Электронная библиотека » Нуриддин Исмоилов » » онлайн чтение - страница 5


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 21:40


Автор книги: Нуриддин Исмоилов


Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 5 (всего у книги 20 страниц) [доступный отрывок для чтения: 7 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Биз ҳали йўлакда келаётганимизда иккита оқ халатли аравачасини суриб ўтди. Аравачада кимдир ётар, унинг устига оппоқ чойшаб ёпиб қўйилган эди. Чойшабдан ётган одамнинг қўли чиқиб турарди. Қўлнинг қоралигидан, гарчи умримда кўрмаган бўлсам-да, унинг негрлигини билдим. “Бечоранинг касали оғир экан-да, жон таслим қилибди”, дея ўйладим.

Йўлак бўйлаб юриб икки марта чапга, сўнг ўнгга бурилдик. Лекин кўзойнакли юмронқозиқ тўхтай демасди. Эътибор қилсам, қадами тезлашаётгандай. Негадир юрагим ғашланди. Аста-секин бу ғашлик кучайди. Орқаолдимга қараб олдим.

Ниҳоят йўлбошловчи эни икки метрлар чамаси келадиган қоп-қора деразали, икки табақали эшик ёнида тўхтади ва менга ўгирилиб:

– Шу ерга керамез, – деди илжайиб.

Мен индамадим. Кўзойнак эшикни очмади. Эшик ўзи очилди. Бу мени ҳайратлантирди.

Ичкари ёп-ёруғ, хона бир неча алоҳида хоначаларга бўлиниб, оққа бўялган ойна билан ўралган, бу ёқдагилар нариги томондагиларга кўринмайди, бу ёқдагилар нариги томонда ўтирганларга. Бировлар мен тушунмайдиган лаҳжада алланималарни гапираяпти.

Кўзойнакли мени кираверишдаги курсига ўтқазиб қўйиб, ўзи ўша хоначалардан бирига кириб кетди. Бир неча сониядан кейин ўзига ўхшаган кийимдаги киши билан етаклашиб чиқди ва менинг ёнимга келди.

– Кўйлакни еченг, – деди кўзойнак иржайиб.

– Нега? – дедим мен ҳайрон бўлиб. – Соппа-со-ғман-ку!

– Шуне текшерамез.

Мен истар-истамай эгнимдагиларни бирма-бир ечдим. Кўзойнак шериги билан бирга бўйнидаги матоҳининг бир учини қулоғига тиқиб, иккинчи томонидаги темирчасини кўкрагим устида обдан юргизди. Баъзи-баъзида улар кўз уриштириб олар, бир нарсалар деб валдирашарди. Кўкрак қафасимнинг текширилмаган жойи қолмагач, улар мамнун жилмайишиб, қадларини ростлашди.

– Сареқ бўганмисез? – сўради ўша-ўша мулойимлик билан кўзойнак.

– Йўқ.

– Окэ! – деди у бош бармоғини юқорига қилиб ва шеригига қараб яна ўша ёт тилда валдиради. Шериги эса эшик тепасидаги соатни кўрсатиб, бир балолар деб жавради.

Кўзойнак бошини қимирлатиб унинг гапини тасдиқлади ва менга юзланиб:

– Сез, шу ерга ўтираде, без тез келамез, – деди.

– Майли, – дедим рози бўлиб.

Уларнинг оёқ излари совиб улгурмай, кичик ойна билан ўралган хоналардан олдинма-кетин оппоқ халат кийганлар чиқиб келишди ва менга қайрилиб ҳам қарамай ҳалигиларнинг ортларидан равона бўлишди. Мен ёлғиз қолдим. Бир муддат жойимда қимирламай ўтирдим, кейин зерикдимми, ўрнимдан туриб, эшик томонга ўғрин-ча қараб олиб, оҳиста қадам босиб ойнали бўлинмалар томон бордим.

Мен кўрган манзара даҳшат эди. Уни кўргунча, кўзим оқиб тушса мингдан-минг рози эдим. Қўрқа-писа хонача эшигини очдим-у, қотиб қолдим: ўртадаги узунасига икки, энига бир метрча келадиган стол устида кўкрак қафасию қорни очиб ташланган, кўзи олайган мурда ётарди. Оёқ-қўлим қалтиради, юрагим тез ура бошлади, этим увишди. Бақирай дейман-у, овозим чиқмайди. Бир маҳал гурс этганча тиззалаб ўтириб қолдим. Ўтакам ёрила-ёзди ва сакраб ўрнимдан туриб, қочмоқчи бўлиб, кейинги хонанинг ҳам эшигини очиб юборибман. Бунисида кўрганим ундан-да даҳшат эди. Одамнинг кесиб олинган қўл-оёқлари, боши осиб қўйилган, стол устида ичаклар чувалашиб ётибди. Мен адойи тамом бўлдим. Бир йилча бурун оёғи синган ҳўкизчамизни қассобхонага олиб боргандик. Ўшанда қассоб молни ташқарида сўйиб, терисини шилиб, гўштини кушхонага олиб кириб мана шундай чавақлаганди. Ҳозир шу кўз олдимга келди.

Эшикни қандай ёпдим, билмайман. Аста ортимга тисарила бошладим. Миям жуда тез ишга тушиб кетди. Лаҳзада анави кўзойнак ва унинг шериги мени текширувдан ўтказгани хаёлимдан ўтди…

Қишлоғимизда Аброр исмли бир йигит бор. Ўзимизнинг шаҳарда ўқийди. Ҳали ёш бўлсаям, тепакал. Ўша бир гапни айтиб берган. Эски бир шаҳарда битта кўча бор экан. Мабодо ёш бола адашиб бу кўчадан ўтиб қолса, ўша ернинг одамлари уни ушлаб олиб уйларига олиб кирарканлар-да, ертўласига қамаб ширин таомлар билан боқишаркан. Сўнг ўзларининг қанақангидир маросимида семирган болани чўмилтириб, ун солинган супра устига ўтқазаркан-да, атрофини қўлларида бигиз ушлаб ўраб олишаркан. Улардан бири:

– Кел, ўзим сенга шоколад бераман, – деб болани ёнига чақираркан. Қўрққанидан дағ-дағ қалтираган шўрлик бола секин ўзини чақирган одамга яқинлашаркан ва кутилмаганда этига санчилган бигиздан чинқириб, қочмоқчи бўларкан-у, бошқа биттасининг ёнига бориб қоларкан. Бу сафарги бигиз нақ унинг суягигача етиб бораркан. Хонани эса бола бечоранинг ноласи билан бирга, қонхўрларнинг ҳайқириғи эгалларкан…

Аброр қолганини ҳам айтган эди. Лекин мен уни бировга гапириб бериш у ёқда турсин, ҳатто ўйлашга ҳам қўрқаман…

Орадан маълум муддат ўтиб, уларни милиционерлар навбатдаги маросимларини нишонлаётганларида қўлга олишибди. Бироқ ҳаммасини эмас. Баъзилари чет элга қочиб кетибди. Аброрнинг сўзларига қараганда, улар бошқа давлатда ҳозир ҳам шу иш билан шуғулланишаркан. Чунки қон ичмаса, одамнинг қонига қорилган нон емаса, худди нашавандлардай жинни бўлиб қолишаркан.

Орқага тисарилаётганимда, ана шу воқеа хаёлимга келди-ю, одамхўрларга ем бўлиш навбати менга келганини сезиб, тирик мурдага айландим.

Кўз олдимни туман қоплагандек, ҳеч нарса кўринмай қолди. Хаёлимда одамхўрлар қўлида қўйдай сўйилаётганга ўхшардим. Бу айтишга осон, лекин ўша пайтда жоним бўғзимга келиб талвасага тушган, қассобнинг қўлида пи-чоқни кўрган жонивордай типирчилар эдим.

Аброрнинг ҳикоясини эслаганим ва бир неча сония аввал кўрганларим мени шу кўйга солган эди. Ана шундай вазиятда туйқусдан миямга: “Қочиш керак”, деган ўй келди ва мен орқа-олдимга қарамай ўзимни эшикка урдим.

“Қўрққанга қўша кўринар”, деб бежиз айтишмаган экан. Йўлакда югуриб кетаяпман-у, худди биров орқамдан қуваётгандай жоним борича чопишга уринаман.

Тепага чиқиладиган зинага етиб келиб, учта зинани бир қадамлаб сакраганча юқорилай бошладим. Тепага чиқишим билан рўпарамдан Валерий иккимизга эшикни очган тасқарага дуч келдим. Ана шу пайт шифтда қизил чироқлар ёниб, “вай-вай”лаган сирена чалинди. Қўрқувдан оёқларим қалтирай бошлади. Биринчи бор кўрганимдаёқ товонимгача музлаб кетган тасқарага гавдам билан чунонам урилдимки, у орқасига отилиб кетди. Мени ушлаб қолмоқчи бўлганларга чап бериб қочдим.

Бир маҳал эшикка қарсиллаб урилиб, чалқанча қуладим. Аммо шу ондаёқ сакраб оёққа турдим. Чунки ҳар дақиқада ҳаёт-мамотим ҳал бўлиши тайин эди. Ҳаяжондан ҳовлиқаётган эсам-да, эшик зулфинини тортиб очишни эпладим.

Ахлатга кўмилиб кўчада югуриб кетаяпман, одамларнинг бақир-чақири қулоғимга чалинади. Бироқ тўхтадим ва овоз келган томонга қарадим ҳам, жоним борича югуриб кетавердим. Бахтим бор экан, йўлимни биров тўсиб чиқмади. Ортимдан қувлаб келаётганлардан анча узоқлаб кетдим ва одам гавжум, машиналар тирбанд йўлга етдим. Аммо югуришдан тўхтаганим йўқ, йўл-йўлакай: “Эй Худо, ўзинг куч-қувват бер”, дейман ичимда.

Билмадим, қаерларга келиб қолдим, бир маҳал силлам қуриб тўхташга мажбур бўлдим. Оёқларим тарашадай қотган, ўпкам шишиб кетган, энтикиб зўрға нафас олаяпман. Анави тасқара билан эшикка урилганим эсимга тушди – елкаларим зирқираб оғрийди. Тўхтаб тиззаларимга қўлимни тираб ҳансираб нафас оларканман, ортимга аланглаб қараб қўйдим. Ортимдан қуваётган одам ҳам кўринмагач, хотиржам тортдим.

Қаттиқ чарчаганда одамнинг танаси совимасин экан, сўнг юриш ўлимдан қийин бўларкан, худди иккала оёғимга тегирмон тоши боғлаб қўйилгандай. Юриш азоб, бу бир менга ва бир Худога аён. Кўзларимдан тирқираб ёш оқади, устига-устак, борар жойим ҳам йўқ. Бинолар, кўчалар, одамлар – ҳаммаси бегона. Ғамим икки ҳисса ошиб, теваракка жовдираб қарайман, ҳалигилар қидириб келиб қолиш эҳтимоли ҳам юракка ғулғула солади.

Бундай қалтис вазиятда одам ўзини тутиши қийин экан, мен ўзимни ўлдиргим келди. Атрофга қараб қулайроқ жой қидираман. Қани энди топила қолса! Ҳамма ёқда чумолидай одам изғийди.

Ярим соатча оёғимни судраб юриб антиқа, умримда кўрмаган дарахтлар, ям-яшил майсалар, турли анвойи гулларга тўла боққа рўпара келдим. Аммо ҳечам кўрганимдан баҳри-дилим очилмади. Оёғимни судраб босиб боққа кирдим-да, бўш ўриндиқ топиб ўтирдим. Танам яйради. Оёқларимни уқаладим, руҳим тетиклашгандай туйилди. Шундан кейин кўнглимда қандайдир ёруғлик пайдо бўлди. Эгилган бошимни кўтариб, атрофга разм солдим. Боғда ҳам одам кўп эди. Улар бепарво саланглаб, эҳтимол, дам олиб юришарди. Севишган йигит-қизларнинг қўл ушлашиб юришларини кўриб ҳавасим келди.

Мен ўзимнинг аҳволимдан хижолат тортдим. Шу боис, уларни четдан туриб кузатишдан ўзимни тийиб, кўзимни ерга тикиб ўтиравердим.

Бир маҳал кимдир энгашиб, оёғим остига пул ташлаб кетди. Бошимни кўтариб қарадим – тахминан мен тенги оппоқ юзли, киприклари узун, қадди-қомати келишган, оқ кўйлаги ўзига ниҳоятда ярашган, кўзлари шаҳло бир қиз жилмайиб қараб турибди.

Ўзиям ер ёрилмади, мен кириб кетмадим. Назаримда, у мени тиланчи деб ўйлаган. Дарров пулни олиб, қизнинг қўлига тутқаздим. Аммо қиз пулни қайтиб олишни истамай бир нималар деганча бошини сарак-сарак қилди.

– Керакмас, – дедим мен қизариб, – тиланчи эмасман.

Қиз гапимни тушунмади, албатта, бироқ ўзининг тилида алланималар деди. Ўлай агар битта сўзига тушунган бўлсам? Ҳатто унинг гапирганига ҳам ишонмадим. Чунки лаблари қимирлар, ниманидир талаффуз қилгандай бўларди-ю, менга шивирлаган товуш эшитиларди, холос.

– Барибир бир-биримизни тушунмаймиз, яхшиси, мени уялтирма, кетавер, – деб унга йўлни кўрсатиб, бармоқларим билан юраётган ишорани қилдим.

Ҳартугул, қиз нима демоқчи бўлганимни англади ва менга кўзлари ғамга тўлиб бироз қараб турди-да, ортига бурилиб кета бошлади.

“Ортиқ бу ерда ўтирмай, – дея ўйладим мен. – Кўнгли ийган, ичи ачиган одам шу қизга ўхшаб озгина пул бериши мумкин. Лекин, худо кўрсатмасин, буларнинг полицияси кўриб қолса, ўғри-пўғри деб, обориб қамаб қўяди. Ундан кейин додимни кимга айтаман?! Яхшиси, кетганим маъқул”.

Энди ўрнимдан қўзғалган эдим, ҳалиги қиз қайтиб келди-да, қўлимдан ушлади. Мен унинг бу қилиғига тушунмадим ва қошимни кериб: “Нима дейсан?” – деб ишора қилдим. У бўлса:

– Камон, камон, – деб мени боғ ташқарисига етаклади.

Шу пайт хаёлимдан: “Бу анави одамхўрларнинг шериги бўлса керак”, деган ўй ўтди-ю, силкиб қўлимни тортиб олдим.

– Чучварани хом санабсанлар, бориб айт ўша акачаларингга, энди улар менинг қорамни ҳам кўрмайди, тушундингми?! – деб бақириб бердим.

Кошки қиз гапимни англаган бўлса. У киприк қоқмай кўзларини менга тикиб тураверди.

– Уфф, – дедим у ёқ-бу ёққа қараб, – қанақанги ғалчасан?

Бу гапим жавобсиз қолмади, қиз астойдил куйиниб бир нималар деди. Сўнг қўлимдан ушлаб, яна кўча томонга тортқилади. Бу билан шубҳамни баттар кучайтириб юборди.

– Онангни эмгур, шайкаларингнинг ёнига обормоқ-чимисан, ундан кўра бу ёққа юр, гаплашамиз, – дедим мен уни боғнинг ўртароғига тортиб.

Қизиқ, у индамай менга эргашди, ҳатто кулиб қўйди. Бирдан Нигора хаёлимга келди. Бу қиздан у чиройли бўлса чиройли эдики, аммо кам эмасди. Мен лақма чиройга ошиқ бўлиб, мана, не кўйларга тушиб юрибман! Менимча, бу қиз ҳам аввал ўзининг гўзаллигини кўз-кўз қилиб илжайиб, қучоғини очади, кейин катта-кичик ишлар бошланиб кетади ва мен аҳмоқ осонгина қопқонга тушаман. Йўқ, бу сафар ҳийла ўтмайди, кўр ҳам ҳассасини бир маротаба йўқотади-ку. Энди бу қизни шундай ўйнатайинки, онасидан туғилганига пушаймон бўлсин.

Хаёлга алаҳсиб, анча ичкарилаб кетганимизни сезмабман. Ҳатто оёқларимнинг толиққани, елкамнинг оғриғини ҳам унутибман. Бир маҳал рўпарамиздан иккита полициячи чиқиб қолса, денг. Юрагим “шув” этиб, ҳаяжон босди. Лекин буни сездирмаслик учун юришимни ўзгартирмадим. Аммо балонинг ўқига гирифтор бўлгурлар, барибир, сезишибди. Яқинлашганимизда новчаси қисиқ кўзларини баттар қисиб, алламбало дея қўлини ҳавода силкитганча: “Тўхта”, дея ишора қилди. “Оббо, бу ёғи чатоқ бўлди. Шу падарингга лаънат қиз қаёқдан ҳам пайдо бўлди?” – дея ўйладим. Лекин хаёлимни бир жойга йи-ғиб улгурмай қиз олдинга ўтиб, полициячиларга нимадир деди. Тартиб посбонлари қизга қараб илжайишди, оғизларини ғалати қимирлатишиб нимадир сўрашди.

Шундан кейин қиз шунақанги сайраб кетдики, унинг нима деяётганини тушунмасам-да, оғзига термилиб туравердим. Бир маҳал қарасам, полициячилар ҳам анқайиб тикилиб қолишган. Қизнинг товуши тингач, новча полициячи менга қўлини узатиб, қўлимни сиқиб қўйди-да, индамай нари кетди.

“Вой афирист, – хаёлимдан ўтди, – буларни осонгина алдаб юбориб, кейин мени қассобларинг қўлига топширмоқчимисан? Билиб қўй, оғзингдан чиқаётган бу товушинг менга кор қилмайди. Биринчидан, мен тилингни тушунмайман. Тушунган тақдиримдаям энди лақмалик қилмайман, қайтанга ўзингни “сарсон” қилиб бир жойга ташлаб кетаман. Сўнг юрасан, додингни худога айтиб”. Ўзимга кўпроқ ишонаётганимдан руҳим тетикланди, лекин бу қизни қандай қилиб чув туширишни билмасдим. Мушт туширай десам, ҳар қадамда одам. Алдашнинг эса иложи йўқ. Бошим қотди. Тўхтаб, аланглай бошладим. Қиз менга бир муддат тикилиб турди, сўнг қўлимдан тортқилаб, дарахтлар қалин томонни кўрсатди.

Тушундим. Демак, ўша одамхўрлар шу ёқда. Бизнинг боғдан чиқмаганимизни кўриб, бошқа йўл билан бу ерга келишган, қиз уларни кўриб, энди мени шу ёққа етаклаяпти. Мен борсам-у, шериклари бошимга қоп кийгизишса. Хўш, яна нималарни хоҳлайсиз, ойимқиз?

Тавба, буларга менинг гўштимни ким ширин деб айтган экан? Мол-пол, қўй-пўй қуриб кетдими, одам гўштини ейишса? Қаерларга келиб қолдим ўзи? Қутулиб кетишнинг иложи бормикин?

– Бормайман, тушундингми?! Умуман, бу ердан туё-ғингни шиқиллат. Билиб қўй, ҳозир анави, – деб қиз ишора қилган томонга қўл силтадим, – гумашталарингни бу ердан олиб кетмасанг, ҳаммангни полицияга тутиб бераман. Одам ўлдириш, гўштини бурдалаш қанақа бўлишини кўрсатиб қўяди сенларга!

Қиз башарамга тикилиб қотиб тураверди, бирорта туки ҳам ўзгармади. Демак, у қўрқмади, гапларимни тушунмаган бўлса ҳам юзимдан жаҳлим чиққаниниям пайқамади, чамамда. Ахир, қовоғимни уйиб турган бўлсам, аччиқланаётганимни сезиши керак-ку! Ёки булар жаҳли чиққанда илжаярмикан?..

– Нима хоҳлайсан мендан? Айт. Турма бу ерда безрайиб! – дедим атайин овозимни бир-икки парда кўтариб.

У қилт этгани йўқ. Бу ғалчани нима қилсам, деб ёнатрофимга қарадим. Кўзим бехосдан сув тўла ҳовузга тушди. “Яхши, – дедим ичимда, – бир йўла бет-қўлимниям ювиб оламан”. Кейин қизга бир қараб қўйдим-да, ҳовуз томон юрдим. Мени қопқонга тушириш қўлидан келмаслигига ақли етиб, энди қайтиб кетса керак, деган хаёлга боргандим. Қаёқда, айлана шаклида қурилган, атрофи мармар ҳовузга эгилиб бир ҳовуч сувни олишим билан қиз ортимдан етиб келиб елкамдан, яна оғриган жойидан туртиб турибди-да! “Имм!” – деб юбордим бехосдан ва ўгирилиб қизга важоҳат билан қарадим. У қўрқиб ортига тисарилди.

– Кўринишингдан нозиккинасан-у, қилиғинг бунча қўпол? – дедим.

Гапим ўзим учун айтилганди. Тўғриси, бу аҳволда жинни бўлиб қолишим ҳеч гапмас: биров мени тушунмайди, уларнинг оғзидан чиқаётган ҳар хил товушларнинг маъносига эса менинг ақлим етмайди. Кўргилик деганлари бундан ортиқ бўлмаса керак.

Аламдан бўғилиб юзимни ювмоқчи бўлгандим, қиз қўлимни силади. Бошқа жой, бошқа вазиятда унинг қилиғи мойдай ёққан бўларди, лекин ҳозир асабимни баттар ўйнатиб юборди. Қиз йигирма қадамча наридаги ўрдакнинг ҳайкалчаси оғзидан бир маромда оқиб турган сувни кўрсатди.

– Бу ерда ювиниш мумкин эмасми? – деб ўзимга ўзим гапирдим-да, у кўрсатган тарафга бордим.

Оқиб турган сувда юзимни, бўйнимни ювдим. Танам роҳатланди. Сўнг шохларининг эгилиб туришидан мажнунтолга ўхшаб кетадиган, лекин барглари шапалоқдайшапалоқдай дарахтнинг тагидаги ўриндиққа бориб ўтирдим. Шубҳасиз, “дум” ҳам “ялт” этиб ёнимдан қўним топди. Унинг ёпишқоқлигидан кўнглидаги нияти ёмонлигини пайқаб турардим. Ахир, Нигоранинг эркаланиб суйкалишлари, Индира опа, Валерий, кейин анави кўзойнакли юмронқозиқнинг юмшоқ гаплари тагидаги разилликни кеч бўлсаям билдим-ку. Энди бунинг кўнглимни овлаши учун забони камбағаллик қилиб турибди, холос.

Шундай ўй-хаёллар билан ўтирганимда қайси гўрдандир басавлат полициячи пайдо бўлиб қолса денг. Унга мендан олдин қизнинг кўзи тушди ва мени қучоқлаб, юзимни силаб, бурнимни чимдиб:

– Ҳа, хе, ху, ха, – дея (ҳар қалай, менинг қулоғимга унинг гаплари шундай эшитилди) эркаланган бўлди.

Мен ҳам полициячининг қўлига тушиб қолмаслик учун илжайиб қизнинг оғзидан чиққан товушга бошимни силкидим.

Шайтон қизнинг ҳийласи иш берди, полициячи ғиринг демай ўтиб кетди. Кейин қиз кўйлагимни ушлаб бир нималар деди.

– Ҳа, тушундим, – дедим бир қўлим билан кўйлагимни ушлаб, иккинчисини ҳавода қимирлатиб. – Йиртилган. Бошқа йўқ-да, алмаштирай десам. Энди шу кўйлакда юравераман.

Буни қарангки, қиз мени тушунди, бироз кўзимга ўтли нигоҳини қадаб турди-да, кўрсаткич бармоғини юқорига кўтариб, жавради. Сўнг ўрнидан туриб қаёққадир югуриб кетди. Мен аввалига ҳайрон бўлиб, ортидан қараб турдим. Сўнг миямга: “Бу анави шерикларининг ёнига кетди”, деган ўй келди-ю, ўрнимдан туриб кетдим. Қизнинг қораси ўчганидан кейин, аста орқа тарафга, беш-олти метр наридаги дарахтларга, уларга чирмашган чирмовиқларга синчиклаб разм солдим. Назаримда, ўша жойда одамхўрлар бекиниб тургандай туйиларди. Лекин шубҳали ҳеч нарсага кўзим тушмади. Менимча, ўша ёқда йўлак бўлса керак, чунки у ёқдан-бу ёққа оёғига хина қўйгандай бир-бир қадам босиб одамлар ўтиб-кетиб турарди. Демак, қизнинг шериклари бизни йўқотиб қўйишган, ахир, сайр қилиб юрганлар кўп-да. Қизнинг айтганига кўнганим яхши бўлди, бопладим уни, деб ўйладим. Аслида бошида пишиқ бўлишим керак экан. Бироз ўтирганимдан кейин, эртароқ бу ердан жуфтакни ростламоқчи бўлдим, бошқа иложим ҳам йўқ. Қиз гумашталарини етаклаб келса, кейин кеч бўлади.

Ўрнимдан турмоқчи бўлганимда, қўлим бир нарсага тегиб кетди. Қарасам, оппоқ, кичкина сумкача. Мен бу сумкачани қизнинг елкасида кўргандим. Нега ташлаб кетди? Эсидан чиқдимикин? Ёки мени бирон жойга кетиб қолмасин, деб атайин шундай қилдими? Бошим қотди. Бир хаёл, унинг сумка-пумкасига тупуриб, кетвормоқчиям бўлдим. Бироқ нимадир тутиб турарди мени. Ҳа, кўнглимнинг бўшлигидан бу… Хуллас, нима қиларимни билмай, ўтиб-қайтаётганларга қараб ўтиравердим. Кетиб қолишимга яна бир нарса – кийим-бошимнинг абгорлиги йўл қўймаётганди.

Ана кетаман, мана кетаман, деб бир қарорга келгунимча қизалоқ ҳовлиқиб югуриб келиб қолди. Икки қўлида елимхалталар. “Нима балони кўтариб келди бу “елим”?” – деб ўйладим.

Қиз қулоғимга сингиб қолган товушда нималардир деди ва қўлидаги елимхалталарнинг биттасини узатди. Олиб ичини очдим. Битта оппоқ футболка ва кўк жинси шим. Уларни кийишим кераклигини сездим-у, лекин ўзимни гўлликка солиб, қизга қайтардим. Қиз бидирлаб гапирганча футболкани елимхалтадан чиқарди-да, қўлимга тутқазиб, имо-ишора қилди. Унинг айтганини қилиб, кийимларни кийдим. Қиз менга бошдан-оёқ қараб, бош бармоғини юқорига кўтарди, демак, ярашибди. Кейин бошқа елимхалтани кўрсатиб, боши билан “юр” дегандек имо қилди.

Ўша пайтлари шайтон ишончингга кириб олганидан кейин алдашни бошлайди, деган гапдан бехабар эдим. Шу боис, қизга эргашиб бўш ўриндиқлардан бирига ўтирдим. Елимхалта ичидаги орасига гўшт солинган кулчани иштаҳа билан туширдим. Итдай оч эканман. Эсласам, Индира опанинг уйида овқатланганим, шундан бери туз тотмабман. Қизга кулиб қараб, хурсандчилигимни билдириб қўйдим. У ҳам кулимсиради ва сумкачасини титкилаб, ручка билан кафтдай дафтарча олиб очди-да, уй расмини чизиб, устига сўроқ белгисини қўйди. Кўз ўнгимда беихтиёр қишлоғим, уйимиз, отам, укаларим гавдаланиб, энтикиб кетдим. Қани қанотим бўлса-ю, учсам. Отам роса… Йўқ, сўкмайди. Бир марта бўлсаям пул жўнатдимку. “Келдингми?” – деб бир оғиз сўрайди. Тамом-вассалом.

Ўзиям дунёда менинг отамдай ичи кенг одам бўлмаса керак. Бир ҳисобдан шунисиям яхши…

Қизнинг товуши хаёлимни бўлди. Унга бир қараб қўйдим. Қўлидан ручкасини олиб уйга стрелка қўйдимда, тахмин қилиб, 15 000 км, деб ёздим. Қиз бир менга, бир дафтарчасига қараб бошини сарак-сарак қилди.

– Ана шунча узоқда менинг уйим, – дедим хўрсиниб.

Қиз кўзлари ғамга ботиб менга қаради. Сўнг ўзининг тилида алланималар деди. Менимча, кўнглимни кўтармоқчи бўлди. Қизиқ, одам бошқанинг тилини тушунмаса-да, нима демоқчилигини англаб оларкан. Қизнинг уйим қаердалигини сўрагани ва таскин бермоқчи бўлганини илғашимга тил билишимнинг ҳожати қолмади.

Шу пайт бизнинг олдимиздан ўтиб бораётган икки кишига кўзим тушди. Бирининг сочи сарғиштоб, оппоқ кўйлак, қора шимда, галстук тақиб олган. Атрофга аланглаб кетаётганидан бесаранжомлиги кўриниб турибди. Ичимдан бир нима узилгандай бўлди ва қизни маҳкам қучоқладим-да, юз-кўзидан ўпа бошладим. Мақсадим, анавиларни чалғитиш. Лекин қиз қурмағур кўкрагимдан итариб, мени чув туширди. Йигитлар рўпарамизда тўхтаб, бизга синчиклаб тикилишди ва аста-секин бизга яқинлашишди. Нима қиларимни билмай қолдим. Қочай десам, икки ҳатлаб етиб олишади. Қочмайин десам…

– Яхшимисиз, йигитча? – деди улардан бири ўзбек-чалаб ва кўришмоқчи бўлиб қўлини узатди.

Унинг ўша одамхўрлардан бири эканига энди шубҳам қолмаган эди. Ўзимни йўқотиб қўйиб, унга қўл берганимни сезмай қолибман. Бир маҳал шарақ этиб билагимга кишан ҳалқаси кийилди, унинг иккинчи учи эса одамхўрнинг билагида эди.

– Қўйвор! – деб қичқирганча қўлимни силтадим.

Суягим зирқираб оғриди, бироқ кишандан қўлимни бўшатолмадим. Мени осонгина тутиб берган қизга нафрат билан қарадим-да:

– Кўнглинг жойига тушдими, манжалақи?! – деб ба-қирдим.

Овозимдан сесканиб кетган қиз мени тутганлардан ниманидир сўради. Иржайган сариқ сочли одамхўр қизнинг тилида жавоб қилди ва бўш қўли билан чўнтагидан қандайдир ҳужжатни олиб кўрсатди.

– Алдаяпти! – бўкирдим мен, чунки одамхўрлар ҳужжат кўрсатишганидан қизнинг уларга шерик эмаслигини тушуниб етгандим. – Алдашаяпти! Булар ҳозир мени олиб бориб сўйишади!

Жон аччиғида кишанланган қўлимни тишладим-да, этимдан бир тишлаб узиб олдим, кейин бўш қўлим билан одамхўрлар мени мана шундай ейишларини қизга имо-ишоралар билан тушунтира кетдим. Қизнинг, аввалига, афти буришиб кетди, бир муддат қўлимнинг қон жўшиб турган жойига, сўнг ўзимга қараб турди. Кейин мутлақо кутилмаганда сариқ сочли барзангининг икки чоти орасига шунақанги тепдики, у ўкирганча букчайиб, иккала қўли билан оғриган жойини чангалламоқчи бўлиб, мени ҳам тортиб юборди. Бўш турган эканман, силтаниб кетиб, манглайимни одамхўрнинг бошининг орқасига урволдим. Бир зум кўз олдим қоронғилашди, лекин тез ўзимга келиб, қизнинг қўлимни кишандан бўшатаётганини кўрдим. “Иккинчиси қочиб қолдими?” – деб ёнверимга қарадим ва кўзим ерда чўзилиб ётган одамхўрнинг шеригига тушди. Ҳа, тушунарли, мен карахтланганда қиз ишини битириб қўйган экан.

Атрофимизни одамлар ўраб олишди, шовқин кўтарилди. Қиз нимадир деб қичқирди, мен унинг “полиция” деган сўзигагина тушундим. Биз қочдик, майсалар устидан қуёндай сакраб-сакраб боққа ўтдик.

Боғдан чиқиб олгандан сўнг югуришдан тўхтадик. Қиз зувиллаб оқиб ўтаётган машиналарга қўл кўтарди. Бир машина ёнгинамизда тўхтади. Қиз ҳайдовчидан сўраб ўтирмай орқа эшикни очди-ю, чаққон кириб ичкарироқ силжиди. Тўғриси, унинг нозик ҳаракатларига ҳавасим келиб кетди. Аммо машина қўзғалиши билан шеригимга айланган бу гўзалдан шубҳалана бошладим ва биз ўтирган уловнинг қаёққа кетаётганига эътибор бермоқчи бўлдим, бироқ билолмадим, чунки машина бироз юриб чапга қайрилди. Мен эса, бу томонларни энди кўришим. Аксига олиб, эти узиб олинган қўлимнинг оғриғи кучайди. Тишимни тишимга босиб чидашга уринаман, қон оқиши тўхтамайди, яп-янги кийимларим қонга бўялди. Яранинг тепасидан соғ қўлим билан маҳкам сиқдим. Қиз ҳам қўлимни ушлади ва синчиклаб ярамга тикилди. Кейин (очиғи, ўшанда унинг ақлига қойил қолдим: тўполонда эски кўйлагимни олишни унутмаган экан) Индира опа совға қилган кўйлакдан бир парча йиртиб олиб, қўлимни маҳкам боғлаб қўйди.

Орадан кўп ўтмай машинадан тушдик. Бир қарашда бозорни эслатадиган одам гавжум тарафга юрдик. Адашмаган эканман, кўчанинг ҳар икки томонига дўкончалар пала-партиш қуриб ташланган, латта-путта, кийим-бошлар илиб ташланган. Калта иштондаги савдогарлар оёғида шиппак билан чаққон бориб-келиб юрибди. Шовқин ун-чалик кучли эмас, бироқ ора-сира бир-бирига бақириб гапираётганлар ҳам бор. Мени эса бошқа нарса, бу ерга нима мақсадда кирганимиз ўйлантиради. Кўйлагим қон бўлди, бошқасини обермоқчидир, деб ўйладим, аммо қиз кийим-кечакларга қарамай, илдам юриб кетаяпти. Югуравериб тинкам қуриб қолганидан, ундан бироз ортда қола бошладим. Қиз аввалига буни сезмади, кейин ортига бир қараб қўйди-ю, тўхтади.

– Бирон жойда озгина дам олайлик, барака топгур, – дедим унга етиб олганимдан кейин. – Оёқларимда дармон қолмади.

Аммо қиз соғ қўлимдан ушлаб судраётгандай тез-тез юриб кетди. Икки юз қадамча юрганимиздан кейин кўкат бозори бошланди. Қиз турли-туман ўтларга диққат билан қараб, қадамини секинлатди. Унинг ортидан, бир нимани биладиган одамдай, мен ҳам кўкатларга қарай бошладим. Қиз барглари беданикига ўхшаб кетадиган, новдаси йўғон ўтдан икки боғ сотиб олди. Сўнг асал ва бир дона тухум ҳам харид қилди. Уларни сумкачасига жойлаб, менинг қўлимдан ушлади-да, орқа тарафга бошлади.

Кўчанинг бошига чиқишимизга озгина қолганида негадир бошим айланиб, кўзим тинди. Гандираклай бошладим. Қиз аҳволимни сезди, шекилли, тўхтаб юзимга тикилди. Сўнг қаторнинг чап томонидаги пакана, қорин-часи дўппайган, сочи тап-тақир олинган сотувчига юзланиб, бир нималар деди. Сотувчи бошини қимирлатиб, дўконига кириб кетди ва зум ўтмай қўлида шиша идиш кўтариб чиқди.

Шишадаги қип-қизил суюқлик тахир экан, спирт қўшилганга ўхшади. Қизнинг ишораси билан охиригача ичдим. Биласизми, бирдан кўз олдим равшанлашди ва қизга илжайиб:

– Кетдик, – дедим.

Йўл бошига энди чиқиб боргандик, боғда айнан қўлимга кишан солган барзангилардай кийинган ўн чоғли одам иржайишиб-тиржайишиб туришганини кўриб, ҳайкалдай қотдик. Энди қўлга тушганимга шубҳам қолмаганди. Аламдан қўлларим мушт бўлиб тугилди.

Уларнинг бу ерда қандай пайдо бўлиб қолгани мени ўйлантириб қўйди. Ахир, биз боғдан қочиб чиқиб, машинага ўтирганимизни ҳеч ким кўрмаганди. Кўзи тушганлар эса оддий йўловчилар. Полиция қидириб келганида ҳам тушунардим, чунки иккита барзангини сулайтириб қочишимиз уларда шубҳа уйғотиши эҳтимолдан холи эмас. Лекин булар… қаердан ҳид олди? Ким бизнинг бу ердалигимизни хабар қилди? Ёнимдаги қизга алам билан қарадим. Чунки гумоним айнан шу қиздан эди.

Йўлтўсарларнинг учтаси тўдадан ажралиб чиқиб, бизга яқинлаша бошлади. Ўзимни тақдирнинг қўлига топширган эсам-да, айни пайтда, осонликча жон таслим қилмоқчи эмасдим. Гарчи мадорим қуриган, биров туртиб юборса ағанаб тушадиган аҳволимда ҳам ёқалашишга шай эдим.

Қиз кўкрагимга қўлини қўйди-да: “Сен нари тур”, дегандек орқага итарди. Ўжарлигим тутиб, қўлини силтаб ташладим. Қиз менга ғалати қараш қилиб, қошларини чимирди-да, алланималар деди. Сўнг яна мени орқароққа итариб, ўзи бир қадам олдинга чиқди. Назаримда, у яқинлашиб келаётган учта барзанги билан муштлашмоқчидай. Бир кулгим қистайди, бир ғашим келади. Тўғри, у боғда иккитасини бир ўзи эплади. Лекин боғдаги муштлашиш мутлақо улар кутмаганда рўй берганди. Қолаверса, иккинчи одамхўрни урганини мен кўрмадим. Балки кимдир ёрдамлашиб юборгандир-у, мен ўзим билан ўзим овора бўлиб илғамагандирман.

Йўлтўсарлар билан орамизда бир қадамча қолганида қиз енгил ҳаракат қилиб оёғини кўтарди ва ўртадаги барзангининг жағига тепди. Аммо қизнинг тепкиси унга чивин чаққанчалик таъсир қилмади. Боши бир силтанди, холос. Оддий шапалоқ ҳам одамнинг юзини ачитиб юборади. Барзангининг афти бужмайиш ўрнига тиржайди ва қизнинг иккинчи зарбасини осонлик билан қайтариб, юзига зарб билан мушт туширди. Қиз бечора: “Аа!” – дея бақирганча ёнига йиқилди. Шунда мен чинқириқ ҳамма тилда бир хил бўлишини билдим.

Мен ортимга тисарилиб, қўлимни мушт қилиб тугдим, ўзимча: “Қайси бирини урсам экан?” – деб ўйладим ҳам. Аммо шу пайт орқа томондан шовқин эшитилди. Бурилиб қарамадим. Тўғрироғи, қарашга қўрқдим. Чунки йўлтўсарлар яқин келиб қолишган, ушлаб олиши тайин эди. Биттаси ҳатто қўлини чўзиб, ёқамдан тутмоқ-чи ҳам бўлди. Аммо мен чаққонлик қилиб ўзимни орқага олишга улгурдим.

Бир маҳал йўлтўсарлар чекина бошлашди. Шунда мен ортимга ўгирилдим-у, ҳайратдан донг қотдим: хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, бир гала одам алланималар деб бақирганча бостириб келарди. Бирининг қўлида калтак, бошқасиникида арматура. Ҳеч шубҳа йўқки, улар мени, аниқроғи, лабидан сизиб чиққан қонни кафти билан артаётган шеригим – исми номаълум қизнинг ҳимоясига ташланишганди.

Билагимга ғойибдан куч қуйилди, югуриб бориб, менинг қонимга-ю этимга ташна одамхўрлардан бирини ушлаб олиб, хуморим босилгунча тепкилагим келди. Аммо бир қадам босдим ё босолмадим, кўз олдим қоронғилашиб, ортимга йиқилдим. Қизиғи, йиқилаётганимни ўзим аниқ ҳис қилдим. Хаёлимда бу анча вақт давом этгандек туйилди. Йиқилаяпман-у бирон жойим лат емасин, деган ўйда қўлимни ерга таямоқчи бўламан. Бироқ қўлларим бўйсунмайди, кесакдай қотиб қолган.

Кўзимни очсам, қоронғи бир жойда ётибман. Миямга келгани: “Тирикманми?” – деган ўй бўлди. Юрагим орқага тортиб, секин баданимни ушлаб кўрдим, кўкрак қафасимга қўл теккизишга қўрқдим. Ёрилган, ичидаги ашқол-дашқоли кесиб олинган, ўрнида қон юқларигина қолган ёриқ кўкрагимга қўлим тегиб кетса борми?! Даҳшат! Мен ўлдимми? Бунча тез?! Ўлим деганлари шунчалик осонми?.. Мени энди биров эслармикан? Эслайди. Отам эслайди. Уям тириклигида эслайди. Эҳтимол, қайтиб келишимга умид қилиб, кўзлари тўрт бўлиб ўтиргандир. Лекин Шокир акани тинч қўймаслиги аниқ. “Боламни сен олиб кетгандинг, топиб берасан”, деб ёқасидан бўғади. Балки бундай қилмас. Ахир, ўзи Шокир аканинг ёнига бориб: “Нодирни ҳам шамоллатиб кел”, деганди-да. Лекин бечора шу иши учун ўзини-ўзи еб адо қилса керак… Нозима… Нозима мени бир маротаба бўлсаям эслармикин? Эслаганда нима наф? Мендан дарак бўлавермагач, биттасига эрга тегади барибир. Аслида эсламаганиям маъқул. Чунки мен унга хиёнат қилдим. Анави падарингга лаънат Нигоранинг чиройига учиб, унинг тузоғига илиндим-у, бир неча соатлик кайфу сафо учун, мана, ўлиб кетдим. Айтганча, одам ўлганидан сўнг руҳи танасидан ажралиб чиқади, деб эшитувдим. Руҳ бемалол хоҳлаган жойига учиб кетиши, истаган одамини кўриши мумкин дейишарди, қани бир учиб кўрай-чи!

Шу хаёлда шифтга интилдим. Қаёқда? Жойимдан қимирламадим ҳам. “Наҳотки тирик бўлсам?!” – деб кўкрагимни ушладим. Во ажаб! Ҳаммаси жойида! Ҳеч ким мени ўлдирмаган, кўкрагимни ёриб, ўпка-жигаримни суғуриб олмаган. Қувониб кетдим. Ўрнимдан туриб, баданимни пайпаслаб чиқдим. Худога шукур, тўрт мучам соғ. Билагимнинг зирқирашини айтмаганда, бошқа бирор жойимда оғриқ сезмадим.

Орадан қанча вақт ўтди, билмайман, бир маҳал кўзлари корейсларникига ўхшаш икки киши эшикни очиб кириб келди. Бир нарсалар дейишиб, ташқарини кўрсатишди. Қўрқа-писа ташқарига чиқдим, шундоққина кўча бўйидаги дўконлардан бирининг омборида эканимни пай-қаб, хотиржам тортдим.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 | Следующая
  • 3 Оценок: 2

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации