Текст книги "Бургут тоғда улғаяди 1-китоб"
Автор книги: Нуриддин Исмоилов
Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 3 (всего у книги 21 страниц) [доступный отрывок для чтения: 7 страниц]
Тўйчи диванга ястаниб ўтириб олди.
– Ким экан у?
– Ким бўларди, ўгай қиз-да (Қизим дейишга тили бормади унинг).
– Ҳали ўгай қизингиз ҳам борми? Мен билмаган эканман. Бир қизингиз борлигидан хабарим бор. Лекин қаёқдан ўгай қиз топиб олдингиз, шунисига ҳайронман. Ёки Турғун Ғаниевичнинг бошқа хотиниям…
– Канақа бошқа хотини, агар бошқасини топганида бир кун ҳам яшатмаган бўлардим. Ўша сен биладиган қиз ўгай-да. Уни ёшлигида асраб олганмиз, шунинг учун ҳеч ким билмайди. Моҳирўйнинг ўзи ҳам. Мана, биринчи марта сенга айтаяпман… Ёмон томони, ўйлашимча, эрим ўзининг қизига ошиқ бўп қолганга ўхшайди.
– Йўғ-э! – деди Тўйчи кўзлари ола-кула бўлиб. – Даҳшат-ку, а!..
– "Кошмар", десанг-чи! Ҳеч замонда ота қизигаям ошиқ бўладйми?
– Ўгай экан-ку.
– Барибир қизим деганми? Бу эркакларнинг ҳаммаси бир гўрми дейман. Сенам эримнинг ёнини оласан. Ундан кейин уларнинг ёши орасида осмон билан ерча фарқ бор!
– Нима қилмоқчисиз? – дея сўради Тўйчи Зулайҳонинг елкасига қўлини қўйиб.
– Бошим қотган. Қизни бир бало қилиб юборай десам, ёшгина жони увол бўлади. Индамай юраверай десам, Худо кўрсатмасин, эртага бирон гап чиқиб қолса… Ўн еримга пичоқ урсамам жойига тушмайди.
– Ҳа-а, вазият ҳам оғир, ҳам қалтис.
– Миямга бир фикр келиб қолди, – дея бирдан Зулайҳо жазманига қаради, – Сен ёрдам бериб юборолмайсанми?
– Қандай қилиб?
– Оддий. Қизни йўлдан урасан. Кейин сенга турмушга бериб юбораман-у қутуламан.
– Ўзлари кейин қийналиб қолмайдиларми, ишқилиб? Ҳар қалай, таъминлаб турибман.
– Оҳ! – дея бошини ушлади Зулайҳо. – Бу ёғиям бор-а ҳали… Унда… Унда сен битта ўртоғингни топасан. Ёшроқ бўлсин.
У қушчани икки марта кўрганман. Кетворган нарса. Шундай қизни бировга бериб қўйсам, умрбод ўзимни кечирмасам керак. Яхшиси, бу кампирнинг қулоғига лағмон илиб, ўзим унга эга чиқаман", – дея хаёлидан ўтказди Тўйчи.
– Агар сиз шуни хоҳласангиз, мен ташкил қилишим мумкин. Аммо битта лекини бор. Қизнинг ниҳоятда гўзаллигидан хабардорман. Шундай қизни, яна кимсан Турғун Ғаниевичнинг эркатойини беш-бегонага текиндантекинга бериб юборишимиз инсофнинг ҳеч битта қиррасига тўғри келмайди, – деди у аёлни озгина юмшатиш мақсадида.
– Менга деса, – деди Зулайҳо ўқрайиб, – итларга хотин бўлсин! Хонадонимдан йўқолсин!
– Гап бўлиши мумкин эмас, ҳеч кимга насиб этмайдиган қилиб қўяқоламиз бирданига. Шунда сизнинг безовталанишингизга ўрин қолмайди. Келишдикми?
– Қаттиқ кетиб қолмаймизми? Всё-таки ёшлигидан катта қилганман.
– Мен фақат сизнинг безовта бўлмаслигингизни ўйлаб шундай дедим. Фақат пулини олдиндан берасиз.
– Жуда ишингга пухтасан-да. Майли, мен аввал ўйлаб кўрай, кейин сенга қўнғироқ қилиб, нима қилиш кераклигини айтаман, – дея Зулайҳо нарсаларини йиғиштир-ди-да, кетиш учун эшик ёнига боргач, жазманига ҳаводан ўпич йўллади.
– Ҳали тикувчиникидан битта кўйлак ҳам олишим керак, – дея аёл тўнғиллаганча ташқарига чиқиб кетди.
Зулайҳо уйига етиб борганида амалдор кийиниб, энди машина ёнига келган эди. Хотинининг шошиб кириб келаётганини кўрган Турғун Ғаниевич бир зум тўхтаб унга қараб турди-да, сўнг машинага ўтирди.
– Йўл бўлсин? – деди хотини унинг ёнига келиб.
– Хоним, сиз тоққа бориб келиб ҳам чарчамаган экансиз, мана, тўрт соатга яқин қаёқлардадир санқиб келдингиз. Ўйлаб қарасам, менда ҳам чарчоқ йўқ экан. Энди мен ҳам сиздайин шаҳарда гадой қопимни кўтариб бир айланиб келайин, – деди эр киноя билан.
– Биз гадой бўлиб қолибмизми? – деди хотин ҳам бўш келмасдан.
– Шунча вақт йўқ бўлиб кетганингиздан кейин сизни бошқа нима деб аташ мумкин? – деди Турғун Ғаниевич қовоғини уйиб.
Унинг гапи Зулайҳога қаттиқ ботди. Илгарилари Турғун Ғаниевич ҳечам бундай муомала қилмасди. Хотини қай маҳал уйига келишидан қатъий назар, "Яхши келдингизми, чарчамадиларми?" – дерди кулиб. "Отам ўлиб, тилинг ҳам чиқди, қарашларинг ҳам ўзгарди. Сен билан шунча йил битта ёстиққа бош қўйиб, энди кимлигингни билаяпман. Кўрамиз ҳали, бу айёрликларинг билан қаергача борасан?.. Ҳали анави кўнглинг кетган қизча ҳам керагича "мукофот"ини олади", – дея ўйлади аёл ва тез-тез юриб уйига кириб кетди. Унинг ортидан бироз қараб турган амалдор машинасини юрғазди.
Концерт саройи олдида дам у ёққа, дам бу ёққа югуриб юрган одамни кўрган Турғун Ғаниевич "Жиннипинни бўлганми бу?" дея хаёлидан ўтказди. Машинасини бир четга тўхтатиб, ўша одамнинг олдига боргач эса капалаги учиб кетди.
– Мамарасул! – дея бақирди у ақлини йўқотаёзган йигитга қараб. – Нима бўлди?!
Хўжайинини кўрган Мамарасул баттар довдираганча, унинг ёнига югуриб келди.
– Хўжайин… Хўжайин! – деди у ҳовлиқиб. – Қизингиз ҳозир келаман, деб ташқарига чиқувди, анчагача ичкарида кутиб ўтирдим, келмади…
– Ҳе, онангни… Бирга чиқсанг ўлармидинг, ифлос?! Топ тез, топмасанг терингни шилиб сомон тиқаман!
Амалдорнинг дўқ-пўписасидан Мамарасулнинг кўзидан ёш чиқиб кетди. У концерт саройининг ичига қараб югурди. Бу пайтда концерт тугаган, томошабинлар ташқарига чиқишга ошиқарди…
* * *
– Ҳозир тилингни орқангга тиқиб қўяман! – деди новча хизматкор Фаррухнинг яқинига бориб ва унинг юзига шапалоқ тортиб юборди.
Орқага тисарилиб кетган Фаррух қўлига ерда ётган кичкина тошни олди-да, новчага қараб улоқтирди. Новча-ку, энкайиб қолиб, келаётган тошга чап беришга улгурди. Аммо раис пешонасига тош келиб тегишини мутлақо кутмаган эди. У "уҳ!" дея ўтириб қолди.
– Нима қилдинг, мараз?! – деди ортига қараб, раиснинг пешонасидан оқаётган қонни кўрган новча.
– Ҳозир сениям абжағингни чиқараман! – деб бақирди Фаррух.
– Кўйинглар, қўйинглар! – югуриб келган Сайфи Фаррухни қучоқлаб олди. – Сен ёшсан, битта гапдан қол.
– Кўйвор мени! – дея Сайфига бақирди Фаррух. – Сенларнинг ҳамманг бир гўрсан.
– Онангни эмгурнинг боласи, тоза жонимга тегиб кетдинг-ку! – дея бўкирганча новча югуриб келди-да, Фаррухни тепди.
Йигит биқинини ушлаганча ерга қулади.
– Тегма унга! – дея хитоб қилган Марди чўпон отдан тушмоқчи бўлиб энгашган эди, гуп этиб ерга қулади.
У йиқилган жойда чанг кўтарилди. Буни кўрган Фаррух новча билан уришаётгани-ю, биқинида пайдо бўлган оғриқни ҳам унутиб, югурганча келди.
– Ота! – деди у кўзида ёш билан. – Ҳозир ҳаммасининг энасини кўзига кўрсатаман!
Марди чўпон қалтироқ қўли билан ўғлининг енгидан тутди.
– Қўй, – деди ота оғриқнинг зўридан афти буж-майиб, – улар билан тенг бўлма. Ҳамма нарсани олсин, уларнинг битта чўпиям бизга керакмас.
– Қамаласан! – дея бақирганча раис уларнинг тепасига пешонасидан оқаётган қонни қўлрўмолчаси билан артганча келди. – Умринг қамоқда ўтади.
Фаррух азбаройи отасининг бир оғиз гапидан кейин тишини-тишига босиб чидаб турди. Новча яна хезланиб келганди, уни раис тўхтатди.
– Индама, бу кўрнамакларни ҳали туғилганига пушаймон едираман, – деди у, сўнг Сайфига қараб: – Бор, қўйларни қўрадан чиқар-да, боқиб кел! – дея буйруқ бериб, ўзи машинаси томонга кетди.
Фаррух душманлари кетиб бўлгач, отасининг туришига ёрдамлашмоқчи бўлиб, қўлидан кўтармоқчи бўлганида, Марди чўпон инқиллаб юборди-ю, қўли билан "қўй, қўй" ишорасини қилди. Кейин бироз чуқур-чуқур нафас олиб ётгач, афти тиришиб-буришиб секин чўккалаб ўтирди. Сўнг бир муддат кўзини юмиб ўтирди-да, ёнида ўзига термулиб турган Фаррухга отни олиб келишни буюрди. Ўғли унинг айтганини бажаргач, Марди чўпон отнинг олдинги оёғини силаганча "чўк, жонивор, чўк", деди юмшоқ овозда. От думи билан устига қўнган чивинларни ҳайдаган бўлди-да, секин эгасининг ёнига ётди.
Буни унга Фаррух ёшлигида ўргатган эди. Аввал битта қанд берган, кейин "Ёт! Ёт!" теб тойчоқнинг бўйнидан босган. Бироқ ҳеч нарсага тушунмаган той унинг айтганини бажармаган, шунда Фаррух яна қанд билан сийлаган ва тағин ётишга даъват қилганди. Биринчи кун ҳеч нарсага эришилмади. Бироқ бир ой мобайнида шундай қилавергач, ахийри тойчоқ унинг амрига бўйсунган, бора-бора қанд ейиш умидида Фаррухни кўрди дегунча унинг ёнига ётиб оладиган бўлганди. Улғайгач эса фақат буйруқ берилгандан кейингина отларга хос бўлмаган амални бажарадиган бўлди.
Чўпоннинг ёнига ётган от умид билан Фаррухга қаради. Аммо эгасидан бу сафар "иссиқ"лик чиқмади. Шундай бўлса-да, от ўрнидан туриб кетмади.
Отасини бир амаллаб эгар устига қорни билан ётқизган йигит отни турғазди…
…Ҳовлисидаги чорпояда чордона қуриб ўтириб олган Мамаюсуф дўхтирга Фаррух: "Отам сизни чақираяпти", деб айтган эди, бирдан дўхтирнинг юзи ёришиб кетди.
–Отангга айт, ҳозир бораман, – деди у Фаррухга юмшоқлик билан ва "Ё бисмилло", дея ўрнидан тураркан, "Нима қиларкан, мени овора қилиб? Ўзи етаклаб келсаям биров уришмасди", деб тўнғиллаб қўйди. Кейин "Балки, "Қўйларнинг орасидан ўзингиз танлаб олинг, деб айтар", дея хаёл қилиб энтикиб қўйди.
Марди чўпоннинг ҳовлисига келгандан кейин эса унинг бирдан ҳафсаласи пир бўлди. Чунки атрофда биронта ҳам қўй кўринмас эди. Уй ичкарисида чўпоннинг кўрпатўшак қилиб ётганини кўргандан кейин дўхтирнинг фиғони фалакка ўрлади. Шундай бўлса-да, умид билан чўпоннинг ёнига келиб, у билан қуюқ саломлашди.
– Сизгаям роса дардисар бўлдик, – деди Марди чўпон, – энди ўзим йиқилиб ўтирсам денг…
– Бунақа йиқитадиган отнинг баҳридан ўтиш керак. Нима бўлди ўзи, қаерингиз оғрияпти? – дея қўй олиш умидини йўқотмаган кўйи Мамаюсуф дўхтир унинг қўл томирини ушлаб кўрган бўлди.
Чўпоннинг юраги тез урар, қон босими ошганди. Лекин дўхтир бунга парво ҳам қилмади.
– Ҳаммаси зўр, – деди у илжайиб, – энди, ака, сиздай бақувват одамга арзимаган касалликни деб ётиб олиш уят бўлади.
– Шу белим оғриб қўймаяпти-да, – деди Марди чўпон Мамаюсуфнинг мақтовидан кейин худди ҳеч қаери оғримаётгандек ўзини жиддий тутишга уриниб.
– Бу белнинг оғримаган пайти бормикан? Мана, менинг ўзимам ҳалитдан белангиман. Парво қилманг, ўтиб кетади. Фаррухбекка айтамиз, орқангизга яхшилаб қўй ёғидан суртиб қўяди. Сўнг бирон кило қўй гўштини қайнатма шўрва қилдиринг, эртасига ҳеч нарса кўрмагандай бўлиб кетасиз, – деди Мамаюсуф доноларча маслаҳат бериб. – Ҳалиги қўйни тоғдан олиб тушолмабсиз-да. Ҳечқиси йўқ. Бугун бўлмаса эртага Фаррухнинг ўзи етаклаб келар. Жа шошиб турган жойимиз йўқ.
Марди чўпон қизарди. Бир хаёли энди "Қўйдан умидингни уз", демоқчи бўлди. Лекин айтолмади. Тили бормади унақа дейишга. Мамаюсуф эса чўпоннинг қизарга-нини оғриқ азобига йўйганча ўрнидан туриб хайрлашдида, ташқарига чиқди. Ҳовлида бошини қуйи эгганча ўтирган Фаррухга чўпонга айтганларини такрорлади ва гапининг охирида қўйни эртадан қолдирмасдан олиб келишини тайинлаб, уйига равона бўлди. Фаррух дўхтирнинг қанақа қўй ҳақида гапирганига тушунмай, унинг ортидан қараганча қолаверди.
Чўпоннинг уйида қўй ёғи озгина топилди-ю, аммо гўшт топилмади. Ҳаммаси чайлада қолган эди. У ёққа боришга Марди чўпон Фаррухга рухсат бермади.
Қуёш энди-энди уфққа ёнбошлаган маҳал чўпоннинг уйи олдида милиция машинаси тўхтади. Ундан битта қориндор, иккита озғин милиционер тушиб, қийшайиб ётган дарвозадан ичкарига киришди. Бу пайтда Фаррух отасининг олдида хомуш ўтирар эди.
– Чўпон! – дея бақирди бақалоқ милиционер ҳовлига кирганидан кейин.
Фаррух деразадан ташқарига қараб, милиционерларни кўрди-ю, юраги шув этиб кетди. Бироқ отасининг "Ким келибди?" дегаи гапига "Билмасам", дея жавоб қайтарди-да, ўрнидан турди.
– Полвон, ўзингмисан? – деди бақалоқ Фаррух уйдан ташқарига чиққач.
– Қанақа полвон? – деди йигит ҳеч нарсага тушунмай.
– Отанг уйдами? – дея энди бошқа савол берди милиционер.
– Ҳа, уйда, – деди Фаррух истар-истамай.
– Бир кўриб кетгани келдик.
– Киринг, – дея Фаррух йўл бўшатди.
Унга тиржайиб қараган бақалоқ қорнини селкиллатиб ўтиб кетди. Иккита озғин милиционер эса бирданига унга ташланиб қолди. Фаррух уларнинг бундай қилишларини кутмаганди. Шу боис ҳеч нарса қилолмади. Унинг қўлини бир пасда кишанлаб ташлашди.
– Ана энди бўлди, – деди уйга кирмасдан даҳлиздан қайтиб келган бақалоқ, – биз билан ҳозир участкага борасан-да, нима ишлар қилганингни айтиб берасан.
– Отам касал, – деди аламидан қизариб кетган Фаррух.
– Ҳозир отангга сени олиб кетаётганимизни айтиб қўяман, – деб бақалоқ ичкарига бошқатдан кириб кетди.
Марди чўпон милиционерни кўриб ўрнидан туриб кегаёзди. Бироқ бирдан бошида қаттиқ оғриқ туриб, инқиллаб юборди.
– Маза йўқми, дейман? – деди бақалоқ сувоғи кўчиб кетган деворга қараб бошини сарак-сарак қиларкан.
Марди чўпон жавоб қилмади. Индамай шифтга қараб ётаверди.
– Ҳечқиси йўқ, ҳали кўрмагандай бўлиб кетасиз. Хўў-ш, ўғлингизнинг тоғда нима каромат кўрсатганини кўргансиз. Энди шу қилган ишлари учун биз уни олиб кетаяпмиз, – деди чўпонга ачиниб қараб қўйган бақалоқ.
– Олиб кетманглар. Худо хайрларингни берсин. Менинг ўзим раиснинг олдига бориб узр сўрайман, – деди чўпон паст овозда, кўзидан ёши оқиб.
– Фақат кечирим сўраш билан иш битиб қолмайдида, отам. Болангиз жиноят қилган. Жиноятчи эса жазоланиши шарт… Бўпти, майли, мен кетдим. Керак бўлиб қолсангиз, сизниям чақирамиз. Тезроқ соғайиб кетинг, – дея бақалоқ ортига бурилди.
– Ҳов, ука, тўхтанг. Олиб кетманглар, мен касалман! Ҳеч қурса эрталабгача шошманглар, у кетса мен ўлиб қоламан! – дея ялинди чўпон.
Аммо бақалоқ унинг гапига қулоқ ҳам солмасдан ташқарига чиқиб кетди.
– Болам, болам! – деганча инграётган чўпон эшик томонга эмаклай бошлади.
Марди чўпон белида қўзғалган қаттиқ оғриққа ҳам эътибор қилмади. Даҳлиздан ўтиб, ташқари эшиккача борди. Ўғлини судрашиб дарвозадан олиб чиқаётганларини кўрди.
– Ўғ… – дея олди холос, ота.
Отанинг боши шилқ этиб остонага тушди.
* * *
Моҳирўй ярим соатдан зиёдроқ у кўчадан-бу кўчага ўтиб юрди. Аввал бошда одамлар сероб эди кўчаларда, бора-бора улар сийраклашиб, ниҳоят онда-сонда биттаиккита одам дуч кела бошлади. Моҳирўй уларнинг би-ронтасита эътибор бермас, нуқул Фаррух ҳақида хаёл сурар, унинг ёнига кетиб қолгиси келарди. Жинси шимининг чўнтагига қўлини тиқиб кўрди. Бор-йўғи ўн сўмгина чикди. "Эсиз, кўпроқ олсам бўларкан", дея ўйлади у ва яна йўлида давом этаверди.
Бир пайт унинг кўзи ўзи томонга келаётган уч кишига тушди. Улар қадам олишидан мастларга ўхшарди. Бири катта кўчанинг у бошидан-бу бошига бориб ўтар, яна биттаси шеригининг елкасига осилиб олган. Моҳирўй қўрқиб кетди ва ортига бурилиб, бошқа кўчага кирмоқчи бўлди. Аммо бу ниятидан тезда қайтди. "Агар уларнинг ёнидан ҳеч нарсани кўрмагандай ўтиб кетсам, балки индашмас", дея ўйлади у ва қадамини тезлатди. Лекин у ўйлагандек бўлиб чиқмади. Йўлнинг у ёғидан-бу ёғига сайр қилиб келаётгани қизнинг рўпарасида тўхтади.
– О-о, жонидан, – деди у оғзидан ароқнинг сассиқ ҳиди анқиб, – зерикиб кўчага чиқдингми? Мана биз сенинг зерикишингни дарров йўққа чиқарамиз-да.
Моҳирўй унинг гапига эътибор бермай ёнидан ўтиб кетмоқчи бўлганди, шеригини йўл ёқасига ётқизиб келган иккинчи алкаш унинг йўлига ғов бўлди.
– Менимча, – деди у шеригига қараб, – бу қушча мен билан кукулашмоқчига ўхшайди.
– Уйимга кеч қолдим, акалар, – деди Моҳирўй ялинчоқ овозда. – Илтимос, ўтказиб юборинглар.
– Фигураси даҳшат-ку бунинг, – деди биринчи алкаш, Моҳирўйга тебраниб-тебраниб разм соларкан.
– Ўзиям жонингни суғуриб оладиганлар хилиданга ўхшайди, – деди иккинчиси. – Биринчи навбат меники бўлади.
– Милиса амаки! – дея қичқирди Моҳирўй уларнинг орқа томонига қараб.
Йўлтўсарларнинг иккови ҳам бирдан ортига қарашди. Вазиятдан фойдаланган Моҳирўй уларнинг ёнидан ўтдию, югуриб кетди.
– Ушла! – деб бақирди биринчи алкаш.
– Тўхта! – дея қичқирди иккинчиси.
Аммо уларнинг ҳар иккиси ҳам қизнинг орқасидан қувадиган аҳволда эмас эди. Шу боис беш-олти қадам югуришди-да, тўхташди. Сўнг иккаласи ҳам сўкина-сўкина ортларига бурилиб кетишди.
Моҳирўй нафаси бўғзига келиб қолгунча югурди. Охири чарчаб, қўрқа-писа орқасига қаради. Ҳеч ким қувиб келмаётганини кўргач, йўл четидаги дарахтлардан бирининг тагига бориб ўтирди. Кўзига жиққа ёш тўлди. Лекин йиғламади. Йиғлаб овоз чиқаришдан, яна биронта анави алкашларга ўхшаган шилқим эшитиб қолишидан қўрқди. Бироз ўтиргач, "Энди нима қиламан?" – деб ўйлади. У концертдан чиқиб кетиб ярим тунгача кўчада айланиб юрмоқчи, кейин уйига бормоқчи эди. "Агар шундай қилсам, хизматкор мени тополмайди, эвазига дадам унинг роса адабини беради", деб ўйлаган эди. Аммо ярим кечада шаҳарнинг ичида асосан маст-аластлар, кўчабезорилар санқишини у хаёлига ҳам келтирмаганди.
Қиз дарахт тагида ўтириб нафасини ростлаб олгач, аста ўрнидан турди-да, атрофга олазарак боққанча йўлга тушди. Бахтига, бу гал унинг йўлини биров тўсмади. Битта-иккита одам учради, лекин улар Моҳирўйга эътибор ҳам қилмасдан ўтиб кетишди.
У марказий йўлга келганида светофор тагида ўтирган икки аёлга дуч келиб қолди. "Нега булар бу ерда ўтиришибди?" – дея ўйлади у ҳайрон бўлиб ва аёлларнинг ёнига бориб салом берди. Ёши элликларга бориб қолган, юзини ажин босган аёл ҳар-ҳар замон инқиллаб қўяётган йигирма ёшлар атрофидаги жувонни қучоқлаб ўтирар, "Озгина сабр қил", дея далда берарди. Уларнинг иккиси ҳам Моҳирўйнинг саломини эшитмади чоғи, алик олишмади. Қиз қайтадан салом берди. Шунда кўзлари изтиробга тўла аёл йиғлаб юборгудек бўлиб унга қараб бошини қимирлатиб қўйди.
– Тинчликми? – дея сўради Моҳирўй уларга янада яқин бориб.
Шунда кўрдики, инқиллаётган жувон ҳомиладор экан.
– Сизларга ёрдамим керакмасми? – деди қиз даҳшатга тушиб.
– Қизим, – деди аёл йиғлоқи овозда, – боламнинг ой-куни яқин. Роддомга обормасам бўлмайди. Шу ергача базўр опкелдим. Мошиналарга қўл кўтарсам, тўхтаган уч-тўрттаси "Пул берсанглар обориб қўяман", дейди. Биз камбағал бечораларда бир сўм ҳам йўқ. Агар иложини қилсанг бир-икки сўм бериб кет. Мендан қайтмаса худодан қайтсин!
– Пулим бор, – деди Моҳирўй шошиб, – ҳозир ўзим мошина тўхтатиб бераман.
Жинси шим, юпқа елкалари спорт кийимида кўкраги бўртиб турган қизни кўрган биринчи машина бирдан унинг ёнида тормоз берди.
– Роддомгача олиб бориб қўйинг, пулини икки ҳисса бераман, – деди Моҳирўй эшикни очиб.
Бу гапни эшитган ҳайдовчи афтини бужмайтирди, қизнинг елкаси оша светофор остида ўтирганларга қаради ва бироз ўйланиб тургач, рози бўлди.
Туғруқхонага етиб борганларида, қабулхонада ўтирган ҳамшира: "Одам кўп, ётқизишга жой йўқ", деб пича тихирлик қилди. Моҳирўй дарров ёнидан беш сўм чиқариб, унинг чўнтагига солиб қўйганди, жой ҳам топилди, муомалаям ўзгарди. Шундан кейин ҳам Моҳирўй аёлнинг бир ўзини ёлғиз қолдирмай, жувоннинг кўзи ёришини кутиб ўтирди. Аёл беминнат ёрдам бераётган қизни дуо қилиб чарчамас, ҳар икки гапининг бирида унга яхши жойлардан ато қилишини Худодан тилар эди. Охири Моҳирўй бундай раҳматномалардан ноқулай аҳволга тушди ва гапни бошқа томонга буриш учун:
– Хола, кечирасиз, қизингизнинг эри бирон жойга кетганми? – дея сўради.
– Эй-й, қизим, – деди аёл бошидаги рўмоли билан кўз ёшини артиб, – бизлар асли шўрпешоналармиз. Оила қурганимдан бери бошим ғамдан чиқмайди. Аввалига раҳматли эрим билан яхшигина яшардик. Эскироқ бўлсаям мошинамиз бор эди. Бир куни эрим икковимиз шу мошинада меҳмонга кетаётиб аварияга учрадик. Эрим шу заҳоти жон берди. Мен дўхтирхонада ўзимга келдим. Лекин хаёлим кирди-чиқди бўп қолган экан. Битта бир ярим ёшли, битта уч ёшли қизимдан бўлак ҳеч кимим йўқ эди. Эрим икковимизам детдомда катта бўлгандик. Шунинг учун авариядан орттирган жароҳатларим тузалгач, дўхтирлар мени психбалнисага жўнатишди, қизларимни бўлса, детдомга топширишибди. У ерда мен узоқ қоп кетдим. Тузалганимдан кейин қизларимни олгани борсам, кичкинасини кимдир олиб кетибди. Ишқилиб, қизимни улар қийнаб қўйишмасин, деб эрта-ю кеч Худога ёлвордим.
Шу битта қизниям минг бир азобда катта қилдим. Мендай психбалнисадан чиққан одамга биров иш берармиди?! Бир сўм топиш учун қанча азобларни бошимдан ўтказмадим. Ўзимни неча марталаб ўлдирмоқчиям бўлдим. Лекин шу норасида гўдакни ўйлаб ниятимдан қайтдим.
Қизимнинг бўйи етганида бир бола: "Ўламан саттор, шу қизга уйланаман!" – деб туриб олди. Бемаза оиланинг боласи экан. Бермайман десам, "Бир куни келиб қизингизни ўлдириб кетаман, кейин ўзимниям ўлдираман", дейди. Қўрққанимдан бердим. Икки ойча улар яхши яшашди, кейин куёв ичкиликбозликни, бировларнинг уйига ўғирликка тушишни бошлаб юборибди. Бунинг устига, қизимни урмаган куни йўқ экан. Нима эмиш, Марҳабо жудаям чиройлимиш, қўшнилари унга кўп қарармиш. Яхшиям куёв беш ой деганда ўғирликда қўлга тушиб, қамалиб кетди. Бўлмаса қизимни уриб бир нарса қилиб қўярмиди…
Қизимнинг бўйида бўп қолган экан. Ўзим амал-тақал қилиб парваришлаб турувдим. Бирданига туғишига яқин қолганда оғриб қолсам бўладими? Қизим бечоранинг туғишига деб йиғиб қўйган тўрт беш-сўмимнинг ҳаммасини ўзимни даволатишга совурдим. Куни кеча касалхонадан чиқдим. Қўни-қўшнидан бир-икки сўм қарз оламан, деб ўйлагандим. Ҳеч ким бермади. Ҳаммасидан йигирма-ўттиз сўмгача олиб қўйгандик… Бахтимизга сен учраб қолдинг, – дея аёл яна кўзига ёш олди.
– Қўйинг, йиғламанг, – деди Моҳирўйнинг кўнгли бузилиб, – кўрасиз, ҳали ҳаммаси яхши бўлиб кетади.
Шундан кейин уларнинг суҳбати узилиб қолди. Моҳирўй Фаррух ҳақида ўйлар, унинг қалбида энтикишга ўхшаш бир туйғу пайдо бўлган эди. "Биз, – дерди у хаёлида ўзига-ўзи, – турмуш қурсак ҳаммадан бахтли яшаймиз. Ҳеч қачон бир-биримиздан ажрамаймиз".
– Қизим, – деб қолди бир маҳал аёл, – сўраганнинг айби йўқ. Қиз боласан. Бунинг устига кўзга яқин экансан, бир ўзинг қандай қилиб қўрқмасдан шу пайтда кўчада юрибсан?
– Уйимиз яқин, – дея ёлғон гапирди Моҳирўй, – спорт тўгарагига қатнашаман. Тренировкадан қайтаётиб сизларни кўриб қолдим. Аҳволингизни билганимдан кейин ташлаб кетгим келмади.
– Умрингдан барака топ, қизим, – деб аёл Моҳирўйнинг пешонасидан ўпди. – Тағин, қизим, сен бизга ёрдам бераман деб уйингдагилардан гап эшитиб қолмагин.
– Мен асли студентман, – деб қиз иккинчи ёлғонни бошлаб юборди, – дадамлар қишлоқда туришади. Менга бу ердан уй олиб беришган. Битта дугонам билан тураман. Уям ҳозир йўқ. Уйига кетган.
Моҳирўй ўзи тўқиб ташлаётган ёлғонларга ҳатто ўзи ҳам ишониб қолаёзди. Ичида "Қани, шундай бўлса", дея ўйлади.
Шу пайт ичкаридан ҳамшира қиз чиқиб келиб:
– Марҳабонинг яқинлари сизмисизлар? – дея сўради.
Аёл дарров ўрнидан туриб:
– Ҳа, ҳа, биз, – деди шошиб.
– Марҳабо ўғил туғди, табриклайман, – деди ҳамшира жилмайиб.
– Вой, айланайин-а, қутулиб олди, денг, ўзи тузукми, яхшими ўзи? – деди буткул довдираб қолган аёл.
– Бола соғлом туғилди. Лекин онасининг қони кам экан. Эртага эрталаб новвот олиб келинг. Кейин бизда бир-иккита дорилар йўқ, эртага дўхтирлар келгандан сўнг ёзиб беришади, униям олиб келиб берасиз, – деди ҳамшира ва бирон нимани кутгандай қараб тураверди.
Унинг ниятини сезган аёл саросималаниб қолди.
– Ҳалиги, ҳалиги, – деди нима қилишини билмай.
– Манавини бугунча олиб туринг, – дея Моҳирўй чўнтагида қолган сўнгги уч сўмни чиқариб ҳамширанинг қўлига тутқазди. – Қолганини эртага берамиз.
Ҳамшира индамай пулни олди-да, алланималар деб тўнғиллаганча туғруқхона ичига кириб кетди.
Улар кўчага чиққанларидан кейин Моҳирўй аёлни уйига таклиф қилмоқчи бўлди-ю, ёлғони фош бўлиб қолишидан, бундан ташқари уйида содир бўлиши кутилаётган жанжалдан қўрқди.
– Энди мен борай, – деди у аёлга қараб, – анча кеч бўлиб қолди.
– Мен билан юр, ёлғиз ўзинг экансан, биргалашиб тонг отқизардик, – деди аёл ундан кўзини узмай.
– Борардим-у, дарсларим бор, – дея навбатдаги марта ёлғон тўқиди Моҳирўй. – Ҳозир биронта машина ушлайлик, кейин сизни кузатиб қўяман.
– Қизим, бу ёғига энди ўзим етиб оламан. Шунча сени овора қилганим ҳам етар, – деди аёл синиқ жилмайиб.
– Барибир мен мошинада кетаман, бир йўла сизни ташлаб ўтамиз, – деди Моҳирўй ва йўлга чиқиб, ондасонда ўтаётган машиналарга қўл кўтара бошлади.
У уйига етиб келганида соат миллари тунги иккини кўрсатар эди. Онаси аллақачон уйқуни уриб ётар, Турғун Ғаниевич эса Мамарасулни калтаклайвериб чарчаб қолган бўлса-да, гоҳ уйга, гоҳ ҳовлига чиқиб тинимсиз сигарета чекар, милицияга телефон қилмоқчи бўлар, сўнг бирдан ниятидан қайтар, "Шундай одамнинг қизи йўқолиб қолибди", деган гап унинг учун тавқи лаънатдек туйилиб кетаверарди.
У Моҳирўйнинг дарвозадан кириб келаётганини кўргач, аввал бироз бўшашди. Сўнг яна асаблари таранглашиб, боягина хизматкорни савалаган қамчинни қўлига олди.
* * *
Мамаюсуф дўхтир эртасига эрталаб яна Марди чўпоннинг уйига келди. "Агар ўзим бориб ниқтамасам, буларнинг ўзлари билиб қўйни олиб келмайдиганга ўхшайди. Ишим битди, эшагим сувдан ўтди, деб ўйлашаяпти", дея хаёлидан ўтказиб келган дўхтир чўпоннинг ҳовлисига кирди-ю, эшик бўсағасида чўзилиб ётган Марди чўпонни кўриб қотиб қолди.
– Ҳов, – деди у киприклари пирпираб, – Марди ака, бу ерга нима қилиб ётибсиз?!
Бироқ бу саволга чўпондан жавоб бўлмади. У қимир этмасдан ётар эди. "Ўлиб қолганми нима бало? – дея ўйлади Мамаюсуф. – Ўғли қайси гўрда экан?"
– Фаррух! – деб бақирди у.
Бироқ унинг чақирувига ҳеч ким жавоб қилмади. Шундан кейин дўхтир юрак ютиб аста чўпон ётган жойга яқинлашди. Марҳумнинг боши устида ғуж-ғуж пашша визиллаб учар, бир қисм пашша эса чўпоннинг оғзидан оқиб, остонада қотиб қолган қонга қўниб, ўзларининг насибасини эртароқ олиш билан овора эди. Буни кўрган Мамаюсуф дўхтирнинг чўпон ўлиб қолганига шубҳаси қолмади. У аста-секин орқасига тисарилди, кейин эса ўгириласола тез-тез қадам босганча ҳовлидан чиқиб кетди.
Дўхтир кўчада дуч келган одамга чўпоннинг ўлиб ётганлигини, уйда ҳеч ким йўқлигини айтиб кетаверди. Бирпасда қишлоқнинг одами Марди чўпоннинг ҳовлисида тўпланди. Биров чўпонни икки кун аввал, бошқа биров бир кун аввал кўрганлигини айтди. Лекин саксондан ошган Баҳромқул бобо келмагунча жасадга тегинишмади. Шунчаки томоша қилиб, афсусланиб тураверишди. Фақатгина Мамаюсуф қийналди. "Кечанинг ўзида ўғлини етаклаб, тоққа бориб келсам бўларкан. Эсиз, қилган хизматим бекорга кетди", – дея ўйларди у.
Марди чўпонни (Баҳромқул бобонинг дўқ-пўписаларидан кейин) қишлоқ одамлари ювиб, кафанлашди, сўнг жаноза ўқишди-да, тезликда кўмиб келишди. Ўликнинг орқасидан ҳеч ким йиғлаб қолмади. Таъзияга йиғилганлар орасидан биронтаси чиқиб, худойиси фалон куни деб эълон қилмади.
* * *
Фаррухни машинага ўтқазишаёттанда у отасининг остонага эмаклаб келганлигини, сўнг чўзилиб қолганини кўрганди.
– Отам… Отамга бир нарса бўлди, қўйинглар, бориб кўрайин! – дея ялинди у милиционерларга.
– Ҳеч нарса бўлгани йўқ, ҳали кўришга улгурасан, – дея бепарво жавоб қилди бақалоқ.
– Акажон! – деди кўзидан ёш сизиб чиққан Фаррух. – Ҳеч қаерга қочиб кетмайман, бирга борайлик, отам ўзидан кетиб қолганга ўхшайди.
Аммо унинг илтимоси ҳавога учди. Бақалоқ унга бир хўмрайиб қараб қўйди-да:
– Ҳайда, – деди рулда ўтирган милиционерга.
– Агар, – деди титраб кетган Фаррух, – бирон нима бўлган бўлса, сени ўлдираман!
Бу гапни эшитиб бақалоқ орқасига ўгирилганча:
– Ўлдираман, дедингми? Сен-а? Ҳозир отделга етиб борайлик, ундан кейин кўрасан ким кимни ўлдиришини, – деди иржайиб.
Фаррух тишларини ғижирлатди. Қўлини мушт қилиб тугганча алам билан йўлга қараб кетаверди.
Орадан ўн беш дақиқалар ўтгач, бақалоқ тилга кирди.
– Сен, – деди у орқасига бесўнақай ўгирилиб, – раисни боплабсан. Баччағардан ҳамма қўрқарди. Сен бўлсанг, пешонасидан дарча очиб қўйибсан. Лекин у бақувват, илдизи узоқларга кетган. Шуниси чатоқ бўптида. Отинг Фаррухмиди? Ука, сен биздан хафа бўлма. Бизам буйруқни бажарадиган одаммиз.
– Ураркансан, – дея гапга аралашди ҳайдовчи, – қон чиқмайдиган жойига қўймайсанми? Бирдан чўзилиб қолмайдими! Кейин бизгаям шикоят қилолмасди.
– Ана кўрдингми, – деди унинг гапини маъқуллаган бақалоқ, – аканг нима қилишни билади. Кўпни кўрганда!..
Фаррух уларга бир оғиз ҳам жавоб қилмади. Унинг ўйхаёли отасида, ёнидагиларнинг гапини эшитмаётганди ҳисоб. У ҳатто "Машинадан сакраб тушиб қолсамми?" деб ҳам ўйлади. Аммо ёнида ўтирган милиционер қўлидан маҳкам ушлаб олгани, боз устига, кишанланганлиги бундай қилишига йўл бермасди.
Милиция бошқармасига етиб келганларидан кейин Фаррухни худди ўта хавфли жиноятчини тутиб келтиришгандай икки ёнидан иккитаси маҳкам ушлаб олишди. Бақалоқ билдирмайгина унинг биқинига бир мушт туширди. Сўнг маҳбусни тўғри терговчининг олдига олиб киришди.
– "Тоғ бургути" келибди-ку, – деди қотмадан келган, пешонаси кенг, бурни узун киши Фаррухни кўрганидан кейин. – Аввал яхшилаб "ювинтириб-чайинтириб" оламизми ё бирдан терговни бошлайверамизми?
Фаррух унинг гапига тушунмади. Шу боис индамай қараб тураверди.
– Овсарми дейман бунинг? – деди терговчи бақалоққа қараб.
– Келгунча яхшигина сайраб келаётганди. Сизни кўрганидан кейин дами ичига тушиб кетди шекилли, ўртоқ командир, – деди бақалоқ кулиб.
– Бургутлар осонлик билан жон берадиган қушлар тоифасига кирмайди. Улар анча мағрур бўлишади. Лекин биз керак бўлса йўлбарсни ҳам қўлга ўргатамиз, – дедида, терговчи Фаррухнинг ёнига келиб, унинг елкасига қоқди. – Шундайми?
Фаррух яна унга ҳеч нарса демади. Беш-бегона одам-нинг елкасига ургани асабини қўзғатди. Шундан кейин терговчи жойига бориб ўтириб, бақалоққа жавоб бериб юборди. Фаррухга эса ўзининг қарама-қарши томонидаги столга ўтиришни буюрди.
– Қани, раис билан ораларингда нима бўлганини битта қолдирмай менга айтиб бер-чи, – деди терговчи тортмасидан сигарета олиб лабига қистираркан.
– Ўзларидан бўлди, – деди ниҳоят Фаррух тилга кириб.
– Ўзлариданми, сенданми, нима фарқи бор? Бир бошдан гапиравер.
Фаррух нима деярини билмай терговчига қараганча қотиб тураверди.
– Нега менга бақраясан? – деди терговчи унга хунук қараш қилиб. – Саволимга жавоб бер. Мен сен валакисаланг билан эзмаланиб ўтирмоқчимасман.
– Аввал улар менга қўл кўтаришди. Кейин мен… Тошни раисгамас, анави новчага отгандим, – деди Фаррух бошини эгиб, кейин тағин отаси ёдига тушиб қолиб, ялинди: – Командир ака (бақалоқ шунақа деб атагани учун унинг оти бўлса керак, деб ўйлаганди), отамнинг мазаси йўқ, менга ҳозирга рухсат беринг, борай. Анавилар мени қўйиб юборишмади.
– Отангнинг мазаси йўқ? – деди терговчи уни мазах қилиб. – Нима қилай шунга? Отангни ўйларкансан, бировга кучингни кўрсатмагин эди.
– Мен биринчи бўлиб урмадим, дедим-ку сизга! – деди жаҳли чиқиб кетган Фаррух овозини бир парда кўтариб.
– Битта шапалоққа ўлиб қолдингми? Катта одам бўлганидан кейин уради-да. Сен бўлса унинг пешонасини ёргансан. Бунинг учун неча йилга кетасан, биласанми? Камида ўн йил. Ўша мазаси йўқ отанг срогинг тугагунча борми-йўқми, худо билади, тушундингми?! Кейин иккинчи бу ерда бақирганингни эшитмайин,– деди терговчи кўзлари олайганча сигаретасини кулдонга асабий эзар экан.
Отаси ҳақидаги гап Фаррухнинг суяк-суягидан ўтиб кетди. Бошқа пайт бўлганида шундай дегани учун бу одамнинг жағини эзиб қўйган бўларди.
– Қулоғинг том битганми? Тушундингми? —дея яна терговчи овозига зўр берди.
– Ўзингиз ҳеч нарсани тушунмаяпсиз-ку! – бақириб юборди Фаррух ҳам ўзи билмаган ҳолда.
Терговчи ўрнидан туриб кетди.
– Нима дединг? Тилинг бурро экан-ку, а! Соқчи!
Шу заҳоти эшикдан милиция формасидаги бақувват йигит кириб келди.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?