Текст книги "Бургут тоғда улғаяди 1-китоб"
Автор книги: Нуриддин Исмоилов
Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 4 (всего у книги 21 страниц) [доступный отрывок для чтения: 7 страниц]
– Бунинг ақлини киритиб қўйинглар, ундан кейин гаплашамиз! – деди терговчи соқчига қараб.
Соқчи бир қўли билан Фаррухни жойидан турғазиб қўйди-да, "юр", дея судраб хонадан олиб чиқиб кетди. "Тоғ бургути" қалин темир эшикли камерага кирди-ю, аммо орқасига ўгирилолмади. Бели-ю биқини аралаш тушган зарбдан камеранинг ўртасига бориб йиқилди. Ўрнидан энди турмоқчи бўлганида эса кўкрагидан тепки еб яна қулади. Шу тариқа тепкилар ёмғири бошланиб кетди. Фаррухнинг юзидан бўлак соғ жойи қолмади. У ҳушидан кетгандан кейингина соқчи уришдан тўхтади. Ва эшикни даранглатиб ёпиб, камерадан чиқиб кетди.
Фаррух қанча вақт беҳуш ётгани чамасини ололмади. Ўзига келди-ю, баданидаги оғриқдан афти бужмайди. У инқиллаб-синқиллаб ўрнидан туриб ўтирди. Жароҳатланган жойларини силади. Сонлари, кўкрак ва биқинида кўкарган ерларини кўриб хўрлиги келди. Бироқ йиғламади. Тишини-тишига босди-да, "Ҳали буларнинг бари учун жавоб берасанлар!" – дея хаёлидан ўтказди.
Орадан яна ярим соатча вақт ўтгач, бошқа соқчи келиб эшикни очди-да, ёвғон шўрва билан икки бўлак нон бериб кетди. Фаррухнинг қорни роса очқаган эди. Шу боис овқатдан ноз қилиб ўтирмай, борини паққос туширди. Аммо барибир қорни тўймади. Яна берармикин деган ўйда эшикка термулди. Лекин ҳеч ким унга бошқа овқат кўтариб келмади. Тахминан бир соатдан кўпроқ вақт ўтганидан кейин бояги соқчи келиб, косасини олиб кетди. Кейин бошқаси келиб, йигитни янги камерага олиб борди. Бу ерда, наригисидан фарқли ўлароқ, иккита каравот бор эди. Унинг биттасида соч-соқоли ўсиб кетган одам ухлаб ётарди. Бу маҳбус соқчининг тарақтуруқ қилиб эшик очганига уйғонмади ҳам.
Фаррух ўзига кўрсатилган каравотга чўзилди. Шундагина вужуди бироз ором олгандай бўлди-ю, дарров пинакка кетди.
Фаррух эрталаб уйғонганида қўшниси папирос чекиб ўтирарди.
– Кимсан? – дея сўради у.
Фаррух исмини айтиб, энди ўрнидан қўзғалмоқчи эди, белида қаттиқ оғриқ туриб, инграб юборди.
– Обдон "сийлаш"ганга ўхшайди-а? – деди қўшниси папироснинг аччиқ тутунини хузур қилиб ичига тортаркан. – Ҳечқиси йўқ. Бу ерга келганларнинг пешонасида бор нарса. Мениям биринчи келган куним обдон элакдан ўтказишганди. Шундан бери фақат боқишади… Лекин раисни боплабсан. Уни мен яхши танийман. Унда одамгарчиликдан зиғирча ҳам йўқ.
– Сиз қаердан билдингиз? – дея сўради Фаррух белини ушлаб базўр туриб ўтираркан.
– Мен билмайдиган нарсанинг ўзи йўқ бу дунёда. Сени олиб келишгандаёқ менинг қўшним бўлишингни етказишганди. Беш йилга кесиласан. Аслида бу жиноятинг учун кечириб юборишсаям ёки жуда узоқ кетганида бир йил берсаям бўларди. Лекин раис шунақа талаб қўйибди, – Фаррухнинг бадбашара қўшниси шундай деб жойига ёнбошлади.
Фаррух пешонасини ушлаб бироз турди.
– Отам, – деди у йиғламсираб, – отамни кўролмасканман-да.
– Хе-хе-хе, – кулди қўшниси, – отангни беш йилдан кейин кўраверасан, агар орада бўйнингга бошқа нарсани илиб юборишмаса. Отинг Фаррухмиди?
–Ҳа.
– Меники Ғиёс, лақабим "Босс". Турма менинг уйимдай бўп қолган. Ёшим ҳозир элликда, шунинг ўттиз икки йилини мана шунга ўхшаш, – дея у атрофдаги бетон деворларни кўрсатди, – ерларда ўтказдим. На отам, на онам бор. Ака-укаларим менинг борлигимниям унутиб юборишган. Биринчи марта худди сенга ўхшаб қамалиб қолгандим. Кейин турмада бошқа айбларниям бўйнимга илиб ташлашди. Мана, шунгаям ўттиз икки йил бўлибди-я. Кўринишингдан тузуккина болага ўхшай-сан. Агар менинг айтганимни қилсанг, бир йилга қолмасдан бу ердан чиқариб юбораман. Кейин маза қилиб яшайсан.
– Ўзингиз ўттиз икки йилдан бери чиқолмай юрган экансиз, мени қандай чиқариб юборасиз? – деди Фаррух ҳайрон бўлиб.
– Бу ёғи билан ишинг бўлмасин. Кейин ўзинг тушуниб оласан. Агар хоҳласам, ҳозирнинг ўзидаёқ чиқиб кетаман. Лекин бунинг менга мутлақо кераги йўқ.
Фаррух барибир ҳеч нимага тушунмади. Бақрайиб тураверди. Унинг қарашини кўрган Босс мийиғида кулдида, мохорка олиб қоғозга ўрай бошлади. Йигит умрида сигаретани бунақа қилиб чекишларини кўрмаганди. Қишлоғида нос, сигарета чекувчилар кўп эди. Лекин уларнинг биронтаси тамакини қоғозга ўрамасди.
Эшик шарақ-шуруқ этиб очилди-да, кечаги соқчи кириб келди. Унинг қўлида иккита сумка нарсаларга тўла эди.
– Босс, завтрак олиб келишди, – деган соқчи алланималарни умид қилгандай иржайганча туриб қолди.
– Боравер, – деди Босс унга совуқ қараш қилиб ва эринибгина ўрнидан турди.
Бирдан башараси тундлашган соқчи индамай чиқиб кетди. Ғиёс ака унинг орқасидан кулиб қараб қоларкан:
– Падарингга лаънатлар, бир сафар олишмаса ўлиб қолишади, – деди ҳамда сеткаларнинг ичидагиларни бирма-бир стол устига қўя бошлади.
– Мен сенга айтсам, – дея гапида давом этди у, – бу ер ташқаридаги бош оғриқдан минг чандон яхшироқ.
Фаррух стол устига қўйилган ноз-неъматлару ҳил-ҳил пишган гўшт ва ҳатто бир шиша ароқни кўриб ҳайрон қолди.
– Менга, – деди у ҳайратини яширолмай, – кеча кечқурун бир бўлак нон билан шилдир шўрва беришганди.
– Бу кўрганларинг чепуха, – деди қисқагина қилиб Босс ва Фаррухни биргаликда «завтрак»ка таклиф этди.
Фаррухни тушдан кейин яна терговчининг ёнига олиб боришди.
– Қалайсан? – деди терговчи кулиб. – Ақлинг кириб қолдими? Шунақа, бу ерда асов тойларни ҳам дарров қўлга ўргатиб қўйишади.
Фаррух ўқрайиб қараб тураверди. Унинг нигоҳида бир олам алам, нафрат ва қасос борлигини уқиш мумкин эди.
Терговчи бу сафар гапни чўзиб ўтирмади. Аввалдан ўзи ёзиб тайёрлаб қўйган олти саҳифа қоғозга қўл қўйдиртирди-да:
– Бўлди, тамом, эртага судинг бўлади, – деди ва соқчини чақириб, маҳбусни олиб кетишларини буюрди.
Бу сафар Фаррух унчалик ҳам тушкунликка тушмади. Отасини кўриб келиш, ҳеч қурса бу ерга чақиртириш тўғрисида сўрамади ҳам.
– Ҳозиргина, – деди Босс Фаррухни ғамгин қиёфада қарши олиб, – ёмон хабар эшитдим. Бардам бўл, йигит.
Фаррух ҳеч нарсани англамай унга қараб қолди.
– Кеча, сени уйингдан олиб кетишганидан кейин отанг омонатини топширибди.
– Ни-ма?! – деди унга бақрайиб қараб қолган Фаррух. – Отам… Ўлдирам-а-а-а-н!!!
– Ўзингни бос, – деди Ғиёс ака уни қучиб, – Ўзингни бос, ука, бир кунмас-бир кун ҳаммамиз ҳам ўламиз. Тақдир…
Фаррух ўкириб йиғлаб юборди.
– Ҳали отам ўлмаслиги керак эди… Отам ҳали яшаши керак эди… Мени олиб кетишганига чидолмаган отам…
У эртасига эрталабгача чурқ этмади. Каравотида бир нуқтага тикилиб ўтираверди. Босс амал-тақал қилиб кечқурунги овқатдан едирди, холос.
Фаррух судга ёши улғайиб қолган одамлардай ғамгин кириб келди. Каталакдай суд залида раис ва новча хизматкор тиржайиб ўтиришарди. Улар Фаррухни кўрганлари заҳоти ўринларидан туриб, қарсак чалган бўлишди.
* * *
Агар Моҳирўй бундан бир йилгина аввал мана шундай кеч келганида ёки биронта ножўя иш қилиб қўйганида Турғун Ғаниевичнинг парвойига ҳам келмаган, қизининг қилиқларини шунчаки эркатойликка йўйган бўларди. Бироқ айни дамда амалдорнинг назари бошқа эди. Моҳирўйга қизига қарагандек қарамасди, жаҳли чиққанининг сабаби ҳам шунда эди.
– Қайси гўрда юрибсан?! – деди у қовоғини уйиб.
Моҳирўй бу гапни эшитиши билан жойида ҳайкалдек қотиб қолди. У дадасидан умрида бунақанги қўпол гап эшитмаган эди. Худди илк бор бу одамни кўраётгандек тикилиб тураверди. "Дадам бошқача гапирди, менинг қулоғимга шундай эшитилди, шекилли", – дея ўйлади у.
– Сендан сўраяпман, қайси гўрда санқиб юргандинг? – дея яна гапини қайтарди амалдор ва қўлидаги қамчинни ерга қарсиллатиб урди.
Бундан чўчиб тушган Моҳирўй шундагина дадасининг қўлидаги қамчинни кўрди-ю, бирдан ранги оқариб кетди. Вазият у ўйлаганидан кўра анча жиддий эди.
– Шаҳарни айланиб… – дея Моҳирўй гапини бошлади-ю, бироқ давом этказолмади, кўзидан ёш қуйилиб келди.
– Ким билан бирга эдинг?! – дея вишиллади Турғун Ғаниевич.
Унинг бу саволига қиз бошини чайқаб "ҳеч ким билан" ишорасини қилди.
Шу заҳоти унинг елкасига қамчи келиб тушди. Моҳирўй гиламнинг устига йиқилиб тушди-ю, бақириб юборди. Унинг овози амалдорга илҳом бағишладими, у қизни тинмай савалашга тушиб кетди. Моҳирўй думалаб кетар, дадасидан тинимсиз шафқат сўрарди.
– Сен! – дея Турғун Ғаниевич оғзидан кўпик сачратиб ўшқирди. – Сен тоғдаям мени шарманда қилгандинг! Ер билан битта қилгандинг!
Унинг бу гапларини Моҳирўй эшитадиган аҳволда эмасди. Қиз қандай бўлмасин, тинимсиз елкасига, белига келиб тушаётган қамчининг зарбасидан қутулиб қолиш учун нима қилишини билмай ўзини гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа ташлар эди. Бироқ амалдор мўлжалдан адашмас, худди жонсиз бир нарсани савалаётгандек қамчилашни тўхтатмасди. Қизнинг аллақачон танаси кўкариб кетган, баъзи жойларига икки-уч мартадан қамчин келиб тушганидан, қон ҳам оқмоқда эди. Ниҳоят, Моҳирўйнинг қимирлашга ҳоли қолмади, у дадаси ҳар урганда "и-ии", дерди нимжон овозда.
– Ўлиб қолса товонига қоласиз, – деди Моҳирўй дастлаб овоз чиқаргандаёқ ширин уйқусидан уйғониб ке-тиб, "Нима бўлаяпти?" деган хавотирда хонасидан чиқиб, вазиятни кўрганидан кейин қувониб кетган Зулайҳо.
– Ўлса бутунлай қутулардим! – деди ҳансираб амалдор ва қизни савалашдан тўхтаб, хотинига қаради.
– Етимча бўлсаям шунча йил боқдингиз кўпчилик сизнинг қизингиз борлигини билади. Тўсатдаи бу қиз ғойиб бўлса ҳар хил гап-сўзлар кўпаяди. Агар шу қиздан қутулиш ниятингиз бўлса, уни ўлдириш шарт эмас, йўлйўриғи бор ўзининг.
Шу пайт дарвоза қўнғироғи устма-уст жиринглади. Эрхотин бир-бирига хавотир билан қарашди.
– Ким бўлиши мумкин ярим кечаси? – дея савол қотди Зулайҳо эрига.
– Мен қаёқдан билай?! – дея уни жеркиб ташлади амалдор ва қўлидаги қамчисини отиб юбориб, секин ташқарига чиқди-да, дарвозанинг ёнига бориб, унинг кичкина табақасини очди. Остонада оддийгина кийинган, ёши қирқлардан ошган одам турарди.
– Сизга нима керак? – дея сўради амалдор ундан дағаллик билан.
– Таксичиман. Бир қизни олиб келгандим. У шу уйга кириб кетди, такси пулини ҳозир олиб чиқиб бераман деб. Анчадан бери пойлаб ўтирибман, ҳеч дараги бўлмаяпти, – деди такси ҳайдовчиси.
Амалдор чўнтагини ковлади-да, битта ўн сўмлик чиқариб, таксичининг башарасига отиб юбораркан:
– Йўқол, кўзимга кўринма! – деди ўшқириб ва дарвозани даранглатиб ёпганча уйига кириб кетди.
Амалдор Моҳирўйнинг тепасига келиб бироз қараб турди. У пича жаҳлидан тушган, ҳатто кўнглида қизга нисбатан ачиниш ҳам пайдо бўлганди.
– Зулайҳо! – дея бақирди у.
– Нима дейсиз? – дея хотини ётоғидан кўзини уқалаганча чиқиб келди. – Энди ухлаган эканман.
– Манавини тозалаб олмасдан дарров уйқуга кирдингми?! – дея энди амалдор хотинига заҳрини сочди.
– Ўзингиз ўлса қутуламан, деяётгандингиз-ку, – деди Зулайҳо норози тўнғиллаб.
– Бўл, тез ваннага обор! – дея амалдор ошхонага кириб кетди.
Моҳирўйни ювиниш хонасига олиб борган Зулайҳо аввал уни ечинтириб томоша қилди. Қизнинг баданида соғ жойи қолмаган, бироқ унинг юзи ўша-ўша мафтункор эди. Аёл унга қараб тураркан, баданининг аҳволидан кўнгли тўлган эса-да, чеҳрасининг жозибасидан дили ғаш бўлди. ''Ҳозир юзингни қайноққина сувга бир чайиб оламиз, ундан кейин ҳаммаси жойига тушади. Менам хотиржам бўламан, сениям қулоғинг тинчийди, мана бунақа калтак еб ўтирмайсан… Ўзимнинг оппоққина қизим-а, кел, шу чиройли юзингдан охирги марта бир ўпай, кейин башарангнинг жирканчлигини кўриб саломингга алик оламанми-йўқми, худо билади", дея хаёлидан ўтказди у. Аёл энгашиб Моҳирўйнинг юзидан ўпиб қўйди, сўнг жўмракни бураб, сув қайноқ бўлишини кута бошлади. Шариллаб оқаётган сувда энди буғ пайдо бўлганида, тўсатдан хонага амалдор келиб қолди.
– Нима қилаяпсан?! – дея ўдағайлади у хотинига.
– Менми… менми? – дея довдираб қолди Зулайҳо. – Иш… буюрган ишингизни қилаяпман.
Хотинининг довдираб қолганидан Турғун Ғаниевичнинг кўнглига шубҳа оралади.
– Нега иссиқ сувга совуғидан аралаштирмадинг?
– Аралаштирмоқчийдим… Анақа… Иссиқ сув келгунча уйқу босибди, – деди Зулайҳо кўзини олиб қочиб.
– Бошқа нарса босиб қолмадими, ишқилиб? Бўл тез, совуқ сувни оч, ҳамма ёқни ҳаммом қиворибсан-ку!
Зулайҳо шоша-пиша эрининг айтганини бажарди-да, Моҳирўйга қаради. У ҳеч нарсани билмасдан қип-яланғоч ҳолда ётарди. Амалдор эса уялмасдан унга термулиб турарди.
– Уят бўлади-я, – деди бироз ўзига келган Зулайҳо.
– Фақат юзини ювсанг бўлди, кейин менга тезда егулик тайёрлаб бер, ароқ олиб келишни эсингдан чиқарма! – дея амалдор ювиниш хонасидан нари кетди.
Аёл режаси амалга ошмай қолганидан унчалик ҳам куйинмади. Чунки бу режа фавқулодда миясига келиб қолган, ҳали унчалик ҳам пишмаган эди. Бироқ бунақа қулай вазият ҳар доим ҳам бўлавермасди.
Моҳирўй дадаси калтаклашни тўхтатганида ҳали ҳуши ўзида эди. Шу боис, эр-хотиннинг гапларини тўлалигича эшитди. Шундан кейингина ҳушидан кетди.
Юзига муздай сув теккач, у кўзини очди. Боши карахт эди, шунинг учун дабдурустдан нима бўлаётганлигини англаёлмади. Унинг кўз очганини кўрган Зулайҳо баттар хўмрайди.
– Ўзингга келдингми? – деди у қўпол овозда.
– Ойи, – деди синиқ овозда Моҳирўй, – менга нима бўлди?
– Нима бўлганлигини эртага гаплашамиз, ўрнингдан туроласанми, сени бу ерга олиб келгунимча белим чиқиб кетай деди. Ҳеч иш қилмаганлигингдан оғирлашиб кетибсан, – деди аёл ва Моҳирўйнинг ўрнидан туришига кўмаклашган киши бўлиб қўлидан тортди. У қизнинг жароҳатланган жойидан чанг солиб ушлаб олганлиги сабабли Моҳирўй инграб юборди.
– Мушукнинг орқаси яра бўпти, унга нима даво бўпти, шунга шунчами? Қийинчилик кўрмагансан-да, сал нарсага дод-вой соласан! – дея жеркиган аёл унинг қўлидан қаттиқроқ тортди.
– Ой-и-и! – дея бақириб юборди Моҳирўй. – Қўйинг, ўзим тураман.
– Ҳе, нозик ойим…
Зулайҳо шу заҳоти Моҳирўйнинг қўлини қўйиб юборди-да, эри буюрган ишни бажаришга кетди.
Ўрнидан базўр туриб олган қиз секин-аста қадам босиб ётоғига борди ва каравотига чўзилди.
Эртасига эрталаб Тўйчи қўнғироқ қилди. Бу пайтда амалдор ишга кетган, Зулайҳо эса энди уйқудан уйғонган эди. Ўзига таниш овозни эшитган аёлнинг юзига табассум югурди.
– Шахсий чеваримнинг ишлари қалай, янги-янги кўйлакларни ижод қилаяптими? – деди Тўйчини эркалаб.
– Анавинга одам топиб қўйдим, – дея бирдан мақсадга ўтди Тўйчи.
– Дарров ишдан гапирасан-а, сал бундай одамни эркалатиш, кўнглини кўтаришни билмайсан, – деди Зулайҳо ўзига ярашмаган ноз билан.
– Ҳеч ким йўқми дейман уйда, жонидан?
– Борларини орқамга қисмайман.
– Ишни бугундан бошлаб юбораверамизми?
– Аҳвол ўзгариб қолди. Кеча оқшом шунақа томошалар бўлдики, айтсам ҳайратдан оғзинг очилиб қолади. Эсизгина, сенсизам анавиндан қутулишимга озгина қолувди-я, ўзим бузиб қўйдим-да. Энди бир-икки кунга тўхтаб турамиз. У салгина ўзига келиб олсин. Ундан кейин маслаҳатлашиб, ишни бошлаймиз, – деди Зулайҳо эснаб.
– Нима бўлди ўзи?! – дея сўради Тўйчи аёлнинг гапларидан қониқмай.
– Телефонда айтадиган гап эмас. Кейин айтиб бераман.
– Бўпти, унда мен тезроқ "клиент"ни огоҳлантириб қўяйин, йўқса кутиб ўтираверади, – деди Тўйчи аёл билан ортиқча гаплашишни истамай.
Зулайҳонинг ҳам бир дунё ишлари бор эди. Шу боисдан "хўп", деди-ю, гўшакни жойига қўйди.
Уларнинг уйида учта хизматчи аёл эртадан кечгача ишлар, Зулайҳо эса қўлини совуқ сувга урмасди. Кечаги воқеалар содир бўлгач, аёлнинг эрига озгина хизмат қилишига тўғри келиб қолди. Ўша пайт у "Хизматкорларнинг биронтасини энди кечгаям олиб қоламан", дея ўйлаган эди. Энди шу нарсаларни бажариб қўйиш учун хизматкорларни ёнига чақирди.
Моҳирўй уйқудан кўзини очганда соат миллари кундузги ўн иккини кўрсатар эди. У бироз шифтга қараб ётди ва кеча содир бўлган воқеаларни бирма-бир хотирасида тиклади. "Наҳотки, – дея ўйлади у, – дадамнинг мени шунчалик савалашга ҳадди сиққан бўлса? Илгари қўл кўтариш у ёқда турсин, қаттиқ гапирмасди ҳам… Тўхта, тўхта. Ойим мени етимча дедими? Нима, мен бу одамларга бегонаманми? Қанақасига энди? Хеч нарсага ақлим етмаяпти. Агар мен буларнинг қизи бўлмасам… Унда менинг ота-онам ким? Нега бу ерда юрибман?"
– Қизим, уйғондингми? – дея мулойим гапирганча Зулайҳо кириб келди унинг хонасига.
Аёлнинг ўта мулойим гапириши Моҳирўйнинг ўпкасини тўлдириб юборди. Унинг кўзида ёш пайдо бўлди.
– Ий-и! Бу нимаси? – Зулайҳо тез-тез қадам босиб келди-да, Моҳирўйнинг каравоти чеккасига омонатгина ўтириб, унинг кўзидаги ёшни эҳтиёткорлик билан артди. – Қўй, қизим, йиғлама, даданг кеча жа ошириб юбор-ди… Ўзиям келгунингча давленаси кўтарилиб кетиб, ўлиб қолишига сал қолганди… Яхшиям мен тўхтатиб қолдим. А то бог знает, нима бўларди?
У атайлабдан, кейинги ишларини силлиққина бажариш учун Моҳирўйнинг кўнглини овлашга уринаётган эди. Агар ҳозир қизни ўзига худди илгаригидек иситиб олса, ундан кейин оппа-осон қутуларди-қўярди.
– Овқатинг таппа-тайёр, ўрнингдан тургин-да, еб олгин. – Аёл қизнинг пешонасига қўлини қўйди. – Вой, иситманг бор-ку. Қимирлама, ёт. Ҳозир мен дори олиб келаман. Овқатингниям шу ерга келтиришади.
Зулайҳо тезгина хонадан чиқиб кетгач, Моҳирўй кеча тунда ювиниш хонасида унинг айтган гапларини эсладию, эзилиб йиғлаб юборди.
Бир қўлида пиёла, иккинчи қўлида қанақадир дори кўтарган Зулайҳо хонага қайтиб кирганида Моҳирўй унга еб қўйгудек қаради. Бироқ қизнинг қовоғини уйгани ҳам ўзига ярашиб турарди.
– Ойи, – деди қиз Зулайҳо тутган дорини оғзига олмай, юзини бурар экан, – мен сизга кимман?
* * *
Суд кўп давом этмади. Бирпасда ҳамма айблар Фаррухнинг бўйнига қўйилгач, худди Босс башорат қилганидай, суд уни беш йилга озодликдан маҳрум этди.
– Ҳалиям мен инсоф қилдим, – деди раис Фаррухни олиб кетишларидан олдин унинг ёнига келиб. – Ўрнимда бошқаси бўлганида, умрингни қамоқда чиритарди.
Фаррух унга нафрат тўла нигоҳини тикиб, алам билан шивирлади:
– Шунисигаям раҳмат!
Шундан кейин унинг қўлларини кишанлаб, Босс ётган камерага олиб кетишди. Раис тўғри суд залидан қамоққа равона бўлади деб ўйлаганди Фаррухни. Лекин унинг ўйлагани бўлиб чиқмади. Шу боис, у ажабланиб суд раисига қаради. Суд раиси Фаррух яна бир кун "меҳмон" қилиниб, эртасига керакли жойга жўнатилишини айтди. Аслида эса, йигитнинг яна камерасига қайтиши Босс томонидан буюрилганди.
– Энди ҳақиқий «зэк»ка айландинг, – деди уни кутиб олган Босс мийиғида жилмайиб. Унинг бу кулиши эзгин, ҳамдардликка ўхшаб кетарди. – Одамлар жиноят-чи бўлиб туғилмайдилар, балки уларни жиноятчига айлантиришади.
Фаррух бошини қуйи эгган кўйи каравотига бориб ўтирди. Кўзларига ёш қалқди. Йигитчанинг бундай иродасизлигини кўрган Босснинг жаҳли чиқиб кетди.
– Гўдакмисан ёки қиз болага товунлик томонинг борми? Кўзингнинг сувини оқизасан! Бўйнингга юклашдими, демак, энди сен қайтариб уларникига юклашинг керак, йўқса, бир умр раисга ўхшаган қоринбойларнинг оёғи тагида поллатта бўп ўтасан. Тушундингми, қонга – қон, жонга – жон! Бошқа йўл йўқ.
Фаррух Босснинг гапидан илҳомланиб, билаклари кучга тўлиб бораётгандай сеза бошлади ўзини. Агар қамалган бўлмаганида, тўғри раиснинг ёнига бориб, унинг меш қорнига пичоқ санчишгаям тайёр эди. Ундаги ўзгаришни Босс тезда англаб етди. Босс ҳар бир шогирдини тайёрлаётганда унинг юзида содир бўладиган ўзгаришга диққат-эътиборини қаратар ва шунга қараб шогирднинг қандай ишларга қодирлигини билиб оларди. Фаррухда содир бўлган ўзгариш унга ёқиб тушди. Агар уни ўзи ўйлаганчалик тарбиялай олса, келажакда йигитдан кўп ишларда фойдаланса бўлади. Ҳатто «чевар»ликкаям яраб қолса ажабмас.
– Сени эртага олиб кетишади, – деди Босс йигитга қирғий нигоҳини тикиб. – Эртагача вақт бор, унгача мен сенга анча-мунча нарсани ўргатаман, фақат мен чизган чизиқдан чиқмайсан. Шунда кимки ёмонлик қилган бўлса, ҳаммасидан ўч оласан.
– Нима қилишим керак? – деди Фаррух бирдан ҳовлиқиб.
– Шошилма, аввал гапларимни яхшилаб эшитиб ол, қилишинг керак бўлган нарсаларга ҳали анча бор. Ҳозир ҳовлиқасан-да, мениям, ўзингниям шарманда қиласан. Турмага борганингдан кейин…
– Бу ер турмамасми? – дея ҳайрон бўлиб сўради Фаррух Босснинг гапини бўлиб.
Унинг соддалиги Босснинг энсасини қотирди.
– Қаерда ётганингни ҳалиям билмайсанми? – дея сўради у Фаррухдан.
– Йўқ, – деди Фаррух бошини чайқаб.
– Бу аҳволингда мени куйдириб юборадиганга ўхшайсан. Сени ёнимга олиб тўғри иш қилаётганимга гумон пайдо бўлаяпти. Майли, бу ёғи таваккал. Қаерда ётганингниям вақти келиб билиб оласан. Хуллас, турмага борганингдан кейин сени совға-салом билан кутиб олишмайди. Битта-иккита лайчалар қитиқ-патингга тегиб кўришади. Сен улардан асло қўрқма, думини ликиллатиб-ликиллатиб, кейин нари кетади. Ёмони, у ерда аждаҳолар, йиртқичлар бор. Ана шуларнинг ёнида обрўйингни йўқотиб қўймаслигинг керак. Уларнинг ҳаммасиям бизнинг одамлар эмас. Бегоналари, "мент"ларга хизмат қиладиганларидан эҳтиёт бўлиш керак.
– Уларни қандай ажратиб оламан? – дея сўради Фаррух Босснинг юзига тикилиб.
– Бунда ўзингнинг сезгингдан бўлак ҳеч нарса сенга ёрдам беролмайди. Бунинг устига, сен пешонасини ёрган раис обкомда ишлайдиган биттасига қулдай сиғинади…
– Кўрганман ўша одамни, – деди бирдан Фаррух.
– Қаерда? – дея ҳайрон бўлиб сўради босс.
– Тоғда, – деди Фаррух қисқагина қилиб.
– У ёқда нима қилиб юрган экан?
– Билмайман, – дея Фаррух бироз бошини қашлаб турди-да, кўрганларининг ҳаммасини бирма-бир айтиб берди.
Унинг гапидан кейин Босс ўйланиб қолди. Ўрнидан туриб гоҳ эшик ёнига борди, гоҳ каравотига келиб ўтирди. Ўзича бир нималарни чамалаб кўрди. Кейин юзи ғамгин тортди ва Фаррухнинг кўзига синчков тикилдида:
– Ўша ғорнинг қаердалигини биласанми? – дея сўради.
– Биламан, – деди, ғор Боссга нима учун керак бўлиб қолганига ҳайрон бўлган Фаррух.
– Ўша амалдорнинг қизи айтган "шер"ларнинг нима эканлигини биласанми? – дея сўради савол беришда давом этган Босс.
– Йўқ.
– Улар шер эмас, одамлар. Яқинда менинг яқин одамларим йўқолиб қолишди, бирданига учтаси. Демак, улар ўша ерда. Лекин мен амалдор билан уларнинг орасида нима бўлганлигини билмаяпман. Тўғри, уларнинг танишлиги бор эди. Лекин биргаликда иш қилишганлигини ҳечам эшитмаган эдим. Улар ҳеч қачон ҳамтовоқ бўлмаган, бир нарса бўлса, билардим. Лекин нега уларни қафасга солиб қўйганига ҳайронман… Майли, бу иш билан кейинроқ шуғулланаман. Сенга айтмоқчи бўлганим, ўша амалдорга хизмат қилаётганлар сен борадиган турмада ҳам бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Эшитишимча, сени раис хоҳлаган турмага жўнатади. Бу дегани, ўша қамоқхонада сени бошқача кутиб олишади… Икки кундан кейин менинг ўзим ҳам у ерга бораман. Лекин боргунимча сенинг ишингни бир ёқли қилиб қўймаса бўлгани улар.
Босснинг гапларидан кейин Фаррухнинг кўнглига ғулғула тушди. У ҳаётида фақат отаси айтиб берган жинажиналардангина қўрқарди. Энди эса Босс айтиб берган бир-биридан бадбашара одамсифат махлуқлар ҳам унда қўрқув уйғотди. Хаёлида ҳамма ёғини жун босган девқомат барзангилар сарғайиб кетган курак тишларини кўрсатиб уни кутиб туришгандай бўлаверди. Қамоқхонага кириб бориши билан унга ҳаммаси бараварига ташланишиб, гўштларини нимта-нимта қилиб ташламоққа шайлангандай кўриниб кетаверди.
– Ҳа, рангинг ўчиб кетяпти?! – дея сўраб қолди Босс. Шу гапнинг ўзидан Фаррух чўчиб тушди.
– Нима гап? – қайтадан сўради Босс.
– Отам эсимга тушди, – деди Фаррух ичидаги ҳаяжонни билдирмаслик мақсадида бошини эгиб.
Босс айнан ўзининг гапидан кейин Фаррухнинг ранги гезариб кетганини сезганди.
– Ўтганлар ўтиб кетди. Энди минг хохлаганинг билан уларни қайтаролмайсан. Шунинг учун тушкунликка тушма. Умуман, бунақа юришга сенинг ҳаққинг йўқ. Сен отангнинг хунини олишинг керак. Бу аҳволда узоққа боролмайсан.
Ўша куни тонгга қадар Фаррухнинг уйқуси келмади. Кўзи юмилди дегунча қамоқхонадагилар унга ҳужум қилаётгандай туюлаверди. Турди, ўтирди, хона бўйлаб юрди. Барибир уйқу деган нарса келмади. Шунда у хаёлидаги бемаза нарсаларни қувиш учун Моҳирўй ҳақида ўйлади. Унинг гўзал чеҳрасини кўз ўнгида тикламоқчи бўлди. Лекин бу иш унинг қўлидан келмади. Қизнинг майин ширали овози ёдида, лекин чеҳрасини ҳечам эслолмади. Фақат тонг отиш арафасида Фаррух уйқуга кетди.
Босс туни билан ҳамхонасининг ухламай чиққанини билар эди. У гарчи Фаррухнинг назарида ухлаётган бўлиб кўринган эса-да, талай муддат кўзини юмиб хаёл суриб ётган эди. Ҳали она сути оғзидан кетмаган бу йигитчага гоҳ ачинар, гоҳида эса аччиқланар эди. Баъзан Фаррухни илк бора кўрганидаги тасаввури ёлғон туюлиб, адашганлигидан жаҳли ҳам чиқарди. "Бўлиши мумкинмас, менинг сезгим ҳеч қачон алдамаган. Фаррухнинг кўзидан ўт чақнайди. Унинг қўлидан кўп иш келади. Фақат у ҳали ҳеч балони билмайди. Билганда эса уни тўхтатиб қолишнинг иложи бўлмай қолади… Бўладиган бола бошдан дейишади. Лекин бу бола мен турма ҳақида озгина гапириб берганимдан дарров тушкунликка тушиб қолди. Балки ҳеч ким чиқмас бундан", деган бир-бирига қарама-қарши ўйлар унинг бошини оғритарди. Босснинг ўзи одати бўйича саҳарлабдан уйғониб олган эса-да, Фаррухга индамади. "Дамини олсин, келаётган тунда ухлайдими-йўқми, Худо билади", – дея ўйлади.
Соат тўққизларга яқин Босснинг нонуштасини олиб келишди. Шундан кейингина у Фаррухни уйғотди. Нонушта устида улар анча вақт гаплашиб ўтиришди. Босс Фаррухга қамоқхонага борганидан кейин "Чувалчанг" лақабли маҳбусга салом айтиб қўйишни тайинлади.
Тушга яқин улар ўтирган камерага иккита қўриқчи милиционер келди ва Боссга ёқиб қолган йигитчанинг қўлларини кишанлашиб, олиб кетишди.
Ҳамма томони темирдан, кичкина деразаси панжарали машинада Фаррухни тўрт соат мобайнида аллақаёққадир олиб кетишди. Фаррух ташқарини кузатиб кетар экан, отасининг ортидан эмаклаб келганини яна эслади. Йиғлади. Қўллари аламдан мушт бўлиб тугилди.
Босс айтганидек, турмада уни совға-салом билан кутиб олишмади. Тахминан ўттиз-қирқ кишилик камерага олиб киришаётганида ҳар хил машғулотлар билан шуғулланаётган асирлар калака қилишаётгандай туюлди унга.
– Сени қийнаб қўйишибди-ку, а, – деди қўриқчи чиқиб кетгач қилтириққина, тепакал асир унинг ёнига келиб. – Нима гуноҳ қилгандингки, сени бу кўйга солишди? Бечорагина.
Фаррух унга эътибор бермасликка ҳаракат қилиб, энди ўзига ажратилган каравотга ўтирганди ҳамки, иккинчи қаватдаги бошқа маҳбус:
– Ий-и, тўкилиб кетди! – дея унинг устига бир кружка иссиқ чойни тўкиб юборди.
Фаррух сакраб ўрнидан туриб кетди-да:
– Нима қилдинг?! – дея бақирди унга.
– Вой, – дея ўшшайди ёнида турган Қилтириқ, – тилинг бунча узун экан. Какрас, бугун бутерброд егим келаётганди. Одам бирон нимани астойдил истаса, Худо унга шуни бераркан.
Фаррух унга ўқрайиб қараб қўйди-да, ҳўл бўлган бошини арта-арта яна каравотга ўтирмоқчи бўлганида, Қилтириқ унинг енгидан ушлади.
– Аввал қарзни тўлаб қўймайсанми? – деди у ҳайратланган одамдай кўзларини катта-катта очиб.
– Қанақа қарз? – деди Фаррух пешонаси тиришиб.
– Қанақа бўларди, менинг бутербродимнинг гўштида.
– Олиб бўпсан, олиб бўпсан! – дея ҳиринглади тепадагиси майнавозчилик қилиб.
– Ола-м-а-н, – деди Қилтириқ ва қўлини Фаррухнинг оғзи томонга чўзган эди ҳамки, жони ҳалқумида турган йигит унинг қорнига тепиб юборди.
Қилтириқ орқаси билан тисарилиб бориб бошқа каравотга, газета ўқиган киши бўлиб, бўлаётган воқеага кўз қирини ташлаб ётган семиз маҳбуснинг устига ўтириб қолди.
– Эй-й, онангни… – дея Қилтириқнинг калласига мушт туширган семиз ўрнидан турди-ю, Фаррухнинг ёқасидан ушлади ва қорнига тиззаси билан зарба берди.
Фаррух "Ҳинқ", деди-ю, букчайди. Кейин белига тушган муштдан полга қулади. Семиз бу билан ҳам қаноатланмай яна уч-тўрт марта унинг қорнига тепди.
Базўр нафас олаётган, ўрнидан туришга қийналаётган Фаррухнинг хаёлига Босснинг "Нима бўлсаям, ҳеч нарсадан қайтма, агар дабдалангни чиқаришиб ташлаган тақдирдаям", деган гапи келди.
– Энди берарсан? – дея қийпаланглаб, унинг тепасида яна ўша Қилтириқ пайдо бўлди.
– Ҳозир, – деди Фаррух ва бир қўли билан каравотдан ушлаб инқиллаганча ўрнидан турди. – Сенинг бутербродингга гўшт керакмиди? – дея мийиғида кулдида, Қилтириқнинг башарасига қулочкашлаб мушт туширди.
Зарба шунчалик кучли эдики, Қилтириқ "иш"и битиб, яна жойига энди чўзилган семизнинг устидан ўмбалоқ ошиб ўтиб кетди. Бирдан қони кўпчиган семиз айиққа ўхшаб бесўнақайлик билан ўрнидан тураётганида, Фаррух унинг кўкрагига тепди, пешонасига мушт туширди. Семиз унинг оёғи остига қулаб тушди. Шу пайт, Фаррух мутлақо кутмаганда, иккинчи қаватдаги боягина тепасидан чой тўкиб юбориб "ўйин"ни очиб берган майнавоз унинг бошига кружкаси билан қаттиқ урди.
– Аҳ! – дея орқасига бурилган Фаррух бироз бошини ушлаб турди-да, сўнг ёнига қулади.
Бурнидан оқаётган қонни қўли билан артиб ўрнидан турган семиз аввал Фаррухни тепкиламоқчи бўлди. Сўнг бирдан кўзи унинг бошини ушлаганча қимир этмай ётганлигига тушди-да, ниятидан қайтиб, майнавозга қаради.
– Ўлдириб қўймадингми тағин? – дея сўради семиз. Ранги ўчиб кетган майнавоз секин "ин"идан пастга тушди-да, Фаррухнинг томирини ушлаб кўрди, сўнг бошини кўтариб:
– Юраги ураяпти, тирик, – деди.
Бу пайтда камерадагиларнинг ҳаммаси уларнинг атрофида тўпланганди.
– Бир ой қолганди озодликка чиқишингга, – деди уларнинг орасидаги энг новча, кўзойнакли маҳбус. – Ўлиб қолса, умринг шу ерда чирийди.
Бу гапни эшитиб майнавознинг кўзи ўйнаб кетди ва югуриб борганча бир кружка муздай сув олиб келиб Фаррухнинг юзига сепиб юборди. Сесканиб тушган йигит аста-секин ўзига кела бошлади. Дарров уни иккита маҳбус икки ёнидан ушлади-да, каравотига ётқизиб қўйди.
Шу билан кириш қисми тугади. Ҳамма яна боягидек ўз иши билан шуғулланишга тушиб кетди. Орадан икки соат ўтиб, камерага иккита алпқомат барзанги ҳамроҳли-гида ёши олтмишлардан ошган, юзини ажин босган, икки жойида тиртиғи бор, сочи оппоқ, "Кобра" лақабли қамоқхона етакчиларидан бири кириб келди. У Фаррухнинг тепасида бироз туриб, унинғ юзига тикилгач:
– Ким? – дея сўради ёқимсиз қўпол овозда.
Майнавоз қалтирабгина унинг ёнига келди-да, бошини эгиб:
– Мен, – деди деярли пичирлаб.
Кобранинг кайфияти яхши эди. Шунинг учун майнавозга индамади. Бошини силаб қўйди, холос. Лекин унинг ёнидаги барзангилар биттадан тепки ҳадя этишди унга. Кобранинг майнавознинг бошини силаши шунга ишора эди. Агар илон шапалоқ туширганда борми, майнавознинг ҳолига маймунлар йиғлар эди.
– Биринчи кун ҳамма бу ерда меҳмон бўлади, меҳмонни хафа қилиш одобсизликка киради, – деди у ва камеранинг тўрига ўтиб ўзининг каравотига чўзилди-да, яхшилаб керишиб олгач: – Тўрткўз, – дея бояги новча кўзойнакли маҳбусни чақирди.
– Лаббай, – дея унинг ёнига Тўрткўз югуриб келди.
– Меҳмонни даволаб қўй, яна психбалнисага кетиб қолмасин. Ҳали у билан олди-берди қилишга улгурганимизча йўқ.
– Хўп бўлади, – дея Тўрткўз яна ўзининг каравоти ёнига югуриб борди-да, тумбочкасини очиб, дори-дармон олди ва Фаррухнинг ёнига бориб, аввал бошининг ёрилган жойи атрофини ювиб ташлаб, сўнг дори суртди, кейин бинт билан боғлаб қўйди.
У ишини тугатиб бўлгач, Фаррух калласини қимирлатиб, "раҳмат", ишорасини қилди.
Орадан ярим соат ўтганидан кейин Фаррух бироз ўзига келиб, атрофига аланглади, кузатди. Шу пайт қамоқхона соқчиларидан бири кириб келди. Ҳамма бирдан ўрнидан турди. Фақат Кобра қимир этмади. Фаррухнинг ётганига эса соқчи эътибор ҳам қилмади. У тўғри Кобранинг ёнига борди-да, қанақангидир қоғозчани қўлига берди, кейин тезда камерадан чиқиб кетди.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?