Электронная библиотека » Муқимжон Қирғизбоев » » онлайн чтение - страница 9

Текст книги "СИЁСАТШУНОСЛИК"


  • Текст добавлен: 26 июня 2023, 10:00


Автор книги: Муқимжон Қирғизбоев


Жанр: Зарубежная образовательная литература, Наука и Образование


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 9 (всего у книги 34 страниц) [доступный отрывок для чтения: 11 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Тоталитар турдаги сиёсий тизимлар учун фашистик Италия ва фашистик Германия ва “жаҳон социализм тизими” мамлакатлари мисол бўла олади. Лекин бу мамлакатларда ҳозир сиёсий ва иқтисодий модернизация жараёнлари амалга оширилмоқда.

Бу турдаги тизимларда эркин манфаатлар гуруҳлари учрамаслиги характерлидир. Бу тизимда сиёсий иштирок ҳам ўзига хос бўлиб, у асосан декоратив характер касб этади. Сиёсий коммуникация марказ томонидан қаттиқ назорат қилинади. Тоталитар жамиятлар ўта марказлашган бўлиб, улар учун куч ишлатишнинг юқори даражада бўлиши характерлидир. Алмонднинг фикрича, мутлақ итоат эттириш асосидаги сиёсий тизим ақлга сиғмайдиган ҳодисадир. Бунда ролларнинг тоталитар тузилишга хос бўлган иккита характерли белгиси бир-бирини тақозо этишини кузатиш мумкин: а) мажбурловчи ролларнинг устунлиги; б) ўз вазифасига хос бўлмаган вазифаларни бажарувчи бюрократия, партия, армия, хавфсизлик органлари ҳокимият ролларини функционал беқарорлиги109 .

Индустриал жамиятда сиёсий тизимларни модернизациялаш муаммолари. Ҳозирги даврга келиб айрим олимлар дунёда кечаётган ўзгаришлар натижасида ХХ асрнинг 70-80-йилларидан бошлаб сиёсий тизимлар инқирози кузатилмоқда, деган фикрни илгари сурмоқда. Ральф Дарендорф ўзининг «Демократияни бошқарувчанлиги тўғрисида» номли асарида қуйидагиларни қайд этади: Ҳозирги ижтимоий вазият «ўзининг бошқарувчанлигининг сўнгги даврини ўз бошидан кечирмоқда»110 . У ўз фикрини давом эттириб яна қуйидаги фикрларни билдиради: «Ривожланган сиёсий тизимга эга бўлган давлат, умумий фаровонлик давлати, айниқса, ўзига тегишли бўлган энг сўнгги иқтисодий имкониятларидан фойдаланмоқда». Марказлашган ҳукуматнинг постиндустриал (индустриалликдан кейинги) воқеликлар шароитида пайдо бўлган муаммолар мажмуини ҳал этишни уддалаши жуда ҳам қийин кечмоқда111 . Яна бошқа машҳур олимлардан О.Тоффлер ҳам ана шу каби салбий фикрларни келтиради: «Нафақат иккинчи тўлқин112  институтлари, балки улар жойлашган асослар ҳам эскириб кетди»113 . У яна қуйидаги далилларни келтиради: «Иккинчи тўлқин оммавий жамиятларни қандай етиштирган бўлса, учинчи тўлқин бутун ижтимоий тизимни янада турли-туманлаштирган ва мураккаблаштирган ҳолда ўзгартириш асносида оммавийсизлантириб юборди».114

Яна баъзи олимлар фикрича, «олдинги иерархик социотузилмаларга хос бўлган моделлар ижтимоий таянчлари ва қатламлари парчаланиб бормоқда. Қатлам – синфга бўлинган ҳаёт дунёси ўрнига бир-биридан фарқ қиладиган индивидуаллашган ҳаёт дунёси қад кўтармоқда… ижтимоий тенгсизлик ҳаёт тарзи ва меъёрлари қандайлигини ифодаламаган ҳолда фақат статистик шаклда намоён бўлмоқда; олдинги синфий ва табақавийликка амал қилишларни тиклашга уринишлар эса ҳаётий воқеликларда ўз асосини топа олмайдиган сунъий ажралишларни амалга оширишга айланиб кетмоқда»115 . «Ҳозир (ижтимоий) гуруҳлар талайгина, лекин улар узоқ яшамай ўткинчилик характерини касб этмоқда»116 .

Ижтимоий гуруҳларнинг сиёсий тизимда ифодаланаётган манфаатлари эндиликда ижтимоий аҳвол, даромадининг қанчалигини, касби-корини, яшаш жойини тавсифламай қўйди. Индустриалдан кейинги қадриятлар сиёсий иштирокнинг индивидуал шарт-шароитлар даражаси ўсиб боришига таъсир этиб, сиёсий афзалроқ мўлжалларни шаклланишида жиддий рол ўйнай бошлади, шунингдек, электоратнинг умумий сафарбарлиги пастга тушиб бормоқда. Бу каби жараёнлар натижаси оқибатида бир томондан, «элита томонидан йўналтирилаётган» (elite-directed) сайловларда ва бошқа жараёнлардаги иштироклар натижалари аҳамияти турғун ҳолатга тушиб қолмоқда. Индустриалдан кейинги сиёсий кенгликлар мойилликлари Тоффлерга шаклланган вазият учун зарур бўлган ижтимоий инновациялар характеридаги қуйидаги хулосаларни чиқаришга имконият берди: унинг фикрича, индустриал цивилизация институтлари озчиликка бўйсунадиган янги мослашувчан тузилмалар билан алмаштирилиши лозим. Жумладан, партиялар «бу озчиликнинг ўзгариб бораётган қиёфасига хизмат қилиши лозим бўлади». Уларни «plug-in/plug-out» (кирди/чиқди) партиялари, деб аташ мумкин. Воситачилар орқали амалга ошириладиган манфаатлар вакиллиги алмаштирилиб, унинг ўрнига маълум тор мўлжаллар билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда долзарблашиб бораётган ўзини ўзи вакил қилишга ўтиш лозим117 .

Сиёсий тизимлар ривожланганлик даражаси мезонлари. Сиёсий тизимлар ўз функцияларини самарали ёки самарасиз бажариши мумкин. Сиёсий тизим ҳокимият институтлари цивилизациявий ривожланишининг у ёки бу босқичига мувофиқ келадиган сиёсий ва ижтимоий мақсадларга эришишга қаратилган ўз қарорларини тўлиқ ёки аниқ бажаришни таъминлай олса, у самарали сиёсий тизим дейилади. Акс ҳолда эса у самарасиз сиёсий тизимдир.

ХХ аср бошларида сиёсий тизимнинг самараси мезонлари сифатида иқтисодий ва ҳарбий куч-қудратни таъминлаш қобилияти ҳисобланиб, шу асосда мустамлакалар истило қилиш, хомашё манбалари, товарлар сотиладиган бозорларни тақсимлашга таъсир қилиш авж олди, бу жараёнларда кенг ижтимоий қатламларнинг ижтимоий эҳтиёжлари эътиборга олинмай қўйди.

Лекин ХХ асрнинг охири – ХХI асрнинг бошларига келиб инсон ҳаётининг цивилизациялашган ўлчовлари учун муносиб шарт-шароитлар яратиш сиёсий тизимнинг умумий мезонига айланди. Ҳозирги даврда сиёсий тизимнинг самарали эканлигига доир мезонлар сифатида унинг иқтисодий ривожланишни таъминлаш, цивилизациялашган ижтимоий стандартлар, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари, жозибали геосиёсий имиж кабилар учун шарт-шароитлар яратиш қобилияти эътиборга олинмоқда. Бу мезонлар асосан иккига бўлинади: аҳоли жон бошига йиллик ЯИМ ўсиш ҳажмини, иқтисодий эркинлик индексини, давлат, минтақа ва маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини миқдори ва уларни ижтимоий йўналтирилганлигини характерлайдиган иқтисодий мезонлар; ижтимоий тенгсизлик даражасини пасайтириш, давлат томонидан ўрнатилган энг кам иш ҳақи, пенсия, ижтимоий ёрдамлар стандарти, давлатни таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги хизматларни йўлга қўйиш даражаси кабиларни характерлайдиган ижтимоий мезонлар; инсон ва фуқаро ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги миллий қонунчиликнинг халқаро стандартларга мувофиқ келишини таъминлаш, инсон эркинлиги ва ҳуқуқларини ҳимоя қилинишини парламент, суд ва жамоатчилик томонларидан назорат қилишнинг замонавий механизмларининг мавжудлиги, суд ва пенитенциар тизимлар сифати кабиларни характерлайдиган ҳуқуқий мезонлар; ҳарбий, иқтисодий, технологик, маданий каби глобал устун соҳаларда давлатнинг етакчилик ўрнини таъминлашни характерлайдиган геосиёсий мезонлар; давлатни минтақавий ва глобал халқаро тузилмаларга аъзо бўлиб кириш даражаси.

Шунингдек, ҳозирги даврда самарали жамият сиёсий тизими даражасини аниқлаштирадиган қатор омиллар эътироф этилмоқда. Жумладан, давлат ҳокимияти тизимида учта ҳокимият ўртасида демократик принциплар асосида белгиланган ҳокимият ваколатларининг чегаралари посангисини мувозанатлашишини таъминлайдиган механизмларнинг ривожланганлиги, миллий банкнинг мустақиллик мақомини мустаҳкамлайдиган, бюджетнинг даромад қисмини оширмай туриб, унинг харажат қисмини оширишни тақиқлайдиган конституциявий меъёрларнинг мавжудлиги; давлат ҳокимиятининг номарказлашганлиги, минтақақий ва маҳаллий ўзини ўзи бошқаришнинг ҳаётий мақомини таъминлаш; кучли ўзаро рақобатдош сиёсий партияларнинг мавжудлиги, сиёсий ва маъмурий ваколатлар чегараларини белгилаб қўйилганлиги, замонавий, юксак малакали бошқарув кадрларини шаклланганлиги; эркин ОАВни ҳуқуқий таъминланганлиги, тўғридан-тўғри демократия институтларининг ривожланиши учун қулай шарт-шароитларнинг яратилганлиги118 .

Ҳозирги даврда БМТ томонидан илгари сурилган Инсон тараққиёти концепцияси асосида жамият сиёсий тизими ва мамлакатларнинг ривожланиш даражаси мезонларини қўллаш русумга кириб бормоқда. Унга мувофиқ, сиёсий тизимнинг ривожланганлиги маълум бир мамлакатда инсон тараққиёти даражасининг нечоғли эканлигига мувофиқ баҳоланиши қабул қилинди. Унда асосан, иқтисодиётнинг ривожланганлиги, демографик ҳолатлар, аҳоли даромадлари, камбағаллик даражасининг пастлиги, соғлиқни сақлаш, аҳолини овқатланиш даражаси, турар-жой ва коммунал хизматлар, таълим ва маданият, жиноятчилик, экологик ҳолат, давлат бошқарувини номарказлаштириш йўналишлари бўйича мавжуд кўрсаткичларни умумлаштириш асосидаги мезонлар мужассамлаштирилган.

Шунингдек, аксарият халқаро ташкилотларнинг турли мамлакатлардаги сиёсий тизимларни ривожланиш даражасини баҳолашда уларда фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлатнинг ривожланиш даражаси, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига амал қилиш каби жиҳатларни асосий мезонларининг белгиси сифатида қўллаши оммалашиб бормоқда.

5. Сиёсий режим

Сиёсий режим – бу жамиятда сиёсий ҳокимиятни амалга ошириш усуллари, шакллари, йўллари тизимидир. У давлат шакли ва унга хос бўлган бошқарув шакли билан аинқланади. «Сиёсий режим» тушунчаси ХХ асрнинг иккинчи ярмига келиб пайдо бўлди. Бу сиёсий ҳаёт ва бутун бир жамият сиёсий тизими ҳодисасидир. Бу тушунча ўзаро бир-бирига боғлиқликларни ифодалайди. Сиёсий режимнинг таснифи инсонни ҳокимият тузилмалари билан ўзаро муносабатларидаги ҳақиқий имкониятларини тўлиқ кўрсатиб беради. Поляк олими Е. Вятр сиёсий режимни тартиботнинг конституциявий (қонуний) тизими ва бу тизимни амалиётда аниқ мужассамлашуви, деб талқин этади.

Илмий адабиётларда сиёсий режимни талқин этишнинг иккита анъанавий йўли пайдо бўлди: биринчиси, сиёсий-институционал ёндашув бўлса, иккинчиси социологик нуқтаи назар билан талқин этиш. Биринчи ҳолатда ҳокимиятни расмий-ҳуқуқий, қонунчиликка доир таснифлари асосида амалга оширилишига муҳим аҳамият берилса, иккинчи ҳолатда унинг ижтимоий асослаш ва келиб чиқишига асосий эътибори берилади. Сиёсий-институционал ёндашув асосида сиёсий режимни тадқиқ этган олимлар “режим” тушунчасини “бошқариш шакли” ёки “давлат” тузуми тушунчалари билан айнанлаштиришга ҳаракат қилдилар. Жумладан, АҚШ олими К.Бекстер “сиёсий режим тизим ёки бошқариш шакли деганидир»119 , деб ёзган эди. Шу тариқа, сиёсий режим тушунчаси авваламбор, давлат ҳокимиятини бўлиниш хусусиятлари ва бу тармоқлар ўзаро нисбатига боғлиқ ҳолда талқин этилади. Бошқа ёндашувларда эса (Ф.Ригге, Б.Бейкер, Г. Лассуэлл) сиёсий режимни сиёсий тизимни ташкил қилиш ва тартибга солиш, легитимлаш сифатида талқин этилади. Яна бир гуруҳ олимлар эса (Р. Гестил, Г. Алмонд, Г. Поуэлл ва бошқ.) сиёсий режимни сиёсий тизим билан айнан бир нарсадир, деб ёзади120 .

Ҳозирги даврга келиб сиёсий режимни «сиёсий ҳамжамиятни муттасил янгилаш, ривожлантириш ва амал қилиши усулларини ўрнатадиган ёки уни сезиларли даражада назорат қиладиган ҳокимият тузилмаларидир», деган талқин кенг тарқалди121 . Шунингдек, «режим» тушунчасини «ҳокимият» тушунчаси билан ўзаро нисбатини аниқлаш ҳам сиёсий режимнинг маъносини англашга ёрдам беради. Режим ҳокимият эмас, балки у ҳокимиятни инсоний ҳамжамият миқёсида ташкил этиш, маълум бир мақсадлар ва ўзига хос усуллардан фойдаланган ҳолдаги тузилмавийлаштиришдир. Агар «сиёсий режим» билан «сиёсий тизим»ни ўзаро қиёслайдиган бўлсак, у ҳолда Р.Макридис фикрича, сиёсий режим «функцияларни қандай тарзда институтларга ва тартиботларга, шунингдек, бу жараёнда пайдо бўладиган ўзаро муносабатларни тузилмавийлаштиришга айлантиришнинг ўзига хос йўли ва воситасидир”122 .

Албатта, сиёсий тизим ва сиёсий режимни турлича талқин этишга доир ёндашувларнинг кўплигига қарамасдан, уларнинг ўртасида мустаҳкам алоқадорликлар мавжуд эканлигини эътироф этиш лозим. Сиёсий режим жамият сиёсий институтини самарали амал қилишини таъминлаш тартиботи сифатида намоён бўлади; у ўзида ижтимоий-сиёсий институтларнинг натижали фаолият юритишлари учун ҳуқуқий ва ҳуқуқий бўлмаган чора-тадбирлар тизимини ифода этади; ҳаракатдаги жамият сиёсий тизими унсурлари ва унинг турли-туман тарзда намоён бўлишини характерлайди.

Албатта, маълум бир сиёсий тизим тарихий вазиятларда бир неча ва турлича режимларда яшаши мумкин. Агар «тизим» концептуал моҳият – мағизнинг сиёсий воқеликларни англаб етиши учун муҳим рол ўйновчи, умумлаштирувчи таҳлилий тушунча бўлса, «режим» – бу воқеликларни амалий фаолият учун тавсифлашга имкониятлар яратувчи тушунчадир. Режимни бу каби тушуниш уни «сиёсий жараён» тушунчасига жуда ҳам яқин эканлигини исботлайди. Сиёсий жараён фаолият юритиш аввали сифатида намоён бўлиб, шу билан бир вақтда, у сиёсий тизим, унинг институтлари барқарорлиги учун шароитлар яратади, ундаги алоқалар ва муносабатларни тартибга солади. Шу жиҳатдан олганда, режим ва жараён тушунчалари сиёсий ҳаётни бир маромда ўсишига таъсир этиши, шунингдек бу тушунчалар ёрдамида аниқланган ҳодисалар сиёсатга барқарорлаштирувчи таъсир қилиши оқибатида режим ва жараён тушунчалари бир-бири билан бирлашиб кетади. Шу билан бир вақтда, режим – жараён таснифларидан фақат биттаси, уни кўриб чиқиши мумкин бўлган турли усулларидан биттасидир.

АҚШ олими Г. Лассуэл фикрича, «режим («бошқариш шакли», «сиёсий тартибот») ўзида сиёсий шакллар намунасини ифодалайди… Режимга сиёсий жараёнда мажбурлаш унсурларини озайтириш функцияларини бажариш юкланган».

Сиёсий режим ҳокимият қандай амалга оширилмоқда, сиёсий институтлар ва сиёсий муносабатлар қандай амал қилмоқда, сиёсий тизим хатти-ҳаракати қандай, жамият билан давлат ўртасидаги нисбатлар қандай, ким кимни назорат қилмоқда, кимлар сиёсат мақсадларига эришишни таъминламоқда, ҳокимият юритаётган элитанинг манфаатларини ким амалга оширмоқда, деган саволларга жавобларни ўзида ифода этади.

Сиёсий режимнинг турлари ижтимоий-сиёсий анъаналарнинг ривожланганлиги, жамиятда устунлик қилаётган сиёсий онг ва хулқ, жамиятда ҳукмронлик қилаётган легитимлик, мансабдорлар аппарати билан муносабатлар, жамият инсон эркинликлари ва ҳуқуқлари ҳолати, идора этувчи элита тузилмаси ва уларни шакллантириш механизмлари, ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг ривожланиш даражаси билан белгиланади. Сиёсий режимнинг асосий белгилари қуйидагилардир:

–ҳокимият юритиш механизмлари, давлат органларини амал қилиш усуллари, сиёсий етакчилар ва идора этувчи гуруҳларни танлашнинг ўрнатилган ва расмийлашган тартиботлари;

–турли ижтимоий кучлар ва уларнинг манфаатларини ифодаловчи сиёсий ташкилотлар ўртасида ҳокимиятни тақсимлаш тартиботи;

–ҳокимиятни қонун чиқарувчи, ижроия ва суд ҳокимиятларига бўлинишини амалга ошириш; улар ўртасидаги ўзаро бир-бирларини тийиб туриш ва ўзаро мувозанат нисбати тизими;

–сиёсий ҳокимиятни амалга ошириш усуллари тизими (рухсат бериш – тақиқлаш, ишонтириш – мажбурлаш, иқтисодий – ноиқтисодий) ;

–аҳолининг сиёсий иштирокка нисбатан муносабатининг характери: фаол, бефарқ, пассив; бу иштирок қандай шаклда рўй бермоқда: уюшган, стихияли;

–жамиятда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳолати; ҳокимиятни шахс ва фуқаронинг бегоналашмайдиган табиий ҳуқуқларини эътироф этиши ёки тан олмаслиги; улар кафолатларининг ҳақиқийлиги;

–ижтимоий ва сиёсий ихтилофларни мувофиқлаштириш усуллари;

–сиёсий жараён йўналиши ва ривожланишига нисбатан жамиятнинг асосий гуруҳлари сиёсий маданияти таъсирининг характери;

–жамиятда сиёсий партияларнинг мавжудлиги, уларнинг ички тузилиши ва давлат билан ўзаро муносабатлари; мухолифатнинг мавжудлиги, унинг мақоми, давлат ҳокимияти билан ўзаро муносабатлари;

–ОАВнинг сиёсий ва ҳуқуқий мақоми, цензуранинг мавжудлиги ёки йўқлиги, жамиятнинг ошкоралик даражаси.

6. Сиёсий режимларни таснифлаш

Сиёсий барқарорлик. Сиёсий режим барқарорлиги ўзида мураккаб ҳодисани ифодалаб, у ўз ичига бошқарув тизимини сақлаш, фуқаровий тартиботни ўрнатиш, легитимликни сақлаш ва бошқарув самарадорлигини сақлаш кабиларни олади. Шунинг учун у умумий кўринишда сиёсий жараёнларнинг маълум характерини (масалан, урушлар ва ҳарбий ихтилофларни бўлмаслиги), ҳукуматнинг ижтимоий ўзгаришларга мослашуви, элита доиралари муносабатлари вазминлигини, сиёсий кучлар мувозанати ва осойишталигини ўзида намоён этади. Шу билан бирга, барқарорликнинг мезонлари ҳам мавжуд: ҳукуматнинг ҳокимият тепасида туриш муддати, унинг қонун чиқарувчи ҳокимиятда вакил бўладиган партиялардаги таянчи, кўппартиявийлик даражаси, парламентдаги кучларнинг жойлашуви ва бошқ. Барқарорликка эришиш учун фойдаланиладиган воситалар кенг кўламда жойлашган бўлиши мумкин: фуқароларнинг эътиқоди ва эркин сиёсий фаоллигини рағбатлантиришдан тортиб то куч ишлатишни қўллашгача бўлиши мумкин.

Барқарорлик ўзгаришлар ва ислоҳотларни истисно этмайди, лекин уни сақлаш учун маълум шарт-шароитларнинг бўлишини тақозо этади. Бошқача айтганда, ҳокимият барқарорлиги даражаси унинг нолегитим кучларнинг устунлигини бартараф этиши билан ўлчанади. Шу маънода, барқарорлик жамиятнинг ўзини ўзи ҳимоялаш қобилияти сифатида ҳокимиятнинг шундай ташкилотини сақлашни тақозо этадики, унга биноан, у ижтимоий тизимга мувофиқ бўлиши, жамоатчилик кайфиятига айнан яқин келиши лозим. Бу жараён натижасида барқарорлик жамиятни ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёнига интеграциялайди ва ҳукуматнинг бошқарув самарадорлигини оширади.

Барқарорлик омиллари сифатида яна қуйидагиларни келтириш мумкин: ҳокимият томонидан ушлаб туриладиган конституциявий тартибот ва режимнинг легитимлигини мавжуд бўлиши; ҳокимиятни самарали амалга ошириш; ижтимоий анъаналарга амал қилиш; ҳокимият ташкилотларида кескин тузилмавий ўзгаришларнинг йўқлиги; ҳукумат стратегиясининг оқилона ва самарали бўлиши; ҳокимият билан мухолифат ўртасида конструктив муносабатларнинг сақланиши; аҳолининг турли ғояларга муносабати; ҳукумат ўзининг асосий функцияларини бажариши.

АҚШ олими Д. Сандроснинг хулосасига биноан, беқарорлик қуйидаги омилларга нисбатан номутаносиб бўлади: урбанизациялашув ва аҳолининг ҳаддан ортиқ зичлашиб кетиши; табиий ижтимоий алоқаларни бузадиган индустриал ривожланиш; ижтимоий-сиёсий назорат механизмларини бўшашиб кетиши; мамлакатни ташқи манбаларга савдо ва молиявий жиҳатдан боғлиқ бўлиб қолиши. Шу билан бирга, беқарорлик қуйидаги омилларга нисбатан тескари мутаносиб бўлади: режим легитимлиги даражаси; сиёсий институтларнинг ривожланганлиги; ижтимоий-иқтисодий фаолликнинг юксалиши, иқтисодий ривожланиш суръатининг ўсиши; сиёсий коммуникация шахобчаларининг такомиллашганлиги; элита ичида консенсусга эришилганлиги ва бошқа омиллар.

Сиёсий мухолифат. Мухолифатнинг мавжудлиги жамиятда турли-туман ижтимоий қатламлар ва гуруҳларнинг мавжудлиги билан боғлиқдир. Уларнинг барчасининг манфаатлари ва эҳтиёжларини амалга ошириш шарт-шароитлари мавжуд эмаслиги, барчани жамиятда бир хил фаолият юрита олмаслиги, шунингдек инсон учун хос бўлган табиий омиллар натижасида мухолифий қарашлар шаклланади. Кўппартиявийлик шароитида партияларнинг бир-бирларига мухолифат бўлиши натижасида ҳам ўзаро мухолифатчилик шаклланади.

Мухолифат ҳукуматнинг мақсадлари ва қадриятларига нисбатан қонун-қоида чегарасида бўлиш даражасига қараб қуйидаги шаклларда бўлади: ҳукумат тарафдори, нейтрал ва муросага келмайдиган. Шунингдек, мухолифат институтлашган (партиялар ва бошқа ташкилотларга уюшган) ва ноинститутционал (ғоявий танқидлар билан чегараланадиган) бўлиши мумкин123 .

Лекин кўпчилик ўтиш даврини ўз бошидан кечираётган, модернизация шароитида яшаётган жамиятларда мухолифатнинг конструктив эмаслиги, бузғунчилик ва жамиятни кескин бўлиб ташлашга мойиллиги каби ҳолатлар кўзга ташланмоқда. Баъзи ҳолатларда мухолифат конституция ва қонунларга амал қилмай ҳаракат қилишлари натижасида сиёсий тизим ва режимдан ташқаридаги таъсир кучига айланиб қолиши кузатилмоқда. Албатта, бундай ҳолатлар ҳар қандай сиёсий режим учун ҳам фойдали эмас.

Сиёсий режимнинг таркибий қисмлари (компонентлари). Сиёсий режимнинг таркибий қисми сифатида давлат шакли ва унинг роли, легитимлик принципи (сиёсий тизимга доир дарсда ўтилади), институтлар тузилмаси, партиявий ва сайлов тизимлари киради. Улар фаннинг бошқа мавзуларида алоҳида дарс сифатида ўтилади.

Сиёсий режимлар тушунчалари мазмун-моҳиятини аниқлашга қаратилган ёндашувлар асосида уларни таснифлаштириш имконияти туғилади.Давлатнинг ҳокимиятни амалга оширишида фойдаланадиган воситалари ва усуллари йиғиндиси жамиятда сиёсий эркинлик даражасини ва шахснинг ҳуқуқий ҳолатини ифодалайди. Индивиднинг ижтимоий эркинлиги даражаси ва давлат билан фуқаролик жамиятининг ўзаро муносабатлари характеридан келиб чиқиб сиёсий режимнинг учта турини келтириш мумкин: тоталитар, авторитар ва демократик. Демократия ва тоталитаризм ўртасида мазкур таснифнинг қарама-қарши қутблари сифатида кўплаб оралиқ ҳокимият шакллари жойлашган. Масалан, эркинлик ва демократик сайловлар натижалари кўпчиликнинг иродасидан фарқ қиладиган ярим демократик режимлар мавжуддир.

Сиёсий режимларни таснифлаштириш учун қуйидаги ҳолатлар эътиборга олиниши тақозо этилади: сиёсий партиялар, уларнинг ички тузилиши ва ўзаро муносабатлари принципларини партиявий тизимда мавжудлиги; бошқарув билан ўзини ўзи бошқаришнинг нисбати, сиёсий жараёнда маҳаллий ҳокимият органларининг роли; жамият сиёсий тизимида армия, полиция, махсус хизмат кабиларнинг ўрни ва роли; ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижроия ва суд ҳокимиятларига бўлиниш даражаси; фуқароларнинг сиёсат ва ижтимоий жараёнларни бошқаришга жалб этилиш даражаси ва характери; ҳокимият органлари фаолиятидаги ошкоралик даражаси, уларнинг жамоатчилик фикри томонидан назорат этилиши ва таъсир қилиши учун очиқлиги; давлат фаолияти устидан фуқаролик жамияти назорати, турли манфаатларни ифодалаш ва амалга ошириш имкониятларининг мавжудлиги; давлат органларини шакллантириш, сиёсий етакчилар ва идора этувчи гуруҳни танлаш тартиботлари усулларини мавжудлиги.

Давлат бошқаруви режимлари хусусий маънода бир-бирларидан қуйидагича фарқланади: либерал, диктатор, қаттиқ, шафқатсиз ва ҳоказо. Бошқарув шакллари бўйича қуйидаги режимлар бир-бирларидан ажралиб туради: парламент, президентлик республикаси, монархик, республика, фавқулодда бошқариш режими ва бошқалар. Сиёсий режимни баҳолаш тимсолий маъно касб этиши мумкин. Шунинг учун мамлакат ва давлатнинг, шунингдек бошқариш турини таҳлил этмасдан ҳам унинг образини яратиш мумкин (масалан, мутлақ, подшоҳлик ва ҳоказо). Баъзан давлат бошлиғи номи билан ҳам режимларни аниқлаш мумкин. Масалан, Сталин режими, Гитлер режими, Ҳусайн режими ва ҳоказо. Шунинг учун ҳам сиёсий режим – давлат ва жамиятнинг типологик (туркумий) , стилистик (услубий) ва образли таснифидир.

 Таниқли инглиз сиёсатшуноси Э.Хейвуд сиёсий режимларни таснифлаштиришга ўзига хос равишда ёндашади. У «сиёсий тизим» билан «сиёсий режим» алоҳида тушунчалар эканлигига унчалик эътибор бермаган ҳолда, ҳозирги даврда аниқ мезонлар мавжуд эмаслигига доир фикрларни билдиради. Лекин у «таснифлаштириш тизими» иборасидан кенг фойдаланади. Шунингдек, Э.Хейвуд мезонларни танлаганда қуйидаги саволларга жавоб топиш муҳимлигини таъкидлайди:

Ҳокимият кимга тегишли? Сиёсий иштирок юқори доиралар томонидан чекланадими ёки у барча аҳолини қамраб олганми?

Ижтимоий келишувлар ёки бўйсунишга эришиш қандай кечади – куч ишлатиш хавфи ёки куч ишлатишни қўллаш воситасидами, музокаралар жараёни, «савдолашиш» ёки муросасозликлар воситасидами?

Ҳукумат бошқаруви марказлашганми ёки номарказлашган характер касб этадими? Сиёсий тизимда қандай ўзаро тийиб туришлар ва мувозанатлар мавжуд?

Ҳокимиятни эгаллаш ва ҳокимиятни топшириш қандай амалга оширилади? Сиёсий тизим очиқ ва рақобатлими ёки у сиёсий кучлар рақобатдошлиги учун ёпиқми?

Давлат ва индивидлар ўртасидаги муносабатлар қандай? Ҳукумат ва фуқаролар ўртасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлар қандай тақсимланади?

Мамлакатнинг иқтисодий ривожланиш даражаси қандай? Унда турмуш даражаси қандай, моддий бойликларни тақсимлаш қанчалик тенгликка асосланади?

Иқтисодий ҳаёт қандай ташкил этилган? Иқтисодиёт бозорга йўналтирилганми ёки марказий режалаштиришгами, ҳукуматнинг иқтисодий роли қандай?

Тизим қанчалик барқарор? Ҳозирги режим қанчалик узоқ тарихга эга, янги талаблар ва ўзгаришларга жавоб бера олиш қобилиятига эгами?

Шунингдек, Хейвуд таснифлаштиришда нафақат сиёсий, иқтисодий ва маданий жиҳатлардаги фарқланишларни, балки бу жиҳатларнинг бир-бириларига таъсири ва ҳаётда ўзаро бир-бирлари билан қоришиб ва қўшилиб кетишини эътиборга олиш лозимлигини таъкидлайди. Шу билан бирга, у ҳозирги даврда қуйидаги бешта асосий режимни бир-бирларидан фарқланишини келтиради: 1) ғарбий полиархия (western polyarchies) ; 2) янги демократиялар (new democracies) ; шарқий Осиё режимлари (East Asian regimes) ; исломий режимлар (Islamic regimes) ; ҳарбий режимлар (military regimes).

Хейвуднинг «ғарбий полиархиялар» режими ўзининг диққатга сазоворлиги билан ажралиб туради. У бу режимнинг либерал демократияга ёки оддий демократияга тааллуқли эканлигини таъкидлаб, унинг моҳиятини очиб беради. «Полиархия» тушунчаси Р.Даль ва Линдблом томонидан киритилиб, у ўзининг хатти-ҳаракатидаги иккита асосий омили билан ажралиб туради: 1) унда жамият ҳокимиятни ўзбошимча кучлар истакларидан ҳимоялаш учун мухолифий кучларга нисбатан толерантликнинг нисбатан юқори даражасига эришилган. Амалиётда бу конституциявий кафолатланган ва фуқаровий эркинлик, фаол ҳамда соғлом фуқаролик жамияти томонидан ишончли тарзда ҳимояланган партиявий тизимлар ўзаро мусобақалари асосида эришилади; 2) полиархия жамиятга сиёсий ҳаётда иштирок этиш учун етарли даражадаги кенг имкониятлар яратиб беради – унда сиёсий фаоллик юқори даражада кечади. Унга фуқаролар томонидан назорат қилишига имконият берадиган, зарур бўлса номатлуб сиёсатчиларни мансабидан тушира оладиган ҳуқуқлар берадиган пухта ишлаб чиқилган сайлов тизими орқали эришилади. Бу маънода полиархия демократик элитизмга яқин туради. Лекин полиархия кўпинча катта корпорациялар таъсирига тушиб қолади. Лекин унда индивидуализм принципи юқори даражага кўтарилади.

Янги демократия 1994 йилда бошланган тўлқинлар натижасида Греция, Португалия ва Испания мамлакатларида ўнг оқимга мансуб ҳукуматларни ағдариб ташланиши, Лотин Америкасида ҳарбий диктатуралар ҳокимиятларини бўшашганлиги, асосан, коммунизм инқирози натижасида янги режим мақомини олишга эришди. 1989–1991 йиллардаги Шарқий Европа мамлакатларидаги инқилобий ўзгаришлар ғарбий либерал моделларни бу мамлакатларга секинлик билан кириб келиши учун шарт-шароитлар яратди. МДҲ мамлакатлари, хусусан Россияда ҳам 70 йилдан ортиқ яшаган коммунистик режимлар ағдариб ташланди. Бу режимлар янги демократиялар (new democracies) ёки ярим демократиялар (semi-democracies) режими сифатида шаклланди.

Шарқий Осиё режимлари ХХ охирида коммунизм инқирози ва бошқа демократик ўзгаришлар натижасида, бу минтақада ривожланган мамлакатларни кўпайиб бориши, жаҳон иқтисодиёти марказини ғарбдан шарққа қараб силжий бошлаганида намоён бўлди. Бу жараёнларга Шарқий-Осиёдаги бешта “йўлбарс” – Жанубий Корея, Тайвань, Гонгконг, Сингапур ва Малайзиялар кучли таъсир кўрсатди. Япония ва Хитой жаҳон иқтисодий марказининг таркибий қисмларидан бирига айланди124 .

Ҳарбий режимлар Лотин Америкаси, Яқин Шарқ, Африка ва Жанубий-Шарқий Осиёдаги ҳарбий авторитаризм тадрижи, баъзи мамлакатларда хунта бошқарувининг жорий қилиниши натижасида шаклланди.


Такрорлаш учун саволлар:

1. «Сиёсий тизим» деганда нимани тушунасиз?

2. Сиёсий тизимга доир қандай назариялар шаклланди?

3. Жамият сиёсий тизимининг тузилмаси ва функциялари нималардан иборат?

4. Сиёсий тизимлар қандай таснифланади?

5. «Сиёсий режим» деганда нимани тушунасиз? Унинг сиёсий тизимдан фарқлари нимада?

6. Сиёсий режимлар қандай таснифланади?

6-мавзу. Давлат – асосий сиёсий


институт


1. Давлат тушунчаси, унинг табиати ва белгилари.

2. Давлатнинг пайдо бўлиш сабаблари ва унинг тарихий ривожланиши.

3. Давлатнинг функциялари ва роллари.

4. Ҳозирги давр давлатининг тузилиши.

5. Ҳуқуқий давлат.

6. Ўзбекистонда ҳуқуқий давлат қуриш ислоҳотлари.

1. Давлат тушунчаси, унинг табиати


ва белгилари


Давлат жамиятнинг марказий ва интеграцияловчи сиёсий институти ҳисобланади. У ижтимоий жараёнларни жамият мақсадлари асосида мувофиқлаштириш ва бошқариш қобилиятига эга бўлган, шунингдек олий ҳокимият ваколатларини бир жойга тўплайдиган, уларни амалга оширадиган институтдир. Давлат муайян жуғрофий ҳудудга жойлашган, суверен ҳокимиятга эга бўлган, доимий хатти-ҳаракатдаги институтлар воситасида фаолият юритувчи сиёсий ташкилотдир. Давлат институтлари одамларнинг жамоавий ҳаёт тарзи – жамиятда яшашларини ташкил этиш учун масъулдир. Шу тариқа, давлат таркибига турли институтлар – ҳукумат, судлар, турли органлар, саноатнинг миллийлаштирилган соҳалари, ижтимоий қўллаб-қувватлаш муассасалари киради. У моҳиятан, жамиятнинг барча тузилмалари ва унсурлари учун баравар аҳамият касб этади. Немис олими Макс Вебер давлатнинг бош белгиси – унинг «қонунлаштирилган куч ишлатиш»ни монопол қилиб олганлигидир, деб таърифлаган эди.

Узоқ даврлар давлат жамият ва унинг ижтимоий ташкилотлари билан айнанлаштирилди. XVI асрга келиб дастлаб Н. Макиавелли жамиятдан фарқ қиладиган алоҳида ҳокимият тузилмасини ифодалаш мақсадида “stati” (лотинча «status» – мақом, низом, қоида) тушунчасини ишлатди. Ана шундан бошлаб «давлат» тушунчаси шаклланди.

Давлат институтининг мураккаблиги, унинг шаклланиши ва функцияларини турли-туманлилиги бу институтнинг келиб чиқиши сабабларини талқин этишда батафсил ифодаланди. Қадимги Юнонистонда давлатнинг табиий келиб чиқишига доир назария кенг тарқалган эди. Жумладан, Аристотель давлатни келиб чиқиши ва ривожланишига доир чуқур тадқиқотлар олиб борди. У шундай деб ёзган эди: «Бир неча қишлоқлардан иборат, айтиш мумкин бўлса, тўлиқ меъёрда ўз эҳтиёжларини қоплашга етарли даражадаги ҳолатга эришган ва ҳаёт эҳтиёжларини қондириш ниятида пайдо бўлган, шу билан бирга, ҳаётда фаровонликка эришиш учун яшаётган жамият тўлиқ ва тугалланган давлатдир. Бундан келиб чиқадики, ҳар қандай давлат – дастлабки алоқалар сифатидаги табиий келиб чиқиш маҳсулидир: у уларнинг тугалликка эришишидир…Барча айтилганлардан кўринадики, давлат табиатан мавжудлик учун хосдир ва инсон ўзининг табиатига биноан сиёсий мавжудотдир, кимда-ким тасодифий ҳолатлардагина эмас, балки ўзининг табиатидан келиб чиққан ҳолда давлатдан ташқарида яшаётган бўлса, у ё маънавий маънода норасо мавжудот ёки иродасининг ҳеч бир чеки бўлмаган, инсондан-да юқорида бўлган мавжудотдир; уни Хомер ҳам «зоти йўқ, қабилага мансуб бўлмаган, қонундан ташқаридаги, ҳеч бир маконсиз» деб ҳақорат қилган эди; у табиатан фақат урушларга ташна бўлган одамдир»125 .

Шу билан бирга, Аристотель давлатнинг пайдо бўлишини инсонлар манфаатлари, орзу-истаклари, ихтиёрий хоҳишларига боғлайди. Шунинг учун ҳам давлатнинг асосий мақсадини барча инсонлар фаровонлигини таъминлаш ва бахту саодати учун фаолият кўрсатиш эканлигини бир неча бор таъкидлайди. Жумладан, «Олий фаровонлик бахт эканлиги, бахт эса мукаммал фаолиятдан ва эзгуликларни татбиқ этишдан иборат бўлиши сабабли маълум бўладики, бир хил одамлар эзгуликларга дахлдордирлар, бошқалари эса оз даражада ёки умуман дахлдор эмаслар, бундан кўринадики, айни шу ҳолат турли кўринишдаги давлатларни ва бир қанча давлат тузилишларини ташкил этилишига олиб келди»126 . Аристотель ўз фикрини давом эттириб қуйидаги умуминсоний қадриятни илгари суради: давлат тузилишига «фақат бошқарувчилар фаровонлиги учун эга бўлинса, барчаси нотўғри бўлади ва у тўғри йўлдан четга чиқишни ўзида ифодалайди: улар ҳукмронликнинг бошланғич даври учун хосдир, давлат эса эркин инсонлар муносабатларидир»127 .


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации