Текст книги "Бургут тоғда улғаяди 1-китоб"
Автор книги: Нуриддин Исмоилов
Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 6 (всего у книги 21 страниц) [доступный отрывок для чтения: 7 страниц]
Уларни ечиб олишганида иккисининг ҳам қўли пуфакдай шишиб кетганди.
Ўн икки маҳбус муздай камерага тиқилди. Тортилган шундай азобдан кейин таналарига камеранинг муздай бетони роҳат бахшида этаётган эса-да, энди намлик кучини кўрсата бошлади.
– Ўтирма, битта жойда қаққайиб ҳам турма, – деди азобдан афти бужмайиб кетган, гоҳ-гоҳида қўлини пуфлаётган маҳбус Фаррухга қарата, – йўқса, суякларингни шамоллатиб қўясан.
Фаррух унинг айтганини қилиб, у ёқдан-бу ёққа юриб турди. Бошқалар эса муздай бетонга ётганларича қимир этмас эди.
Бир соатлар чамаси вақт ўтганидан кейин Фаррухни олиб чиқишди-да, қамоқхона бошлиғининг хонасига олиб боришди.
– Менинг исмим полковник Эдуард Анисимов, ўзбек тилини сендан яхши билсам биламанки, лекин кам билмайман. Шунинг учун иккаламиз бемалол суҳбатлашамиз. Кофе ичасанми ёки чой? – деди бошлиқ илжайиб.
Фаррух жавоб бермади. Бошини эгганча тураверди.
– Ҳа, майли, – деди Эдуард Анисимов йигитдан садо чиқавермагач. – Унда ўзим истаган нарсани айтаман, – дея соқчига чой олиб келишни буюрди.
Кейин юмшоқлик билан Фаррухни ўтиришга таклиф қилди.
– Анча ёш экансан, сенинг ёшингдагилар ўқиш ҳақида ўйлайди, ишни ўйлайди, ана боринг, биронта қизни севиб қолиб, шу қиз ҳақида хаёл суради.
Турма бошлиғининг сўнгги гапидан кейин Фаррухнинг хаёлига Моҳирўй, унинг гўзал табассуми келди. У ширин энтикиб қўйди.
– Сен бўлсанг, – дея гапида давом этди Эдуард Анисимов, – қамалиб ўтирибсан. Яна келиб-келиб райондаги энг обрўли раиснинг бошини ёргансан. Бу яхши эмас. Атбатта, сенинг ёшингда ҳамманинг ҳам қони қайнаган бўлади. Ўзларича тоғни урсам талқон қилиб ташлайман, деб хаёл қилишади. Буларнинг бари бекор гап. Қўлидан барибир ҳеч нарса келмайди. Мана битта мисол – сен.
Фаррух унинг гапларини эшитиб ўтираркан, алам билан лабини тишлади. Бир зум қўлининг оғриғи ҳам унут бўлди.
– Аҳволингга қара, болам, – дея янада юмшоқ оҳангга ўтди турма бошлиғи, – сени кўриб менинг юрагим эзилиб кетди. Энди бир умр шундай яшолмайсан-ку, сен ҳам одам бўлиб дунёга келгансан. Одамдай яшашга ҳаққинг бор. Кимлар хато қилмайди дейсан.
Фаррухнинг кўзида ёш ҳалқаланди. "Эсон-омон шу ердан қутулиб чиқсам, мени бу аҳволга солганларнинг ҳаммасининг энасини кўрсатаман!" – дея хаёлидан ўтказди.
* * *
Турғун Ғаниевич қизини ҳаддан зиёд калтаклаганлиги ёдига тушиб бироз эзилди. Аммо шу ондаёқ Моҳирўйнинг ярим кечаси қаёқлардадир изғиб юрганлигини кўз олдига келтириб қайтадан ғазаби қайнади. У қизнинг қандайдир юрадиган йигити бор деб ўйлар эди.
– Жа хаёлга берилиб кетдинг? – дея савол қотиб қолди бир маҳал Мурод Болиевич. – Ёшликдагилардан биронтаси эсингга тушиб кетдими?
Турғун Ғаниевич унга қараб илжайди:
– Ичимдагини дарров топиб оласан-а! Ҳақиқатан ҳам, агар хотирам панд бермаса, бундан ўн беш йил ёки кўпроқ аввалми, бир қизни учратгандим. Биласанми, ўша қизни яхши кўриб қолганман. Лекин унга уйланишнинг иложи бўлмаган. Мавқеимга тўғри келмаган. Ишонсанг, фақат ўшангагина итлик қилмаган эканман. Дунё шундай эканда, доим қўлинг етмаган нарса азиз бўларкан, – дея у деразадан ташқарига қараркан, шунча ёлғонни тўқиб ташлаганидан ўзининг кулгиси қистади.
Унинг гапидан Мурод Болиевич ғамгин тортиб қолди. Унинг қўли етмагани ҳам бор эди. У қиз синфдоши эди. Шунча ҳаракат қилмасин, ёнига ҳам яқинлаштирмаганди.
– Лекин бугун кўрадиганинг ҳамма нарсани эсингдан чиқариб ташлатади. Шунақа жононларки, бунақасини чет элдан ҳам қидириб тополмайсан. Атайлаб яқин дўстим бўлганлигинг учун сенга илинаяпман. Агар ўша каттанг келиб, мендан биронта топиб бер деганида, кўчадаги шилталарнинг биронтасини қўлига тутқазиб юборган бўлардим.
– Ҳай, ҳай, – деди Мурод Болиевич бирдан амалдорнинг гапини бўлиб, – катта бунақа нарсаларга умуман қизиқмайди. Ундан кейин, деворнинг ҳам қулоғи бор.
– Биз томонларда, – деди Турғун Ғаниевич текширувчининг қўрқоқлигидан кулиб, – деворларнинг ҳаммаси кар бўлиб қолган. Ёнига бориб карнайда бақирсанг ҳам эшитмайди. Каттанг масаласига келсак…
– Кел, шуни аралаштирмайлик. Одобсизлик бўлади, – деди бирдан унинг гапини бўлиб афти жиддийлашган Мурод Болиевич.
– Бир оғиз гапинг-да, – деб Турғун Ғаниевич ичидан қуйилиб келаётган гапни тўхтатишга мажбур бўлди. Хаёлидан эса: "Узоғи билан икки соат ўтсин, кейин сенинг бунақа бардамлигингни бир томоша қиламан", деган ўй кечди.
Уларни раис, амалдорнинг садоқатли новча югурдаги ва иккита бир-биридан гўзал қиз кутиб олди. Ҳаммасининг қўли кўксида, эгилиб таъзим бажо келтириб туришарди.
– Билсанг, – деди Турғун Ғаниевич текширувчининг елкасига қўлини қўйиб, – жаннатнинг сояси шу ерга тушиб туради. Бир томонда арчазор, шовуллаб булоқ суви оқиб турибди. Ҳавонинг тозалигига бир қара, даҳшат! Иккинчи томонда жононлар, уларнинг ёнида хизматкорлар. Энди айт-чи, бу ернинг қайси жаннатдан кам жойи бор?
– Гап йўқ, – деди Мурод Болиевич илжайиб, – зўр жойлар. Айтдим-ку, бунақа ишларни қиёмига келтирасан деб. Ўзи бу ерга етмасимдан бурун тамшаниб қўйгандим.
Улар хохолашиб кулишганча турли-туман ноз-неъматлару тансиқ таомлар билан тўлдирилган дастурхон атрофига ўтиришди. Худди шуни кутиб турган қизлар ҳам тезда уларнинг ёнидан жой олишди. Бирини Турғун Ғаниевич бирдан қучоқлади-да:
– Шакалат экансан-ку, – деди унинг ширин атир ҳиди келиб турган сочини ҳидлар экан. – Бугун ярим жонни шу ерга ташлаб кетарканман-да.
– Ҳаммасини, – деди қиз эркаланиб.
– Оббо сен-эй, қўлингдан келармикан?
– Фақат қўлимданмас…
Бу гап Турғун Ғаниевични мутлақо қитиқлаб ташлади. У қорнини ушлаганча қотиб-қотиб кула бошлади. Мурод Болиевични эркалашга тушиб кетган иккинчи сулув дугонасига маъноли қараш қилиб жилмайиб қўйди.
Шундан кейин ичиш бошланиб кетди. Орқама-кейин дастурхон атрофидагиларнинг шаънларига илиқ сўзлар айтилди.
– Эсим қурсин, – деди Турғун Ғаниевич анча кайфи ошиб қолганида текширувчига қараб, – сенинг шеригинг ҳам бор дейишганди. Уни қаёққа даф қилиб келдинг?
– Ҳали унинг керакли одамлар билан бирга юришига беш-олти қовун пишиғи бор. Келганидаёқ жавоб бериб юборганман.
– Мен бўлсам, униям тараддудини кўриб юрибман, – деди Турғун Ғаниевич "кабутар"ини маҳкамроқ қучоқлаб.
Энди-энди атрофга қоронғилик эна бошлаганида, улар жуфт-жуфт бўлиб ўринларидан туришди.
– Ресторанингизнинг алоҳида хонаси йўқми? – деди Мурод Болиевич амалдорнинг қулоғига шивирлаб.
– Лекин шу гап зап топиб айтилган, – деди Турғун Ғаниевичга текширувчининг гапи нашъа қилиб. – Шу маънода бундан ортиқ гап айтиб бўлмайди.
– Мен сенга гапни қандай айтганлигини сўрамаяпман. Хона сўраяпман.
– Во, оғайни, одамни ерга урма. Хона эмас, мен сенга қаср тайёрлаб қўйганман, – деганча Турғун Ғаниевич атрофига аланглаб: – Ботсман! – деб бақирди.
Раис унинг ёнига ҳовлиққанча етиб келди.
– Аканг билан янгангни чимилдиққа кузатиб қўй!
Раис эгилганча тиржайиб, нозик меҳмонларни бошлаб кетди. Улар сал куйироққа тушишиб, амалдорга ёз ойлари учун махсус тикилган капага боришди.
Шундан кейингина амалдор раисни яна ёнига чақириб, чўпон билан унинг ўғли ҳақида сўради.
– Ака, ҳаммасини сиз айтгандан ҳам зўр қилиб бажариб қўйдим, – деди раис мақтаниб. – Бири нариги дунёга равона бўлди. Иккинчиси турмага.
– Ўлдирдингми? – деди амалдор кўзлари катта-катта бўлиб.
Хўжайиндаги ўзгаришни кўрган раис қўрқиб кетди.
– Йўқ, йўқ, – деди у шошиб, – чўпоннинг давленияси боракан, кўтарилиб кетиб ўлди. Ўғли бўлса, менинг пешонамни ёргани учун қамалди. Ҳаммаси қонуний бўлди, ака.
– Қанақа қонуний бўлганлигини бошқаларга айтасан. Сенларга ўзи салла олиб кел, дейилса каллани ҳам бирга қўшиб оласанлар. Ишқилиб, орқасини тозалаб қўйибсанларми?
– Бўмасам-чи, ака. Чўпоннинг боласи энди турмадан чиқмайди. У ёқдагиларга ҳам хабарини етказиб қўйганмиз.
Раиснинг гапи амалдорни мамнун қилган эса-да, қовоғини уюб:
– У ёқдагиларни қаердан била қолдинг? – дея сўради.
– Энди, ака, сизнинг шогирдингиз-да…
– Ҳе, сендақа шогирддан!.. Ҳали анави шербаччаларнинг ҳам аҳволини танг қилиб қўйгандирсан?
– Йўқ, уларни сиз айтгандай қилиб боқаяпман. Баччағарлар анча семириб қолишган, – деди раис иржайиб.
– Семирган бўлса, яхши… Бугунги ишни қилаётганларингда эҳтиёт бўлларинг. Агар ҳидини олиб қолса, Новча иккалангнинг ҳам терингга сомон тиқаман!
Шундан сўнг амалдорнинг имоси билан раис уларни холи қолдирди.
– Биз, – деди Турғун Ғаниевич ёнидаги санамга, – ташқарида, тоза ҳавода "от ҳайдаш"ни хуш кўрамиз. Сенгаям ёқадими?
Оғушидаги қиз унинг бағрига янада сингиб кетганча:
– Илгари ҳечам бунақаси бўлмаган, сиз билан бир синаб кўрамиз-да, – деди нозланиб.
Улар тоғда икки кун қолиб кетишди. Чунки эртасига эрталабдан бош оғриққа ичилган ароқ иккала эркакнинг ҳам кайфини ошириб қўйганди. Шундан кейин еб-ичиб ўтираверишиб, кун пешин бўлиб қолганлигини ҳам сезмай қолишди. Сўнг ҳамма нарсага қўл силташиб, иккинчи кунни ҳам шу ерда ўтказишга келишиб олишди.
Қийналгандан раис билан Новча қийналиб кетишди. Новча турли-туман таомлар пиширар, раис эса тинимсиз "катталар"нинг ёнига қатнар, маишат қилаётган "акалар"ини кўриб оғзидан сўлаги оқарди. У шунчалик қийналиб кетаётгандики, ҳатто кўзида ёш ҳам пайдо бўлди.
Ҳар тугул, эртасига меҳмонлар кетишди. Қизларни ўзи олиб бориб қўйишини айтиб, раис уларни олиб қолди ва учинчи кун деганда Новча билан бирга лаззатли онларни ўтказа бошлади. Қизиқ томони, у ўзини худди анави икки амалдордай тутар, "Ундай қилиб юбораман, бундай қилиб юбораман!" – деган гапни тез-тез такрорлар, ваҳоланки, бор-йўғи "суяк" ғажиётгани хаёлига ҳам келмасди.
Турғун Ғаниевичнинг кайфияти аъло эди. Чунки қўлидаги фотоаппаратда марказдаги яна битта одамни тўрга илинтирадиган фактлар бор эди.
У биринчи котибга ҳамма ишлар кўнглидагидай бажарилганлигини айтгач, уйига кетди. Кутганидек, Моҳирўй унга истар-истамас салом берди. Илгаригидек югуриб келиб бўйнига осилмади. Юзидан ўпмади. Бу амалдорга алам қилди. Бироқ ҳеч нарса деёлмади. Қаттиқ чарчаганлигини баҳона қилиб ётоғига кириб кетди.
Орадан ҳафта ўтиб Моҳирўйнинг баданидаги қамчи излари анча камайди. У энди қочиб кетиш чорасини қидира бошлади. Албатта, унинг кетишига Зулайҳо мутлақо монелик қилмасди. Аммо Турғун Ғаниевич мабодо Моҳирўй кўринмай қолса, дарров ҳамма ёқнинг тит-питини чиқариши аниқ эди. Мана бир ҳафтадирки, ишдан келиши билан биринчи сўраган нарсаси "Моҳирўй қалай?" бўлиб қолган. Бу сўроқ Зулайҳонинг жон-жонидан ўтиб кетса-да, тишини тишига босиб чидайди. Эрига ортиқча сўз айтишдан ўзини тияди. Вақт пишиб етилишини кутади. Шу боисдан деярли ҳар куни қўнғироқ қилиб топилган мижознинг тиқилинч қилаётганлигини сабаб қилиб ишни эртароқ бошлашни қайта-қайта сўраётган жазманига "Шошмай тур, озгина вақт бор", дея жавоб қайтаради.
Ойисининг ҳаддан зиёд ширинсухан бўлиб қолганлиги, дадасининг ҳирс билан тикилиши Моҳирўйни довдиратиб қўйди. Худди яқинда даҳшатли портлаш содир бўладигандек юраги безовта ура бошлади. У тунлари деярли ухламай қўйди. Ҳар кеч каравотига ётганидан кейин бутун диққат-эътибори эшикда бўларди. Шундай таҳликали кунларнинг бирида у қизини туғруқхонага олиб борган аёл тўғрисида ўйлаб қолди: "Агар ўша аёлникига борсам, уйимдагиларнинг ҳеч бири мени топа олишмайди. Ўзимга хон бўлиб яшайман… Лекин у аёл жудаям камбағал-ку, яна битта емхўр пайдо бўлганидан кейин баттар қийналиб қолмайдими?.. Яхшиси, уйдан пул олиб кетаман. Борганимдан кейин шуни еб тураман. Кейин иложини топиб Фаррухнинг ёнига кетаман. Ҳамма гапни унга айтиб бераман… Уни севаман-ку, бирга яшайвераман. Ғариб бўлса-да, бахтли кун кечирсам, шунинг ўзи менга етади… Ахир мол-давлати тўлиб-тошиб ётган дадам билан ойимнинг уйида бахт деган нарсани уруғлиққаям топиб бўлмайди-ку. Бунақанги ҳаётдан кўра, минг маротаба камбағал бўлсанг-да, ширин турмушга нима етсин", дея хаёлидан ўтказди Моҳирўй ва шу куннинг тунидаёқ қочиб кетишни мўлжаллаб қўйди.
Моҳирўйнинг тузган режаси ҳам ўзи каби ғўр, пишмаган эди. Зеро, Зулайҳо аллақачон уйидаги иккита фаррош хотинга қизнинг ҳар бир қадамини кузатиб боришни тайинлаганди. Албатта, аёлнинг хаёлига "Моҳирўй қочиб кетиши мумкин", деган ўй умуман келмаганди. Агар қизнинг қочиб кетиш ниятини билганида, бемалол ўзи кўмаклашиб юборган ва шу баҳонада ундан мутлақо қутулган бўларди. Аммо буни билиш учун у қизнинг яқин сирдоши бўлиши лозим эди. Достон туғилгунча Моҳирўйни еру кўкка ишонмайдиган Зулайҳонинг ўғли пайдо бўлганиданоқ қизчага нисбатан муҳаббати сўна бошлади. "Айланай-ўргилай''лар ўрнини жеркишлар эгаллади. Ва оқибат, қиз ичидаги гапларни ойисига умуман айтмайдиган бўлиб ўсди…
…"Моҳирўйга етишиш учун, – дея ўйлади Турғун Ғаниевич, кечқурун ишдан келганидан кейин овқатланиб бўлгач, телевизор томоша қилиб ўтирганида, – аввал Зулайҳони бир ёқли қилиш керак. У бор экан, осонликча жон бермайди… Отаси борлигида у анча-мунча одамлар билан танишган. Улар отасининг садоқатли қуллари эди. Мана неча йилдирки, ҳамон йўқлаб келишади. Совға-саломлар келтиришади. Орасида яхшигина мансаб эгалариям бор. Демакки, улар Зулайҳонинг исталган хоҳишини бажаради. Шунинг учун хотиним билан шунчаки ажрашиб, уни уйдан қувиб юбориб мақсадимга эришолмайман. Хотинимдан қутулишнинг бирдан-бир йўли уни бутунлай йўқ қилишдир… Достон… Достон ҳамма вақт мен томон бўлиб келган. Унинг онаси билан умуман иши йўқ… Бу ишни қанчалик тез бажарсам, шунча яхши".
– Дадаси, – дея чақирди Зулайҳо эри бир нуқтага термулиб қолганлигини кўриб.
– Нима дейсан? – деди хотини томонга бир қараб қўйган амалдор.
– Қизингиз охирги пайтларда жуда хомуш бўлиб қолган. Биронта институтга жойлаб қўйсак, сал ёзилармиди?
– Мана шу уй унинг учун институт. Ўқиганда олим бўлармиди?
– Тўғри-ку-я, шундай қилсак сал одамшаванда бўларди-да. Ҳар куни унинг ноз-фироқига қараб юравериш одамнинг жонига тегиб кетди. Қовоғи умуман очилмайди… Ўша куни ёмон урган экансиз-да, – дея эрига кўз қирини ташлади Зулайҳо.
Ўзининг қилган иши яна ёдига тушиб, шундай қизга нисбатан аёвсизлик қилгани учун амалдор бироз ачинди. "Ҳақиқатан жа ошириб юборган эканман. Ундан кўра манави гўрсўхтани жазоласам бўларкан. Бундай қийналиб ўтирмаган бўлардим", – дея хаёлидан ўтказди у.
– Етимча бўлсаям шунча ёшгача зориқтирмай катта қилдик. Майли, бу уйда яна бир йил турар, ана, икки йил турар, кейин барибир эгасига бериб юборамиз. Биздан норози бўлиб юрмасин дейман-да. Ўқишга кирса, сизни ҳам кечирган бўлармиди?
– Нималар деб валдираяпсан? – деди бирдан жаҳли чиқиб кетган Турғун Ғаниевич. – Нега у мени кечириши керак экан? Мен бекордан-бекорга урдимми? Қайси қиз ярим кечагача кўчада санқиб юради?
"Албатта, сен бекордан-бекорга урмадинг, рашкинг келганидан, ичинг ёнганидан урдинг уни. Мени "Содда, гўл, ҳеч нарсага фаросати етмайди", деб ўйлайсан-да. Чучварани хом санабсан. Ҳали сен аёлнинг макри қандай бўлишини билмайсан-да. Шошмай тур, шундай ўйнатайки, итдай думингни ликиллатиб, оёғимни ялаганингни билмай қоласан", дея хаёлидан ўтказди Зулайҳо.
– Энди аввалдан эркалатиб келгансиз-да, шунга у сизни тушунмай хафа бўлиб юрибди.
– Чақир уни, бир гаплашиб қўяман! – деди ҳамон ичидаги "аланга"си ўчмаган амалдор.
– Қўйинг, дадаси, яна бир-икки кун ўз ҳолича юрсин, ундан кейин иккаламиз ўртага олиб бир гаплашамиз, насиҳат қиламиз. Зора, шунда сиз айтгандай, ўзи кечирим сўраса. Унгача сал кўнглини кўтариб қўйиш учун ўқишга кирасан, деб айтсак.
"Бунинг гапида жон бор, – дея ўйлади Турғун Ғаниевич, – агар ўқишга киритиб қўйсам, менга яхши бўлади. Ўқишини текшириш, бошқа баҳоналарда уни кўриб тураман. Кейин шаҳарнинг бир чеккасидан уй олиб бераман. Манави аждаҳони тинчитгунимча ўша ерда туриб туради". Амалдор ўзининг хаёлидаги гаплардан ўзи хурсанд бўлиб кетди.
– Фикринг чаккимас, – деди у Зулайҳога жилмайиб қараб, – шундай қилсак, ҳақиқатан ҳам унинг хафалиги йўқолиши мумкин.
– Ана шунақа, – деди аёл ҳам лабида табассум билан, – бизданам гоҳ-гоҳида ақлли гаплар чиқиб қолади.
– Нималар деяпсан, хотин, ақлинг қанча вақтдан бери пишиб етилиб кетган-ку, – деди амалдор киноя билан.
Зулайҳо кинояни дарров илғади, шу боис бўзариб кет-ди. "Агар отам тирик бўлганида, мен сенга одамнинг устидан қанақа қилиб кулишни кўрсатиб кўйган бўлардим", дея ўйлади ва секин ўрнидан туриб ошхона томонга кетди.
Унинг орқасидан ҳамон тиржайганча қараб турган амалдор: "Ўзимгаям қойилман, шу пайтгача шундай махлуқ билан қандай қилиб бир ёстиққа бош қўйиб келдим, ҳайронман. Аждаҳолар ҳам бунга чидаши амримаҳол. Бунақа сабр-бардошим учун менга қаҳрамонлик беришсаям бўлади", дея хаёлидан ўтказди.
– Опа, опа, – дея Зулайҳо ошхона ёнига етганида хизматкор аёл югурганча ёнига етиб келди, – боядан бери сизни кутиб тургандим.
– Тинчликми, нега бунча ҳовлиқасан? – деди Зулайҳо.
– Тисс! – дея кўрсаткич бармоғини лабига босди хизматкор. – Астароқ, эшитиб қолади. Моҳирўй негадир кийимларини кийиб тайёр бўлиб турибди. Бир гап борга ўхшайди.
– Қаерда ҳозир? – деди овозини бир парда пасайтириб Зулайҳо.
– Хонасида, – деди энди шивирлашга ўтган хизматкор. – Кийиниб олди-да, кейин кўрпа ичига кириб олди. Бир балони мўлжаллаяпти, деб сизнинг ёнингизга югурдим.
– Яхши, уни бир минутгаям кўздан қочирма. Агар бирон ёққа кетиб қолса, калланг билан жавоб берасан, шуни эсингдан чиқарма.
–Тушундим, – дея хизматкор ундан нари кетди.
Зулайҳо ўзининг хонасига кирди-да, юмшоққина икки кишилик диванга чўзилди. "Ҳамма нарса жонимга тегиб кетди. Қани бир сени тушунадиган эринг бўлса-ю, қучоқлаб ётсанг. Шунда жазманнинг ҳам кераги бўлмасди. Манавиндақа муштдайгина қизча билан мушук-сичқон ҳам ўйнамасдим. Мазза қилиб яшардим… Падарингга лаънат бу қизча яна нимани ўйлаб қўйдийкин? Кийиниб олиб нима қилмоқчи ўзи? Қани эди, йўқолиб кетса", дея ўйлади у ва кўзини юмиб ухламоқчи бўлди, бироқ ҳадеганда уйқуси келавермади.
Моҳирўй ойиси кириб кетганидан кейин дадасининг ҳам ухлашини кута бошлади. Орадан бир соатдан мўлроқ вақт ўтганидан кейингина амалдор ўрнидан турди ва керишиб олди-да, ётоғи томонга кета бошлади. Дераза олдида уни кузатиб турган Моҳирўй тезда келиб ўзининг диванига ётиб, устидан кўрпа ёпди-да, гўё ухлаётган одамдай кўзини юмиб олди. Ўн беш дақиқа у шу алпозда ётди. Уйқуси келиб, сал бўлмаса, ухлаб қолаёзди. Ташқарида қандайдир қадам товушлари эшитилди-ю, қиз бирдан сергакланди ҳамда кўзини очиб ўрнидан турди. Дераза ёнига келиб, ташқарига қулоқ солди. Жимлик. Шундан кейингина у секин эшикни очди. Шу пайтгача эътибор қилмаган экан. Эшиқдан "ғийқ" этган овоз чиқди. Моҳирўйнинг назарида бу сас шунчалик қаттиқ эдики, ҳамма уни эшитди. У дарров орқасига қайтиб ўриндиғига ўтирди. Ҳеч қандай хавф сезилмагач, қайтадан эшик ёнига борди-да, аста ташқарига чиқди. Ҳовлида одам зоти кўринмасди. Бироқ ошхонанинг ойнасидан кимдир пойлаб турганини Моҳирўй сезмади ва тез-тез қадам ташлаб дарвоза томонга кета бошлади. Худди шу пайт ошхонадан хизматкор аёл ташқарига югуриб чиқди. Орқасидан одам чиққанини сезмай қолган Моҳируй энди дарвозанинг кичкина табақасини итарганида унинг қўлидан хизматкор аёл ушлади. Қиз чўчиб тушди-да, бирдан орқасига қаради.
– Йўл бўлсин, хоним, – деди хизматкор аёл тиржайиб.
– Нима ишинг бор? – деди жаҳли чиқиб кетган Моҳирўй.
– Хўжайин ҳеч жойга рухсатсиз чиқмасин деган, – дея қизнинг қўлидан маҳкамроқ ушлади аёл.
– Кўйвор, қандай ҳаддинг сиғди қўлимни ушлашга? – деди титраб кетган Моҳирўй.
– Хўжайиндан бир оғиз сўрасангиз, қўйиб юборамизда, хоним, – деди аёл хунук тиржайишда давом этиб.
– Қўйиб юбор дедим! – дея Моҳирўй қўлини силтади.
Аммо унинг қўли бўшалмади. Шунда у ҳеч иккиланмай хизматкор аёлнинг қўлидан тишлаб олди.
–А-а-а, – дея аёл бирдан бақириб юборди.
Унинг овози шунчалик ўткир эдики, ҳатто уй ичида энди уйқуга кетган амалдор ҳам эшитиб ташқарига югуриб чиқди. Унгача Турғун Ғаниевичнинг Моҳирўй билан бирга концертга борган югурдаги дарвозага етиб келганди.
– Қўлимни тишлаб олди! – дея ўкириб йиғлаб юборди уни кўрган хизматкор аёл.
Гарчи Моҳирўйнинг тишлари изидан қон оқаётган бўлса-да, у қочоқнинг қўлини қўйиб юбормасди.
– Бир марта мени лаққа тушириб кетди, энди қўлимдан қутулиб бўпти, – дея югурдак бирдан Моҳирўйни қучоқлаб ҳовли томонга судрай бошлади.
Қиз қанчалик типирчиламасин, унинг чайир қўлларини бўшатолмас, бунга сайин алами келиб йиғлар эди.
– Ифлос! – дея ўкириб юборди бундай томошани кўрган амалдор.
* * *
Фаррухнинг кўзидаги ёш турма бошлиғини янада мулойимлаштирди.
– Сен тенги қизим бор. Уйга борсам, қаердаги қаланғи-қасанғиларни йигитим деб юрибди. Қани энди сенга ўхшаган мард, бир сўзли йигит бўлса, шартта куёв қилиб олган бўлардим. Сен бўлсанг, қамоқхонада ўтирибсан. Яна қаердаги аферислар билан уришиб юрибсан. Қаттиқ уришгандими кеча сени улар?
Фаррух "ҳа", дея жавоб бермоқчи бўлди-ю, бирдан Босснинг гапини эслаб қолди. "Агар бирорта "ишкал" чиқиб қолиб, "мусор"лар сени сўроқ қилиб қолишса, ҳеч қачон кўрувдим, билувдимга ўхшаган гапларни оғзингга ола кўрма. Агар оғзингдан гуллаб қўйсанг, ҳамма нарса тамом бўлади, ҳеч ким сенга ёрдам беролмайди. Бундан ўн йилча олдин иккинчи марта қамоққа тушганимда бир асаларичини олиб келишди. Бечора нега қамалганига ақли етмайди. "Нима бўлди?" деб сўрасам, "Колхознинг ўн қути асаларисини боқардим. Фалокат босиб, асаларига қирғин келди. Асал камайиб кетди. Мени дарров мелисага топширишди. Терговчининг: "Еб қўйдингми? Сотдингми? Яширдингми?" – деган саволларига йўқ деб жавоб қилдим. Шунда у мендан: "Асал олаётганингда ҳеч қурса ялаб кўргандирсан?" деб сўради. "Энди ошпазам ошнинг тузини кўради-ку, шунга менам қўлим-даги асал юқларини яловдим", дедим. Терговчи: "Шун дай деб ёзиб бер", деди. Шартта ёздим-да, тагига чиройли қилиб қўл ҳам қўйдим. Кейин у неча марта ялаган бўлсам, ҳаммасини ҳисоблаб чиқди. Шунинг ўзи бир килоча бўлар экан. Суд қилишди-да, бир йилга қамаб юборишди", дейди у. Ана кўрдингми? Агар лозим бўлиб қолса, пашшанинг филга айланиб кетиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун сени қанча авраб-алдашмасин, тилингга эҳтиёт бўл", деган эди у.
– Ким? – деди Фаррух гўё ўзини ҳайрон қолган кўрсатиб.
– Кечагилар-да, – деди қамоқхона бошлиғи юзини баттар аянчли тусга киритиб.
– Мелисаларми? —деди бутунлай жинни ҳолига кирган Фаррух.
Эдуард Анисимович унинг гапига қотиб қолди. Нима дейишгаям ҳайрон эди. Бу болани овсар деса, овсарга ўхшамайди. Соғ деса соғга.
– Мелисалармас, аристонлар, – деди у ғазабини базўр ичига ютиб.
– Ўзи кеча келган бўлсам, ҳали ҳеч ким билан танишишга улгурганим йўқ.
Қамоқхона бошлиғининг сабри чидамади. У аямасдан Фаррухнинг юзига шапалоқ тортиб юбориб:
– Айт, итдан тарқаган, кеча кимлар билан муштлашган эдинг?! – дея бўкириб юборди.
Фаррух қўлининг орқаси билан бурнидан оққан қонни артди-да:
– Ҳеч ким билан, – дея паст овозда минғирлади.
Эдуард Анисимович бақириб юборди:
– Соқчи!
Эшикдан ёши ўттизлардан ошиб қолган ҳарбий кийимдаги одам кириб келди.
– Манавини кўзимдан йўқот, бунақаларнинг жойи турмамас, жиннихона! – деди қамоқхона бошлиғи жазаваси тутганча.
Соқчи Фаррухнинг елкасидан ушлаб судраганча олиб чиқиб кетди. "Бу жа узоққа борадиганлар хилидан экан. Ҳали қамоққа эндигина тушибди-ю, ақли балога етадиганга ўхшайди", дея хаёлидан ўтказди бошлиқ.
Бироздан кейин бошлиқнинг хонасига Кобра кириб келди. У ҳеч бир рухсатсиз Эдуард Анисимовичнинг ёнидаги столга келиб ўтирди.
– Расво қилибсан-ку ҳамма ёқни! – деди унга қарамасдан қамоқхона бошлиғи.
– Менинг ишим ҳамма вақт тоза бўлган, буни ўзлариям яхши биладилар-ку, – дея илон ёнидан сигарета олиб тутатди.
– Шуми тоза қилган ишинг? Кимнинг бўйнига илиш керак эди? Сен кимникига илиб қўйдинг, аҳмоқ?
– Ўртоқ начайник, хато ўтибди. Барибир унинг умри шу ерда чирийди. Бунга мен кафолат бераман.
– Ҳов аҳмоқ, манави иккита мурда учун мен каллам билан жавоб бераман. Ҳали сенга яна одам топиб беришим керакми?! – деди баттар жаҳли чиқиб кетган бошлиқ.
– Начайник, энди сизни уринтириб қўймаймиз. Керакли нарсани ўзимиз топиб оламиз.
– Билмадим. Бирон нима чиқишига кўзим етмайди. Ўлгудай ўжар болага ўхшайди, – деди қамоқхона бошлиғи бошини сарак-сарак қилиб.
– Домласи кучли унинг. Домласи Босснинг ўзи, – дея мийиғида кулди илон.
– Ни-ма?! – деди ҳайратланган Эдуард Анисимович. – Боссга унинг қанақа алоқаси бор? Тоғда ўсган чўпон бўлса.
– Ҳали бунисини аниқлаганимча йўқ. Вақти келиб ҳамма нарса маълум бўлади.
Кобра қўлидаги сигаретасини кулдонга эзди.
– Босс, Босс! Жонимга тегиб кетди у. Қачон қарама, оёғим остидан чиқиб туради. У мараз бугун тушга яқин яна келади. Қутулдимми, деб ўйлаган эдим. Падарингга лаънат, яна ишкал чиқарибди, – деди қамоқхона бошлиғи ва ўрнидан туриб кетди.
– Хавотирингиз, менимча, ўринли эмас. У ҳозир анча қариб қолган. Бир чўқишда қочираман.
– Ўзи қариган бўлса, шайкалари-чи, уларам қариганми? Манавиндақанги ўсиб келаётганлари-чи? Буларнинг уруғини қуритиб бўларканми?
– Аччиқни аччиқ кесади, деган гап бор. Мана биз-да унинг кушандаси, – дея Кобра бўйнини чўзди. Илоннинг бу қилиғи бошлиқнинг энсасини қотирди.
– Қарагин-да, ишқилиб, – деди у киноя билан, – яна у сенинг кушанданг бўлиб қолмасин. Бўпти, бор, кейин гаплашамиз қолган гапларни.
Кобра истар-истамас ўрнидан турди. Эшик ортида уни соқчи кутиб турарди.
Фаррух камерагача базўр етиб борди. Кеча еган калтаклари, бугунги олган азоблари ўз кучини кўрсатмасдан қолмади. Камерага кириши билан боши айланиб кетиб йиқилди. Маҳбуслар уни жойига кўтариб олиб бориб ётқизишди. Фаррухни олиб келган соқчи эса қамоқхона врачини айтиб келишга кетди.
Дўхтир икки марта кетма-кет укол қилсаям, йигит кўзини очмади. Оғир-оғир нафас олиб ётаверди. Сўнгра уни касаллар учун махсус ажратилган камерага олиб кетишди.
Тушга яқин қамоқхонада бирдан ҳайқириқ садолари янграб кетди. Ҳамма бир овоздан "Босс! Босс! Босс!" дея қичқирарди. Соқчилар уларнинг овозини ўчиришга шунча ҳаракат қилишмасин, барибир бир соат мобайнида ҳайқириқлар тинмади. Худди шу маҳал Фаррух кўзини очган, шовқинни эшитиб атрофига атанглаган, лекин нима сабабдан маҳбуслар бунақа бақиришаётганлигини англаёлмасди. У ҳали-ҳамон карахт эди. Шу алпозда анча вақт ётди. Бош айланиши тўхтаб, бироз ўзига келгандай бўлди. Лекин бу пайтда ҳамма ёқ тинчиганди. Шу боис у шовқин сабабини аниқлолмай қолди. Бироз ўтиб, ҳамшира кириб келди. Эндигина йигирма ёшни қоралаган, бироз қизғиштоб сочи калта кесилган, тиниқ, оппоқ юзи истарали қиз Фаррухнинг тепасига келди-да, унга тикилиб қолди. Йигит бундан ноқулай аҳволга тушиб, қизарди.
– Яхши бўлиб қолдингизми? – дея сўради қиз майин овозда.
Фаррухнинг гапиришга тили айланмай "Ҳа", дегандек бошини қимирлатди.
– Унда жуда яхши, қўлингизни беринг, маз суриб қўяман, – деди қиз.
Фаррух қўлига теккан иссиқ тафтдан ҳаяжонланиб кетди. Буни сезган қиз жилмайиб қўйди-да, ишини бажа-ришга тушиб кетди. Бироз ўтиб, унинг юзида ачиниш аломатлари пайдо бўлди. Ҳатто кўзига ёш келди. Охири у чидолмади. "Ҳайвонлар", дея пичирлади. Қиз боланинг олдида ожизу нотавон бўлиб қолганидан Фаррух қийналиб кўзини чирт юмиб олди. Қиз унинг қўлини дорилаб бўлганидан кейин яхшилаб боғлаб қўйди. Сўнгра йигитнинг бошидаги ярасини дорилади. Бу ишларни битириб бўлганидан кейин у Фаррухни укол қилиб қўйиши керак эди. Аммо ҳамшира шприцни қўлида ушлаган кўйи йигитдан кўз узолмай қолди.
– Томиримга укол қиласизми? – дея сўради Фаррух ноқулайликдан чиқиш учун.
– Йўқ, – деди қиз кўз ёшини дастрўмолчасига артиб, – бу укол сизга тўғри келмайди. Адашиб олиб келибман. Ҳозир бошқасини олиб келаман.
Қиз шартта орқасига бурилди-да, тез-тез юриб камерадан чиқиб кетди. Ҳамшира адашмаган эди. У айнан бош врач тайёрлаб берган уколни олиб келганди. Бироқ бу укол қанақалигини у жуда яхши биларди. Бундан икки ой муқаддам айнан шунақа, бош врачнинг ўзи махсус тайёрлаб берган укол билан битта одамни наркоманга айлантириб қўювди. Аммо бу сафар ёшгина, истарали, хушбичим йигитни увол қилгиси келмади.
Орадан беш дақиқа ўтар-ўтмас ҳамшира яна кириб келди. Энди унинг қўлида очилмаган пенициллин шишачаси бор эди. Қиз Фаррух қўлини чиқарганида, жилмайиб бош чайқади-да:
– Қўлингизгамас, ёнбошингизга, – деди.
Шу гапни айтди-ю, бирдан ўзи ҳам қизариб кетди. Албатта, унинг эркак зотига биринчи бор укол қилиши эмасди. Қанча-қанчаларининг ҳеч тортинмасдан думбасига нина санчганди. Аммо ҳозир уялди. Ҳаяжонланди. Бундан қўли титради. "Укол қилолмай бу ёқимтой йигитни қийнаб қўяман", дея ўйлади. Сўнг ўзини бироз босиб олиб, йигитни ҳам озгина куттириб, нинасини санчди.
– Оғримадими? – дея сўради ҳамшира дори юбораётган маҳали.
– Сезилмади, – деди ерга қараб ётган Фаррух.
Қиз энди ишини бажариб бўлган эди ҳамки, камера-нинг эшиги шарақлаб очилди-да, иккита соқчи ҳамкорлигида Босс билан Чувалчанг кириб келишди. Қиз уларни кўриб довдираб қолди.
– Қанақа укол қилдинг?! – дея бақирди Босс ҳали эшик олдидалигидаёқ.
– Пенициллин, – деди қўрқиб кетган қиз.
Босс бирдан юришдан тўхтади-да, кўзини юмиб чуқур нафас олиб, "Хайрият", дея пичирлади. Чувалчангнинг юзида эса бирдан хурсандчилик аломатлари пайдо бўлди. Боссни кўрган Фаррух қувонганидан ўрнидан туриб кетаёзди.
– Безовталанма! – деди унинг пешонасидан ўпган Босс. – Етиб келолмайманми, деб қўрққан эдим. Ҳартугул Худо деган одам эканман.
Фаррух ўзини босиб туролмади. Унсиз йиғлаб юборди.
– Йиғлама, эркакка йиғлаш ярашмайди, – деди Босс меҳрибовлик билан. – Ҳаммасидан хабарим бор. Сени не кўйларга солишганини эшитдим… Ҳақинг ерда қолмайди, ука, ҳаммасини қайтарасан ҳали… Лекин сенинг ўзингга қойил қолдим. Маладес, агарда ўрнингда бошқа одам бўлганида, бунақа азоблардан кейин… – дея энди қўпол сўз айтмоқчи эди, ёнида ҳамшира борлигини эслиб, тилини тийди.
Босс жилмайиб ҳамширага қаради-да:
– Исминг нима, синглим? – дея сўради ундан.
– Зарина, – жавоб қилди қиз.
– Зарина, сенга қанақа укол қилишларини буюришганди?
Бу саволни эшитиб соқчилар бесаранжом бўлиб қолишди.
– Босс, медсестрани ўз ҳолига қўйинг, – деди улардан бири.
– Гап бўлиши мумкин эмас, – дея уларга жавоб қилди Босс қиздан кўзини узмаган кўйи. – Сизга катта раҳмат, Заринахон. Бу хизматингиз мукофотсиз қолмайди. Яна битта илтимос, Фаррухжонга бундан бу ёғига фақат ўзингиз укол қилсангиз, сиздан жуда миннатдор бўлардим. Энди биз эркакча гаплашиб олсак. Биласиз-ку, эркаклар бирозгина қўпол бўлишади. Сиз беморингиздан асло хавотир олмасангиз ҳам бўлаверади.
Қиз Босснинг Фаррухга яқинлигини тушуниб етди. Шу боисдан ҳам асбоб-анжомларини йиғиштириб чиқиб кетди. Шундан кейин Босснинг нигоҳи соқчиларга қадалди. Ундаги мазмунни тезда илғаб етган соқчилар бирбирига қарашди ва улардан бири:
– Хитланиб қолишса бошимиз кетади, – деди.
– Менинг бу ерга келганимга неча кун бўлди? – деди унга ўқрайиб Босс.
– Барибир эҳтиёт бўлиш керак-да, – дея унга жавоб қилди соқчи.
– Қанақа қилиб эҳтиёт бўлишни отангга бориб ўргатгин! – дея овозини бир парда кўтарди Босс.
Бу унинг жаҳли чиқаётганлигидан нишона эди. Босснинг жаҳли чиқдими, унинг оқибати нима билан тугашини яхши билган соқчилар олдинма-кейин камерани тарк этишди. Уларнинг орқасидан Босс Чувалчангни ҳам қувиб юборди.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?