Текст книги "Бахтнинг олис манзили"
Автор книги: Нуриддин Исмоилов
Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 6 (всего у книги 20 страниц) [доступный отрывок для чтения: 7 страниц]
Қуёш терак бўйи кўтарилибди. Балки ботаётгандир, ахир, мен бу ерда офтоб қай томондан бўй кўрсатиб, қай томонга ёнбошлашини билмайман-ку!
Эшикни очганлар дўкон ичкарисида қолиб, имо-ишора билан мени ташқарига чиқишга ундашди. Озод бўлганимдан хурсанд эдим-у, лекин қайга бораримни билмай бир муддат ўйланиб қолдим. Шу баҳонада дўкон пештахталарига ёйиб қўйилган турли-туман матоларни кузатган бўлдим. Бу қилиғим дўкондорга ёқмади, шекилли, келиб қўлимдан ушлади-да, эшиккача кузатиб қўйди.
Кўча ўртасида мени ҳалиги қиз кутиб турган экан, бир қарашда уни танимадим. Оппоқ кофта ва жинси шим кийиб, қоп-қора кўзойнак тақиб олган экан. Устига-устак, бу мамлакатнинг одамлари бир-бирларига шунчалик ўхшаб кетишадики, ажратиш жуда қийин.
Кўчага чиққанимдан сўнг мендан кўзини узмай турган қизнинг ёнидан ўтиб кетмоқчи бўлдим, бироқ яқинлашишим билан у кўзойнагини олди. Шунда кўзи кўкарганини кўрдим ва унга тикилишим билан қиз жилмайиб:
– Хай, – деди ва ярадор қўлимни ушлаб (дарвоқе, эсимдан чиқибди, қўлим дока билан яхшилаб боғланган, эгнимдаги футболка ҳам ўзгариб қолибди), ўзининг тилида бир нималар деб чулдиради.
– Озгина оғрияпти-ю, лекин чидаса бўлади, – дея жавоб қилдим ва жилмайиб қўйдим.
– Окэ, – деди у бош бармоғини юқорига қилиб ва сўраб ҳам ўтирмай, кўча боши томон юрди. Қаёққа кета-ётганимизни билмасдим. Лекин энди қизга менда ишонч пайдо бўлганди. Ахир, кеча озмунча талотўп бўлмагандир. Қизнинг калтак еганини ўзим кўрувдим, кўзиям кўкариб кетибди. Шундай бўлсаям мени ташлаб кетмабди-ку. Анави “тўрткўз”нинг шерикларига қўшқўллаб топшириб юбормабди-ку. Лекин бу корейс нусхалар ёмон одамларга ўхшамайди. Мана, битта шу қизни урганига қанчаси тўпланиб бирдан ёпирилишди…
Биз кун бўйи шаҳар айландик, назаримда, бормаган жойимиз қолмади. Таассуротлар бир дунё. Шаҳар шуна-қанги ёқдики, лекин барибир ўзимизнинг юртга келмайди. Шишадек ялтираб турадиган осмонўпар иморатлар, умуман, кўрганларимнинг ҳаммаси сунъийга ўхшайди: фақат турли-туман дарахтлардан ташқари. Тўғри, уларнинг шохлари қирқилиб, бир шаклга келтирилган. Лекин, ҳар қалай, табиий-да.
Қизнинг кун бўйи гапирган гапларидан узоғи билан олтитасини англадим, холос: шунда ҳам имо-ишоралардан кейин. Бир маҳал у сумкачасидан кичкина китобча чиқарди-да, менга кўрсатди. “Нима бало экан бу?” – деб варақлаб кўрдим. Алламбало ҳарфлар, бирортасигаям тишим ўтмади. Китобчани ёпиб қайтараётгандим, у бир нарсаларни қўли билан тушунтирган бўлди-да, китобнинг биринчи саҳифасидаги мунғайиб ўтирганча хаёл сураётган йигитнинг суратини кўрсатди. Синчиклаб разм солдим. Ҳеч нимани англамадим ва қизга савол назари билан қарадим. Бу сафар қиз гапирмади, китобдаги мун-ғайган йигитнинг суратини, сўнг мени кўрсатди. Кейин тағин суратга ва менга ишора қилди.
– Шу бола менга ўхшайдими? – дедим кулиб кўрсаткич бармоғим билан кўкрагимни кўрсатиб. Қиз бош силкиб тасдиқлади.
Мен суратга синчиклаб назар солдим, лекин ҳеч ўзимга ўхшатолмадим. Эътирозимни имо-ишоралар билан қизга тушунтирдим.
Қиз билагимдан ушлаб, йўл четидаги бетон плита устига ўтқазди-да, қўли билан бўйнимни озгина эгиб туришимни кўрсатди. Айтганини қилдим. У қиқирлаб кулди ва сумкачасидан фотоаппарат чиқариб, “чирқ” этказиб суратга олди. Сўнг матоҳини яқин келтириб, суратим акс этган ойнани кўз олдимга тутди. Мени ўзимнинг суратимдан кўра фотоаппаратнинг антиқалиги ажаблантирди. Тўғриси, бунақасини ҳали умримда кўрмагандим. Шундай эса-да, ажабланганимни қизга сездирмай, суратимга тикилдим.
Ҳа, ўхшарканман китобдаги йигитнинг расмига. Демак, боғда чорасиз, ҳориб-толиб, танамдаги оғриқдан азобланиб бошимни хам қилиб ўтирганимни кўрган қиз мени китобдаги йигитга ўхшатган. Менимча, китоб зўр, ақлли одам ҳақида ёзилгандир, бўлмаса қиз мен учун бунчалик куйиб-пишмасди, жонини хавф остига қўйиб ёрдам бермасди. Қизга меҳрим жўшиб, ўрнимдан турибоқ уни қучдим-да, ўпдим. Нигора юзимнинг терисини анча қалин қилиб қўйган экан, йўқса, шаҳарнинг ўртасида, шунча одамнинг кўз ўнгида қизни ўпармидим? Қиз ўзини олиб қочмади, узун киприклари пирпираб менга тикилиб қолди, сўнг майин жилмайиб бурнимдан чимдиб қўйди.
Кечга бориб толиқибман, троллейбуснинг деразасига бошимни қўйиб, кўзим илинибди. Агар қиз туртиб тушишимизни айтмаганида, донг қотиб ухлаб қолардим.
Троллейбусдан тушиб, бироз юрдик ва атрофи ям-яшил майса билан ўралган мўъжазгина уй ёнига етиб келдик. Қиз дарвозача ёнида тўхтади ва менга юзланиб бир нималар деди. Мен кулиб елка қисдим. Шу пайт уйдан бир аёл ва бир эркак олдинма-кейин чиқиб келишди. Улар бизни кўриб, бўсағадан жилмайганча қараб қолишди. Қиз безовталанди, саросимали нигоҳини кўзимга тикиб, бир нарсалар дея пичирлади. Сездим, қиз ноқулай вазиятда, афтидан, улар ота-онаси бўлса керак, шуларнинг кўз ўнгида мен билан ёнма-ён турганидан уялаётганга ўхшайди.
Фикримни жамлаб, бир қарорга келишга улгурмасимдан, эркак шитоб билан биз томон кела бошлади. Юрагим товонимга тушиб кетаёзди. Ахир, бизнинг қишлоқда қиз бола йигитини уйига етаклаб келмайди-да. Етаклаб келиш у ёқда турсин, кўча-кўйда гаплашиб турганини уйидагилардан биров кўриб қолса борми, қиёмат-қойим бўлади. Бундай пайтда йигитга битта йўл қолади: қочиш! Қиз эса, ўзи жавоб беради. Тузукроқ баҳона тополмаса, бир-икки шапалоқ ейди, сўкиш эшитади. Икки-уч кун уйидагиларининг қовоқ-тумшуқларига бардош беришига тўғри келади. Бу ерда қоида қанақа билмайман, эҳтимол, буларнинг қизлари йигитни уйига олиб келишар. Киноларда чет элликлар шунақа қилишади-ку.
Эркак қизга қисиқ кўзларини кериб ўқрайиб қаради ва бир нималар деди. Қиз синиқ товушда жавоб қайтарди. Назаримда, овози бироз қалтираб чиқди. Эркак унинг гапидан қониқмади, шекилли, бақира кетди. Сўнг ожизанинг кўзойнагини юлқиб олди-да, гапиришдан тўхтади. Орага ғалати жимлик чўкди. Эркак гап бошлагунча бир неча бор қошлари манглайига чиқиб-тушди. Кўзи баттар йирилди, қовоғи осилди. Сўнг алланималар деб шунақанги баланд овозда бақирдики, қиз шўрлик қалтираб кетди, кўзидан ёш оқди, бироқ лом-мим демади.
Шундан сўнг эркак менга юзланиб бақира кетди. Мен безрайиб қараб туравердим. У баттар тутақиб кетди. Агар қиз бир нарса деб тўхтатиб қўймаганида, ким билади, яна қанча вақт овозига зўр берарди? Қизнинг гапидан сўнг у бирдан жимиб, афт-ангори ўзгариб, юзимга маймунга қарагандай илжайиб тикилиб турди-да, чўнтагига қўлини тиқиб, бир даста пул чиқарди ва учтасини ажратиб қўлимга тутқазди. Унинг бу қилиғидан жон-поним чиқиб, берган пулини отиб юбордим-да, ортимга бурилиб тез-тез юрганча улардан узоқлашдим. Тахминан ўн қадамча юрганимда қизнинг чақиргани эшитилди. Бироқ тўхтамадим. Ортимга ўгирилиб қарамадим ҳам. Чунки энди ортимга қайтолмасдим, ғурурим топталганди.
Анчагача ўзимга келолмай, сўкиниб, жаҳлимни босолмай юрдим. Шу кетишда қаерларга бориб қолганимни, қизнинг уйи қайси томонда қолиб кетганини ҳам унутибман. Ўпкамни босиб олгач, қилмишимдан пушаймон бўлдим, ахир бечора қиз мени деб не кўйларга тушмади. Бирров тўхтаб, ортимга ўгирилсам асакам кетармиди? Нимамга бунчалик ғўддайдим? Эҳ, аҳмоқ, ҳеч калланг ишламади-ишламади-да. Энди бу ҳайҳотдай шаҳарда киминг қолди? Уйингга кетиш у ёқда турсин, шу туришинг бўлса, очингдан ўласан-ку!
Юравериб бир сайилгоҳга келиб қолибман. Бўш ўриндиқлардан бирига ўтирдим. Одамларни кузатдим, уларнинг юзида табассум, ҳаётидан мамнун, чақчақлашиб юришибди. Биргина мен омадсиз-у ландовур, ўзича осмонни чоғлаб ботқоққа ботган. Эҳ, бундан баттар кўргилик ҳам бормикан дунёда? Қишлоғимдан чиқмай, араванинг орқа оёғи бўлсам-да, юрмайманми тинчгина? Қишлоғимиздаям одамларнинг куни ўтиб турганди-ку. Бало бормиди Нигорага ошиқ бўлиб? Озгина сабр қилсам, чидасам, Нозима меники бўларди! Ўзи яхши кўришини айтувдику.
Асабим қўзиб, бошимга муштладим-да, чуқур хўрсиниб, сайилгоҳда юрган одамларни кузатиб ўтиравердим.
Бир маҳал ёнимдаги ўриндиққа сочлари тап-тақир олинган, ўрта бўйли йигит келиб ўтирди. Аввал эътибор бермаган эканман, ўзим билан ўзим овора бўлиб. Қарасам, у сигарета чекаяпти. Беихтиёр чекким келди. Бўлмаса, аввал чекмаганман. Тўғри, бир-икки марта тутунни оғзимга олиб пуфлаганман, лекин бу чекишга кирмайди-да. Ҳозир ўлардай чекким келаяпти. Бунинг устига, тақирбош шунақанги ҳузур қилиб тутунни ютаяптики, кўриб иштаҳанг очилиб кетади.
Суқланиб унга бир-икки қараб қўйдим. Негадир кўзимга танишдек кўринди. “Қаерда кўрган эканман?” – деб ўйладим ва топдим! Эрталаб қиз билан кўришганимда узоқдан термилиб турганига кўзим тушувди. Кейин қаҳвахонада овқатланаётганимизда, у бизга яқинроқ столга ўтириб олиб, нимадир ичган, ора-чора кўз қирини ташлаб қўювди. Охирги марта троллейбусда… Юрагим безовта ура бошлади: мени чавақламоқчи бўлганларнинг шериги, орқамдан пойлаб юрибди.
Секин ўтирган жойимдан қўзғалиб, унга кўз қиримни ташладим. Йигит гўё хаёл сураётган одамдай, бемалол ўтирибди. “Яхши, сен жойингдан қимирлама, мен сал нарига кетиб олай”, деб хаёлимдан ўтказдим-да секин узоқлаша бошладим. Беш-олти қадам юргач, бирдан тўхтадим-да, ортимга ўгирилдим. Дарҳақиқат, йигит ўрнидан туриб, менинг қайрилиб қарашимни кутмаган, шекилли, ортимдан қараб турарди. Кўзларимиз тўқнашди ва та-қирбош буни тасодифга йўймоқчи бўлдими, кўзини олиб қочиб, бошини бурди. Энди кўнглим панд бермаганига, бу нусха чиндан ҳам ортимдан тушганига ишончим комил бўлди ва илдам юриб оломон орасига кириб кетдим. Бироз шу тахлит юрганимдан сўнг югуришга тушдим. Оёқларим ҳам чиниқиб қолган, шекилли, анча югурсам ҳам чарчамадим. Лекин хавотирим кучайиб, тақирбош ортимдан етиб келгандай туйилаверди ва мен тезликни оширдим, бироқ қаёққа қочиб кетаётганимни билмасдим. Кўзим фақат йўлни кўрарди, оқибатда бир-икки одамни туртиб ҳам юбордим, улар ортимдан чинқириб қолишди.
Уч километрдан зиёдроқ югурибман, тўхтаб нафасимни ростлаб олдим, ортимга ўгирилиб қарадим. Мени таъқиб қилган тақирбошнинг қораси кўринмади. Энди бир жой топиб бекинишим керак, бу аҳволда одамхўрларнинг қўлига тушмасам ҳам, полициячиларда шубҳа уйғотишим тайин. Қўлимда ҳужжатим йўқ, қамаб қўйишади. Тилни билмайман, қамоқда чирийман кейин.
Атрофга алангладим. Катта-кичик бинолар қаққайиб турибди, яширинадиган кавак йўқ. Бунинг устига, иморатларнинг қайсисида одам яшайди-ю, қайси бири идоралигини ҳам билиб бўлмайди. Ҳар қалай, одамлар яшайдиган жой бўлса, каллани суқадиган туйнук топилади-да. Таваккал, деб кўп қаватли кўркам иморатлар томон илдамладим. Биринчи бинони айланиб ўтгандим, ортида пастқамроқ уй кўринди. Бола кўтарган аёллар шу уйнинг йўлагига кириб кетишди. Икки қадам ташлаб, негадир ортимга қараб қўйгим келди. Яхшиям қараганим, ортимдан икки йигит қуюндай бостириб келаяпти. Бирининг боши тақирлигини шу ердан туриб ҳам кўрса бўларди.
Капалагим учиб, ҳалиги иккита аёл кириб кетган йўлак сари шамолдай учдим. Йўлакка етдим-у, ортимга ўгирилдим. Улгурмабман. Изқуварлар яна мени кўриб қолишди.
Иккита зинани бир қилиб юқорилар эканман, кўзим аланглаб очиқ эшикни қидирдим. Учинчи қаватда бир эшик қия очиқ экан, иккиланмай ўзимни ичкарига урдим-у, ортимдан эшикни ёпдим. Ичкарида ўттизлардан ошиб қолган бир жувон, деворга суянганча хаёл суриб турарди. Менинг отилиб кирганимни кўриб қичқириб юборди.
– Жим! Овозингни чиқарма, илтимос. Тис-с-с!!! – дедим кўрсаткич бармоғимни лабларимга босиб.
Ҳартугул, аёл бошқа товуш чиқармади. Лекин кўзлари чақчайган кўйи мендан кўз узмай тураверди. Мен тиз чўкдим-да, икки қўлимнинг кафтларини жуфтлаб олдинга чўздим. Ажабмаски, бу ажабтовур қилиғимдан сўнг у мени ҳақиқатан ҳам ҳиндистонлик деб ўйлаган бўлса.
Жувон дағ-дағ титраб, секин ортига тисарила бошлади. Мен бош чайқаб: “Қўрқма”, демоқчи бўлдим. Кейин қўлларимни ҳавода силкиб, эшикни қулфлашни тушунтирдим-у, бу ишимдан ўзим пушаймон бўлдим. Чунки аёл эшикни ёпиш баҳонасида қочиб чиқиб кетиши, қувлаб келаётганлар менинг шу ердалигимни билиб бостириб киришлари тайин. Аёлнинг тинч туришини яна бир марта ўтиниб сўраб, ўрнимдан турдим-да, эшик зулфинини ўтказдим.
Шу маҳал йўлакдан “тап-тап” этган оёқ товушлари эшитилди. Баданим музлаб кетди. Орадан бир-икки сония ўтар-ўтмай, ташқарида хавф борлигини аёлга яна бир карра билдириб қўйиш учун эшикка қулоғимни қўйдим. Эҳтимол, шундан сўнг жувон ўзини бироз босиб олгандир. Бу, ҳар қалай, ҳақиқатга анча яқин эди. Чунки унинг афт-ангори аслига қайтганди. Лекин қисқа сониялар ичида ҳавони бадбўй ҳид босиб кетди. Тўғриси, бурнимни бекитишга уялдим.
Мен қочиб кирган уйнинг бекаси бошқа хонага кириб кетди. Мен бўлсам жойимдан қимирламадим. Қулоғим динг – йўлакда “тиқ” этган товушдан юрагим санчади. Тепадаги қаватда эшик тақиллади. Эркакларнинг баланд овозда гаплашгани эшитилди. Сўнг нимадир қарсиллади, эшик ёпилди, шекилли. Нафас олишни ҳам унутиб, эшикка қапишдим. Оёқ товушлари аста-секин узоқлаша-ётганини аниқ-тиниқ эшитиб турдим.
Бир маҳал ёнгинамда уй бекаси пайдо бўлди. Ишонасизми, унинг бошқа хонадан чиқиб келганини мутлақо сезмабман, кийимларини алмаштириш учун кириб кетди, деган хаёлда эдим. Адашган эканман. У ўша-ўша тунги кўйлакда эди. Бироқ мен жувоннинг оппоқ елкалари, ярми кўриниб турган сийналарига эътибор берадиган аҳволда эмасдим.
Аёлга савол назари билан қарадим. Шу пайт йўлакдан келаётган оёқ товушлари мен яширинган уй эшиги ёнида тинди, нафасим ичимга тушиб кетди. Агар жувон ёрдам сўраб бақириб қолса борми, тамом, жанозасиз гўрга кириб кетишга тайёргарлик кўрсам ҳам бўлаверарди. Лекин аёлнинг кўзида ачиниш аломатларини кўрдим ва билдимки, у менга ёмонлик қилмоқчи эмас.
Хаёлимни бир жойга йиғиб улгурмасимдан эшик қўнғироғи жиринглади-ю, титраб кетдим. Қалтираётган бармоғимни лабим устига босдим. Қўнғироқ қайта-қайта жиринглади. Бундан диққати ошган аёл бетоқатланди-да, эшикни очмоққа чоғланди. Жон-поним чиқиб кетди. Ўзим сезмаган ҳолда йўлига кўндаланг бўлиб, бошимни чайқадим. Шунда аёл мен томонга энгашиб, лабларини қулоғимга яқин келтириб алланималар деб пичирлади. Ундан таралган хушбўй ҳид маст қилаёзди мени.
Бунақанги ифорларнинг анча-мунчасини татиган мендай йигитнинг энди аҳмоқлик қилишга ҳақим йўқ эди. Шу боис, секин жувоннинг кўкрагидан итардим. Бармоқларим момиқ сийнасига ботиб, бир муддат хаёлим қочди, бироқ ўзимни босдим. Қизиғи, аёл бу ҳаракатимдан жаҳлланмади, аксинча, назокат билан сочимни силади, сўнг қўлимдан ушлаб ичкарига олиб кирди-да, оппоқ узун кўрсаткич бармоғини лабига босди ва ўзи ортига қайтди.
Мен аҳмоқ, ландовур, гўл, яна алдандим! Бир марта сочимни силагани-ю, хушбўй атир ҳидидан ўзимни йўқотиб қўйдим-а! Энди пушаймон қилишнинг нафи йўқ, чунки аёл қўнғироғи узлуксиз жиринглаётган эшикка етган эди. Юрагим гупиллаб уриб, каловланиб қолдим. “Эй, худо! – дея пичирлади лабларим. – Тағин кўргиликка рўбарў қилдингми?” Кўзимга жиққа ёш тўлди. Югуриб бориб деразадан пастга қарадим. Йўқ, жудаям баланд. Сакрасам, ўлмай қолсам-да, майиб бўлишим аниқ.
Мен ҳали бир қарорга келиб улгурмай эшик очилди ва эркак кишининг дағал овози эшитилди. Тавба, шундай пайтда шовқин одамнинг этига игнадай санчилиб, баданини музлатиб юбораркан. Айни лаҳзада қўрқув ўрнини алам эгаллади, қўлимни мушт қилиб тукканча аёлнинг “овчи”ларга жавобига қулоқ тутдим. Шундан сўнг эшик ёпилди. Хаёлимда менинг гўштимни ейиш пайида бўлган одамлар (ўша лаҳзада уларни йўлбарсга, ўзимни эса кийикка ўхшатардим, лекин йўлбарсларда инсоф бўлади. Кийикни қўлдан чиқариб юборса, тамом, уни унутади-да, бошқа бир жониворни овлаш пайида бўлишади. Булар бўлса…) изларига қайтишди. Биламан, барибир узоққа кетишмайди. Кўзага тумшуғини тиқолмаган аламзада тулкидай тимирскиланиб юришади шу уйнинг атрофида.
Аёл қайтиб келди ва деворга суянганча менга тикилди. Бу нигоҳ бир умр хотирамдан ўчмаса керак. Аёлнинг кўзида маъюс бир ғамзали ачиниш бор эдики, йигит бошим билан шу аёлнинг этагига яширинганимдан ўзимдан хафа бўлиб кетдим.
У гапирмади. Барибир ҳеч вақони тушунтириб беролмайди. Бу ўзига ҳам, менга ҳам кундай аён.
Ноилож қолганимдан қўлларимни ёздим. Жувоннинг юзида табассум пайдо бўлди ва у имлаб мени ёнига чорлади. Мен яқинига йўламасимдан ортига бурилиб йўл бошлади. Ювиниш хонасига кирдим. Мириқиб чўмилдим. Совуни шунақанги хушбўй ҳид таратаркан, еб қўйгинг келади. Кўпирганини айтмайсизми… Хуллас, ярим соатларда қушдай енгил бўлиб чиқдим. Аёл овқат тайёрлаб қўйган экан, сиполик қилиб ўтирмадим, иштаҳа билан едим. Ахир, яна қачон овқат ейман, худо билади. Бунинг устига, қуёш ботиб, атрофга ғира-шира қоронғилик туша бошлаган, бундай пайтда қаёққа боришим даргумон. Шу боис, бир оқшомга бўлса-да, жувоннинг уйида тунаб қолишим керак эди. Бунинг учун, албатта, унга ёқишим шарт. Дарвоқе, у мени бекорданбекорга уйига қўймагандир. Ўзингиз ўйлаб кўринг: бешбегона одам ҳовлиқиб уйингизга кириб келса-ю, имоишоралар қилиб эшикни ёпиб олса, хўш, нима хаёлга борардингиз? Баракалла, қўлингизга илинган нарса билан уриб ёки тўс-тўполон қилиб ҳайдардингиз. Қўшниларни чақирардингиз, уйингизга рухсатсиз кириб олган одамни (агар у қочишга улгурмаса) милисага топшириб юборардингиз. Кейин бегона йигит уйингизга қандай киргани-ю, ўзингизнинг қўрқиб кетганингиз, юрагингиз ёрилаёзганини оломонга ҳаяжонланиб гапириб берардингиз. Бу билан қандайдир бир рағбат ҳам олардингиз. Аммо бу аёл ундай қилмади. Нега? Шу савол мени кўпроқ қийнаётган эди.
Нозима қиз боши билан муносабатини хат орқали бўлса-да маълум қилган эди. Нигоранинг ёқтиргани ҳам рост (майли, у ким бўлган тақдирда ҳам). Гуля исмли аёл бўйнимга осилганди. Индира опадан сотиб олмоқчиям бўлувди мени. Ўша базмдаги бошқа баъзи аёллар ҳам еб юборгудай тикилгани ёдимда. Мана, боғда учратган қиз, тилимни билмаса-да, бир кўришдаёқ мен билан апоқ-чапоқ бўлиб кетди, менга қайғурди. Кўнглига ўтиргандирман-да.
Шуларни ўйлаб, ўзимни ҳар қандай қиз орзу қиладиган йигитдек тасаввур қила бошладим. Манави, рўпарамда овқатланишимни завқланиб кузатиб ўтирган бу аёл ҳам ёқтириб қолганига шубҳам йўқ. Бундан ўзимга ишончим икки карра ошиб кетди. Лаб-лунжимни сочиқ-чага артарканман, унга илжайиб қарадим. Жувон мафтункор эди. Силлиқ оппоқ елкаси, ялтироқ юпқа тунги кўйлаги остида бўртиб, ўзининг қай даражада назокатли эканини кўзкўзлаб турган сийнаси кўзни ўйнатарди. Мен ортиқ тоқат қилиб туролмай, аста унинг қўлидан ушладим. Жувоннинг қараши бирдан ўзгарди, нигоҳида ўт чақнади. Мен хато қилганимни сезиб, қўлини қўйиб юборишга улгурмасимдан “тарс” этиб чап юзимга шапалоқ тушди-ю, юзимдан ўт чиқиб кетди. Ундан бундай қилиқни мутлақо кутмагандим. Шу боис, тахтадай қотдим. Сўнг секин аланга олаёзган тарсаки изини силадим ва ўзимни ёмон кўриб кетдим: “Қазисан, қартасан, асли наслингга тортасан”, дейишади. Ўзим кимман-у, яна кимга қўлимни узатиб турибман? Бу муштипар одамгарчилик қилиб, мени анавилардан асраб қолди, нон-туз берди. Мен номард тузлуғига тупуриб ўтирибман-а!
– Узр, – дедим бошимни эгиб, – билмасдан қилиб қўйибман.
Овозим мунгли чиқдики, ўзимнинг товушимдан ўзим жирканиб кетдим, қаддим букчайиб қолди. Энди бу ерда ортиқ қололмасдим. Ташқарида чиқишимни тиш қайраб кутиб туришганини ич-ичимдан сезсам-да, кетишим керак эди. Бу аёлнинг олдида ортиқ ўтиролмасдим. Худо йўл кўрсатиб, жонимни омон қолдирса, яшайман, бўлмаса одамхўрлар қўлида итдай ўлиб кетавераман, деб ўйладим.
Ўрнимдан туриб, қўлимни кўксимга қўйиб аёлга таъзим қилиб кечирим сўрадим-да, эшикка йўналдим. Жувон буни мутлақо кутмаган экан, бақрайиб қолди. Оёқларимни зўрға судраб босдим, чунки ташқарида мени ажал кутаётганди, тирик қолишимга ишонмаётгандим. Эшик зулфинини ушлашим билан елкамга қўл текканини сездим, этим жимирлади. Киприк қоққунча шайтоний ха-ёллар кўнгилни бузди. Бироқ бу сафар ўзимда куч топдим ва жувоннинг қўлини секин елкамдан олиб, эшикни очмоқчи бўлдим. Аёл мени шаҳд билан ўзи томонга бурди-да, бўйнимдан қучоқлаб, лабларини лабимга босиб ўпа кетди… Қолганини таърифлашга тил ожиз. Нигора бу аёлнинг олдида ип эшолмайди. Шунақа ишлар ҳам бўлишини тасаввурга сиғдира олмайсан, киши. Танамдан мадор қуриди, сўлжайиб қолдим. Лекин бир нарса чатоқ бўлди. Энди колбаса ёки қазини кўрсам кўнглим айниши тайин…
Ювиниб чиқиб, оромкурсида ястаниб энди бу ёғига нима қилишимни ўйлаб ўтиргандим, эшик қўнғироғи жиринглади. “Анави падар лаънатилар яна қайтиб келдими?” – деб саросималандим. Бироқ рўпарамда тиржайганча пиво ичиб ўтирган аёл пинагини ҳам бузмади. Мени етаклаб бошқа хонага олиб кирди-да, ўзи эшикни очгани кетди. Бирдан сергак тортдим, миямни ваҳимали хаёллар чулғади: “Мен аввал ишимни битириб олай, кейин бемалол ушлаб, олиб кетасизлар”, деган бўлса-чи бу маккора аёл одамхўрларга!
Ҳимояланиш илинжида оғирроқ, уришга қулайроқ нарса қидириб хона ичига кўз югуртирдим. Деворда осиғлиқ қилич турарди. Қилични қўлга олдим. Қуролланганимдан дадилланиб, эшикка яқинлашдим, қия очиб, бемаҳал безовта қилган одамни кута бошладим. Назаримда, маккор аёл ортимдан тушган одамларни шу хонага бошлаб келадигандай туйилди. Бироқ ҳаммаси мен ўйлаганимдан бутунлай бошқача тарзда кечди. Боягина мен билан истаганча кўнглини хушлаган жувон бўсағада бир эркак билан ютоқиб ўпишди, кейин кийимларини юлқиб ечганча бир-бирига чирмашди. Бир муддат уларнинг ақлга сиғмайдиган қилиқларини кўриб қотиб қолдим. Наҳотки, мен ҳам шу эркак қилаётган қилғиликни қилган бўлсам?! Эркакнинг аёл этагига шўнғиши… Йўқ, бўлиши мумкин эмас, бу иш менинг қўлимдан келмайди, дея ўйладим. Ана шундагина қаерга кириб қолганимни англадим ва тезроқ бу исловотхонадан гумдон бўлишнинг чорасини ахтардим. Ким билади, навбатда яна нечта одам турганини?
Мен бекиниб турган хонадан айвонга бемалол ўтса бўларкан. Ўтиб энгашганча, айвоннинг бурчагидаги эшикни очиб кирдим. Ошхона. Ундан кейин меҳмонхона. Мен шу ерда овқатлангандим. Шундай паллада овқатни эслаш… Кўнглим беҳузур бўлди.
Даҳлизда шляпа, костюм ва яна алланималар палапартиш сочилиб ётарди. Кўзойнак ҳам бор экан. Костюмни кийиб, шляпани бошимга қўндирдим-да, кўзойнакни тақиб олдим. Мақсад, уй атрофида аланглаб мени кутаётганларни чалғитиш. Адашмаган эканман, ўша та-қирбош билан унинг новча шериги кўчада у ёқдан-бу ёққа саланглаб сигарета тутатиб юришарди.
Гўё шу уйда яшаб юрган одамдай йўлакдан чиқдим-у, ўнг томонга бурилиб кета бошладим. Кўз қирим билан душманларимнинг сергакланганини, сўнг бир-бирига маъноли қараб қўйганини кўрдим. Бироқ улар жойларидан жилмади, демак, мени танишмади. Шундай эса-да, юрагим типирчилаб, эллик қадамча масофани тишимни тишимга босиб, зўрға юриб ўтдим. Кейин қадамимни тезлатдим. Уларнинг кўзи илғамайдиган жойга етганимдан сўнг ортимга ўгирилиб қарадим. Қимирлашгани йўқ, менинг йўлакдан чиқиб қолишимга умид қилиб туришибди. “Минг йил қимирламанглар, қармоқларингга лаққа балиқ илинади”, дея ўзимча мамнун жилмайдим-да, йўлимда давом этдим.
Уч соатча юрганимдан сўнг дармоним қуриб, уйқу боса бошлади. Тунашга эса жой йўқ. Яна юрдим. Чироқлари камроқ, қоронғироқ бир жойга етдим. Иморатлар тоғ қояларидай қорайиб турибди. Бу уйларда ҳам одамлар яшаса керак, ҳозир улар маза қилиб ухлашаяпти, деб ўйладим. Ҳавасим келди уларга. Уйлардан бирига яқинроқ бориб тепага қараб тургандим, қаердандир хуррак овози келди. Атрофга қарадим. Кўзларимни зўрға очиб турардим, тик оёқда ухлаб қоладиган аҳволдаман. Хуррак эса бир баландлаб, бир пасайиб эшитилади. Ниҳоят, пай-қадим – хуррак товуши иморатнинг ертўласидан келаётганди. Пайпаслаб ертўлага кириладиган кичкина эшикни топдим. Итарсам, очилиб кетди. Бирпас киришимни ҳам, кирмаслигимни ҳам билмай туриб қолдим. Сўнг таваккал қилдим.
Зинанинг охири зим-зиё, ҳеч нарсани кўриб бўлмайди. Шу боис, кирган жойимда деворга суяниб секин ўтирдим. Шу кўйи ухлаб қолибман.
Қанча ухлаганимни билмайман, шовқин-сурондан уй-ғониб кетдим. Туришга ҳам улгурмасимдан бир барзанги йигит ёқамдан ушлади-да, биқинимга мушт туширди. Оғриқнинг зўридан букчайиб қолдим. Бўйним аралаш бошимга зарба тегди-ю, ҳушимдан кетдим. Кейин нима бўлганлигини билмайман.
Кўзимни очсам, ҳамма ёқ қум – саҳро. Тиккайган дарахт кўринмайди. Атрофимда соч-соқоллари ўсиб кетган, уст-боши кир, йиртиқ-ямоқ еттита одам қум устида чордона қуриб ўтиришибди. Қаердалигимни билолмай, кўзимни уқалаб секин ўрнимдан туриб ўтирдим. Ёнимдагилардан бири елкамга қўлини қўйиб бир нима деди. Тушунмадим. Қараб қўйдим, холос. Сўнг ўрнимдан туриб чор тарафга қарадим. Ўтирганимда кўринмаган экан, биздан анча нарида баланд дарахтлар силкиниб турибди. Ўнгу сўлдаям шу манзара, фақат орқада кўм-кўк денгиз, охири кўринмайди. Биз турган жойдан узоғи билан эллик қадамча чапда пастқам иморат бор. Узоқдан дам олувчиларнинг оддий палаткасига ўхшайди. Қаерга келиб қолганимни билолмай бошим қотди. Гарангсиб турган маҳалим уйчадан қадди спортчиларникидай тик, барваста иккита йигит чиқиб, тўғри биз томон юрди. “Одамхўрларнинг шерикларимасми?” – деб ўйладим юрагим ҳаприқиб. Кийимларига, юз тузилишига синчиклаб қарадим, корейсларга ўхшаб кетишаркан. Кўнглим таскин топгандай бўлди. Аммо уларнинг турқидан яхшиликнинг асари ҳам кўринмасди. Келибоқ иккаласи каратэ усулида ёнимдагиларни шунақанги тепкилаб кетишдики, кўриб кўзимдан ёш чиқиб кетаёзди. Ҳар қалай, навбат менгача етиб келмади. Чигалларини ёзиб олгач, йигитлар баримизни уйча томон ҳайдади.
Эшикдан киришимиз билан ер остига тушиладиган зинани кўрдим. “Тамом, бу сафар қутулиб чиқолмайман, ёриб ташлашади”, деб ўйлагандим, хайрият, ундай бўлмади. Тушган жойимиз хийла кенг экан. Тепада ўнлаб чироқ. Деворлар бетон. Оёқ ости ҳам. Шунақа овлоқ жой, бунинг устига, ернинг тагига қаердан ток олиб кирилганига ақлинг етмайди. Яна қандайдир асбоб-ускуналар, тош майдаловчи чўқморлар аралаш-қуралаш бўлиб ётибди. Бизни кексароқ бир эркак кутиб олди. Сафга тизиб, ҳар биримизга синчиклаб қараб чиқди. Бир нималар деди. Мендан бошқа ҳамма ҳиринглади. Демакки, уларга хуш ёқадиган гап айтди. Афсус, тил билмайман, йўқса уларга қўшилиб ҳиринглармидим?
Йўқ, барибир ҳирингламас эканман. Бир шиша вино келтиришди. Ёнимдагилар шишага кўзлари тушишлари билан типирчилаб қолишди. Лабларини ялаб ютоқишди. Шундан билдимки, алкашларга қўшилиб қолибман. Лекин чол винони уларга бериб қўймади, ҳар бирининг қўлига пиёлага ўхшаш идиш тутқазиб, атиги бир қултумдан вино қуйди. Ўшанда пиёнисталарнинг жиғибийрон бўлганини кўрсангиз эди. Айримлари биров савалаётгандай ўкириб юборди. Ташқарида каратэчи йигитлар тепкилаганда ҳам улар бунчалик дод-вой қилишмаганди.
Шундан сўнг чол ишларни тақсимлади. Менинг зиммамга отнинг калласидай тошларни майдалаш тушди. Чунки пиёнисталарнинг орасида энг бақуввати ўзим эдим. Бунинг устига, тилим йўқ.
Қишлоғимизда Муртоз гунг деган одам бўларди. Гапиролмасди-ю, лекин шунақа бақувват, серғайрат эдики, унча-мунча ишлар унга чикора эди. Ўзиям қишлоқнинг нимаики оғир юмуши бўлса, ўшани тўғрилашарди. Ҳозир манави чол ҳам мени, ҳойнаҳой, тентак кучи кўп, деб хаёл қилди, шекилли, ишнинг оғирини менга юклаб, имо-ишоралар билан нима қилишни тушунтирди. Жаҳлим чиқди: “Нега энди мен буларнинг ишини қилишим керак? Нима ҳақи бор мени ишлатишга? Ўтказиб қўйган жойи борми?” Шуларни ўйлаб, жойимдан қимирламадим. Бошқалар буюрилган юмушларига киришиб кетишди. Чунки уларга жонларидек азиз вино ваъда қилинган эди.
Менинг қимирламаётганимни кўрган чол бир нималар деб гапирди. Мен бақрайганча туравердим. Бир нима уқтириш қийинлигини сезгач, чол биз тушиб келган зина ёнига бориб, тепага қараб бақирди.
Бирпасда иккита тепағон йигит пайдо бўлди. Аввалига улар менга иржайиб қарашди. Кейин биттаси башарамга шунақа тепдики, яхшиям вақтида юзимни қўлим билан бекитиб қолганим, бўлмаса, кўзим хонасидан отилиб чи-қиб кетармиди? Шундоғам қўлимнинг устидан теккан зарбадан бурним пачоқ бўлди-ёв. Бироқ улар бир тепки билан қаноатланишмади, бетинг-кўзинг демай обдан калтаклашди. Сулайиб қолдим. Шундан кейин чол юзимга бир чўмич сув сепиб қўлимдан ушлаб туришимга кўмаклашди.
Ишим унмади. Калтак зарбидан пўла бўлган аъзойи баданим зирқирарди. Бунинг устига, зил-замбил чўқморни ҳар кўтариб ташлаганимда қўлим зирқиллаб оғрир, жоним чиқиб кетгудай бўларди.
Бир маҳал овқат беришди, тушлик бўлса керак. Бошқаларга кўпроқ, менга камроқ. Ишдан бўйин товлаганим, тошни кам майдалаганимгадир. Чол қўлини ҳавода ҳаракатлантириб шуни уқтирди, шекилли. Тўймай қолдим. Энди кечгача қаттиқроқ ишлаш керак, деб кўнгилдан ўтказдим. Шерикларимга бир пиёладан вино ҳам улашилди.
Кунлар шу зайлда ўта бошлади. Дам олгани ўтирганимда аъзойи баданим қақшаб оғрийди. Шунга қарамай, аста-секин таиландликлар тилини ўрганиб олдим. Пухта билмасам-да, ҳар қалай, гапимни шерикларимга уқтира оламан. Пиёнисталардан бирининг исми Андрес экан (негадир уларни алкаш деб аташ менга одат бўлиб қолганди). Унинг онаси асли америкалик экан, Таиландга дам олгани келиб, шу ерлик бир йигит билан танишиб қолибди. Орада севги пайдо бўлибди. Бироқ унинг умри бир йилдан нарига ўтмайди. Америкалик сулув Исроилдан келган бошқа бир сайёҳ билан топишиб, икки ойлик Андресни отасига ташлаб, янги хушторининг юртига кетибди. Бола етти ёшга тўлганида отаси автоҳалокатга учраб, оламдан ўтади.
– Шунгаям, мана, йигирма йилдан кўп бўлди, – деди Андрес кечқурунги ризқи – бир пиёла виносини ичиб олгач, – ғамимга винони шерик қилдим. Охири пиёнистага айландим.
– Онанг сени сўроқламадими? – сўрадим ундан.
– Отамнинг айтишича, уч ёшлигимда бир марта қўнғироқ қилган экан. У ошиқ бўлган йигит шайтон қавмидан экан. Онамнинг бобосидан мерос қолган икки миллиондан ортиқ пулини алдаб-сулдаб ўзиники қилиб олганидан сўнг орқасига тепиб ҳайдаб юборибди. Хуллас, қўнғироқ қилганида отамдан пул сўрабди. “Сенинг ёнингга бораман, ўғлимизни соғиниб кетдим, бирга яшаймиз”, дебди. Бироқ отам унинг гапларига ишонмаган. Шу-шу дом-дараксиз.
Андресга ачиндим. Мени-ку, отам, укаларим кунда бўлмасаям кунора эслаб туришар. Бу бечоранинг ҳеч кими йўқ. Ҳаётдан совиб бўлган. Бир амаллаб озгина вино ичиб олса бўлди, кун бўйи шунинг кайфи билан юраверади. Бир марта Таскин исмли бўйдор, чўпдай озғин, тишлари қорайиб кетган, оғзидан қўланса ҳид келадиган одам билан вино талашиб уришиб қолди. Андресга бир пиёла камлик қилди, шекилли, Таскинникини тортиб олмоқчи бўлди. Лекин у ҳам осонликча жон берадиганлардан эмас. Жанжал бошланиб, ёқалашиб кетишди, вино ерга тўкилди. Ундан кейин ҳақиқий муштлашув бўлди. Ёлғиз мен уларнинг орасига тушдим, қолганлар пинагини ҳам бузгани йўқ, бемалол виносини ичиб, овқатланиб ўтирди. Таскин калтак еб, ўкириб-ўкириб йиғлади. Сўнг ерга чўзилиб ётиб, тўкилган насибасини ялади. Унинг бу қилиғини кўриб кўзимдан ёш чиқиб кетди. Андресдан нафратландим ва чидолмай ёнига бордим-да:
– Агар яна бир марта унинг виносига чанг солсанг, билиб қўй, уриб ўлдираман! – дедим бақириб.
Бироқ гапим Андресга чивин чаққанчалик ҳам таъсир қилмади. У индамай овқат еб ўтирарди.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?