Читать книгу "Бахтнинг олис манзили"
Автор книги: Нуриддин Исмоилов
Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
Лекин бундан мен қувонганим йўқ, ҳозир тузалган бўлса, кечқурун бундан баттар аҳволга тушади, деб ўйладим.
– Баракалла. Демак, бирон жойингни жароҳатламаслик ўзингга боғлиқ, чидасанг – шу, – деди у хаёлимни уққандай.
Мен жавоб беролмадим. Нима ҳам дердим, у ҳақ эди. Чунки ўзим улардай чаққон бўлишни, ҳар қандай шароитда рақибдан устун келишни истадим.
– Сёхэй! – дея чақирди оқсоқол.
Оқсоқол ҳамманинг кўз ўнгида мени шарманда қилган йигитга бу сафар ўз тилида гапирди. Ҳар доим олдимда мен тушунадиган лаҳжада гапиришларига ўрганиб қолган эканман, хафа бўлиб кетдим.
Табиийки, гап мен ҳақимда эди. Демак, улар менинг тушунишимни исташмаяпти. Бунинг устига, Сёхэй менга беписанд қараб қўйди. “Шошмай тур, – кўнглимдан ўтказдим, – менсимаслик қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман ҳали сенга. Пушаймон едиртирмасам…”.
– Сёхэй билан бирга ишлайсан, – деди гаплашиб бўлишгач оқсоқол менга юзланиб. “Шарт эмас”, демоқ-чи бўлдим-у, лекин тилимни тийдим. Норозилигимни кўзимдан илғаган оқсоқол елкамга қўлини қўйиб:
– Ҳаммаси яхши бўлиб кетади, – дея юпатган бўлди.
Сёхэй ўрмон бошланадиган жойгача мен билан ёнма-ён борди. Сўнг туйқусдан югуриб ўрмонни оралаб кетди. Ортда қолиб кетмаслик учун мен ҳам югурдим. Тан олиб айтай, Сёхэй оқсоқолдан чаққон эди. Унинг шох-шаббаларга чап бериб ўтаётгани сезилмасди. Лекин мен ҳам энди пишиқ бўлиб қолгандим. Ички бир туйғу билан шохларни ёнлаб ўтишга интилардим. Тўғри, ҳозир кундуз, ёруғда ҳамма нарса кўзга яққол кўриниб турибди. Аммо барибир ялангликка чиққунча пешонам ғурра бўлди. Ўпкам бўғзимга тиқилаёзди. Сёхэй эса ҳеч нарса кўрмагандек, ҳатто ҳансирамасди ҳам.
Бир оз дам олдик. Тўғрироғи, мен нафас ростладим. Анави қанотсиз “қуш” эса бир дақиқа бўлсин тинмади. Ҳали сакрайди, ҳали умбалоқ ошади… “Илон рақси”гаям тушди. Кейин ёнимга келиб:
– Энди ёнма-ён югурамиз, гавдамни қандай тутишимни, нафас олиб нафас чиқаришимни кузатиб бор, – деди.
У кўкрак қафасини олдинроқ, бошини озгина орқага ташларкан, менга ўхшаб тез-тез эмас, балки секин ва чуқур нафас оларди. Югура туриб бундай қилиш осон эмаскан. Белим толиқиб, анча қийналдим.
Орадан бир ой ўтгач, югуришни ўргандим. Бўш вақтимда араб имлосини ўқиб, ҳарфларини бирма-бир ёдладим. Ҳижжалаб сўзларини ҳам ўқишга кириша бошладим. Албатта, ўқиш қийин, ўқиган сўзларим маъносини билмасдим. Дастлаб мени бу нарса қизиқтирмади ҳам. Сўнгра ўз-ўзидан ўқиган сўзларим хаёлимда такрорланаверадиган бўлди. Югураётганимда, шохларга усталик билан чап бериб югураётиб ўша сўзларни ўзим сезмаган ҳолда такрорлайверардим.
Кейинги ойдан янги машғулотни бошладим. Оқсоқол ҳассадай келадиган таёқларни ерга қоқиб чиқди. Кейин Сёхэйни чақириб, таёқларни тепиб синдиришни буюрди. Сёхэй худди эрмак учун тепаётгандай, таёқларни ҳеч бир қийинчиликсиз синдириб ташлади. Навбат менга келишини ич-ичимдан сезиб турардим. Шундай ҳам бўлди.
Биринчи таёқни тепишим билан чинқириб юбордим. Суякларим синиб кетгудай бўлди. Вой-войлаб оёғимни ушлаб ўтириб қолдим. Оқсоқол қўшимчага эшимча қилиб бошимга урди ва кейинги таёқни тепишга мажбурлади. Оқибати шу билан тугадики, иккала оёғим ҳам латтага ўралди. Ҳар қалай, суякларим мустаҳкам экан, шикаст етмабди. “Бир ҳафтада отдай бўлиб кетасан”, деди оқсо-қол. Лекин бу сафар дам олдириб қўймади. Ҳар хил машқларни қилдириб, кун бўйи юрғизар, орада икки соатча китоб ўқитарди. Кечга бориб қўшдан чиққан ҳўкиздай овқатни ейишга ҳам мадорим етмай қотиб ухлаб қолардим. Яна тонг бўзармай уйғонишим, қуёш терак бўйи кўтарилгунча бадантарбия билан шуғулланишим шарт эди. Фақат орадан саккиз ой ўтганидан сўнггина таёқларнинг етти-саккизтасини синдироладиган бўлдим. Бошқа машқларга ҳам уқувим келиб қолди. Сёхэй билан навбатдаги спарингларнинг бирида унинг оёғига бир мартагина тепишга ҳам улгурдим. Тўғри, шундан кейин унинг жаҳли чиқиб, бир дақиқага қолмай, мени ерга чўзилтириб қўйди. Лекин кундан-кунга маҳоратим ошиб бораётганини сезардим. Шуниси муҳим.
Бу ерда илгари бир-икки марта қор ёққан экан. Уни ҳам оқсоқолдан бошқа ҳеч ким кўрмаган. Демак, бунга ҳам камида етмиш-саксон йил бўлган. Қадамим “қутлуғ” келдими ёки вақт-соати етганми, шу йил қор ёғди. Қан-чалик чаққон бўлмасин, совуқдан бу ернинг одамлари анча дийдирашди. Ўша кунлари мен билан оқсоқолгина ташқарида юрдик. Одатдаги машқларни бажармадик, балки орол шимолидаги тоққа бориб келдик. Бу тоғни мен узоқдан кўргандим. Аммо ёнига бирор марта бормагандим. Тоғда унчалик узун бўлмаган, оғзи ҳам торгина (бир кишигина сиққулик) ғор бор экан. Оқсоқол, унинг уруғ-аймоғи бу ғордан омбор сифатида фойдаланаркан. Ун ва бошқа егуликларни олиб қайтдик. Қизиқ, уларнинг деҳқончилик билан шуғулланганларини кўрмагандим, қаердан шунча озуқани йиққан, ҳайронман. Қолаверса, бутун қавмда тўрттагина сигир бор. Елинлари ерга теккудай, кўп сут беради. Эшакдан каттароқ, отдан ки-чикроқ, ўзимизнинг хачирлардай келадиган отдан бошқа улов йўқ.
Уч-тўрт кунда қор эриб, ҳаво илиди. Аввалгидай маш-ғулотлар бошлаб юбордик.
Орадан икки йил ўтиб, тезлик ва муштлашишда оролдаги етти-саккиз ёшлиларни ортда қолдириб кетдим. Сёхэй ва у қаторидагиларга эса етиш қийин эди. Оқсоқолнинг айтишича, бундан у ёғига ўтолмас эканман, ёшим ўтиб қолибди. Кўнглимда яна кўп нарсани ўрганиш ниятим бор эди-ю, бу ердагиларнинг ўргатиш истаги йўқлигини сезиб, индамай қўя қолдим. Аммо ҳар куни оқсо-қол билан бирга тўрт-беш соат китоб ўқир ва ўқиганларимнинг мағзини чақишга уринар эдим. Бирорта араб билан гаплашганим йўғ-у, лекин араб тилини анча-мун-ча ўрганиб олдим.
– Дунёни англадим, – деб қолди бир куни оқсоқол.
– Шу пайтгача билмасмидингиз? – сўрадим ҳайрон бўлиб.
– Йўқ. Билмасдим. Дунёда Оллоҳгагина сиғиниб, Унинг буюрган амалларинигина бажариш керак экан, холос. Дунёга эга чиқаман деганлар… Кел, бир нарсани сенга кўрсатаман, – деб у ташқарига юрди, мен орқасидан эргашдим. У ўрмонга кирди ва ниманидир қидиришга тушиб кетди. Нимани излаётганини сўрасам айтмади. Ўзи қидирди. Ярим соатлар ўтганидан кейингина излаганини топди.
– Манави чумолиларга қара, – деди ҳашаротларни кўрсатиб.
Қарадим, бироқ ҳеч балони тушунмадим. Оддий чумолилар. Ғизиллаб бориб-келиб, хас-хашак ташиётир.
– Буларнинг подшосини ўлдириб қўйсанг, мана шундай беозор, меҳнаткаш ҳашаротлар ўртасидаям қирғинбарот бошланиб кетади. Токи биттаси ҳокимиятга эга чиқмагунча бир-бирини қираверади.
– Кейин-чи?
– Ҳеч нарса. Ҳоким еб ётади, холос, бошқалар ишлайди. Яна кўпайиш даври бошланади. Сўнг бошқа чумолилар билан уруш бўлади. Қирғин-барот такрорланади. Биласанми, уруш нимадан келиб чиқади? Сабаб битта – емиш талашиш. Қорин ғамининг ташвиши. Бошқа мақсад йўқ. Ҳокимият учун жанжалларнинг моҳиятида шу нарса ётади, аслида. Бегона чумолилар маҳв этилгач, уларнинг тўплаган озуқаси бу ёққа ташиб келтирилади. Демак, бу йўл пешонангни терлатгандан кўра самаралироқ. Беш-ўн минг чумоли ўлса, ўлибди-да! Ҳокимга зиён етмаса бўлгани, шуниси муҳим. Агар ҳокимнинг бу билан ҳам нафси қонмаса, яна бошқа чумолиларга, бошқа ҳашаротларга ҳужум бошланади… Одамлар орасида бу ҳолат бошқачароқ кечади. Чунки одамларнинг чумолилардан фарқли томони – ақли бор. Айтайлик, битта уруғ иккинчисини босиб олиши, ерларига эга чиқиши лозим. Замонавий тактикада қилич яланғочлаб, чумолиларга ўхшаб “ура-ура” қилинмайди, балки ҳийла ишлатади. Яъни сопини ўзидан чиқаради.
– Қанақа соп, қанақа ҳийла?
Оқсоқол менга қараб кулди. Афтидан, эзмалик қилаяпман, деган хаёлга борди. Ваҳоланки, мен унинг гапларини жон қулоғим билан эшитаётгандим. Чумолилар “фалсафа”си бироз энсамни қотирганди-ю, лекин кейинги гаплари қизиқ эди.
– Айтайлик, битта уруғ бошқасининг устига бостириб борди. Енголмади. Аниқроғи, енгди. Подшосини ўлдирди. Лекин халқ тинчимади. Ҳали у бурчакдан, ҳали бу бурчакдан бош кўтарганлар кўп. Шунда у ўзи қўйган қўғирчоқ ҳокимни атрофидагиларнинг қўли билан йўқ қилиб, ўрнига ўғлини қўяди. Уйингни чумоли босса, қутулишнинг энг осон йўли, биттасини заҳарлаб қўйиш. Бир оз фурсат ўтар-ўтмай, ҳамма чумолининг оёғи осмондан келади. Ўғилнинг ҳам ўз қондошларига нисбатан нафрати қўзийди. Отасини ўлдирганларни биттама-битта йўқ қилишга тушиб кетади. Қарабсанки, жиғибийрон, жангари уруғ ўз-ўзидан итоаткор, ҳар битта сўзингни қулоқ қоқмай бажарадиган бўлиб қолади.
– Мен оддий одамман. Бунақанги ишларга алоқам йўқ.
– Биламан, лекин юртингга етгунингча ҳали кўп во-қеаларни бошингдан кечиришингга тўғри келади. Харитадан сенинг юртинг қаердалигини кўрдим. Биламан, у ер ниҳоятда тинч, одамлари аҳил. Мана, неча йиллардан бери ўша ерда уруш бўлганини эшитмайман. Лекин сен босиб ўтишинг керак бўлган бошқа тупроқлар ҳам борда. Ҳозир нефть деган бир бало чиққан. Унинг эгаси сўзсиз дунёнинг энг бой кишисига айланади. Бу эса у ернинг уруш ўчоғига айланишига олиб келади. Чунки бой бўлишни истаганлар ниҳоятда кўп. Айниқса, зўравон давлатлар.
– Сиз буларни қаердан биласиз? Бу ерда на телевизор, на газета бор. Сиз айтган урушлар неча минг километр нарида бўлаяпти.
Оқсоқол менга қараб қолди. Сўнг кўзимнинг устидан бармоқларини юргизиб:
– Юр бу ёққа, – деди.
Биз озиқ-овқатлар сақланадиган омбор – ғорга кирдик. Ғорнинг сўл томонида тошдан ишланган эшик бор экан. Уни бир қарашда пайқаш мушкул эди.
Оқсоқол ташқи томонга бўртиб чиқиб турган тошни итарган эди, эшик очилди. Ичкарини кўриб оғзим ланг очилиб қолди. Ўрмонда бу қавм ибтидоий ҳаёт кечирсада, бу ерда энг замонавий техникалар ўрнатилганди. Афсуски, бу техникаларнинг номи, қандай қўлланилишини билмасдим. Уларнинг тугмалари, майда чироқлари кўплигидан ҳайратга тушдим. Эсимда, бир вақтлар Қозоғистондан ракета учиришганларида, мана шунга ўхшаш аппаратуралар билан бошқаришганини телевизордан кўрсатишганди. Миямга келган хомхаёлни қаранг: “Булар ҳам яширинча ракета учиришса керак”.
Икки йигит беш-олтита радиодан таралаётган овозларни магнит тасмасига ўхшаш тасмаларга ёзиб олаётганди.
– Буларнинг бари тўлқин тутадиган мосламалар, – деди оқсоқол тушунтирган бўлиб, – қаерда қандай тўлқин тарқатилса, тоғ тепасидаги сим орқали мана шу аппаратлардан эшитамиз.
У шундай дейиши билан ёнимизга ҳовлиққанча Сёхэй кириб келди:
– Пароход яқинлашаяпти.
Оқсоқолнинг ранги ўзгарди, бир муддат хабарчи йигитга термилиб турди-да:
– Ҳали вақт бор эди-ку. Бир ҳафтадан кейин келади, деб кутгандим. Бирон нарса бўптими? – деди.
Сёхэй жавоб қилмади. Шундан сўнг биз шошганча ташқарига чиқдик ва гўё ким ўзарга чопгандай хабарчи кўрсатган томонга югурдик. Шу пайт эътибор қилдим: югуришда оқсоқолдан ўтиб кетарканман. Унга кексалик энди кучини кўрсатаётганга ўхшайди.
Оролнинг шимоли-шарқига етганимизда биз томон яқинлашиб келаётган пароход кўринди. Оқсоқол Сёхэйга қўли билан ишора қилди. Бу, ҳаммани йиғиб олиб кел, дегани эди. Аввал ҳам унинг бу ишорасини кўргандим.
Кўп ўтмай, оролдаги бола-ю қариялардан бошқа ҳамма йиғилди. Ҳаммасининг бўйнига найзалар осилган, белига қилич тақилганди. Оқсоқол ҳам улар келтирган қурол билан қуролланди. Ёлғиз менгина асбоб-анжомсиз эдим.
Кема қирғоқдан икки юз метрлар нарида тўхтади ва ундан битта қайиқ сувга туширилиб, биз томонга сузиб кела бошлади. Бир оздан кейин қайиқ қирғоққа етиб келди ва мен анграйиб қотдим: қайиқдан биринчи бўлиб тушиб, оқсоқолнинг ёнига келиб у билан қучоқлашиб кўришган одамни танирдим! Бу ўша – бизни итдай ишлатиб, сўнг ўлим оролига жўнатганлардан бири эди. Унинг пароходда иржайиб-тиржайиб бизни кузатиб қолганлигини аниқ-тиниқ эсладим.
Билагимга куч йиғилди: “Ҳозироқ, ҳозироқ ўлдираман. Энди мен ожиз эмасман. Буни тилка-пора қилишга қурбим етади. Ўлиб кетган шерикларим учун, ўзим учун ҳозирнинг ўзидаёқ ўч оламан! Менинг биринчи қурбоним шу бўлади!” – дея ўйладим. Қўлларимни мушт қилиб тугиб, унга яқинлаша бошладим. Мақсадим, бир зарба билан уни асфаласофилинга жўнатиш эди.
У томонга икки қадам ташлашим билан оқсоқол ўгирилиб менга шунақа ўқрайдики, жойимда таққа тўхтаб қолдим. “Наҳотки оқсоқол у билан ош-қатиқ бўлса?! Наҳотки шерикларимнинг ўлиб кетишида, сунъий брильянт тайёрлашда унинг ҳам қўли бўлса?” Билимли, доно қариянинг бу нопок ишларга аралашиши мумкинлигига ишонгинг келмайди. Лекин унинг лўттибоз жиноятчиларга шериклигини кўриб турибман-ку! Қариянинг ҳозирги қили-ғига унинг дунё бузғунчилари ҳақидаги гаплари мутлақо тескари-ку! Бошим қотди. Бир томондан, оқсоқол менга устоз. Бошқа тарафдан, қилаётган иши…
Оқсоқол билан ўша мен танийдиган, кўзимга балодай кўринаётган чақирилмаган меҳмон қўлтиқлашиб биздан нари кетишди. Талай муддат ниманидир гаплашишди, баҳслашишди ҳам. Охири бир тўхтамга келишди чоғи, бир-бирининг қўлини сиқиб қўйишди-да, ёнимизга қайтишди.
Оқсоқол бизга бир оғиз: “Олиб келинглар”, деди. Мен нималигини тушунмасам-да, йигитларга қўшилиб кетдим.
Сёхэй отни аравага қўшаётганида:
– Нима қиламиз? – дея сўрадим.
– Бизга мол олиб келишган. Тушириб оламиз, – жавоб қилди Сёхэй иши билан андармон бўлиб.
“Қанақанги мол? Нега айнан ўша қаллоб олиб келади? Қандай алоқа боғлаган?” – деб унинг бошини қотириб ўтирмадим. Яхшиси, ҳаммасини кузатай, шунга қараб иш тутаман, деб кўнглимга тугиб қўйдим.
Биз боргунимизча кема қирғоққа яқинлашиб, беш-олти қайиқ устига оқсоқол айтган турли-туман “мол”ни ортиб сузиб келарди.
Иш қизиди. Биз омборга тўрт марта қатнадик. Ун, ёғ, гуруч, кийим-кечак, яна турли идишлардаги егулик-ичкиликларга омбор тўлди. Булардан ташқари, оқсоқол элликтадан зиёд турли тилдаги қалин-қалин китобларни ҳам олди. Шундан кейин кема изига қайтиб кетди.
Ишлар тугаб, кутубхонага кирдим, янги китоблардан бирини берилиб варақлаётган оқсоқолнинг ёнига бордим.
– Сизни бошқача одам деб ўйлардим, – дедим имкон қадар ўзимни жиддий тутиб, – лекин қилган ишингизни кўриб оғзим очилиб қолди.
Оқсоқол аввалига юзимга ажабланиб қаради, сўнг кулди-да:
– Энди ким деб ўйлаяпсан? – деб сўради.
Бир муддат каловланиб қолдим. Миямга тузукроқ фикр келмай, қийналдим. Ниҳоят тилим айланди:
– Сизга бу нарсаларни бериб кетган одамни яхши танийман. Аслида у одаммас, ҳайвондан баттар. Ўша-да бизни эшакдай ишлатган, кейин таги тешик қайиққа ўтқазган. Сиз бўлсангиз, у билан олди-берди қилаяпсиз. Шунинг учун кўнглимда шубҳа пайдо бўлди.
– Бу жудаям яхши. Одам фикрлай билиши ва фикрини бировга уқтира олиши лозим. Акс ҳолда, унинг роботдан фарқи қолмайди. Сен айтган одамнинг исми Пийя. Унинг кимлигини яхши биламан. Мен у билан савдо қилдим. Пул бердим. Эвазига нималар олганимни кўрдинг. Бу билан унинг шеригига айланиб қолмайман. Айни пайтда савдо қилишимиз учун ундан ишончлироғи йўқ. Тахминан йигирма беш йил бурун учта савдогарнинг молини сотиб олгандик. Орадан икки ой ҳам ўтмай, улар навбатма-навбат бостириб келишди. Ўшанда элликта одамимиз нобуд бўлди. Улардаги қурол бизда йўқ эди. Бунинг устига, улар биздан уч баробар кўп эди. Кемалари қирғоққа яқин келмади, узоқдан туриб тўпга тутди. Йигитлар сузиб бориб чўктириб юборгунча биз ҳам анча талафот кўрдик. Мана, кундан-кун камайиб, ер юзидан уруғимиз бутунлай йўқ бўлиб кетиш арафасида. Аёлларимиздан бирортаси ҳомиладор бўлса: “Ишқилиб, чақалоқ ногирон туғилмасин”, деган хавотирда юрагимни ҳовучлаб тураман. Чунки бу ердагиларнинг ҳаммаси бирбирига яқин қариндош. Тушунасанми шуни?!
Сўнгги гапни айтаётганида оқсоқолнинг кўзи ёшланди, ияги титради, қўллари мушт бўлиб тугилди.
– Мен, – дедим бошимни эгиб, – мен сизларга бегонаман-ку. Фойдам тегиб қолар.
– Мен сендан олдин бу фикрга келганман. Ҳатто бир сафар Ренага уйлантирмоқчи ҳам бўлгандим.
Кўз ўнгимдан истараси иссиқ, кўзлари катта-катта, юзи оппоқ, доимо ялтираб кўзни олувчи қора сочлари белига тушган хушбичим, юзида кулгичи бор қиз ўтди.
– Лекин дарров ниятимдан қайтдим. Чунки суяк бузилади. Туғиладиган фарзанд биздан кўра сенинг миллатингга яқинроқ бўлади. Суяк ўзгаради. Ундан кейин бошқалардан фарқимиз қолмайди.
– Фақат қариндош-уруғлардан туғиладиган болаям сиздай ақлли бўлмайди-ку. Бир кун ўзингиз хавотирланиб айтаётган воқеа рўй беришидан қўрқмайсизми?
– Бошқа жойларда ҳам нинзалар яшашади. Муҳими, уларнинг қони айнимаган бўлсин, улардан кўпайишимиз учун фойдаланамиз. Агар қизлари бўлса, бир йигитимизга учтасини олиб бераман. Агар йигит дуч келса, иккиучта қизимиз уники… Умуман, бу гапни тўхтатайлик, ўзингга тегишлисини билиб олдинг, тамом. Бошқа бу ҳақда оғиз очма.
– Кечиринг, билмасдан гапириб қўйдим.
– Ниятинг ёмон эмас, шу боис, хафа бўлганим йўқ. Билсанг, дарахтда оёғидан осилиб турган чақалоқни, ўзинг бир аҳволда бўлсанг ҳам, ечиб олгансан. Бу яхшиликдан дарак. Шунинг учун ҳам сенга қўлимиздан келганча ёрдам бераяпмиз.
– Раҳмат.
– Энди манави китобни ўқи, рус тилида ёзилган. Ўзингга таниш сўзларни топсанг ажабмас, хурсанд бўласан.
Чолнинг бу гапидан чиқиб кетишим лозимлигини тушундим.
У берган китобнинг муқовасига қарамадим ҳам. Кутубхонадан чиқиб, ўрмонга кирдим, узоқ кетмадим. Бир оз юргач, майса устига ўтирдим. Китобни варақлаган киши бўлдим-у, аммо ўқиёлмадим. Нигоҳим сатрлар устида югуради-ю, хаёлим оқсоқол билан бўлган суҳбатда. Ўринсиз берган саволларимдан виждоним қийналаётир. “Бегона эмишман, ёрдамим тегиб қолармиш”. Яна нималарни кўнглинг тусаб қолди, йигитча? Ўзи асли кимсан? Шу чол ёрдам бермаганида, аллақачон ҳайё-ҳуйт деб нариги дунёга равона бўлардинг. Ўлигингни ит топмасди.
Кўнглимда оқсоқолдан кечирим сўраш илинжи туғилди. Аммо бир ҳафта давомида чол билан тузук-қуруқ гаплашолмадим. Ҳар куни эртадан кечгача баданимни чиниқтириш билан овора, бўш вақтимда китоб ўқиш билан машғул бўлардим. Оқсоқол эса кутубхонасидан чиқмас, мутолаадан бош кўтармасди. “Бунга нима зарур экан, шунча ўқигани етмайдими? Ундан кўра оёғини узатиб дамини олиб ётмайдими?” – деб ўйлардим.
Кема келиб кетганидан саккиз кун ўтгач, оқсоқол кутубхонадан чиқди. Унинг юзи қизарган, кўзлари кулиб турарди. У ҳамма билан аввалгидан бошқача, мулойим сўрашди (оқсоқол илгари ҳам юмшоқ гапирар, лекин бу гал у бошқача эди. Балки менга шундай туюлаётгандир). Сўнг бизга қўшилиб ҳар хил машқларни бажаришга тушиб кетди.
– Оқсоқол, одатда, кутубхонадан чиққанидан сўнг аччиқ чой ичар, ўрмон кезарди. Ўзгариб қолибди. Иш-қилиб, ажали яқинлашмаган бўлсин, – деди уни кузатиб турган Сёхэй.
Бу гапидан юрагимга ғулғула тушди. Агар чол ўлиб қолса, менинг аҳволим не кечади? Ўрнига бўладиган оқсо-қол ёрдам бероладими-йўқми? Ахир, буларнинг ҳам ҳар хили бор. Худо кўрсатмасин, “Келган жойингга жўна”, деса нима қиламан? Қаёққа кетаман? Шунча илм кимга керак? Сувга чўкиб ўламан, балиқларга ем бўламан.
Оқсоқол кечгача уруғ-аймоқлари билан гаплашиб, чақ-чақлашиб ўтирди. Менинг кўнглимда эса ўша ҳадик. Унинг ҳар бир ҳаракатидан бир нима қидираман. Охири чидамадим. Ҳамма уй-уйига кириб кетганидан сўнг кутубхонага – оқсоқолнинг ёнига кирдим. У китоб мутолааси билан машғул. Мени кўргач, юзида табассум пайдо бўлди.
– Яхши келдинг, – деди, – сенга айтадиган гаплар бор эди.
– Берган китобингизни ўқиб чиқдим, – дея баҳона қилдим.
– Менда эса сен учун янгилик бор.
– Қанақа?
– Энди сен билан диндошман. Ислом динини қабул қилдим.
– Йўғ-э! – дедим ҳайратим ошиб.
– Дунёдаги бор динларни ўрганиб чиқдим ва Ислом энг мукаммал дин эканига амин бўлдим. Бу динда ҳамма саволга жавоб бор. Ислом одамни маънан поклайди. Жисмонан тетик сақлайди. Мен бундан буён мусулмон, Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам – пайғамбарим. Эртадан бошлаб намоз ўқишни ният қилдим. Қандай таҳорат олиш, намоз ўқиш ҳақида қўлимда китоб бор, – деб у столи устидаги китобни олиб менга кўрсатди.
Тўғриси, уялиб кетдим. Оқсоқол шу ёшигача яшаб энди мусулмон бўлиб, намоз ўқишни ният қилибди. Мен эса мусулмон фарзанди бўлиб ҳали бирор марта саждага бош қўйган инсон эмасман.
– Илтимос, – дедим қизариб-бўзариб, – менга ҳам ўргатинг.
– Фақат сенга эмас, ҳаммага ўргатаман. Бутун уруғимиз бундан буён намоз ўқийди.
Биз қучоқлашдик. Оқсоқолнинг кўзи ёшланди ва чу-қур нафас олди.
Шундан кейин гапларимиз фақат мусулмончилик ҳақида бўлди.
– Биласанми, сўфийлар қандай пайдо бўлган? – сўраб қолди у гап орасида.
Мен “йўқ” дегандек бош чайқадим.
– Саккизинчи асрда араб халифалигида таниш-билишчилик, мол-дунёга ҳирс қўйиш кучайиб кетган. Ана шунда бундай қилмишлардан норози бўлган тақводор одамлар норозилигини билдириш мақсадида тарки дунё қилганлар. Яъни моддиятдан мутлақо воз кечишган. Нимадан манфаат келса, барини ўзларидан нари суришган. Кейинчалик бундайлар орасидан авлиёлар чиққан… Эсингда бўлса, сен билан манфаат тўғрисида гаплашгандик. Ўшанда гапимиз чала қолганди. Хуллас, манфаат шундай нафс балосики, афсус, тўқсон фоиз одам шуни деб яшайди. Мана, оддийгина мисол. Сени нега алдабсулдаб самолётга ўтқазиб юборишди? Чунки ўша аёл пул олди сен учун. Бойлик орттирди. Сени чавақлаб, юрагингни, ўтингни сотишни мўлжаллашди. Мақсад – манфаат кўриш. Ундан кейин, текин ишлатганларнинг ҳам, шубҳасиз, бойликдан умидлари катта бўлган. Буларнинг бари ҳали кичкина манфаат – узоғи билан йигирмадан зиёд одам шу йўл билан пулдор бўлишга интилган. Катта манфаатда эса, беш-ўн эмас, балки минглаб одамлар қурбон бўлади. Сўфийлар уларнинг ҳар иккисидан ҳам воз кечишган. Ҳаттоки манфаат боласидан келса-да, ҳеч иккиланмай уни ҳам бегоналар қаторига қўшиб қўйган.
Оқсоқолнинг гапларига ишонгим келмади. Чунки кўнглимда кўплаб саволларим бор эди, уларга ўзим ишонадиган жавоб олишим керак эди. Лекин ўтган сафаргидай, оқсоқолдан сўраб, унинг дилини ранжитиб қўйишни истамасдим. Шу боис, ростлигини билиш учун кўзим билан кўришни ният қилиб қўя қолдим.
Орадан яна бир қиш ўтди. Мен жанг санъатини анчамунча ўзлаштирдим. Сёхэй билан бемалол спаринг тушар, унинг зарбаларига қийналмасдан чап берардим. Лекин ундан устунлик қилиш қўлимдан келмасди, барибир. Албатта, буни тан оламан. Аммо оддий одамларнинг беш-олтитасини бемалол енгаман. Бу даражага етгунимча оёғим уч, қўлим икки марта синди. Ҳар сафар оқсоқол даволаб қўяверди.
Кунларнинг бирида қишлоғимни, отамни, укаларимни соғиниб, сув бўйига бордим-да, узоқларга термилганча хаёл суриб ўтирсам, Рена келиб қолди. Индамай ёнимга – намчил қум устига ўтирди.
– Кетгинг келаяптими? – деди мен тикилиб турган тарафга қараб.
– Ҳа, – бош силкидим.
– Бу ер зерикарли, тўғрими?
– Унчаликмас, лекин…
– Яширмай қўяқол, биламан. Беш-олти кундан бери қовоғинг очилмайди. Демак, зериккансан. Оқсоқол қўйиб юбормаяптими?
– Ундан сўраганим йўқ. Менимча, рухсат берса керак.
– Биз озчиликмиз. Шунинг учун у сени жангга тайёрлади. Одатда, бегоналарга бизнинг сиримиз ошкор этилмасди. Лекин оқсоқол сени хабардор қилди. Балки, нимадандир умиди бордир… Ахир, шу аҳвол бўлса, яқинда бутунлай қирилиб кетсак керак.
– Нега бунақа деяпсан?
– Икки ой аввал Нэнэ туққан болани кўрдинг.
Нэнэ Рена билан тенгқур. Қомати келишган қиз. Эркаклар қилолмайдиган ишни ҳам бемалол уддалайди. Чиройи ҳам жойида. Ўтган йили уни оқсоқол Харуки исмли йигитга турмушга берган эди. Бу йил туғди. Лекин бола жуда нимжон, бунинг устига, чақалоқ бор-йўғи икки кун яшади. Ҳаммадан оқсоқолга қийин бўлди – у изтиробга тушди. Ўн кун кутубхонасидан чиқмади. Тинимсиз тиловат қилди.
Ренага ўгирилиб қарадим, кўзлари жиққа ёш.
– Нэнэ билан Харуки, – гапида давом этди у, – акауканинг фарзандлари. Уларнинг кейинги боласи ҳам ногирон туғилишидан қўрқаман.
– Балки ундай бўлмас…
Рена бирдан мени қучоқлаб елкамга бошини қўйди. Овоз чиқариб йиғлади.
– Сен кетма, мен сени келган кунингданоқ ёқтириб қолганман. Қонунларимиз сенга турмушга чиқишимга йўл қўймасаям, бола кўрмоқчиман сендан.
– Нима? – дедим у томонга ўгирилиб, юзини кафтларим орасига олар эканман. – Яна бир қайтар.
– Менинг болам ҳам Нэнэникига ўхшаб чала туғилишини истамайман, тушунаяпсанми, истамайман! Агар сен кетиб қолсанг… Бу ерда ҳамма менга қондош.
– Шунинг учун ёқтирганмидинг мени?
– Йўқ! Лекин бу ҳам битта сабаб. Сен яхшисан, ёқимтойсан…
– Тисс, – дедим уни қучиб, – бўлди, гапирма. Эшитиб қолишлари мумкин. Мен сенга уйланолмаслигимни яхши биласан. Мен сенга етти ёт бегонаман. Агар оқсо-қол гапларингни эшитиб қолса…
– Бегоналигинг учун ҳам кераксан менга.
У мени ўпа бошлади. Аввалига ундан ўзимни тортдим. Сўнг индамадим. Кўнглимда ҳадик бор эди. Битта-яримтаси кўриб қолишидан чўчиётгандим.
Қарасам, Рена тобора “чуқурлашаяпти”.
– Бу ер яланглик, мумкин эмас, – дедим унга.
У бир зум ўзини тийди, ён-атрофга қаради. Кейин ўрнидан туриб, қўлимдан тортди.
Гарчи ўрмон ичи бехавотир эса-да, барибир одам ҳадиксирайди. Устига-устак, бизнинг ялаб-юлқашишимиз чўзилиб кетди.
…Совиб, нечоғли тубан кетганлигимни ҳис қилганимдан кейин этим увишди. Бировлар менга пасткашлик қилган бўлса-да, ўзимнинг тубан кетишим ҳеч қачон ха-ёлимга келмаган. Туз еган тузлуғимга тупурмайман, деб ўйлаб юрардим. Мана энди… Оқсоқолнинг, Ренанинг туғишган акаси Сёхэйнинг кўзига қандай қарайман? “Бошқа миллат, халқнинг одамига ишонмайман”, деган эди оқсоқол. Мана, унинг гапи тасдиғини топди.
– Аканг сени ўлдиради, – дедим кўксимга бошини қўйиб ётган Ренага. – Мен ҳам ҳаёт билан видолашсам бўлаверади.
– Қўрқаяпсанми? – деди Рена.
– Йўқ. Лекин уларга хиёнат қилдим. Бу ҳар қандай жазога лойиқ.
– Мен учун жазолашса афсусланасанми?
– Афсусланмайман. Лекин қондошдай бўлиб қолган одамларнинг кўзига чўп тиққанимга ўзимни кечиролмаяпман.
– Мен акам билан гаплашганман. У сендан бола орттиришимга рози бўлган. Оқсоқолни ҳам кўндиради.
– Аканг?! Шундай ориятли йигит кўндими?! – дедим ҳайрон бўлиб.
– Дарровмас. Бир йилдан кейин.
– Бир йил! – беихтиёр ўрнимдан туриб Ренага қарадим.
– Ҳа. Келганингдан кейин икки ой ўтиб сени яхши кўриб қолганман. Нэнэ ҳам яхши кўрган. Икковимиз ҳам севгимизни ичимизда сақлашга мажбур эдик. Сенга ўхшаб оқсоқолдан қўрқардик. Мен сени доим кузатиб юрардим. Эсингдами, оёқларинг сингани. Ич-ичимдан эзилганман…
– Нега менга шу пайтгача айтмадинг?
Рена жавоб қилмади. Ўрнидан туриб ўтирди-да, елкамга бошини қўйди. Мен унинг сир сақлай олишига қойил қолдим. Бироқ бу на мени ва на уни оқлаёлади.
Рена кетди. Мен талай муддат жойимдан жилмай хаёл суриб ўтирдим. Ўзимнинг гуноҳсизлигимни исботлаш учун баҳона қидирдим. Тополмадим. Шундан кейин энг олий жазога лойиқлигимни ич-ичимдан ҳис этдим.
Кечки пайт Сёхэй ёнимга келди ва еб қўйгудек тикилди. Кўзидаги қаҳр олови тешиб ўтгудек. Бошқа пайт қилт этмасдим, лекин ҳозир айбдорман. Рена “акамни кўндирдим”, деб алдаганга ўхшайди. Йўқса, у бундай қарамаган бўларди… Пешонамдан тер чиқиб кетди. “Палид, бунинг ўрнига яхшилаб битта мушт тушир”, дедим ичимда. У эса, тикилишдан нарига ўтмайди. Бирор икки дақиқа у уккидай кўз қадаб турди. Индамасам, тураверадиган.
– Яхшиси, сўйиб ташла, ҳар қалай, шунда кўнглинг жойига тушади, – дедим.
– Йўқ, – деди у тусини ўзгартирмай, – жияним отасини кўришини истайман. Қариндошим бўлганинг билан табриклайман.
У мени маҳкам қучди. Шундан кейингина бўшашиб, эркин нафас олдим.
Рена билан тез-тез яширинча учраша бошладик. Бирбиримизга тўймасдик. Гапларимиз ҳеч тугамас, бизданда бахтли одам йўқ эди, гўё. Яшаб турган оролимиз бу дунёнинг жаннатидай туйиларди.
Бироқ кўнглимнинг бир чеккасида ғашлик бор, чин бахтга эришишимга нимадир халал берарди.
Орадан тўрт ой ўтиб, Ренанинг қорни билиниб қолди. Бироқ бу мен, Рена ва Сёхэйдан бошқа ҳеч кимни қувонтирмади. Айниқса, оқсоқол қаттиқ жаҳлланди.
– Мен сенга ҳаммасини тушунтирган эдим. Нега айтганимни қилмадинг?! – деди у Ренанинг ҳомиладорлигини пайқаган заҳоти.
Нима деб жавоб қилишни билмадим. Юзим қизариб, кўзимни ерга қададим.
– Бу айбдор эмас, – деди Рена, – ҳаммасига ўзим сабабчиман. Соғлом фарзанд кўришни истадим.
– Соғлом фарзандингнинг қони бегона. Шунга ақлинг етадими? Демак, бизнинг авлодимиз охирлабди. Бир марта қон бузилдими, тамом, уни қайтиб тозалаб бўлмайди! – бақириб юборди оқсоқол.
– Сиз Исломни қабул қилган эдингиз. Мусулмон мусулмонга уйланиши, турмушга чиқиши мумкин, – дедим мен. Шу пайт хаёлимга ҳамқишлоғимнинг татар қизга уйлангани келди. Ўшанда қишлоғимизда бу ҳақда кўп гап бўлган эди.
Оқсоқол кескин ўгирилиб менга қаради. Қошлари чимирилди. Пешонаси тиришди.
– Сенга, – деди у вазминлик билан, – битта қайиқ, қилич, камон бераман. Эртага эрталаб бу ердан кетасан!
Рена иккаламиз бир-биримизга қарадик. Мен севган қизнинг кўзидан икки томчи ёш сизиб чиқди. Оқсоқол эса гап тамом, дегандек илкис бурилди-да, бир-бир қадам босиб биздан узоқлашди. Мен пешонамни ушладим. Сёхэй қўлини елкамга қўйди ва оқсоқолга:
– Мен жиянимнинг отасиз қолишини истамайман! – деб бақирди.
Оқсоқол юришдан тўхтади. Ортига қайтиб, тез-тез юриб Сёхэйнинг ёнига келди ва унинг юзига шапалоқ тортиб юборди. Бундай бўлишини мутлақо кутмаган эдим. Бир қалқиб тушдим. Ренанинг акаси қизариб кетди ва шу ондаёқ тиз чўкиб бошини эгди. Оқсоқол унга бироз сўзсиз тикилиб турди-да, яна изига қайтди.
Ренанинг ёнимга келишини тақиқлашди. Шу боис, тонгга қадар хонада ёлғиз бедор ўтирдим. Тиқ этган товушга қулоғим динг. Худди Рена кириб келаётгандай. Бироқ қуёш чиқишидан тахминан икки соат олдин оқсо-қол кирди. Ҳурмати учун ўрнимдан туриб, бошимни эгдим.
– Ухламадингми? – деди у ҳеч нарса бўлмагандай, ёғоч курсига ўтираркан.
– Йўқ, – бош чайқаб жавоб қилдим.
– Мен ҳам ётмадим, китоб варақладим. Сенга ўрганиб қолган эканман. Кетишингни тасаввур қилолмаяпман.
– Ўзингиз ҳайдаяпсиз-ку.
– Мен ҳам ўйландим. Қарорим тўғрими, нотўғрими, билмоқчи эдим. Агар адашган бўлсам, сени кетказмайман, деган ўйда эдим. Аммо, оқлашим учун бирор далил тополмадим. Мусулмончиликда ҳам эркак билан аёл никоҳсиз қовушиши мумкин эмас. Бу энг оғир гуноҳлардан бири, деб ёзилган. Менинг сенга берадиган жазом Оллоҳники олдида ҳеч нарса эмас. Шунинг учун тинимсиз тиловат қил, зора, Парвардигор гуноҳингдан ўтса. Билиб қўй, бизнинг суяк ҳеч қачон бошқа қавмники билан аралашган эмас. Агар Исломни қабул қилмаганимда, сенинг каллангни олишим, Ренани боласи туғилмасидан бурун нобуд қилишим керак эди… Бошқаларга ибрат бўлсин, деб фақат кетказиб юбораяпман сени, холос. Менинг ҳам умрим охирлаяпти. Сени бу ерда қолдирадиган бўлсам, ўлганимдан кейин уруғимиздан асар ҳам қолмайди. Йигитлар бошқа жойларга ошиқади. Ўзга юртнинг қони бошқа қизларини олиб келишади. Қайтишса, албатта. Қизлар ҳам қараб туришмайди. Бошқа юрт эркакларини хоҳлаб қолишади. Қарабсанки, йигирма-ўттиз йил ўтмай урф-одатимиз, қонимиз бутунлай ўзгариб кетади. Биз буткул унутиламиз…
– Унда Ренани мен билан бирга жўнатиб юборинг. Увол-савобимиз ўзимиз билан. Акулаларга ем бўлмай, ўтиб кета олсак…
– Йўқ. Бир ўзинг кетасан. Рена тавбасига таянади. Бола туғилганидан кейин бошқа бировга никоҳлаб қўяман. Шундоғам озчиликмиз. Уруғимизни камайтирма.
Оқсоқол илтимос оҳангида гапирди. Қараши ҳам мунгли эди, ичим ачиди. Ўзимни ёмон кўриб кетдим. Бошқа гапирмадим.
Оқсоқол кетди. Бир оздан кейин Рена Нэнэ билан бирга келди. Унинг кўзлари қизарган, демак, туни билан йиғлаган. Бечора, қийналибди. Мени деб юзи қора бўлди. Кетганимдан кейин қандай бош кўтариб юради?..