Текст книги "СИЁСАТШУНОСЛИК"
Автор книги: Муқимжон Қирғизбоев
Жанр: Зарубежная образовательная литература, Наука и Образование
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 7 (всего у книги 34 страниц) [доступный отрывок для чтения: 11 страниц]
Ҳокимият очиқ таъсир этишда қуйидаги ресурслардан фойдаланади:
–куч билан мажбурлаш – қандайдир бойлик ва манфаатларнинг амалга ошишидан маҳрум этиш, тан жазоси бериш (қийноқларга солиш, қамчилаш, концлагерга қамаш ва бошқ.) , ўлим жазоси, эркинликни чеклаш, жарималар солиш, лавозимдан бўшатиш ва ҳоказо. Ҳокимият мутлақ характер касб этган сиёсий тизимларда жазолашлар шафқатсизларча амалга оширилади. Бу каби жазолашлар мақсади – жамиятда қўрқувни ушлаб туриш, тизим учун хавфли бўлган хатти-ҳаракатларни такрорланмаслиги учун қонунбузарликка мойил одамларни ваҳимага солиб туриш;
–қонун; анъаналар, урф-одатлар;
–рағбатлантириш – ҳокимият объектлари ҳокимият субъектлари талаб этган хулқ-атвор эвазига мукофотланадиган моддий ва бошқа бойликлар сифатидаги рағбатлантириш воситалари. Мукофотлаш ресурсларидан ота-оналар, ўқитувчилар, ташкилотлар раҳбарлари ва сиёсатчилар кенг фойдаланади.
Ҳокимият яширин таъсир этишда ишонтириш усуллари, яъни оқилона далиллар ёки ихлос туғдириш ва панд-насиҳатлардан фойдаланиш ресурсларидан фойдаланади. Ҳокимият субъектлари қандай ресурслардан фойдаланишига боғлиқ равишда ҳокимият юритишнинг учта усулининг мавжудлиги кузатилади – ҳукмронлик қилиш, таъсир қилиш ва рағбатлантириш.
Шунингдек, ҳокимият ресурсларининг бошқа таснифлари ҳам мавжуд. Жумладан, ресурслар ҳаёт фаолиятларининг соҳаларига боғлиқ ҳолда ҳам турларга бўлинади:
–иқтисодий ресурслар – ижтимоий ишлаб чиқариш ва истеъмол учун зарур бўлган моддий бойликлар, пул, унумдор ерлар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқалар;
–ижтимоий ресурслар – ижтимоий ва демографик тузилмалар, ижтимоий инфратузилма: таълим, тиббий хизмат кўрсатиш, ижтимоий таъминот ва бошқалар;
–маданий-ахборот ресурслари – билимлар ва ахборотлар, шунингдек, уларни олиш ҳамда тарқатиш воситалари: фан институтлари, таълим, ОАВ ва бошқалар. Мазкур институтлар воситасида жамоатчилик фикрининг шаклланиши назорат қилинади. Айниқса, ОАВ сиёсий ҳаётда катта рол ўйнайди. Ҳозирги даврга келиб “ким ОАВни назорат этса, ўша ишонтириш ресурсларига эга бўлади”, деган афоризмнинг туғилганлиги бежиз эмас;
–маъмурий-ҳуқуқий ресурслар – бошқарув тизими, ҳокимиятга оид муассасалар йиғиндисидир:
–куч ишлатиш ресурслари – улар жисмоний мажбурлаш қуроллари ва органлари мажмуи (армия, полиция, махсус хизмат, ички қўшинлар, суд ва прокуратура ва уларнинг моддий атрибутлари: бинолари, қурол-яроғ ва аслаҳа-анжомлари) .
4. Бўйсуниш табиати
Инсонни ҳокимиятга бўйсунишини мотивлаштириш мураккаб масалалардан биридир. У санкциялар олдидаги қўрқувга асосланиши ҳам мумкин: узоқ давр ичида тобеликка одатланиш; фармойишларни бажаришдан манфаатдорлик; бўйсунишнинг заруриятлигига доир эътиқод; бўйсунувчилар устидан ҳокимият юритувчилар авторитетининг мавжудлиги; ҳокимият субъекти билан объектининг бир-бирига айнан ўхшашлиги. Шунингдек, мазкур мотивлар ҳокимият кучига у ёки бу даражада таъсир этади ёки, бошқача айтганда, бу жараён ҳокимият субъектини объектга таъсир қилиш қобилияти мавжудлигини англатади.
Қўрқувга асосланган, шунингдек санкциялар қўллаш хавфини келтириб чиқарувчи ҳокимият кучи жазолашлар оғирлашиб боришига тўғридан-тўғри мутаносибдир, бўйсунмаслик ҳолатларида эса ундан бўйинтовлашга нисбатан тескари мутаносибдир. Бундай ҳокимият шу каби нохуш ҳис-туйғули ҳолатлардан табиий равишда қутилишга интилиши оқибатида унинг кучсизланиш ҳолатлари бошланади.
Бўйсунишга одатланган анъаналар шароитида ҳокимият кишилар томонидан нисбатан ихтиёрий тарзда қабул қилинади. Анъанавий жамиятда бўйсунишга одатланиб қолиш давлатга бўйсунишнинг етакчи мотивларидан бири сифатида намоён бўлади. Бундай ҳокимият жамият ҳаёти талаблари билан зиддиятларга киришмаган давр ичида ҳокимият барқарорлигининг ишончли омили сифатида яшаши мумкин. Агар бу каби зиддиятлар чуқурлашиб кетса, одатланиш асосида бўйсундиришга ўрганган ҳокимият кўп ўтмасдан инқирозга юз тута бошлайди. Чунки бу жараёнда кишилар ҳокимиятнинг кучсизлигини тезлик билан пайқаб қолади, бу ҳокимиятнинг даври ўтиб кетганлиги ва ҳокимият вакилларига бўйсуниш номуносиб эканлиги очиқ-ойдин кўриниб қолади.
Одамлар манфаатларини эътиборга олган ҳолда амалга ошириладиган ҳокимият нисбатан барқарорликка эга бўлади. Шунингдек, ҳокимиятга бўйсунишдан шахсий манфаатдор бўлишга асосланган фармойишларни бўйсунувчилар ихтиёрий равишда бажаради. Шунингдек, уларга нисбатан ортиқча назоратлар ва нохуш санкциялар қўллашнинг ҳожати бўлмайди. Бу каби ҳокимият кишиларда эътиқод, авторитет, айнанлашиш асосидаги бўйсуниш мотивлари турларини ривожлантиришга шарт-шароитлар яратади.
Ҳокимиятга эътиқод асосида бўйсуниш ижтимоий-сиёсий онгнинг чуқур қатламларига нисбатан мотивлашган таъсирларга боғлиқдир: менталитет, муҳим ва аҳамиятли йўналишларни мўлжал қилиб олган йўл-йўриқлар каби шахснинг “иккиламчи табиати”ни ташкил этувчи (шахснинг “бирламчи табиати” асосан биологик эҳтиёжлар ва унинг кундалик ҳаётий манфаатлари асосида шаклланади) омилларга боғлиқдир. Кишиларнинг давлатга ва бошқа ҳокимият институтларига ўз шаклланган эътиқодларига биноан бўйсуниш зарурияти бошқа муҳим – бевосита индивидуал манфаатлар ва мақсадларга нисбатан юқори бўлган олий мақсадлар (ватанпарварлик, ахлоқий, диний ва бошқа) учун бўйсунишлари – ҳокимият кучини оширишнинг муҳим манбаидир.
Ҳокимият учун учун қулай ва жозибали кўринишга эришиш мотивацияси – бу авторитетдир. У ҳокимият объектлари ва субъектларининг умумий манфаатдорлиги мавжудлигига ва раҳбарнинг алоҳида шахсий сифатларга эга бўлишига нисбатан бўйсунувчиларнинг ишончи ва эҳтиёжлари пайдо бўлиши билан боғлиқ ҳолда шаклланади. Шунингдек, авторитет субъект билан объектларнинг муроса қилишларига ҳам асосланади. Авторитет кўпинча ҳокимият объектларининг раҳбар шахсига (ёки ҳокимият институтига) ҳурмат ва ишончини пайдо бўлиши натижасида ҳам туғилиши мумкин79 . Бундай ҳолатда, ҳокимият ўзининг яшовчанлиги ва самарадорлигини ошириш учун янги шарт-шароитлар яратилишига эришади.
5. Сиёсий ҳокимиятнинг ўзига хос хусусиятлари
Сиёсий ҳокимиятнинг ўзига хос хусусияти индивидлар, гуруҳлар ва улар ташкилотларининг ўз манфаатлари ва иродаларини сиёсий-давлат бошқаруви ва назорати воситасида амалга ошириш қобилияти билан узвий равишда боғлиқдир. Сиёсий ҳокимият давлат ва ижтимоий ҳокимиятларга бўлиниб, улар давлат органлари, сиёсий партиялар, ижтимоий ташкилотлар, ОАВ кабилар фаолиятида ифодаланади. Шунингдек, сиёсий ҳокимиятнинг ўзига хос хусусиятлари қуйидагиларда намоён бўлади:
–сиёсий ҳокимият шахслараро муносабатлардан фарқли ўлароқ, йирик ижтимоий гуруҳлар, давлатлар, ҳамжамиятлар, жамоатчилик ташкилотлари ўзаро муносабатларида рўй беради;
–давлат миқёсида куч ишлатилганида унинг қонуний бўлиши;
-бошқа ҳокимият турлари учун қарорларнинг устувор ва мажбурий бўлиши;
–сиёсий ҳокимият турли бирликлар манфаатларини сиёсий соҳада тақдим этиш учун маълум ташкилий ва расмий маросимларни амалга оширишга (сиёсий манфаатларни давлат, сиёсий партиялар ва бошқа институтлар воситасида), институционал расмийлашувига зарурият сезади;
–турли (иқтисодий, мажбурлаш, ахборот ва бошқа) ресурслардан фойдаланиш имкониятларига эга эканлиги;
–ягона марказга эга эканлиги, яъни қарорлар қабул қилишнинг ягона марказининг мавжудлиги (бозор муносабатлари шароитида ҳокимият субъектлари плюрализмига амал қиладиган иқтисодий ҳокимиятдан фарқли ўлароқ) ;
–унинг ошкора ва умумий бўлиши, яъни у шахсий, тор гуруҳий ҳокимиятдан фарқ қилиб, бутун жамият номидан намоён бўлади ва хуқуқ ёрдамида барча фуқароларга қаратилади;
–ҳокимият муносабатларининг иерархияга асосланиши;
–ҳокимият субъектларининг бажариш масъулиятини ўз зиммасига оладиган бошқа субъектларга ҳокимият ваколатларини бир қисмини узатиши (масалан, марказий ҳокимият маҳаллий ҳокимиятга, маҳаллий ҳокимият ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат ташкилотларга) ;
–мафкуравийлашганлиги.
Сиёсий ҳокимиятнинг ижтимоий вазифаси бир хил бўлмайди, балки у жамиятни интеграция қилиш ёки дезинтеграция қилиш омили сифатида ҳам намоён бўлиши мумкин. Биринчи навбатда, ҳокимият ёрдамида жамоатчилик тартиботи таъминланади, турли ихтилофлар барҳам топади, иккинчидан, бир ижтимоий гуруҳнинг иккинчи ижтимоий гуруҳ устидан ҳукмронлиги таъминланади.
6. Ҳокимиятнинг легитимлиги
“Легитимлик” тушунчасини (лотинча “legitimare” – “қонуний деб эълон қилиш” маъносини берувчи сўздан олинган) кенг маънода “қонунийлик”, “тўғрилик”, “адолатлилик” маъноларида ишлатиш русумга кирган. Легитимлик жамиятда ҳокимият органларига авторитет бағишлайди, ҳокимият органлари фармойишларини “қўрқув учун эмас, балки виждон учун” принципи асосида ҳамма учун бажарилиши шартлиги ва мажбурийлигини таъминлайди. Легитимликни ҳуқуқий феномен “қонунийлик” тушунчаси билан аралаштириб бўлмайди; қонунийлик муносабатлари давлат ёки ҳукуматга алоҳида фуқаро ва жамият томонидан ҳурмат билан қарашни кафолатлаб бера олмайди. Сиёсий фалсафага мувофиқ, легитимлик деганда фуқароларнинг бўйсунишини талаб қилувчи давлат ҳуқуқининг маънавий жиҳатдан ёки мақсадга мувофиқлик нуқтаи назаридан ҳар томонлама асосланиши тушунилади. Сиёсатшунослар легитимликни социологик талқинларда – бошқарувнинг у ёки бу тизимида кишиларнинг бўйсуниши қандай тахлитда амалга оширилишига боғлиқ бўлмаган ҳолдаги бўйсунишга тайёрлиги сифатида эътироф этади. Макс Вебер айтганидек, бу шундай ҳолатки, унда давлат легитимми, деган эмас, балки унинг легитимлигига фуқаролар ишонадими, деган моҳият муҳимроқ аҳамият касб этади80 .
Легитимлик сиёсий ҳокимиятнинг асосий ўзига хос хусусиятларидан бири бўлиб, у ўзида ҳокимиятга куч бағишлайди, уни қўллашнинг қонунийлигини оқлайди, ҳокимиятни ёки унинг институтлари хатти-ҳаракатларини амалга оширишга янги имкониятлар яратиб беради.
Машҳур немис олими М.Вебер ҳокимиятнинг легитимлиги манбалари, аҳамияти, истиқболларига доир чуқур тадқиқотлар олиб бориши натижасида бу тушунчанинг мукаммал равишдаги таърифларини шакллантирди. У легитимлик тушунчасига фуқароларнинг ҳокимиятга бўйсунишлари сабабиятлари ва аҳамияти нуқтаи назаридан ёндашиб, қуйидаги фикрларни билдиради: “Давлат, ўз тарихий ўтмишдоши бўлган сиёсий иттифоқлар сингари легитим (яъни, легитим деб ҳисобланадиган) куч ишлатишга таянувчи восита сифатида одамларнинг одамлар устидан ҳукмронлиги муносабатлари, демакдир. Шу тариқа, унинг яшаши учун ҳукмронлиги остидаги одамлар илгари ҳукмронликка даъвогарлик қилган, энди эса ҳукмронлик қилаётган авторитетга бўйсунишлари лозим. Улар қачондан бошлаб ва нега бундай қилади? Ҳукмронликни оқлашнинг қандай ички асослашлари ва қандай ташқи воситалари унга таянч бўлиб хизмат қилади?81 .
Маълумки, ҳокимият субъектларининг имкониятлари турлича эканлиги бошқарув тизимини қўллаб-қувватлашда ҳокимият легитимлигининг ҳам турлича бўлишини тақозо этади. Сиёсий фанларда М.Вебер томонидан илгари сурилган ва бўйсуниш мотивацияси нуқтаи назаридан таснифлаштирилган легитимлик турлари ҳозирги даврда ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. У қуйидаги учта легитимлик турини бир-биридан ажратиб кўрсатади:
-анъанавий легитимлик – бунда кишиларнинг “ҳокимиятга бўйсуниш зарурият, унга бўйсунмасликнинг иложи йўқ”, деган анъаналарга мувофиқ одатланиб қолишлари натижаси ўлароқ, жамиятда сиёсий институтларнинг анъанавий бўйсундириш мақомига эришиши тушунилади. Легитимликнинг бу тури бошқарувнинг меросий турида, жумладан, монархия давлатларида учрайди. Бу легитимлик ҳокимиятни анча адолатли ва барқарор бўлишини таъминлаши мумкин. Бу ҳақда М.Вебер қуйидаги фикрларни билдиради: “Қоидага биноан ички оқлашларнинг, яъни легитимликнинг учта тури мавжуд (улардан бошлаймиз). Биринчидан, авторитетнинг “абадий ўтмишга” мансублиги: аҳамияти азалдан муқаддаслашган ва уларга сўзсиз амал қилиш одатдаги урф-одатга айланган авторитет – “анъанавий” ҳукмронлик, уни қандайдир тарзда амалга оширган патриарх ва эски тоифадаги якка бошлиқ князь”82 .
-рационал (демократик) легитимлик – кишиларнинг рационал ва демократик жараёнларнинг нисбатан адолатли кечиши ва шу асосда ҳокимият тизимини шаклланиши натижасида сиёсий маданиятларининг ошиши самараси натижаси ўлароқ шаклланади. Бу каби легитимликда кишилар ижтимоий-сиёсий жараёнларда ҳокимиятни ифодалайдиган шахсларга эмас, балки қонунлар, қоидалар ва низомларга амал қилади. М.Вебер легитимликнинг бу тури ҳақида қуйидаги таърифни илгари суради: “Ва ниҳоят, “легаллик”, легал қоидаларни (Satzung) мажбурийлигига, ишчанлик “компетентлигига” ишонч туфайли эришилган, рационал тарзда яратилган қоидаларни асосланган ҳолда бажаришда бўйсунишга амал қилиш асосида ўрнатилган ҳукмронлик – замонавий “давлат хизматчиси” амалга ошираётган ва бошқа барча ҳокимият соҳиблари фаолиятига ўхшаш тарздаги ҳукмронликдир. Ҳеч бир шубҳасиз айтиш мумкинки, бўйсуниш ҳақиқатда ҳаддан ташқари қўрқув ва умидларнинг қўпол мотивларини – сеҳрли кучлар ёки ҳукмдор олдидаги қўрқув, нариги дунёдаги ёки бу дунёдаги мукофотларга умидларни – ва шунингдек, бошқа турли манфаатларни юзага чиқишини шарт қилиб қўяди”83 .
–харизматик легитимлик – кишиларнинг сиёсий етакчининг ноёб сифатларини эътироф этишлари натижасида пайдо бўлади. Бу ҳақда М.Вебер қуйидагиларни ёзган эди: “Ва одатланишдан бошқа яна шахсий истеъдод (Gnadengabe) (харизма), қандайдир одамда доҳий сифатлари жозибасига нисбатан бўлган тўлиқ шахсий садоқат ва шахсий ишонч: теран идрок, қаҳрамонлик ва бошқа сифатлар, харизматик ҳукмронлик, пайғамбар уни қандай амалга оширмоқда ёки сиёсат соҳасида – атоқли князь-ҳарбий бошлиқ, ёки халқчил ҳукмдор, таниқли демагог ва сиёсий партия доҳийси”84 .
Ҳозирги даврга келиб ҳокимиятни қўллаб-қувватлашга доир янада универсал легитимлик турлари илгари сурилмоқди. Жумладан, инглиз тадқиқотчиси Д.Хелд юқоридаги уч хил легитимликлар қаторида “куч ишлатиш хавфи остидаги розилик”ка асосланган ҳокимиятни қўллаб-қувватлаш ҳодисаси ҳам мавжуд эканлигига эътибор қаратди. Бунда аҳоли ўз атрофида ўзининг хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган, лекин ҳали бу каби таҳдид содир бўлмаган ҳолатда ҳокимиятга хайрихоҳ бўлмаса ҳам унга амал қилишни қўллаб-қувватлайди; шунингдек, яна ҳокимиятни прагматик (воситавий) қўллаб-қувватлаш легитимлиги ҳам илгари сурилиб, унда аҳоли ҳокимиятни турли ижтимоий бойликларни олишга доир ваъдалар бериши натижасида қўллаб-қувватлашга розилик билдиради; ҳокимиятни норматив (меъёрий) қўллаб-қувватлаш – аҳоли билан ҳокимият органлари амал қиладиган сиёсий принципларнинг ўзаро мос келиши натижаси ўлароқ рўй беради; ва ниҳоят, олий норматив қўллаб-қувватлашда бу каби сиёсий принципларнинг тўлиқ равишда бир-бирига мос келиши эътиборга олинади85 .
Кўриниб турибдики, ҳокимиятнинг легитимлиги унинг ўз функцияларини бажаришида муҳим рол ўйнайди, сиёсатни мақсадга мувофиқ равишда амалга оширишга имкониятлар яратади, сиёсат жамиятда фаровонликни ва барқарорликни таъминлаш омилига айланади, жамият билан давлат ўртасида мустаҳкам алоқалар ўрнатилиши натижасида самарали ҳамкорлик ривожланади.
Шунингдек, сиёсий ҳокимиятни демократик нуқтаи назардан таҳлил этиш, унинг моҳиятини чуқур англаб етиш, сиёсий ҳокимиятни фуқаролик жамияти қуриш мақсадларига мувофиқ модернизациялаш ҳозирги даврдаги долзарб вазифалардан биридир. Сиёсий ҳокимиятнинг демократик талқинлари, уни амалда қўллаш, жамият сиёсий тизимида сиёсий ҳокимиятнинг амал қилиш муаммоларини ҳал этиш масалалари билан амалий машғулотларда янада батафсил ўрганилади.
Такрорлаш учун саволлар:
1. Ҳокимият деганда нимани тушунасиз?
2. Сиёсий ҳокимият нима?
3. Сиёсий ҳокимият субъекти ва объекти деганда нимани тушунасиз?
4. Ҳокимият ресурслари қандай вазифаларни бажаради?
5. Ҳокимиятга бўйсуниш табиатини ҳаётий мисоллар билан тушунтириб бера оласизми?
6. Ҳокимиятнинг легитимлиги деганда нимани тушунасиз?
III бўлим. СИЁСИЙ ТИЗИМ ВА СИЁСИЙ
ИНСТИТУТЛАР
5-мавзу. Сиёсий тизим
1. «Сиёсий тизим» тушунчаси ва унинг талқинлари.
2. Сиёсий тизим назариялари ва уларнинг ривожланиши.
3. Жамият сиёсий тизимининг тузилмаси ва функциялари.
4. Сиёсий тизимларни таснифлаштириш.
5. Сиёсий режим.
6. Сиёсий режимларни таснифлаш.
1. «Сиёсий тизим» тушунчаси ва унинг
талқинлари
Сиёсатшунослик фанида жамият сиёсий тизимининг пайдо бўлиш, ривожланиш ва амал қилиш масалаларини ўрганиш муҳим амалий аҳамият касб этади. Айниқса, ҳозирги фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат қуриш ислоҳотларини чуқурлаштириш даврида жамият сиёсий тизимини демократик принциплар асосида модернизациялаш жараёнини ўрганиш, ёшларда шахс, жамият институтлари ва давлат органлари ўзаро муносабатларини замонавий назария ва амалиёт асосида кечиши тасаввурларини шакллантириш ҳозирги даврнинг долзарб вазифаларидан биридир.
«Сиёсий тизим» тушунчасига илк бор ўз аҳамиятини қаратган мутафаккирлардан бири – бу француз олими Кондильякдир. У 1749 йилда «Тизимлар ҳақида трактат» асарини ёзади. Унда Кондильяк «тизим» тушунчасига аниқлик киритар экан, қуйидаги таърифни илгари суради: «Ҳар қандай тизим қандайдир амалий фаолият ёки фаннинг барчаси бир-бирларини ўзаро қўллаб-қувватлайдиган, охиргиси биринчисини далиллайдиган турли қисмларининг маълум бир тартибда жойлашувидан бошқа нарса эмас. Унинг бошқа қисмларини далиллайдиган қисмлари эса принциплар деб аталади»86 .
Кондильяк ўз давридаги сиёсий тизимнинг идеал намунасини қуйидагича таърифлайди: «Дворянлар, магистратура аъзолари, руҳонийлар, савдогарлар, молиячилар, ёзувчилар ва турли хил ҳунармандлар – улар фуқароларнинг турли қатламларидир. Уларни ким бошқараётган бўлса, унинг тизимига мувофиқ равишда ҳамма иложи борича шунчалик бахт-саодатли бўлсинки, ундан барчанинг умумий фаровонлигига зарар етмасин. Бундай ҳолатда давлат тузуми янада мустаҳкамланади. Бундан иккита нарса кўзланади: бошқарувчиларнинг халққа ва шунингдек, қўшни давлатларга нисбатан муносиб хулқ-атвори шаклланади. Халқни бошқариш учун барча қатламларнинг ўзаро мукаммал мувозанатини қўллаб-қувватлайдиган ва ҳар бир фуқаро манфаатини жамият манфаатларидан топишга мажбур қиладиган интизомни ўрнатиш лозим. Шундай қилиш керакки, фуқаролар турли ниятлар билан хатти-ҳаракат қилган ҳолда, уларнинг ҳар бири ўзининг алоҳида тизимини ташкил этсин ва уни умумий тизим мақсадлари билан мувофиқлаштиришни зарурият деб билсин»87 .
Кўриниб турибдики, сиёсат янги даврнинг биринчи ярмида фақат давлат тузилмалари фаолиятига хос деб саналарди, ҳокимият муносабатларида бош субъект сифатида намоён бўлиши кузатилар эди. Маълум бир даврга қадар бу каби талқинлар сиёсий ҳаётга мувофиқ ҳолда яшаб келди. Лекин фуқаролик жамиятининг шаклланиши, ўз ҳуқуқ ва эркинликларига эга бўлган шахсларнинг пайдо бўлиши фуқароларни нафақат бўйсунувчи объект, балки сиёсий ташкилотлар воситасида давлат фаолиятига таъсир қила оладиган кишиларга айлантирди. Ҳокимият давлат монополияси сифатидаги даврини тугатди, ҳокимиятга доир муносабатлар мураккаб тус ола бошлади, унда энди фаол фуқаролар, ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат ташкилотлар ҳам иштирок эта бошлади. Институтционал ва бихевиориал ёндашувлар пайдо бўлган даврга келиб ҳокимият муносабатларининг тобора мураккаблашиб боришига боғлиқ равишда сиёсатни талқин этишни қайтадан кўриб чиқишга зарурият туғилди. Энди сиёсат мураккаб масалаларни ечиши лозим эди: нобоп ташқи муҳит шароитларида жамият барқарорлиги ва яшовчанлигини таъминлашга қодир бўлган универсал қонуниятлар ва механизмларни излаб топишга эҳтиёжлар пайдо бўлди.
ХХ асрнинг 20-йилларида бу соҳа ривожланишига туртки бўладиган ҳодиса юз берди: биология фани соҳасида тизимлар назарияси яратилди. “Тизим” тушунчасини илмий муомалага биринчи бўлиб немис биолог олими Л. Фон Берталанфи (1901–1972 йй.) киритди. У ташқи муҳитга боғланган тизимни кашф этиш мақсадида ҳужайрани “ўзаро бир-бирларига боғлиқ бўлган йиғинди” сифатида тадқиқ этди. Ундаги унсурлар бир-бирлари билан шундай тарзда ўзаро боғланган эдики, ҳаттоки тизимнинг битта унсури ўзгариши натижасида барча унсурлар, бутун бир йиғинди ўзгариб кетар эди. Тизим ташқаридан бўлган сигналларни ҳам, ўз ички унсурлари талабларини ҳам ҳис қилар, уларга акс-садо берар эди88 .
Бу ҳолатдан руҳланган сиёсий фанлар соҳасидаги олимлар ҳам янги кашфиётлар сари юзлана бошлади. Л.Фон Берталанфи ишлаб чиққан тизимларнинг умумий назариясига таянган ҳолда АҚШ олими Т.Парсонс жамиятда ниҳоятда мураккаб бошқарувдан иборат нисбатан автоном (иқтисодий, сиёсий ва маънавий) тизимлар мавжуд эканлигига эътибор қаратди. Бу тизимларнинг ҳар бири ўзининг алоҳида функциясига эга бўлиб, улардан бири – сиёсий тизим Т.Парсонснинг фикрича, умумий мақсадларни ишлаб чиқиш, интеграциялаш ва амалга оширишни таъминлаб беради. Т.Парсонснинг сиёсий тизимга доир ғояларини яна бир АҚШ сиёсатшуноси Д.Истон ҳар томонлама чуқурлаштирди ва ривожлантирди. Шунинг учун ҳам у тарихда сиёсий тизим назарияси асосчиси, деган номга эга бўлди. Д.Истон ўзининг «Сиёсий тизим» (1953 й.) ва «Сиёсий таҳлил меъёри» (1965 й.) асарларида сиёсий тизимни «ташқаридан келадиган импульсларга – буйруқларга фаол акс-садо берадиган, ривожланувчан ва ўзини ўзи мувофиқлаштирувчи организм» сифатида таърифлади.
Сиёсий тизимни бихевиорал ёндашув асосида тизимли ва тизимли-мақсадли таҳлил этиш усулларининг ривожланиши натижасида Т.Парсонс тизимли таҳлилнинг биологик назариясига асосланган ҳолда ижтимоий тизимлар назариясини ривожлантириши туфайли сиёсатшунослик фанида сиёсий тизимлар назариясини ўрганиш одатга кирди. Т.Парсонснинг тизимли тадқиқ этиш усулининг пойдевори – бу ҳар қандай тизимнинг яшаши ва сақланишини таъминловчи тўртта асосий қоидасининг мавжудлигидир: 1) адаптация, 2) мақсадга эришиш, 3) интеграция,
4) моделни қўллаб-қувватлаш.
Ижтимоий тизим даражасидаги жараёнда адаптация функциясини иқтисодий остки тизим, мақсадга эришиш функциясини – сиёсий, интеграция функциясини ҳуқуқий институтлар ва урф-одатлар, моделни қўллаб-қувватлаш функциясини – эътиқодлар тизими, ахлоқ ва ижтимоийлаштириш органлари (оила, таълим институтлари ва бошқалар) таъминлайди. Шу тарзда, сиёсат ва жамиятнинг бошқа остки тизимларини ана шу асосий функциялар билан уйғунликда тасаввур қилинади. Шунингдек, бихевиорал ёндашувга биноан, сиёсат – бу фуқаролар ҳаракатини таъминлаб турувчи асосий омиллар – турли хил институтлар ва тузилмалар эмас, балки кишиларнинг сиёсий ҳаётдаги хатти-ҳаракатларидир. Сиёсий тизимни тадқиқ этишда бихевиорал усулнинг ютуқлари асосан қуйидагилардан иборат бўлди:
1) “сиёсий хулқ”га тадқиқотнинг асосий объекти сифатида қараш;
2) статистик ва сонларга доир формулалардан максимал равишда фойдаланиш;
3) сиёсий ҳодисаларни янада чуқурроқ билиш қобилиятига эга назариялар ишлаб чиқиш.
Сиёсий тизимни ўрганишнинг тизимли таҳлили усулига биноан, ҳар қандай тизим, жумладан, сиёсий тизим ҳам қуйидаги таснифларга эгадир: 1) тизим кўп қисмлардан иборат; 2) барча қисмлар бир бутунни ташкил этади; 3) тизим ўз хатти-ҳаракатини маълум чегаралар доирасида амалга оширади.
Шунингдек, сиёсий ҳаётда фаолият кўрсатувчи ҳаракатдаги тизим, яъни сиёсатнинг турли хил жиҳатлари ва сиёсий воқеликлар ўртасида нисбатан барқарор бўлган ўзаро алоқадорликлар ҳам мавжуддир. Тизимли тадқиқ этиш усули назариясига биноан, ўзаро ҳаракатлар жараёнлари уч циклга бўлинади: кириш (input), конверсия – ўзгариш, айланиш (conversion), қайта ўзгартириш ва чиқиш (output). Сиёсий тизимнинг чегараси торайиб ёки кенгайиб туриши мумкин. Индивидуумлар жамиятда қатор тизимлар ва кичик тизимлар субъектлари сифатида иштирок этишлари, уларнинг амалда сиёсий, иқтисодий, диний ва бошқа ўзаро муносабатлар ва боғлиқларга эга бўлганлиги туфайли кўп шаклли тизимлар турли-туман ролларни ижро этади.
Индивидуумлар сиёсий тизимда дастлаб фуқаро-сайловчи ролини бажаради. Сайлов кампанияси даврида сиёсий тизим чегаралари кенгаяди, яъни фуқаролар ўзларининг бевосита ишларини камайтириш эвазига сиёсий тизим чегараси чизиғини “босиб ўтадилар”. Шунингдек, уруш пайтларида ҳам сиёсий тизим чегаралари сезиларли даражада силжийди: кишиларнинг кўпчилиги ҳарбий хизматга жалб этилади, турли хил ташкилотлар, корхоналар фаолияти мувофиқлаштирилади, ички хавфсизликни сақлашнинг янгидан-янги тадбирларини амалга оширишга зарурият туғилади.
Ҳозирги даврга қадар сиёсий фанларда сиёсий тизимнинг умумлашган универсал таърифи яратилмаган бўлса ҳам “сиёсий тизим” тушунчаси билан бевосита боғланган ҳокимият ва сиёсатни аниқлашга доир турли хил ёндашувлар шаклланди. Шу билан бирга, сиёсий тизимнинг барча талқинлари учун умумий бўлган тавсифи шаклланди: сиёсий тизим жамиятда қонунлаштирилган жисмоний итоат эттиришни қўллаш билан боғлиқ ҳолда талқин этилади. Ҳар бир талқинда сиёсий тизимнинг қонуний ҳуқуқи жазолаш, мажбурлаш ва бўйсундиришдир, деб қайд этилади. Лекин масалага чуқурроқ кириб борилса, сиёсий тизимнинг куч ва мажбурлаш билан боғланмаган хатти-ҳаракатлари ҳам кўзга ташланади. Унинг бу каби хусусиятлари фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат қуриш жараёнларига монанд ҳолда янада кўпайиб бормоқда89 .
Сиёсий тизим жамият ҳаётининг институтционал-ҳокимият асоси, уни уюштирувчи ва йўналтирувчи омили сифатида намоён бўлади. Сиёсий тизим сиёсий ҳаётни характерловчи асосий тушунчаларни бир бутун ҳолда тасаввур этиш имкониятини яратади. Сиёсий тизим сиёсат субъектларининг аниқ тарихий шаклларини ўзида ифодалаб, уларнинг ўзаро сиёсий муносабатларини маълум даражада жамлаб, қатъий равишда тартибга солади, расмийлаштиради ва сиёсий фаолиятнинг маълум чегараларини белгилаб беради. Сиёсий тизим мураккаб тузилмадан иборат бўлиб, у жамиятни ягона организм сифатида яшашини таъминлаш ва сиёсий ҳокимиятни марказлашган тарзда бошқариш, шунингдек ҳокимиятни амалга ошириш ёки уни эгаллаш ва ундан фойдаланиш воситасида сиёсат субъектларининг умумий ва гуруҳий манфаатларни амалга оширишини таъминлайди90 .
Жамиятнинг сиёсий тизими – бу аниқ олинган жамият сиёсий режими кўрсатмаларига, тарихий анъаналарига, сиёсий, ижтимоий, ҳуқуқий, мафкуравий, маданий меъёрлар кодексларига бўйсунган жамият сиёсий ташкилотлари принциплари, сиёсий институтлар, сиёсий роллар, муносабатлар, жараёнларнинг яхлит ва жамулжам ҳолдаги йиғиндисидир.
Сиёсий тизим сиёсий ҳокимиятни, давлат ва жамият ўртасидаги ўзаро муносабатларни ташкил этишни ўз ичига олиб, шу билан бир вақтда, у институтлаштириш, сиёсий фаолият ҳолати, сиёсий ижодкорлик даражаси, сиёсатда иштирок этиш характери, ноинституционал сиёсий муносабатларни ўз ичига олган сиёсий жараёнлар оқимини характерлайди. Сиёсий тизим жамиятнинг барча унсурларини интеграциялашувини, шунингдек, жамиятни сиёсий ҳокимият томонидан марказлашган ҳолда бошқариладиган яхлит организм сифатида яшашини таъминлайди. У сиёсий институтларни (давлат, сиёсий партиялар, ташкилотлар ва ҳаракатлар) қонунлар тизими, анъаналар ва сиёсий коммуникациялар воситасида ижтимоий қатламлар ва гуруҳлар, миллий-этник ва бошқа инсоний бирликлар билан ўзаро алоқадорлигини таъминлайди, кишилар сиёсий фаолияти асосий йўналишлари ва сиёсий жараёнларни назорат қилади.
Баъзи адабиётларда “жамиятнинг сиёсий тизими” ва “жамиятнинг сиёсий ташкилоти” бир хил маъноларни англатади, деб ёзилган. Лекин уларнинг ўртасида катта фарқланишлар мавжуд. “Жамиятнинг сиёсий ташкилоти” – бу сиёсий институтлар ва сиёсий-ҳуқуқий меъёрлар жамланмасидир. “Сиёсий тизим” тушунчаси эса унга нисбатан кенг маънога эга бўлган тушунча бўлиб, сиёсий жараёнлар ва муносабатларда у ҳокимият ташкил этувчи етакчи омил сифатида намоён бўлади, шунингдек, жамият сиёсий тизими доирасидаги тузилмалардан ташқари, у ўз ичига сиёсий онг, сиёсий маданият, сиёсий коммуникация, сиёсатда иштирок этиш кабиларни ҳам олади.
Жамиятнинг сиёсий тизими – бу унинг алоҳида қиёфага эга бўлган сиёсий яшаш фаолиятидир. У ўзида сиёсий фаолиятни амалга оширадиган муайян тарихий шаклни акс эттиради91 . Сиёсий фаолиятнинг мазмуни фақат давлатнинг ҳокимиятга доир фаолияти билан чекланмайди. Унинг доирасида мақсадлари бир-биридан фарқ қиладиган ва бир-бирига қарама-қарши бўлган субъектларнинг турли-туман сиёсий иштироклари шакллари намоён бўлади; сиёсий фаолият жамиятда ҳокимиятни амалга ошириш тизимини ҳимоя қилиш ёки унга қарши чиқишни таъминлаш ва ўзгартиришларни амалга оширишга қаратилган мақсадларга мувофиқлаштириш билан боғлиқ сиёсий ҳокимиятни амалга ошириш жараёнларини ташкил этади.
2. Сиёсий тизим назариялари ва уларнинг
ривожланиши
Истон сиёсий тизим модели.Сиёсий фанлар нуқтаи назаридан сиёсий жараёнларни тадқиқ этишнинг тизимли ёндашувини илк бор қўллаган таниқли АҚШ олими Дэвид Истондир. У ўзининг “Сиёсий тизим” (“The Political System”, 1953 й.) , “Сиёсий таҳлил учун концептуал структура” (“A Framework for Political Analysis”, 1965 й.) , “Сиёсий ҳаётнинг тизимли таҳлили” (“A Systems Analysis of Political Life”, 1965 й.) номли асарлари билан машҳур бўлди. Д.Истон сиёсий фанларга ўзининг эмпирик йўналишга доир назариялари билан улкан ҳисса қўшган олим ҳисобланади.
Д.Истон ўзининг биринчи китобида сиёсий фанлар соҳасида ҳам умумий назарияларга нисбатан зарурият мавжудлиги ғоясини илгари сурди. Кейинги китобида эса сиёсий фанларнинг назарияларини концептуал тузилмаси ишлаб чиқилди, унда асосий категория ва тушунчалар таҳлил этилиб, улар воситасида ўз назарий қарашлари моҳиятини очиб берди, шу билан бирга, янги назарий қарашларни ҳам илгари сурди. Унинг бу асари чуқур ва долзарб назарий хулосалар мажмуаси сифатида машҳур бўлди. Д.Истон ўзининг учинчи китобини ўз шахсий концепцияси тузилмасини қўллашга бағишлади. Шунингдек, Истон бу асарида эмпирик вазиятларда қўллаш мақсадида янги тушунчаларни илмий муомалага олиб кирди.
Д.Истон сиёсий тизимни жамиятдаги қадриятларнинг (моддий ва маънавий) авторитетли тарзда тақсимлашнинг ўзаро ҳаракатларидаги восита сифатида таърифлади. Шу билан бирга, ана шу ўзаро ҳаракатларда жамият аъзолари ва турли қатламлари ўртасидаги ўзаро ихтилофлар барҳам топиб боришини далиллаб берди. Д.Истон сиёсий тизимнинг иккита асосий функциясини ажратиб кўрсатди:
1) сиёсий тизим жамиятдаги қадриятларни тақсимлай олиш ҳолатида бўлиши лозим;
2) сиёсий тизим ўз фуқароларини бу тақсимлашни муқаррар равишда қабул қилиши учун ишонтира олиш қобилиятига эга бўлиши лозим. Истоннинг фикрича, бу иккита функция сиёсий тизимни ижтимоий тизимларнинг бошқа турларидан алоҳида равишда ажратиб туришга имкон беради.
Д.Истон ҳар қандай тизимнинг асосий жараёнлари схемаларидан (“кириш”, “конверсия”, “чиқиш”) четга чиққан ҳолда у “кириш” омилларига талаб ва қўллаб-қувватлашни, “чиқиш” омилларига эса қарорлар ва хатти-ҳаракатларнинг тааллуқли эканлигини исботлаб берди.
Д.Истон “талаб” – бу ҳокимият субъектлари томонидан муқаррар равишда тақсимланишнинг ҳақиқийлиги тўғрисидаги фикрнинг ифодаланиш шакли, деган аниқликни киритди. Шунингдек, у талабни сиёсий тизимга ташқи муҳитдан келувчи ва ички тизимнинг ўзидан келувчи қисмларга бўлади. Талаб ўзига хос моҳиятидан келиб чиқиб, содда бўлиши, норозилик ва ноҳақликларни муайян хатти-ҳаракатлар ёки ҳодисалар орқали тўғридан-тўғри ифодалаш имкониятига эгадир. Масалан, мамлакатда жиноятчилик ёки коррупциянинг ўсиши талабни янада рағбатлантириши мумкин. Д.Истон талабни қуйидаги турларга бўлади: 1) бойлик ва хизмат кўрсатишни тақсимлашга доир талаблар; 2) хулқни мувофиқлаштиришга доир талаблар; 3) коммуникация ва ахборотга доир талаблар.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?