282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Нуриддин Исмоилов » » онлайн чтение - страница 12

Читать книгу "Бахтнинг олис манзили"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 21:40


Текущая страница: 12 (всего у книги 20 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Хўрсиндим, кўзимда ёш қалқди. Отамнинг хор бўлиб, ҳар кимнинг эшигида пул сўраб юрганини ўйлаб ўрнимдан тура-сола югуриб кетгим келди…

Рена чўчиб тушди ва бирдан тиззамдан бошини олди.

– Ухла… Ухла, – дедим шошиб.

– Сув тушгандай бўлди, – деб у юзини артди.

– Сенга шундай туйилгандир, ухла.

У қайта тиззамга бошини қўйди. Сочларини меҳр билан силадим. Яхшиямки уйғонди, йўқса ўйга чўмиб қанча эзилардим, билмайман.

Эртасига хиёбондан чиқиб кетдик. Ётиб туриш учун ижарага уй олишимиз, сўнг иш топишимиз керак эди. Ахир шунча йил йўқолиб кетганим камдек, тағин уйга қуруқ қўл билан бормайман-ку.

Кечга яқин шаҳарнинг чеккасидан ғарибгина кулба топдик. Бир қари кампир ёлғиз ўзи яшар экан. Аввалига унамади. “Бир ўзим кўникиб қолганман. Оромимни бузасанлар”, деди. Шунда Рена уни қўлтиқлаб, бир оз нарига етаклаб борди-да, бир нималар деб тушунтирди. Шундан кейин кампир рози бўла қолди.

Кулбада иккита хона бор экан. Биттасида кампир, иккинчисида Рена иккаламиз яшайдиган бўлдик. Ойига икки юз долларга келишдик.

Кечки пайт кампир бизни меҳмон қилди. “Бошқа ҳотамтойлик қилмайман, – деди у. – Биринчи гал яқинроқ танишиб олайлик дедим-да”.

Овқатланиш баҳонасида гурунглашиб ўтирдик. Кампирнинг айтишича, эри билан қирқ йил турмуш қуриб фарзанд кўришмабди. Шунда ҳам бир-бирини яхши кўрганликлари учун яшайверишибди. Кампир тўқувчилик фабрикасида ишлар, эри эса аравада одам таширкан.

– Раҳматли бир умр арава судради, – деди у кўзига ёш олиб. – Ёшлигида чаққон, чайир эди. Автобусдан ортда қолмасди. Йўловчиларни бир зумда айтган жойига обориб қўярди. Кунига уч юз-тўрт юз доллар топган пайтлари ҳам бўлган. Чет элдан келган бойваччаларни шаҳар айлантирарди.

Кампирнинг шу гапидан сўнг Рена менга маъноли қараб қўйди.

– Арава қаерда? – сўрадим кампирдан.

– Сақлаб қўйибман. Шўрликдан ягона эсдалик, мерос.

– Менга бериб турмайсизми? Ишсизман. Иш топгунимча эрингизнинг касбини қилиб турардим.

– Бераман, – деди кампир ҳеч иккиланмай, – хотининг ҳомиладор экан. Ишинг бўлмаса, қандай боқасан? Лекин бир умр аравакашлик қилиш ярамайди. Охирги пайтларда эримнинг оёқлари шишиб кетганди. Ўзиям, шундан ўлди… Араваниям ижарага бераман. Ойига эллик доллар тўлаб турсанг, етади. Албатта, бошида. Озроқ пул йиғиб олгунингча. Кейин юздан берасан.

Бажонидил рози бўлдим. Ажабмас, менинг ҳам омадим келиб, чет эллик бойваччаларни шаҳар айлантирсам.

Шу куни маза қилиб ухладим. Тонг отиб, қуёш энди чиқиб келаётган паллада кампир уйғотди. Ҳовлига чиқсам, арава тайёр турибди.

– Бўл тез, – деди кампир, – ҳозир ҳамма ишга боради. Автобуслар тиқилинч. Йўлда мошина кўп. Ишга етиб боргунча икки-уч соат ўтиб кетади. Аравангни чоптириб тортсанг ярим соатда етиб олишади.

Рена билан хайрлашиб, аравани судраб чиқиб кетдим. Кампир ҳақ экан. Марказий кўчалар машиналарга тўлиб кетган, битта чорраҳадан ўтиб олгунча кўп вақт кетади. Мен бўлсам, йўлакдан кетавераман. Дарвоқе, менга ўхшаб арава судраб юрувчилар ҳам бисёр. Эътибор қилсам, аксарияти чет элликлар.

Биринчи мижозим қоп-қора костюм-шим кийган, оппоқ кўйлагининг ёқасига бўйинбоғ таққан, дипломатли ўттиз ёшлардаги йигит бўлди. Унинг ишхонасига етгунимизча саккиз километрча юрдим. Юрмадим, югурдим. Мижозим инжиқ одам экан. Ҳар сонияда: “Кечга қолаяпман, тезроқ югур”, деб қичқириб турди. Лекин яхшигина пул берди.

Тушдан кейин битта олифта қизни шаҳар айлантирдим. Ўзиям талтайган экан. Лабига Гавана сигарасини қистириб олиб, араванинг юмшоқ ўриндиғига ястаниб ўтирди-да, суқланиб шаҳарни томоша қилди. Уч соатлар чамаси олиб юрдим. Югурмадим. Шаҳар катта, адоғи кўринмайди, унинг бўлса ҳали у кўчага, ҳали бу кўчага киргиси келиб қолади. Ишқилиб, адашиб кетмайин, уйни тополмай сарсон бўлмайин, деган ўйда ҳар бир иморат, дарахт, йўл бўйидаги белгиларга эътибор бераман.

Кечга бориб, оёқларимдан дармон кетди. Юришга ҳолим қолмади. Ижара уйга зўрға судралиб етиб олдим. Рена аҳволимни кўриб йиғлаб юборай деди.

– Оқсоқол маромига етказолмаган экан, – деди оёқларимни уқалар экан.

Бирдан жаҳлим чиқди. Ахир, темир эмасман-ку. Тирик жон бўлганимдан кейин чарчайман-да. Бироқ Ренага ҳеч нарса демадим. Қовоғимни уйиб қараб қўйдим, холос.

Орадан тўрт-беш кун ўтиб шаҳарни анча билиб олдим. Эътибор қилсам, аравакашлар кўпинча эски, тарихий иморатлар, сайилгоҳлар атрофида туришаркан. Чунки бу ерларда сайёҳлар кўп айланиб юришаркан. Улар маҳаллий аҳолига нисбатан тузукроқ кира ҳақи беришади, албатта. Бироқ бу жойларнинг эгалари бор экан. Дастлаб мени турткилаб кўришди. Учтаси бараварига калтак еганидан сўнг унлари ўчди. Ўшандан кейин топаётган пулим ҳам кўпайди.

Орадан тўрт ой ўтди. Ренанинг ой-куни яқинлашган, мен фақат эрталаб чиқиб аравакашлик қилиб келардим. Бир куни анча вақтдан бери қидириб келаётган одамларимдан биттасини учратдим. У олтмиш ёшларда, шляпа кийиб олган, кўзойнак таққан, юзи ниҳоятда совуқ эди. Аравага минаётганида кўйлагининг кўкрак чўнтаги устида олтита нуқта борлигини кўриб қолдим. Агар бу нуқталар бирлаштирилса, қиррали шакл ҳосил бўларди. Ичимда аллақандай ғалаён қўзғалди. Ҳаяжонланганимдан оёқ-қўлим титраб кетди.

– Ибодатхонага ҳайда, – деди у араванинг юмшоқ ўриндиғига астойдил ўрнашиб олганидан сўнг. “Ибодатхона” деган жойни икки марта кўргандим. Шаҳарнинг жануби-шарқида. Одамлар ибодат қиладиган жой эмас. Қайсидир миллиардернинг уйи. Айтишларича, у Европадаги қиморхонага бир киргандаёқ миллиардер бўлиб чиқ-қан экан.

Тахминан икки гектарча жой оқ мармар қопланган девор билан ўралган. Дарвозасини кўрсангиз, нақ оғзингиз очилади. Шунақанги чиройли безак берилганки, таърифига тил ожиз. Иморати жуда баланд.

Мижозни дарвозагача олиб бордим. Бирон соатлар вақт кетди. У тушаётиб садақа бергандай битта эллик долларни башарамга отиб юборди. Орқасидан ғазаб билан қараб қолдим. Бироз туриб қолдим, шекилли, дарвоза ёнидаги қора кўзойнакли, костюм-шим кийган иккита барзангидай негр безовталанди.

– Нима қилиб турибсан, қани, пешонангдан дарча очиб қўймасимиздан жўнаб қол-чи! – деб бақиришди. Шунда ўзимга келиб, аравамни судраганча ортимга қайтдим.

Талай муддат ўзимга келолмай юрдим. У мени одам қатори кўрмагани, қолаверса, чўнтаги устидаги олти нуқта хаёлимни бузган эди. Ич-ичимни нимадир кемирарди. Уйга бориб Ренанинг ҳолидан хабар олгач, чиройли кийиниб, сочларимни тараб, ортимга қайтдим. Худди аввал бу ердан кўп юриб ўтгандай дарвоза ёнидан ўтаётгандим, ўша мен аравада олиб келган олти нуқтали тамғаси бор одам икки киши билан гаплашиб чиқиб қолди. Мен бу пайт дарвозанинг тўғрисига етгандим. Орадаги масофа жуда қисқа эди. Башанг кийимда у мени танимаса керак деб ўйлагандим, лекин зеҳни ўткир экан, бир қарашдаёқ аравакашлигимни билиб, қоровул йигитларга шивирлаб бир нарса деди.

– Тўхта! – қичқирди барзангилардан бири.

Ўзимни эшитмаганга олиб йўлимда давом этавердим.

– Отиб ташлайман, тўхта! – такрорлади ҳалиги йигит.

Ноилож тўхтадим. Ўгирилиб у томонга қарадим-да илжайдим. Қоровул йигитлар югуриб келишиб, бири қўлимдан ушлади, бошқаси биқинимга тўппончасини тиради.

– Юр бу ёққа! – дағдаға билан дарвоза томонга торт-қилашди.

Шу туртки менга керак эди. Уларни нега, нима учун, деб сўроққа тутиб ўтирмадим. Ғўддайиб иягимни бироз кўтариб қоровул йигитлар билан ёнма-ён, хўжайини билан унинг иккита таиландлик шеригининг ёнига бордим.

– Сен, – деди мен аравада олиб келган киши, – кимсан?

– Одам, ҳаммага ўхшаган одам, – жавоб қайтардим жиддий қиёфада.

– Ҳаммага ўхшамайдиган кўринасан… Қаердан келгансан?

– Прокурормисиз?

У қоровулларга юзланди. Шунда лаблари билинар-билинмас учаётганини сездим.

– Ичкарига олиб киринглар, – деди у.

Бунақанги кошонани биринчи кўришим. Қасрнинг ўзи. Дарвозадан кираверишда, йўлакнинг икки чеккасида бўйи икки метрдан сал зиёдроқ келадиган, хушманзара арча кўкариб турибди. Арчаларнинг оралиғида фавворачалар отилиб турибди. Фавворалар оппоқ мармардан. Бир-бирига ўхшамайдиган турли шаклларда. Ундан нарида оқ, қизил, сариқ, пушти рангли атиргуллар очилган, кўзингизни ўйнатади. Гулларнинг орқа тарафи кўм-кўк майсазор. Рўпарада эса уч қаватли, оппоқ ҳашаматли қаср ғоздек кўкрак кериб турарди. Унга етгунча ҳар эллик метрда битта қора костюм-шимли қора кўзойнак таққан йигит турибди, улар бизга диққат билан разм солар ва қўлларидаги аппаратга бир нарсалар деб қўйишарди. “Адашдим-ов. Қоровулларнинг кўплигини қара. Жуда катта амалдор ёки президентнинг уйига келиб қолганга ўхшайман”, деб ўйладим. Қолганини ўша пайтда кўришга имкон бўлмади, аланг-жаланг қилаверсам, қоровулларни чўчитиб қўйишим мумкин эди. Қаср ёнидаги йигитлар, мени бошдан-оёқ кўрикдан ўтказишгач, йўл бўшатишди. Қасрга киришни жуда истаётгандим, аммо насиб этмади. Гўзал нақшлар билан безатилган, деворига мос оқ рангли эшикка яқинлашишимиз билан ичкаридан бошига кепка қўндирган, оддий жигарранг футболка ва калта шим кийган, қўлида аждарбош ҳассаси бор, лабига Гавана сигарасини қистирган, кўзи қисиқ бир киши чиқди. Уни кўришлари билан ёнимдагиларнинг ҳаммаси таъзим қилишди. Мен безрайганча туравердим.

– Ким бўлди бу нусха? – деди калта иштонли ҳассасини менга ниқтаб.

Олти нуқта (мен аравада шу ерга олиб келган одамга шундай лақаб қўйгандим) ўзига ярашмаган ҳалимлик билан эгилиб, калта иштоннинг қулоғига пичирлади. Калта иштон сигарасини қўлига олиб, оғзидан тутун чиқардида:

– Шуни менинг ёнимга олиб келдингларми, чиқиндихонага олиб бориб бўлаклаб ташланглар, тамом, – деди.

Унинг гапи тугар-тугамас тансоқчилар қўлимни қайиришди.

– Одамларингиз билан биттага битта уришмоқчиман, – дея вазиятдан чиқиб кетиш учун уриндим. Аслида шундоғам тансоқчиларни ер тишлатишга кўзим етиб турибди, аммо менга бошқа нарса керак эди. Яъни одамхўрларни топиб, йўқ қилиш. Негадир охирги пайтларда шу фикр миямга ўрнашиб қолганди. Шундай қилсам кўнглим жойига тушиб, уйга Ренани олиб бемалол кетишим мумкин, деб ўйлардим.

– Қўйворинглар, – деди калта иштон шотирларига. Сўнг менинг ёнимга иржайиб яқинлашди-да, кўксимга аждарбош ҳассасини тиради, – агар иккитасига кучинг етса, мен сени қўйиб юбораман. Балки йигитларим сафига қўшиб ҳам оларман. Маъқулми?

– Келишдик, – жавоб қилдим жилмайиб.

Биз мактаб спорт залига тенг келадиган жойга бордик. У ерда йигирмадан зиёд оқ иштон, оқ яктак кийган йигитлар каратэ билан шуғулланишаётган экан. Калта иштон эшикдан кирган ҳамон улар саф тортиб, бараварига таъзим бажо келтиришди. Калта иштон ҳассасини дўқиллатиб, бир-бир қадам босганча уларнинг ёнига бориб, ҳар бирига синчков назар солиб чиқди ва ориққина бир йигитнинг қўлидан ушлаб ўртага етаклаб чиқди.

– Ҳов! – дея менга қараб бақирди калта иштон, – тўғрисини айтсам, сенга раҳмим келаётганди. Шунинг учун манавини танладим, – у шундай деб каратэчи йигитни аждарбошли ҳассаси билан кўрсатди: – Қонун битта! Бир киши жон таслим қилиши керак!

Хўжайиннинг гапидан ҳамма руҳланиб кетди, шекилли, залдагилар қийқиришди. Биргина мен жим эдим. Биргина мени рақибимнинг бевақт ўлиши қийнаётган эди.

Калта иштон четга чиққанидан кейин аста-аста қадам босиб, рақибим томон юриб бора бошладим. Аммо душманимнинг бунчалик имиллашимга сабри чидамади. Мен томон югуриб келиб сакради. Сакрашга сакради-ю, лекин ерга юзтубан йиқилди. У иккала қўли билан чотини ушлаганча инграрди. Тўғриси, уни чарчатгим келмади. Шу боисдан энгашиб, оёқларини устимдан ўтказиб юбориб, чотига мушт туширгандим.

Залдагилар жим бўлиб қолишди. Оғриқ зўридан инграётган йигитнинг овози эшитиларди, холос.

– Ўлдир! – буйруқ берди калта иштон менга ўқрайиб.

– Энди бу менга қасдланди, соғайгач яна уришаман.

– Унгача тирик қоламан деб ўйлаяпсанми?

– Ҳали ўлиш ниятим йўқ.

Шундай дейишим билан сафда турган оқ яктаклилардан бири ўртага югуриб чиқди. Бу боягисига нисбатан анча қорувли эди. Турқи ҳам совуқ. Важоҳатидан ебютгудек. Бунақанги қизиққонлик билан уришиб бўлмайди. Ҳали ҳеч нарсани билмайдиган, оддий одамларга нисбатан куч ишлатса айни муддао-ю, лекин устаси фарангларга бор ҳунарини ошкор қилиб қўйганини ўзи ҳам сезмайди.

Рақибим жангни менинг оёғимга тепиб ағдаришдан бошламоқчи бўлди. Унинг бу усулни қўллашини ҳали ҳаракати бошланмасдан сезиб турардим. Шу боисдан ҳам, у энгашиб товони билан зарба йўллаган маҳалида мен ҳавога сакраган ва унинг башарасига тепиб улгургандим. Рақиб йиқилди, қимирламай қолди. У ҳушидан кетган эди. Унинг аҳволини кўрган шерикларидан бир йўла учтаси ўртага югуриб чиқишди ва менга бирдан ҳамла қила кетишди. Беш сонияда учаласини ҳам ерга чўзилтирдим. Аммо навбатдаги тўртта каратэчи билан узоқроқ уришдим. Чунки улар тез ташланишмади. Гоҳ яқинлашиб, гоҳ узоқлашиб жанг қилмоқчи бўлишди. Менинг бировни ўлдириш ниятим йўқ эди. Устозим: “Мусулмончиликда одам ўлдириш энг оғир гуноҳ ҳисобланади. Шунинг учун ҳар қандай шароитда одам ўлдиришдан қочиш лозим. Афсуски, буни жуда кеч билдим. Энди қандай покланиб оламан, ёлғиз худога аён”, деган эди. Албатта, ҳар сафар мен унинг айтганларини бажаришга уринаяпман. Бироқ тўла-тўкис уддасидан чиқолмаяпман. Мана ҳозир ҳам шундай бўлди, тўрт каратэчининг охиргиси ўлди. Қуло-ғининг орқасига зарба бераётганимда, мўлжалдан озгина адашибман. Томири ёрилиб кетди.

Каратэчиларнинг навбатдаги гуруҳи мени қуршаганида калта иштон уларни тўхтатди. Унинг овозини эшитган оқ яктаклиларнинг ҳаммаси аввалги жойларига бориб туришди. Бироқ кўзларидан ўт чақнар, қўйиб берса, мени тилкалаб ташлагудек шаштлари бор эди.

– Сен менга ёқдинг, – деди калта иштон ёнимга келиб, – бопладинг. Тўғрироғи, шарманда қилдинг. Албатта, бунинг учун сен айбдор эмассан. Манави итдан тарқаган айбдор.

У ҳассаси билан бўйи икки метр келадиган, ҳар елкасига битта одам бемалол ўтирса бўладиган, бургут кўз, қирра бурун, қора белбоғ таққан каратэчи йигитни кўрсатди. Худди шу маҳал тансоқчилардан бири югуриб унинг ёнига келди-да, қўлига тўппонча тутқазди. Мен уни тўхтатмоқчи бўлдим, бироқ оғиз очишга улгурмасимдан калта иштон басавлат йигитга тўппончасини тўғрилаб тепкини босиб юборди. Умрим бино бўлиб одам танасидан қон фавворадай отилиб чиққанини биринчи кўришим. Ўқ йигитнинг нақ юрагини тешиб ўтди, шекилли, қон резина ичакдан сув пуркагандай отилди. Калта иштоннинг кўйлаги ҳам қип-қизилга бўялди. Бундан жони чиқиб кетган калта иштон яна тўрт маротаба унга қарата ўқ узди. Унинг важоҳати қўрқинчли эди. Мен бошқаларни ҳам отиб ташлашидан чўчиётгандим. Ҳатто ўзимга ўқ учиши мумкин эди. Ахир, бундай одамлар жаҳл отига бир минса, уларни тўхтатиш қийин бўлади. Ҳартугул, унга инсоф берди, қўлидаги қуролни четга отиб юбордида, ташқарига йўналди. Мен эса унинг шотирлари олдига тушдим.

Калта иштон қаттиқ асабийлашган экан, сигарасини чуқур-чуқур тортарди. Афтидан, яқин орада бундай ютқазмаган бўлса керак.

– Сен нима мақсадда келдинг? – сўради у ёнига боришим билан.

– Ҳеч қанақанги мақсадим йўқ, шунчаки ўтиб кетаётган эдим, – жавоб қилдим мен.

– Шунчаки дегин. Менинг уйим атрофида-я? Бу кўчанинг охири берк. Бу ерда юриш мумкин эмас.

– Биринчи эшитишим.

– Бегонага ўхшайсан.

– Узоқдан келганман. Сизнинг йўлингиздан ўтиш мумкин эмаслигини билмагандим. Чиройли жойлар экан, айлангим келди.

Калта иштон иржайди, бу билан мақтовга суяги йўқлигини билдириб қўйди. Менимча, анави олти нуқтали бекорга бунинг атрофида ўралашиб юрмаган. Ожиз жойини топган ва фойдаланиш ниятида.

– Бунақанги жой ер юзида битта, такрори йўқ, – деб хурсандлигини янада ошкор қилди калта иштон.

– Шуни билганим учун ҳам келдим-да. Эгаси ҳеч бўлмаганда томоша қилишга рухсат берар.

– Сен менга ёқиб қолдинг. Исминг нима?

– Нармакур, – дедим калламга келган биринчи сўзни айтиб, тўғриси, исмимни айтиш ниятим йўқ эди.

– Тушунмадим, – деди у пешонасини тириштириб, – ҳеч бунақанги исмни эшитмаган эканман, миллатинг нима ўзи?

Бироз каловландим. Ўзбеклигимни ошкор қилсаммийўқми, деган ўйга бордим.

– Нима, эсингдан чиқариб қўйдингми?

– Йў—ўқ, – дедим чўзиб, – мен асли битта миллат вакили эмасман. Шунга қайси бирини айтсам экан деган хаёлда эдим. Майли, отам тарафдан барлос.

– Қизиқ миллатинг бор экан, менинг исмим Живаку. Мана, танишиб ҳам олдик. Хўш, келишганимиздай менга хизмат қиласанми энди? Айтиб қўяйин, ҳали бирорта одам текширувларсиз олинмаган. Сен биринчи бўлаяпсан, бу жуда катта гап. Яна тўғридан-тўғри менга тансоқчи бўласан. Демакки, кимлигингни билмасдан туриб жонимни қўлингга топшираяпман. Хўш, нима дейсан?

У айни кўнглимдаги гапни айтган эди. Лекин таклифни бирданига қабул қилолмасдим. Буни унинг ўзи ҳам сезиб турарди. Шу боис, жавобимни кутиб ўтирмасдан:

– Бир кун муҳлат, ўйлаб кўрарсан, – деди.

– Тўғри йўл шу, менимча.

– Аравага кимнидир ортиб юрганингдан кўра ёнимда кайф-сафо қилиб яшаганингга нима етсин? Ҳа, эсимдан чиқай дебди. Сен шунча истеъдодинг билан арава тортиб юрсанг, ярашмайди. Уни анави залда чўзилиб қолганлар тортсин.

Шу билан Живаку иккаламизнинг суҳбатимиз тугади. У аждарбошли ҳассасини бир кўтариб қўйди-да, ортига бурилиб қасрга кириб кетди. Мени дарвозагача тансоқ-чилар кузатиб қўйишди. Кўчада эса қоровуллардан бири ён чўнтагидан бир даста бели букилмаган юз купюралик доллар чиқариб берди.

– Керак эмас, – дедим унинг қўлини итариб, – мен пул учун келганим йўқ.

– Менинг тирик юришимни истайсизми? – деди у бироз ранги оқариб.

– Нимайди?

– Олмасангиз, мени ўлдиришади.

Демак, олишим шарт. Бу, табиийки, мени Живакуга қарам қилиб қўяди. Лекин шу билан бирга унга янада яқинлашаман-ку!

Пулни чўнтагимга солдим-да:

– Раҳматимни етказиб қўйишни эсингиздан чиқармассиз, – дедим жилмайиб.

Живакунинг қароргоҳидан бироз узоқлашганимда ортимдан кузатишаётганини пайқаб қолдим. Шундай бўлишини кўнглим сезганди. Адашмабман. “Шошмай тур, паразит, пойлаб юриш қанақа бўлишини бир кўрсатиб қўяйин”, деб ўйладим, ва яширинишга қулай жой қидира бошладим. Бу ерларда “йўқолиб” қолиш ҳеч гапмас, бир лаҳза кўздан қочирсанг тамом, қайтиб тополмайсан. Чунки чумолидай ҳамма ёқни одам босган.

Йўл бўйидаги қаҳвахоналардан бирига кирдим. Аввал ҳам бу ерда бир икки-марта тушлик қилгандим. Бу жойнинг иккита эшиги бор. Биттасидан кириб иккинчисидан, орқа томонидан чиқиб кетаверишинг мумкин. Шу ерда орқамдан кузатиб келаётганлар лаққа тушишди. Менимча, яна битта эшик борлигини улар билишмаса керак, билишса-да эсларидан чиққан, чоғи. Аввалига: “Менинг чиқишимни кутиб тураверишсин. Қани, қанча кутишаркан?” – деб ўйлаган эдим. Сўнг ниятимдан қайтдим. Секин қаҳвахонадан кўзларини узмай турган иккита йигитнинг ортидан бордим-да, бараварига иккаласини ҳам қўлидан ушладим. Бечоралар чўчиб тушишди.

– Мен ортимдан кузатадиганларни ёмон кўраман, – дедим уларга.

Иккисининг ҳам ранги ўзгарди.

– Кечирасиз, биз сизни танимаймиз, шунчаки турибмиз бу ерда, танишимиз келиши керак эди, – деди чап тарафимдаги йигит.

– Шунақами? Майли, унда кутаверинглар. Лекин мен сизларни огоҳлантирдим. Келишдик-а!

Аслида уларни ўша жойнинг ўзида бир ёқли қилиб кетишим керак эди. Чунки улар барибир ортимдан тушишади. Икки юз қадам юрар-юрмас бунга амин бўлдим. Жаҳлим чиқди. Живаку билан ҳамма нарсани келишиб олган бўлсак, буларга бало борми?

Бу сафар мушук-сичқон ўйнаб ўтирмадим. Шартта ортимга ўгирилиб улар томон тўғри боравердим. Кузатув-чилар мени кўришлари билан, ўзларини худди гаплаша-ётган одамлардай тутишди. Ёнларига етишим билан, ҳеч қанақанги гап-сўзсиз, бирининг жигарига, иккинчисининг жағига зарба бердим. Улар мендан буни кутишмаганди. Келиб, бизга: ортимдан кузатганларни ёмон кўраман, деб айтади-ю, яна изига қайтади, деган хаёлга боришган. Шу боис, зарба тегиши билан иккисиям ерга гурсиллаб йиқилди. Бирининг дами чиқмай қолди, иккинчиси эса туришга ҳаракат қила бошлади. Орқа миясига мушт туширгандим, жимиб қолди. Албатта, бу воқеа жуда тез содир бўлди, шу боис, гарчи йўлак гавжум эсада, одамлар тўпланишга улгуришмади.

Анча жойгача асабимни жиловлай олмай, ичимда сўкиниб кетдим.

Уйга яқинлашган сайин негадир кўнглим ғашланаверди. “Ишқилиб, Рена тинч бўлсин-да”, деган хаёлга бордим. Қадамимни тезлатдим. Бунга ҳам қаноат қилмай, югуришга тушдим.

Эшикни очган ижарачи аёлнинг юзида бир дунё ташвиш. У менга қараб ҳали гапиришга улгурмай, инграган товуш эшитилди. Юрагим шиғ этиб кетди-ю, ўзимни ичкарига урдим. Уй тўрида каравот устида Рена инқиллаб ётар эди. У мен томонга қараб, жилмайди. Ёнига бориб тиз чўкканча:

– Ҳаммаси яхши бўлади, – дедим, бошқа гап тополмаганимдан кейин.

У бошини қимирлатиб тасдиқлади.

Бунгача ижарачи хотин ортимдан етиб келди.

– Дўхтирга олиб борайлик, – дея унга юзландим. – Ҳужжатларинг йўқ экан. Қўйишмайди. Менинг ҳам бошим балога қолиб кетади. Илгари бир-икки марта доялик қилганман ўзим. Бош томонига ўт.

Яқин одамингнинг қийналишини кўришдан ортиқ азоб бўлмаса керак. Ренага қўшилишиб туққандай бўлдим ўзим ҳам. Бир-икки марта бақириб юборганимни сезмай ҳам қолдим.

Ниҳоят чақалоқнинг чинқиргани эшитилди.

– Ўғил! – деди ижарачи кампир шодон қийқириб ва болани қўлига олиб аввал юқорига кўтарди, сўнг Ренанинг қорни устига бир неча дақиқага қўйиб қўйди. Кейин гўдакни оппоқ чойшаб билан яхшилаб артиб, оғзини онасининг кўкрагига тутди. Гўдак эма бошлади…

Болани кўтариб бошқа хонага ўтдим. У кўзчаларини юмиб ухларди. Кимга ўхшашлигини билиш учун роса термилдим. Лекин у ўзидан бўлакка ўхшамас эди.

Рена қаттиқ чарчаган экан, уч соатлар ухлади. Шу куни иккаламиз ҳам бахтли эдик. Фақат яхши нарсалардан гаплашар, чақалоққа у ўзларида урф бўлган исм, мен ўзбекона исм қидирардик.

– Барибир энди бизнинг юртда яшаймиз, исми ғалати бўлса ҳамма кулади. Яхшиси Ёдгор қўяйлик, – дедим фикримиз бир жойдан чиқавермагач.

– Маъноси нима? – сўради у.

– Бизга сен яшаган оролдан ёдгорлик. Ўша оролни эслатиб туради.

Рена ўйга толди. Бироздан кейин юзига табассум югуриб, бошини қимирлатиб розилигини билдирди.

Эртасига, Живаку билан келишганимиздай, унинг ёнига бордим (Ренага қаёққа кетаётганлигимни айтмадим. Ҳозирча билмай тургани маъқул. Ўйланиб сути қочиб кетмасин тағин). Аввалдан тайинлаган бўлса керак, унинг қоровуллари гап-сўзсиз кираверишимга рухсат беришди. Қаср ёнига етгунимча бирорта тансоқчи мени тўхтатмади, қаёққа бораяпсан, деб сўрашмади ҳам. Худди ўз уйимда юргандай, атрофни томоша қилиб бемалол кетавердим. Фақат қаср ёнида, олдинги сафаргидай, иккита йигит бошдан-оёқ текширди. Кейин бироз кутиб туришимни сўрашди.

Йигирма дақиқалардан кейин ичкаридан Живаку чи-қиб келди. Кўриниши ўша-ўша. Мен билан илиқ сўрашганидан кейин, сайрга таклиф қилди.

– Сен, – деди у ёнма-ён юриб кетаётиб, – яхши уришаркансан. Лекин кўнглинг бўш. Мен бунақаларни кечирмайман. Йўқ қилиш керак дедимми, демак, айтганим юз фоиз бажарилиши шарт. Чала бўлса, кечирмайман.

– Ҳар қалай, янгиман. Кўп нарсани ўрганишимга тўғри келади.

– Гапинг тўғри, шунинг учун икки кун дарс оласан. Ҳов анавидан.

Мен у кўрсатган томонга қарадим. Бошига шляпа кийган, қорни хиёл чиққан, қора костюм-шимли киши эллик қадамча нарида биз томондан кўзини узмай қараб турарди. Бу кечаги кўйлагининг устида олти нуқтаси бўлган, кўзлари айёр боқувчи одам эди. Мен унга бирров назар ташлаб қўйдим.

– Ким сенга устозлик қилган? – сўради Живаку.

– У ўлган.

– Афсус, сенга ўхшаганлар менга кўп керак.

Живаку тўхтаб, аждарбош ҳассаси билан ерга ниманидир чиза бошлади. Мен атрофни бир қур назардан ўтказдим. Ёнгинамизда икки туп арча дарахти бор. Олти нуқтали кимса кўринмай қолибди… Кўнглим ниманидир сезди.

– Ақлли болага ўхшайсан, – деб Живаку менга юзланди.

Худди шу маҳал арча ортидан калта шим кийган, дев-қомат негр чиқди-да, Живакуга қарата нимадир отди. Мен отилган нарсани мўлжалга етмасидан ҳавода илиб олдим. Қарасам, пичоқ. Негрнинг ўзига улоқтирдим. У ҳам чаққон йигит экан. Энгашиб қолиб пичоқни ўтказиб юборди ва ҳавода сакраб айланиб менинг рўпарамда пайдо бўлди. Айланиб унинг оёқларига тепмоқчи бўлдим. У яна маҳоратини кўрсатди, вақтида сакради. Шундан кейин яна менинг тўртта зарбам бекор кетди. Тўғриси, бироз ҳаяжонландим. Бунақа бўлиши мумкин эмас. Нимададир хато қилаётгандай эдим. Бесамар ҳаракатимдан негр кулди ва ўзи ҳамла қилишга ўтди. Бир марта оёқ зарбаси кўкрагимга тегди. Ана шундан кейин меники қўзиди, уч қадамча ортга чекиндим. Мени уриб ташлашига кўзи етган негр бор кучи билан ташланди. Худди шу пайтда юқорига сакраб ёнламасига айландим-да рақибимнинг очиқ қолган башарасига тепдим. У йиқилмади-ю, лекин гандираклаб кетди. Бундан фойдаланмаслик хато саналарди. Кекирдагига мушт туширдим. Учинчи зарбани эса икки қошининг ўртасига бердим ва душманим қулади.

– Ўлдир! – деди Живаку.

– Озгина қийналсин. Жонингизга қасд қилган одамнинг осонгина жон таслим қилишини истамайман. Шундоғам ўлади, унгача азоблансин, – дедим мен ва гўё ҳеч нарса содир бўлмагандай Живакунинг ёнига бордим.

Бу ернинг ҳатто осмонидан қушлар ҳам юрак ҳовучлаб учади. Албатта, негр йигит, Живакунинг жонига қасд қилиш учун келгани йўқ. Улоқтиргани ҳам оддий ёғоч. Фақат пичоқ шаклида.

Синовдан муваффақиятли ўтганим Живакуни хурсанд қилди. Аммо у ҳали синовни бас қилмаганини ич-ичимдан сезиб турардим.

– Сенга, – деди у ҳассасини кўкрагимга теккизиб, – боягина айтдим, гапим икки бўлиши мумкин эмас. Жазога лойиқсан.

Мен дарров ўзимни бир қадам орқага олдим. Кутганим содир бўлди. Ҳассанинг учидан бир қаричча келадиган ўткир тиғ чиқди. Агар жойимдан қимирламаганимда, у кўкрагимни тешиб кирар эди.

– Сен! – деди қошларини чимирган Живаку. – Мен учун ўлишгаям тайёр бўлишинг керак.

– Лекин бекорга эмас. Сиз ҳали мендан тансоқчи бўлишга рози-розимаслигимни сўраганингиз йўқ.

– Нимага бунақа деяпсан? Менинг итим бўлишгаям жон-жон деб рози бўладиганлар қанча…

– Эҳтимол, лекин мен эмас.

– Ўжар экансан. Қаҳрлансам ўлиб кетишингдан қўрқмайсанми? Мен билан тортишганларни ёмон кўраман.

– Ақлли одамсиз, жаҳлингиз чиққанда ҳам керакли одамларни сийлашни биласиз.

– Бу сафар ҳам омон қолдинг. Юр, мен сенга сийланганларни кўрсатаман.

Биз қасрнинг орқа томонига ўтдик. Кўриб одамнинг кўзи қувнайди: чиройли қилиб қирқилган дарахтлар, кўмкўк майса, отилиб турган фавворалар, ранг-баранг очилган гуллар, уларнинг шакли, қушларнинг сайрашлари – бундан ортиғи бўлмаса керак. Битта каравотни ташқарига олиб чиқиб, кўзингни юмиб, маза қилиб хаёл суриб ётсанг. Лоф қилиб айтганда, ўн йилга ёшарасан, мен кафил. Негр билан уришганим, Живакунинг қўпол гаплари зумда хаёлимдан кўтарилди. Кўкрагимни тўлдириб нафас оларканман, ўзгача роҳатни туйдим.

– Манави дарахтнинг номини биласанми? – сўраб қолди бироз юрганимиздан кейин Живаку.

– Кўрмаган эканман, – жавоб қилдим соддалик билан.

– Африкадан олиб келганман. Ақлли дарахт. Ҳатто ости кавланган бўлсаям кўкариб кетаверади, ўзиям роса манзарали, тўғрими?

– Чиройли экан.

– Чиройли… Чиройли, – дея Живаку гапимни такрорларкан, пастқамгина, ер бағирлаб ўсган дарахт ёнига бориб, баргини ушлади ва менга юзланиб деди: – Чиройда гап кўп. Одамни маҳлиё қилади-ю, лекин ҳийласи жарга қулатиши ҳам мумкин.

Живаку гапини тугатиши билан дарахт жойидан қўзғалди. Мен ниҳоятда ҳайратландим, аммо буни сездирмаслик учун ўзимни бепарво тутдим. Дарахт сурилди, остидан қопқоқ (йўллардаги канализация оғзини бекитиб турувчи пўлат қопқоққа ўхшаб кетади) кўтарилиб, ўз-ўзидан очилди.

Биз ер остига тушдик. Бу ердаги манзара ҳам тепадагидан қолишмайди. Аквариумларда турли-туман балиқлар сузиб юрибди, деворга катта-кичик, ҳар хил манзаралар, одамларнинг суратлари чизилган картиналар осилган. Қизиғи, на акварумлар ва на картиналар тартиб билан осилган, бари пала-партиш қалаб ташланган. Ер ости “кўргазма зали”нинг ҳам бир жойи тор, бир жойи кенг эди. Умуман, ҳаммасини чамалаб кўрсангиз, бирор уч сотихча чиқади.

– Мен, – деди Живаку тиржайиб, – шу ерга тушсам дам оламан. Табиатда тартиб бўлмайди. Манави балиқлар билан картиналардай айқаш-уйқаш бўлиши лозим. Бу фалсафа. Менинг фалсафам. Қалай, сенга ёқдими?

– Ҳа, – дедим бошимни силкиб, – фақат бир нарсага тушунмаяпман. Тансоқчингиз бўладиган болага буларни кўрсатишнинг нима кераги бор?

Живакунинг башараси тундлашди, менга ўқрайиб, ҳассасини дўқиллатиб ерга урди.

– Нима бўлса бўлсин, – деди у кўрсаткич бармоғини юқорига қилиб, – бироқ санъатни қадрлаш керак. Бунинг учун одам севишни билмоғи лозим.

Тўғриси, унинг бу гаплари ўзига мутлақо ярашмас эди. Менинг устозим гапирсин эди, бошқалар гапирсин эди – уларга ярашарди. Лекин бу жаллоднинг оғзидан буна-қанги гаплар чиқса энсанг қотаркан.

– Экскурсия тугади, – деди Живаку, – юқорига чи-қамиз.

Тепада унинг бир йўла ўнта тансоқчиси турарди. Ҳаммасининг қўлида тўппонча. Чиқишим билан қўлларидаги матоҳни менга қаратишди.

– Буниси энди нега керак? – дедим Живакуга қараб.

– Тушуниб оласан. Ақлинг балодай экан-ку, – деб ҳиринглади Живаку ва қаср томон кетди. Шотирлари турткилашиб унинг ортидан юришимни айтишди.

Қасрнинг орқа томонидаги эшикдан кирдик. Оёқ остига мармар ётқизилган, девори тўқ қизил рангга бўялганди. Ҳавоси ҳам ғалати, нафасни бўғади.

Живаку тўғрига юриб бориб қоп-қора эшикни очди. Унинг ортидан мен ҳам кирдим. Кирдим-у, даҳшатга тушдим. Бу ерда куни кеча мен билан уришган каратэчи йигитлар ва ташқарида Живакуга ҳамла қилган негрнинг мурдаси ётарди.

– Гуноҳи менга ютқазганими? – дедим ўликлардан кўз узмай.

– Биларкансан, демак, мен ютқазишни истамайман. Кел бу ёққа, – деб у ҳассасини дўқиллатганча девор ёнидаги иккита курсидан бирига ўтирди. Иккинчисидан мен жой олдим.

– Бу томоша ҳаммасидан ҳам сен учун қизиқ, албатта, – дея Живаку ҳассасининг бошини силади. Шу маҳал белим билан кўкрагимнинг устидан қалин камар ўтиб, мени бутунлай қимирлатмай қўйди. Биз билан хонага Живакунинг иккита тансоқчиси кирганди. Боғланганимдан кейин ташқаридагиларнинг ҳаммаси киришди. Оёқларимни темир қутига маҳкамлашди. Қўлларим эса курсининг суянчиғига боғланди. Бошимга сим тўр кийдиришди. Хуллас, Живаку мени лаққа туширган ва электр столига ўтқазганди.

– Айбларингни тан оласанми? – сўради Живаку ўрнидан туриб шотирлари тутқазган сигарани лабига қистирар экан.

– Ўзим ҳам нима гуноҳ қилган эканман, деб ўйланаяпман, – жавоб қилдим жилмайиб.

– Гапим икки бўлмасин дегандим-а? Лекин сен бажармадинг. Мен билан қандай гаплашишни билмадинг… Шунинг ўзи бемалол сени ўлимга тортадиган иш бўлди. Ташқарида ҳам осонгина йўқотишим мумкин эди сени. Аммо тез ўлиб кетишингни истамадим. Аввал кичикроқ кучланишдаги токнинг мазасини тортасан, худди манавилардай, – деб ўлиб ётган йигитларни кўрсатди у, – сўнг қувватни кўпайтирамиз.

Менинг рўпарамга шотирлар курси қўйишди, Живаку унга ўтирди-да, қўлига қандайдир қора матоҳни олди. Унинг катталиги сигарета қутисидай келар, устида битта қизил ва битта кўк тугмачаси бор, тепасидан бир қарич-ча сими чиқиб турарди. Живаку бармоғини кўк рангли тугмачанинг устига қўйди.

Агар бу аҳволимни оқсоқол кўрганида борми, мени ўзи уриб ўлдириб қўя қоларди. Ахир шу даражага етгунимча озмунча тер тўкдими?.. Ҳа, оқсоқол ҳақ экан, ҳали пишиб етилмаган эканман. Мана, Живакунинг оддийгина ҳийласига лаққа тушдим. Лекин унга ҳам қойил, аввал ҳамма ёқни томоша қилдириб, кейин мени ажал курсисига ўтқазди. Энди тугмани босади-ю, ҳаммаси тамом…


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 | Следующая
  • 4.2 Оценок: 6


Популярные книги за неделю


Рекомендации