Текст книги "Бургут тоғда улғаяди 1-китоб"
Автор книги: Нуриддин Исмоилов
Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 5 (всего у книги 21 страниц) [доступный отрывок для чтения: 7 страниц]
Эринчокдик билан ўрнидан турган Кобра ёнидан кўзойнагини олиб, букланган қоғозни эринчоқлик билан очдида, уни ҳижжалаб ўқиб чиқди. Кейин тиржайиб Фаррухнинг ёнига келди.
– Сенинг ҳамма ёғинг тилло экан-у, билмаган эканман, – деди у кўрсаткич бармоғи билан унинг юзига бир уриб қўйиб.
– Сиз кимсиз? – деди Фаррух устидан бунақа кулишлар жонига тегиб.
– Оббо сен-э, – деди Кобра кулиб, – менинг кимлигимни билмоқчимисан? Жуда қизиқувчан болага ўхшайсан. Менга ёқиб қолдинг. Сендай йигитчаларни ҳурмат қиламан. Ишонмасанг, манавилардан сўра, – у камерадагиларни қўли билан кўрсатди. – Қани, бир ўрнингдан тур-чи, бўй-бастингга яхшилаб қараб олай.
Фаррух оғриниб ўрнидан тураётганда, боши айланиб кетди ва каравотига йиқилиб тушди.
– Қанжиқ! – дея бақирди жаҳли чиқиб кетган Кобра. – Ипирисқи!
Майнавоз унинг олдига югуриб келди-да, оёғини ўпишга тушиб кетди.
– Итдан бўган! Маразнинг боласи! – деб бўкирган Кобра уни тепкилай бошлади.
Зумда унинг ёнига иккита барзанги ҳам қўшилди. Бирпасда Ипирисқининг соғ жойи қолмади. У буткул хириллаб қолгачгина, Кобра Тўрткўзга нима қилиб бўлсаям Фаррухни эртагача тузатишни буюрди. Ўзи эса каравотнинг олдига бориб тумбочкасини очди ва Россияда ишлаб чиқарилган пиводан олиб, ютоқиб-ютоқиб ичди, шундан сўнггина бироз чиройи очилди ва столга ўтириб:
– Сигарета! – деди.
Барзангилардан бири ёнидан сигарета чиқариб, тезда тутатди-да, Кобранинг қўлига тутқазди. У мириқиб тутунни ичига тортиб столга ўтиргач, бироз кўзини юмиб турди. Сўнг битта кўзини очиб барзангига қаради-да:
– Бу тойчоқни шу кеча байталга айлантирасан, – деди.
* * *
Моҳирўйнинг гапи жавобсиз қолди. Зулайҳо у берган саволга жавобан ўзини ўйланиб қолган кишидай тутиб, қошини чимириб турди-турди-да:
– Қизалоғим, – деди иложи борича майин овозда гапиришга уриниб, – бўлар-бўлмас бемаза гапларни каллангдан чиқариб ташла. Даданг сенга қўполлик қилган бўлса, бунинг сабаби битта. У ҳам бўлса сенинг келажагинг. Энди ўжарлик қилмасдан манави дорини ичиб олчи, – дея у қўлидаги дорини қизнинг оғзига тиқди.
Моҳирўй дорини ичди-ю, лекин келтирилган таомга қарамади. Болишга бошини қўйди. Ва дарров ухлаб қолди. Туш кўрди. Тўрт томонидан тўртта аждаҳо унга яқинлашиб кела бошлашди. Бирининг оғзидан олов, иккинчисиникидан сув, учинчисиникидан қон, сўнггисининг оғзидан эса кўпикка ўхшаган бир нарса отилиб чиқар эди. Моҳирўй шунча ҳаракат қилмасин, қочиб кетолмас, бақирай деса, овози чиқмасди. Аждаҳолар унга яқинлашган сайин биттаси дадасига ўхшаб кетаверса, иккинчиси ойиси шаклини оларди. Қолган иккитаси ҳам одам башарага айланарди-ю, бироқ уларни Моҳирўй ҳечам кўрмаганди. Улар қизнинг яқинигинасига келиб қолишганда, Моҳирўй "Энди тамом, ўлдим!" деб ўйлаб кўзини чирт юмиб олди. Бироқ, ҳадеганда унга махлуқлар тегинаверишмади. Ҳайрон бўлган қиз кўзини очса, аждаҳолар бир-бири билан уришиб ётган эмиш. Гоҳ ойиси дадасининг бўйнидан маҳкам тишлаб, узиб олишга ҳаракат қилар, аммо унинг бўйни қанча чўзилмасин, барибир узилиб кетмас эди. Кейин эркак аждаҳо урғочининг бўйнига ҳамла қиларди. Лекин у ҳам шунча ҳаракат қилмасин, ойисини ўлдиролмасди. Бирдан қаердандир улардан уч ҳисса катта келадиган махлуқ пайдо бўлди-да, иккисини ҳам бир ямлашда ютиб юбориб, Моҳирўйга яқинлаша бошлади. Қўрқиб кетган қиз, "А-а!" дея бақириб юборди ва уйғониб кетди. Унинг тепасида "меҳрибон" ойижониси турарди.
– Қизгинам, сенга нима бўлди? – дея сўради Зулайҳо юмшоқлик билан.
– Аждаҳо, – деди пешонасидан тер қуйилиб келаётган Моҳирўй йиғлаб, – менга аждаҳолар ҳужум қилишди.
– Тавба, – деди кулиб Зулайҳо, – шунга йиғлаб ётибсанми? Тушга нималар кирмайди. Ҳаммасига йиғлайверсанг, кўзингда ёшинг қолмайди… Мен дўхтирга телефон қиддим. Ҳозир етиб келса керак. Манави яраларингни қаратмасак бўлмайди. Тушингга кираётган ҳар хил инсу жинсларнинг ҳам сабаби шунда.
– Ойи, – деди Моҳирўй хаста овозда, – мен нимагадир уйда сиқилиб кетаяпман. Бирон жойга кетсам, салгина ёзилиб келармидим. Майли, иккита соқчи қўйиб қўйинглар ишонмасанглар менга.
Бу таклиф Зулайҳога мойдай ёқиб тушди. Унинг лабида қувонч учқунлари пайдо бўлди. "Шу баҳонада сендан қутулиб оларканман-да, эрка қизим", дея хаёлидан ўтказди у.
– Дўхтир келсин, аввал сени яхшилаб кўрикдан ўтказсин. Кейин дадангга телефон қилиб, ўзим рухсат олиб бераман, – деди у кулиб.
Эшик бирдан қарс этиб очилиб кетди. Остонада куйдирилган каллага ўхшаб тиржайганча Достон турарди.
– Нима керак сенга бу ерда? – дея сўради ойиси ундан.
– Боягина анавини, – дея у Моҳирўйни қўли билан кўрсатди, – дадам оқшом роса безаганини менга айтиб беришди. Шунга бир кўриб қўяйин деб келувдим.
– Кет! – дея бирдан йиғлаб юборди Моҳирўй. – Сендақа укадан кечдим.
"Ким бўпсан-у, шундай олийнасаб боладан кечсанг. Бунинг тирноғигаям арзимайсан-ку", дея хаёлидан ўтказган Зулайҳо қизга бир ўқрайиб қараб қўйди-да:
– Достонжон, унақа демагин-да, уят бўлади, – деди.
– Бунга энг яхши гапирганим шу. Ўзи мени қанча калака қилади, бировингиз ҳам индамайсиз-ку. Менам энди бир устидан кулиб қўяйин-да, – деди Достон афти бирдан жиддий тус олиб.
– Йўқол! – дея яна бақирди Моҳирўй. Бу сафар унинг овози хириллаб чиқди.
– Аввал ўзинг уй қуриб қўй, кейин мени уйдан ҳайдайсан, саёқ. Бу кунингдан баттар бўл. Агар дадамнинг ўрнида мен бўлганимда, бирдан ўлдирган бўлардим, – деди Достон ва орқасига бурилиб чиқиб кета бошлади.
Ўғлининг гапларидан Зулайҳо мамнун эди. Достон айнан унинг кўнглидаги гапни топиб айтганди. Агар ҳозир унинг режалари бўлмаганда, уйдан ҳайдаш қанақа бўлишини бу етимчага кўрсатиб қўйган бўларди.
– Хафа бўлма, қизим, ўзим ҳозир ташқарига чиқиб, яхшилаб адабини бериб қўяман. Келиб сендан кечирим сўрайди, – деди Зулайҳо Моҳирўйнинг сочидан силаб.
– Керакмас, мендан кечирим сўрамасин. Шунинг қорасини кўрмасам бўлди, – дея қиз юзини ёстиғи билан бекитиб йиғлашга тушди.
Бироз унга қараб турган Зулайҳо Моҳирўйга ўзини яқин олган киши бўлиб, чуқур хўрсинди-да, секин ўғлининг орқасидан чиқиб кетди.
"Ниятларинг нима ўзи? – дея пичирлади у чиқиб кетганидан кейин Моҳирўй. – Нега мени бунчалик қийнайсанлар? Биринг уриб чалажон қилиб ташладинг, иккинчинг етимчага чиқардинг, энди манави жинқарчанг келиб устимдан кулаяпти. Агар сенларга жуда керагим бўлмаса, уйларингдан ҳайдаб юборинглар, бира-тўла ҳамманг қутуласан… Менимча, ўзимнинг бош олиб кетишимни истаяпсанлар. Яхши, мен бунгаям кўнаман. Фақат бироз сабр қилинглар. Озгина оёққа туриб олай, кейин беозоргина, ҳеч кимга билдирмасдан, зиён етказмасдан кетаман".
Икки соатдан кейин Зулайҳо айтган дўхтир келиб, обдон Моҳирўйни кўрикдан ўтказгач, лабини тишлаб, бошини сарак-сарак қилди-да, уй бекасини имлаб, ташқарига чиқишга ундади.
– У сиз айтганчалик йиқилиб тушмаган, қаттиқ калтакланибди. Бу аҳволда майиб бўлиб қолиши ҳам ҳеч гап эмасди, – деди дўхтир қабариқ кўзойнагини қўлига олиб.
– Баҳром ака, қизиқсиз-а, – деди Зулайҳо, – бизнинг уйга ким ҳам кириб қизимизни калтаклаб кетиши мумкин? Агар у ер-бу ери кўкарган бўлса, ҳечқиси йўқ, тузалиб кетади. Фақат жароҳати жиддий эмасми, чунки иситмалаб қолди-да.
– Жароҳати жиддий эмас, – деди дўхтир хўрсиниб, – лекин қиз бола бошига шунчалик калтаклаш шарт эдими? Ўзиям кўзга яқин экан.
– Балки шунинг учун ҳам ушбу хонадондан амалдорлар етишиб чиқаётган бўлса керак. Бу ёғини бизга қўйиб беринг. Нима қилиш кераклигини ўзимиз яхши биламиз.
– Ўзингиз биласиз, – деди дўхтир қўлини икки ёнга ёзиб, – менинг вазифам айтиб қўйиш, огоҳлантириш, холос.
Дўхтир Моҳирўйнинг жароҳатини тезроқ тузатадиган дори-дармонлардан ёзиб берганидан кейин битта укол қилди-да, чиқиб кетди.
Моҳирўй икки кундан кейин бутунлай оёққа туриб кетди. Бироқ у энди ҳардамхаёл бўлиб қолганди. Қиз кулмас, доим жиддий қиёфада юрар эди.
Турғун Ғаниевич ишга чиқиши билан унга марказдан текширувчилар келишганлигини, уларни область бўйича олиб юриш унинг зиммасига юкланганлигини айтишди. У парво ҳам қилмай, тўғри биринчи котибнинг олдига кириб борди.
–Комиссия билан бирга юрадиган биздан бошқа одам қуриб кетган экан-да, – деди у салом-аликдан кейин дарров мақсадга кўчиб. – Шу ердаям ишларимиз тиқилиб ётган эди.
– Турғун Ғаниевич, сизнинг обрўйингиз областда қанақалигини яхши биласиз, – деди биринчи котиб, – ҳатто марказдагилар ҳам бундан хабардорлиги ҳеч кимга сир эмас. Келган меҳмонлар нозикроқ, улар билан тил топишиш фақат сизнинг қўлингиздан келади. Шунинг учун бу вазифани ишониб сизга топширдик.
– Ўзи қачон қараманг, доим мен "крайний" бўлиб қоламан, – деди Турғун Ғаниевич кулиб. – Фақат биздаям кичкинагина илтимос бор.
– Қанақа экан ўша илтимос? – деди биринчи котиб сергак тортиб.
– Меҳмонларни кузатиб қўйганимдан кейин бир ой дам берсангиз. Йил давомида тинимсиз ишлагандан кейин одамнинг тинкаси қуриб кетар экан.
– Бу муаммо эмас, сиз ишни уддаланг, кейин, майли, Сочига йўлланмани биз берамиз.
– Швейцарияга йўлланма келган деб эшитгандим. Хорижга чиқиб келсак, кайфият бошқача бўлармиди?
– Ернинг тагида илон қимирласа хабар топадиганлардансиз-да, – дея ўрнидан туриб Турғун Ғаниевичнинг ёнига келган котиб унинг елкасига қоқди. – Бир йилда қарийб уч мартадан чет элга чиқиб келаяпсиз. Бу сафар бошқаларга шу бор-йўғи иккитагинани берсакмикин деб ўйлаб тургандим.
– Швейцария деган мамлакат харитадагина борлигини билиб қолмайлик, хўжайин. Бунинг устига, қизимиз бетобланиб турибди, ҳаво алмаштириб келса, дардига дармон бўладими, деб ўйлагандик-да.
– Майли, Турғун Ғаниевич, ўйлашиб кўрайлик. Сиз ишни битириб келишингиз билан, ажабмаски, ижобий жавоб тайёрлаб қўйсак, – дея кайфияти бузилган кўйи жойига бориб ўтирди биринчи котиб.
"Рози бўлмай қаёққа ҳам борардинг? Жиловинг менинг қўлимда. Озгина тайсалласанг, онангни Учқўрғондан кўрсатиб юбораман", дея ўйлаган Турғун Ғаниевич ўрнидан турди-да:
– Меҳмонлардан хавотир олманг, уларни рисоладагидай қилиб кузатиб қўяман, – деди.
Амалдор чиқиб кетгач, биринчи котиб алам билан столни муштлади. "Падарингга минг лаънат сендақа итни! Қайси гўрдан ҳам тузоғингга илиниб қолдим? Агар олдингда тилим қисиқлиги бўлмаганида, йўқ қилиб юборган бўлардим. Бор-йўғи ҳар икки йилда бир марта келадиган йўлланмага ҳам эга чиқмоқчисан-а! Сенинг шунақа қилиғингни билганим учун кетма-кет чет эл сафарларига юборгандим. Барибир кўрнамаклик қилдинг", дея хаёлидан ўтказди у.
Бундан беш йил бурун биринчи котиб марказда ишлаб юрганида ўғли иккита қизни зўрлаб, кейин ўлдириб қўйгани учун ҳибсга олинган эди. Шубҳасиз, мабодо у қамалиб кетадиган бўлса, ота амалидан айрилар, партиядан ўчирилар эди. Ота елиб-югурди. Бироқ шаҳар прокурорининг қайсарлиги тутиб, унинг айтганини бажармади. "Ўғлингизни қамашдан бошқа иложимиз йўқ", деб туриб олди. Шунда у бу прокурорга "калит" қидиришга тушди ҳамда кутилмаганда марказга иш билан келиб қолган Турғун Ғаниевич билан дуч бўлди. Биринчи котиб у билан Москвада, съездда танишган эди. Ушанда Турғун Ғаниевич анчагина ҳотамтойлик қилиб, мажлисдан кейин ресторанга олиб борган, ундан кейин эса иккита оқбилакни топиб, котибга совға қилган эди. Табиийки, буларнинг бари бекорга эмасди. Кейинчалик марказда ишлайдиган бу амалдор икки марта Турғун Ғаниевич ишлайдиган областга борганида унинг найрангларини сезган ва кўзини юмганди.
– Нега бунчалик қайғулисиз? – дея сўраганди саломаликдан кейин Турғун Ғаниевич бирданига.
Биринчи котиб бироз "Айтсамми, айтмасамми?" – деб иккиланиб қолади.
– Ака, сизга қарздормиз, муаммонгизга шерик бўлолмасак, уят бўлади, – деган шунда Турғун Ғаниевич юзига қайғули тус бериб.
Шундан кейиғнина биринчи котиб дардини достон қилганди.
– Уни ўйламасангиз ҳам бўлади. Сизга ҳурматимиз баланд. Шугина муаммонгизни ҳал қилиб беролмасак, нима қилиб укалик қилиб юрибмиз, – деган эди Турғун Ғаниевич.
Бу гапдан кейин котиб тилло топиб олган одамдай қувониб кетган ва Турғун Ғаниевични қучоқлаб олганди.
Орадан бир ҳафта ўтганидан кейин шаҳар прокурорининг автомобиль ҳалокати натижасида ҳалок бўлганлиги ҳақидаги хабар тарқалди. Ўша куннинг ўзидаёқ унинг ўрнига бошқаси тайинланди. У тезда биринчи котибнинг ишини ҳал қилиб берди. Тўғрироғи, биринчи котиб умуман аралашмади. Барини хамирдан қил суғургандай қилиб Турғун Ғаниевич бажарди.
Тақдир чархпалаги айланиб, орадан уч йил ўтганидан кейин марказда ишлаётган амалдор Турғун Ғаниевичнинг областига биринчи котиб бўлиб келди. Улар бир йилча иноқ ишлашди. Ҳатто орасидан қил ўтмайдиган даражада дўстлашиб ҳам кетишди. Аммо бир йилдан кейин биринчи котиб Турғун Ғаниевичнинг кўп қинғирликларидан воқиф бўлиб қолди ва уни лавозимида ушлаб туриш ўзига ажални чорлаш билан баробар эканлигини сезиб, ишдан бўшатмоқчи бўлди. Ана шундан кейин Турғун Ғаниевич қўлида бор фактларнинг биринчисини унга кўрсатди. Бу биринчи котибнинг Москвадаги оқбилаклар билан бирга ўтказган ишқий лаҳзалари сурати эди.
– Менда прокурорнинг тасодифий ўлими ва бир амалдорнинг ўғлининг қилган майнавозчиликлари тўғрисидаги фактлар ҳам бор. Албатта, улар бир неча нусхада. Оригиналлари Москвада сакланади, – деган эди Турғун Ғаниевич иржайиб.
Шу воқеадан кейин биринчи котиб Турғун Ғаниевичга ортиқча гап-сўз қилолмай қолди. У нимаики айтса, ҳаммасини шундайича адо этадиган бўлди.
* * *
Марказдан келган меҳмонлар икки киши экан. Бири Турғун Ғаниевич билан бирга партия мактабида ўқиган эди. Уни кўриши билан амалдор бирдан қучоғини очди:
– Дўстим, сен келишингни билганимда, ўзим йўлга чиқиб кутиб олган бўлардим, қўнғироқ қилиб бир оғизгина бораяпман деганингда бўларди-ку.
Улар қучоқлашиб кўришишгач, машинага ўтирдиларда, тўғри ресторанга йўл олдилар. Меҳмондорчиликни ҳар доимгидай қуюқ қилган Турғун Ғаниевич "Хўш, энди нима қиламиз?" деган назар билан текширувчига қаради.
– Расмиятчилик учун, – деди Турғун Ғаниевичнинг нигоҳидаги маънони уққан текширувчи, – бир-иккита объектга борамиз, ундан кейин бутунлай ихтиёрингда бўламан, дўстим.
– Бу гап бошқача бўлди, – дея илжайди Турғун Ғаниевич. – Эркак шундай гапиради-да. Унда мен сенга режамни айтайин, ҳозирдан тайёргарлигингни кўриб қўймасанг, кейин қийналиб қоласан.
– Ишқилиб, устимга тегирмон тошини ортмайсанми?
– дея ҳазиллашган бўлди текширувчи.
– Тегирмон тоши нима экан! Шундай юкни орқалатаманки, белингдан қувватинг кетади.
Иккала дўст ҳам бирдан қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборишди.
– Унда шу юкни эртароқ ортгин, белдаги қувват туравериб айнибам кетди.
– Гап бўлиши мумкин эмас, – дея Турғун Ғаниевич ўрнидан туриб, ресторанда хизмат қилиб юрган хизматчи аёл ёнига борди-да, унинг қулоғига: – Иккита янгисидан бўлсин, икки соатдан кейин олиб кетаман, – деди пичирлаб.
– Хўп, акаси жонидан, – деди жувон кўзини сузиб, – сиздай ҳотамтой одам айтади-ю, бажармасак уят бўлар.
– Жуда шумтакасан-да, бирдан пулни эслатасан, – деди Турғун Ғаниевич жилмайиб.
– Ака, касбим шунақа. Ўрганиш бўп қолган, шунинг учун айбга буюрмайсиз, – деди жувон.
– Бўпти, унда мени уялтириб қўймайсан, деган умиддаман. Меҳмон анча нозик. Келишдик-а?
– Бўлмасам-чи, – дея жилмайганча жувон нари кетди.
– Ҳаммаси ҳал бўлди, дўстим, – деди Турғун Ғаниевич меҳмоннинг ёнига бориб, креслога ўтирар экан. – Ишни бошлайверсак ҳам бўлар.
Аввал улар чой қадоқлаш фабрикасига боришди, текширувчи жиддий тортиб, ишчилар билан гаплашган, уларнинг қилаётган ишларини кузатган бўлди. Кейин директорнинг аввалдан тайёрлаб қўйган "бир пиёла чой"ига ҳам қарамасдан, цемент заводига кетишди. У ерда ҳам номига ҳужжатлар кўрилди, дастгоҳдар кўздан кечирилди ва ишни битиришди. Бу вақт мобайнида Турғун Ғаниевич югурдакларига қўнғироқ қилиб тоғда яхшигина жой тайёрлаб қўйишни ва ресторандаги иккита оқбилакни олиб кетишни буюрди.
– Билсанг, – деди йўлда кетаётганларида текширувчи Мурод Болиевич амалдорнинг тиззасига юмшоққина уриб, – ҳамма нарсадан чарчадим. Тўғриси, бу ерга сен билан дам олиб кетиш учун келгандим. Шунинг учун каттага: "Бориб келайин, ҳам областдаги ишларни кўздан кечираман, ҳам дам оламан", дедим. Катта жуда тушунадиган одам, йўқ демади. "Одам ишлашниям, дам олишниям билиши керак", деди.
– Тўғри айтибди, – деди Турғун Ғаниевич деразадан ташқарига қараб кетар экан, – ўрнига мен бўлганимдаям шунақа деган бўлардим. Ҳаётга бир марта келсак. Шуниям итнинг кунидай қилиб ўтказишимиз керакми?.. Шунақангиларига "заказ" бериб қўйдимки, кўрсанг оғзингдан сувинг оқади.
– Биламан, дидинг бало! – деди Мурод Болиевич кулиб ва ёнидан сигарета олиб лабига қистирди.
Дид ҳақида гап бошланиши билан Турғун Ғаниевич Моҳирўй ҳақида ўйлади.
* * *
Кобра нари кетгач, Фаррухни ўз ҳолига қўйишди. Фаррух унинг нима демоқчи бўлганини яхши англаган эди. Шу боис қони бирдан кўпириб кетди. Ўрнидан тура солиб илоннинг бошини мажаклаб ташламоқчи ҳам бўлди. Бироқ вужудидаги оғриқ қўзғалишга йўл қўймади. У кўзини юмди-да, лабини маҳкам тишлади. "Нима бало қил-моқчи булар, одамлар орасига тушдимми ўзи? Мени ким деб ўйлашаяпти? Йўқ, бунисига чидолмайман. Майли, ўлсам ўлиб кетаман, лекин ўзимни шарманда қилдириб қўймайман", дея хаёлидан ўтказди у.
– Яхши бўлиб қолдингми? – деган овозни эшитган Фаррух чўчиб кўзини очди.
Унинг тепасида ҳалиги Турткўз турарди. Фаррух унинг кўзига тикилган кўйи жим тураверди.
– Ҳечқиси йўқ, – деди Тўрткўз, – бардам бўл, оғайни. Буларнинг одати шунақа. Аввал тегиниб кўришади. Агар юмшоқлик қилсанг, ҳолингга маймунлар йиғлайди. Яхшики, ўзингга пишиқ экансан. Агар шундай давом этказсанг, марра сеники бўлади.
Фаррух унинг гапларига қулоқ солиб ётар экан, вақти келиб марра уники бўлишига кўзи етмасди.
– Жа бу билан тил топишиб қолганга ўхшайсан-а, – деди уларнинг ёнига келган барзанги. – Шефнинг гапини эшитдингми? Бу той бугун меники бўлади. Унгача биронтанг олдига яқинлашма, ҳуркитиб қўясан.
– Акам, сизнинг гапингиз гап, – дея Тўрткўз нари кетди.
– Ўзимнинг тойчоғимдан! – дея барзанги Фаррухнинг юзидан чимдиб қўйди.
Асаблари таранглашиб турган Фаррух унинг қўлини силтаб ташлади.
Бирдан жаҳли чиқиб кетган барзанги унга энди қўл кўтармоқчи бўлганида:
– Тўхта, – дея уни тўхтатиб қолди Кобра, – ҳали вақт бор. Бироз ўзига келиб олсин, кейин…
Фаррухни кечки овқатга ўнг томондаги қўшни маҳбус етаклаб борди. Унга Кобра шунақа буйруқ берган эди.
Беш юздан зиёд маҳбус навбатда туриб овқат олишар, сўнг сал наридаги умумий столга ўтириб, шоша-пиша овқатланишга тушишарди. Айрим маҳбуслар эса, навбат ҳам кутмай, тўғридан-тўғри столга ўтиб ўтиришарди. Улар "авторитет" унвонига сазовор бўлганлар эди. Бундайларнинг емакларини югурдаклари етказиб беришарди.
Фаррух биринчи луқмани оғзига солганидан кейин уни чайнашга қийналди. Жағи оғриб кетаверди. Шундай бўлса-да, амал-тақал қилиб, тўрт-беш қошиқ овқат ютишни уддалади.
– Шуми, бугун келган йигитча? – деган овоз келди ёнгинасидан.
Фаррух бошини кўтариб тепасига қаради. Басавлат, соқоли қиртишлаб олинган, сочи силлиқ таралган, кўзи чақнаб турган қирқ ёшлардаги киши унга жилмайиб қараб турарди. Унинг ёнида эса иккита барзанги атрофга олазарак боқарди.
Фаррух ўзи билмаган ҳолда ўрнидан туриб кетди.
– Ўтиравер, ўтиравер, – деди ҳалиги одам йигитнинг елкасидан босиб, – бемалол овқатингни еявер. Менга, мана, ёнингдан жой бўшатишди.
У Фаррухга гапира бошлаганидаёқ, овқатлари "заҳар" бўлган ёнидаги маҳбуслар ўрниларидан туриб кетишди. Шунинг ўзиданоқ чўпон йигит келгувчининг мавқеи қай даражада эканлигини билиб олди. Шу боисдан ҳам яна биронта машмаша бошланиб қолишидан хавотирланганча, "хўп", дегандек бош силкиди-да, қайтадан жойига ўтирди.
– Таълим-тарбия ишларини нафас олишга улгурмасингдан бурун бошлаб юборишибди-да, – дея гапини давом этказди Фаррухнинг ёнидан жой олган маҳбус ёнатрофига қараб оларкан. – Исминг Фаррухми?
– Ҳа, – деди йигит овқатидан кўзини узмай.
– Бировнинг қарз гапини ўз вақтида етказмаслик яхшимас.
"Бунисиям ўйинини бошлади-ку", дея хаёлидан ўтказган Фаррух "Тушунмадим" маъносида келгувчига қаради.
– Босснинг саломини нега ўз вақтида етказмадинг?
Бу саволни эшитиши билан Фаррухнинг кўнглида қаршисидаги кишига нисбатан қандайдир илиқлик пайдо бўлди. Унинг ички ўзгариши ташига ҳам кўчиб, юзига табассум югурди.
– Сиз Чувалчангмисиз? – деган савол беихтиёр оғзидан чиқиб кетди.
Чувалчанг ўзини бундай аташларини ёқтирмасди. Буни билган танишлари унинг ҳақиқий исмини айтиб чақиришарди. Лекин "авторитетлар" ўзлари қўйган лақабни афзал билишар эди.
– Бундан бу ёғига, – деди Чувалчанг қошини чимириб, – мени Баҳодир ака деб чақирасан. Уқдингми?
– Хўп, – деди қизариб кетган Фаррух.
– Босс тузукмилар?
– Ҳа, яхши. Мен у кишининг гапини келганимданоқ сизга етказмоқчи эдим. Лекин имкони бўлмади. Бирдан фалончи ким деб сўраш ноқулай бўлди.
Чувалчанг унинг ёш болаларга ўхшаб гапиришидан кулди. Бошини силаб қўйди.
– Ноқулайлик "гражданка"да бўлади. Бу ерда нимаики гапирсанг, ҳаммаси қулай. Фақат нима гапиришни яхши билиш зарур. Бўпти, сен билан бошқа гапларни эртага гаплашамиз. Энди сени безовта қилишмайди, – дея Чувалчанг ўрнидан турди-да, тўғри Кобра ўтирган жойга кетди.
Илон Чувалчангнинг Фаррухнинг ёнига борганлигини, у билан гаплашганлигини ва ҳатто "тойчоқ"нинг бошини силаганлигини кўрганди. "Чувалчангга унинг нима алоқаси бор? Нега у билан ҳол-аҳвол сўрашди? Нима ҳакда гаплашишди улар?" каби саволлар унинг миясида ғужғон ўйнар эди. Азалий рақиб саналган Чувалчангнинг ўзи томонга келаётганлигини кўрганидан кейин эса, бирдан ҳушёр тортди. Ёнида ўзи каби ҳушёр ўтирган йигитини ҳар эҳтимолга қарши туртиб қўйди.
– Менинг чегарамни буздинг, – деди Кобра гўё овқатланаётгандай олдидаги косадан бир қошиқ луқмани оғзига солаётиб.
– Сен Босснинг дарахтини юлибсан, – деди пинагини бузмай Чувалчанг.
Босснинг номини эшитиб, Кобранинг кўзлари олайиб кетди. Вужудига енгил титроқ кириб, ичидан бир нима чирт этиб узилгандай бўлди. Оғзидаги луқмасини ҳам ютолмай қолди.
– Боссга тегишли эмас у, – деди Кобра ўзида содир бўлган ўзгаришни сездирмаслик мақсадида.
– Тегишли ё тегишли эмаслигини эртага билиб оласан. Унгача унинг ёнидан ел ҳам ўтмаслиги керак. Яна бир нарса: эртагача унинг жароҳатларини тузатиб қўйишни ҳам эсингдан чиқарма, – деди Чувалчанг ва Кобранинг олдидаги нондан бир бурда синдириб олди-да, оғзига солганча ундан нари кетди.
Кобра ўтирган жойида музлаб қолганди. Нигоҳи бир нуқтага қадалган, хаёли даҳшатнинг минг бир кўчасига кириб чиқарди.
Бугунги олган хабари унга амалдордан, аниқроғи, унинг "лайча"си ҳисобланмиш Новчадан келганди. Бундай буйруқ келдими, демак, у албатта бажарилиши шарт эди. Чунки Кобра Турғун Ғаниевичнинг одами ҳисобланарди. Бир пайтлар Кобра наша чекиб ўзининг хотини билан қизини ўлдириб қўйган ва ўлим жазосига ҳукм қилинганида, Турғун Ғаниевич уни бу жазодан қутқариб қолганди (Ҳолбуки, судья танаси бурда-бурда қилиб ташланган она-боланинг хуни учун, қотиллик ҳаддан ташқари даҳшатли бўлганлигини сабаб қилиб кўрсатди-да, ўлим жазоси бермоқчи эди. Аммо кундан-кунга мавқеи ошиб, кўп жойларда ўзининг одамига эга бўлишга улгурган Турғун Ғаниевич унинг йўлига тўғаноқ бўлди. Турғун Ғаниевич Кобранинг қилмиши ҳақида эшитганидан кейин: "Бирор коримга яраб қолар", деган ўйда уни ўлимдан олиб қолди. Ва айнан унинг қўллаб-қувватлаши билан Кобра шу даражага етди. Айни пайтгача Кобра амалдорнинг саккизта буюртмасини бажарди. Шулардан олтитаси қотиллик эди).
Амалдорнинг буйруғига кўра, Фаррух қамоқхонадан умрбод чиқмаслиги керак эди. Яъни, Фаррух ўлмайди, лекин бир умр қамоқхонада яшаб, итнинг кунини кўради.
Аммо кутилмаганда бу гўдакнинг Боссга тегишли чиқиб қолиши Кобрани саросимага солди. Икки ўт орасида қолган илон чора излади. Ниҳоят, кечки овқатдан сўнг ўша чорани топгандай бўлди.
Фаррух камерага қайтиб борганидан кейин ўзига нисбатан муомала бутунлай ўзгарганлигини кўриб ҳайрон бўлди. Ҳеч ким унга ёвқараш қилмади. Кочиримли гап айтмади. Девсифат барзанги ёнига келиб, "Ука, мендан ўтибди, ортиқча гапириб қўйибман, ҳазиллашгандим. Буни тўғри қабул қиларсан. Сенам эркаксан-ку. Эркаклар ҳамма гапни гапириб кетаверади", – дея кечирим сўраган бўлди. Лекин Кобра унинг ёнига келмади, кечирим сўрамади. Орияти йўл қўймади унинг. Фақат ётган жойида тиржайиб қараб турганлигини Фаррух кўрдию, Чувалчангнинг қанчатил кучга эга эканлигини тан олди. Оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади деганларидек, унга нисбатан ҳар қанча юмшоқлик бўлмасин, чироқ ўчганидан кейин ҳам Фаррух анча маҳалгача ухламасдан ётди. Хаёлида ҳозир анави барзангилардан бири келиб, унга ташланиб қоладигандек бўлаверди. Фаррух ёшлигидан кўп ухламасликка ўрганган эди. Шундай кунлари бўлганки, туни билан мижжа қоқмасдан фонус кўтариб қўранинг атрофини айланиб юрган.
Ҳамма тошдек қотиб ухлагандан кейин Кобранинг каравоти ғижирлади. Фаррух бутун диққат-эътиборини шу томонга қаратди. Кобра секин ўрнидан турди-да, чап томонида ухлаб ётган маҳкумни туртиб уйғотди. Бу барзанги эди. Барзанги каравотидан тушгач, унинг қулоғига илон аллаиималар деб шивирлади-да, яна қайтиб каравотига чўзилди. Барзанги овоз чиқармасдан қадам ташлаб борди-да, шеригини уйғотди. Иккаласи алланималарни келишиб олганларидан сўнг, секин Фаррух томонга яқинлаша бошлашди. Фаррух мабодо улар ташланиб қолишса, ён томонини мўлжаллаб турди. Бироқ иккала барзанги ҳам унга ташланмади. Балки, кундуз куни уни обдон элакдан ўтказганлардан бири – Қилтириқнинг ёнига боришди ва унга бироз қараб турганларидан кейин Кобра уйғотган барзанги ёнидан пичоқ чиқарди. Иккинчи барзанги эса, Қилтириқнинг ёстиғини тортиб олиб, унинг юзига босди. Қилтириқ типирчилаб қолганида кўкрагига ханжар санчилди. Яна озгина муддат типирчилаб ётган Қилтириқ тинчиб қолди. Шундан кейин навбат Фарррухнинг ёнидаги маҳбусга етди. У ҳам худди шу усулда ёруғ дунёни тарк этди. Энди барзангилар Фаррухнинг ёнига яқинлашишди. Йигитнинг ичи музлаб кетди. У хиёл кўзини очиб, мабодо ёстиғини тортиб олмоқчи бўлишса, бирдан ўрнидан туриб кетмоққа шайланди. Бироқ барзангилар унинг ёстиғини тортиб олишмади. Иккитасини тинчитган барзанги секинлик билан қонга бўялиб ётган пичоқни Фаррухнинг болиши остига тиқиб кўйди. Бу лаҳза шунчалик ваҳимали кечдики, йигит адойи тамом бўлаёзди.
Ҳамма ишни битирганларидан кейин барзангилар яна жойларига бориб ётишди. Орадан ярим соат ўтгач, уларнинг хурраги эшитила бошлади. Аммо Фаррухнинг уйқуси буткул ўчиб кетган, вужуди дағ-дағ қалтирар эди. Шу алпозда у яна талай муддат ётди. Кейин унинг миясига "Нега улар пичоқни менинг ёстиғим тагига тиқиб қўйишди? – деган ўй келиб, янаям сергакланди. – Бу бекорга бўлмаса керак. Булар бирон нимани мўлжаллашган кўринади. Балки, қилган ишларини менинг бўйнимга ағдармоқчи бўлишгандир? Ҳа, худди шундай қилишмоқчи булар. Агар ҳозироқ бунинг олдини олмасам, қутулмас балога қолиб кетаман". Фаррух секин бошини кўтариб атрофига қаради. Иккита мурдадан бўлак ҳамманинг уйқуси осудалигини кўргач оҳиста ўрнидан туриб, эҳтиёткорлик билан болишининг остидаги пичоқни олди-да, шундоққина тепасидаги каравотда, иккинчи қаватда дунёбехабар бўлиб ётган Майнавознинг кўрпаси тагига тиқиб қўйдию, яна ўрнига чўзилди. Бироз ўтгандан кейин эса тағин ўрнидан туришга тўғри келди. Сабабки, болишида ҳам қон доғи қолганлигига унинг шубҳаси йўқ эди. Болиш худди бояги усулда Қилтириқникига алмаштирилди. Кўнгли бироз хотиржам тортган Фаррух чойшабини ҳам кўрикдан ўтказди. Бахтига, унга қон юқи тегмаган эди.
Эрталаб бирдан ҳамма ёқ тўполон бўлиб кетди. Ўн бештача соқчи йигитлар қўлларида резина таёқча кўтарганларича югуриб киришди. Бурчакка сафланишга улгурган маҳбус улгурди, улгурмагани икки-уч мартадан резина таёқнинг "маза"сини татиб кўришга мажбур бўлди. Албатта, ҳали қамоқхонанинг паст-баландини тушуниб улгурмаган Фаррух ҳам бу насибадан қуруқ қолмади.
Тинтув бошланди. Ҳамма маҳбуснинг тумбочкаларидан тортиб, кўрпа-ёстиқларигача ағдар-тўнтар қилиб ташланди. Бундан Кобранинг қувончи чексиз эди. У ҳатто бироз жилмайиб ҳам турарди. Бироқ бу жилмайиш узоққа чўзилмади. Кутилмаганда Фаррухнинг эмас, балки Майнавознинг кўрпаси тагидан қонга бўялган ханжар чиқиб қолди. Бу матоҳ топилиши билан бараварига тўртта соқчи Майнавозга ташланишди. Уни аввал обдон тепкилашди. Сулайиб полга чўзилиб қолганидан кейин судраб олиб чиқиб кетишди. Кобранинг эса қовоғидан қор ёғар эди.
– Бу, – деди қамоқхона бошлиғи ҳамма иш тамом бўлганидан кейин кириб келиб, – битта одамнинг иши эмас. Қолаверса, Бердиқул шундай иш қилолмайди. Кимлардир қилғиликни қилиб қўйиб, беозоргина одамга ағдарган. Агар ўша одам ўзининг хоҳиши билан ўртага чиқиб, айбини тан олмаса, ҳаммангни онадан туғилганларингга пушаймон едираман!
Бироқ ҳеч ким "Менман ўша қотил", демади. Ҳамма мум тишлагандай жим тураверди.
– Яхши, – деди қамоқхона бошлиғи қалин қошлари бир-бирига туташиб, – унда сен, сен, – дея элликта одам ичидан танлай бошлади у, – олдинга бир қадам чиқинглар.
Танланганлар орасида Кобранинг шериклари ҳамда Фаррух ҳам бор эди.
Ўн икки кишини махсус жазо камерасининг ёнига олиб боришди. Кобранинг шерикларини бошқа ёққа олиб кетишди.
Жазо камерасига икки кишидан киритиларди. Колганлар эса аввалги кирганларнинг чинқириқлари, нолаларини эшитишиб, олдиндан адойи тамом бўлишар эди. Фаррухга "Сен ёшсан, аввал кириб чиқ", дейишмади. Атайдан уни охиргига қўйишди. Умуман, у ерда ёш танланмас эди, бир бошдан киритиб юборилавериши керак эди жазо камерасига. Фаррух олдинги қаторда турган эса-да, ҳар доим "Сен кейинроқ тур", дейишиб, ундан ортдагиларни киритиб юбораверишди. Кирганлар йигирма дақиқа мобайнида дунёга келганларига пушаймон еб бақиришар, ташқаридагилар навбати келгунча уларнинг азобли овозларидан кўпроқ азият чекишарди. Ниҳоят Фаррухга ҳам навбат етди.
– Бу азобдан қутулишнинг ягона чораси бор. Бирбиримизга ёрдам беришимиз керак, – деди унга шерик бўлиб қолган маҳбус жазо камерасига киришлари арафасида. – Мен сенинг бошингни ёпаман, сен меникини. Агар бир-биримизга ёрдам бермасак, иккаламиз ҳам тамом қоламиз. Тушундингми?
– Ҳа, – деди Фаррух қалтираб.
Уларни олиб киришди-да, махсус мосламага киргизишди. Бунда қўл баландга қилиб, оёқ икки ёнга ёзилиб кишанланар, бош эса қимирламайдиган қилиб маҳкамланарди. Сўнг тепадан бошнинг қоқ марказига қайноқ сув томчилай бошлар эди. У аста-секин шунчалик ёмон таъсир қилардики, худди бошингдан мих қоқаётгандек сезардинг ўзингни.
– Қўлинг билан бошимни ёп! – деди Фаррухнинг шериги сув томчилай бошлаши билан.
Фаррух қўлини бироз айлантириб орқа томонига чўзди. Тепадан келаётган сув унинг қўлига тегиб, қўли орқали баданига оқиб туша бошлади. Гарчи у қўлини куйдириб юбораётган эса-да, баданига етиб келгунча анча совиб қоларди. Асосийси эса, бошга бирон томчи ҳам сув тушмасди.
Даставвал уларнинг иккиси ҳам қўллари куя бошласада, чидаб туришди. Охири чидашнинг ҳам иложи қолмади. Бири қўйиб, бири бақиришга тушишди. Бор-йўғи йигирма дақиқанинг шунчалик узун бўлишини Фаррух ўшанда илк маротаба ҳис этди.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?