Текст книги "Келин бўлиш сирлари"
Автор книги: Рахима Шомансурова
Жанр: Руководства, Справочники
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 5 (всего у книги 8 страниц)
ЙИҒЛОМА ҚИЗ, ЙИҒЛОМА…
Келинг, икки келин мактубини ўқиб, бир мулоҳаза юритайлик.
Биринчи мактуб:
«… Ўз тўйида йиғлаган қизларни кўрганмисиз?
Мен кўп дугоналаримда кўрганман…
Дарвозаси олдида сурнай хониш қилиб турганда узатилаётган ҳамма қизлар ҳам, уларнинг оналари, амма-холалари, опа-сингиллари ҳам йиғлайдилар.
Сурнай одамнинг юрагини нега бундай тўлқинлантираркин? Нега одамни камалакнинг нақ учига олиб чиқиб қўйгандек бўларкин?!
Атроф бирам тоза! Бирам беғубор! Одамлар бирам сертабассум ва фариштали… Бу ёруғликка кўзларинг дош беролмай шаффоф шудринг мисол кўз ёшларинг милкингга инади.
Қиз уйимдан қалбим шу шудринг мисол топ-тоза чиқиб кетаётгандекман. Ниятларим ҳам қуёш нурида ялтиллаётган шудринг мисол, қалбимни заррин нурга тўлдиради…
Бувам фотиҳага қўл очганларида ана шундай туйғу чўққисида эдим… Ҳамма менга қараб турар, кафтлари кўксиларидаги тоза ниятларини илиб олишга тайёрдек кўксилари узра фотиҳага очилган эди… Уларнинг кўзлари ҳам нам…
Шу дам…
– Тўхтанг, дада! Келинга бошқа машина юборишмагунча «Омин!» қилманг!.. – Бу онамнинг сўзлари эди.
Уларнинггина кўзларида нам йўқ. Уларнинггина кўзлари ўтли эди. Уларгина менинг туйғуларимдан йироқ эдилар…
Ҳамма саросимада қолди.
– Кўча тўла минг хил чиройли қора иномарка машиналар бўлса-ю, куёвнинг дидига куйдирги чиққанми нима бало, оппоқ «Волга» юборганини қаранг! Қизим ўтириб қолган қиз бўлганида ҳам «Ҳа, майли!» дердим. Энди ўн тўққизга чиққан қиз бўлса! Бундай келинга «Мерседес»ми ёки бошқа чиройли машина юборса асакаси кетадими?!
Эшик олдида ярақлаб турган машина маркаси ва рангига онамдан бошқа ҳеч ким эътибор бермаган эди. Бир менгина дераза ойнасидан кўрган эдим, ойимга ёқмаган шу машина кўзимга бахтим манзили томон элтадиган оққуш, йўқ, оппоқ елканли кема бўлиб кўринганди…
Онамнинг гаплари мени ҳам саросимага солди. Кипригимдаги шудринглар юзимга дув тўкилди. Негадир улар энди шаффоф эмас, ҳам қайноқ, ҳам аччиқ эди…
Нега ойим мени худди бегонадек «келин» деб атаяптилар? Нега қалбим ишонгани, бир умр суянмоқчи бўлган кишимни ёт одамдек «куёв» деяптилар? Назаримда, ойимнинг ғазаб чақмоғи ҳозир бахтимни чок-чок қиладигандек…
– Буважон! – дедим секингина ёнимда фотиҳа бераётган бувамларга, – биз набира куёвингиз билан айнан шу машинани танлагандик. У худди сиз эртакларда айтган оқ кемага ўхшайди…
Бувам мени бағриларига босиб, пешонамдан ўпиб қўйдилар-да қўлларини баланд кўтариб:
– Қани, Оми-и-ин! – дедилар. – Эшигимизда турган ана шу оқ тулпор болагинамни куёв болам олдига, ўз чин манзилига, чин бахтига элтиб қўйсин! Болаларимнинг бахтига гард юқмасин! Илоҳо, қўшгани билан қўша қариб, серфарзанд, сердавлат, сермеҳр бўлишсин! Омин, Аллоҳу Акбар!
Ўша куни ойимлардан бошқа ҳамма тўйимизда яйраб ўтирди, чиройли тилаклар билдиришди. Дилимдаги ғашликни ҳайдашга қанча уринмай, барибир унда нуқтадек кичик доғ қолди. Ишқилиб, бувам дуо қилганларидек қўша қарийлик, бахтимизга гард юқмасин-да…»
Одамни анча ўйлантириб қўядиган мактуб, тўғрими? Аммо у ҳақда фикр юритиш, қизининг тўйида аччиқ йиғлашга мажбур қиладиган, дилида доғ қолдирадиган оналарга «Озгина мулоҳаза билан иш тутинг!» дейишдан олдин иккинчи мактубни келтирайлик-да, кейин дилимиздагини айтайлик.
«Ҳайит яқинлашганда қайнона ойимлар менга шундай дедилар:
– Икки уйнинг пайвандчиси сизсиз, келин болам! Яна ўн беш кундан сўнг рамазон ҳайити. Рўза тутмасангиз ҳам, илоҳо икки жонни саломат қилсин, рўзанинг ҳурмати, рўзадорлар, уйингиздаги кексалар ҳурмати кунда саҳарда мен билан баробар туриб саҳарлик тайёрлаяпсиз. Яхши ниятларингиз ижобат бўлсин! Дадангиз ҳар куни сизни «Худойим шу келинингни кўпдан кам қилмасин, дилини ҳамиша равшан қилсин!» деб дуо қиладилар. Шунинг ўзи сизнинг уйимизнинг ҳақиқий аъзоси бўлишга уринаётганингиздан далолатдир. Дадангиз билан маслаҳатлашиб, қудаларимиз ҳайит йўқловига уринишмасин, биз ўзимиз чиройли қилиб дастурхон безайлик, яқинларимиз келиб қўлингиздан ҳайит чойи ичишсин, деган қарорга келдик. Билишимизча, айрим келинларнинг оналари рамазон бошланмасиданоқ ҳайит йўқлов ташвишига тушиб қолишибди.
Қудаларимизга борганингизда айтинг, уринишмасин. Биронта ҳам тоғора юбориб овора бўлишмасин. Керак нарсани ўзимиз тайёрлаймиз, деб кўнгилларини хотиржам қилинг, келин болам. Имконлари бўлса, ҳайитнинг биринчи куни дам олиш куни-ку, уй ичлари билан келиб бирон фурсат ўтиришиб, кўнгиллари яйраб кетишсин!
Ойижоннинг айтган гапларини қандай эшитган бўлсам, шундайлигича ойимларга айтдим. Хурсанд бўлсалар керак, деб ўйлагандим, кутилмаганда қовоқларини уйиб олдилар. Кейин дилимни парчин қиладиган даражада терс жавоб қайтардилар:
– Бунча паст бўлмаса қайнонанг?! Майли, сен индама, аммо арафа куни тўртта енгил машинада элликдан ортиқ тоғора юбориб, бир шоширмасам, отимни бошқа қўяман! Кўнгилларида бизни камбағал деб аяяптиларми? Ерга ураяптиларми ҳали бизни? Ота-бува удуми – албатта қиламан йўқловни!
Ойим тайинлаганларидек, қайнона ойимга ҳеч нарса демадим. Аммо келин бўлиб тушган уйимдагилар олдида ўзимни гуноҳкор сезар, кўнглим синиб нима қилишимни билмас эдим.
Арафа ҳам келди…
Ойим айтган йўқловларини юбордилар ҳам. Назаримда, қайнона ойимлар ойимнинг жуда ўжарликларини яхши сездилар-у, оғир бўлдилар. Яхши ҳамки, бозор деган нарса бор экан. Ҳайит арафасида у ерда «одамнинг жонидан бошқа ҳамма нарса топилиши мумкин» экан.
Ойим кутганларидек, қайнонам «шошиб» ҳам қолмадилар. Ҳайит йўқлов олиб келганлар бир пиёла чой ичиб арафа ошини еб бўлгунларича, Анвар акам билан қайним бозордан қайнона ойим айтган нарсаларни олиб чиқиб беришди. Тоғоралар тўлдириб-тўлдириб тугиб қайтарилди. Билмайман, бундан ойимнинг кўнгиллари тўлдимикин?
Ойим қайтган тоғорадагиларни қўни-қўшниларга тарқатибдилар, қолганини ҳайитимдан кейин қўшнининг молига олиб чиқиб беришибди. Нарсаларнинг увол бўлгани бир сари, икки уйим орасига киши билмас совуқчилик тушганини, бунга асосан ўз онам сабабчи эканларини ҳам сезиб турибман. Лекин ўз туққан онамга қандай қилиб ақл ўргатаман?!
Қандай қилсам бахтимни маҳкам ушлаб қоламан?!»
Иккала мактубда ҳам мени севинтирган нарса – қизларимизнинг ўз бахти устида қайғуриши, мустақил фикрлашга интилиши бўлди.
Бундайлар ўз бахтлари ҳимоясида қаттиқ турадилар. Қанча қийинчилик бўлса ҳам, улар иродаси мустаҳкам. Элда «Тош келса – кемиради, сув келса – симиради» сифати ана шундайларга берилади. Ўз бахти учун киши аввал ўзи курашмоғи кераклигини улар яхши билишади.
Афсуски, ҳамма қизлар ҳам шундай ўйламайдилар. Ўз тақдирини ота-онасининг, асосан онасининг ихтиёрига ташлаб қўйганлар ва бундан аччиқ йиғлаб қолаётганлар қанча?!
Келинг, бирга мулоҳаза қилайлик. Суҳбатни иккинчи мактубдан бошлай қолайлик…
Сир эмас, ўзбекчиликда, қудачиликда кўпинча ташаббус йигит томонда бўлади. Ана шу ўзбекчилигимиз ва асрий ахлоқимизга риоя қилган қиз томон аксарият «етовга юради», «пастроқ тушади» ва кўп нарсада ютади.
Мактубдан кўриниб турибдики, ташаббус кўрсатаётган қайнона анча мулоҳазали фикр юритаяпти. Ҳомиладорлиги туфайли рўза тутмаётган келинининг хизматига қайнона ташаккур билдириб, одоби туфайли келин эндиликда «ўзиники» бўлиб қолганини билдираяпти.
Дарҳақиқат, ҳайит биз учун дилларимизга жило бериш, руҳимизни поклаш йўлида муқаддас ибодатларимиздан ҳисобланган Рамазон ойининг ўттиз кунлик рўзасини тутиб, бажарган ибодатимиз шукронаси, бундан қалбимизнинг юмшаганини ҳис қилишдан суюнч нишонаси байрамидир. Бу ниятимиз, ҳаракатимизнинг Китобу ҳадисларда буюрилганига мослиги руҳимизни янада кўтаради, дилимизга равшанлик, хотиржамлик келтиради.
Шу дамда бундан кўп асрлар аввал яшаган, лекин бутун ижоди халқимиз орасида ҳикмату донишга айланган, ўгитлари ҳамон дилимизга қувват бериб турадиган Мирзо Бедилнинг бир байти эсимга тушди:
Умримиз тўлса-да манманликка
Бир нафас бирла бари бекордир…
Бу байтни эслаганимнинг боиси айрим ҳолларда ва яна қайд этаманки, айримларимизнинг ниҳоятда калта ўйлашимиз, кейинни кўзлаб иш тутмаслигимиз, сувнинг оқимини, замоннинг нафасини ҳис қилмай иш қилишимиз оқибатида шундай ёруғ байрам иккинчи мактубда қайд этилганидек кибримиз, манманлигимизнинг, ўринсиз ғуруримизнинг намойишига айланиб, қизларимиз кўз ёшига сабаб бўлиб қолаётганининг гувоҳи бўлаяпмиз.
Гап аёллар ҳақида, қалбида кибри устун аёллар ҳақида кетаяпти, албатта.
Аслида биз, яъни аёллар ўзимизни нечоғли заиф, ожиз деб таърифлашга, вақти келса, бор талантимизни намойиш этишга ҳаракат қилмайлик, яна қайтараман, айнан биз уйнинг оби-ҳавосини яратамиз, айнан биз оиланинг ахлоқий, маърифий, маънавий муҳитини таъминлаймиз. Айнан биз шу кичкинагина вужудимизга момолардан олган яхши урфодатларимизнинг оғир юкини жо қилибгина қолмай, уни тўлдириб, бойитиб келажак авлодга етказамиз.
Бу ҳол битта ўзбекларда эмас, дунёдаги барча миллатларда ҳам шундай. Шунинг учун ҳам Аёлни, Оналарни оиланинг устуни дейишади.
Шу нозик қад билан устун бўлиш осонми?
Қийин, албатта!
Лекин бизни яратган Аллоҳ ана шу мушкул ва савобли амалларимиз учун: «Жаннат оналар оёғи остидадир» деб мукофотини олдиндан ваъда қилиб ҳам қўйибди. Бир жон билангина эмас, «қирқ жон» билан бу мукофотга лойиқ бўлишга интилаётган, етмиш икки томиримиздан бунга қувват топаётган ҳам ўзимиз.
Лекин юқоридаги мактубларда келтирилгани каби баъзида айримларимиз панд бериб қўяётган ҳам ўзимиз эканимизни, бу билан порлоқ бахти томон интилаётган фарзандларимизни қийнаб қўяётганимизни чин юракдан тан олмагунимизча, ўзимизда, руҳимизда, қарашимизда ўзгариш ясамагунимизча буни тузатишимиз мушкул.
Негаки, «ота-бувамиздан қолган урф-одат»нинг аслини тўғри тушуниб етмагунимизча, чамаси кибру манманлик отига миниб юраверишимиз аниқ.
Ҳайит йўқловлар ота-бувамиздан қолганми?
Ҳа, қолган! Аммо қандай шаклда?
Азалдан янги қудалар бундай катта байрамларда бир-бирини йўқлашган, албатта. Ҳайитлар орасида янги қариндошлик, қизи орқасида куёвлик, ўғли орқасида келинлик бўлганлиги шукронасининг ифодаси бу йўқловлар.
Нондек азиз бўлишсин учун нону патир, заминдек серҳосил бўлишсин учун ундан қилинган бўғирсоғу қуштили дегандек…
Ҳайитларда оила аъзолари покланиб, яна шу дамларга етказганига шукроналик рамзи сифатида охорлик кийинишганми?
Ҳа, имкон қадар шунга ҳаракат қилинган!
Уйда қизлар оналари бошчилигида оталари, акалари, укаларига дўппи-қийиқлар, яхтаклар тикишиб, ҳайитда совға қилишган. Оиланинг узатилган қизи бўлса, «сен ҳам бизнинг хотирамиздасан» маъносида қизларига ҳалиги нон-патирга қўшиб охорлик рўмолми, кўйлакми юборишган. Уйларига янги келин туширилган бўлса, «сен ҳам энди ўз боламиз бўлдинг» маъносида уни ҳам совғасиз қолдиришмаган. Бу чиройли урф-одатларимиз ҳақида агар ўз оиламиз шажарасини, тарихини, тузугини яхши билмасак, адабиётдан мисоллар кўплаб топилади.
Лекин биз адабиётни ўқимаймиз, ўз маънавий илдизимиз моҳиятини билмаймиз, япроқмиз-ку қувватни илдизимиздан олмаймиз. Шу сабабли кўп нарсаларни урф-одат деб ўзимиз ўйлаб чиқарамиз. Унча-мунча билганларимизни бемалол ўзимиз истаганча ислоҳ қилаверамиз. Ҳеч бир нарсага таянмаган «янгиликларни» ўйлаб чиқараверамиз. Кейин яна айнан ўзимиз «Қирқ тоғоранинг қирқ ноғораси»га бир кулиб-бир йиғлаб, бир кулиб-бир йиғлаб муқом қилаверамиз!
Кибр билан, манманлик билан қизнинг онаси «бир нафас бирла барини бекор» қилди. Энди қизи тўйдан кейин ҳам йиғлар даражада кўнгли паришон.
Биринчи мактубни ёзган келингина қизим мени кўп жиҳатдан хурсанд қилди. Сезаяпсизми, ўз тақдири, ўз бахти учун жуда зукколик билан курашадиган авлод етишиб келяпти!
Тутган оқилона йўриғини қаранг: балки машина масаласида куёв бола билан келишмагандир ҳам, андиша кучлилик қилиб ундан балки «Қандай машина юборасиз?» деб сўрамагандир ҳам!
Аммо шу бир оғиз «Биз шунга келишгандик…» дейиш билан у кўп олдида куёвнинг ҳурматини тикладигина эмас (муроса учун ёлғонни Аллоҳ ҳам кечиришга ваъда берган), бундан бу ёқ куёвнинг етовига юриш, борига қаноат қилишга тайёрлигини ҳам намойиш этди чамамда.
Онанинг ўринсиз кибрли сўзига кириб, бошқа машина келтирилмагунча ҳаммани тик оёқда турғазиб қўймади, сурнай хонишини керагидан ортиқ чўздириб, мотам маршига айлантирмади, тўй уники эканини шу «келишганмиз» билан исбот этди қўйди.
Йиғлома, қиз, йиғлома-ё, тўй сеники,
Остонаси тиллодано уй сеники…
Қўшиқда куйланаётган «тилло остона»нинг аслида рамзийлигини тушунмай, бошқаларнинг исёнига кўр-кўрона қўшилаётган қизлар қанча! Аслида ўзларининг-ку исён кўтариш хаёлларига ҳам келмас. Чунки ўзлари тасвири биринчи мактубда келтирилган жуда нозик ҳолатда бўладилар: «…Сурнай одамнинг юрагини нега бундай тўлқинлантираркин? Нега одамни камалакнинг нақ учига олиб чиқиб қўйгандек бўларкин?!
Атроф бирам тоза! Бирам беғубор! Одамлар бирам сертабассум ва фариштали… Бу ёруғликка кўзларинг дош беролмай шаффоф шудринг мисол кўз ёшларинг милкингга инади.
Қиз уйимдан қалбим шу шудринг мисол топ-тоза чиқиб кетаётгандекман. Ниятларим ҳам қуёш нурида ялтиллаётган шудринг мисол, қалбимни заррин нурга тўлдиради…»
Юқоридагиларга ўхшаш «доно» оналар «уларнинг кўзини очадилар». Ва, аксарият бир умр қизларининг гоҳ ошкор, гоҳ яширин йиғлаб ўтишларига сабабчи бўладилар.
Аслида-чи? Аслида қандай бўлиши керак?
Аслида тўй маросими қизини узатаётган она учун қизига берган тарбиясини кўп ўртасида намоён этадиган имтиҳон эмасми? Қизини том маънода муҳаббатли, иффатли, меҳрибон, иродали, тоқатли, вафодор, бир сўз билан айтганда онанинг юзини ерга қаратмайдиган қилиб ўстирдими? Қизларни оналарнинг қайтариғи деб бежиз айтишмайди ахир.
Қиз ўстирган оналарнинг халқона одобини маҳкам ушлаган, унга риоя этган оналар бойликни, ҳашамни биринчи ўринга қўйишларига гумоним бор. Қолаверса, оқил оналар «Мен бир вақтлар шундай қийналган эдим, қизим асло қийинчилик кўрмасин!», «Менга мана бундай машиналарда юришлик насиб қилмаган эди, энди қизим нашидасини сурсин!» қабилида иш тутмай, қизларининг ўша қийинчиликларни руҳий оғриқсиз енгиб ўтишларига ёрдам берадилар, фаровонлик аста-секинлигини унинг руҳиятига сингдирадилар.
Уйда қизи вояга етаётган оналарнинг ўзига хос одоби бўлиши керак, албатта. Қизлик уйга келган совчилар биринчи навбатда қизнинг онасига эътибор беришлари бежиз эмас. «Онасини кўриб, қизини ол!» деган гап бор-ку ахир! Агар қизнинг онаси «Мен қизимни фалон жойда ўқитдим, фалон едирдим, фалон кийдирдим! Қизим энди фалон иззатларни кўриши керак!» деб турса, ўз қизининг бахтига зомин бўлиб қолиши мумкин.
Биринчи мактубдан кўриниб турибдики, қизгина оқилалик қилиб, бува донолик қилмаганида, қизгина бошидаги бахт қушининг «пар-р»этиб учиб кетиши ҳеч гап эмас эди.
Қизи бор оналарнинг ҳеч ерда битилмаган, аммо ҳаёт синовларидан обдон ўтган ўзига хос йўриқномалари бор. Унга риоя этган оналар қизларини янги уйга меҳрли қилиб ўстирадилар. «Сув келса – симириб, тош келса – кемириб» бўлса ҳам, чин уйини бўстон қилишга даъват этадилар. Муҳаббатини авайлашга, рост сўзлашга, хизматдан оғринмасликка ундайдилар.
Қиз боланинг момоларимиз айтмоқчи «бировнинг хасми» эканини билган ақлли оналар, қиз томирига иккинчи мактубда айтилганидек, кибр аралашувининг олдини оладилар. Ўзлари қанча бадавлат эканликларидан қатъи назар, қизларининг ана шу бадавлат уйларига эмас, балки «чин уй»ларига, «борадиган жойларига» болалигидан меҳрли қилиб ўстирадилар. Айнан шу меҳр қиз боланинг, яъни ёш ниҳолнинг борган жойида тез илдиз олиб, гуркираб кетишига ёрдам беради.
Кези келганда қиз узатаётган онанинг кечмишлари, туғёнларини ҳеч бир асбоб билан ўлчаб бўлмаслигини, лекин қизнинг онаси ҳар бир асаб толасини тизгинлай билиши кераклигини айтмоқчимиз.
Момоларимиз қудалар уйини «ўзга юрт», «ўзга қўрғон», «ўз подшоҳи, ўз аъмоли бор ўзга мамлакат» деб аташади. Қизларини эсли-ҳушли, меҳрли, тоқатли, сабрли ўстирган оналар «ўзга юрт» ички ишларига аралашишдан тийиладилар.
Аввало, қиз ўстираётган онада қизининг тақдир илоҳий битган ерда ўзидан тиниб-тинчиб, ўсиб-униб кетишига яхши ният, ишонч бўлсин! Она қизига сеп йиғмасаям майли, юрагини яхшилик билан тўлдирсин, назарини тўқ қилсин. Қизига берган молдунёни чамаласа, янги оиланинг кўражак фаровонлиги олдида урвоқ ҳам бўлмас. Аммо қилинган молини, йўқловини пеш қилиш билан қизнинг онаси яхшигина бўлиб келаётган оиланинг пойдеворини дарз кетказиши мумкинлигини иккинчи мактуб мисолида яққол кўрдик.
Ўзига эмас, ўзгага, «бировларга», «ўзга юртга» меҳрли, яхши ниятли қилиб қиз ўстирган оқила оналарнинг хаёлига заруратсиз қизининг оила ишига аралашиш келмайди.
Биринчи ва иккинчи мактубга қиссадан ҳисса маъносида Мирзо Бедилнинг юқорида келтирган байти давомини келтирмоқчимиз:
Буюрибдир ҳокисорлар ташриф,
Шул сабабдан бул замин гулзордир.
Камтарин бўлиб бу заминни гуллатиб юришимизнинг ўзида савоб кўп.
Ҳар биримиз шуни кўнгилга тугиб, шунга амал қилсак, аввало ўзимизнинг, қолаверса фарзандларимизнинг, оиламизнинг, демак, юртимизнинг тинчлигига ҳисса қўшган, дилимизнинг равшанлигини, хотиржамлигимизни таъминлаган бўламиз.
Икки тенгдошингиз, янги келинлар мактуби баҳонасида қиз ўстирган оналар ҳақида бироз фикр юритдик. Мақсад сизни бироз мулоҳаза, мушоҳадага тортиш. Иккала мактуб муаллифига ўхшаб ҳаётга, оилага жиддий қарашингизга ишонамиз.
Тилак: Илоҳо назарингиз ҳамиша тўқ, нигоҳингиз олам ва одамга тиниқ бўлсин! Бойлик ичида энг қимматлиги ва барқарори, сизни қўша қариганлар бекатига элтадигани – эру хотин ўз меҳнатингиз билан топилган бойлик. Шу бекатларга пиру-бадавлат бўлиб етишлик насиб этсин!
ТУРКАНА ЎГИТЛАР
Яқинда бир китобда «туркана» сўзи «туркона» сўзидан келиб чиққани ҳақида ўқиб қолдим. Шунинг учун ҳам бу сўз аксарият ҳолларда туркий халқларга, яъни «ўзимизники», «шарқона», «халқона» маъноларини ўзида яшириб келар экан-да, деган хаёлга бордим. Халқ табобатида туркана дори-дармонларнинг тез таъсир қилиши ҳақида кўп эшитганмиз. Ўзимизники-да! Туркана ўгит-сабоқларнинг ҳам таъсири ниҳоятда кучлилигига неча бор тан берганмиз.
Бу ўгитларнинг қуруқ илмий тилда эмас, ҳикоятлар, ривоятлар, ҳатто «фалончи айтди» тарзида келиши ҳам кўпчилигимизга маъқул. Ўша фалончи ўз ҳаёт тажрибасидан, яъни «бошидан ўтказгани»га ҳам ишончимиз комил!
Бундай ўгитлар бир томондан зериктирмаса, иккинчи томондан уларда ўзингизга албатта сингдиринг, деган мажбурият ҳам йўқ. Хоҳланг – қабул қилинг, хоҳланг – қабул қилманг! Бир эшитиб қўйсангиз бас! Яна бир сирни ҳам айтиб қўяй. Шу ўгитларда келтирилган ҳикоят, ривоят, насиҳат, ўгитлар ҳозир миянгизга жо бўлмаётгандек кўринса ҳам, ахир бир кун хотирангиз заҳирасидан, албатта, қалқиб чиқади. Қалқиганда ҳам айнан сизнинг дунёқарашингиз, лўнда ҳаётий хулосангиз сифатида қалқади. Вақти келиб ўзингиз ҳам туркана ўгитлар айта бошлаганингизни сезмай қоласиз.
Қуйида турли вақтда, турли ҳаётий воқеалар сабаб бўлиб, бир эшитганда хотирамга жо бўлган туркана ўгитларидан намуналар келтирамиз.
Етилиш
– Бошоқ тўлишганда, пишгандагина ўрилади, айланай болам! Вақтидан аввал ўрилса, ейдиган нонимизнинг сифати ҳам айтарлик бўлмайди. Кўтарган хирмоннинг ҳам ичидан чириш, қизиб, ўт кетиш хавфи бор. Вақти ўтказилса – бошоқлар тўкилиб, исроф бўлиб, барака кетади…
Ёшларнинг балоғат ёшига етди дегани, ҳали уларнинг оила қуриш учун етилганини билдирмайди. Кўпинча, боламизнинг бўйи бўйимиз билан тенг бўлди, ёши балоғат ёшига етди деб, ҳовлиқиб сарполарини тайёрлаб, ўғлимизга келин қидирамиз, қизимизга куёв мўлжаллаймиз…
Аслида улар ҳали етилмагандирлар ҳам. Яъни ақл ва идрок билан, юрак қўри билан ҳаётнинг, турмушнинг моҳиятини, оиланинг шоҳ масаласини тушуниб етмагандирлар ҳам. Том маънода етилиб улгурмаганлар турмушнинг илк «мушти»даноқ ўзларини йўқотадилар. Майда икир-чикирлар ҳам уларга муҳим ва биринчи даражали бўлиб кўринаверади. Оқибат – ажралиш…
Масаланинг яна бир томони: осон топилганни йўқотиш ҳам осон бўлади. Тўғри, биз болаларимиздан ҳеч нарсани аямаймиз. Лекин улар шуни англаш, қадрлаш даражасида етилмай туриб, тайёргинага эга бўлаяптилар-да. Ажралишларнинг кўплиги сабабларидан бири уларнинг ҳаётнинг асосий, яъни шоҳ масаласини англаб етмаганларидир…
Одатда, бу мавзу суҳбатлари ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Ёшларни оилага тайёрлашнинг энг зарур шартлари ҳақида бетиним баҳслашилади.
Ёшинг улғайгачгина мунозарадан ҳоли хулосага келиш мумкин экан. Назаримда, Одам Ато тоифасидагиларга ҳам, Момо Ҳаво тоифасидагиларга ҳам кичиклигидан меҳрни, ҳалолликни, ички-ташқи покликни, одамга ҳурматни, энг муҳими ўзингдан ўзгага шафқат, ҳамдардликни сингдирилса, улар кейин кўпда қийналмайдилар.
Қиз-йигитларни ҳаётга, оилага тайёрлаганда улар қалбида шу қадриятлар жой олмаган бўлса, оиладаги ҳар бир иш ўз-ўзидан «ўғил болалар иши» ва «қиз болалар иши»га, кейинчалик эса «эрнинг» ва «хотиннинг» ишига бўлинади. Бунинг оқибати бу юмушлар катта-кичиклигидан, оғир-енгиллигидан қатъи назар – «менинг ишим нима!» дир. Инсон шу тариқа бировга яхшилик қилиб, бировга ҳамдард бўлиб завқ олиш, ҳузур қилиш бахтидан бенасиб бўлади. Бу қалб қашшоқлигига олиб келадиган йўлдир.
Биринчи галда биз ўзимизга ўзимиз хизмат қилишни ўрганишимиз керак. Катта оиланинг бир аъзоси сифатида шу оилага тегишли бирон юмуш қилганда, биринчи галда бу ўзимизга кераклигини ҳисобга олишимиз даркор. Қилаётган ишимизни кўнглимизга малол олиб, унинг натижасидан олдиндан завқ олиб, қувониб ишламасак (ахир яхши бажарсак «баракалло!» эшитамиз, бировнинг хурсанд бўлганини кўрамиз-ку), меҳнатдан оғринадиган, буни миннат биладиган бўлсак, биринчи навбатда ўзимизга жабр. Бундан бировнинг эмас, ўзимизнинг кўнглимиз кун сайин бир поғона кўтарилиш ўрнига, бир поғона чўкиб, ғуссага кўмилиб бораверади. Негаки, ўзи бировга яхшилик қилиб завқ ола олмаган киши, бировнинг унга қилаётган меҳрибончилигини ҳам, яхшилигини ҳам пайқашга қодир бўлмайди. Бировлар билан оддий одамий муносабатлардан яйрай олмайди. Дили ҳам, тили ҳам «Яхшилигингизга яхшилик билан жавоб қайтариб, мен ҳам бир яйрай!» деёлмайди.
Етилиш деганда, инсон инсонсиз яшай олмаслигини англагани, оиланинг тенг аъзоси сифатида унинг завқи-қувончи билан яшаши кераклигини англагани демакдир.
Оталар сўзи…
Киши болаликда, ёшликда ота-онасидан, кексалардан кўп панд-насиҳат эшитади. Шу заҳотиёқ ёки эртасигаёқ эшитганларига амал қилиб кетмаслиги мумкин. Эшитганлари эътиқодга айланиши учун ҳам, киши муайян даврни, оғир-енгил синовларни бошидан ўтказиши керакдир. Аммо бир нарсага: ёшимиз, мавқеимиз, маданиятимиздан қатъи назар умримиз давомида ҳар биримиз энг мўътабар мезон – ота-оналаримиз ўгитларига тез-тез мурожаат қилиб туришимизга ишонаман.
«Қари билганини – пари билмайди» дейилгани шумикин? Оталар сўзи – ақлнинг кўзи эканлиги ҳам рост-ку. Шулар ҳақида ўйлаганда тўрда мўйсафид ёки оппоқ сочли онахон ўтирган давра кўз олдимга келади. Қўлларидаги пиёладан оз-оз чой хўплаб, улар оғир-босиқ, паст овозда сўзлайдилар. Кеча билан бугун, бугун билан эрта ўртасида кўприк бўладилар.
Кўприкда турган кишига икки қирғоқ яхши кўринади. Улар атрофида бошларини эгиб ўтирган ёшлар уларнинг салмоқилаб айтган ҳар бир сўзларини диққат билан эшитадилар, бу сўзлар уларнинг томирига ўт бераётгандек, руҳига жон ато этаётгандек, секин бошларини тебрантириб қўйишади… Ўгитлар – ҳаётнинг жон озиғи.
Бу мумтоз кинофильмдан бир кўриниш эмас. Бу – ҳаёт. Минг шукрки, кўп оилаларимизда сақланиб қолган урф… Бобосидан панд-насиҳат эшитган миллат ёшларининг илдизи нақадар чуқур…
…Мусиқа асбобларининг бири соз бўлиб, иккинчиси созланмаган бўлса, улар билан ижро этиладиган куй яхши чиқмайди. Оилада ҳам эр хотинга, хотин эса эрга мос бўлиши, ҳар бир хатти-ҳаракати бир-бирига уйғун бўлиши керак. Аммо турмушда ҳамиша ҳам шундай бўлавермайди. Худо ҳаммани ўзига яраша феъл-атвор билан яратади-да. Уй-дунёчиликда эр-хотиннинг бир-бирига мослашиб олгунига қадар неча фасл, неча қовун пишиғи ўтади. Кўпинча бу чолғу асбобларини мослашга нисбатан узоқроқ ва оғирроқ кечади. Барибир одам деган Тангри берган ақл билан иш қилсин. Баъзан баланд чиқиб, баъзан паст тушиб шеригининг ҳам ўзига мослашиб олишига қарашсин… Оила қурмоқдан асл мақсад қўлга соз олгандаги мақсад билан ўхшашми – аввал шуни англаш керак. Оила қуришдан мақсад бахтли, тотув яшаш, серфарзанд ва солиҳ одам бўлиш. Қўлга соз олишдан мақсад – чиройли куй чалиб ўзини ҳам, бошқаларни ҳам хурсанд қилиш. Созлар бир-бирига уйғун бўлмаса, чолғуси соз бўлган созанда маълум пардаларни лозим бўлгунча чалиб туриши керак. Чолғусини унинг чолғусига созлаётган созанда эса унга қунт ва сабр билан, ихлос ва энг кераги катта истак билан эргашмоғи, айнан ўша пардада чалиб туриб, оҳанглар бир бўлгунича чарчамаслиги керак. Ана шунда куй чиройли чиқади…
Ҳаётнинг ўзи каби кўҳна бу гапларни ўз қалбларига жойлаб олганларнинг оилавий турмушда, ҳаётда гармонияга, камолотга, муштаракликка интилмасликларига ишонмайман.
Оғриқ тишнинг давоси ҳамиша омбир эмас…
– Куни кеча Фалончихоннинг келини кетиб қолибди деб эшитдим. Ҳамма қатори бир оиланинг бузилганига ачиндим. Аёл бўлганим учун аёллар ҳақида ёмон гап айтилишига қаршиман. Лекин айнан шу келиннинг кетиб қолганига ҳайрон бўлганим йўқ. Анча енгил кўринганди кўзимга…
Маҳалланинг ичига жойлашган стоматология поликлиникасида даволовчи врач бўлиб ишлайман. Бир куни Фалончихон келинини бошлаб келиб қолди. Дугонамнинг келин туширганига уч-тўрт ой бўлган эди. Ойдеккина келин экан. Аммо биринчи мулоқотданоқ, ҳуснини ҳам унутиб, уни зарядланган минага ўхшатдим. Фалончихон:
– Келинимизнинг тишлари икки-уч кундан бери безовта қилаётган экан, бир кўриб қўйинг, ўртоқжон, қийналиб юрмасинлар! – деди.
Кетаётганида келинига тайинлади:
– Зебохон, мана, доктор опангиз билан таништириб қўйдим. Қўллари енгил. Маҳалламизда ҳамма бу кишидан миннатдор. Айтган вақтларида келиб, албатта, тишларингизни даволатиб олинг!
Навбат келинга келганида уни юмшоқ ўриндиққа аранг ўтқаздим. Оғзини ҳам очишни истамасди.
– Тишингиз оғрияптими? – сўрадим.
– Ҳа, жудаям!
– Унда келинг, кўрайлик!
– Оғритасиз!
– Тўғри, балки оғрир, лекин чорасини, албатта, кўрамиз. Қани, оғзингизни очинг-чи?
– Оғритасиз! Яхшиси укол билан олиб ташланг! – ақл ўргатди келин.
– Оғриқ тишнинг давоси ҳамиша ҳам омбир эмас, қизим! – дедим унга тасалли бериб.
Биз врачлар беморлар билан муомала қилишда анча оғирмиз. Касбимиз шуни тақозо қилади. Лекин келин ўша куни мени жуда қийнаб юборди. Тишининг касали ётар олдида тиши ва оғиз бўшлиғини тозалаб ювмаганининг оқибати эканини айтганимда:
– Катталарнинг ҳаммаси насиҳат қилишни яхши кўради, – деб ранжиди ҳам. У ҳар бир ҳаракатимга ишончсизлик билан қарар, ҳатто даво учун пул беришини писанда қилиб қўярди. Гўё пул берса, оғриқ қоладигандек. Хуллас, унга кетган вақтимда иккиуч беморнинг тишини даволаган бўлардим…
Ниҳоят тишига пломба қўйиб бўлдим. Оғриғи қолганига ишончим комил. Чунки эҳтиётини қилиб, укол қилганман, малҳам қўйганман. Бироз фурсатдан кейин уни қайта ўриндиққа ўтқаздим.
– Яна нима қиласиз? Пломба қўйиб бўлдингизку! – деди.
– Тўғри айтдингиз, ўша қўйилган пломба бироз қотди, энди унинг ғадир-будур жойларини текислаб, ўз тишингиз билан бараварлаб, силлиқлаб қўяман. Шунда лунжингизни ҳам, тилингизни ҳам чақа қилмайди, – дедим унга тушунтириб.
– Керак эмас, яна оғритасиз! – деди ўжарлик билан.
Мен унга энди ҳеч ҳам оғриқ бўлмаслигини, лекин текисланмаса, тилини чақа қилиб оғритишини, овқат чайнашга қийналишини айтдим.
Йўқ, кўндира олмадим. Оҳиста яна тушунтирдим. Инсон тиши учун пломба бегона жисм ҳисобланишини, у тиш билан реакцияга киришиб, уч-тўрт кун ўтмай яна ўз тишидай бўлиб кетишини, оғирроқ бўлиб уч-тўрт кун чидаса, олам гулистонлигини айтдим. Борди-ю табиий озгина оғриқ эмас, ноқулайликка чидамай пломбани кавлаб олиб ташласа, кейинги даво бундан анча оғирроқ кечишини ёш болага тушунтиргандек тушунтирдим. Барибир гапларимни бир мирига ҳам олмади. Оғзидаги сўлак шимишга қўйган пахта золдирларини ҳам олмасимданоқ шартта ўрнидан туриб чиқиб кетди. Раҳмат ҳам нася қолди… Дугонамга ачинганимча қолдим. Бундай келинлар билан муомала қилишнинг, йўлга солиб олишнинг ўзи бўлмайди… Келиннинг оиласини ташлаб кетиб қолганига шунинг учун ҳам ҳеч ҳайрон бўлмадим.
Оғзидаги битта тишининг пломбаси бир-бирига сингишиб кетгунича сабр қила олмаган енгил келин, янги оила билан сингишиб кетишига қандай чидайди?
Келинлар тушган оилаларида ўзлариники бўлиб кетгунларича неча семириб, неча озадилар. Ҳаётда «Юк кўтарган – ютади» дейилиши бежиз эмас.
Яхшики, яхшилар бор…
Яхши одамларга омадим борлигини кўп марта синаганман. Ҳар дам улар борлигига ва кўплигига шукр қиламан. Яхши одамлар бор экан, дунёнинг мувозанати бузилмайди, деган хаёл юрагимда азалдан турғун.
… Эрта саҳар кўрган тушимдан юрагим қинидан чиққудек бўлиб уйғондим. Юз-кўзимдан майда ва муздек терни артар эканман, «Ё раб! Булар недан аломат?» деганимча узоқ ўйланиб қолдим.
Нонушта тайёрлаб уйдагиларни ишга кузатаяпман ҳамки, дилим чигили ёзилмайди. Телефон жирингласа, бирон нохуш хабар эшитаманми деб, гўшакни кўтаришга қўрқаман…
Ёлғиз қолдим… Бироқ на ўқиш, на телевизор ичимдаги тошни эритишга ёрдам бера олмади.
Эшик қўнғироғи жиринглади. Очсам – яқин дугонам Раънохон. Қўлида бир даста гул! Бирини-бирига саралаб олингандек, ним очилган ғунчалар «Нафосат – мана менман!» деяётганга ўхшарди.
– Сабаб?! – дедим дугонамга қўлимга тутқазилган гулларига ишора қилиб, – таваллуд бўлмаса, байрам бўлмаса…
– Вой, жуда соддасизда! – дедилар аслида гулни кўриб севинганимдан мақсадига етган одамдек самимий қувониб. – Сабаб – Сиз, баҳор, Наврўз! Бир зиёрат қилгим келди Сизни!
Кейин эрталаб бир юмуш билан кўчага чиққанини, гул бозоридан ўтаётганида негадир шу дастага кўнгли ийиб, мен кўзига кўринганимни, соғинчи устун келиб, қўнғироқсиз ҳам келаверганини айтди.
– Юмушдан қолдирган бўлсам, узр, – деди.
Мен эсам унинг келганига ўзимда йўқ хурсанд эдим.
Бир пиёла чой устида гулларга тикила-тикила дугонамга дилимдаги ғашликни айтдим. Кўрган тушларимни тафсилоти билан гапириб бердим.
– Инсон ўнгида-ю тушида кўрганини яхшиликка йўйиб яшаши кераклигини ота-боболаримиз, донишмандлар кўп бор таъкидлашган, – дугонам сокин ва тиниқ кўзларини кўзларимга қаратиб шундай деди. – Одам руҳий мувозанатини йўқотганида китобларга мурожаат қилиши кераклигини ўзингиз ҳам айтардингиз. Китобларда инсон руҳиятини яхшиликка чоғлаш, йўналтириш ҳақида кўп ҳикматлар бор. Эсингиздами, Қуръоннинг «Нисо» сурасида яхши нарсаларни ёмон нарсалар ичига ўраб қўйиб берилгани ҳақида айтилган. Яхшига етгунга қадар инсоннинг сабр ва тоқати, иродаси, иймони синовдан ўтиши, ўзи-ю иймонининг кўпнинг олдида имтиҳон қилинишига ишора-ку бу. «Бешинчи кун келур албат, вале тўрт кун ёмон ўтар», дейишган машойихлар. Тушларингиз бир қадар силлиқ кечаётган турмушингиз, руҳиятингизни безовта қилибди. Аслида уларда ёмонликдан кўра яхшилик бисёр эмасми? Андек заҳмат, куйиниш, астойдил меҳнат оқибатида ҳалол ва яхши натижага эришишингизга ишора-ку бу. Ҳа, яхшилик аломати бу, опажон…