Текст книги "Бахтнинг олис манзили"
Автор книги: Нуриддин Исмоилов
Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 4 (всего у книги 20 страниц) [доступный отрывок для чтения: 7 страниц]
– Ҳалитдан ухлаб қолмагин, – деди у ялинчоқ овозда, – бир ўзим қийналаман дастурхонни йиғиштиришга.
Рости, унга ичим ачиди. Бир ўзининг бўйнида қанча иш бор? Ҳаммасини саранжом-саришта қилиши керак. Жонига тўзим берсин бу аёлнинг.
Ҳартугул, меҳмонларнинг базми узоққа чўзилмади. Қиқирлашиб, хохолашиб, бир-бирини суяб меҳмонхонадан чиқишди.
– Анави йигитнинг гули қаерда? Ҳеч қурса, хайрлашайин.
Бу Гуляхоннинг овози эди. Дарров ўзимни панага олдим. Индира опа рус тилида алланималар деди. Шу билан енгилтак жувоннинг уни ўчди.
Дастурхонни йиғиштиришнинг ўзига икки соатдан мўлроқ вақт кетди. Сора опа иккаламизнинг қўлимиз қўлимизга теккани йўқ. Оёғимни судраганча хонамга бориб, ечинишгаям ҳолим келмай каравотга чўзилдим. Билмадим, қаймаҳал, бошимни, елкамни, кейин қўлимни биров силагандай бўлди. Қулоғимга иссиқ нафас урилганини ҳам сездим. Туш кўраяпман, шекилли, деб ўйладим. Силаётган қўл ҳаракати аста-секин тезлашиб, оёқларимда ҳам бурга ўрмалагандай бўлди. Уйғониб кетдим. Лекин кўзимни очишга қўрқдим. Қуённинг терисини шилгандай кийимларим бирма-бир танамни тарк эта бошлади, шундан сўнг хавотирланиб ўгирилдим. Ва мутлақо кутилмаганда қайноқ, хаёлни жинкўчаларга олиб қочув-чи лабга лабим туташ келди…
Қилиб қўйган ишимни ғишт қолипдан кўчганидан кейингина англаб етдим. Умримда ҳали бундай ишга қўл урмагандим, довдираб қолдим. Қўйнимда кўзларини юмиб пишиллаб нафас олаётган Нигорага ҳадиксираб қарадим. Сочларини силадим-да:
– Мени кечиринг, билмасдан…
– Жиннивой, – деди гапимни бўлиб, – ўзим келдим-ку!
Пичирлаб айтилган бу гапда эҳтирос шунчалик сингишиб кетгандики, мойдай эриб кетдим…
Одатдагидан анча кеч уйғондим. “Коньякка шоколад закуска қилгандим, Гулянинг қилиқлари баттар қўзғатиб юборди. Чидолмадим, келавердим”, деган гап қулоғимдан кетмаётганди. Шу гапни эшитгим келиб, жойимдан тургим келмасди. Аммо Индира опа эсимга тушиб, бирдан сергак тортдим, апил-тапил кийиниб, ювиниб, таш-қарига отилдим.
Ҳовлиққаним бекор кетди. Сора опанинг гапига қараганда, “малика” саҳарлаб қаергадир кетибди машинасини миниб.
Эшитиб иржайдим, яна бироз ухламаганимдан афсусландим.
Бундай пайтда Маҳкам ака ҳам уйда бўлмас, дарсга кетарди. Нигорани кўргим келди. Сора опа тайёрлаган нонуштага ҳам қарамай, иккинчи қаватга кўтарилдим. Хаёлимдан: “Хонасига кираман-у, пари-пайкарнинг кўрпасини секин тортаман, бурнини бармоғим билан чимдийман, у уйғониб кетади, сўнг: “Сизмидингиз?” – деб жилмайиб кўзини очади, кейин мени оҳиста қучоқлайди ва ҳоказо… ва ҳоказо”, деган ўйлар кечди. Аммо на кечаси қилиб қўйган ишим ва на бунинг оқибати хаёлимга келади. Унинг: “Ўзим келдим-ку, жиннивой!” – деган бир оғиз гапи далда бўлиб, хавф-хатарни унутгандим.
Нозаниннинг хонасига кирдим. Оёқ учида юриб каравоти ёнига бордим. Ўйлаганимдай кўрпасини бироз тортдим. Оппоқ бадани кўриниб, юрагим бўғзимга тиқилди.
Аввал унинг қоши чимирилди, кейин кўрпанинг ичидан бир қўлини чиқариб, пашшани қувмоқчи бўлгандай сермади. Афтидан, пашша айёрлик қилиб, тутқич бермай жуфтакни ростлади. Париваш эса, яна бир маромда нафас ола бошлади. Аммо хира пашша тағин ҳунарини давом эттирди. Шунда гўзал жаҳл билан кўзини очишга мажбур бўлди.
– Ҳимм, – деди Нигора афтини бужмайтириб, – сизмидингиз? Нима керак, нега кирдингиз бу ерга? Чи-қиб кетинг.
Мен ҳайкалдек қотиб қолдим. Бир зум хаёлларим бошимдан тўзғиб, гарангсиб қолдим. Туни билан қўйнимда тўлғонган бу жонон нега бунча ўзгариб қолди? Ёки мен туш кўрдимми, ҳаммаси тушимда бўлдими? Унда нега бу ерда серрайиб турибман? Энди бу қизнинг бетига қандай қарайман? Яна онасига айтиб берса-я.
– Ҳалиям қаққайиб турибсизми, ойимларни чақирайми? – деди эринчоқлик билан кўзини очиб менга тикилган қиз.
Мен ҳар қанча довдираб, ҳаяжонланиб турган бўлсамда, қизнинг хонасини тарк этишга мажбур эдим. Шундай ҳам қилдим. Энди тунги воқеалар туш эканига ишон-чим комил эди. Бироқ кўнгилнинг бир чеккасида алланима бордай. Шу сабаб, хонамга кириб, каравотимни бир қур назардан ўтказишга қарор қилдим.
Ажабо, ёстиғимдан хушбўй атир ҳиди келар, устида уч дона узун соч толаси чувалашиб ётарди. “Ким кирганди бу ерга? – ўйлай бошладим. – Нигорами ёки… Анави Гуля Индирани чалғитиб, мен ухлаганимдан кейин қайтиб келиб… Икки соатдан зиёд вақт ўтувди-ку. Унгача у қаерда эди? Уйда бўлса, нега мен уни кўрмадим? Ё Индира опанинг ўзи… Бўлиши мумкин эмас, дарров сезардим. Нигора… Нигора… Мен унинг овозини эшитдимку, шивирлашлари ҳалиям қулоғим остида жаранглаб турибди-ку. Нега унда у ҳозир мени ҳайдаб чиқарди? Шунча иш бўлганидан сўнг йиғламайдими, қовоқлари шишиб кетмайдими, “Мени ташлаб кетмайсиз-а?” – деб ялиниб-ёлвормайдими?” Миямда ўралашиб, чарх уриб айланаётган саволларнинг ҳеч бирига жавоб тополмасдим.
Тушга яқин Индира опа қайтиб келди. Қовоғидан қор ёғади. Авзойини пайқаб кўзига кўринмаслик учун узоқроқ юрдим. Лекин туяқушга ўхшаб тумшуғимни қумга тиққаним билан иш битмади, унинг ўзи ёнига чақириб қолди, тағин ётоқхонасига. Шунгача Индира опа бирор марта мени ётоғига чақирмаганди. Ичимдан зил кетди. “Нигора сотганга ўхшайди”, деган фикр ўтди миямдан. Адашмаган эканман. Нигора у билан ёнма-ён икки кишилик ўриндиқда ўтирарди.
– Қани, мана бу ёққа ўтиринг-чи, эркак! – деди Индира опа бироз киноя ҳам дағал овозда курсини кўрсатиб. – Сиз билан би-ир гаплашиб қўяйлик.
Қизариб-бўзариб у кўрсатган жойга чўкдим.
– Қишлоқда мактабга борган бўлсангиз керак-а, – дея гап бошлади аёл ва қўлидаги бир парча қоғозни кўрсатди, – манавини ўқишни биларсиз. Ёки ўзим ўқиб берайинми? Ҳа, шундай қилганим маъқул. “Туман прокурори номига ариза. Мен – Эгамназарова Нигора, ариза ёзишимдан мақсад шуки, Толипов Нодир исмли йигит бугун, яъни 28 июль куни мени алдаб номусимга тегди, топтади. Бир умрга шарманда қилди. Оилам, қўни-қўшнилар олдида бошимни кўтаролмай қолдим. Эрта бир кун турмушга чиқсам, қай аҳволга тушишимни ўйлаб, ҳозирдан қўрқиб кетаяпман. Ўзимни ўлдириш пайида юрибман. Агар сизлар бу жиноятчини тезда ушлаб қамамасангиз, мен шармандаликка чидолмай, ўзимни бир нарса қилиб қўяман”.
Индира опа қоғозда ёзилганларни ўқиб бўлгач, менга ўқрайди. Оёғимгача титраб кетдим. Буни кобра сезди, албатта.
– Зўрлаганга қанча беришини биласизми, эркак?! – деди яна киноя билан.
Мен гунгу кар эдим. Сурдо тилида бўлса ҳам, барибир, ҳеч вақони тушунмасдим. Безрайганча қараб туравердим.
– Менга қара! – деди у ва ўзига ярашмаган чаққонлик билан ўрнидан сапчиб туриб ёнимга келди. – Агар бу иш билан қамаладиган бўлсанг, турмада ўтирганлар сенинг ўзингни хотин қилиб ташлашади. Буниям эшитмаган бўлсанг керак!
Мендан садо чиқмади.
– Ўлиб-пўлиб қолдингми?! – дея бақириб, Анаконда қўлимдан ушлаб силтай бошлади. Шундан кейингина мен ўзимга келдим ва важоҳатидан ит қўрқадиган Индира опага тикилиб:
– Мени кечиринг, – дея олдим, холос.
– Вой, манавининг гапини қара, – деди у қизига, – мени кечиринг эмиш. Қанақа қилиб кечираман? Кечирсам, Нигоранинг номуси тикланиб қоладими?! А-а, тикланиб қоладими?!
Худди шу маҳал Нигора ўхшатиб “оҳ” тортдики, ичим тўкилиб тушай деди.
– Уйланаман, – дедим бошимни эгиб, – ўзи унга уйланиш ниятим бор.
– Ия! – бақириб юборди Нигора сапчиб туриб. – Уйланаман?! Менга-я! Ўлиб қоламан ҳозир, чидолмайман. Қаёқдаги хизматкор менга уйланармиш!
У бу гапларни шунақанги шўх овозда айтдики, ҳеч ким бу қизни номусидан айрилиб қайғу гирдобига тушган, деб ўйламасди.
– Менга уйланадиган одам, биласизми, қанақа бўлиши керак? – деди у ёнимга келиб энкайганча бурнини бурнимга теккизгудек бўлиб. – Менга мана шу хонани тўлдира оладиган даражада пули бор одам уйланади, яхши йигит.
– Нигора, ўзингни бос! – деди овозига зўр бериб Индира опа.
Нигора бошини кўтариб, Индира опага норози қиёфада қараб қўйди.
– Балки Нодирнинг шунча пул топишга қурби етар, – дея дарров юмшади Индира опа қизининг норози нигоҳига эътибор ҳам бермай.
– Топ… Тополмайман, – дедим мен.
Ўша пайтда рангимда ранг қолмаган бўлса керак. Тўғрида, бир уй пулни қаердан топаман? Тополганимда, бу ерларда юрармидим бировнинг қўлига қараб.
– Мен йўлини кўрсатаман, сиз олиб келасиз. Ундан кейин, ажабмас, манави ҳурлиқони никоҳингизга олсангиз, —илжайди Индира опа. – Ўзи бу қизни яхши кўрасизми?
– Ҳа, – дея бошимни қимирлатиб Нигорага бир қараб олдим ва унинг энсаси қотаётганига гувоҳ бўлдим.
– Унда келишдик. Сизга визов бор. Чет элдан. Мен бугун бориб визангизниям гаплашиб келдим. Хў-ўш, эртага тайёр бўлади. Индинига қанот қоқиб, чет элга учиб кетасиз. Борасиз-да, бир самолёт пулни олиб, ортингизга қайтасиз Ундан кейин – тўй. Нигорахон қучоғингизда. Қалай?
Мен ҳангу манг эдим. Бораман, бир самолёт пулни оламан, ортимга қайтаман, тўй. Бунча осон. Агар шунақа бўлса, ҳозироқ учиб кетсам бўлмасмикан?.. Индира опанинг гаплари жиддийдай туйилмади. У устимдан кулаётгандек эди.
– Хўш, нима дейсиз? Розимисиз ёки қамалиб кетаверасизми? Мен бу таклифни Нигора сизни ёқтириб қолгани учунгина айтаяпман. Бўлмаса, ҳозир милисахонада бўлардингиз.
Рози бўлишдан бошқа иложим йўқ эди.
Розилигимдан кўпроқ Нигора қувонди. Қувонмасинми? Тунда ўзи хоҳлаб қўйнимга кирган бўлса-ю, кейин бир дунё молу мулкнинг эгасига айланса! Шубҳасиз, мен олиб келадиган пулнинг тўқсон тўққиз фоизига Индира опа эга чиқади. Содда бўлсам ҳам, бунисига ақлим етади. Ҳар қалай, гўдак эмасман-ку.
Нигора қўлимдан тортиб ўрнимдан турғазди ва онасининг кўз олдида уялмай-нетмай бўйнимга осилиб, лабимдан ўпишга тушиб кетди. Мен ерга кириб кетаёздим ва қизни ўзимдан нари итардим.
Индира опа кулди.
– Нигорахоннинг ўзиям анча шўх қизлардан-да, лекин шўхлиги ўзига ярашади, – деди.
Бу гап қизни руҳлантириб юборди, шекилли, тағин яқинлаша бошлади. Нима бўлган тақдирда ҳам, унинг истагини бажаришга юзим чидамасди. Шунинг учун ташқарига чиқиб кетдим.
Хонамга кириб бироз ўзимни босиб олиб, бўлиб ўтган гап-сўзларни хаёлимда тиклаб, ўзимча таҳлил қила бошладим ва: “Нигора мени севар экан”, деган хулосага келдим. Эҳ, пишмаган калла! Ахир, ўшанда улар осонгина бўйнимга қанча нарсани илиб қўяётганлари кундай аён эди-ку.
Кейинги кунларим хушчақчақ ўтди. Ҳеч ким менга ҳеч қандай иш буюрмади. Нигора доим ёнимда, ниҳоятда юмшоқ, менга меҳрибон, худди хотинимдай муомала қилар, иложи борича зериктирмасликка уринарди. Мен эса мойдай эриб, лаззат оғушига бутун борлиғим билан кириб кетибман-у, вақт ўтганини сезмабман.
Бир куни Индира опа қандайдир идорага олиб борди. У ерда савол-жавоб бўлди. “Таиландга нега бораяпсиз? Неча кун бўласиз? Қайси тилларни биласиз? Ким сизни кутиб олади? Дўстингизнинг кетганига кўп бўлдими?” Индира опа аввалдан бу саволларга мени тайёрлаб қўйганди. Шу боис, тутилмай жавоб беравердим.
– Яхши, – деди мени сўроққа тутган костюм-шимли, оқ кўйлак устидан бўйинбоғ таққан қирқ ёшлар чамасидаги киши қўлимни сиқиб, – сафарингиз бехатар бўлсин.
Индира опанинг қувончи чек-чегарасиз. Машинага етиб келгунимизча бўйнимга осилиб, беш-олти марта ўпиб қўйди, кейин маҳкам бағрига босиб елкамга қоқди-да, рулга ўтириб машинани юрғазди. Пул жуда-а кўп бўлса керак, деб ўйладим, акс ҳолда, опа менга бунчалик ялтоқланмасди. “Майли, кўп бўлгани яхши, машинадан тушираётганимда озгинасини амал-тақал қиламан”. Бироздан кейин бу хаёлимдан ўзимнинг кулгим қистади: Мен шунча пулни олиб келаман, машинага ортаман-у, ҳеч ким билмайдими? Менинг чет элга бориб келишимдан бошқа мақсад кўзланаётгандир-ов. Агар пул бўлган тақдирда ҳам бизники эмас, мен охирги пайтларда кўп эшитаётган доллар бўлса керак. Айтишларича, озгина долларга ҳам кўп нарса сотиб олса бўларкан.
Шундай ўйлар гирдобида уйга етиб келганимизни ҳам сезмабман.
Ўша кундан бошлаб менга эътибор кучайди. Бир-икки марта Нигора билан концертга ҳам тушдик. Ҳа-а, одамлар дам олишни билишаркан. Менга ўхшаганлар бўлса, уйқуни дам олиш, деб юрган экан-да.
Шундай кунларнинг бирида кутилмаганда Индира опа билан Нигоранинг сирли гапларини эшитиб қолдим. Улар Нигоранинг хонасида ўтирганди. Кечикиб келиб қолдим, шекилли, суҳбатнинг ўртасидан бошлаб эшитдим.
– Кутилганича бўлмади, – нолиди Индира опа, – бор-йўғи еттитага сотдим.
– Яхши-ку, – эътироз билдирди Нигора, – олдингисини тўрттага сотдим дегандингиз.
– Унинг ёши анча катта эди-да. Кейин тез пуллаб юборгандик. Сен ҳам бор-йўғи тўртми-учми оқшомни ўтказгандинг. Харажат кам бўлувди. Бунинг еб-ичганларини ўзинг кўрдинг… Майли, борига шукур.
– Опа-а, ўқишимни ҳалиям тўғриламадик-ку…
– Айтдим-ку, унисидан хавотир олма, деб. Олдинги сафар бир кун ҳам ўқимаган эдинг, лекин сессиянгни тўлиқ ёпиб бердим.
– Битта “дум” қолиб кетган, шуни деб отчисленияга тушиб ўтирибман.
– Яна бир-икки ҳафта сабр қилсанг, ҳаммаси зўр бўлади.
– Опа, ундан кейин анави, – дея чуқур уҳ тортди Нигора, – яна кўнглим айнияпти.
– Обб-о-о, нима бало? Ёнингдан ўтиб кетса ҳам, бўп қолаверадими? Яна харажатми, сен бўлсанг яхши сотилибди, дейсан. Мана шуларни ҳисоблаб чиқсанг, биласанми, қанча пул кетяпти? Одам эҳтиёткор бўлади-да. Йўли бор-ку.
– Билмасам… Ҳаракати жа кўп бўп кетаяпти-да.
– Ўзинггаям ёқиб қолганга ўхшайди… Майли, буниси охиргиси. Яна такрорланадиган бўлса, ўзингнинг бўйнингга қўяман.
Шу ерда сирли гаплар тугади. Улар бошқа мавзуга ўтишди. Менинг эса буткул бошим қотди. Индира опа нимани, қанақа қилиб сотган? “Еб-ичишлари”, дегани нимаси, бирор ҳайвонни айтяптими? Лекин Нигора нега уч-тўрт кечани ўтказади?.. Сессия, отчисления… Тўғриси, бунақа гапларни энди эшитиб турганим учунми, ҳеч балога тушунмадим. Лекин Нигоранинг кўнгил айниши мени баттар ўйга чўмдирди. “Бирорта ёмонроқ нарса еб қўйдими? Унда катта харажат қилишга ҳожат йўқ. Бириккита дори ичса, қолади-ку”. Бунинг учун Индира опа уни койиши жуда ғалати… Ҳа айтганча, Нигора Индира опани “ойи”, демади-я. Ҳар доим “ойи” деб чақирардику! Бунисиям қизиқ!
Эшикдан секин узоқлашиб хонамга бордим. Каравотимда шифтга тикилганча ётиб, тағин уларнинг гапларини мулоҳаза қилдим. Нуқул бир нарсани ўйлаб ётавериш зериктирди. Эшитганларим шунчаки гапдай туйилиб, шу кўйи ухлаб қолибман.
Орадан икки кун ўтиб, Индира опа қўлимга самолёт чиптасини тутқазди, юзимдан ўпиб қўйди ва бугун оқшом учишимни айтди.
Мен сафарга тайёргарлик кўрмадим, ҳисоб. Кийим, егуликларни Сора опа сумкамга жойлаб қўйди. Ўзим Нигора билан овора бўлдим. У билан анча-мунча шўхликларни “хотирага михлаб” қўйганимиздан сўнг, жоду маликаси бўйнимдан қучиб:
– Мен сизни соғинаман. Тезроқ келинг, – деди.
Ўзимни урушга кетаётгандек, Нигорани эса эрини кузатаётган аёлдек тасаввур қилдим. Маҳкам қучоқлаб, со-чларидан узоқ ҳидладим…
Шаҳар ўртасидан кесиб, ер ости йўлидан ўтганимиздан сўнг, Индира опа машинани йўл четидаги чиройли кийинган, бир қўлида қоп-қора дипломат кўтарган киши ёнида тўхтатди ва уни ҳам миндириб олди. Мен орқа ўриндиқда ўтирардим. Бегона одам Индира опанинг ёнидан жой олди. Улар ўпишиб кўришди.
– Это он? – деди бегона киши ортига ўгирилиб менга қўлини узатар экан.
– Тот самий, – машинасига газ берди Индира опа.
– Меня зовут Валерий, – деди бегона.
Мен унинг нима деганини тушундим. Исмимни айтдим. Валерий ҳам кулди ва менинг англашим у ёқда турсин, тилим ҳам буралмайдиган сўзлар билан Индира опага гапирди. Опа хохолаб юборди. Мен бўлса бўзрайиб ўтиравердим. Худди гунг-соқовлардай.
– Нодиржон, – деди бироздан кейин Индира опа йўлдан кўзини узмай, – Валерий сизга ҳамроҳлик қилади. Унинг гапидан чиқманг. Ўзингизча бир нарсалар қиламан, деб юрманг. Уқдингизми?
– Ҳа, – дедим мен бош ирғаб.
Шундан сўнг улар рус тилида гаплашиб кетишди. Бошда қулоқ солдим, бирор нимани англашга уриндим. Аммо уринишим бесамар кетди. Кейин хаёл суриб кетдим. “Агар самолётда чет элга учишимни, яна пул олиб келишимни отам эшитганида борми, осмонга сакрарди. Қўни-қўшниларга: “Мана, ҳамманг шу пайтгача мени лақма деб, устимдан кулиб келдиларинг. Лекин бирортангнинг боланг шу лақманинг улича бўлмади-ку”, деб мақтанарди”. Ўйлаган ўйларимдан кўнглим кўтарилиб, ўзимдан ўзим хурсанд бўлиб кетдим. Қувонишга арзийдиган иш бўлаяптида ўзиям. Ҳадемай мен ҳам бойлар қаторига қўшилиб қолсам, ажабмас.
Машина аэропортга етиб тўхтади. Индира опа самолётгача кузатиб қўйса керак, деб ўйлагандим. Бироқ у уловидан тушмадиям. Ортига ўгирилиб, мени ўзига тортиб ўпиб қўйди-да:
– Омад ёр бўлсин, – деди, холос.
Машинадан тушиб Индира опага қарадим. Унинг ёнидаги ўриндиқда қоғозга ўралган бир нарсага кўзим тушди. Минаётганимда ҳеч вақо йўқ эди. Ғалати бўлиб кетдим. Негадир бундан икки кун аввал опа билан Нигоранинг қандайдир савдо-сотиқ ҳақида гаплашгани хаёлимга келди. “Мени савдога қўйган бўлмасин тағин”, деган ўй яшин тезлигида хаёлимга келди.
Валерий қўлимдан ушлаб, аэропорт томонга етаклаганда бу хавотир мени тарк этди.
Аэропортга биринчи маротаба кираётганим боис, мени жиҳозлару залнинг кенглиги – салобати босди. Андак ҳаяжонландим, аммо бу ҳаяжон тезда ўтиб кетди.
Учта жойда текширувдан ўтказишгач, самолётга чиқдик. Мен дераза ёнидаги ўриндиққа ўтирдим: осмонга кўтарилганда тепадан ерни томоша қилмоқчийдим.
Самолётнинг ичи (“салон” дейишаркан) аввал менга анча-мунча қизиқ туйилди. Қулоқни қоматга келтириб гуриллаган овоз чиқариб, самолёт жойидан силжий бошлагунча салонни томоша қилдим. Очиғи, жиҳозлару юмшоқ ўриндиқларни кўриб, шуларни одам боласи ясаганига ақлинг бовар қилмайди. Масалан, мана, мендаям саватдай бўлмаса-да, ҳар қалай, бундайроқ калла бор; иккита кўзу иккита қулоқ ҳам ишлаб турибди. Бошқалардай ейман, ичаман, оёғим билан юраман, қўлим ҳам қараб турмайди. Тўрт мучам соғ. Лекин самолётнинг ўзи у ёқда турсин, унинг ўриндиғидаги қоплагичлар нимадан, қандай тўқилганини билмайман. Аммо буни биладиганлар озмунчами? Ҳатто шуларчалик ҳам бўлолмаганман-а! Бундай ўйлаб қарасам, қўлимдан ҳеч вақо келмас экан. Тўғри, кетмон чопишни, экин экишни қойиллатмасам ҳам, уддалайман. Аммо ҳозир айни чоғда кўриб турганларим олдида бу юмушлар ҳеч нарсага арзимайди. Назаримда, дунёда ҳамма ақлли, фақат менинггина каллам ишламайдигандай…
Самолёт учди. Мен думалоқ ойнага ёпишдим. Тепадан туриб, ерни томоша қилишнинг гашти бўлакча экан, худди мен ердан бир неча баробар катта қурилмада учиб кета-ётгандайман. Бинолар, дарёлар, кўкаламзорлар аста-секин майдалашиб, харитадаги чизиқларга ўхшаб қолаётир. Лекин томоша кўпга чўзилмади. Самолёт булутларни ёриб учиб, уларнинг тепасига чиқиб олди. Тагимизда яккамдуккам, баланд-паст қор ёки пахта уюмига ўхшаш оппоқ булутлар сузиб юрибди. Менимча, Антарктика шундай бўлса керак. География ўқитувчимиз тушунтирганда мен худди шундай тасаввур қилган эдим. Бошида булутларни мароқ билан томоша қилаётгандим, кейин зерикдим. Ёнимга қарадим. Валерийнинг кўзи юмуқ, ухлаяпти. Мен ҳам ухламоқчи бўлдим. Лекин улгурмадим. Кичкина аравачасини судраб хизматчи қиз келиб қолди (буни қарангки, унинг стюардессалигини ўша пайтда билмабман. Қачонлардир улар ҳақида эшитган эдим. Аммо калламга келмаган).
Валерий ўзини ухлаганга солиб ўтирган экан. Дарров кўзини очди. Қизга рус тилида алланималар деди илжайиб. Сўнг у олиб келган егуликларни, олдимиздаги ўриндиқнинг орқа томонига ўрнатилган столчани очиб, устига қўйди. Мен ҳам унинг ҳаракатини такрорладим. Фақат пиво олмадим.
– Пиво хороший вешь, нет-нет, надо пить, – дея Валерий бир шиша пивони столчам устига қўйди.
Овқатдан олдин шишадаги сабил қолгурни ичиш керак экан. Валерийнинг гапларига тушунмадим-у, имоишораларидан буни англадим. Алдамабди. Кайфиятим кўтарилди. Валерий билан гаплашгим келди ҳатто. Аммо бирор гапимни уқтиролмадим. Охири қўл силтадим ва ўриндиққа бошимни қўйганча ухлаб қолибман. Тушимда осмонўпар бинолар устида худди самолётдай учиб юрганмишман. Мени ҳеч ким кўрмасмиш. Бироқ мен ҳаммани кўриб турармишман. Ҳамма ёқ қоронғи, кетма-кет электр симларига дуч келиб қоларканман. Шунда ток урмасин деб яшин тезлигида юқорилаб кетармишман. Бир маҳал юрагим ўйнай бошлади. Жуда юқорилиб кетдим, шекилли, деб ўйлаб қўрқа-писа пастга қарадим. Дарҳақиқат, ердан анча олислаб кетибман. Пастда қоронғилик, бирор нарса аниқ кўринмайди. “Ерга қайтиш керак”, деб ўйладим ва шўнғий бошладим. Юрак ўйноғи кучайгандан-кучайди. Худди шу пайтда тубанлик сари тошдай учиб тушардим. Шу тезликда қуласам, ерпарчин бўлишим аниқ… Чўчиб уйғониб кетдим. Атрофимга олазарак қарадим. Валерий саросималаниб уйғонганимни кўриб кулди ва белидан ўтказилган камарни кўрсатди-да, бир нималар деди ва самолёт қўнишга ҳозирлик кўраётганига ишора қилди. Дарров унинг айтганини бажардим. Ўртада юрадиган қизлар камарларимизни бир сидра кўздан кечириб чиқишди.
Самолёт кўтарилаётганида қандай бошни айлантирган, қулоқни қоматга келтирган бўлса, қўнаётганда ҳам худди шундай бўлди. Ундан тушиб, текшир-текширлардан кейин аэропортдан ташқарига чиқдик. Валерий такси ушлади.
Тошкентни биринчи бор кўрганимда ҳайрон қолгандим. Ҳозир Таиланд деб аталган жойни, мен номини ҳам билмайдиган шаҳарининг осмонўпар иморатлари-ю, уларнинг пештоқидаги алламбало ёзувлар битилган, теварагида майда чироқлар ёниб ўралган плакатларни, кўчадаги минг хил машиналарни кўриб оғзим очилиб қолди. Одам деганингиз чумолидай, гўё ер ёрилган-у, ёриғидан одам қайнаб чиқаяпти. Буларнинг бари бу шаҳарга қандай сиғади, ҳайрон қоласан киши. Йўл четидаги турлитуман дарахтлар, гуллар, майсалар кўзни қамаштиради.
Ҳайратим узоққа чўзилмади. Шаҳарга кўзим бироз ўрганганидан сўнг (бир соатдан мўлроқ юргандик) пул ҳақида ўйлай бошладим. Индира опа: “Борасан-у, бир самолёт пулни олиб орқангга қайтасан”, деганди. Лекин машинада шунча вақтдан бери шаҳар айланиб юрибмизу, пулдан дарак йўқ. Умуман, пул деганларига ишончим сўниб бораяпти. Бу ишончсизлик Индирахоннинг машинасидан тушаётганимда ўриндиқ устидаги қоғозга ўроғлиқ нарсани кўрганимда бошланганди. Янаям аниқроғи, Индира опа билан Нигоранинг гапларини эшитганимда кўнглимда бир умидсизлик пайдо бўлган эди…
Икки соатча юрганимиздан сўнг машина ўзимизнинг жинкўчаларга ўхшаш тор, ўнқир-чўнқир кўчага кирди. Энди, чамамда, шаҳар ортда қолган, биз аллақандай гадойтопмас, бинолари ярим вайрона, кўчалари қинғир-қийшиқ бир жойда бораётган эдик. Икки-уч жойда со-қоллари ўсиб кетган, афт-ангори бир аҳволдаги кимсалар (назаримда, улар пиёнисталар бўлса керак) ерга қапишиб секин юраётган таксининг капотига осилиб кўришди. Ҳайдовчи деразадан бошини чиқариб ўзининг тилида алланималар деб бақирди, Дарвоқе, бу ерда мен кўрган одамларнинг бари қисиқ кўзли эди. Тўғри, шаҳар ичидан ўтиб бораётганимизда бир-иккита сариқ сочлиларга ҳам кўзим тушганди, лекин улар жуда озчилик эди.
Машина икки бор чап томонга бурилганидан сўнг, кўримсизгина бир иморат ёнида тўхтади.
Жинкўчага бурилганимиздаёқ тезлашган юрагимнинг уриши баттар авж олди. Қўрқув устун келиб, машинадан тушмаёқ тўрт тарафга аланглаб қарадим.
– Приехали, – деди Валерий кулиб, – давай, влезай.
Қулт этиб ютиндим, сўнг эшикни секин очиб, оёғимни худди тиканнинг устига қўяётгандай эҳтиёткорлик билан ерга қўйдим.
– Не бойся, давай, шевелис, – қўлимдан тортди Валерий.
Шундан сўнггина ноилож машинадан тушдим. Сўнг ҳамроҳимдан:
– Қаерга келиб қолдик? – деб сўрадим.
Шу пайтгача бирон оғиз ҳам ўзбекча гапирмаган бач-чағарнинг боласи гапимни тушунди. Буни унинг бош бармоғини юқорига қилиб:
– Всё будеть окэ! – деган гапидан билдим.
Машинадан тушиб бироз юрдик, сўнг йўлнинг чап тарафига ўтиб, кўриниши хийла тузукроқ, икки қаватли бинонинг ёнида тўхтадик. Валерий менга иржайиб қараб қўйди-да, зиналардан енгил кўтарилиб, қоп-қора темир эшикнинг тугмачасини босди ва ўзича хиргойи қила бошлади. Унинг ҳаяжонланаётгани сезилиб турарди. Демакки, биз ҳазилакам жойга келмадик, йўқса, менинг йўлбошловчим бунчалик ҳаяжонланмасди, деб ўйладим.
Икки-уч дақиқадан сўнг эшик очилиб, бўйи нақ икки метр келадиган, калласи хумдай, сочлари жайранинг сихига ўхшаш тикрайган, кўзлари қисиқ, бадқовоқ, яна шу ҳолига иягининг тагида бир тутамгина соқоли ҳам бор, пешонасининг нақ учта жойи тиртиқ, угри обдан сийлаган шекилли, юзи шудгор бўлиб кетган, бир одамнусха махлуқ чиқиб келди. Уни кўриб рангим оқарди, Валерийга қарадим, унинг-да афт-ангори меникидан қолишмасди. Мени-ку, тушунса бўлади, тушимда ҳам кўрмаган жойга келиб қолганман. Валерий, адашмасам, бу ерга илгариям камида уч-тўрт марта келган. Манави тимсоҳбашарани аввал ҳам кўрган. Шундай бўлгач, унинг юзи нега бўздай оқаради?
Валерий билан тасқара алланималар тўғрисида мен мутлақо тушунмайдиган тилда гаплаша бошлашди. “Шуниси каммиди? – ўйладим мен. – Ўзи Валерийнинг гапига тушунмай, пешонам тиришиб, анқовга ўхшаб юрувдим. Энди “ға-ғу” деган яна бир бало бошланди”. Қизиқ, Валерий бу тилни қаердан ўрганган экан?
Тасқара ёмон гапирмади, шекилли, ҳамроҳимнинг юзига қон югуриб, иржайди.
Тасқара бир нималар деб, ортига бурилди, Валерий унинг орқасидан эргашди. Менга ҳам “юр” деган ишорани қилди.
Ичкарига қадам қўйишим билан этим жимирлаб кетди. Биз кирган йўлакнинг ҳавоси бўғиқ эди, устига-устак, зах, қоронғи. Шифтда осилиб турган товуқнинг тухумидай келадиган қизил чироқнинг хира нури йўлакни ёритолмас, қайтанга ваҳимали тус берарди. “Пул, менимча, шу ерда бўлса керак, – деб ўйладим, – булар-ку, шунчалик сир сақлар экан, мен қандай қилиб бемалол олиб кета оламан? Э, худо, ўзинг мадад бер!” Ўйимни ўйлаб тугатмасимдан чап томонда эшик кўринди. Тасқара қўлидаги узун калитни эшикнинг тешигига тиқиб шарақлатиб очди. Сўнг, ҳе йўқ-бе йўқ, менинг қўлимдан ушлаб ичкарига тортқилади. Камига Валерий ҳам елкамдан итарди, жон-поним чиқиб кетди ва:
– Ёрдам беринглар! Ким бор? Ёрдам беринг! – деб бақириб юбордим.
Бироқ менинг овозим бу зимистондан ташқарига чиқмагани аниқ эди. Ичкарига киришим билан ортимдан эшик қандай очилган бўлса, худди шундай шарақлаб ёпилди.
– Очинглар! Очинглар, қўйворинглар! – деб яна бирикки марта бақирдим. Аммо додимни эшитадиган бирор жон йўқ. Йўлакдан аста-секин узоқлашиб кетаётган оёқ товуши эшитилди, холос. Ноилож дамим ўчиб, хонанинг ичига кўз югуртирдим. Бу ер ҳам йўлакдаги каби зах ва қоронғи эди. Фарқи, ўнг томонда девор тубида каравот турар, унинг устига чойшаб ёпиб қўйилганди.
– Қаерга келиб қолдим? Э, худо, энди нима қиламан?! – дедим ўзимга-ўзим пичирлаб. – Нега бу ерга олиб келишди? Нима қилишмоқчи мени?!
Кўзимдан тирқираб ёш чиқиб кетди. Ёш боладай ўксиниб, ҳиқиллаб йиғлашга тушдим. Тахминан ярим соатлар ўзимга-ўзим гапириб, кўзимдаги ёшни тез-тез кафтим билан артиб эшик ёнида турдим. Сўнг қўрқа-писа каравотнинг ёнига бордим-да, секин ўтирдим. Миямга жўяли фикр келмайди, юрагимнинг гупиллаб ураётганидан баттар қўрқаман. Шу аҳволдаям, денг, кўнглимни кўтармоқчи бўлиб, яхши нарсалар тўғрисида ўйлашга уринибман. Лекин шуниям эплаёлмадим. Баттар аламим ошди, ўксиндим.
Ҳамма нарсани вақт даволайди, деб бежиз айтишмаган экан. Аста-секин кўзим қоронғиликка ўрганди. Сўнг бўлиб ўтган воқеаларни бирма-бир эслашга ҳам қурбим етди. Мен учун мутлақо кутилмаган чет эл сафари… Индира опа билан Нигоранинг хуфиёна суҳбати… “Малика”нинг машинасида қолдирилган қоғозга ўроғлик нарса…
– Ўл-а, лақма! – дедим паст овозда манглайимга бир муштлаб. – Алдашаётганини кўриб-билиб турувдинг-ку! Нимадан умидвор бўлдинг? Анави Нигоранинг ноз-карашмалариданми?! Эй, аҳмоқ!
Ўзимни кечиришим қийин бўлди. Бир неча марта деворни муштладим. Охиргисида алам кучлилик қилди, шекилли, қаттиқ мушт урганимдан қўлимнинг суяги зириллаб кетиб, шунақанги қаттиқ оғриқ турди, инграб юбордим. Оғриқ босилгунча афтим бужмайиб, қўлимни қучоқлаб ўтирдим. Бироқ энди бошимни тошга урганим билан, томоғимни йиртиб бақирганим билан биров келиб: “Сенга нима бўлди?” – деб ҳол сўрамаслигига ақлим етди ва каравотга чўзилиб ётиб олдим.
Билмадим, орадан қанча вақт ўтди, бир пайт, эшикнинг қулфи шарақлади. Ўрнимдан сакраб турганимни сезмай қолдим; умид, илинжимни кўзимга жойлаб эшикка термилдим. Аммо кўз очиб юмгунча умидим қўрқувга айланди: бирин-кетин кириб келган учта барзанги ва битта жиккаккина одамни кўриб, ортимга тисарилдим. Айниқса, улар киришлари билан эшикнинг қарсиллаб ёпилганини кўриб, ўзимни қассобнинг оёқлари остидаги қўчқордек ҳис этдим. Шу маҳал кутилмаганда шифтда яна битта чироқ ёнди ва мен қамалган хона ичи бутунлай ёришиб кетди. Шундагина келганларнинг афт-ангорига тузукроқ қараш имкони туғилди.
Уларнинг бари куйдирилган калладай иржайиб турган эса-да, юзларидаги совуқ заҳиллик кишининг этини қаҳратон изғиринидай жунжиктириб юборарди. Учта барзангининг кийими ҳам анави тасқараникига ўхшарди. Бироқ булар оқ-сариқдан келган, кўзлари уккиникидай, сочлари маллатоб. Бошларида бир хил оппоқ кепка. Кепканинг соябони устида олтита нуқта. Пакана кўзойнакли одамнинг устида кўк халат, бошида дўхтирлар киядиган қалпоғи бор. Бўйнига нафас олишни эшитиб кўрувчи асбобни осиб олган. Халатининг кўкрак чўнтаги устида олти нуқта туширилган.
– Саломалайкум, – деди кўзойнак менга бошдан-оёқ қараб чиққанидан сўнг ўзбекчалаб.
Унинг оғзидан шу биргина сўзни эшитиб юрагим гурсиллаб уриб кетди. Худди ўзимнинг биродаримни, қариндошимни, акамни кўргандай уни қучоқлаб олдим-да, маҳкам бағримга босдим ва:
– Акажон! Акажон! Бор экансиз-ку! – деб йиғлаб юбордим.
– Нема бўлди? Нема бўлди? – деди у ўзбекчада бузуқ талаффуз билан.
– Ака, мени бу ердан олиб чиқиб кетинг, – дедим юзига мутеларча термилиб.
– Сез, чеқасез, ўртоқ, чеқасез, нема проблем?
– Акажон, – унинг оёғига тиз чўкдим, – илтимос сиздан, бир умр қулингиз бўлай, мени бу ердан тезроқ олиб кетинг, қамаганлар юрагимни ёришди.
Бу гапим кўзойнакка бошқача таъсир қилди, чамамда, қошлари билинар-билинмас чимирилди-да, ёнидаги барзангиларга юзланди. Уларга бир неча сония тикилиб турганидан сўнг чийилдоқ овозда қайсидир тилда шунақанги бақирдики, бечораларнинг кўзлари олайиб кетди. Шундан сўнг, кўзойнак мен томонга юзланиб, жилмайиш билан ниҳоятда майин овозда:
– Юринг мен билан, – деди.
Ичимда чироқ ёнгандай бўлди. Кўзимга кўзойнак меҳрибон кишимдай кўриниб кетди. Ахир, ўзбекча гапирди, тарафимни олиб анави гўрсўхталарни бошқа тилда бўлсаям уришди. Мана энди зимистондан олиб чиқаяпти.
Биз йўлак адоғига қараб юрдик, бироқ охирига етмасдан ўнг тарафда зина бор экан, шу зинадан пастга тушдик. Туйқусдан кўнглимга яна шубҳа оралади: “Буям менга яхши гапириб алдаган бўлса-чи?” Бироқ дарров бу хаёлни миямдан қувдим. Чунки пастки қават чароғон, деворлари европача услубда таъмирланган экан. Оёқ остидаги кафелга қараб бемалол соч тарасангиз ҳам бўлаверади. Лекин нима мақсадда мени бу ерга олиб тушишганига тушунолмадим. Дарвоқе, бу қаватда одам кўп экан. Ҳаммаси оппоқ халатда, дўхтирларникига ўхшаган қалпоқда ва халатларининг кўкрак чўнтаги устида олтита нуқта бор. Улар йўлакда шошиб юришар, эшиклари ойнаванд хоналарга кириб-чиқишарди. Ўзлари билан оворадек туйилди. Аввалига: “Касалхонага келиб қолдим”, деб ўйладим. Қизиқ, уларнинг менга тегишли бўлган пулга қандай алоқаси бор? Дарвоқе, мен яна Индира опа айтган пуллар ҳақида ўйлай бошладим! Касалхонада пул нима қилсин? Беморлар ётади бу ерда, дўхтирлар уларни даволайди. Борингки, озроқ пул ҳам бўлиши мумкин. Лекин кўп эмас. Унда Валерий нега мени бу ерга бошлаб келди? Тағин анави тасқарага ёрдамлашиб зах хонага қамади. Тўхта, у Индира опанинг кўзига чўп тиқиб, пулнинг ҳаммасини ўмариб жуфтакни ростлаб қолган бўлса-чи? Аниқ, шундай қилган! Бекорга тасқара билан ҳиринглашмади. Улар ташқарида келишишган. Пулни менинг ўрнимга Валерий олади. Кейин иккаласи арралайди… Демак, мен ортиқчаман. Мени орадан чиқариб ташлаш керак… Тўхта, Валерий мени самолётдан тушганимиздаёқ адаштириб кетиши ва бу ерга бир ўзи келиши мумкин эди-ку… Айтганча, унинг ўзи қаёққа ғойиб бўлди?… Уфф, бари жонга тегди! Буларни эсимдан чиқаришим, ҳеч кимга ишонмаслигим, уйга омон-эсон бориб олишим керак. Ким билади, манави олдимда юмронқозиққа ўхшаб пилдираб кетаётган кўзойнакнинг нияти нима?
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?