Читать книгу "Бахтнинг олис манзили"
Автор книги: Нуриддин Исмоилов
Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
* * *
– Негадир хавотирланаяпман. Кўнглим нотинч, бормай қўя қол, – деди Рена сафарга отланганимни эшитиб бўйнимдан қучиб.
– Хавотирга ўрин йўқ. Имкон борича тез қайтаман. Бормасам ҳам бўларди-ю, лекин кейин бир умр ўзимни кечиролмайман, – дедим унга жавобан.
– Тирик қайтаман, деб ваъда берасан-а?
– Албатта. Мен ўлмаслигим керак. Агар ўлиб қолсам, сенга бошқа биттаси кўз олайтиради. Биласан-ку, сенга бировнинг кўзи бехосдан тушиб қолса ҳам чидолмайман.
– Жиннивой, – деб Рена кулди-да, лабимга лабини босди.
* * *
“Боинг-747” ҳавода бир зайлда учиб бораяпти. Тамадди қилиб олган йўловчиларнинг аксарияти пинакка кетган. Мен ҳам мутлақо уйқум келмаётган эса-да, кўзимни юмиб олганман. Ўзимча бораётган манзилимни, у ерда қанақанги одамлар яшашини тасаввур қиламан. Ўйларим мен истаган тасаввурни беролмас, одамлар ҳаракати, туриш-турмуши гўё туман ичида. Охири бу хаёллардан зерикиб, кўзимни очдим-да, ёнгинамда ўзини ухлаганга солиб ўтирган Рубенга қарадим.
– Уйғоқлигингни яшириш қўлингдан келмаскан, – дедим.
У кўзини очди. Илжайди. Сўнг:
– Топдинг. Менинг ухлашим қийин. Ҳатто юмшоқ тўшакда ҳам икки соатча тўлғониб ётаман, – деди.
– Аслида ухлашга ҳақинг йўқ сенинг. Чунки сен ухлайдиган бўлсанг, бошқа жойда қондошинг кўпроқ пул йиғиб қўйиши мумкин. Ёки банк очади.
– Буям тўғри.
– Агар дунёда пул деган нарса бўлмаганида нима йи-ғардинглар?
– Энг ноёб нарсалар бизники бўларди.
– Нега очиқ гапираяпсан? Сенга нафратим баттар ку-чаяди-ку?
– Кучайса кучаяр, барибир мен керакли одамман. Мендайларни асрашади. Агар Теодоро Обианг Нгуемнинг чангалидан асирларини озод қилсанг, ҳатто президентни ўлдирсанг ҳам барибир менга қўл кўтаролмайсан, чунки сенга керак бўлавераман. Бирор ишинг менсиз битмайди.
– Шундай деб ўйлайсанми?
– Ўйламайман. Ўзи шундай.
– Кўрамиз, – дедим самолётнинг думалоқ деразасидан ташқарига қарарканман. Биз хирмон бўлиб ястаниб ётган булутлар устидан учиб ўтаётгандик. – Кел, менга борадиган жойимиз ҳақида гапириб бер.
– Биз бораётган давлат Африка қитъасининг марказида жойлашган, миттигина. Ўрмонлари, шаршаралари бор. Пойтахти Малабо шаҳри. Одамлари, асосан, негрлар. Шундай десам сенга тушунарлироқ бўлади. Негрлар кўплигига қарамай, ўндан зиёд миллат яшайди. Хўш, тағин айтадиган бўлсам, ҳавоси нам, ёғингарчилик кўп бўлади. Қаҳва етиштиради. Нефтга бой мамлакат.
– Одамлари тўқ яшаркан-да.
– Йўқ, бой эмас. Бойлик президентнинг чўнтагига бориб тушади. Ундан ортгани бошқа амалдорларники. Одамлари очидан ўлмаганига шукр қилиб яшайверади.
– Бутун мамлакатнинг бойлиги чўнтагига тушса, президент нима қилиб одам гўшти еб юрибди? – дедим пешонам тиришиб.
– Бу уларга мерос. Аввал тоғаси президент эди. Уям одамхўрлиги билан ном чиқарганди. Кейин унинг ўрнига жияни Теодоро бўлди. Тоғасини отиб ташлаган ҳам шу. Одамнинг гўшти учун ўзини томдан ташлайди. Кўрдингми?
– Сен у билан қандай танишгансан?
– Пул, – деб кафтларини бир-бирига ишқалади Рубен, – пул, керак бўлса, ёввойи махлуқлар билан ҳам тил топишиб кетишингга ёрдам беради. Мана, масалан, сени пул қизиқтирмайдими?
– Йўқ, – дедим бошимни чайқаб.
– Алдама, – тиржайди Рубен.
– Бутун йиққан пулларингни бермоқчи бўлдинг, олмадим-ку.
– Ҳозирча. Вақти келса…
– Кўрасан, албатта, – дедим ва ўриндиққа суяндимда, кўзимни юмдим.
Йўқ, уйқум келмаётганди. Рубеннинг гаплари зериктирди. Энди яхшилаб режа тузиб олишим зарур. Мақсадим, асирларни қутқариб, зудлик билан ортимга қайтиш. Рубен эса ўша ерда қолади. Албатта, лоши. Ахир, бир ерда муқим яшамайдиган одам учун қаерда ўлишнинг нима фарқи бор?
Шундай хаёллар оғушида ухлаб қолибман. Қаттиқ ухлабман, шу боис, самолёт қаергача етганини билмадим. Кўзимни очсам, Рубен пиво ичиб ўтирибди. Уйғонганимни кўриб:
– Сени безовта қилгим келмади. Шунинг учун фақат ўзимга буюртирдим, – деди гуноҳ иш қилгандай.
Тахминан беш соатлардан кўпроқ учдик. Шундан сўнг стюардессанинг майин овози янгради. У бизни манзилга етиб келаётганимиз билан табриклаб, камарларимизни тақиб олишимизни тайинлади.
Самолёт чиптасига Камерун пойтахти ёзилганини кўриб, Таиланддалигимиздаёқ Рубендан сўраганимда: “Биз борадиган жойга тўғри учадиган самолёт йўқ. Шунинг учун аввал унга қўшни давлатга борамиз. У ёғига эса машинада. Пойтахт Биоко оролида. Унгача пароходда кетишимизга тўғри келади”, – деган эди.
Таиландликлар орасида юравериб бирдан негрлар орасига тушиб қолсанг, одам ғалати бўлар экан. Биронта ҳам оқ танли одам кўринмайди. Айни чоғда, бир-икки негрни айтмаганда, бошқалар бизга эътибор ҳам қилишмади. Албатта, шуниси тузук. Ҳамма сенга маймунга қарагандай қарайверса, ўзингни қўярга жой тополмай қоласан.
Аэропортдан чиқиб, таксига ўтирдик. Рубен бир амаллаб ҳайдовчига чегарагача олиб бориб қўйишни тушунтирди. Чегарагача узоқ экан, аввалига таксичи кўнмади. Мўмайгина кира ҳақи ваъда қилингач, дарров рози бўлиб қўя қолди.
Чегарагача ўн соатга яқин йўл юрдик. Ҳайдовчи миқ этмайди. Рубен эса ўз хаёллари билан банд. Мен ташқарини томоша қилиб кетаяпман. Баъзан ғалати дарахтлар тўдасига кўзим тушади. Умримда бундай дарахтларни кўрмаганман, номларини ҳам билмайман. Ўрмон унча катта эмас, нари борса, беш-олти километрга чўзилган. Сўнг яккам-дуккам буталарга дуч келасиз. Кейин эса чўлу биёбон. Менга ёққани турли-туман ҳайвонларнинг кўплиги бўлди. Улар машинадан ҳам ҳайиқмай ёнгинамиздан ўтиб қолади. Ёшлигимдан “Оламга саёҳат” кўрсатувини маза қилиб томоша қилардим. Энди ўша ҳайвонларнинг ўзини кўриб завқланиб кетяпман.
Чегарага беш юз метрлар қолганида таксичи машинасини тўхтатиб, ортига ўгирилди-да, ўз тилида нималардир деди. Уни на мен ва на Рубен тушундик. Қора танли ҳайдовчи қўли билан имо-ишора қилиб, чегарагача боролмаслигини англатишга уринди. Унинг овози ўчиши билан Рубен аввал келишилган пулни, кейин иккита юзталик долларни қўлига тутқазди. Қора танли бир пулга, бир бизга қаради. Нима қиларини билмай бир оз иккиланиб тургач, яна машинасини юрғазди.
Чегарадан ўтиш муаммо туғдирмади. Камерун давлати чегарачилари ҳужжатларимизга синчиклаб қарашган эсада, нариги томондагилар қучоқ очиб кутиб олишди. Бу мени ҳайратга солди. Рубенга кўзлари тушиши билан уларнинг юзларида табассум пайдо бўлди. Демак, Рубен бу ерда жуда кўп бўлган ва подшонинг махсус кўрсатмасига биноан уни сўзсиз-сўроқсиз ўтказиб юборишлари шарт! Яна таажжубланарлиси, қоравой йигитлар Рубеннинг қўлини олишга шошишарди. Гўё авлиё уларнинг юртига кириб келаяпти-ю, унинг қўлини тутиш, юз-кўзига суриш бир шарафдай. “Эй, қандингни ур! – деб юбордим ичимда. – Бу оми одамлар наҳот Рубен деган бачча-ғарнинг ўтакетган туллаклигини билишмаса… Қўйиб берса, бутун хизматларини йиғиштиришиб, уни қўлларида кўтариб боришса”.
– Обрўлари жуда-а баланд-ку, – дедим Рубеннинг биқинига туртиб.
– Мен буларнинг миллий қаҳрамонига айланганман, – деди Рубен тиржайганча. – Шахсан президентнинг ўзи мен билан қучоқлашиб кўришиб, кўксимга орден тақиб қўйганини, кўкларга кўтариб мақтаганини телевизорда кўрсатишган: “Бу инсон ватанимизнинг дунёга танилишига катта ҳисса қўшди. Унга давлатимиз эшиги ҳамиша очиқ…”
Рубен гапини охирига довур айтолмади. Бўйи икки метрдан зиёд, ҳар елкасига битта одам сиғадиган, барзанги бир негр тўғри келиб Рубенни қучоқлаб ердан даст кўтарди. Рубенга унинг қилиғи хуш ёқди. Ёқмасинми, менинг кўз ўнгимда уни кўкларга кўтариб улуғлашаяпти. “Кўриб қўй, мен кимман! Сен жипириқ мендай улуғ шахснинг пойига болта ураман, деб юрибсан. Кошки бу нарса қўлингдан келса”, дея хаёлидан ўтказган бўлиши ҳам мумкин. Балки у ҳақдир. Не-не одамларни чув тушириб, бегона бир давлатда қаҳрамон даражасига кўтарилган одам мени лақиллатолмайдими? Тўғри, оқсоқолдан ҳаётда зарур бўладиган илм-таълимни ўргандим. Аммо ҳеч ким: “Ҳаётинг мана шундай бўлади”, деб чизиб кўрсатиб беролмайди-ку. Ўйлаб кўрсам, кўнгилчан эканман. Бу хислатим золимларга фақат фойда келтирди… Ҳаммасига қўл силтаб кетсаммикин? Энди кеч, буни эртароқ ўйлашим керак эди. Ренанинг гапларига қулоқ солсам бўларкан.
Бизни қоп-қора “Жип”га ўтқазишди. Олди-орқамизда кузатувчи машиналар. Бамисоли бир давлатнинг раҳбари расмий ташриф билан келаётгандай. Бундан кўнглимдаги шубҳам икки ҳисса ошди. Бир хаёл, ҳозирнинг ўзида, иззатим борида Рубенни бир ёқли қилиб жуфтакни ростлаб қолмоқчиям бўлдим. Лекин дарров ниятимдан қайтдим. Шошма-шошарлик режаларимни барбод қилиши мумкин эди.
– Жаноб, – дедим ёнимда ўтирган Рубеннинг биқинига туртиб, – мен тушунмайдиган тилда бир оғиз ҳам гапирмайсан.
– Бунинг иложи йўқ, – деди у қовоғини осиб, – чунки бу ердагиларнинг биронтаси ҳам таиландча билмайди… Иккаламиз ҳам гунг-соқов бўлиб қоламиз. Мендан хавотир олма, ҳаммаси жойида бўлади.
Унинг гапларига ўзимни ишонган қилиб кўрсатиш учун зўрма-зўраки илжайиб қўйдим ва табиатни томоша қилмоқчи бўлиб ташқарига қарадим. Бироқ, ўй-хаёлим манзилга етганимиздан сўнг қиладиган иш билан банд эди. Бу давлат, лофи билан айтганда, берида туриб йўталсанг нариги томонидаги одам эшитадиган даражада кичик экан. Ярим соат ўтар-ўтмай, кемалар қатнайдиган мўъжазгина бандаргоҳга етиб бордик.
– Пойтахт Биоко оролида, – деди менга қараб ўшшайиб Рубен, – шаҳарни Малабо дейишади.
Рубен самолётга чиқаётганимизда ҳам бу ҳақда айтган эди. Ҳозир ўша айтган гапи эсидан чиққан, шекилли, яна такрорлади. Мен бош силкиб қўя қолдим.
– Агар, – деди Рубен пароходда кетаётганимизда, – нефтдан келаётган даромаднинг ўн фоизигина халққа берилса борми, бу ер жаннатга айланиб кетарди. Ҳайронман, Теодоро шунча пулни нима қилади? Тўғри, бола-чақаси изғиб ётибди. Ҳафтасига битта хотин олади, десам ишонавер. Лекин ўша болалари вафо қилармикин? Ўзи тоғасини отиб ўлдирди-ку…
– Ўзинг-чи? Хотининг, боланг, қариндош-уруғинг йўқ, лекин икки миллиарддан зиёд пулинг бор. Мен сени ўлдириб юборсам, сенга ўша пулларинг вафо қиладими? – дедим унинг гапини бўлиб.
– Йўқ, албатта. Аммо менинг йўриғим бошқа. Бунинг бўйнида бутун бошли мамлакат одамларининг увол-савоби ётибди.
– Менимча, Теодоронинг бойлик тўплашига ўзлари ёрдамлашиб юбормаганмилар? Ҳар қалай, шу ернинг одамларига қайғуриб келмагандирсиз бу жойларга, – деб унга нишимни тиқиб олдим.
Рубен қовоғини уйди, бироз ранги оқарди. Кейин илжайиб:
– Хом сут эмган одамлармиз-да, биродар. Сен ёш бўлсанг-да, менинг кўзимни очдинг. Пул ҳақида гаплашганимиздан бери кўп ўйладим. Ҳақиқатан ҳам, пулни деб қанча ишларни қилиб қўйибман!
– Анави дельфинми? – дедим Рубенни чалғитиш мақсадида биз билан изма-из сузиб келаётган улкан балиқни кўрсатиб.
– Бу ерларда дельфинлар кўп, деб эшитганман. Ҳар доим вертолётда пойтахтга борардим, шунинг учун кўрмагандим буни, – деди Рубен гапимни тасдиқлаб.
Оқсоқол бир сафар менга шайтон ҳақида гапириб, иблис аввал ишончингга кириб оларкан-да (рост гапириб, тоза амаллар қилиб), сўнг алдашга ўтаркан деганди. Рубеннинг ундан кам жойи борми? Мана, самолётга чиққанимиздан бери ўзи билан ҳамтовоқ, бойлигидан фойдаланган ошнасининг бошидан мағзава ағдариб келаяпти. Уни қаллобликда, одамхўрликда, очофатликда айблаяпти. Ғирт ғийбатчига ўхшайди. Тағин ўзини қўй оғзидан чўп олмагандай кўрсатиб, менинг қўлтиғимга сув пуркаётир.
Бандаргоҳда ҳам чегарадагидай Рубенни улуғлаб, қўлларини сиқиб кутиб олишди. Биз тансоқчилар ҳамроҳлигида машинага ўтирдик.
Бу ҳурмат-эътибор менинг имкониятимни чеклаб қўяётган эди. Шундай бўлиши аввал хаёлимга келмаганини қаранг… Калта ўйлаганим учун ўзимдан хафа бўлиб кетдим.
– Мендан узоқлашмайсан, ортиқча ҳаракат қилмайсан, – дедим Рубеннинг қулоғига шивирлаб.
Энди унинг мендан қўрқадиган жойи қолмаганди. Машинани бошқараётган ҳайдовчи, унинг ёнида ўтирган йигит, қолаверса, биздан олдинда ва ортда кетаётган машиналардаги одамлар Рубенни кўз қорачиғидай асрашлари кундай аён эди. Буни ҳис этиб турган туллак норозиланиб менга қараб қўйди. Лекин жавоб қайтармади.
– Ҳар қандай жойга менсиз кирмайсан! – деб қайта таъкидладим.
Албатта, гапим Рубенга ёқмади. У кўзини юмиб-очди, шу асно жағи ҳам қимирлади. Демак, тишини тишига маҳкам босди.
Машина елдек учиб, ўн сонияда улкан бир иморат ёнида тўхтади. Тансоқчилар эшикни илдам очди, Рубен иккаламиз тушдик. Иморатнинг зиналарига чўғдек қип-қизил гилам тўшалган. Пиллапояларнинг икки томонида костюм-шимли, кўзойнак таққан, қоп-қора барзанги йигитлар туришибди. Рубен чуқур нафас олиб, қучоғини ёзди-да, ўз тилида алланималар деб валдиради, сўнг менга беписанд назар ташлаб:
– Яратганга шукрона айтдим, – дея изоҳ берди.
Албатта, у бошқа гапни гапирган, буни юз-кўзидаги ўзгариш айтиб турарди.
Сариқ сочли бир одам бино эшигидан чиқди-да, югуриб ёнимизга келди ва Рубен билан ўпишиб кўришди. Улар мен тушунмайдиган лаҳжада кулишиб гаплашишди. Рубен мен томонга бир қараб олди-да:
– Кечирасан, дўстим, – деди нотаниш одамга таиланд тилида, – мен ҳамроҳим билан бир-биримиз тушунмайдиган тилда гаплашмаймиз, деб келишиб олганман. Танишинглар, Сури.
– Менинг исмим Эдмистер, – деди сариқ мен томонга қўлини чўзаркан.
– Сиз ҳам Таиландда бўлганмисиз? – сўрадим.
– Бўлганда қандоқ! Ўн йил яшаганман, – деб у Рубенга қаради. – Бу ерда нима қилиб турибмиз? Мен дўстимнинг келишига зўр шоу уюштирганман. Президент ҳам, албатта, бўлади. Рубен, у сени жуда соғинган. Юринглар!
Биз қайта машиналарга ўтирдик. Йўл-йўлакай улар гаплашиб кетишди, мавзу пул ҳақида эди.
– Ироқдаги иккита қудуқ бизникиларга ўтди. Мен биттасига киролдим, холос, шунда ҳам бор-йўғи ўн фоизга. Йилига ўн беш миллион беради, – деди Эдмистер.
– Наҳотки мен бехабар қолган бўлсам? – қовоғини уйди Рубен.
– Хафа бўлма, ҳамма пуллар Манжу орқали ўтади, ўшанда ўзингга тегишлисини олиб қолаверасан. Ҳар куни уруш бўлиб ётган жойга сени аралаштиргимиз келмади. Илгаридан биласан-ку, у ернинг одамлари тезда гапга киравермайди, – деб Рубеннинг кўнглини кўтарган бўлди Эдмистер.
– Самман Хуснини дарров тутиб олдинглар.
Эдмистер Рубеннинг елкасига қўлини қўйди.
– Биродарлар бу ишни чўзиб ўтиргилари келмади. Гуш Душнинг ҳовлиқмалигини биласан-ку. Ҳақиқий Самман Масге оролига етиб келмай туриб, нусхасини ушлашга буйруқ бериб юборди. Барибир кўпчилик ишонмади. Энди боши қотган.
Тўғриси, мен Рубен билан Эдмистернинг сўзларига тушунмаётгандим. Улар айтаётган исмлар танишдай, аммо гап нима ҳақда кетаётганига ақлим етмасди. Қанақадир қудуқ, банк, орол, яна кимнингдир ҳовлиқмалиги…
Машина оппоқ катта дарвозадан боққа кириб, бир оз юрди-да тўхтади.
– О-о! – қулочини кенг ёзиб кулди Рубен. – Бу ерга келмаганимга ҳам неча йиллар бўлди. Наҳотки базму жамшиднинг устидан чиққан бўлсак?!
– Омадинг бор-да, – унинг қувончига шерик бўлди Эдмистер, – бугунги байрам аввалгиларидан бутунлай фарқ қилади. Кўрсанг оғзинг очилиб қолади.
Биз йигирмадан зиёд тансоқчилар қуршовида гуллар барқ уриб ётган бино томон юрдик. Тўғриси, бу ерга етиб келгунча шаҳарнинг ифлослигини, одамларнинг, айниқса, аёлларнинг қарийб яланғоч юрганларини кўриб, кўнглим айниганди. Бетартиб қурилган уйлар (уларнинг орасида ёғочу қамишдан наридан-бери тикланган кулбалар ҳам бор эди), лой-тупроқ йўллар бу ернинг пойтахтшаҳар эканлигига шубҳа уйғотарди. Шу боис, кўркам иморат фақат ўша биз Эдмистер билан учрашган жойдагина бўлса керак, деб ўйлагандим. Йўқ, бу ер ҳам ёмон эмаскан. Фавворалар отилиб турибди. Гуллар, майсалар, турли шаклдаги дарахтлар боққа кўрк берган. Аммо боғ ўртасидаги қоп-қора иморат, улкан қора қояга ўхшайди. Бу уй эгасининг кимлигидан далолат бериб турарди.
Ойнаванд эшикдан ичкарига кирдик. Ҳайҳотдай зал, стол-стуллар териб қўйилган, дастурхон ноз-неъматларга тўла, атрофида ранг-туси ҳар хил, паст-баланд бўйли аёлэркаклар тизилишган. Биз кириб боришимиз билан қарсакбозлик бўлди. Сўнг майин куй янгради. Рубен бешолти қора танли билан қўл бериб кўришди ва менга секингина:
– Булар вазирлар, – деб шипшиб қўйди.
Тўрдаги столга яқин бориб бошқалар қаторига қўшилиб турдик. Сўнг, залнинг ўнг тарафидаги эшик очилиб, бошдан-оёқ оппоқ либосдаги барваста киши кириб кела бошлади. Бу сафар қарсакбозлик узоқ давом этди, илжайиб кириб келаётган одамнинг боши узра гуллар со-чилди.
– Президент Теодоро, – изоҳ берди Рубен.
Ўзим ҳам шундай деб ўйлаган эдим. Подшо ҳеч кимга гапирмади, тўрдаги шоҳона безатилган столнинг ёнига боргач, ортига бурилиб, қўлини юқорига кўтариб қўйдида, ўтирди. Бошқалар ҳам жойларига ўтирганидан кейин тановул бошланди.
Рубеннинг иштаҳаси очилиб кетди, у кетма-кет икки қадаҳ ароқ ичиб, сўнг қовурилган жўжани ўнг қўлидаги пичоқ билан майдалади ва шоша-пиша оғзига сола бошлади. Орада тўхтаб қадаҳини ароққа тўлдириб бир кўтаришда сипқориб юборарди. Тахминан ўн дақиқача ўтганидан сўнг, бир костюм-шимли йигит келиб унинг қуло-ғига шивирлади. Рубен илжайди ва оғзини чаққон со-чиққа артиб ўрнидан турди-да йигитнинг ортидан кета бошлади. Менинг эса уни кўзим билан кузатишдан ўзга иложим йўқ эди. Рубен энди қўлимдан чиқиб кетгани кундай равшан бўлганди. Соддалигим алам қилиб, икки қадаҳ ароқ ичиб юбордим. Дарров миям қизиди, бир зум ҳамма нарсани унутдим. Энди менга ҳеч нарсанинг фарқи қолмагандай эди.
Рубен қайтиб келмади. Бир пайт қарасам, у президентнинг биқинида ўтириб, иржайиб-тиржайганча гап бераяпти. Эҳтимол, мени ҳам тилга олаётгандир. Ҳа, шайтон қўлга тушгандаёқ бошини мажақлаш керак экан, раҳминг келса ёки жазони кечиктирсанг, бошингга битган бало бўларкан.
Орадан чамаси бир соатча ўтиб, майин мусиқа садоси тинди ва президентнинг ёнида ўтирганлардан бири ўрнидан турди-да, ниманидир эълон қилди. Мен ўзимдан хавотирдаман: “Анави аблаҳ ҳурматли президентимизни ўлдиришга келибди”, деб айтдимикин? Ҳартугул, ўтирганларнинг бари ўринларидан туришиб, ўнг тарафда очилган икки табақали баланд эшикка томон юра бошлашди. Мен ҳам уларга эргашдим.
Биз бошқа залга ўтдик. Ўртада очиқ, кенг майдон, атрофига стол-стуллар қўйилган. Бошқалар қатори стуллардан бирига ўтирдим. Теодоро Рубен билан ҳаммадан кейин кириб келди. Энг баланд, ҳашаматли столга бориб ўтирди ва “бошланглар” дегандек қўлини ҳавога кўтариб қўйди.
Тўғриси, бу ерда кўрганларимни айтиш кўп қийин. Аслидаям тилга олгулик эмас. Яна бутун бошли ҳудуднинг катталари шунақанги томоша кўрсатдики, бу менинг тушимга ҳам кирмаган.
Оғир мусиқа янграб, залнинг ўртаси икки томонга очилди. Мен циркка ўхшаш бирор томоша кўрсатилса керак, деб ўйлагандим, аммо адашган эканман. Пол остидан доира шаклидаги саҳна юзага чиқди. Унинг устида оппоқ матога ўралган ўндан зиёд қизлар туришарди. Оғир мусиқа енгилига алмашиши билан улар устларидаги матоларни ирғитиб, шунча одамнинг кўз ўнгида қип-яланғоч қолишди ва рақсга туша бошлашди. Рақсни таърифлашга тил айланмайди. Ёнимдагилардан уялиб кўзимни олиб қочдим. Бошқалар рақс тушаётган қизларга еб қўйгудек тикилиб туришарди.
Бир маҳал қизлардан иккитаси Теодоронинг ёнига югуриб боришди-да, унинг оёқ-қўлларини силаб-сийпалашга тушиб кетишди. Бошқа қизлар эса залдаги эркакларни бирма-бир эгаллай бошлашди. Орадан икки дақиқача ўтар-ўтмай шунақанги бемаъни томоша бошланиб кетдики…
Ҳартугул, бир соатлардан кейин бу ажинабазм ниҳоясига етди. Сўнг лифт билан ер остига тушдик. У ерда ҳам зал бор экан. Энди қанақанги “ўйин” бўларкан, деб ўйлаб турганимда, Рубен ёнимга келиб қолди.
– Қалай, маза қилдингми? – деди у тиржайиб.
– Бундан баттари бўлмаса керак, – дедим иржайиб.
– Шумшайиб ўтиришингдан билгандим, томоша сенга ёқмаганлигини. Аслида, бунақа беҳаёликни менинг ҳам жиним суймайди. Лекин на илож, баъзан чидашингга тўғри келади.
– Иккинчи қисмини бу ёқда томоша қиламизми?
– Ҳе-ҳе-ҳе, – кулиб бош силкиди Рубен, – бу ердаги томоша айнан сенбоп. Иккита оқ бадан ёнингга келади. Рена узоқда-ку, сен ҳам одам… Ҳа, айтганча, Теодорога сени тансоқчим деб таништирдим. Аслидаям шундай-ку, бирортаси мени чертолмайди. Чунки сендан қўрқишади. Президент, биласанми, нима деди? Йигитингнинг бир кучини кўр…
– Сенинг одаминг бўлиб қолдимми ҳали? – қовоғимни уйдим.
– Шунчаки, номига. Кимлигимизни икковимиз билсак бўлди-да. Нима қиламиз буларга сирни ошкор қилиб?.. Гап урчиб кетади. Қисқаси, сенинг номингни ҳам эълон қилишади. Теодоронинг лайчаларини дўппослаб, ҳақиқий тансоқчи қандай бўлишини кўрсатиб қўй, – деб Рубен елкамга қоқди-да, подшонинг ёнига кетди.
Бир оздан кейин, Рубен айтганидай, иккита сариқ сочли қиз ёнимга келди. Бири бошимни, иккинчиси белимни уқалай бошлади. Мен уларни силтаб ташладим. Бунақанги қўполликни кутмаган қизлар ажабланишиб бир-бирларига қарашди. Сўнг биттаси эгилиб, қулоғимга инглиз тилида бир нималарни шивирлади.
– Ноо, инглиш, – дедим бош чайқаб.
– По русский знаете? – деди қиз овози титраб.
Мен унга бирдан “ялт” этиб қарадим.
– Понятна, значит, вы не чужой, – деди қиз ранги ўзгариб, – разрешите, я вас немножка массаж буду делат и кое что расскажу.
Қиз рус экан. Гарчи рус тилини билмасам-да, билганларимни ҳам аллақачон эсимдан чиқариб юборган эсамда, сўзлари қулоғимга таниш эди. Ичимда бир энтикиш пайдо бўлди. Бошқа жой, бошқа ҳолат бўлганида, сўзсиз, уни қучиб олардим.
Қиз мени уқалаш асносида ниҳоятда паст овозда:
– Если сможете, заберите меня от сюда, а то я здес могу погибнут. Они не люди, а звери. Понимаете вы? Звери они… – дея қиз бирдан гапиришдан тўхтади. Шундан билдимки, кимдир биз томонга яқинлашаяпти.
“Бу ҳам менга қўйилган тузоқлардан биттаси. Аввал тўрткўз менга ўзбекча гапириб кўрганди. Мақсади менинг қаердан келганимни билиш эди. Энди бу қиз менга рус тилида гапираяпти. Демак, бунга шу буюрилган. Ҳойнаҳой, Рубеннинг иши бўлса керак”, – хаёлимдан ўтди менинг.
Икки ёнимдаги стулга иккита қоп-қора барзанги йигит келиб ўтирди. Мен уларга қараб жилмайиб қўйдим ва таиланд тилида:
– Биргалашиб томоша кўрарканмиз-да, – дедим.
Бироқ улар фақат тишларининг оқини кўрсатиб тиржайишди. Албатта, бу йигитлар бекорга ёнимга келишмаган. Демак, менинг кимлигим кўпчиликка маълум. Фа-қат қўлга олишни нега бунчалик чўзишаётгани мени ҳайрон қолдираётганди. Ахир, президент шу ерда бўлса, мен унга бемалол зиён етказиб қўйишим мумкин-ку. Ёки бошқа режалари бормикин? Дарвоқе, Рубен Теодоронинг йигитлари билан муштлашишимни айтди-ку… Демак, бунинг ортида ҳам нимадир бор. Рубен бир нимани мўлжаллаётир. Эҳтимолки, Теодоронинг одамлари ҳаддан зиёд кучли, улар билан олишиш дев билан майдонга тушиш билан баробардир. Рубен менинг айнан шундай жангда ўлиб кетишимни истаётгандир, яъни шовқин-суронсиз, ими-жимида.
Залнинг ўртасига иккита йигит чиқиб келди. Шу лаҳзада томошабинларнинг олди шифтдан тушган темир панжаралар билан тўсилди. Ҳеч кимнинг юзида хавотир сезмадим, демак, бу ерда бундай томошанинг кўп марта гувоҳи бўлишган.
Ўртага чиққан иккита йигит муштлашишни бошлаб юборишди. Бу олишув бирор-бир спорт турига ўхшамасди. Улар гоҳ тепишишар, гоҳида тишлашарди ҳам. Ниҳоят қорувлиси рақибини уриб ерга қулатди ва томошабинларга қараб қўлларини осмонга кўтарганча оғзини калишдай очиб ўкирди-да, рақибининг устига бутун гавдасини ташлади. Рақибнинг бир жойи синди, шекилли, шўрлик типирчилаб қолди. Бироқ ғолиб бу билан ҳам қаноатланмай, уни бошидан ушлаб турғазди-да, бўйин томирини тишлаб узиб ташлади. Мағлубнинг қони фавворадек отилди ва у гурсиллаб ерга ағанади. Томошабинлар қийқиришиб, қарсак чалишди. Ғолиб “шоввоз”ни олқишлашди.
“Жанггоҳ”га иккинчи жуфтлик чиқди. Бири маймуннинг қилиғини қилса, иккинчиси аждарҳодек ташланади. Уларнинг хатти-ҳаракатлари кўчанинг муштумзўрлариникига ўхшаб кетса-да, томошабинларга ёқди, бирбирининг гўштини еяётган чапаниларнинг олишувини маза қилиб томоша қилишди.
Тўртинчи жуфтликнинг фақат биттаси ўртага чиқиб, залдагиларга қараб алланарса деб ўкирди. Мен уни буқага ўхшатдим: бўйи, чамамда, икки метрдан зиёд, кўкраги тўнкарилган қозондай дўнг, қомати тошдан йўнилгандай. Ҳайбатидан юрак ҳаприқади. Овоз ҳам шунақанги йўғонки, қулоқни қоматга келтиради. Унинг нега ёлғиз ўзи “жанггоҳ”га чиққанини тушунолмай турганимда, Рубеннинг дўсти Эдмистер ёнимга келди-да:
– Сизни чорлаяпти. Чиқиб бир овозини ўчириб қўймасангиз, бу ердагиларни тириклайин еб қўяди у! – деди сохта мулозамат билан.
– Нега мен? Ахир, менинг вазифам Рубенни қўриқлаш, ўртага чиқиб олиб ким биландир муштлашиш эмас, – дея хафа бўлганимни билдириш учун қовоғимни уйдим.
– Лекин Теодорога Рубен ваъда қилиб қўйган. “Менинг йигитимнинг ҳам кучини бир кўринг”, деган. Энди рад этиб бўлмайди. Ахир, жонингизни асраб қолишнинг ягона йўли шу. Чунки сиз руслигингизни ҳаммадан яшириб келаяпсиз… Яна бир томони, асирлар билан бирга боягина сизни уқалаб қўйган Олянинг ҳам тақдири сизнинг қўлингизда…
У гапини тугатар-тугатмас ўрнимдан турдим-да, панжара ортида чақчайган кўзларини лўқ қилиб турган “жангчи” томон юрдим. Аммо икки-уч қадам ташлашга улгурмасимдан иккита тансоқчи йўлимни тўсди. Улардан бири кийимимни ушлаб бир нарсалар деди, гапига тушунмай ортимга ўгирилиб Эдмистерга қарадим.
– Қоидага кўра кийимингизни ечишингиз керак, – дея илжайди у.
– Мени ўзларингга ўхшаган исқирт деб ўйлаяпсизларми, айтинг, манави темир-терсакни кўтаришсин! – дедим панжарани кўрсатиб.
– Бир дақиқа, – деб Эдмистер кўрсаткич бармоғини юқорига кўтариб, Теодоро билан Рубенга қаради. Шу пайт Рубен Теодоронинг қулоғига бир нималар деб шивирлади. Ҳукмдор ўшшайиб қўлини силтади. Бу рухсат, дегани эди.
Ўзиям қоним қайнаб турганди, панжара кўтарилиши билан мени жангга чорлаётган қип-яланғоч девқомат томон сакрадим. Рақибимнинг башарасига товоним тегди. Бироқ у жойидан қимирламади ҳам. Буни кўрган томошаталаблар қийқириб юборишди. Мен иккинчи зарбани унинг оёқлари орасига бердим. Аммо у қўлини қўйишга улгурганди. Бироқ шу заҳоти тиззам билан жағига тепдим ва у орқасига қулади. Кетма-кет башарасига тепки еган ҳар қандай забардаст одам ҳам гангиб қолади. Рақибим ҳам ўрнидан туришга турди-ю, лекин жойида тебраниб туриб қолди. Мен уни асло ўлдирмоқчи эмасдим. Бу бечорада нима гуноҳ? Одамларнинг қийналиб ўлаётганларини кўриб роҳатланаётган Теодоро билан унинг гумашталарининг буйруғи билан чиққан майдонга. Ўзига қолса, шундай шармандали аҳволга тушармиди?
Рақибим менга тикилиб, бақувват қўлларини мушт қилди. Шу маҳал унинг кўзи ялтиради. Буни кўриб алланечук бўлиб кетдим. Ич-ичимдан эзилдим. Чунки у ўзининг ютқазганлигини, бир неча сониядан кейин ўлишини сезиб турарди.
Машғулотдагидай енгил ҳаракат қилиб, мени урмоқчи бўлиб чўзган қўли тагидан ўтиб, қулоғининг орқасига зарба бердим. Рақибим юзтубан полга гурсиллаб қулади. У ҳушидан кетган эди.
Томошабинлар томоқлари йиртилгудек бақиришарди. Гарчи мен уларнинг гапларини тушунмасам-да, олишувни бой берган йигитни ўлдиришим кераклигини англаб турардим. Мендан шу талаб этилаётганди.
– Ўлд-и-и!!! – деб мен ҳам бошқа жангчилардай ба-қирдим. Шундай дейишим билан залдагилар жимиб қолишди. Ҳамма ўгирилиб Теодоро томонга қаради. Бироқ подшо жим эди. Назаримда, мен унинг энг ишонган жангчисини ўлдириб қўйгандим. У шундан хафа бўлганга ўхшайди. Рубен унинг қулоғига шивирлади. Менимча, гапимни таржима қилди. Шундан кейин Теодоро ўрнидан туриб қарсак чалди ва ўзининг тилида нимадир деди. У гапини тугатиши билан Эдмистер панжара ёнига келиб мени имлаб чақирди. Мен секин унга яқинлашдим.
– Теодоро жаноблари сени битта синовдан ўтганлигинг билан табриклади. Агар иккинчисини ҳам бажарсанг, жосус бўлишингга қарамай қўйиб юборишини айтди, – деди Эдмистер.
– Яна қанақанги синов? – дедим мен ажабланиб.
– Ҳозир ўзинг кўрасан.
Панжара кўтарилди. Шунда жанггоҳни ўраб олган ўттиздан зиёд қора костюм-шимдаги йигитлар ўринларидан туриб, тўппончаларини менга ўқталишди. Эдмистер эса боягина менга рус тилида гапирган қизни етаклаб келди ва ўртага олиб чиқиб, унинг авратини бекитиб турган кийимларни ҳам йиртиб ташлади.
Вужудим музлаб кетди. Кейин… Кейин: “Аввалги залда мен бошқалар кўрсатган томошани қилмаганим учун, энди ҳамманинг олдида шу шармандаликни бажараманми?” – деб ўйлаб қалтираб кетдим. Аммо шу пайт бутунлай бошқа ҳодиса юз берди. “Жанггоҳ”га темир қафасга солинган йўлбарсни олиб келишди. Уни кўриб қиз чинқириб юборди. Эдмистер эса:
– Қиз ҳам тирик қолиши керак! – деб бақирди.
Йўлбарс шошмасдан қафас ичидан чиқди-да, ўкирган-ча биз томон кела бошлади. Энди панжара ичида йўлбарс, қиз ва мен қолгандик.
Ўй ўйлашга фурсат йўқ, рўпарамдаги йўлбарс ўкирган-ча яқинлашиб келар, қиз эса жонини ҳовучлаб ортимга бекинган, қутқаришимни сўраб ёлворарди. Томошаталаблар эса одатдагидай қарсак чалишмоқда.
“Йиртқич ҳужум қилганида, агар имконинг бўлса, кўзига тик қара, хаёлан тилка-пора қилиб ташлайдиган важоҳат билан тикил, бунинг акси нигоҳингда пайдо бўлсин”, деган эди оқсоқол. Унинг ўгитига амал қилдим, аммо йўлбарс ўкирганча яқинлашаверди.
– Мен у билан олишаман, сен чап томонга қоч! – деб бақирдим ортимга бекиниб олган қизга.
Бироқ ношуд қиз гапимга тушунмади. Аксинча, белимдан маҳкам қучоқлаб олди.
Жон-поним чиқиб, уни силтаб ташладим-да, ўзим йўлбарс томон отилдим. Шу маҳал йиртқич чалғиди – бошини аввал қизга, кейин менга буриб ириллади ва мен бир кўзига бармоғимни уриб, устидан ошиб ўтиб кетишга улгурдим. Ҳар қандай жонзотга жон ширин, бир кўзидан айрилган йўлбарс дунёни бузиб ўкирди, овози ҳамма шовқинни босиб кетди. У анча вақт ўзига келолмади, жон аччиғида думалади. Аммо оғриғи босилмади, шекилли, яна ўкирди. Мен эса, умидланиб: “Қанийди қочса, жони омон қоларди”, деб ўйладим. Кўнглимдагини уққандай, ҳайвон олдинги оёқлари билан кўзини силаганча, қафасга киришга уринди.
Йўлбарснинг мағлубияти томошабинларга хуш келмади. Улар қўлларига илинган нарсани йиртқичга улоқтиришар, алламбало деб сўкинишарди. Яралангани, устига-устак, отилган буюмлар келиб тегаётганидан юраги ёрилаёзган йўлбарс бизни ўраб турган панжара бўйлаб қоча бошлади. Мен энди йўлбарсга бас келолмасдим. Чунки қўрқувдан қутуриб кетган йўлбарсни энди ҳеч қандай куч қайтара олмасди. Жанггоҳнинг ўртасига бориб турдик. Шу маҳал гумбурлаган ўқ овози эшитилди. Йўлбарс икки марта сапчиди-ю, гурсиллаб ерга қулади, уни отиб ташлашганди.
Панжара кўтарилиши билан Теодоронинг беш-олтита йигити майдонга югуриб кирди. Шу маҳал Рена қоғозга ўраб берган порох иш берди, уни ерга урганда, портлаб бир неча сония атрофни тутун қоплайди. Мен бундан фойдаланиб, қочиб қолишни мўлжалладим. Бунақа усулни нинзалар кўп қўллашарди. Улар ўша пайтда жуда тез ҳаракат қилиб, бошқа жойга ўтиб кетишади. Бироқ мен ҳали бирор марта бу усулни ишлатмагандим. Оролда оқсо-қол неча марта ўргатишга уриниб кўрди, барибир уддасидан чиқолмаганман. “Ишқилиб, қалтис вазиятга тушиб қолмагин-да”, деганди ўшанда устозим.
Порох портлаган заҳоти ғайриоддий куч билан олдинга интилдим. Залдагилар ўзига келгунича мен Теодоронинг ёнига етдим ва тансоқчиларидан бирининг тўппон-часини олиб, подшонинг бўғзига тирадим.
Тутун тарқагач, жанггоҳдан мени тополмаган томошабинлар бирдан қий-чув кўтариб Теодоро томонга қарашди-ю, ҳайратдан донг қотишди. Сўнг ўзларини эшикка уришди. Тансоқчилар эса қуролларини ўқталганча ўзини аллақачон Худо деб эълон қилиб, энди ўлим билан юзмаюз турган Теодорога кўмакка шошишарди. Рубен эса, ўрнидан туриб қочишга шайланди, аммо биқинига чунонам тепдимки, турган жойида букчайиб қолди.