Электронная библиотека » Нуриддин Исмоилов » » онлайн чтение - страница 9


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 19:00


Автор книги: Нуриддин Исмоилов


Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 9 (всего у книги 21 страниц)

Шрифт:
- 100% +

– Какраз, биз боп қиз. Ҳозир мен Алишга телефон қиламан. Қоматини кўриб ўлиб қолади. Вабше синдируха қизакан-у. Ойи, бу қизни манга беринг! – дея танноз Моҳирўйнинг ёнига келди-да, унинг атрофини айланди.

– Бу қиз бугундан бошлаб бу ерда идиш-товоқ ювади, – деди ошхона бошлиғи.

– Шундай нарса келиб-келиб коса-товоқ ювадими? – деди танноз бошини чайқаб.– Ойи, сиз одамлардан фойдаланишни билмайсиз. Бундан зўр тансовшица чиқади.

Таннознинг гапига Моҳирўй ортиқ чидаб тура олмади.

– Ҳов, – деди ўрнидан туриб, – ўзингча нималар деб сайраяпсан?

– Вой! – деб юборди бирдан ошхона бошлиғи. – Сенинг тил-жағинг бутунгинага ўхшайдими? Шу пайтгача менинг қизимга бирорта одам бунақа сассиқ гапларни айтмаган. Сени мақтаганимга нархингни ошираяпсанми? Ўзинг-ку, иш сўраб келган бир паст қиз бўлсанг. Нимага қизимга бунақа гап қилаяпсан?

– Мамаш… мамаш… Бунақалар билан гаплашишни ўзим боплайман, – деди танноз.

– Гаплашадиган гапимиз қолмади, – деди Моҳирўй ғазабланиб. – Энди биз кетаверсак ҳам бўлаверади. Ишимиз битмади.

– Такая наглая! – деди танноз бошини сарак-сарак қилиб.

– Бор, ўзи сенга берадиган ишим ҳам йўғиди, – деди ошхона мудираси.

Марҳабо билан Моҳирўй энди эшик ёнига боришганларида бошлиқ уларни тўхтатди.

– Бўпти, – деди у негадир юмшоқ тортиб, – қизим айтганига бормайсан. Менга ҳозир коса-қошиқ ювадиган одам зарур бўлиб турувди.

– Кечирасиз, – деди Моҳирўй жилмайишга ҳаракат қилиб, – мен бунақа жойда ишлай олмайман.

Ошхона бошлиғи унга ҳеч нарса деёлмай қолди.

Моҳирўй ошхонадан икки юзи қизариб чиқди. У ҳаяжонланиб кетганидан тинимсиз қалтирар эди. "Аввал қизингни йиғиштириб олиб, кейин бошқаларга танбеҳ бер, – дея хаёлидан ўтказди у. – Ўзинг айтган кўча қизларидан қизингнинг қаери кам? Яна менинг кийинишимни гапиради… Ишинг бошингдан қолсин!"

– Моҳирўй, – деди Марҳабо ерга қараганча йиғламоқдан бери бўлиб кетаётган қизга, – қўй, хафа бўлма. Шунинг гапини гап деб ўйласанг, ўзинг қийналасан, холос.

Моҳирўй жавоб қилмади. Қайтанга Марҳабонинг гапидан кейин унинг кўзида ёш пайдо бўлди.

– Қизлар, – деб қолди худди шу пайт йўл чеккасидаги оппоқ "жигули"га суяниб турган йигит, – ошхонага битта қиз кириб кетганди, кўрмадингларми?

Моҳирўй унга бир ўқрайиб қаради-да:

– Ҳеч қанақанги қиз-пизни кўрганимиз йўқ, – деди баланд овозда.

У шундай деди-ю, кейин ўзининг гапи ўзига нашъа қилиб, кулиб юборишига сал қолди.

– Тўғри, – деди Марҳабо паст овозда Моҳирўйнинг юзида пайдо бўлган ним табассумни илғаб қолиб, – ҳақиқатдан ҳам у ерда қиз бола йўқ.

Унинг гапидан Моҳирўйнинг баттар кулгиси қистади, бироқ у тишини тишига босиб, яна ўзини кулгидан ушлаб қолди.

Қизлар йигирма қадамлар узоқлашганидан кейин йигитнинг эсига нимадир тушди-ю, шимининг орқа чўнтагидан шошганча ён дафтарини олди ва унинг ичидаги суратга яхшилаб разм солди, кейин қизлар томонга қараб:

– Бу ўша қиз, – деди ўзига-ўзи гапириб.

Шундан сўнг йигит тезда машинасига ўтирди ва рацияли телефонини олиб, универмаг директорига қўнғироқ қилди.

– Мен анави сиз айтган қизни, амалдорнинг қизини кўрдим, нима қилайин? – деди у Бахтиёр гўшакни кўтарганиданоқ.

* * *

Камерага кириб келган Чувалчантнинг ранги қув ўчганлигини кўрган Босс унинг ёнига келди-да, елкасига қўлини қўйди. Чувалчангнинг хўрлиги келиб кетди. Қани эди ёнида ҳеч ким бўлмаса-ю, тўйиб-тўйиб йиғлаб олса.

– Ҳозир сендан ҳеч нарса сўрамайман, ука, кейинроқ ҳаммасини ўзинг айтиб берасан. Энди эса одамларинг олдида бошингни ғоз кўтариб юр. Бундай аҳвол сенга ярашмайди, – деди Босс.

Менга нима таклиф қилишганини билганингда, сенинг бошинг бундан баттар эгилиб қоларди", – дея хаёлидан ўтказди Чувалчанг. Аммо у ўзининг ўйи нотўғри эканлигини билмас эди. Бир пайтлар Босс энди-энди мавқега эга бўлиб бораётганида унга худди шунақа таклиф қилишганди. Ўша пайтда "Шер" лақаби билан машҳур қамоқхона шефи бўлар эди. Қамоқхонадаги ҳамма нарса: хунрезликлардан тортиб, мурувват кўрсатишгача бўлган ишлар фақат у орқали ҳал бўларди. Қамоқхона бошлиғининг айтгани ижобат бўлмаслиги мумкин эди, бироқ Шернинг гапи ерда қолмасди. Ўша пайтда қамоқхонага янги бошлиқ бўлиб келган арман миллатига мансуб киши бунақа урф-одатни ҳазм қила олмади ва Шерни йўқ қилиш мақсадида аччиқни аччиқ кесади деганларидек, Боссни унга қарши қўймоқчи бўлиб, ёнига чақирди. Бироқ Босс унинг айтганини бажармади. Оқибатда, ўлиб кетишига озгина қолди. Арман уни жазо камераларидан чиқармай қўйди. Азоб устига азоб берди. Лекин буларнинг барисига Босс чидади. Охири бўлаётган ҳангомалар тўғрисида Шер хабар топди ва арманга қарши уруш эълон қилди. Бу уруш унчалик кўпга чўзилмади. Қамоқхона бошлиғи уйидан чиқаётганида эҳтиётсизлик қилиб ёнидан ўтиб кетаётган одамнинг чўнтагидаги пичоққа "ўзини уриб" олди. Шундан кейингина Босснинг пешонасига офтоб тегди. Шер дуо қилиб: "Мендан кейин сен бошқарасан бу дунёни", деди. Шер умрининг охиригача қамоқхонада яшаб, ўз ажали билан ўлганидан кейин унинг ҳамма мулки Боссга мерос бўлиб қолди.

Мана, орадан неча йиллар ўтибдики, Босс меросни асраб-авайлаб келмокда. "Қайтар дунё деганлари бор экан-да, – дея ўйлади у. – Шунақа бўлади деб ҳеч хаёлимга келтирмагандим. Кўз очиб-юмгунча Шернинг куни бошимга тушиб турибди. Чувалчанг Каламушнинг нима деганлигини яширмоқчи бўлаяпти… Мен бўлсам, аллақачон ҳамма нарсани сезиб улгурганман. Қизиқ, Чувалчанг мени ўлдиришга ботиноладими? Қандай қарорга келар экан?.. Нима бўлган такдирдаям омонатни бунга ташлаб кетолмайман. Бунинг қўлидан бошқариш келмайди. Бу ҳамма ёқнинг алғов-далғовини чиқариб ташлайди. Афсуски, буни унинг ўзи тушунмайди-да". Босс шундай хаёллар оғушида столининг тортмасидан қалин дафтарни олди. Бу дафтар унга ҳаммадан кўра қадрдонроқ бўлиб қолганди. Унинг саҳифаларида Босснинг бутун умри акс этган.

Босс кундалигига бугунги бўлиб ўтган воқеаларни қисқагина ёзиб қўйди-да, ёнига Фаррухни чақирди.

– Ҳозир сен билан бирга қамоққа тушишинггача бўлган воқеаларни яна қайтадан бирма-бир эслаймиз. Хаёлингни бир жойга тўпла-да, амалдор, унинг қизи, раис ва бошқа кимки шу кўйга тушишингга сабабчи бўлган бўлса, бирма-бир кўз ўнгингдан ўтказ. Улардан нимаики эшитган бўлсанг, гапларининг мағзини чақ, кейин мени уйғотасан-да, сени шубҳалантирадиган қараш бўладими, гап бўладими ёки имо-ишора бўладими, айтасан. Унгача озгина мизғиб оламан, – дея Босс каравотига чўзилди-да, уйқуга кетди.

Босснинг тушига Шер кирди. У оппоқ отни яланғоч ҳолида миниб келди-да, ёнига яқинлашганидан кейин тушиб, "Сенинг отинг мана бу, – дея жилмайиб, ўзи миниб келган тулпорни кўрсатди. – Эгар-жабдуқларини ҳам тайёрлаб қўйибман. Тайёргарлигингни кўр, вақтинг оз қолди".

Босс чўчиб уйғонди. Ҳануз унга термулиб турган Фаррухни кўриб, унинг қаеринидир Шерга ўхшатди.

– Сен нега бу ерда турибсан? – деди у кўзларини уқалаб.

– Сизнинг айтганингизни бажариб, энди уйғонишингизни кутаётгандим, – деди Бургут.

Шундан кейингина Босснинг хаёлига ўзи айтган гаплар келди.

– Гапиравер, эшитаман, – деди.

– Айтганингиздай, ҳамма нарсани бирма-бир кўз ўнгимдан ўтказиб чикдим. Менинг бу кўйга тушиб қолишимга биттагина сабаб бор экан.

– Нима экан ўша сабаб?

– Амалдорнинг қизини қутқариб қолганим ва ўша қизнинг илтимосига биноан уни қорли тоққа олиб чиқмоқчи бўлганим.

– Ўша ёққа олиб боришингга кимдир, айтайлик, амалдор рози бўлмаганмиди?

– Ҳа, одамларини жўнатганди. Лекин қиз бораман деб оёқ тираб туриб олди. Негадир мен ҳам унинг айтганини бажаргим келди. Шунинг орқасидан жанжал келиб чиқди. Бошқа нарсаларнинг ҳаммаси унга уланиб кетди.

– Қайсарлик қилгансан. Қайсар бўлмаганингда, ҳамма нарса жойида бўларди. Лекин унда менга ўхшаган одамга ёқмасдинг. Ўша бутун бошли колхозга ҳукмини ўтказиб турган раис, амалдорнинг бошқа югурдаклари, билсанг, сариқ чақага ҳам қиммат одамлар. Лекин улар маишат қилиб яшашади. Сабаби – муте улар… Энди, болам, менинг атрофимда юр. Қаричилик, биронта жойга қоқилиб кетсам, ушлаб қоласан, – деди Босс ва яна каравотига чўзилди.

Аммо у ухламоқчи эмасди. Тушига яна Шер кириб, унинг куни битганлигини эслатишидан қўрқарди.


…Чувалчанг талай муддат ўйланиб ўтирди. Ҳамма нарсани тарозига солиб чиққанидан кейин Эдуард Анисимовичнинг гапида жон борлигига иқрор бўлди. Агар у Боссни йўқ қилса, ҳам озодликка чиқишга, ҳам ташқарида ҳукмронлик қилишга эришар экан. "Орзуйим ушалишига озгина қолганга ўхшайди. Лекин буни шунчалик ими-жимида қилишим керакки, Босснинг мурдасини кўрган одам уни ўз ажали билан ўлган деб ўйласин… Ундан кейин анави Бургутчанинг ҳам ишини тўғрилаб қўйишим керак. Бир куни келиб у барибир бўй кўрсатиб қолади. Касални даволашдан кўра унинг олдини олган осонроқ деб бекорга айтишмаган", деган якуний хулосага келди Чувалчанг.

Чувалчангда содир бўлган ўзгаришни кечки овқат пайти Босс сезди. Унинг нима қарорга келганлигини ҳам чамалаб биларкан, қаттиқ хафа бўлди. Кўпроқ ўзига эмас, Чувалчангга ачинди. Босс кўзлари ўйнаб овқатланаётган Чувалчангни бир муддат кузатиб турганидан кейин шу хулосага келди.

Фаррухнинг тушига эса Моҳирўй кирди. Қтз ўша ўзига ниҳоятда ярашадиган спорт кийимида эди. "Бир марта мени ўлимдан олиб қолган эдингиз, энди яна ёрдам бермасангиз, сиз билан бирга қорли тоққа чиқолмайман", дерди қиз ғамгин қиёфада. Фаррух у томонга қўлини чўзиб: "Мен сизни кўз қорачиғимда асрайман", демоқчи бўлди. Лекин на овози чиқди ва на қизга қўли етди. Қиз бўлса, худди унинг нима деганлигини уқиб олгандай: "Тезроқ, шошилинг, мен пастга югуриб кетаяпман. Яна озгинадан кейин жарлик келади. Қулаб кетаман!" дея қичқирди. Шу пайт бирдан унинг ортидан амалдор, унинг хотини, раис ва узун-қисқа "малай"лар қаҳ-қаҳ отиб кулишганча югуриб келаётганлигини кўринди. "Қизнинг жарликка тушиб кетишидан хурсандми булар?" дея ҳайрон бўлган Фаррух Моҳирўйнинг ёнига югуриб бормоқчи бўлиб шунча ҳаракат қилмасин, жойидан жилолмади. Оёғи ерга ёпишиб, маҳкамланиб қолгандай эди.

Эртасига у ланж бўлиб юрди, гарчи Босс "Доим атрофимда бўл", деган эса-да, хаёлга берилиб, ундан узоқлашиб кетаётганлигини сезмай қолаверди. Қамоқхонадан қочиб чиқиб кетгиси, Моҳирўйни кўргиси, гаплашгиси келаверди. Сайр ниҳояланиш арафасида эса Чувалчангнинг ўзига ғалати қараб турганига кўзи тушиб қолди. Қизиқ томони, Фаррух қараши билан, у бирдан кўзларини олиб қочди. "Нега бундай қилди? – дея ўйлади Бургут. – Босс ҳалиям менга ишонмаганлигидан Чувалчангни кузатувчи қилиб қўймадимикин? Мақсади нима ўзи буларнинг? Ҳозир Босс билан очиқчасига гаплашиб оламан. Мени ўзининг одамлари қаторига қўшдими, энди ишонсин. Ишонмайдиган бўлса ўз ҳолимга қўйсин… Бу ердан қочиб бўлсаям чиқиб кетаман. Моҳирўй бекорга тушимга кирмаган, мен ҳақимда ҳеч бўлмаганда бир марта ўйлаган. Уни бориб кўраман…"

– Ғиёс ака, – деди Бургут Босснинг ёнига бориб. Ҳар-ҳар замонда бир маротаба ўзининг ҳақиқий исмини эшитадиган Босс унга ўгирилиб қаради. – Сизга айтадиган бир-икки гапларим бор эди.

– Сенлар энди янгиларидан ўйлаб туринглар, менинг олдимда қарздор бўлиб қолдинглар, қарзни узиш керакку, – деди Босс ёнидаги тўртта маҳбусга.

– Босс, – деди маҳбуслардан бири, – сизнинг латифаларингиз бошқача-да. Барибир сиз айтганчалигини тополмасак керак.

– Топасанлар. Елканинг тепасидаги ошқовоқни нимага кўтариб юрибсанлар? – дея Босс Фаррух билан бирга маҳкумлардан узоқлашди.

– Нима гапинг бор? – деди Босс бироз пешонаси тиришиб.

Унга Фаррухнинг маҳбуслар олдида сизда гапим бор дейиши ёқмаган эди. У бошқаларни шубҳага қолдирмасликка уринарди доим.

– Менга ҳалиям ишонмайсизми? – деди Бургут Босснинг нигоҳидан қочиб ерга қарар экан.

– Бу гапни қаердан олдинг? – деди ҳайрон бўлган Босс.

– Чувалчанг менга жуда ғалати қараш қилиб юрибди. Мабодо унга мени кузатиб юришни тайинламаганмисиз?

Босс Фаррухнинг башарасига мушт тушириб юборишдан ўзини базўр ушлаб қолди. Бургутнинг гўдакларча айтган гапи унинг нафсониятига қаттиқ ботган эди.

– Болам, – деди у қовоғи осилиб, – сенга ишонмаганимда ҳозир яшамаётган бўлардинг. Ва менга бунақа бемаза савол ҳам бермаган бўлардинг. Лекин Чувалчанг сени кузатаётганини айтиб яхши қилдинг. Бу ҳақда ҳали сен билан гаплашиб оламиз. Энди эса бориб ўйна, ўзинг яккамоховга ўхшаб ажралиб юрмагин-да, бошқаларга қўшил.

Ўша куни кечқурун Чувалчангни яна Эдуард Анисимович чақирди. Аввалги сафаргидай "қоғоз"га ўрамади. Соқчи келди-ю, Чувалчангни ташқарига бошлади. Бундан бошқаларнинг кўнглида шубҳа пайдо бўлмаган бўлсада, Босс аниқ билдики, уни Каламуш ёнига чорлаган. Шу боисдан ҳам Чувалчанг чиқиб кетаётганида у тишини ғижирлатиб қўйди.

– Мироб! – деди Ғиёс ака ўрнидан туриб. Ҳеч нарса билан иши бўлмайдиган, биронта гап-сўзга аралашмайдиган, айиқдайин ухлайдиган, онда-сондагина Босснинг ёнига келиб, у билан алланималар тўғрисида гаплашадиган, кўринишидан бадбашара бу одамни тирик мурда бўлса керак деб ўйларди Фаррух. Бошқалар эса унга "акагинам" деб мурожаат қилишарди. Нега шундай қилишига Бургутнинг ҳеч ақли бовар қилмасди. "Мироб" деган лақаб унга умуман ўтиришмайди. Мурда деб чақирса жойига тушарди", дея ўйларди. Боз устига, Босс ҳам у ҳақда Фаррухга ҳеч нарса демаганди.

Мироб эринибгина ўрнидан турди-да, Босснинг ёнига келиб ўтирди.

– Гапир, – деди Босс Миробга.

– Чувалчанг тонгни кўрмаслиги керак. Юриш-туриши бежо, менимча, у Каламушнинг айтганига кўнган, – деди Мироб керишиб.

– Менам шунақа фикрдаман. Бургут масаласида нима дейсан? – деди Босс.

– Бироз ёш. Яхшилаб тарбия кўриши керак.

– Унгача умрим етмай қолса-чи? – деди Босс бир нуқтага тикилиб. – Шер мени огохдантирди.

Бу гапни эшитгандан Мироб бирдан сергакланди ва хавотир билан Боссга қараб қўйди-да, бошини сарак-сарак қилиб:

– Ўлганлар ёлғон гапиришмайди. Аччиғ-у, лекин тан олмасдан иложинг йўқ. Шошилишинг керак. Бургут эплаб кетади. Колган-қутган таълимни ўзим бераман, – деди.

– Сен менинг ягона дўстимсан. Сенга ишонаман. Бир кун яшайманми, ўн кун яшайманми, у ёғи номаълум. Лекин сен уни икки ойга қолдирмай бу ердан чиқариб юборишинг керак.

– Босс, айтганинг бўлади.

– Унда Чувалчангни сенга топширдим.

– Уйқум чала бўлувди, бориб давом этказайин, – дея Мироб ўрнидан турди-да, каравоти томон кетди.

Унинг ортидан илжайиб қараб турган Босс "Сенгаям қойилман", дея хаёлидан ўтказди.

Чувалчанг қайтганидан сўнг тўғри Босснинг ёнига келди. Бу пайтда Босс кўзойнагини тақиб олганча кундалигига термулиб ўтирар эди.

– Хотиним келган экан, – деди Чувалчанг худди айб иш қилиб қўйган ёш боладай бошини эгиб.

– Қайси хотининг? – дея сўради Босс гўё ўзини ҳайрон бўлган кўрсатиб.

Унинг гапи Чувалчангга нашъа қилиб ўшшайди.

– Босс, ўша эски чориқ, – деди у.

– Ҳа, шунақа дегин. Мен янгисини топиб олибсанми, деб ўйлабман. Уй-ичларинг ҳаммаси мен сўрамасам ҳам яхши бўлса керак. Ҳамма сени бирдай интизорлик билан кутишаётганлиги тайин, албатта. Аёл зоти кутишни яхши кўради. Умридан барака топсин хотининг, – деди Босс.

Кесатиғу кинояларга тўлиб тошган бу гаплар Чувалчангни довдиратиб қўйди. У бироз нима деярини билмай турди. Сўнг:

– Ака, энди бир келибди-да, – деди.

– Адашмасам, хотининг беш йил аввал бир келганди. Яна бир марта келса тўғридан-тўғри сени олиб кетавераркан-да.

Босснинг бу гапи жавобсиз қолди. Чувалчанг бошини эгганча, тишини тишига босиб чидаб турар эди. "Ҳали шошмай тур, сен қари така, нариги дунёга жўнатиб, лайчаларингнинг устидан бундан баттар кулмасамми?" дея ўйларди у. Эски шогирди жим бўлиб қолганидан кейин Босс: "Ошириб юбордим шекилли", деган мулоҳазага борди ва Чувалчангга кетавериши мумкинлигини айтди.

Босснинг Чувалчангга қўпол муомала қилганлиги, Мироб билан нималарнидир гаплашганлигини кўрган Фаррух қандайдир жиддий бир нарса бўлаётганлигини сезиб, Босс ўзини ёнига чақиришини кута бошлади. Аммо Босс унинг ўйлаганини қилмади. Кундалигига мук тушиб ўтираверди. Унинг кутилмаганда бирдан жимиб қолиши камерадаги бошқа маҳкумларгаям таъсир қилди. Ҳеч ким овоз чиқариб гаплашмас, оёқ учида юриб, шовқин чиқармасликка ҳаракат қиларди. Камерадаги бундай жимжитлик қандайдир бир портлаш юз беришидан далолат берадигандай эди.

Кечки овқат ҳам ўшандай осуда ўтаётган бир паллада ўша портлаш юз берди. Чувалчанг овқатдан олдин Боссга ҳамла қилмоқчи ва унинг қорнига пичоқ урмоқчи эди (У узоқ ўйланишдан кейин Боссни ими-жимида ўлдиришнинг имкони йўқлигини англаб етди ва очиқча ҳужум қилишга таваккал қилди. "Шундай қилсам, бунинг югурдаклари бирдан мендан қўрқиб қолади", деган хомхаёлга борган эди у. Аслида ўша югурдакларнинг деярли ярми унинг ўзига қарашли, нима айтса, сўзсиз бажариши аниқ эди. Аммо улар Боссга қарши боришолмасди. Агар Босснинг бир ўзи қолганидаям қўрқишарди ундан). Бироқ вазият мутлақо бошқача бўлди. Чувалчанг Боссни ўраб олган маҳкумлар – Босснинг йигитлари орасига киришга баҳона тополмай қолди.

Аммо қамоқхонанинг ички қоидасига биноан Босснинг ёнида овқатланишга унинг ҳаққи бор эди. Режани тамаддидан кейинга қолдирган Чувалчанг ўзига аталган луқмадан бир қошиқ оғзига солди-ю, бирдан кўзларининг ола-куласи чиқиб кетди.

* * *

– Тезда ушла, қочиб кетмасин! – бирдан бақириб юборди Бахтиёр. – Имиллама, бўл тез!

Йигит шошганча моторни ўт олдирди ва машинани чийиллатганча жойидан қўзғаб, қизларнинг ортидан ҳайдади.

Худди ўша пайт Моҳирўй ортига қаради ва келаётган машинанинг даҳшатини кўриб, ичидан зил кетди.

– Марҳабо опа, югуринг, у бизнинг гапимизни тушуниб қолганга ўхшайди! – деди ва жувоннинг қўлидан ушлаб олдинга тортқилади.

Бироқ улар узоққа боришолмади. Беш қадам ҳам ташлашга улгурмасларидан бурун машина уларнинг олдини кесиб тўхтади.

– Қани, ойимқизлар, – деди ундан тушиб келган йигит тошдай қотиб қолган қизларга, – машинага ўтиринглар-чи, сизларни бир айлантириб келайин.

– Биз сиз ўйлаган қизлардан эмасмиз. Сизнинг қизингиз ошхонада, онаси билан валақлашиб ўтирибди! – деди ранги оқариб кетган бўлса-да, ўзини дадил тутишга уринган Моҳирўй.

– Йў-ў-ў-қ, – деди йигит чўзиб, – у ерда қиз-пизни кўрмагансизлар. Буни боя ўзларинг айтгандиларинг. Менга керак қиз эса айнан сизларнинг ўзларингсизлар. Қани, машинага. Бечора, шундай жонон қизларни сайр қилдираман деб кутиб қолди.

– Айтдик-ку, сизга, биз… ҳалиги… биз сиз ўйлаган қизларданмасмиз… Умуман, нимага бизнинг йўлимизни тўсаяпсиз? Ҳозир милиса чақираман. Кейин кўрасиз кўрадиганингизни.

Йигит Моҳирўйнинг гапига кулди. "Ўзингнинг юрагинг ўйнаб турибди-ю, пўписангга бало борми?" дея хаёлидан ўтказди.

– Қани, икковинггам ўтир машинага! – деди у кейин дағаллик билан овозини бир парда кўтариб.

– Мен кимнинг қизи эканлигимни биласанми ёки эслатиб қўяйинми? – деди Моҳирўй бўш келмай.

Қизнинг гапи мўлжалга аниқ бориб тегди. Энди йигит бироз довдиради. Хаёлига "Бу амалдорга тегишли қизку, ортиқча гапириб қўйиб, бошим балога қолиб юрмасин", деган ўй келди ва нима қилишини билмай жойида туриб қолди. Унинг бунақа аҳволидан фойдаланган қизлар аста узоқлаша бошладилар. Йигит машинасига қайтадан ўтирди-да, Бахтиёрга вазиятни тушунтирди. "Шефга қарашли қиз бўлганлиги учун мажбурлаб машинага ўтқизолмаяпман", деди.

Бахтиёр ўйлаб ҳам ўтирмасдан зўрлаб қизни машинага ўтқазишга фатво бериб юборди.

Қизлар югуришга тушган эди. Агар йигит яна бирозгина машина ичида ўтирса, улар қатор-қатор кўп қаватли бинолар ичига кириб кўздан ғойиб бўлиши ҳеч гап эмас эди. Шу боис, йигит машина тезлигини бирдан оширди. Тўрт қаватли биринчи бинонинг ёнига қизлар етиб борганларида уларнинг олдини яна машина кесиб тўхтади ҳамда унинг ичидан отилиб чиққан йигит югуриб кетаётган Моҳирўйнинг ортидан чопди. Беш-олти ҳатлашда қизга етиб олган йигит унинг қўлидан ушлади.

– Қўйвор! – дея бақириб юборди Моҳирўй.

Аммо унинг чинқириғига йигит эътибор ҳам бермади. Судраганча машина томонга олиб кета бошлади. Шу лаҳзада йўл четидан пиёладай тошни қўлига олган Марҳабо Моҳирўйни машина томон судраб кетаётган йигитнинг ортидан югуриб борди-да, бошига қулочкашлаб тош билан урди. Бирдан Моҳирўйни қўйиб юборган йигит:

– А-а-а! – дея бақирганча бошини чангаллади ва ерга чўккалаб ўтириб қолди.

Буни кўрган қизлар олди-орқаларига қарамасдан қочиб қолишди.

Қизлар ҳансирашганча уйга кириб келишди. Ҳар икковининг ҳам нафаси бўғзига тиқилиб қолган, иккаласи ҳам базўр нафас олишар эди. Марҳабо бўлган гапларни айтиш учун энди онасининг ёнига кетаётганида Моҳирўй уни тўхтатиб қолди.

– Касал одамни, – деди у пишнаб, – безовта қилмайлик. Кейин ётиғи билан ҳаммасини тушунтириб берамиз.

Моҳирўй гапни тугатиши билан:

– Марҳабо! – деган овоз келди ичкаридан.

– Келдик биз, – дея ҳансираганча жавоб қилди жувон.

– Орқаларингдан ит қувдими нима бало?

– Итданам баттар, – дея Марҳабо Моҳирўйга қараб кўзини қисиб қўйди.

– Тинчликми? Бу ёққа қаранглар-чи, – деди аёл бирдан хавотирланиб.

Қизлар аёл ётган хонага олдинма-кейин кириб келишди.

– Нима бўлди, ойи? – деди Марҳабо онасининг яна кўрпа-тўшак қилиб ётиб олганини кўриб. – Кетаётганимизда бинойидек юргандингиз-ку. Соғайиб қолдим, девдингиз. Ёки неварангиз қийнаб қўйдими?

– Неварам сен ухлатиб кетганингдан бери уйғонгани йўқ. Ўзимнинг нимагадир юрагим сиқилиб, бошим айланди. Йиқилиб қолмайин деган ўйда ётиб олдим. Ўзи тетикман, – деди аёл қизига қараб туриб. – Сизларга нима бўлди? Икковингниям рангинг оқариб кетибди.

– Қизингиз, – деди Моҳирўй жилмайишга уриниб, – подъезднинг ёнига келганимиздан кейин "Ким биринчи уйга чиқади?", деб югуриб кетди. Менам ундан қолишни истамадим. Шунга ҳансираб қолдик. Иккаламиз ҳам ҳали роса хом эканмиз.

– Бир гўдак бўлгиларинг келибди-да, – деди кулиб аёл. – Битта-яримта кўрган бўлса, устиларингдан роса кулгандир?

– Кулса кулар, кулади деб оёғимиз чигилини ёзиб ололмаймизми? – деди Марҳабо.

– Кизим, ҳали сенинг югуришингга озгина бор. Ўзингни асрашинг керак.

Марҳабо индамай бош ирғаб қўйди. Қизлар гарчи ўзларини шўх-шодон кўрсатишга ҳаракат қилишмасин, барибир ҳалигача ўзларини босиб ололмаган эдилар. Иккаласининг ҳам ичидан зил ўтар эди.

– Ишқилиб, ишинг битдими, қизим? – дея сўради аёл Моҳирўйдан.

– Яхши жой экан, лекин омадимиз юришмади, – дея қиз Марҳабога қараб қўйди. – Боргунимизча бошқа одамни олиб қўйишибди.

– Бошқа бирор жойдан топилиб қолар… Менга қолса, ишламасанг ҳам бўларди. Таътилинг ҳам тезда тугаб қолади. Кейин ўқиш билан овора бўлиб, иш бир чеккада қолиб кетади. Бунинг устига, ота-онанг ишламоқчи бўлганингни эшитиб қолса, сендан хафа бўлишса керак.

– Мен ҳар доим… – деди-ю, Моҳирўй "Кейинги гапларим буларга оғир ботмасмикин?" деган ўйда жимиб қолди.

Унинг нима демоқчи бўлганини она-бола дарров илғаб бўлганди. Шу боис Марҳабо бирдан гапни бошқа ёққа бурди.

– Ойи, ётиб қолган бўлсангиз овқатам емагандирсиз, – деди у кўкрагини ютоқиб эмаётган боласидан кўзини узмасдан.

– Мен ҳозироқ чой қўяман.

Моҳирўй ўрнидан турди. У ошхонага бориб чойнакни газ плитаси устига қўйди-да, хаёлга берилди. "Ярамас, бекорга бизнинг орқамиздан тушмади. Ҳойнаҳой, мени таниб қолган бўлса керак. Лекин мен уни ҳеч қаерда кўрмаган эдим. Уйимизга ҳам бирор марта келмаганди. Менимча, дадам ўзининг одамларига мени қидириб топишларини буюрган бўлса керак. Энди бирор жойга бориб ишлолмайманам шекилли… Йўқ, унақада ҳаммамиз очимиздан ўламиз-ку. Нима бўлсаям бирорта иш қидириб топишим керак". Марҳабонинг ошхонага кириб келиши қизнинг хаёлларини бўлиб юборди.

– Қийналаяпсизми? – деди жувон Моҳирўйни қучиб.

– Билмадим…

– Шилқимликнинг оқибати шундай бўлади.

– Ўлиб қолмадимикин?

– Йўғ-э, – деди қизни қучоғидан бўшатган Марҳабо, – қаттиқ урмадим шекилли, боши ёрилгандир-да.

– Унақаларни ўлдирсанг ҳам савобга ботасан. Тушунмадим. У нега бизнинг орқамиздан қувди? – деди ўзини гўлликка солган Моҳирўй.

– Қизини жа қаттиқ яхши кўрса керак-да. Гапимизнинг мағзини чақиб, ўч олмоқчи бўлди, шекилли.

Марҳабонинг бу гапидан Моҳирўйнинг кўнгли бироз таскин топди. "Хайриятки, ҳеч нарсани сезмабди", дея хаёлидан ўтказган Моҳирўй:

– Энди ишлолмасам керак. Унинг қариндош-уруғи мени излайди, – деди.

– Балки иш топилиб қолар. Ундан кейин йўлтўсардан бошқа ҳеч ким бизни кўргани йўқ. У бола ўлмаган бўлсаям, касалхонага тушгани аниқ. Чунки ҳозир эсладим, қўлимдаги тош каттагина эди… Шундай экан, бемалол кўчага чиқиш мумкин. Лекин ойимга айтмай яхши қилдик. Йўқса, ташвишланиб, мазаси бўлмай қолар эди.

"Эҳ, опагинам, – дея ўйлади Моҳирўй, – менинг ичимдан нима ўтаётганини сиз қаёқдан ҳам билардингиз".

Кун кеч бўлди. Моҳирўй кундузги воқеани унутгандай, дили хуфтонлиги ёришгандай эди. Шу боис Марҳабо: "Овқатни ўзим қиламан, сиз овора бўлманг", дейишига қарамай ўзи уннади таом тайёрлашга. Аслида Моҳирўй пазандалик бобида анча оқсарди. Уйида ҳар доим хизматкорлар бир-биридан лаззатли егуликлар тайёрлашар, шу боис, ҳеч ким унинг ёнига келиб "Сен ҳам у-бу нарса пиширишни ўрган. Эртага ўзингга керак бўлади", деб айтмас, қизнинг ўзи ҳам бирон нима тайёрлашга қизиқмас эди. Бу ерга келганидан кейин эса унинг Марҳабога ҳаваси келди. Ўзининг ҳам лаззатли бирон нима пиширгиси келди. У қозонга эндигина ёғ солган маҳали эшик тақиллаб қолди.

– Сиз пишир-куйдирни давом этказаверинг, ўзим очаман, – дея Марҳабо эшик томонга йўналди.

Унинг ортидан қараб қолган Моҳирўйнинг кўнгли ал-ланечук бўлиб кетди. Хаёлида бояги йигит буларнинг яшаш жойини топиб келгандай эди.

– Вой! – дея бақириб юборди Марҳабо эшикни очиши билан.

Жувоннинг қаршисида кўзи қонга тўлган эри тиржайиб турарди.

* * *

Бахтиёр шошма-шошарлик қилиб Моҳирўй ҳали қўлга тушмасидан бурун амалдордан "суюнчи" олиб қўйган эди. Шу боисдан йигитининг яна қайта қўнғироқ қилишини интиқтик билан кутди. Бироқ бошқалардан қўнғироқ бўлди-ю, ундан дарак бўлавермади. "Ҳойнаҳой, у тўғри шефнинг олдига олиб бориб мақтов эшитаман, деган ниятда бўлса керак", дея ўйлаб яна бироз кутди. Аммо топалоқдан дарак бўлавермади. Қайтанга Турғун Ғаниевичнинг ўзи қўнғироқ қилиб, "Йигитинг қайси гўрга йўқолди?" – деб сўраб қолди. Бундан Бахтиёрнинг баттар жиғибийрони чиқди. Энди уни қидирмоқчи бўлиб уйдан чиқаётганида телефон асабий жиринглади. У югуриб борганча гўшакни кўтариб "Алло!" дея қичқириб юборганини ўзи ҳам сезмади. Бироқ гўшакдан келган овоз мутлақо бошқа одамга тегишли эди.

– Касалхонадан қўнғироқ қилаяпмиз, ҳозиргина бизга боши ёрилган беморни келтиришди. У тинмай сизни сўраяпти. Исми Илёс экан, – деди дўрилдоқ овозли киши.

– Илёс! Қандай қилиб касалхонага тушиб қолади? – дея бирдан бақирди Бахтиёр.

– Қандай қилиб бизга тушиб қолганлигини келсангиз кўрасиз, – деб Илёс қайси касалхонада ётганлигини айтган киши гўшакни қўйиб қўйди.

Уни онасидан олиб сўккан Бахтиёр ташқарига отилди. У иккита йигитни ёнига олиб йигирма дақиқага ҳам қолмасдан касалхонага етиб келди. Бу пайтда Илёснинг аҳволи оғирлашган эди.

– Сени ким бундай аҳволга солди? Қани анави қиз?! – дея палатага кирганиданоқ сўради Бахтиёр Илёсдан.

Илёс унинг саволига жавобан бир нималар деб ғўлдиради. Унинг гапини ҳеч ким тушунмади.

– Нималар деяпсан? – деди Илёснинг елкасидан ушлаб кўтарган Бахтиёр. – Тушунтириб гапир!

– Беморни қийнаманг, – деди унинг ёнига келиб қўлидан ушлаган сочлари оппоқ врач. – Ҳозир мажбурласангиз ҳам гапиролмайди у. Сизлар ҳозир ташқарига чиқиб туринглар, биз беморни зудлик билан операция қилишимиз керак. Бўлмаса кеч бўлади.

Бахтиёр алам билан врачга қаради. Дўхтирни онасидан олиб сўкмоқчи бўлди-ю, бироқ ўзини босди. Чунки ҳозир Илёснинг тақдири шу одамнинг қўлида эди. Ноилож у Илёсни қўйиб юбориб, палатадан ташқарига чиқди.

Операция икки соатдан кўпроқ давом этди. Аммо Илёсни сақлаб қолишнинг иложи бўлмади.

– Зарба жуда қаттиқ бўлган, ҳалиям йигитнинг жони тошдан экан, тўрт соат чидаб берди, – деди врач Бахтиёрга операцияни ниҳоялаб, ташқарига чиққанидан кейин.

Воқеа тафсилотларини Бахтиёрдан эшитган амалдор тутақиб кетди.

– Кимларга куним қолди?! – дея бўкирди у. – Бутун бошли шаҳарнинг эгалари муштдеккина қизни эплаб олиб келолмаса. Бор, сенга бир кун муҳлат, ернинг тагидан бўлсаям уни топиб кел!

Бахтиёр бошини эгганча хўжайиннинг олдидан чиқиб кетди. У йигитларининг асосий қисмини Илёснинг боши ёрилган жойга юборди. Уларнинг ҳаммасида Моҳирўйнинг сурати бор эди. Аламзада, кўзи қонга тўлган, турқи-тароватидан ит ҳуркадиган йигитлар атрофдаги ҳамма кўп қаватли уйларнинг подъездига кириб, одамларга суратдаги қизни кўрган-кўрмаганлигини суриштира бошлашди. Эшикдаги митти кўзгучадан эшик қоқиб турган бундай одамларни кўрган кўпчилик эшикни очиш у ёкда турсин, ҳатто нафас олишни ҳам бир зумга четга суриб секингина орқасига қайтишди. Очганлари ҳам ранг-қути бирдан ўчиб, ўзларига кўрсатилган суратни кўришлари билан "йўқ", дегандек бош чайқашарди. Бу эса қидирувчиларнинг ишини тобора оғирлаштирар эди. Ниҳоят улардан учтаси Моҳирўй қўним топган уйга ҳам етиб келишди.

* * *

Марҳабонинг чинқириғи Моҳирўйни бирдан сергак торттирди. Қизнинг юраги гупиллаб ура бошлади. "Наҳотки бизни шунчалик тез топиб олишган бўлса?" – дея ўйлади у ва ҳар эҳтимолга қарши, қўлига чўмични олди-да, эшик томонга юрди.

– Кутмаганмидинг? – деди ҳамон иржайганча турган эр Марҳабога еб кўйгудек тикилиб.

Жонсиз ҳайкалга айланган жувон миқ этмади. Аммо куёвининг овозини эшитган қайнона бир қалқиб тушдида, набирасини кўрпача устига ётқизиб, қўрқа-писа эшик томон юра бошлади.

– Сюрпризим сенга ёқмадими? Одамларнинг хотини эри узоқ вақт бир жойга бориб келса бўйнига осилади. Юз-кўзидан ўпади. Сен нимага қараб турибсан? Ёки уйда ўйнашинг бормиди, халақит бериб қолдимми?

– Мен ўйнашга ўхшайманми? – деди ранги оқариб кетган қайнона қизининг ёнига келиб.

– Ў-ў, суюкли онажоним ҳам шу ерда эканлар-ку. Койилман! Нега мени остонада турғазиб қўйдиларинг? Киритмайсизларми уйга? – деди яна иржайган эр, кейин унинг кўзи Моҳирўйга тушиб қолдию, юраги ҳапқириб кетди. – Мен тентак шундай жаннат жойни ташлаб қаерларда юрибман-а?! Бу офатижон ким бўлди?

– Сиз ўзингиз кимсиз? – деди Моҳирўй қошини чимириб.

– Мен манави рўпарамдагининг эриман. Шундайми? – дея эркак Марҳабонинг иягига кўрсаткич бармоғи билан туртиб қўйди. – Ёки эрлик лавозимидан олиб ташланганманми?

– Ҳа! – деди бироз ўзига келган Марҳабо. – Менга сиз эр эмассиз! Бегонага айланиб кетгансиз!

– Ни-ма? – деди бирдан кўзи чақчайган эр.

Марҳабо унга жавоб бермасдан ортига бурилди-ю, кўзидан ёши оққанча ичкарига кириб кетди.

– Мен, – деди остона ҳатлаб уйга кирган эркак, – шундай жойдан хотинчамни деб қочиб келсам-у, бу хонимнинг айтган гапини қаранглар.

– Чиқиб кет! – деди ғазабдан титраб, илк бора куёвини сенсираган аёл. – Шунча кўргуликлар кўрсатганинг етар! Сен қамалганингдан бери тинчгина яшаётгандик.

– Нималар деб сайраяпсан, кампиршо? – деди ортидан эшикни тезда ёпган эркак. – Менинг кимлигимни унутганга ўхшайсанлар.

– Эшикни оч, ҳозир милиса чақираман бўлмаса! – деди аёл вужудига қўрқув кириб.

– Милиса… Милиса обязательно келади. Фақат мен чиқиб кетганимдан кейин. Сасиб кетган мурдаларни йиғиб олиш учун, – дея эркак қайнонасининг ёқасидан ушлади-да, ичкарига судраб кетди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации