Текст книги "Келин бўлиш сирлари"
Автор книги: Рахима Шомансурова
Жанр: Руководства, Справочники
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 4 (всего у книги 8 страниц)
МЕНИКИ… СЕНИКИ…
Меҳмонлар тарқалишгач, қайнона бўлмиш келинларига деди:
– Набираларнинг уйқуси келибди. Эркакларнинг ёрдам қиладиган иши қолмаган бўлса, эр-эрингизни ва болаларингизни ётқизиб чиқинглар. Мен унгача дадангизга бир пиёла чой дамлаб бераман. Кейин тезда ишлатилган чинниларни ювиб, жой-жойига қўямиз. Бўла қолинглар…
– Ойижон, анча кеч бўлиб қолди, сиз ҳам бамайлихотир кириб ётаверинг, овсиним билан ишни айтганингиздан зиёда қилиб бажарамиз, – деди катта келин.
Унга қайнонадан олдин кичик келин жавоб берди:
– Ойим бизларни контрол қилиб туришни яхши кўрадилар. Иш битмагунча ётмайдилар ҳам, ётқизмайдилар ҳам! – Унинг овозида истеҳзо аниқ сезилиб турарди. Норозилигини яширишга ҳам уринмас, қовоғи тунд эди.
«Осмон жин юзидек қорайди ўнгиб», хаёлидан ўтди қайнонанинг.
Яшириб нима қилади, агар «менинг ҳам ёрдамим тегсин», деб қарашиш баҳонасида ҳақиқатда ҳам келинлар олдида гувраниб турмаса, кичик келин шу кириб кетганича қайтиб чиқмайди. Катта келиннинг бир ўзига шунча иш оғирлик қилади. Эрталаб ишга боради бояқиш… Қайнонасининг феълига тез тушуниб қолгани учун, мана, тушганига неча йил бўлган бўлса, ҳар меҳмондан кейин бироз уйқудан қолса ҳамки, ҳамма ишини қилиб, хотиржам уйига кириб кетади.
Ҳали чоли бир пиёла чойини ичиб тугатмай, кичик келин биринчи бўлиб чиқди.
– Тойчоғингизни адасининг ўзлари ухлатар эмишлар: «Сиз ойимгиларга қарашиб юборинг!» дедилар. Бу уйда ҳамма иш қилдиришни яхши кўради! Меҳмонлар йигирма кишига яқин бўлишди. Шунча харажатнинг бири, идиш ювадиган ходим олиб келинг, десам, ўғлингизга ёқмади. Бозор тўла шундай аёллар, бир пастда ювиб ташларди ўшалар…
Қайнонанинг чап қоши бироз кўтарилди. Энди жавоб берай деб турган эди, ичкаридан катта келин чиқиб деди:
– Вой, овсинжон, катта тўй қилибмизмики, махсус идиш ювувчиларни айтиб келсак. Тағинам қайинсинглимиз билан кичик опоқимиз ҳамма ёқни йиғиштиришиб, ҳатто пилесос қилиб, дастурхон-сочиқларни кир машинага тахлаб солиб ишлатиб кетишди-ку. Барака топишсин. Тунда машина ювиб, чайиб, сиқиб, ёйишга тайёр қилиб қўяди. Эрталаб дорга осиб қўйсак, бўлди! Бу ёғи ўзимиздан қочиб қутулмайди, келақолинг… Кейин… Ўша идиш ювадиганлар ҳам бизга ўхшаган аёллар. Билмадим, улар ишласа-ю биз ҳай-ҳай кийим кийиб саллоланиб юрсак… Биласизми, ўтган гал негадир улардан андиша қилдим…
– Нега уяласиз? Идиш ювиш – уларнинг иши! Қилган ишининг ҳақини олади, бекорга ишламайди-ку!
– Билмадим, овсинжон, уларнинг ҳам бола-чақаси, уйи, эри бор…
– Ҳа, бизга кўз тегади деб қўрқасизми?
– Нега қўрқаман?! Ўзимизнинг идрокимиз, вақтимиз, имконимиз етиб, қилишимиз мумкин бўлган ишга мардикор солсак, яна улар аёллар бўлса, одам андиша қилади-да! Бунинг болалар тарбиясига ҳам таъсири яхши бўлмаса керак. Қолаверса, ўша аёллар уйига боргунча ўкинмайдими?
– Қизиқсиз-а?! Бировнинг ўкиниш, ўкинмаслиги билан нима ишингиз бор?! Бўлмаса улар ҳам сизга ўхшаб ўқишсин, олий маълумотли бўлишсин эди! Нима, биров уларнинг қўлидан ушлаб турибмиди, ўқийман деганида? Сиз билан менга ўхшаб ўқисин!
– Бундай дейишингиз нотўғри, овсинжон! Ҳамманинг шароити ҳар хил. Мен шароитимиз шуни кўтараркан деб уларнинг кўнглини чўктириб, кўз ўнгида ял-ял юришимиз чиройли эмас, деб айтаяпман. Қолаверса, шу арзимас ишларни ўзимиз қилсак, ҳарна оила бюджети озгина тежалади, уни бошқа бирон зарур жойга ишлатамиз. Эрта-индин болаларнинг мактаби очилади…
«Худоё покиза кўнглингдан топ!» – қайнона ичида катта келинни алқади.
– Вой-бў! Қачондан бери болаларингизга тежалган пулни харж қиладиган бўлиб қолдингиз?!
Кичкина келин овсинига гап уқтиролмаслигини англаб, иссиқ сувни буради-ю тахланиб турган талинка ва косалар ичидан ўзиникини ажратиб олиб, сув тагига қўйиб тез-тез юва бошлади.
– Озгина идиш ювиш учун мўлжалланган кукун қўшинг, болам, ёғли идишлар тоза бўлади, – деди қайнона.
– Ҳеч нарса қилмайди! Барибир кейинги меҳмондорчиликкача сервантда туради. Сизни биламан-ку, кейинги гал ишлатишдан олдин, албатта, тозалаб ювдирасиз…
«Ҳа-а-а, айрим феълимни яхши ўрганибсиз!» – хаёлидан ўтди қайнонанинг. У олдига ўзининг кенг фартугини боғлади-да келин юва бошлаган идишларни тоза сочиқ билан артиб, столнинг бир чеккасини очиб, ўша ерга тахлай бошлади.
– Қўяберинг, ойи, ўзимникини ювиб, тозалаб, кириб кетаман, эрталаб ўқишга боришим керак…
Қайнонанинг чап қоши бир кўтарилиб тушди.
Ёшлигида бувисидан эшитгани бор эди. Қадимда мис билан олтинни ажратишда сир тоши деган нарсадан фойдаланилар экан. Сир тоши мисга теккизилса, миснинг ранги кўкимтир тусга кираркан. Сир тоши олтинга теккизилса олтиннинг ранги ўзгармас экан. Қанийди, одамзоднинг ичини ҳам билиб берадиган шундай сир тоши бўлса-ю соф олтин билан мисни фарқлаб берганидек, одамнинг ҳам яхши-ёмонлигини, сахий ё бахиллигини, оқибатли ёки қизғанчиқлигини аниқлаб берса, хаёлидан кечди қайнонанинг. Яна ичида ўзига ўзи таъкидлади: «Эр ўзин сўз бирла бор қилди йўқдан». Ҳа, одамзод бир ҳаракати, бир сўзи билан ўзини намоён этади. Одам учун сир тоши – унинг сўзи-ю амали эмасми? Аммо ташида келинига «Мис чиқиб қолдинг-ку!» демади.
– Бу хонадонга келган меҳмоннинг сеники-меникиси бўлмагани каби, уларга хизмат қилган идишларнинг ҳам сеники-меникиси йўқ, болам! – зардаси қайнаганини сездирмаслик ва қайнотага эшиттирмаслик учун атай секин деди қайнона. – Ўзингизникини айириб, қолганини қайси юз билан опангизга ташлаб кетасиз? «Ол, керак бўлса ювиб ол!» деганингизми бу? Бу чиройли иш эмас, болам!
– Кексаларга ақл ўргатиш бўлса! – Кичик келин зарда билан ликопчани қўяётган эди, қўлидан отилиб кетиб, чил-чил бўлди. Дастадаги бир икки ликопчанинг ҳам четини учирди.
– Бу ақл ўргатиш эмас, болам! Борингки, шундай бўлганда ҳам, билмаганингизни айтиб турсак ёмонми? Ахир шу ишларни бугун саранжом қилиб ётсак, эртага эрта билан ўзингиз ҳам, овсинингиз ҳам ёруғ юз билан ишга, ўқишга кетасизлар…
– Ўзбеклар ҳам қизиқ! – Кичик келиннинг бутун авзойидан «Жим турсанг-чи!» деган маломат ёғилиб турар, аммо буни айтолмасдан, синган ликопчаларининг аламини бошқа нарсадан олишга ҳаракат қиларди. – Ота-онаси қизига бир дунё мол-мулк қилади, бу ёқдагилар уни аямай ишлатиб тез орада синдириб йўқ қилади… – у ликопча учқунларини териб ахлат челакка солар экан тўнғиллашини қўймасди.
– Қизига асбоб қилганида оналар ичида «Қизим дастурхонлик бўлсин, меҳмон-изломни чиройли кутсин, мулозаматли бўлсин!» деб орзу қилади. Назарингизда, бир дунё мол-мулк билан келган бўлсангиз, уларни асрашнинг, мана бундай борни йўқ қилмасликнинг ўзига яраша шартлари бор. Илгари эшитмаган бўлсангиз, эшитиб, қулоғингизга чиқмас қилиб жойлаб олинг! Келинлик сепининг умрини узоқ қилмоқчи бўлсангиз, аввало қилиғингизни равон, кўнглингизни юмшоқ, тил ва сўзингизни ширин қилинг. Шуларга риоя этмасангиз, зумда тилло халли чинниларингиз ҳам чил-чил бўлади. Буни ҳозир ўзингиз кўрдингиз. Ўзини шу хонадоннинг бошқа келинларидан бойроқман деб юрган келинлар ҳам катталарга хизматини, кичикларга ширин сўзини раво билмаса, аҳвол чатоқ. Бойлигидан гердайиб, кишиларни оёқ ости қилган, ўзидан бошқаларни менсимаган, феъл-атворини тўғри қилмаган кишидан бойлик ҳам кийикдек ҳуркиб қочиб кетади. Бундай бойликнинг баракаси бўлмайди. Дили равшан, камтар, ҳасаддан йироқ кишининг давлатига эса давлат қўшилса қўшиладики, камаймайди. Агар кишининг қилиғи суқ бўлса, кўзи оч бўлса, бошқаларга ғазаб қилса, қаҳр қилса, бундай одамларнинг қўлида дунё ҳам чил-чилдир. Э, нимасини айтасиз, ҳатто бойлик ҳам одам танлайди, болажоним! Бувим раҳматли айтардилар, «дили равшан, эзгуликка тўлиқ кишидан бошқаларга ҳар куни, ҳар соатда наф тегади. Буни у ҳеч маҳал миннат ҳам қилмайди. Бировга яхшилик қилганда ўзига бирон наф ахтармайди. Аммо худонинг ўзи бундайларнинг мукофотини беради», дердилар. Агар зориқиб турган одамга озгина нафинг тегса, худо ҳам шуни ўн ҳисса қилиб қайтаради. Қарабсанки, сендан бой одам йўқ! Чунки бировга озгина нафинг текканидан кўксинг кўтарилади, дилинг равшанлашади, дердилар. Бу гапларнинг нечоғли тўғрилигини мана ҳозир ўзингиз мисолингизда кўрдингиз. Бировга эмас, ўз уйингиздагиларга бироз қарашиб юборишдан оғринган эдингиз, саникиманикига борган эдингизки, мана чинниларингиз сони камайди, энг асосийси, ўзингизни ўта феъли тор, зиқна қилиб кўрсатиб қўйдингиз. Бу биринчи марта эмас, болам, аввалдан кўриб-билиб юрибман, чамаси ҳаммасини ўзингизга айтиш вақти энди келди. Жоним болам, буларни яхшилаб ўйлаб кўринг…
Кичик келин индамай овсини ёнига ўтиб, унга кўмаклаша бошлади…
Яқингинада ўзим гувоҳи бўлган бу воқеани сизларга бекор айтиб бераётганим йўқ.
Тилак: Илоҳо феълингизнинг кенглиги, назарингизнинг тўқлиги нур бўлиб чеҳрангизга файз бахш этсин. Бу дунёда ҳар қадамингиз синов, ҳар кўрганингиз катта сабоқ эканини англаб туриш туйғусидан, улардан сизни юксалтирадиган хулосалар чиқариш идрокидан бенасиб қилмасин!
«САВОДСИЗ» ҚАЙНОНАЛАР, «БИЛИМДОН» КЕЛИНЛАР…
Суҳбатимиз мавзусини шундай белгиладим-у, аслида сизга чорак аср мобайнида яна қайтарилган бир савол ҳақида сўзлаб бермоқчиман. Хулосани ўзингиз чиқарарсиз.
Яқинда мени Ўзбекистон радиосининг «Машъал» студиясига, «Дилкаш суҳбатлар» радиожурналига таклиф этишди. Агар кузатган бўлсангиз, унда тингловчилар билан очиқ мулоқот олиб борилади. Дастлаб радиомухбирнинг бир саволи билан бошланган суҳбатга тингловчилар уланишиб, худди бизнинг суҳбатларимизга ўхшаб, баҳс-мунозарага айланиб кетади. Белгиланган вақт қандай ўтиб кетганини ҳам билмай қоласиз.
Ўша куни «Дилкаш суҳбатлар» учун ажратилган вақт тугай деб қолганда, телефонда студия билан боғланган, овозидан анча катта ёшдалиги билиниб турган эркак кишининг ташвишли овозини эшитдик:
– …Мен маҳалла оқсоқолиман. Хотин-қизларга керак гапларни айтаяпсизлар, раҳмат! Айрим келинларга ҳам насиҳат қилиб қўйсанглар яхши бўларди… Ҳаётга сал жиддийроқ қарашсин ахир! Баъзи бир келинлар мен олий маълумотлиман, қайнонам эса саводсиз, эримда ҳам диплом йўқ, деб ажрашиб кетишяпти! Маҳалламиздаги бир келинни қайнонақайнотаси бош бўлиб, минг азоб билан контрактини тўлаб, олий маълумотли қилишди. Куни кеча эрини олиб бўлак бўлиб чиқиб кетди. Бечора кексалар ёлғиз қолишди. «Саводсиз» қайнонанинг «Оила бузилмасин! Қайда бўлишса ҳам бошлари омон бўлсин! Невараларим етим қолмасин!» дейишга, яна чолу кампир ўлимликларига олиб қўйганларини ҳарж қилиб, жой олиб беришга ақллари етибди-ю, «билимдон», «олий маълумотли» келиннинг «Кексалар ёлғиз қолишмасин, умрининг охирида шуларни яшнатиб, дуоларини олиб юрай!» дейишга ақли етмабди-да! Э, ўша келинни… дедик. Навоийни туққан онада ҳам олий маълумот бўлмаган-ку!..
Ростини айтсам, бу гап юрагимнинг оғриқ нуқталарига теккани учунми, бироз ўзимни йўқотгандек бўлдим. Микрофон очиқ … Вақт эса тугаган эди…
– Муҳтарам тингловчи! – деди радиобошловчи. – Бизга ажратилган вақт тугади. Аммо фикр-мулоҳазаларингизни, айниқса сўнгги, маҳалла оқсоқоли бўлган тингловчимиз сўзларини ёзиб олдик. Бу мавзуга яна, албатта, қайтамиз…
Ўша куни кекса тингловчининг гапидан кейин биринчи ҳис қилганим алам ва афсус бўлди. Гапнинг рости, бу гап чорак аср аввалги изтиробимни яна эсимга солган эди.
Қалбимни алам ўртаганининг боиси, мен ҳам аёлман. Аёллар ҳақида ёмон гап айтилса, доим дилим оғрийди.
Афсус эса «Наҳотки йигирма беш йилда ҳам қизларимиз маънавиятида ўзгариш бўлмаган бўлса?» деган нохуш хаёлдан эди. Яна: «Йўқ, бу ҳамма қизларимизга хос эмас. Шоли ичидаги курмаклар, холос…» деб ўзимни овутаман. Балки тингловчи айтган «билимдон» келин ўша менга хат юборган талаба қизнинг қизимикин? Ўзи қандай бўлса, қизи ҳам шундай бўлади-да! Бу ичимдаги ёмон туйғуларнинг ғуш-ғуши эди, албатта. Ҳар бир одамнинг қалбида оппоқ кабутарлари ва кўнглининг туб-тубида кулча илон ҳам бўлади, деб эшитгандим. Бу – шу кулча илоннинг фикри деб ўйладим…
Жаҳон тиллари университетининг француз филологияси факултетига оила мавзусидаги шундай учрашувга таклиф қилишди. Катта мажлислар залида ўтаётган ўша учрашувда талаба қизларнинг бири менга шундай хат юборибди: «Яна кўп ўтмай мен олий мутахассис деган диплом билан қишлоғимизга қайтиб бораман. Турмушга чиқиш ҳар бир қизнинг бошида бор савдо. Мен ҳам чиқсам керак. Қайнонам нари борса қишлоқ мактабини битирган оддий аёл бўлади. Чунки оналаримиз тенги аёллар ичида олий маълумотлиси икки муаллимамиз холос. Аммо мен уларга келин бўла олмайман, чунки уларнинг биз тенги ўғиллари йўқ. Оддий колхозчи оиласига келин бўлишдан ўзга чорам йўқ. Шаҳарда қолмай, қишлоққа қайтсам, шундай бўлади. Мен бўлажак қайнонам билан қандай яшайман? Нималарни гаплашаман? Орамизда ер билан осмонча фарқ бўлса, мен уни қандай ҳурмат қиламан?»
Маҳалла оқсоқолининг гапи ўша хатни ёдимга солди. Чорак асрда жамиятда, ҳаётимизда, руҳиятимизда эҳ-ҳе қанча ўзгаришлар рўй берди! Цивилизация, тамаддун деган нарса бир жойда турмайди-да, ахир! Мени лол қолдирган нарса инсон руҳиятидаги ўзгаришлар умумцивилизациядан шунча секин кечар экан-да. Бир хил муаммо чорак аср ўтгач такрорланиб турибди-ку!
«…Навоийни туққан онада ҳам олий маълумот бўлмаган-ку!..» Маҳалла оқсоқолининг куюниб айтган бу гапи беихтиёр қизгинанинг онасида ҳам олий маълумот йўқлигини эсимга солди. Ахир ўзи ёзаяптику: «қишлоғимизда оналаримиз тенги аёллар ичида олий маълумотлиси икки муаллимамиз холос» деб. Майли, қайноналар-ку кейинги савдо, аммо бу қизгина ўзини дунёга келтирган ота-онаси билан энди қандай муомала қиларкин? Ичим ўртанди…
Кейин «олий маълумотли», «билимдон»ларнинг эмас, ҳақиқий билимли кишиларнинг фазилатлари ҳақида ўйлай бошладим ва беихтиёр таққосладим…
Ҳақиқий билим эгалари ўта камтар бўладилар. Билим ва камтарлик уларни барча ёмон, ярамас амаллардан тийиб туради. «Билимдон» келинчак эса ўзини кичкинагина оилани тўзитишдан тия олмабди…
Ҳақиқий билим эгалари билимни ҳамиша ўз иззат-нафсларидан, молу мулкдан афзал билганлари учун ҳам кўпчиликка азиз бўладилар. Келинчак эса икки кекса одамнинг кўнглини ола билмагани бир сари, уларни қароқчидек талаб кетибди…
Ҳақиқий билим кишининг инсонийлигини оширади. Яхшилик кўрмоқчи бўлган одам, аввало ўзи бошқаларга яхшилик қилиши кераклигини билади. Келинчак ўзига яхшилик қилиб, контрактини тўлаб ўқитганлар юзига оёқ босибди, қарзини тўлаш ўрнига лоақал меҳр билан парвона бўла олмабди…
Ҳақиқий билим кишилари саховатли бўладилар. Ўзларида борини асло аямайдилар. Атрофдагиларнинг илми, билими ўзлариники билан тенг бўлиши учун ҳаракат қиладилар. Улар атрофга нур таратадилар. Келинчак эса йўлини ёритиб турган ёғдуни шафқатсизларча ўз қўли билан ўчириб қўйибди. Афсус!
Ҳақиқий билим эгаси маънавий гўзал бўлади. Маънавий гўзаллик эса маълумотдан, мансаб-даражадан, ҳусндан ҳам кўра кўпроқ кишига обрў-эътибор келтиради. Келинчакда бунинг аксини кўрдик. У аслида ўз қилмиши билан онги қолоқ, маданияти ночор, феъли тор, характери оғир киши ўнта дипломи бўлса ҳам, маънавий гўзал бўла олмаслигини намойиш этди.
Ҳақиқий билим инсонга қут, шараф-шон беради, унинг номини улуғ қилади. Келинчак эса ўз шаънига доғ тушириб қўйибди…
Суҳбатларда кўпларингиз олий ўқув масканларини битириш арафасида турганингизни билиб жуда хурсанд бўлган эдим. Энди ўйланг: сиз қандай келин бўларкинсиз? Ҳақиқий зиёли инсон фазилатларини ўзингизга юқтирдингизми?
Тилак: Илоҳо кенг феълингиз, яшноқ руҳингиз билан борган жойингизни гул қилинг! Илоҳо ўзингиздан нур таратиб, кишиларни ўзингизга чорлаб туринг. Зиёли келин, фариштали келин нисбати сизни тарк этмасин!
СЕВГИ – БУ…
Балоғат ёшига яқинлашганингиз сари «Севги нима?», «Муҳаббат нима?» саволлари дилингизда тобора турғун бўлиб бораётганини сезгандирсиз? Уни баъзан ё ўзингиз, ё дугонангиз тилингизга чиқарган вақтлар ҳам бўлган. Аммо бу ибтидоий саволга жавоб топиш бунча мушкул-а? Кузатасиз, ўқийсиз, ўйлайсиз, аммо кўнглингизни тўлдирадиган жавоб топа олмай, хунобсиз. Бу саволга ҳаммани бирдек қаноатлантирадиган жавобнинг ўзи йўқда! Шунинг учун бу сабоқда ҳаётда кўрган, ўқиган, кузатганларимизни бир мушоҳада этиб кўрайлик. Сиз ҳам жиддий ўйланг. Ўзингизга ёққан ёки ёқмаган кишилар ўрнига ўзингизни қўйиб, яхшилаб мушоҳада қилиб олиш, кейинчалик кўп хатоларнинг олдини олади.
«Ишқ инсоннинг ичини, жигарини ёқадиган пурҳикмат оташдир. У ақлни шошқин, қалбни жўшқин қилади. Инсонга катта қўрқувни кичик қилиб кўрсатади… – деб таъриф берган эдилар бундан минг йил аввал шайх Нажмиддин Кубро ҳазратлари ва яна огоҳлантиргандилар: – Кўзни кўр, эшитиш туйғусини суст қилиб қўяди… У инсон бўғзини сиқади, нафасдан бошқа ҳеч нарса ундан ўтмай қолади, ўласи ҳолатга келиб қолади…»
Ҳинд донишманд файласуфининг фикри ҳам эътиборга лойиқ:
«Ақл майли ҳурматни туғдирса, қалб майли дўстликни, тана майли хоҳишни туғдиради. Ақл, қалб ва тана бир бўлиб, севги-муҳаббатни туғдиради».
Француз мутафаккири Вольтер: «Севги-муҳаббат – бу ҳам қалб, ҳам ақл ва танга бир вақтнинг ўзида ҳужум қиладиган энг кучли, завқли ҳис-туйғулардан биридир», дейди.
Бу гаплар сизнинг ёшингиздагиларга анча «жиддий» туюлади-а?
Чунки сизнинг ёшингиздаги қизларнинг аксарияти биринчи кўришданоқ севиб қолишга ишонади. Кўз ва қалб бир «Ярқ!» этдими, тамом, ана шу севги, деб ўйлашади.
Аслида айнан севги ўзи ҳақида кўпроқ мулоҳаза қилишни, ақлни ишлатишни талаб қилади. Кўп, жуда кўп нарса бизнинг севги ҳақидаги тасаввуримизнинг қандайлигига, бу қарашларга нечоғли содиқлигимизга боғлиқ. Чунки…
Чунки икки қалб муҳаббатидан завқ олиш, бу муҳаббатни тобора аланга олдириб бахтибекам бўлиш ёки аксинча, бир-бирини тушунмасликдан бахтсизликнинг қаро ғуссасига ботиш, айнан шу севги ҳақида қандай тасаввурга эгалигимизга боғлиқ.
Шундай қилиб, биз севгини қандай тушунамиз?
Бошимиздан кечирганимизга, кўнглимиздан ўтганига, дилимиз қонган ё аксинча, қонмаганига қараб ҳаммамиз ҳам вақти келиб маълум даражада «муҳаббатшунос», «севгишунос» бўлиб қоламиз, албатта.
Бу суҳбатимизда сиз остонасида турган муҳаббат ҳақида «бошидан ўтганлар» хулосасидан намуналар келтирмоқчимиз. Сизнинг қарашингиз қай бирига яқинроқлигини аниқлашга ҳаракат қилинг.
Севги бу – бир-бирига меҳр билан ғамхўрлик қилишдир, деб тушунади айримлар.
Бу тоифадаги аёллар табиатан жуда назокатли, жуда меҳрли бўладилар. Улар ўрнида ўзингизни тасаввур қилиб кўринг. Кўзингизга ёрингиздан, жуфти ҳалолингиздан ўзга ҳеч нарса кўринмайди. Жуфтингизнинг озгина эътибори, ишқий ҳаяжони ҳам сизни кўкларга кўтаради. Сиз ҳаммадан бекитиқчи тутадиган кундалигингизда ёрингизнинг таърифига лойиқ сўзлар ахтарасиз. Сизнинг назарингизда, жуфтингиз якка-ю ягона, дунёда унга тенг келадиган киши йўқ. Унга бир умр садоқатли бўлишга қасам ичишга ҳам тайёрсиз. Қанийди, бир умр икки кабутардек бирбирларингизга қараб «ку-ку»лашиб ўтирсангиз. Бундан ортиғи бўлмас! Сиз осмонлардасиз…
Ва, аксинча, жуфтингизнинг жичча эътиборсизлиги, бемаврид айтган кескин сўзи, жичча қўполлиги, озгина тушунмовчилик ҳам сизни «У мени севмайди!» деган хулосага олиб келади, ҳафсалангизни пир қилади, сиз қўлингизни ювиб, қўлтиққа тиқишга, никоҳни бекор қилишга, «дунёдан танҳо ўтишга» ҳам тайёрсиз! Бу – осмонидан ўз вақтида тушолмаганларнинг, реал ҳаётни тасаввур этолмаганларнинг қараши ахир…
Келинг, яхшиси унгача бормай турайлик. Сизнинг ҳали дарз кетмаган муҳаббатингизни асраш ҳақида озгина ўйлайлик. Нега шундай бўлаяпти?
Балки сиз болаликдаги муҳаббат ҳақидаги тасаввурлардан соқит бўлолмаётгандирсиз? Меҳрдан эҳтиросга, ёқтиришдан муҳаббатга, ёшликдаги яширин оҳ уришлардан эркак ва аёл ўртасидаги ишқий ўйинларга ўтилажаги сизга қоронғу бўлгани учун ҳам шундаймасмикин?
Севги – илоҳий инъомдир, дейишади бошқалар.
«Осмон никоҳи» деган гапни ҳам кўп эшитгансиз-а? Ҳаммамиз ҳам ёшликдан орзу-ҳавасларга берилувчан бўламиз. Унинг қанотида еттинчи осмонларга чиқиб оламиз. Ана шу хаёлот даврида тақдир бизни йўлиқтирган жуфтимиз ўша хаёлот оламимиздаги илоҳий бўлиб кўринади. Осмону фалакдан вақтида туша олмаганимиз учун жуфтимиз биз етиб бўлмайдиган, бизнинг ўзимиз ҳам унга нолойиқ бир нарса бўлиб кўринади. Ерга тушгач эса, жуфтингизнинг у ёки бу камчилиги, нуқсони сизни дарров ҳафсалангизни пир қилади. Ғашингизни келтиради. Унутманг-ки – ҳаётнинг ўзи, муҳаббатнинг ўзи ҳам хаёлотимиздан кўра бойроқ, мукаммалроқдир. Фақат буни англаб етишга ожизлик қиляпмиз. Шунинг учун ҳам реал ҳаёт, ҳақиқат, ҳатто жуфтингиз ҳам сизга жуда қўпол, сирли, мавҳум бўлиб кўриняпти. Сиз уни тушуниш, англаш, қўлингиздан келганича яхши томонга буришга уриниш ўрнига ундан ура қочаяпсиз. Нега шундай?
Севги бу – илоҳий бир нарса-ю, у сизнинг иштирокингизсиз ҳам пайдо бўлаверади, ўзи алоҳида яшайверади деб ўйлаяпсизми? «Севги – илоҳий инъом, сал адашсанг, сал гуноҳ қилсанг, тангрининг ўзи берган инъомини қайтариб олади», деган ақидага ишоняпсизми? Шунинг учун ҳам кўз ўнгингизда муҳаббатингиз сўниб, ўлиб бораётганини кўриб туриб ҳам, қўлингиздан ҳеч нарса келмаслигига олдиндан ишониб, тақдирингизни осмонларга топшириб қолавердингизми? «Сендан ҳаракат, мендан барака!» деган гапни унутибсиз-да.
Севги – жинсий қизиқишдан, бадан талабини қондиришдан бошқа нарса эмас… Шундай дегувчилар ҳам афсуски топилади.
Буни, айниқса, сизнинг ёшингиздагилар чуқурроқ ўйлаб кўришлари керак. Жинсий эҳтиёжнинг устунлиги, ҳамиша унинг домида бўлиб, бошқа ҳеч нарсани кўрмаслик, тан олмаслик кишидаги бошқа инсоний туйғуларни топтайди. Одатда, муҳаббатга бундай фақат физиологик муносабатда бўлиш охироқибат руҳий бегоналик, ётликка олиб келиши мумкин. Чунки бундай ишончда юрган одамлар учун ким билан бирга бўлишнинг унча аҳамияти йўқ. Жинсий қониқиб, сексуал бўшаниб олса бас…
Эр-хотиннинг муҳаббат муносабатида секснинг аҳамиятини ҳеч ким инкор этмайди, албатта. Аммо фақат у деб инсоний туйғулардан – меҳр-муҳаббатдан, шафқат-мурувватдан, хуллас, муҳаббат деб аталмишнинг бошқа бир дунё фазилатларидан воз кечиш, ишонинг, бу – ҳозирги одамлар билан тош даври одамларини фарқлай олмасликнинг ўзгинасидир.
Севги бу – аслида йўқ нарса-ю, сентиментал кишилар уни ўзлари ўйлаб чиқарганлар, дегувчилар ҳам кўп.
Бундай одамлар табиатан ниҳоятда жиддий бўладилар. Улар ҳамма ҳис-туйғуларини ақлнинг қаттиқ назоратига бўйсундира оладилар. Вақтларини аслида йўқ «севги-муҳаббатга», «романтикага» сарф қилишни аҳмоқлик деб ўйлайдилар. Уйлансалар, эрга тегсалар ҳам, ҳамма нарсани совуққонлик билан олдиндан режалаб, ипга чизиб чиқадилар. Кейин умр бўйи шу белгиланган қоидаларга амал қилинишини қаттиқ назорат қиладилар. Муҳаббатнинг баъзан муайян қоидаларга сиғмай қолиши, бўйсунмаслигини улар тушунмайдилар. Ҳис-туйғуларга берилишни улар ортиқча деб биладилар. Эр-хотинлик бурчини ҳам аввал келишилгандек муайян вақтда бажарадилар. Аста-секин эр-хотиннинг бир-биридан узоқлашиб боришини табиий деб биладилар. «Ёшимиз муҳаббат ёшидан ўтди», деб ўзларини оқлайдилар ҳам. Муҳаббатни, яъни эрхотинчиликни улар фақат бурч, ундан ўзга нарса эмас, деб биладилар. «Муҳаббат ўзи бор нарсами?» деган саволга улар ҳеч иккиланмасдан «Йўқ! Эр-хотиннинг ўзига тегишли бурчи бор холос!»деб жавоб беришлари мумкин.
Севги бу – инсоният занжирининг узилиб қолмаслиги учун табиатнинг усталик билан қўйган тузоғи! Ана шундай қарашдагилар ҳам бор.
Бундай одамлар севгининг завқ-шавқига асло қарши эмаслар. Аммо табиатнинг сенга берилган меҳр-оқибат ўрнини бус-бутун тўлдиришинг шарт, деган талабига улар бутунлай қарши чиқадилар. Гарчи муҳаббат муносабатларида аксарият бундай одамларнинг ўз хоҳиши, иродаси устувор бўлса-да, кўпинча уялмай-нетмай: «Бир неча дақиқагина муҳаббатга берилганим эвазига кетидан бир дунё мажбуриятларни бажаришга мажбур этадилар!» дейишлари ҳам бор. Ўзларини чироқнинг ёруғига маҳлиё бўлиб, қурбон бўлган парвонага ўхшатиб ҳам юрадилар.
Севги бу – ўзга инсон учун ўзингни ўз ихтиёринг билан қурбон қилишдир, дейишади айримлар. Улар ҳам ўз қарашида ҳақ, албатта.
Чунки… Бундай ўйлаб қарасанг, шу икки нарса: севги билан фидойилик бир-бири билан уйғунлашиб, бутун бир туйғу бўлиб қолганига тан берасан киши. Уларни бир-биридан айри тасаввур қилиб бўлмайди ҳам. Ахир киши севгини биринчи бор ўз изтироблари орқали намоён этади-да. Бу изтироблар севгилингнинг бахти ва саодати учун-ку!
Гўё севгилисининг бахти ва саодати учун, ўзини бус-бутун унга бағишлашга қарор қилиб, айримлар яхши кўрадиган ишидан (эрига бағишлаши зарур бўлган вақтининг кўпини иш олаяпти деб!) воз кечадилар, ёрга бахшида қилишим керак бўлган қалб қўри ёру-дўстларга кетиб қолаяпти деб, яхши дўст ва дугоналардан ҳам воз кечадилар. Таъсири ўтмасин деб ҳатто қариндош-уруғлардан ҳам кечилади.
Ўз жиловингизни тамоман севган кишингиз ихтиёрига топширасиз. Ана шунинг отини ҳақиқий севги деб ҳам атайсиз. Бундай шароитда аксарият ҳолларда тез орада иккала томон севгиси ҳам сўнади. Қандай қилиб дейсизми?
Одатда, киши ўзини бошқа кишига нечоғли кўп қурбон қилса, унинг ихтиёри тузоғига кўпроқ илиниб бораверади. Айни пайтда дили тубида ёрини йўқотиб қўйиш қўрқуви ҳам ўсиб боради. Ахир сиз ҳамма нарсадан воз кечдингиз-у, севгилингиздан ҳеч нарса олмадингиз-да! Аксинча, севгилингизда сизнинг ана шу тузоқдек кўринган севгингиздан қандай қилиб бўлса ҳам қутилиб кетиш истаги пайдо бўлиб, ривожланиб боради. Одатда, бундай никоҳ умрини сизнинг доимий ҳадигингиз, унинг эса эгоизми бироз узайтиргандек бўлади.
Бироқ кўп ўтмай сиз, инон-ихтиёрингизни, қўш-қўллаб топшириб қўйган ўз эркингизни тамоман йўқотиб қўйганингизни ва бу эркни жуфтингиз маҳкам ушлаб турганини, жиловни хоҳлаган томонга бураётганини англайсиз. Шундагина руҳингизда «қул қўзғолони» содир бўлиб, энди жуфтингизга нисбатан аввалгидек фидойиларча муҳаббат ўрнини нафрат эгаллай бошлайди. Муҳаббатга муҳаббат билан жавоб берилган ердагина у барқ уради. Тўғри, бошида сиз фидойилигимга яраша ёримдан чин муҳаббат оламан, деб ўйлагансиз. Буни ҳис қилмаганингиздан кейин дилингизни алам, нафрат, зое кетган муҳаббатнинг аччиқ изтироблари эгаллайди. Булар оқибатида дилингизда нафрат ва ўч ҳисси авж олиб, у никоҳни тамом барбод қилади.
Севги бу – эҳтирос, деган ишончда юрганлар ҳам кўп.
Бундай деб ўйлайдиганлар жуда эҳтиросли, севги можароларига енгил берилувчан кишилар бўладилар. Улар севгиси ўз йўлидаги бор нарсаларни суриб-супириб тушадиган тоғ жилғасига ўхшайди гўё. Бундай эҳтирос олдида енгилмай туриш жуда қийин, аммо ихтиёрингизни бус-бутун унга топшириш ҳам телбаликнинг айнан ўзи.
Бундай эҳтироснинг тўфонига фақат энг тажрибалиларгина бас келиши мумкин, аксариятлар «ҳалок бўлишади». Жуфтининг эҳтироси ўзиникидан жичча паст бўлса рашк оловида ёнади. Бундай эҳтирос эгалари ўз туйғуларига ғарқ бўлиб, ўз жуфти ҳақида мутлақ унутиши ҳам мумкин. Айнан ўзиники каби эҳтирос ололмай, жуфтининг севгиси-ю садоқатини шубҳа остига олади, дарду дунёси қоронғу бўлади. Билмайдики, жуфтининг бор-йўғини у ўз эҳтироси билан янчиб ташлади, унга ҳам озгина эркинлик қолдирмади. Бундай одамлар иккиёқламалик севги завқ-шавқидан эмас, аксинча, ўз эҳтиросига ғарқ бўлишдан кўпроқ руҳланади. Очиғини айтганда, бундай одамларга севгилиси эмас, ўзининг унга бўлган туйғуси муҳимдир. Муҳаббат эса унинг учун ўзини кўрсатиш воситаси холос.
Севги бу – мистик қуюн, дейсизми? Кейин хотираларга бериласиз-а? Биринчи гал кўрганингиздаёқ хаёлингизга «Бу – ўша!» деган фикр келгандиа? Кейин ўша заҳотиёқ унга нисбатан тушунтириб бўлмас тортиш кучини сездингиз. Ҳис-туйғу эмас, нақ қуюннинг ўзгинаси! Икковингиз ҳам икки томоннинг хоҳишини аниқ ҳис қилиб турардингиз, айтилмаган фикрни аниқ англардингиз, бир-бирингизнинг қалб оҳангингизни аниқ эшитиб турардингиз. «Бир тан, бир жон!» деб шунга айтилади-да, дердингиз ишонч билан.
Бироқ икковингиз қанча кўп бирга бўлсангиз, кундалик икир-чикирлар сизларни бир-бирингиздан тобора узоқлаштирарди. Сиз бир-бирингиздан шунчалик узоқлашдингизки, ахир бир кун англаб етганингиз шу бўлди: муносабатларингиз «оддий», «ҳамманикидек»! Наҳотки киши бир-бирини қайтадан кашф қила олмайди, наҳотки у юксак бирлик туйғуси бошқа қайтиб келмайди?!
Афсус, «ўтганга салавот!» дейди киши. Ўтганни қайтариб бўлмайди. Буни англамаганингиздан хаёлингизга келган фикр «Бу – у эмасди!» бўлади. Шу фикр қувват бериб, энди сиз ягона, бетакрор «ўша» муҳаббатни излаб кетасиз. Унга ўхшашини кўришингиз биланоқ, ўйламай-нетмай ўзингизни унинг қучоғига отасиз. Эртами-кечми бу ҳам сароб бўлиб чиқади. Сиз яна янгисини излай бошлайсиз. Ўша дастлабки, борлиғингизни қуюндек ўраб олган туйғу сизга тинчлик бермайди: «Нега бу илоҳийдек кўринган муҳаббат бизни тарк этди? Ахир биз иккимиз ҳам уни ушлаб қолишга бор кучимизни бердик-ку!»
Муҳаббатни ушлаб бўлмайди. У доим ҳаракатда, ўзгарувчан. Сизсиз у романтик босқичда қотиб қолган.
Муҳаббат санъатини онгли равишда эгаллаб бориш билангина эҳтиросли севгининг илоҳий кучини ҳис қилиш мумкин.
Севги бу – бир умр ўрганиб, эгаллаб бориладиган санъатдир.
Шу хулосага келгунча севгининг неча турини кўриб чиқмадик-а. Уларни бир-бир эслаб кўрсангиз, озгина мулоҳаза, мушоҳада қилсангиз, севги ўз сирларини чин дилдан ўрганишга киришган қалбларнигина чинакамига қувонтириши мумкинлигини англайсиз. Аслида севги ҳаётсеварларнинг йўлини ёритиб туради, зеро севги ҳаётни севувчилар, унинг оғир-енгилини енгувчилар учун фақат илҳом булоғигина эмас, дунёни билиш воситаси ҳамдир. Ҳар янгиликка сиз бағрингизни очасиз ва севгилингизга ҳам бус-бутун ишонишга қодирсиз. Бундай муносабатларда қурбонларга ўрин қолмайди, чунки ҳеч ким бошқасининг эркига ҳукмронлик қилмайди. Севгида сиз – бир бутунсиз ва айни пайтда ҳар бирингиз ўзингизча эрклисиз. Севги сиз учун ҳисларнинг эртаклардагидек покизалиги холос. Унда илоҳий меҳр ҳам, идеаллаштирилган романтизм ҳам, сизни муҳаббат туғёнларига ғарқ қилувчи эҳтирос ҳам, бир-бирингизга нисбатан чексиз ҳурмат ва иззат ҳам мужассамлашган.
Санъатнинг бошқа ҳамма турларида бўлгани каби, севги санъатида ҳам тажрибалар, изланишлар, илҳом ҳам керак. Фақат шундагина севгида омадли бўласиз!
Эрта-индин тўйингиз. Сизга севги ҳамон сирли кўринади. Шундай…
Халқимизда бир яхши удум бор – никоҳ кечаси келин билан куёвнинг хосхонасига Қуръони каримни киритишади. Кексаларнинг бири дуо билан Қуръоннинг қалби бўлган суралардан бирини очиб беради, янгалар муқаддас китобнинг шу саҳифасига икковингизнинг бошингизни эгиб, яхши тилаклар қилиш кераклигига, бугун қилинган ниятлар албатта ижобат бўлишига ишора қилишади. У лаҳзалар икковингиз руҳиятингизга қаттиқ таъсир қиладиган дамлар. Таъбир жоиз бўлса, худди Каъба тавофидек дилларни поклайдиган, қалбларни ёритадиган дамлардир бу. «Яхши ният – ёрти мол!» дейди халқимиз. Энг эзгу тилакларни илтижо қилинг-ки, сўзнинг моддийлашуви аниқ бўлган дамлардир бу! Биз ҳам сизлар билан бирга Аллоҳдан сўраймиз:
Тилак: Омин! Илоҳим осмон никоҳи икковингизнинг бошингизни доимийга қовуштирган, қалбингизни мангуга пайвандлаган бўлсин! Илоҳим нафасларингиз, ҳаёт йўлингиз ҳозирги юрагингиз уришидек ҳамоҳанг, бир-бирига акс-садоли бўлсин!