Электронная библиотека » Нуриддин Исмоилов » » онлайн чтение - страница 8


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 19:00


Автор книги: Нуриддин Исмоилов


Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 8 (всего у книги 21 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Босс сўзини тугатиши билан ҳамма ўрнидан турди ва пиёлаларини тўқиштиришиб, бир кўтаришда "оқлашди". Фаррух ҳам улар нима қилган бўлса, дарров қайтарди.

Кейин ҳамма ўтириб тамадди қилишга тушиб кетди. Фаррух икки кундан бери тузук овқатланмаганди. Шундай бўлса-да, бошқаларнинг кўзига очофат кўриниб қолмаслик учун аста-секинлик билан овқатлана бошлади. Унинг бундай қилиғини Босс тезда илғади:

– Ҳов бола, – деди у Фаррухга, – бу ер онангнинг уйимас. Эркакка ўхшаб катта-катта ол. Қонун-қоида бу ерда шундай.

– Ҳали янги-да, – деди гапга аралашган Чувалчанг, – бир-икки кун ўтсин, аждаҳо бўп кетади.

Унинг гапига бир-иккиталар ҳиринглашган эса-да, Босснинг бир туки қилт этмади.

– Бир нарсани сенларга айтиб қўяйин, – деди Босс тамадди ниҳоясига етганидан кейин. – Фаррух орамизга келиб қўшилибдими, бошқалар қатори насибасини олиб қўйиши керак, яъни лақабини.

Босс шундай дейиши билан ҳамма бирдан унинг оғзига қаради. "Қани, бу йигитча қанақанги мўътабар "исм"га эга чиқар экан", дея ўйлашарди улар.

– Лақаби "Бургут", – деди Босс тантанавор.

– Босс, – деди Чувалчанг тиржайиб, – шу, жойи келганида бизни ҳам ернинг устида юрадиган ҳайвонга алмаштирсангиз яхши бўларди-да, ернинг тагида юравериб димиқиб кетдик.

Унинг гапидан гур этган кулги кўтарилди.

–Йў-ўқ, – деди Босс кулгидан зўрға ўзини тўхтатиб, – сенинг лақабинг узукка кўз қўйгандай ўзингга мос.

Чувалчанг бошқаларнинг олдида изза бўлиб қолди. Бироқ у буни билдирмасликка ҳаракат қилиб, қолганларга қўшилишиб кулди.

–Йигитларинг тайёр турсин, – деди кечки овқат ниҳоясига етганидан кейин Босс Чувалчангни ёнига чақириб, – разбор бор.

Чувалчанг "хўп", деди бошини қимирлатиб, кейин гапнинг давомини эшитиш учун тикилиб тураверди.

– Бургут ҳам қатнашсин.

– Бироз ёшлик қилмайдими? – деди Чувалчанг.

– Йўқ. Ёшлиги қолмаган. Индамасанг, хом бўп қолади. Кобранинг ҳар бир ҳаракатини, одамлари нима иш қилаётганлигини кузатиб туринглар… Яқин кунларда бу ерга эга бўлсанг ажабмас, – деди Босс чуқур нафас олиб.

Босснинг сўнгги гапи Чувалчангни хурсанд қилиб юборди. Лекин бирдан хурсандлигини сездириш аҳмоқликдан ўзга нарса эмаслигини у яхши билар эди.

– Босс, – деди у ўзини ғамгин кўрсатиб, – бу ернинг эгаси сизсиз. Уни сиздан ортиқ ҳеч ким бошқаролмайди.

– Ҳамма нарса вақтида бўлгани маъқул. Менинг ёшим анча ўтиб қолди. Энди тинчгина яшамоқчиман.

– Ташқари-чи? – дея сўради чувалчанг, бу гап унинг оғзидан бехосдан чиқиб кетди.

Бироқ бунақа сўровдан Босс оғринмади.

–Ташқарининг хўжайини ҳали номаълум. Лекин ким бўлишидан қатъий назар, у бегона бўлмайди. Мана шу ерда ўтирган биродарларга ёрдам берадиган, бу ердагиларнинг гапини икки қилмайдиган одам тайинланади. Бўпти, бор, ҳозироқ ишга кириш, қолган гапларни кейин гаплашамиз.

Босс атай кимнинг номзоди синовдан ўтаётганлигини айтмади. Айтадиган бўлса, Чувалчангнинг феъли айниб кетиши аниқ эди. Чунки Чувалчангнинг нияти маълум. У худди Босс каби ҳамма жойга эга чиқишни анчадан бери мўлжаллаб юрган эди.

Шу куни Фаррух илк маротаба ором олиб ухлади. Ҳеч ким уни безовта қилмади. Ўзиям роса уйқуга тўйиб уйғонгач, ювиниб қайтаётганида Чувалчанг уни тўхтатди.

– Бугун бир-иккита иш қиламиз, – деди Чувалчанг кўзи ўйнаб. – Ишни сен бошлаб беришинг керак. Босснинг буйруғи шундай.

– Нима иш қилишим керак? – дея қулоғини динг қилди Фаррух.

– Манавини ол, – дея унинг қўлига пичоқ тутқазди Чувалчанг. – Эрталабки сайр пайтида Илонни гумдон қиласан.

Бургутнинг ранги оқариб кетди. У ҳатто кутилмаган гапдан бирдан довдираб қолди.

– Қўрқма, – деди Чувалчанг, – бир ўзинг бўлмайсан, сенга йигитлар ёрдам беришади. Асосийси – ўзингни йўқотиб қўйма. Яна бир нарса, сени Кобра азоблаган, агар мен унга халақит бермаганимда бошқа нарса қилиши ҳам мумкин эди. Шундай экан, сен ҳам ўчингни олишинг, ҳам менинг олдимдаги қарзингдан қутулишинг керак. Бундан ташқари, бу иш жиддий синов эканлиги ҳам эсингдан чиқмаслиги лозим.

"Мурувватлар бекорга эмас экан-да. Бор-йўғи раиснинг бошини ёриб қўйганлигим учун беш йил беришганди. Одам ўлдирсам умрим шу ерда чириса керак", дея ўйлади Фаррух. Бироқ Босснинг буйруғини бажаришдан бошқа иложи йўқ эди. Унинг гапини икки қилиш эртага нима оқибатларга олиб келишини йигит яхши англаб етганди. Шу боисдан Чувалчангга: "Хўп, бажараман", деди-ю, аммо ичидан зил кетди.

Бургутнинг нонушта пайти ҳаяжонланаётганлигини Босс сезмасдан қолмади.

– Нима бўлди сенга? – дея сўради у паст овозда.

– Билмадим, – деди Фаррух ростига кўчиб, – титраб кетаяпман.

– Сен эркаксан. Шу номни оқлашинг керак. Ҳеч қанақанги қалтирашлар, ҳаяжонланишлар баҳона бўлолмайди. Уқдингми? – деди Босс бироз жаҳли чиқиб.

Бургут "ҳа" дегандек бош силкиди.

Нонушта тугагандан сўнг соқчилар ҳаммани сайрга олиб чиқишди. Фаррух ташқарида Кобрани кўрди. У иккита йигити билан сигарета чекканча турар эди. Улардан бе-рироқда эса Босснинг одамлари айланиб юришарди. Фаррух вақт етиб келганлигини сезди ва чўнтагидаги пичоқ дастасини маҳкам ушлаганча Кобрага яқинлаша бошлади.

Бургут билан Кобра орасидаги масофа тобора қисқариб борарди. Ҳаяжонланиб кетган Фаррух атрофни кўрмасди. Назарида, бу ерда Кобра иккисидан бўлак ҳеч ким йўқдай эди. Гўё юксакда, самода бир бургут қанотларини кенг ёзиб, пастда ўрмалаётган илонни мўлжалга олаяпти, холос.

Атроф саҳро, зоғ йўқ. Ҳозир бургут пастлайди-ю, илонга чанг солади. Кейин осмонга кўтариб кетади. Бургут илонни емайди. Баландликдан тоғу тошлар устига ташлаб юборади. Шу билан илоннинг куни битади…

Фаррух Кобранинг ёнига яқинлашаётганида ўзини худди шундай кайфиятда тутишга уринди. Аммо Кобра ҳам анойи эмасди, ёвнинг қаҳр-ғазабга тўлиб ўзи томонга келаётганлигини кўрди-да:

– Анави овсарнинг келиши бежоми? – деди. Йигитлар Кобранинг гапидан сергакланиб, бирдан ортларига қарашди. Дарҳақиқат, Фаррухнинг кўриниши бошқача эди. Унинг важоҳатли қиёфасидан нияти шундоққина кўриниб турарди. Шу боисдан ҳам Бургут мақсадга етишига бор-йўғи икки қадам қолганида икки маҳбус унинг икки томонидан ушлаб, тўхтатиб қолишди. Бу Босснинг йигитлари эди.

– Ҳовлиқма, – деди йигитлардан бири унга.

Худди шу пайт Кобранинг одамлари Фаррухнинг нима мақсадда келаётганлигини билиш мақсадида уларнинг ёнига келишди. Натижада, Кобра қаровсиз қолиб кетди. Бундай қулай вазиятдан фойдаланган Босснинг учинчи йигити яшин тезлигида Кобранинг бўйнига пичоқ тортиб юборди-да, шу заҳоти Бургутни ушлаб турганлар ёнига келиб олди. Нима содир бўлаётганини тушуниб етишга улгурмаган Кобра бўйнини ушлаганча нафаси ҳам чиқмасдан, кўзлари чақчайганча бироз турди-да, сўнг юзи билан гурсиллаб қулаб тушди. Фаррух билан овора бўлиб турганлар бирданига овоз келган томонга қарашди. Кобранинг икки йигити унга нима бўлганлигини билиш учун югуриб келишди-да, Кобрани турғазмоқчи бўлишганла-рида унинг бўйнидан оқаётган қонни кўриб, даҳшатдан бақириб юборишди. Шу атрофда юрган маҳбусларнинг бари шу томонга шошишди. Ҳамма нарса худди ўзи режалаштирганидай якун топганлигидан мамнун бўлган Босс ҳам бир зумда қиёфасига қайғули тус бериб Кобранинг тепасига келди. "Ўйнашмаганингда, балки яна бир-икки кун яшашинг мумкин эди. Лекин ўзинг буни истамадинг. Начора, ажалингни эртароқ чақиришга тўғри келди. Лекин нима бўлгандаям жойинг жаннатда бўлсин. Гунохларингни худонинг ўзи кечирсин", дея хаёлидан ўтказди у.

Шу пайт шовқин-сурон кўтарганча пайдо бўлган соқчилар маҳкумларни қўлларидаги резина таёқ билан савалаганча бошқа томонга ҳайдаб солишди. Бир зумда қамоқхона бошлиғи ҳам пайдо бўлди. У алам билан Кобранинг чақчайган кўзини юмиб қўяркан, беш-олти қадам нарига сафлантирилган маҳбусларга қаради.

– Кимнинг иши?! – дея бўкирди бошлиқ ўрнидан туриб маҳбуслар томон яқинлашаркан.

Ҳамма жим, ҳамма бирдек бошини эгиб турар эди. Фақат Боссгина бошқалардан фарқли ўлароқ, қаддини ғоз тутиб турарди. Маҳбусларга ниҳоятда ғазаб билан тикилиб келаётган Эдуард Анисимович унинг рўпарасига келганида тўхтади. Уларнинг нигоҳлари тўқнаш келди. Босснинг кўзидан ўт чақнар эди.

– Ҳамма камерага тиқилсин! – дея буйруқ берди қамоқхона бошлиғи Боссдан кўзини узмаган ҳолда.

Соқчилар бирданига ишга тушиб кетишди, – Сен, – деди Боссни тўхтатиб Эдуард Анисимович, – менинг хонамга!

* * *

– Нега? – деди қамоқхона бошлиғи ўзининг кабинетида Босс билан ёлғиз қолишганларидан сўнг деразадан ташқарига қараб турар экан.

– Менинг хабарим йўқ, – деди Босс пешонасини қашиб.

– Уни ўлдиришга сендан бошқа ҳеч кимнинг ҳадди сиғмайди. Буни, керак бўлса, турманинг итиям билади, – деди Эдуард Анисимович ҳамон ташқаридан кўзини узмай.

– Демак, турма итининг ҳеч нарсадан хабари йўқ экан-да, – дея мийиғида кулди Босс.

Унинг гапи қамоқхона бошлиғининг жаҳлини чиқариб юборди. Бошлиқ ғазаб билан лабини тишлади-да, Босс томонга ўгирилди.

– Ҳаддингдан ошиб кетмаяпсанми?

– Мен ўзгармайдиган одамман. Ўлсам, балки ўзгариб қоларман.

– Шунақага ўхшайди, – деб қамоқхона бошлиги соқчини чақириб, Боссни олиб кетишни буюрди.

Ўзи эса столга ўтириб бошиии кафтлари орасига олди. Қамоқхонадан кетма-кет учта ўлик чиқиши унинг обрўсига анча путур етказар эди. Биринчи иккитасини-ку, биров сўрамайди. Лекин Кобра масаласи унинг бошига кўпгина ташвишлар олиб келиши турган гап. Айииқса, амалдор хабар топиб қолса…

У нима қилишини билмай анча вақт ўйланиб турди. Сўнг хаёлига Чувалчанг келиб қолди. Қамоқхона бошлиғи Чувалчангнинг Боссга қарашли эканлигини яхши биларди. Бироқ икки-уч марта гаплашганида унинг гапга кириши мумкинлигини билиб қолганди. "Агар, – дея ўйлади у, – Боссга қарши Чувалчангни ишлатсам, натижа берармикин? Ҳартугул, у Босснииг ҳамма икир-чикиридан хабардор-ку. Лекин шундай қилиш керакки, иш хамирдан қил суғургандай бўлсин". Хаёлидаги ўйи кунглини бироз равшан қилган эса-да, барибир юрагида пайдо бўлган қўрқув уни тарк этмади. Амалдорнинг сиймоси эса унинг хаёлига буткул муҳрланиб қолди.

Аммо қамоқчона бошлиғи ўйлагандай амалдор бешолтн кундан кейин эмас, худди шу кунниш ўзидаёқ Кобранинг ўлимидан хабар топди. Моҳирўйнинг йўқолпб қолганидан ғамга кўмилиб ўтирган Турғун Ғаниевнч совуқ хабарни эшитди-ю, йиглаб юборай деди.

– Кимнинг ҳадди сиғибди бундай қилишга?! – дея бўкирди у қамоқхонага озиқ-овқат ташийдиган ҳайдовчи йигитга. – Кимнинг?!

– Айтишларича, бунда Босснинг қўли бор эмиш, – деди ҳайдовчи йигит бироз қўрқув билан.

– Ни-ма?! Босс?! У қандай қилиб у ерга тушиб қолди? Ўтган сафар мен уни иккинчи марта у турмага қамамаларинг дегандим-ку, падарингга лаънатлар!

Бу саволга ҳайдовчи йигит жавоб беролмасди. Шу боисдан ҳам бошини эгганча тураверди. Амалдор бирор уч дақиқа оғзига келган гап билан Боссдан тортиб уни айнан шу қамоқхонага қамаган терговчи-ю судьягача сўкиб чиққанидан кейин, телефон ёнига борди-да, рақам терди. Аксига олиб, у томондан гўшакнинг кўтарилиши ҳам чўзилиб кетди. Бундан амалдор баттар тутаб кетди. Ниҳоят гўшак кўтарилди. Шу ондаёқ Турғун Ғаниевич у билан алоқа боғлаган одамни онасидан олиб сўка кетди. Бу сафар ҳам унинг сўкинишлари мўлжалга етиб бормади. Гўшакни кўтарган одам аёл киши экан. Амалдор озгина муддат сўкишдан тўхтаган эди ҳамки, аёл қарғиш бўронини ёғдириб юборди. Бундан мулзам бўлиб қолган Турғун Ғаниевич бирдан гўшакни жойига қўйишга мажбур бўлди. Сўнг телефон кўзгусидаги (у пайтларда камдан-кам одамда терган рақамини кўрсатадиган тугмачали телефон бўлар эди) рақамга қаради. У рақам теришда адашган эди. Яъни, бешнинг ўрнига тўртни териб қўйганди. Буни кўриб яна бир марта, энди шунақа телефон ишлаб чиққанларнинг қариндош-уруғларини "сийлади" ва рақамларни бошқатдан терди. Эндиги сафар ўзи кутган одам гўшакни кўтарди. Кўтарди-ю, балога қолди. Амалдор хуморидан чиқиб бўлганидан кейиигина ундан Босснинг қандай қилиб ўзининг тасарруфидаги қамоқхонага тушиб қолганлигини сўради.

– Англашилмовчилик бўлган. Тезда тўғрилаймиз, – деди симнинг нариги учидаги одам ранг-қути ўчиб.

– Тўғрилашингни … тиқ, сайил ўтиб бўлди! – дея амалдор гўшакни ирғитиб юборди.

Сўнг боядан бери қоққан қозиқдай қимирламасдан турган ҳайдовчига тезда универмаг бошлиғини топиб келишни буюрди. Бечора "почтачи" осон қутулганига шукр қилиб, қуюндай учиб чиқиб кетди.

Амалдорнинг узоқроқ қариндоши ҳисобланмиш универмаг директори – Бахтиёр Турғун Ғаниевичдан роппароса беш ёш кичик эди. Амалдор ёлғиз шунгагина катта мурувват кўрсатганди. Яъниким, Бахтиёр унинг уйига меҳмонга келганида, амалдор унинг кўзи ёниб туришини, бўлар-бўлмас гапларни гапиравермаслигини кўриб, ҳавас қилиб аввал кичикроқ бир дўконга, гарчи қўлида ҳеч қанақанги техникум ёки институтни битирганлик тўғрисида ҳужжати бўлмаса-да, сотувчи қилиб ўтказиб қўйди. Натижа ёмон бўлмади. Бахтиёр елиб-югуриб ишлади. Шундан кейин унга бир-иккита нозикроқ ишларни буюриб кўрди. Буям кўнгилдагидек уддаланди. Бироқ амалдор бу билан қаноат ҳосил қилмай, ўзига садоқатли бўлган, икки-уч мартадан қамоқдан олиб қолган тўртта ашаддий каллакесар йигитни унинг ихтиёрига топшириб кўрди. Бахтиёр улардан ҳеч бир қўрқмасдан тўғри келган ишни қилдиришнинг эпини топди. Шундан сўнггина амалдор қариндошига институт дипломини олиб бериб, ўзини универмагга директор лавозимига ўтказиб қўйди. Мана шунгаям неча йил бўлибдики, Бахтиёр оқибатни унутмасдан унинг хизматида, атрофига тўплаган йигитлари эса йигирмадан ошиб қолган.

– Ака, нима ташвиш? – деди Бахтиёр дарвозадан кириши билан ҳали сўрашмасдан бурун.

Унинг бундай шошма-шошарлиги амалдорга оғир ботди. Амалдор шогирди ҳовлиқмалик касалини юқтириб олганлигини сезди. Сезди-ю, лекин индамади. Индайдиган аҳволда эмасди.

– Ишларинг яхшими? – дея сўради амалдор Бахтиёрнинг гапига жавоб бермасдан.

– Ишлар ҳаммаси яхши-ю, лекин Моҳирўйнинг топилиши бироз қийин кечаяпти. Йигитларим бугун кун бўйи қидиришди, аммо натижа йўқ, – деди Бахтиёр афсус билан бошини чайқаб.

– Бўп қолар, – деди Турғун Ғаниевич хўрсиниб. –Бу ёқда унданам ёмони чиқиб турибди.

– Қанақа ёмон нарса бор экан яна? – деди Бахтиёр амалдордан кўзини узмай.

– Кобрани ўлдириб кетишибди.

– Йўғ-э, – деди бирдан кўзлари олайиб кетган Бахтиёр.

– Афсуски, шундай.

– Кимлиги ҳали маълум эмасми?

– Босс.

– Ит, – деб юборди Бахтиёр бехосдан. – Эдуарднинг кўзи қайси гўрда экан?

– Буни мен сендан сўрамоқчиман! – дея бақириб юборди амалдор. – Хўш, менга жавоб бер. Ўзинг айтгандай, унинг кўзи қайси гўрда экан?! Сеники-чи?!

Бахтиёр бирдан бошини эгди. Қизаринди.

– Икки кун аввал Эдуард билан гаплашгандим. У ҳамма ишлар жойидалигини айтувди. Кобранинг уддабурон бўлиб кетганлигини ҳам яширмаганди, – деди Бахтиёр ер чизиб.

– Шуми уддабуронлиги? Қаёқдаги чолнинг қўлида итдай ўлиб кетди. Гап бундай: турмага бошқа одам кирит. Ақлли, кейин бақувват бўлсин. Шунча пайтгача аяб келдим. Энди бўлди, ҳамма нарсанинг ҳам чек-чегараси бўлади. Босс ортиқ яшамайди. Унинг итваччалариям. Кейин анави қамоқхона бошлиғининг ҳам суробини тўғрилаб қўй. Уям жонимга тегиб кетган… Яна Моҳирўй масаласиям туя гўшти еб кетмасин.

– Ҳаммаси сиз айтгандай бўлади, хўжайин, ҳозироқ шуғулланишга киришаман, – деб "турсам майлими" дегандек амалдорга қаради Бахтиёр.

– Бор. Эртага натижасини айтасан, – деди амалдор. Бахтиёр шитоб билан уйдан чиқиб кетди.

* * *

Босс ҳар қанча шод бўлмасин, ҳеч қачон буни атрофидагиларга билдирмасди. Шунингдек, бошига ташвиш тушганида ҳам бошқалар назарида у хотиржам эди. У қамоқхона бошлиғининг ёнидан камерага қайтиб келганида, ёнига Чувалчанг келди.

– Ҳаммаси жойида, – деди Босс уиинг нима демоқчилигини олдиндан билиб.

Сўнг атрофга аланглаб Фаррухни қидирди. Бу пайтда Бургут каравотида бошини эгганча ўтирарди. Унинг аҳволини кўрган Босс жилмайди. Ёнидаги Чувалчангни туртиб "унга қара", дегандек ишора қилди. Чувалчанг Босс кўрсатган томонга бирров назар ташлаб, аста шивирлади:

– Ҳали ёш-да, секин-аста пишиб кетади.

– Ёнимга олиб кел, – деди Босс ва каравотига чўзилди.

Бошини ёстиққа қўйганча кўзини юмиб бир текис нафас олаётган Босснинг ёнига келган Бургут ҳеч нарса демасдан унга қараб тураверди.

– Нега жимсан? – деди Босс кўзини очмасдан.

– Сиз менга ишонмадингиз, – деди Фаррух қизариббўзариб.

Унинг гапидан Босс жилмайди ва кўзини очиб аста ўрнидан турди-да, ўтирди.

– Шунақа дегин, оббо сен-э. Биз сенга ишонгандик. Ишончимизни оқладинг. Фақат бироз ёшлик қилиб қўйдинг. Хатойингни ўзинг тушуниб оласан. Мен айтиб ўтирмайман. Умуман, хато кўрсатишни ёмон кўраман, тўғрими? – дея Босс Чувалчангга қаради.

– Бўлмасам-чи, – деди Чувалчанг.

– Сен бунақа сиқилиб ўтирма. Ҳали қилишинг керак бўлган ишларнинг ҳаммаси олдинда. Вақти келади, ҳозирги қилган ишинг ўзингга эриш туйилади, – деди Босс Фаррухга қарата. – Қолаверса, ҳамма нарса энди бошланади. Кобра шунчаки жимгина ўлиб кетавермайди. У ҳали кўп типирчилайди. Ҳар турли усуллар билан ҳар томонингдан ҳамла қилишга уринади. Буларнинг баридан омон-эсон ўтиш керак. Ана ундан кейингина одамга ўхшаб яшайсан. Албатта унгача бошқа илонлар пайдо бўлмаса… Энди бориб дамингни ол. Иккинчи марта бечораларга ўхшаб ўтирганингни кўрмайин.

Бургут кетганидан кейин Босс Чувалчангга юзланди:

– Ҳозир Каламушнинг (Босс қамоқхона бошлиғини ҳар доим шунақа деб атар эди) пайтавасига қурт тушган. Кобранинг ўлими тўғрисидаги хабар узоқларга кетиб қолишидан чўчияпти. Йигитларингга айт, Кобранинг анави икки одамининг оғзини ёпиб қўйишсин. Мен билан сенга ҳеч ким ҳеч нарса деёлмайди. Лекин Бургутни янги билиб, унга ҳужум қилиб қолишлари ҳеч гап эмас.

– Босс, бу ёғидан хавотир олмасангиз ҳам бўлаверади, – деди Чувалчанг ишонч билан.

Шундан кейин Босс унгаям рухсат берди. Чувалчанг ўзининг каравотига етиб келишига улгурмасидан бурун камера эшиги шарақ-шуруқ қилиб очилди-да, кетма-кет олтита соқчи кириб келди. Уларни кўрган маҳкумлар бирдан ўринларидан туришиб, сафланишди.

Биринчи бўлиб кирган соқчи қўлидаги қоғозга қараб маҳкумларнинг фамилиясини ўқий бошлади.

– Исм-фамилияси ўқилганлар, – деди у кейин мийиғида илжайиб, – эшик ёнига қатор бўлинглар.

"Буларам энди итнинг азобини кўради", дея хаёлидан ўтказди Фаррух ўзининг фамилияси ўқилмаганидан хурсанд бўлиб. Чувалчанг эса ўзини нега чақиришганига ҳайрон эди.

Ўн бешта маҳбус беш бўлакка бўлиниб бошқа-бошқа камераларга қамалганидан кейин Эдуард Анисимович уларни биттама-битта чақириб сўроққа тутди. Унинг барча саволларига "кўрмадим, билмадим" қабилидаги жавоблар бўлди. Худди шундай бўлишини қамоқхона бошлиғининг ўзи ҳам билганди. Тайинли жавоб олмагач сўроққа тутилган ўн бешта маҳбуснинг ҳаммаси махсус камераларга киритилиб, номига озгина калтакланди. Бироқ Чувалчангга нисбатан бундай жазо чораси қўлланилмади, унга берилган саволлар ҳам мутлақо бошқача эди.

– Сенинг бу ерда қандай обрўга эга эканлигингни яхши биламан, – деди Эдуард Анисимович одати бўйича деразадан ташқарига қараб тураркан.

– Обрў бизда нима қилсин, гражданин бошлиқ. Бизам бошқалардай озодликка чиқиш кунимиз қачон келаркан, деб кун санаб юрибмиз, – деди Чувалчанг унга жавобан камтарлик билан.

– Озодлик… озодлик… Унгача, адашмасам, сенга яна тўрт йил қолди. Вақтнинг тез ўтишини қара. Ҳаш-паш дегунча ўн бир йил ўтириб қўйибсан-а. Менинг бу ерга келганимга эса бор-йўғи олти йил бўпти.

– Сиз учун тез ўтгандир. Лекин менинг назаримда анча чўзилиб кетди.

– Шунақа дегин. Менда сени бу ердан эртароқ чиқариб юбориш имконияти бор, – дея қамоқхона бошлиғи Чувалчанг томонга ўгирилиб қаради-да, жилмайди.

– Имкониятингиз бўлсаям менга ёрдам бермайсиз, – деб бошини эгди Чувалчанг.

– Нега унақа деб ўйлайсан? Мен сен ўйлаганчалик қаҳри қаттиқ одамлардан эмасман. Одамгарчиликни ҳеч қачон эсимдан чиқариб қўймайман.

– …

– Албатта, буларнинг ҳаммаси бекордан-бекорга бўлмайди. Сиздан угина, биздан бугина деганларидай…

– Нима қилишим керак бунинг учун? – деди Чувалчанг Каламушнинг юзига қараб.

– Бу ерда сенга хизмат қилаётганлар анчагина. Ўшаларнинг хизматидан унумлироқ фойдаланасан, холос. Шунда ўзингам бу ердан чиқиб кетасан. Хотининг, йўлингга ўн бир йилдан бери интизор бўлган аёл – Назокат ҳам қилган жиноятига жавоб бермайди, қамалмайди.

Чувалчанг Каламушнинг сўнгги гапини эшитиб ўрнидан туриб кетди.

– Хотинимнинг нима алоқаси бор бу ишга? У қандай жиноят қилибдики, қамалса? – деди Чувалчанг жаҳлдан дир-дир титраб.

– Мактаб буфетида озмунча қинғирликлар борми? Оддий сомсанинг устига бир тийиндан қўйилса, бир кунда қанча пул ишлаб олиш мумкин деб ўйлайсан? – деди бошлиқ мийиғида кулиб.

Чувалчангнинг қўли мушт бўлиб тугилди. У сўкиб юбормаслик учун тишини тишига босди.

– Бундан ташқари, ўн бир йилдан бери сен қамалиб ётибсан. Назокат ҳам аёл киши, эр кўрган. Табиат қонунларини четлаб ўтиб кетолмайди. Натижада бирорта ўқитувчими ёки мактабдан ташқаридаги бирорта одамми кўзига чўғдай кўриниб кетиши кундай маълум-ку. Оддий ҳақиқатдан кўз юмиб бўларканми…

– Яхшиликча ўчир овозингни! – деди Чувалчанг ортиқ чидаёлмай, бошлиқни сенсираб юбориб. – Мақсадингни айт!

– Ана энди ўзингга келдинг. Тўрт йилинг бўйнингдан олиб ташланади. Эвазига, – дея Эдуард Анисимович Чувалчангнинг кўзига қаттиқ тикилди, – эвазига Боссни жонсиз ҳолда менга совға қиласан. Келишдикми?

Чувалчангнинг бошлиққа қадалган нигоҳи қотиб қолди.

* * *

– Тинчликми? – деди Моҳирўй. – Нега йиғлаяпсиз?

– Ўзим шунчаки. Негадир йиғлагим келди. Ҳозир чақалоқни сизга кўрсатаман. Фақат ошхонадайди, – деди Марҳабо ва онасига қаради. – Ойижон, ҳозир қўшнилардан қуруқ чой олиб чиқаман.

Шу гапдан кейин Моҳирўй бироз ўзига келди. Ҳатто ёмон хаёлга боргани учун ўзини яниб қўйди.

– Сиз ҳечам овора бўлманг, аввал менга чақалоқни кўрсатинг, кейин ўзим бориб бозорлик қилиб келаман. Хўпми? – дея жилмайди Моҳирўй.

Марҳабо унга жавоб бермасдан ерга қаради. Касал ётган аёл эса юзини ўгириб олди. Уларнинг шу даражада ожизлигидан қизнинг ичи эзилиб кетди. Йиғлаб юборишига бир баҳя қолди.

– Юринг, – деди у зўрма-зўраки кулишга ҳаракат қилиб қаршисидаги жувоннинг қўлини ушларкан.

Марҳабо бошини эгган кўйи унга эргашди.

– Вой, бунинг ширинлигини! – деди Моҳирўй ошхонадаги бешикда ухлаб ётган чақалоқни кўриши биланоқ. – Исми нима, опа?

– Исми Орзу, – деди Марҳабо қувончга тўлиб.

– Чиройли ва камдан-кам учрайдиган исм, – дея қиз чўккалаб ўтирди-да, чақалоқнинг юзидан ўпди, сўнг шимининг чўнтагини ковлаб битта беш сўмлик чиқариб, унинг ёстиқчаси тагига тиқиб қўйди.

– Шартамасиди, – деди буни кўрган Марҳабо.

– Нега шарт бўлмаскан, одат, кўрманасини беряпман, холос, – деди Моҳирўй унга қараб жилмаяркан.

– Кўп бердингиз-да.

– Мана шунча бериш керак деган гап борми? Йўқ. Шунинг учун мен билан Орзужонни уришмайсиз. Энди бозор сумкани беринг менга.

– Сизни жудаям овора қилиб қўямиз-да, – деди Марҳабо хижолатдан ўзини қаерга қўярини билмай.

Моҳирўй уни қучоқлади-да, юзидан чўлпиллатиб ўпиб олди:

– Мана бу шу гапингиз учун жазо, – деди ва Марҳабонинг бозор сумка беришига ҳам қараб турмасдан югурганча ташқарига чиқиб кетди.

У Марҳаболар яшайдиган уйдан унча узоқда бўлмаган озиқ-овқат дўконига кирди-да, ёғ, нон, гуруч, гўшт, шакар, новвот, чой ва эҳтиёт юзасидан туз ҳам сотиб олди. Кейин тез-тез юрганча қайтиб келди.

Қизнинг тўлиб-тошиб келганлигини кўрган она-бола уни шунчалик кўзларидан ёшларини оқизиб алқашдики, охири Моҳирўй чидолмасдан йиғлаб юборди.

– Унақа деманглар, илтимос, мен ўзимни бу ерда ортиқча одамдай сезаяпман, – деди у ҳиқиллаб.

Унинг шу гапидан кейингина мақтовлар ниҳояланди. Марҳабо ошхонага ўтиб тезда дастурхонни олиб келди-да, ойисининг ёнига ёзди ва Моҳирўй келтирган нарсаларни унинг устига қўйди.

– Энди, – деди Моҳирўй бир пиёладан чой ичганларидан кейин, – ош дамлаймиз.

– Бўлмасам-чи. Сен келасану, ош қилмаймизми? – деди касал ётган аёл жилмайиб.

Жувон билан қиз ўринларидан туришиб ошхонага ўтишди. Марҳабо боласини бешиги билан бирга кўтариб онасининг олдига олиб келиб қўйди.

Моҳирўй иложи борича шўх, одамни қитиқлайдиган гаплардан гапириб жувонни кулдирар, ўзи ҳам тез-тез қотиб-қотиб кулар эди.

– Вой! – деди у бир маҳал кўзларини катта-катта очиб. – Ҳамма нарсани олибману, сабзи эсимдан чиқибди-ку.

– Одамни қўрқитиб юбордингиз, – деди Марҳабо унинг қилиғидан жилмайиб, – уйда беш дона сабзи бор. Шуни ишлатамиз.

Ош дамланганидан кейин жувон билан қиз худди опасингиллардай олдинма-кейин аёл ётган хонага кириб келишди-да, дастурхон атрофига ўтиришди.

– Шунча бизга ёрдам кўрсатдинг, танишлигимизни ҳисобласак, бир кунга етиб қолади. Лекин ҳалигача исмингни айтмадинг, қизим, – деди аёл.

– Исмим, – деди қиз табассум билан, – Марҳабо опамларникига яқин, Моҳирўй.

– Моҳирўй, – деди-да, аёл унинг кўзига тикилиб қолди. – Менинг иккинчи қизимнинг исми ҳам шундай эди.

Аёлнинг гапидан Моҳирўйнинг юраги безовта уриб кетди. У "Мени ҳам асраб олишган. Буни яқингинада билдим. Балки мен сизнинг ўша иккинчи қизингиздирман", демоқчи бўлди-ю, лекин айтолмади. Нимадир уни шундай дейишдан тўхтатиб қолди.

– Моҳирўйлар кўп, – дея уни ноқулай вазиятдан қутқарди Марҳабо, – лекин шу қиз менинг синглим бўлишини жуда-жуда истардим.

– Қанийди шундай бўлса? – деди аёл ҳам.

– Мен ҳам сизга жон-жон деб қиз бўлардим, – дея Моҳирўй ўрнидан турди. – Гап билан бўлиб ошни эсдан чиқариб қўймайлик.

– Эсим қурсин, – деди аёл, – биз бу ерда туриб, меҳмон хизмат қиладими? Марҳабо, тур, қизим, ўзинг бориб ошдан хабар ол.

Ош мазали чиққан эди.

Ўша куни ярим тунгача Марҳабо билан Моҳирўй гаплашиб ўтиришди. Гаплари айланиб-айланиб муҳаббатга бориб тақалди. Шунда Моҳирўйнинг хаёлига жайдари чўпон йигит Фаррух келди. У ширин энтикди. "Мен ҳақимда озгина бўлсаям ўйлаётганмикин? Қидириб борсам, йигитларнинг орқасидан келган қизлар ориятсиз бўлади, деб қайтариб юбормасмикин?" – дея ўйлади у.

– Жим бўлиб қолдингиз, – деди Моҳирўйнинг хаёлга берилганлигини кўрган Марҳабо.

– Ўзим шунчаки, – деди бирдан уялиб кетган қиз қизариб.

– Йигитингиз борми? Шундай қизни болалар ҳолижонига қўйишмас, – деди Марҳабо жилмайиб.

– Билмасам. Севги изҳор қилганлар кўп-у, лекин нимагадир уларнинг биронтаси ҳам ёқмайди.

– Вақти келса ўзингизга ёқадигани барибир топилади.

– Ўзингиз нега ёқтирмасангиз ҳам тегиб кетавердингиз. Қўрқдингизми?

– Мен-ку, ҳечам қўрққаним йўқ. Лекин ойим юрагини олдириб қўйганди. Шунинг учун менинг кўнмаганимгаям қарамасдан узатиб юборди. Тавба қилдим-у, лекин биласизми, эримнинг қамалиб кетганидан хурсандман. Агар ўша ёқлардан қайтиб келмаса янаям яхши.

– Мен сизни тушунаман, – деди Моҳирўй бошини эгиб, – ўрнингизда бўлганимдаям шунақа деган бўлардим.

– Қўйинг, унақа деманг. Илойим сизнинг бошингизга ундай кунлар тушмасин… Энди ухлаймиз, сизам куни билан чарчагансиз, менам бола уйғонмасидан мизғиб олишим керак. Ўзи ҳар куни шу пайти менинг кунимни кўрсатарди. Болам бечора тўймаётган бўлса керак-да. Ҳозир бўлса пишиллаб ухлаб ётибди.

Моҳирўй кулиб қўйди.

Чироқ ўчганидан кейин бироз вақт ўтгач, Марҳабонинг пишиллаб ухлаётгани эшитилди. Аммо Моҳирўй ухлай олмади. Уни эртанги кун муаммоси қийнар эди. "Агар, – дея ўйлар эди у, – эртага бу ердан кетмасам булар хар хил хаёлларга бориши мумкин. Кейин ҳамма айтган ёлғонларим ошкор бўлиб қолади… Аммо бошқа борадиган жойим ҳам йўқ-да. Кимнинг эшигига бориб менга жой беринг деб ялинаман? Худо кўрсатмасин, бирорта кўзи ўйнаган эркакка дуч келиб қолсам борми, шўрим қурийди. Ундан кейин дадамнинг одамлариям изғишга тушиб кетган бўлишса керак. Ушлаб олиб уйга қайтариб олиб боришса, мени тириклайин ерга кўмса керак дадам… "Уйимни ремонт қилишаяпти, шунга сизларникида бир-икки кун турсам майлими", деб булардан сўрасам йўқ дейишмас. Шундай қилсам буларгаям яхши бўлади. Озиқ-овқат билан таъминлайман". Шу ўй кўнглини хотиржам қилган қиз уйқуга кетди.

Эртасига эрталаб Моҳирўй кечаси ўйлаб қўйган гапларини айтди. Бундан она-бола хурсанд бўлиб кетишди.

– Уйимиз тор бўлсаям кўнглимиз кенг, икки-уч кун нима деган гап, ойлаб турсанг ҳам майли, қизим. – деди аёл юзига табассум югуриб.

Шу-шу Моҳирўй бир ҳафта мобайнида уларникида турди. Уйидан олиб чиққан юз сўм пули ҳам яримлаб қолди. Тезда пул топиш чорасини кўрмаса бўлмасди. Шу боисдан у ҳеч кимга билдирмасдан иш излаб кўрди. Аммо беш-олтита боғчага бориб мудираларга учраганида, улар диплом сўрашди. Қора меҳнат қилишни эса қиз тасаввурига сиғдиролмасди. Охири бўлмади, хаёлидагини Марҳабога ойисига айтиб қўймаслик шарти билан тўкиб солди. Марҳабо узоқ ўйланиб қолди. Сўнг:

– Ўзимниям ишлаш мўлжалим бор. Бу аҳволда узоқ яшаб бўлмайди. Айниқса сиздай студент қизнинг пулини ишлатаётганимиздан уялиб юрибман, – деди.

– Йўқ, – деди бирдан Моҳирўй, – мен сизларга пул бераётганимдан ҳечам оғринганим йўқ. Шунчаки, бекор юргим келмаяпти. Ўқишимизнинг бошланишига ҳали анча вақт бор. Ота-онамникига борганим билан барибир зерикиб қоламан. Шунинг учун ишламоқчиман. Ўзим бир пул топиб кўрайин-чи, қанақа бўларкан.

– Унда, – деди Марҳабо пешонасини тириштириб, – битта жойда иш бор-у, лекин у сизга мос келмаса керак, деб ўйлайман-да.

– Ишқилиб, қурилиш-пурилишда ғишт-пишт ташимайманми? – деди Моҳирўй жилмайиб.

– Қурилишмас, – деди Марҳабо бирдан кулиб юбориб, – ошхонада идиш-товоқ ювиш керак. Ошхона бошлиғиям аёл киши.

– Нима бўпти, ишлайвераман, – деди Моҳирўй қора ишдан бошқаси топилмаскан-да, деган қарорга келиб.

– Майли, – деди Марҳабо бироз жиддий тортиб, – ишлаш ниятингиз бор экан, ишланг. Эртага ўзим олиб бориб қўяман. Туғмасимдан олдин у ерга битта дугонам ишга ўтувди. Менгаям таклиф қилганди-ю, лекин имкониятим бўлмаганлиги учун бормагандим. Балки ўша ўрин ҳалиям тургандир.


Қошлари бошмалдоқдай келадиган, бўйи узун, семириб кетганидан пишиллаб нафас оладиган, икки юзи қип-қизил ошхона бошлиғи бир қарашдаёқ жаҳлдор аёллигини намойиш этар эди. Уни кўриши билан Мохирўйнинг эти жимирлаб кетди.

Бошлиқ аёл Моҳирўйдан мақсадини эринибгина эшитганидан кейин:

– Юриш-туришингдан кўчадаги қизларга ўхшайсан, – деди дўрилдоқ овозда.

Унинг гапидан Моҳирўй қизариб кетди.

– Унақамас, – деди бирданига Марҳабо, – роса эслиҳушли қиз, ҳамма айтганингизни қилади.

– Сиз, ойимча, менга ақл ўргатманг. Мен одамларни бир кўришдаёқ билиб оламан… Хўш, бир ҳафта ишлатаман. Ишинг менга ёқса олиб қоламан. Бўлмаса, шу ишлаган кунларинггаям бир тийин бермасдан орқангга тепаман, – деди ошхона бошлиғи. – Менга такасалтанглар етади.

У шу гапни айтиб бўлиши билан эгнига бўлиқ кўкракларининг ярмини бемалол кўз-кўз қиладиган юпқа материалдан тикилган кофта ва калта юбка кийган, бўйнига ҳар хил занжирларни осиб олган, сочлари алламбало қилиб ташланган, юзига ҳар хил бўёқ чапланган қиз кириб келди-да:

– Ўзимнинг мамашкамдан, – дея ошхона бошлиғининг лўппи юзидан чўлпиллатиб ўпди.

– Нодира, қизим, қаерларда юрибсан? Кечаси билан уйга келмадинг. Хавотирланганимдан юрагим ёрилаёзди, – деди аёл бирдан юмшаб.

– Мамаша, биласиз-ку, зайнит эдим, – дея танноз қиз Моҳирўйга қаради. – Бунча чиройли қиз бу, мамаша! Буни қаёқдан топиб олдингиз?

– Мен топганим йўқ, ўзлари келишган.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации