Текст книги "Пахта тозалаш корхоналарида меҳнатни мухофаза қилиш"
Автор книги: Олег Синяков
Жанр: Прочая образовательная литература, Наука и Образование
Возрастные ограничения: +12
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 1 (всего у книги 7 страниц)
Пахта тозалаш корхоналарида меҳнатни мухофаза қилиш
Раҳматулла Асадуллаевич Усманов
© Раҳматулла Асадуллаевич Усманов, 2023
ISBN 978-5-0059-1588-7
Создано в интеллектуальной издательской системе Ridero
К И Р И Ш
Пахта тозалаш корхоналарини иқтисодий самарадорлигини ошириш, барқарор ва узликсиз ривожлантиришга меҳнат жамоаси барча аъзоларининг фаол меҳнат қилиши ва уларни ҳаёт фаолиятини хавфсизлигини таъминланиши, барча хавф-хатарлар таъсирини бартараф этилиши, ресурслар ва тадбиркорлик имкониятларидан, фан-техника тараққиёти ва унинг янгиликларидан самарали фойдаланилиши ҳамда ижтимоий ривожлантиришга кафиллик берилиб эришилади.
Пахта тозалаш саноати соҳасидаги фаолият тажрибаси пахта тозалаш корхоналари иш фаолияти турларининг ҳеч бирини бажарилиши хавфсиз бўлмаслигини кўрсатди. Ҳақиқатдан ҳам, ҳозирги замон ишловчиси табиий, техноген, ижтимоий ва бошқа хавфлар дунёсида яшайди. Шунинг учун, ер юзидаги инсонлар ҳаёт-фаолияти муҳитидаги энг ўткир – халқаро терроризмга қарши кураш, ҳарбий-сиёсий ва ижтимоий-диний низолар каби глобал муаммолар билан бир қаторда ишловчиларни ишлаб чиқариш билан боғлиқ ночор кун кечиришлар, касалланишлар ва жароҳатланишлардан ҳимоялаш муаммоси ўта муҳим аҳамият ҳосил қилади.
Таъкидлаш жоизки, ишлаб чиқаришдаги барча нохуш ҳолатлар бартараф этилиши мумкин бўлган сабаблар оқибатида пайдо бўлади. Шунинг учун, корхоналар иш берувчиларидан мавжуд қонунларни бузилишига ва меҳнат жамоаси манфаатларини суистеъмол қилинишига йўл қўймаслик, меҳнатни мухофаза қилиш қоидаларига, технология ва меҳнат интизомига риоя қилиш ҳамда ночор кун кечиришлар оқибатидаги бефарқликлар, бахтсиз ҳодисалар ва касалликлар туфайли ишга чиқмасликлар, ишчи кучининг қўнимсизлиги корхона ва унинг жамоаси учун кўп миқдордаги иқтисодий йўқотишларга сабаб бўлишини эсда тутишлари талаб этилади.
Пахта тозалаш корхоналари ишлаб чиқаришидаги авариялар ва бахтсиз ҳодисалар тахлили ишлаб чиқариш жароҳатланишлари ва касб касалликларига чалинишнинг асосий сабаблари меҳнат ва технология интизомини бузилиши, персоналнинг касбий тайёргарлик даражасининг пастлиги, хавфсизлик соҳасида унинг малакасизлиги, техноген хавфлар ва улардан ҳимояланиш методларини билмаслиги, яъни, кўпчиллик ҳолларда, инсон омили нохуш оқибатларнинг бош сабабчиси бўлишини кўрсатади. Шунинг учун пахта тозалаш корхоналаридаги замонавий ишлаб чиқаришнинг хавфлари ва зарарларини ўрганиш турли даражадаги мутахассисларни касбий тайёрлашни таркибий қисмларидан бири бўлади.
Бозор иқтисодиёти шароитида ишловчиларни яшаш шароитларини яхшиланиши, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликлари сонини камайиши, хавфсизликни ошиши ва меҳнат гигиенасини яхшиланишига олиб келувчи энг муҳим омил – қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратишда иш берувчиларни иқтисодий рағбатлантириш принципидан кенг фойдаланишдир. Иқтисодий рағбатлантириш, шароитларни яхшилаш ва меҳнатни мухофаза қилишга воситалар сарфлашни жарималар, оширилган суғурта бадаллари, ноқулай шароитларда ишлаганлик учун компенсация тўловлари ва меҳнат қобилияти йўқотилганда зарарларни қоплаш сарфларига нисбатан, моддий манфаатлилигини назарда тутади.
Мутахассисларнинг фикрича, ноқулай меҳнат шароитлари билан боғлиқ имтиёзлар тўлови харажатлари меҳнат шароитларини яхшилаш воситалари харажатларидан икки баробар кўпни ташкил қилади. Бунда иқтисодий самарадорликка жароҳатланиш, умумий ва касбий касалланиш оқибати харажатларини камайиши, иш вақти йўқотилишини камайиши эвазига меҳнат унумдорлигини ошиши, оғир ва зарарли меҳнат шароитлари бўйича имтиёзлар ва компенсациялар харажатлари ҳамда авариялар моддий зарарларини камайиши эвазига эришилади.
Пахта хом-ашёсини тайёрлаш, сақлаш ва қайта ишлаш жараёнларида ишлатилаётган машина ва механизмлар, технологик ускуналарни ҳаракатга келтирувчи кучи – электр энергияси билан узликсиз таъминлаш, пахта заводининг самарали фаолияти гарови бўлганлигидан, ўқув қўлланмасида электр хўжалиги ишларини хавфсиз бажарилишини таъминлаш масаласига жиддий этибор берилганлиги ўзини оқлайди.
Пахта тозалаш корхоналарида меҳнатни мухофаза қилишни вазифаси меҳнат хавфсизлигини таъминлаш, ишловчиларни ҳаётини ва соғлиғини сақлаш, ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодисалар сонини камайтириб ишловчиларни жароҳатланиш ёки касалланиш эҳтимолини минималлаштириш билан биргаликда максимал меҳнат унумдорлигида соғлом ва қулай меҳнат шароитларини яратишдан иборат.
Пахта тозалаш корхоналарида фан ва техника тараққиёти натижалари асосида, замонавий техникалардан фойдаланиб пахтани чуқур қайта ишлаш технологияларини жорий қилиш, машиналар комплексларининг «одам-машина» тизимини мураккаблашувига, меҳнат хусусиятларини ўзгаришига, меҳнат жараёнида янги хавф-хатарларни вужудга келишига олиб келади. Бу эса ўз навбатида хавфсизликни таъминлаш масалаларига жиддий эътибор берилишини, меҳнат жараёнида аввал сезилмаган ва пахтани чуқур қайта ишлаш машиналар тизимини тадбиқ этилишидан янгидан вужудга келган хавф-хатарларни доимий равишда ўрганилиши, уларни бартараф этишни машиналар системасини самарадорлигини таъминлаш муаммолари билан уйғунликда ечиш эса, жуда кўп капитал маблағлар ва юқори даражадаги ишлаб чиқариш маданиятини талаб қилади. Бундан, меҳнатни мухофаза қилиш вазифаларини ечмасдан туриб юқори ишлаб чиқариш маданиятига эришиш ва капитал маблағларни камайтириш мумкин эмаслиги келиб чиқади.
Юқоридагиларни инобатга олиб, пахта тозалаш корхоналари технологик жараёнлари ва ускуналари хавфсизлиги, электр қурилмаларидан хавфсиз фойдаланиш, экологик хавфсизликни таъминлаш масалалари кучайтириб ёритилган, пахта тозалаш корхоналарининг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш муаммоси илк бор илмий асосланган нуқтаи назардан келтирилган «Пахта тозалаш корхоналарида меҳнатни мухофаза қилиш» ўқув қўлланмасининг яратилиши ва чоп этилиши, бизнинг фикримизча, ўз вақтида бўлган ва замонавий талабларга жавоб беради.
Ўқув қўлланманинг биринчи – пахта тозалаш корхоналарида меҳнатни муҳофаза қилиш асослари бўлимида: меҳнатни мухофаза қилишнинг ҳуқуқий ва ташкилий масалалари; ишлаб чиқаришнинг хавфли ва зарарли омилларидан ҳимоялаш ва сақлаш воситалари; ишлаб чиқариш жараёнлари, ускуналари ва иш жойларини ташкиллаштиришга умумий хавфсизлик талаблари; меҳнат гигиенаси ва санитар-соғломлаштириш талаблари; меҳнат хавфсизлиги ва меҳнат шароитларини баҳолаш; пахта тозалаш корхоналарида: электр хавфсизлигини; электр хўжалиги ишларини хавфсиз бажарилиши; экология; иқтисодёт; ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ва меҳнатни мухофаза қилишнинг бошқа кўпчиллик масалалари ёритилган.
Қўлланманинг иккинчи – меҳнатни мухофаза қилиш бўйича макет, қоидалар, низом ва йўриқномалар бўлимида пахта тозалаш корхоналарини замонавий бозор иқтисодиёти шароитларига мос фаолият юритиши, ишловчиларга соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиб беришга ва меҳнаткашларни ижтимоий мухофаза қилишга йўналтирилган жамоа шартномасининг макети, ишчи ва хизматчилар учун ички меҳнат тартибининг намунавий қоидалари, корхоналарда уч босқичли мамурий-жамоа назоратини ўтказишни ташкиллаштириш низоми ҳамда пахта тозалаш корхоналарида бажариладиган хавфли ва зарарли ишларни хавфсиз бажаришга мўлжалланган, корхоналар муайян ишлари ва касблари учун меҳнатни мухофаза қилиш ҳамда ёнғин хавфсизлиги бўйича йўриқномалар намуналари келтирилган.
Қўлланма корхоналар рахбарлари, мутахассислари, турли касб ишчилари ҳамда олий ва ўрта махсус таълим ўқув юртлари талабалари учун мўжалланган бўлиб, муаллифнинг пахта тозалаш саноати соҳасидаги илмий ишлари ҳамда меҳнат фаолияти тажрибаси асосида яратилди. Ишловчилар учун жамоа шартномасининг намунавий макети бозор иқтисодиёти шароитлари инобатга олиниб, меҳнат мухофазаси маҳаллий йўриқномалари намуналари эса амалдаги йўриқномалар ишлаб чиқиш бўйича низом талаблари асосида тайёрланди.
Муаллиф 1994– йилда уни Тошкент вилояти «Пахтасаноат» бирлашмасига ишга қабул қилиб саноатга ишлашга тайёрлашни ташкиллаштирган бирлашма раиси Р. А. Бўриевни, 1995-йилда Э. Зикриёев раҳбарлик қилаётган «Ўздавпахтасаноатсотиш» уюшмасининг меҳнатни мухофаза қилиш бўлимига бош мутахассис лавозимига ишга олиб устозлик қилган Қ. О. Ярқуловни миннатдорчилик билан эслаб ўтишни ўз бурчи, ўғиллари Музаффар ва Равшанларнинг китобни яратилишидаги беминнат хизматларини таъкидлаш жоиз деб ҳисоблайди.
Ушбу ўқув қўлланма тўғрисидаги танқидий мулоҳазалар, мутахассислар фикрлари муаллиф томонидан миннатдорчилик билан қабул қилинади ва қўлланмани янада жонли ҳамда таъсирчанлигини ошириб уни такомиллаштиришда фойдаланилади.
I. ПАХТА ТОЗАЛАШ КОРХОНАЛАРИДА МЕҲНАТНИ МУХОФАЗА ҚИЛИШ АСОСЛАРИ
I.1. Меҳнатни мухофаза қилишнинг умумий масалалари
Меҳнатни мухофаза қилиш бўйича асосий тушунчалар ва таърифлар.
Меҳнатни мухофаза қилиш – бу тегишли қонун ва меъёрий ҳужжатларга биноан амал қилувчи, инсоннинг меҳнат жараёнидаги хавфсизлиги, сиҳат саломатлиги ва иш қобилияти сақланишини таъминлашга қаратилган ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техникавий, санитария-гигиена, даволаш-профилактика ва реабилитация қилиш тадбирлари ва воситалари тизимидир.
Техника хавфсизлиги – ташкилий, техник тадбирлар ва воситалар тизими бўлиб, жароҳатланишга олиб келувчи ишлаб чиқариш омилларининг ишловчиларга таъсирини бартараф қилишга йўналтирилган.
Ишлаб чиқариш санитарияси – ташкилий тадбирлар ва техник воситалар тизими бўлиб, ишловчиларга зарарли ишлаб чиқариш омиллари таъсирини камайтириш ёки уларни олдини олишга йўналтирилган.
Меҳнат гигиенаси – профилактик медицина сифатида тавсифланади, меҳнат шароитларини ва меҳнат характерини ўрганувчи, уларни соғлиққа ва инсонни функционал ҳолатига таъсирини ва ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёнларини зарарли ва хавфли омилларини ишловчиларга таъсирини олдини олишга йўналтирилган илмий асослар ва амалий чораларни ишлаб чиқади.
Электр хавфсизлиги – электр токи, электр ёйи, электр магнит майдони ва статик электрнинг хавфли ва зарарли таъсиридан ишловчининг ҳимояланиш ҳолатини билдиради.
Ёнғин хавфсизлиги – шахсни, мол-мулкни, жамиятни, давлатни ёнғинлардан ҳимояланиш ҳолати. Ёнғин хавфсизлиги Меҳнат вазирлиги ваколатига кирмайди. Бу ФВВ (фавқулодда вазиятлар вазирлиги) соҳасидир. ФВВ бу соҳадаги ишларни меъёрлаштиради, назорат қилади ва текширади.
Ҳаёт фаолиятини хавфсизлиги – инсонни техносфера билан комфорт ва хавфсиз узвий боғлиқликдаги ҳаракати тўғрисидаги фан.
Меҳнат хавфсизлигини бошқариш – меҳнатни хавфсиз ва зарарсиз шароитларини яратиш мажмуи вазифалари ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонуний норматив ҳужжатларни қўллаш асосида, хавфсизликни таъминлаш, жароҳатланиш, авариялар, касбий касалланишларни камайтириш ва меҳнат шароитларини яхшилаш ишларини ташкиллаштириш.
Касбий тавакалчилик – ишлаб чиқаришнинг зарарли ва хавфли омиллари таъсири натижасида, меҳнат шартномаси бўйича ишловчини ўз мажбуриятларини бажариш чоғида ёки меҳнат кодекси томонидан ўрнатилган ёхуд бошқа ҳолларда соғлиққа зарар келтириш эҳтимоли. Касбий таваккалчиликларни бошқариш – ўз ичига касбий таваккалчиликлар даражасини аниқлаш, баҳолаш ва камайтириш бўйича комплекс чораларни қамраб олган узвий боғланган тадбирлар мажмуини олади. Касбий таваккалчиликларни бошқариш тўғрисидаги Низом, меҳнат соҳасида давлат сиёсатини олиб борувчи ва шу соҳадаги меёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни мувофиқлаштириб борувчи Меҳнат вазирлиги билан меҳнат соҳасидаги ижтимоий-меҳнат қилишни мақбуллаштириш бўйича уч томонлами комиссиянинг хулосасини инобатга олган ҳолда, ҳукуматни бажарувчи органи томонидан тасдиқланади.
Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида қўлланиладиган асосий атамаларни келтирамиз.
Саноат хавфсизлиги (Меҳнатни муҳофаза қилиш ўз ичига саноат хавфсизлигини олмайди) – шахс ва жамиятни хавфли ишлаб чиқариш объектларидаги авариялар ва уларни оқибатларидан ҳаётий муҳим манфаатларини ҳимояланганлик ҳолати.
Меҳнат шароитлари – ишловчини ишлаш қобилияти ва саломатлигига таъсир этувчи ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёнининг омиллари тўплами.
Ишловчи (ходим) – иш берувчи билан меҳнат муносабатларига кирган жисмоний шахс.
Иш берувчи – ташкилот рахбари (ҳуқуқий шахс) номидан иш юритадиган (нотариус далолатномаси бўйича расмийлаштирилган) ёхуд ишловчи меҳнат муносабатларида бўладиган жисмоний шахс.
Ташкилот – корхона, муассаса ёки мулк шакли ва бўйсинишидан қатъий назар бошқа ҳуқуқий шахс.
Зарарли ишлаб чиқариш омили – таъсири ишловчини касал бўлишига олиб келувчи ишлаб чиқариш омили.
Хавфли ишлаб чиқариш омили – таъсири ишловчини жароҳатланишига олиб келувчи ишлаб чиқариш омили.
Иш жойи (ўрни) – ишловчи туриши керак бўладиган жой ёки иши туфайли бориб турадиган жой ва бевосита ёки билвосита иш берувчининг назорати остида турадиган жой.
Иш зонаси – пол сиртидан 2 метргача баландликда жойлашган фазовий ҳудуд ёки ишловчиларни меҳнат фаолияти жараёнида вақтинчалик ва доимий келиб турадиган майдонча шаклидаги иш жойи.
Ишловчиларни шахсий ва жамоавий ҳимояловчи воситалари – ишловчиларга зарарли ёки хавфли ишлаб чиқариш омиллари таъсирини камайтириш ёки бартараф этиш ҳамда уларни ифлосланишдан ҳимоялаш учун фойдаланиладиган техник воситалар тўплами.
Ишлаб чиқариш фаолияти – ресурсларни тайёр маҳсулотларга айлантириш учун, турли хил хом-ашё, қурилиш, турли-туман хизматларни бажаришни ўз ичига олган, меҳнат қуролларини қўллаб одамларни бажарадиган ҳаракатлари тўплами.
Авария – иншоотлар, ускуналар, техник қурилмаларни синиши, одамларни соғлиғи ва ҳаётини хавф остида қолдириши мумкин бўлган назоратсиз портлаш ва хавфли моддаларни чиқариб ташланиши.
Авария ҳолати – ишловчиларни жароҳатланишга, деталларни синишига ва бузилишига олиб келиши мумкин бўлган ёнғин ва моддий бойликларни ҳимоясизлигини таъминловчи ҳолат.
Хавфсизлик – бу шундай ҳолатки, бунда персоналнинг соғлиғи ва хавфсизлигига тавакалчилик етарли даражада бўлади.
Ишлаб чиқариш ускунасининг хавфсизлиги – меёрий ҳужжатлар билан ўрнатилган, ишлаб чиқариш ускуналарининг монтаж (демонтаж) ва фойдаланиш жараёнларида меҳнат хавфсизлиги талабларига мос бўлиш хоссаси.
Меҳнат хавфсизлиги – ишловчиларга ишлаб чиқаришнинг зарарли ва хавфли омиллари таъсир кўрсатмайдиган меҳнат шароитлари.
Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса – ишловчи томонидан ўз меҳнат мажбуриятларини ёки иш берувчининг топшириғини бажараётганда ишлаб чиқаришнинг хавфли ёки зарарли омилининг таъсири натижасида содир бўлган ҳодиса.
Меҳнат хавфсизлиги шароитлари – меҳнат шароитларининг ҳолати, бунда ишловчига ишлаб чиқаришни зарарли ва хавфли омиллари таъсирлари бўлмайди, ёхуд уларни таъсир этиш даражаси ўрнатилган меъёрий даражадан анча паст бўлади.
Меҳнат хавфсизлиги талаблари – бажарилиши ишловчиларни хавфсизлигини таъминлайдиган қонунчилик ҳужжатлари, норматив-техник ҳужжатлар, қоидалар ва йўриқномаларда ўрнатилган талаблар.
Меҳнатни мухофаза қилиш бўйича қонунчилик. Меҳнат ва меҳнатни мухофаза қилиш қонунлари асосини конституцияга асосланган меҳнат кодекси, меҳнатни мухофаза қилиш тўғрисидаги қонун ва ҳукумат қарорлари ташкил қилади. Буларда меҳнаткашларнинг ҳаёти ва соғлигини ҳимоя қилиш давлатнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг таркибий қисми ва иқтисодий ислоҳатларни амалга оширишнинг муҳим омили ҳисобланади.
Амалдаги Ўзбекистон республикасининг конституциясида (1992 й.): Ўзбекистон халқи республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиб мазкур конституцияни қабул қилганликлари (муқаддима); ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш (37-модда); ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, боқувчисидан маҳрум бўлганда ижтимоий таъминот олиш (39-модда); ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш (40-модда), бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланганлиги ва ҳар ким билим олиш (41-модда) ҳуқуқига эгалиги, шунингдек хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқга эгалиги (46-модда) келтирилган.
«Меҳнатни мухофаза қилиш» тушунчаси ишловчиларни меҳнат фаолияти жараёнида ҳаёти ва соғлиғини сақлаш тизимини фаолият юритишини асосий йўналишларини акс эттиради. Бу тизим ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ташкилий-техникавий, санитария-гигиена, даволаш-профилактика, реабилитация қилиш ва ишловчиларга, уларни меҳнат жараёнида ҳаёти ва соғлиғини сақлаш талабларига жавоб берадиган, меҳнат шароитларини яратишга йўналтирилган бошқа тадбирларни ҳам ўз ичига олади. Шунинг учун «Меҳнатни мухофаза қилиш» тушунчасини техника хавфсизлиги ва меҳнат гигиенаси билан алмаштириш мумкин эмас, улар меҳнатни мухофаза қилишни таркибига кирувчи элементлар бўлади. Бундан, меҳнатни мухофаза қилиш бу тизим, меҳнат шароитлари, техника хавфсизлиги, ишлаб чиқариш санитарияси ва ш.ў. -лар унинг таркибий қисмлари эканлиги келиб чиқади.
Бундан кейин ажратиш учун, матнда Ўзбекистон республикаси меҳнат кодексининг (29.10.2022 й.) меҳнатни мухофаза қилиш соҳасидаги моддалари уч хонали сонлар билан белгиланганлигини, Ўзбекистон республикасининг меҳнатни мухофаза қилиш тўғрисидаги қонуни (23.09.2016 й.) моддалари эса бир ёки икки хонали сонлар белгиланганлигини эслатиб ўтамиз.
Ўзбекистон республикасининг янги таҳрирдаги меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунининг мақсади (1-модда) меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат, унда назарда тутилган нормалар, барча хўжалик субъектлари учун риоя қилиниши шарт бўлган, меҳнатни мухофаза қилиш бўйича ишловчиларни ҳуқуқ ва кафолатларини қонуний ўрнатади ва республиканинг барча ҳудудлари корхоналарида иш берувчилар ва ишловчилар орасида меҳнатни мухофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни мувофиқлаштиришни ягона тартибини таъминлайди.
Қонуннинг 5-моддасида ишлаб чиқаришда ёки бошқа фаолият соҳасида банд бўлган одамларнинг ҳаёти ва соғлигини сақлаш ишлаб чиқариш натижаларига нисбатан устиворлигидан келиб чиқиб давлат ва ижрочи ҳокимият органларининг фаолият йўналишлари аниқланилган бўлса, 6…11– модаларида Ўзбекистон республикасида меҳнатни муҳофаза қилишни давлат томонидан бошқарилиши вазирлар маҳкамаси, меҳнат вазирлиги, соғлиқни сақлаш вазирлиги, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа давлат томонидан ваколат берилган органлар томонидан амалга оширилиши ҳамда уларнинг кўпчиллигини меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатлари келтирилган.
Ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширувчи, ходимларининг сони эллик ва ундан ортиқ бўлган ҳар бир ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ташкил этилиши ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис лавозими жорий этилиши, шунингдек элликта ва ундан ортиқ транспорт воситаси мавжуд бўлган ташкилотда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳам ташкил этилиши ёки йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича мутахассис лавозими жорий этилиши қонунлаштирилган (12-модда).
Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ва йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ташкилотнинг мустақил таркибий бўлинмалари бўлиб, улар бевосита ташкилот раҳбарига бўйсинишлари ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг вазифалари меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан (13-модда) шартнома асосида амалга оширилиши ҳам мумкинлиги таъкидланган.
Меҳнатни мухофаза қилишни давлат томонидан бошқарилиши доирасида қонун билан вазирликлар, концернлар ва бошқа корхоналар бирлашмаларида ҳам мажбурий тартибда меҳнатни мухофаза қилиш хизмати тузилиши қонуний ўрнатилган. Агар бундай хизматлар тузилмаса, буни қонунчилик талаблари бузилиши деб эътироф этилади.
Меҳнатни мухофаза қилишга доир талаблар (352-модда) меҳнат фаолияти жараёнида ходимнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлашга қаратилган қоидаларни, тартиб-таомилларни ва мезонларни белгилайди.
Иш берувчилар хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитларини таъминлаши, ходимларнинг шахсий ва жамоавий ҳимоя воситалари меҳнатни мухофаза қилишга доир талабларга мос келиши ҳамда мувофиқлик сертификатига эга бўлиши шарт.
Иш берувчи меҳнатни мухофаза қилишга зарур маблағлар ажратади ва меҳнатни мухофаза қилиш фондини ташкил этишга ҳақли (353-модда). Бу маблағлар ва материалларни бошқа мақсадларга сарфлаш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси қонунларига кўра (359– модда, 23-модда) хавфсиз шароитларни таъминлаш ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мажбуриятлар иш берувчининг, аниқроғи – корхонанинг биринчи шахси (раҳбари) зиммасига юкланади.
Ҳар бир ишловчи қуйидагиларга риоя қилишга мажбур (355– модда, 22-модда):
меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя қилиши;
жамоа ва шахсий ҳимоя воситаларидан тўғри фойдаланиши;
ишларни бажаришни хавфсиз методлари ва усулларидан ўқитилиши, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқ олиши;
дастлабки ва даврий тиббий кўриклардан мажбурий ўтиши.
Мажбуриятлардан ташқари, ҳар бир ишловчи Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган ҳуқуқлар ва кафолатларга, хавфсиз ва соғлом меҳнат шароитларида ишлаш ҳуқуқига эга. Меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига жавоб берадиган шароитларда меҳнат қилишлари учун, ишловчиларга бериладиган ҳуқуқий кафолатларга қуйидагилар киради:
давлат ишловчиларга меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига жавоб берадиган шароитда меҳнат қилиш ҳуқуқини ҳимоялашни кафолатлайди;
меҳнат шартномаси бўйича меҳнат шароитлари меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига жавоб бериши керак;
ишловчини айбисиз меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари бузилиши оқибатида ишлар тўхтатиб қўйилган вақт учун ишловчига иш ўрни ва ўртача иш ҳақи сақланади;
меҳнат мажбуриятларини бажараётганда ишловчини ҳаёти ва соғлиғига зарар етказилса кўрсатилган зарар амалдаги қонунларга кўра қопланади.
Қонун билан иш ўринларининг меҳнат шароитлари бўйича аттестацияси иш берувчи томонидан ўтказилиши, ўтказиш даврийлиги беш йилда камида бир марталиги (14-модда), ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимининг аудити иш берувчининг қарорига биноан, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан шартнома асосида амалга оширилиши (15-модда) белгиланган.
Меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилиши устидан давлат назорати ва текшируви (28-модда) ҳамда меҳнат шароитларининг давлат экспертизаси (29-модда) Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлигининг меҳнат бўйича давлат техник инспекторлари ҳамда шу вазирликнинг меҳнат шароитлари бўйича давлат экспертлари томонидан амалга оширилиши ва уларга меҳнат хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган ҳамда ходимларнинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғдирадиган ташкилотларнинг фаолиятини ёки асбоб-ускуналардан фойдаланишни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўхтатиб қўйиш ҳуқуқи берилган.
Меҳнатни мухофаза қилиш тўғрисидаги қонунда (18-модда) келтирилиб меҳнат кодексида (363-модда) мустаҳкамланган талабларга кўра, меҳнат шароитлари ноқулай ишларда банд бўлган ходимлар белгиланган нормалар бўйича сут (шунга тенг бўлган бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари), даволаш-профилактика озиқ-овқати, газланган тузли сув (иссиқ цехларда ишловчилар учун), махсус кийим-бош, махсус пойабзал ҳамда бошқа шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан бепул таъминланиши, ходимларнинг шахсий ҳимоя воситаларини олиш, сақлаш, ювиш, тозалаш, таъмирлаш, дезинфекция қилиш ва зарарсизлантириш иш берувчининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши ўрнатилган.
Ўзбекистон республикасининг меҳнат кодексининг 364-моддаси билан, иш берувчи соғлиғи ҳолатига кўра енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан ҳоли бўлган ишга ўтказишга мухтож ходимни унинг розилиги билан, тиббий хулосага мувофиқ вақтинча ёки муддатини чекламаган ҳолда, шундай ишга ўтказиши шартлиги, меҳнатда майиб бўлганлиги ёки иш билан боғлиқ ҳолда соғлиғига бошқача тарзда шикаст етказилганлиги муносабати билан вақтинча камроқ ҳақ тўланадиган ишга ўтказилган ходимларга уларнинғ соғлиғи шикастланганлиги учун жавобгар бўлган иш берувчи аввалги иш ҳақи билан янги ишда оладиган иш ҳақи ўртасидаги фарқни тўлаши қонунлаштирилган.
Меҳнатни мухофаза қилиш соҳасида ҳуқуқий ҳудуд узвий боғланган тўрт даражали ҳуқуқий нормативлардан: ягона, тармоқлараро; тармоқлар учун ва корхоналар нормативларидан ташкил топган.
Ягона ҳуқуқий нормативлар меҳнатни мухофаза қилиш соҳасида давлатни устивор принципларини ўрнатадиган асосий давлат ҳужжатларини: Ўзбекистон республикасининг конституцияси, меҳнат кодекси ва меҳнатни мухофаза қилиш қонунини ўз ичига олади.
Тармоқлараро ҳуқуқий нормативлар – меҳнатни мухофаза қилиш соҳасидаги давлат ҳужжатлари бўлиб, уларда тармоқ белгилари бўлмаганлиги учун, иқтисодиётнинг барча тармоқларида қўлланилади. Уларга электр хавфсизлиги қоидалари, қурилиш ва таъмирлаш ишларини хавфсиз бажариш қоидалари, меҳнат хавфсизлиги тизимига киритилган меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими (МХСТ), айрим хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари билан ишлаш санитар қоидалари ва нормалари (СҚваН) ва б.қ. киради.
Тармоқ ҳуқуқий нормативлари – мамлакатнинг у ёки бу иқтисодиёт тармоғи хусусиятларига мос хавфсизлик талабларини аниқлайди: кимё, металлургия, тўқимачилик ва саноатнинг бошқа турлари хавфсизлиги қоидалари; пахта тозалаш саноати хавфсизлиги қоидалари ва б. қ. Бу ҳуқуқий нормативлар фақат муайян иқтисодиёт тармоғига мўлжалланган ва бошқа тармоқларда юридик кучга эга бўлмайди.
Меҳнатни муҳофаза қилишнинг тармоқлараро қоидалари Меҳнат вазирлиги томонидан, алоҳида тармоқ учун қоидалар эса тегишли тармоқ бошқарув органи томонидан тақдим этилиб Меҳнат вазирлиги томонидан тасдиқланилади. Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари маълум муддат давомида фойдаланиш учун ёки чекланмаган муддатга тасдиқланади.
Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қоидалар – меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича талаблар ўрнатадиган ва ишлаб чиқариш жараёнларини лойиҳалашда, ташкиллаштириш ва амалга оширишда, алоҳида иш турларини, ишлаб чиқариш ускуналари, қурилмалари, агрегатлари, машиналари, аппаратларидан фойдаланишда, шунингдек бошланғич материалларни, тайёр маҳсулотларни, моддаларни, ишлаб чиқариш чиқиндиларини ва б.қ. ташишда, сақлашда, қўллашда бажарилиши мажбурий бўлган меъёрий ҳужжатдир.
Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизимини (МХСТ) ҳаракатда бўлишини инкор этмайди, ҳамда қуйидагиларга қурилиш ва санитар меъёрлари ва қоидалари, шунингдек Ўзбекистон республикаси назорат органлари билан тасдиқланган қоидалар, хавфсизлик меъёрлари ва ҳужжатларга зид бўлмаслиги керак.
Корхоналар нормативлари – фақат шу корхонада амалда бўлган меҳнатни мухофаза қилиш бўйича норматив ҳужжатлар (буйруқлар, қарорлар, меҳнатни мухофаза қилиш бўйича йўриқномалар) ни ўз ичига олади.
Битта ҳуқуқий ҳудудга киритилган нормативларнинг ҳар бири бир хил ҳуқуқий кучга эга, яъни корхонани иш жойини меҳнатни мухофаза қилиш бўйича йўриқномасидаги меҳнат хавфсизлиги талабларини бажарилиши ишловчилар ва иш берувчилар учун Ўзбекистон республикаси конституцияси моддалари ёки тармоқ меҳнатни мухофаза қилиш бўйича қоидалари талабларини бажариш билан бирдай мажбурийдир. Ҳуқуқий ҳудудга кирган ҳар бир норматив ҳужжат талабларини бузилганлиги учун бирдай жавобгарлик шакли назарда тутилади.
Давлат ва тегишли ижрочи органларни ҳуқуқий норматив ҳужжатлари асосида, корхоналар меҳнатни мухофаза қилиш бўйича корхоналар стандартларини, ишловчилар касблари ва алоҳида иш турлари учун меҳнатни мухофаза қилиш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқадилар ва тасдиқлайдилар.
Касаба уюшмалари қўмиталарининг ёки ишловчиларнинг бошқа вакиллик органлари меҳнатни мухофаза қилиш бўйича ҳуқуқий норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва келишишда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.
Амалдаги меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими меҳнат хавфсизлигини стандартлаштириш масалаларини ечишга ва меҳнат хавфсизлиги талабларини стандартлар ва техник шартларга киритишга мўлжалланган.
Ўз таркиби бўйича меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими (МХСТ– ГОСТлар) бешта тизим ости стандартларидан тузилган, уларга: 12.0; 12.1; 12.2; 12.3; 12.4 тартиб рақамлари тақдим этилган.
Ташкилий-методик стандартлар (12.0). Бу стандартлар меҳнат хавфсизлигини баҳолаш методларини, хавфли ва зарарли омилларнинг синфланишини, меҳнат хавфсизлиги соҳасида мақсадлар, масалалар ва тузилишларни ўрнатади.
Хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш турлари бўйича нормалар ва талаблар стандартлари (12.1). Бу стандартлар кўриниш, таъсир тавсифи, қийматни рухсатли чегараси ва назорат методларига ҳамда зарарли моддалар билан ишлашда хавфсизлик талабларини ўрнатади. Улар яна, ёнғин– ва портлаш хавфсизлиги, электр хавфсизлиги, радиация, титраш ва биология хавфсизлиги, шунингдек шовқиндан, инфра– ва ультратовушдан, электр магнити майдонидан, зарарли моддалардан ҳимояланиш талаблари, ёруғликка ва муҳит ҳавосига талабларни ўрнатади.
Ишлаб чиқариш ускуналари хавфсизлигига талаблар (12.2). Уларда бутунлай ускунани конструкциясига ва унинг алоҳида компонентларига, шунингдек хавфсизлик талаблари бажарилишини назорат қилиш методларига талаблар ўрнатилган.
Ишлаб чиқариш жараёнлари хавфсизлигига талаблар стандартлари (12.3). Уларга ускуналарни жойлаштириш ва иш жойларини ташкиллаштириш, технология ускуналарини ишлаш тартиблари, иш жойлари ва меҳнат тартиби, бошқарув системаларига талаблар ҳамда хавфсизлик талаблари бажарилишини назорат қилиш киритилган.
Ишловчиларни ҳимоя воситаларига талаблар стандартлари (12.4). Бу стандартлар ҳимоя воситаларини синфлайди ва алоҳида синфлар ва ҳимоя қурилмалари турларини фойдаланиш, конструкцияси ва гигиенаси кўрсаткичларига, шунингдек уларнинг ёрдамчи ускуналари, ҳимояловчи ва сақловчи чегараловчилари, тўсқичлагичлари, сигналлаштиргичлари, ишончлилик ва мустаҳкамлигига, қўллар, бошни, нафас олиш ва эшитиш органлари ҳимоя воситаларига ва б.қ. га талабларни киритиб назорат ва ҳимояни баҳолаш методларини ўрнатади.
Меҳнатни мухофаза қилишнинг техник ва санитар нормалари ҳамда меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими талаблари алоҳида ишлар ва ишлаб чиқариш жараёнлари учун «Нормалар ва қоидалар» орқали халқ хўжалиги тармоқларига тадбиқ қилинади.
Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича давлат томонидан қўйиладиган меъёрий талабларга биноан, меҳнатни муҳофаза қилишдан меъёрий ҳужжатлар, қоидалар ва йўриқномаларни ишлаб чиқиш тартиби, келишуви, тасдиқланиши, ҳисобга олиниши, чоп этилиши, тарқатилиши, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ва йўриқномаларни бекор килиниши, уларни тузилишига қўйиладиган талаблар, мазмуни, расмийлаштирилиши ва белгиланиши, уларни текшириш тартиби, кўриб чиқилиши ва улар билан корхоналарни таъминланиши ҳамда уларга риоя этилишини назорат қилиш ва текшириб туриш тартиби ўрнатилган.
Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқнома – ишлаб чиқариш участкаларида, корхонани ҳудудида, қурилиш майдончаларида ва бошқа ишларни бажаришда ва хизматлар кўрсатишда меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари ўрнатиладиган меъёрий ҳужжатдир.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?