Текст книги "Сукут суиқасди ёҳуд Сталиндан Саддамгача"
Автор книги: Нурали Қобул
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 3 (всего у книги 14 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]
– Ну сан, дурак Анастас! Ақлингни егансан чоғи! Қаёққа шошасан! Ва нима учун? Ҳозироқ тўхтат! Одамлар бир бўлак колбаса учун узоқ вақт навбатда туради-ю, сен бўлсанг!..
– Кечиринг, ўртоқ Сталин! Ҳамон тўхтатамиз!
Иля Эренбург қайд этганидек, Сталин ҳаёти давомида бир кишига астойдил ишонган, бу Адольф Гитлер эди. У ҳам йигирма биринчи июнь минг тўққиз юз қирқ биринчи йилда уни алдади.
Икки даҳшатли тиран орасида қиёмат-қойим кўпди ва ҳаёт-мамот ўйини бошланди. Бу ўйинда ташаббус Адольф Гитлер томонда эди. Советлар нацистларга озиқ-овқат етказиб бериб, Европани босиб олишига моддий кўмак этарди.
Сталиннинг нияти битта эди. Гитлер бутун ер юзини босиб олсин. Истаса, Шимолий муз океанию Антарктидани ҳам. Фақат унга, унинг тожу тахтига тегмаса бўлди. Бунинг учун у яна йигирма миллион халқини, қолаверса, бутун инсониятни қурбон қилишга тайёр.
Гитлерчилар СССРга ҳужум қилган қирқ биринчи йилнинг ёзига қадар октябрь тўнтаришидан буён йигирма миллион киши фуқаролар уруши, сунъий очарчилик ва репрессияларда қурбон бўлган. Бунинг олтмиш икки минги олий рутбали офицерлар эди. “Содда” Гитлер ана шу йигирма миллион қатлиомга учраган кишининг бир нафардан энг яқин қариндоши ўзини қувватласа, Сссрда камида йигирма миллион ўз тарафдорига эга бўлишни режалаганди.
Юз берган ҳолатни кўриб, унинг ақли шошди. Отаси, ака-укалари Сталин қатағонига учраб отилиб кетган кишилар юз грамм спиртни ичиб, “Сталин учун!” дея ўзларини танклар занжири остига ташлашарди…
…Биринчи ноябрь, икки минг ўн еттинчи йилда Ўзбекистондаги сўнгги президент сайлови муносабати билан интернет сайтларида “Адолатнинг сўнг манзили ёхуд саодатга сазовор этмоқ санъати” сарлавҳали мақолам эълон этилди.
– Ҳаётимда бундай мақолани ўқимаганман, – дея табриклади ўтган асрдаги собиқ вазир танишларимиздан бири. – Хоним билан бирга ўқиб тун бўйи муҳокама қилиб чиқдик. Менга барчаси маъқул. Бироқ тарих ўқитувчиси бўлган хонимимизга сиз ишлатган “сталино-гитлеризм – гитлеро-сталинизм” иборалари маъқул келмади…
– Атамани мен эмас, илк бор устоз Чингиз Айтматов қўллаганлар ва анчадан бери истеъмолга кириб кетган. Бу масаланинг биринчи томони. Иккинчидан, бу ёруғ очунда инсон ҳақлари, эътиқод эркинлиги деган гап борки, биров Исо пайғамбару Муҳаммадга, бошқа биров Норвегиялик қотил каби Гитлерга яна кимдир Сталину Саддамга эътиқод қўйиши мумкин. Бунинг учун ушбу кимса ва гуруҳларни хоним ҳикоя қилган Сталин каби қириб ташлаш ёки репрессия қилиш шарт эмас, – дея жавоб қилдим танишимизга. – Ўзини билганни ўзингдек бил дегандек, биз ҳаётимизда кўрмаганимиз Сталину унинг англаб етмаганимиз сиёсатини ҳимоя этмоқдан олдин ўзимизнинг кимлигимизни англамоғимиз керакдир. Ўзининг кимлигини англаб етмаган киши билан мулоқотга киришиб, баҳслашиб бўлмайди.
Дарвоқе, ўзини кимлигини билмаган, фаҳми етмаган киши ҳеч қачон ўзгага, билхосса тарихий шахсларга тўғри баҳо бера олмайди. Бироқ буни бизнинг вазир бўлса-да, диктант ёза олмайдиган, тарих фанлари доктори эрса-да, ўз тарихига тўғри кўз ила боқа билмайдиган, Тўйтепадан нарига ўтмайдиган арбобларимизга тушунтириб бўлмайди.
Чала-чулпа, пойинтар-сойинтар олинган узуқ-юлуқ билгилар асосида шаклланган бу арбобу аҳбоблар, амиру маъмурлар жуда камдан-кам кишига насиб этгувчи, асл адли адолатни ҳис этмоқ, қўрмоқ ва амал қилмоқ ҳақиқатидан анча йироқдалар. Кўпчиликлари эса бу имону эътиқоддан айро тушганлар. Улар ҳеч қачон ўзгача фикрлаб, ўнгарилмайдилар ва шундай кетадилар.
Энг даҳшатлиси бу авлод ўзларидан олдинги – Сталинни худо деб билган саводсиз ва чаласавод аждодидан эшитган шайтон муҳаббатини авлодлари кўнглига экиб кетадилар. Хом сут эмган инсон боласи асл илм ва билимдан баҳраманд бўлиб, кўзи очилиб, оқу қорани, ҳақу ноҳақни танимас экан, отаси мақтаган “авлиё Сталинга” эътиқод қўйиб яшайверади. Айниқса, ота-онаси ўтиб кетгач, бу эътиқод янада кучланиб, навбатдаги наслларга ўта бошлайди.
Бироқ унутмаслик керак. Сиз ва бўлғувси наслларингиз қайси ақлга эргашиб, қай бир закога хизмат этмоқдасиз? Ва бу – сўнгини аниқ-тиниқ тасаввур этмаганингиз, кўр-кўрона бораётганингиз йўл сизни қай манзилу маконга элтади?
Борис Пастернак таъкидлаганидек, “бу буюк алдов ва кўзбўямачилик уммонида яшаётган бечора одамлар барибир беғубор тушларни кўраверадилар”.
Инсониятни жуда кўп ёлғонларга ишонтириб, ҳаётларини барбод этган бир манба бу тушлардир. Тушинг ўнгланмай ишинг ўнгланмас дейдилару, бироқ доно ишига нодон тушига ишонади дегандай ўз билганларидан қолмайдилар. Кечаси бошни ёстиққа қўйгач, инсон борки туш кўради. Сон-саноқсиз, кинолентасидай ўтаётган воқеа ва ҳодисаларнинг ўндан бир-иккиси амалда рўёбга ҳам ошиб кетаверади.
Бироқ куппа-кундузи, кўзингиз очиқ экан туш кўриб, кўрилган бу алмойи-алжойи рўёларга ишониб яшаманг. Боиси сизнинг ортингизда авлодларингиз, бутун бошли халқингиз турибди. Унинг кўз ўнгида ҳар замону давронда юзингизу йўлингиз ёруғу очиқ бўлмоғи, ҳалоллик фақат уйқудагиларнинг шарафи бўлмаслиги керак.
Миллат оломону гуруҳлардан эмас, шаклланган шахслардан ташкил топади. Шундай кишиликлар бўлмас экан, улус кўзлаган муқаддас манзиллар узоқлашаверади.
Унутмаслигимиз керак. Биз ва авлодимиз қайси ақлга эргашиб, қай бир закога хизмат этмоқда?! Номард билан ошно бўлсанг-да, ош-нон ема дейдилар. Энг аввло, уларнинг ана шу ақл ва ғояга тишлари ўтадими ёки кўр-кўрона эргашадиларми? Биз ошимизни кимга бериб, бошимизни кимга эгишимизни биламизми? Ёки ёқимли овозга чапак чалиниб, буюк ақллар олдида бошлар эгилади деганнинг тескарисини қилиб, отарчининг оғзига, сотарчининг бўғзига қараб ўтиб кетаверамизми?
Ота-боболаримиз айтувларидаги каби:
Элга берсанг ошингни,
Эрлар силар бошингни.
Итга берсанг ошингни,
Итлар ғажир бошингни…
4. Марксни ўқиган Чингизхон ёхуд тўқ ит овга ярамасу оч баччағардан қоч баччағар Отасўзи
Ёвуз кишиларнинг кучи шундаки, улар ўзларини яхшиман деб ҳисоблашади.
Сиёсатдаги шуҳрат – ноҳақлик учун мукофот.
АЛЕН
Киши ўлгандан сўнг у ҳақдаги ҳақиқат айтилади.
Инглиз отасўзи
Инсон аталмиш яратиқ шундай. У китоб ўқиса, изланса ва билмаганини ўрганшга интилса, фикрлайди, тафаккур этиб, тўғри бир қарор қабул қилиш салоҳиятига эришади.
Дўрмондаги ёзликлардан бирига қоровуллик қиладиган Солижон ака исмли киши бўларди. Суҳбатларда донороқ бир гап айтгиси келса, Шерали Жўраев мана шундай деган дея ҳофизнинг айтувидан икки сатрни такрорларди. Боиси, унинг учун илм, китоб ўқиш дегани мана шу. Ҳаёти давомида эшитган қўшиқлари. У умри давомида онасига ҳам бирор-бир илиқ сўз айтмаган. Сўйлаган сўзи ҳам ҳофизники эмас, Махтумқулиники эканлигини-да билмайди. Бироқ болаларини қаршисига ўтқазиб қўйиб узундан узоқ, алмисоқдан қолган, кимлардандир эшитган “яхши одам бўл, ўғирлик қилма” деганга ўхшаган гапларни такрорлайди. Гап қайтаргудек бўлса, қўл кўтаришдан ҳам тоймайди.
Ўғилни урсанг эти қотар, қизни урсанг бети қотар дегандек, болалари аллақачон унинг панду насиҳатларига қулоқ солмай қўйганлиги, ўлганларининг кунидан қаршисида бош эгиб ўтиришларини ўйламайди, билмайди. Бизда андиша деган ахлоқ мезони бўлганлиги боис эс-ҳушини таниган фарзандлар аждодлардан қолган “ота-онанг ҳайвон бўлса-да, боғлаб боқ” эътиқодига амал қиладилар.
Авлодлар аждодларнинг камчилигу нуқсонларини кўриши, ўрганиши ва хулоса чиқариши керакдир. Акс ҳолда ўша эски хатолар ва жиноятлар, ҳақсизлигу адолатсизликлар такрорланаверади.
Ўзи тўғри йўлдан юришни билмаган аждод авлодини тўғри йўлга солмоқ имкони иқтидорини ҳам бой беради. Бир аждоднинг адашуви бир неча авлодларнинг ҳаёту тарих сўқоқларида тентираб, ўз йўлини топа олмасликларига олиб келади. Ва бу янглиш, зарарли ҳамда нотўғри фикру ғояларни тузук-қуруқ ўқимаган, ҳаётга тўғри боқа билиш қобилиятидан мосуво кишилар онгу эътиқодидан чиқариб ташламоқ ғоят мушкул ишдир.
Тўқ ит овга ярамас. Сталиннинг шиори, сиёсат тутуми шундай эди. Халқ, одамлар тўйиб ва бойиб кетса бўйни йўғонлашиб, сўзингга кирмайди, сенга тутун қайтаради дея ўйларди.
Шу туфайли ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилган Украина ва бошқа республикаларда сунъий очарчиликлар уюштириб, юз минглаб одамларнинг нобуд бўлишига йўл қўйиб берилган.
Эслайман. Минг тўққиз юз олтмиш иккинчи йилларгача қишлоғимизда қорни нонга тўймайдиган одамлар, биз мактабга яримта нон олиб борсак, бир бурдасини берармикан, дея кўзи мўлтираб турадиган болалар бор эди. Мен олиб борган ноним ва бир сиқим майизни уларга бўлиб бериб, ўзим уйга оч қайтардим.
Бу қилмишим учун апам (бизда туққан онани апа дейишади) тергасалар, Шаҳзода энам “савобга қолибсиз, болам, худо сизга буни зиёди билан беради” дер эдилар.
Ваҳоланки, бу пайтда халқлар онгига худою пайғамбар сифатида сингдирилган доҳийнинг ўлганига ўн йил бўлган, у юритган сиёсат бўйича халқ тўқ яшаши керак эди.
Биз қишлоқ болалари тўпланишиб, қишга ўтин ғамлаш учун Ойқор тоғига борардик. Мен ҳаммадан ёш ва жуссам кичик эди. Шох-шаббаларни бутаб, икки саржин қилиб эшакнинг икки ёнига ортишга қурбим етмасди. Ёши катта болалар менинг ўтинларимни боғлаб, эшагимга ортиб, устига ўзимни ўтқазиб қўйишарди. Бунинг эвазига мен уларга энам тугиб берган иккита нон ва бир сиқим парвардани берардим. Уларнинг бу оқ нон (оқ нон ҳамма хонадонларда ҳам бўлмас эди) ва парвардани булоқ бўйига ўтириб қандай иштаҳа ва завқ билан ейишларини эсласам юрагимдан ёш сизади.
Сабаби, улар ўзлари олиб борган битта зоғора кулча ва мен берган иккита нонга тўйишмас, яна ўнта нон бўлса-да, еб қўядигандек оч ва ночор эдилар.
Биз биргалашиб биринчи май байрамида туман маркази Ўсматга тушардик. Дадам менга бир сўм берар эдилар. Мен билан бирга борадиган Абулқосим, Абдуманнон ва бошқа шерикларимнинг қўлларида йигирма беш узоғи билан эллик тийин бўларди. Бир буханка нон йигирма беш тийин турарди. Улар озиқ-овқат дўконига етишлари билан бор пулларига буханка нон олиб, ҳаш-паш дегунча еб қўйишар ва менинг қўлимга қараб туришарди. Мен эса тўртбурчак шаклдаги ичида павидлосифат суюқлик бўлган конфетдан олиб уларга улашардим. Битта-иккита хўрозқандни бир қошиқни айлантириб, овқат егандек, навбат билан сўрардик.
Кейинчалик, одамларнинг ҳикоялари, кўрган-кечирганлариму ўқиб-ўрганганларим боис ўша даврни мушоҳада эта бошладим.
Фарғона давлат университетининг тарих факультетига ўқишга киришимга ҳам ана шу ҳаёт, кечмиш ва уни ўрганишга интилиш сабаб бўлгандир.
Бироқ ўша пайтда ҳам одамлар ўзларини бахтиёр ҳис этар, келажакка ишонар ва худога минг қатла шукур қилардилар. Сабаби илгари, дейлик уруш замони,қатағон авжига чиққан ўттизинчи йиллар, босмачилик дейилгани ва колхозлаштириш даврлари, инқилобу ватандошлар урушлари йилларида бундан беш баттар оғир шароитда яшаганлар.
Октябрь ғавғосидан олдинги ҳаёт, маорифнинг даражаси, диний мутаассиблик ва хонларнинг хоинлигу ахлоқсизлигини билмоқни истасангиз Садриддин Айний асарларини ўқинг.
Диктатура, яккаҳокимлик сиёсатда ўзини оқламайди. Бироқ иқтисодда, халқнинг қорни учун қайғурувчи қатламларига маъқул келади.
Бу жамоага тепасига Сталин ёки Гитлер келадими, Каддафий ёхуд Саддам Ҳусайн келадими фарқи йўқ. Қорни тўқу усти бут бўлса бас.
Октябрь инқилобининг ҳар йилги тантаналарида озиқ-овқат маҳсулотлари бир неча тийинга арзонлаштирилган. Тангага зор халқ бу марҳаматни Сталинни кўзда ёш билан алқаб, кўкларга кўтариб қабул қилган. Ва шу тариқа у одамлар онгию қалбига халоскор Исо каби сингдирилган. Улар бу арзонгарчиликни фақат Сталин қилиши мумкин. Бошқа ҳеч бир кишининг қўлидан бундай иш келмайди дея тушунганлар.
Бироқ аслида манзара бошқача эди. Дейлик, дўконда нархи бир сўм бўлган молнинг асл баҳоси эллик тийин бўлган. Қутқарувчи даҳо уч-беш тийиндан арзонлаштириб, халқ кўзи ўнгида очко ишлаб, ўзини ҳақиқий даҳога айлантирган. Яъни ҳақиқий актёрлик қилган. Актёрлик қилганда ҳам қотириб қўйган.
…16 октябрь 1941 йил Кремль. Авиаконструктор Яковлев эшикни очиб кирганида Сталин китоб ўқиб ўтирарди.
– Келинг! Ўтиринг, ўртоқ Яковлев! – деди хаёли паришон доҳий қўлидаги китобни чап томонга суриб қўяркан.
Одатда ҳукмдорлар яхшиликни раво кўрсалар ҳузурларига чорлайдилар. Гумдон келмоқчи бўлсалар, дуч келган шотирига бир имо қилса бас. Жаннату дўзах путёвкасини бирга қилиб асфаласофилинга жўнатади.
Бироқ Сталиннинг бу хусусда ўзи ўйлаб топган шундай маккор, ўзига хосу ўзига мос усуллари бор эдики, етти ухлаб тушингга кирмайди.
У сени бугун қабул қилиб, илиқ сўзлар айтиб, бирор вазифа топширади-да, хонасидан чиқишинг билан Берияга тутиб қамашни буюради. Ёки телефон қилиб кўнглингизни сўраши, сизни ҳурмат қилишини айтиши мумкин. Бироқ шу қўнғироқдан икки кундан сўнг Бутирка ва Лефортованинг полини ялаб туришингиз ҳеч гап эмас эди.
Уйидан чиққан Яковлев Кремлга етиб келиб доҳий ўтирган узун столнинг бир четига омонатгина чўкканда ҳам миясида шу фикрлар ғужғон ўйнарди.
Қўрққанидан Сталиннинг қабулига бораётганини хотинига ҳам айтмади. Сабаби Сталин деса, эс-ҳуши жойида одам борки, шайтонлаб, ўзини йўқотиб қўяди.
Зотан, Сталиннинг саводсиз ишчи деҳқону тракторчи, чўчқабоқару чўпон, гўлаху қоровул, этикдўзу косиблар билан иши йўқ. Уларни истаган томонга ҳайдаш мумкин бўлган уюр, отар, сурув деб қарайди. Уларнинг барчаси доҳийни чин юракдан севадилар. Доҳийнинг отаси ҳам улар каби этикдўз, онаси кир ювувчи бўлганлиги учун ҳам севарлар, балки.
Бу яхши. Бироқ қўйдай юввош бу халқни йўлдан урувчи бузғунчилар бор. бу ўқимишли, саводхон интелегенциядир. Ана шуларга қирон келтириш керак. Халқнинг бошини қотириб, буюк йўлдан чалғитадиган хоинлар, ана шулар. Бироқ буларнинг ҳаммасини қирибу сургунга жўнатиб юборса, болаларни ким ўқитади. Фан-техника тараққиёти билан ким шуғулланади. Олтмиш икки минг генералу полковник, майору лейтенант қатағонга учраган. Отиб ташланган. Қаршисида Гитлер деган аждарҳо турганда армияда бу аҳвол?..
Ҳеч кимга ишонмай қўйгани ёмон бўлди-да. Атрофидаги исқиртлар унинг феъл-атворидаги бу қусурдан фойдаланиб, дуч келган рақибу душманни ҳам Сталин сиёсатига қаршилик қилди дея жазога тортаверган. Ҳамма хунрезлигу қатағон унинг номидан қилинмоқда.
Унинг ўзи шундай ғайриинсоний, ғайриҳуқуқий ва ғайриахлоқий иқлим яратиб қўйдики, энг сўнгги қурбон ўзи бўлди. У бу тавқи-лаънатдан устига тупроқ тортгандан сўнг ҳам қутула олмади.
Яковлев унинг кабинетига киргунга қадар шулар ҳақида ўйлади.
– Москвадаги авиация заводларини эвакуация қилишга тўғри келиб қолиши мумкин. Шунинг режасини тузиш керак, ўртоқ Яковлев, – деди Сталин ўқиб турган китобини яна суриб қўяркан тушкун оҳангда.
Яковлев доҳийдан бу топшириқни кутган бўлса-да, беихтиёр бир нарса, Сталиннинг эрта-индин Москва қўлдан кетади деб турилган ҳаёт-мамот дақиқасида қандай китобни ўқиётгани қизиқтирар, бироқ кўзини доҳийдан узиб китобга қарашга ботинолмасди.
– Режани шу ерда тайёрлайми ёки…
– Шу ерда. Менинг олдимда, – деди Сталин ўрнидан туриб турубкасини тутатишга киришаркан.
Яковлев қоғоз-қалам олиб эвакуация режасини ёзишга киришди.
Сталин деразадан Кремль ҳовлисини кузатганча махорка тортарди.
– Режани ёзиб бўлдим, ўротоқ Иосиф Виссарионович! – деди ўрнидан туриб Яковлев.
Сталин оҳиста юриб келиб ундан қоғозни олди-да, дераза ёнига қайтиб бориб трубкасини чекканча секин ўқий бошлади.
Яковлев стол ёнида ҳайкалдек қотиб турарди. Сталин қўлидаги қоғозни ўқиш билан банд бўлганида беихтиёр стол устидаги китобга қаради.
А.С.Пушкин “Евгений Онегин”.
Сталин ҳузуридан чиққан Яковлев ҳайрон эди. Аҳоли тўп-тўп бўлиб пойтахтни тарк этаётган, боғча ва мактаблар ишламаётган, ваҳима ва васваса ҳукм сурган бир пайтда барча ишни йиғиштириб қўйиб “Евгений Онегин”ни ўқимоқ…
Бунинг учун буюк актёр ёки ўзини чалғитаётган буюк қўрқоқ бўлиш керак, хаёлидан кечди Яковлевнинг. Бироқ дунёда ягона авиаконструктор академикмисан, Жуков каби даҳо қўмондонмисан, Пастернаку Мандельштам каби тенгсиз носиру шоирмисан, қисмату қадаринг ана шу, офицер этигию гимнастёркасини кийган, сўнгида барча табибларини маҳкум этиб, ветеринар фельдшер қўлида жон берган тўқимтабиат кимсага боғлиқ эди.
Ғалаён ва тартибсизликлар даврида ҳокимиятга интилган ва уни эгаллаган киши қанчалик ёмон бўлса, у устунлик ва муваффақиятга эришади. Тинчлик замонида эса ҳукмдорлик қилишни фақат ҳалол ва виждонли кишилар эплай олишади деганида тарихчи Тацит худди Сталинга ўхшаганларни назарда тутган. Тузум ва системалар ўзгариб, керагу кераксиз реформалар синаб кўрилиб, халқ оворайи сарсон этилган пайтларда тепада турган киши не қадар қаттиққўл ва золим бўлса, халқнинг шу қадар овози ўчиб, қулга айланади.
Энг ёмони АҚШнинг йигирма олтинчи президенти Теодор Рузвельт ёзганидек, йўқотишнинг имконияти бўлмаган ёмонлик ва унинг манбаини бартарф этишга ҳаракат қилмоқ мутлақо фойдасиздир. Сиз бу ёмонликни йўқота ҳам олмайсиз ва аксинча сизни обрўсизлантириб, эшак ўғрисига айлантирадилар.
Дарвоқе, Гитлер, Сталин ёки Франко каби яккаҳоким, мустабид ҳукмдорлардан фақат табиий восита – ўлим йўли билан қутулиш мумкин бўлган.
Одатда мустабидларнинг ўлими ўзини англамаган, қиш ўлдирма ёз ўлдир, оч ўлдирма тўқ ўлдир дея шу истибдодчига боғланиб қолган тепаси ўйиқ улусга буюк фожиа ва айрилиқ сифатида тақдим этилади. Бу дабдабали кўмиш маросимини уюштирганлар аслида ундан қутулганига қуллуқ қилиб байрамга кетаётган бўладилар.
Боиси марҳум мустабиднинг кашфиёти ва амри фармонлари ижрочиси ҳамда тарғиботчилари бўлган ворислари, байрамбозларнинг ўзлари, биринчи галда, аждарҳо оғзидан маош олиб, қилич тиғи остида, юракларини ҳовучлаб яшаганлар. Тангридан ҳам унинг ўлимини кўпроқ шулар тилаган. Деярли барчаси унинг ўрнига кўз тиккан. Бироқ ҳаёт қонуни шундай. Бахт ҳам боши пахмоқу думи тўқмоқнинг бошига қўнади деганларидек Сталиндан сўнг одамларнинг куни гапирар гапини билмас Хрущевга қолди.
Бироқ бу қатағончи юракларга солган даҳшат ва қўрқув шу қадар чуқур илдиз отган эканки, одамлар ойлару йиллар ўтса-да, унинг ҳақиқатан ҳам вафот этганлигига ишониб-ишонмай юрар, бу одам уларнинг рўёларига кирар экан.
Мустабидлар табиатан феъл-атворан баджаҳл, қаҳри зуғуми бурнида юрган одамлар бўладилар. Улар билан инсоний инсоф ва маданият билан одам каби суҳбатлашиш, мулоқот қилиб, фикр-мулоҳаза юритиш мумкин эмас. Бунинг сабаби шундан иборатки, у саводсиз ва билимсиз бўлгани боис, сиз билан тенгма-тенг ёки тенгма-тенг бўлмаса-да, суҳбатлашиб, фикрлаша олмайди. Шу туфайли ҳақиқий фикр одамларидан ўзларини олиб қочади.
Ўзини ҳамма нарсани билгандай ақлли ва доно кўрсатиб, олдиндан тайёрланган турли саволларни бериб, сизнинг ақллилик даражангизни билиб олади. Сўнгра шунга қараб танобингизни тортиш режасини пишитади.
Бундайлар ҳатто болаларига ҳам инсоний, меҳр-муҳаббатли оҳангда ўз самимиятини изҳор этиб дўстона, ҳақиқий ота-она каби муносабатда бўла олмайдилар. Шунинг учун ҳам уларнинг авлодларидан пичоққа илинадиган шахсиятлар етишиб чиқмайди.
Улар ҳатто болаларини ҳам бошқалар каби ўзига нисбатан доҳийдек муносабатда бўлишларини истайдилар. Доҳий билан эсини танигандан бери бирга яшаётган бу тепаси ўйиқ эса отасининг атрофидагилардан ҳеч қандай алоҳида, доҳиёна хислати йўқлигини кўриб, сезиб ва билиб турган бўлади.
Фридрих Ницше яхшиларнинг панд-насиҳати жиркантиради, баджаҳлларнинг панд-насиҳати қўрқитади деганда ҳам шуларни назарда тутган бўлса керак.
Фаолиятлари ва фикрлаш даражалари нуқтаи назаридан баҳо берадиган бўлсак, кейинги ярим асрнинг энг етук, эгаллаган юксак мавқеига мос икки президентни қайд этиш мумкин. Булар Француа Миттеран ва Владимир Путиндир.
Бухарин Сталинни Марксни ўқиган Чингизхон дейди. Табиийки, Бухарин Чингизхон ва ундан олдин ўтган сон-саноқсиз пайғамбарларнинг ўқиш ва ёзишни мутлақо билмаганликларидан хабардор бўлган бўлса керак.
Замонлар шундай эди. Чексиз хат-саводсиз халқларнинг пайғамбарлари ҳам шундай эдилар.
Энг қизиғи, ўша, ўқиш-ёзишни билмаганларнинг авлодлари ўқиш-ёзишни билган, дунёни бугунги ҳолга келтирган даҳоларнинг фикр-мулоҳазаларига шубҳа билан ёндашадилар.
Боиси – фикрлагувчидан кўра фикрламайдиган омма жуда кўпчиликни ташкил этади.
Босқи ва қўрқув ҳукмрон бўлган оила, жамият ҳамда тузумда одамлар хотирасизлик хасталигига мубтало бўладилар. Хотирасизлик эса истеъдодсизлик, қобилиятсизликнинг онасидир.
…Олий даражали ҳарбийлар иштирокида зиёфат давом этарди.
– Даврани кенгайтирсакмикан, Сергей Матвеевич! – деди бир оз кайфи ошган Сталин маршал Штеменкога.
– Балериналарни таклиф этайликми, Иосиф Виссарионович? – сўради маршал.
– Йўқ. Янаги банкетимизга эски большевикларни даъват этсак.
Штеменко навбатдаги зиёфатга уч шаҳардан уч нафар кекса большевикни чорлади.
Уч оқсоқол дастлаб ўзларини ноқулай сезганча тортиниб ўтиришарди. Қуйилган қадаҳларни пешма-пеш бўшатишарди. Бири ҳаяжонланганча қадаҳ сўзи айтди:
– Мен тўғри одамман. Ҳақиқатни айтаман. Кўнглимиз ранжиган эди. Сабаби инқилобни биз қилган бўлсак-да, кимса ҳолимизни сўрамай бир четда қолиб кетгандик. Мана, адолат юзага чиқди. Ўртоқ Сталиннинг худди Ленин каби доҳиёна закоси туфайли бизга эътибор бердилар. Мен улуғ Ленин ишининг давомчиси буюк Сталин учун ичаман!
Ҳамма қадаҳни сўнгига қадар бўшатди. Сталин одатдагидек қадаҳни ярмигача ичди.
Қадаҳ сўзи ўтирганларга ёққанидан руҳланган кекса большевик энтикканча эчкилаб, Сталиннинг ёнига келди.
– Эсингиздами, инқилоб пайтида рўйхатлар бўйича қулоқларни қатор қилиб отганимиз, бизнинг қадрдон Сосо? – деди у Сталиннинг инқилобий лақабини айтиб.
Сталин қўлидаги қадаҳини оҳиста столга қўйди. Қаршисида турган большевикка нафрат билан қаради-да, ўнг кафтини мушт қилганча қорнига бор кучи билан туширди.
Кекса инқилобчи қирқилган теракдек ағдарилиб тушди ва ҳушидан кетди.
– Ўлигини улоқтиринг буни. Сосо эмиш-а… Топибсан Сосонгни… Ҳе энангни…
У ва унинг сиёсати, шайтоний руҳи ҳамон кезиб юрибди. Сабаби унинг замонасида сиёсатини юритганлар ва ўзини бундайроқ “сталинча” деб билган чаласаводлар эккан оғочлар гуллаб, мева бермоққа ҳаракат этаверадилар.
Сталиннинг қораланиши, унинг жинояту қотилликларининг айтилиши ва юзага чиқиши бу “сталинча”лар қилмишларининг ҳам фош бўлиши демакдир. Сталин оғзи билан берган буйруқни булар қўллари воситаси ила ижро этганлар.
Унинг виждону имони қон бўлса, буларнинг қўллари қондир. Улар ана шундан чўчийдилар. Гёте айтганидек, улар ҳақиқатдан шунинг учун ҳам қўрқадиларки, уни тан олганлари заҳотиёқ изсиз йўқолиб кетадилар.
Ҳамма гап ана шунда. Отаси ёки бобоси Сталин даврида обком ёки райком, раису директор бўлган, халқи тарихию тақдири ҳақида тасаввурга эга бўлмаган обивателлар ҳозир ҳам ўша, халқлар доҳийсидан қолган қонли байроқни кўтариб чопмоқчи бўладилар.
Қонли ёки пайтава қилиниши керак бўлган матодан тикилган байроқларни кўтариб нурли манзилларга етиб бўлмасликни англайдиган замонлар етганлигини ҳис этмоқ вақти аллақачон келган эди.
Сталин ҳақида буюк шахсиятлар, ҳатто унинг ўз онаси айтган гапларни ўқиб ҳайратга тушасиз. У ҳақда чаласавод Мариэтта Шагиненга ўхшаган ижоди ўзи билан бирга кўмилган бир-икки ҳақиқий адабиётга алоқаси йўқ кимсалар узуқ-юлуқ ижобий фикр билдирган бўлса, соғлом ва тўғри фикрлайдиган бирорта ижодкор илиқ гап айтмаган.
– Афсуски, у руҳоний бўлмади, – дейди Сталиннинг онаси ўлими олдидан. – Акаси марҳум катта ўғлим ҳақиқий инсон эди…
– Юради, кулади, кўзлари эса ғажиб ташлайдиган йўлбарс кўзи кабидир, – дейди Михаил Шолохов.
– Бу йўлбарс кўзли кимса инсониятга буюк мусибатлар келтиради, – деган эди Крестинский Сталин ҳокимият тепасига келганида.
– Сталин – тубанлик ва пасткашликнинг даҳосидир, – дейди Троцкий.
– У Марксни ўқиган Чингизхондир, – қайд этади Бухарин.
Бисмарк ҳақ эди. Инқилобни даҳолар тайёрлашади, фанатиклар амалга оширишади, мевасидан эса ярамаслар фойдаланишади.
Ўзлигини танимаган қавму қабилалар, элу элатлар бор экан, бошларига у каби каттаю кичик шайтонлар келаверади. Ва ҳар бир халқ ўзи муносиб бўлган ҳукмдорга эришади.
Давлат ахлоқи тарбияси ва назокатини англаб етган улусларда эса раҳбарият олий адолат иқлими ва тартиблари асосида халқи бошига келади, кетади.
Ҳаёт қонуни шундай. Фаласуф қайд этганидек, гадолар миллионерларга ҳасад қилмайдилар. Аксинча, садақани кўпроқ олаётган шерикларига ҳасад қиладилар…
Қотил сайёд кезар пинҳон,
Овлар қолар овлигича.
Қўйлар сўйиб, қўл бузгину,
Ёвлар қолар ёвлигича.
Мунофиқлар изғир мудом,
Совлар қолар совлигича.
Нокасларга бўйин эгмай,
Довлар қолар довлигича.
Не наҳри уммонда сузма,
Човлар қолар човлигича.
Ёмондан яхши чиқмаски,
Бовлар қолар бовлигича.
Қорли қоя мудом порлар,
Товлар қолар товлигича.
Гўсалалар гов бўладир,
Говлар қолар говлигича.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?