Текст книги "Бургут тоғда улғаяди 1-китоб"
Автор книги: Нуриддин Исмоилов
Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 13 (всего у книги 21 страниц)
– Нега рангинг оқариб кетди? – дея сўради амалдор улар Бахтиёрнинг машинасига чиқаётганларида.
– Ўзим, – деди Бахтиёр кўзини олиб қочиб, – озгина бошим айланди. Ҳайронман, давлениям ҳеч чиқмасди.
Амалдор унинг гапига кулиб қўя қолди. Кейин рулга ўтирган йигитга:
– Сиз, ука, орқага ўтинг, машинани ўзим ҳайдайман, – деди.
– Қўйсангиз-чи, хўжайин, – деди Бахтиёр. – Шунча ёш йигитлар туриб, энди сизга қоптими машина ҳайдаш?
– Менда кўнгил йўқ, деб ўйлайсанми? Бизам ҳали ўзимизни гижинглаган той биламиз. Қолаверса, сенларга машина ҳайдаш қанақа бўлишини бир кўрсатиб қўяйин, – деди амалдор. "Тушунмадим. Нега бу рулга ўтириб олди? Агар, янгани ўлдириб юкхонасида олиб келганида, ўзининг машинасида кетар эдик. Демак, янга тирик. Хўш, унда ким учун қабр қазилади? Тўхта… тўхта, ҳали менинг куним охирлаб қолган бўлмасин тағин!" – дея ўйлаган Бахтиёрнинг кўзи бирдан олайиб кетди ва секин чўнтагига қўлини тиқиб, маҳбуслар томонидан махсус тайёрланган миттигина тўппончанинг совуқ дастасини ушлаб-ушлаб кўйди.
* * *
– Еб қўймаймиз, пастга туш, гап бор! – деди йигитларнинг каттаси.
– Мен кетаман! Қўйинглар! – дея баттар бўзлади қиз.
Аммо бу сафар йигитлар унга гапириб ҳам ўтиришмади. Уч кишилашиб уни судраганча, ерга олиб тушишди. Ҳайдовчи йигитларнинг қилиғидан ғазабланиб ўрнидан турмоқчи бўлди, лекин бирданига уларга берган ваъдаси хаёлига тушиб, яна жойига қайтиб ўтирди.
Автобус жойидан жилганидан кейин:
– Мениям олиб кетингла-ар! – дея унинг ортидан илтижо билан қўлини чўзиб қолди Моҳирўй.
– Сизга у ёқда пишириб қўйибдими-и-и? – дея калака қилди йигитлардан бири.
– Ойимқиз, – деди Моҳирўйнинг билагидан маҳкам ушлаган иккинчи йигит, – агар бизнинг айтганимизни қилсанг-қилдинг, бўлмаса ўлдирамиз-да, анави буталарнинг орқасида, – йигит ўн метрлар наридаги бутазорни қўли билан кўрсатди, – айқириб оқаётган сувга улоқтириб юборамиз. Ундан кейин ўлигингни итларам тополмайди.
Бу гапдан қиз баттар қўрқиб кетиб, қалтирай бошлади.
– Совуқ қотиб кетганга ўхшайди, шу ернинг ўзидаёқ иситиб қўйсамми? – деди учинчи йигит.
– Ҳовлиқмасанг, қучоқлашга улгурасан. Аввал братаннинг уйига олиб борайлик, – деди аллақачон жўрабошиликни қўлга олган йигит.
– Лекин-чи, буни биринчи мен кўриб қолганман. Ўзим биринчи бўлиб мазасини кўраман, – деди иккинчи йигит.
– Ўлиб бораяпсанми икковингам! – деди жаҳл билан жўрабоши.
– Ўлиб бормаганимизда сарсон-саргардон бўлиб, шу ергача келармидик? – деди учинчи йигит иржайиб.
– Бўпти, кўчада тортишмайлик, братанникига борганимиздан кейин чўп яширамиз, ким топса, қиз биринчи шуники бўлади, – деди жўрабоши йигит.
Улар келишиб олишганларидан сўнг, иккитаси Моҳирўйнинг икки томонидан етаклашди. Йигирма қадамча юрганларидан кейин қиз бирдан тўхтади.
– Нима бўлди? – деди биринчи йигит. – Бу ёғига судраб олиб кетайликми?
– Илтимос, анави буталар орқасига ўтиб келайин, зарур бўлиб қолди, – деди Моҳирўй.
– Қарамай турамиз, шу ерга ўтириб олавер, – деди биринчи йигит. – Умуман, қарасак нима қипти, барибир шуни кўрамиз-ку!
– Инсоф қилинг, ака. Ҳар қалай, мусулмонмиз-ку. Сизларнинг кўз ўнгингизда ўтириш…
– Бўпти, – деди бояги йигит бироз юмшаб, – жудаям танг қилаётган бўлса, бор. Фақат сенга икки минут вақт. Яна сувга тушиб, ўлиб кетмагин. Барибир биттамиз қоровуллик қиламиз.
– Ака, ишонмасангиз, мана, сумкамни сизларга бериб кетаман, ўзингиз айтдингиз-ку, буталарнинг у ёғида тез оқадиган сув бор деб. Мениям жоним ўзимга ширин, – деди Моҳирўй йиғламсираб.
– Бўпти, – деди яна ўша йигит, – тез бориб қайт. Бўлмаса, болалар базўр чидаб келишаяпти. Қўйиб берса, булар шу ернинг ўзида "иш"ни бошлаб юборишга тайёр. Сумкачангни ташлаб кет. Биз ичини титкилаб турамиз.
Қиз уларнинг бунчалик паст кетишини ўйламаган эди. Йигитларнинг очиқ-ошкора: "Сумкангни тинтиб кўрамиз", дейиши Моҳирўйнинг нафратини икки ҳисса орттириб юборди. У бутазор томонга аввал илдам қадамлар билан юрди. Кейин бунақа юришгаям қаноат ҳосил қилмай, югуришга тушди.
– Иштонини ҳўллаб қўйишига сал қолган экан-ку! – дея бақирди учинчи йигит қизнинг ортидан қараб турар экан.
Унинг гапига бошқалари ҳам хохолаб кулиб юборишди. Моҳирўйнинг эса кўзидан ёш чиқиб кетди. "Ҳайвонлар! Одамнинг устидан ҳам шунақанги куладими? Ҳаммаларингнинг оналаринг бор-ку! Агар сингилларингнинг устидан шундай кулишганда қай кўйга тушган бўлардиларинг?!" дея лаблари титраб пичирлади.
У сув бўйига етиб боргач, унга тикилганча бир неча сония ўй суриб қолди. Сув ҳақиқатан ҳам шитоб билан оқмоқда эди. Агар унга тушилса, одамнинг соғ қолиши даргумон. Аммо сувдан ҳам ваҳшийроқ учта йигитнинг исканжасида топталгандан кўра, чўкиб ўлган афзалроқдай туюлди қизга. Дарвоқе, у ёшлигидан сузишга қатнашган. Моҳир сузувчи бўлмаса-да, ҳартугул сузишнинг эпини қиларди. "Балки, нариги томонга сузиб ўтиб кетарман. Агар ўтолмасам, у ёғи худога таваккал, ҳар қалай, бокиралигимча қоламан", дея ўйлади у ва ўзини шошиб оқаётган сувга отди. Оқим юзадан кўра остида кучлироқ экан. Уни бирдан сув қаърига тортиб кетди. Моҳирўй жон-жаҳди билан тепага чиқишга интилди. Ҳатто бунга эришди ҳам. Аммо кучли оқим ўз ўлжасини қўйиб юборгиси келмай, яна бағрига тортди. Қизнинг кўз ўнгида бир зумда бутун ҳаёти гавдаланди. "Йўқ! – дея хаёлидан ўтказди у. – Мен тирик қолишим керак. Ҳали дунёда қиладиган ишларим жудаям кўп". Қиз навбатдаги уринишдан кейингина сув юзига чиқишга муваффақ бўлди. Ўша пайт у нафас олишга ҳам улгурди, қирғоқ ёқалаб югуриб бораётган аёлга ҳам кўзи тушди. Кўнглида дарров умид учқунлари пайдо бўлди. У шу ҳолидаям хурсанд бўлишга имкон топди. Бироқ шошқин дарё яна унинг қаршилигини енгиб, қаърига торта бошлади. Бу сафар муздай, шаффоф сув унинг оғзи-бурни аралаш ичига ҳам кириб олишга улгурди. "Энди ҳаммаси тамом", дея тақдирнинг измига бутунлай ўзини топширган Моҳирўй кутилмаганда бир нарсага урилди. Бу пайтда у энди-энди ҳушидан кетаётганди. Шу боисдан ҳам айнан нимага урилганлигини англолмади…
* * *
– Манави чойдан ичиб ол, – кампир қизнинг бошидан кўтарди.
– Мен қаердаман? – қиз ожизгина овоз чиқараётганида, оғзидаги қолган-қутган сув ҳам ерга тўкилди.
– Жонинг тошдан экан, болам, қани, чойдан ич, – деди қизнинг саволига жавоб қайтармасдан унинг бошини кўтарган кекса аёл.
Моҳирўй икки қултум иссиқ чой ичганидан сўнг:
– Онажон, мен қаердаман? – дея қайта сўради.
– Сен, болам, омон қолдинг. Ўзиям базўр қутқардим. Сал бўлмаса, чўкиб кетар эдинг. Ҳозир менинг уйимдасан, – деди кампир жилмайиб.
– Ухлаб олсам майлими? – дея сўради кўзи юмилиб бораётган қиз.
– Ажаб қиласан. Озгина ухлаб олсанг, ҳамма чарчоқларинг ёзилиб кетади.
Моҳирўй унга раҳмат айтмоқчи эди. Бироқ айтолмади. Лаблари бир қимирлади-ю,ўзи шу заҳоти уйқуга кетди. Ярим соатча текис нафас олганидан кейин, юзида табассум аломатлари пайдо бўла бошлади. У туш кўраётган эди. Қалин арчалар билан қопланган тоғ, унинг тепасида Фаррух турар ва Моҳирўйни имлаб ёнига чорлар эди. Севинчдан юраги ҳаприқиб кетган қиз у томонга югура бошлади. Лекин шунча югурмасин, барибир йигитнинг ёнига етолмас, нега шундай бўлаётганлигига ўзи ҳам тушунмас, бунга сайин алами келар, бор овозда қичқириб, Фаррухнинг ўзини чақирмоқчи бўлар, лекин бақирганини ўзи ҳам эшитмас эди. Йигит ҳам ўзича билиб, унинг ёнига кела қолмасдан, имлаганча ёнига чорлашда давом этарди. Охири аламига чидолмаган Моҳирўй йиғлаб юборди-да, ерга чўк тушди. Худди шу пайт Фаррух унинг ёнгинасида пайдо бўлди. Лекин унинг ҳамма томони тиканли сим билан ўралган эди.
– Нега тиканли симлар ичида ўтирибсиз? – дея сўради қиз ҳайрон бўлиб.
Йигит аввал жилмайди, сўнг кўрсаткич бармоғини лабига босиб:
– Тсс, – дея атрофига олазарак қараб олди, – ҳали ҳаммасини ўзим айтиб бераман.
– Унда ҳозир мен ёнингизга ўтаман, – дея Моҳирўй энди у томонга юраётган эди, Фаррух бирдан кўздан йўқолиб, ўрнида улкан аланга пайдо бўлди.
Қўрқиб кетган Моҳирўй "Вой-дод!" дея қичқириб юборди-да, ўрнидан туриб кетди.
– Қўрқма, қизим, – дея уни қучоқлади кампир.
Моҳирўй унинг қучоғида бироз кўзини юмиб турди.
Ажабланарли томони, кампирнинг қучоғи муздай эди. Ундан-да ғалатиси – Моҳирўй аввал учратмаган ҳид келарди.
– Тушнинг ярми ёлғон бўлса, ярми чин келади, – деди кампир. – Баъзида ҳаммаси ёлғон бўлади. Одамнинг руҳи у ухлаётганида маълум муддат атрофни кезади, аниқроғи, унинг руҳи танасини тарк этади. Девлар билан сўзлашади. Улар руҳ билан ўйнашиб, ҳар хил манзараларни кўрсатишади. Гоҳида адашиб, келажакда рўй берадиган воқеаларни ҳам кўрсатиб қўйишади. Яна шундай девлар борки, улар одамзотга ўзларини дўст ҳисоблашади.
– Улар ҳам одамнинг руҳи билан ўйнашадими? – дея сўради Моҳирўй бир нуқтага тикилганча ўйга чўмиб.
– Улар ўйнашишмайди, бор ҳақиқатни айтишади. Албатта, бундай девлар ҳамманинг ҳам ёнига келавермайди. Бунинг учун инсон ниҳоятда покиза бўлиши лозим.
Шу онда Моҳирўйнинг бошига ғалати ўй келди ва у бирдан кампирнинг қучоғидан чиқиб кетди-да, унинг кўзига қаради. Ажабо, кампирнинг кўзида ҳеч қандай маъно йўқ эди. У ҳатто нур ҳам таратмасди.
– Мен қаердаман?! – хитоб қилди Моҳирўй қўрқиб кетиб.
– Сен, – дея кампир эндигина гап бошлаган эди ҳамки, ҳамма ёғи шох-шаббалар билан беркитилган уйнинг эшиги очилиб, соч-соқоли қордек оппоқ чол кириб келди.
Уни кўрган қизнинг юраги орқага тортиб кетди.
– Қизимиз яхши бўп қопти-ку, – деди чол жилмайиб.
Аммо у гапирганида оғзи қимирламагандай туйилди.
– Онажон! – дея қиз кампирнинг орқасига ўтиб яширинди.
– Қўрқма, қизим, – деди кампир, – бу одам менинг чолим бўлади.
– Сизлар кимсизлар?! – деди қиз кампирдан ўзини олиб қочиб.
– Қўрқма, қизим, – деди кампир, – биз сен ўйлаган девлар эмасмиз. Қара, бизнинг ҳаммаёғимиз одамларникига ўхшайди.
Унинг гаплари барибир қизни ўзига келтира олмади. "Чўкиб ўлганимда яхшироқ эди", дея хаёлидан ўтказди у.
– Нотўғри ўйлайсан, – деди чол худди унинг хаёлидагини уқиб олгандай. – Сен яхши кўрган одамингни қидириб бораяпсан. Уни топасан ҳам. Лекин у ҳозирча бу тоғлар орасида йўқ. Шунинг учун ҳам биз сени ўз кулбамизда маълум муддат меҳмон қилмоқчимиз. Мен кийик овлаб келдим. Ҳозир пиширамиз. Маза қилиб овқатланиб оласан.
– Сиз менинг кимни қидириб кетаётганлигимни қаёқдан билдингиз? – сўради ҳайрон бўлган Моҳирўй.
– Ўзинг алаҳсираб айтдинг. "Фаррух, қаердасан?" дея ўша йигитни қидирдинг. Биз у йигитни таниймиз. Уям сенга ўхшаган беғубор, – деди кампир бироз хомуш тортиб.
– Унда… унда мен унинг уйига бораман. Онаси билан кўришаман, – деди қиз.
– Овора бўласан. Унинг онаси сен Фаррух билан танишган пайтингда ҳам йўқ эди. Қазо қилганига анча бўлганди. Отаси ҳам ҳаётда ҳозир йўқ, – деди кампир.
– Нега йўқ? Мен кўрганимда жуда бақувват эди-ку, – деди Моҳирўй ҳайрати ошиб.
– Уям қазо қилди. Хуллас, қидириб бораётганларингдан биронтасини ҳам тополмайсан, – деди чол ва эшик томон юрди.
Унинг орқасидан кампир ҳам ташқарига чиқди. Моҳирўй эса уларга ғайриихтиёрий равишда эргашди. Ташқарига чиқмоқчи эмасди. Лекин қандайдир куч унинг елкасидан итарар эди. Қиз ҳаммаёқнинг аллақачон зимистон бўлиб кетганлигини, осмонда сон-саноқсиз юлдузлар чарақлаб турганлигини кўриб: "Жуда узоқ ухлабман-да", дея хаёлидан ўтказди.
Чол кўз очиб-юмгунча овлаб келган кийик терисини шилиб ташлади. Кампир ўт ёқди. Орадан йигирма дақиқа ўтар-ўтмас кийик гўшти пишиб, тайёр бўлди. Моҳирўй бир парчасини оғзига солди-ю, яна бир марта ҳайратланди. Таом шунақа лаззатли эдики, бунақасини у ҳатто бойвачча дадасининг уйидаям тотмаганди.
– Бунча ширин! – деди у ҳаяжонланиб.
– Ҳали ўзинг ҳам бундан ширин овқатлар қиласан, – деди кампир жилмайиб.
Гўштхўрликдан кейин улар яна шох-шаббалардан бунёд бўлган уйга киришди. Кампир Моҳирўйнинг ёнида, чол эса сал нарида ётди. Чарчоғи эндигина билинган қиз бир зумда ухлаб қолди.
Пешонасига офтоб нури тегиб қизитгандан кейин у кўзини очди. Очди-ю, қўрқиб кетганидан ўрнидан сакраб туриб кетди. Атрофига аланглаб, кечаги шох-шаббалардан бино бўлган уйни қидирди. Бироқ у худди осмонга учиб кетгандай, ҳеч қаерда йўқ эди. Кейин Моҳирўй кампир олов ёққан жойни излади. Лекин бирон жойда ўт изи кўринмади. "Бўлиши мумкин эмас, – дея хаёлидан ўтказди бутунлай довдираб қолган Моҳирўй. – Шунча нарса менинг тушимда кечиши… Ахир мен сувда оқиб кетгандим. Ўзим чиқолмаганим аниқ. Анави кампир мени қутқариб қолганлигини ўз оғзи билан айтган эди-ку. У ҳолда, қаёққа ғойиб бўлди улар? Нималар бўлаяпти ўзи?.. Кеча биргалашиб овқатлангандик. Наҳотки улар менинг кўзимга кўринган бўлса… Йўқ… йўқ, ишонмайман. Ҳаммаси кўз ўнгимда содир бўлди. Кампир билан чол… Девлар…" Моҳирўйни титроқ босди. У қалин арчазор томонга югурди. Лекин бу томонга нега югураётганлигини ўзи ҳам билмасди. Арчазорга етганида тўхтаб орқасига қаради. Кўзига шох-шаббадан тикланган кулба кўриниб кетди. У энди шу томонга бормоқчи бўлганида, кулба бирдан кўздан ғойиб бўлиб қолди. Шундан кейин қиз бўлган воқеаларнинг ҳаммаси шунчаки кўзига кўринганлигига иқрор бўлди. Аммо шундаям у бир нарсага ҳайрон эди: ким уни тезоқар сувдан қутқариб қолди?
Бир соат вақт мобайнида гоҳ пастга эниб кетадиган, гоҳ баландга кўтариладиган арчазорда адашиб юрган Моҳирўй ниҳоят ялангликка чиқиб олди-да, дам олиш учун тоғ бағридан бўртиб турган тош устига ўтирди. Шу заҳоти Фаррух билан биргаликда тоққа чиқиб бораётиб худди шундай тош устига ўтиргани ёдига тушди. Юраги бирдан орзиқиб кетди. Ўрнидан турди-ю, югурмоқчи бўлди. Аммо ҳолдан тойган оёқтари унинг ҳоҳишига бўйсунмади. Шундай бўлса-да, Моҳирўй юришда давом этиб, тоғнинг устига чиқа бошлади. Кун тобора қизиб борар, бунга сайин қизнинг қадами секинлашиб, пешонасида тер селдайин оқарди. Лекин қиз бир дақиқа бўлсин тўхтамасди. Унинг ёдига чолу кампирнинг Фаррух ва унинг хешлари ҳақидаги гаплари аллақачон келган, аммо кўнгли нимадандир умидвор эди. Ана шу умидворлик уни етаклаб кетаётганди.
Моҳирўйнинг кўзи икки тоғ наридаги оппоқ қорга тушди. Шунда унинг дили бирдан яйраб кетди. Чарчаган оёқларига қайтадан жон ато этилгандай бўлдию, шитоб билан юришни бошлаганда "Қур-ей, қур-ей" деган овоз қулоғига чалинди. У тўхтаб атрофига аланглади. Ўнг томонидан яна ўша овоз янгради. Юзида табассум аломатлари пайдо бўлган қизнинг кўзида ёш ҳалқаланди. "Кампир билан чол мени алдаган экан-да", деган ўй яшин тезлигида хаёлидан ўтди. Қўйларини ҳайдаётган чўпон Фаррух эканлигига унинг шубҳаси йўқ эди. У энди шу томонга қараб қадамини тезлатди. Яккам-дуккам арчалардан ўтганидан кейин ясси тоғ келди. Қиз унинг ҳам тепасига чиққанидан сўнг, юз эллик метрлар нарида, сойда от минганча қўй боқиб юрган чўпонга кўзи тушди. Қиз Фаррухнинг ўзи уни кўриб қолиб, отини елдирганча ёнига етиб келишини истар эди. Бироқ ўйлагани бўлмади. Чўпон Моҳирўй томонга қараб ҳам қўймасдан, қўйларини аллақаёққадир ҳайдаб кета бошлади. "Жинни-пинними бу, – дея хаёлидан ўтказди Моҳирўй, – мен тумшуғининг тагига келиб турсам-у, бир марта бўлсаям қараб қўймаса". Қизнинг хўрлиги келганидан, чўпон томонга қараб бақириб, уни тўхтатмади ҳам.
Чўпон эса тобора ундан узоқлашиб борар эди. Ноилож Моҳирўй унинг орқасидан эргашди. Улар анча вақт юришди. Шунча вақт мобайнида чўпон йигит ортига бир маротаба бўлсин қараб қўймади. Ниҳоят узоқдан қандайдир кулба кўринди. Чўпон қўйларини айнан шу томонга ҳайдаб бормоқда эди.
Қўйларини қўрага қамаган чўпон кулбаси томон кетаётганида унга тикилиб турган қиз турган жойида тахтадек қотиб қолди. У мутлақо бошқа одамни Фаррух билиб келган эди. "Балки, Фаррух акам билан бу одам навбатма-навбат қўй боқишар. Бугун, ҳойнаҳой, унинг дам олиш куни бўлса керак. Ҳозир бориб Фаррух акамни сўрайман", дея Моҳирўй эндигина кулба томонга юрган эди ҳамки, қарама-қарши томондан чанг-тўзон кўтарганча келаётган машинага кўзи тушди. Қиз ўзини икки қадам наридаги арчазорга олди. "Ҳар доим булар оёғимнинг остидан чиқиб қолишади", дея ўйлади у ғижиниб. Қолган воқеалар Моҳирўй кутганидек бўлиб чиқди. Кулба ёнида тўхтаган машина ичидан раис ва дадасининг югурдаги бўлмиш новча чиқишди.
– Қўйларга биттадан газит бериб қўйиб, ўзинг орқангни кўтариб ётибсанми? – деди раис чўпоннинг саломига алик ҳам олмасдан. – Тез битта семиз қўйингни олиб келиб, багажга орт, нозик меҳмонлар келган. Кейин қишлоққа боргин-да, биронта болангни олиб келиб ўрнингга қўйиб, ўзинг шаршарага бор. Акаларга хизмат қиласан.
– Хўп, – деди чўпон бошини эгиб.
Шу маҳал новча атрофга бир қур назар ташлади-да, сўнг айнан Моҳирўй турган томонга кела бошлади. Унга чўпоннинг ити эргашди.
* * *
Асабий тарзда тишини ғижирлатган Мироб секин кўзини очди. Шу ондаёқ сирли тарзда суҳбатлашаётган маҳбусларнинг овози тинди.
Кечки овқатга бориш маҳали Мироб шивир-шивир билан шуғулланган маҳбусларни атайлабдан қаторнинг олдига ўтказиб юборди. Ўзи эса уларнинг ортидан кўзини узмай кета бошлади. Мироб ўзидан кўра Бургутдан хавотирда эди. Чунки гарчи маҳбуслар у Босснинг ўрнига бўлганлигини тан олишган бўлса-да, кўпчилиги ҳалиҳамон ич-ичидан итоатдан бош тортишиб юришганлигини пайқаган эди. Мана, охири улар энди Фаррухдан биратўла қутулишни мўлжаллаб юришганлигини ўзлари истамаган ҳолда сездириб қўйишди.
Ҳамма овқатлана бошлаганда ҳалигилардан бири Бургутга зимдан назар солганлигини Мироб кўрдию, "бехосдан" Бургутнинг косасини туртиб юборди. Коса ерга тушиб кетиб, овқат полга сочилиб кетди. Бургут бирдан Миробга олайиб қаради.
– Узр, ука, – деди Мироб илжайиб, – тасодифан қўлим тегиб кетди.
Фаррух ҳеч нарса демади. Алам билан ёнида ўтирган маҳбусга имо қилган эди, у ўрнидан турасола ошпазлар томонга кетди.
Келтирилган овқатни Бургут барибир емади. Унинг иштаҳаси бўғилган эди.
– Яна бир марта сендан кечирим сўрайман, – деди камерага борганларидан кейин Мироб Фаррухга.
– Устимдан кулаяпсизми? Шунча одамнинг олдида мени шарманда қилдингиз, яхшики менга устозсиз, йўқса… – деди жаҳл билан Бургут.
– Раҳмат, – деди Мироб Бургутнинг елкасига қоқиб, – энди Босс нега сени бизга бош қилиб кетганига тушуниб бораяпман. Сен ҳеч қачон оқибатни унутмайдиганлар хилидан экансан.
Унинг гапидан Фаррухнинг энсаси қотди. Аммо буни Миробга билдирмаслик учун каравотининг ёнига кетди. Мироб овқат заҳарланган эканлигини унга айтмоқчи эди. Шунинг учун ҳам гапни кечирим сўрашдан бошлаганди. Бироқ вазият бошқача бўлди. Улар гаплашишаётганларида нияти амалга ошмай қолганидан алам қилиб ўтирган тўртта маҳкум зимдан қараб туришарди.
"Қачондан бери қаердаги майда-чуйдалардан яшириб гапирадиган бўлиб қолдим? Ёки қўрқоқлигим тутаяптими? Менда бунақа одат йўқ эди-ку. Кимки хиёнат қилса, сўраб ҳам ўтирмасдан танобини тортардим. Энди бўлса, гапимни биров эшитиб қолмасин, деган ўй хаёлимдан кетмайди", дея ўйлади Мироб ва:
– Кўршапалак! – дея маҳбуслардан бирини чақирди. Ўрта бўйли, қорачадан келган, шалпангқулоқ йигит югургилаб унинг ёнига келди.
– Овқатга гармдори қўшилса нима бўлади? – дея сўради у йигитдан.
– Овқатга заҳар солинган бўлади, – деди Кўршапалак Миробнинг нега бунақанги савол бераётганлигига ҳайрон бўлиб.
– Нонуштада Бургутнинг овқати билан Чигиртканикини алмаштириб қўясан. Ҳозир бўлса, дарров стол тайёрланглар, базм қиламиз, – деди Мироб.
Кўршапалак унинг ҳамма гапларига тушундию, ўч олиш вақти келганидан хурсанд бўлиб кетди. У қамоқхонага тушган дастлабки кунларда ўша Чигиртка ҳоли-жонига қўймаган эди. Ҳар турли баҳоналар топиб каравотларнинг тагидан эмаклатар, кейин икки қўлини ёнига ёздириб: "Сен самолётсан, энди самолётдай овоз чиқариб уч", дерди. Бу эрмак ҳам жонига текканидан кейин эшак қилиб минарди. Шу воқеаларнинг бўлганига ҳам тўрт йилдан кўпроқ вақт ўтди. Чигиртканинг Кўршапалак билан иши бўлмай қолди. Аммо Кўршапалакнинг кўнглида унга бўлган ғазаб, ўч олиш истаги кундан-кунга ортиб бораверди. У ҳар дақиқа, ҳар сонияда фақат шу истагини амалга оширишни ўйлади. Бироқ ундан уч йил аввал қамалган Чигиртка жуда эҳтиёткор, паст-баландни яхшигина биларди, шу боисдан ҳам Кўршапалакка (гарчи унинг нима ниятда эканлигини билмаса-да) имконият қолдирмас эди. "Менинг куним ҳам туғар экан-ку, энди ҳамма аламимни оламан, кўзинг олайиб ўлишингни маза қилиб томоша қиламан", дея хаёлидан ўтказди Кўршапалак.
Бироқ Мироб режани ўзгартиргани боис, унинг нияти амалга ошмай қолди. "Ҳамма нарсани ўзим бажараман, бошқаларга бу ўрнак бўлсин", деди у Кўршапалакни ёнига чақириб.
Нонушта пайти Мироб Чигирткани ўзига рўбарў ўтиришни буюрди. Шу ондаёқ Чигиртканинг юраги ўйнаб кетиб, ранги оқарди. У ич-ичидан қандайдир нохуш воқеа бўлишини сезар эди. Шу боисдан ҳам шерикларига нажот истаб қаради. Аммо булар бирдан кўзларини олиб қочишди.
Чигиртка Миробнинг рўпарасидаги столга келиб ўтирди.
– Хўжайин, узр, сизни озгина хафа қилишимга тўғри келади. Бунинг натижасини эса ҳозир кўрасиз, – деди Мироб Бургутга қараб, сўнг юзини Чигиртка томонга буриб: – сен манави овқатни ичасан. Фаррух эса сеникини ичади, – дея уларнинг овқатларини алмаштириб қўйди.
Чигирткани бирдан титроқ босиб, пешонасида совуқ тер пайдо бўлди.
– Мен… мен хўжайиннинг овқатини қандай ичаман? Ҳаддим сиғмайди, – деди Чигиртка довдираб.
– Ҳаддим сиғмайди? Шу гапни сен айтаяпсанми? Қани ич, ит! – деди Мироб унга еб қўйгудек тикилиб. – Қолган ҳамма бўладиган томошани кузатиб турсин, – дея кўзини олмасдан маҳбусларга буйруқ берди у.
– Мен… мен… – деган Чигиртканинг кўзидан ёш чиқиб кетди.
– Агар ўзинг ичмасанг, оғзингдан қуяман!
Косага қошиқ тиққан Чигиртканинг қўли қалтирай бошлади. У шу алпозда шўрвани оғзига олиб борди-ю, кейин кўзини юмди.
– Акажон! – деди у йиғлаб. – Мен қилганим йўқ бу ишни. Мени… мени мажбурлашди!
– Ким экан ўша сени мажбурлайдиган зўравон? – деди Мироб киноя билан.
Чигиртка ўтирган жойида ортига ўгирилиб, шерикларига қаради. Шу пайтгача юрак ҳовучлаб: "Ишқилиб, ҳамма айбни ўзининг бўйнига олсин-да", дея худога нола қилиб, Чигиртканинг орқа томонидан тикилиб турган унинг шериклари бирдан шошилишиб овқат ейишга тушиб кетишди.
– Яша-а-а, – деди Мироб мийиғида кулиб, – энди сотқин қанақа жазо олишини ҳам билсанг керак. Бўл, ич овқатни!!!
Миробнинг юзи бутунлай важоҳатли тус олган, унга қараган одам сесканиб кетиши ҳеч гап эмасди. Аммо кўриб-билиб туриб ўзини-ўзи ўлдиришни Чигиртка истамасди. У бир неча бор қошиқни оғзига олиб борди-ю, бироқ ичидагини ича олмади.
– Тушунарли, – деди Мироб бошини қимирлатиб ва Чигиртканинг икки ёнидаги маҳбусларга унга ёрдам бериб юборишларини имо қилди.
Маҳбуслардан бири ўрнидан турди-ю, Чигиртканинг орқа томонидан келиб икки қўлини маҳкам ушлади, иккинчиси эса мажбурлаб унга шўрва ичирди. Чигиртка бироз типирчилади-да, жон берди.
Нонушта тугамасидан Бургутни Ғайбулла Эломоновнинг олдига олиб киришди.
– Нега?! – деди у Фаррухга ғазаб билан тикилиб.
– Ўзи қўйган тузоққа ўзи илинди, – деди Бургут хотиржам.
– Нега?! – дея яна сўради қамоқхона бошлиғи.
– Унисини билмайман, – деди Бургут.
– Сизлар билан келишган эдик-ку!
– Биз бу ўйинда қатнашганимиз йўқ. Чигиртканинг ўзи адашиб ўзининг косасига заҳар солиб қўйибди. Агар бунда бизларни айбдор ҳисобласангиз, бемалол жазолашингиз мумкин. Шахсан мен бунга тайёрман. Лекин бу билан сиз катта хатога йўл қўйган бўласиз.
– Уфф, – дея бошини чангаллаганча столга ўтирди Ғайбулла Эломонов, – эртароқ бу ердан йўқолмасанг, сендан қутулмайдиганга ўхшайман. Уч кундан кейин судинг бўлади. Анави устозинггаям ўзларингнинг тилларингда тушунтириб қўй. Агар шу вақт ичида яна битта ортиқча ҳаракат бўлса, мен ҳеч нарсага жавоб бермайман. Тушунарлими?!
– Нима десангиз шу, – деди Бургут бир туки ҳам ўзгармай.
Ўша кечаси Миробнинг режаси бўйича Чигиртканинг шериклари жазоланиши лозим эди. Бироқ Бургутнинг айтган янгилигидан кейин режа ўзгарди. Шундай бўлсада, Мироб гуноҳкор маҳбусларни ёнига чақириб, тез кунда уларнинг ажаллари етиб келишини, ҳозирча Азроил бошқа ишлар билан банд бўлиб қолганлигини айтди. У бу сўзларни важоҳат билан, гапларининг орасида тишларини ғижирлатиб, еб қўйгудек тикилиб айтди. Шу кундан эътиборан Бургут ва унинг устози учун ошхонада эмас, камеранинг ўзида егуликлар тайёрланадиган бўлди.
Ғайбулла Эломонов айтган уч кун ўтгач, Бургутнинг қайта судга боражаклигини соқчилар маълум қилишди. Хушхабарни эшитган заҳоти Мироб Бургутнинг ёнига бориб, унинг қўлини қисганча:
– Бу ердан кетганингдан кейин, – деди жиддий тусда, – "ёпиқ" бозорга борасан. У ердан ёши етмишдан ошган Аҳмат ака деган одамни топасан. У писта сотиб ўтиради. Сенга нима қилиш кераклигини унинг ўзи тушунтиради. Сўнг, мана, менинг уй адресим, – дея Мироб бир парча қоғоз узатди. – Бу ерда укам туради. Бориб ҳол-аҳволини сўраб қўйсанг…
Шу гапдан сўнг Миробнинг кўзида ёш ялтиради. Фаррух унинг йиғлаши мумкинлигини умуман хаёлига кел-тирмаганди. "Бу одам кўзёш нималигини билмаса керак", деб ўйларди. Устозининг аҳволини кўриб, ўзининг ҳам кўнгли бўшашиб кетди-ю, Миробни қучокдаб олдида:
– Устоз, мен сизни бу ерда узоқ қолдирмайман. Чиқариб оламан, – деди.
– Худо хоҳласа, – деди Мироб юзини Бургутнинг елкасига босиб, кўз ёшини билдирмайгина артиб олар экан.
Орадан ярим соат ўтиб, Фаррухни олиб кетишди. У аввал бундай судда бўлмаганлиги сабабли, бу сафар битта милиционер у ёқ-бу ёқдан сўрайди-да, кейин қўйиб юборади, деб ўйлаган эди. Аммо ундай бўлиб чиқмади. Аввал ёпиқ машинага миндиришиб, қамоқхонадан олиб чиқишди. Сўнг бир соатга яқин юришганларидан кейин машина тўхтади. Унинг орқа эшиги очилганида, Бургутнинг юзига ёруғлик урилиб, кўзи қамашди.
Каттагина суд залига Фаррухни олиб киришганда, олтита одам уни кутиб туришар эди. Бургутни қорачадан келган, йигирма беш ёшлар чамасидаги йигитнинг ёнига – қора курсига ўтқазишди.
Бироз ўтганидан кейин суд ҳайъати келди. Суд раиси жойига ўтираётиб, Фаррухга кулиб қўйди. Бургут шундан билдики, ҳамма нарса у келмасидан бурун ҳал бўлган.
Суд бошланди, саволлар Фаррухга эмас, унинг ёнидаги йигитга берила бошланди. У шунчалик беғам эдики, сўралаётган нарсаларга ҳафсаласизлик билан, ўйлаб ўтирмасдан ҳам жавоб берарди. Ўн беш дақиқага ҳам етмаган савол-жавобдан кейин суд раиси ҳукмни ўқиди. Унга кўра, Фаррух айбсиз, англашилмовчилик орқасидан қамалиб қолганлиги учун суд залидан озод қилинди. Ва шунча вақт бекордан-бекорга темир панжаралар ортида ўтирганлигига тўлов, яъни, компенсация оладиган, айбдорлигини тан олган Тўра Офтобов (қора курсида Фаррух билан ёнма-ён ўтирган йигитнинг исми-шарифи шундай эди) эса қамаладиган бўлди.
Фаррухнинг қўлидаги кишанлар ечилганидан кейин залда ўтирганлар бирма-бир келишиб, уни омон-эсон қутулгани билан табриклай бошлашди.
– Хўжайин, – деди Фаррух кўчага чиққанидан кейин залда ўтирганлардан бири унинг ёнига келиб, – мошина тайёр, қаёққа борамиз?
– Ёпиқ бозорга, – деди чуқур нафас олган Фаррух.
– Аҳмат ака сизни дачасида кутиб ўтирибди. "Суд тугаганидан кейин зарур иши бўлмаса, бу ёққа олиб келинглар", деганди, – деди уни "хўжайин" деб атаган йигит.
– Бўпти, шу ёққа борамиз, – деди Фаррух.
Фаррух машинанинг ёнига борди-да, эшигини очаётиб, орқасига қаради. Бу пайтда қамалган йигит боягина Бургут келган машинанинг ёнида у томонга қараб турарди. Бургут машина эшигини тап этказиб қайтатдан ёпдида, йигитнинг олдига келди.
– Сизга раҳмат. Ваъда бераман, борган жойингизда шохлардай яшайсиз, – деди Бургут йигитнинг қўлини сиқиб.
– Хўжайин, ҳамма буйруқларингизни сўзсиз бажараман, – деди йигит кулишга ҳаракат қилиб. – У ёқдаги акаларга бирон нима деб қўяйинми?
– Салом десангиз бўлди, – деди Бургут ва шартта ортига бурилиб, илдам қадамлар босганча ундан узоқлашди.
Аҳмат аканинг дала ҳовлиси шаҳардан эллик чақиримча нарида экан. Фаррух кета-кетгунча кўзини юмиб, қамоқхонада ўтказган кунларини эслади. Бекордан-бекорга шунча умрининг ҳавога совурилгани унга алам қилди. Худди шунда унинг тишлари ғижирлади, қўллари мушт бўлиб тугилди, "Раисини амалдорига қўшиб йўқ қиламан", дея хаёлида ўзига-ўзи онт ичди. Бургут қамоқхонада ётган даврида кўп нарсаларни ўрганганди. Ана шуларни ҳам у ёдидан чиқармади.
Аҳмат аканинг дала ҳовлисида одам кўп эди. Бири сўйилган қўй гўштини нимталар, иккинчиси кабоб учун кўмир ёқиш ташвишида, бошқалари ҳам майда-чуйда ишлар билан ғимирлашиб юришарди. Дарвоза ёнига машина келиб тўхтаганидан кейин Аҳмат аканинг йигитларидан бири дарвозани очиб ташқарига қаради-да, сўнг тезда ортига бурилиб, меҳмоннинг келганлигини маълум қилди. Бирпасда бу хабар Аҳмат акага етказилди. У шошапиша ковушини кийди-да, Бургутнинг истиқболига юрди.
– Биродари азиз! – деди у Фаррух кўринган заҳоти.
– Йўлингизга муштоқ бўлиб кутиб ўтирибмиз. Келадиган кунингиз ҳам бор экан-ку.
Бургут унга қараб жилмайганча кела бошлади. Аҳмат ака уни қучоқлади, юзидан ўпди.
– Қани, – деди кейин йўл бошлаб, – ичкарига.
Улар дала ҳовлининг кунботар томонидаги катта тол тагига боришди-да, усти турли хил ноз-неъматлар билан безатилган столнинг ёнига бориб ўтиришди. Аҳмат ака қўлини очиб узоқ дуо қилганидан кейин хизматдаги йигитларга қараб:
– Тезлатинглар! – дея кўрсатма берди.
Шундан сўнг мезбон стол устида турган ароқнинг оғзини очиб, иккита қадаҳга қуйди-да, биттасини Фаррухга узатди.
– Нафасимни ростлаб олайин, кейин, – дея Бургут унинг қўлини қайтарди.
– Хўжайин, – деди Аҳмат ака, – одат шунақа. Ҳар қандай сафардан қайтилгандан кейин, албатта, юзта билан чарчоқ чиқди қилинади. Мусулмончиликда йўғ-у, лекин бизга ўхшаган одамларга удум бўлиб кетган.
Бу гапдан кейин Фаррух у узатган қадаҳни олди ва дастурхон устига ҳам қўймасдан бир кўтаришда "оқлаб" қўйди. Аслидаям одат шунақа эди. Биринчп қадаҳ узатилган заҳоти у дастурхонга қўйилмасдан, уриштиришсиз ичилар эди. Бургут ўзи билмаган ҳолда удумни бажариб қўйганди.
Ғазак қилингандан кейин Аҳмат ака Фаррухдан ҳолаҳвол сўради, сўнг Миробни суриштирди. Жавобларни эшитгач:
– Раҳматли Босс хўп ажойиб одам эди. У кўп нарсани биларди. Агар тақдирига ёшлигидан қамалиб кетиш ёзилмаганида, олим бўларди. Ҳаммани ҳайратга соларди. Шундай одам сендай йигитни ўзининг ўрнига тайинлабдими, демак, сен шунга лойиқсан. Мендан бошлаб Босснинг бошқа ҳамма одамлари энди сенинг ихтиёрингдамиз. Ўзи Босс кетганидан бери буларни бошқаравериб чарчагандим. Эгаси эртароқ келса-ю, омонатини қўлимдан олса, деб ўйлаб юргандим. Худога шукр, мана, келдинг. Мен қутулдим. Бу ёғига оёғимни узатиб ўтираман, – деди Аҳмат ака.
– Йўқ, – деди Бургут жилмайиб. – Ҳали-бери қутулмайсиз. Мен ҳали шунча одамни бошқаришга ёшлик қиламан. Ҳаммасига ўзингиз бош-қош бўлиб турасиз.
– Гапларинг худди Боссникига ўхшайди. Раҳматли, бирон нимани айтадиган бўлсам, доим ўша нарсага ўзимни бош қилиб қўяр эди.
– Унда бу гапларни Боссники деб қабул қилинг.
– Ёшим анча ўтиб қолди. Аввалги куч қаерда дейсан. Неча кунлигим қолганлигини ёлғиз худо билади. Мен сенга қанақа маслаҳат керак бўлса, ҳаммасини бериб тураман. Лекин бошқариш ўзингнинг зиммангда.
– Кўндирдингиз, – деди Фаррух.
Худди шу пайт йигитлардан бири кабоб кўтариб келди. Бургут унга бошдан-оёқ разм солиб чиқди. Кўринишидан қўпол, қайсарлиги шундоққина билиниб турган бу одам унга ёқиб тушди.