Электронная библиотека » РАҲИМ АБДУЖАЛОЛ » » онлайн чтение - страница 3


  • Текст добавлен: 26 июня 2023, 11:00


Автор книги: РАҲИМ АБДУЖАЛОЛ


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 3 (всего у книги 18 страниц) [доступный отрывок для чтения: 6 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Хурмитанлик деҳқонларнинг аксарияти ҳалол, ростгўй, кези келганда ўзларини ҳимоя қила оладиган чапани кишилар эди. Амирликдан тафтишчи келганини эшитиб, Ибодулло исмли ўртаҳол деҳқоннинг чайласига йиғила бошлашди.

– Ҳозир иш авжида пайт, деҳқонларни бир ерга тўпламанг, – деди Жаббор ибн Азлар.

– Қўяберинг, шундай бўлгани маъқул, – Абдуллоҳ унга эътироз билдирди.

– Улар амирликка қарши исёнчилар! – Жаббор ибн Азлар тишини ғижирлатиб, Абдуллоҳга ўқрайди.

– Мени амирлик девонидан айнан деҳқонлар эътирозларини тингламоқ, ҳақни қарор топдирмоқ учун Хурмитанга йўлладилар. Шуни билурмисиз?!

Жаббор ибн Азлар лом-мим деёлмади. Ижирғаниб, тескари ўгирилиб олди. Отда, эшакда, ҳатто араваси билан келаётган деҳқонларнинг сони ортиб борарди. Ҳеч қанча вақт ўтмасдан Ибодуллонинг чайласига ўттиз чоғли одам йиғилди. Вақт пешинга яқинлаб қолганди. Ариқ бўйидаги толнинг соясида ўтирган Абдуллоҳ улар томонга юрди. Қовоғи уюлган Жаббор ибн Азлар ҳам ноилож унга эргашди. Деҳқонларнинг бир қисми чайлага туташтириб тол ёғочларидан тикланган сўри остида ўтириб олиб, гурунглашишарди. Абдуллоҳ билан Жаббор ибн Азлар келаётганларини кўриб ўринларидан туришди. Чайла ичкарисидагилар ҳам уларга қўшилишди. Ҳаммалари қўлларини кўксиларига қўйиб салом беришди. Издиҳом шивир-шивирлар, кимларнингдир бир-бирларига луқма ташлашларидан гувиллаб турибди. Абдуллоҳ “жим” ишорасини қилиб, ўнг қўлини баланд кўтарди. Шу пайтда туйқусдан Жаббор ибн Азлар олдинга чиқиб, деҳқонларга дўқ ура кетди.

– Амирлигимизнинг равнақ топмоғига қарши бўлганлар ким ўзи?!

Одамлар бирдан жимиб қолишди. Бу қалтис гап содда кишиларга “подшоҳингга қарши бош кўтардингми” дегандек эшитилди. Олдинда турган бир-икки деҳқон қимтиниб, нигоҳларини ерга қадашди. Шу пайт чайланинг эгаси Ибодулло издиҳомни ёриб олдинга чиқди. У қирқ ёшлардаги, ғўлабирдан келган, ихчам соқолли бир йигит эди.

– Тақсир, ундай деманг, – Ибодуллонинг гулдураган овози чийиллаб пўписа қилишдан тўхтамаётган Жаббор ибн Азларнинг кучаниб айтаётган сўзларини босиб кетди. – Хирож тўловидан ҳеч ким бош тортмади. Биз ҳақ қарор топмоғини истаймиз, холос. Ахир, бола-чақамизнинг ризқи бизга тегадиган ҳосил салмоғига боғлиқ. Зотан, улар ҳам амиримизнинг фуқароларидур.

Абдуллоҳ яна бир бор ўнг қўлини баланд кўтариб, деҳқонларни жим бўлишга чорлади.

– Мен амирлик девонининг вакилидурмен!

– Сизни биламиз, танидик, тақсир! – бир-икки ёши улуғ деҳқонларнинг хитоблари янгради. – Сизга ишонамиз! Ҳалол инсонсиз!

– Ундай бўлса, шовқин-суронсиз, бир-бир чиқиб, арзингизни айтинг. Шунга қараб хулоса чиқармоғим лозим.

Абдуллоҳнинг бу гапидан издиҳом бир қалқди. “Сизга ишонамиз” деган деҳқонлардан бири олдинга чиқиб, ҳосил солиғи йиғишда ноҳақликка йўл қўйилганини куйиниб гапирди. Олтин, кумуш тангалар талаб қилинганини айтганида Жаббор ибн Азларнинг ранги оқариб кетди. Шундан сўнг дадил деҳқонлардан яна уч-тўрт нафари бирин-кетин сўз олди. Одамлар қўрқмасдан Жаббор ибн Азларнинг ноинсофлиги, юлғичлигини айта бошлашди.

Жаббор ибн Азлар хурмитанлик деҳқонларнинг ҳақ гапларидан қалампир ютгандек тиришиб қолди. Яна бир-икки кучаниб, ҳамла қилмоқчи бўлди. Аммо, ҳақ қарор топмоғига ишониб қолган деҳқонлар бир-бирларидан қувват олиб, унинг бошқа қилмишларини ҳам фош қилиб ташлашди. Абдуллоҳ вазиятни ўз қўлига олди. Арздорлар рўйхатини тузиб, қўшимча ундирилган хирож миқдорини гувоҳлар иштирокида белгилаб чиқди. Жаббор ибн Азлар лом-мим деёлмади. Гуноҳини енгиллатмоғи учун шарт қўйилганда эътирозга ўрин қолмаганди. Шу куннинг ўзидаёқ олтин ва кумуш тангалар эгаларига қайтарилди.

Абдуллоҳ айби фош бўлган Жаббор ибн Азларни ўзи билан Бухорога олиб кетди. Тез орада ишни қозига топшириш тўғрисида девонхона Фармони чиқарилди. Қози уни катта миқдорда жаримага тортиб, лавозимидан маҳрум қилди.

Жаббор ибн Азларнинг жон-жонидан ўтиб кетган бу оғриқнинг алами узоқ вақтгача тарқамади. Бухорода ҳокимият алмашиб, янги лавозимга илиниб олганида ҳам ўша воқеаларни унутмаган эди…

* * *

Бухорога бу йилги қишда қор кам ёғди. Шундай бўлса-да, чўл томондан эсган изғирин юзларга игнадек санчилиб, кўз очиргани қўймади. Кул билан қоплангандек қовоғини уйган осмоннинг очилмоғидан сира-сира дарак йўқ. Борган сари забтига олаётган совуқ қават-қават пахталик нимча-ю, чопонлардан ҳам ўтиб, баданни увиштиради. Увиллаган шамол кўчада қолган кимсанинг юзини пичоқ билан тилиб юбораётгандек юлқилаб ачиштиради.

Ҳусайн ўтган йилнинг кузидан бошлаб Исмоил Зоҳид исмли фақиҳнинг18 уйига қатнай бошлади. Ундан фиқҳ19 илмидан таҳсил олади. Исмоил Зоҳид отаси тенги бир киши бўлиб, аввалига Ҳусайнга сабоқ беришни қатъий рад этганди.

– Ўғлингиз жуда ёш, – деганди Абдуллоҳ ибн Ҳасанга. – Фиқҳ ёд олмоқдан иборат илм эмас, ўқиганларини фаҳмлаш, англаш ҳамдир. Фиқҳ қоидалари Қуръони карим оятларига асосланади. Буни ўзингиз ҳам билурсиз.

– Тақсир, ўғлим Қуръонни хатм қилган.

Исмоил Зоҳид ишонқирамай бир Абдуллоҳга, бир қўлини қовуштириб ўтирган қорача, қирра бурун, озғин болакайга термилди. Лавҳдаги Қуръони каримни варақлаб, саҳифалардан бирида тўхтади.

– Таҳоратинг борми, ўғлим? – деб сўради.

Ҳусайн кўзини ердан олиб, Исмоил Зоҳидга қаради:

– Устоз, бетаҳорат юрмасмен.

– Балли! Ундай бўлса, кел, мана бу сатрдан бошлаб ўқи-чи? – Исмоил Зоҳид кўрсаткич бармоғи билан зарли нақшлар билан безалган саҳифадаги сурага ишора қилди.

Ҳусайн лавҳ олдига бориб, “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм” деб чўк тушди. Саҳифага бир назар ташлади-да:

– Наҳл сураси, қирқ тўртинчи оят, – деб бошини эгди.

Бир-икки сатр ўқиди. Шундан сўнг кўзини юмиб, тиловат қила бошлади.

Исмоил Зоҳид Ҳусайнга тикилганича тошдек қотиб қолди. Боланинг тиниқ, беғубор овози, оҳангларга йўғрилган талаффузи юрагининг туб-тубигача етиб борди. Унинг кўзларидан ёш томчилади.

– Суранинг тафсирин20 англадингми? – деди бироз сукутдан сўнг.

– Шундай, тақсир, – Ҳусайн бир ютиниб олди. – “(Биз пайғамбарларни) ҳужжатлар ва китоблар билан (юборганмиз). Сизга эса одамларга нозил қилинган (маълумотлар)ни баён (тафсир) қилиб беришингиз учун ва тафаккур қилсинлар, деб бу зикрни (Қуръонни) нозил қилдик”21.

– Фиқҳ – энг мўътабар илмлардан биридур. Шуни ҳам билурмисен?

– “Фиқҳ”нинг маъноси – билмоқ, фаҳмламоқ ва англамоқдур.

– “Фиқҳ”нинг лисоний маъносин шундай демоғимиз тўғри. Уламолар22 “Охират саодатига эришмоқ учун, аниқ шаръий далиллар асосида фаръий23 амалий ҳукмларни чиқариб олмоқ”, дея таъриф берадилар. Фиқҳ – мусулмон кишиси зиммасидаги ҳаётнинг турфа соҳаларида дуч келадургон юмуш ҳамда ибодатларни тартибловчи илмдур.

Исмоил Зоҳид яна анча тафсирларни баён қилди. Баъзан тўхтаб, Ҳусайнга савол билан мурожаат этар, тушунган ё тушунмаганини сўрар эди. Ҳусайн эшитганларини сўзма-сўз такрорлаб, англаганларини муфассал баён қилиб борди. Ниҳоят, Исмоил Зоҳид бир муддат ўйга чўмиб қолди. Абдуллоҳ томоқ қириб, фақиҳга юзланди:

– Тақсир, шогирдликка қабул қилурмисиз?

Исмоил Зоҳид унга жилмайиб қаради:

– Илк мухтасар таҳсилимиз якунланди. Келаси сафар иншооллоҳ “Усул ал-фиқҳ” сабоғин бошлармиз.

* * *

Бухоронинг етти дарвозаси бутун оламга очилган эди. Шариф шаҳарга турли юртлардан савдогарларнинг карвонлари кириб келади. Денгизлар, дарёлар, тоғу тошлар, қумли саҳролардан ўтган бу карвонлар билан юзлаб, минглаб одамлар шаҳарнинг муборак заминига ташриф буюради. Улар орасида номдор олиму фозиллар ҳам бор.

Кунлардан бирида Абдуллоҳ ибн Ҳасан уйига бир файласуфни бошлаб келди. Унинг исми Абу Абдуллоҳ Нотилий эди. Ўрта ёшлардан ўтган бу киши уй эгаси билан деярли тенгдош экан. Илмли ва кўпни кўрган жаҳонгашталиги унинг юз-кўзи, дадил ва мулозаматсиз гапиришидан ҳам билиниб турарди. Меҳмонхонага шоҳи кўрпачалар солиниб, дастурхон ёзилди. Нотилий уй тўридаги тўрт қават қилиб солинган кўрпачага ўтирди. Унинг ёнбошидан отаси, қуйидан Ҳусайн жой олишди. Ҳусайн ёши улуғ меҳмонга ҳурмат юзасидан бошини бироз эгиб ўтирди. Бироқ бўлажак устозини зўр қизиқиш билан зимдан кузатарди.

Нотилийнинг эгнидаги кийимлари ғалати. Ёз яқинлаб, кунлар исиб қолганига қарамасдан қора чопон кийган. Бошидаги оддий кулоҳи ҳам сурмаранг шоҳидан. Фақатгина оппоқ салласи кибрли чеҳрасини бирозгина нурлантирган. Қуралай кўзларидан ақл-заковат ёғилиб турибди.

– Хў-ўш, зукко ўғлингиз шул йигитми? – деди Ҳусайнга синчков нигоҳини қадаб.

– Шундай, тақсир, – отаси Ҳусайнга қараб қўйди. – Ўғлимнинг илмга иштиёқи баланд. Сабоғингиздан баҳраманд қилсангиз, сиздек улуғ алломага лойиқ шогирд бўлур, иншаоллоҳ.

Нотилий Абдуллоҳ ибн Ҳасаннинг гапига эътибор бермади. Рўпарасида жимгина ўтирган, ҳали ўсмирлик ёшига ҳам етмаган болага қаради.

– Саводинг қай даражада, ўғлим?

– Қуръони каримни хатм қилдим, тақсир. Адаб илмларидан ҳам ўргандим. Айни пайтда фақиҳ устоз машғулотига қатнаймен.

Нотилий унга ажабланиб қаради. Томоғини қириб, Абдуллоҳ ибн Ҳасанга тикилди.

– Ўғлим бирлан имло сабоғин бошлаганимда тўрт ёшга ҳам тўлмаган эди, – деди Абдуллоҳ. – Шундан буён сарбасар устозлар таълимин олаётир.

– Фиқҳда тайин қилинган ҳукмларни билурмисен? – Нотилий Ҳусайнга савол билан мурожаат этди.

– Фиқҳ – турфа соҳалардаги амаллар, шунингдек, ибодатларга тартиб бериб турувчи илмдур, – Ҳусайн ўйланмасдан жавоб берди. – Ҳалол, харом, фарз, яъни Оллоҳнинг ижроси зарур бўлган буйруқлари, вожиби – бажарилмоғи шарт бўлганлари, шунингдек…

– Бас, ўғлим. Мен ўйлагандан ҳам ақлли эркансен. Энди менинг ҳам шогирдим бўлдинг. Юнон фалсафасига ақлинг етадургон бўлиб қолибдур. Сен билан Порфирий ҳазратнинг “Исоғужи”, яъни мантиқ илми тўғрисидаги рисоласини ўрганурмиз. Мантиқ эса муҳокама юритмоқнинг қонун, қоидалари борасидаги илм.

Ҳусайн дарҳол ўрнидан туриб, Абу Абдуллоҳ Нотилийга таъзим қилди.

– Энди сенга рухсат. Биз отанг билан суҳбатлашурмиз.

Ҳусайн отаси билан Нотилийга яна бир бор таъзим қилиб, меҳмонхонани тарк этди. Нотилий бир муддат ўйга чўмиб ўтирди.

– Мен Бағдодда таҳсил олганмен, – деди ниҳоят гапни узоқдан бошлаб. – Турфа илмларни ўргандим. Файласуфлик даъвоим бор. Бироқ, тиб илмида ҳам анча илғорлаб кетдим. Ўғлинг жуда ёш, биродар. Ўн-ўн бир ёшли болада бундай даражанинг бўлмоғи ноёб ҳолат. Аминменки, Ҳусайн келажакда улуғ бир аллома бўлур, иншаоллоҳ. Майли, мен унга устозлик қилай.

– Тақсир, менинг уйимда қолишингизни тавалло қилсам, не дейсиз?

Бу Абу Абдуллоҳ Нотилий учун кутилмаган таклиф эди. Мезбонга бир қараб олди-да, яна ўйга чўмиб қолди: “Абдуллоҳ ибн Ҳасаннинг ўзи турфа соҳалардан хабардор илмли инсон. Фарзанди фавқулодда зукко бола бўлибдур. Бу таклифга кўнса, меҳнати зое кетмайди”.

– Мен рози, – деди Нотилий.

Абдуллоҳ ибн Ҳасаннинг чеҳраси очилиб, енгил тортди.

– Сизга ишонган эдим, тақсир, – деди. – Лутфингиздан бошим осмонга етди. Ҳусайннинг илм олмоғи учун молимни ҳам, жонимни ҳам аямагаймен!

* * *

Бухоро боғларининг оқ, нофармон гуллар билан безаниши, жазирама иссиғи-ю, полизларида мазаси тилни ёрар қовунларининг пишмоғи, изғирин шамолли қора совуқлари билан яна тўрт фасл ўтди. Абу Абдуллоҳ Нотилий ёш шогирдига қаттиқ боғланиб қолди. Жумадан бошқа кунларда унинг билан узоқ-узоқ сабоқ ўтар, бу машғулотлар кўпинча устоз ва шогирд ўртасидаги мароқли суҳбатларга эврилиб кетар эди. “Исоғужи”дан кейин Арастунинг “Ахлоқи кабир” асарини ҳам хатм қилдилар. Бу даврда Ҳусайн мантиққа доир мажмуаларни мустақил мутолаа қила бошлади.

Кунларнинг бирида Нотилий ўзи билан бир даста қалин-қалин китобларни олиб келди. Булар юнон алломаси Дисқуридуснинг24 “Дориворлар ҳақида” деб номланган асари эди.

– Мен бу китобларни Бағдоддан ўзим билан олиб келган эдим, – деди фахр билан, – Баҳоси йўқ асарлар! Саҳифаларида мингдан ортиқ дори-дармонлар баён қилинган. Шулардан саккиз юз ўн учтаси шифобахш ўсимликлар, бир юз биттаси хасталикка даво жониворлар, бир юз иккитаси маъданлар.

Ҳусайн ҳиссиётлар оғушида мағрур ўтирган устозининг қўлидаги китоблардан бирини оҳиста олди. Очиб кўриб, ҳайратланди:

– Бу сизнинг имлоингиз?!

– Ҳа, қўлёзмани мен битдим! Дисқуридуснинг бу асарини арабчага Бағдодлик Истифон ибн Басил ўгирган. Ҳунайн ибн Исҳоқ эса таҳрир қилди. Бироқ шунда ҳам ноаниқликлар кўп эди. Мен ҳар бир доривор ҳақидаги битикларни яна қайта таҳрирлаб, аниқлик киритдим! Бу асар оламда ягона ва энг юксак эътиборга лойиқдур!

– Мутолаа қилмоққа ижозат этурмисиз? – Ҳусайн қўлидаги китобни бағрига босди. Унинг нигоҳидан ўтинч, илтижо ёғилиб турар эди.

Абу Абдуллоҳ Нотилий жилмайди:

– Бу асарни айнан сен ўқиб-ўрганмоғинг учун узоқ вақт қайта таҳрир қилдим.

Шундан сўнг устози машғулотларни маълум муддатга тўхтатди. Ҳусайн Дисқуридуснинг “Дориворлар ҳақида” асарини зўр иштиёқ билан ўрганди. Бу китоб унинг тиббиётга бўлган беадад иштиёқини янада кучайтирди. Устози тиб қоидалари илмидан ҳам сабоқ бера бошлади…

Абу Абдуллоҳ Нотилий табобат билан мунтазам шуғулланар, у қаерда бўлмасин, шифо истаган хасталар излаб келишар эди. Ҳусайн устозига муолажа амалларида ҳам кўмаклаша бошлади. “Табиб муддаога ҳис25 ва ташриҳ26 орқали эришмоғи мумкин”, дер эди Нотилий.

Ҳусайн инсон аъзоларининг тузилиши, хасталик далилларини ўрганишга қаттиқ киришди. Шунинг билан бирга, Дисқуридуснинг “Дориворлар ҳақида”ги асарида баён қилинган гиёҳ ва бошқа унсурлар таъсирини таҳлил қилди. Нотилий билан йилда бир неча бор чўлга чиқиб, гиёҳлар йиғдилар.

Устози Ҳусайнга хасталарни муолажа қилишга ҳам изн берди. Нотилий турли юмушлар билан тез-тез қишлоқларга чиқиб кетар эди. Шундай кунларнинг бирида Абдуллоҳ ибн Ҳасаннинг уйига бир хастани олиб келишди. Дарвозани очган Аробада кўзлари ола-кула бўлиб ётган хастани кўриб қўрқиб кетди. Бу ўн уч-ўн тўрт ёшлардаги, Ҳусайн тенги йигитча эди. Унинг аҳволи шунчалар забунки, ўлиб-нетиб қолмоғи ҳам эҳтимолдан йироқ эмас. Аксига олиб Нотилий уйда йўқ. Ёз чилласи жазирамасидан хастанинг азобига азоб қўшилмоқда. Алаҳлаб, тиришиб ётган бечора бола бу аҳволда узоққа бормаслиги тайин. Абдуллоҳ нима дейишни билмасдан, бир муддат туриб қолди.

– Нотилий ҳазратлари уйда йўқ эдилар, – деди ниҳоят тилга кириб.

Болани олиб келган ўрта ёшлардаги, соқол-мўйловига оқ оралай бошлаган киши бирдан бошини чангаллаб олди.

– Энди не қилдик?! Боламдан айрилиб қолама-ан! – деди бор овозда дод солиб. – Тўрт қиздан кейин топган ёлғиз ўғлим!.. Ўзингиз муолажа қилинг! – У Абдуллоҳнинг билакларидан ушлаб силкита бошлади. – Нима қилай, айтинг?!

Шовқин-суронни эшитиб, ичкаридан Ҳусайн чиқди. Абдуллоҳ унга хавотирланиб қаради. Ўғли ҳали ёш. Бир гап бўлса, озор етмоғи мумкин. Ахир, хаста боланинг отаси аламга тўлиб турибди. Ундан ҳамма нарсани кутмоқ мумкин.

– Сен ичкари кир, ўғлим, – деди секин.

Бу пайтда Ҳусайн аробанинг олдига бориб қолган эди. Отасининг гапини эшитмади чамаси, аробада тиришиб ётган йигитчанинг пешонасига кафтини қўйди. Қобоғини кўтариб, диққат билан тикилди. Кўзининг қорачиғи кенгайган эди.

– Исминг нима? – деди.

–  Раззоқ, – йигитчанинг томоғидан хириллаган товуш чиқди.

– Теринг қизарган. Нима истеъмол қилдинг?

– …

– Оғриқ қай ерингда?

– Бошим-м, – йигитча бошини ушлаб, ўқчий бошлади.

Ҳусайн хастанинг қўлини тутиб қолди. Акашак бўлиб қолган бармоқларини куч билан очди. Кафтидан икки-уч дона кўзачасимон ўт уруғи тушди. Улардан бирини олиб, қопқоғини очди. Йигитчанинг отаси Ҳусайннинг қўлига қараб, изоҳ бера бошлади:

– Ўғлимнинг жўралари, ўтнинг уруғини ютиб юборган, дейишди. Бир нобоп бола билан бас бойлашибди.

– Қанча вақт бўлди?

– Яқинда.

– Мингдевонадан заҳарланибди! – деди Ҳусайн кескин. – Тез ичкарига олиб киринг!

“Заҳарланибди” деган сўзни эшитиб, боланинг отаси қўрқиб кетди. Хаёлида ҳозир ўғли ўлиб қоладигандек эди. Ранги оқариб, бир лаҳза Ҳусайнга тикилди. Ҳусайн “тезлашинг” деган маънода аробадаги болага ишора қилди.

– Раззоқжон! – деди отаси аробага энгашиб.

Раззоқжоннинг ўрнидан туришга ҳоли келмади. Отаси кўтариб олишга чоғланди. У жуда бақувват эркак эди. Нигоҳи шошилмоқ лозимлигини айтиб турган Ҳусайнга бир қараб олди-да, ўғлини бағрига олди. Ҳусайн дарвозани очиб, уларни долонга бошлади. Нима қиларини билмаётган Абдуллоҳ ҳам ортларидан эргашди. У ўғлининг қатъиятидан ҳайратланди. Шунинг баробарида, хастанинг тақдирига жавобгар бўлиб қолмоғидан ҳамон хавотирда. Ахир, у ҳали табиблик билан мустақил шуғулланган эмас. Устози Нотилий назоратида хасталарни даволаганини билади… Бу пайтда Ҳусайн ота-болани ташқари ҳовлига бошлаб кирди. Кун пешинга яқинлаб қолган, тиккага келган қуёш борлиқни қиздиради. Кўчада дарвоза томонга чорбоғнинг салқини уриб турарди. Ҳовли саҳни эса тандирдек қизиб кетган. Бирин-кетин Нотилий хасталарни кўрадиган уйга киришди. Бу уй икки хонадан иборат бўлиб, ичкари хонада дориворлар сақланар эди.

Отаси Раззоқни пойгакдаги курсига ўтқазди. Бола тамом ҳолдан тойганди. Ҳеч кимни танимас, заиф овозда инграрди.

– Зудлик билан меъдани ювмоқ зарур! – деди катта косада сув олиб келган Ҳусайн. – Акс ҳолда…

Отаси ялт этиб Ҳусайнга қаради. Нигоҳида илтижо, шунинг билан бирга, ёш табибга ишончсизлик акс этиб турарди. Бироқ айни пайтда унинг талабига бўйсунмоқдан ўзга иложи ҳам йўқ.

– Акс ҳолда, заҳар тобора қонга сўрилади, – деб хулоса ясади Ҳусайн ва хона бурчагидаги мис тоғорани олиб келди.

Раззоқжон отасига суяниб ўқчий бошлади. Ҳусайн йигитчанинг юзига озгина сув сепди. У бехос сепилган муздек сувдан сесканиб, бошини кўтарди. “Яхши”, – деди ўзича Ҳусайн ва косани унинг оғзига тутди. Қалтис вазиятда отаси ўта зийрак бўлиб қолган эди. У Ҳусайнга ёрдамлаша бошлади. Ўғлининг орқа томонига ўтиб, бироз бошини кўтарди. Кетмон чопавериб қадоқ бўлиб кетган кафтларини унинг икки юзига босди. Беихтиёр боланинг лаблари очилди. Ҳусайн пайтдан фойдаланиб сув тўла косани тутди. Бемор ҳушёр тортиб, сув ича бошлади. Косадаги сувнинг сўнгги қултумини ютганида ўқчиди. Ҳусайн дарҳол томоғига кўрсаткич бармоғини юборди. Йигитча унинг қўлини итариб ташлаб, бирдан қайт қилиб юборди. Зўриқиб, пешонасидан тер чиқиб кетди. Ҳусайн уни тўшакка ётқизди. Бир муддат билагини ушлаб, ўрнидан турди.

– Юрак тез урмоқда, доруи обакий бермоқ лозим, – деди.

Раззоқнинг отаси билан Абдуллоҳ ёш табибнинг ҳар бир ҳаракатини диққат билан кузатишар эди.

– Ўғлим, устозинг ўгитларин унутмай муолажа қилгил, – деди отаси.

Ҳусайн “Хўп, отажон”, деб ичкари хонага кириб кетди. Зум ўтмасдан қўлида жажжи кўзача билан чиқди. Токчанинг олдига бориб, кўзачанинг қопқоғини авайлаб очди. Пиёлага сув қуйиб, доруи обакийдан томизди. Хонани ялпизнинг ўткир иси тутиб кетди. Раззоқнинг отаси ўғлининг бошини кўтариб турди. Ҳусайн пиёладаги дори аралаштирилган сувни ичирди.

Бироз муддатдан сўнг хастанинг аҳволи яхшилана бошлади. Йигитча кўзини очиб, енгил нафас олди. Ҳусайн унга кўмир кукунидан тайёрланган ҳаб дори27 ичирди

– Оқшомгача шу ерда бўлурсиз, – деди Раззоқнинг отасига.

– Балли, табибжон! – у қўлини кўксига қўйди. – Ўғлим бардамлашиб қолди. Уйда онаси фарёд чекиб қолган. Қайтсакмикан?

– Муолажани давом эттирмоқ лозим. Хаста узликиб қолади, – чўрт кесди Ҳусайн. Шундан сўнг унинг ўзи болани ўринга ётқизди.

Ўғлидаги бу дадилликдан Абдуллоҳ ибн Ҳасан янада ҳайратланди. Нотилийга қаттиқ ишонганидан устоз-шогирд муносабатларига анча пайт аралашмаганди. Шу боисдан Ҳусайн дафъатан улғайиб қолгандек туюлди.

Улар Раззоқжон билан отасини холи қолдириб, ташқарига чиқишди.

– Ўғлим, мингдевона уруғининг заҳри борасида гапирдинг, – деди Абдуллоҳ. – Бу қандай алаф?

– Отажон, миндевона доривор гиёҳ, – Ҳусайн дона-дона қилиб гапирди. – Оғриқ қолдирмоқ, қон кетишин тўхтатмоқ, шунингдек, кишига уйқу бағишламоқ каби кўп хусусиятлари бор. Бироқ заҳарли алаф. Уни табиб назоратида истифода қилмоқ лозим.

– Ажаб, шундай гиёҳлар ҳам борми?

– Ҳа, отажон. Дисқуридуснинг “Дориворлар ҳақида”ги китобида гиёҳларнинг хусусиятлари баён қилинган. Узоқ истеъмол қилинса, аччиқ шувоқ ҳам заҳарли таъсир кўрсатмоғи мумкин.

– Ҳушёр бўл! Ўзинг ҳам гиёҳ йиғмоққа берилиб кетгансен.

– Отажон, Бухорода ўсадургон кўп гиёҳлар Дисқуридус китобида йўқ. Мен уларни аввал жониворларда тажриба қилиб ўрганмоқдамен.

– Шундайми? – яна ажабланди отаси.

– Ҳа, ўтмиш табибларининг китобларида бу усул энг мақбуллиги баён қилинган.

– Майли, ўғлим, не қилсанг ҳам устозинг билан ҳамкор бўл. Бу файдадан холи эмас.

– Хўп бўлади, отажон.

– Энди хастанинг ҳузурига кир. Ҳолидан хабар ол. Бугун табиблик масъулияти сенинг зиммангда.

Ҳусайн отасига қуллуқ қилиб, ҳужрага кирди. Раззоқ ўринда беҳол ётар, аммо чеҳраси очилиб қолганди. Ҳусайн кирганида боланинг отаси ўрнидан турди.

– Бухорода бир ёш табиб бор, дейишар эди. Шул ёш табиб сиз экансиз-да? – деди.

– Камина, устозлар сабоғин олаётган шогирдмен.

Ҳусайн хастанинг олдига тиз чўкди. Пешонасига кафтини қўйди. Қўли билан қорнини босиб кўрди.

– Шом салқинида уйингизга қайтурсиз, – деди. – Яхшики, заҳар кўп миқдорда тарқалмай етиб келдингиз. Хатарнинг олди олинди. Ҳозирча танда ҳарорат бўлмоғи табиий. Бундан чўчимангиз.

Шундан сўнг ўзига келиб қолган Раззоққа пешоб ҳайдовчи маъжун берди. Олдида ўтириб, оз-оздан қатиқ ичирди…

Шомга яқин беморнинг иссиғи тушиб, қорнидаги оғриқлар босилди. Қувватсизлигини айтмаса, ўзи ўрнидан туриб юра бошлади.

– Табибжон, энди ижозат беринг, уйимизга қайтайлик? – деди отаси.

Ҳусайннинг қиёфаси жиддий эди. Анча пайт хастанинг билагига бармоқларини босиб турди. Шундан сўнг ўзига миннатдорлик билан тикилиб ўтирган Раззоқнинг отасига юзланди:

– Майли, фақат ўғлингизни уринтириб қўйманг. Икки-уч кун уйдан чиқмасдан қувватга кирмоғи лозим.

Ҳусайн ота-болани кузатиб, ташқари ҳовлига қайтиб кирди. Юзини қиблага буриб, шивирлай бошлади: “Оллоҳим! Хасталарнинг дардига ўзинг шифо бер! Мен, бандаи мўмин, бунга бир воситачи бўлиб қолай. Табиблик аъмолига умримни бағишлагаймен. Бу йўлда мендан марҳаматингни аямагил, Парвардигори олам!”


ИККИНЧИ ҚИСМ

Ҳижрий 386 йилнинг28 кўклами серёғин келди. Булутли кунлар одамларни диққинафас қилиб юборди. Икки-уч кундан бери тинмай ёғаётган ёмғирдан кўнгилларга аллақандай мискинлик чўккан.

Етти иқлимга маълум ва машҳур Бухорои шарифнинг шаҳристонида улуғвор Арк қад ростлаган. Узоқ-узоқлардан кўзга ташланиб турадиган бу кўҳна қалъа қўрқинчли ҳайбати билан қора булутларга бўй чўзган. Аркни шоҳи белбоғдек сирмаган регистон майдони қалин девор билан ўралган. Ана шу девор ташқарисидан бошланган бой савдогар ва зодагонларнинг ҳашаматли қўрғонлари гўё қалъанинг пойини ўпиб тургандек унга янада ҳашам бахш этади.

Шаҳристон ортини работ дейдилар. Бу ҳудудни сонсиз-саноқсиз косибу ҳунармандлар макон тутишган. Работ ва унга туташиб кетган қишлоқларда Арк ҳақида турфа афсоналар чувалчангдек болалайди. Айниқса, қалъа зиндони хусусидаги шов-шувлар шамолда кўтарилган чанг-тўзон мисоли борлиқни тутиб, беадоғ сирли суҳбатларга мавзу бўлади. Эмишки, Аркда махфий ер ости хоналари бўлиб, улардаги хазиналарнинг қийматига рақам, таърифига тил ожиз. Бу дуру жавоҳирлар ёнбошида зиндон бор. Қаро ер қаърида Худо ҳам, бандаси ҳам қарғаган зиндонбандлар ҳамнишиндирлар. Уларнинг ваҳшиёна қийноқлардан чекаётган дод-фарёдлари амир хазинасининг қуйма тилло ғиштлардан тикланган хоналарида акс садо бериб турар эмиш…

Ана шу кўз кўриб, қулоқ эшитмаган бойликларнинг эгаси, Бухоро амири Нуҳ ибн Мансур оғир хасталикка дучор бўлган. Эндигина ўттиз уч баҳорни қаршилаган, канизларининг бўсасига тўймайдиган ёшдаги навқирон амир кун сайин кучдан қолиб, қуриб-қақшаб бормоқда. Шишиб қолган қобоқлар остидаги нурсиз кўзларига беҳисоб бойликлари йилт этган учқун бағишлай олмайди. Тунлари кўзига уйқу инмайди. Енгил мудрайди-ю, нохуш, қўрқинчли тушлар кўриб сесканади.

Қалъа табибхонасида улуғ давлатнинг номдор табиблари жам бўлишган. Сарой дорихонасига йироқ-йироқ кишварлардан дори-дармонлар келтирилади. Эл оғзига қулоқ тутсак, бу ерда анқонинг уруғи29 ҳам бор эмиш. Бироқ Бухоронинг номдор табиблари ёш амирнинг сирли хасталигига жўяли ташхис қўя олишмаётир. Дунёнинг бевафолигини қаранг, донғи оламни тутган табибларнинг муолажалари-ю, ўша – анқонинг уруғи бўлмиш дори-дармонлар ҳам амирга заррача наф бермаётир.

Улуғвор қалъада ҳаёт аввалгидек эмас. Шовқин-суронли базму жамшидлар аллақачон барҳам топган. Мулозимлар ҳам ҳар замонда, зарур бўлгандагина уёқдан-буёққа мушукдек писиб, овозсиз ўтиб қолишади. Нуҳ ибн Мансур хонанишин бўлиб қолган. Аммо ушбу ҳолида ҳам фикри тиниқ, бу дарддан қутулмоқ йўлини излайди. Бугун ҳам ўзи билган, таниган табибларни бир-бир кўз олдидан ўтказди-да, тугал фикрга келди. Аввалги амирлар давридан Абу Мансур ал-Хасан ибн Нуҳ ал-Қумрий Арк табибхонасининг бош табиби эди. Не бўлди-ю, бу улуғ олимнинг бир оғиз гапи хуш келмай, бош табиблик хизматидан мосуво қилган эди. Энди кўзига ал-Қумрийдан ўзга табиб кўринмай қолди. Бугун ал-Қумрийни ҳузурига чорлади.

Ўй суриб ётган амирнинг хосхонасига соқчилар бошлиғи кирди.

– Амир ҳазратлари, табиб ал-Қумрий ташриф буюрдилар.

– Айтинг, кирсин.

Ал-Қумрий амир ҳузурига қўлини қовуштириб, боши эгик ҳолатда кирди. Нуҳ ибн Мансур орифона кийинган кекса олим ва машҳур табибнинг саломига ҳазин овозда алик олди.

– Табиб ҳазратлари, дилингизни оғритганмен, – деди қисқа-қисқа сўзлаб. – Илло, биламенки, доим ҳақ сўзни айтурсиз. Мени давлатимизнинг эртанги куни безовта қилмоқда. Бу эса амирнинг саломатлигига билвоситагина эмас, бевосита ҳам боғлиқдур. Хасталик эса кун сайин ривож топмоқда. Бу борада ботинингиздаги ўйни билмоқ истаймиз.

– Хизматингизга ҳозирмен, – ал-Қумрий эгилиб таъзим қилди.

– Айтинг, Бухорода бизни кўрмаган номдор табиб қолдими?

Соч-соқоли садафдек оппоқ, кекса ал-Қумрий бошини қуйи эгиб, чуқур ўйга толди. Шу дамда хаёлидан типирчилаб кўкка талпинган қушлар галасидек минг бир ўй ўтди. Не-не соҳиби илм, аллома табиблари бўлган саройга Бухоронинг яна қай бир табибини бошлаб келмоғи мумкин? Бу ишга қўл урмоқ ниҳоятда хавфли. Амирнинг қаҳрига учраса ўзининг ҳам, бошлаб келган бечора табибининг ҳам боши кетиши мумкин… Ана шундай ўйлар силсиласида беадад меҳр қўйган шогирди Ҳусайннинг жиддий қиёфаси кўз олдига келди. Бундан ўзи ҳам чўчиб кетди. Ал-Қумрийнинг икки ўт орасида ўртанаётгани амирнинг хаста аҳволида ҳам ўткир бўлган зийрак назаридан четда қолмади.

– Неларни ўйлайдурсиз? – Нуҳ ибн Мансурнинг заиф овози эшитилди.

– Амирим…

Ал-Қумрий яна жимиб қолди. Суюкли шогирди энди ўн еттига қадам қўйди. Сабийлик давридан зукколикда ягона бўлган бул навжувоннинг салоҳияти чексиз-чегарасиз! Уни саройга бошлаб келмоқ кексайган устозини гуноҳ дарёсига ғарқ қилмайдими? Ё Оллоҳ! Осий бандангга ўзинг паноҳ бер! Бундай қилолмасмен!

– Айтинг! – Амирнинг гап оҳанги бир зумда ўзгариб, илоннинг вишиллашидек ғазабнок товуш эшитилди.

Унинг лаҳзада тутақиб кетадиган бу феъли ал-Қумрийга яхши таниш эди. Бунинг талх жабрини тотиб кўрган.

– Бир ёш табиб бор, – деди овози титраб.

– Ким эркан, ул табиб? – Нуҳ ибн Мансур жонланиб, ёстиққа ёнбошлаб олди.

– Мулозимингиз Абдуллоҳ ибн Ҳасаннинг тўнғич фарзанди, ҳозиқ табиб Ҳусайн ибн Абдуллоҳ! – деди ал-Қумрий тантанавор оҳангда. Бу билан суюкли шогирдини амирнинг ғазабидан ҳимоя қилаётгандек бўлди.

– Шогирдингизми?

– Шундай, амирим. Ҳусайн менинг энг истеъдодли шигирдим. Беадад фикрлай оладургон табиб. Қўли енгиллиги билан Бухорода ном қозонган.

– Улуғ ёш, номдор табиблардан ҳам устунми ул?

Амирнинг илмоқли саволи ал-Қумрийни бир зум довдиратиб қўйди. Бироқ энди ортга йўл йўқ эди. Дилидаги гапни айтмоқдан ўзга иложи қолмади:

– Бундай демоғим ножоиздур. Илло, табиб Оллоҳнинг бандаси. Ул ҳам Яратгандан мадад сўрайдур. Ҳусайн сабийлик давридаёқ, ўн ёшида Қуръонни хатм қилди. Мендан аввал аллома Нотилийдан сабоқ олди.

– Сарой табибларидан фарқи недур?

– Ул навжувон30 гиёҳлар таъсирини чуқур ўрганган. Одамлар уни “гиёҳлар билан сўзлашадургон табиб”, демоқдалар.

– Шундайми? – амир бир зум ўйга толди. – Сизга ишондик. Шогирдингизни ҳузуримизга чорланг.

– У жуда ёш…

– Амримни бажаринг! – Нуҳ ибн Мансур унинг кўнглидан ўтган гапни билиб, қўшиб қўйди. – Не бўлганда ҳам навжувон шогирдингизнинг жонига қасд қилмасмен.

Ал-Қумрий амирнинг хаста ҳолида ҳам бу қадар ҳушёрлигидан лол эди. Ажабланиб, бир зум жимиб қолди. Енгил тортиб, таъзим бажо келтирди. Хилватхонадан чиқаётганида амирнинг бош табибни ҳузурига чорлаган овозини эшитди.

* * *

Нуҳ ибн Мансурнинг хосхонасига ўрта бўй, қорамтир юзли, кўзлари катта-катта, сийрак чўққи соқолли қария кирди. Бошидаги ҳаддан ташқари катта салласи-ю, узун адрас чопони унинг чувак юзи, букчайган гавдасига бирмунча салобат бағишлаб турибди. Бу – бош табиб Ғайс ибн Ваққос. У аввалги бош табиб ал-Қумрийнинг ўрнини эгаллаганидан буён ўта фитнакорлиги, чақимчилиги билан сарой табиблари ўртасида ваҳима, қўрқув уйғотиб келади.

Ғайс ибн Ваққос партўшакда ётган амирга бош эгиб, таъзим қилди. Ал-Қумрийнинг амир ҳузурига чақирилгани унинг кўнглида ғашлик, шубҳа уйғотганди. Шунинг баробарида амир нечун чорлаганини билолмай ҳадиксирар эди.

– Сиҳатларида ўзгариш борми, амирим? – деди овозига майинлик бериб.

– Бирдек, – Нуҳ ибн Мансур совуққонлик билан чўрт кесди. – Айтингчи, бош табиб жаноблари, сиз Ҳусайн исмли навжувон табибни билурмисиз? Ҳусайн ибн Абдуллоҳ…

Ғайс ибн Ваққос ҳушёр тортди. У амирнинг ал-Қумрий ҳақида сўзлашини кутиб безовта эди. Бироқ ундай бўлмади. Бу унинг шубҳа-гумонларини янада оширди. Амир ундан ёш бола ҳақида сўрамоқда. Амирлик мулозими Абдуллоҳ ибн Ҳасаннинг ўғли Ҳусайн бир неча йилдан буён ал-Қумрийнинг суюкли шогирди экани, эндиликда Бухорода устозиданда машҳур бўлиб кетганини яхши биларди. Амирнинг ҳузурида ёлғон гапириш имконсиз. Ҳазрат шу қадар сершубҳаки, суҳбатдошининг ҳар бир гапини хуфиялари орқали суриштириши мумкин. У осмондан юлдуз учиб тушгандек ялт этиб Нуҳ ибн Мансурга қаради.

– Биламен, амирим, бироқ у жуда ёш.

– Бухорода қўли енгиллиги билан танилган эмиш?

– Авомда шундай гап юрадур.

– Демак, тасдиқлайсиз?

Ғайс ибн Ваққос беихтиёр бош эгди.

– Сизга рухсат бердик.

Бош табиб бошқа сўроққа тутилмаганидан енгил тортди. Даволаш борасида танбеҳ эшитмаганига шукр қилди. Таъзим билан хосхонадан чиқар экан, ал-Қумрийнинг амирни даволаш учун шогирдини тавсия қилганига ажабланди. Балиқнинг куни кўл билан бўлганидек, Ғайс ибн Ваққос ўзгача фикрлай олмади. “Бул қария амирнинг ғазабидан қутулиб қолмоқ мақсадида шогирдини рўбарў қилган”, деб ўйлади.

* * *

Ал-Қумрий Аркнинг салобатли зиналаридан регистон майдонига тушганида фалакда қора булутлар кезарди. Ҳар-ҳар замонда ёришаётган осмон даричасидан йилт этган бир тутам нур кўриниб қолади ва яна лаҳзада чексиз гардуннинг сирли пучмоқларига беркиниб олади. Булутларнинг пастлай бошлагани тез орада қайта ёмғир ёғишидан дарак. Кекса табиб осмонга қараб олди-да, тез-тез юриб регистон майдонидан чиқиб кетди.

Бухоро кўчалари одамлар билан гавжум. Кимдир бозорга шошади, яна бир толиби илм қўлтиғига китобини қистириб олганича мадрасага. Бозор четидаги ҳунармандлар растасига яқинлашганида темирчи устахонасидан сандонга урилган болғанинг тарақа-туруқ шовқини эшитилди. Унга мисгар болғачасининг чиқ-чиқ товушлари қўшилиб кетди. Ал-Қумрий бу шовқин-сурондан безиб, қадамини тезлатди ва бозор ортидаги мулозимлар маҳалласига кириб борди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации