Текст книги "Сукут суиқасди ёҳуд Сталиндан Саддамгача"
Автор книги: Нурали Қобул
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 4 (всего у книги 14 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]
5. Бошсиз элга бош бўлма ёхуд арқонни ким келтиради?
Фикрламайдиган киши – бу фанатик, фикрлай олмайдиган киши – бу тентак, фикрлашдан қўрқадиган киши – бу қул.
ДРАМОНД
Подадаги энг намунали қўй бўлиш учун, энг аввало қўй бўлиш лозим.
ЭЙНШТЕЙН
Сталиноберия қатағонининг саксонинчи йиллардаги кўринишига ўхшаш гдляноивановчилик террори пайтида Лефортово ва Бутирка турмаларининг даҳшатли ҳавосидан нафас олиб келган ҳамкасб дўстимиз Комил Авазнинг бир мунгли ҳикояси бор.
Ўттизинчи йиллар охиридаги қатлиомда бир тўда кишини бир отхонага элтиб қамабдилар. Булар қишлоқ совети раиси, ҳосилот, ферма мудири ва бригада бошлиғи каби чаласаводу саводсиз, оми кишилар экан.
Улар ўзаро суҳбатлашармиш.
– Бизни не қилишади – сўрабди бир маҳбус.
– Билмадим. Қамашса керак-да, – жавоб берибди иккинчиси.
– Қамаш билан қутулсак яхши, Сибирга сургун қилишса керак, – гап қўшибди учинчи маҳбус. – Қарағай кесиб ўлиб кетамиз, чоғи.
– Сургун қилса худога шукр дейсан-ов. Менимча, отишса керак, – дебди яна бири.
– Отишармикан ёки осишармикан? – яна сўради ўша, биринчи маҳбус.
– Осишса кераг-ов, – жавоб берибди иккинчи маҳбус.
– Арқонни ўзлари беришар эканми ёки ўзимиз олиб келамизми? – сўрар эмиш биринчи маҳбус.
– Уйингга бориб олиб келишингга ишонмасалар керак. Шунинг учун отишса керак, – дермиш учинчи маҳбус ақллилик қилиб.
Бу Комил Аваз каби таниқли бир шоир, ёзувчи, драматург, Огаҳий номли Хоразм драма театрини йигирма йил бошқарган улусимизнинг ойдин бир зиёлисининг аянчли ҳангомаси.
Юқорида қайд этганимиз гдляноивановчилик қатағонида миллатнинг “боши” кесилди. Ўша пайтдаги республика президенти мақомидаги Иномжон Усмонхўжаев, бош вазир Нурмуҳаммади Салимов, Олий кенгаш раиси Оқил Салимов, мафкура бўйича марказқўм котиби Раъно Абдуллаева, марказқўм ишлар бошқармаси бошқарувчиси Турсун Умаров, Хоразм вилояти раҳбари Мадёр Худойберганов, Самарқанд вилояти раҳбари Назир Ражабов, Фарғона вилояти раҳбари Ҳамдам Умаров, Қорақалпоғистон раҳбари Қаллибек Камолов, Бухоро вилояти раҳбари Исмоил Жабборов, Тошкент вилояти раҳбари Мирзамаҳмуд Мусахонов ва ўнлаб туманларнинг раҳбарлари, хўжаликлар раис ва директорлари қамоққа ташландилар.
Бухоро вилояти раҳбари Абдувоҳид Каримов ва республика пахта саноати вазири, кўп виждонли инсон Ваҳобжон Усмоновлар отилдилар. Қашқадарё вилояти раҳбари Рўзимат Ғойибов, ички ишлар вазири Эргашев, Самарқанд вилояти ижроия қўмитаси раиси, Шароф Рашидовнинг тоғалари, Ҳамроқул Носировнинг ўғли Синдор Ҳамроқулов ва укалари Саҳоб Рашидовлар ўз жонларига қасд қилишга мажбур бўлдилар.
Шу мясорубкада машҳур ҳофизимиз Шерали Жўраев ҳам КГБнинг сўроқ хоналарига “ҳурмат-эҳтиром” билан чақиртирилди. Терговчи кейинчалик Тожикистон республикаси прокурори вазифасига кўтарилган Жўраев деган киши эди.
Ишхонам “Матбуот уйи”, сўроқ қилинадиган бинонинг ёнида эмасми, ҳофиз дўстимиз ёнимга келади. Бирга борамиз. У киши сўроқ беришга кириб кетади. Мен кутиб, хиёбонни айланаман. Охири тоқатим тоқ бўлиб ишга қайтаман. Биткин аҳволдаги дўстим қоронғи туша бошлагач хонамга кириб келади.
Не қиларимни билмай бошим қотганча республика прокуратурасида ишловчи, сўнгра ўзиям гдлянчиларнинг қурбони бўлган дўстимиз Обиджон Алибоевга телефон қилдим. Келгач, вазиятни англатдим. Ўзиниям хабари бор экан.
– Ўзбекистон фахрийлар кенгашининг раиси Расул Ғуломовнинг олдига киринглар. Улар Ғуломов кимни қама деса қамайди, қўйвор деса қўйворади, – деди у шипшиган овозда.
Дўстим сўроқдан чиқиб келгач, кечқурун Расул Ғуломовнинг қабулига бордик. У киши бизни яхши қаршилади. Мен ҳофизнинг ҳолатини англатдим.
– Нима деб сўроқ қилмоқдалар? – қизиқсиниб сўради Расул Ғуломов.
– Раъно Абдуллаеванинг қайноғаси билан ўқиган экансан. Курсдошинг орқали унга пул бергансан деб сўрғиламоқдалар. Мен Абдуллаевани умримда кўрмаганман, – дея жавоб берди Шерали Жўраев.
Бироз ўйга толган Ғуломов телефон гўшагига қўл узатди.
– Қаердасиз Тельман Хоренович? – сўради ғоят дўстона овозда. – Қачон келасиз? – деди у Москвада эканлигини айтди шекилли. – Яхши етиб келинг, Тельман Хоренович, депутатскоеда ўзим кутиб оламан. Унгача болаларингизга айтиб қўйинг. Машҳур ҳофизимиз Шерали Жўраевни безовта қилишаётган экан. Бу боланинг уларга алоқаси йўқ…
Улар телефонда қуюқ хайр-хўшлашдилар.
– Бўпти, бораверинглар. Энди чақиришмайди, – деди Ғуломов қилган ишидан мамнун оҳангда.
Елкамиздаги тоғ ағдарилган эди…
Биз суҳбатда бўлиб кўмак сўраганимиз, академик Мирзаали Муҳаммаджонов билан биргаликда Шароф Рашидов устидан Сиёсий бюро, Юрий Андроповга шикоят билан мурожаат этиб, “Ўзбеклар иши”ни бошланишига сабабчи бўлган, ўзини Рашидовнинг “қурбони” санаган Расул Ғуломов, Шароф Рашидов ҳаётдан кўз юмганда ҳам республика Давлат кино комитетида молия ва қурилиш бўйича вазирнинг биринчи ўринбосари, егани олдида, емагани кетида эди…
Рашидов от-аравани торта олмаган кишига эшак аравани берар, ҳеч кимнинг бола-чақасини оч-яланғоч қолдирмас эди.
Бироқ биз тепамизда турган кишиларни булғаб, керак бўлса, жиноятчига айлантиришдек хасталигимиздан халос бўла олмадик. Менимча, бунинг икки сабаби бор: биринчиси, юқорида сўйлаганим каби ҳавас эмас, ҳасад хасталиги. Иккинчиси эса муносиб мавқеларга муносиб кишиларнинг келмаслиги ва уларнинг муттасил қовун туширишлари.
Акс ҳолда яқин ўн йилликда Исмоил Жўрабеков, Козим Тўлаганов, Бахтиёр Ҳамидов, Мавлон Умрзоқов, Қобилжон Обидов ва Алижон Юсупов каби номдор кишилар ҳам қамоқхонаю мелисахона, прокуратураю суд остоналари тупроқларини яламаган бўлардилар. Ички сиёсату реформалардаги хато ва янглишликларни улар бўйнига қўймоқчи бўлиндими ёки бошқа сабаблари борми, билмадим.
Қамалмаса-да қамоқхоналар эшигидан қайтган, ҳар фиръавнга бир Мусо бор деган нақлни унутиб аёвсизларча қийратилган қодирлар масаласи ҳам айри бир мавзудир. Бироқ кейинги икки ўн йилликда жиноий жавобгарликка тортилиб, қамалганлар ҳисоб-китобини қиладиган бўлсак, гдляноивановчилик пайтидаги қама-қамалар ҳолва бўлиб қолади. Шўро давридаги қаттиқ қонун-қоидалар ва механизмлар ишламоқда давом этдими ёки ўша тузум даврида бошимизга ўрнатилган “механизм”дан халос бўлмадикми, ҳарҳолда мамлакатда аъзоси қамалмаган оила қолмади. Бунинг устига ваҳобийу ҳизбут таҳрирчи, ИШИД деган фалокатлар чиқдию қамоқхоналар қатланди.
…Коперникни суд қилмоқдалар.
– Демак, фикрингизга кўра ер ўз ўқи атрофида айланади. Унинг худога алоқаси йўқ? Шундайми? – сўрайди ҳакам олимдан.
– Шундай, жаноблари! – жавоб қилади Коперник.
– Ҳалиям шу фикрдамисиз? – яна сўрайди ҳакам.
Коперник узоқ ва азобли ўйга толади. Нажотсиз кўзларини солинда ўтирган қонталаб, мутаассиб диндорларга, кўзларида ёш ғилтиллаётган шогирдларига тикади. Хўрсинади.
– Биз сиздан жавоб кутмоқдамиз, маҳбус Коперник? – яна мурожаат этади ҳакам.
– Йўқ айланмайди, ҳакам жаноблари! – ниҳоят йиғига ўхшаган сасда жавоб қилади Коперник.
– Фикрингиздан қайтдингизми?
– Қайтдим!
Ҳамма ҳайрон. Солинда пичир-пичир, шов-шув бошланади.
– Ҳакамлар ҳайъати сўнг ҳукмни бермоқ учун танаффус эълон қилади! – солинга мурожаат этади ҳакамлар ҳайъати раиси.
Шогирдлар кўзларидан ёш оққанча темир қафасда турган Коперникнинг олдига келадилар.
– Устоз! Ер ўз ўқи атрофида айланмайдими? – сўрайди улардан бири бу жавобдан ҳайрон бўлиб.
– Йўқ, айланади! Мен сиз иқтидорли шогирдларим кўзини бу қора қарғаларга чўқитмаслик учун шундай дедим! Булар мени барибир ўлимга ҳукм этадилар! Бироқ сизлар ишларимни давом эттиришингиз керак! Бунинг учун эса соғ-саломат бўлишингиз лозим!..
Машойихлар қайд этганидек, ҳукмронлар ўз кучини ҳақорату зуғумда кўрсатсалар, бу жуда ҳам ёмон, чунки сен кетганингдан кейин қўрқув ҳам кетади ҳамда унинг ўрнини нафрат ва ғазаб эгаллайди.
Мушоҳада этар экансиз, яхши фазилатларнинг жуда ҳам кўп бўлиши кишини жамият учун нокеракка айлантиради: бозорга олтин ёмби билан боришмайди – у ерда майда чақа пуллар зарур бўлади деган гап не чоғлик ҳақ эканлигига ишонч ҳосил қилиш мумкин.
Кечмиш машойихлари буни шу тарзда баён этадилар. Халойиқ тўрт нав бўлур, бири улким, билур ва билғонин ҳам билур. Ул олимдур, унга тобе бўлмоқ керакдур. Бири улдурким, билмас ва билмағонин билур, ул қобилдур, унга ўргатмоқ керак. Бири улдурким, билур ва билғонин билмас, ул уйқудадур, уни бедор қилмоқ керакдур. Яна бири улдурким, билмас ва билмоғонин ҳам билмас, ул жоҳилдур, ундин қочмоқ керакдур.
Зотан, Гёте таъкидлаганидек, энг катта қуллик – озодликка эга бўлмай ўзини озод деб ҳисоблашдир.
Мана ўша, ўттиз еттинчи, қатли қатағон, азобу алам, айрилиғу адолатсизлик йилларининг даҳшатли битиги.
Билмассанки, кечар манзил,
Сойу сойлиқ, дарами.
Қаршингдаги ҳар хору хас,
Бир кунингга ярарми.
Бошда турганинг йўл, сўқоқ,
Том манзилга борарми.
Қисмат қиличлари тиғли,
Тангри ўнгдан қарарми.
Дуч келганинг касу нокас,
Ғариб кўнглинг оларми.
Аё бору будинг талаб,
Ёлғиз бошинг ёрарми.
Бу дунёда барча сарсон,
Сўнгида оҳ урарми.
Адли адолат йўқ элда,
Йўқдур улус ороми.
Фуқаронинг ақли шошган,
Сўнг йўл кунда, дорами.
Тоат-ибодат бир хуруш,
Бошда турса ҳароми.
6. Миллий фожиа ёхуд КПСС сиёсий бюросининг биринчи ва сўнгги ўзбек аъзоси
Мени ўзлари танлаган эдилар. Ўзлари ўлдирдилар.
Ироқнинг собиқ президенти Саддам Ҳусайннинг дор тагида айтган сўнгги сўзи
Мени ўлдирманглар! Ахир, сизнинг отангизман!
Оломон қувурдан судраб чиқиб, калтаклаб, таҳқирлаб ўлдираётганда Ливия президенти Муаммар Каддафийнинг фарёд-ла айтган сўзи
Минг тўққиз юз саксонинчи йилнинг баҳори. “Совет Ўзбекистони санъати” журналида бош муҳаррир ўлароқ ишлар эдим. Телефон қўнғироғи чалинди.
– Менман, Нуралижон! – дедилар қўнғироқ қилган қадрдоним, Ўзбекистон халқ рассоми, гўзал қалбли ва закий инсон Абдулҳақ Абдуллаев. – Нуриддин Акрамович Муҳиддинов билан кўришган эдик. Сиз ҳақингизда сўрадилар. Ёзганларингизни ўқиган эканлар. Суҳбатлашмоқ ва танишмоқни айтдилар. Бизникига келасизми? – сўзида давом этди Абдулҳақ ака.
Абдулҳақ ака Ўзбекистонни бошқарган ва ўзбеклар орасидан илк бор Сталин сиёсий бюросига аъзо этиб сайланган Нуриддин Акрамович Муҳиддинов ҳақида сўзлаётган эдилар.
Англашдик ва бозор куни тушда Абдулҳақ аканинг устахоналарида кўришиб, гурунглашадиган бўлдик.
Бу пайтгача мен республиканинг бош раҳбарларидан фақат Шароф Рашидович билан бир неча бор суҳбатлашган бўлиб, Муҳиддинов ҳақида кўп эшитгандим. Ўзбекистоннинг собиқ подшоси саналмиш бу шахсият билан суҳбатлашмоқ мен учун мароқли эди, албатта.
Қолаверса, бунинг устига ёзганларингизни ўқидим дея эътироф этган Бектош Раҳимовдан кейинги иккинчи раҳбар эдилар.
Тарихий шахслар билан турли тадбиру йиғилишлар, сайри саёҳатларда учрашиб танишишингиз мумкин. Бироқ бу кўришувнинг Алишер Навоий сиймосини яратган, рассомлар орасида дунёвий фикрловчи ягона шахс, бетакрор портретчи Абдулҳақ Абдуллаевнинг мўъжазгина расмлар салонида ўтиши учрашув ва суҳбатга алоҳида бир санъату самимият руҳини бахш этганди.
Абдулҳақ Абдуллаевнинг худди Лев Толстойнинг “Кундаликлар”и каби икки жилдлик “Қайдлар” қўлёзмаси “Чўлпон” нашриётида ишлаётганимда нашрга тайёрлаётган эдик. У киши русча ёзганликлари учун таржимон билан она тилимизга ўгиришни ҳам маслаҳатлашгандик. Ишдан кетганим боис бу қўлёзма нашр этилмай қолди.
Характерли томони шундаки, бизда фикрлайдиган арбоб ва санъаткорлар йўқ ҳисоб бўлганлиги учун Абдулҳақ аканикига ўхшаган мемуарлар ёзиш маданияти ҳали шаклланмаган эди.
Шу пайтгача мен у қадар чуқур, таҳлилий бўлмаса-да, тўртта шундай хотиравий китоб ўқидим. Булар Нуриддин Муҳиддиновнинг “Кремлда кечган йилларим”, Рафиқ Нишонов, Саид Усмонов ва академик Эркин Юсуповнинг китобларидир.
Россияда оддий бир актриса ҳам бизнинг энг байроқдор шоиримизу арбобимиздан кўра теран фикрлаб, сизни ҳайратлантиражак мемуар ёза олади. Бироқ бизнинг арбобу аҳбоблар эса мемуар ёзмоқ нари турсин, онасига мактуб ҳам бита олмайдилар.
Нуриддин Акромович билан суҳбатимиз ғоят илиқ кечди. Энг муҳими, у киши жаҳон, рус ва миллий адабиётимиздан хабардор бўлиб, суҳбатлашганим сўнгги республика оқсоқоллари орасида адабиёт ва санъатга энг яқини ва чуқурроқ англагани ҳам шу киши экан.
– Мана шу яшаб турган уйларимизни ҳам ўнлаб рассом ва ёзувчиларга биринчи секретар пайтларида Нуриддин Акромович берганлар. Қўшниларим Қуддус Муҳаммадий, Иброҳим Раҳим, – собиқ бош раҳбарнинг хизматларини таъкидлайди Абдулҳақ ака.
Маълумингизким, Ўзбекистон ССР эълон этилгач, Олий кенгаш раиси этиб Фарғонадан Йўлдош Охунбобоев, Марказқўмнинг биринчи секретари ўлароқ Тошкент вилоятидан Акмал Икромов ва Вазирлар кенгашининг раиси этиб Бухородан Файзулла Хўжаевлар танланган.
Шу ўринда яна бир нарсани қайд этмоқ жоизки, Чор Россияси подшолиги ағдарилиб, совет ҳукумати эълон этилмаганда Нурсултон Назарбоев айтгандек, ўн беш республиканинг давлатчилиги ҳам юзага келмаган бўлар эди. Москвадан қўйилган Коуфману Куропаткинга ўхшаган кишилар бошқарган губернаторликлар системаси давом этарди.
Акмал Икромов ва Файзулла Хўжаевлар қатлидан сўнг республика ҳокимияти бошига водиллик Усмон Юсупов келади. Усмон Юсуповдан сўнг Амин Эрматович Ниёзов биринчи секретар этиб сайланади. Бироқ Амин Ниёзов кўп ишламайди. Бу лавозимни тортиб кетолмагани учун вазифасидан озод этилади. Нуриддин Муҳиддинов ана шу кишидан сўнг ҳокимият тепасига келади.
Нуриддин Муҳиддинов ҳам бу лавозимда узоқ ишлай олмади. Рафиқ Нишоновни Михаил Горбачев Москвага олиб кетиб хароб қилганидек, Нуриддин Муҳиддиновни ҳам Никита Хрущев КПСС Марказий Комитетининг идеология бўйича секретари қилиб, сўнгида элчиликка жўнатиб юборди. Биз илк бор суҳбатлашганимизда у киши “Центросоюз” раисининг ўринбосари эдилар. Кооператив институтини битирганлари учун касблари бўйича элчиликдан қайтганларидан сўнг шу вазифага тайинлаган бўлсалар керак.
Энг муҳими, у киши билан ҳар қандай гапни, масалан Генрих Гейненинг “Сиёсат – қобилиятсизлар машғулотидир. Уларда истеъдод ва уни намойиш этишнинг бошқа имконияти йўқ” ёки Карл Маркснинг “истеъдодсизлар истеъдодлиларни бошқариб лаззатланиш учун сиёсат билан шуғулланадилар” деган гапларини муҳокама ва мушоҳада этиш мумкин эди. Шароф Рашидович билан эса бундай тарз ва оҳангда суҳбатлашиб бўлмасди.
Нуриддин Муҳиддиновдан сўнг республика бошига Собир Камолов келади. Унинг раҳбарлик қисмати ҳам Амин Ниёзов каби узоқ давом этмайди. Шароф Рашидов ана шу – Собир Камоловдан сўнг Расул Ғуломов ва Мирзаали Муҳаммаджоновларнинг қаттиқ қаршилигига қарамай Марказқўмнинг биринчи секретари этиб сайланади. Ва сўнгида Шароф Рашидовнинг ҳам жойини солишди. Бу бизда жуда илдиз отган ва ҳали-бери қутулишимиз мушкул бўлган миллий фожиа – маҳаллийчиликнинг жирканч оқибатидир.
Одамга ўзининг кимлигини кўрсатиб берсангизгина у ўзини енгил тортади дейди Чехов. Биз, оддий ўлим бандалари инсонлар бир-биримизнинг кимлигимизни биламиз ва бир-биримизга ақл бовар қилмас аблаҳликлару яхшиликлар қилиб яшаймиз.
Бироқ бизни шу пайтгача бошқариб, тақдиримизни ҳал этиб келган, истаганда осмонга байроқдан кўтариб, қўли толганда ташлаб юбориб қалбимизу қадримизни чилпарчин қилган эл оғалари ҳақида деярли ҳеч нарсани билмаймиз. Улар ҳаммадан ақлли ва зўр кишилар бўлганликлари учун шу юксагу олий рутбаларга етишганлар дея фикр қилади тепаси ўйиқ бечора қавм. Ўша давр сиёсатини оқлаш, мақташ ва адолатли кўрсатиш учун улар кўкларга кўтарилган ва улардан доною оқил кишилар йўқдек иқлим яратилган.
Яна шуни ҳам унутмаслик керакки, совет тузуми замонида республикада юз берадиган воқеа ва ҳодисалар, қарору кўрсатмаларнинг юзда саксон-тўқсон фоизи марказга боғлиқ бўлган.
Кечамизни ўзича мустабид дея атаб, ўзидан сохта қаҳрамон ясамоқчи бўлган айрим сиёсатчию шоирваччаларнинг гаплари келида сув туймоқ кабидир.
Шароф Рашидов қурувчилар бригадаси бошлиқлигидан Республика Олий Совети раислигига қадар тарбиялаб, ўзига ворис сифатида тайёрлаб келаётган Иномжон Усмонхўжаев ҳақиқатан ҳам Юрий Андроповнинг рағбати билан устозининг ўша чик дея аталгувчи бинонинг олтинчи қатида жойлашган хонасини эгаллади.
Юрий Андропов тирик бўлганида Иномжон Усмонхўжаевни ҳимоя ҳам этарди, балки. Бироқ тариху тақдир ғилдираги терс айланиб кетди. Шароф Рашидовнинг эллигинчи йиллардан келган душману рақиблари унинг қодири бўлган Усмонхўжаевга ҳам ташландилар ва разил мақсадларига эришдилар. Бу миллий хиёнату шарафсизлик оқибатида содда ва тўғри бир киши бўлган арбобнинг сиёсий ҳаёти фожиа билан якунланди ва у умрининг охирига қадар сиқувда, рўшнолик кўрмай яшади.
Давлат арбоблари томонидан қилинадиган хатоликлар доим ҳам уларнинг инон-ихтиёрлари натижасида содир бўлмайди. Кўпинча хатоликлар улар тушиб қоладиган вазиятнинг муқаррар оқибати сифатида юз беради дея бу ҳолатга изоҳ беради файласуф Монтескье.
Адабиёт, санъат ва умуминсоний адолату қадриятларга таъсир ўтказиб келган ҳамда таъсир ўтказажак сиёсатни буюк Чехов айтганидек, “Ўзини санъаткору сиёсатчи деб билувчи ароқхўрлар ароқхўрлик билан, қўлга олиб бўлмайдиган бетайин газеталарни чоп этувчи сўзда журналистлар халққа бўлган бетакаллуф муносабатлари билан, ўзи туб моҳиятига етмаган диний ғояларни тарғиб этувчи, дунёқараши чегараланган руҳан носоғлом нотиқлар разиллаштирмасликлари керак”.
Бугунги инсонлар ва инсониятни ибтидоий ва ўрта асрнинг ақл-идрок, мантиғу зако қабул қилмас тўраю тузуклари билан бошқариб бўлмайди. Бу ғоя ва оқимлар барча жамиятлар орасида радикал ва мутаассиблар, жоҳилу фитначиларни кўпайтиради холос.
Кичик маиший хатолар кичик муаммоларни туғдиради. Катта хатолар эса катта фожиаларни келтириб чиқаради. Буюк Амир Темур қора қишнинг қаҳратонида икки юз минглик қўшин билан Чин юришига чиқиб ҳисоб-китобни янглиш олган бўлса, Наполеон ўз кучига ортиқча баҳо бериб, Ватерлоода хато қилган.
Инсон мутлоқ мукаммал эмас. Хато қилмоқликдан ҳеч ким муҳофаза ёки иҳота этилмаган. Энг муҳими, уни ўз вақтида кўра билмоқ ва тўғри хулоса чиқара билмоқдир. Янглиш сўқоқдан юраётганини тўғри йўлдан кетаётгандек қилиб кўрсатмоқ – нодон, худбин ва такаббур кимсаларнинг ишидир.
Ҳаётимда учта хато қилдим. Биринчи хатойим, пойтахт Истанбулни Анқарага кўчирдим. Иккинчи хатойим, аёлларга жуда кўп эрк бериб юбордим. Учинчиси, уйландим, деган экан Мустафо Камол Отатурк.
Вилоятни қўятуринг, биздаги туман даражасидаги “даҳо”ям мен ҳам хато қилишим мумкин дея ўйлайдими?
Қай бўғин, мавқею мартабада бўлмасин, раҳбар, бошлиқ аталмиш зотнинг кишилар ва халқнинг ўз имкону истеъдодини кўрсатмоғи учун имконияту иқлим яратиб бермоқдир. Цицерон қайд этганидек, бундай имконият йўқ жойда қобилиятнинг ўзи ҳам бўлмайди. Бутун бошли миллат Шимолий Корея ёки Туркманистон ёки Қора денгизда авиаҳалокатга учраган Қизил армиянинг хор оркестрига ўхшаб қолади.
Ушбу битикдан мақсад тириклигида тирноқча ҳам хатою нуқсонлари айтилмаган, гуноҳу жиноятлари хаспўшланган тарихий шахслар ҳақидаги бор ҳақиқатни улар билан мулоқотда бўлган бир ижодкор сифатида улусга етказмоқдир.
Бу ерда ҳеч бир тарихий шахсни оқлаш ёки қоралаш йўлидан борилмайди. Ҳеч кимга ҳукм ўқилмайди. Содир бўлган воқеа ва ҳодисалар қайд этилиб, улар сўзлаган сўзлар, амал қилган эътиқодлар айнан тасвирланиб, таҳлил этилади. Маълум бир хулосага келмоқ ва сўнг сўзни айтмоқ ўзини англаган, ватану миллат тарихию тақдирига бефарқ қарай олмайдиган ўқувчига, миллатга ҳавола этилади.
Зотан, буюк ҳадафлар, улкан мақсадлар ниятида йўлга чиққан шахсиятлар ҳеч қачон ўзларини, ўз шахсий манфаатларини ўйламаганлар. Фақат ўзим ва ўзимникилар деганлар ўзаксиз кетганликларини жуда яхши билганлар. Ҳа, Лев Толстой айтганидек, ҳаётда биргина чинакам бахт бор. у ҳам бўлса бошқалар учун яшамоқликдир.
Давр ва замон ўзгарар экан, тариху тақдирларга бўлган муносабат ҳам ўзгариб боради. Эллик йилда эл янги, қирқ йилда қозон янги, тўқсон йилда тил янги дегандек, кишилар ва жамиятнинг таври ва тарзи ўзгаради. Зотан, файласуф айтганидек, фақат тентаклар ва мурдаларгина ўз фикрларини ўзгартирмайдилар. Битикларга ана шу нуқтаи назардан боқишингизни рижо этаман.
Билхосса, дарвоқе…
Карам аҳлидан айри,
Қалбдан каромат кутма.
Марҳаматдан мосуво,
Қалбдан шафоат кутма.
Имон, инсоф тош-метин,
Хасдан ҳарорат кутма.
Таши инсон, ич шайтон,
Касдан зарофат кутма.
Наҳснинг нуқси зоҳир,
Юздан асолат кутма.
Шароратга шам тутган,
Тоздан жасорат кутма.
Яғийдан баттар хешу,
Дўстдан муҳаббат кутма.
Аҳмад, Маҳмуд деган ҳар,
Сасдан Муҳаммад кутма.
7. Иштонсизлар инқилобидан сўнг танланганлар, терганганлар ва топталганлар ёхуд бахтлилар нега фароғатда яшайдилар?
Қуллуқ қилсанг тўрага,
Йиқиласан ўрага.
Отасўзи
Халқимиз йигирма беш йилдан бери сиздек бир инсоннинг мана шу лавозимга келишини кутган эди.
Иномжон Усмонхўжаев Ўзбекистон Марказқўмининг биринчи секретари этиб сайлангач, Комил Яшин бошчилигидаги ижодкорларни қабул қилганида академик Иззат Султоннинг айтган сўзи
Буюк қалбларнинг истеъдоди бошқа одамлардаги улуғликни билишдир, дейди Карамзин. Бироқ давлатчилик ва инсоният тарихи шуни кўрсатадики, ҳеч бир ҳукмдор ҳеч қачон ўзидан кўра яхши фикрлайдиган, ўзидан кўра обрўли ва машҳурроқ кишини ёнига йўлатиб, бошига тож этмаган. Аксинча, уларнинг ақли ва қобилиятларини пайқаши билан кавушини тўғрилаган. Шу туфайли сиёсатнинг нозик томонлари ва қабариқ қирраларини англаган донишмандлар суҳбатларда ўзларининг бор имконияту салоҳиятлари, теранлигу заколарини ошкор этмаганлар. Боиси, бу очиқ кўнгиллилик ва самимият учун аксар ҳолларда бош ёки қувғинликка учраш билан товон тўланган.
Шу боис ҳам Ўзбекистонда совет ҳокимияти ўрнатилиши билан танланган раҳбарлар – Йўлдош Охунбобоев деҳқон, Акмал Икромов пахта тозалаш заводининг ишчиси бўлган. Булар ичида хат-саводли ва дунё кўрган ҳукумат раиси Файзулла Хўжаев эди.
Иштонсизлар инқилобидан кейин буюк қалб, юксак истеъдод, ҳақиқий олийжаноблик каби умуминсоний қадриятлар ҳақида сўз бўлиши мумкин эмасди.
Оч баччағардан қоч баччағар дегандек, отасини ҳам қулоқсан дея қамоқхонага тиқаётган, бойларни йўқ қилиб, барчани бирдек камбағал қиламиз дея қилич сермаб от сураётганлардан ҳамма қочар, элу элатлар паришон бир аҳволда эди.
Тарихчилар Троцкийнинг отаси билан бўлган суҳбатни ҳикоя қиладилар.
– Сизларнинг мақсадларингиз нима? Нима қилмоқчисиз ўзи? – дея сўрабди ота Троцкий ўғлидан.
– Шиоримиз шундай, ота. Йўқолсин бойлар, яшасин қашшоқлар, – дея жавоб берибди Троцкий.
– Демак, сизнинг мамлакатингиз бойларнинг эмас, қашшоқларнинг юрти бўлади. Бу хато. Мен ўлкани тарк этаман, – деган экан ҳарбий коммунизм ғояси муаллифининг отаси.
Мавжуд мафкура, коммунистик иерархия бўйича биринчи раҳбар саналган Акмал Икромовдан Ўзбекистон коммунистик партияси Марказий Коммитетининг сўнгги биринчи секретари Ислом Каримовгача барча биринчи раҳбарни, марказ ва у ерда ўтирган бош секретарь ҳамда сиёсий бюро танлаган. Бироқ аслида масалани бош секретарь ҳал этган. Акмал Икромовни Иосиф Сталин танлаб, ўзи асфаласофилинга жўнатган бўлса, Шароф Рашидов Никита Хрущевнинг таржиҳидир. Иномжон Усмонхўжаевни Юрий Андропов танлаган бўлса, Рафиқ Нишонов билан Ислом Каримов Михаил Горбачевнинг кашфиётидир.
Булар орасидан мустақиллик туфайли фақат Ислом Каримов омон қутулиб қолди. Қолган барча бош раҳбарлар кўзи очиғу юмуқлигидан қатъий назар сталиноберия режими яратган моддий, маънавий ва жисмоний террорга маъруз қолдилар.
Шу тариқа Нуриддин Акрамович билан дўстона мулоқотларимиз давом этди. У киши биринчи стационарда даволанар эканлар, кўргани бордим.
– Хотираларимнинг биринчи жилди тайёр бўлди. Дўстларга ўқитиб, фикрларини олмоқдаман. Сиз ҳам кўриб берсангиз, – дедилар хайрлашаркан қўлёзмани тутиб.
Қўлёзмани ўқиб бўлгач, яна кўришдик.
– Сиёсий адабиётимиздаги илк воқеа. Шу пайтгача ҳеч бир миллатдош тарихий шахсимиз бундай китоб ёзмаган. Табриклайман! Ижозат этсангиз бир эътирозим бор, – дедим назокат ва эҳтиром деворини сақлаган ҳолда.
– Айтинг. Сизнинг фикрларингиз мен учун ғоят қадрли, – жавоб қилдилар самимий оҳангда.
– Сталиннинг кимлигини сиз ҳаммадан яхши биласиз. У билан боғлиқ воқеаларни, ораларингизда бўлиб ўтган суҳбатларни айнан ёзиш ва китобхонга тақдим этиш ўша давр сиёсий муҳити ҳамда тарихининг ғоят жонли манзараларидир. Бироқ уни улусга доҳий сифатида тақдим этмаслик керак. Унинг паранойя ва шизофрения хасталикларининг оғир формалари билан оғриганлигини, бу ҳақда хулоса берган Боткин каби буюк медик олимларнинг қатл этилганлигини жуда яхши биласиз. Шундай экан, унга сиёсий баҳо бермоқда адолатли бўлмоқ керак деган фикрдаман. Бу ҳақдаги тушунчаларимни қайд ҳам этганман.
– Суҳбатларимиз оқимидан шундай фикр билдирасиз деган ўйда эдим, – дедилар Нуриддин Акрамович фикримга қисман қўшилгандек бўлиб.
– Янглишмасам, бу китоб мен қўлёзмасини ўқиганимдан сўнг ўн беш йилдан кейин чиқди. Китоб Москвада чоп этилди-ю, бечора Муҳиддиновнинг боши балога қолди. Қолган жилдлари ўқувчи юзини кўрмади. Вақти замони етиб чоп этилар.
Сўнгги бор учрашганимизда бу таъқибу тазйиқдан норози бўлиб, кўзларига ёш олдилар.
– Яқинда Иномжон Усмонхўжаев билан гаплашдим. Моддий аҳволи оғирроқ экан. Дон маҳсулотлари ташкилотида ўринбосарми, омбор мудирими бўлиб ишлаётган экан, – деди қучоқлашиб хайрлашаркан. – Сизга сўзлаяжак кўп гапларим бор эди. Улгурмайман шекилли. – Иномжон Бузрукович билан ҳам суҳбатлашинг. Жуда кўп гапларни айтиб берадилар. Буларни фақат сиз ёзишингиз мумкин. Генерал Ғулом Алиев ҳам оғайнингиз экан. Унинг фикр ва хотиралари ҳам муҳим…
Юртдошим Тўра Сулаймон ҳикоя қилиб берган бир воқеани эсласам, ҳамон изтироб чекаман.
– Зулфия опанинг тўқсон йилликларини нишонламоқ учун Ёзувчилар уюшмасига йиғилган эдик. Нуриддин Акрамович ҳам келган эканлар. Йиғилишни Абдулла Орипов олиб борарди. Ҳамкасблар навбатма-навбат сўзлашди. Мен ҳам. Муҳиддинов бир неча бор раисдан сўз сўради. Бироқ сўз берилмади. У киши қаттиқ асабийлаша бошладилар. Мажлис тугади. Биз ёнма-ён ўтирардик. Ҳамма солиндан чиқиб кетди. Иккимиз қолдик. “Биз қаердамиз? Сиз кимсиз?” дея сўради у киши мендан. Англадимки, стресс, изтиробдан хотирасини йўқотиб қўйган. Не қиларимни билмай, шошиб қолдим. У кишини суяб, ташқарига олиб чиқдим. Уй манзилларини айтсалар элтиб қўйишимни сўйладим. Олой бозори деган гапни айтдилару бошқа ҳеч нарсани эслай олмадилар. Сўраб-суриштириб, таниш-билишларга телефон қилиб, тўрт соат деганда уйларини топиб, элтиб қўйдик. Биз не қадар бир-биримизга бўримиз…
Бектош Раҳимов опаси жанозасида қатнашмоқ учун Оқтошга боради. Тор бир жойда лаҳад кавланганлигини кўриб эътироз билдиради.
– Мана бу кенг-мўл жойдан қабр кавласаларинг бўлмасмиди? – дейди ақраболарига.
– Бу жойни сиз учун олиб қўйганмиз, – жавоб қилади “ғоят ақлли ва ғамхўр” қариндоши.
Бу жавобдан таъсирланган Бектош ака нохуш кайфиятда Тошкентга қайтадилар. Эшикдан киришлари билан телефон жиринглайди. Трубкани ўзлари оладилар.
– Сизга ажратилган давлат дала ҳовлисини қайтариб олаяпмиз. Шуни айтиб қўймоқчи эдим, – дейди воситачи ходим бу хусусдаги қарорни маълум қилиб. – Тезда бўшатинг!
Бектош Раҳимов бу қўнғироқдан сўнг батамом хотирасини йўқотади ва қайтиб ўнгарилмайди.
Бу инсонлар замонасининг танланган, тергалган сўнгида топталган қаҳрамонларию қурбонлари эдилар.
Бу қаҳрамон қурбонларнинг энг каттаси ўттиз беш йил мамлакатни бошқарган Шароф Рашидов эди. (Бу тарихий шахс ҳақида навбатдаги бобларда ҳикоя қилинади). Хизр назар қилмаса, эшак бозорга даллол ҳам бўлмайсан деган нақл бор. Биз тепаси ўйиқ қавм ва бошимизда турган “ақлирасо”лар тарихий воқелик ва шахсларга тўғрию ҳаққоний баҳо бериб, уларга ҳеч бўлмаганда эшак бозори даллоличалик ҳурмат кўрсатишни ҳам билмайсиз.
Тирикликда амалу мансаб талашганимиздек, қачонгача обрўли қабристондан яхши жой талашамиз? Ахир, сўнгги ҳисоб-китоб онида олинажаги бир ярим газ еру, икки газ бўз-ку?!
Бир машҳур шоиримиз абадиятга йўл олгандан сўнг хоними “давлат қабристонига эмас, оила қабристонимизга кўмамиз. Мен ҳам бирга ётишимиз керак” дея тихирлик қилибди. Буни эшитган раҳбар киши ҳайрон бўлиб, “кўнгиллари тўқ бўлсин, у кишига ҳам жуда яхши жой топиб берамиз” дебди.
Иккинчи бир машҳур шоирнинг хоними ҳам раҳбарлардан бирининг ҳузурига бориб, келажакда ўзини ҳам жуфти ҳалоли ёнига қўшишларига ёрдам этмоқни сўрабди.
– Сиз шоира бўлмасангиз. Билмадим. Бу ҳақда кимга нима дейишни билмайман. Унда сиз ҳам шеър-пеър ёзиб, бир-иккита китоб чиқаринг, сўнгра бу масалани гаплашса бўлар, – дебди адабиёт ва санъатдан узоқроқ бу раҳбар.
Шоҳид бўлганим бир воқеа хусусида сўйламакни лозим топдим.
30 октябрь 1983 йил. Ўшанда ҳам Дўрмон ижод боғида эдим. Шанба, якшанба кунлари ишлаш учун келгандим.
Тонг саҳарда навбатчи телефонга чақиришаётганини айтиб келди. Трубкани олдим.
– Нурали, мен Людмиламан. Жияним махсус ҳукумат алоқаси станциясида ишлайди. Кеча кечқурундан бери раҳбарлар Шароф Рашидовнинг вафот этгани ҳақида сўзлашмоқдалар дея қўнғироқ қилди. Эшитдингизми? – деди ташвишли оҳангда.
Людмила Тошкент молия техникумида дарс берар, шеърият ихлосманди бўлиб, дўстларим Андрей Вознесенский ва Андрей Дементьевларнинг Тошкент сафарлари давомида танишган эдик.
Шу тариқа бу мудҳиш воқеадан хабар топдим ва Шароф Рашидовичнинг Герман Лопатиндаги уйларига етиб бордим. Ҳамма карахт. Фақат Шароф Рашидовичнинг иккинчи қардошлари Саҳоб ака йиғлаб турардилар.
Юқорида зикр этганимдек, киши кўп туш кўраверса, хосиятлию хосиятсиз бўлсин, кўп ҳолларда тўғри чиқиб қолади. Габриэл Гарсиа Маркес “Ёлғизликнинг юз йили” романини Юсуф пайғамбар яхшиликка йўйган бир хосиятли туш кўрганидан сўнг қоғозга тушира бошлаганини қайд этади.
Одатда киши, тартибли, покиза ҳаёт кечирса яхши, хайрли тушлар кўради. Пала-партиш, тийиқсиз еб-ичиб, санқиб юргандаги рўёлари ҳам шу тахлит бўлади.
Мен ёзги таътилимни доимо она қишлоғим, ота тупроғимда ўтказар эдим. Қишлоқда экан туш кўрдим ва уни кундалигимга ёзиб қўйган эканман.
“Тушимда Шароф Рашидовични кўрибман. У киши ўзлари миниб юрадиган “Зил” автомашинасида Дўрмондаги дачадан шаҳар томонга келаётган эмишлар. Биз, бир тўп одамлар у кишининг ҳаракатларини кузатиб турган эмишмиз. Машина Ёзувчилар уюшмасининг кун юриш томонидаги хиёбонга етганда ўнгу сўлга бурилмай каттакон деворга келиб урилди. Пачоқланиб, оғочлар ағдарилаётган чоҳга тушиб кетди”.
29 июль, 1983 йил. Ўсмат.
Марҳумнинг умр йўлдошлари Хурсаной опа яширинча мулла топдириб келиб, жаноза ўқитдилар.
Сўнгра майитни қаерга кўмиш масаласи муҳокама этилди.
– Москва билан маслаҳатлашдик. Юрий Владимирович Андропов сафдошлари қаерга кўмилган бўлса, ўша ерга дафн этинглар деганлар, – деди Рашидовнинг ўрнига сайланган Иномжон Усмонхўжаев.
Марҳумнинг умр йўлдоши ва ўша пайтдаги бош вазир Нормоханмади Худойбердиевнинг эътирози туфайли Ленин музейининг кун ботишдаги, ҳозир Рашидов ҳайкали турган ер танланди. Бу ҳақда Андроповга яна айтишганда энсаси қотиб, “как хотите” дебди.
Сарвар Азимов билан “Халқлар дўстлиги” саройида, мотам маросимида ёнма-ён турар эканмиз, Жиззахнинг Шароф Рашидович туғилган қўрғон қасабасидан келган аёл қариндош-уруғларининг айтиб йиғлагани ҳамон қулоқларим остида жаранглайди.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?