Электронная библиотека » Нуриддин Исмоилов » » онлайн чтение - страница 11


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 19:00


Текущая страница: 11 (всего у книги 21 страниц)

Шрифт:
- 100% +

– Кимлар бизнинг биродарларимиз? – дея сўради Бургут ҳайрон бўлиб.

– Бошқа қамоқхоналарнинг авторитетлари, – дея унга жавоб қилди Мироб.

– Унда тезлаштирайлик.

Миробнинг буйруғи билан маҳбуслардан бири қоғоз олиб келди. Иккинчиси эшикни тепиб соқчини чақирди-да, ўзига сут кераклигини айтди.

Бироз ўтиб, ҳамма нарса тайёр бўлганидан кейин, Мироб чўпни сутга ботирди-да, Босснинг қандай қилиб ўлдирилганлигини ва бу хабарни тезда марказга етказиш шартлигини ёзди. Хатнинг устидан эса маскировка сифатида аёлнинг исми ва бошқа севги-муҳаббат сўзлари ручкада ёзилди. Бундай мактубдан беш нусхада тайёрланганидан кейин яна соқчи чақирилиб, мактуб унга берилди.

– Қамоқхонада шовқин қилингани билан ҳеч нарсага эришиб бўлмаса керак. Қайтанга қоровуллик кучайтирилади. Менимча, яхшиси Каламушнинг ўзини тинчитиб қўйган маъқул.

Бургутнинг бу гапидан кейин Мироб унга қараб илжайди. Зотан бир пайтлар Шер худди шундай қарорга келган эди. "Ажабмас, бир кун келиб буям Шердайин ташқаринию ичкарини бирдай идора қилса", дея хаёлидан ўтказди у.

– Ўрнига бошқаси келади-ку, барибир, – деди Мироб Фаррухни яна бир марта синаш мақсадида.

– Униси Каламушнинг маҳбуслар билан келишмаганлиги оқибати нималарга олиб келганлигини билади ва биз билан алоқани яхшилашга ҳаракат қилади, – деди Бургут бир нуқтага тикилиб.

Мироб бош ирғади.

– Майли, шундай қилиб кўрайлик, балки айтганингдай бўлар.

* * *

Босснинг жасади маҳбусларга кўрсатилмади. Улар ҳатто мурдани нима қилишганини ҳам билишмади. Ёлғиз топган хабарлари – мурда моргга олиб кетилган. Чавакланганми ёки ҳеч кими йўқ экан деб кўмиб ташланганми, у ёғи қоронғи эди. Худди шунинг учун кенг миқёсдаги жанжал бошланиб кетди. Авторитетларнинг одати бўйича, ўзига ўхшаганлардан биронтаси қазо қиладиган бўлса (у хоҳ Италияда, хоҳ Америкада бўлсин), албатта унга нисбатан иззат-икром кўрсатилиши, ҳурмат билан қабрга қўйилиши шарт эди. Россия қамоқхоналарининг "лидер"лари Босснинг ўлганлиги хабарини эшитиши билан Каламушга қўнғироқ қилишди.

– Асли новосибирсклик экансан. Онанг шу ерда туғилган, эрга тегмасидан бурун учта жуҳуднинг эрмаги бўлган, улардан биттаси онангни етаклаб, сен ҳозир ғўддайиб юрган жойга олиб борган. Кейин сен ҳеч бир никоҳсиз туғилгансан. Шунинг учуи қилаётган ишларинг жуҳудникигаям, русникигаям ўхшамайди. Қисқаси, иккита боланг сенга ортиқчалик қилибди. Эртага ишга чиқолмайсан. Чунки уйингда мотам бўлади. Иккала болангни хотинингга қўшиб кўмиб келишинг керак-да. Сенинг ўзингга эса навбат сал кечроқ тегади. Қилғиликни қилганингдан кейин бирдан ўлиб қолсанг адолатга тўғри келмайди, – деди улардан бири.

Бу гапларни эшитган қамоқхона бошлиғи устидан биров бир челак сув қуйиб юборгандай музлаб кетди. У аллақачон ту-тулаб қолган гўшакни жойига қўймасдан кўзи олайиб, ўрнидан турди ва эшик томонга бемақсад кетаётганида стол устида турган телефон тарақтаб пастга тушиб кетди. Бундан Эдуард Анисимовичнинг сал бўлмаса юраги ёрилаёзди. У қалтираган кўйи телефонни жойига қўйди-да, шкафга илинган костюмини ҳам олмасдан ташқарига чиқди. Уни кўрган соқчи ҳайрон бўлди. Хўжайинининг костюмсиз чиқиб кетаётганлигини айтмоққа оғиз жуфтлади-ю, лекин Каламушнинг авзойини кўриб, гапирмай қўя қолди. Йўлакда кетаётган Каламуш аввал бўйинбоғини бироз бўшатди. Сўнг барибир бўғилиб кетаётганидан ечиб ерга отиб юборди-да, йўлида давом этди. Бинодан чиқиб, икки томони тиканли симлар билан ўралган йўлакчадан кетиб борар экан, Россиянинг қайсидир бурчагидан қўнғироқ қилиб пўписа қилган одамнинг гаплари хаёлида акс-садо бера бошлади. Бунга сайин у баттар сиқилиб кетди. Кўзига жондан азиз фарзандлари кўринар, улар қонига беланиб, "Дада!" дея нола қилишганча у томонга қўлларини чўзаётгандай туюлаверар эди. "Йўқ, – деди у ўзига ўзи гапириб, – мен сизларни бериб қўймайман. Ўлсам ўламан, лекин сизларнинг бошингиздан биронта тола сочингиз тўкилмайди. Етар, ҳаммасига чидаб келдим. Майли, мени отиб юборишсин. Қийноқларга солишсин. Аммо болаларим озор чекмайди".

Биринчи, иккинчи кузатув пунктидан у ранги оқариб, ўзига-ўзи гапириб ўтди. Бу ердаги соқчилар ҳам ундан ҳол сўрамоқчи бўлишди. Лекин авзойини кўриб тил тишлашди. Бироқ охирги асосий кузатув пунктидагилар мум тишлагандай туришмади.

– Ўртоқ подполковник, биронта ёрдам керак эмасми? – деди уч соқчидан бири.

Каламуш унга ўқрайиб қаради-да, ташқарига чиқиб кетди.

– Хўжайиннинг авзойи бузуққа ўхшайди, орқасидан кузатиб бориш керак, – деди соқчи ёнидаги шеригига.

– Постни ташлаб қаёққа ҳам борардинг? Ортидан бориб балога қолиб кетмайлик тағин. Яхшиси, тинчгина шу ерда ўтирганимиз маъқул, – деди унга жавобан иккинчи соқчи.

Эдуард Анисимович қамоқхонадан унчалик узоққа кетолмади. Аввалига юраги сиқди, кейин боши айланди. У тўхтаб, осмонга қаради. Чуқур нафас олмоқчи бўлиб оғзини очганча ҳавони ичига ютмоқчи бўлди. Аммо кўзгаям кўринмайдиган ўта майда кислород зарраларига томоғининг тешиклари торлик қилди. У қанчалик нафас олишга уринмасин, барибир уддасидан чиқолмади. "Наҳотки, бир ютум ҳаво ютиш қўлимдан келмайди?! Вақтида тоғдай нарсаларни ютиб, ҳал қилиб юборганман-ку", дея хаёлидан ўтказиб, бор кучини тўплади-да, нафас олишга ҳаракат қилди, бироқ эплаёлмади. Шундан кейин "Ёрдам беринглар!" дея бақирмоқчи бўлганида овози ҳам чиқмади. У бутунлай таҳликада қолиб кетди. Ортига бурилиб соқчиларга қарамоқчи бўлди-ю, лекин шунгаям чоғи келмай, гурсиллаб ерга йиқилди. Кўз ўнгини қалин туман қоплади. Бироз типирчилаб ётганидан кейин эса ёнида бир-биридан қўрқинчли иккита махлуқ пайдо бўлганини кўрди. Каламуш уларни кўрган заҳоти эсхонаси чиқиб кетди. "Керакмас, ҳали вақт бор. Мени тинч қўйинглар!" – дея уларга қарата бақирди. Бироқ махлуқлар унинг гапига эътибор ҳам бериб ўтиришмади. Бири унинг ёнига келди-да, жонини суғуриб ола бошлади. Суғурганда ҳам азоблаб, ҳар-ҳар замонда жон чиқишини тўхтатиб, бир ўпкасига ҳаво бериб, бир ўпкани насибасиз қолдириб, ўзининг кўриниши қўрқинчлидан қўрқинчлига айланиб, омонатни тортиб олди. Бу пайтда соқчилар Эдуард Анисимовичнинг йиқилганини кўришган, югуриб келишиб, уни ердан кўтаришиб қамоқхона биноси томонга олиб кетишаётган эдилар…

Каламушнинг бирдан жон бериши ҳаммани бирдек анг-танг қилиб қўйди. Ҳар ким унинг ўлими сабабини ўзича изоҳлар, ҳатто айримлар уни заҳарлангангаям чиқариб қўйишганди. Биргина Миробнинг Бургутга айтган башорати ҳақиқатга яқин келди.

– Ҳойнаҳой, юраги ёрилиб ўлган бўлса керак. Босс авлиё одам эди. Авлиёларга қўл теккизиб бўлмайди.

– Уям бизга ўхшаб жиноят қилган-ку, – деди Бургут Миробга эътироз билдириб.

– Яхшиям Босс ўзининг ўрнига сени қўйиб кетди. Бўлмаса бунақа аҳволингда ҳатто менинг ҳам яқинимга келолмаган бўлардинг. Буни шунчаки сенинг бахтинг борлигига йўйиш мумкин, холос. Босс масаласига келсак, у худди сен каби бегуноҳдан бегуноҳ қамалиб қолган. Кейин худди мана шу жойда бошқалар тили билан айтиладиган жиноятчига айланган. Лекин у ниҳоятда адолатли, олдиндан одамларнинг қандайлигини кўра биладиган, яхши билан ёмонни фарқлаёладиган психолог эди. У қанчадан-қанча бегуноҳ одамларни жазодан олиб қолди. Қанча одамга яшаши учун имконият яратиб берди. Булар кўпчиликнинг қўлидан келадиган иш эмас эди. Эҳтимол шунинг учун ҳам жуда кенг миқёсда обрў қозонди. Ишқилиб, жойи жаннатда бўлсин… Сен энди, болакай, унинг ишини давом этказишинг керак. Бундай имконият ҳеч кимда бўлмаган. Агарда ҳозир бирозгина бўшлик қилиб қўйсанг, албатта, ўрнингни олиб қўядиганлар топилади. Лекин ундан кейин жуда кўп қон тўкилиши ҳеч гап эмас.

Мана, сенинг келганингга қанча бўлди? Озгина муддат. Тўғрими? Лекин шу қисқа фурсат ичида қанча одам ўлиб кетди. Бу, биласанми, нимадан далолат? Фасл алмашинишидан. Одатда, ҳар доим бир фаслдан иккинчисига ўтилганида, албатта нимадир рўй беради. Йўқса, сен келгунингга қадар бир йил мобайнида ҳеч кимнинг жасадини олиб кетишмаса-ю, келишинг билан олти киши ўлса… Тасаввур қилаяпсанми ўзинг? – дея Мироб Бургутнинг кўзига тик қаради.

– Демак, мен айбдор эканман-да ҳаммасига, – деди Фаррух жаҳли чиқиб.

– Йўқ, сени ҳеч ким айбдор демаяпти. Ҳаёт қонуни ўзи шунақа… Сенинг давринг келди. Ана, бошқар. Хоҳласанг, менинг маслаҳатимни ол. Хоҳламасанг, каллангни ишлат. Лекин нима бўлган тақдирдаям бошбошдоқликка йўл қўйма.

– Ҳали мен ёшман, – дея бирдан тан олди Фаррух, – ўзингиз ёрдам бериб турмасангиз, қийналиб қоламан.

Орадан бир ҳафта ўтди. Соқчиларнинг кўпайиб кетганлиги, маҳбусларнинг тез-тез терговга чақирилишини инобатга олмаганда, қамоқхонадаги кескин вазият бироз юмшади.

* * *

Амалдорга Каламушнинг кутилмаганда ўлиб қолиши катта зарба бўлди. У "янгилик"ни топиб келган Бахтиёрга тикилганча қотиб қолди. "Нималар бўлаяпти ўзи, ҳали бир томонини жой-жойига қўймасимдан бошқа ёқдан муаммо чиқади? Қачонгача бундай ҳол давом этиши мумкин?" – дея хаёлидан ўтказди у.

– Бахтиёр, – деди у босиқлик билан, – Эдуард Анисимовичдан айрилишимиз, албатта, бизга каттагина йўқотиш. Лекин биз бундан таҳликага тушиб қолмаслигимиз лозим. Ҳозир сен унинг ўрнига муносиб номзодни топи-шинг керак. Агар эртароқ ҳаракат қилмасак, кейин кеч бўлади. Унинг ўрнига марказдан биронтасини жўнатишлари мумкин. Энди, бор, ишингни қил. Керак бўлсанг, ўзим чақираман. Айтган ишларни эртароқ бажар.

Бахтиёр унинг олдидан чиққанидан кейин машинага ўтирди-да, ўйланиб қолди: "Хўжайиннинг аҳволи анчагина чатоққа ўхшайди. Ожизланиб қолганлиги шундоққина кўриниб турибди. Агар у кетадиган бўлса, менинг ҳам тагимга сув қуйишлари ҳеч гап эмас. Эртароқ чорасини кўриб қўйишим керак. Балки, амалдорни ўйиндан чиқариб ташлаш вақти етгандир. Ҳамма иши чапига кетаяпти. Бундай одамда хосият қолмайди деб отам бир вақтлар айтганди… Қуриган шох… қуриган шох… Турғун Ғаниевич ҳақиқатан ҳам қуриб қолдими? Унда ким боғбонлик қилиб қуриган шохни кесиб ташлайди?.. Яхшиси, бироз кутиш керак. Балки вақтнинг ўзи нима қилиш лозимлигини кўрсатиб берар…"

* * *

Улар кўчага чиқишлари билан эркак Моҳирўйнинг белидан қучиш учун қўлини чўзди. Бироқ қиз унинг қўлини бирдан силтаб ташлади.

– Шошилманг, – деди у жилмайиб, – вақти-соати келгани йўқ.

– Вой, жонидан! – деди хурсанд бўлиб кетган эркак. – Овозингдаям новвот бор-а!

"Шошмай тур, ит! – дея ўйлади Моҳирўй. – Новвотнинг қандай қилиб заҳарга айланишини кўрасан".

– Ўзи, – деди эркак, – шу хотиннинг олдига келишга умуман хоҳишим йўқ эди. Тасодифан келиб қолдим. Қамоқдан чиқсам ажрашаман деб ўйлаб юргандим. Мен уёқда, у буёқда. Нима қилиб юрганини қаёқдан биламан, тўғрими? Боланиям балкондан ташлаб юбораман деганимнинг сабаби шунда. Боланинг мендан бўлганлигигаям гумоним бор. Мен кетганимдан кейин, ким билади, кимлар билан ётиб турган у. Эр кўрган хотин бўлса, – дея Марҳабонинг тепасидан мағзава ағдаришга тушиб кетди эркак.

Бундан Моҳирўйнинг жаҳли чиқди. Алам билан лабларини маҳкам тишлаб кетаверди.

– Лекин сен-чи, – дея гапида давом этди эркак, – кетворган нарса экансан.

– Нарса? – дея Моҳирўй эркакка қараб жилмайди. – Мени биронта буюмга ўхшатаяпсизми?

– Энди зўр қизларни шундай дейди-да… Менга қара, илгари нечтаси билан бўлгансан?

Қиз бу гапни эшитиши билан чинқириб юборишига, сумкадаги пичоқни олибоқ бунақанги бебурд эркакнинг қорнига тиқиб юборишига сал қолди. Аламидан қизариб, ўзини базўр тутиб турди. Аксига олиб, ҳамма ёқда чироқ ёниқ, қоронғироқ жойнинг ўзи кўринмас эди. Шу боис Моҳирўй атрофга аланглаб, панароқ жой қидирди. Эркак худди унинг хаёлидагини уқиб олгандай:

– Иккита домдан ўтганимиздан кейин қурилиши ўн йилдан бери тўхтаб ётган жой бор. Одамлар ахлат ташлаб саситиб юборган-у, лекин жой йўқлигида чидаса бўлади. Сен менинг кўнглимни овламоқчисан-ку, бундай жойларга бемалол чидайсан, тўғрими? – деди иржайиб.

Қиз ноилож бошини қимирлатиб тасдиқ ишорасини қилди. Ва шу томонга илдам қадам босиб борар экан: "Эй, худойим, ўзинг шарманда қилма. Бу махлуқдан эсономон қутулиб олишимга ўзинг ёрдам бер", дея ният қилди.

Эркак айтганидай, биринчи "дом"дан ўтганларидан сўнг Моҳирўйнинг бахти кулиб бокди. Рўпараларидан иккита милиционер бир-бири билан гаплашганча кела бошлади.

– Уларнинг олдидан ўтаётганимизда менинг қўлимдан ушлаб ол, яна "мусор"лар хитланиб қолишмасин. Менинг қамоқдан қочганлигим ҳақида уларгаям хабар беришган бўлса керак, – деди эркак қизнинг қулоғига пичирлаб гапирар экан.

Моҳирўй "Ҳа, энди қўлга тушдинг, ит. Қўлимни қонга ботириб нима қилдим?" – дея хаёлидан ўтказди-да, бирдан эркакка ташланиб қолди. Унинг юзларини юлиб, шу баҳонада ўзининг ҳам сочларини тўзғитиб юбориб: "Войдод! Ёрдам беринглар, мени зўрлашмоқчи!" дея қичқириб юборди. Милиционерлар улар томонга югуришди. Бунга сайин Моҳирўй эркакка баттар ёпишиб олиб, янада қаттиқроқ қичқира бошлади. Ахийри эркак барибир эркаклигини қилди. Қизнинг юзига чунонам мушт ту-ширдики, Моҳирўй икки метрлар чамаси нарига учиб кетди. Қизнинг чангалидан қутулган эркак қочишга тушди. Аммо узоққа кетолмади. Милиционерлардан бири чаққонгина экан. Зумда унинг ортидан етиб олди-да, шимининг орқасидан ушлади. Шу ондаёқ эркак ортига бурилиб милиционернинг юзига мушт туширди. Милицонер орқасига қалқиб кетди-ю, лекин Моҳирўйга ўхшаб йиқилмади. Бу пайтда унинг шериги ҳам етиб борган эди. Улар икки кишилашиб эркакни тепкилашга тушиб кетишди. Вақтдан фойдаланган қиз ўрнидан турди-ю, жуфтакни ростлаб қолди.

У қайтиб борганида Марҳабо ҳам, онаси ҳам ухламасдан бир-бирига термулишганча йиғлаб ўтиришар эди. Улар эшик ортидан Моҳирўйнинг овозини эшитишлари билан тезда эшикни очишди. Моҳирўй уйга кирган заҳоти Марҳабонинг онасини қучоқлаб олди-да, йиғлаб юборди.

– Қўрқиб кетдим! – деди у кўзидан ёши шашқатор оқиб. – Қутулолмайман, деб қўрқдим.

Аёл унинг бошини силади. Сочларидан ўпди.

– Ишқилиб, – деди у йиғи аралаш, – у мараз сенга зиён етказмадими?

– Йўқ! – деди қиз бош чайқаб.

Шунда топ этиб унинг қўлидан салафан сумка тушиб кетди. Марҳабо пол устидаги сумкани бирдан олди. Қўлига қаттиқ нарса текканидан ҳайрон бўлиб, оғзини очди-да, пичоқни кўриб тошдек қотди.

– Сиз… уни ўлдириб қўйдингизми? – деди бироздан кейин сал ўзига келиб.

Моҳирўй унга қаради.

– Кўзингиз шишиб кетибди-ку! – деди жувон.

– Мен, – дея қиз бирдан полга ўтириб қолди, онабола уни турғизишмоқчи бўлганида, Моҳирўй унамади, – уни ўлдирмоқчи эдим. Лекин бахтимга милиционерларга дуч келиб қолдик. Шунда бирдан унга тармашиб, мени зўрламоқчи бўлаётганлигини айтиб дод-вой солдим. Падарингга лаънат юзимга мушт тушириб қочмоқчи бўлди. Лекин барибир милиционерлар уни ушлаб олишди. Ўзиям роса калтаклашди. Ҳозир олиб кетишган бўлишса керак.

– Боплабди! – деди Марҳабо хурсанд бўлиб. – Агар сиз ўлдирганингизда бунданам хурсанд бўлардим.

– Бахтинг бор экан, – деди аёл, – қўлинг қонга ботмабди. Унақаларнинг қонини тўкиш савоб иш-ку-я, лекин янаям ким билади, ҳартугул милисаларга дуч келганинг яхши бўпти… Марҳабо, бор, қизим, сочиқни ҳўллаб кел. Тез кўзига босмасак, баттар шишиб кетади.

– Холажон, – деди Моҳирўй ўксик нафас олар экан, – милисахонада уни яна роса каптаклашиб, турмадан кимникига қочиб келгандинг, дейишса, у бу ерни айтиб қўяди. Кейин милисалар бизниям олиб кетишса нима қиламиз?

– Хавотир олма, болам. Улардаям инсоф бордир. Оборишгандаям барибир қўйиб юборишади. Чунки ҳаммасини рўй-рост айтиб берамиз-да.

Моҳирўй ичидан зил кетди. Ахир у қандай қилиб: "Мен уйимдан қочиб кетганман. Дадам ҳозир мени қидирувга берган бўлса керак", дея айтади.

Юзига босилган муздай сочикдан кейин қиз бироз ўзига келди. Сўнг бу ерда ортиқча туролмаслигини ҳис этиб, кетиш тўғрисида ўйлай бошлади.

У ошхонада ўтирганида ёнига Марҳабо келди ва чуқур ўйга чўмиб ўтирган қизни қучоқлади. Моҳирўй ҳам унинг кўксига бошини қўйди-да:

– Марҳабо опа, битта гап айтсам ўртамизда қоладими? – дея сўради.

– Мен биронта қизни сизчалик ёқтириб қолган эмасман. Қани эди, сиз менинг синглимга айланиб қолсангиз, – деди Марҳабо чуқур нафас олиб.

– Мен ҳам сизни яхши кўриб қолдим. Сиз чеккан азоблар мениям бағримни ўртаб, куйдириб юборди. Лекин мен айтмоқчи бўлган нарса, балки сизни мендан совутиб юборар. Балки нафратланарсиз…

– Нималар деяпсиз? Сизни ҳозир кўриб туришиммаску. Кўришгунимизча қанақа қиз бўлганингиздан қатъий назар, мен сизни ёмон кўриб қолмайман.

– Мен ёлғончиман. Мен ойингизни алдаганман.

– Нега? – деди Марҳабо ҳайрон бўлиб Моҳирўйнинг юзига тикилар экан.

– Негалигини ўзимам билмайман. Шунақа бўп қолди, – дея Моҳирўй ўзининг тоққа бориб, чўпон йигитни учратганидан бошлаб то бу ерга келгунича бўлган воқеа-ларнинг ҳаммасини бирма-бир айтиб берди. Ҳикоясининг сўнгида: – Тоққа бир марта борганлигим ҳаётимни шунчалик издан чиқариб юборди, мана, паноҳ излаб сизларникига келган эдим. Лекин ўйлаб қарасам, бу ерда ҳам ортиқча эканман, – деди бошини эгиб.

– Нега унақа дейсиз? Ойим сизни худди ўз қизидай кўради, мен синглимдай, уйимиз тор бўлсаям, кўнглимиз кенг. Ундан кейин, сиз бизларга озмунча ёрдам кўрсатдингизми?.. Балки сиз ҳақиқатан ҳам менга сингил буларсиз. Айтдингиз-ку, детдомдан асраб олишганини. Ойимга ҳозир айтаман. Онанинг кўзи ҳеч қачон алдамайди. Ўзи сиз келганингиздан бери: "Шу қиз кўзимга жуда иссиқ кўринаяпти", деб юрибди…

– Йўқ, ҳали ҳеч нарса деманг. Ўзи бугун қанча азобни бошидан ўтказди. Бирдан хурсандлик ҳам одамга ёмон таъсир қилади. Ўзим ётиғи билан айтарман, – деди Моҳирўй Марҳабони шаштидан қайтариб.

– Сен менинг ҳақиқий синглимсан. Кўнглим сезиб турибди. Юриш-туришинг, гапларинг, ҳатто кулишинг ҳам меникидай. Мен жудаям кўп кузатдим. Иккаламизнинг қонимиз бир! – дея Марҳабо кўзидан ёш оққанча Моҳирўйни қучоқлади.

Қарийб йигирма йилга яқин айрилиқдан кейин опасингил бир-бирини энди топган эдилар. Улар анча муддат қучоқлашиб ўтиришди.

– Опа, – деди орадан ярим соатча вақт ўтганидан кейин Моҳирўй, – мен эртага кетмасам бўлмайди. Мен бу ерда қанча кўп турсам, сизларга шунча ташвиш орттираман. Чунки дадамнинг одамлари эртами-кеч барибир мени кўриб қолишади.

– Кетиш ҳақидаги гапни оғзинггаям олма. Энди оиламиз жамулжам бўлди. Бу ёғи пешонамизда нима бўлса кўраверамиз, – деди Марҳабо синглисини иягидан кўтариб ўзига қаратар экан.

– Мени қидириб юришибди. Анави сиз бошини уриб ёрган одам ҳам аслида дадамнинг одамларидан эди. У бизга тегажоқлик қилмади. Балки мени таниб қолди. Машинага ўтқазиб, дадамнинг олдига олиб бормоқчи эди. Агар сиз ёрдам бермаганингизда, энди топган синглингиздан айрилишингиз ҳеч гап эмасди. Энди шундай воқеа яна такрорланишини истамайман.

– Хўш, бизникидан кетсанг қаерга борасан? Кўчада қолиб кетиб сарсон-саргардон бўлмайсанми? Одамнинг иссиғи бор, совуғи бор, – деди Марҳабо синглисига ачиниб қараб турар экан.

– Тоққа бораман.

– Ўша чўпон йигитнинг ёнигами?

– Ҳа.

– Ота-онасининг олдида ноқулай бўлмайдими? Ундан кейин, қишлоқда гап-сўз тез тарқайди, деб эшитгандим. Сен қиз бола бошинг билан йигитнинг уйига боришинг… Агар сени уйига қўйишмаса нима қиласан?..

– Фаррух акамга ишонаман. Отасини ҳам кўрдим. Оддийгина одам…

– Оддий одамлар бировларнинг гапига тез ишониб қолади-да. Қўни-қўшниси сени ёмонлаб қолса, "Қиз бола эрсирамаса йигитникига ўз оёғи билан бормайди. Ўз оёғи билан келдими, бунинг тагида бир гап бор", дейишса, соддагина одам сени кўчага ҳайдаб солмайдими?

– Опа, у ёғини пешонамдан кўрдим. Агар худога жоним ҳали керак бўлмаса, яшайман. Бўлмаса ўлиб кетавераман, – деди Моҳирўй алам билан.

– Мендан дарров хафа бўлдингми? Мен сени хафа қилмоқчи эмасдим. Фақат бир ўзинг тоққа бориб хору зор бўлиб қолмагин, демоқчи эдим, холос.

– Биламан. Сиз мени ўйлаб гапираяпсиз бу гапларни. Лекин бу ерда қоладиган бўлсам, бундан баттарига йўлиқишим ҳеч гап эмас.

– Майли, синглим. Сени худонинг паноҳига топширдим. Фақат эртага кетмайсан. Аввал кўзингдаги шиш қайтсин. Ундан кейин мен сени қўйиб юбораман. Худо билади, эртага кўзинг қанақа бўлиб кетади.

Шу пайт эшик тақиллаб қолди.

– Милисалар келди, – деди Моҳирўй бошини эгиб, – ҳозир мени сўрашади. Дугонам бўлади, денг. Эрим уйдан олиб чиқиб кетганидан бери қайтиб келмади, денг. Мен балконда яшириниб тураман. Агар менинг борлигимни айтсангиз, сур-сур кўпайиб кетади. Балки менинг йўқолганимни дадам милисаларга ҳам айтгандир.

– Хавотир олма, агар милисалар бўлса худди айтганингдай қиламан, – дея Марҳабо эшик томонга юрди. Моҳирўйнинг тахмини тўғри чиқди. Эшикни тақиллатган одамлар милиционерлар эканлигини айтишди. Шундан кейингина жувон эшикни очди.

Келгувчилар Марҳабодан аввал эри ҳақида сўрашди. Жувон йиғлаб-сиқтаб бирданига ҳамма гапни айтиб берди. Шундан кейин улар уйни кўриб ҳам ўтиришмасдан, бир парча қоғозга алланималарни ёзишиб, тагига келинчакка имзо чектиришди-да, пастга қараб кетишди. Опаси эшикни ёпганидан кейин Моҳирўй енгил тин олди.

Эртасига қизнинг кўзи атрофи ҳақиқатан ҳам қорайиб кетди. Бу аҳволда у умуман ташқарига чиқолмас эди.

Ҳали Моҳирўйнинг ўз қизи эканлигини билмаган, лекин кўнглининг бир бурчагида шунга ишончи бўлган аёл куёвининг гўрига ғишт қалаб, ўзи билганича муолажа қилди.

Орадан бир ҳафтага яқин вақт ўтганидан кейингина Моҳирўйнинг кўзи яна асл ҳолига қайтди. Шундан кейин у ўзининг нарсаларини сумкасига жойлаб, кетиш тайёргарлигини кўра бошлади. Марҳабо қанча уринмасин, барибир синглиси ниятидан қайтмаслигини билиб турарди.

– Ўрганиб қолгандик. Бизнинг уйимизда яшайверсанг ҳам бўларди, – деди аёл унинг бошини силаб.

– Уйдагилар хавотир олиб ўтиришган бўлишса керак. Лекин шаҳарга келишим билан сизлардан албатта хабар оламан, – деди Моҳирўй унга жавобан ёлғон гапиришга мажбур бўлиб.

Шундан кейингина аёл унинг кетишига рози бўлди.

Моҳирўй дадаси билан тоққа кетаётганларида қаёққа бораётганларини сўраб билиб олган эди. Шу боисдан ҳам автовокзалда ўша районга қатнайдиган автобусни қидирди. Бахтига, ўша районнинг номи ёзилган "Икарус" турган экан. Уни кўриши билан мийиғида кулган қиз тезда автобусга чиқиб олди.

Автобус район марказигача икки соатдан мўлроқ юрди. Моҳирўй хаёлида Фаррух билан бўладиган учрашувни ўйлаб кетди. "Сиз қидириб бормаганингиздан кейин ўзим сизни излаб келдим, дейман, – дея ўйлади у деразадан ташқарига қараб кетар экан. – Мени кўриши билан ҳангу манг бўлиб қолади. Довдирайди. Нима дейишини билмайди. Мен эса унинг устидан қотиб-қотиб куламан. Уям кулади. Кейин мен йиғлаб юбораман. "Нима бўлди сизга?" дея у мени овутишга тушиб кетади. Мен эса унинг саволларига жавоб бермайман. Юзимни кафтим билан бекитганча йиғлайвераман, йиғлайвераман. У нима дейишини билмай туради-да, кейин тоғдаги кулбасига олиб боради. Ўша ерда мен ҳаммасини бирма-бир унга айтиб бераман. У албатта дадамнинг қилган ишларини эшитиб жаҳли чиқади. "Бориб ўлдириб келаман", дея ўрнидан туриб кетади. Лекин мен уни йўлдан қайтариб қоламан. "Сизни энди ҳеч қаёққа қўйиб юбормайман. Шу ерда мен билан бирга қоласиз", дейди. Мен индамай бошимни эгиб туравераман. У индамаганлигимни кўриб розилик белгиси деб ўйлайди ва мени уйига олиб боради. Онаси пешонамдан ўпади. Мен уялиб ерга қараб туравераман. Аёл менинг чиройимни мақтайди. Шундай гўзал қизни олиб келгани учун ўғлини алқайди. Шундан кейин Фаррух акам онасига менга уйланишини очиқ айтади…"

– Яхши қиз, етиб келдик, тушмайсизми? – дея сўради унинг ёнига келган ҳайдовчи.

Моҳирўйнинг шириндан-шакар хаёли бирдан бўлиниб қолди. У атрофига аланглади. Автобус ичида ўзидан бошқа ҳеч ким қолмаганлигини кўриб хижолат бўлди ва шошганча тушиб кетди. Тушишга тушди-ю, лекин энди қаёққа боришини билмасдан туриб қолди.

– Вуй, анавига қаранглар! – деди Моҳирўйдан бешолти қадам нарида турган тўртта йигитдан бири у томонга қараб. – Кетворган нарса экан.

Унинг гапини эшитган шериклари бирдан қизга қарашди. Моҳирўй эса қўрқиб кетди. Яхшиям айни тушлик пайти, одамлар у тушган район автостанциясида кўп эди. Моҳирўй йигитларнинг кўзидан яшириниш мақсадида одамлар орасига кирди. Ёши улуғроқ отахоннинг ёнига бориб Фаррух яшайдиган манзилни айтиб, қандай бориш мумкинлигини сўради. Чол сочи калта қилиб олинган, шим кийиб олган қизга бошдан-оёқ назар солиб чиқди-да:

– Ўзинг кимсан? – дея сўради энсаси қотиб.

– Мен… мен, шу ёқда қариндошларимиз бор эди, – деди Моҳирўй ҳаяжонланганидан кўзини олиб қочиб.

– Ҳе, бетинг қурсин. Мендан адрес сўрагунча аввал одамга ўхшаб кийиниб олсанг ўлармидинг?! – деди бирдан чол кўзи олайиб.

Моҳирўй нима деярини билмай тахта бўлиб қолди. Чол эса "бопладимми?" дегандай атрофидаги йўловчиларга бир қур қараб қўйди.

– Кечирасиз, – деди юзи бирдан қизарган қиз ва ортига бурилди-ю, ундан нари кетди.

Чол эса ҳозирги ёшларни айнан мана шунақа шим кийганлар бузаётганлиги тўғрисида ёнидагиларга ваъз ўқий бошлади.

Моҳирўй автостанциядан йиғлагудек бўлиб чиқаётганида ўттизлардан ошиб қолган жувон унинг қўлидан ушлаб қолди. Юраги шув этган қиз ялт этиб унга қаради.

– Каёққа борасиз, синглим? – дея сўради аёл жилмайиб.

Кўзидаги ёшни базўр ушлаб турган Моҳирўй бир ёнига, бир ерга қараб, борадиган манзилини айтди.

– Ҳув анави автобус, – деди аёл қўли билан автостанция ҳовлисининг бир чеккасида турган сариқ эски "Паз" автобусини кўрсатиб. – Синглим, сиз чолнинг гапларига эътибор қилманг. Шунақаларам бор. Одамнинг кимлигини билмай туриб оғзига келган гапни қайтармай айтиб юборадиган.

Моҳирўй аёл кўрсатган автобусга чиқди. Унинг ичи иссиқ, бадбўй эди. Яна тик туришгаям жой йўқ ҳисоби. Қиз пайдо бўлиши билан ёшу қари, аёлу эркак бараварига унга қарашди. Шу пайтгача ғала-ғовур бўлиб ётган автобус ичи бир зум сув қуйгандай жимжит бўлиб қолди. Моҳирўй одамларга бирма-бир қараб чиқди. Унга қадалган ҳар бир нигоҳ тешиб юборай дер эди. Аёллар ичида ҳавас билан ҳасад қоришган бўлса, эркакларнинг оғизларидан суви оқа бошлашганди. Бутунлай ноқулай аҳволга тушиб қолган қиз бошини эгди. Шундан кейингина автобус ичида шивир-шивир бошланди. "Ким экан? Каёққа бораётган экан? Намунча олифта?.. Ёшгина ҳолига шунақа кийинадими?.. Роса чиройли қиз экан. Кани хотининг шунақа кетворган бўлса…" каби гаплар Моҳирўйнинг баттар ҳаяжонини ошириб юборди. У тушиб кетмоқчи бўлди. Лекин кейин манзилига етолмай қолишини ўйлаб ниятидан қайтди.

Орадан ўн дақиқалар ўтганидан кейин юзи офтобда қорайган, пешонасини ажин босган, бўйнига оқ белбоғ ташлаб олган ҳайдовчи келди. У ҳам жойига ўтираётиб, автобус ичига бир қаради-ю, кўзи Моҳирўйга тушиб, учтўрт сония ундан нигоҳини ололмай қотиб қолди.

– Ҳайда анқаймай! – дея бақирди бир мўйсафид.

Ҳайдовчи овоз келган томонга нафрат билан қараб қўйгач, автобусни ўт олдириб энди юрғизаётган маҳали, боя Моҳирўй кўрган тўртта йигитнинг учтаси югуриб келиб очиқ турган эшикдан ўзларини ичкарига уришди.

– Қаерга борса, менам шу ерга бораман. Барибир ниятимга етаман, – деди йигитлардан бири шеригининг қулоғига шивирлаб.

У қизнинг ёнгинасида турганлиги боис гапларини Моҳирўй ҳам эшитиб қолди.

– Биринчи мен кўрдим. Аввал меники бўлади. Шунинг учун ўпкангни босиб тур, – деди унга жавобан ҳамроҳи ҳам шивирлаб.

"Эй худо, энди нима қиламан?! – дея ўйлади Моҳирўй бошини кўтармасдан. – Қаерларга келиб қолдим?"

– Анави чинорнинг тагида бир бало қилиб тушириб қолдириш керак. У ерда битта братанимнинг уйидан бошқа уй йўқ. Ўша ерга олиб кирамиз, – деди йигитларнинг учинчиси.

– Чинорга етмасдан тушиб қолса-чи? – деди биринчи йигит.

– Унда бир амаллармиз. Лекин-чи, гапидан қайтган – эшак. Қиз ҳаммамизга бирдан ёқдими, демак, биронтамиз илинтиролмаган тақдиримиздаям, бир мартадан бўлса-да қўлдан ўтказишимиз керак, – деди икки йигитнинг ўртасида тургани.

Автобус силтаниб-силтаниб юриб бораркан, аёлу қизлар бозор-ўчар тўғрисидаги суҳбатга берилишган эса-да, кўз қири билан қўғирчоқдек қизга зимдан қараб қўйишар, кейин суҳбатдошининг уст-бошини ўзлариники билан таққослашар, баъзилари ўзларининг баданидан анқиётган ачимсиқ тер ҳидидан бехабар, қўшнисига билдирмайгина бурун жийиришарди. Айримлари эса ерга нигоҳини қадаб кетаётган қизни шунақанги ғийбат қилгиси келардики, Моҳирўйнинг соҳибжамоллигигина уларнинг тилларини тийиб туришга мажбур этарди. Эркаклар эса азбаройи атрофдаги таниш-билишлардан уялишганидан, нигоҳлари билан қизни очиқ-ошкора таъқиб қилишмаса-да, автобус ойнасидан ташқарини томоша қилиш баҳонасида, гўё қўшниларига қараётган киши бўлиб, тобора ёниб кетаётган кўзларини "суғориб" олишарди. Қизга бўлаётган нигоҳ ҳужумини автобусга зўрға илинган йигитлар ҳам сезишди. Район марказида турувчи бу йигитлардан энг каттасининг ёши эндигина йигирма иккидан ошган, қолган иккиси эса ундан бир ёшга кичик. Улар бирон жойда на ўқир ва на ишлар эдилар. Умрни кўчада ўтказишарди. Шунингдек, район марказида қишлоқдан келганлар билан бўладиган кўпгина жанжалларга ташкилотчилик қилишарди.

Улар автобусдагилардан қизни қизғанишар, лекин буни билдирмасликка ҳаракат қилишарди. Йўловчилар эса аллақачон бу учта бегона бола нима мақсадда кетишаётганлигини илғаб бўлишганди.

Улов ярим соатга яқин ой-куни яқинлашиб қолган жувондай ҳарсиллаб-пишиллаб юрганидан сўнг дастлабки бекатда тўхтади. Уч-тўрт хотин-халажга қўшилиб икки кексароқ киши тушиб қолди. Кейинги бекатда эса унданам кўпроқ одам қишлоғига етиб келди. Бу сафар манзилга етганлардан бири – йигирма ёшлар чамасидаги йигит Моҳирўйга суйкалиб ўтди. Бош эгиб тураверганидан бўйни оғриб қолган қиз у томонга қаради. Шунда йигит кўз қисиб қўйди. Уни кузатиб турган анави уч йигитнинг бирданига қони қайнаб кетди. Бироқ улар лом-мим дейишолмади. Агар худди шундай ҳолат район марказида бўлганидами, кўзини қисган йигитча қайтиб уни очолмай, кўзига қўшимча бошқа жойлари ҳам кўкариши ҳеч гап эмасди.

Автобус беш-олти қишлоқдан ўтганидан кейин ҳаво совий бошлади. Энди ҳеч ким елпинмай қўйган, қизга қадалган нигоҳлар ҳам сийраклашган эди. Бунинг устига, автобусда уч йигиту Моҳирўйдан бошқа тик турган йўловчи қолмаган эди. Моҳирўй борадиган манзилидан ўтиб кетмаслик учун, ҳайдовчига яқинлашиб борди-да, ундан:

– Кўктоққа ҳали кўп юрамизми? – дея сўради.

Қизнинг ҳусни-жамолини бошқа кўролмай, ҳаммадан кўра кўпроқ қийналиб келаётган ҳайдовчи ёқимли овозни эшитганидан бирдан қулоғи динг бўлди.

– Кечирасиз, қаерга? – дея сўради у иложи борича юмшоқ гапиришга ҳаракат қилиб.

– Кўктоққа.

– Ҳа у ёққами? – деди ҳайдовчи илжайиб. – Бор, ҳали яна тўртта қишлоқдан ўтишимиз керак. Лекин автобус у ёққача бормайди. Охирги қишлоқдан нарёғига пиёда кетишингизга тўғри келади.

Пиёда боришини ўйлаб Моҳирўйнинг юраги орқага тортиб кетди.

Унинг орқасидан тушган уч йигит эса терисига сиғмайдиган даражада хурсанд бўлди. Сабаби, улар мўлжал қилиб келишаётган чинор охирги қишлоққа етмасдан, йўл ёқасида эди. Худди шу ердан ўрмон бошланарди. Йигитларнинг акахонининг уйи чинор орқасида, атрофи қалин дарахтлар билан ўралган жойда эди.

– Сиз тоққача бормайсизми? – дея сўради қиз ранги ўчиб.

– У ёққа автобусда бориш мумкин эмас. Лекин сиз хохласангиз, биронта улов топиб бераман, – деди ҳайдовчи қизга бир қараб олиб.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации