Текст книги "Бургут тоғда улғаяди 1-китоб"
Автор книги: Нуриддин Исмоилов
Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 7 (всего у книги 21 страниц) [доступный отрывок для чтения: 7 страниц]
–Сени кимлар қандай қилиб бундаи аҳволга солишганини жуда яхши биламан. Фақат бир нарсадан мени аниқ хабардор қил. Буни мен сендан энг яқин одаминг сифатида сўраяпман. Кобранинг одамлари қандай қилиб анави иккитасини чавақлашди-ю, сенинг ёстиғинг тагига қўйилган пичоқ қандай қилиб бошқа одамнинг кўрпаси остига ўтиб қолди? – дея Фаррухнинг кўзига тикилди Босс.
Фаррух нафақат бу одамни яхши кўриб қолган, балки унга сиғиниш даражасига етган эди. Шу боис бўлиб ўтган воқеани қолдирмай ипидан-игнасигача гапириб берди. У ҳикоясини тугатгандан кейин Босснинг юзи ёришди. Фаррухнинг пешонасидан яна бир бор ўпиб:
–Ўзингни яхши асрабсан, ўғлим, бундан бу ёғига ошиғинг олчи, лекин мен ёнингда бўлсам ҳам эҳтиёткорлигингни йўқотма, – дея ўрнидан турди.
Ҳамшира камерадан чиққач, кўнгли хижил бўлди. У Босснинг ўта ваҳший ва айни пайтда олижаноб одамлиги ҳақида кўп бора эшитганди. Шу боисдан ҳам Боссдан хавфсиради. "Бечора йигитга мен қилмаган ишни қилиб қўйса нима бўлади?" дея ўйлади ва шундай хатарли хаёл исканжасида бош врач хонасига кириб борганини ҳам сезмай қолди.
– Тоғ йигитларини жуда чайир бўлади деб эшитгандим, – деди ҳамшира кириб келганидан кейин врач унга жилмайиб боқаркан. – Томирини топишга қийналмаган бўлсангиз керак.
– Мен унинг томирига укол қилолмадим, – деди ҳамшира врачнинг кўзига тик қараб.
– Нега? – деди ҳайрон бўлган врач.
– Энди укол қилмоқчи бўлганимда, Босс деган одам кириб қолди-да, қўлимдаги шприцни тортиб олиб кичкина шишачасига солиб олиб қўйди. Кейин "Мен бунинг таркибини аниқлаштираман. Ундан кейин укол қиласиз, синглим", деди.
– Нима?! – дея ўрнидан сакраб туриб кетди врач. – Босс! Қандай қилиб? Таркибини текширармиш?! Бу ёғи неча пулдан тушди?! Мен энди нима қиламан?! Болачақам етим қолиб кетаверадими?
Бош шифокорнинг юзи бутунлай қайғули тус олган эди. У ўзи сезмаган ҳолда миясига келган гапларни гапириб юбораётганди.
– У йигитнинг ота-онаси йўқми? Унинг ота-онаси нима кўйга тушади? – деди Зарина киноя билан.
Аммо бош врачни шунчалик қўрқув босган эдики, қизнинг нима деганини ҳам англаб ололмади.
– У ерда Кобра йўқмиди? – дея сўради у Заринадан.
– Ҳеч қанақанги илон-пилон кўрмадим, – дея қиз орқасига ўгирилиб бош шифокорнинг хонасидан чиқиб кетди.
У кетиши билан врачнинг кўзидан ёш қуйилиб кела бошлади.
Зарина ўзининг хонасига кирди-да, бошини қўллари орасига олганча ярим соатдан кўпроқ ўтирди. Фаррухни ёлғизлатиб чиқиб кетгани учун ўзини-ўзи койиди. Кейин "Босс бўлса ўзига, бошқа жойда хўжайинлигини қилади. Менга эса беморимнинг соғлиги керак", – дея хаёлидан ўтказди-да, ўрнидан турасола ташқарига чиқди. Қиз кутилмаганда Боссга урилиб кетишига озгина қолди.
– Кечирасиз, синглим, – деди Босс майин жилмайиб, – сизнинг чиқиб қолишингиз хаёлимга келмабди.
Зарина унга ҳеч нарса демасдан ёнидан ўтиб, Фаррух ётган камера томонга югурди. Йўлда уни соқчи тўхтатди.
Қиз унга бемор ётган камерада асбоблари қолиб кетганлигини баҳона қилди. «Юринг», деди соқчи. Ва ортига бурилиб йўл бошлади. Камера ёнига етганларидан кейин Зарина соқчидан эшик ортида қолишини илтимос қилди. Соқчи мийиғида кулиб қизга кўз қисиб қўйди. Ҳамда тагдор қилиб: «Қолиб кетманг ойимқиз», деб қўйди. У ҳовлиқиб эшикни очганида, йигит шифтга нигоҳини қадаганча ётарди.
– Фаррух! – дея бақириб юборди Зарина.
Йигит чўчиб тушди-да, қизга қаради, Заринанинг ташвишли юзини кўриб:
– Нима бўлди? – дея сўради.
– Сизга анавилар тегинишмадими? – деди Фаррухнинг ёнига келган Зарина.
– Улар яхши одамлар, бекордан-бекорга бировни хафа қилишмайди, – деди йигит кулиб.
– Қўрқинчли одамлар экан, шунга хавотир олиб…
– Сиздан бир нарсани сўрасам майлими? – деди Фаррух гапни бошқа томонга буриш учун.
– Ҳа, бўлади, – деди ҳамон ўзига келолмаган қиз.
– Нега менинг бир ўзимни бу ерга қўйишди? Одам тўртта девор ичида зерикиб кетар экан. Ёки бугун эрталаб тўсатдан касал бўлиб қолганлар дарров тузалиб кетишдими?
– Қаёқда тузалишади? Қўли куйгани тезда шифо топиши мумкин. Кейин… Бу ерга ўта хавфли жиноятчиларни қўйишарди илгари. Биз ҳам уларни даволаш учун ёлғиз ўзимиз келмасдик. Сизнинг ёнингизга бўлса, менинг ёлғиз ўзимни юборишди.
– Қўрқмадингизми? – деб сўради Фаррух мийиғида кулиб. – Менам келишингиз билан ташланиб қолганимда нима қилардингиз?
– Йўқ, бу ерга келгунимча касаллик варақангизни, нега қамалганингизни ўқидим. Кейин қўрқмай келдим. Энди мен борай, сўраб қолишлари мумкин. Сиздан, анави акангиз айтганидай, тез-тез хабар олиб тураман, – деб ҳамшира ортига бурилди-да, бир-бир қадам босиб ташқарига чиқиб кетди.
Босс бош шифокор билан обдон "суҳбатлашиб" чиққач, соқчиларга энди қамоқхона бошлиғининг қабулхонасига олиб боришларини айтди.
– Буниси ошиб тушади, сизни шу ергача олиб келишни ваъда бергандик, – деди соқчилардан бири.
– Эсим қурсин, қаричилик-да. Хотира қоптими бизда, – деб Босс бироз ўйланиб турди-да, сўнг: – Ҳозир мени камерага олиб бориб қўйинглар-да, кейин ўзларинг бошлиққа менинг у билан учрашмоқчи эканлигимни айтинглар, – деди ва соқчиларнинг олдига тушиб, қўлларини орқага қилганча камера томон кетди.
Босснинг келиши Кобрани анча ташвишга солиб қўйди. У бир жойда ўтиролмас, устма-уст сигарета чекарди. Бу эса унинг ожизлигини яна бир маротаба намоён қилар эди. Унинг камерасида шу боисдан ҳам тинчлик ҳукмрон, биронта маҳбус қаттиқроқ овоз чиқариб қўйиб илоннинг ғазабига дучор бўлиб қолишдан чўчиб, қимир этмасдан ўтиришарди. Бундай жимжитлик эса илоннинг юрагини борган сари ғаш қилаверди.
– Жимжилоқ! – дея бақирди Кобра. Шу ондаёқ унинг ёнига бўйи пастгина, ўзи озғин ва шу ҳолига қалин ярашиқсиз мўйлов қўйиб олган маҳбус югуриб келди. – Бор, қарта келтир. Қарта ўйнаймиз, бўлмаса худди пошшо ўлиб қолгандай ҳамма мотам тутиб ўтирибди, – деди.
– Хўп, бўлади, – дея Жимжилоқ ўзининг тумбочкасидан ҳали очилмаган яп-янги қарта олиб келди.
Илон атрофига йиғилган ўзининг тўртта барзанги хизматкорларидан бирига қартани ирғитиб, тарқатишни буюрди.
Қарта ўйини ҳам Кобранинг кўнглини ёзмади. У қаттиқ ўйга берилганидан ўйин ҳам эсидан чиқиб кетар, гали келганда қарта ташламас эди. Шунда унинг йигитларидан бири қисқагина йўталиб қўйиб, илонни ўйларидан чалғитарди. "Босснинг узоқ муддат бу ерда бўлиши ўта хавфли. Уни бошқа жойга ўтказиб юбориш керак. Ёки бўлмаса ажалнинг қўлига топшириш лозим. Ҳар иккови ҳам осонлик билан битадиган иш эмас. Бу ерда унинг обрўси меникидан анча баланд. Бошликлар ҳам унинг гапини гап дейди. Яхшиси, ёрдамни ташқаридан – амалдордан олган маъқул. Фақат угина Боссга қарши ўйинда ғолиб чиқиши мумкин. Буюртмани ўзи бердими, бу ёғини ҳам қойиллатсин", дея хаёлидан ўтказган Кобра қўлидаги қартасини отиб юборди. Унинг бундай ҳаракатидан йигитлар бирдан сергак тортишди. Ва биронта буйруқ бериб қоладими деган ўйда илонга қарашди. Бу пайтда Кобранинг Босс билан учрашишига икки соатча вақт қолган эди.
Эдуард Анисимович Босснинг учрашмоқчи бўлганлигини эшитганда ранги бироз оқарди. Бироқ буни билдирмаслик учун ёнидан сигарета олиб лабига қистирдида, соқчига тиржайиб қараб:
–Олиб келинглар, – деди.
Орадан ўн беш дақиқа ҳам ўтмасдан соқчи ундан киришга рухсат сўради ва Босснинг келганлигини айтди.
– Олиб келинг, – деди қамоқхона бошлиғи расмий оҳангда, олдидаги қоғозларни титкилаб, гўё ўзини банд одамдай кўрсатиб.
– Сизни кўриб турганимдан ниҳоятда хурсандман, – деди эшикдан кириб келган Босс жилмайиб.
– Кўзим учиб турганди сени кўришга. Яна нима балоларни бошлаб келдинг? – деди Эдуард Анисимович кўришиш учун қўл узатиб.
– Соғиндим, азбаройи сиздай олижаноб одамни кўргим келди. Шунинг учун келдим. Бунинг устига, бу ер менинг уйим. Кимнинг уйига қайтгиси келмайди, дейсиз, хўжайин.
– Ҳали кўришишга улгурмасимиздан қанча лағмонларни қулоғимга илиб ташладинг-а, шунча ёлғонни қаердан топишингга ҳайронман, – деди қамоқхона бошлиғи зўрма-зўраки тиржайиб.
– Эй-й, хўжайин, қизиқсиз-а? Сизнинг лағмонларингизу қасамхўрликларингиз олдида бизники кўринмай кетади-ку.
Босснинг гапи қамоқхона бошлиғига ёмон таъсир қилди. Унинг ўрнида бошқа маҳкум бўлганида шу гапи учун аллақачон оёғининг тагига олиб топтаб ташлаган бўларди.
– Ўтир, нима гапинг бор эди менда? Фақат тез-тез гапир, вақтим йўқ менинг. Сенга ўхшаган бекорчи одаммасман, – дея бирдан қовоғини уйиб олди Эдуард Анисимович.
– Раз, сиз тез гапиришни талаб қилсангиз, на илож? Қисқа бўлса қисқа-да… Москвадагиларга хабар берсам майлими? Шуни сиздан сўрамоқчиман, холос, – деди Босс столни қўли билан чертиб.
– Қанақа Москва? Қанақа хабар? – деди қамоқхона бошлиғи таажжубланиб.
– Ўзингиз яхши биладиган хабар-да, хўжайин, – деди Босс Эдуард Анисимовичга тикилиб.
– Нималар деб валдираяпсан?
– Одамни чалкаштирманг. Мен валдирамаяпман. Куни кеча ҳеч кими йўқ, айбсиз қамалган чўпон боланинг итдан баттар калтакланганлиги-ю, бугун тунда баъзи бировларнинг буюртмасига асосан иккита маҳкум гум қилинганлиги ва бошқа бир бегуноҳ одам бунинг учун айбдор бўлиб чиққанлиги ва ниҳоят фашистлардан қолган усул билан ўндан зиёд одам жазоланганлиги ҳақидаги хабар бутун Кремлни ларзага солмайди, деб ўйлайсизми?
Қамоқхона бошлиғининг кўзи бирдан олайиб кетди. Рўпарасида ўтирган одам ҳозир махлуққа айланиб қоладигандай, унга бирдан ҳужум қиладигандай туюлди.
– Сен… сен… – деди у тили базўр калимага келиб, – буларни қаёкдан била қолдинг?
– Ҳа, энди шу ерда улғайганимиздан кейин ҳамма тешикни биламиз-да, – деди Босс бармоғи билан столни оҳиста чертар экан.
– Мендан… мендан нима истайсан? – дея сўради қамоқхона бошлиғи.
– Унақа кўп нарса сўрамайман. Фаррух менинг хонамга ўтказилса, уни ҳеч ким безовта қилмаса бўлди. Қолган майда-чуйда нарсаларни ўзим ҳал қилиб оламан, – деди Босс Эдуард Анисимовичнинг кўзига тик қараб.
– Бўпти, сен айтгандай бўлади. Фақат орқа-олдингга қараб юр. Кераксиз нарсаларга бурнингни тиқма. Йигитча билан сариқ чақалик ишим йўқ. У кўпроқ ташқаридагиларни қизиқтиради. Бу ёғини ўзинг тушуниб олавер.
– Яхши. Менинг айтганларим бажарилса, мен ҳам оёғимни узатиб ўтирмоқчиман… Энди соқчингизни чақирсангиз. Ёки илонга ўхшаб сиздай "буюк" инсонни менсимасдан чиқиб кетаверайми? – дея Босс яна бир марта қамоқхона бошлиғига нишини суқиб олди.
– Соқчи! – дея бирдан бақириб юборди Эдуард Анисимович.
Босснинг ҳали иши тугамаганди. У энди Кобра масаласини ҳал қилиши лозим эди. Шу боисдан тўхтаб, орқасидан келаётган соқчига юзланди.
– Ука, – деди ниҳоятда юмшоқ оҳангда, – битта хизмат бор, йўқ демассиз. Мени алоҳида камерага олиб бориб қўйсангиз-да, кейин биродарим Кобрани ёнимга етаклаб келсангиз. Кўришмаганимизга ҳам анча бўлиб кетди. У ҳам, мен ҳам бир-биримизни қаттиқ соғинганмиз.
Соқчи унга кўзини бир қисиб қўйди-да:
– Юришдан тўхтаманг, маҳбус, – деди қўпол, дағал овозда.
* * *
Моҳирўйни титроқ босди. Кўзидан ёш сизиб чиқди. У: "Ҳозир дадам келиб мени аввалгидай калтаклашга тушади", деб ўйлади. Бироқ қизнинг ўйлаганича бўлмади.
– Қандай ҳаддинг сиғди менинг қизимни қучоқлашга?! – дея бақирди Турғун Ғаниевич хизматчига. – Ким сенга бундай ҳуқуқ берди?!
Хизматчи хўжайинининг гапидан буткул довдираб қолди ва Моҳирўйни бирдан қўйиб юборди. Қиз чўккалаб ўтирганча иккала қўли билан юзини бекитиб, ўксиб-ўксиб йиғлашга тушди.
– Ҳалиги… ҳалиги, яна қочиб кетмасин девдим-да, – деди дир-дир титраётган хизматчи.
– Қочмоқчи эмасдим, уйда ётавериб сиқилиб кетганимдан, тоза ҳавога айлангани чиқувдим. Шунгаям ҳаққим йўқми мен бечоранинг? Менинг устимдан энди хизматчилар ҳам кулишаяпти… Кетаман, керакмас менга бунақанги шоҳона ҳаёт! – деди Моҳирўй йиғлоқи овозда.
Унинг ўзи ҳам бундай гаплар миясига қаердан келиб қолганига ҳайрон эди.
Амалдор ортиқ чидаб туролмади. Хизматчининг ёнига келди-да, аввал унинг башарасига шапалоқ тортиб юборди. Кейин бунга қаноат қилмай, икки оёғининг орасига чунонам тепдики, бир қулоч чамаси осмонга сакраган хизматчи ерга гурсиллаб қулади-да, типирчилаб қолди.
Унинг жон ҳовучлаб типирчилашига эътибор ҳам бермаган Турғун Ғаниевич қизини хафа қилгани учун фаррошга ҳам икки тарсаки туширди. Сўнгра Моҳирўйни етаклаб ичкарига олиб кирди.
Қиз ўрнига ётганидан кейин ҳам талай муддат ўзига келолмай ҳиқиллаб йиғлади. Кўзлаган мақсадига етолмагани бир алам қилса, унинг касофатига бошқа бировлар қолгани ҳам ич-этини кемирарди. У ҳақиқатан ҳам ҳар иккала хизматчини жинидан баттар ёмон кўрар эди. Аммо айни дақиқада уларга ичи ачиётганди. Бунинг сабабини ҳатто ўзи ҳам билмасди.
Қиз тонггача хаёл суриб-суриб, ниҳоят, ухлаб қолди. Эрталаб уни нонуштага ҳеч ким уйғотмади. Шу боисдан ҳам, соат миллари ўн бирга яқинлашиб қолганида Моҳирўй кўзини очди. Кейин шошилмасдан ўрнидан туриб, ташқарига чиқди. Ҳовлида ғалати бир сукунат ҳукмрон эди. Хизматчиларнинг биронтаси кўринмас, дадаси билан ойиси ҳам қаёққадир кетгандай эди. Биргина Достон ҳовли адоғидаги ўрикнинг соясида велосипедини алланималар қилиш билан банд эди. Моҳирўй бир муддат гарангсиб турди, сўнг:
– Ҳов, – дея Достонни чақирди.
Достон қиз томонга бир қараб қўйди-да, яна ишини давом этказаверди.
– Сени чақираяпман, қулоғинг гарангми? – деди Моҳирўй.
Укаси бир нималар деб тўнғиллади. Унинг гапларига қиз тушунмади. Шу боис, секин-аста унинг ёнига ўзи борди.
– Уйдагилар қаёққа кетишган? – дея сўради Моҳирўй истар-истамай.
– Буни билиш учун тушгача сасиб ётавермасдан, эртароқ туриш керагиди уйқудан, – деди Достон қилаётган ишидан бошини кўтармасдан.
– Ҳов, – дея бирдан укасининг елкасидан ушлади Моҳирўй, – менинг қачон уйғонишим билан ишинг бўлмасин. Сендан одамга ўхшаб сўраяпман. Уйдагилар қаёққа кетишди?
Достон унинг қўлини силтаб ташлаб ўрнидан турдида:
– Сенинг касофатинг уйга уриб кетибди. Мамарасул акани кечаси биров дарвозахонада ўлдириб кетибди, ойимнинг айтишича, буни қилган одам асли сени излаб келганмиш. Уйга кирмоқчи бўлганида, Мамарасул ака унинг йўлини тўсган, келган одам бошқа чора тополмаганидан уни ўлдириб қўйган, кейин қурққанидан қочиб кетган, – деди Достон афтини буриштириб.
Моҳирўйнинг хаёлига бирдан кечаги воқеалар келди.
– Мамарасул ўлибдими?
– Унинг ўлганидан хабаринг бор экан-да. Бекорга тушгача ухламагансан, – деди Достон киноя билан.
– Сенданам бирор марта тузук гап чиқадими ўзи?! – деди алам билан Моҳирўй.
– Чиқади. Фақат сенга эмас. Йигитларгаям ҳайронман. Сенинг нимангга ошиқ бўлишади ўзи?! Сени яқиндан кўрган одам қўрққанидан юз қадам наридан ўтиб кетгиси келади-ку, – деди Достон афтини бужмайтириб.
– Сени одам деб гаплашиб ўтирган мен ўзим аҳмоқман, – деб кўзидан оққан ёшни кафтига арта-арта Моҳирўй уйга югуриб кириб кетди.
Қиз хонасига кирди-да, бир муддат тўшагида ётди. Кейин хаёлига келган ўйдан хурсанд бўлганча ўрнидан сакраб туриб, ошхонага борди. У ерда ҳеч ким йўқ эди. "Бундай имкониятни қўлдан чиқариб бўлмайди. Тезроқ ҳаракат қилишим керак", дея хаёлидан ўтказди қиз ва яна ўзининг хонасига қайтиб, жинси шимининг кофтасини кийди ва ойнага қараб, ўзига разм солди. Тўзғиган сочлари йиғидан кейин бироз қизарган юзини янада гўзаллаштириб юборган эди. Шундай бўлса-да, сочини турмаклаб, кўзгу ёнидан узоқлашди. Шундан кейин қиз чаққон ҳаракатлар билан кўзга кўринарли нарсаларини сумкага жойлаб, шитоб билан хонадан чиқиб кетди.
У ҳовлида тез-тез қадам ташлаб дарвоза томонга кетаётганида Достон қиз томонга қаради-да:
– Кочиб қаёққа ҳам борардинг? Сен ҳам, шеригинг ҳам барибир қамаласанлар! – дея бақирди.
Моҳирўй унинг гапига эътибор ҳам қилмасдан дарвозадан ташқарига чиқди.
Қиз кетганидан кейин орадан ярим соатлар ўтиб амалдор билан Зулайҳо уйга кириб келишди. Иккаласининг ҳам қовоқлари осилган. Эр-хотин узум сўриси остидаги чорпояга келиб ўтиришди. Уларни кўрган Достон эриниб ўрнидан турди-да, бир-бир қадам босиб ёнларига келиб:
– Дада, велосипеднинг дабдаласи чиқиб кетибди, бошқасини олмасак бўлмайди, – деди пешонаси тиришиб.
Турғун Ғаниевич унга еб қўйгудек тикилди:
– Итдан тарқаган, ҳозир ўзимнинг дабдалам чиқиб ўтирибди, яна олдимда озгина қийшангласанг, сениям дабдатанг чиқади!
– Бор, болам, ўзингнинг ишингни қилиб тур. Ҳозир дадангга битта гап ҳам ортиқча, – дея орага суқилди Зулайҳо.
– Анави санғига ҳамма нарса мумкин. Менга қолганда доим шундай бўлади, – дея нари кетаётган Достон бир нимани эслаб қолгандай бирдан жойида тўхтади-да, яна ортига бурилди: – Оқшом ўйнаши билан ўйнашгани етмагандай, яна ўшаникига суриб кетди унингиз.
– Ни-ма?! – дея бирдан бақириб юборди амалдор. – Ким, қаёққа суриб кетди?
– Намунча бақирасиз болага? – дея ўғлининг ёнини олди Зулайҳо.
Аммо унинг гапига Турғун Ғаниевич мутлақо эътибор бермади. Ўрнидан тура сола келиб Достоннинг қўлидан маҳкам ушлади-да:
– Кимни айтаяпсан? Қаёққа суриб кетди? – дея бўкирди у оғзидан кўпик сачраб.
Дадасининг важоҳатидан Достон қалтираб қолди.
– Мо… Моҳирўй, кийиниб чиқиб кетди! Уни… Уни…
Ўғил қолган гапни айтолмади, кўзидан дувиллаб ёш оқди.
– Нега бунча қийнайсиз бу бечорани? – дея шанғиллаганча эрининг қўлига ёпишди Зулайҳо. – Битта етимча ўзингизнинг пушти камарингиздан бўлган боладанам азизми? Асли туққан онасининг тайини йўғаканки, ҳали у ёққа, ҳали бу ёққа қочади. Унинг дастидан ҳеч биримизда ҳаловат қолмади. Шунинг шалтоғини тозалаймиз деб, мана, икковимизам нима кўйга тушиб ўтирибмиз?
Хотиннинг гаплари эрга таъсир қилмасдан қолмади. У ўғлини қўйиб юбориб, маст одамдай тебранганча чорпоянинг ёнига борди-да, беҳол ўтириб қолди.
Турғун Ғаниевич тили билан қанча-қанча одамларнинг бошига етган эса-да, ҳеч қачон ўз қўли билан бировни ўлдирмаганди. Биринчи бор у шундай иш қилиб қўйди. Қилганда ҳам ўз уйида, яна садоқатли хизматчисини ўлдирди. Бу камлик қилгандай, кутилмаганда ҳаммадан олдин уйғонган Достон мурдани биринчи бўлиб кўриб, сал қолса, бутун маҳаллага жар солай деди. Яхшики, кўнгли хижил бўлганидан, барвақтроқ туриб дарвозахона томон боргани… Ўғлини амаллаб тинчитганидан кейин Зулайҳо овозига зўр бериб қолди. Емни кўрган эшакдай "ҳанграш"га тушди. Ҳар қалай, Турғун Ғаниевич ўша пайт уни шундан бўлак ҳайвонга ўхшатолмади. Бирорта ҳайвонга албатта ўхшатиш шартдай туюлди унга. Аёлни тинчитиш озгина вақтни олди-ю, аммо шунчалик шовқин-суронни эшитиб биронта ҳам хизматчи келмагани амалдорни ўйлантириб қўйди. У хотинига тезда хизматчиларни топиб келишни буюрди. Зулайҳо уйнинг ҳамма жойини кўриб чиқди. На фаррошларнинг биронтасини топди ва на хизматчиларнинг. Ноилож қолган амалдор хотинини ишга солди. Албатта, ўзи ҳам қараб турмади. Мурдани қопнинг ичига солишга ёрдамлашиб юборди. Кейин жасадни машинанинг юкхонасига ортишиб, шаҳар ташқарисига олиб боришди ва одам кўп юрмайдиган жойни топишиб кўмишди-да, ортга қайтишди. Амалдор йўл-йўлакай хизматчиларнинг уйларига кириб ўтишни эсидан чиқармади. Ҳаммасига Мамарасулнинг ҳушидан кетиб қолганлигини ва уни касалхонага ўзи элтиб қўйганлигини айтиб, тезда уларга ўзининг орқасидан уйига етиб боришларини тайинлади. Хизматчилар хўжайиннинг гапига унчалик ҳам ишонишмаган бўлишса-да, унинг қаҳридан қўрққанларидан албатта боражакларини айтишди. Турғун Ғаниевич йўл давомида хотинига оғиз очмади. Хотини эрининг нега милицияга хабар бермасдан бунақа ишлар қилиб юрганлигини сўраганида, унга ўшқириб берди. Шу билан шундоғам ваҳм ичидаги Зулайҳонинг уни ўчди, бошқа гапирмай қўйди. Иккинчи томондан эса у хурсанд бўлди. "Мабодо эрим энди Моҳирўй сабаб биронта қилиқ чиқариб қолса, уни жон жойидан ушлайман", дея кўнглига тугиб қўйди. Амалдор буларнинг барини атайлабдан қилаётганлиги эса унинг хаёлига ҳам келмас эди.
Ҳар қандай қаллобликдан қайтмайдиган, унча-мунча кўнгилсизлик этини жимирлатолмайдиган амалдор Моҳирўйнинг кетиб қолганидан мункайиб қолгандай эди. У қизни вақти-соати етгунча соф, покиза қилиб асрамоқчи эди. Бўлмади, шунга қолганда унинг қурби етмади. "Топаман, ернинг тагидан бўлса ҳам топаман. Агар поклигига заррача зарар етказган бўлса, дунёда ҳали ҳеч кимнинг эсига ҳам келмаган қийноқлар билан ўлдираман", дея хаёлидан ўтказди у. Лекин айни пайтда Моҳирўйни қаердан излашни билмасди. Қизининг қочиб кетганлиги тўғрисида бировга айтишга эса бети чидамасди. "Фалончининг қизи уйидан қочиб кетибди", деган дашномни эшитишдан қўрқарди. Аммо қизига нисбатан ҳис-туйғулари бирон кун ошкор бўлиб қолса, қанақанги маломатларга қолишини эса, хаёлига ҳам келтирмасди. Тўғрироғи, бу ҳакда ўйлаган эди. Лекин ҳаммасини яширинча амалга оширишни мўлжаллаганди.
Амалдор талай муддат кўзини юмиб ўтирди. Хотини унга қараб туриб: "Бечора, адойи тамом бўпсан-ку. Менимча, ажалинг шу қиз орқали келади-ёв", дея хаёлидан ўтказди. Бу пайтда бирин-кетин хизматчилар кириб кела бошлашди. Ҳаммасининг юзида ҳадик, қўрқув бор эди. Барчаси йиғилиб бўлганидан сўнг амалдор уларга бир оғиз ҳам гапирмасдан кийиниб чиқди-да, ишга кетди. Бироқ ишда ҳам кўнгли ҳаловат топмади. Хаёлида Моҳирўй қанақадир йигит билан ишрат қилаётгандай туюлаверди. Охири, чидамади. Атрофига йиққан йигитларини тўплаш учун универмаг директорига қўнғироқ қилди.
* * *
Моҳирўй тўғри туғруқхонага борди. Қабулхонадан Марҳабо исмли жувон қачон туғруқхонадан чиқиб кетганлигини ва унинг уй манзилини сўради. Ҳамшира "Мен билмайман. Менинг ишим фақат қабул қилиш. Жавоб бериш билан бошқалар шуғулланишади", деди. Шундан кейин Моҳирўй аввалгидай усулни қўллади. Ойна тешигидан қоғоз узатган киши бўлиб, ҳамширанинг олдидаги дафтар ичига битта уч сўмликни солиб қўйди.
– Жуда кўзга яқин қиз экансиз, кўча-кўйда эҳтиёт бўлиб юринг, ҳозирги болалар чатоқ, – деди ҳамширанинг бирдан чиройи очилиб, ўзини ҳазиллашганга олар экан. – Ҳозир мен бориб бир сўраб келайин-чи.
Ҳамшира ўрнидан турганидан кейин унинг анчагина семиз эканлигини кўрган Моҳирўй: "Одам бир жойда қимирламай ўтираверса, шунақа орқаси катта бўлиб кетса керак", дея ўйлади.
Ўзига ярашмаган чаққонлик билан тезда қайтиб келган ҳамшира кичкина қоғозчага Марҳабонинг туғруқхонадан чиққан куни ва уй манзилини ёзиб берди. Моҳирўй унга жилмайиб қўйиб, раҳмат айтди-да, ортига қайтди. Ҳамшира унинг қадди-қоматига суқланиб қараб, эркак бўлиб туғилмаганига афсусланиб қолди.
Эшикни Марҳабо очди. У ўзига гулдаста тақдим қилаётган қизни дабдурустдан таниёлмади. Шундай бўлса-да, чексиз хурсандчилик билаи унинг гулдастасини олди. Унга ҳали биронта одам бунақа мурувват қўрсатмаган эди. Эҳтимол, шу боис, жувоннинг кўзида ёш пайдо бўлди. У қаршисидаги бежиримгина, мафтункор қизни қучоқлаб, юзидан ўпди.
– Чақалоқнинг ҳиди шунақанги ширинки, одам ҳидлаб тўймайди, – деди Моҳирўй.
Бундан Марҳабонинг хурсандчилиги икки карра ортди.
– Тўғриси, сизни таниёлмадим. Лекин ажойиб қиз экансиз! – деди ҳаяжонланиб кетган Марҳабо.
– Шунақа-да, дарров эсингиздан чиқариб қўясиз. Доянгиз бўлишимга озгина қолувди-ку, – дея гапни ҳазилга бурди Моҳирўй.
Кейин ҳазилим қўпол чиқиб кетмадимикин, деган ўйда бирдан тилини тишлади.
– Ким билан гаплашаяпсан? – деган овоз келди ичкаридан.
– Вой, – деди бирдан Марҳабо онасининг гапи қулоғига кирмай, – сиз ўша қизмисиз? Ўшанда оғриқ билан бўлиб, сизга тузукроқ қарамаган эканман. Сиз ҳақингизда ойим менга гапириб берганди… Эсим қурсин, нега остонада гаплашиб турибмиз, уйга киринг!
Марҳабо Моҳирўйнинг қўлидан ушлаб ичкарига бошларкан:
– Ойи, қаранг, бизникига ким келди? – дея овоз берди.
Тўшакка михланиб ётган аёл ўрнидан турмоқчи бўлди-ю, бироқ бошида пайдо бўлган қаттиқ оғриқ унинг қўзғалишига йўл қўймади. Бу пайтда Моҳирўй у ётган хонага кириб келган эди.
– Сизга нима бўлди? – деди қиз хавотирланиб ва тезда келиб аёлнинг бош томонига ўтирди.
– Арзимаган касаллик, – деди аёл жилмайишга ҳаракат қилиб, – бир-икки кун ётсам ўтиб кетади.
Моҳирўй унинг пешонасига қўлини қўйиб кўрди. Иссиқлик қизнинг қўлини куйдирди.
– Иссиғингиз бор экан-ку, бу аҳволда қандай қилиб ётибсиз? – деб Моҳирўй саволни аёлга берди-ю, ўзи Марҳабога қаради.
Жувоннинг кўзидан ёш сизиб чиққан эди. Шунда Моҳирўйнинг ёдига аёлнинг қизини туғруқхонага олиб бораётганида ёлвориб пул сўрагани келди-ю, ичидан бир нима чирт этиб узилгандай бўлди.
– Бу иситмага ўрганиб қолганман. Менинг иситмам шунақа беқарор, керак-нокерак пайтда чиқиб-тушиб туради. Озгина ётсам дарров ўтиб кетади. Бунга эътибор бермасаям бўлади. Ўзинг қандай, яхши юрибсанми?.. – деди аёл.
Шундан кейин ҳам бир нарсаларни гапирмоқчи эди. Аммо оғзи куруқшаб, гапиришга қийналди. Буни Моҳирўй дарров илғаб олди ва аёлнинг кўнглини кўтаришга тушиб кетди. Унинг гапларини жилмайиб эшитиб ётган аёл, қизига чой қўйишни буюрди.
– Шошманг, – дея Марҳабони бирдан йўлдан қайтарди Моҳирўй, – аввал чақалоқни менга кўрсатинг…
Марҳабо тўхтаб, орқасига ўгирилди. Унинг юзи қизариб кетган эди. Буни кўриб Моҳирўйнинг юраги орқасига тортиб кетди. "Наҳотки чақалоққа бирон нима бўлган бўлса", – деган ўй яшин тезлигида хаёлидан ўтди.
* * *
Босс кирган камера деярли ҳамма вақт бўш турар эди. Бу ерни аввалига қамоқхона бошлиғи "авторитет"лар билан учрашадиган ва улар билан махфий ишларни битирадиган камера қилиб олган эди. Вақт ўтиб, қамоқхона бошлиқлари бир неча бор алмашгач, ўз-ўзидан кўп сирларга воқиф бўлган бу хона "кўзирлар"никига айланиб қолди. Қайси "авторитет" бирон масалада иккинчиси билан келишолмай қолса, у билан албатта шу ерда орани очиқ қиларди. Агар тил топиша олишмаса, унда аниқ қон тўкиларди. Фақат иккита столдан иборат, деворлари ғадир-будир сувоқ қилинган, бирон жойида игна тешигидай ёриқ ҳам қолдирилмаган бу жой кўп ҳолларда ана шундай тўкилган қонларга гувоҳ бўлган. Босс эса сўнгги пайтларда ушбу зулматхонанинг эгасига айланиб қолганди.
Босс столга келиб ўтирганидан кейин Кобра билан бўладиган суҳбатнинг режасини хаёлида тузиб чиқди.
Орадан ўн беш дақиқага яқин вақт ўтганидан кейин эшик шарақ-шуруқ қилиб очилди ва Кобра кириб келди. Уни олиб келган соқчи яна эшикни қулфлади.
– Биродарим билан яна кўришиб турганимдан бошим осмонга етди, – деди Кобра Боссга яқинлашиб қучоғини очар экан.
Унинг хунук башараси хира чироқ ёруғида баттар хунуклашган эди. Босс унинг кириши билан айнан шундай қилишини олдиндан башорат қилганди. Адашмаганлигидан, сезгилари ёшлигидагидай сергаклигидан у ичида мамнун бўдди.
– Ўтир, – дея амр қилди Босс илонга ҳатто кўришиш учун ҳам қўлини узатмай.
– Бир оғиз гапингиз, – дея ичидан қиринди ўтса-да, зўрма-зўраки илжайиб, Босснинг рўпарасидаги столга ўтирди Кобра.
– Нега менинг одамимга тегиндинг? – дея сўради Босс ўткир нигоҳини унга қадаб.
– Англашилмовчилик бўлган. Менга хабар кейинроқ келди, – деди бирдан жиддий тортган Кобра.
– Бекор айтибсан! Ҳаммасидан хабаринг бўлган.
– Айбдорлар жазосини олди.
– Кимнинг қўли билан?
– Тегишли одамлар ишлашди.
– Балки Фаррух сенинг ишингни қилиб бергандир? – деди киноя билан Босс.
– Буни билишинг шарт эмас! – деди бирдан дағаллик билан илон сенсирашга ўтиб.
Боссни худди ток ургандай бўлди. Билдики, Кобранинг бўйни ўзи ўйлаганидан анча йўғонлашибди. "Тезда кескин чора кўриш керак. Йўқса, бошқа қилиқлари ҳам чиқиб қолиши мумкин", дея хаёлидан ўтказди Босс.
– Оббо сен-э, қойил. Сен йўғингда ҳамма ёқ эгасиз қолган. Ҳар ким ўз улушига эга демоқчисан-да, – деди илжайиб у.
– Қанақа хоҳласанг, шунақа тушун. Мен кеча келган тирмизак учун кимларнингдир олдида отчёт бермоқчимасман, – дея гапимиз тугади дегандек ўрнидан турди илон.
Қобра ортига бурилиб, эшикка яқинлашди. Илгари у Босснинг олдидан ҳеч қачон орқасини ўгириб чиқиб кетмаган.
Илон кетганидан кейин ҳам талай муддат Босс хаёл суриб ўтирди. "Бир йил ичида шунчалик катта ўзгариш бўлади, деб ҳеч қачон ўйламаган эдим. Мени булар дарров қариб қолганга чиқаришганга ўхшайди. Йўқ, бунақаси кетмайди. Ҳали қайноқ қоним оқишдан тўхтамаган экан, бунақа жипириқиларнинг йўғон бўйнини қайириб қўйишга кучим етади", дея ўйлади-да, ўрнидан турди.
* * *
Фаррух кечга бориб ўзини анча тетик ҳис қила бошлади. Ҳатто ўрнидан туриб у ёқ-бу ёққа юрди. Тезроқ ўзини бу ердан олиб чиқишларини истаб эшик ёнига бир неча марта бориб келди. Бироқ эшик очилавермади. Фақат ташқарига қоронғилик тушишидан олдин қалин темирми, пўлатданми бўлган эшик очилиб, Зарина кириб келди.
– Вой, – деди у Фаррухни кўриб, – нега ўрнингиздан туриб юрибсиз? Мумкинмас сизга бундай юриш. Қани, тезда жойингизга ётинг-чи. Бўлмаса укол қилиб қўяман.
Қизнинг мулойим пўписаси Фаррухга хуш ёқди. Бир зумда асабийлиги тарқади.
– Агар укол қилмоқчи бўлсангиз, мен мана шундай юравераман, – деди у ҳам шўхлиги тутиб.
– Рост айтяпман, – деди Зарина бироз жиддий тортиб. – Соғлиғингизни ўйланг.
– Зерикиб кетдим. Ичимга сиғмай бораяпман. Агар менинг туриб юришимни истамасангиз, унда ўтиринг ёнимда қимирламай. Менам оёғимни осмондан қилиб ётавераман, – деди Фаррух ҳазилни давом этказиб.
– Шунақами ҳали, – деди Фаррухга табассум ҳадя этган Зарина, – унда бир ерга қараб ётсинлар-чи.
– Оббо, ростданам укол қилгани келдингизми? – дея йигит думбасини бироз уқалаган бўлди-да, каравотга чўзилди.
Ишини битириб, камерадан чиқиб кетаётган Зарина эшикни очаётган маҳал ортига бурилди-да, Фаррухга чиройли табассум ҳадя қилди. Йигитнинг назарида у жуда бошқача қарагандай эди. Аввалгиларига сира ўхшамасди. Кўзида алланечук ўт борга ўхшарди. Бундан унда ҳаяжон пайдо бўлди. Қиз эшикни ёпиб чиқиб кетганидан кейин ҳам ҳаяжон уни тарк этмади.
Орадан ярим соатлар чамаси вақт ўтганидан кейин соқчи эшикни очиб, камерадан чиқишни буюрди. Фаррух унинг буйруғини бажарди. "Ишқилиб, яна биронта азоб камерасига олиб боришмасин-да", дея хаёлидан ўтказди Фаррух соқчининг олдига тушиб кетаётганида. Ҳартугул бу сафар у ўйлаганчалик бўлмади. Соқчи уни умумий камерага олиб борди. У ерда Фаррухни Босс кутиб турар эди.
– Соғайиб чиққанинг билан табриклайман, – деди Босс соқчи чиқиб кетганидан кейин у билан кучоқлашиб кўришар экан.
– Нега мени бу ёққа олиб келишди? Менинг ўрним бошқа жойда эди-ку, – деди Фаррух мутлақо бошқа одамлар орасига келиб қолганидан ҳайрон бўлиб.
– Бунинг тарихи узоқ, ҳали ўзинг билиб олаверасан, – деди Босс ва йигитни ўзи ётадиган каравот томонга етакларкан, ортига бурилиб, чувалчанғга қарата: – Дастурхонни оч, – деди.
Чувалчанг шу заҳоти Босс билан Фаррухдан олдинга ўтди-да, каравот ёнида усти оппоқ дока билан ёпилган столни камера ўртасига судраб чиқди. Тўртала оёғига ҳам ғилдирак ўрнатилган стол ҳеч бир овозсиз камеранинг ўртасига келди. Чувалчанг унинг устидаги докани олди. Столда тансиқ таомлару ноз-неъматлардан тортиб спиртли ичимликларгача ўзларини кўз-кўз қилиб турарди. Фаррух бундай жаннатий дастурхонни кўриши билан ичи қулдиради.
Стол атрофига камерадаги ўн беш кишининг ҳаммаси ўтирди. Фаррух Босснинг ёнидан жой олди. Пиёлалар тезда ароқ билан тўлғазилди. Шундан сўнг Босс ўрнидан турди.
– Биродарлар, – деди у салмоқ билан, – ҳар биримизнинг пешонамизга шу ерда дуч келиш ёзилган экан. Мана, тўпланиб ўтирибмиз. Бу ердагиларнинг кўпчилигига қамоқхона худди ўз уйидай бўлиб қолган. Шулар қатори менгаям. Нима қилайликки, озодликда яшашга кучимиз етмаса. Мана, энди сафимиз яна биттага кенгайди, – деб Босс Фаррухнинг бошига қўлини кўйди. – Лекин бу йигит бу ерда узоқ муддат қолиб кетмаслиги керак. Бу бола сизу менга ўхшаган жиноятчи эмас. Бу ғурурининг қурбонига айланган. Бунақалар албатта бизнинг орамизда қадр топади. Келинглар, биринчи қадаҳни шу боланинг бу ердан омон-эсон чиқиб кетиши учун ичамиз.
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?