Текст книги "Бургут тоғда улғаяди 1-китоб"
Автор книги: Нуриддин Исмоилов
Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 10 (всего у книги 21 страниц)
– Қўйворинг! – дея бирдан чинқириб юборди Моҳирўй.
– Оҳ, соҳибжамол, – деди эркак қайнонасини ичкарига итариб юбориб, Моҳирўйга яқинлашар экан, – турмада занглаб кетганман. Сендай гўзални худонинг ўзи менга етказди. Сенинг шу ердалигингни билганимда, аллақачон қамоқ деганларидан қочиб келган бўлардим. Юзингнинг оқлигини… Баданинг бунданам оқ бўлса керак.
Моҳирўй бутунлай довдираб қолди. Эркак унга яқинлашгани сайин у орқага тисарила бошлади.
– Тушундим, оппоғим, кўздан панага ўтайлик демоқчисан-да, – дея эркак энди унга ташланган маҳали қиз ғайриихтиёрий тарзда унинг бошига чўмич билан туширди.
– Вой мараз! – дея бақириб юборган эркак бошини ушлаганча ўтириб қолди.
– Агар бу уйдан ҳозироқ туёғингни шиқиллатмасанг, яна бир тушираман-у, ўлдираман! – дея пўписа қилди Моҳирўй.
Бироқ у иккинчи марта эркакнинг бошига туширолмади. Инқиллаб-синқиллаб ўрнидан турган "куёв" кутилмаганда бирдан қизга ташланди-да, унинг қўлидаги чўмични тортиб олди ва Моҳирўйнинг сочидан чангаллаб, қайнонаси билан хотинининг хонасига судраб кирди.
Куёви кўкрагидан итариб юборганидан кейин орқаси билан полга йиқилган қайнонанинг қон босими ошиб кетиб, ўзини билмай ётар, унинг бошини кўтариб олган Марҳабо эса нима қиларини билмай тинимсиз йиғлар эди. Бирдан уйда пайдо бўлган шовқиндан чақалоқ ҳам уйғониб кетганди. У онасидан ҳам ўтказиб, бор овозича чинқириб ингаларди.
– Ўчир овозингни! – деб бўкирди эр хотинига.
Аввалги калтаклари ёдига тушган Марҳабонинг бирдан уни ўчди. Аммо чақалоқ ҳамон бўзлашда давом этарди.
– Анави итвачча қаердан келиб қолди? – деди эркак иккинчи қўли билан хотинининг сочидан ушлаб тортар экан.
– Сиз… Сизнинг болангиз! – деди Моҳирўй йиғлоқи овозда.
– Менинг болам?! – дея қиз билан жувонни қўйиб юборган эркак чақалоқ ёнига борди-да, секин уни қўлига олди.
– Моҳирўй, ойим ўлиб қолади, ошхонадан тез сув олиб келинг, дорисини ичкизайлик! – деди Марҳабо сочи эрининг чангалидан бўшаган заҳоти онасининг бошини кўтарар экан.
Моҳирўй ошхона томонга югуриб борди-да, косани тўлдириб сув олиб келди. У бирдан пичоқ ҳам олмоқчи эди, лекин аёлнинг жонталаш қилиб ётгани уни бу йўлдан қайтарди.
Дорининг таъсиридан кейин аёл кўзини очди. У худди уйқудан чўчиб уйғонган одамдай атрофига олазарак боқди.
– Ойи, – деди ҳамон кўзидан ёш оқаётган Марҳабо, – ошхонага юринг.
Аёл жавоб қилмади. Бунинг ўрнига туришга ҳаракат қилди. Жувон билан қиз унинг икки томонидан ушлаб, етаклашди. Худди ўша пайт эшик тақиллаб қолди. Марҳабонинг эри оёқ учида юриб, уларнинг ёнига келди-да, кўрсаткич бармоғини лабига қўйиб: "Тисс, агар биронтангнинг овозинг чиқса, болани балкондан ташлаб юбораман", деди. Бу пайтда чақалоқ йиғлашдан тўхтаган, ўзини кўтариб олган нотаниш одамга ҳайрон бўлиб тикилиб турар эди.
Эрининг гапидан қўрқиб кетган Марҳабо "хўп", дегандек бошини қимирлатди.
Эшик яна уч марта қайта тақиллади. Эшик ортидагилар бироз кутиб туришгач: "Бу уйда ҳеч ким турмаса керак", деган ўйда кейинги қаватга чиқиб кетишди.
Шундан кейин ҳам эркакнинг кўнгли тинчимай, дераза олдига бориб пастга қараб турди. Яқин-атрофда милиция машинаси кўринмасди-ю, лекин у ким келиб эшик қоққанлигини билиш мақсадида пастдан кўзини узмасди.
Ошхонага киришганларидан кейин Моҳирўй пичоқни олиб сочиққа ўраётганлигини кўрган Марҳабо унинг ёнига келиб:
– Нима қилмоқчисан? – дея пичирлаб сўради.
Қиз жувонга қаради. Унинг нима қилмоқчилиги шундоққина кўзидан кўриниб турар эди.
– Болам унинг қўлида, – деди Марҳабо қалтираган овозда. – Аввал болани олишимиз керак. Кейин…
Дераза ойнасидан уч кишининг олдинма-кейин чиқиб кетганлигини кўрган эркак хотиржам тортди.
– Энди, – деди у чақалоқнинг бурунчасини мулойим чимдиб қўйиб, – ишни бошласак ҳам бўлаверади.
Эрининг полни гурсиллатиб ошхона томонга келаётганлигини эшитган Марҳабони титроқ босди. У бир Моҳирўйга, бир онасига нажот истагандай жовдираб қарар эди.
– Бугун базм уюштирамиз, катта базм, – деди иржайганча кириб келган эркак. – Кампир ошхонада бола билан қолиб, егуликлар тайёрлайди. Иккала жонон менинг кўнглимни овлайди. Эрталаб мен чиқиб кетаман. Ҳеч кимга зиён етказмай. Агар айтганимни қилмасаларинг, биронтанг ҳам соғ қомайсилар… Ҳа, яна бир нарсани эсларингдан чиқармаларинг. Мени болани кўриб кўнгли юмшайди, деган хомхаелга бориб ўтирсаларинг, аҳмоқликдан бошқа нарса қилмаган бўласанлар. Менинг белим тўла бола. Хоҳлаган пайтимда тўғри келган аёлни туғдириб кетишга қурбим етади. Бу болани кўзимни юммасданам пастга улоқтириб юборавераман. Шунинг учун агар сенларга бола керак бўлса, дамларингни чиқармасдан, нима айтсам, ҳамма буйруғимни бажариб турасанлар.
Марҳабонинг бошига биров гурзи билан ургандай бўлди. Кўз олди қоронғилашиб, орқасига йиқилаётган жувонни Моҳирўй ушлаб қолди.
– Мана шу ишни бекор қилдинг, жонидан, – деди эркак хунук иржайиб, – аслида буниям кераги йўқ эди. Шунчаки сен ёшлик қилиб, у-бу нарсаларни билмасанг, айтиб юборади, деб ўйловдим.
Бу гаплар Моҳирўйнинг ҳам суяк-суягига бориб қадалди. Эркакнинг қўлидаги чақалоқ чириллаб йиғлашга тушди. "Сенга мен маишат қандай бўлишини кўрсатиб қўяман", дея хаёлидан ўтказган қиз бор кучини йиғиб жилмайишга уринди-да:
– Мен сизнинг айтганингизга розиман, фақат бу ерда эмас. Эркаксиз, ҳар қалай, у ёғининг эпини қиларсиз, – деди.
– Нималар деяпсан, қизим? Ҳали бокира қизсан-ку, эсингни йиғиб ол. Бунинг дўқ-пўписасидан қўрқма! Кейин ўзинг афсусланиб қоласан! – дея бақириб юборди аёл.
– Ҳов, кампир, ўчир овозингни! – дея бўкирди эркак ва қўлидаги болани аёл томон ирғитди.
Аёл чапдастлик қилиб чақалоқни ушлаб қолди. Акс ҳолда… Моҳирўй йиғлаб юбормаслик учун тишини тишига босиб, тез-тез қадам босиб ошхонадан чиқди. Эркак унинг орқасидан эргашди. Бироқ Моҳирўй эшик ёнига бориб тўхтади.
– Юр, нега тўхтадинг? – деди эркак.
– Сочиқ-почиқ олволай, ёз бўлсаям, одам кечаси чўмилганидан кейин артинмаса совқотади, – деди ичидан бу гапларни суғуриб олган Моҳирўй.
– Мен сени покизамисан, деб ўйласам, кўпни кўриб қўйганга ўхшайсан-а, – деди эркак ҳиринглаб.
– Бунисини кейин билиб оласиз, – деди Моҳирўй ва тезда ошхонага кирди-да, пичоқни сочиққа ўраётган маҳали, аёл унинг оёғига ёпишиб:
– Қизгинам, шаштингдан қайт, бизни деб ўзингни бадном қилма! – деди.
Бироз ўзига келган Марҳабо эса унга ҳайратланиб қараб турар эди.
– Ҳаммаси яхши бўлади, – деди Моҳирўй ва салафан сумкага сочиқни тиқди-да, аёлга қарамасдан эшик томонга юрди. Сўнг эркакнинг ёнига бориб: – Шундай жойга олиб борингки, ҳеч ким бўлмасин. Ҳаммаёқ зимистон бўлсин, – деди.
* * *
Бахтиёр аввал участка нозирига қўнғироқ қилиб, унинг одамлари кўп қаватли уйларни бирма-бир кўриб чиқишларини айтди. Нозир ўзини озгина у ёқ-бу ёққа ташла-ган эди, Бахтиёр дарров унинг иккита айбини эслатди. Қарабсизки, участка нозирининг бирдан қулоғи кар, кўзи кўрга айланди. Шунинг учун Бахтиёрнинг йигитлари эмин-эркин ҳолда ҳамма уйнинг эшигини тақиллатиб чиқишди. Албатта, бу ерларда кўпчилик Моҳирўйни умуман кўрмаганди. Битта-иккитаси кўрган бўлса-да, унга эътибор бермаганди. Эътибор қилганлари эса йигитларнинг важоҳатини кўрганидан кейин бирдан: "Умримда учратмаганман", деб қутулиб қўя қолишди. Моҳирўй қўним топган подъезддагиларнинг бор-йўғи иккитаси Бахтиёрнинг йигитларига эшик очишди, улар ҳам қариб қолган, кўзи яхши кўрмайдиган кимсасиз чол ва ҳафтада бир маротаба кўчага чиқадиган кампир эди.
Қидирувдан натижа чиқаролмаган йигитлар яна Бахтиёрнинг ёнида тўпланишди. Бу пайтгача амалдорнинг "ўнг қўли" Илёс масаласи билан шуғулланди. Аввалига бош врач: "Унинг ўлими тўғрисида милиционерларга хабар берамиз", деб туриб олди. Бахтиёр унга бундай қилиш мумкинмаслигини айтди. Бош врач сабабини сўраганида, у стол устига бир даста ўн сўмликни ташлаб:
– Ака, бизга обрў керак. Агар шу томони бўлмаганида, аллақачон милисалар қидирувга тушиб кетишган бўлишарди. Агар бизнинг одамимиз ўлиб, бунинг хабарини "мент"ларга айтадиган бўлсак, ер билан битта бўлганимиз шу. Илёс яхши бола эди. Унинг қасдини биз ўзимиз оламиз. Сиз бўлса, пулни олинг-да, ҳеч бало кўрмагандай ўтираверинг, – деди врачнинг кўзига тикилиб.
– Уйидагилар сўраб келиб қолишса нима қиламан? Бундан ташқари, касалхонада ўлим содир бўлдими, мен тезда бу ҳакда милицияга хабар беришим керак, – деди врач ҳамма нарсани бўйнидан соқит қилиш мақсадида.
– Ўша милицияга, – деди Бахтиёр ўқрайиб, – ўзи ўлиб қолди денг. Сариғи ўтиб кетибди, дейсизми, юраги "приступ" берибди, дейсизми, бу ёғи сизнинг ишингиз. Лекин зинҳор унинг бошига уришганлигини тилингизга ола кўрманг. Ҳар қалай, сиздаям бола-чақа бор. Уларнинг келажагини ўйлайсиз. Бу ёғи тушунарлидир… Илёснинг уйидагилари масаласига келсак, хотиржам бўлинг. Уларниям ўзимиз тинчитамиз.
Бош врач Бахтиёрнинг сўнгги гапларидан кейин ҳай-калдек қотди. Айниқса, бола-чақаси эслатилганидан кейин унинг юраги ўйнаб кетиб, Бахтиёр айтганидай, "приступ" бериб қолишига озгина қолди.
Ҳамма ишларни тинчитиб бўлганидан кейин Бахтиёр йигитлари билан энди нима қилиш кераклиги тўғрисида бош қотириб турганида, амалдор қўнғироқ қилди.
– Ҳозирча топилгани йўқ. Лекин ҳеч қаерга қочиб кетолмайди. Барибир топамиз. Асосийси, у ҳалиям шаҳарда экан, – деди Бахтиёр бошқа гап тополмай.
Амалдор бу сафар уни бўралатиб сўкмади. Ўйланиб турди-да, буюрди:
– Ўша атрофга йигитларингдан иккитасини қоровулликка қўй. Бир марта қиз шу ерда кўриниш берибдими, яна пайдо бўлади. Фақат бу сафар йигитларингнинг тузукроғидан қўй. Яна латта чайнаб қолиб кетишмасин.
Эрининг гапларини қўшни хонада эшитиб турган Зулайҳо мийиғида кулиб қўйди. У ҳам эридан қолишмасдан Моҳирўйни қидирмоқда эди. Фақат мақсад, режа бошқа эди. Аёл сал аввал жазмани билан қиз ҳақида гаплашганди. Моҳирўйнинг топилган-топилмаганлигини суриштирганди. Афсуски, жазман ҳам уни қувонтирадиган гап айтмади. Бироқ Бахтиёр каби, албатта топишини айтиб ўтди.
– Шу қиздан воз кечиб қўя қолинг, – деди Зулайҳо эри ҳорғин кайфиятда уйдан чиқаётганида.
– Йўқ, – деди амалдор пешонаси тиришиб, – у менинг юзимга оёқ босиб кетди. Кўрнамаклик қилди. Энди топсам, соғ қўймайман.
Эрининг гапидан Зулайҳо хурсанд бўлиб кетди. Зотан, амалдор энди бус-бутун ўзиники бўлиб қоладигандай эди. Сўнг яна ўйланиб қолди. Турғун Ғаниевич нимаики иш бошласа, охирига етказмай қўймайдиганлар хилидан эканлигини билгани уни ўйланишга мажбур этди. "Бу Моҳирўйни яхши кўрдими, демак, барибир унга етишишга ҳаракат қилади. Важоҳатидан ҳеч нимадан қайтмайдиганлиги кўриниб турибди. Уни бу йўлдан ё ўзининг ўлими, ёки Моҳирўйники қайтариши мумкин. Ўзи-ку ҳали менга кўп керак… Колаверса, бир зумда қўлимда ўйинчоқ қилиб қўйишим ҳам ҳеч нарса эмас. Чунки унинг сирини биламан. Бу ердагилар унинг учун ҳеч нарса қилол-маган тақдирдаям Москва бор-ку. У ёқларга бунинг қўли етмайди-ку. Демак, имкониятим етарли. Албатта, буларни қўлимдан ҳеч нима келмай қолганида ишлатаман. Ҳозирча энг осони – қизни даф қилишим керак. Гарчи қарисаям қуйилмаган бу чол: "Қўлимга тушса соғ қўймайман", дегани билан, қизнинг гўзаллиги учун ҳамма айбидан воз кечиб юбориши ҳеч гап эмас-да. Шунгача отимни қамчилашим лозим", дея хаёлидан ўтказди Зулайҳо.
– Кампир, – деди амалдор хотинининг ўйланиб турганини кўриб.
– Нима дедингиз?! – деб юборди Зулайҳо эрининг қолган гапини эшитишга сабри ҳам чидамай, бирдан юраги алланечук бўлиб.
Зотан, у илк маротаба эрининг оғзидан бунақа сўзни эшитиб туриши эди.
– Ёқмадими? – деди хотинидаги ўзгаришни кўрган амалдор.
– Мен ҳали кампир бўлдимми?! Сиздан неча ёш кичиклигимни эсингиздан чиқариб қўйдингизми? – деди Зулайҳо кўзига ёш қалқиб.
– Кўзимга шундай кўриниб кетдинг-да.
– Бошқалар-чи? Бошқалар кўзингизга онасидан янги туғилгандай кўринадими? Сиз билан шунча бирга яшаб, охири эшитганим шу бўлдими? Менга бунақа гапни айтишдан олдин ўзингизга бир қараб олсангиз яхшийди. Сизниям ҳеч ким бўз йигит демайди. Аллақачон…
– Ўчир овозингни! – деди амалдор хотинининг гапларидан ғаши келиб. – Бошқаларга шундай десанг хурсанд бўлади. Одам қариганидан кейин қариликни бўйнига олиши керак-да.
Зулайҳо ортиқ унинг ёнида туролмади. Лаблари титраганча ташқарига чиқиб кетди. Турғун Ғаниевич унинг ортидан: "Ўзи нима демоқчийдим?" дея ўйлади, аммо унинг хаёлига хотинига айтмоқчи бўлган гапи келмади.
Аёл эри машинада уйдан чиқиб кетганидан кейин югуриб бориб жазманига қўнғироқ қилди. Бироқ гўшакни ҳеч ким кўтармади. Зулайҳо эркак зотининг ҳаммасига қирғин келишини қайта-қайта тилаб, оппоқ қоғоз олдида, унга эрининг кирдикорларини бирма-бир рус тилида ёза бошлади. Узоқ ёзди, пешонаси тиришиб, амалдорнинг ўзи билган айбларининг биронтасини ҳам қолдирмасдан қоғозга "тўкиб сочди". Сўнг кўнгли бироз хотиржам тортиб, жазманига қайтадан қўнғироқ қилди. Бу сафар у гўшакни кўтарди. Кўтарди-ю, Зулайҳонинг бирбиридан заҳарли гапларини эшитиб, гўшакни отиб юборишига оз қолди. Ҳар тугул, аёл бирор икки дақиқа "ёниб" турганидан кейин бирдан ўчди. Ва дийдиё қилишга тушиб кетди. Эрининг аблаҳлигидан, пасткашлигидан нолиди. Шундан кейингина Моҳирўй ҳақида янгилик борйўқлигини сўради.
– Ҳозиргина, – деди жазман ниҳоят гапиришга изн берилганидан пешонасини силаб қўйиб, – битта ошхонага бордим. У ерда яхши битта опагинам бошлиқ…
– Опагинанг қаймоққинамикин? – деди Зулайҳо киноя билан жазманининг гапини бирдан бўлиб.
– У билан мен фақат иш юзасидан гаплашаман. Мен ишрат қилмоқчи бўлсам, сизнинг ўзингиз етиб ортасиз. Мана шу гапни эсингиздан чиқарманг, – деди асабийлашган жазман.
– Бўпти, бўпти, давом эт. Хўш, ўша иш юзасидан гаплашадиган опагинангнинг олдига бординг, ундан кейин-чи?
– Хуллас, унинг олдига иккита қиз иш сўраб келибди, улардан биттаси мен кўрсатган расмдагига жудаям ўхшар экан.
– Ростданми? – деди бирдан ҳовлиқиб кетган Зулайҳо. – Ҳозир ўша қизлар қаерда экан, ишга олибдими уларни?
– Келишолмабди. Моҳирўй роса шаддодлик қилибди. Лекин унинг айтишича, қизлар шу яқин-атрофда туришаркан. Бунинг устига, Моҳирўй билан бирга келган қизнинг дугонаси опанинг қўлида ишлармиш. "Ўша қиз унинг қаерда яшашини билса керак", деди опа.
– Бирдан чақириб сўрамадингларми?!
– Ишга келмабди. Дам олиш куни экан.
– Ҳар тугул, изини топибсан-ку. Эртадан қолдирмай аниқла. Кейин менга телефон қил. Уёғига менам бораман. Колганини биргалашиб қиламиз, – деди Зулайҳо бироз чеҳраси ёришиб.
* * *
Чувалчанг "А-а-а" дея чинқириб томоғини ушлади-да, орқасига қулади. Бирдан шовқин-сурон кўтарилди. Маҳкумлар нима бўлганлигини билиш мақсадида Чувалчанг йиқилган жой томон югуришди.
– Дўхтир… дўхтир чақиринглар, тез бўлларинг! – дея бақирди Босс.
Кўзлари косасидан чиққудек бўлиб типирчилаётган Чувалчанг бир муддатдан сўнг сал тинчиди.
– Ғиёс ака, – деди у нимжон овозда, – мени кечиринг. Мен сизга хиёнат қилдим. Сизни ўлдирмоқчи эдим!
– Биламан, – деди бошини қимирлатиб Босс, – кечирдим.
Шу гапни эшитиши билан Чувалчангнинг кўзи юмилди. У мангу уйқу сари йўл олган эди.
Гарчи Чувалчангни ким, нега ўлдирганлигини Каламуш жуда яхши билса-да, ошпазларни сиқувга олди. Уларни жазо камерасида обдон "сийлади", шундаям улар: "Биз ҳеч нарса билмаймиз, овқатга бирон нима солганимизда, ҳамма бирдай заҳарланган бўларди", деб туриб олишди. Улар тайёрлаган овқат махсус текшириб кўрилганида ҳам ундан одамга зиён етказиши мумкин бўлган ҳеч нарса топилмади. Ошпазлар қўйиб юборилганидан кейин соқчи келиб Бургутни олиб кетди. Фаррух: "Яна мени сўроқ қилиб, кейин бошимга итнинг кунини солса керак", дея ўйлаган эди. Аммо ўйлаганича бўлмади. Уни соқчилар Каламушнинг ёнига эмас, балки бошқа камерага олиб киришди. У камерага кирди-ю, ҳайратдан қотиб қолди. Камера ичида Зарина унга жилмайиб қараб турар эди.
– Сиз бу ерда нима қилаяпсиз? – деди Бургут ҳайратини яширолмай.
– Сизни кутиб турибман, – деди Зарина шўх овозда.
– Нега? – дея баттар таажжубланди Фаррух.
– Мумкин эмасми?
– Йўқ, лекин…
– Сиз кутмагандингиз, тўғрими?
Фаррух "ҳа", дегандек бошини қимирлатди.
– Мен, – деди бирдан жиддий тортган қиз, – сиз билан хайрлашгани келгандим.
– Хайрлашгани?
– Ҳа, ишдан бўшатишди. Ўша сизга керакли уколни қилмаганим учун. Эртадан бошлаб бу ерга келмайман, – деди Зарина чуқур сўлиш олиб.
– Сизга билмасдан жабр қилиб қўйганим учун афсусдаман, – деди Фаррух унга ачиниб.
– Мен сиздан мутлақо хафа эмасман. Умуман, ишимдан айрилаётганим ҳам қизиқтирмайди. Чунки бир йил ишлаб берасан деб ўқиш жойимдан юборишганди. Мени мутлақо бошқа нарса қийнаяпти. Мен кетаяпман-у, сиз бу ерда қолиб кетаяпсиз. Ана шу нарса… – дея қиз гапини давом этказолмай қолди.
Унинг юзи қизарди. Кўзида ёш пайдо бўлди.
– Мен, – деди у бироздан кейин ҳамон тахтадай қотиб турган рўпарасидаги йигитга қараб, – қиз бола бошим билан ичимдаги гапларимни сиздан олдин айтаётганимга айбга йўйманг. Бошқа иложим йўқ. Бу ерга қайтиб келолмайман… Хуллас… Хуллас, сизнинг дил изхорингизни эшитишга жуда кўп вақт бор. Албатта, агар мен ўйлаган нарса сизда бўлса… Нима десам экан… Йўқ, айтолмайман… Нега жим тураверасиз?
– Ҳалиги, – дея довдиради маҳбус, – мен сизни хафа қилганимдан…
– Қанақа хафа қилиш? Тушунмаяпсизми, мен сизни севиб қолганман-ку!.. – деди қиз кўзида ёш билан.
Фаррух умрида бунақа сўзни эшитмагани боис, қизариб кетди. Нима қиларини билмай бошини эгди. Зарина бошқа чидаб туролмади. Соддагина, ёқимтой йигитнинг юзидан чўлп этказиб ўпди-да, эшик ёнига бориб муштлаб урди. Юзи олов бўлиб ёнаётган Фаррух жойидан қимирлолмай қолди.
У камерага қайтиб келганидан кейин Боссни қамоқхона бошлиғининг олдига олиб кетишганини айтишди. Бу хабар уни ташвишга солмади. Чунки, хаёлини Заринанинг сиймоси, унинг сўзлари ва ўпичи эгаллаб олган эди.
Босс тахминан Каламушнинг нима демоқчилигини биларди. Шу боисдан ҳам ўзининг жавобларини олдиндан тайёрлаб борди.
– Нима кераги бор эди? – деди Эдуард Анисимович асабий тарзда сигарета чекар экан. – Сен келганингдан бери менга тинчлик йўқ. Деярли ҳар куни битта мурда чиқаяпти бу ердан.
– Ҳисобдан адашманг, – деди мийиғида кулган Босс, – мен келгунимча иккита бўлган. Келганимдан кейин иккита бўлди. Бунга менинг нима алоқам бор?
– Ўзингни гўлликка солма! – дея қичқириб юборди Каламуш. – Ҳаммасида шахсан сенинг қўлинг бор.
– Исбот, – деди Босс қамоқхона бошлиғининг кўзига тик қараб, – биронтасини менга исботлаб беринг-чи.
– Бўлади, ҳаммасини вақт-соати етганда мен сенга исботлаб бераман.
– Унда ўша вақт-соати етгунча яшаб турайлик-чи. Кейин бир гап бўлар.
– Чарчадим, – деди Каламуш бирдан бир поғона тушиб, – оналарини эмсин ҳаммаси. На уйқумда, на юриш-туришимда ҳаловат бор.
– Ҳаммасига одамнинг ўзи сабабчи. Сабабсиз бирон нима бўлмайди, – деди Босс.
– Бўлди, иккаламиз ҳам мушук-сичқон ўйнашни бас қилайлик.
– Мен ҳеч ким билан бунақа ўйин ўйнамаганман. Ўйнашниям билмайман.
– Нега ўзингни олиб қочаяпсан? Мен сенга тинчликни таклиф қилаяпман.
– Мен ҳамиша тинчлик тарафдориман. Сиз билан бўлса, шунчаки гапим келишмайди. Сабаби, мен ҳақиқатни яхши кўраман.
– Нима демоқчисан бу билан? Мени тўғри гапирмайдиган ҳезалакка чиқардингми? Сен ўзингча: «Кобра билан Чувалчангни ўлдириб, ҳамма нарсага эришганман. Ҳар қандай гапни истаган пайтимда гапираман. Энди билган нарсамни қиламан», демоқчимисан? – деди ўрнидан туриб кетган қамоқхона бошлиғи.
– Мен боғдан келсам, сиз тоғдан келаяпсиз. Шунинг ўзи бизнинг бошқа-бошқалигимизни кўрсатмаяптими? – деди Босс мулойимлик билан. – Кейин гапларимиз анча майдалашиб кетганга ўхшайди.
– Ит! – деб юборди кутилмаганда Каламуш қизариббўзариб. – Яхшиликни билмадинг! Мен сенга осойиш-таликни таклиф қилгандим, кўнмадинг. Энди ўзингдан кўр!
Сўнг бироз муддат Боссга тикилиб қараб турди: "Шу пайтгача мен ҳақиқатан бундан қўрқиб келдим. Сабаби оддий. Аввалига битта-иккита ишларимни билиб қолди. Биронта одамга айтиб юрмасин деган ўйда, унга тегинмадим. Аста-секин бошимга чиқиб олди. Аксига олиб, ташқаридагиларнинг ишини бажариб бераман деб, кўп нарсага қўл уриб қўйдим. Бу эса ҳаммасидан хабар топди. Энди бошимда туриб ҳожатини ҳам чиқармоқчи, аблаҳ. Бирига чидайин, иккисига чидайин. Тамом. Тоқатим тоқ бўлди. Москвага хабар бермаса, ундан нарига ўтсин. Яхшилаб адабини бериб, попугини пасайтириб қўяман. Агар озгина ғимирлайдиган бўлса, ана, Турғун Ғаниевич бор. Унинг ишларини итдай бажараяпманми, энди уям мен учун тер тўксин-да… Босснинг сўзлари марказгача етиб борадими-йўқми, худо билади. Балки у мени шунчаки қўрқитиб юргандир. Амалдор эса… Амалдорнинг қаҳри қаттиқ. У бир маротаба ғазаб отига минса, мен-ку, майли, бутун оиламнинг соғ қолиши амримаҳол. Ҳозир у мендан Босснинг жонини сўраб турибди", дея хаёлидан ўтказди у.
Эдуард Анисимович соқчини чақириб, унга Боссни жазо камерасига олиб боришни ва ақли киргунча "даволаш"ни буюрди. Улар чиқиб кетишаётганида Каламуш:
– "АЮЧ"га, – деди.
Унинг гапидан кейин соқчи тўхтаб, савол назари билан қамоқхона бошлиғига қаради.
– Тушунмадингизми?! – деди Каламуш қошлари чимирилиб.
Соқчи "Ёши анча ўтиб қолган, у ердаги азобга чидолармикин?" деб сўрамоқчи эди. Аммо сўрамади. Бошлиқнинг қарашининг ўзи бу саволнинг жавобини бериб турар эди.
Босснинг юзида эса истеҳзоли табассум пайдо бўлди. У аввал ҳам бу камерада бўлган эди. У ерда қандай қилиб азоб беришларини яхши биларди. Лекин ўшанда ёш эди. Шу боисдан ҳам азобларнинг барига бардош берганди. "Шер бекорга тушимга кирмаганлиги янаям аниқ бўлди. Афсус, менинг ҳам тақдиримга таниш-би-лишлар билан видолашиш ёзилмаган экан… Ҳаётнинг жуда кўп неъматлари мени четлаб ўтди. Энди ўлигим ҳам хор-зор бўларкан-да. Ёки шундай ўлимга лойиқ иш қилдимми?.. Нимаики қилган гуноҳларим бўлса, Худо, ўзинг кечир!" дея хаёлидан ўтказди у камерага етиб боргунча. Оёқ-қўлини боғлашаётганида эса ота-онасини, чопқиллаб ўйнаб юрган болалигини эсга олди.
– Босс, – деди азоб берувчилардан бири юзидаги ниқобни олиб, – мен сизни қаттиқ ҳурмат қиламан. Шунинг учун сизга озор етказишга ҳечам қўлим бормаяпти.
– Ука, – деди Босс мийиғида кулиб, – буйруқни бажаринг. Куним бўлса яшайман. Бўлмаса, тақдир эканда. Иложим қанча? Асосийси, мен сизни ичимда қарғамайман. Энди ишни бошланг.
Босснинг оёқ-қўли махсус столга чандиб боғланган, қимирлашига мутлақо имкон қолдирилмаганди. Фақат кўзларигина бўлаётган воқеаларни кузатиш ва қўшимча азобланиши учун очиқ қолдирилган эди. Суякларни синдириб юбормасдан эзғилайдиган мослама Босснинг ёнига олиб келинди. У аввал оёкларининг устига қўйилди ва токка уланди. Мослама аста-секин ҳаракатланиб, Босснинг этини эзғилай бошлади. Танасидаги оғриқнинг астасекин кучайиб бориши Ғиёс аканинг кўзидан ёш чиқариб юборди. У бақириб юбормаслик учун лабини маҳкам тишлади. Лекин шунча уринмасин, унинг инграган овози эшитилди. Босс уялди. Унга кўзини лўқ қилиб қараб турган "жаллод"дан уялди. "Агар жонимни суғуриб олсанг ҳам чидайман", дея ўйлади Босс ва лабини янада маҳкамроқ тишлади. Унинг лабидан қон сизиб чиқа бошлади. Буни кўрган "жаллод" чидолмасдан аввал кўзини юмиб олди, сўнг мосламанинг тугмачасини босиб, азоб беришдан тўхтатди. Пешонасидан тер қуйилиб келаётган Босс танасидаги оғриқ тўхтаганидан кейин ҳансираб нафас ола бошлади.
– Операцияни охиригача етказиш керак, – деди "жаллод"нинг ёнида турган соқчи.
– Канчадан-қанча одамни бу ерда онадан туғилганига пушаймон едирганман, – деди "жаллод", – бир туким қилт этган эмас, лекин Боссни бу кўйга солиш менинг қўлимдан келмайди.
– Келади! – деди махсус тешикдан бўлаётган воқеани кузатиб турган Каламуш, жаллоднинг гапини эшитганидан кейин, жаҳли чиққанидан қалин қоп-қора темир эшикни шарақлатиб очиб кириб келар экан. – Келади, ўртоқ сержант. Сиз шафқатсиз жиноятчини жазолаётганингизни эсингиздан чиқариб қўйманг. Бу одам, – деди у Боссни кўрсатиб, – жамиятимиз учун ўта хавфли. Бир неча ўнлаб ўта оғир жиноятларни қилган, қанчадан-қанча бегуноҳ инсон бунинг дастидан эрта ҳаётдан кўз юмган. Аслида бунданам оғир жазони қўллашимиз керак эди. Ҳалиям бизда шафқат деган нарсадан бор.
– Лекин… – дея "жаллод" энди унга эътироз билдирмоқчи эди:
– Бас! Буйруқни бажаринг! – дея бақириб юбориб, уни гапиртирмай қўйди Каламуш.
Ҳушдан кетиш арафасига келиб қолган Босс унинг гапларига аччиқ кулиб қўя қолди.
Мослама яна ишга тушди. Энди у Босснинг қўл суякларини эзғилар эди. Эшитган гапларидан кейин Ғиёс аканинг қони кўпчиганди. Ғазаби қўзғаганди. Шу боисдан ҳам азобга мағрур бардош бера бошлади. Суяги синиш арафасига келган тақдирдаям у чидади. Худди ҳеч нарса бўлмаётгандек бемалол турди. Ҳатто лабини ҳам тишламади. Эдуард Анисимовичга алам қилиб кетди. Назарида, Босс шундай ҳолатдаям унинг устидан кулаётгандай эди.
– Буни тўхтат! – дея бақирди у "жаллод"га. – Токни ула, сакрашини бир томоша қилайин.
Электр қуввати улангандан Ғиёс аканинг кўзлари чақчайиб кетди. Яна сал бўлмаса, улар косасидан отилиб чиққудек эди. Бироқ заряд қанчалик тез пайдо бўлган бўлса, яна шундай йўқолди. Орадан бир дақиқа ўтмасидан улар яна ишга тушди. Бундай ҳол кетма-кет беш марта такрорланганидан кейин, Босснинг кўз олдида Шер пайдо бўлди. У ниҳоятда ачиниб, Ғиёс акага қараб турди-да:
– Отингни олиб келдим, – деди кўз ёши аралаш, – мин, кетамиз.
– Ҳали бироз эртароқмасми? – деди Босс Шерга илтижо билан боқиб.
– Вақти-соати етиб келди. Отга мин, дардисар дунёда кунинг битди.
– Ҳали битмаган ишларим бор эди. Фаррухни қиёмига етказиб тарбиялай олганим йўғиди. Озгина имконият беришнинг иложини қилолмайсизми?
– Менинг қўлимдан ҳеч нарса келмайди. Иложини қилиш мумкин бўлган замондан ўтиб кетганимға анча бўлган. Менга сени олиб келиш буюрилган. Шогирдинг масаласида қайғурмасанг ҳам бўлади, уни Мироб ўз қарамоғига олади, – дея Шер Босснинг қўлидан ушлаб тортди.
Ғиёс аканинг қаеридадир кучли оғриқ пайдо бўлди-ю, кейин бирдан енгил бўлиб қолди…
– Кўзи олайиб кетди. Балки тўхтатармиз! Ўлиб-пўлиб қолмасин тағин, – деди "жаллод" Каламушга умид билан қарар экан.
– Бунинг жони тошдан. Яна икки дақиқа чидашга бемалол кучи етади, ҳозир бўлса нағма қилаяпти, ўзини мана шундай ҳолга солиб, жазони тўхтатмоқчи, бунинг макри беҳисоб, – деди Эдуард Анисимович Боссдан кўзини узмай.
Қамоқхона бошлиғи айтган икки дақиқа ҳам ўтди. "Жаллод" хўжайинидан сўраб ҳам ўтирмасдан электр токини узди-ю, бармоғини Босснинг энса томирига тегизди.
– Жони узилибди, – деди у Каламушга ваҳимали қараб.
– Йўғ-э, – дея Эдуард Анисимовичнинг ўзи ҳам Ғиёс аканинг томирини текшириб кўрди.
Ҳақиқатан ҳам маҳбуснинг юраги уришдан тўхтаганди. Каламуш шундан кейингина нима қилиб қўйганини англаб етди. Хавотир билан жаллодга қаради:
– Ўзининг ажали билан ўлган. Юраги приступ бериб қолган. Бу ёғи тушунарлидир?
Жаллод ёнида турган соқчига қаради. Соқчининг кўзидаги совуқлик унинг Каламушга нисбатан нафратини шундоққина кўрсатиб турар эди.
– Столдан ечиб олинглар-да, тезда бошқа камерага олиб боринглар. Ундан кейин дўхтирни чақириб, бирдан ўз ажали билан ўлганлиги тўғрисида маълумотнома ёзди-риб олинглар. Ишни тезлаштиринглар, – дея Эдуард Анисимович бу ерни тарк этди.
Қалтираб бораётган Эдуард Анисимович хонасидаги столга ўтириб, бир пиёла иссиқ чой ичгандан кейингина бироз ўзига келгандай бўлди. Сўнг лабига сигарета қистириб, уни тутатиш учун гугурт қидирди. Стол тортмаларини очиб қаради, стол устини кўздан кечирди, бироқ шундоққина олдида турган гугуртни кўрмади. Шундан кейин баттар асабийлашиб кетди. Соқчини чақириб, гугурти қаёққа йўқолганлигини пўписа билан сўради. Соқчи бир қарашдаёқ гугуртни кўрди-ю, ажабланди. "Бунинг томи кетиб қолмаганми, ишқилиб?!" – дея хаёлидан ўтказди-да, Каламуш қидираётган нарсани кўрсатди.
Эдуард Анисимович сигаретасини тутатаркан, қўли титраб кетди. У соқчининг кўз ўнгида бундай кўйга тушиб қолганидан ноқулайлик ҳис қилди ва тутунни чуқур ичига тортиб, буйруқ кутиб турган одамга қўли билан "чиқиб кет" ишорасини қилди. У кетиши билан эса шоша-пиша телефон рақамини тера бошлади.
– Ўтирибсанми лаллайиб, ҳалиям нима қилишингни билмасдан? – деди амалдор унинг овозини эшитиши билан.
– Ака, иш сиз айтгандай бўлди, унинг қўлига нариги дунё учун чипта тутқазиб қўйдим, – деди Каламуш иржайиб.
– Ҳартугул, – деди Турғун Ғаниевич, – шуниям эплолмайсанми, деб қўрққан эдим. Ишқилиб, ҳаммаси тинчгина бўлдими?
– Худди сиз айтгандай ажалнинг ўзи бизнинг ёрдамимизсиз олиб кетди, – дея ҳиринглади қамоқхона бошлиғи.
– Яна у ёқ-бу ёққа ўлакса ҳиди тарқаб кетмасин, кўзингга қара, – дея амалдор гўшакни қўйиб қўйди.
Каламуш: "Хавотир олманг, ҳаммаси хамирдан қил суғургандай бўлади", демоқчи эди, бироқ улгуролмай, гапи ичида қолиб кетди. Алоқа узилганидан кейин у гўшакка бироз қараб турди-да: "Нега у мен билан қисқа гаплашди? Аввал бундай қилмасди-ку. Ҳамма нарсани миридан сиригача суриштирарди. Наҳотки қилган ишим унга ёқмаган бўлса, овозидан қувонгани мутлақо билинмади-ку, қайтанга жеркиб гапирди. Кесатди. Шу ишни бекор қилганга ўхшайман. Ҳар хил баҳона-ю сабабларни рўкач қилиб юрганимда бўлмасмиди? Бўлмасди. Амалдор сабртоқатни билмайдиган одам… Нега унда ёқмади? Ёки ўзининг бошқа биронта иши ишкалдир? Мен айнан унинг асаби бузилиб турган пайтда кўнғироқ қилиб қўйдим-ми? "Энди соянгизда соялаймиз-да", дея ундан паноҳини аямаслигини сўрамоқчи эдим. Улгуролмадим…" – дея ўйлади.
Каламуш ўйлаганидек, Босснинг ўлими сир бўлиб қолмади. У ҳали ўз хонасига киришга улгурмасидан бурун Миробнинг қулоғига Босс ўлганлиги ҳақидаги хабар бутун тафсилотлари билан етиб келди. Миробнинг доимий уйқусираган кўзи бирдан чақмоқдай ёниб кетди. Кўллари мушт бўлиб тугилди. "Итдан тарқаган Каламуш, арининг уйини ўзинг қўзғадинг. Энди ўзингдан кўр", дея хаёлидан ўтказди. Ва шу заҳоти камерадаги ҳамма маҳбусларни ёнига тўплади-да, Босснинг сўнгги буйруғини эълон қилди:
– Ҳозирги дақиқадан бошлаб Босснинг ўрнига Бургут – Фаррух тайинланади!
– Босснинг ўзи-чи? – деди ҳайрон бўлган маҳбуслардан бири.
– Босс биз билан видолашишга ҳам улгурмай дунёни тарк этди. Уни ўлдиришди.
Мироб шу гапни айтиши билан бирдан ғала-ғовур бошланди. Кимнинг нима деяётганлигини билиб бўлмас, ҳамма бараварига гапирарди.
– Тинчлантир буларни, – деди Мироб Фаррухга. Фаррух нима қиларини билмай бирма-бир маҳбусларга қараб чиқа бошлади. Уларнинг овози борган сари авжига минарди.
– Нега қараб турибсан?! – дея бақирди Мироб Бургутга. – Улар энди фақат сенинг буйруғингга бўйсунишади!
Фаррух бақириб-чақираётганлар ва ҳатто бир-бирининг ёқасидан олиб нималарнидир уқтиришга ҳаракат қилаётганларга ҳайрат билан қараб турди-да:
– Жим!!! – дея қичқирди. Бирдан ҳамма маҳкумнинг овози ўчди. Уларнинг бари Бургутга қарашди. – Ҳамма ўз жойига борсин.
Бироқ унинг гапига биронта ҳам маҳбус қулоқ солмади, ҳеч ким жойидан қимирламади.
– Эшитмадингларми?! – деди Мироб маҳбусларга еб қўйгудек тикилиб. Унинг қараши, важоҳати тўпланганларни сескантириб юборди. Шундан кейингина улар битта-битта жойига кета бошлади. – Тезда Каламушга қарши чора қўлламасак бўлмайди. Биринчи навбатда биродарларга хабар бериш керак. Ундан кейин бу ерда шовқин-сурон кўтариб, Каламушни довдиратмасак кечга қоламиз, у ҳамма ёқни маҳкамлаб қўйиш ҳаракатига тушиб қолади.