Текст книги "Бахтнинг олис манзили"
Автор книги: Нуриддин Исмоилов
Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 1 (всего у книги 20 страниц) [доступный отрывок для чтения: 7 страниц]
Нуриддин Исмоилов
Бахтнинг олис манзили
Нуриддин Исмоилов
БАХТНИНГ ОЛИС МАНЗИЛИ
Саргузашт-детектив роман
Мен севиб қолдим.
Аслида, қишлоқнинг оддий боласиман, бунинг устига, онам уч фарзандини чирқиллатиб, ҳали мен ўнга ҳам кирмасимдан ўлиб кетган. Отам, ўзининг айтишича, эсини таниганидан бери сувчилик қилади. Камбағал. Туманимиз марказидан бошқа жойни кўрмаган. Боришга қўрқади – адашиб кетаман, дейди. Бунинг устига, ўлардай содда. Агар биров киприк қоқмай: “Туянинг думи ерга тегибди”, деса, чиппа-чин ишонади. Ишонганини бировга айтмайди-ю, лекин биз болаларга жўшиб-тошиб, бир хум тилла топиб олган одамдай завқ-шавқ билан гапириб беради. Биз ҳам ёшлигимизда отамнинг гапларига ишонардик. Ёшимиз улғайиб, оқ-қорани таний бошлагач, кўнгли учун кулиб қўядиган бўлдик. Тўғри, баъзан жаҳлимиз чиқарди, лекин отамга ҳеч нарса деёлмасдик. Сабаби, у содда бўлгани билан, чапани эди. Хурсанд пайти биров унга қарши гап айтиб қўйса, тамом, қиёмат қўпди, деяверинг. Қўлига илинган нарса билан тушириб қолади. Болохонадор қилиб сўкишларини-ку, айтмай қўя қолай. Хуллас, икки укам билан шундай бир шароитда катта бўлдик. Четдан қараганда, отамдан бизнинг деярли фарқимиз йўқ эди. Ишонувчан, бир бурда нон бермаса ҳам бировларнинг хизматини қилиб кетаверадиган, эртамиз нима бўлади, деб ўйламайдиган болалар эдик.
Қишлоғимиздаги оғзига кучи етмайдиганлар гоҳ ошкора, гоҳ орқамиздан гапирадиган, куладиган бўлишди. Бунга мен, отам каби, аввал индамай келдим. Бироқ кейинчалик бўлар-бўлмас гаплар оғир бота бошлади. Бирорта одам (у ким бўлишидан қатъи назар) сал ножўя гап айтиб қолса, аямасдан башарасига мушт тушириб қолар, кучим етмаса, қўлимга илинган нарса билан урар эдим. Бу қилиғим оқибатида “тентак” деган лақаб орттирдим. Аммо шу-шу ҳеч ким бизни ерга урадиган гап қилмайдиган, одамга ўхшаб сўрашадиган, гаплашадиган бўлди.
Мактабни битираётганимда, синфимизнинг энг сулув, аълочи қизи Нозимадан хат олдим. Очиғи, ўшанда довдираб қолганман. Чунки бу пайтга келиб синфдошларим аллақачон икки-уч мартадан севишга улгуришган, мен эса юрак ютиб биронта қизга ҳатто тузук-қуруқ қарай олмаганман. Бунга камбағаллигимизми, одамовилигимми сабабчи дейман-у, яна ким билсин…
Ўша қизни зимдан кузата бошладим: юриш-туришига, дугоналари билан, ўғил болалар билан муомаласига қарадим. Ёмонмас. Ҳатто бир-икки марта гапиришга ҳам чоғландим, негадир юрагим бетламади. “Мен сенга ҳазиллашгандим. Сен бечоранинг ҳам кўнглингни бир кўтариб қўяйин дедим-да”, дея изза қиладими, деган хаёлга бордим. Аммо адашганлигимни кейинроқ билдим. Мактабда охирги имтиҳонни топшириб ҳовлига чиқсам, Нозима турган экан.
– Беш бўлдими? – деди у очилиб, чиройли кулиб.
– Уч қўймоқчийди, амаллаб тўрт қўйдирдим, – дедим ундан кўзимни олиб қочиб. – Аслида, уч ҳам бўлаверарди.
– Нега унақа дейсиз? Ўқишга киришингизга асқотиб қолиши мумкин, – деди у ҳеч кутилмаганда мени “сиз”лаб.
Юзимдан “лов” этиб ўт чиқиб кетди гўё.
– Мен… Мен… – дедим бироз довдираб, – ўқишга кирмайман.
– Оддий ишчи бўлмоқчимисиз?
– Билмадим…
– Уйга кетаяпсизми?
– Ҳа, сен… Эй-й, сиз ҳам кетасизми? – дедим ғалати аҳволдан чиқолмай.
– Юринг, бирга кетамиз.
Биз ёнма-ён, жуда секин қадам ташлаб мактабдан узоқлашар эканмиз:
– Нодиржон, – дея мурожаат қилди у менга. Боя сизлаганида юрагим бир ҳаприққан бўлса, бу сафар кўкрагимдан отилиб чиқиб кетай деди. – Мен сизни ака десам майлими?
– Нега? – дедим мен ҳам ҳайрон бўлиб, ҳам титраб. – Мендан икки ойлик каттасиз-ку.
– Нима қипти? Менинг акам йўқ, иккита опам бор. Кимнидир ака дейишим керак-ку. Ўйлаб-ўйлаб, охири сизни ака деб чақиришга қарор қилдим. Ака бўлганингиздан кейин, “сиз” дейишим керак.
– Фақат шуми? – бирдан тилимни тишладим. Тўғриси, ўзим ҳам бу гапни қандай айтганимни билмай қолдим.
Нозима жим бўлди. Шу бўйи анча вақт ундан садо чиқмади. Бунгача мен неча марталаб ўзимни-ўзим койидим: “Ўл-а, латта, гўл, шундай пайтда шунақанги гапни айтасанми?”
– Нодир ака, – дея бир маҳал тағин тилга кирди Нозима, – мен сизга хат ёзгандим.
– Хат? – дедим мен ўзимни билмаганга олиб.
– Анча бўп кетди, – у бироз сукут сақлади, сўнг чуқур хўрсинди, – ўқимаган бўлсангиз яхши.
Мен жавоб бермадим. Аслида, нима дейишни билмасдим. Шу боис, индамай қўя қолдим. Шундан сўнг гапимиз қовушмади. Қадамларимиз эса тезлашди.
Уйга бориб ўзимни кўрпачанинг устига ташладим, анча вақт шифтга термилиб хаёл суриб ётдим. Ўзимни ниҳоятда аҳмоқона тутганимни сездим. Бир қиз менинг довдирлигимга қарамай юрагидагини айтиб турса-ю, мен товуқмия назарга илмасам! Ўзим кимман-у, тағин осмондан келаман? Уларнинг оиласи ўзига тўқ, отаси тиш дўхтири, онаси мактабда адабиётдан дарс беради… Мен галварс, ҳатто мактабни битирганидан сўнг нима иш қилишини ҳам сўрамабман…
Қаттиқ ҳаяжонландим, шекилли, бошим оғрий бошлади. Чалқанча ётиб, кўзимни чиппа юмдим. Бироздан кейин ухлаб қолибман.
Уйимизда юмуш кам, томорқамиз этакдай, узоғи билан уч сотихча. Картошка, пиёз, помидор, бодринг экилади. Лекин бу ишларни отамнинг бир ўзи эплаб ташлайди. Айниқса, охирги пайтларда ерга эгалар пайдо бўлганидан кейин, отам зерикиб қолмаслик учун эрталабдан ўзини томорқага уради. Эринмай ишлов берилганидан бўлса керак, экинлар гуркираб, роса ҳосил беради. Ҳатто томорқаси бизникидан ўн баравар катта қўни-қўшнилар ҳам қишда у-бу нарса сўраб чиқиб туради. Уйимиздаги сигир-бузоқнинг емишини ҳам отам беради. Хуллас, биз болаларнинг бекорчи вақтимиз кўп, айни шу сабаб, мени кечки овқат маҳалигача биров уйғотмаган.
– Хўш, энди нима қиласан? – сўради отам, овқатдан кейин ёнбошлаб олиб чой ичаркан, мактабни битирганимни эшитиб.
– Билмасам.
– Анави Шокир Нормат билан бирга Тошкентга ишлагани кетаётганмиш. Ипподром деган жой бор экан, шу ер катта бозор бўпти. Шокирнинг айтишига қараганда, ҳар куни оқшом мошин-мошин юк келармиш. Савдогарлар олиб келармиш. Беш-олти кишилашиб шу юкларни туширармиш. Ҳар бировига битта мошинага юз-икки юз сўмдан бераркан. Сенам бормайсанми? – дея отам бир менга, бир укаларимга қараб қўйди.
Юз сўм ўша пайтда катта пул эди. Шу боис, отамнинг гапига кўпам ишонмадим. Яна Шокир отамнинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб юборган бўлса керак, деб ўйладим ва мужмалроқ қилиб:
– Билмасам, – деб жавоб қилдим.
– Энангнинг гўриниям билмайсан сен ит! – деди отам жаҳли чиқиб. – Путингни кўтариб ётишдан бўлак нарсага ярамайсан ўзи.
Отамдан бундан-да “ширинроқ” гапларни илгариям кўп эшитгандим. Миқ этмай пиёладаги чойимни ичавердим.
– Гап шу, эртага нарсаларингни йиғиштириб, сен ҳам шулар билан бирга кетаверасан. Ўзим айтиб қўяман, сенга кўз-қулоқ бўлишади.
Кўнглимда ўқишга кириш ниятим, ўқишни битириб, яхши жойда ишлаб, одамга ўхшаб яшайман, деган умидим бор эди. Лекин айтолмадим. Яна сўкиш эшитиб қолишдан қўрқдим. Индамай бошимни қимирлатиб, розилигимни билдириб қўя қолдим.
Шокир деганлари ён қўшнимиз бўлади. Ориқ, бўйи теракдай. Пешонасини аллақачон ажин босиб, сочига ҳам оқ оралаган. Ёши бўлса, йигирма беш билан ўттиз орасида. Лекин ичидан пишган – гўрдан гўшт олиб чи-қадиганлар хилидан. Бир мақтанса оғзи кўпиради. Армияда Украинада хизмат қилган экан. Ўша томоннинг қизлари жуда бошқача бўлармиш. “Армияга борган кунимоқ биттасини топиб, роса маза қилиб сурганман”, дейди. Лекин ўзи ҳалигача уйланмаган. Сабабини суриштирсангиз, қойиллатиб жавоб беради: “Агар ҳозирдан уйланиб қўйсам, ўсиб келаётган зўр қизчалардан қолиб кетаманда. Ўттиз бешларга кирганда уйлансанг законний бўлади. Хотининг ёшгина, чиройли бўлса, яшаяпман десанг ярашади”.
Нормат деганлари эса Шокир аканинг тескариси, ундан кичиг-у, иккита боласи бор. Хотини, яъни янгамиз фермада соғувчи, Нормат аканинг ўзи молбоқар бўлиб ишлаган. Иккаласи молхонада танишган. Очиғи, мен билмайман-у, лекин одамларнинг айтишича, “гижинг-гижинг” қилиб қўйишганми-ей, хуллас, янгамизнинг қорнида “тарвузча” пайдо бўлиб қолган. Сўнг, илож йўқ, уйланган. Ўзиям янгамиз тўй оқшоми туғруқхонага равона бўлиб, қишлоқдагиларнинг бир неча йил оғизларидан тушмаган. Нормат аканинг уйидагини айтмай қўя қолай.
Хуллас, шу икковига қўшилиб Тошкенти азимга ишлаб пул топиш мақсадида борадиган бўлдим. Кечаси нарсаларимни йиғиштириб, эски латта сумкага жойладим. Хаёлимда бир кунда ўн-ўн беш машина юкни тушириб ташлайдигандайман. Чўнтагимни бир ойда қаппайтиргач, қишлоққа қайтиб келиб: “Пул топиш мана мунақа бўлади-да, сизлар ҳам юрибсизлар-да қишлоқда чориқларингни судраб”, деб мақтанаман. Кейин яна ўша Ипподром деган жойга қайтиб бориб, аввалгидан ҳам кўп пул ишлайман. Тағин чўнтагимни бўшатиш учун қишлоққа қайтаман. Қарабсизки, тўрт-беш ой деганда япянги “Нексия” миниб, ҳамманинг кўзини куйдираман. Ўшанда менинг, отамнинг, укаларимнинг устидан кулганларни бир кўрай тишининг оқини кўрсатганини! Кейин “тойчоғим”ни минволиб, Нозиманинг ёнига бораман. Унинг хурсанд бўлиши тайин. Чунки қизлар машинали йигитларни кўрса бўғини бўшашади. Буниси аниқ.
Шундай ширин хаёллар оғушида тонг отиб-отмай ухлаб қолибман. Бир маҳал отам турткилаяпти:
– Тур! Ўл-а, валакисалак, индамаса пешингача сасиб ётасан!
Сакраб ўрнимдан турдим-да, кўзимни уқалаганча унга қарадим.
– Бор, тезроқ ювиниб кел! – бақирди отам. – Мен Шокир билан гаплашиб келдим. Бир соатдан кейин кетаркан!
Отамнинг гаплари ҳали қулоғимдан кетмай туриб таш-қарига отилдим. Кўз очиб-юмгунча ювиниб қайтдим. Отам мендан-да илдамлаб жойимни йиғиштириб, дастурхон ёзибди. Укаларим чой дамлаш билан овора.
Шоша-пиша нонушта қилиб, кийимларимни кийдимда, тайёр бўлдим.
Отам алмисоқдан қолган, боғичи ингичкалашган, ойнасининг бир чети ёрилган, лекин бинойидек ишлайдиган соатига кўзини қисиб қаради-да:
– Ҳали вақт бор экан, озгина ўтир, – деди.
Лекин менинг ичим ўт бўлиб ёнарди, эртароқ пул хазон бўлиб ётган ерга етгим келаётганди.
– Шокир ака кетиб қолмасин тағин, – дедим ҳовли-қиб.
– Кетмайди, – жеркиб берди отам, – инсофли бола у!
Шокир ака кўзимга олижаноб кўриниб кетди ва бироз бўшашиб кўрпачага чўкдим. Ичим ёниб турганиданми, отам билан суҳбатимиз унча қовушмади. Ҳозир унинг ўшанда менга нималар деганини эслай олмайман.
Орадан бироз ўтиб отам яна соатига қараб олиб:
– Энди юр, кетдик, – деди.
Ўзимда йўқ хурсандман, қўйиб берса, учишга-да тай-ёрман.
Шокир ака кўчага чиқиб турган экан, яқинига боришимизда менга бошдан-оёқ қараб чиқди. Сўнг бурнимни чимдиб:
– Яхши меҳнаткаш боласан, буни биламан, лекин ўлгудай ўжарсан, қишлоқда уришмаган одаминг қолмаган бўлса керак. Хў-ўш, отангга айтдим, энди ўзинггаям айтиб қўяй, – деб у мендан кўзини узди-да, отамга қараб қўйди. – Бораётган жойимиз шаҳар, унинг олдида қишлоғинг чумчуқнинг инидай, шунинг учун қишлоқда қилган қилиқларингни шаҳарда қилмайсан, чизган чизиғимдан чиқмайсан. Шу шартга розиман, деб отангнинг олдида менга ваъда берсанг, олиб кетай сени.
Отам “гапир” дегандек биқинимга туртиб қўйди.
– Майли, – дедим мен бошимни эгиб, – нима десангиз шу.
– Ишқилиб, – отам мўлтираб Шокир акага қаради, – ўзинг кўз-қулоқ бўлиб турасан-да, бунинг-ку топганига зормасман, боя айтганимдай, кўча кўрсин, кўзи пишсин, дейман-да. Шу одам бўлса, укаларини тортиб кетади-да.
Отамнинг гапини қаранг. Мен боғдан келсам, бу киши тоғда юрибди. Топганимга зор эмасмиш. Топмасам, “Нексия”ни ким олади? Ким Нозиманинг ёнига талтайиб машинада боради? Ким қишлоқдошларнинг оғзини очиб қўяди?..
Жаҳлим чиқди. Лекин лом-мим демадим. Фақат чаккамни қашладим, холос.
– Хавотир олманг, ака, – деди бир ишни қойиллатиб қўйгандай Шокир ака ғўддайиб, – айтганимни қилса, зўр одам бўлади.
Кўп ўтмай, Нормат ака ҳам етиб келди. Мен билан Шокир ака пўрим кийиниб олганмиз. У бўлса қишлоқда киядиганларини эгнига илиб олибди. Шокир ака униям бошдан-оёқ назоратдан ўтказди-да:
– Ҳа, фермер, хотинингнинг путидан чиқолмадингми? – дея чақиб олди.
Дарвоқе, Нормат ака тўйида бўлган ўша ҳангомадан кейин “фермер” деган лақаб орттириб олган. Бошда биров уни шу лақаби билан атаса, жаҳли чиқарди. Астасекин кўникди. Энди ўзининг асл исмини ҳам унутиб юборган бўлса ажабмас.
Биз отам ва укаларим билан хайрлашиб, сумкаларимизни елкамизга олиб, “Қаердасан, Тошкент, пуллар хазондек сочилиб ётган шаҳар?” – дея йўлга тушдик. Нозималарнинг уйи ёнидан ўтиб кетаётганимизда мен ичикдим: “Қани, ҳозир Нозима чиқиб қолса-ю, менинг қаёққа кетаётганимни кўрса: “Тезроқ қайтиб келинг, мен сизни интизорлик билан кутаман”, деб чиройли табассум ҳадя қилса”, дея ўйладим. Аммо унинг қораси кўринмади. Уйига мўлтираб бир-икки қараб қўйдим-да, шерикларимдан ортда қолмаслик учун шитоб билан юриб кетдим.
Ярим соатларда катта йўлга чиқдик. Шу ердан Тошкентга қатнайдиган автобуслар ўтарди. Анча туриб қолдик. Шокир ака асабийлашиб сўкинар, у ёқдан-бу ёққа бориб келарди. Ниҳоят бизни ўша жаннатга олиб кетадиган қип-қизил “Икарус” кўринди. Юрагим ҳаприқиб кетди. Сумкамни қўлимда маҳкам ушлаб, нажот манзилига элтувчи уловга термилдим.
Аммо номард ҳайдовчи автобусни тўхтатмади: ёнимизга келганда бир марта сигнал берди-ю, ўтди-кетди. Алам билан ортидан қараб қолдим. Шокир ака эса сўкинди. Нормат ака ғиринг демади. Ҳатто пинагини ҳам бузмади.
Орадан ўн беш дақиқалар ўтиб яна биттаси кўринди, бироқ у ҳам умидларимизни саробга айлантириб кетди.
Ҳартугул, учинчи автобус тўхтади. Худди қолиб кетадигандай шошганча, бир-биримизни турткилаб чиқиб олдик.
Ҳайдовчининг ёнида турган шопмўйлов, билаклари ба-қувват йигит бизга орқа ўриндиқлар бўшлигини айтиб, шу ёққа боришимизни тайинлади.
Аввалига ойнадан ташқарини томоша қилиб кетдим, кейин кўзим илиниб, ухлаб қолибман. Бир маҳал ғала-ғовурдан уйғониб кетдим. Кўзимни уқалаб қарасам, автобусда бўш жой қолмабди. Қачон шунча одам чиққанини, очиғи, сезмай ҳам қолибман.
Шокир ака уйғонганимни кўриб:
– Уйқудан уй соласанми, баччағар, дарров тарракдай қотиб қолдинг? – деди кесатиб.
Мен унга қараб илжайдим. Бир нима деб унинг қитиқпатига тегмоқчи бўлдим-у, лекин миямга тузук-қуруқ гап келмади. Яна ойнадан ташқарини томоша қила бошладим.
Автобуснинг ичи чиққан пайтимизда жуда тартибли кўринган эди. Аста-секин чанги чиқа бошлади. Айниқса, йўл четига тўхтаганида, энг охирги ўриндиқларда ўтирганимизгами, эшик тирқишидан кирган чанг-тўзон кийимларимизга қўнарди. Йўл узоқ, бунга ҳам кўникдик, бошқа иложимиз қанча?
Орадан чамаси ярим соатлар ўтганидан сўнг, сўл томонда ўтирган икки йигит қарта ўйнай бошлади. Тўғриси, аввал мен бунақанги ўйинни билмасдим, биринчи кўриб туришим. Қизиқ туйилди. Биттаси учта қартани қайириб олиб, олдига қўйилган жомадоннинг устига чақ-қон алмаштириб ташлар, иккинчиси қизилини топишга уринарди. Назаримда, қизил қартани топиш жуда осондай туйилди. Қартабоз иккита қорасини аниқ кўрсатиб ташлайди-да, битта қизил қартани ҳам шеригига кўрсатиб, чеккага қўяди.
“Шуниям топиш қийинмикан?” – деб хаёлимдан ўтказаман. Бир пайт ўрнимдан тура солиб: “Мана!” – деб кўрсатгим келиб қолди. Қартабознинг овсар шериги бўлса, тополмай боши қотаётибди. Агар қартабоз шериги қизил қартани беш-олти марта топиб олганидан кейин: “Энди пулга ўйнайман, бир сўм ташлаб топсанг, икки сўм қилиб қайтариб оласан, тополмасанг бир сўминг думини ушлаб кетади”, демаганда, эҳтимол, зерикиб қарамай қўярмидим? Қизиқ, у шу гапни ажабтовур баланд овозда маънилатиб айтдики, олдинги ўриндиқда ўтирганлар ҳам ўгирилиб қарашди.
– Бўпти, – деди шериги иржайиб, – қани, ташла.
Иккита қора ва битта қизил қарта кетма-кет жомадоннинг устига тушди. Мен ҳаммасини кўриб-билиб турибман, отам чўнтагимга солган пулдан йигирма сўмгинасини олиб, ўша айтган қартасини топсам, пулим кўпаядику, деб ўйладим. Аммо жойимдан туришга улгурмадим: қартабознинг ярамас шериги қизил қартанинг қаерга тушганини пайқаган экан, чўнтагидан битта йигирма беш сўмлик чиқариб қартанинг устига ташлаб очди. “Эсиз, мен ҳам топувдим, ундан олдин пул ташласам бўларкан”, дея хаёлимдан ўтказдим.
Ўйин давом этди. Топқир бир сира уч марта ютганидан кейин ютқазиб қўйди.
Бирпасда уларнинг атрофини одамлар ўраб олди. Ўйинни кўролмай қолдим. Ўрнимдан туриб қарашга тўғри келди. Энди қартабознинг шериги четга чиқиб қолган, бошқалар қизил қартани топиш билан овора эди. Бири ютар, бошқаси ютқазар… Лекин агар мен ўйнасам, ҳаммасини бехато топаман, деб ўйлардим.
– Мана, – деди ўйинчилардан бири қартани қўли билан босиб.
– Ака, – деди қартабоз унинг юзига қараб, – аввал пулни тикинг, пулсиз очмайсиз.
Ўйинчи шошиб чўнтагига қўлини тиқиб бели букилмаган бир пачка юзталик чиқарди-да, қартанинг устига қўйди. Ютди. Қартабоз ҳам ўғил бола экан, шартта чўнтагидан пул чиқариб санаб берди. Шундан кейин ўйин қизигандан қизиб кетди. Ютганлар қийқиради, ютқазган одам бошини чангаллайди. Менинг эса ичим ёниб, ўйнагим келаяпти-ю, хаёлимда кимдир: “Ҳали сен ёшсан, бунақанги ўйинлар ўйнашингга эрта”, деб кўкрагимдан итараётгандай. Охири чидаёлмадим. Шартта чўнтагимдан эллик сўм чиқардим ва бутун диққатимни қартага қаратдим.
– Киссангга тиқ пулингни, – деди Шокир ака, – бир тийинсиз қолиб очингдан ўлмоқчимисан?
– Ака, ютаман! – дедим мен ғўддайиб. – Мана кўрасиз, ютаман!
– Ўтир-э, жипириқи, – жаҳли чиқди Шокир аканинг.
– Қўйинг, боланинг шаштини қайтарманг, – деди кимдир.
Бу гапдан баттар руҳланиб кетдим ва Шокир акага қишлоқда берган ваъдамни унутиб, энди пул тикмоқчи бўлганимда, биттаси чаққонлик қилиб, бир пачка икки юз сўмликни қартанинг устига ташлади.
– Қирққа ўйнайман, – деди қартабоз, – очманг!
– Қирқта пулим йўқ, бор пулимни тикаяпман, – деди ўйинчи ва иккала қўли билан чўнтакларини уриб кўрсатди.
– Бўпти, – деди илжайиб қартабоз, – фақат шу сафар.
Шу пайт кимдир:
– Қартани алмаштирди, қарта алмашган! – дея ба-қирди.
Аммо унинг гапига ўйинчи қулоқ солмади ва ушлаб турган қартани ўгирганди, қора чиқди.
Ўйинчининг манглайига тер тепчиди, юзи қизарди, ҳансираб нафас ола бошлади. У бирор икки дақиқа шу тахлит турганидан сўнг боя кимдир гапирганини эслаб қолди ва бирдан қартабознинг ёқасидан ушлаб бўғди.
– Пулни қайтар, сен мени алдадинг, пулни қайтар! – дея қичқира бошлади.
– Ҳов, ака! – деди тўпланганлар ичидан биттаси ўйин-чининг елкасидан ушлаб. – Биров сизга ўйна дедими? Ютқиздингизми, чидайсиз-да!
– Ҳалол ўйнамадинглар, ғирромлик қилдинглар, ҳамма кўрди! – деди бўғилиб ўйинчи.
– Ким ғирром ўйнабди, бу бола пастаянна ҳалол ўйнаб келган, мен буни яхши биламан! – деди унинг елкасидан ушлаб турган киши.
Ўйинчи гапга қулоқ соладиган аҳволда эмасди. Бунинг устига, ҳўкиздай қорувли эмасми, ориққина қартабозни автобус деразасига тираб:
– Онангникига тиқаман, пулни қайтармасанг! – деб ўкирарди.
– Қўйвор уни, – таҳдид билан унинг биқинига пичоқ тиради қиморбоз билан биринчи ўйнаган шериги, – бўлмаса, ичагингни бошингга салла қиламан!
Унинг таҳдидидан сўнг автобусда ғала-ғовур кўтарилди. Аёллар дод-вой қилишди. Шундан кейин ҳайдовчининг ёнида келаётган барваста киши келди.
– Ў-ў, мараз, – деди қартабознинг шеригига, – ўйин-чоғингни бу ёққа бер!
Унинг овози дўриллаб чиқди. Қаттиқ гапирганда жуда ваҳимали эшитиларкан.
– Биз тоза ўйнадик, ютқазиб аламига чидолмай…
– Тозангни онангникида ўйнайсан! Қартанг қачондан бери тоза бўп қопти, мараз? Бер анави пичоғингни бу ёққа, бўлмаса, ҳозир ўзингни бир ёқли қилиб ташлайман!
Шундан сўнг қиморбоз билан унинг шериги, ҳартугул, инсофга келди, пичоқ билан бирга пулни ҳам қайтариб беришди.
– Ким айтади сизни мўйсафид одам деб? – таъна қилди ҳайдовчининг ёрдамчиси пулни эгасига қайтариб бераркан. – Нима, шу пайтгача уч қарта ўйнамаганмисиз? Бу баччағарлар, – у қартабоз билан шеригига қўлини бигиз қилди, – қанча одамнинг шўрини қуритган. Биласизми, ким буларни ютади? Ўзларининг одамлари. Бош-қалар уларнинг ютганига маст бўлиб ўйнайди, кейин қандай қилиб чув тушганини билмай қолади.
Пулини қайтариб олган ўйинчи-йўловчи қизариб бошини хам қилди.
Ҳайдовчининг ёрдамчиси эса қартабозни шериклари билан қўшиб (улар тўрт киши экан) автобусдан тушириб юборди.
– Кўрдингми? – деди ёнимда ўтирган Шокир ака. – Ўйнаганингда кўрардинг кўргилигингни. Отангнинг олдида берган ваъдангни эсингдан чиқарганга ўхшайсан.
Мен унга жавоб қайтара олмадим. Нимаям дердим? Яна ухламоқчи бўлдим, лекин уйқум келмади. Устигаустак, бошим лўқиллаб оғриди. Кўзимни юмиб жим ўтирдим.
Билмадим, орадан қанча вақт ўтди, бир пайт автобус кескин силкиниб тўхтади, учиб кетаёздим. Ҳайдовчининг болохонадор қилиб сўкингани эшитилди. Кейин у бирдан жимиб қолди. Ҳамма: “Нима бўлди? Нима гап?” – дея бўйнини чўзиб олдинга қарай бошлади.
– Орқага! Орқага ҳайданг, – деди ҳайдовчининг ёрдам-чиси. – Ўтиб кетиб қоламиз.
– Айтгандим мен сенга: “Шулар билан тенглашма, аралашма уларнинг ишларига”, деб. Ана энди, манглайингдан дарча очиб кетади.
– Кўп гапирмай орқага ҳайданг! – бақирди ёрдамчи.
– Кўрмаяпсанми қўлидагини?! – ҳайдовчи ҳам ба-қирди.
– Менда қўл телефони бор, – деди ўртада ўтирган бир йўловчи, – милисага телефон қилайлик.
У қўлидаги кичкина аппаратчанинг тугмаларини босди-да, қулоғига тутиб ким биландир гаплашди. Умримда бунақанги матоҳни кўрмаганман, оғзим очилиб қолди. Анграйганимдан унинг нималар дегани ҳам қулоғимга кирмабди.
Бир маҳал автобуснинг олд эшиги очилди, аёллар изиллаб йиғлай бошлади. Олдинда ўтирганларнинг гапларига қараганда, қандайдир машина автобуснинг олдини тўсиб, ундан қуролланган одамлар тушиб автобусга келаётган экан.
– Бу ёққа туш, ўв ҳўкиз! – деган овоз эшитилди пастдан.
Ким экан бу, деб пешонамни ойнага тираб, ташқарига – автобуснинг очилган эшиги томонига қарамоқчи бўлдим.
– Қарама! – деди Шокир ака қўлимдан тортиб.
Мен унга норози бўлиб кўз ташладим.
– Жим ўтир, – деди у яна қўлини илкис силкиб.
Ҳайдовчининг ёрдамчиси пастга тушиб кетди. Бироздан кейин “қарс-қурс” этган овоз чиқди. Кимдир ингради. Сўнг бирин-кетин икки киши автобусга чиқди. Бирови қўлидаги тўппончани бироз ўйнаб турди-да:
– Ҳамманг чўнтагингда борини чиқар! Агар ким пулини яширса, итдай отиб ташлайман! – деди.
– Қирғин келсин сенларга! – бақирди аёллардан бири. – Йўлтўсарлик қилиб мол топгунча очингдан ўлганинг яхши эмасми?!
– Ҳов, манжалақи, яна бир марта сайрайдиган бўлсанг, тилингни суғуриб оламан, тушундингми?! Босиб ўтир-да, айтганимни сумкачангдан чиқариб тур, ҳозир ёнингга бораман! – деди ўша йигит дағал овозда.
Пешонамдан тер чиқиб кетди. Отам бор-йўғи беш юз сўм берган. Йўл ҳақини тўласам, шимилдириқ ҳам қолмасди. Оёқ-қўлим титраб, бутун умидимни кўзимга жамлаб, Шокир акага қарадим. Кўринишидан у мендан баттар аҳволда эди, биров бўғаётгандай тез-тез нафас олар, кўзлари аланг-жаланг боқарди.
Аксига олиб, зўравон “чўтал” йиғишни энг орқа ўриндиқлардан бошлашини айтди-да, биз томонга лапанглаб кела бошлади.
– Тўхтанг, ука, – деди бир маҳал, боя қўлидаги қана-қадир матоҳ билан телефон қилган киши йўлтўсар унинг ёнидан ўтиб кетаётганида ўрнидан туриб, – бир нарсага келишайлик.
Зўравон тўхтаб унга ўгирилди-да, афтини буриштириб қаради:
– Қани, – деди беписанд оҳангда, – нимага келишмоқчи бўлаяпсан?
– Манавини қаранг, ука, – деди йўловчи бояги матоҳини унга кўрсатиб, – нархи қиммат, “кўк”ида етти юз туради. Шуни сизга берайин-да, бошқаларга тегинмасдан, орқангизга қайтинг.
Йўлтўсар унинг қўлидаги матоҳни олди ва обдон айлантириб кўрди. Сўнг нимадандир норози бўлди, шекилли, афти бужмайди.
– Бунинг нима ўзи? – деб сўради.
– Қўл телефони, – деди йўловчи хотиржам овозда, – бу билан ўзимиз тугул, дунёнинг исталган точкасига телефон қилиш мумкин.
– Йўғ-э! – деди йўлтўсар кўзлари ҳайратдан чақчайиб, – шунақасиям чиқдими ҳали?! Қойил, сим-пим йўқ, хоҳлаган жойингга телефон қилаверасан. Қани кўрсат-чи, қандай ишлатади буни?
Йўловчи эринмасдан, тугмаларни бирма-бир босиб кўрсатди. Сўнг: “Хоҳласангиз, мана ҳозир Тошкентга телефон қиламиз”, деб рақам тера бошлаган эди, зўравон унинг қўлидан матоҳни юлқиб олди-да:
– Бу ёғини ўзимга қўйиб беравер, – деди ўшшайиб, – лекин-чи, бу аппаратинг билан қорин тўйғазиб бўлмайди. Пул керак, муллажиринг керак бизга. Шунда белимизам бақувват бўлади, қорнимизам тўяди. Майли, буни сендан подаркага оламан. Нима қипти, эслаб юрамиз-да, фалон автобусдан интеллигентний кийинган, галстукчалари осилиб турган одамдан совға деб… Энди чўнтагингдагини чиқар!
– Унда телефонни бер, – деди йўловчи бу сафар сенсираб, – биратўла ҳам бўйидан, ҳам энидан урасанми? Ўғри бўл, ғар бўл, инсофи билан бўл-да!
– Вой итдан тарқаган, ҳали биз ғар бўп қолдикми, ўзинг-чи, ўзинг кимсан?! Манавини, – у кўзи чақчайганча қўлидаги матоҳни кўрсатди, – энангнинг эри ўйнаб юришинг учун бериб қўйдими, ифлос?! Бировни қон қақшатиб, пулига сотиб олгансан, яна етти юз “кўк”ида туради, деб ғўддаясан менга?! Чиқар пулни, биринчи сендан оламан!
Йўловчи аста чўнтагига қўлини тиқиб, бир пачка юзталикни олди-да, эринмасдан, зўравоннинг кўзини ўйнатиб санай бошлади. Ўша содда, гўл (қўполлигини қаранг, отам шу гапга қандай чидаб яшаб юрганига ҳайронман) отам: “Пул топиб, ақл топмаган аҳмоқ”, деган гапни бир неча марта айтгани эсимда бор.
– Эй-й, онангни эмгурдан бўлган, нима қилаяпсан?! Бер ҳаммасини! – дея ўкирди йўлтўсар ва бир юлқиб унинг қўлидан пулларини тортиб олди. – Сен итда яна пул бор, қолганиниям ўз ихтиёринг билан чиқармасанг, ҳамманинг олдида голий қиламан, тушундингми?!
– Кейин-чи, – деди пўрим кийинган йўловчи, – бошқаларга тегинмайсанларми?
Унинг бу гапидан нафақат зўравон, балки автобусдагиларнинг бари ҳайрон бўлди. Ҳа, йўловчилар унинг чўнтагидаги бор ақчасини зўравонга қўшқўллаб тутқаза-ётганига эмас, балки “геройлик” қилаётганига ажабсиниб қараб туришарди.
– Сен, – деди тажанглашган зўравон, – шунча аёлнинг кўз олдида қип-яланғоч бўлмоқчимисан?!
– Агар яланғоч бўлишимнинг уларга фойдаси тегса…
– Эркакмисан, ҳезалакмисан? – унинг гапини чўрт кесиб бақирди зўравон.
Пўрим кийинган йўловчи унга тикилганча жим тураверди.
– Шу қолувди, – деди аёллардан бири бардоши тугаб, – бир камимиз сенинг авратингни томоша қилиш қолувди. Уялмаган шарманда, бер пулингни ўзингни бунча ерга ургунча!
Унинг танбеҳи бошқа аёлларга ҳам таъсир қилиб, шовқин кўтарилди. Автобус ичида бирпасда ғала-ғовур қўпди. Ҳатто бир-иккита аёл ўрнидан туриб ҳам кетди.
– Ҳов! – қичқирди уларга йўлтўсар. – Ўтир ҳамманг! Ўлгинг келдими?!
Энди унинг таҳдидидан аёллар қўрқмай қўйган, бари ечинишга тайёр турган эркакни қарғар, қўллари етса унинг сочидан юлишга, юзини тимдалашга шай эдилар. Пўписаси иш бермаганини кўрган зўравон қўлидаги тўппон-чадан тепага қаратиб ўқ узди. Бир зумда ғала-ғовур ўрнини қий-чув, дод-вой эгаллади. Аёллар ҳайҳайлашиб жойжойларига қайтишди, шошганидан баъзилари бир-бирининг устига чиқиб ҳам кетди.
Уларнинг таҳликага тушганини кўриб зўравон маза қилиб кулди. Сўнг бирдан жиддий тортиб:
– Жуда эзмаланиб кетдинг, давай, чўнтагингда борини бу ёққа чўз! – деди бояги йўловчига.
– Бўпти, – деди у ҳам бу гал эзмалик қилиб ўтирмай ва чўнтагидаги бор-будини чиқариб унинг қўлига тутқазди.
– Ўҳ-ҳў! – дея иржайди йўлтўсар қўлидаги пулни салмоқлаб. – Энди анави бармоғингдаги узукни ҳам еч.
– Инсоф қилинглар, – деди йўловчи дадил овозда, – хотинимнинг совғаси бу, ҳеч кимга берилмайдиган.
– Айни шуниси керак-да бизга.
Иягининг остига тўппончанинг учи тиралганидан сўнг, узук ҳам жойидан қўзғалди. Очиғи, унга жудаям ичим ачиб кетди. “Шартмиди ҳамма нарсасидан бирдан айрилиб қолиши? – ўйладим ичимда. – Озгина тилини тийиб турганида, бу падарингга лаънатилар пулларини олиб, қолган нарсаларига тегинмай тушиб кетишарди-ку”.
Бечорани шип-шийдам қилган зўравон автобус охирига келиб ўтирмай, кейинги ўриндиқда ўтирганларни шилиб кела бошлади.
– Манавини ол, – дея биқинимга туртди бир маҳал Шокир ака.
Қарасам, қўлида пул бор.
– Нима қиламан? – пичирлаб сўрадим.
– Анави эшикнинг тагига отиб юбор, – деди у ваҳимали шивирлаб.
Мен зўравондан кўз узмаган кўйи Шокир аканинг қўлидаги пулни олдим. Аммо отиб юборишга улгурмадим. Ташқарида қандайдир машина “ғийқ” этиб тўхтади, кейин “тарс-турс” этган товуш чиқиб, кимнингдир инграгани эшитилди. Миямдан: “Ҳайдовчининг ёрдамчисини бир ёқли қилиб қўйишди-ёв”, деган ўй яшин тезлигида ўтди. Кимдир: “Милиция!” – дея қичқирди.
Зўравон билан унинг ортидан келаётган шериги шошапиша автобуснинг олд томонига югуришди. Аммо орқада кетаётган зўравон эшиккача етиб боролмади. Боягина ҳамманинг кўз олдида ечинишга-да тайёр бўлиб турган ориққина йўловчи ўтирган жойидан сакраб турди-да, ёнидан югуриб ўтиб кетаётган зўравоннинг орқа миясига чунонам мушт туширдики, йўлтўсар овоз чиқаришга-да улгурмай йўлакка юзтубан гурсиллаб қулади. Кейин у бир ҳатлашда йўлтўсарнинг шеригига етиб олди ва икки оёғининг орасига туфлисининг учи билан тепди. Ана энди чинқириқни эшитинг. Ўйлашимча, мендан узоғи билан бир-икки ёшгина катта, манави зўравон акаларининг қаноти остида иягини осмон қилиб юрадиган йўлтўсарваччанинг эркаклиги моматалоққа айланиб кетди-ёв. У нозик жойини икки қўллаб бекитганча, тор йўлакчада буралиб шунақанги ўкирардики, наърасидан баъзи кўнгли бўш хотинларнинг кўзларидан ёш чиқиб кетди.
Қолган воқеалар кўз очиб юмгунча содир бўлди. Автобус ичига ниқоб кийган, ҳарбий кийимдаги, қўлларида автомат ушлаган бақувват йигитлар қирғийдай учиб киришди. Агар энди ҳақиқий қаҳрамонга айланган ўша йўловчи қизил гувоҳномасини чиқариб кўрсатмаганида, бу йигитлар ҳамма эркакларнинг пешонасига қурол тираб, қўлларимизни орқага қайириб пастга олиб тушар, балки бир-иккитамиз мушт ейишгаям улгурармидик?
– Манави иккаласи, – деди ҳалиги киши.
Бирпасда ниқобли одамлар иккала йўлтўсарни ҳам худди қоп кўтаргандай бир силтаб автобусдан туширишди.
Орадан ҳеч қанча ўтмай автобусни тарк этишимизга тўғри келди.
Ташқарига чиққанимиздан сўнг қарасам, бир эмас, еттита милиция машинаси тепасидаги чироғини айлантириб турибди. Шундагина ҳалиги қўл телефони бор одамнинг йўлтўсарлар билан нега бунча эзмалик қилганини тушунгандай бўлдим. Қизталоқ, у атай вақтни чўзган экан.
Манзилга мўлжалдагидан анча кеч, қуёш уфққа ёнбошлай бошлаган маҳал етиб келдик. Мен нима қилишни билмасдим, карахт бир аҳволда эдим. Шокир аканинг юзидан норозилиги кўриниб турарди. Пешонасини тириштириб, тез-тез нос отиб, зум ўтмай тупуриб ташларди. Нормат ака эса ҳар доимгидек аҳволда, кўринишидан на хафа бўлганини ва на хурсандлигини биласиз.
Автобусдан тушиб, бирор километрча яёв юрдик. Кейин одамлар тўпланиб турган жойга бордик. Тўғриси, бизга ўхшаганлар бунчалик кўп бўлишини ўйламаган эканман. Кўз олдимда гўё ер ёрилган-у, ёриқдан одам бодраб чиққандай. Бири сариқ, бири оқ, бошқаси қора, узун, калта, семиз, ориқ. Биттасининг афти тиришган, бошқасиники қайғули. Ҳамма бесаранжом, яна недандир умидвор. Биз учовлон уларнинг сафига қўшилдик. Шокир ака турганлардан бир-иккитаси билан кўришган бўлди, сўнг биттасидан аҳволини сўради. “Дабдала”, деган қўполгина жавоб эшитилди. “Оббо, – дея ўйладим мен, – энди Нозиманинг олдига нимада бораман? Уфф, қачон қарамайин, омад мендан юз ўгиради”.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?