Текст книги "Бахтнинг олис манзили"
Автор книги: Нуриддин Исмоилов
Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 2 (всего у книги 20 страниц) [доступный отрывок для чтения: 7 страниц]
Бу Ипподром деганлари ғалати жой экан. Тўғриси, мен бунақа деб тасаввур қилмаганман. Биз турган жойдан сал нарида чойхона бор экан, унинг сўл томонида қатор дўконлар. Қизиғи, бизникига ўхшаш – бири баланд, бири паст, бири кенг, бири тор. Биттасининг томи шифер бўлса, бошқасиники брезент. Шуларни кўриб туриб кайфиятим бутунлай “оёқости” бўлиб кетди. Шу боис, бошқалар қатори бурнимни тортиб, энди ҳеч балодан умид қилмай туравердим.
Бир маҳал узоқдан қандайдир машина кўринди. Одамлар жонланиб қолди. Кимдир: “Бу мошина бизники, ҳаммадан олдин келиб кутиб турибмиз”, дея бақирди. Аммо машина яқинлашганда “меҳнаткаш” йигитлар уни ўраб олиб, юришига қўймади. Иккитаси юк машинанинг зинасига чиқиб олиб, ҳайдовчининг ёнида ўтириб келаётган одам билан савдо қилишга тушиб кетди. Сўнг:
– Бўлди! – дея мамнун қиёфада бақирди. – Мошина зайнит. Бизнинг бригадамиз туширади, ҳеч ким эргашмасин!
Кошки, унинг гапи бировнинг қулоғига кирган бўлса, машина юриши билан беш-олти одам унинг ортидан эргашди. Мен: “Нима қилдик?” – деган маънода Шокир акага қарадим. У бепарво қўл силтаб, кун ботишга қараб олди-да:
– Ана, кеч тушаяпти, энди юк келади, шошилмаслик керак, – деди.
Ҳартугул, алдамаган экан, қуёш ботиб, атрофга қорон-ғилик этагини ёза бошлаганда олдинма-кетин юк машиналари кела бошлади. Шуларнинг биттаси бизга насиб этди. Печенье ортилган экан. Беш киши (бизга яна иккита одам қўшилган эди) бир ярим соатларда юкни дўконга киргизиб тахладик. “Ерга тахлаяпмиз, зах босиб кетса керак”, хаёлимдан ўтди менинг. Бироқ қайғурмадим, чунки кейин нима бўлса бўлар. Муҳими, ҳар биримизга юкнинг эгаси юз эллик сўмдан берди.
Пулни қўлга олганимдан кейин кайфиятим ўзгарди. Уйимизда шифтга қараб ётиб қилган орзуларим хаёлимда тикланди.
Навбатдаги машина ҳам бизни кўп куттирмади. Атиги ярим соатдан кейин «кока-кола» туширишни бошлаб юбордик. Бу сафар мен қутиларни машинадан пастдагиларга узатиб турдим. Менга Шокир ака ёрдам берарди.
Чамамда, машина яримлаб қолганида қаддимни кўтариб бироз нафас ростлаб, Шокир акага қарасам, у клёнкани йиртиб, ўртадаги идишнинг қопқоғини очиб, боядан бери оғзимдан сувимни оқизаётган «кока-кола»дан ичаяпти. “Вой қизиғарнинг боласи, – хаёлимдан ўтказдим, – балонинг калтаги экансан-ку!” Авжим келиб кетди. Шартта битта «кока-кола»нинг оғзини очдим-да, қултуллатиб ичиб олдим. Бирам яйрадимки, бирам яйрадимки, таърифига тил ожиз. Вужудимга қандайдир қувват киргандай бўлди ва янада шиддат билан ишлай бошладим.
Соат тахминан тунги бирларда ошхонага кирдик. Шу маҳалда ҳам бу ер одам билан гавжум экан, амал-тақал қилиб, навбатда туриб, бир косадан палов олдик. Ҳаётимда биринчи марта фақат сувга пиширилган палов ейиш насиб этди. Мазасини, устидаги гўшти чумчуқнинг тилидай майдалаб тўғралганини айтмаганда, оддий ошдан фарқи йўқ. Қорним роса очқаган экан, иштаҳа билан едим. Аммо Нормат ака чимхўрлик қилиб ўтирди.
– Ҳа-а, – деди унга қараб Шокир ака, – ейишинг унмаяпти. Биздан яшириб бирон нима ютганмидинг?
– Шуям ошми? – жавоб қилди Нормат ака. – Сувга қайнатилган гуруч.
– Нормалнийсини, жўражон, уйингга борсанг, хотин-чанг пишириб беради. Бу ерда арзонгинага қорнинг тўйганига шукур қилиб кетавер.
Ярим оқшомдан кейин юк туширувчилар (негадир “мардикорлар” дейишга тилим бормаяпти, дўкондорлардан бири “чоракор” деб чақирганини эшитган эсам-да) камайди. Иш эса кўпайди. Сафдошларимиз нархни кўтарди. Шу пайтгача битта “КамАЗ”ни беш-олти киши юз эллик ва ҳаттоки юз сўмдан туширган бўлса, энди нарх икки юз сўмга чиққанди.
Тонг ота бошлаганида тинкам қуриди. Буни Шокир акага ҳам айтдим. У эса ҳар сафар:
– Ишлагани келдингми ёки энангнинг уйида дам олганими? – дея жеркиб ташларди.
Ҳартугул, соат олтиларда унга инсоф бердими:
– Юринглар, – дея Нормат ака икковимизни қуёш чиқиб келган томонга етаклади. Кўзим юмилиб кетаётганидан қаёққа бораётганимизни билмасдим.
Чамаси бир соатлар юрганимиздан кейин бир дарвоза ёнида тўхтадик. Шокир ака эҳтиёткорлик билан тақиллатди. Кўп ўтмай, юзини ажин босган, сочлари тўзғиган бир аёл чиқиб келди-да:
– Нима керак? – дея сўради афтини бужмайтириб.
– Хола, мардикорлармиз…
– Ҳимм, ухлашга жой керак санларга, – деди аёл Шокир аканинг гапини бўлиб, – киринглар.
Шундай дея у бизга йўл бўшатди. Ичкарига кирдик. Мен кўзимни йириб атрофга қарадим. Бироқ уйқунинг зўрлигидан қовоқларимни оча олмадим.
Биз бир хонага кирдик. Очиғи, эшикни очишимиз билан шунақанги бадбўй ҳид димоққа урилдики, нафасим қайтди.
– Шу ерда ётасанлар, – деди орқамиздан келган кампир.
– Хола, – деди Шокир ака норози бўлиб, – бу ердагиларнинг ўзи бир ёнбошида ётибди-ку, биз қандай си-ғамиз? Бизга бошқа хона топиб беринг.
– Банд, ҳамма хоналарда одам бор. Мана, эшикнинг тубида бўш жой бор, санлар ҳам битта ёнбошларингда ётаверасанлар, уч-тўрт соатга ўлиб қолмайсанлар, ноз қиладиган бўлсанглар, катта кўча! – шанғиллади аёл.
Ноилож кўндик. Аввал Шокир ака, кейин Нормат ака ва охирида аканг қарағай эшикнинг тубидан жой олдик. Кўрпа-тўшак ҳақида гапириш ортиқча, шунчаки юпқагина гилам устига чўзилдик. Шунда ҳам гавдамнинг ярми қуруқ тахта устига тушди. Кўзимни юмишим билан уй-қуга кетибман.
Ҳа, дарвоқе, айтиш эсимдан чиқибди. Ётишимиздан аввал, Шокир ака ҳамма пулларимизни яхшилаб бекитишимизни тайинлади.
Қанча ухлаганимни билмайман, ора-чора тушимдами, ўнгимдами, ишқилиб, биров орқамдан тепгандай бўлди, яна бироздан кейин қаттиқ нарса тегиб ўтди. Сўнг кимнингдир сўкингани ҳам қулоғимга чалинди. Шунда ҳам ширин уйқумни бузмадим.
Кейин қандайдир қўл баданимни сийпалаётгандай бўлди. Аввалига туш кўраяпман, деб ўйладим. Бироқ қўл икки оёғимнинг орасига кирганидан кейин чидаб туролмадим, кулгим қистаб, сапчиб ўрнимдан туриб кетдим. Тепамда соқоли ўсиб кетган, сочлари патак бир одам турар эди.
– Сизга нима керак? – дедим юрагим дукиллаб уриб.
– Тисс, – деди ҳалиги одам лабига кўрсаткич бармоғини босиб, – бошқаларни уйғотиб юборасан, ухлайвер.
Мен унга қараб қотиб қолдим. У бўлса секин ёнимдан ўтиб Шокир аканинг чўнтакларини пайпаслай бошлади.
– Ҳов ака, – дедим мен атай овозимни баландлатиб, – нима қилаяпсиз?
– Ишинг бўлмасин, – деди у важоҳат билан менга қараб, – ухла дедим сенга! Бўлмаса ҳозир каллангни сапчадай узиб ташлайман!
Ногаҳон унинг қўлидаги пичоққа кўзим тушиб, бирдан ўрнимдан туриб кетдим. Тураётиб, ёнимда ётган Нормат акани қаттиқроқ тепиб юбордим. У ҳам бирдан чўчиб уйғонди. Аммо мен унга эътибор бермадим. Саросимага тушган кисавурга безрайганча тикилиб туравердим.
– Нима гап? – деди Нормат ака бошини кўтариб.
– Манави… Манави, – деб қўлим қалтираганча бояги одамни кўрсатдим, – чўнтагимизни титкилаяпти.
Менинг гапимдан кейин чўнтаккесар қўлидаги пичо-ғини Нормат аканинг томоғига тиради-да:
– Ғинг десанг сўйиб ташлайман, – деди.
Мен нажот истаб хонага кўз югуртирдим. Тўрда тўрт киши бир ёнбошда дераза томонга қараб ётибди. Қолганлари аллақачон чиқиб кетибди.
Шовқиндан Шокир ака ҳам уйғониб кетди. Аввалига карахтланиб турди, вазиятни идрок қилгач, бирдан сўкиниб юборди.
Кисавур пичоқни Нормат аканинг томоғидан олиб Шокир аканикига тиради-да:
– Энди учовинг ҳам яширган пулларингни чиқар, бўлмаса, ҳаммангни бўғизлайман, – деди.
Бу сафар у овозини хийла кўтарганди. Шу боис, тўрдагилар ҳам ўринларидан туриб биз томонга қарашди.
– Бўпти, мен бераман, – деди бир маҳал Нормат ака ва чўнтагини ковлаган киши бўлди-ю, мутлақо кутилмаганда кисавурнинг чотига тепиб юборди.
– Вой итдан тарқаган! – дея оғриқдан ўкириб юборди эгилиб қолган кисавур.
Шу маҳал эшик қарсиллаб очилиб, тўрт нафар девқомат йигит бостириб кирди. Мен уларга энг яқин тургандим, биттаси жағимга қарсиллатиб тушириб қолса бўладими? Зарба шунчалик кучли эдики, гурсиллаб гилам устига қуладим. Шу пайтда кимдир ёмон сўкинди ва: “Мана сенга, мана сенга, ур!” деган овозлар янграй бошлади. Очиғи, ўшанда ким кимни ураяпти, ким тинмай сўкинаяпти, идрок этолмасдим. Чунки кўз олдимни туман қоплаб олгандай, қулоғим тинимсиз шанғилларди.
Муштлашиш қанча вақт давом этди, билмайман. Бир маҳал кимдир юзимга сув сепди, секин кўзимни очдим. Нималар бўлганини англаёлмай, гарангсиб ётдим. Кейин сув сепган одам қўлимдан тортди, бир амаллаб ўрнимдан турдим. Бошим лўқиллаб оғрияпти. Аланглаб шерикларимни қидирдим. Ажабо! Улар ёнгинамда туришарди. Фақат Шокир аканинг лабининг бир чеккасидан қон оқар, Нормат ака эса кўзлари ўт бўлиб ёниб, қизариббўзариб турарди. Ерда бўлса, боягина бостириб кирган девқомат йигитлар инқиллаб-синқиллаб ётишарди.
– Яхшимисан, ука? – деди Нормат ака елкамга қўлини қўйиб.
Мен “ҳа” дегандек бошимни қимирлатдим.
– Унда тезроқ бу худо қарғаган уйдан кетайлик, ҳали бу итваччаларнинг қолганлари ҳам келиб қолиши мумкин.
Биз апил-тапил ташқарига чиқдик ва мен қайрилиб пастаккина, сувоқлари кўчган уйга разм солиб қарадим.
Кечаси уйқум зўрлигидан, ҳали айтганимдай, маҳалла оралаб келганимизни пайқамаган эканман. Баланд-паст уйлар оралиғидаги тор йўлдан кетиб бораяпмиз. Шокир ака жағи тинмай Нормат акани мақтайди. Зўравонлар мени уриб ағдарганларидан кейин Нормат ака қутуриб кетибди. Уларни шунақанги тепкилаб ташлабдики, Шокир ака анграйиб қолибди.
– Қаердан ўргангансан бундай муштлашишни? – деди Шокир ака.
Нормат ака жавоб қилмади. Индамай бошини эгганча кетаверди. Бироздан сўнг Шокир акадан:
– Қаерда турамиз энди? – дея сўради.
– Яна битта жой бор, лекин анча узоқ, тахминан яна икки километрча юрамиз, ўзиям маҳалланинг охирида. Эгалари яхши одамлар. Ҳамманиям қўявермайди. Икки кун ётиб кетганман. Ҳар қалай, кўз таниш бўлиб қолганмиз, бизга жой берар, – деди Шокир ака.
– Амаллаб борармиз, тинч бўлса бўлгани, – деди Нормат ака.
Ниҳоят Шокир ака айтган жойга етиб бордик. Хийла батартиб уй экан. Хонадон эгалари ҳам кўринишларидан ёмон одамларга ўхшамади. Шокир акани дарров танишди. Лекин бошида жой йўқлигини, энди ижарага одам қўймасликларини айтиб, изимизга қайтариб юборишмоқ-чи бўлишди. Шокир ака астойдил ялиниб, кунига уч юз сўмдан беришни ваъда қилганидан сўнг, ноилож рози бўлишди.
Бизга ажратилган хонага кўпи билан тўрт киши сиғарди. Бунинг устига, кўрпа-ёстиқлари ҳам бор экан. Қолаверса, ювиниш хонасига ҳам бемалол кириб чиқишимиз мумкин.
– Бундан зўрини топиб бўлмайди, – деди Шокир ака кўрпачалардан бирини тўшаб устига ўтирар экан, – хўжайинлар – эр-хотин қариб қолишган, нарсаларимизни ҳам бемалол қўйиб кетишимиз мумкин. Биров тегинмайди.
– Айтиб бўладими? Яна бирорта хонасига одам қўйса… Ҳозир ўғридан кўпи бормикан, ўзимизга пишиқ бўлиб, бор ашқол-дашқолимиз… – Нормат ака тутилиб қолди. – Ўзи қанчагина нарсамиз бор?
Дарвоқе, у энди гапга қўшиладиган бўлиб қолганди.
Хуллас, биз жойлашиб олганимиздан кейин, яна икки соатлар чамаси дам олдик, сўнг ювиниб ишга отландик.
Пайшанба катта бозор бўларкан, Қозоғистондан савдогарлар келиб мол олиб кетишар экан, иш кўп.
Мен ҳар бир машина юкини тушираётганимизда ўзимча чўнтагимдаги пулнинг ҳисобини оламан, назаримда, ҳали камдай туйилаверади-да, қоним қайнаб, бошқалар битта яшикни кўтарганда мен иккитасини ташишга улгураман.
Бир сафар Шокир ака билан Нормат ака бошқа бир бригадага қўшилиб кетиб қолишди-ю, гала бегоналар орасида қолдим. “Майли, шу сафар дам олиб турай, улар қайтиб келганларидан кейин бошқасига бирга бораман”, дея бир четда тургандим, қорин қўйган, пўрим кийинган бир одам келиб:
– Ишлайсанми? – деб сўради.
– Ҳа, – жавоб қилдим мен хурсанд бўлиб.
– Шерикларинг борми?
– Улар юк туширишаяпти, айтиб келайми?
– Керакмас, юр бу ёққа.
Мен унинг ортидан эргашдим. Ўзимча: “Ҳозир бораман-у, икки-учта одамнинг ишини битта ўзим қилиб ташлайман, кейин уч баробар пул оламан, акалар ҳайрон қолишади”, дея хаёл қилиб кетаяпман.
Унча узоқ юрмадик, чойхонадан эллик қадамча ўтганимиздан кейин, ўнг томондаги биринчи дўконга кирдик.
Менга иш бермоқчи бўлган одам кирган заҳоти дўконнинг ичидаги бир одам билан тортишиб кетди. Мен бўсағада уларга анграйиб қараб турибман.
– Ҳов, паразит! – дея ўкирди бир маҳал мени эргаштириб борган одам ортига ўгрилиб. – Бу ёққа кел!
Мен қўрқа-писа унинг ёнига бордим.
– Сан ишлайсан-а! – деди у ғазабланиб.
Мен довдирай бошладим. Ҳеч нарса деёлмайман. Унинг баттар жаҳли чиқди ва хезланиб аввал бўйнимга, кейин кекирдагимга мушт туширди. Оёғим ердан узилиб учиб кетдим, тахлаб қўйилган қутиларга бориб урилдим. Қутидаги нарсалар устимдан тўкилди. Бир қаттиқ нарса белимга урилиб, инграб юбордим. Шунда мени урган одам жуда ёмон сўкинди. Ёшлигимдан онамнинг номини айтиб сўкинишса кўтаролмасдим, жунуним қўзиб, муштлашишга тушиб кетардим. Сўкинган кишининг ёши катта, кучим етмайдиган одам бўлса, қўлимга илинган нарса билан урардим, тавбасига таянмагунча тинчимасдим. Шундай ҳам бўлганки, оғзи-бурним қонга беланиб, ожизлигимдан ҳўнграб йиғлаганман. Ҳозир ҳам ўрнимдан сап-чиб турдим-да, қўлимга илинган қути билан мени бу ерга алдаб олиб келган одамнинг бошига аямасдан урдим. Бахтига, картон қути экан, унга ҳеч нарса қилмадию, боши қутининг ўртасидан ёриб чиқди. Назаримда, у мендан буни кутмаганди. Шу боис, аввал довдираб қолди, қизариб-бўзарди. Шу лаҳза миям яшин тезлигида ишлаб кетди ва яна битта қути билан унинг бошига солдим. У бир лаҳза менга термилиб кўзи олайиб турди-да, кейин гурсиллаганча орқасига қулади. Энди қочиш керак эди.
Ташқарига қадам қўйганимни биламан, калламга бир нима қарсиллаб урилди. Бошимни ушлаганча, нафасим тиқилиб, ҳарсиллаб қочдим. Тўғриси, ўшанда қаёққа кетаётганимни ўзим ҳам билмасдим. Мақсад – қочиш, анавилардан узоқлашиш. Ниҳоят, оёғимдан дармон кетиб, тўхтадим ва бурилиб ортимга қарадим. Мени ҳеч ким қувламаётган экан. “Ўл-а! – дея янидим ичимда ўзимни-ўзим. – Юрак ҳам қуённикидан баттар экан-да”. Лекин негадир хурсанд эдим. Ҳар қалай, бопладим. Ҳақимни бериб қўймадим. Энди бировга қўл кўтаришдан олдин у ёқ-бу ёқни ўйлайди.
Бироқ бироздан кейин кайфиятим тушиб кетди, чунки энди мардикорлар ёнига боролмас, бирорта иш қилолмас эдим. Бошим қотди, нима қиларимни билмай, анча муддат ўйланиб турдим. Миямга тузукроқ бирор фикр келмади. Шундан сўнг, Шокир ака билан Нормат акани топмоқчи бўлдим. Энди битта илинжим шулардан. Ҳартугул, Нормат аканинг қўлидан икки-учта одамни бир ёқли қилиш келаркан. Ўлибдими, бу сафар ҳам яккалатиб қўймас. Кўзим жиққа ёшга тўлди, ўксиндим ва тезтез юриб уларни қидириб кетдим.
Йўқ, юк тушираётганлар орасида улар кўринмади. Сўнг мардикорлар тўдалашиб турган жойга яқин бордим. Улардан беш-олти қадам берида тўхтаб, мушукка ўхшаб пойладим. Юрагим гурсиллаб урар, елкамдан бир дунё хавотир босарди.
Мени дўконига олиб бориб урган одам билан шериги кўринмади. Лекин барибир кўнглимда ҳадик бор, ваҳима босади. Назаримда, у пойлаб тургандай, тўдага қўшилишим билан, кела солиб, ёқамдан бўғадигандай туйилади. Шу боис, пойлаб туравердим. Билмадим, қанча турдим. Бир маҳал Шокир акага кўзим тушди. У елкасининг чангини қоқиб, “ҳамкасблар”ининг ёнига келаётганди. Энтикдим, югурганча унга етиб олдим.
– Ака, – дедим йиғламсираб, – бунақамас-да энди.
– Нима бўлди? – сўради у овозимдан хавфсираб.
Мен гапирмадим, йиғлаб юборишдан уялдим, ортимга ўгирилиб кета бошладим. Табиийки, у: “Тўхта, тўхта”, дея орқамдан эргашди. Икки-уч қадам юргунимча, ҳар қалай, бироз ўзимни босиб олдим ва тўхтаб ортимга ўгирилдим. Қаердандир Нормат ака пайдо бўлибди.
– Ака, – дедим энди Нормат акага мурожаат қилиб, – менга уришишни ўргатинг.
Гапимдан иккаласи ҳам ҳайрон бўлиб, бир-бирига қараб олишди.
– Ҳов бола, – деди Шокир ака, – гапир бундай, нима бўлди ўзи?
Шундан кейин мен уларга бўлган воқеани айтиб бердим. Гапимнинг охирида:
– Отамга ваъда берувдингиз-ку, Шокир ака, қараб юраман деб, – дея ўпка-гинамни ҳам билдириб қўйдим.
– Ким юр деса кетаверасанми, эшшак?! – бақирди Шокир ака. – Сал одамнинг турқи-тароватига қараш керак, кимлигини билиш керак, ундан кейин ишга борилади-да!
Мен ғинг демадим, бошимни эгиб туравердим. Бунга сайин, Шокир ака жазавага тушиб, боласини уришгандай бидирлайверди.
– Қўйинг, ака, – деди охири Нормат ака уни “сайраш”дан тўхтатиб, – бу ҳали ёш бола-да, яхши билан ёмоннинг фарқини қаердан билсин? Бу-ку, майли, ўзимиз ҳам ҳозир биров етакласа, кетаверамиз, тўғрими? Кетдик, ҳали иш кўп. У ёғи бир гап бўлар. Дунё сўроқсиз эмас-ку, магазини бўлгани билан осмонни ушлаб турмагандир.
Унинг гапидан кўнглим кўтарилди, ҳурматим ошди. Худди ўзимнинг акамдай кўриб кетдим. Сал қолди қучоқлаб олишимга. Шу маҳал ёнимизга бир йигит келди. Ёши ўттизлар атрофида.
– Йигитлар, иш бор, қиласизларми? – дея сўради.
– Неча пул берасиз? – сўради Шокир ака унга бошдан-оёқ қараб чиқиб.
– Кароче, эллик сўмдан. Фақат яна учта одам. Сизлар камлик қиласизлар.
– Нима иш? – деди Шокир ака.
– Битта тунука бор. Шуни узоғи билан бирор километр наридан олиб келишимиз керак.
– Қўшинг.
– Ўзи битта тунука бўлса, нимасига қўшаман?
– Биз қиладиган меҳнатимизга яраша сўраяпмиз. Бир километр жойга бориб келгунча битта мошинадаги юкни туширса бўлади, олти киши. Юздан ками кам.
– Бўпти, етмиш беш! Бирпасда бўлади.
Шокир ака кўнди, мен хурсанд бўлдим. Ҳар қалай, анави ярамаслардан узоқроқ, кўнглим хотиржам бўлади. Ҳеч кимдан хавфсирамайман.
Бозордан чиқиб, бироз тепаликка юрдик. Дарахтзор бошланди. Ҳаммаёқ қоп-қоронғи, ҳеч ким гапирмайди, жим кетиб борамиз. Ора-чора дарахт шохида бир қуш сайраб қўяди. Юракка ғулғула тушади. Шериклардан ортда қолмасликка ҳаракат қиламан. Ҳеч юракнинг ўйноғи босилмайди. Сабабки, қабристон ичидан кесиб ўтаяпмиз. Тўғриси, қабристонга кундузи боришга қўрқардим, ҳозир оқшомда юришнинг ўзи бўладими? Ўлганнинг устига тепгандек, олдинда кетаётган иш берувчи: “Эҳтиёт бўлларинг, эски қабрлар омонат, босволиб ичига тушиб кетманглар тағин”, деб огоҳлантириб қўядики, одамнинг юраги ортига тортиб кетади.
Масжидга ўхшаган бир иморат қурилаётган экан: пишиқ ғиштдан терилган баланд деворлари битган, устига шифер қоқилган, лекин ҳали эшик-роми ўрнатилмабди. Бино ичига кирдик. Тўғриси, аввалига ичкарига оёғим тортмади. Чунки кинода кўргандим, одамларни мана шундай овлоқ жойга олиб келишиб, отиб ташлашади. Бироқ ташқарида қолишга ҳам юрагим бетламасди, чунки йигирма қадам нарида, баланд-паст, бирининг атрофи панжара билан ўралган, бошқасининг усти, қоронғида яхши кўринмайди-ю, ҳар қалай, бетонми, мармарми, ишқилиб, нима биландир ёпилган қабрлар дўмпайиб турибди.
Йўл бошловчи тимирскиланиб ниманидир топди-да:
– Келинглар, кўтаринглар, – деди.
Биз у айтган нарсани ушладик, ҳақиқатан ҳам, қана-қадир тунука экан. Эни икки метрча келади-ю, лекин узунасига олти-етти метрдан кам эмас. Оғирлиги ҳам шунга яраша. Олти кишилашиб инқиллаб-синқиллаб кўтардик. Сўнг уни бинонинг ичидан олиб чиқиб, ортимизга қайтдик. Йўлак хийла тор, гоҳ-гоҳида юмшоқ жойларни ҳам босардик. Эҳтимол, бу қабрдир, оёқ остига қарашнинг эса иложи йўқ.
Хуллас, айтилган манзилга тунукани элтиб бердик, очиғи, бўларим бўлди. Айниқса, ўша одамнинг дўкончилардан бири билан талашиб-тортишиб: “Ока, бу нарсани қимматга олганман”, деган гапини эшитганимда, устигаустак, ваъда қилинган пулдан йигирма беш сўмдан қисиб қолганида, қоним кўпчиди.
– Манавини олиб қўйинг, – дея у берган пулни Шокир акага узатдим.
– Нега? – деди у.
Чироқ ёруғида унинг ҳам норозилиги шундоққина юзидан кўриниб турарди.
– Кейинроқ берарсиз. Менга сал илвирагани тушибди. Йиртиб қўяман, пулларингизнинг орасига қўйсангиз, яхши туради.
Бу оқшом ҳам тонг отгунча ишладик. Шерикларимдан камроқ топдим-у, лекин улардан кўпроқ чарчабман. Оёғимни судраб ижара уйга етиб, бошим ёстиққа тегиши билан ухлаб қолдим. Одатда, мен камдан-кам туш кўрардим. Кўрган тушларим ҳам эсимда қолмасди. Ишонасизми, қишлоққа оппоқ “Нексия” миниб борибман. Ҳамма мени кутиб олгани чиққанмиш. Олдинда отам, укаларим турибди. Улардан сал орқароқда Нозима. Пушти ранг кўйлак кийиб олган, сочларини алламбало қилиб, лабини қизилга бўяган… бир сулув-бир сулув эмишки, кўриб кўзимга ишонмасмишман. Яна қариндош-уруғимиз бир четда қолиб, айнан унинг ёнида машинамни тўхтатибман-да:
– Қани, хоним, ўтиринг, – дебман илжайиб.
У ҳам атрофидагиларга “кўриб қўйинглар” дегандек кеккайиб бир сидра қараб чиқибди-да, секин машинага ўтириб, менга жилмайибди. Оҳ, ўшанда унинг сулувлигини бир кўрсангиз эди! Менинг ўрнимда сиз бўлганингизда ҳам бу дунёсидан кечиб юборган бўлардингиз! Аммо ширин лаҳзалар узилди, кимдир: “Онагинангни…”, деб сўкди. Ортимга ўгирилиб қарасам, отам. “Ўлдим!” – деб бақирибман ва машинадан туша солиб қочибман…
У ёғини билмайман, нима бўлди? Уйғониб кетдим. Қарасам, шерикларим аллақачон ўринларидан туриб, ювиниб ҳам бўлишибди. Соат кечки бешни кўрсатиб турибди. Ноилож жойимдан турдим.
Кўрган тушим ҳеч кўз олдимдан кетмайди. Юрганимдаям-турганимдаям хаёлимда айланаверади. Машина миниб қишлоққа борганимга хурсанд бўлсам, отамнинг сўкканидан эса кайфиятим тушиб кетади. Шунданми, билмадим, ишимнинг ҳам тайини бўлмади.
Орадан ўн кун ўтди. Анча-мунча пул жамғариб қўйдик. Энди бу пулларни ўзимиз билан олиб юришимиз ёки ижара уйда (гарчи бу ер аввалгисидан ишончлироқ бўлсада) қолдириб кетиш хавфли эди. Хотин, бола-чақасидан хабар олиб келиш учун Нормат ака қишлоққа кетадиган, биз бир кун ейиш-ичишимизга етадиган пул олиб, қолганини унга бериб юборадиган бўлдик. Лекин мен унинг кетишини ҳечам истамаётган эдим. Ҳар қалай, камгап бўлса-да, Шокир акадан кўра, унга кўпроқ суяниб қолгандим. Хоҳламаётганимнинг яна бир сабаби эса, мени урган ўша дўкончининг (уни бошқа кўрмадим, балки бирон ёққа кетгандир, эҳтимол, шу жипириқ бола билан муштлашиб юраманми, дея қўл силтаб қўя қолгандир) мени қидириб келиб қолишидан хавфсираётгандим. Аммо начора? Унинг бола-чақаси қишлоқда, хабар олиб келиши керак.
Орадан икки кун ўтиб, у қайтиб келди. Айтишича, отамнинг димоғи чоғ бўлибди: “Лақманинг боласидан ҳам одам чиқаркан-да”, деганмиш. Бу гап менга алам қилиб, Нормат акага ўқрайиб қарадим. Назаримда, у менинг, отамнинг, умуман, уруғ-аймоғимнинг лақмалигини эсимга солаётгандай, камситаётгандай эди.
– Ишқилиб, бериб юборган пулларимиздан чўнтагингизда оз-моз қолиб кетмадими? – дедим унга ҳам бир ниш санчиб қўйиш мақсадида.
– Ни-ма?! – деди у бирдан кўзи олайиб устимга бостириб келаркан. – Яна бир қайтар-чи!
– Қўй, – деб унинг олдини тўсди Шокир ака, – ёш бола, билмай гапириб қўйди-да. Шунга уришишинг керакми? Кап-катта, бола-чақали одам…
– Йўқ, эшитдингизми унинг гапини… Ҳов бола! – деди у ўқрайиб. – Бир тийинингни обориб бермайман энди. Сволич! Яхшиликни билмаган ҳайвон!
Шунақанги тилим қичидики, зўрға тишимни-тишимга босиб чидаб турдим. Биламан, агар бирор нима дейдиган бўлсам, аяб ўтирмайди. Бундай пайтда жим туриш – энг яхши йўл (ўша пайтда мен содданинг шунга ақлим етганини қаранг).
Шундан кейин ҳам анча вақтгача Нормат аканинг қовоғи очилмади. Шокир акага гапиради-ю, менинг юзимгаям қарамайди. Ўлай агар, ёрилиб кетай, дедим. Охири кечирим сўрадим. “Билмай гапириб қўйибман”, дедим. Шу-шу олам гулистон, аввалгидек ака-укага айландик.
Бозор энди қишлоғимдай бўлиб қолди. Қаерда нима сотилади, дўкони қанақа-ю одамлари – хуллас, менга беш қўлдай маълум. Энди қаерга бўлса, шерикларимсиз кетавераман. Шундай кунларнинг бирида биз макон қурган чойхона ёнидаги майдончага (дарвоқе, бу чойхонанинг бошлиғи ғалати эди. Бошида оппоқ салла, эгнида оҳори тўкилмаган чопон, оёғида ялтираган маҳси-калиш, чиройли соқол қўйган. Лекин оғзидан боди кириб шоди чиқади. Қаердан бу сўкишларни ўрганган экан, деб ўйлаб қоласан киши. Яна денг, қўлида, албатта, қамчи бўлади. Мабодо, мардикорлар унинг чойхонаси яқинида тўпланиб қолишса, аяб ўтирмайди: инидан учиб чиқиб дуч келган одамни савалаб кетади) кўзойнакли, галстук тақ-қан, қўлида пакет кўтариб олган бир киши келди. У аввал эринмай мардикорларни кузатди. Сўнг менинг ёнимга келиб:
– Бир иш бор эди, ука, – деди мулойим жилмайиб.
Очиғи, унинг юмшоқ муомаласидан ҳайиқдим, бироз орқага тисарилиб:
– Қанақа иш? – дея сўрадим.
У кулди. Менимча, чўчиганимни пайқаб шундай қилди.
– Агар, – деди юзидаги ҳалимликни ўзгартирмай, – бир-иккита акаларингиз (шу пайтгача ҳеч ким, ҳатто укаларим ҳам мени сизламаганди, ғалати бўлдим) ёки шерикларингиз бўлса айтинг, улар ҳам боришсин. Бир ўзингиз эплаёлмайсиз. Камида икки киши керак. Томга шифер қоқиб берсанглар бўлди. Кўп эмас, узоғи билан йигирматача.
Тўғриси, ўшанда: “Юр, иш бор”, деганида, ўлақолсам ҳам бирга кетмаган бўлардим. Лекин нима ишлигини очиқ айтганидан сўнг бироз ишончим ортиб, қишлоқдошларимни қидирдим. Нормат акани топдим-у, лекин Шокир акани кўрмадим. Кетиб қолибди бир машина ортидан. Ҳалиги нотаниш одамга: “Ҳозир келаман”, дедим-у, Нормат аканинг ёнига югурдим. Бориб қанақа иш чиққанини айтдим.
– Яхшиям вақтида усталик ҳам қилган эканман. Борсак бораверамиз. Бугун душанба. Юк кам бўлади. Шу баҳона шаҳарниям томоша қиламиз, – деди у.
Бозордан чиқиб, машинага ўтирдик (бетон йўлнинг ёқасида унинг мен орзу қилган оппоқ “Нексия”си турган экан). Унгача “клиент” (мен бу сўзни шу ерда эшитгандим) бизнинг исмимизни сўради. Кейин ўзиникини айтди: “Мен Маҳкам Тўраевич бўламан”. “Тўраевичига бало борми? Оддийгина: “Маҳкамман”, деса ҳам бўлаверади-ку! Бу шаҳарликлар бунчалик ўзларига бино қўйишмаса?! Юриш-туришини айтмаса ҳам бўлади. Гапиям сипсиллиқ, ғадир-будур йўқ”, дея ўйладим. Албатта, бу – ҳозир айтаётган гапларим. Ўша пайтда у шунчаки Тўраевичлигини айтганида, менга ёқмаганди.
Оппоқ “Нексия”да ўзимни жуда бошқача ҳис этдим, гўё машина меники-ю, ҳайдовчим рулда ўтирибди. Ястаниб орқа ўриндиқда ўтирибман. Пиёда кетаётган одамлар кўзимга бечораҳол бўлиб кўринади
Ғўдайиб ўтириб манзилга етиб келганимизни сезмай қолибман. Қаршимизда ҳайҳотдай кўкимтир дарвоза турибди. Маҳкам Тўраевич ёшига ярашмаган чаққонлик билан машинадан ирғиб тушди-да, қўнғироқни босди. Биласизми, ўшанда сезиб қолдим: у тугмачани жуда эҳти-ёткорлик билан босган эди.
Бироз ўтиб, дарвозанинг кичкина табақаси очилди. Ва… ичкаридан тўлишган ойдай сулув бир санам чиқиб келди, оғзим ланг очилиб қолди. Очиғи, спорт кийими кийган қиз болага шаҳарга келганимдан бери кўзим кўп тушган. Аммо бунақаси… Юзи сутга чайилгандай оппоқ, қоп-қора сочлари елкасини тўлдириб турибди, қайрилма қошу узун киприклар узукка кўз қўйгандай. Келишган қадди-қоматига-ку, очиғи, таъриф йўқ. Менман деган рассом ҳам кўзи билан кўради-ю, лекин ўхшатиб чизолмайди. Буниси аниқ. Чунки бу қизга кўзи тушса, тамом, ҳайратдан қотади. Менга ўхшаб довдирайди… Фақат… Чунки қизғанасиз, қизғанмай иложингиз йўқ. Унинг табассумини бир кўрсангиз эди. Юрагим гупиллаб уриб кетди. Бутун танамга титроқ кирди. Пешонамга тер теп-чиди, чамамда. Бутун дунёни унутиб, дарвоза ёнида хиёл эгилиб отасининг юзидан ўпиб қўяётган қизга бақрайганча қараб қотиб қолибман.
Аммо сулув биз томонга бир қараб ҳам қўймади, дарвозадан қандай чиқиб келган бўлса, шундай ичкарига кириб кетди. Дарвозани эса Маҳкам аканинг ўзи очди.
Ичкаридаги манзарани таърифлашга тил ожиз. Икки қаватли уй қаср, ҳовли ўртасида фаввора отилиб турибди, сал чапроқда ҳовуз. Атрофи кўм-кўк майса. Ҳовуз билан фаввора оралиғида чиройли шийпонча бор, фақат усти очиқ. Уларга алоҳида-алоҳида йўлакчадан борилади. Йўлак четида турли-туман гуллар очилиб ётибди, кўриб кўнглинг яйраб кетади.
Маҳкам ака бизни тўғри шийпонча томон бошлади.
– Мана шунинг устига шифер қоқиш керак, – деди.
Узоғи билан икки соатлик иш. Қўйиб берса, ўзим бунинг уддасидан чиқаман. Маҳкам аканинг юзи рангпар, ўзиям нимжондай. Шиферни ўзи қоқиб ташласаям бўлаверарди, ҳарна, озгина чиниқарди. Бе, бунақанги бойваччалар қўлини совуқ сувга урармиди? Тайёр овқатни оғзига солиб чайнасаям катта гап… Лекин бизни олиб келгани ҳам яхши бўлди-да. Баҳонада анави қизни кўрдим. Дунёда шунақанги сулувлар ҳам бор экан.
– Шифер подвалда. Ҳозир обориб кўрсатаман, – деди Маҳкам ака.
Ертўла, тўғрисини сизга айтсам, бизнинг қишлоқдаги меҳмон кутадиган уйимиздан ўн баравар катта. Бу ерда ҳам ҳовуз. Стол-стул. Оёқ остига чўғдай гилам тўшалган. Юмшоқ ўриндиқлар… У ёғини мендай қишлоқнинг содда боласи қандай таърифласин?
Ишни бошладик. Очиғини айтадиган бўлсам, жон-жаҳдим билан ишладим. Бу сафар кўпроқ пул ишлайман, деган ниятим йўқ эди. Қани, бояги соҳибжамол ҳовлисига чиқса-ю, ишимни кўрса. “Ҳаракатлари чаққонгина бола экан”, деса. Яна ора-чора, туя ҳаммомни орзу қилгандай, ўша соҳибжамол билан гаплашишдан ҳам умидвор бўлиб қўяман.
Эътибор бериб қарасам, Нормат аканинг ҳам қўли-қўлига тегмаяпти. Жаҳлим чиқиб кетди. “Иккита боланинг отасисан, жа ўлиб-тирилиб ишламасанг ҳам бўларди. Бундай қизлар менга ўхшаган бўйдоқларники”, деб ўйладим. Ўшанда, ўнта болали эркакнинг ҳам кўнгли борлиги, гўзалликка дуч келганда унинг ҳам меҳри товланиши хаёлимга келмабди. Буни кейинчалик тушуниб етдим.
Ғайрат қилиб ишни анча тез уддаладик-да, юз-қўлимизни ювиб, кетишга шайландик. Шайланиш қаёқда дейсиз, мажбур эдик кетишга. Ичимизда-ку, шу ерда қолсак, деб ўлиб тургандик.
– Ичкарига киринглар, овқатланиб кетасизлар, – деди ювинаётганимизда Маҳкам ака.
Биз, албатта, номигагина “йўқ” дедик. Буни Маҳкам ака ҳам тушунди, чамаси, астойдил қисталанг қилди. Шу боис, оёқларимизни ювишимизга тўғри келди. Сабабини ўзингиз тушунасиз, оёғимиздаги матоҳ эрталаб кийилса, ётар маҳал ечиларди, ундан атир ҳиди келмаслиги аниқ.
Ичим тўлиқиб бораётир, ўша соҳибжамолни, ҳеч қурса, овқатланадиган жойимизда бир кўриб қолсам керак, деган умидда эдим. Бироқ, чучварани хом санаган эканман – қорасини ҳам кўрсатмади. Ёши элликлардан ошган аёл овқат олиб кирди. Ҳатто Маҳкам ака ҳам биз билан ўтирмай, ёқимли иштаҳа тилади-ю, чиқиб кетди. Нормат ака билан рўпарама-рўпара ўтириб, овқатландик. Сўнг бир-икки пиёла чой ичиб, энди ўрнимиздан турмоқчи эдик, Маҳкам ака кўз-қошларига бўёқ чаплаган, сочини ҳам ғалати турмаклаб олган аёлни эргаштириб кириб келди. Аёл бизга ёқимсизгина иржайиб қараб:
– Яхши ишларкансизлар, йигитлар, – деди жарангдор овозда, берган саломимизни эшитмаганга олиб, – тепадан қизим билан бирга кузатиб турдим. Бундай чақ-қон ишлайдиган йигитлар ҳозир кам топилади, тўғрими, адаси, – деб гапини эрига тасдиқлатиб олди-да, сўнг давом этди: – Шунинг учун сизлар, тўғрироғи, сиз, – деб у мени кўрсатди, – бизникида қолиб, майда-чуйда ишларни қилиб юрсангиз-чи? Эвазига “Ипподром”да ишлаб топаётганингиздан кўпроқ ҳақ тўлаймиз. Яна тоза юриб, тоза ейсиз. Уй-ётоқ муаммоси бўлмайди.
Мен ичимда қолай деб ўлиб турган бўлсам-да, савол назари билан Нормат акага қарадим. У: “Билмасам”, дегандек елка қисди.
– Яхши, – деди аёл, – сизлар бир-бирингизга яқин одамларга ўхшайсизлар. Маслаҳатлашиб олинглар, беш минутдан кейин яна гаплашамиз.
Улар ошхонага қандай кирган бўлишса, шу тахлит чи-қиб кетишди.
– Нима қилай? – сўрадим Нормат акадан.
– Ўзинг биласан. Лекин, тўғриси, қолганинг ҳам маъ-қул. Битга таланиб, эшакдай ишлаганингдан кўра, бу ҳовлида маза қилиб юрганинг тузук. Унақанги оғир иш буюришмаса керак. Бир соатда ҳаммасини тахлаб ташлаб, кейин дам олиб ётсанг ҳам бўлаверади. Отанг ҳам хавотир олмайди. Меникига ўхшаб қишлоқда болаларинг чирқиллаб қолгани йўқ. Булар ёмон одамларга ўхшамайди. Муомаласини кўрдингми? Анави қизи даҳшат экан. Тўғриси, мениям ичим куйиб кетди. Афсус, худди хотинсиз қолиб кетадигандай уйланиб олибман-а! Лекин сен йўлини топсанг, куёв қилиб олишиям мумкин.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?