди.Шунинг учун ҳам ҳокимият ва унинг тузилишини ўрганиш учун ресурсларни тор маънода талқин этиш, уни субъект мақсадларига мувофиқ ҳокимият объектига таъсир қилишни таъминлаб берувчи барча воситалар, деб тушуниш тақозо этилади.
Ресурсларнинг ҳокимият асоси сифатидаги муҳим аҳамият касб этиши “ижтимоий алмашув” назариясида очиб берилган (П.Блау ва бошқалар) . Бу назарияга мувофиқ, ҳокимият асосида камёб ресурсларнинг нотекис тақсимлаш ҳолати ётади. Ресурсларга эга бўлмаган кишилар уни ресурсларга эга бўлган кишилар буйруқлари ижросини амалга ошириш эвазига (алмашиб) олади. Шу тарзда бир гуруҳ кишилар иккинчи гуруҳ кишиларга боғлиқ бўлганлиги учун уларга бўйсунадилар.
Ресурслар ижобий (фаровонлик бахш этиш) ва нохуш (фаровонликдан маҳрум этиш) санкциялари сифатида ҳам таъсир этиши мумкин. Ресурслар субъект томонидан сафарбар қилиш жараёнида туб ўзгаришларга учраб, ҳокимиятга айланиши мумкин. Бу ҳолатда маълум бир ресурсларни ўзаро бир-бирига боғлиқ агентлар тизимига таъсир қила олиш қобилиятига эга эканлигини кўрсатади.
Ҳокимият ресурсларининг бир неча таснифлари шаклланган. Ф.Этциони ресурсларни утилитар, мажбур қилувчи ва меъёрий (норматив) турларга бўлади77 . Утилитар ресурслар – кишиларнинг кундалик манфаатлари билан боғлиқ бўлган моддий ва бошқа ижтимоий бойликлардир. Баъзан айрим сиёсатчилар давлат ҳокимияти ёрдамида бутун бир аҳолини ўзларига хайрихоҳ қилиб олиши мумкин. Бу каби ресурслар айрим кишиларни мукофотлаш, шунингдек, жазолашда фойдаланилади. Мажбурлаш ресурсларига маъмурий жазолашлар кириб, улардан асосан утилитар ресурсларни қўллаш натижа бермаган пайтларда фойдаланилади (масалан, иқтисодий санкциялардан қўрқмаган иш ташловчиларга нисбатан суд жазоларини қўллаш).
Меъёрий (норматив) ресурслар инсон хулқи меъёрлари, унинг қадриятлари ва ички дунёсига таъсир қилиш орқали намоён бўлади. Бу ҳолатда бўйсунувчиларни раҳбар ва ижрочиларнинг манфаатлари бир хил эканлигига ишонтириш, ҳокимият субъекти ҳаракатини қўллашга эришиш, унинг талабларини ихтиёрий бажариш рўй беради. Агар олдинги иккита ресурслар турида реал ҳолатларга, унинг воситасида кишилар хулқига таъсир этиш ётса, учинчи ресурс тўғридан-тўғри инсон онгига таъсир этади78 .
Ҳокимият ресурслари деганда ҳокимият субъектини бошқаларга таъсир этишда фойдаланадиган кучи ва салоҳиятини оширадиган барча нарсалар тушунилади. Таъсир этишнинг очиқ ва яширин турлари мавжуд.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?