Текст книги "Пахта тозалаш корхоналарида меҳнатни мухофаза қилиш"
Автор книги: Олег Синяков
Жанр: Прочая образовательная литература, Наука и Образование
Возрастные ограничения: +12
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 6 (всего у книги 7 страниц)
I.7. Ишлаб чиқаришнинг хавфли ва зарарли омилларидан ҳимоялаш ва сақлаш воситалари
Одамнинг меҳнат фаолияти ишлаб чиқариш шароитларининг маълум муҳитида кечади ва у гигиеник талабларга риоя қилинмаганда одамни ишлаш қобилияти ва соғлиғига номақбул таъсир кўрсатиши мумкин. Одамни ҳаёти ва соғлиғига номақбул таъсир этадиган ҳодиса, жараён ва нарсага хавф дейилади.
Маълум шароитларда ишловчига номақбул таъсири жароҳатланишга ёки бошқа бехосдан соғлиқни тез ёмонлашувига олиб келувчи омил ишлаб чиқаришнинг хавфли омили, номақбул таъсири касалланишга ёки иш қобилиятини пасайишига олиб келадиган омил эса ишлаб чиқаришнинг зарарли омили дейилади.
Хавфли ёки зарарли омилнинг таъсири оқибатида содир бўлган ҳодисага бахтсиз ҳодиса, унинг оқибатида одам организми терисини шикастланиши ва унинг функцияларини бузилишига жароҳат дейилади.
Зарарли меҳнат шароитлари таъсири келтириб чиқарадиган касалланиш касбий касалланиш (касб касаллиги) дейилади. Касб касалликларига сурункали чанг бронхити, титраш касаллиги, ўткир моддалар билан заҳарланишлар ва б.қ. киради.
Хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари физикавий, кимёвий, биологик ва психофизиологик синфларга гуруҳланади.
Физикавий омилларга ҳаракатланаётган машина ва механизмлар, ўткир қирралар, иш жойини ер (пол) сатҳидан баландда жойлашганлиги, тепадан тушган ёки отилган нарсалар, юқори даражали зарарли аэрозоллар, газлар, ионлаштирувчи ва бошқа нурланишлар, электр занжири кучланиши, магнит ва электромагнит майдонларининг кучланганлиги, статик электрланиш, шовқинлар, титраш, юқори ёки паст ҳарорат, ҳавони намлиги, силжиши, ионлашуви, атмосфера босими, табиий ёритилганликни йўқлиги ёки етишмаслиги, ёруғлик оқимини ўчиб-ёниши, тўғри ёки қайтган ёрқинлик ва бошқалар киради.
Кимёвий омилларга турли агрегат ҳолатидаги ўткир моддалар: дихлорэтан, ацетон, бензол ва бошқа эритувчилар; метан, корбонат ангидрид, ацетилен ва бошқа газлар; лаклар, краскалар, эмаллар; дори воситалари ва бошқа кимёвий моддалар киради.
Биологик омиллар турли биологик объектларни: патоген микроорганизмлар (бактериялар, вируслар, қўзиқоринлар ва б.қ.), шунингдек, макроорганизмлар (ўсимликлар ва ҳайвонлар) ни ўз ичига олади.
Психофизиологик омилларга физикавий (статик ва динамик) ва асаб-психик зўриқиш (ақлий ўта кучланиш, меҳнатни монотонлиги, эмоционал зўриқиш ва б.қ.) киритилган.
Пахта тозалаш корхоналари ишлаб чиқариш жараёнларида тан жароҳатланиши олишлар қуйидаги хавфли омиллар сабабли: пахта тозалаш корхоналари технологик ускуналарини ҳаракатга келтирувчи электр токи ва электрқурилмалардан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига риоя қилинмаганликдан; технологик машиналарни ҳаракатланувчи ишчи органлари (шеткали, қозиқли, аррасимон тишли барабанлар, шнеклар, валчалар, аррали валлар ва б.қ.) ва уларни ҳаракатлантирувчи қисмлари (валлар ва бириктирувчи муфталар, тишли, занжирли, тасмали, червякли узатмалар ва уларнинг деталлари– ғилдираклар, занжирлар, тасмалар, шкивлар, ва б.қ.) хавфсизлиги таъминланмаганлигидан; пахта тозалаш корхоналарида меҳнатни мухофаза қилиш қоидалари талаблари бузилганлигидан; 45 градусдан юқори ҳароратда қиздирилган сиртлар ва агрессив таъсир этувчи кимёвий моддалар (ишқорли ва кислотали аккумляторлар учун натрий ва калий ишқорлари ҳамда сульфат кислотанинг ишлатилиши) билан ишлашда хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмаганликдан; бехосдан юқоридан нарсаларнинг тушишидан; суянчиқлар билан жиҳозланмаган нарвонлардан фойдаланишдан ва бошқалардан содир бўлиши мумкин.
Инсон саломатлиги ва ҳаёти учун доимий ёки вақти-вақти билан хавф содир бўладиган ҳудуд хавфли зона деб аталади. Пахта тозалаш заводларида хавфли зона: пахта ғарамидан 3—4 метр масофагача доимий хавфли зона мавжуд – пахта ғарами қулаб кетиши мумкин; лентали транспортер остида, ғарам бузгич стреласининг иш зонаси остида, машиналар юритмалари яқинида ҳам хавфли зона бўлади; дориланган уруғлик чигитни қопларга солиш жойида зарарли чанг чиққанлиги сабабли, хавфли зона ҳосил бўлади.
Вақти-вақти билан содир бўладиган хавфли зонага гидропресс камераси олдида тола тойини итариб чиқаргич ҳаракат қиладиган зона ва иш камераси фартугини олганда жин ёки линтер олдида содир бўладиган хавфли зоналар киради.
Хавфли зона ўз чегарасини ўзгартириши мумкин: лентали транспортер фермасининг эгилиш бурчаги ва туриш жойига кўра, пахта ғарамининг баландлигига кўра хавфли зонанинг чегаралари ўзгариши мумкин.
Ҳимояловчи ва сақловчи воситаларнинг вазифалари ва турлари. Ҳимояловчи ва сақловчи воситалар одамни хавфли зонага тушиб қолишини ҳамда хавфли ва аварияли ҳолат вужудга келишини бартараф этишга мўлжалланган бўлиб, ҳар қандай ускунага хавфсиз хизмат кўрсатиш имконини беради. Ҳимояловчи ва сақловчи воситаларга:
машинанинг ҳаракатланувчан ёки тегиб кетиш хавфи бўлган қисмларини ёпувчи, юқори ва паст ҳароратдан ҳамда зарарли чанглар ва нурланишлар таъсиридан ишловчиларни жароҳатланиш ва зарарланишдан ҳимояловчи чегараловчилар (ёпгичлар, тўсқичлар);
механизмларни хавфсиз ишга туширувчи ва тўхтатувчи мосламалар (машина иш органларини зудлик билан тўхтатилишини таъминлаш учун электродвигателни электр занжирига тескари улаб айлантириш ҳамда динамик тормозлаш усуллари қўлланилади);
ускуналарнинг юқорида жойлашган қисми ва деталларига хавфсиз хизмат кўрсатилишини таъминлайдиган қурилмалар (иш майдончалари, нарвонлар ва б.қ.);
хавфли омил пайдо бўлганлигидан огоҳлантирувчи қурилма ва асбоблар (манометрлар, огоҳлантириш воситалари ва б.қ.);
хавфни бартараф этувчи қурилма ва асбоблар (тўсқичлагичлар, сақловчи клапанлар, муфталар ва б.қ.);
тўсиқлар, газ баллонлари, ишга тушириш ручкалари ва тугмачалари, симларни белгилаш маркалари ва бошқаларидан ажратиш учун бўялиши ва бошқалар киради.
Тўсқичлагичлар (блокировка) қурилмалари одамни хавфли зонага ўтишига тўсқинлик қилади ёки унинг бу зонада бўлган пайтида хавфли омилни бартараф этади. Электр тўсқичлагичлар технологик ускуна электр юритмасини машинанинг хавфли зоналарида ҳимояловчи тўсиқлар (ёпгичлар) мавжуд бўлганда юргизади.
Зарарли омиллардан ҳимоялаш. Пахта тозалаш корхоналари машина ва механизмларида пайдо бўладиган шовқин, титраш ва чанг зарарли омиллар жумласига киради.
Шовқинни камайтириш тадбирларига: механизмлар ва қурилмаларни кам шовқинли қилиб лойихаланиши ва тайёрланиши; технологик ускуналарни техник соз ҳолатда ушлаб туриш (қўзғалувчан қисмларни ўз вақтида мойланиши, уларни емирилмасидан алмаштирилиши); юқори шовқинли ускунани иш жойларидан ажратишни ташкил қилиш киради.
Шовқинни тарқалиш даражасини камайтиришнинг қуйидаги: тебраниш амплетудасини камайтириш, металл деталларни акустик қаршилиги катта бўлган материаллар билан алмаштириш, думаланиш подшипникларини сирпаниш подшипниклари билан алмаштириш, текис тасмали узатмани понасимон тасмали узатмалар билан алмаштириш, тўғри тишли узатмани қия тишли ва шеврон тишли узатмалар билан алмаштириш, илгариланма-қайтма ҳаракатни айланма ҳаракат билан алмаштириш, барча айланувчан деталларни динамик мувозанатлаш, демпфер материаллардан (резина, пластмасса, кигиз, асбест ва бошқалар) дан фойдаланиш киради.
Пахта тозалаш корхоналарида пахтани ва толали материалларни қувурларда ҳаво билан ташигич вентиляторлари (қуввати 75 квт-гача, n=1450 айл/дақ.), асосий шовқин манбаъси ҳисобланилади ва аэродинамик шовқин ҳосил қилади: унинг шовқинини босими 105 дБа га тенг бўлиб 800—1000 метргача тарқалади. Вентиляторларда шовқин ва титрашни камайтириш учун: вентилятор ғилдирагини (паррагини) мувозанталаш; вал таянчлари ҳолатини назорат қилиб бориш, вентиляторни емирилган шарикли подшипникларда ишлатилишига йўл қўймаслик; вентилятор ғилдирагида ғадир-будирликлар бўлмаслиги, ғилдирак деталалари: парраклар, диск ва халқанинг емирилган ҳолатда ишлатилишига йўл қўймаслик керак. Акс ҳолда, буларнинг ҳаммаси толали массани ёпишиб тиқилишига ва вентилятор мувозанатини бузилишига олиб келади; вентиляторни 50%– дан кам фойдали иш коэффициенти билан ишлаши шовқинга сабаб бўлади, шунинг учун унинг юкланганлиги 50%– дан юқори бўлган ҳолатда ишлатиш керак.
Қуритиш тозалаш, тозалаш, жинлаш-линтерлаш ва тойлаш цехларини технологик ускуналарига хизмат кўрсатувчи вентиляторлар бу цехлар (бинолар) ташқарисида, очиқ майдонда ёки алоҳида хонада бўлиши, жинлаш-линтерлаш цехида тола ва линтни аррадан ажратиш учун ҳаво бино ташқарисида жойлашган вентилятордан ҳаво қувурлари орқали узатилиши керак. Тозалаш машиналари (шнекли тозалагичлардан ташқари) қобиғи ички сиртини товуш ютувчи мастика билан сайқаллаш керак.
Жин ва линтерларда асосий шовқин манбаъси аррали цилиндрдир. Арралар цилиндр айланганда колосникларга тегмаслиги керак. Арралар ва колосниклар орасидаги оралиқнинг нотўғри қўйилиши жин ва линтерларда шовқинни 50—60 дБ-га кўпайтиради. Арра цехларининг ишига алоҳида эътибор берилиши керак. Ўз вақтида ўтказилган профилактика кўриклари ва ускуналарни таъмирланиши – ишлаб чиқаришда шовқинни камайишининг асосий омилидир.
Ишлаб чиқариш биноларида шовқинни камайтириш учун, бино деворларига акустик плиталар ёпиштирилади. Иш жойларида шовқин даражаси 85 дБА дан кўп бўлган иш ҳудуди хавфли ҳисобланади ва бу жойда шахсий ҳимояловчи воситаларсиз ишлаш мумкин эмас, товуш босими 135 дБА бўлган жойларда одамнинг қисқа вақт бўлсада бўлиши қатъиян маън этилади.
Пахта тозалаш корхоналари машиналари ва технологик ускуналари механизмларини, мувозанати бузилган қисмларининг айланиши ёки илгариланма-қайтма ҳаракатланиши натижасида содир бўладиган, частотаси 16 Гц -дан кам бўлган, тебранишлар одам томонидан титраш сифатида қабул қилинади.
Пахта тозалаш заводларида 200 айл/дақ– дан тез айланаётган машиналар айланувчан органларини мувозанатлаш керак.
Вентиятордан титрашни узатилишини камайтириш учун, вентилятор рамаси остига эгилувчан элемент ўрнатилади. Агар вентиляторни айланиш частотаси 1800 айл/дақ бўлса, унда рама остига резина ёстиқ қўйилади. Айланиш тезлиги кам бўлганда вентилятор оғир асосга ўрнатилиши, бу оғир асос ўз навбатида пружинали ёки пружина-резинали амортизаторга ўрнатилади.
Агар шовқин ва титрашни меъёр даражасига туширишни имкони бўлмаса, ишловчиларга шахсий ҳимоя воситалари берилиши керак. Шовқин интенсивлиги 100 дБ -дан юқори бўлганда шовқиндан ҳимояловчи ниқоблар, интенсивлик кам бўлганда шовқинга қарши қулоқчинлар берилади. Булар 5000—7000 Гц частотали шовқинни 55 дБ-гача пасайтиради. Қулоқ тиқинлари эса шовқинни 20 дБ-гача камайтиради.
Қўл орқали ўтадиган титрашни ютадиган қўлқоп ёки панжақўлқоплар, оёқ орқали ўтадиган титраш таъсирини камайтириш учун қалин наъматли ёки резина тагликли оёқ кийимдан фойдаланилади.
Пахта тозалаш заводининг барча ускуналарининг ишлашидан чанг ажралиб чиқади ва чангли ҳавони жойидан сўриш машиналар ва цехларни чангсизлантиришни асосий усули сифатида қабул қилинган.
Пахта тозалаш заводи технологик ускуналарининг алоҳида турлари учун қўлланиладиган чангсизлантириш тартиблари қуйидагича бўлади.
2СБ-10, СБО ва СБТ қуритгичларида ишланган қурилиш агентининг чангланганлиги 2000 мг/м3 га етади. Қуритгич шахтасидан чиқаётган чангли ҳавони ҳажми секундига 5…6 м3 га тенг. Чангсизлантириш ишланган қуритиш агенти билан аралашган чангни қуритгич шахтасидан сўриш ва вакуум клапан билан жиҳозланган ЦС-6 ёки ВЗП -1200 чанг тутқичларда тозалаш орқали амалга оширилади. Бунда чиқиндилар қуритиш барабани лотогидан ҳаво билан ташигичда чиқарилади.
6А-12М1 шнекли (винтли) тозалагични чангсизлантириш икки усулда амалга оширилиши мумкин:
1) чангни чиқинди бункеридан унинг ён томонларида назарда тутилган махсус тешикдан сўриб тортиш йўли билан, бунда ҳавони ҳажмий сарфи 0,8…1 м3/с, аспирация қувурини диаметри 225 мм;
2) пахта хом-ашёсини машинадан чиқиш жойи ёпгичидан сўриб тортиш, сўриладиган ҳаво ҳажми сарфи 0,4 м3/с.
СЧ-02, 1ХК тозалагичларни чангсизлантириш ишлаш жараёнида ажраладиган чиқиндини ташиш усулига кўра икки хил бўлиши мумкин:
1) чиқиндини механик транспорт билан чиқаришда чиқинди бириктирилган қувур билан маҳаллий сўрғич ёрдамида амалга оширилади. Чиқинди бункеридан маҳаллий сўриш билан ҳайдалаётган ҳаво сарфи 0,25 м3/с, сўргич қувури диаметри 125 мм бўлиши керак;
2) чиқиндиларни тозалагичдан пневмоташигичда чиқарилаётганда бирданига машина ҳам чангсизлантирилади. Бунда, битта тозалагич чиқинди бункеридан ҳайдалаётган ҳаво сарфи 0,5 м3/с, қувурнинг диаметри эса 160 мм га тенг бўлади.
УХК мажмуали тозалагичларини чангсизлантириш машинанинг ҳар бир секциясидан 0,25 м3/с ҳаво сарфида аспирация системасида амалга оширилади. Чангланган ҳавони сўриш машина секциясини охирги деворига бириктирилган диаметри 140 мм ли қувур орқали бажарилади.
ЧХ-3М2 ва ЧХ-5 тозалагичларни чангсизлантириш 0,4 м3/с ҳаво сарфида аспирациялаш эвазига эришилади. Чангланган ҳавони сўриш машина орқа деворига уланма ёрдамида бириктирилган диаметри 160 мм бўлган қувур воситасида бажарилади. Ҳар бир машинадан чанг чиқараётган қувурга шибер ўрнатилиши керак.
Пахтани тозалаш машиналари, тақсимот шнеклари ва тозалаш цехини бошқа маҳаллий чангли ҳавони сўргичлари қувурлари цехнинг УВЦ-22М вентиляторли ягона аспирациялаш системасига уланади.
ЗХДДМ, ДП-130 аррали жинларни чангсизлантириш машинадан 0,1 м3 чангли ҳавони сўриш билан ПД таъминлагични аспирациялаш (7.1. Расм) эвазига амалга оширилади .
ПМП-160М, 5ЛП аррали линтерларни чангсизлантириш 0,1 м3/с ҳаво сарфи билан чангли ҳавони таъминлагичдан сўриш йўли билан бажарилади.
7.1. Расм. Жинлар ва линтерлар аспирация қувурларининг схемаси: 1– жинлар батареяси; 2– линтни 1-ажратиш линтерлар батареяси; 3– линтни 2– ажратиш линтерлар батареяси; 4,5 – пахта чигитларини тақсимлаш шнекларидан чангни сўриш; 6– чангли ҳавони сўриш вентилятори; 7– ишланган ҳавони циклонга ташиш қувури.
Жин ва линтерлар, шунингдек, пахта ва пахта чигитлари шнегидан чанг ҳавони маҳаллий сўргичлари ЦС-46 ёки УВЦ-22М вентиляторли умумий аспирациялаш системасига уланади.
ОВМ-А русумли толали материаллар тозалагичини чангсизлантириш чиқинди конвейеридан чиқиндини пневмоташигичда чиқариб ташлаш эвазига эришилади. Бунда ҳаво ўтказгич қувури диаметри 140 мм, ҳаво сарфи миқдори 0,25 м3/с га тенг бўлади.
Иш зонасини чангланганлигини камайтириш мақсадида технология ускуналарини чанг чиқиши мумкин бўлган жойларида қуйидагилар бажарилиши:
– айланаётган қуритгич барабанини отқинди шахтасига бириктирилган жойи иссиқликка чидамли резина билан жипслаб зичланиши;
– пахта хом-ашёсини қуритгичдан транспорт ускунасига тушаётган жойи ёпгич ўрнатилиб беркитилиши;
– пахта хом-ашёсини конвейердан конвейерга тушаётган жойига чангли ҳавони сўргичли ёпгич ўрнатилиши;
– пахта хом-ашёсини майда чиқиндилардан тозалагичлардан конвейерга тушаётган жойига ёпгич ўрнатиш;
– жин ва линтерлардан чигитлар конвейерига чигитлар тушаётган жойни жипс герметиклаш керак.
Жин-линтер цехини чангланганлигини пасайтириш ва ҳаво айланиш карралигини камайтириш учун, 1ВП ёки 3ОВП-М тола тозалагичлар батареясига ва жин-линтер батереясида ўрнатилган барча сўриш вентиляторларига ҳавони ташкилий келтирилишини таъминлаш керак.
Огоҳлантириш ранглари ва хавфсизлик белгилари. Қуйидаги огоҳлантириш ранглари қабул қилинган:
қизил – «ТЎХТА», «ТАҚИҚЛАНАДИ», «ЖУДА ХАВФЛИ» маънолари учун;
сариқ – «ДИҚҚАТ», «ХАВФ ЭҲТИМОЛИ МАВЖУД» маънолари учун;
яшил – «ХАВФСИЗ», «РУХСАТ ЭТИЛГАН», «ЙЎЛ ОЧИҚ» маънолари учун;
кўк – бошқа маълумотлар учун.
Қизил рангда машиналарнинг тўхтатиш тугмачаларини, хавфли зона тўсиқларининг ички томонини, ёнғинни ўчириш қурилмалари ва воситаларини бўяш мақсадга мувофиқ бўлади.
Сариқ рангда транспорт воситалари (электр юклагич, кўтариш кранлари ва б.қ.) бўялади.
Яшил ранг хавфсизликни таъминловчи воситаларни бўяш учун қўлланилади (захира чиқиш эшиклари, аптечкалар ва б.қ.).
Қуйидаги хавфсизлик белгиларининг шакллари (7.2.Расм) ўрнатилади:
тақиқловчи – қизил кенглик билан чизилган оқ юзли қизил айлана. Айланада рамзий равишда қора рангда тақиқланувчи объект тасвирланган;
огоҳлантирувчи – ичида қора рангда тақиқловчи объект рамзий равишда тасвирланган яшил тенг томонли учбурчак (радиация хавфини ва электр токини – қизил ранг тасвирида белгилаш учун);
кўрсатувчи – оқ стрелка ва кўрсатиш объектининг рамзий тасвири ёки оқ квадрат ичида қора рангли ёзуви бўлган кўк тўртбурчак; тиббий хизмат кўрсатиш пункти ва ёнғин хавфсизлигини кўрсатиш учун белгилар – оқ квадрат ичида кўрсатиш объектини тасвири ёки қизил рангли ёзув.
7.2. Расм. Хавфсизлик белгилари: а– тақиқловчи белги (очиқ алангадан фойдаланиш тақиқланади); б– огоҳлантирувчи белги (эҳтиёт бўлинг, кран ишлаяпти); в– буюрувчи белги (каскада ишла); г– кўрсатувчи белги (ўт ўчиргич).
Моддалар ўтказувчи қувурлар бир-биридан фарқланиши учун улар қуйидагича сон билан белгиланади ва ранг билан бўялади: сув – 1, яшил; буғ -2, қизил; ҳаво -3, кўк; ёнувчан газлар – 4, сариқ; ёнмайдиган газлар – 5, бўялмайди; кислоталар -6, тўқ сариқ; ишқорлар – 7, сиёҳ ранг; ёнувчан суюқликлар – 8, жигар ранг; ёнмайдиган суюқликлар -9, бўялмайди; бошқа моддалар – 0, кул ранг.
Улардан ташқари пахта тозалаш корхоналарини бўлинмаларида, бинолари деворларида, кириш қисмида ва айрим технологик ускуналарнинг кўринарли жойларида қисқа, маъноли, тез тушуниладиган ва ёдланадиган ҳамда эсда сақланадиган равон меҳнатни муҳофаза қилиш шиорлари ёзиб қўйилади. Корхоналарда қўлланилаётган шиорлар тўплами намуналари 7.3-жадвалда келтирилган.
7.3-жадвал
Пахта тозалаш корхоналари цехлари (бўлинмалари) учун меҳнат хавфсизлиги буйича шиорлар тўплами
I.8. Пахтани қайта ишлаш ускуналари ва иш жойларини ташкиллаштиришга умумий хавфсизлик талаблари
Пахта тозалаш корхоналари ишловчилари хавфсизлигини таъминлаш, пахтани қайта ишлаш машина ва ускуналарини қулай ва ишончли ишлатиш учун: ишлаб-чиқаришда хавфсиз ускуналарни танлаш; ускуналарни монтаж қилишда, ишлатишга қабул қилишда ва ундан автоном ҳамда технологик комплекслар таркибида фойдаланиб ишлатишда ишловчиларни хавфсизлигини таъминлаш; эргономика талабларига жавоб берадиган, юқори чарчоқ ва ноқулай психологик таъсир этмайдиган қилиб жойлаштирилган, бошқарув органлари ва параметрлар маълумотларини кўрсатгичларидан фойдаланиш; ускуналарни ишлаб чиқаришда ишлатиш шароитларининг барча иш тартибларида ва ташқи таъсирларда, улардан ишончли ва хавфсиз фойдаланишни таъминлайдиган, бошқариш системасидан фойдаланиш; ускуналарни ишончлилиги (нормал ишлаш эҳтимоли) мустаҳкам конструктив элементларни, параметрлари хавфсиз жараёнларни ва конструктив ечимларни, шунингдек, назорат-ўлчов асбоблари, ростлагичлар, автоматика ва одамларни ҳимоялаш воситаларини танлаш керак бўлади.
Пахта тозалаш саноати корхоналари учун ишлаб чиқарилаётган ишлаб чиқариш машиналари ва ускуналари конструкциялари техника хавфсизлиги, саноат санитарияси ва ишлаб-чиқаришда ишлатиш муддати мобайнида меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига тўлиқ жавоб бериши талаб этилади. Пахтани қайта ишлаш машиналари ва ускуналарининг хавфсизлиги: ишлаш принципи, конструктив схемаси, конструкциясида тўсқичлагич воситалари ва технологик ускуналарни автоматик ўчириш воситаларини қўллаш; конструкциясида комплекс механизациялаштириш, автоматлаштириш ва масофадан бошқариш воситаларини қўллаш; ишловчиларни зарарли моддалар ва номақбул омиллар билан бевосита ишлашини бартараф қилиш, конструкциясида ҳимояловчи воситаларни қўллаш; технология жараёнлари хавфсизлигини тизимли назоратини қўллаш ва технологик ускуналарни зич беркитилишини таъминлаш; эргономик талабларни бажарилиши; хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари (чанг, шовқин ва вибрация таъсири, организмда зарарли моддалар тўпланиши, психофизиологик таъсирлар ва б.қ.) таъсирини олдини олиш, номақбул таъсирларларда огоҳлантириш мақсадида меҳнат ва дам олишнинг рационал тартибини қўллаш; электр асбоблари ва ускуналари билан ишлашда электр хавфсизлигини таъминлаш; портлаш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш; монтаж қилиш, ишлаб-чиқаришда ишлатиш, таъмирлаш, ташиш ва сақлаш бўйича техник ҳужжатларга хавфсизлик талабларини киритиш билан таъминланади.
Пахтани қайта ишлаш ускуналарини ишлатишда ажралиб чиқаётган зарарли модалар миқдори, иш зонаси ҳавосида шу зарарли моддалар концентрациясини меъёрий ўрнатилган йўл қўйиладиган концентрациясидан ошиб кетишига олиб келмаслиги, нормал шароитларда ҳам, шунингдек табиий атроф муҳитни турли омиллари (юқори ва паст ҳароратда, ҳаво намлигида, қуёш радиациясида ва ҳ.к.) таъсирида ҳам ускуна хавфсиз бўлиши, табиий атроф муҳитни ўрнатилган меъёрлардан ортиқ ифлослантирмаслиги, ёнғин ва портлаш хавфи бўлмаслиги керак. Зарарли моддаларнинг иш зонаси ҳавосидаги йул қўйиладиган концентрацияси, уларнинг қаерда жойлашишидан қатъий назар (очиқ майдонда, ишлаб чиқариш биноларида, транспорт воситаларида ва ҳ.к.), барча иш жойлари учун риоя этилиши мажбурийдир.
Пахтани қайта ишлаш ускуналарини жойлаштирилиши уларни ишлатишда ишлаб чиқариш бинолари ва иш жойларида хизмат кўсатувчи персоналларнинг ўтиб қайтиши учун хавф туғдирмайдиган бўлиши ҳамда бўлинмаларда ўтиш жойларининг кенглиги камида: магистрал ўтиш жойлари учун 1,5 м; ускуналар орасидаги ўтиш жойлари учун 1,2 м; ишлаб чиқариш бинолари деворлари билан ускуналар ораси учун 1м; ускуналарни таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатишга мўлжалланган ўтиш жойлари учун 0,7 м; иш жойларидаги ўтиш жойларининг кенглиги эса ўтиш ва юриш жойларида бир томонлама иш жойи бўлганда камида 0,75 м га ва икки томонлама иш жойлари бўлганда камида 1,5 м га тенг бўлади.
Ўтиш жойларининг кенглиги лентали конвейерларга хизмат кўрсатиш учун 0,7 м, монтаж қилиш ва таъмирлаш учун эса 0,4 м дан кам бўлмаслиги ва ишлатиш давомида ўтиш жойлари доимо ёпиқ бўлади ҳамда конвейерлар олдидаги ўтиш жойларининг баландлиги ишлаб чиқариш биноларида камида 2,2 м, галареялар ва эстакадаларда эса камида 1,8м бўлади.
Технологик ускуналарнинг иш пайтида чанг ажралиб чиқадиган жойлари зич беркитилади (герметизация қилинади) ва қобиқлар туйнуклари чангланган ҳавони маҳаллий сўриш учун аспирация тизимига уланади.
Пахта тозалаш машиналари ва технологик ускуналари конструкциясида ҳимоялаш воситаларининг қўлланилиши – ҳозирги пайтда машиналар ва ускуналар хавфсизлигини таъминлашнинг асосий йўналишларидан биридир. Ҳимоялаш воситалари сифатида: чегараловчи (ёпгичлар), сақловчи ва тўхтатувчи ҳимоя воситалари; автоматик назорат ва сигналлаш воситалари; шунингдек, хавфсизлик белгилари ва масофадан бошқариш фойдаланилади.
Пахтани қайта ишлаш ускуналари ва машиналари ҳимоялаш воситаларига қўйиладиган умумий талабларга: ишловчиларга ишлаб чиқаришнинг хавфли омили таъсир қилиш эҳтимолини бартараф этиш ва зарарли ишлаб чиқариш омили таъсирини камайтириш; қўлланилаётган ҳимоялаш воситаларида ускуналар, асбоблар, қурилмалар ва технологик жараёнларнинг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олиш; ҳимоя воситалари билан биргаликда машина ва механизмларнинг бутунлай ишончлилиги, мустаҳкамлиги ва хизмат кўрсатишнинг қулайлиги киради. Чегараловчи қурилмалар хавфли зонага одамни тушиб қолишига тўсқинлик қилади ва улар конструкциясига (қобиқлар, айвончалар, эшикчалар, шитлар ва б.қ.), тайёрланиш шаклига (бут-бутун, сеткали, аралашма), ўрнатилиш услубига (кўчмас ва кўчадиган) кўра синфланади. Чегараловчи қурилмалар машиналар ва агрегатларнинг юритмалар тизимини, ускуналарнинг маҳсулотларга ишлов бериш зонасини, ялонғочланган ток ўтказувчиларни, ҳавога зарарли чанглар ажралиб чиқиш зонасини ва бошқаларни ёпишда қўлланилади. Кўчадиган тўсиқлар вақтинчалик бўлиб, улар таъмирлаш ва созлаш ишларини бажаришда ток ўтказувчан қисмларга бехосдан тегиб кетишдан, механик жароҳатлар олиш ва куйишлардан ҳимоялаш учун ҳамда пайвандловчиларнинг иш зонасида (пайванлаш постлари) атрофдагиларни электр ёйи ва ультрабинафша нурланиш таъсиридан ҳимоялаш учун қўлланилади.
Чеклагич қурилмаларда ўта юкланганликда бузиладиган (ишламайдиган-синадиган) кучсиз элементлар (вални маховик, шестерня ёки шкив билан бириктирувчи штифтлар ва шпонкалар; катта айлантириш моментини узатиб бермайдиган фрикцион муфталар; электрускуналардаги эрувчан сақлагич тиқинлар; юқори босимли ускуналардаги ёрилувчан мембраналар ва б.қ.) ишлаши авария ҳолатларда ускунани тўхташига олиб келади ва машинанинг бузилиши, синиши бартараф этилади ва натижада жароҳатланиш содир бўлмайди.
Пахтани қайта ишлаш машиналари ва ускуналарининг хавф манбаъси бўлган ҳаракатланувчан қисмлари сеткали ва метал қобиқлар билан тўсилади ҳамда ускуналарни ечиб олинган ва нотўғри ўрнатилган ҳимояловчи ёпгичларсиз ишлатилиши тақиқланади.
Пахта тозалаш корхоналари ишлаб чиқариш ускуналари, электр хавфсизлиги таъминланиши учун, қуйидаги талабларга жавоб бериши: ишлаб чиқариш ускунасининг хавф манбаси бўлган ток ўтказувчан қисмлари ишончли равишда ихоталанган (изоляцияланган), тўсилган ёхуд одамлар кира олмайдиган жойда жойлашган бўлиши; очиқ ток ўтказувчан қисмлари бўлган электрускуналар қулфланадиган эшиклари бўлган шкафлар, блоклар, корпуслар ичида жойлашган ёки одамлар кирадиган жойда бўлганда ҳимояловчи қобиқ билан ёпилган бўлиши; ихотани шикастланиши натижасида хавфли кучланиш остида қолиши мумкин бўлган ишлаб чиқариш ускунасининг метал қисмлари ерга уланиши (нулланиши); ишлаб чиқариш ускунасининг электр схемасида ускунани ток билан таъминловчи электр занжирини марказлашган ҳолда ўчиришни назарда тутувчи қурилма бўлиши керак.
Таъмирлаш ва созлаш ишларини олиб бориш ҳамда пахтани қайта ишлаш технология жараёнларини ва технологик ускуналарнинг ишлашини кузатиб бориш учун қобиқларда кузатиш ойнаси ёки тирқиши ўрнатилишига йул қўйилади. Кузатиш ойначалари ва тирқишлари конструкцияси кузатиш учун қулай бўлиши ва персонал томонидан хавфсиз хизмат кўрсатилишини таъминлаши назарда тутилади. Ечиладиган қобиқлар, ҳимояловчи тўсиқлар ва очиладиган эшикчалар, қопқоқлар ва ускуналарнинг қобиқлари уларни бехосдан ечилиши ва очилиб кетишини олдини олувчи қурилмалар билан жиҳозланади. Пахта маҳсулотларини узатувчи роликлар, валиклар ва бошқалар хизмат кўрсатувчи персоналнинг бармоқлари ва кийимларини илиб кетмаслиги учун сақловчи қурилмалар билан жиҳозланади.
Ҳимояловчи қурилмаларни ташқи контурлари асосий ускуналар контурига ўрнашиши керак. Ҳимояловчи воситалар бир пайтнинг ўзида, бир қанча вазифаларни бажаришига эришишга ва имкон қадар конструкцияси машина ва агрегатлар билан биргаликда, уларнинг таркибий қисми бўлишига ҳаракат қилиш лозим. Масалан, машина ва механизмларнинг кобиқлари, ускуналарнинг станиналари уларни нафақат тўсилишини, балки уларда шовқин ва титраш даражасини, чиқарилаётган чанг миқдорини камайтирилишини таъминлаши керак. Пахтани конвейердан конвейерга тушиш жойи ва чархлаш ускунасининг абразив чархининг тўсилиши, маҳаллий сўриш вентиляцияси билан ўринлатилиши керак.
Ускуналарда хавфли ва зарарли омиллар манбаси бўлган элементлар ва системалардан фойдаланилмаслик, фойдаланиш керак бўлганда тегишли ҳимоя воситалари қўлланилиши назарда тутилиши керак.
Машина ва механизмларнинг ишончлилиги, ишлаб чиқаришнинг регаментланмаган шароитлари ёки конструктив ҳужжатларида кўзда тутилмаган, ишдан чиқиши натижасида ўзини функциясини бажармай қўйиш эҳтимоли билан аниқланилади. Шунга ўхшаш бузилишлар авария ва жароҳатланишларнинг сабаби бўлиши мумкин. Машина ва агрегатларнинг конструктив мустаҳкамлиги конструкциянинг материалларини ва унинг бирлаштирилган бирикмаларининг (пайванд чоки, заклепкалар, штифтлар, шпонкалар, резьбали бирикмалар) мустаҳкамлиги билан белгиланади, шунингдек уларни ишлатиш шароитлари (мойлаш материалининг мавжудлиги, атроф муҳит тасиридаги коррозияси, жуда кўп емирилганликнинг мавжудлиги ва б.қ.) билан тавсифланади.
Хавфсизликни таъминлашда ишлаб чиқаришда хавфли ва зарарли моддаларни хавфи кам, ёнғин– ва портлаш хавфи йўқ бўлган жараёнлар билан алмаштириш муҳим ўрин тутади.
Пахтани қайта ишлаш технологик ускунасини юргизишни шу ускунага хизмат кўрсатувчи ишчи бажаради. Таъмирланаётган ишлаб чиқариш ускунасини юргизиб кўришни ускунани бошқаришга шаҳодатномаси бўлган персонал таъмирлашга масъул ходимнинг рухсати билан бажариши мумкин. Ишлаб чиқариш ускунасини юргизишдан олдин бошқарув дастакчалари ва тугмачалари ҳолатини тўғрилиги текшириб кўрилади.
Пахтани қайта ишлаш технологик ускунасини монтаж ёки таъмирлашдан кейин унинг хавфсизлигини таъминловчи ҳимояловчи ёпгичларини ўрнатмасдан, товуш ёки ёруғлик сигналлаштирувчиларисиз, тўсқичлаш қурилмаларисиз ҳамда монтаж ва таъмирлаш учун масъул ходимнинг рухсатисиз юргизиш тақиқланади.
Хизмат кўрсатувчи персоналнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, қайта ишлаш ускунасини масофадан бошқариб юргизиш огоҳлантирувчи товуш ёки ёруғлик сигнали берилмасдан ва иш жойидан ускунани юргизиш мумкинлиги туғрисида жавоб сигнали олинмасдан мумкин эмас.
Ишлаб чиқариш ускунасини тозалаш, мойлаш ва таъмирлаш. Ишлаб чиқариш ускунасини тозалаш уни тозалашга мўлжаланган махсус тозалаш воситалари (шетка, илгак, қирғичлар) билан бажарилади, ишлаётган ишлаб чиқариш ускунасини тозалаш ва йиғиштириш тақиқланади. Чиқинди, чанг ва ифлосликларни ускунадан ёки унинг хавфли зонаси олдидан ускунага хизмат кўрсатувчи ишчи тозалаши мумкин.
Ускунани мойлаш системасида мойни тўкилиши ва сачрашини олдини олувчи мосламаси бўлиши, ускуна ишлаётган пайтида унинг механизмларини ҳаракатланаётган деталларини қўл билан мойлаш тақиқланади. Ускунага хизмат кўрсатиш учун ишчилар артиш материаллари билан таъминланган бўлишлари, цехлар ва ишлаб чиқариш биноларида тоза ва фойдаланилган артиш матераллари алохида-алохида қопқоғи ёпиладиган метал яшикларда сақланиши, фойдаланилган артиш материаллари яшиклари ҳар сменада тозаланиб турилиши керак.
Енгил алангаланувчан ва ёнувчан материалларни цехлардаги захираси (таъмирлаш ишлари учун ҳам) бир сменага керак миқдоридан ошиб кетмаслиги керак. Бу материалларни ишдан кейин цехда сақлаш ва қолдириш ҳамда қизиб турган нарсалар, иситиш қурилмалари ва электрқурилмалар яқинида қолдириш тақиқланади.
Таъмирлаш ишларини ташкиллаштириш ва бажариш тармоқ учун тасдиқланган низомга асосан амалга оширилиши, таъмирлаш бригадалари ишчилари керакли иш қуроллари ва мосламалари билан таъминланган бўлишлари керак. Таъмирлаш ишларини носоз иш қуроли ёки мосламаси билан бажариш тақиқланади.
Ер сатхидан 5 метрдан юқорида бажарилаётган таъмирлаш ишлари баландликда ишлашга рухсати бор ишчилар томонидан бажарилиши керак. Бу ишларни сақловчи камарларисиз ва эҳтиёт арқонларисиз бажариш тақиқланади.
Массаси 50 кг дан катта бўлган детал ва узелларни ускуналардан ечиб олиш ва уларга ўрнатиш механизациялашган усулда бажарилиши керак.
Конвейерлар ва элеваторлар юритмалари ва тарангловчи станциялари устида таъмирлаш ва монтаж ишларини олиб бориш учун юк кўтарувчи ускуналар бўлиши керак.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?