Электронная библиотека » Муқимжон Қирғизбоев » » онлайн чтение - страница 10

Текст книги "СИЁСАТШУНОСЛИК"


  • Текст добавлен: 26 июня 2023, 10:00


Автор книги: Муқимжон Қирғизбоев


Жанр: Зарубежная образовательная литература, Наука и Образование


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 10 (всего у книги 34 страниц) [доступный отрывок для чтения: 10 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Давлат, жамият ва индивидларнинг ўзаро бир-бирларидан фарқланишига доир қарашлар либерализм назариясига доир бўлган давлатнинг шартномавий назарияларида (Гоббс, Локк, Руссо ва бошқалар) шаклланди. Унга биноан, учта тушунча (индивид, давлат, жамият) тарихан бир-биридан бўлинади. Даставвал, эркин ва ярим ёввойи яшаган индивидлар иқтисодий ва бошқа соҳаларда ўзаро ҳаракатларда бўлишлари оқибатида жамиятни ташкил этди. Кейинчалик улар ўзларининг хавфсизликларини ва табиий ҳуқуқларини шартномалар тузиш йўли билан ҳимоя қилиш мақсадида махсус орган – давлатни туздилар.

Ҳозирги даврда ҳукуматни давлатнинг асосий институтларидан бири сифатидаги таснифлари шаклланди. Уларга мувофиқ, давлат тузилмасини ўрганишда унинг ҳукумат билан қандай фарқланишига ҳам муҳим аҳамият бериш зарур. Умуман олганда, давлат билан ҳукумат ўртасида қуйидаги принципиал фарқлар мавжуд:

–давлат ҳукуматга нисбатан кенгдир. Давлат – ҳайбатли ташкилот бўлиб, унинг чегаралари барча оммавий институтлар, барча жамият аъзоларини (ўз фуқаролари сифатида) ўз ичига олади. Ҳукумат эса давлатнинг бир қисмидир;

–давлат – бу тарихий узоққа чўзилган, ҳаттоки доимий категория, ҳукуматлар эса вақтинчаликдир, улар келади, кетади, улар ислоҳ этилади ёки қайта қурилади;

–ҳукумат – давлат ҳокимиятини амалга ошириш воситасидир. У давлат сиёсатини ишлаб чиқади, уни амалга оширади, давлатнинг яшашини қўллаб-қуватлаш учун давлат “мияси” вазифасини бажаради;

–давлат ҳокимияти шахсдан ҳоли бўлиш характерини касб этади. Ҳаттоки давлат муассасалари хизматчилари, қоидага биноан, сиёсий бетараф туриш руҳидаги бюрократия мактабини ўтайди, уларнинг давлат органларининг бирон-бир мафкуравий қизиқишларига ёки амалдаги ҳукумат кайфиятига берилишига йўл қўйилмайди;

–давлат, ҳеч бўлмаганда назарий жиҳатлардан жамиятнинг умумий фаровонлик ёки умумий ирода деб аталадиган доимий манфаатларини ифода этади. Ҳукумат эса давлатдан фарқ қилиб, давлат манфаатлари билан бирга, маълум бир муддат ҳокимият устида турган партия хоҳишларини ҳам ифодалайди128 .

Кўриниб турибдики, ҳозирги даврга келиб фуқаролик жамиятининг ривожланиши натижаси ўлароқ, ҳукуматларнинг жамият ҳаётидаги ўрнининг оширилиши натижасида жамият ва давлатнинг барқарорлиги янада мустаҳкамланмоқда, фуқароларнинг турли-туман манфаатларини амалга оширишнинг янги имкониятлари пайдо бўлмоқда.

Давлатнинг белгилари. Умуман олганда, давлат инсонларнинг биргаликдаги ҳаёт тарзини уюштириш институти сифатида шаклланди. Ана шу мақсадларда давлат ижтимоий турмуш қоидалари ва меъёрларини шакллантиради ва қўллаб-қувватлайди, уларни ҳокимият ва фуқаролар томонидан бажарилишини назорат қилади, гуруҳий ва корпоратив тузилмалар таъсирларини чегаралайди. Давлат энг олий ва барчани қамраб олган жамоавий бирлик сифатида муттасиллик, яшовчанлик, фаол ҳаракатчанлик характерини касб этувчи бирликдир. Бу маънода давлат универсал аҳамият касб этади. Унинг ташкилотчилик ва уюштирувчилик ролисиз инсоний ижтимоий турмушни яшашини тасаввур этиб бўлмайди. Давлатнинг келиб чиқиши, яшаши ва ривожланиши ҳосиласи ўлароқ, унинг белгилари ҳам шаклланди. Улар қуйидагилардир:

1.Халқ томонидан берилган ошкора ҳокимиятнинг мавжудлиги, бу ҳокимиятнинг жамиятдан ажралган бўлиши, унинг барча жамият ташкилотларидан фарқланиши, давлат бошқарувчилари қатламининг шаклланиши.

2.Суверенитет, мамлакат ҳудудида олий ҳокимиятга эга бўлиш. Ҳар бир жамиятда турли ҳокимиятлар мавжуддир. Масалан, партиявий, ишлаб чиқариш, оилавий ва ҳоказо. Лекин барча фуқаролар, ташкилотлар ва муассасалар учун мажбурий бўлган олий ҳокимият қарорлари қабул қиладиган институт – бу давлатдир.

3.Давлатнинг маълум чегаралар билан белгиланган ўз ҳудудининг мавжудлиги. Давлатнинг ваколатлари ва қонунлари унинг ҳудудида яшаётган барча фуқаролар томонидан бажарилиши шартдир. Бошқа инсоний бирликлардан фарқли ўлароқ давлат ҳудудий принципга асосан қурилади.

4.Легитим куч ишлатиш ва жисмоний мажбурлашни (фуқароларни олий қадриятлар – ҳаёт, эркинлик ва бошқ. маҳрум қилиш имконияти) монополия қилиб олганлиги. Давлатнинг мажбурлаш доираси эркинликни чеклашдан тортиб, то инсонни жисмоний йўқ қилишгача тарқалиши мумкин. Давлат ўзининг куч ишлатиш функциясини бажариш учун махсус воситаларига эгадир: қурол ва ҳокимият ҳамда органларнинг бошқа ресурслари: армия, полиция хавфсизликни сақлаш хизмати, суд, прокуратура.

5.Мамлакат ҳудудидаги барча аҳоли учун бажарилиши мажбур бўлган қонунлар ва меъёрлар қабул қилишнинг ягона ҳуқуқига эга бўлганлиги.

6.Аҳолидан солиқлар ва турли йиғимлар олиш ҳуқуқи. Солиқлар кўп сонли давлат хизматчиларини сақлаш, иқтисодий, ижтимоий, мудофаа каби соҳаларга доир давлат сиёсатларини молиявий жиҳатдан таъминлаш учун зарур129 .

Шунингдек, сиёсатшунос олим М.Мунтян давлатнинг белгиси сифатида яна қуйидагиларни келтиради:

–ҳуқуқ (давлат ҳуқуқсиз яшай олмайди, чунки ҳуқуқ давлат ҳокимиятини ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириб, унинг легаллигини таъминлайди, давлат функцияларини амалга оширишнинг ҳуқуқий доираси ва шаклларини белгилаб беради);

–яхлитлик ва умумий фаровонликни таъминлаш, давлат умумий манфаатларни ҳимоя этишда жамият вакиллигини (талаб) даъво қилади. Давлатдан бошқа ҳеч қандай ташкилот бу каби вакилликни ва барча фуқароларни ҳимоя қилишни талаб қила олмайди130 .

2. Давлатнинг пайдо бўлиш сабаблари ва унинг


тарихий ривожланиши


Давлат узоқ давом этган тарихий жараёнлар – уруғчилик-қабилавий тузумнинг бузилиб бориши, меҳнат тақсимотининг такомиллашиши, аста-секинлик билан уруғ ва қабила бошлиқлари, уларнинг атрофидагиларни бир қатлам сифатида шаклланиши, уларни жамиятдан ажралиб чиқиши, бу қатлам қўлида ҳокимият ресурслари ва бошқариш функцияларини тўпланиб бориши, яна қатор омиллар таъсирида бошқарувчи қатламнинг алоҳида ижтимоий имтиёзларга эришиш жараёнлари билан боғлиқ ҳолда кечди. Улар асосан қуйидагилардир:

–меҳнатни ижтимоий тақсимланишининг ривожланиши, унинг унумдорлигини янада ошириш мақсадида бошқарув меҳнатнинг алоҳида соҳаси сифатида ажралиб чиқиши; ишлаб чиқаришнинг ривожланиши ва жамиятнинг такомиллаши натижасида қўшимча маҳсулот ишлаб чиқаришнинг пайдо бўлиши, инсоний бирликларнинг йириклашуви, хўжаликаро ва бошқа алоқаларнинг кўпайиши, жумладан, урушларнинг кўпайиши натижасида жамиятда бошқарув функцияларини кескин ошириш ва уни амалга оширадиган махсус орган – давлатни ташкил этиш заруриятининг пайдо бўлиши;

–бир неча минг йиллар мобайнидаги ижтимоий тараққиёт жараёнида хусусий мулкчилик, ижтимоий гуруҳлар ва эксплуатация қилишнинг қарор топиши. Бу каби нуқтаи назар марксизмга тегишли бўлиб, у давлатнинг бошқариш ва бошқа умумий ишларни амалга ошириш функцияларини тан олади, лекин биринчи ўринга давлат фаолиятининг синфий зулм қилиш функциясини қўйиши билан сўл қарашларга қўшилиб кетади. Албатта, ҳозирги даврдаги назарий қарашлар ишлаб чиқариш муносабатлари ва иқтисодий ҳукмрон синфларнинг давлатга муҳим таъсирини инкор этмайди. Лекин, шу билан бирга, давлатнинг келиб чиқишини фақат хусусий мулк ва синфларнинг келиб чиқиши билан боғлашнинг нотўғрилигини ҳам эътироф этади. Ижтимоий тараққиёт жараёнида синфий зиддиятларнинг барҳам топиб бориши ва жамиятни демократлаштириш натижасида давлат турли-туман синфлардан юқори турувчи умуммиллий ташкилотга айланиб борганлиги марксча нуқтаи назарларни бу масалада боши берк кўчага кириб қолганлигини исботлайди;

–урушлар, босиб олишлар натижасида бир халқнинг иккинчиси томонидан босиб олиниши. Давлатнинг пайдо бўлишига доир бу омил Ф.Оппенгеймер (1864–1943 йй.) ва Л. Гумпиловичлар (1938–1909 йй.) томонидан илгари сурилган. Оппенгеймер фикрича, давлат марксизм талқин этганидек, жамиятнинг синфий табақалашуви натижасида эмас, балки ижтимоий тенгсизликни чуқурлаштирган, синфлар ва эксплуатация қилишни келтириб чиқарган – ташқи томондан босиб олишлар ва сиёсий куч ишлатиш натижасида келиб чиққандир. Давлат – бу “бир гуруҳнинг – босиб олувчиларнинг бошқа гуруҳни – босиб олинувчиларни эксплуатация қилиш мақсадларидаги куч ишлатишнинг ҳуқуқий институтидир”131 . Албатта, босқинчилик урушларининг давлат ташкил топиши ва ривожланишига маълум таъсири бўлган. Лекин бу каби таъсирларни мутлоқлаштириш давлат келиб чиқишининг бошқа сабабларини чеклаб қўяди;

–давлатни демографик омиллар, яъни инсоннинг ўзини ўзи такрор ишлаб чиқаришидаги ўзгаришлар натижасида келиб чиққанлигини асослаш. Бунда аҳоли сони ва зичлигининг ўсиб бориши, халқларни кўчманчилик ҳаёт тарзидан ўтроқ ҳаёт кечиришига ўтиш жараёни, уруғлар ўртасида никоҳ муносабатларини тартибга солиниши ва уруғлар қон-қардошлигининг аралашиб кетишини тақиқлаш учун давлат тузишга нисбатан зарурият пайдо бўлганлиги назарда тутилади. Бу жараёнлар маълум бир ҳудудда яшаётган, этник жиҳатдан бир-бирига яқин ҳудудда кишиларнинг ўзаро алоқаларини мувофиқлаштириш учун жамиятда пайдо бўлган эҳтиёжлар сифатида пайдо бўлади;

–психологик (рационал ва эмоционал) омиллар. Бунда давлат инсон тафаккурининг маълум бир эҳтиёжлар ва инсон ҳис-туйғулари таъсирида етилган маҳсули сифатида қаралади. Бундай нуқтаи назар биринчи марта давлат тўғрисидаги шартномавий назарияларда ўзининг атрофлича исботини топди. Таниқли инглиз олими Т.Гоббснинг фикрича, инсонни давлат тузишга интилишининг кучли мотиви – бу бошқа одамлар томонидан босиб олинишидан хавфсираши, ўз ҳаёти, эрки ва мулкини сақлаб қолишга доир интилишларидир. Яна бир инглиз олими Ж.Локк эса биринчи ўринга анъанавий ва давлат пайдо бўлгунга қадар ўтган даврга нисбатан ўз табиий ҳуқуқларини яхшироқ ҳимоялаш учун қобилиятли бўлган махсус ташкилотни – давлатни тузиш инсон тафаккурининг маҳсулидир, деган ғояни илгари суради. Давлатнинг шартномавий назарияси бир қадар ҳақиқий воқеликларни ўзида ифодалайди. Масалан, илгари кўп давлатларда ҳукмдор билан аҳоли ўртасидаги шартномалар асосида давлат бошқаруви амалга оширилган. Жумладан, АҚШ давлати ҳам ижтимоий шартномалар асосида ташкил топган;

–антропологик омилларга биноан инсоний уюшишнинг давлат шакли инсон ижтимоий табиатига хосдир. Ўз даврида Аристотель инсон олий даражадаги мавжудот сифатида жамоавий ҳолда фақат турмуш тарзининг маълум бир шакли доирасидагина ҳаёт кечира олади, деган фикрни билдирган эди. Яъни, давлат оила ва қишлоққа ўхшаб “турмуш кечиришнинг табиий шаклидир”. Давлат инсон табиатининг ривожланиши натижасида пайдо бўлади ва ҳуқуқ ёрдамида инсоният ҳаётига адолатли ва маънавий қадриятларни олиб киради;

–жуғрофий омилларга биноан, ҳудудий жойлашув, табиий чегараларнинг мавжудлиги – мавжуд эмаслиги, иқлим шароитлари, ернинг унумдорлиги каби сифатлар ҳам давлат пайдо бўлишига таъсир кўрсатиши мумкинлиги;

–Д.Жентиле давлатнинг пайдо бўлишини ахлоқий руҳнинг реал ҳаётга кириши, деб талқин этган. Немис мутафаккири Г.Гегель эса давлат – бу тафаккур, эркинлик ва ҳуқуқнинг ифодаланиши, шунингдек, “Худонинг бу ердаги юриши”, деб ҳисоблаган. Турли хил йўналишдаги тадқиқотлар давлатнинг пайдо бўлишида яна кўплаб омиллар мавжудлигини талқин этмоқда132 ;

–теологик назарияга биноан давлат Яратганнинг иродаси билан абадий яшайди, чунки ҳар бир инсон унинг иродасига розилик билдиришга мажбурдир, унга ҳамма бўйсуниши лозим. Ердаги ҳамма нарсани, жумладан давлатни ҳам Яратувчининг ўзи вужудга келтирган;

–давлатнинг келиб чиқишига доир органик назарияларнинг пайдо бўлиши XIX асрдаги табиий фанлар ютуқлари билан боғлиқдир. Дарвинизмнинг пайдо бўлиши натижасида ҳуқуқшунос ва социолог олимлар биологик қонуниятлар (турлараро ва турлар ичидаги курашлар, эволюция, табиий танланиш ва ҳоказо) билан чуқур танишиб, уларни ижтимоий жараёнларга ҳам татбиқ эта бошлади. Уларнинг йирик намояндалари – Блюнчли, Спенсер, Вормс, Прейс ва бошқалар таълимотига биноан инсоният ҳайвонот дунёсининг пастдан юқорига қараб эволюцияси натижасида пайдо бўлди. Кейинги тараққиёт табиий танланиш жараёнида (қўшнилар билан курашларда) инсонларни ягона бирлик ва бошқарувга бирлашишини тақозо этганлиги учун ягона организм – давлат пайдо бўлди. Ҳукумат давлатнинг мияси функциясини бажариб, у барча организмни миядан бериладиган ички сигналлардан фойдаланган ҳолда бошқаради. Пастки синфлар ички функцияларни (ҳаёт фаолиятини таъминлайдиган), ҳукмрон синфлар эса ташқи (мудофаа, ҳужумлар қилиш ва бошқа) функцияларни амалга оширади;

–давлатни шартномалар асосида келиб чиқиши назарияси


дастлаб қадимги Юнонистонда баъзи софистларнинг давлат адолатни таъминлаш мақсадида турли инсоний бирликларнинг шартномалар асосида бирлашуви натижасида пайдо бўлган, деган қарашлари асосида шаклланди. Дастлаб Эпикур қарашларида «давлат одамларнинг ўзаро шартномалари устига қурилган» деган тасаввурлар пайдо бўлди. Анча кейинроқ, XVII–XVIII асрларда Г. Гроций, Б. Спиноза, Т. Гоббс, Ж. Локк, Ж. Ж. Руссо кабилар бу таълимотни янада ривожлантирди. Улар давлатгача бўлган даврда табиий ҳолат бўлганлиги омилига суяниб, тадқиқотлар олиб борди. Руссо учун табиий ҳолат – бу инсонларнинг туғилишдан бошлаб оладиган ҳуқуқ ва эркинликлари бўлса, Гоббс учун табиий ҳолат – бу “ҳамманинг ҳаммага қарши урушидир”. Ҳар иккала ҳолатда ҳам ижтимоий шартномага асосланган давлатни тузишга зарурият туғилади. Суверенитет бутунлай халққа тегишлидир, идора этувчилар – улар халқнинг вакилларидир, улар халқ олдида ҳисобот бериб боради, халқ иродаси билан ҳокимиятдан туширилиши мумкин133 . Бу оқим вакиллари АҚШ Мустақиллик Декларациясининг мазмунига катта таъсир кўрсатди.

Давлатнинг тарихий ривожланиши. Бир неча минг йиллардан буён жамият инсоний яшаш тарзи сифатида ривожланиб ва такомиллашиб бормоқда. Давлат институти ҳам жамият билан уйғун равишда тараққий этиб келмоқда. Жамият ва шахс, давлат ва фуқаро ўзаро муносабатлари хусусиятлари ривожланиш даражаси, сиёсий тизимда мақсадга мувофиқлик, эркинлик ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш принципларини амалга оширилиши даражаси ва моҳиятига қараб давлат институтини ривожланиши иккита глобал босқичга бўлиниши русумга кирди: анъанавий ва конституциявий. Шу билан бир қаторда, анъанавий ва конституциявий давлатларнинг белгиларини қандай даражаларда ва шаклларда намоён бўлишидан келиб чиқиб, анъанавий ва конституциявий давлатлар белгилари бирикуви натижаси ўлароқ оралиқ босқичларга ҳам бўлинди. Мисол тариқасида тоталитар давлатчиликни келтириш мумкин. Анъанавий давлатлар тарихий ва миллий мерослар – маданият, урф-одат, меъёрлар асосида стихияли равишда ривожланди. Бу каби давлатлар халқ устидан институтлашган ва чекланмаган ҳокимиятга эга бўлди, улар барча кишиларнинг тенг ҳуқуқли эканлигини инкор этди, эркин инсонни давлат ҳокимиятининг манбаи эканлигини тан олмади. Бу каби давлатларга типик мисол сифатида монархияни кўрсатиш мумкин.

Конституциявий ва ноконституциявий давлатлар ўртасидаги чегаралар давлатнинг эркинликка нисбатан муносабати, шунингдек, инсон ҳуқуқларини сақлаш амалиёти, шахс, жамият ва давлат ўзаро муносабатларидаги устувор йўналишлар асосида белгиланиши қоидага кирди. Давлат ривожланишининг конституциявий босқичи давлатнинг жамиятга бўйсуниши, фуқаролар олдида масъулиятли бўлиши, давлатнинг жамият ва инсон ҳаётига нисбатан аралашув ваколатлари ва йўналишларининг қатъий тарзда конституциявий белгилаб ва чегаралаб қўйилиши, давлат фаолияти ва инсон ҳуқуқларининг кафолатларини ҳуқуқий жиҳатдан аниқ ва қатъий принциплар билан белгилаб қўйилишига боғлиқ хусусиятлар касб этди. Шунингдек, конституциявий давлатлар анъанавий давлатлардан ўзининг шаклланиши, ички тузилиши ва функциялари билан кескин фарқланди134 .

Шу билан бирга, давлатнинг моҳияти, унинг ривожланиши, функциялари ва жамиятда тутган ўрнидан келиб чиқиб, турли назариялар шаклланди. Ҳозирги даврга қадар давлатнинг моҳиятига доир асосан қуйидаги назариялар шаклланди:

1) Элита назарияси. Бу назария ХХ асрнинг бошларида (В.Парето ва Г.Моски асарларида) шаклланиб, ХХ аср ўрталарида (X. Лассуэл, Д. Сартори, Т. Дай ва бошқ. асарларида) ривожланди. Бу назарияга биноан, халқ оммасида давлатни бошқариш учун қобилият етишмайди, шунинг учун давлатни жамиятнинг юқори доиралари бошқаради. Элита турли белгилар бўйича шаклланади (келиб чиқиши, маълумоти, тажрибаси, қобилияти ва ҳоказо), лекин у омманинг қобилиятли вакиллари ҳисобига тўлдирилиши мумкин. Албатта, аҳолини давлат ҳокимиятидан ажратиб қараш бу назариянинг салбий томонидир. Лекин давлат ҳокимиятини доимо одамларнинг чекланган гуруҳи амалга оширишини тан олмай бўлмайди. Давлат аппарати хизматчилари, депутатлар ва бошқалар. Лекин, энг муҳими, бу уларнинг халқ манфаатларини қанчалик ифода этишидир.

2) Технократик назария. Бу назария ХХ асрнинг 20-йилларида шаклланиб, 60-70-йилларда кенг тарқалди. Бу назариянинг ривожланишига Т. Веблен, Д. Барнхейм, Г. Саймон, Д. Белл ва бошқалар катта ҳисса қўшди. Бу назария деярли янгилик бўлмай, балки элита назариясини замонавий нуқтаи назардан шарҳлашдан иборат бўлди. Унга мувофиқ, жамиятни мутахассислар – тажрибали бошқарувчилар ва менежерлар бошқариши лозим. Фақат улар жамиятнинг ҳақиқий эҳтиёжларини чуқур англаш, уни ривожлантиришнинг оптимал йўлини топиш ва зарурий воситаларни ишга солиш қобилиятига эгадирлар. Уларнинг бошқаруви натижасида бошқарув илмий аҳамият касб этади, жамият ривожи таъминланади.

3) Плюралистик демократия назарияси. Бу назария ҳам ХХ асрда шаклланган бўлиб, унинг ривожланишига Г. Ласки, М. Дюверже, Р. Дарендорф, Р. Даль ва бошқалар катта ҳисса қўшди. Бу назарияга биноан “Замонавий жамиятларда ҳокимият ўз аҳамиятини йўқотди, шу тариқа, унинг синфийлик характери ҳам барҳам топди. Жамият ўзида турли белгиларни ҳосил қиладиган одамларнинг ижтимоий бирлашмаларини (страталарни) ифода этади: ёши, касби, яшаш жойи, манфаатлари доираси ва ҳоказо. Шу тариқа, улар қариялар ва ёшлар, спортчилар ва мусиқа ҳаваскорлари кабиларга бўлиниб ҳаёт кечиради. Ҳар бир одам кўплаб страталарга кириши мумкин. Ана шу асосда давлат органларига ва давлат сиёсати йўналишларига таъсир этувчи турли сиёсий ва жамоат ташкилотлари тузилади Шундай қилиб, ҳар бир одам, ҳар бир бирлашма давлат ҳокимиятининг “зарраси” сифатида намоён бўлади, давлат бошқарувида иштирок этади, давлат эса умумий ирода ва бутун бир жамият манфаатлари ифодачисига айланади”. Бу назариянинг ижобий томони – унинг ҳақиқатан ҳам демократик характерда эканлиги ва барча фуқароларнинг давлат ишларини бошқаришда иштирок этишига асосланганлигидир.

4) “Умумий фаровонлик давлати” назарияси иккинчи жаҳон урушидан кейин шаклланиб, давлат ҳуқуқбузарликлар рўй берган ҳолатлардан ташқари ижтимоий ҳаётга аралашмаслиги лозимлигини (“давлат – тунги қўриқчи” назарияси) асословчи концепцияга қарама-қарши назария сифатида ривожланди. Бу назарияга ХХ асрнинг 30-йилларида Д. Кейнс томонидан асос солиниб, Д. Мюрдал, А. Пигу, К. Боулдинг, В. Мунд кабилар асарларида ривожлантирилди. Бу назариянинг мазмуни шундаки, унга биноан “Давлат синфийликдан юқорида туради, у аҳолининг барча қатламлари манфаатлари, барчанинг фаровонлигини таъминлайди”. Назария ижтимоий, маданий ва бошқа соҳаларда йирик давлат дастурларини амалга ошириш жараёнида аҳоли ҳаётининг юқори даражасини таъминлаган ривожланган мамлакатлар ютуқларига суянган ҳолда ривожланди. Бу назарияга биноан ҳар бир инсоний шахсга чуқур эътибор берилиб, унинг манфаатлари давлат сиёсатининг асоси сифатида таърифланади. Бу назариянинг ижобий томонлари шундаки, у умуминсоний қадриятлар, инсон манфаатлари ва ҳуқуқи устуворлигини асослайди. Унинг камчилиги эса “умумий фаровонлик”ни ярим мустамлака ва ривожланаётган, яъни аҳоли турмуш даражаси паст бўлган мамлакатлар ҳисобига таъминлаш ва амалга оширишга қаратилганлигидир.

5) Ҳуқуқий давлат назарияси жамиятдаги турли масалаларни давлат фаолиятининг мақсадлари (ижтимоий ҳаётнинг ҳамма соҳаларида ҳуқуқ ҳукмронлигига эришиш) сифатида, шу билан бир вақтда, давлатнинг фаолияти усуллари ва воситалари асосида ҳал этишга асосий урғу беради. Давлатнинг ҳамма фаолияти ҳуқуқ ва ҳуқуқий воситалар асосидаги ҳуқуқий мақсадларга қаратилади. Бу назариянинг ижобий томони – жамиятни демократлаштиришга қаратилганлиги, барча давлат органлари фаолиятида ўзбошимчалик ва қонунсизликни истисно қилишни илгари сурганлигидир.

6) “Технократик давлат” назарияси давлат фаолиятини ташкил этувчи воситалар ривожига қаратилди. Унинг асоси аксарият мамлакатларда техника воситалари, жумладан, радиоэлектрониканинг ривожланишини ўзлаштириш ва фойдаланиш билан боғлиқдир. Унга биноан, техникани янада ривожлантириш давлат бошқарувининг аксарият масалаларини янгича усулларда ечиш мумкин. Масалан, фуқаролар ўртасида сўровномалар, ҳаттоки сайловлар (референдумлар) ўтказишда радиотелевизион техника ва компьютерлардан кенг фойдаланиш фуқароларнинг алоҳида олинган шахс иродасидан мустақил бўлиш имкониятини беради, шунинг учун ҳам адолатли ва оптимал қарорлар қабул қилишга эришилади.

7) Конвергенция назарияси давлат ривожланишини башорат қилишга қаратилган бўлиб, у ХХ асрнинг 50-60-йилларида (Д. Гэлбрейт, Р. Арон, П. Сорокин ва бошқ. асарларида) шаклланди. Бу назария икки тизимдаги давлатларнинг ўзаро таъсирини таҳлил этишга қаратилди: ғарбий – АҚШ, Буюк Британия ва бошқалар; совет иттифоқи ва бошқа социалистик мамлакатлар тизими. Унда бу тизимлар ўртасида “алмашув”лар бўлиши, ҳар бир тизим бошқасидан энг яхши сифатларни олиши лозимлиги илгари сурилади. Бунинг натижасида давлатлар ўзаро бир-бирларига яқинлашиши ўлароқ уларнинг моҳияти, ташкилотлари, фаолият шакллари ижобий томонга ўзгаради. Бу ҳолат қандайдир муддат ичида фарқлар қисқара бориб, бир хил турдаги “по-


стиндустриал давлат”, яъни “умумий фаровонлик” давлати пайдо бўлишига олиб келади. Албатта, бу назариянинг маълум жиҳатларини дунёдаги ҳозирги жараёнлар тасдиқламоқда.

3. Давлатнинг функциялари ва роллари

Ҳозирги даврга келиб давлат ҳокимиятини номарказлаштириш ислоҳотлари натижасида жамиятни ривожлантиришда давлатнинг самарали ишлашини таъминлайдиган функциялари ҳуқуқий давлатга хос аҳамият касб этиб бормоқда. Ҳозирги давр давлатининг энг асосий функциялари қуйидагилардан иборатдир:

Давлатнинг ички ва ташқи функциялари мавжуд бўлиб, унинг ички функцияларига қуйидагилар киради:

–солиқ ва кредит сиёсати, иқтисодий ўсиш ёки санкциялар қўллаш ёрдамида хўжалик жараёнларини ташкил этиш, мувофиқлаштириш фаолиятида ифодаланадиган давлатнинг иқтисодий функцияси;

–ижтимоий функция қуйидагиларда ифодаланади: а) одамларнинг турар жойга бўлган эҳтиёжларини қондириш, соғлигини сақлашда кўмаклашиш; б) қарияларга, ногиронларга, ишсизларга, ёшларга ижтимоий кафолатлар бериш; в) инсон ҳаёти, соғлиғи ва мулкини суғурта қилиш; г) таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этиш; д) оила-никоҳ муносабатларини мувофиқлаштириш;

–ҳуқуқий тартибни таъминлаш, ижтимоий муносабатлар ва фуқаролар хулқини, экстремистларнинг бузғунчилик хатти-ҳаракатларидан ижтимоий тузумни мудофаа қилиш кабиларни мувофиқлаштириш учун ҳуқуқий меъёрларни ўрнатиш;

–аҳолининг маданий эҳтиёжларини қондириш, уларни жаҳон маданияти ютуқлари қаторига қўшиш, ижодий жараёнларда ўзини ўзи намоён қилиш учун шарт-шароитлар яратиб беришга қаратилган маданий-тарбиявий функция;

–аҳолининг кенг қатламлари эҳтиёжлари ва орзу-умидларига мувофиқ келадиган сиёсий йўлни ишлаб чиқиш, ҳокимият ваколатларини амалга ошириш, сиёсий барқарорликни таъминлашга қаратилган сиёсий функция;

–ўз фуқароларига соғлом ва қулай яшаш муҳити билан таъминлаш мажбуриятини амалга ошириш, табиатдан оқилона фойдаланишнинг ҳуқуқий режимини ўрнатиш кабиларни кўзда тутадиган экологик функция;

–жамиятни самарали ва бир меъёрда фаолият юритиши учун ижтимоий тартиботни қўллаб-қувватлаш ва таъминлаш;

–ижтимоий ва иқтисодий жараёнлар тизимини таъминлаш;

–алоқа ва йўл ҳаракати учун зарур ҳолатни қўллаб-қувватлаш ва яратиш;

–меҳнат муҳофазаси.

Давлатнинг ташқи функцияларига қуйидагилар киради:

–мамлакатни ташқи ҳужумлардан ҳимоя қилиш, янги урушларнинг пайдо бўлишига йўл қўймаслик чора-тадбирларини кўриш;

–халқаро майдонда давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, халқаро муносабатларга таъсир кўрсатиш имкониятларини қўлга киритишга интилиш;

–жаҳондаги барча мамлакатлар, халқаро ташкилотлар ва транснационал тузилмалар билан ҳамкорлик ва шерикчилик қилиш;

–халқаро муносабатларда жамоавий хавфсизлик принципларини амалга ошириш, тинчликни мустаҳкамлашга доир ташаббусларни қўллаб-қувватлаш135 .

–бошқа мамлакатларда давлатнинг вакиллигини йўлга қўйиш;

–бозорни хомашё билан таъминлашга кўмаклашиш;

–жаҳон ҳамжамияти билан интеграциялашувга кўмаклашиш.

Давлатнинг жамиятда ва халқаро муносабатларда ўзига хос бўлган алоҳида роллари ҳам мавжуддир. Бу роллар турлича бўлиб, улар сиёсий фанларда қуйидагича ифодаланди:

1.Давлатнинг роли: кичик (минимал) давлат: унга хос бўлган “иложи борича кичик давлат” шиори индивидга кенг эркинликлар бериш тарафдори бўлган либерализмга тааллуқлидир. Бу соҳадаги анъаналар ижтимоий шартнома назариясига бориб тақалади. Бунда давлатга ижтимоий тартибот ўрнатувчи институт сифатида қаралади. Улар кўпроқ Жон Локкнинг “давлатнинг кам аралашуви” ҳолатида фаолият юритишига доир фикрига асосланади. Бу назарияга мувофиқ, давлатнинг 3 та асосий функцияси мавжуддир:

1) Давлат ички тартибни қўллаб-қувватлаши лозим;

2) Давлат хусусий фуқаролар ўртасидаги битим ва шартномаларнинг бажарилишини назорат этадиган институтдир;

3) Давлат мамлакатни ташқи хавф-хатардан ҳимоя қилиши лозим136 .

“Ривожланиш давлати” концепциясига мувофиқ давлатнинг роли ўзига хос тарзда ифодаланган. Бу каби давлатга Мэйдзи давридаги (1868–1912 йй.) Япония классик намуна бўла олади. Иқтисодий глобализациянинг кучайиши “рақобатга мўлжалланган давлат”нинг пайдо бўлишини тақозо этиб, Шарқий Осиёда улар “иқтисодий йўлбарс”лар, деб атала бошланди. Уларга Жанубий Корея, Сингапур, Тайвань ва Малайзия каби давлатлар мисол бўла олади. Бир вақтлар Франция ва Германия ҳам шу каби давлатлар қаторига кирган эди. Бу каби давлатларга кучайиб бораётган халқаро рақобатларни ҳисобга олган ҳолда ривожланишнинг узоқ муддатли стратегиясини ишлаб чиқиш функцияси берилади137 .

“Социал-демократик давлат” концепциясига мувофиқ давлатнинг роли қуйидагича белгиланади: агар ривожланиш давлатлари иқтисодий тараққиётни тезлаштириш учун иқтисодиётга аралашса, социал-демократик давлатлар ҳам тенглик ва ижтимоий адолат шиорлари асосида иқтисодиётга аралашиш ҳуқуқига эга бўлади. Австрия ва Швеция давлатлари мамлакатни социал-демократик тамойиллар асосида ривожлантириш тарафдоридир. Баъзи қарашларда давлат салбий баҳолар асосида таснифлаштирилса, социал-демократик ғоялар тарафдорлари давлатдан халқ фаровонлиги, эркинлиги ва ижтимоий тенглиги учун кенг фойдаланишга интиладилар. Социал-демократик давлат нафақат ижтимоий ҳаётни яхшилашга интилади, балки унда ўзи ҳам бевосита иштирок этади, жамиятга ёрдамлашади, бозор иқтисодининг нохуш томонларига барҳам беришга ҳаракат қилади, қашшоқликни тугатишга ва ижтимоий тенгликни амалга оширишга интилади. Бу каби давлатларнинг иккита устувор жиҳати мавжуд: кейнсчилик ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими. Шунинг учун ҳам бу давлатларда марказлашган режаларга амал қилса ҳам кейнсчиликни қўллаш натижасида бошқарувни талаблар асосида ва воситасида амалга оширади138 .

“Жамоалашган давлат” концепциясига биноан, юқорида келтирилган икки хил давлатлар иқтисодиётга аралашсалар ҳам, бу аралашиш хусусий характер касб этади. Жамоалашган давлатлар эса бутун бир иқтисодиётни ўз назорати остига олишга интилади. Собиқ иттифоқ ва Шарқий Европа давлатлари ана шундай жамоалашган давлатлар тоифасига кирган эди. Бу каби давлатлар хусусий тадбиркорликни тугатиб, вазирликлар ва режалаш органлари воситасида режали иқтисодни шакллантиради. Шунга мувофиқ равишда маъмурий буйруқбозлик усулига асосланган иқтисодиёт ва жамият устидан бошқарув пайдо бўлади. Давлат жамоатчилиги социалистик доктринадан келиб чиқиб, ижтимоий мулкчиликнинг хусусий мулкчиликдан устунлигига асосланган139 .

“Тоталитар давлат” концепциясига биноан давлатнинг роли ҳам ўзига хос хусусиятлар касб этади. Бу каби давлатлар жамият ҳаётига қўпол воситалар ва уни бутунлай ўзига қамраб олган ҳолда аралашади. Тоталитаризмнинг моҳияти шундаки, у инсоний турмушнинг ҳамма томонларини қамраб олган давлат қуришни афзал, деб билади. Бунда давлат нафақат иқтисодиётни, балки таълим, маданият, дин, оилавий ҳаёт кабиларни ҳам тўғридан-тўғри ўз назорати остига олади. Бунга фашизм давридаги Германия ва сталинизм давридаги собиқ иттифоқ мисол бўла олади. Бу каби давлатларда полиция ва махфий хизмат органлари назорати жамиятнинг ҳамма жабҳаларини ўзига қамраб олади, қўрқитиш кучаяди, жамиятда давлат мафкураси ҳукмрон бўлади. Бунда фуқаролик жамияти бутунлай йўқ қилинади, ҳаётнинг хусусий жиҳатлари барҳам топади140 .

4. Ҳозирги давр давлатининг тузилиши

Ҳозирги даврдаги аксарият давлатлар ўзининг конституциявий принциплар асосида тузилиши ва фаолият кўрсатиши билан ажралиб туриши анъанага кирди. Конституция – кенг маънода у ёки бу бошқарув тизимида турли институтларнинг функциялари ва компетенциялари, бурчлари ва мажбуриятлари белгилаб қўйиладиган махсус қоидалар тўпламидир. Шунингдек, унда давлат тузуми, уни ташкил этиш принциплари, сиёсий иродаларни ифодалаш усуллари, қарорлар қабул қилиш, шунингдек, шахснинг давлатдаги ҳуқуқий ҳолати аниқлаб ва белгилаб қўйилади.

Ҳозирги давр демократик давлатларнинг аксариятида конституция асосан қуйидаги муҳим қисмлардан иборат: биринчи қисмда давлат билан фуқаролар ўзаро муносабатлари, инсон ҳуқуқлари меъёрлари аниқлаб қўйилади, барча фуқароларнинг ҳуқуқий тенглиги, дискриминациянинг тақиқланганлиги ифодаланади; кейинги қисмда эса давлатнинг характери (республика, монархия, федерация ва бошқалар), турли ҳокимиятлар мақомлари, парламент, президент, ҳукумат ва суднинг ўзаро муносабатларини амалга ошириш қоидалари, шунингдек, бошқарув органларининг тузилмаси, фаолият кўрсатиш тартиботлари мустаҳкам белгилаб қўйилади.

Энг дастлабки конституциялар 1789 йилда АҚШда (1791 йилда “Инсон ҳуқуқлари тўғрисида Билль”) ва Францияда (1789 йилда “Инсон ва фуқаро ҳуқуқлари Декларацияси”) 1791 йилда қабул қилинган. Конституциявий актлар характерини касб этувчи, расман эса ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш анча илгари – 1215, 1628, 1679 ва 1681 йилларда Буюк Британияда қабул қилинган эди.

Қоидага биноан конституцияда узоқ даврлар ичида сиёсий ҳаётни мувофиқлаштириш кўзда тутилади. Лекин уларнинг амал қилиш муддати турли мамлакатларда турличадир. Масалан, Францияда 16 та конституция тан олинган бўлса, АҚШда ҳозирга қадар битта ва биринчи конституция амал қилиб келмоқда. Унга ҳаммаси бўлиб 26 та тузатиш киритилган бўлиб, ундан 10 таси 1791 йилга қадар тааллуқлидир. Лекин АҚШ конституциясининг бир қанча моддалари талқини Америка Олий федерал суди томонидан бир неча марта ўзгартирилди.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации