Электронная библиотека » Нуриддин Исмоилов » » онлайн чтение - страница 7


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 21:40


Автор книги: Нуриддин Исмоилов


Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 7 (всего у книги 20 страниц) [доступный отрывок для чтения: 7 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Шу воқеадан кейин тахминан уч ойларча ўтганидан сўнг тинкамиз қурий бошлади. Келганимиздан бери қуёшни кўрмаймиз. Меҳнатимиз оғир, лекин ейишимиз, ётибтуришимизга одам тугул ит ҳам чидамайди. Озиб-тўзиб, қоқ суякка айландик. Бироқ нимадандир умидвормиз. Бу ердан қутулиб чиқишдан эмас, албатта. Ҳеч бўлмаса, бир мартагина тўйиб вино ичишдан. Мен эса, уйимни, отамни, укаларимни, ҳеч қурса, бир мартагина кўришни орзу қиламан. Иш бошқарувчи Суканья ҳар сафар овқат олиб тушганида умид билан қарайман: “Ишларингни қилиб бўлдинглар, энди сизларни қўйиб юборамиз”, дейишини кутаман. Бироқ ундан сас чиқмайди. “Ўзимнинг винохўрларим, – дейди, – кўп еб-ичаяпсизлар, лекин ишларингнинг унуми йўқ. Аввалгилар сизлардан кўпроқ ишлаб, камроқ вино ичарди”. “Инсофсиз, – ўйлайман ичимда, – кун бўйи тинмаймиз-ку. Қанча тошни майдалаяпмиз. Ичидаги ялтироқ нарсани ажратиб бераяпмиз. Ҳаммасини бир чўмич ёвғон учун қилаяпмиз-ку. Яна нима истайсанлар биздан?” Аммо гапларим ичимда қолиб кетади. Қўрқаман айтишга. Чунки энди келган пайтимда еган калтакларим эсимдан чиққани йўқ. Эсласам, баданим жимирлаб кетади.

Канг йиқилди. У орамизда қари, нимжони. Ортиқ чидолмади ишлашга. Уни бир қоп ундай судраб тепага олиб чиқиб кетишди. Кейин қўйиб юборишдими ёки ўлдириб бир жойга кўмиб ташлашдими, билмадик. Шундан сўнг руҳимиз чўкиб, маъюс тортиб қолдик.

Эртасига Суканья икки яшик вино олиб келди. Ўшандаги қийқириқни бир эшитсангиз эди, теримизга сиғмайдиган даражада қувондик. Шу кунгача мен ичмаётган эдим, менга беришмасди ҳам, бироқ бу сафар Суканья яшикларни ўртага қўйиб: “Тўйгунча ичинглар, бўлди, ишларинг тугади!” – деганида ўзимни тутиб туролмадим. Кўзимдан ёшим тирқираб оққанча ҳаммадан олдин бир шиша винони қўлимга олдим-да, оғзини очиб шишапишаси билан кўтардим. Бир дақиқада шишани бўшатиб, иккинчисини қўлга олдим. Шерикларим ҳам мендан ортда қолишмаётган эди. Ҳамма имкон қадар тезроқ ва кўпроқ ичишга уринар, гўё яшикларни биров улардан тортиб оладигандай. Адашмасам, тўртинчи шишани бўшатганимдан кейин бошим айланиб, одамлар кўзимга иккитадан кўрина бошлади. “Бўлди, Нодир, бошқа ичма”, дейман ўзимга-ўзим, лекин яна ичаман. Бир пайт ғирт маст бўлиб қолдим. Қолганлар мендан-да баттар аҳволда эди. Учтаси аллақачон ағанаган, бошқалари шишани қучоқлаганча ғўлдираб ўтирарди. Суканья аҳволимизни кўриб кулди ва сахийлиги тутиб, бир донадан сигарета улашди. Тутатиб олишимизга ҳам қарашиб юборди. Ана шу лаҳзаларда ундан яхши одам йўқ эди биз учун.

– Мен, – деди Андрес оёқда зўрға тураркан, – сени яхши кўраман. Сен дунёдаги энг буюк инсонсан. Кел, битта ўпай.

Аммо Суканья ўптирмади, кўкрагидан итариб юборди. Андрес думалаб кетиб, сигаретани эзғилаб юборди ва ётган жойида йиғлай бошлади. Унга сигаретамни бериб овутмоқчи бўлдим, аммо эплаёлмадим. Оғзимдан ғўлдираган товуш чиқди, қалтираётган қўлим эса қимирламасди.

Орадан бироз ўтиб, тўрттаси тепадан тушиб келди. Бу пайт кўзимни уйқу элтган ва ерда узала тушиб ётгандим. Улар бизни тепага кўтариб олиб чиқаётганларини аниқтиниқ сезиб турдим. Чиқсам қуёшга қарайман, офтобда тобланаман, деб умид қилгандим. Бўлмади. Чиққунимча тарракдай қотиб ухлаб қолибман.

Ўзимга келганимда, уммонда пароходда сузиб кетаётгандик. Аввалига пориллаган овоздан чўчиб тушдим. Бирдан ён-веримга қарадим. Менга тақдирдош бўлиб қолган шерикларим бирин-кетин кўзларини очишаётган эди. Ҳамма ҳайрон, қаёққа кетаётганимизни ҳеч ким билмасди. Менинг эса, қувончим ичимга сиғмайди, чунки бир кун келиб уммонда пароходда сузаман, деб ҳеч хаёлимга келтирмагандим.

Шерикларим шундай ажойиб сайрдан ҳузур туйишма-ётгани мени ажаблантирди. Тўлқинланиб турган кўм-кўк сув, ҳавода гоҳ пастлаб, гоҳ юқорилаб учиб юрган оқчарлоқлар жуда чиройли эди. Наҳотки буларни кўриб одам завқланмаса?!

– Балки, – деди Андрес сувдан кўзини узмай, – Америкага оборишар бизни. Ўша ёқда қандайдир иш қилсак керак-да.

– Йўқ, – деди Таскин пароходнинг буруқсиган мўрисига қараб, – бу кема кичик, унда Америкага етиб бўлмайди. Менимча, яқин-атрофдаги бирорта шаҳарга ташлаб кетишади. У ёқдан уйимизга етиб олиш ўзимизга қолади.

– Ҳе, – кулди Жо исмли ҳамроҳимиз, – қайси уйингга? Анави ертўлагами?

– Ҳарна, одамга қадрдон бўлиб қолувди ўша ертўла. Ўзимизга хон, ўзимизга бек эдик. Хоҳлаганча ухлардик. Биров келиб оромимизни бузмасди.

У гапининг охирида оғир хўрсинди. Сўнг секин ўтирди. Ўксинганиданми, танаси қалтирай бошлади.

– Хафа бўлма, – унинг ёнига чўкди Жо, – яна шуна-қанги жой топиб оламиз. Ундан кейин маза қилиб яшаймиз.

– Яхшиси, бир қултумгина вино топиб бер. Бошим ёрилиб кетай деяпти.

– Қаердан топаман? Ўзим ўлай деяпман-у. Озгина чидасак, ўзлари бериб қолишар.

Шундан сўнг орага жимлик чўкди. Биламан, барининг хаёлида вино. Чунки буларнинг жони-дили фақат вино. Ана, юзларида нимтабассум пайдо бўлди, ҳойнаҳой, хаёлида тип-тиниқ қизил винони симираётгандир. Ичадида, сўнг дунёни унутиб, лаззат оғушида роҳатланади. Мен эса, бундай қилолмайман. Кўм-кўк уммонга термилиб, жуда олисдаги мунғайибгина турган кулбамизни эслайман. Ёш, шўх болалигимни қўмсаб ичикаман…

Кутилмаганда ҳамма ёқни туман қоплади ва аста-секин қуюқлашиб, сув ҳам кўринмай қолди. Юрагим безовталанди, сиқилдим. Негадир ўзимни уммонга ташлагим келди. Кеманинг бортига бориб, тутқичдан ушладим, қўлларим титрай бошлади.

– Нима қилмоқчисан? – деди Жо ортимдан келиб елкамга қўлини қўяркан.

– Билмадим.

– Керак эмас. Яхши кунларинг ҳали олдинда.

Шу бир оғиз гап кўнглимга таскин берди. Очиғи, Жодан бунақанги гапни кутмагандим, бир пиёниста бўлса, ҳис-туйғулардан йироқ. Ниятимни қандай пайқади?

Шерикларим ёнига бориб, бошимни хам қилиб ўтирдим.

Вақт имиллаб ўтар, бунга сайин хомушлигимиз ортиб борарди. Қизиғи, энди менинг ҳам вино ичгим келаётганди. Бир маҳал кеманинг биз турган бурни томонга бир-биридан бақувват учта йигит келди. “Яна калтаклашса керак”, деб ўйладим. Аммо улар бундай қилишмади, бироқ вино ҳам беришмади.

– Сизларга иккита қайиқ берамиз, – деди уларнинг новчароғи иржайиб, – зўр битта оролга яқинлашиб келаяпмиз. Агар ўша қайиқда оролга етиб боролсанглар, тирик қоласанлар, бўлмаса изғиб юрган акулаларга ем бўласанлар.

Акуланинг йиртқичлигини кўп эшитганман. У қайиқни бир зарбада бўлакларга бўлиб ташлаши ҳеч гап эмас. Юрагим ўйнади. Шерикларим орасидан бақувватроғини қидирдим, улар билан битта қайиққа чиқмоқчийдим. Қаёқда? Ҳаммаси қоқ суяк, эшкак эшишга ярашини худо билади. Менинг ҳам ўзимга ишончим йўқ. Шу боис, ўзимни тақдирнинг ихтиёрига топширдим.

Қайиқларга ўтирганимиздан кейин бизни сувга туширишди. Сўнг кема сувни ёриб илдамлаб кетди. Унинг ортидан бир муддат алам билан термилиб қолдик. “Бироз юрганидан сўнг кема тўхтайди, бизни бортга олишади, ҳазиллашувдик, дейишади, сўнг вино беришади…” Бироқ бу ширин умидли ўйлар саробга айланди. Кема шитоб билан биздан узоқлашиб кетди. Умидимиз узилиб, бошимиз эгилди ва менинг кўзим қайиқ тубидаги тешикдан кираётган сувга тушди.

– Ғарқ бўламиз! – бақириб юбордим ваҳимага тушиб.

Менинг овозим ҳавога сингиб улгурмай:

– Ўлди-и-к!!! – дея Таскин ўкириб юборди.

– Маразлар, итдан тарқаганлар!!! – қичқирди Жо.

Бошқалар ҳам буткул саросимага тушиб қолди. Қайиқ тобора сувга тўларди. Жазавада тезроқ эшкакни тез эшиш зарурлиги, шундагина оролга етиб олиш мумкинлиги ҳеч кимнинг хаёлига келмасди. Бу орол деганлари бор нарсами ёки рўёми – биров билмайди. Тўпиғимгача сувга ботиб, тик турганча тўрт тарафга қарайман. Туман, ҳеч вақо кўринмайди.

– Ана!!!

Бир маҳал қўшни қайиқда Таскин бақириб қолди. У ҳам тик турганча аланглаб оролни қидираётган экан. У қўли билан кўрсатган тарафга кўзим тешилгудай бўлиб қарадим. Биздан тахминан икки-уч километр нарида нимадир қорайиб, элас-элас кўзга ташланиб турарди.

– Сузайлик! Сузайлик! – деб қичқириб юбордим ўзим сезмаган ҳолда.

Падар лаънатилар қайиқларда бор-йўғи иккитадан эшкак қолдиришган экан. Ҳарчанд уринмайлик, қайиқларимиз қозиққа боғлаб қўйилгандай ҳеч жилмасди. Бу аҳволда юз қулоччаям сузишимиз амримаҳол. Қайиқ ичига йиғилган сувни ҳовучлаб чиқариб ташлашга уриндик. Бу туяни қошиқда суғоргандай гап эди. Қайиқ борган сари сувга тўлиб оғирлашарди. Бир марта қишлоғимизнинг этагидан оқиб ўтадиган катта ариққа чўкиб кетганман. Менимча, олти-етти ёшлар атрофида бўлсам керак. Сув ютиб, ўлишимга бир бахя қолган, нафасим қайтиб шуна-қанги қийналгандимки, ҳали-ҳануз эсимдан чиқмайди. Ўша воқеани эслаганим ҳамон жон талвасасида увадаси чиқиб кетган йиртиқ кийимларимни ечиб ташлаб, ўзимни сувга отдим ва юзалаб келиб қайиқни орқасидан итардим. Бироқ қайиқ олға силжиш ўрнига ортига кета бошлади.

– Нима қилаяпсан, тентак?! – қичқирди Жо. – Чиқ қайиққа!

Бир амаллаб олти юз метргача силжидик. Бошқа қайиқдагиларнинг аҳволи бизникидан баттарроқ, улар бири қўйиб бошқаси бақирар, ёрдам сўрарди. Бироқ бу додфарёдни ким ҳам эшитади, ҳамманинг жони ўзига ширин.

– Қайиқни ағдарайлик! – дедим томоғим йиртилгудек қичқириб. Буни қаранг, америкалик ҳиндулар ҳақидаги бир кинофильмда танг вазиятда шундай усулни қўллашгани ёдимга тушиб кетди.

– Акулаларга ем бўлмоқчимисан, аҳмоқ?! – бақирди Таскин.

– Агар ҳозир шундай қилмасак, кейин кеч бўлади, барибир чўкиб кетамиз!

Гапим жавобсиз қолди, лекин қайиқдош шерикларим гапимга киришди. Бизни кўрган бошқа қайиқдагилар ҳам шу усулни қўллашди. Лекин сувга тўла бошлаган қайиқни ағдаришнинг ўзи бўлмас экан. Уч киши бир томонга ўтиб, бор юкимизни ташладик. Қани энди, қайиқ бир томонга ётса. Ўзимиз эса қушдай енгил бўлиб қолган эканмиз. Барибир минг машаққат билан бўлса-да, уддаладик, қайиғимиз тўнтарилган қозондай сув юзига қалқиб қолди. Учаламиз унинг орқа томонига ўтдик-да, оёғимизни тинимсиз шалоплата бошладик. Бироқ узоққа кетолмадик, дармонимиз қуриб, ҳансираб қолдик. Тўхтаб озгина дам олдик. Шу пайт пиёниста Жо:

– Акулага ўзимизни сездириб қўямиз бу аҳволда! – деб ваҳима солди. Сувнинг совуқлигидан суяк-суягимга-ча музлаб кетаётган чоғда Жонинг бу гапи юрагимга қутқу солди. Бўйнимни чўзиб, атрофга қараган бўлдим. Ҳартугул, тепа қанотини антенна қилиб сузадиган махлуқ кўринмади. Кўнглим бироз хотиржам тортди ва яна оёқларимни қимирлатиб, сувни шалоплата кетдим. Астасекин масофа қирқилиб, кўзимизга жаннатдай кўринаётган оролга яқинлашавердик. Юрак эса ҳаприқди, кучимизга куч қўшилгандай бўлди.

Туман бутунлай тарқаб, қуёш уфққа ёнбошлаган паллада манзилга етдик. Тинка-мадорларимиз қуриган. Сувдан чиқа солиб иссиққина тошлар устига чўзилиб ётиб олдик. Танам шунақанги яйрадики, асти қўяверасиз. Сандиқдан ҳам катта силлиқ тошлар офтоб нурида роса қизиган экан. Демак, бу ерга туман тушмаган. Хийла муддат ўликдай қимир этмай ётдик. Бироқ кўп ўтмай, қуёш ҳали ботиб кетмасиданоқ тагимиздаги тош совий бошлади. Дастлаб мен ўрнимдан туриб, чўзилиб ётган шерикларимга бир сидра қараб чиқдим. Қизиқ, негадир тўрт киши қолган эдик. Ҳайрон бўлиб, тепароққа кўз югуртирдим. Йўқ, ҳеч ким кўринмайди. “Наҳот чўкиб кетган бўлса? Оролга ҳаммамиз чиқиб келгандик-ку! Ёки менга шундай кўринганмиди?” – дея ўйладим. Ўзимга ишонибишонмай, кўзларини юмганча, куракларини тошга бериб ётган ҳамроҳларимни яна бирма-бир назардан ўтказдим. Йўқ, адашишим мумкин эмас. Ҳақиқатан ҳам, битта одам кам. Қизиқ, қаёққа йўқолди у?

Миямда минг битта ўй билан оролга кўзим илғагунча синчиклаб разм солдим. Унда-бунда бўй чўзиб турган буталару етти-саккизта дарахтни айтмаганда, орол фақат тошдан иборат эди. Унчалик ҳам баланд эмас, бир нафасда тепасигача чиқиб олиш мумкин. Тепага чиқиб атрофга қарагим келди-ю, лекин қўрқдим. Айтиб бўладими, қанақанги ҳайвонлар бор бу ерда? Бу мўъжазгина оролда айиқ, йўлбарсга ўхшаган йиртқичлар йўқдир, лекин каттароқ илон бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Секин Таскинни туртдим. “Қўй, – деди у кўзини очмасдан, – озгина дам олай, дармоним қуриб кетди”.

– Конг йўқ. Чўкиб кетмаганмиди? – дедим уни яна қаттиқроқ туртиб.

– Билмадим, мени тинч қўй.

Бошқалар ҳам қилт этмай ётибди. Демак, уйқуларини бузганимдан наф йўқ. Ўзим бир айланиб келаман. Илон йўқдир, бекорга шубҳаланаётгандирман, деб ўйладим.

Қизиқиш устун келиб, юқорилай бошладим. Қийналмай тепани забт этдим. Бир муддат кўнглим завққа тўлди. Хиёл аввалги: “Чўкиб кетиб акулага ем бўламан”, деган қўрқув кўнгилни тарк этди. Кўм-кўк уммонга маҳлиё бўлдим. Майин эсаётган шамолдан дилим яйради. Бир неча дақиқа шу тахлит турганимдан кейингина оролнинг нариги тарафига қарадим – биз етиб келган тарафга нисбатан хийла ёйиқроқ, дарахтлари ҳам кўпдай. Лекин орол дўппидайгина экан. Бирпасда айланиб чиқса бўларкан. Конг кўриниб қолармикин, деган ўйда ҳар бир харсангга синчиклаб қарайман. Бироқ қораси кўринмайди. Сўл томондаги қия бир тошнинг ортида қандайдир шарпа кўрингандай бўлди. Кўзимни узмай қараб турдим. Йўқ, менинг кўзимга шундай кўрингандир, деган ўйга бордим.

Тепада туриб қуёш ботишини томоша қилишнинг гашти бошқача бўларкан. Қип-қизил баркашдай қуёш уммонга чўкиб кетаётгандай, видолашаётгандай – сўниб бораётган чўғдай нурларини атрофига сочиб, бор-будидан айрилаётир гўё. Офтоб бутунлай кўринмай кетгунча кўзимни узмай турдим. Қишлоғим қайси тарафдалигини ўзим-ча чамаладим. Энтикдим. Кўзимга ёш қалқди. Сўнг алам билан пешонамни силаб, пастликка эндим.

– Топдингми? – сўради Таскин.

– Йўқ.

– Ерга кириб кетдими? Ёнимга келиб чўзилганди-ку, – деди Андрес ўрнидан туриб ўтириб. – Қорин очқаб кетди. Итдан тарқаганлар, вино бермагани етмагандай, бир бурда нон ҳам ташлаб кетишмади-я. Очимиздан ўлиб кетамиз, шекилли.

– Нафасингни иссиқ қил, – деди Жо ётган жойида.

– Қаерга кетган бўлиши мумкин? – дедим бошимни қашлаб.

– Орол катта эканми? – сўради Андрес.

– Қаёқда…

– Унда ўзи келади.

Бироқ Конг келмади. Тунги совуқда дийдираб, амаллаб тонгни оттирдик. Қуёш бўй кўрсатди. Бир терак бўйи кўтарилди. Танамизга иссиқ югурган бўлди. Яна Конгни эсладик.

– Жонга тегди! – ўкириб юборди Андрес. – Яхшиси, бирор егулик топайлик.

Унинг гапи туртки бўлди, ўзи ичакларимиз бир-бирига ёпишиб қолаёзган эди. Бирин-сирин ўрнимиздан туриб, аввал юқорига чиқдик, кейин оролнинг орқа тарафига ўтдик. Лекин оролдаги дов-дарахтда бир дона ҳам егулик меваси йўқ экан. Аламимиз олти бўлиб, атрофга жовдираб қараймиз. Таскин ўтириб олиб йиғлашга тушди. Биламан, у овқат емайди-ю, лекин вино ичмаса жинни бўлиб қолиши тайин. Хаёлимга: “Илдиз ейиш керак”, деган ўй келди. Тарих ўқитувчимиз: “Узоқ ўтмишда аждодларимиз илдиз еб кун кўришган”, деб айтган эди. Қўлимга учқурроқ тошни олиб, кичкина бир бутанинг тагини ковлай бошладим. Ёнимдагиларнинг миялари қайнаб кетганидан, қилаётган ишимга эътибор ҳам беришмади.

Илдизнинг таъми нордон экан. Лекин ошқозонни алдаса бўлади. Яна битта илдизни ковлаб олдим. Бунисининг тупроғини қоқиб, бир қаватини шилишга улгуролдим, холос, Жо қўлимдан юлқиб олиб оғзига тиқди-да, гўё биров оғзидагини тортиб оладигандай шошиб чайнай бошлади. Луқмани ютгач, мамнун илжайди.

– Калланг ишлар экан, – деди у менга қараб.

Мақтов менга ёқдими, емишимдан айрилганимдан хафа бўлмадим. Аксинча, руҳим кўтарилди. Тағин бир бутанинг тагини ковлаётиб ён-веримга алангладим, энди бу илдизни яна кимдир илиб кетишини истамасдим. Аммо энди хавотирга ҳожат йўқ эди, шерикларим ўзлари илдиз ковлашга тушиб кетишганди. Биз гўнг титкилаётган паррандага ўхшардик. Фарқи шуки, парранда юмшоққина гўнгни оёқлари билан титади. Биз эса тошлоқ ерни тош билан ковлаяпмиз. Лекин илдиз билан қорин тўйғазиб бўлмас экан, нордон нарсани ғажиш меъдага тегаркан. Кўп ўтмай бирин-кетин ер ковлашни бас қилдик. Бироқ илдиз ковлаган жойимизда чўнқайиб, бошимизни хам қилганча ўтиравердик. Гўё бу жойдан туриб кетсак, биров келиб еримизни олиб қўядигандай. Ҳар қайсимиз ўз ковагимизни, бутамизни йўқотиб қўйишдан чўчиётгандик. Чарчаб, ҳолдан тойдик. Ҳаво исиб, ланж бўлгандик. Бунинг устига, кечаси совуқда мижжа қоқмаганимиз боис уйқу босиб келарди. Чанқагандик. Негадир сувли илдиз чанқатарди. Лабларим тупроққа беланган, оғзим тахир эди. Шунданми, ўтиролмадим, ўрнимдан туриб кўм-кўк уммонга қарадим ва аста-секин пастга туша бошладим. Шерикларим ортимдан эргашар, деб ўйлагандим. Бироқ улар жойларидан қимирламади.

Сув шўр экан, кеча сузганимда ҳўплаб кўрмаган эканман, овора бўлдим, деб ўйлаб энди изимга қайтганимда тошлар орасидан сизиб чиқаётган булоққа кўзим тушди. Бирдан жон кирди, чўк тушиб, бир ҳовуч сув олиб ичдим. Бирам мазалики, асти қўяверасиз. Ҳовучлаб ўтиришга сабрим чидамай, лабимни булоққа тутдим. Юто-қиб қониб ичиб, кейин қаддимни ростладим-да, тепадаги шерикларимга бақирдим:

– Ҳов, ўтираверасизларми?! Сув бор экан! Сув!

Улар ўринларидан туришиб мен томонга югура бошлашди. Жога ҳовлиқмалиги панд берай деди, оёғи бир чалиниб кетди-ю, лекин дарров ўзини ўнглаб олди.

Булоқ бошида узоқ ўтирдик. Сув ичганда енгил тортгандай бўлувдик. Орадан бироз ўтиб, чарчоғимиз сезилиб, узала тушганча ухламоқчи бўлдик. Қуёшнинг қайноқ тиғи остида ухлаш азоб экан. Ўрнимиздан туриб, тик ўсган, танаси ярим қулоч келадиган, фақат тепасидан шохалаб барг чиқарган дарахтнинг бир парча соясига ўтдик. Сояга ҳаммамиз сиғмадик, шу боис, иккига бўлиндик.

Билмадим, қанча ётдик. Бир маҳал қорним ғулдирай бошлади. Ўтиб кетар, деб қимирламадим. Лекин бураб оғрий бошлагач, чидаб туролмадим. Ўрнимдан сапчиб туриб, кўздан панароқ жойга югурдим.

“Шу етмай турувди, – ўйладим инқиллаб-синқиллаб жойимга қайтиб келиб, – энди бу балодан қандай қутуламан?” Пешонамдаги терни артиб, чўзилганимни биламан, Андрес инқиллади. Сўнг ўрнидан туриб пастликка югурди.

Ишонасизми, шерикларимнинг бариси бирин-кетин холи жойга чопишди. Яхшиям, мен икки марта чопиб қутулдим, улар беш-олти марта қатнади-ёв.

– Одаммассан! – деди ҳолдан тойган Жо. – Мақсадинг бизни шарманда қилиб ўлдиришмиди? Шунча кўрган азобимиз каммиди?

– Мен қаёқдан билибман? – дедим ўзимни оқламоқ-чи бўлиб. – Шу билан қорин тўйса керак деб ўйловдимда.

– Тўйдими қорнинг? Бундан кўра очимиздан ўлганимиз яхши эмасмиди?

Очлик азоби бундан кам бўлмаслигини Жо билар, лекин ҳозир унинг жони қийналаётганди. Шу боис, оғзига келган гапни қайтармаяпти. Мен эса ич-ичимдан: “Иш-қилиб, сўкиниб юбормасин-да, сўкинса ўзимни тўхтатолмай қоламан”, деб ўйлардим. Ҳартугул, у сўкинмади.

Кечга бориб, худога нолаларимиз етдими, ҳар қалай, аҳволимиз бироз яхшиланди. Лекин ичимиздаги бор оҳоримиз тўкилиб, кечагидан-да баттар дармонсиз бўлиб қолдик.

Эртасига қуёш терак бўйи кўтарилганда уйғондим. Қимирлашга мажолим йўқ, осмонга қараб ётавердим. Бир маҳал Андреснинг:

– Ёқдим! Ёқдим! – деган бақириғи эшитилди. Овоз келган томонга бошимни зўрға буриб қарадим. Андрес гуриллаб ёнаётган олов атрофида рақс тушарди, ёнида ҳеч ким йўқ. У аланга теварагидан беш-олти марта қийқириб айлангач, биз ётган жойга югуриб келди. Югуриши маст одамнинг гандираклашига ўхшарди. Бирон калима сўз айтишга ожизман-у, уни йиқилиб кетмасайди, деб ўйлайман.

– Балиқ тутамиз, – деди у ҳовлиқиб, – пастда камар бор, кўрдим. Балиқлар камарда кўп бўлади. Энди пиширилган балиқ еймиз.

Унинг гапидан сўлагим оқиб кетди. Ўзимни мажбурлаб, қўлларимга таяниб туриб ўтирмоқчи бўлдим, бошим айланиб ёнбошимга ағанаб тушай дедим. Бошқалар қимирлаб ҳам қўймади. Андресга ҳавасим келди. У биздан кўра чидамли экан. Ҳар қалай, оёқда юрибди.

– Тур, – деди Андрес қўлтиғимдан суяб турғазишга уриниб, – бу аҳволда ўлиб қоламиз. Балиқ ушлайлик, пишириб еймиз.

Лекин мени турғазишга унинг кучи етмади, ўзи ўтириб қолди. Шундан сўнг амал-тақал қилиб ўзим оёққа турдим. Андрес билан суяшиб пастликка эна бошладик. У нуқул иккита тошни бир-бирига уриб олов чиқарганини вайсарди.

Андрес камар деб кўрсатган жойга сувга тушганимдан сўнг бироз тетикландим. У адашмабди, қўлимни камарга тиқишим билан беш-олтита балиқ потирлаб қочди. Биттасини ушлаб олдим-да, қуруқликка отиб юбориб, яна сувга қўлимни тиқдим. Тағин омадим чопди.

Балиқлар билакдай келарди. Биттасини Андрес икковимиз паққос туширдик. Иккинчисини чўзилиб ётган шерикларимизга олиб бордик. Улар тамадди қилганларидан кейин ҳам ярим соатча ётишгач, ўзларига келишди.

Ўша куни кечгача балиқ ови билан машғул бўлдик. Бир ёқда олов ёниб турса, бошқа томонда егулик бўлса, кўнгил ҳам хотиржам тортиб қоларкан. Бемалол хаёл суришга, бир нималарни орзу қилишга майл туғиларкан.

– Конг қаерга йўқолдийкан? – сўраб қолди Жо қоронғи тушиб, гулхан атрофида уймалашиб ўтирганимизда.

– Ҳеч қаерда кўринмади-я, – деди Андрес ярми ёниб чўққа айланган шохни сермаб ўйнаб.

– Қирғоққача сузиб келгани аниқми? – дедим мен.

– Келувди. Ёнимга ётганиниям биламан. Кейин қаёққа ғойиб бўлди?..

– Балки сенга шундай туйилгандир. Қаёққа ғойиб бўлиши мумкин? Орол ўзи бир ҳовуч бўлса. Чўкиб кетган-да, бечора, – деб Жо Андресга қараб қўйди.

Унинг гапи ҳақиқатга яқинроқ эди. Чунки Конгнинг қаноти йўқки, бирон жойга учиб кетса. Пиёниста бўлсаям яхши эди. Шунча вақт ишлаб бировга қаттиқ гапирганини эслай олмайман. Сўнгги пайтлар рамақижон бўлиб қолганди. Уни еган акулалар ҳам барака топмаган, қоқ суякни ғажишдан нима фойда?

Саҳар вақти совқотганимни айтмаганда, оролга келганимдан бери энди одамдай ухладим. Алоқ-чалоқ тушлар кўрдим, бироқ ёдимда қолмади. Совуқ ўтиб, дағ-дағ қалтираб ўрнимдан туриб ўтиришга мажбур бўлдим. Қарасам, гулхан ўчиб қолибди. Қўлимга шохча олиб кул уюмини титдим. Тагида бир ҳовуч чўғ қолган экан, дарров устига бир сиқим хас-чўпларни ташлаб, пуфладим. Аланга олиши қийин бўлди, буриқсиб тутади. Қаранг, амаллаб олов ёқиб, балиқ пишириб ебмиз-у, ўтни ўчирмай сақлаш хаёлимизга ҳам келмай ухлаб қолибмиз. Навбат билан шох-шабба қалаб ўтирсак бўларкан.

Ниҳоят хас-чўп олов олиб, унда бироз исинганимдан кейин шерикларимга қарадим. Андрес билан Жо пишиллаб ухлаб ётибди. Таскин йўқ! Аввалига ҳожатга кетгандир, деб хаёл қилдим. Бироқ тонг отиб қуёш чиққунга-чаям келмади. “Нима бало, борган жойида ухлаб қолдими?” – деган ўйда ўрнимдан туриб яхшилаб керишиб олдим-да, оролчанинг ўнгу сўлини кўздан кечириб чиқдим. Таскиннинг изи ҳам йўқ. Кўнглимга ваҳм тушди ва Андрес билан Жони уйғотмоқчи бўлиб энгашганимда ерда бир ниманинг судралгани изига кўзим тушди. Қўрқиб, шерикларимга бақира бошладим:

– Қаранглар бунга! Қаранглар!

Иккала шеригим ҳам чўчиб уйғониб, кўзларини уқалашди.

– Нима бўлди, тинчликми? – сўради Жо.

– Нимадир бу ердан судралган, мана изи!

Жо истар-истамай эгилиб қаради, аммо уйқули кўзлари изни илғамади. Бошини кўтариб менга анқайди.

– Мана, мана! – деб қўлимни теккизиб ердаги изни кўрсатдим.

– Изга ўхшамайди-ку, нималар деб валдираяпсан? Шунинг учун уйғотдингми?

– Таскин йўқ.

– Кетгандир-да енгиллашгани.

– Икки соатдан бери йўқ. Излайлик.

Аввалига улар қайта жойларига чўзилишди, бироқ ўйлари тинчлик бермади, шекилли, ўринларидан туришди.

Оролчани изғиб айланиб чиқдик. Ерга кириб кетганми, осмонга учганми, Таскинни топмадик. Шундан сўнг бизни ваҳима босди. Аввал сувга тушиб кетгандир, деган тахминга бордик. Кейин, бирор аждаҳосифат илон ёки тимсоҳ еб кетган, деган эҳтимол пайдо бўлди. Лекин бу фаразларга ўзимиз ҳам ишонмасдик. Кеча қорнимиз тўйиб балиқхўрлик қилганимиздан кейин бироз кучга эниб қолгандик. “Таскин сувга тушиб кетган тақдирда ҳам бемалол сузиб чиқоларди. Бунинг устига, уммоннинг оролга туташган жойлари хийла саёз-ку”, деди Жо. Илон ёки тимсоҳ еган дейдиган бўлсак, ҳеч қурса, Таскиннинг ба-қирганини, типирчилаганини эшитардик, сезардик-ку…

Балиқ овимиз бароридан келмади, учтагина тутдик ва шу билан қаноатландик. Шу пайтгача оғизларидан “вино” тушмаган, илдизни ачитсак, балки спирти чиқиб қолар, деган хомхаёлга борган Андрес билан Жо ичимлик ҳақида оғиз очишмади. Бир-биримиздан икки қадам узоқлашмай юрдик. Кечаси навбатчилик қилишга келишдик.

Тун осуда кечди. Лекин кун бўйи қўрқув бизни тарк этмади. Тиқ этган товушга аланглаб қараймиз. Бирор шубҳали нарса кўринмади. Бугунимиз кечаги кундан фарқ қилмади, фақат кўпроқ балиқ тутдик. Жо билан Андреснинг хаёли яна винога кетди. Андрес буталарнинг баргларини йиғиб келиб, обдан эзғилади. Бироқ ачитишга идиш йўқ эди. Шундан кейин алам билан эзғилаган баргларни улоқтириб юборди ва: “Бир қултум вино ичиб, кейин ўлсам армоним йўқ!” – дея бақирди.

Эртасига унинг Жога ғалати қараётганини сезиб қолдим. Бу оролда биздан бўлак жонзот йўқ. Ҳатто илонлар ҳам. Бор бўлганида кўрардик-да. Тимсоҳлар ботқоқликда яшайди. Демак, орамиздан кимдир… Йўқ, қаллоблик қилиш Жонинг қўлидан келмайди, юз фоиз ишончим комил. Уни ичкиликдан бошқа нарса қизиқтирмайди. Ўзини туртиб юборса йиқилиб тушгудай аҳволда. Лекин Андрес ҳали бақувватга ўхшайди. Олов ёқишни уддалади, балиқ тутишни ҳам шу ўйлаб топди… Эҳтимол, бизни ишлатган ўша муттаҳамлар билан тил бириктирган бўлса-чи? Балки гугуртни яширинча олиб чиққандир… Қизиқ, бизни ўлдириб юбориш учун тил бириктириш шартми, кемадан сувга итариб юборса бўлди эди. Чўкиб акулаларга ем бўлиб кетардик… Унда нега у Жога ғалати қаради?.. “Қўлинг билан ушламагунча ўғри ўғри эмас”, дерди отам. Нима бўлган тақдирда ҳам уни кузатишим керак. Салгина ортиқча ҳаракат қилса, бўйнидан бўғаман. Ҳар қалай, унга кучим етади. Шундай ўйлар билан навбатим ўтиб кетган бўлса-да, кўзимни юмиб ўзимни ухлаганга солиб ётдим. Аслида Андресни биринчи навбатга қўйсак бўларкан. Навбатидан кейин тарракдай қотиб ухларди.

Эртасига тушга яқин Андрес йиғлади. Винонинг хумори тутибди. Жо унга қайрилиб қарамади ҳам. Чунки виносиз ўзининг тинка-мадори қуриб бораётганди. Тушда иккаласи ҳам балиқдан шунчаки татинди, холос.

– Шу балиқнинг ўрнига бир қултумгина вино бўлсайди, – деди Жо уммонга умидсиз термилиб.

– Сабр қилайлик-чи, бирорта кема ўтиб қолар. Олиб кетишмасаям, бирор шиша вино ташлаб кетар, – дедим унинг кўнглини кўтариш мақсадида.

– Кошкийди, – деди у чуқур хўрсиниб, – лекин ҳечам ишонгим келмаяпти. Эсиз, маст пайтимда бирор машинанинг тагида қолиб, ўлиб кетмаган эканман-да. Қийналиб юрмасдим.

– Ҳали кўп ичасан. Мана, мени айтди, дерсан.

Аммо бадбахт Жога яна вино ичиш насиб этмаган экан. Эртасига у ҳам йўқолиб қолди. Тунда мендан кейин навбатчиликка турганди. Уйғотганимда бир нарсалар деб ғўлдиради-да, туриб ўтирди. Кейин мен чўзилдим. Кўзимни юмар-юммас уйқуга кетибман. Эрталаб турсам, у йўқ. Туйқусдан: “Наҳотки ундан ҳам айрилдик? – деган ўй келди хаёлимга. – Йўғ-э, юргандир айланиб”. Ҳамма ёқни ахтардим. Тополмагач, энди уйқудан туриб, бошини хам қилиб ўтирган Андреснинг тепасига келиб бақирдим:

– Жо қани?!

У ҳайрон бўлиб менга қаради.

– Биламан, – дедим унга ўқрайиб, – ҳаммаси сенинг ишинг! Битта-битта ўлдириб, сувга ташлаб юбораяпсан! Энди ўзингни ўлдираман!

– Жиннимисан?!

Андрес ўрнидан туришга улгурмай башарасига туширдим. Афтидан, у буни кутмаган эди, Ёнбошига “гуп” этиб ағанади. Ўрнидан турмоқчи бўлди, биқинига тепдим. Ғужанак бўлиб қолган Андрес:

– Нега? Нега урасан? – деди инграб.

– Қани Жо? Нима қилдинг уни?! Оролда сен билан мендан бошқа бирор зоғ йўқ-ку, номард!

– Бил-май-ман, илтимос, бош-қа урма мени. Ўлиб қоламан!.. Мен ҳам ухлаётгандим. Ҳеч балодан хабарим йўқ.

Ўтириб олиб ерни муштладим. Аламимдан кўзимдан ёш чиқиб кетди.

– Унда бу кимнинг иши?! Кимга керакмиз биз?!

Андрес ёнимга ўтирди. Лабидан оққан қонни титраган қўллари билан артаётиб:

– Мен қилмадим, – деди хирқираб, – бу ерда сен билан мендан бошқа яна кимдир борга ўхшайди.

– Қани ўша кимдир? Нега уни биз кўрмаяпмиз? Ҳамма ёқнинг тит-питини чиқардик-ку!..

Ўша куни бир дона ҳам балиқ тутолмадик. Кун бўйи дарахт соясида мум тишлаб ўтирдик. Қуёш уфққа ёнбошлаган маҳал бир-биримиздан йироқлашмай ўтин териб келиб гулхан ёқдик. Осмонда юлдузлар чарақлади, ҳаво совиб, жунжика бошладик. Андрес:

– Мени ўлдирма, нима десанг тайёрман. Илтимос, фақат ўлдирма. Кема келиб қолишидан умидим бор. Агар вино ичмай ўлсам, армонда кетаман, – деди йиғламсираб.

– Жони, Таскинни, бошқаларни мен ўлдирган деб ўйлаяпсанми?! – дедим жаҳлим чиқиб.

– Нима қилай?! – йиғлашга тушди у. – Ҳали бироз яшасам, дейман. Ростини айтай, шу ёшимгача бирор қизнинг қўлини ушламаганман. Ичим тўла армон. Мени ташлаб кетган бўлсаям онамни бир кўришни истайман!

У елкамга бошини қўйди, мен эса без бўлиб ўтиравердим, гапларига ишонмадим. Одамларга ишониб-ишониб, мана, қай аҳволга тушдим? Энди бунга ишонсам-да, у ўлдириб юборса мени… Ахир, мениям армонларим бир дунё. Қай бирини айтай?

– Мен ҳали қўлимни қонга ботирганим йўқ. Ботирмайман ҳам…

Эртасига очлик ёмон азоб берди, балиқ овламасак бўлмади. Аммо иштаҳа йўқ, томоғимиздан овқат ўтиши қийин бўлди.

Орадан яна икки кун ўтди. Кечалари қуш уйқу бўлиб қолганман, “тиқ” этган товушгаям уйғониб кетаман. Чигиртканинг чириллашига (тавба, шу ерда ҳам чигиртка бор экан) уммоннинг шовуллаши қўшилиб қолса, ваҳимани кўринг, дарров сергак тортаман. Жо йўқолиб қолган куннинг учинчи оқшоми, сергак ётгандим, қулоғимга ихраган товуш чалинди, уйғониб кетдим. Шундоқ бошим устида биров қараб турибди – жон-поним чиқиб кетди. Қўрққанимдан кўзимни чирт юмдим. Ёнгинамда ётган Андрес бир-икки марта ихради-ю, жимиб қолди. “Эй, худо, – деб ўйлайман, – ишқилиб, менга тегинмасин-да”. Шундан сўнг ниманингдир судралгани ва қадам товуши эшитилди. Нафасим ичимга тушиб кетган. Танам қулоққа айланиб, шерикларимни гумдон қилган жонзотнинг (унинг одамлигига ишонмасдим) узоқлашишини кутдим.

Бир оз ўтиб юрагимда ғазаб алангаси ёнди: “Ҳеч ким қолмади, ҳаммани ўлдирди бу ёвуз. Энди у мени тинчитади. Ҳозироқ ҳамла қилишим, кучим етса уни жаҳаннамга жўнатишим лозим. Бошқа чора йўқ. Ортидан бормасам, изини йўқотиб қўяман, ундан кейин ажалимни кутиб ётишим керак”. Танамга ғойибдан куч эниб, ўрнимдан ирғиб турдим. Унинг қай тарафга кетганини тахмин қилиб, изидан тушдим.

Йигирма қадамлар юрганимда милтиллаган шуълага кўзим тушди. Таққа тўхтадим, юраримни ҳам, юрмасимни ҳам билмайман, оёғим қалтирайди. Бормай десам, эртага ўлиб кетишимни ўйлайман. Ахийри, энгашиб тимирскиланганча чақалоқнинг бошидай тошни қўлимга олдим-да, товуш чиқармай қадам ташлаб ўша шуъла милтиллаган жойга яқин бордим. Икки қадамча қолганида тўхтаб ерга ўтирдим, диққатимни жамлаб эмаклаганча силжий бошладим.

Ёруғлик чиқиб турган жой ўрага ўхшарди. Ер бағирлаб ётган жойимда секин пастга қарадим-у ҳайратдан қотиб қолдим. Ўранинг ичи анча кенг, ўртада гулхан ёниб турар, бақувват бир одам қўлидаги болта билан Андреснинг жасадини чопарди. Пешонамдан совуқ тер чиқиб кетди, ўзимни орқага ташладим. Аъзойи баданим дағ-дағ қалтирайди. Кўрганим қўрқинчли тушга ўхшайди… Ўнгимми ё тушимми – ишонмасдим. Нафасимни ютиб, яна бир марта туйнукдан мўраладим. Йўқ, тушиммас, ўнгим. Энди кўзларимга ишондим.

Қўрқув ўрнини ғазабим эгаллади, шекилли, дадилланиб каттароқ тош қидирдим. Қўлимга ўн килоча келадиган тош илинди, секин кўтардим-да, туйнукнинг оғзига келдим. Пастдаги одамнусха махлуқ жасадни бўлаклаш билан банд. Бор ғазабим билагимга энди ва қулочкашлаб тошни зарб билан ўранинг ичига улоқтирдимки, тош қотилнинг бошига гурсиллаб урилганини эшитдим. Махлуқнинг бошидан ҳар томонга қон сачради ва у юзтубан йиқилди. Ўзим бир муддат тош қотдим. Вужудим музлаб қолгандай. Нима иш қилиб қўйганимни англаёлмасдим. Бу шунчалик тез юз бердики, ақлимни йиғишгаям улгуролмай қолдим.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7
  • 3 Оценок: 2

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации