Электронная библиотека » Нурали Қобул » » онлайн чтение - страница 5


  • Текст добавлен: 11 сентября 2023, 21:00


Автор книги: Нурали Қобул


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 5 (всего у книги 14 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Бу айтиб йиғлашни мотам маросимига қатнашиш учун Москвадан келган, КПСС Марказий Комитетининг секретари Владимир Долгих ҳам эшитиб турар ва уларнинг не деяётганини англамасди.

– Ҳа, отинг ўчгур Андропоп-а! Шундай одамни бошини единг-а! Сенга ҳам боққан бало бордир!

Кўп дуоси кўл, қарғиш тошни ёради дейдилар. Узоқ вақт кечмади. Юрий Андропов ҳам тана тупроғини она тупроққа топширди.

Ҳаёт, умр дегани шу. Одам деган яратиқ, ер ўзини босгунча, ерни босиб туради. Бироқ ҳар доим ҳам оёғи ерда турмайди. Унинг қисмату қадаридаги бурилиш ҳам ана шу оёғи ердан узилган ондан бошланади.

Халқимизнинг оддий, минг йиллардан бери айтиб ва амал қилиб келган, киши закоси қамровини ошажак асил маъноли сўзларини аксаримиз билмаймиз. Билганларимиз амал қилмаймиз. Боиси, кўпчилигимиз “улар ўқимадилару маҳв ўлдилар, ўқиганлари амал қилмадилару маҳв ўлдилар, амал қилганлари ихлосу эътиқод қилмаганликлари туфайли маҳв ўлдилар” дейилган тоифага кирамиз.

Бойга ишонсанг боринг кетар, хонга ишонсанг бошинг кетар деган оталар сўзини туймаган, англамаган ва моҳиятига етмаган шоҳу гадойимиз ётларнинг йўриқларига юриб ўзларини абгор, миллатни сарсон этдилар.

Боиси, қалби, имони кишанланган, юрагининг туб-тубидан бир озод руҳ, ҳур фикр, эркин дунёқараш, адолатли нигоҳга эга бўлмаган киши ҳеч қачон ҳақиқий озодлик нелигини англаб етмайди.

Эшак ҳанграйверса, итнинг боши оғрийди дейдилар. Қўлидан иш келганнинг оғзидан гапи келади дейдилар. Бироқ бизда ўн йиллар давомида қўлидан иш келадиганлар ўйиндан чиқарилиб, етовга ўрганганлардан қаҳрамону қурбонлар ясалиб келинган.

Бироқ одамлар ғоят ғайритабиий ва ғалатидир. Гоҳида уларга икки карра иккининг тўртлигини англатмоқ ҳам мумкин бўлмай қолади. Улар кўриб турган ноҳақликларга кўникадилар. Ишонган ёлғон-яшиқларини мулоҳаза этиб кўрмайдилар. Оғзимизни тўлдириб ҳаммага баҳо берамизу, ўзимизнинг баҳойимиз йўқ…

Зотан, кишилар икки ҳолатда, манманлик ва ожизликдан ёлғон гапирадилар. Ва бундайлар бир умр на бўлганлари каби кўрина оладилар, на кўринганларидай бўла оладилар. Пушкин қайд этганидек, бизга мингта ҳақиқатдан кўра, руҳимизни кўтаргувчи алдов қимматлироқдир.

Агар турмуши яхшиланиб кетса, тўқчилик ва мўлчилик бўлса, рус кишисининг димоғи шишиб, жуда без бўлиб кетади, дейди Чехов. Бу фикр фақат ёзувчи назарга тутган халққа эмас, боши юмалоқ бути айри барча инсонларга, айниқса тўрт чақа топса отасини ҳам танимайдиган бизнинг ўпкаси йўқ юртдошларимизга ҳам жуда-жуда тегишлидир.

– Ўзимиздан чиққан фалончи миллиардер ҳар куни кечқурун олти минг долларлик бир шиша вино ичаркан. Шу тўғрими? – дея сўради бир ватандошимиз ижодий учрашув чоғи.

Мен унга не дея жавоб беришни билмай, каловланиб қолдим. Боиси, сафарга чиққанида меҳмонхона учун бир кунга йигирма беш минг тўлаган раҳбарларни, уйида беш миллион долларга дельфинарий қурган маликалар ҳақида ҳамма эшитган. Бу каби сенсациялар билан ҳеч кимни ҳайратга солиб бўлмайди. Боиси, дунё аҳолисининг ярим мулки саккиз нафар кишининг қўлида жамланган бугунги кунда истайсизми йўқми одамлар катта капитал кимнинг қўлида бўлса, катта ҳокимият ҳам шунинг илкида эканлигини шу қадар аниқ-тиниқ англаб етдиларки, энди уларни бу шоҳсупадан худою юз йигирма тўрт минг пайғамбар ҳам тушира олмайди.

Савол берган миллатдош ўқувчимга яна ўша буюк Чеховнинг фикру мулоҳазалари ила жавоб бермоқчиман. Бахтсизлар оғирликни жимгина кўтариб келгани учун бахтлилар фароғатда яшайди. Бундай жимлик бўлмаганда бахт ҳам бўлиши мумкин эмас эди…

Зотан…

 
Билгинки бу дунёда,
Ҳеч шот қолмас ниҳона.
Ёмоннинг оти чопар,
Яхши чиқар ёмона.
 
 
Бойга бало урмагай,
Фақир ранги самона.
Ташна қоларсан ҳатто,
Кечсанг баҳри уммона.
 
 
Адолатдан асар йўқ,
Боқсанг тўрт бир томона.
Салтанатда тантана,
Ҳар ён омон-омона.
 
 
Эту суяк эгалик,
Дуо керак султона.
Ҳақ деб ҳайқирмоқ бўлсанг,
Калла-почангултона.
 
 
Този бўлиб қуварсан,
Тулки бўлса замона.
Ҳар ошиққа бир давр,
Келиб-кетар даврона.
 
 
Дам етар, ҳар не битар,
Топалмассан баҳона.
Қадар жони бўшагай,
Сўнг кун ўлмас шоҳона…
 

8. Орифга таъриф йўқ ёхуд қурбонлар ва қаҳрамонлар қандай ясалади?

Қаҳрамонлар саҳнани тарк этганларидан кейин масхарабозлар пайдо бўлишади.

ГЕГЕЛЬ

Қаҳрамонларга эҳтиёжи бўлган мамлакат энг бахтсиз мамлакатдир.

Бертольд БРЕХТ

– Сиз айтган мақолам олтмиш саккизинчи йил чиққан. Шу кичик бир меҳнатимизни унутмай эслаганингиздан бошим кўкка етди, укажон. Тинмай турткиланган, жамоатчиликдан айирилган, унутилмоққа маҳкум этилган бир инсон учун сизнинг мана шу бир оғиз илиқ сўзингиз қора тунни ойдинлатган чақмоқ каби кўнглимни ёритди. Сиздан узр сўрайман. Хонангизга кирибоқ дардимни супрадек ёйдим. Бунга сизнинг менга кўрсатган самимиятингиз сабаб бўлди чоғи. Мен ақлли ва самимий инсонлар олдида доимо бошимни эгаман. Бироқ руслар айтганидек, самимият тақдирланмайди, жазоланади. Балки сизнинг чиқаётган сон билан боғлиқ зарур юмушларингиз бордир. Мен бўшман. Агар вақтингиз бўлса ишларингизни бир ёқлик қилгунингизга қадар кутиб ўтираман. Ўралбойнинг чойхонасига чиқиб, бироз суҳбатлашиб отамлашсак дегандим…

Ўрнидан қўзғалар экан, оёқ усти сўзида давом этди.

– Машрабнинг бир шеъри бор-ку, Отажон Худойшукуров маромига етказиб айтган. “Йўл бермадилар, менга рақиблар, чиқдим бош олиб ул Карбалога” деган. Биз ҳам бош олиб юртингизга келиб қолдик, укажон. Ҳамма таниш-билишлар, ошна-оғайнилар қолиб кетди. Энди барчасини қайтадан бошлаш керак. Олчоқ ва икки юзламачилардан юрагим зада бўлган. Бироқ ким бўлмасин, шу одамларсиз яшай олмас эканман. Киши мукаммалликка интилгани сари номукаммаллигини янада чуқурроқ ҳис этиб бораверар экан. Донолар олдида тилингни, авлиёлар олдида дилингни тий деган сўзга амал қилмай кўп гапириб юборяпман. Қусурга боқманг. Бу тоғу тошларда дард айтар кишини учратиш ҳам мушкул экан. Мени сизга ўхшаган кўзи очиқ, зиёли бир киши англаши мумкин. Байроқ кўтариб чопадиганларга бундай гапларни айтсангиз, ақли-ҳуши жойида эмас шекилли, дея ўйлашади.

Меҳмоннинг нутқи олий ўқув юртининг етук ўқитувчилари каби равон ва залворли, ҳар бир гап-сўзининг эга-кесими, нуқта-ю вергули жойида эди. Кўраётган матнларини масъул котибга топширган Дўлтаев меҳмонни кутдирмай бирга кўчага чиқди.

– Биз уруш кўрганлар яхши емак олдидан юз грамм отмасак бўлмайди, укажон, – деди меҳмон шўрва ва кабоб буюрар экан. Биздек боши минг бир тошга теккан, кўрмаган балоси қолмаган одамлар сиз каби журналистлар учун топилма.

Шу куни улар узоқ суҳбатлашдилар. Рустамов ўз таржимаи ҳолини жуда қисқа ва мароқли ҳикоя қилдики, бу муддат давомида бир неча бор йиғиси бўғзига тиқилиб қолди.

– Ўзим асли Чироқчининг Тарағай қишлоғиданман. У ерда биттаю битта синглим яшайди. Эсимизни таниганимиздан бери ёши улуғ оқсоқоллар бизга асрлардан бери айтилиб келинган бир ҳақиқатни такрорлар эдилар. Бу кўйда, отасининг оқ уйида Барқул Баҳодирнинг ўғли Муҳаммад Тарағай туғилган. Амир Темур соҳиби давлат бўлгач, бу ҳудудларда яшовчилар кўй номини Тарағай дея атай бошлаганлар. Биз ёш болалар бундан фахрланиб, табиийки, ўзимизни Амир Темурнинг авлодлари санар эдик. Мен шу руҳда ўсдим. Қишлоғимизда битта рус киши бўлиб, тоғбегилик қиларди. Бизникидан сут-қатиқ, сузма ва сарёғ олар, зерикканидан биз болаларга русчани ўргатарди. Биласиз-ку, бизда кўплар боласини ўқитиш, тил ўргатиш ўрнига эчки боқтиришни афзал кўрар эди у замонларда. Ўрмон қоровулининг оти Николай эди. Отам ҳазиллашиб уни Абдуниколайвой дердилар. У менда тил ўрганишга иштиёқ уйғота олди ва САГУнинг тарих факультетига кириш имтиҳонларини топшириб бўлганимда ректор ҳузурига чақириб мен билан русча гаплашди. “Сени МГУ (Москва Давлат университети)га ўқишга юбормоқчимиз. Нима дейсан?” деди. Розилик билдирдим. “Фақат паспортингда миллати деган жойга турк деб ёзилган экан. Бу аҳволда олабўжига айланиб қоласан ва ўсмайсан. Ундан ташқари солиқ тўлашингга тўғри келади. Ўзгартириб кел” деди. Индамай бош ирғадим. Чироқчига бориб янги паспорт олиб келдим. У ерда инглиз ва олмончани ўргандим. Иккинчи курсга ўтганимизда уруш бошланиб қолди. Ленинград яқинидаги Синявино жангида чап қўлдан ажралдим. Мина юлиб кетди. Қайтиб, ўқишни давом эттирдим. Ўқишни битиришим билан эътироз билдиришимга қарамай, ташқи ишлар вазирлигига таржимон қилиб ишга жўнатишди. У ерда ўн йил ишладим. Бўлим мудири лавозимигача кўтарилдим. Бироқ шунча йиллар давомида ҳечам ичим ёзилмади. Москванинг об-ҳавоси руҳимни тушириб юборарди. Охири бир амаллаб Тошкентга қайтдим. Номзод бўлмасам-да, мени Низомий педагогика институтининг тарих факультетига декан қилиб тайинлашди. Энди ўзим севган касб билан шуғулланиш имконига эга бўлган эдим. Раҳима опа раҳбарлигида илмий ишни бошладим. Мавзуим “Темур даври маданияти”.

Меҳмон совиб қолган чойдан ҳўплаб, ўйга толди. Дўлтаевнинг назарида у ўзини энг муҳим гапни айтмоққа ҳозирлаётгандек эди.

– Университетда ўқиганимизда бизга “Ўрта аср тарихи”дан академик Губин сабоқ берарди. Гоҳида у мени ўз кабинетига чақириб олиб Ўрта Осиё, Темур туғилган Шаҳрисабз, Самарқанд ва Бухорога оид маълумотларни сўрарди. Мен у кишига ўзим туғилган Тарағай қишлоғи ҳақида айтганимда юзимга диққат билан тикилиб турди-да, “Сенинг бобонг Темур Европа ва Россияни қутқариб қолган буюк ҳалоскор шахс. Эрмитаж омборхонасида унинг бир бюсти бор. Бориб кўр ва остидаги ёзувни ўқи. Қоровулга бир сўм берсанг кўрсатади. Бу гапларни мендан чиққанини ҳеч кимга айтма” деди ярим шивирлаган овозда. Мен Ленинградга бориб, устозим айтган тарзда ўша бюстни кўрдим. Унинг остига “Бугундан бошлаб Ўрусия халқи Олтин Ўрда хони Тўхтамишхонга менинг амрим билан бож ва солиқ тўлашдан озод этилади. Буюк Темурга миннатдор рус халқидан” деб ёзилган эди. Дардимиз ичимизда юрганида “Гулистон” журналида “Темур тузуклари” эълон қилина бошлади. Иброҳим Мўминовнинг Темур даври маданияти ҳақида китобчаси чоп этилди. Аслида бу масалани кўтарган Раҳима Аминова эди. Биз ҳам ана шу ўзгаришлардан руҳланиб, факультетимиз билан Самарқандга саёҳатга бордик. Илк зиёратимиз Амир Темур мақбараси бўлди. Мен талабаларга Темур ҳақида сўзлаб бердим. Бу даргоҳнинг “Гўри Амир” деб аталиши нотўғри, ҳақоратомуз. Уни “Буюк Амир Темур мақбараси” деб аташ керак дея маърузамни тугатдим. Ёшлар нигоҳидаги ҳаяжон ва фахр-ифтихор туйғусини кўрсангиз эди. Бир умр кўз ўнгимдан кетмайди. Сўнгра талабалардан бирига пул бериб гул олиб келишни буюрдим ва гулдастани Темур қабрига қўйдим. Қабр фонида суратга тушдик. Самарқанддан қайтиб икки кундан сўнг ишга келсам худди ҳарб пайтидагидек “Тревога”. Менинг ишга келишимни кутиб, мажлисга тўпланишиб туришган экан. Ректорат ва партия ташкилотининг қўшма мажлисида деканликдан бўшатилиб, партиядан ўчирилдим. Йиғилганлар мени ўтдан олиб, ўтга солишди. Энг катта, кечирилмас айбим – Темурнинг қабрига гул қўйишим. Фақат Пономарёва деган рус аёл ҳамкасбимиз чиқиб, “биз севиб ўқийдиган Аркадий Гайдар ҳам бекорга ўғлига Темур деб от қўймаган, “Темур ва унинг командаси” деганда ҳам Амир Темурни назарда тутган” дея мени ҳимоя қилди. Бу масала шаҳар партия қўмитаси бюросида кўриб чиқилди. Устозим Раҳима Аминова ҳам жазоланиб, илм-фан, давлат ва ҳукумат ишларида раҳбар лавозимларга тавсия этилмасин, деган қарор чиқарилди. Мени Ўрта Чирчиқ туманидаги бир мактабга тарих ўқитувчиси қилиб жўнатишди. Диссертация ҳам қолиб кетди. Вокзалдаги киралик уйимиздан ўн километрча келадиган масофага қора қишнинг қаҳратонию ёзнинг жазирама саратонида пойи-пиёда қатнаб ишладим. Шу аснода нафас йўлларимни шамоллатиб, астма бўлиб қолдим. Уруш ва иккинчи группа инвалиди сифатида юз сўм нафақа оламан. Қишлоқдаги мактабда дарс ҳам бераман. Энг муҳими, сиз каби мени тинглайдиган ва тушунадиган бир суҳбатдош дўст топганимдан мамнунман, – дея ҳикоясини тугатди меҳмон ғамгин оҳангда.

– Ҳалиям сизга шафқат қилишибди. Ҳабибулла Қодирий Абдулла Қодирийнинг фарзанди бўлганлиги учун ўн беш йил ўтириб чиққан ва беш йилми, ўн йил Тошкентда яшаши тақиқланиб, Янгийўлда кун кечирган, – деди Дўлтаев суҳбатдошининг ҳикоясидан ҳайратга тушиб.

– Уруш қатнашчиси ва ногирон бўлганлигим учун раҳмлари келиб, оғирроқ жазо беришмади ва жиноят иши очмадилар, – жавоб қилди Рустамов ўша тушкун овозда. – Шунгаям шукур қиламан.

– Сизда Темур ҳақида жуда ноёб маълумотлар бўлса керак-а?

– Ҳа, бор. Вақти-соати келиб эълон қиламан. Умрим етмаса фарзандларим, ватаним, халқим деган инсонларга қолдириб кетаман. Темурни юзага чиқишини истамаган кучлар орасида у қурдирган Оқсаройу Кўксаройни буздирган, набираси Мирзо Улуғбек барпо этган расадхонани текислаб, кўмдириб юборган жоҳилларнинг авлодлари борким, улар бугунги кунда ҳам оталари эътиқодларига содиқдирлар. Ўзагингни ўзингники узади деганлари шу экан. Ётники ёндан, ўзники жондан дегандек, аждодлар орасидаги тарихий рақобат ва ғанимлик, уруғчилигу маҳаллийчилик мудом миллатимизнинг ривожига тўсқинлик қилиб келган. Темур мана шу кунларни олдиндан кўриб, “бугун бизни кўра олмаганлар юз йиллар сўнг ҳам шундай бўлиб қоладилар” деган экан. Қай бир файласуф айтгандек, буюклар ҳаммага ўхшар экан, бироқ ҳеч ким уларга ўхшамас ва дунёни улар каби мушоҳада эта билмас экан. Мен сизга қалбимиздаги тарихий бир оғриқни айтайин. Эски турк ва барлос турклари каби кўплаб туркий қавмларни ҳинди – афғон, эрону – усмонли турклари тупроқларини маскан этишга мажбур қилган даҳоларнинг издошлари ва тарихий ғаним қавму қабилалар бугун ҳам уларнинг ўз оти билан аталиб, юзага чиқишларини истамайдилар. Қирқинчи йилларда бизнинг бошпут (паспорт сўзи шу калимадан олинган)ларимизнинг миллати деган жойга “турк” дея ёзиларди. Шу паспорт билан олий ўқув юртига кирсангиз ўрта асрда бошқа дин вакиллари жизъя тўлагандек, сиз ҳам жазо пули тўлар эдингиз. Мақсад турк, Турон, Туркистон сўзини маҳв этмоқ ва истеъмолдан чиқармоқ, одамларни ўз она ватанида, ўз миллати оти билан яшамасликка кўндириш ва кўниктириш эди. Беш минг йилдирки, Эрон сўзи ҳеч кимни безовта этмайди. Бироқ Турон, Туркистон атамаси ички-ю ташқи душманларга бирдек халақит беради гўё. Ким бўлмасин, унинг насл-насаби, миллати тепадан белгиланмайди. Ким ўзини қай бир миллату элатга мансуб ҳис этса, ўша тилда сўзлашса, шу улуснинг вакилидир. Мен ўзим ишонган, ҳақ деб билган фикримни қаерда бўлмасин айтганман. Ҳар кимнинг бу хусусда ўз фикри, ўз қараши бўлиши табиийдир. Бу хусусда баҳслашиш, мунозара юритиш мумкин. Фақат аҳмоқлар ва марҳумлар ўз фикрини ўзгартирмайдилар дегандек замон, вақт ва инсоният фикри доимо ўзгариб турган. Менинг катта-кичик давраларда билдирган бу каби қарашларимни ҳам ҳисобга олиб юришган экан. Бу ишлар билан шуғулланувчилар ҳам ўзларини меҳнат қилаётган кўрсатиб маош, мансаб, унвон ва мукофот олишлари керак-ку!

Суҳбатдошим ўйга толиб яна бир зум тин олди. Совиб қолган чойдан ҳўплади.

– Шундай қилиб, бизнинг беш минг, балки ундан ҳам кўп йиллар мобайнида бир тилда гаплашиб келган миллатни ўзларининг “Бўл, қиймала, йўнат, бўл, парчала, ют” деган шиорларига амал қилиб парчаладилар. Ўттизга яқин араб давлати бор. Улар давлатнинг номи Иордан ёки Ливан (Ливанте сўзи мусулмонлар орасида яшовчи христиан дегани) бўлса-да, миллатим иордан ёки ливан, деб айтмайдилар. Ўзларини араб деб биладилар. Она тилларидаги бир дона унутилган, истеъмолдан чиқиб кетган арабча сўзни топиб қолсалар, газеталарда ҳафталаб “Шапка” қилиб берадилар. Биз эса ўзимизни дунё атаган, Тинч океанидан Гибралтар (Жаболи Тарих) бўғозигача бўлган ҳудудда яшаб келган, яшаётган миллатимиз номини атамоқдан чўчиймиз. Ҳатто Усмонли империясида ҳам турк қавмларига ўрду, аскар миллати ўлароқ “қоратурк” дея чўчиб, ётсираб муомалада бўлинган. Қора сўзи эски турк тилида асил деган маънони билдиради. Асли турк бўлган Эрон подшоҳи Узун Ҳасан ҳам Усмонлиларнинг бундай муомаласига эътироз билдириб, Усмонли Султонига мактуб ёзган. Эмерсон айтганидек, миллат ўлмайди, агар у ўзини ўзи ўлдирмаса, – дея фикрини якунлади у чуқур тин олиб. – Кўп гапириб, бошингизни айлантириб юбормадимми? Балки бу гаплар сиз учун қизиқарли эмасдир, – қўшиб қўйди чойхона қаршисидаги бозорга юк кўтариб кириб чиқаётган одамларга разм солиб. – Кўпчилик сиз айтганингиздек тарихимизни тузук-қуруқ билмайди. Минг тўққиз юз йигирма учинчи йил ўттизинчи октябрда Туркия жумҳурияти эълон қилинган. Йигирма тўртинчи йил мартда Туркистон республикаси тугатилиб, шу йили йигирма саккизинчи октябрда бизни “Ўзбек, қозоқ, қирғиз, рус, яқин ўртоқ, иноқ дўст” қилдилар. Тарихий рақибу ёғийларга дунё харитасида Туркия ва Туркистон сўзларининг ёнма-ён туриши хуш келмади. Туркия жумҳурияти Усмонли давлатининг вориси сифатида эълон қилиниб, жумҳуриятни қай ном билан аташ парламентда мунозара этилган. Миллат вакиллари Анадўли, Истанбул ва Туркистон номларини таклиф этганлар. Ниҳоят, бу хусусда сўз олган Мустафо Камол Отатурк “Биз бугун Советлар Россияси билан дўстмиз. Бир кун келиб ота юртимиз озод бўлади ва ўзининг Туркистон номини олади. Биз ота ватанимиз номини олсак яхши бўлмайди. Жумҳуриятимиз номини Туркия деб аташни таклиф этаман” дея хитоб қилади. Балки Отатурк бўлмаганида “турк” атамаси йўқ бўлиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас эди. Миллати номукаммал, қаерда яшашининг фарқи йўқ қабила ва қавмларга эса ўша пайтда уларни қай номда аташнинг аҳамияти бўлмаган. Номсиз юргандан кўра бирор-бир номда аталиш маъқул кўринган, албатта. Отатурк билан Ленин кетма-кет инқилоб қилганлар. Туркия жумҳурияти яшаб қолади. Совет Иттифоқи эса охири барбод бўлади. Қай бир жамият нотабиий ва хаёлий ғоя устига қурилса, яшай олмайди. Одамлар яратган ғоялар узоғи билан уч авлод яшаши мумкин. Бир жиннига қирқ жинни дегандек, тепага Сталин каби бир телба келдими, у ўз-ўзидан Берия каби одамхўр ва Хрушчев каби довдирларни кашф этаверади. Шу тариқа жамият телбалашиб бораверади. Сталин қатағони Совет Иттифоқи учун йигирма миллион кишининг жонига мол бўлган. Гитлер ўзича ҳисоб-китоб қилиб, шунча одамнинг биттадан қариндоши менга хайрихоҳ бўлса, ишим осон кўчади, деб ўйлаган. Бироқ кишилар онгини ўйиб, худо ёки шайтон-пайғамбар сифатида қўрғошиндек қуйиб киритилган ғоя асосида ўстирилган бутун бошли халқлар қўрқув ва даҳшат олдида отаси ёки қардошини ўлдирган дажжолнинг отини сўнгги бор айтиб, юз грамм спиртни ичиб, “Сталин учун!” дея ўзларини ўлимга ураверганлар. Бу уруш ҳам аслида икки ашаддий шизоференник ва параноикнинг тўқнашувидир. Сталинизм бўлмаганида гитлеризм ҳам туғилмасди. Жамият пойдевори нотабиий ва номукаммал бўлса, унинг аъзолари ҳам шундай бўладилар. Фолькнер ўз туғилган қишлоғига кириб бораркан, доимо: “Гўзал черковлар, овсар одамлар!” дея такрорлар экан.

– Мен ҳам Полтавада олий ўқув юртини битирганман. Украинлар ҳеч тап тортмай ўз тарихларини ўрганадилар, тадқиқ этадилар. Ҳатто озарийлар ҳам. Кимсадан чўчимайдилар. Барибир асл тарихимизни бошдан бошлаб ҳаққоний равишда қайтадан ёзиш керак шекилли.

– Мутлақо ҳақсиз, ука. Айни дамда бунга рухсат йўқ. Улар айтган тарзда ёзишингиз мумкин ва ҳамма нарсани айлантириб келиб, инқилобга тақашингиз керак. Гўёки бундан олдин ҳеч нима бўлмагандек. Муттасил ётлар қўлига қараб келган халқлар бора-бора эртасини кўра олмайдиган, бир парча нон учун яшайдиган қавмга айланади. Уйғурларда қулу қарам миллатнинг қисмату тарихи унинг кетига ёзилади, деган гап бор экан. Мен тақдиримизнинг мангуга кимларгадир боғлиқ бўлиб қолишига ишонмайман. Биз шовинистларга қарши тура олмасак, Збигнев Бзежинский айтгандек, “Водка” армияси қарши курашади ва бир кун келиб улар ўз истеҳкомларини топширадилару биз ҳақиқий тенг, дўст бўлиб яшаймиз. Мен ҳеч бир миллатни душман деб билмайман. Том байналминал бир инсонман. Орани бузғувчи асл айбдорлар шу халқларни бошқариб, сувни лойқалатган сохта даҳолар. Бир кун келиб, бугунги номи улуғ, супраси қуруқларнинг ҳам чуви чиққанини кўрасиз. Ҳарҳолда сиз кўришингиз аниқ. Аслида бу жамиятнинг қонун-қоидалари, қомусу йўриқлари жуда яхши ва инсонпарвар. Бироқ уни ҳеч ким ўқимайди ва амал қилмайди. Бу назаримда каттакон бир қамоқхонанинг низому интизомига ўхшайди. Ташқи дунёга ёпиқ бу ҳудудда ҳеч кимга онгли равишда ташаббус кўрсатиш, жасорат билан бир ишга қўл уриб, қаҳрамонлик қилишга рухсат этилмайди. Ҳамма нарса бошдан сўнгига қадар режалаштирилади. Космонавтдан тортиб чўчқабоқаргача минг бир чиғириқдан ўтказилиб, эланади ва ундан раҳнамоларнинг изни ила қаҳрамон ясалади. Ва бу қўлбола қаҳрамон пирларини, қўлдан ясалганлигини унутиб, ҳақиқий қаҳрамондек ҳаракат этиб, ўзини у ёқ-бу ёққа ташлаб, обрўси устозларидан ошиб кета бошласа, Янгибаров1ва Гагарин каби йўлдан олиб ташланади. Унинг ўрнини босмоқ учун эса худди ўша усулда янги қўлбола қаҳрамонлар ясалади. Аслида бунинг барчаси таг томири, илдизи табиийликдан узоқ, амалга ошмоғи мумкин бўлмаган хаёлий ғояларни ҳаётга тадбиқ этиш йўлидаги тарғибот ва ташвиқот уринишларидир. Тасаввур этинг. Қирқ йил очдан ўлмаслик, ўлиб-тирилиб кўпайтирган бола-чақасини боқиш учун сигир соққан ёки чўчқа боққан бир оддий одамни томдан тараша тушгандек қаҳрамон дея эълон этиб кўксига олтин юлдуз тақиб қўйдингиз. Бу бечора ҳеч қачон ўзи қандай қаҳрамонлик кўрсатганини англаб етмай ўтиб кетади. Эс-ҳуши бутун одамлар эса ҳайратга тушади. Дунёнинг ҳеч бир мамлакатида бунақа маънавий қўшиб ёзиш, сохтакорлик йўқ. Бундай олиб қаралса халқ ва жамият учун бу ҳам бир эксперимент, реформа, тажрибадир. Шу боис хитойликлар бежизга худо сени реформалар замонида яшашдан асрасин демайдилар. Дейлик қулдорлик, феодализм, капитализм, социализму Хрушчев айтгандек коммунизм, Брежнев ибораси билан ривожланган социализмда яшамоқ, халқлар учун бундан сўнг янглишмаслик, жамият ва тузум танлаш бобида тўғри йўлдан бора билмоқда асқотадиган муҳим кўникма бўлиб хизмат қилади. Табиийки, янги Гитлеру Сталинлар, Мао Цзе Дуну Франколар пайдо бўлиб, халқлар бошини яна қотиришмаса.

– Яккаҳокимлик, сиёсат ва демократиянинг абжағини чиқарса-да, тажрибаларга кўра иқтисодда ўзини оқлайди дейишади. Сталин ва Франко даврларида одамлар моддий нуқтаи назардан давлат ва ҳукуматдан рози бўлганлар. Пиночет ҳам Чили иқтисодини йўлга қўйганини хориж матбуоти ёзмоқда экан, – суҳбатдошини гапиртириш учун ўз фикрини билдирди Дўлтаев.

– Тўғри, укажон. Гапингизда жон бор. Сиз айтган бу йўлбошчилар ким бўлмасин одам зотининг, моддиятнинг қули эканлигини, улар феъл-атворидаги оч ўлдирма тўқ ўлдир, қиш ўлдирма ёз ўлдир психологиясини яхши билишган. Эслайман, ҳар йили инқилоб байрамидан олдин Сталиннинг фармони билан нарх-наволар тушириларди. Шунда у кишилар кўзига авлиё бўлиб кўринар, уни узундан-узоқ дуо қилишарди. Сизу биз билган ўша маълум гап-да. Элу элатлар бошига ўзлари муносиб бўлган раҳнамо келади. Одам боласи ҳақиқий ёмонни кўрмай туриб, яхшининг қадрига етмайди. Бугунги кунда не қадар танқидий кўз билан қарамайлик, Сталиндай одамхўрнинг олдида довдир Хрушчев ёки самимий йиғлоқи Брежневнинг ўлса ўлиги ортиқ. Олтмишинчи йиллардан бошлаб одамларнинг қорни нонга тўйди. Этаги иштон кийди. Оч баччағардан қоч баччағар, дейдилар. Оч одам бир парча нондан бўлак нарсани ўйламайди. Қорни тўқ одам ҳақ-ҳуқуқ талаб қилиб, ўзгаларга ақл бўлмоқ даъвосига киришади. Бу эса ҳар қандай ҳукмдорга хуш келмайди. Дунёда кучли ва кучсиз, фикрлаши, тараққиёти ва ривожланиши турлича элу элатлар мавжуд экан, ҳеч қачон жаҳонда сулҳу тинчлик, ҳақиқату адолат қарор топмайди. Инсонлар каби миллатларнинг феъл-атвори ва келажакка боқиш кўникмасининг даражаси улар қисмату қадарини белгилайди.

– Мао ва Ким Ир Сеннинг социализми ҳақида қандай фикрдасиз? – сўради Дўлтаев суҳбатдоши қадаҳига ичкилик қуяркан.

– Улар тузган режим ва жамият қандай “Изм” билан аташни ҳам ўйлаб кўриш керак. Бироқ биз ном берган капиталистик тузум диктатураси билан пролетариат диктатураси деб атаганимиз социалистик диктатура орасида еру осмончалик тафовут бор. Капиталистик диктатурада сиёсий эркинликлар чекланса-да, иқтисодий эркинликлар чекланмайди. Бизнинг яккаҳокимликда эса ҳар иккиси чекланган. Йўқ ҳисоб. Шаклланган жамият ва давлатларга даҳо йўлбошчилар керак эмас. Бундай раҳбарлар йўлга солинмаган, миллат сифатида шаклланиб улгурмаган элу элатларга керак. Ундан ташқари ҳар қандай катта-кичик мақомга ўтиришинг билан ақл ўргатувчилар ўз-ўзидан кўпайиб, хирапашшадек ёпишиб оладилар. Тахтга чиққан бош ақлланир дегандек, ана шу маслаҳатгўйларнинг гап-сўзларини элакдан ўтказиб, керагини саралаб олиб, бемалол давлату ҳукуматни бошқарса бўлади. Мисол учун Америка Қўшма Штатлари. Бу изга тушган, борар манзили аниқ бир поезд. Унга Отатурк ёки Жавоҳарлал Неру каби бир даҳо керак эмас, шу поездни тўғри бошқариб, йўлда бирорта машина ёки одамни уриб кетмаслигини таъминлаб, керакли тугмачаларини ўз вақтида босиб борадиган ҳушёр бир ҳайдовчи керак, холос.

– Эшитишимча, Шимолий Кореяда халқ оч-яланғоч ҳолда, доҳийларининг ўн тўрт метрлик олтин қопламали ҳайкалига ҳар куни гулчамбар қўйиб, яшар экан. Шу тўғрими?

– У ерда бўлганман. Тўғри. Ўша доҳий ўз юртига совет майори формасида кириб бориб, мана шу даражага етди. Бироқ бу ҳақда лом-мим дейилмайди. Бу сўзни тилига олганнинг оғзига қўрғошин қўйилади. Гўёки у осмондан худо томонидан туширилган бир авлиёю пайғамбар. Аниқроғи, худонинг ўзидай. Ўзича чухчеми-пухчеми деган бир ғояни яратиб, “оч кўппак қутурмас ва доимо эгасининг кўзига ва қўлига қараб туради, тўқ ит тўйган куни эгасига ташланади” деган ақида асосида халқини аҳмоқ қилиб, кучук каби занжирда тутиб яшашга мажбур ва маҳкум этган. Ҳар ҳолда тўқ итнинг эгасига ташланишини англаган одам оч итнинг овга ярамаслигини ҳам билса керак. Катта ва этли суяк улоқтирилганда ҳар қандай ит ҳам эгасидан тониши мумкин. Интиҳо куни эса барча очу тўқ итлар эгаларини хор ва жўр бўлиб сотадилар ва талайдилар. Қолаверса, бу нарса ҳар бир миллатнинг менталитети ва халқ сифатида шаклланиб-шаклланмаганлигининг даражасига боғлиқдир. Замон охирига етиб, қиёмат қойим бўлганида дунёни яъжужу маъжуж босади деган гапни эшитганмисиз?

– Ҳа, эшитганман.

– Булар ўша қавмлардир. Зотан, қон ва жон билан тикланган тузум тепасига ҳеч қачон Бердяев ёки Столипин каби бир фикр одами ёхуд файласуфнинг келиши мумкин эмас. Бундайларни Махатма Ганди ёки Улоф Пальме каби кўча-кўйда ўлдириб кетадилар. Унинг бошига генида Чингизхон, Альберт Эйнштейну Иван Грознийлар қони гупуриб турган Ленин ёки дордан қочган Сталин, ҳеч бўлмаганда Каддафий каби шизофренниклар келади. Замон тўзганида, шундай бўлади. Буни халқ замоннинг тўзганини, отдан эшакнинг ўзганини кўр дейди. Ғайриинсоний ва нодемократик тузум ва режимлар ўз-ўзидан вужудга келмайди. Зулмга асосланган бир сиёсат ўзига шерик ва дастакчи истаб, иккинчи бир халқнинг бошини айлантириб, унинг тепасига чиқишга уринган авантюристларни қўлга олиб, йўналтиради. Сталиннинг коммусоциализми атом бомбали Хитой коммусистемаси ва Шимолий Корея режимини туғдирди. Радикаллар диндор ёки динсизми ҳокимият тепасига келдиларми, тамом. Ҳеч қачон осонликча уни қўлдан бермайдилар. Америка империализмининг совуқ саваш ғояси Бен Ладену Толибонни, Фаластин халқию мусулмонларга бўлган ишончсизлик сиёсати Ал-Қоидани, ўзини жаҳон демократиясининг асосчиси деб билган Франциянинг либерал тутуми Хомайнини сақлаб, Эронда теократик давлат тузуми юзага чиқишига олиб келди. Совуқ саваш фалсафасига асосланиб, Шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавий ҳукуматига атом саноатини барпо этишда бош-қош бўлган АҚШ энди ашаддий диний давлат Эронни бу йўлдан қайтармоқ учун шериклари билан бирга ёқа йиртиб ёлвормоқда. Дунёда ҳеч бир давлат ва халқ иккинчи давлат ва халққа юзда юз самимиятла хайрихоҳ бўлиб ёрдам кўрсатмайди. Мамлакатлар ҳам одамлар кабидир. Бер товоғим, ол товоғим. Сиёсатда тўғри ҳалол ва одил бўлсангиз ҳеч нарсага эриша олмайсиз. Савобнинг таги тешик деганларидек, сизни шу самимиятингиз ва ҳалоллигингиз учун жазолаб, эшак ўғрисига чиқарадилар. Бу тегирмондан пихини ёрган пухта эҳтиёткорлар ва ўзини ҳеч қачон ўту чўққа урмайдиган пишиқ эгоистлар бутун чиқади. Буюк пароноиклар таъсири оқибатида бошқа ҳудудларда ҳам шу каби шахслар етишиб чиқа бошлайди ва улар халқларнинг руҳияти, ҳаёт тарзи ва ривожланишига қаттиқ таъсир ўтказадилар. Бироқ халқда бир қорни очганга, бир ақли қочганга тегма деган гап бор. Бу дунёда мутлоқ абадий ҳеч нарса йўқ. Зотан, очнинг онги, тўқнинг мунги бўлмайди. Ўлармон ўз увадасига ўралиб ўлганидек, бу ясама худолар ҳам охири бир кун ҳақиқий баҳоларини оладилар. Нархи беш чақалик инсон ҳар қандай катта амалу унвон билан ўн чақалик бўлиб қолмайди. Тўқ ўсиб улғайган киши у қадар золим бўлмайди. Етим қўзи асрасанг, оғзи бурнинг ёғ бўлар, етим бола асрасанг оғзи бурнинг қон бўлар деб ота-боболар ҳам айтишган-ку. Очнинг кўзига ҳеч нима кўринмаганидек, тўқлар ҳам бора-бора виждон азобини унутадилар. Ва замонлар келадиким, бу фақир фуқаро ҳам шу тахлит яшамайди. Тепаси ўйиқларнинг бахти уларни шу кўйга солганларнинг тахтини йиқитади.

Рустамов яна гапдан тўхтаб, атрофга олазарак қараб қўйди-да, тўқиштиришни ҳам унутиб, қадаҳни отиб юборди ва сўзида давом этди:

– Олинг, укажон. Олиб юборинг. Чет элларда нутқ сўзлаб қадаҳ уриштириш, раҳбарларнинг бир-бирларини ўпиб-ялашлари биздагидек одат тусига кирмаган. Одам боласи ёққанда еб, ярашганда кийиши керак. Поезд ўтиб кетгандан сўнг барчаси бефойда. Рухсатингиз билан бояги фикримни давом эттирсам. Уларнинг ақлли кишилардан чўчишларини тушуниш мумкин. Ҳар қандай носоғлом фикрловчи киши ўзидан устун, соғлом фикрлагувчи одамни хуш кўриб, тан олиб, бошига кўтармайди. Ҳасад деган хасталик менман деган соғлом фикрловчи кишиларда ҳам бўлади. Хом сут эмган банда-да. Бироқ қичқириб қўшиқ айтишдан бошқа ишга ярамайдиган бечора ашулачилардан ҳам ҳадиксирашади. Ахир қўшиқчидан пайғамбар ёки подшоҳ чиқмаган-ку? Овоз ақл эмас-ку! Ақл олдида бош эгадилар. Хуш ёққан овозга чапак чаладилар. Шунга ҳам ота гўри қозихонами? Одамлар шунақа. Бугун сенга чапак чаладилар. Тақдиринг қўлларига тушганда юмшоқ жойингга тепадилар. Бу каби ғайритабиий сиёсатлар туфайли ўша маълум ва машҳур “Пугачёва – Брежнев” деганга ўхшаган анекдотлар туғилади.

Дўлтаев бу латифани эшитмаган эди. Бу хилват гўшаларга бундай анекдотларни ким олиб келади. Ҳамма гап пойтахтда. Биз оғзимизни очганча телевизорга қараб ўтираверамиз. Ўзимиз ёзган чала ёлғонларга ишониб яшайверамиз.

– Бу латифани эшитмаган эканман? – дея суҳбатдошининг оғзига қараб қолди Дўлтаев.

– Анча бўлди чиққанига. Сиздек партия ташкилоти ходимига айтишга ийманишган-да.

– Ким бўлмайин ичдан демократман, домла, – деди Дўлтаев самимий оҳангда. – Тортинмай айтаверинг. Латифалар учун халқ душманига чиқаришадиган замонлар ўтиб кетди, чамамда.

– Шуни унутманг, дўстим. Тарих – воқеа ва ҳодисаларнинг такрорланишидан иборатдир. Халқларнинг бошига келган шахсларнинг даражасига қараб, ҳар қандай жисмоний ва маънавий қатағон такрорланиши мумкин. Буни Италияда маънавий террор дейишади. Ўйлаганингизни айтсангиз, Солженициндек бадарға, ёки Андрей Сахаровдек хонабанд бўласиз. Ҳалиям улар маълум ва машҳур кишилар. Жазолашнинг бошқа усулини қўллай олмаганликлари учун бошлари омон қолди. Оддий одам бўлишганда қатағон деган мясорубкага (қиймалагич) тушиб кетардилар. Табиатан одам зоти шундай. Тепага чиқиб, инсонлар тақдирини ҳал эта бошладими, тамом. Ўзидан кетаверади.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5
  • 5 Оценок: 1

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации